Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Озод инсон ҳақида қўшиқ
Facebook
Озод инсон ҳақида қўшиқ PDF Босма E-mail
Материал индекси
Озод инсон ҳақида қўшиқ
1
2
3
4
Ҳамма саҳифа

Озод инсон ҳақида қўшиқ ёхуд Мирзакалон Исмоилийнинг сўнгги нафаси (ҳужжатли қисса)

Атоқли адиб Мирзакалон Исмоилий
таваллудининг 100 йиллигига бағишланади

Мазкур китобни нашр этишда моддий ва ижодий ҳамкорлик қилган
“Эрудит” ижодий жамоаси раҳбариятига, хусусан, “Бекажон”
газетаси таҳририяти ходимларига миннатдорлик билдираман. (Муаллиф)

Тақризчилар: шоир Турсунбой Адашбоев,  филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов.  Муҳаррир Эркин Малик

ХХ асрдаги машҳур асарлардан бири “Фарғона тонг отгунча” романи қамоқхонада ёзилган эди. Ёзувчи китобхонга ёзган мактубида: “мен бу китобни ёза туриб қанчалар йиғлаганман, қанчалар қон ютганман!.. Билсангиз, пешанамда темир панжара, тепамда ўлимтик чироғнинг ўлиб бўлган қора нури, остимда зах, совуқ бетон, эшигида отнинг калласидек қулф!.. Қўйинг, бошқа тафсилларнинг қораси ўчсин! Бу шунчаки бир китоб эмас, йўқ, шахсга сажда даврининг қора кунларида минг азоб, минг тўлғоқ билан туғилган бир ғариб хилқат. Ҳа, хилқат!.. Бу менинг йиғлай-йиғлай топган болам!” деб таъриф берган эди. Китобхонларнинг адиб ҳаётига бўлган қизиқишлари инобатга олиниб, мазкур ҳужжатли қисса ёзилди ва талабчан ўқувчилар ҳукмига ҳавола этиляпти.



“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Роббана тоқаббал минна иннака анта-с-самиуъл
алийм ва туб аълайна иннака анта-т-таввабур роҳийм.”


Боқчаларда гуллар сўлди, сезмадим,
Ўстирганлар етим бўлди, сезмадим.
Кўнгилларга қора тўлди, сезмадим,
Сездим сенинг кетганингни,
кўнгилдан...
Абдулҳамид Чўлпон.

Қўнма, булбул, қўнма, булбул,
Мозор тошига.
Налар келди, налар келди
Юртим бошига!..
Халқ қўшиғи.

Юрагимда хўрлиқларнинг алами,
Сўрсам, дерлар: “Ёзмиш Қудрат қалами”.
Нечун қалам бахтимни қаро ёзди?
Не қилдим, йўлимни ғамаро ёзди?!
Толеимдин кимга йиғлай, дод этай?
Дунё келиб, нени кўрдим, ёд этай!
Мирзакалон Исмоилий.

