Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Озод инсон ҳақида қўшиқ - 2
Facebook
Озод инсон ҳақида қўшиқ - 2 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Озод инсон ҳақида қўшиқ
1
2
3
4
Ҳамма саҳифа


Жанггоҳ... “Қочиш” нияти

Уруш гўё ҳаёт элаги эди: одамларни эларди. Ким элакнинг тирқишларидан тушиб, қўлига қурол олганича жангга жўнарди. Ким элакнинг симларига ёпишиб олиб иссиқ ўрнида қолишни хоҳларди. Мирзакалон мухбирлар кўп ёзгани каби “қалб амри билан, кўнгилли равишда” фронтга отланмади. Кўп қатори унга ҳам ҳарбий комиссариатдан чақирув қоғози келди. Номдор ёзувчиларнинг бу сафарбарликдан олиб қолиниши аниқ эди. Партия учун уларнинг милтиқ отишидан кўра, бомбадан ҳам кучлироқ ҳисобланган сўз қуроли билан жанг қилишлари, таъбир жоиз бўлса, “партиянинг содиқ жарчилари” сифатида бунда қолишлари  муҳимроқ эди. Мирзакалон номдор ёзувчи даражасига етмаган, таржима китоблари, мақолалари инобатга олиниб, унга “бронь” – фронтга боришдан озод этилувчи имтиёз қоғози берилиши гумон эди. Чақирув қоғозини олиши билан сафарга ҳозирланди. У урушга боришдан, у ерда ўлиб кетишдан қўрқмасди. Уни беш фарзандининг мўлтиллаб қараб турган кўзлари изтиробга соларди ҳалос. Фаррух, Флора, Фаридаси анча улғайиб, онасига ёрдамчи бўлиб қолишди. Лекин Ҳасани билан Ойзуҳраси энди-энди тетапоя қилиб юрибди... Беш болани боқиш Зуҳрахонига осон бўлмас... Мухбирлар халқни “душманни тез кунларда янчиб ташлаймиз”, деб ишонтиришмоқчи бўлишяпти. Деҳқон ёки чўпон бу гапларга ишонаётгандир балки. Лекин дунё воқеаларини сергак кузатувчи зиёли аҳли, жумладан, Мирзакалон ҳам, бу урушнинг узоқ давом этишини сезиб туришади. Бугун фарзандлари, яқинлари билан видолашаётган йигитлар тирик қолган тақдирларида ҳам айрилиқлари ойлар, йиллар давом этажагини билишмайди. Қўлида бирон марта ҳам милтиқ ушламаган бўз йигитнинг урушдан тирик чиқиши ҳам маҳол... Уруш – айрилиқ, уруш – азоб... уруш – ўлим, ҳамма айрилиқ дарди билан азоб чекади, лекин ҳамма ўлмайди. Урушни ўлим деб урушдан қолиш чорасини топганларнинг қанчалари Ғалаба кунига етиб бормай ўлиб кетдилар. Мирзакалон ҳарбий комиссариатда “бронь” олиб қувонганларнинг машина ҳалокати туфайли ўлганларини эшитиб, “ажалдан қочишнинг ҳечам иложи йўқ, ажалнинг “брон”и бўлмайди”, деб қўйган эди.
Урушда эканида “урушдан кейин уйимга қайтиб фақат бир кунгина яшасам ҳам армоним қолмас эди”, деб орзу қиларди. Сталинградда қиёмат олови ичида қолганида “уйимда бир соатгина яшасам эди”, деб Худога илтижо қилганди. Бир соат, бир кун эмас, салкам беш йил яшаш насиб қилган экан. Бунинг мукофотигами, қамоқ азоблари ҳам қисматида бор экан. Ё пешонасига шу қамоқ азоблари ёзилгани учун урушдан тирик қайтдимикан? Худо урушда миллионларча отилган ўқлар ёмғиридан уни омон сақлади. Бу ерда биттагина ўқ кифоя... Ўша ўқ отиладими? Уйига қайтиш насиб этадими? Бир кунгина... бир соатгина... бир дақиқага бўлса ҳам майли. Сўнгги нафасини уйида, озод ҳолида олса бас...
Терговчи  немислар томонга ўтишга интилгансан, деб даъво қиляпти.  Уч йил мобайнида фарзандларини  соғиниб яшаган одамга бундай даъво қилишнинг ўзи аҳмоқлик эди. Агар йигитлик чоғи шу имкониялар бўлганида эҳтимол, ўтиб кетарди. Шунда ҳам Ватанга хиёнат қилиш учун эмас, Ватан озодлиги учун четда туриб курашмоқ мақсадида ўтарди. Энди беш болани қақшатиб кетиш... Фарзандлари кўзларидан томган бир томчи ёшнинг уволи тутмайдими? Дунёни қонга белаётган фашист берган бир тишлам нон томоғидан ўтар эканми?
Буларни терговчи тушуниши қийин. Тушунтиришга ҳаракат ҳам қилмаслик керак. Унга иқрор керак бўлса, ёзиб беради ўша иқрорни. Ёзмаса... биринчи галда хотини Зуҳрахонга даф қиладилар. “Халқ душманининг хотини” деб қамалганлар қисматини Мирзакалон билади. Ҳатто ўсмирларга ҳам “душман боласи” деб айб тақаб қамашлари ҳеч гапмас. Айниқса, Зуҳрахонга қўшимча айб сиртмоғини осонлик билан ясайдилар. То йигирма тўртинчи йилгача Ўшда қозилик қилган Охунжон қозининг қизини душманликда айблаш  улар учун қийин иш эмас...
Шуларни ўйлаб ётган Мирзакалоннинг юраги ўйнаб, туриб кетди. Ҳудди ҳозирнинг ўзида яқинлари қамоққа олинаётгандай, шошилди. Қўлига қалам олиб ёза кетди:
“Гитлер Германияси СССРга хиёнаткорона ҳужум қилди. СССР халқлари олдида абадий озод бўлиб қолиш ё фашизм қуллигига тушиш, бор бўлиб қолиш  ё йўқ бўлиб кетиш масаласи турар эди.   Ана шу хатарли пайтда совет халқининг кўп фарзандлари қатори мен ҳам Социалистик ватанимиз мудофаасига чақирилдим. Мен билан бирга Мумтоз Муҳамедов, Маъруф Ҳакимов ва бошқа ёзувчилар Тошкентдаги Пиёда аскар офицерлари тайёрлаш мактабига юборилдик. Биз у ерга 1942 йилнинг май ойида кириб бордик. Мен билан Мумтоз пулемёт ротасига, Маъруф Ҳакимов бошқа батальоннинг ўқчи ротасига жойландик. Бизнинг ротамизда Мумтоздан бўлак ўзбеклар ҳам бор эди. Уларнинг бир қанчаси билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдим. Аммо уларнинг исм-фамилияларини унутганман ёки тўлиқ билмайман. Бир йигитни “Мамат бола” деганимиз, яна Расул деган йигит ёдимда қолган. Дам олиш дақиқаларида мен уларга ўн олти мамлакатнинг техника ва жонли кучи билан устимизга бало-қазодек ёпирилиб келаётган Гитлер ўрдуларини қайтариш у ёқда турсин, тўхтатиш мумкин эмаслиги ҳақида гапирдим. Ўшанда орамизда таҳминан мана шу мазмунда гаплар бўларди:
-Немис бало экан, бизнинг уруғимизни ўйнатиб юборди-ку!
-Ҳозир фронтга бориш – лаққа гўшт бўлиш-да!
-Боришга-ку, борамиз-а, лекин жонни жабборга бериб урушадиган гўсхўр топилармикин?
-Ие, борганингдан кейин урушмай чоранг қанча?!
-Чораси йўқ нарса йўқ.
-Нима демоқчисан? Ё секин...
-Шу-да, секин ўтамиз-кетамиз.
-Рост айтасан, ўтиш-кетиш – бошқа гап йўқ!
Бундай суҳбатларда Мумтоз кам бўларди, бўлган пайтларида эса бизга танбеҳ берарди. Душманчилик, сотқинчилик мақсадида айтилган бу фикрларнинг конкрет эгаларини орадан кўп йиллар ўтиб кетганлиги учун ҳозир эслай олмайман. Ҳозир айтишим мумкин бўлган аниқ гап: ҳарбий мактабда бир группа ташкил қилиб, фронтда душман томонга хиёнаткорона ўтиб кетиш ҳақидаги режамиз шу сабаблар билан амалга ошмай қолди:
1. 1942 йилнинг июль ўрталарида ҳарбий мактабнинг курсантларидан “курсантлар полки” ташкил этилиб, фронтга жўнатилди. Менга ҳамфикр бўлган Мамат бола ва Расуллар шу полк сафида фронтга кетишди. Мен уларнинг тақдирлари нима бўлганини ҳозиргача билмайман. Мактабда Мумтоз билан мен қолдим. Ҳамфикрлар кетишгач, Мумтоз билан бу ҳақда гаплашмадик.
2.Мен ҳам узоқ турмай, 1942 йилнинг 15 августида фронтга жўнаб кетдим. Мактабда Мумтознинг ўзи қолди.
Урушдан сўнг уйга қайтганимда Мумтозни ЎзТАГда кўрдим. У раис муовини бўлиб ишлар экан. Ҳарбий мактабда эканимизда дилимда туғилган режа ҳақида гаплашмадик. Мумтоз Октябрь райкомига секретарь бўлгандан кейин ҳам мени эсдан чиқармади. 1949 йилда, Ёзувчилар союзининг учинчи пленуми бўлиб турганда, союзга машинасини юбориб, мени уйига олдириб кетди. Борсам, у ерда Адҳам Юнусов, унинг хотини Ҳасана, менинг хотиним Зуҳра ўтиришибди. Мумтоз мени қувониб қарши олди. Пленумда бўлган гаплардан сўради. Усмон Юсупов ўзини яхши кўрганлигини, яқинда Министрлар Совети ҳузуридаги Санъат ишлари бошқармасига бошлиқ бўлиб кўтарилажагини айтиб, қўлбола мусаллас билан хўб меҳмон қилди. Мумтоз Муҳамедовнинг Адҳам Юнусов билан қандай алоқаси борлигини мен фаҳмламадим. Бу ерда органни қизиқтирадиган гаплар бўлганини эслай олмайман.
Ёзувчилар союзининг шу пленумида, пленумдан кейин жамоатчилик мени ишдаги камчиликларим туфайли қаттиқ танқид қилиб юрган кезлари, 1950 йилнинг сентябрида Санъат ишлари бошқармасининг бошлиғи Мумтоз Муҳамедов мени ўз бошқармаси ҳузуридаги Репертуар комитетига бошлиқ қилиб олди. Бир куни, унинг хонасида, орамизда шундай гап бўлиб ўтди: у вақт Корея халқ демократик республикасининг территориясини Америка аэропланлари йиртқичларча бомбаламоқда эдилар. Мен шу туфайли халқаро ҳавонинг бузилаётганини, яна уриш бошланиши эҳтимоли борлигини айтдим. Шунда Мумтоз истеҳзо билан кулиб туриб:
-Намознинг қазосини ўқир экансиз-да?-деди.
Мен унинг киноясини тушунган бўлсам ҳам аниқлаб олмоқчи бўлдим:
-Яъни?