Муаллифдан:
Оламларнинг роббиси Аллоҳга  ҳамдлар ва шукурлар, оламларга раҳмат этиб юборилган зотга саловат ва саломлар бўлсин.
Муҳтарам адабиёт муҳибларига кичик бир хизмат қилиш ниятида Тангри таолодан мадад сўраган ҳолда яна қўлга қалам олиб, оқ қоғоз устига дастлабки сатрларни битмоқдаман. Кишининг қадри ҳаётлик чоғидагига нисбатан вафотидан сўнг аниқроқ билинишини донолар айтиб ўтганлар.
Вақт – ҳакамдир. Йиллар бир тарозудир гўё. Қилинган амаллар ўлчанур.    Агар инсон тарозу палласида арзирли амаллар қолдирган бўлса, унинг номи фоний дунёда яшайверади. Бундай инсонларнинг номини эслаб юриш ёки ўчириб ташлашга банда қодир эмасдир. Бу Илоҳнинг марҳаматига, хоҳиш-истагига хосдир. Бу марҳаматга эришмоқ учун эса иймон йўлидан борилади. Гувоҳ бўлайликким, бу марҳаматга, лутфу карамга ҳамма ҳам эриша олмайди.
Мирзакалон Исмоилий виждонларига хиёнат қилмаган инсонлардан бири эдилар, валлоҳи аълам! Шу боисданми, халқ бу адибга кўнгил қўйди. Вафотларига салкам ўн беш йил тўлса-да, у зотнинг мўътабар номлари ҳануз қалб ардоғида. Мирзакалон Исмоилий менга меҳрибон тоға, талабчан устоз эдилар. У зот устозлик ҳаққини адо этиб кетдилар, Аллоҳ рози бўлсин! Энди менга шогирдлик ва жиянлик бурчини адо этиш фурсати келди. Яратганнинг мадади, Сиз – азизларнинг дуоларингизга суянган ҳолда бу бурчни адо қилмоққа журъат этяпман.
Сизларнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган асар тўқилган, ҳавойи гаплар эмас. Унинг асоси, пойдевори – Мирзакалон Исмоилийнинг қамоқхонада терговчи учун махсус ёзган, гўё тавба услубидаги “Виждон тавбаси” деган баённомаларидир. Бу номани “Виждон тавбаси” эмас, аслида “Виждон азоби” демак дуруст бўлур эди. Унда ёзувчи “халқ душманининг фарзандлари” деб номланмиш лаънат тамғаси билан болаларимга зарар етказишмаса эди”, деган ҳавотирда кўкракларини виждон азоби ўқига тутган, ўзларини ўзлари чиндан ҳам “миллатчи” ва “халқ душмани” эканликларини исботламоққа тиришган эдилар.
Яна бир-икки изоҳ шуки, асарда Мирзакалон Исмоилийнинг турли китобларида баён этилган айрим жумлалардан ҳам фойдаландик. Адиб мураккаб ҳаётлари давомида кўп адолатсизликларни кўрдилар, дўстларнинг хиёнатларига ҳам гувоҳ бўлдилар. Хиёнаткорларнинг айримларини “Виждон тавбаси”да тилга олганлар. Хиёнаткорларнинг авлодлари мазкур асаримизни ўқигудай бўлсалар иснодга қолмасликлари учун уларнинг номларини ўзгартириб баён қилдик. Энг муҳими,  дўстлар хиёнат қилган бўлсалар-да, тоғам қамоқдан чиққанларидан сўнг уларни кечириб, биродарликларини давом эттирган эдилар.
Ёзганларимизни охирги сатрига қадар тоқат билан ўқий олсангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўларсиз. Улуғ адибнинг ҳаётига бефарқ эмаслигингиз учун Сиз – азизу меҳрибонлардан беҳад миннатдорман.       

Тарих 1998 йилнинг Наврўз арафаси, Зулқаъданинг Ой тўлишган кечаси хайрли ният ила бошладим.
Аллоҳ оқибатни хайрли қилғай, омийн!