-У сафар ўтолмовдингиз, бу сафар ўтар экансиз-да...
Мумтоз менинг ҳарбий мактабдаги нодонларча тузган режамни ёдимга солиб, танбеҳ берган эди. Мен ёшликда каллага ҳар турли аҳмақона фикрлар келишини рўкач қилиб, ўшандан бери астойдил пушаймонда эканимни айтдим...”
Бу сатрларни ёза туриб, қўли толгандай, қаламни қоғоз устига ташлади. Аслида қўли эмас, қалби толган эди. Хаёлни чалғитиш, руҳ хордиғини чиқариш мақсадида бадантарбия қила кетди. Одатда бадантарбия эрталаб қилинар эди. Бу ерда эрта ва кечнинг фарқи йўқ, ҳафта кунларидан қай бири ўтаётганини ҳам билмайди. Шундай экан, қачон хоҳиш бўлса, бадантарбияни бошлайверади.  Нафас олиши тезлашиб, пешонасидан муздек тер чиққач, ҳаракатларини бас қилиб, каравотига ўтирди. Темир эшик дарчаси очилиб, пешинлик таомни узатишди. Бир бурда қора нон билан бўтқани ейиш ҳам унинг учун оғир вазифа. Қўл – итоаткор, қошиқни олади, бўтқани оғизга олиб боради. Оғиз ҳам итоаткор – очилади, таомни қабул қилиб олади. Аммо томоқ ўжар, бу бемаза таомни ўтказмайман, деб қайсарлик қилади. Тил бўтқани оғиз бўшлиғида айлантираверади, гўё томоқни алдамоқчи бўлади. Пастроқда ошқозон ҳам нолиб, “бемаза бўлса ҳам ўтказиб юборавер, менга барибир”, дейди. Томоқ бу талабларга бўйсунади... Уруш давридаги таомлар бемазаликда бунисидан қолишмасди. Лекин уни ейишда бунчалик қийналмасди. Бемаза бўлса ҳам таомни озодликда ейишнинг гашти бўлакча эканини бу ерда ҳис қилди.
Ҳарбий мактабдан уни тўғри жанггоҳга юбормадилар. Улар шаҳардан ташқарига чиқиб, Ғазалкент яқинидаги Озодбаҳшда амалий машғулотлар ўтказишаётган эди. “САВО” деб аталмиш Сиёсий бўлим вакили келиб, Мирзакалонни чақирди-да, Тошкентга олиб қайтиб Жалолов иҳтиёрига топширди. Жалолов “политрук” – сиёсий раҳбар унвонида эди. Сталинград фронтида ташкил этиладиган ўзбекча фронт газетаси “Қизил Армия”га редактор ўринбосари қилиб тайинланган Жалолов бопта ходимлар танлаш билан банд эди. У Мирзакалондан фронтга бориш истаги борми-йўқлигини сўради. Аслида уруш чоғи ҳарбий кийимдаги одамдан бундай савол сўралиши қизиқ эди. Мирзакалон бу саволни расмиятчилик учунгина берилганини англаб: “Эл бошига тушган тўй, истакка ўрин йўқ”, деб қўйди. Жалолов вазифаларини тушунтирган бўлиб, сўнг таҳририят ходимлари билан орқаваротдан таништирди:
-Мен ва сиздан бошқа машҳур тил олими, ҳамшаҳрим, лейтенант Улуғ Турсунов, Эрберг деган яҳудий олими, корректор Солиҳ Абдукаримов, машинистка-котиба Зефо Шамсуддинова, метранпаж Абдураҳим Ўрозов, линотипчи Зикрилло Умрзоқов, ҳаммаси бўлиб етти кишимиз. Очиғини айтсам, сизнинг ўрнингизга Абдулла Қаҳҳорни мўлжаллаган эдим. Лекин САВО кўнмади, унинг фронт ортида қиладиган ишлари кўп экан.
Икки кундан кейин йўлга тушишди. Улар фельдмаршал Паульс қўмондонлигидаги қўшин Сталинградга таҳдид солаётганини ахборот оқими орқали билишарди. Лекин дўзахнинг ер устига кўчганини ўша ерга бориб кўришди. Оламнинг чумолидан ҳам ҳақирроқ эканига ҳам шу ерда гувоҳ бўлишди. Уларнинг таҳририятлари жойлашган вагон жанггоҳдан нарироқда бўлса-да,  портлаётган бомбаларнинг гумбур-гумбур товуши яққол эшитилиб турарди. Баъзан эса адашган бомбалар шу яқин атрофда портлаб, барчанинг жонини ҳалак қиларди. Оқшом чоғи спиртга сув қўшмай ичиб, қизишиб ўтиришганда портлаган бомба вагонни ҳам қалқитиб юборди.  Жалолов жонҳолатда сакраб туриб кетган ҳамкасбларига қараб кулди:
-Буниси ҳолва, ҳали немис бир бомбаласин, бир бомбаласин-ки, сичқоннинг ини минг тилла бўлиб кетсин. Кейин қарабмизки, Улуғ Турсуновнинг икки қўли йўқ, Мирзакалоннинг икки оёғи йўқ!-шундай деб кўзларини айёрона қисди:-Тошкентга қайтишади-ю, кўчада тиланиб ўтиришади!-У кулгидан тўхтаб, юпатиш оҳангига кўчди:-Хафа бўлманглар, ўтган-кетганда бир сўм-ярим сўм садақа бериб тураман.
Бу  совуқ гап ҳазил тариқасида айтилган бўлса-да, бадандан муз югургандай туюлди.
-Нафасингизни иссиқроқ  қилинг, яхши гапга ҳам, ёмонига ҳам фаришталар “омийн” деб туришаркан.
-Мен-ку, яхши нафас қиларман-а, лекин Гитлернинг бомбалари фаришталарингизнинг “омийн”и билан ҳисоблашиб ўтирмаса керак.
Улуғ Турсунов бу гапдан аччиқланиб, ташқарига чиқиб кетди. Жалолов эса уруш фалсафаси ҳақидаги фикрларини Мирзакалонга баён қилиб, унинг бошини қотирди.   Аввалига Қамишинда кўрганларини айтиб, кўзларига ёш олди:
-Қамишинда нуқул ўзбек ярадорларини кўрдим. Бечора ўзбек аллакимларнинг дашт-саҳросини сақлайман, деб қўйдек қирилиб кетяпти! Урушга бўйиндан боғланган итдай келтириб солинаётган, таълим кўрмаган аскар билан ғалаба қозониб бўлмайди. Ҳадемай Сталинград ҳам пайҳон бўлади, совет ҳам инига кириб кетади. Совет жангчиларининг фидойилигини мақтаган сиз билан мен эсам аҳмоқ бўлиб қолаверамиз. Дунёд аҳмоқ бўлиб ўлишдан азоблироқ нарса йўқ.
Мирзакалон уни кайфи ошиб қолган, деб гумон қилгани учун ортиқча баҳслашмади.
Эртасига Жалоловни таҳририят партия ташкилотига шошилинч равишда чақириб қолишди. Орадан уч соатча вақт ўтгач, у руҳи синиқ ҳолда қайтди. Мақола ёзиш билан банд бўлган Мирзакалон унга қараб қўйди-ю, аҳволини сезса ҳам, сабабини сўрамай, ишини давом эттирди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, Жалолов чуқур “уф” тортгач, эзгин оҳангда гап бошлади:
-Мирзакалон, бу вагон нимадан ясалган, биласизми?
Мирзакалон саволнинг нўноқлигидан ажабланиб, бошини кўтариб унга қаради-ю, лекин жавоб бермади.
-Ғилдираклари темирдан, тепаси тахтадан, дейсиз-да, шундайми? Мен ҳам шу фикрда эдим. Ғилдираклари темирданлиги рост. Лекин тепаси қулоқдан ясалган, билмасангиз билиб олинг.
-Бир гап бўлдими?
-Бир эмас, анча гап бўлди. Яхшиям бу қулоқ эшитганларини Конотопга етказибди, ундан нарига ўтганида мен ҳозир бошқа жойда дабдалам чиқмаган тақдирда ҳам сўроқ қилинаётган бўлардим.
-Бирон иғво чиқибдими?
-Иғво эмас, бор гап. Кечаги ҳазилим редакция ходимларининг душманга нафратини сусайтириб, ғалабага бўлган ҳароратини совутиш мақсадида айтилган экан. Қисқаси, “қўпорувчи” деган жандага ўраб қўйишларига оз қолди.
-Ўша “қулоқ” мен эмасманми, ишқилиб?-деди Мирзакалон.
-Сиздан гумоним йўқ. Агар сиз бўлганингизда уруш сиёсатида катта хатоликларга йўл қўйилаётгани ҳақидаги гапим билан асфаласофилинга жўнаб қолардим. Умуман... ҳеч кимдан гумоним йўқ. Тошкентдалигимда чиройли, силлиқ қаламингиз учун эмас, миллат учун ёна олишингизни, юрагингизнинг тозалигини ҳисобга олиб, сизни танлаган эдим.  Сизни тавсия қилганларнинг ҳам юраги покиза. Бизни бир дард бирлаштиради. Аммо дардкаш бўлишдан қўрқамиз. Ҳозирча сиз ҳам “қулоқ”дан эҳтиёт бўлинг. Бу дўзахдан омон чиқиб олсак бас.

Кутилмаган учрашувлар

Мирзакалон ўшанда “фаришталар “омийн” деб юборади”, деб бекорга огоҳлантирмаган эди. Орадан бир йил ўтмай, поезд-редакциялари Днепр соҳилида турганда немис аэроплани ташлаган бомбадан портлаб кетди. Зефо ҳалок бўлди. Жалолов эса яраланиб, мажруҳ ҳолатида уйига қайтди. Айни пайтда юзлаб бомбалар портлаётган жанг майдонида бўлган Мирзакалон эса омон қолди. “Юз йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади”, деб шунга айтадилар.
Бу фалокат Мирзакалонни оғир аҳволга солиб қўйди. Аввал Улуғ Турсунов, кейин Эрберг бошқа хизматга юборилган эдилар. Газетанинг барча ташвиши икки кишининг зиммасида эди. Бу ҳам ҳолва экан, Жалолов кетгач, бош муҳаррир ўринбосари ҳам, таҳририят котиби ҳам, таржимони, ҳарбий мухбири ҳам, ҳатто техник ходими ҳам ёлғиз ўзи эди. Шундай кезларда барча газеталарнинг муҳаррирлари Москвага чорланди. Гарчи Мирзакалон бу лавозимда бўлмаса-да, бошқа одам йўқлиги учун у ҳам сафарга жўнатилди.  Бош Сиёсий  Идора томонидан Москвада чақирилган фронтлардаги миллий газеталар редакторларининг кенгашмасида ўзбекистонлик газетачилардан Рустам Абдураҳмонов, Адҳам Раҳматов, Шариф Бўлатов, Расулжон Муҳамедовларни кўриб боши кўкка етди. Улар билан аввалдан таниш бўлгани билан, сирдош, дардкаш эмас эди. Шу боис ўзаро ўтган суҳбатларда сиёсатга алоқадор гап-сўз бўлмаган эди. Фақат бир марта, чой ичиб ўтиришганда Адҳам Раҳмат адабиётдан сўз очиб қолди:
-Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояларини ўқияпсизларми? Ёзилиши ёмон эмас-ку, лекин жанг тафсилотлари  тасвирлари анча саёз-да.
-Уруш кўрмаган одамдан яна нимани талаб қиласиз?-деди Рустам.
-Жанг тафсилоти, жангчи кечинмаларини беришга чиройли сўзлар тизими етарли эмас, дўзах азобини ҳис қилиш керак,-деди Мирзакалон Адҳамнинг фикрини қўллаб.
-Урушни ўз кўзи билан кўрмай туриб ҳам ҳис қилиш мумкинми?- Рустам шундай деб ўз фикрини қатъийлик билан ҳимоя қилди.
-Мумкин,-деди Мирзакалон ҳам бўш келмай,- Лев Толстой Наполеон босқинини кўрмаган эди-ку? “Уруш ва тинчлик”да ҳис, туйғу йўқ, деб ким айта олади?
-Бунинг учун урушни кўрмай туриб ёзадиган одамда Лев Толстой қалами бўлиши керак.
-Толстой қаламини ўзи билан гўрига олиб кетган деб ўйлайсизми? Навоийни берган халқдан Толстойдан ўтиб кетадиган ёзувчи чиқмас эканми?  
Мирзакалоннинг бу гапи ўтирганлар учун баландпарвоз бўлиб туюлишидан ташқари, ўтмишни соғинишдан ҳам ташқари, сиёсий хато мавжуддай туюлиб, кулимсираб қўя қолишди, мавзуни давом эттиришмади. Ўзбеклар орасидан улуғ рус халқининг буюк ёзувчисидан аълороқ адиб етишмоғи орзуси замиридан ўзгача маънолар оқиб чиқишини барчалари сезиб, суҳбатни бас қилганлари бир томондан яхши ҳам бўлган эди. Мирзакалон буни сезиб, чекиш баҳонасида ташқарига йўл олди. Адҳам Раҳмат ҳам шу баҳонада унга эргашди.
-Жангда ўлаётганлар бизнинг зиммамизга катта вазифа юклаб кетишяпти,-деди у папиросини тутатиб.-Агар уруш ҳақиқати ҳақида романлар ёзилмаса, халқ ёзувчилардан рози бўлмайди. Шуларнинг бир нечасини сиз ёзишингиз керак бўлади.
-Нима учун мен? Нима учун Адҳам Раҳмат эмас?-деди Мирзакалон ҳазил оҳангида.
-Сиз бадиий адабиёт майдонига кириб келгансиз. Мен эса публицистман. “Уруш ва тинчлик” даражасида асар ёзиш учун Қодирий қалами керак, Чўлпоннинг эҳтироси билан қалби керак. Сизда иккови ҳам бор. Чўлпоннинг шогирдидан талаб катта бўлади.
-Қайси Чўлпон? Миллатчи, халқ душмани Чўлпонни айтяпсизми?
Бу гапни эшитиб Адҳам Мирзакалонга норози қиёфада қаради. Сўнг бош чайқаб, деди:
-Биз ҳозир икки киши гаплашяпмиз. Орада учинчи одам бўлса, шундай десангиз айб ҳисобланмасди. Биламан, оғзингиз куйган, қатиқни ҳам пуфлаб ичасиз. Лекин ҳақиқат битта – кўз юмишга ҳаққимиз йўқ. Демак, уруш ҳақидаги романни биринчи бўлиб сиз ёзасиз.
-Нима, роман ёзишга сизнинг кучингиз етмайдими? Ўзингизга ўзингиз ишонмаяпсизми?
-Гап кучда, ишонишда эмас. Мен бир қарорга келиб қўйганман. Тирик қолсам, урушдан кейинги вазифам тайин: ўзингиз ҳам кузатаётгандирсиз, юзлаб аскар йигитларимиз номсиз қабрларга кўмиб ташланишяпти. Уйларига “бедарак йўқолди” деган икки сатр хабар юборишяпти. Урушдан кейин ўша “бедарак” қаҳрамонларнинг номини тиклашга ҳаётимни бағишлайман.
-Адҳамжон, агар малол олмасангиз вазифангизга жиндек таҳрир киритсам,-деди Мирзакалон қувлик билан,- Урушдан кейинги биринчи вазифангиз, уйга қайтишингиз билан тўхтовсиз равишда тўй қилсангиз-у, ҳаётингизни биринчи галда умр йўлдошингизга бағишласангиз. Қайлиғингиз сизни соғингандан соғингандир, хат ёзавериб чарчаб ҳам кетгандир.
-Кунда бўлмаса ҳам ҳафтада икки-уч хат ёзиши рост,-деди Адҳам маъюс кулимсираб,-ўзим ҳам қанот чиқарсаму учсам деб яшаяпман.
Шундан сўнг мавзу оила соғинчларига кўчди. Уларнинг суҳбати қоронғулик бағрига сингиб кетди, ҳеч кимга ошкор бўлмади.
Қалам аҳли орасида сиёсий мавзуда гап очилмагани терговчига маълум экан шекилли, сўроқ пайтида “улар ким эди, миллий масалада нималар дейишди?” деб қийин-қистовга олмади. Уни кўпроқ Мелиев, айниқса Фозил билан бўлган учрашувлар тафсилоти қизиқтирарди.
Мелиевни кўргандаги қувончи рост. Қучоқлашиб кўришгани ҳам рост. Москвага йўл олганида фронтчи газетачилар орасида ватандошларини кўришга умиди бор эди. Лекин Тошкентдан келган қалам аҳли билан учрашуви етти ухлаб, бир тушига кирмаганди. Биринчи  қамоқ муддатини ўтаб чиққанидан кейин  Ўзбекистон Давлат нашриётида ишлаб юрганида орттирган  қадрдони шу Мелиев эди. Мелиев билан хизматдагина эмас, ишдан сўнг ё иш ораларида палов сузилган товоқ атрофида ҳам ҳарвақт бирга бўлишарди. Терговчи “Мелиев билан қачон танишгансиз, у ҳақда фикрингиз қандай?” деб сўраганида “Мелиев “Ўздавнашр” партия ташкилотида секретар бўлиб турган кезларида ҳам, кейин “Қизил Ўзбекистон” газетаси редакциясининг партия ҳаёти бўлимида ишлаб юрган пайтларида ҳам, миллатчи деган шаъним борлигига қарамай, менга ўзини ҳамиша яқин тутар эди. Ҳақиқат, адолат хотири учун эътироф этишим керакки, Мелиевдан, у билан танишганимиздан то Совет Армияси сафида чет элга ўтганимизгача, бирон “антисовет” гап эшитган эмас эдим. Москвада бахтли тасодиф туфайли кўришганимизда ҳам фақат Тошкентдаги шўхликларимизни, бирга қилган паловхўрликларимизни эслашдик”, деб жавоб берган эди.
Мелиев “ўлдирса ҳам ош ўлдирсин”, дегувчи тоифадан эди. Урушдан кейинги улфатда  ҳам ҳозиру нозир бўлган бу дўст “ундирком” деган ҳазил атамани эшитиши билан хахолаб кулиб, шу-шу тилдан қўймайдиган бўлган эди. Эллигинчи йил адоғида қамоққа олингунига қадар “ундирком” Мирзакалон учун ҳазил атама эди. Бу ҳазилнинг сиёсий атамага айланиши ҳам ўша айни ижодкорнинг “хизмати” эканини дастлабки сўроқлар даврида у тасаввур ҳам қила олмас эди. 
Қирқ учинчи йил охиридаги ўша қувончли учрашувда бирон бир фолбин келиб, ҳали бу дўстингдан ҳам хиёнат кўрасан, деса Мирзакалон уни иғвогар ва фитначи деб билиб, уриб ташлаши ҳам мумкин эди. Мирзакалоннинг омади кулиб, Ўзбек совет адабиёти ўн кунлиги байрамининг охирги тадбирларида иштирок этиш бахтига эришди. Биринчи учрашув куниёқ Мелиев уни қалам аҳли жойлашган “Москва” меҳмонхонасига бошлади. Деразаларидан Кремль, Ленин мавзолейи кўриниб турадиган меҳмонхонада Ғафур Ғулом, ўшлик дўсти Иззат Султон, хонанда Карим Зокировларнинг ширин улфатига қўшилишди. Мирзакалон сувдонидаги спиртни ўртага қўйгач, улфат янада жонланди. Мелиев чўнтагидан карта чиқаргач, “йигирма бир” қимор ўйини бошланиб, ҳамманинг диққат-эътибори ўртадаги пулга қаратилди. Гарчи ўйин, жиддий  қимор эмас, ҳазил-ҳузул, дўстона тарзда бўлса-да, ютган одам ютқизганга қайтариб бериши шартлиги таъкидланиб турилса-да, эҳтирослари ҳақиқий эди. Мирзакалоннинг қўли баланд кела бошлагач, Ғафур Ғулом “Бу капитан икки қултум спирт қуйиб бериб шўримизни қуритяпти-ку? Иззат, Тошкентга пиёда жўнаймиз шекилли?” деб кулди. Мирзакалон ютиб олган пулларини ўртага қўяётганда Мелиев Ғафур Ғуломга қараб жилмайди-да, эркалаш оҳангида хиргойи бошлади:
Зумуррад чамбар ичра қатра олмосдир қулоғида,
Суман баргида шамбнам аксидир, ё кўз булоғида
Демам шабнам, қамар атрофида зийнатли кавкаблар,
Иқомат тузмиш ул юлдуз ики абру қирғоғида.
Карим Зокиров қўшиқ сўзларини билмагани учун хиргойига қўшила олмади. Бироқ, тек ўтиролмай, ликопчани олганича чертиб, жўр бўлди. Бундай ўзбекона улфатни соғинган Мирзакалон Мелиевга қўшилди. Санъат ишқи унга отасидан ўтган. Исмоилхўжа дутор чертишда Андижону Ўшга донг таратган эди. Тўнтаришлар бошлангунга қадар Холхўжа жўрабоши бўлган улфатнинг булбули саналарди. Холхўжа қўлига қурол олгандан кейин ҳам кўнгли тусаган кезлари Исмоилхўжани қароргоҳига топдириб келарди. Четга ўтиб кетишда уни ҳам даъват қилди, лекин “деҳқон одамга четда нима бор?” деб Исмоилхўжа унамаган эди. Турли улфатларга чорланавериб жонига теккач, охири дуторини бир уриб синдирган, шундан сўнг унинг таронасини, хиргойисини биров эшитмаганди. Гарчи дуторни уриб синдирган бўлса-да, санъати ўғли Мирзакалонга, қизи Санобарга ўтганди. Исмоилхўжа фарзандларининг Тошкентда ўқиб юрган кезлари ҳаваскорлик саҳнасида олқиш олаётганларидан бехабар эди. Мирзакалон Кремль ёнидаги меҳмонхонада сархуш ўтирган онда ўша ҳаваскорлик саҳнасини, унда оққуш каби сузувчи биринчи муҳаббати Ҳамидахонни эслаб, Мелиевга беихтиёр жўр бўла бошлаган эди. У қўшилгач, Мелиев жим бўлди. Мирзакалоннинг ширали овози Карим Зокировни сеҳрлаб, ундан кўзини олмади. Мирзакалон давра аҳлини мафтун қилаётганини сезмай, кўзларини ярим юмиб куйларди:
Шарафли бахт эрурим, ҳар нафасда ёр юзин ўпгай,
Агар тун бўлса нозик ҳалқалар икки яноғида.