Тошкент, Дархондаги уч хонали уй.
1986 йил, 4 феврал, сешанба, соат 15.15.             
Қиш ўзининг аввалги ҳовуридан бирмунча тушиб, баҳор сиқиғи билан чекина бошлаган бўлса ҳам, ҳануз ўз йўлларида алам заҳрини сочиб боради. Унинг аччиқ изғиринлари илиқ баҳор елларига баъзан ҳамла қилади, тамом қўзғалиб, кучга кира бошлаган дилкаш ҳаётни бўғмоқчи бўлади. Лекин борлиқни уйғотган баҳор ўз ўжарлигини қўймайди.
Баҳор ўжар.
Баҳор нафасида ҳуруж қилаётган хасталик ўжар.
Бемор унданда ўжар...
Табиатан серғайрат бўлган, паст бўйли, жиккакдан келган бу одамнинг хасталик олдида бўш келишини яқинларидан ҳеч бир киши кутмаган эди. Гарчи ёши саксонни қоралаётган бўлса-да, шахдам ва тетик юриши гўё унинг камида юз йил умр кўришидан дарак берарди.
Бир ой аввал шифохонадагилар “узоғи билан икки кунлик умри қолди, истасангиз олиб кетинглар”, дейишган эди. Унда келган-кетганни танирди, уч кундан бери эса ҳушсиз. Эти суягига ёпишиб, худди ёш болага ўхшаб қолган.
Атрофдагилар уни ҳушсиз деб ўйлашади, секин-секин гаплашишади. У эса ҳамма нарсани эшитиб, англаб ётибди. Фақат бош оғриғи хуруж қилганда гапларга қулоқ солгиси келмай қолади. Меҳрибонларининг бир-бир кириб юзларини силашлари, айниқса пешонасини уқалашлари хуш ёқади, оғриқлари сал аригандай бўлади. Пешонасига узоқ вақт қўйилиб турувчи кафтни бошқаларидан ажрата олади. Бу кафтнинг тафти мияни кемираётган оғриқни боса олади.
-Дадажон, бугун биз билан бирга уйга кетасизми?
Қулоғига жаранглаб урилган бу гапдан сесканиб кетди.
Қаердан келди бу овоз? Уни ким чорлаяпти?
Унинг безовталанганини атрофдагилар сезишди, лекин оғриқнинг таъсири деб ўйлаб, юзларини силашди. У эса аланглаб, овоз эгасини қидирди. Бемор ўзича атрофга жавдираб қараётгандай бўларди. Аслида эса қорачиқлардан нур қочган, керилган бурун катакларидан эса нотекис нафас чиқарди.
-Дадажон, уйга кетмаймизми?
Яна жавдиради ва... кўрди: рўпарасида енгли оқ кўйлак кийиб олган Ойзуҳраси жилмайиб турибди. Урушдан қайтганида шу кўйлагида, шундай кулгу билан кутиб олган эди дилбанди. Бирам ширин куларди... бирам ширин куларди бу жон қизи! Лекин у ҳозир қаердан келди? Ахир у вафот этган эди-ку? Қамоқдан қайтганида Ойзуҳрасининг ўлимини эшитиб “Бу кўргуликни кўргунимча қамоқда ўлиб кетганим минг марта яхши эди”, деган эди-ку? Сўнг Минор қабристонига борган, фарёд уриб, кўкрагини зах ерга бериб ётиб олган эди-ку? Тўрт йиллик уруш ваҳшатларига чидаган, қамоқ адолатсизликлари буколмаган қаддини шу айрилиқ букиб қўйган эди-ку? Қамоққа олишларидан олдин, 1950 йилнинг ёз чилласида бу қабристонга отаси Исмоилхўжани қўйган эди. Ойзуҳрасини бобоси ёнига қўйибдилар...
-Дадажон, кетайлик...
Қизиқ... рўпарасидаги оқ кўйлакли Ойзуҳра гапираётгани йўқ, фақат жилмайиб турибди. Овоз ҳам уники эмас. Уч ёшли қизалоқники... Ҳа... Ойзуҳра эмас, Маликахони чақиряпти.
... Аяси билан қамоқхонага борган эди ўшанда.
Тан азоблари билан муддаосига ета олмаган терговчи руҳ азобига ўтганди. Ўзича марҳамат қилиб, яқинлари билан учрашувга рухсат берганди. У кун аниқ эсида: эллик иккинчи йилнинг ўн олтинчи август куни эди. Бир неча дақиқалик дийдор кўришуви бир нафасда ўтгандек бўлди. Айниқса қизчаси отасининг дийдорига тўймади. Маликахон дадаси билан кўришувга келганда у билан бирга қайтишни умид қилганди. Унинг жажжи юраги шу бахтга эришишни истарди. Соқчи айрилиқ они етиб келганини билдиргач, қизча:
-Дадажон, бугун биз билан бирга уйга кетасизми?-деб сўради.
Қўланса ҳидли ва зах қамоқ хонасига қайтиш учун ўрнидан турган маҳбус бу саволни эшити-ю қадам босишга ҳоли қолмади. Жавоб қайтаришга қурби етмади.
Юрак-юрагини жизиллатган бу жонажон овозни – қушчаси сайрашини эшитгани ҳамон ялт этиб қизчасининг ақлли кўзларига тикилди; тикилди-ю уч ёшга тўлган кунида ўз қувончини отаси билан баҳам кўрмоққа келган маъсума  кўзларида ҳасрат соясини кўрди. Юраги шув этиб кетди. Қизча онасидан отаси қўлига ўтмоқ, унинг қўлларида уйга кетмоқни истарди. Дилбандидан кўзларини узолмаётган ота, унга узоқ қараб турди. Ниҳоят, ота меҳри ва ардоғини кўрмаган гўдакнинг она қўлларида толпиниб айтган сўзларига:
-Сал кейинроқ бораман, жон қизим,-деб жавоб берди.
Шу он қизгинасининг ингичка қошлари бирдан чимирилди, умид тўла чарос кўзларига ғам тўлди, хайр адосила силкиб турган қўлчасини тортиб олди.
Қизгинаси кетди! Аммо хафа бўлиб кетди. Ким хафа қилди ҳали кетмон қанот бўлмаган бу қушчани? Ким уни ота меҳри ва ардоғидан маҳрум қилди? Унинг ўзи сингари кичкина дугоналари оталарининг бўйинларига осилиб, ота қучоғи ва қўлларида яйраб-яшнар экан, унинг жўжасини ким бу бахтдан жудо қилди? Ахир ким унинг ширин ҳаётини заҳар қилди?
Бу саволларга аниқ жавоблар мавжуд, аммо тил изҳор этмоққа ожиз, “Ҳайҳот, мен, унинг ўз отаси, менинг ўзим!” деб сассиз наъра тортмоқдан ўзга чораси йўқ эди.
Нажот борми эди ўшанда? Бор эди. Нажот йўлининг номи хиёнат эди. Бу йўлни эслаши ҳамон тириклик билан хайрлашиш арафасида турган заиф вужудига титроқ кирди. Атрофидагилар буни жудоликдан нишона деб билиб, кўзларига ёш олдилар.