Ҳамиша мен Ғуломий сирғага соҳиб у дилбарнинг,
Неча кундирки, Чустий икки балдоқнинг сўроғида...
Қўшиқ ниҳоясига етгач, Карим Зокиров ликопчани доира каби чертиб, завқ билан “Дўст! Яш-шанг, капитан!” деб қўйди.
Ғафур Ғулом ҳам ҳузурланиб, тебранди-да, кўзларини айёрлик билан қисиб ҳазиллашди:
-Бу эротик шеърни қаердан кавлаб топдиларинг? Ўзимнинг ҳам эсимдан чиқиб кетувди.
-Андижонда ёзилган шеърни андижонликлар унутишмайди,-деди Мирзакалон қувлик билан.
Ўзаро ҳазил оҳангини Иззат Султоннинг кескин ва жиддий гапи бўлди:
-Ғафур ака, сиз бағрикенг одамсиз. Лекин дуч келган одам билан мушоира қилишингиз ярашмайди. “Тенг тенги билан” бўлиши керак. Мушоира қилган шоирингиз сиздай покиза бир одамнинг шаънига балчиқ чаплаб қўйиши мумкин.
Бу гапни эшитиб, Ғафур Ғулом қошларини чимирди:
-“Тенг тенги билан” бўлгани яхши. Лекин “кенгга кенг дунё” деган гаплар ҳам бор. Кенгроқ бўлаверинг Иззатвой.
Бу сўз олишуви Мирзакалонга ўткинчи гапдай туюлган эди. Бу ердан чиқишгач, Мелиев уни яна бир хонага бошлади. Хона соҳибини “Республика соғлиқни сақлаш халқ комиссари” деб танишдирди-да, “Ака,  Қизил Байроқ ордени билан мукофотланганингизни эшитиб, дўстимиз Мирзакалон сизни фронтчи ўзбек жангчилари номидан табриклаш учун атай келибдилар” , деди. Мирзакалон бу кишини биринчи марта кўриши, янгиликни ҳам энди эшитиши эди. Шу боис бир оз гангиб турди-да, кейин совуққина қилиб “Ҳа, табриклаймиз, қутлуғ бўлсин”, деди. Хона соҳибини танимаса-да, унинг меҳмонини яхши биларди. “АҚД” баҳонаси билан уни турмага тиққан Фозилнинг Халқ комиссари билан конъяк ичиб ўтириши уни лол қолдирди. Фозил қизишиб ўтиргани учунми ё Мирзакалонни кўриб, эски хотиралар юкидан юзи қизариб кетдими, билиш мушкул эди. Мирзакалон  кўришгач, ундан сал наридаги бўш ўринга ўтирди. Фозил бир неча дақиқа бошини қуйи солиб ўтиргач, ўрнидан қўзғолиб, унинг ёнига келиб, меҳрибонлик билан ҳол-аҳвол сўради. Мирзакалон эски адоват, эски кек ўтини ўчиришга ҳаракат қилиб, яхши муомала қилди.Фозил унинг очиқ-чочиқ гаплаша бошлаганидан қувониб, Ёзувчилар союзи бераётган зиёфатдан кейин “Метрополь” меҳмонхонасига келиб, у билан кечалашини илтимос қилди.
Халқ комиссарининг орденини “ювиш” зиёфатида конъяк билан кайфни чоғлаб, даҳлизга чиқишганда Мирзакалон ҳамшаҳри Комилни кўрмоқчи бўлди. Комил Яшин билан Ҳалима Носирова қўнган хона эшиги очиқ эди. Мирзакалон аста тақиллатишига жавобан ичкаридан “кираверинг”, деган таклифни эшитиб, ҳижолатсиз кириб келди. Эр-хотин қутилардаги меваларни саралаш билан банд эдилар. Йўлда уриниб қолган олма-ю, нок, анорларни алоҳида ажратиб қўйишган эди.
-Зиёфат қуюқ бўлади шекилли?-деб ҳазил қилди Мирзакалон, улар билан сўрашиб олгач.
-Зиёфатмас,- деди Яшин қаергадир шошилаётганини яширмай. –Ҳалимахоннинг устозларини бир йўқлаб қўяйлик.
-Мирза ака, мевалардан олинг, олмаларни соғингандирсиз?-деди Ҳалима уринган олмаларга ишора қилиб. Хотинининг лутфини амалга ошириш учун Яшин қуртлаб, эзилган иккита олмани олиб дўстига узатди. “Катта ҳурмат билан қилинган бу меҳмондорчилик” Мирзакалонга малол келди:
-Мен ҳамшаҳарларимни соғинувдим. Олма Украинада ҳам кўп. Шираси бизникидан қолишмайди. Айтмоқчи, бу йил Ўзбекистондаги меваларга қурт тушиб кетганмиш, деб эшитувдим. Тағинам, омадингиз чопиб, битта-иккита яхшисини топибсизлар. Устозингиз ҳурсанд бўлади.
Шундай дегач, бу ерга кирганига афсусланиб, совуқлик билан ҳайрлашди-ю,  чиқди. Ёзувчилар союзига аъзо бўлгани учун уюштирилаётган зиёфатга тортинмай борди. Юртдошлари билан чақчақлашиб, соғинч ўти ҳароратини бир оз бўлса-да, пасайтириш илинжи билан даврага қўшилди. Зиёфатга олий мақомда тайёргарлик кўрилган эди. Тўкин дастурхонни кўрган одам бир неча юз чақирим нарида қирғин бўлаётганига, атрофда одамлар очликдан қақшаётганига ишонмаслиги мумкин эди.
Бўш жойга ўтирган Мирзакалон ёнидаги одамни кўрди-ю, яқиндагина Ғафур Ғулом даврасида тилга олинган шоирга қўшни бўлишдан негадир юраги ғашланди. Ёзувчилар, айниқса фронтдаги адиблар оиласининг моддий таъминотига ғамхўрлик қилиши лозим бўлган Адабиёт фондини бошқарувчи бу шоирнинг хотинларга шилқимлиги кўп қатори унга ҳам маълум эди. Лекин урушгача бўлган давр мобайнида улфатчилик қилмаган, ораларида гап-сўз қочмаган эди.
Кўнгил ҳеч қачон алдамайди, бу сафар ҳам шундай бўлди. Ёнма-ён ўтиргандан кейин гаплашиш керакми – керак! Уёқдан-буёқдан гаплашдилар. Гап орасида Мирзакалон оиласини соғинганини, болаларини кўргиси келаётганини айтди. Шунда у шоир маънодор қилиб кулимсанди-да, ё мастликдан ё безбетликданми деди:
-Хотинлар у ёқда жудаям сарғайишиб қолгани йўқ, хурсанд қилиб турибмиз...
Бу гапни эшитган Мирзакалоннинг қони миясига урилди, кўзлари ғазабли нафрат билан ёнди:
-Кимларнинг хотинини хурсанд қилиб турибсиз?-деди қалтираганини сездирмасликка тиришиб. Шоир унинг човутга хезланган қоплондек ҳолатини сезмади шекилли, ошкор тубанлик билан:
-Умридан барака топсин, Адҳам Раҳматнинг чаросдек ширингина қайлиқчаси бор экан...  
Бу ҳақоратли сўзлар Мирзакалоннинг эс-ҳушини олди. “Биз, азиз болаларимизни, севгили хотинларимизни ташлаб, фронтда не-не азоблар чекиб юрсагу, бунга ўхшаган бир тўда бузуқи энг разил пасткашлик билан овора бўлса?! Бузуқлиги етмагандай, ўз оғзи билан фронтчига мақтаниб ўтирса?!” Шу ғазаб ўтида ўзини йўқотиб, тўппончасини қинидан қандай суғурганини, чап қўли билан шоирнинг ёқасидан олганини ўзи ҳам сезмай қолди. Тўппонча тепкисини босишга улгурмади. Уни тез ажратиб олдилар. Меҳмондорчиликда ҳурматли кишилар кўп эди. Айниқса тўрда ўтирган генерал Собир Рҳимовнинг ажабланиб қараши Мирзакалонга таъсир қилди. У ўтирганларга вазиятни тушунтира олмасди. Қилган тезлигидан ва эътиборли жойда кўтарган хунук жанжалидан уялиб, зиёфатдан чиқиб кетди. Совуқ кўчада бир оз дайдиб юрди. Кейин кундузи ичилган спирт кайфи тарқаб, Фозилнинг таклифини эслади-да, “Метропол” меҳмонхонаси томон юрди. Фозил уни кутаётган эди. Шу учрашув баҳонасида ўтмиш доғларини бутунлай ювиб юбориш мақсади бормиди, ҳар ҳолда, шоҳона бўлмаса-да, икки кишилик дастурхонни шай қилиб қўйганди. Унинг ёзувчилар зиёфати ҳақидаги саволига Мирзакалон тайинли жавоб қилмади. Нохуш воқеани ҳам тилга олмади. Бунинг ўрнига яқинда ВКП(б) аъзолигига номзод бўлиб қабул қилинганини айтди. Фозил уни қучиб, астойдил табриклади.  Сўнг ичиш бошланди. У учрашувдан Мирзакалон фақат шуни эслайди ҳалос. Алам билан ичилавергач, қайси эс-ҳуш эгасига итоат эта оларкан? Ўшанда Фозил келажакда юқори мартабалар кутаётганини башорат қилган эди, агар турмадаги бу хонада якка-моховдек кун кўриш юқори мартабага кирса, демак, тўғри айтган экан.

“Дастаси ўзимиздан...”

Дастлабки сўроқ кунлари терговчини ўша учрашув кўп қизиқтирди. Мирзакалон ичиб, маст бўлиб қолишига шоирнинг гапи сабаб эканини айта бошлаганида терговчи унинг юзига бир тарсаки тушириб, гапини бўлган эди:
-Бу шоирингни менга  пеш қилаверма. Унинг кимлигини яхши биламиз. Бесоқолбозлиги учун у бошқа ерда жавоб беряпти. Дўрмондаги боғдан Тошкентга қайтишда Ҳамдамов ҳам ўша шоирни отиб ташламоқчи бўлгани ҳам бизга маълум. Лекин биз бунақа иркит ишлар билан шуғулланмаймиз. Бизга “АҚД”даги дўстинг билан нималарни гаплашганингни айтиб бер!
Бу шунчаки таҳдидми ё биронтасидан чақув бўлганми? Ё Фозилнинг ўзи эски ҳунаридан тонмай, тўқиб-чатиб етказганми? Унда нималарни тўқиган экан? Уйдирманинг маъносини билганида айтмаган гапларини “айтдим” деб иқрорнома ёзиб берарди. Энди нимани ёзсин? Ҳарбий сирни ошкор қилдим, десинми ё “Туркистон легиони”га қочиб қолишга даъват қилдим” десинми?
Москвадаги ҳам қувончли, ҳам ғашли кунлар ортда қолиб, фронтга қайтди. Унинг кўнгли фақат бир нарсадан ҳотиржам эди. Мелиев билан хайрлашаётганида таҳририятда бир ўзи қолиб қийналаётганини айтиб “Агар сизга ҳам чақирув қоғози келаётган бўлса, газетамиз иҳтиёрига чақириб олайликми?” деганда Мелиев бу таклифни қувонч билан қабул қилганди. Мирзакалон поезд-редакциясига етиб келиши билан “Красная Армия” газетасининг Бош редакторига таклифини етказди. Мирзакалон билан синашта бўлган  Потапов ўша куниёқ Фронт Сиёсий бўлими орқали Меливни таҳририят иҳтиёрига чақиртирди.
Мелиевнинг келишини кутиб юрган кезлари, қиш кунларининг бирида газетанинг янги сонини тайёрлаб ўтирганида тиббий хизмат капитани кийимидаги бир одам кириб келиб, ўзбекчалаб саломлашди.
-О-о, Мирзакалон, эсон-омонм бормисиз? Кўришган жойимизни қаранг-а! Қор тиззадан, совуқ елкадан,-деб чақчақлашиб кўришди.
Мирзакалон танимагани бу кишига одоб билан муомала қилди, уни “Қизил Армия”га редактор ўринбосари бўлиб келган кишидир, деб ўйлади. Капитан ўтирди, исмини айтди: Қодир Тоҳиров.
-Юсуф Тоҳирийнинг авлодларидан эмасмисиз?-деб сўради Мирзакалон, ундан кўз узмай.
-Ҳа, мен у кишининг амакиваччалари бўламан. Мени танимадингизми? Мен эса сизни яхши танийман.
Мирзакалон уни аввал кўрмаган эди. Шунга қарамай, Юсуф Тоҳирийнинг  қариндошини ўзига яқин олиб суҳбатлашди. Фронт орқа томонида санитар назоратида хизмат қилаётган Тоҳиров эртасига ҳам келди. Икки-уч кундан кейин яна келишга ваъда бериб хайрлашди-ю, бироқ, ваъдасини бажармади. Уруш шароитида ихтиёри ўзида бўлмаган офицердан бунинг учун гина қилинмайди. Мирзакалон кутилмаганда учрашиб, тез ажрашган юртдошини кўриш умидида юрди. Орадан ойлар ўтиб, фронт чизиғи Полша ерларига кўчган пайтда Мирзакалоннинг ўнг қўли ўз-ўзидан ишламай қолди. Тиббий бўлимга мурожаат қилган эди, хасталик сабабини асабдан деб билиб,  Белая Подляскага жойлашган госпиталга шошқич равишда жўнатишди. Даволаниб ётганини бировдан билдими ё ўз иши билан госпиталга келиб, иттифоқо кўриб қолдими, ҳайтовур Тоҳиров Мирзакалоннинг рўпарасида кутилмаганда пайдо бўлди.  Мирзакалон туғишганини учратгандай қувонч билан кўришди. Госпитал йўлкасида кезишиб, узоқ гаплашди.
Тоҳиров Чўлпоннинг кўп шеърларини ёд билар экан,  кўзларини ярим юмиб, ҳаяжон билан ўқиди.
Менинг ўйимми қора? Ёки юрт кўкида булут,
Қуюқ булут тўдаси қонли ёш тўкиб йиғлар?
Менинг бу хаста дилимни яна нечун тиғлар?
Меним-да кўксима боқмоқчи истар ул бир ўт?
Бўғиқ, қисиқ бу кўнгил кучли ўт билан ёнадир.
У ўт орасида юртнинг хаёли жонланадир...
Сатрларни ўқигач, бир зум тин олди, хўрсинди, сўнг деди:
-Чўлпон ўз номига муносиб – ёруғ юлдуз, шеърият оламида ҳамиша чарақлаб турган қуёш!
Мирзакалон сўз айтишга улгурмай,  у яна шеър ўқий бошлади. У Чўлпон шеърларини ўқиганда, ўзи ҳам шоирдай, сўз торининг юқори пардаларига кўтарилар, сўнг эса фикрини баён қиларди:
-Чўлпон Навоий, Фузулий, Фирдавсий, Низомий каби ўлмас, абадий ҳаёт шоирлари ичида бизга яна ҳам яқин, биз учун яна ҳам ширин, қадрдон, жонажон шоирдир! Чунки у бизнинг қуллик кунларимизни буюк ҳасрат, зўр фарёд билан ҳардам ёдимизга солиб турган, озодлик йўлида азиз жонини аямай курашга чорловчи созини қўймаган улуғ инсондир!
Мирзакалон Тоҳировнинг қизишиб, куйикиб айтган сўзларини батамом тасдиқлаб:
-Шундай улуғ инсон кетди-я!-деди афсус билан.   
Бу тасдиқ Тоҳировнинг бошқа дардларини очиб юборди. Энди у бошқа миллат фидойиларини ҳам эслай кетди:
-Э-э, Чўлпонгинам! Миллат отахони Мунаввар қори, Абдулла Қодирий, Фитрат, Боту, Элбек... булар қани? Қайси ялмоғизга ем бўлди булар?
Орага тушган ҳаяжонли қисқа сукунатдан кейин Қодир Тоҳиров аччиққина кулди-да, тишларини ғижирлатиб деди:
-Русчасига “По шучьему велению” деганидек,  “оғамиз”нинг буйруғи билан ўлдирилди.
Тоҳировнинг бу гапларни қўрқмасдан очиқ айтиши Мирзакалонда “бу одам махсус бўлимнинг ҳуфяси эмасми?” деган шубҳа уйғотди. Тоҳиров ундаги бу ўзгаришни сездими, аянч билан жилмайди:
-Мендан ҳавфсираманг, қўрқманг,-деди.- Сизнинг кимлигингизни билганим учун дардимни тўкяпман. Агар дардимни тўкмасам ёрилиб кетишим керак. Одам одамга ишонмаса... қандай замон бўлди! Ўлганимизда ичимизни ёриб қарашса, дарддан ириб-чириб кетганини кўришармикин? Осмоннинг устуни йўқлиги маълум. Лекин миллатнинг устунлари бўлади. Бу устунлар кесилди... Мирзакалон, сиз уларга яқинроқ эдингиз. Нега кесилди бу устунлар? Бир-бирларининг илдизларига болта урдиларми? Эшитганмисиз: бир ўрмонда болта пайдо бўлиб, дарахтларни бир бошдан кеса бошлабди. Шунда дарахтлар нажот илинжида қари эманга бориб, маслаҳат сўрашибди. “Болта деганларинг нимадан ясалган?”-деб сўрабди қари эман. “Темирдан”, дейишибди. “Дастаси-чи?”, деб сўрабди қари эман. “Дастаси оғочдан”, дейишибди. Шунда қари эман афсус билан “Дастаси ўзимиздан экан, нажотдан умид йўқ”, деган экан.
-Дастаси ўзимиздан бўлганлар ҳам бор эди. Бироқ, улуғларимиз орасида нифоқ бўлмаган. Устоз “Кеча ва кундуз”ни менга ўқиб бериб фикримни сўраганларида ҳаяжонланиб “Қодириёна ёзилибди”, девдим. Шунда устоз бош чайқаб, эътироз билдирдилар. “Қодирий қўл узатиб етиб бўлмайдиган юлдуз, Худо бунақа улуғ зотни улуғ халққа неча юз йилда бир беради”, деганлари ҳозиргача қулоғим остида жаранглаб турибди. Бир-бирларини бу қадар улуғлайдиган улуғ зотлар қўлларига болта оладилар, деб ўйлашлик хато. Уларнинг қўллари болта учун эмас, қалам учун яратилган эди. Вазифаларига хиёнат қилмадилар.
Урушдан кейин Тоҳиров билан Юсуф Тоҳирийнинг уйида кўришишди. Бироқ, атрофда одамлар кўп бўлгани учун дардлаша олмадилар. Фақат кўз қарашлари билан госпиталдаги учрашувни эслаган бўлдилар.
Уруш йиллари кўнгилни эзадиган воқеалардан ташқари хуш ёқадиганлари ҳам бўлган. Лекин турманинг бир кишилик камерасида ўтирган Мирзакалон алҳол буларни ёдга олишга уринмайди ҳам. Унинг хаёлини фақат терговчини қизиқтираётган воқеаларгина банд этган. Терговчи Тоҳировга доир гаплар билан кўпам қизиқмади. Демак, госпиталдаги учрашув баёнини четлаб ўтса ҳам бўлади. Балки, “Янги Туркистон” журналига кўпроқ тўхталгани маъқулмикин?  Лекин бу журналга тегишли маҳфий гап йўқ. Ўша кунларнинг ўзидаёқ маълумот тегишли идорага берилган эди-ку?
Сиёсий бўлим аралашган иш битмасдан қолмайди - қирқ тўртинчи йилнинг эрта баҳорида Мелиев фронт газетасининг таҳририяти ихтиёрига келди. Ярим йил мобайнида катта фронт газетасини бир ўзи чиқариб қийналиб кетган Мирзакалоннинг юки енгиллашди. Мелиев ошхўрликда тенгсиз улфат эди, бироқ миллат тақдирига доир масалада ҳамфикр, ҳамдард эмасди. Шу боис, бу мавзуда сира гаплашмас эдилар. Мелиев тажрибали газетачи, садоқатли комунист сифатида вазифасини аъло даражада бажарарди. Полша ўрмонзори ёқасидаги кичик бекатга жойлашган вагон-редакцияларида мақола ёзиб ўтирганида рус редакциясининг рассоми Мирзакалонга бир журнал ва бир китоб узатди:
-Фашистлар ташлаб қочган ертўлада ётган экан, назаримда сиз тушунадиган тилда ёзилганга ўхшайди, кўринг-чи,-деди у.
Рассом келтирган журнал ва китоб, ҳақиқатан, у тушунадиган тилда, яъни “туркистонча” ёзилган, немис алифбосига мослаштириб лотинча ҳарфларда босилган эди.  Бундай топилдиқнинг ўзича ўрганиши, қизиқиши ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билгани учун Мирзакалон варақлаб ўтирмай, тўғри редактори полковник Потапов ҳузурига кирди-да, расмий равишда, ҳарбийчасига воқеани баён қилди. Потапов аввал журнални, сўнг китобни варақлаб кўргач, ҳеч нарса тушунмагани учун Мирзакалонга қайтариб, синчиклаб ўқиб чиқишни ва қисқа мазмунини рус тилида баён қилиб ёзиб беришни топширди.
“Янги Туркистон” журнали қирқ тўртинчи йилнинг июлида Берлинда чоп этилган эди. Унда асосан миллий-сиёсий масалалар ўрин олганди. Уларда Мирзакалоннинг кўнглидаги гаплар ёзилган, ҳақиқат акс этган бўлса-да, “Ватан хоинлари, бир тўда қочқинди, Гитлер ювиндихўрлари, сотқин миллатчилар шайкаси томонидан тўқилган туҳмат сатрлари”, деб баҳолашга мажбур бўлди. Рассом бу журнал ва китобни ертўладан топиб олдим, дегани билан Мирзакалон унинг самимийлигига ишона олмас эди. Фронт маҳсус бўлими унинг “АҚД” бўйича қамалганини билади. Турли масалаларда бир неча марта “ширин суҳбатга” чорлаган. Яна бир фитна, бир иғво билан синаб кўрмайди, деб ким айта олади? Шубҳасизки, Мирзакалон ёзиб берган баён уларнинг қўлига бориб етади. Ўртада фитна бўлмаган тақдирда ҳам, улар журнал билан китобни бошқаларга ҳам кўрсатадилар ва икки (ёки уч) фикрни таққослаб ўрганадилар.
Китоб “Равшан” имзоси билан ёзилган воқеий ҳикоялар тўпламидан иборат эди. Мирзакалонга ёзувчининг услуби танишдай туюлди. Бу таҳаллус ҳам унга янгилик эмасди. Бу борада бир фикрга келишга иккиланиб турганида Мелиев сафардан қайтди. Жалолов жанггоҳга қилган сафаридан қайтган кезлари жангчиларнинг аҳволидан эзилиб гапирарди. Мелиев эса унинг акси, сафар таассуротлари кўтаринки руҳда бўларди. Ёзган мақолалари ҳам шу мартабада эди. Мелиев бу гал ҳам одатига хиёнат қилмади. Ўзбек жангчиларининг қаҳрамонлик намуналари кўрсатаётганини жўшиб гапирди. Мирзакалон ўзбек жангчиларининг мардлигини ҳеч қачон инкор қилган ёки гумон остига олган эмас. Юзларча ўғлонларнинг қаҳрамонлик мартабасига лозим кўрилгани ҳазилакам гап эмас. Унинг ўзи ҳам ёзган мақолаларида бу ботир ўғлонларни самимий тарзда олқишлаган. Жанггоҳларда содир бўлиб турадиган адолатсизлик эса қалбига тикандек санчилганича қолаверган. Жалолов билан бу ҳақда гоҳ-гоҳ дардлашиб турарди. Бироқ, “Бедарднинг олдида бошимни оғритма”, деган ҳикматга амал қилиб, улфати Мелиев билан бу масалада сўз юритишга кўнгли бормасди.
Мелиев таассуротларини мухтасар қилгач, стол устида турган журнал билан китобга диққатини қаратди. Журнални олиб варақлади, қаердан ва қандай келиб қолганини сўраб билгач, китобни ўқишга киришди.
Бу онда Мирзакалон каравотига чалқанча чўзилиб, қўлини бошига болиш қилганича ўйга толди: худди шу ерда бир неча кун аввал унинг ватандошлари бўлишган. Мирзакалон уларни эҳтимол танир. Эҳтимол, урушдан олдин қаердадир қайси бири биландир чой ичишгандир. Энди уруш тарозусининг бир палласида ўзи, бошқа палласида эса “Равшан” деб имзо чекувчи адиб турибди. Мирзакалон ҳамиша миллат озодлигини орзу қилган. Лекин бу орзуга етишмоқ йўлини билмаган. “АҚД” туфайли қамалиб чиққач, сингандай бўлди, аммо қалб тўридан ўрин олган орзусидан воз кечолмади. Гарчи томирларида сиёсатчи қони оқмаса-да, ҳар бир масалага ижодкор сифатида эҳтирос билан баҳо бериб, қизиққонлик билан хулоса чиқарса-да, урушга келгач, адолат қай томонда эканини фарқлай олди. Юз минглаб ўзбек ўғлонлари юрак қонини  тўкаётган кунларда, ота юртда миллионлаб юртдошлари қон қусиб ишлаётган кезларда бу уруш сабабчиси фашизмни ёқлаши мумкин эмасди. Фашизмда ўз миллати озодлигини кўриш нодонлик эканига аллақачон иймон келтирганди. У бир тобеликни иккинчи тобелик билан алмаштиришни эмас, чинакам юрт озодлигини орзу қиларди.
Мелиев китобни бош кўтармай ўқиб чиқди-да:
-“Равшан”нинг кимлигини билдингизми?-деб сўради.
Мирзакалон “мен билолмадим, билсангиз айтинг”, дегандай қараб қўйди.
-“Равшан” деганлари уруш бошларидаёқ бедарак бўлиб кетган хоразмлик шоир Матёқуб Абдуллаев бўлади,-деди Мелиев, катта бир кашфиёт қилиб шодланган одам каби фахр билан.
-Гапингизнинг оҳангидан бунга ишончингиз қатъийга ўхшайди. “Особист”га буни исбот қилиб бериш керак,-деди Мирзакалон қаддини кўтариб.
-Исботи қийин эмас. Матёқуб урушдан аввал шу таҳаллусда “Муштум”га мақолалар ёзиб турарди. “Равшан”нинг айнан Матёқуб эканини мана бу тўпламдаги Мажидий ҳақида ёзилган ҳикоя ҳам тасдиқ этади. Матёқуб Мажидийнинг яқин ўртоғи эди. Мажидийнинг қамоққа олинишида иштирок этган бўлса ажаб эмас.
Мелиев ҳеч қандай кашфиёт қилмади, фақат Мирзакалоннинг таҳминини тасдиқлади халос. Мирзакалон туни билан ўтириб, Потаповнинг вазифасини бажарди: нонуштадан сўнг таҳлил баёнига қўшиб китоб билан журнални ҳам топширди. Ўз вагонига қайтганида Мелиев сафарда тўплаган маълумотлари асосида мақола ёзишни бошлаган эди. Мирзакалон киргач, унга ўгирилиб қараб сўради:
-Редактор нима деди?
-Нима дерди? Дарров махсус бўлимга жўнатди. Унга бош оғриғининг нима кераги бор? Бош оғриғи, оғайнижон, бизга аталган. Эрта ё кечи билан индинга “особист” билан учрашувга тайёрланаверинг. Ё биронтаси келади ё чақиртиришади. Чақиртиришса билингки, масала жиддий. Бу едагилар, шундай ҳол юз берса, йўлга отланишганда эҳтиётдан хайрлашиб, сўнг кетадилар. “Особист”нинг бошида нима гап, қандай режа борлигини ҳеч ким билмайди. Агар сизни чақириб қолишса, Матёқубни танимаслигингизни айтганингиз дуруст.
-Мен коммунистман, тўрисини айтаман. Менга бало ҳам урмайди. У билан ошхўрлик қилмаганман, хиёнатига ҳам шерик эмасман. Ундан нафратланаман.
Мирзакалон буни эшитиб, урушдан аввалги улфатчиликларда Мелиев тез-тез такрорлашни яхши кўрадиган гапни эслади. Ош сузиб келингач, Мелиев лаганга қўл узатишдан олдин “Коммунистчасига ишлаймиз ва коммунистчасига ошалаймиз”, деб қўярди. Буни ҳазил деб қабул қилишса-да кулишмас эди. Мелиевнинг ҳозирги гапи ундаги оҳангдан анча фарқ қиларди.
-Бу гапингизга мен юз фоиз ишонаман. “Особист” ҳам ишонар, деб умид қилишдан ўзга чорам йўқ,-деди Мирзакалон.
Мелиев унинг бу ҳақда гаплашиш истаги йўқлигини сезиб, ишини давом эттирди. Беш-ўн сатр ёзгач, тўхтаб, яна Мирзакалонга ўгирилди-да, воқеий ҳикояларнинг бадиий савияси ҳақида гапира кетди. Мирзакалон уни диққат билан эшитгач, фикрини лўнда ва қисқа баён қилиб қўя қолди:
-Асарнинг тили тил эмас, тили кесилган кишининг дулдираши. Чулчут тили бундан аъло!-деди.
-Сиз ёзувчи кўзи билан ўқиб, танқид қиляпсиз. Лекин оддий ўқувчи сиз кўрган камчиликларни сезмайди ҳам.  Унинг учун тасвирланган воқеа муҳим, айтилаётган гап муҳим.
-Агар тасвир гўзал бўлса, гап ифодаси ёқимли бўлса ўқувчи ҳам унга кўнгил қўяди. Чулчит тилидаги баённи эса бир марта ўқиса ўқир, кейин кўнгли айниб қарамай қўяди. Ўқувчини дидсизликда айбламанг. Сиз ош дамлашга уқувсиз бўлсангиз ҳам паловхонтўранинг сифатини яхши ажрата оласиз. Тузи паст ёки шўр бўлса, пиёз қизимаган ёғда қовурилган бўлса, иштаҳа билан ермикинсиз?
Мирзакалоннинг бу ўхшатиши маъқул келиб, Мелиев хахолаб кулиб юборди. Кейин яна ўз фикрига қайтди:
-Аммо, барибир “Қизил шапкалилар” билан “Мўйловли киши”ни боплапти, қизиталоқ!-деди фахр билан.
Дарҳақиқат, “Қизил шапкалилар” ҳикоясида Раҳмат Мажидийни қамашга келган ГПУ ходимларига нисбатан қизалоқнинг нафрати таъсирли баён этилган эди. Мирзакалонга китобдаги бошқа ҳикоялар ҳам ёққан эди, лекин Жалолов огоҳлантирганидай, деворлари “қулоқ”дан иборат бўлган бу вагонда ҳатто ишонган дўсти билан ҳам очиқ гаплашишни истамаётганди. Равшаннинг ижоди ҳақидаги гап бир суҳбат билан якун топмади. Мелиев бу ҳақда тез-тез гап қўзғаб, оқибатда Мирзакалонда шубҳа уйғотди. Икковлон журнал ва китобдаги “Завқий”, “Боқизода”, “Обер-лейтенант Бек Олмон” имзоларининг эгалари ким эканини аниқлай олмадилар.
Бир куни Мелиев вагонга хурсанд ҳолда кириб келиб, хушхабар айтди:
-Мендзижецка артистлар келишибди. Бир доирачи билан бир хурилиқо раққоса ўзимиздан экан. Мен уларни таклиф қилиб келдим. Зиёфат сизнинг елкангизда.
-Шу ерда кутамизми?-деди Мирзакалон ажабланиб.
-Бе,   бу ерда босмахона буёғини хидлаб кетишадими? Ошнангиз Казимир билан гаплашиб кўрмайсизми? Кечаги кунги ўтиришимиз жуда-а жонон бўлувди-да!
Мелиев чиндан ҳам Казимирнинг уйидаги зиёфатда яйраб-яшнаган эди. Мирзакалон шу шаҳарлик баққол Казимир билан оқ батон нон сотиб олиш баҳонасида танишган эди. Асли Брест шаҳридан бўлган бу одам нечундир батонхўр мижози Мирзакалон билан чиқишиб қолганди.  Ҳамшаҳарларни дурустроқ меҳмон қилиш мақсадида Мирзакалон Мелиевнинг таклифига кўнди. Икки литр спирт олиб Казимирникига борди. Зарур иши бўлмагани учун Мелиев унга эргашди. Казимир Мирзакалоннинг илтимосини ортиқча гап-сўзсиз қабул қилиб, зиёфат тайёргарлигини бошлаб юборди. Мирзакалон келтирган спиртга сарёғ, сут, қант аралаштириб хушхўр ичимлик тайёрлади. Ичимлик тотли туюлиб, Мелиев меҳмонлар етиб келгунича сархуш бўлиб олди.
Дастурхон тарофида ўтирганларида Казимир Мирзакалондан:
-Сталин Львовни бизга қолдирмай олиб қўярмикин?-деб сўради.
Мирзакалон жавобга тараддудланди. Аслида жавобни ўйлаб топишга ҳожат йўқ, бу ҳақда матбуот тинмай ёзаётганди: “Совет ҳукуматининг беғараз сиёсати, поляк халқини пильсудчи-миколайчикчи буржуа реакционерлар зулмидан, фашизм қуллигидан озод қилиш учун жанг майдонларида азиз қонларини тўкиб, Европа халқларига, шу жумладан, славян поляк халқига ҳам озодлик, мустақиллик, ҳур ва эркин ҳаёт келтираётган Совет Армиясининг холис, олижаноб нияти”ни айтиб, кутилмаган суҳбат мавзуига якун ясаши мумкин эди. Лекин Казимир бу гапларни ҳар куни эшитавергани учун бошқачароқ тушунтириш йўлини ўйлаб турганда Мелиев суҳбатга қўшилди:
-Ҳали Львов экан-у, керак бўлса бутун Полшани ҳам олади-қўяди!-деди томдан тараша тушгандек қилиб.
Бу гапдан сесканиб кетган Казимир, олдидаги ликопни нари суриб тўнғиллади:
-Нима, Совет Иттифоқида шаҳар камми? Битта Львовни қолдирса нима қилибди?
Яна Мелиев гапни илиб кетди. Йўқ, Львов шаҳрини аслда украин шаҳри эканини, уни поляк шляхлари босиб олганларини, ҳозир шаҳарни асл эгалари – украинларга қайтиб бериш тўғри бўлажагини уқтирмади, аксинча, Мирзакалон кутмаган гапни айтди:
-Ҳали шошманг, сизнинг Полшангизга ҳам бизнинг Ўзбекистоннинг куни тушади! 
Мелиевнинг гапи тугар-тугамас, Казимирни хотини чақириб, чиқиб кетди. Мирзакалон Мелиевга маънодор қаради ва дудмал қилиб шундай деди:
-Хўб гап қилдингиз-да!
Бу зоҳиран: “Бемаъни гап қилдинг!” деган маънони билдирса ҳам, замирида “яхши гапирдинг” деган маънони кавлаб топиш ҳам мумкин эди. Орадан бир неча йил ўтиб,  ҳибсга олинганда бу гап айнан миллатчилик  либосида етказилишини Мирзакалон у дамда ўйлаб ҳам кўрмаган эди. У бир муаммога жавоб топа олмади: у суҳбатда уч киши иштирок этган эди. Казимирнинг ГПУга ахборот бермоғига ақл бовар қилмайди. Миллатчилик руҳидаги ўша гап Мелиевнинг оғзидан чиққан эди. Агар ўша суҳбат баёнини Мелиев етказган бўлса, ўзини ўзи миллатчилик сиртмоғига рўпара қилишида қандай маъно бор? Бунга ҳам кишининг ақли бовар қилмайди.
Ўшанда Казимирнинг кўнгли озор чеккан бўлса ҳам, сир бой бермай, меҳмонларни чиройли кутди. Фақат хайрлашар маҳалида бошқаларга сездирмай Мирзакалонга шипшиб қўйди:
-Мирдза, сиз истасангиз ҳар куни келинг, бироқ, бу дўстингизни бундан кейин ёнингизга олманг. Мен гап кўтаролмайдиган одамман, бирон нима деб қўйиб, тилимнинг балосига қолиб юрмайин. Агар хоҳишингиз бўлса, майли, пан Гариф билан келинг, қаршилигим йўқ.
Мирзакалон Казимирнинг ҳавотирини тушунгани учун гапни чўзмади. Эртасига Ғариф Галиев билан бирга сафарга чиқиб кетди. Йўлда кетатуриб Казимирнинг таклифини айтиб “Сиз унга ёқиб қолибсиз, сафардан қайтганимиздан кейин зиёфатига борамиз”, деб қўйди. Татар тилида чиқадиган газетанинг ҳарбий мухбири билан биргаликда то Варшава бўсағасига қадар бирга борди. Сафарлари қарийб икки ойга чўзилди. Жанггоҳда ўқ дўллари тинган маҳалда уларнинг иш фаолиятлари бошланарди. Жангда ҳориб, толган аскарлар билан суҳбатлашиб, газетада эълон қилинадиган мақолалари учун маълумотлар тўплар эдилар. Полша қишлоқлари ва шаҳарларида юрганларида, Ғарифнинг ётишдан аввал бир нарсани олиб, уни похол орасига ёки эски латта-лутталар орасига яшириши, эрталаб эса яна олиб, чўнтагига авайлаб солиши Мирзакалонни ажаблантирди. Шу пайтга қадар у Ғариф билан бирга кўп юрган, бироқ, бунақа сирли ҳаракатига сира гувоҳ бўлмаган эди. Мирзакалон унинг бу ғайритабиий ҳаракатини бир неча марта кузатгач, охири Висла дарёси соҳилидаги бир поляк деҳқонининг ҳовлисида ётганларида “Ғариф, похол орасига нима яширдингиз?” деб сўради.
Ғариф бу саволдан гангиб, нима дейишини билмай, шошиб қолди. Кейин ҳечнима беркитмаганини айтди. Мирзакалон унинг яширган жойини кўз остига олиб қўйган эди. У ҳамрохи яширган нарса бирон севганининг суратидир, деб гумон қилган, унинг гўзали чеҳрасига бир назар ташлагиси келган эди. Ғарифнинг кўзини шамғалат қилиб, яширилган нарсани похол орасидан олди. Барибир тополмайди, деган ишонч билан ҳотиржам ётган Ғариф сапчиб ўрнидан турди-да:
-Нега бировнинг нарсасига тегасан! Қўй, бу сен ўйлаган нарса эмас, кандидатский книжкам!-деди ранжиб.
Мирзакалон унинг гапига ишонмай, қоғозни ой ёруғига тутиб қаради: тўғри айтибди, яширган нарсаси унинг ВКП(б) азъолигига номзодлик дафтарчаси эди.
-Партиянинг дафтарчасини бунчалик авайлаш кераклигини билмас эканман. Меники чўнтагимда турибди,-деди Мирзакалон унинг бу қилиғига тушунмай.
-Эй Мирза, ақлли одамсан-у, лекин баъзи нарсаларни тушунишда онгинг хиралик қилиб қолади,-деди Ғариф дафтарчасини унинг қўлидан олиб.-Бу ерларнинг одамларига ишониб бўладими? Славян деганлари билан булар русларни немислардан ҳам баттар ёмон кўрадилар. Руслар қанча йиллар босиб ётди буларни ахир? Аввал оқ подшо эзган эди, энди қизил подшо эзади деб қўрқадилар. Кечаси бизларни қўқис босиб қолишса, чўнтагингдан партия билети чиқиб қолдими, тамом, ўлдирмасдан қўймайдилар. Ёнимдан бу палакат чиқмаса, “мен рус эмасман, аксинча, мен-да сизлар каби руслар оёғи остида эзилиб келган татар молайи”, деб қутулиб қолишим мумкин. Дафтарчани нега беркитишимни энди билдингми? Эсингни ишлатиб, сенам мен қилган ишни қилавер.
Мирзакалон унинг қўрқоқлигидан кулди. Ҳар қадамда ажалнинг соясида юрган одамнинг ўлимдан қўрқиши чиндан ҳам кулгили ҳол эди.
Сафар чоғи қоғозга тушган “Озодлик гулини ҳидлаган киши” деган очеркини Ғарифга ўқиб берганда у чуқур ўйга толди. Ўзбек йигитининг қаҳрамонлиги мадҳ этилган сатрлар унга таъсир этган эди. Бироз мулоҳаза қилиб кўргач, у тилга кирди:
-Яхши ёзибсан, чиндан ҳам озодлик ҳолида жон бериш кишига ярашади. Мен ҳам берар эдим, лекин бизда озодликнинг ўзи борми?- у бир оз тин олиб ўз саволига ўзи кескин жавоб қайтарди:-Йўқ! Мутлақо йўқ. Энди ким учун жон беришим керак? Ўруслар учунми? Йў-ўқ!.. Менинг жонимсиз ҳам татарларнинг жонини олиб битирдилар. “Татаристон” десалар кулгим келади. Қайда ўша Татаристон?!
-Тўғри айтасан. Татаристоннинг оти қолди-ю, ўзи қолмади,-деди Мирзакалон унинг сўзларини қувватлаган бўлиб. Кейин савол берди: -Татаристон нега бу ҳолга тушди?
-Ўзбекистон ҳам,-деб Ғариф аниқлик киритиб, саволни Мирзакалоннинг ўзига қайтарди.
Мирзакалон жавоб бериши мумкин эди. Бу ҳақда узоқ йиллардан бери ўйлайвериб, истибдод сабабини излаган, ўзича тўғри жавоблар топиб қўйганди. Шулардан бири – “Бизларда Артурлар йўқ”, дегиси келарди. Войничнинг “Сўна” романини рус тилида дастлаб ўқигандаёқ хаёлига шу фикр келган эди. У ўзини Артур мартабасида кўришни истарди. Биринчи муҳаббати Ҳамидани эса Жемми тимсолида кўрарди. Агар иродаси, журъати, ботирлиги Артур қадар бўлганда эди, Ҳамида ҳам Жемми каби бўла оларди, шубҳасиз. Артурдаги озодликка интилиш туйғусини ўзбек йигитлари қалбига кўчириш мақсадида асарни таржима қила бошлади. Ёниб-ёниб, ўртаниб-ўртаниб, жўшиб-жўшиб, йиғлаб-йиғлаб таржима қилди. Сиёҳдан қоғозга кўчаётган ҳар бир ҳарф, ҳар бир белги орзу-умид ёмғирининг ҳаётбахш томчилари каби туюларди назарида.
Ҳозир Ғарифга “Артурлар йўқ”, дегани билан бу ҳамкасби унинг ниятини англай олмаслиги мумкин эди. Ўз жони ширин кўриниб, қўрққанидан партия дафтарчасини беркитиб юрган одам Артурнинг шижоатини ҳис қила олмаслиги аниқ. Ватани ҳақидаги баландпарвоз гаплари эса бир неча дақиқада сўнадиган ожиз туйғудан бошқа нарса эмаслигини Мирзакалон тушуниб турарди. Шу боис гапни кўпайтирмасдан “Мен билмайман”, деб қўйди.
Шу билан уларнинг озодлик ҳақидаги гаплари ниҳоясига етди. Гарчи Мирзакалон Ғарифни қувватлаган бўлса-да, фикрига эътироз билдиргиси ҳам келганди. Бу урушнинг русларни ҳимоя қилувчи уруш эмаслигини, дунё тараққийпарвар кучлари қонли фашизмга қарши бирлашганларини айтиш билан Ғарифнинг ғашини келтиришини билди. Иван Грозний давридан бери истибдод исканжасида яшаган халқ вакилининг дардини ҳудди шундай исканжада яшаган қариндош халқ вакили тушунмаслиги мумкинми? Бу ҳақда узун кечалар мижжа қоқмасдан дардлашса арзийди. Озодлик йўлидаги ўғонлар ҳақида фикрлашиш, баҳслашиш ҳам мумкин. Чорак асар муқаддам озодлик эшиги очилай деб турганда халқни бирлаштириб, оёққа турғизиши лозим бўлган зиёли аҳлининг ўзлари бирлаша олмай, иттифоқ қила олмай эркни қўлдан берганларини қалб азоби ила эслаш ҳам мумкин. Лекин ҳозир бунинг ўрни эмас. Гарчи Ғариф билан кўп вақтлар бирга сафарларда бўлса-да, унинг ичида халқ дарди борми ё дўст кўксига заҳар солувчи илонми – аниқ билмайди. Ҳозирги ғамли сўзлари дардли юрак ноласими эди ёки ўша илоннинг овозими? Буниси ҳам унга қоронғу... 
Поезд-редакция Овруч шаҳри ёнидаги ўрмонда турганида ўзбек таҳририятига “Қизил Армия” газетасининг муҳаррир ўринбосари бўлиб капитан Йўлчиев келди. Бу Узоқ Шарқда ёпилган “Тревога” номли ўзбекча фронт газетасининг муҳаррир ўринбосари эди. Мирзакалон у газетанинг фронтларда чиқадиган ўзбекча газеталар орасида энг саводсиз, энг қолоқ газета эканини Москвадаги кенгашмада эшитганди. Маърузачи газетанинг камчиликларини айта туриб “ҳар қандай танқиддан тубан”, деб таъкидлаганди. Ўша газетани чиқарган муҳаррир ўринбосарининг ўзига бошлиқ бўлиб келишини Мирзакалон малол олди. Сталинград бўсағаларидан то Германия чегарасигача бўлган йўлда газета ташвишларини ўз елкасида кўтариб келишига қарамай, фақат ВКП(б)га аъзо бўлмагани учун суриб ташлаб, ўрнига қарийб чаласавод одамни қўйишларини адолатсизлик деб билса-да, дардини ичига ютди. Партиянинг бу адолатсиз сиёсатига қарши бўлгани билан, адолат талаб қтлган тақдирда ҳам ҳеч нимага эриша олмаслигини яхши билгани учун  тили тиш ҳатламади.  Уруш Германия чегарасидан ўтган кунларда таҳририятга Илёсов ҳам қўшилди. Чаласаводлик масаласида у Йўлчиевдан батарроқ бўлгани сабабли, газетанинг асосий ижодий ишлари барибир Мирзакалон билан Мелиевнинг зиммасида қолаверди.


Берлин

Неча ҳафталардан бери  терговчини қизиқтираётган воқеалар Берлин атрофида юз берган эди. Терговчи қўлидаги ғайримаълумотларнинг асосийлари ҳам айнан урушдан кейинги дамларга хос эди.
Уруш совет қуролининг ғалабаси билан тамом бўлгач, улар Берлин яқинида, Эберсвальде деган шаҳарда бир ойча турдилар. Энди ўқ ёмғирлари ёғилиб турган жанггоҳларга сафарга чиқишмас, таҳририят жам бўлиб ўтириб газета чиқаришарди. Бўш вақтларида аҳолиси сийраклашиб қолган, вайрон шаҳарни кезиб, “сайр” қилишарди. Шундай кунларнинг бирида Йўлчиев билан Мирзакалон соатсоз дўконига киришди. Икковининг ҳам соати бузилган эди. Бу соатларни хўжайиннинг лаб-лунжини бўёқ билан қуюққина чаплаган, қулоқларига ҳайбатли, оғир шақулда, қўлларига қатор узук таққан, кўзлари сузилиб, ниманидир ваъда этаётган офатта хотин қабул қилди. Мирзакалоннинг соатида баъзи қисмлар йўқ бўлгани учун “уста билан гаплашиб кўраман, эртага келиб, хабар олинг”, деди. Шу он эшакдек келадиган баҳайбат итни етаклаб, ичкаридан баланд бўйли, онаси каби безадоқли немис қиз чиқиб келди. Йўлчиевга тикилди-ю, кўзлари билан кулиб қўйди. Узоқ Шарқни “гуллатиб” келган Йўлчиев учун шунинг ўзи кифоя эди. Ўзи билмаган тилда жуғурлашиб қолгач, Мирзакалоннинг ғаши келиб, дўкондан чиқиб кетди. Йўлчиев анчадан кейин қайтди. Унинг кайфи чоғ, руҳи баланд эди. Қувончини ичига сиғдира олмай, таассуротини ўртага тўкди: соатсознинг уйига кирганмиш, уйи бой, сербисот эканини, чинакам ҳаётни энди кўрганини ҳаяжонланиб гапирди. Шундан сўнг у ўша сербисот уйга ичкуёвдек бўлиб қолди. Таҳририят Берлинга кўчиб ўтганидан кейин ҳам бу оилани зиёрат этишни канда қилмади.
Мирзакалон биринчи ташрифдан сўнг, хотиннинг таклифига биноан эртаси куни соатининг тақдирини билиш мақсадида дўконга яна келди. Хўжайиннинг хотини устани чақирди. Кўзлари самимий кулиб турувчи, йигирма беш ёшлардаги бир йигит чиқди-да:
-Здрас товариш официер!-деди. Кейин русча-немисча-французча аралаштириб бир нималар гапирди. Сўз топилмаганда, қўл ҳаракатлари билан уқтирди. Мирзакалоннинг зўрға уқишича, у француз экан, гитлерчилар лагеридан совет солдатларини озод қилишда иштирок этганмиш. Уста сўз орасида севиниб, қувониб: “Вива, совет золдат”, деяр эди нуқул. Хуллас, соатни албатта тузатиб беражагини айтиб, “оне гельд работа” , яъни “текинга тузатиб бераман”, деди. Икки кундан кейин соат тайёр бўлгач, у соатга қўшиб бир фотосуратни ҳам узатди. Мирзакалоннинг минг азоб билан уқишига қараганда, у: “Мана шу суратдаги одам осиёлик эди. Биз уни Гитлер лагеридан озод қилганмиз, кўрганингизда қувониб юрарсиз, балки у сизнинг ҳамшаҳрингиздир, балки уйга қайтганингизда учрашиб қоларсиз”, деган эди. Мирзакалон унинг лутфини рад этмади.
Қирқ бешинчи йилнинг июлида таҳририят Берлинга, Шоссештрассе кўчасига кўчиб келди. Бу ер тураржойлари бўлиб, ишлайдиган хоналари ва босмахона бир ярим чақирим жануброқда – Инвалиденштрасседа эди. Шаҳар транспорти ишдан чиққани учун эртаю кеч пиёда қатнар эдилар. Берлинга келишгач, Мирзакалон кўпроқ Йўлчиев билан бирга бўлиб, Мелиев билан Илёсов эса меҳрибон божалар каби яқинлашиб кетдилар. Икковлашиб ишга  барвақт чиқиб кетсалар-да, Мирзакалон бир-икки соат кейин борганда ҳам улар ҳали идорага етиб келмаган бўлардилар. Баъзан тушликда кўринмай қолардилар. Айрим кунлари ишдан барвақт чиқиб, ётоққа ярим кечада қайтардилар. Бу  ҳол замирида маҳфийлик бўлмаса-да, Йўлчиевнинг “қаерларда санқиб юрибсанлар?” деган саволига ҳар сафар “бичиқчиникида эдик”, деб жавоб қайтаришарди. Лекин нимани бичтираётганларини айтмасдилар, бичтираётганлари ҳам тикилиб адо бўлмасди. Ишга доим кечикиб келишлари, вақтли кетиб қолишлари жонига теккач, Йўлчиев улардан тўғри гапни талаб қилди. Шунда Мелиев чақчақ уриб кулди-да:
-“Бичиқчи” деганимиз шунчаки гап. Биз бир жононникига борамиз. Ўзи немис майорининг хотини. Уйини, кийинишини, ўзини кўрсаларинг – эсларинг оғади. Берлинда бунақа танноз ойимни ҳали кўрганим йўқ, кўрмасман ҳам! Ана шу ҳурилиқо шоир Илёсовга ошиқу-беқарор, ҳар куни кўриб турмасалар Илёсов бояқишни тириклайин ебгина ташлайди. Ана шуникида бир-икки соат ўтириб келамиз,-деди. Илёсов бу гапга бирон нарса қўшмаганидек, ё ҳазил, ё ёлғон деб рад ҳам қилмади. Кейин бир-икки оғиз сўз бермай, у хотиннинг чинакам дилбарлигини, эркалиги-ўктамлигини, уйида овқат, кийим-кечак кўплигини мақтай кетди. У гапини охирига етказмай, Мелиев қўшимча қилди:
-Илёсов уни кунда бир кўрмаса хуммор қиладиган бўлиб қолибди...
-Сизнинг вазифангиз-чи? Илёсовни герр-майор хонимга қўшиб қўйиб, кўчада қоровуллик қилиш бўлиб қолдими?-деб истеҳзо қилди Йўлчиев.
-Йўқ, бизга насиб қилгани ҳам бор, биз ҳам қуруқ эмасмиз,-деди талтайиб Мелиев.
Бу таърифу-тавсифлардан таъсирланган Йўлчиев “биз ҳам бир кўрайлик”, деб кўнгли суст кетди. Икки ошна бу илтимосни қабул қилсалар-да, “эрта-индин”, деб галга солишаверди.
Потсдамга кўчишларидан олдин,  босмахонага қараб бораётган Мирзакалон кўчада кутилмаган қувончли воқеага дуч келди.  Икки совет аскари билан тўрт немис йигитнинг муштлашаётганини кўриб, уларни ажратишга шошилди. Аскар йигитларнинг қуролни ишга солмаётганларидан билди-ки, жанжалга арзимаган нарса сабаб бўлган. Дарҳақиқат, шундай бўлиб чиқди. Муштлашаётганлар ажратилгач, аскарлардан бирининг немис йигитидан велосипедни тортиб олмоқчи бўлганлиги аниқланди. Мирзакалон учун бу муҳим эмас эди. Уни аввалига лол қолдирган, сўнг қалбини қувонч сели билан тўлдиргани – велосипедни тортиб олмоқчи бўлган сержант унинг укаси Умиджон эди!
Ҳунар билим юртида чилангарлика ўқиётган Умиджон амалиётни ўташ учун Таганрогга борган кезлари уруш бошланди. Таганрогга дастлабки бомбалар ёғдирилганда ҳам у шу шаҳарда эди. Ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлган кунларда ҳали у, ҳали бу поездга чиқиб, пулсиз, ош-овқатсиз бир амаллаб Тошкентга қайтиб келди. Келди-ю, яқинлари билан дийдорлашишга улгурмади – кўчадаёқ қўлга олиниб, урушга жўнатилди. Шундан бери ака-ука хат орқалигина хабарлашишарди. Ғалаба кунидан бери икковлари бир шаҳарнинг ёнма-ён икки кўчасида яшашларига қарамай, ёзган хатларини бир ярим, икки ой деганда олишарди. Манзилга “Полевая почта” деб рақамланувчи мактубда қаерда эканликларини маълум қилиш мумкин эмас, ҳарбий сир эди.
Умиджон билан дийдор кунлари узоқ давом этмади. Армия разведкасидаги хизматлари юқори тақдирланган, “Шуҳрат” орденлари билан мукофотланган, баланд бўйли, келишган сержант Исмоилов Берлиндаги Фахрий қоровул сафида хизматга олиб қолинган эди. Таҳририят Потсдамга кўчгач, уларнинг дийдорлашувлари қийинроқ бўлиб қолди.