Қамоқхона. 1952 йил, 16 август.

Уни қаттиқ ўйлатган, ҳаяжонга солган ўша куни ҳарким ўзига ярашган йўл билан кетди: болалари уйига, у эса турмага! Аммо Маликахони истеҳзо ва киноя билан берилгандек туюлган ўша ништарли саволи билан кўз ўнгидан сира кетмади.
“Қоронғи зулмат ва қўланса ҳидлар ичида шунчалар қолиб кетганинг етар! Бас!!”
Бу овоз қамоқхонанинг тош деворларини жаранглатиб юборди. Бу иблис даъвати ҳибсга олинган кунидан бери уни таъқиб этади.  Терговчи истаган йўлга тушиб юришини истайди. Терговчининг истаги – миллатчи эканини тан олиш, миллатчи тўдаларни фош этиш. Миллатчи эканини тан олиши мураккаб масала эмас. “Ҳамонки, миллатчи экансан, демак, атрофингдаги маслакдошларинг ким, айт уларни”, деб талаб қиладилар. Сўнг ҳуфялари томонидан тақдим этилган номларни санайдилар: Фалончи, Писмадончи... уларни туҳмат чодирига ўраб бериши керак...
Лекин калтаклар зарбидан мўматалоқ бўлиб кетган бу танада ҳали ўлмаган виждон садоси ҳам мавжуд эди:
“Қилмаган жиноятларингга иқрор бўлсанг, дўстларинг бошига туҳмат жандасини илсанг ўзингга ҳам, болаларингга ҳам жабр қиласан, хонавайрон бўласан, то қиёматга қадар исноддан қутула олмайди авлодинг!”
Иродаси қанчалар мустаҳкам бўлмасин, вужуди нақадар азобларга бардошли бўлмасин барибир ҳақиқатни айтишга журъат қила олмас эди. Бу қўрқоқликдан эмасди, ҳақиқатни айтган тақдирда ҳам муддаога ета олмаслигига аминликда эди.
Унинг қаршисида икки йўл мавжуд, шу икки йўлдан бирини танлашга мажбур: ё бор бўлиб, шарафларга эришиши ё йўқ бўлиб, лаънатларга кўмилиши керак! Ёрқин эрта сари интилиб, бор бўлиб қолсинми ё қора кеча сари юз ўгириб, йўқ бўлиб кетсинми?
Ажабо, қайси бири шарафли?
Кундуз билан кечани, оқ билан қорани фарқлаганига кўп йиллар бўлган. Урушдан аввал қамалганидаёқ кўзи очилганди. Ҳақиқатни бўғиб турган газанда рўпарасида ожиз эканига ҳам ақли етганди ўшанди. Қамалмасидан илгари, газандага тиғ санчмоқ қасдида қўлига найза олган дамларда миллатни эзаётганларни шафқатсиз янчиб, эзиб ташлашни, қоронғи  зулмат ва қўланса ҳидлар салтанатидан ташқарига отилиб чиқишни, мунаввар замонга етишни орзу қилган эди.
Орзу ўша йиллар бўғилган бўлса-да, виждон кемирилишлардан, емирилишлардан қутилишни, соф ҳавони ҳанузга қадар истайди. У ўзини ҳамиша булғаб ётган кирлардан, бўғиб ётган оғир юклардан нажот истайди. Яшаш қобилиятини йўқотмаган, ўлмаган виждоннинг ҳаққоний овозини тинглашни талаб қилади кўнгли. Дам бадам уйғониб, хиёнатга даъват этувчи кучни энг майда, кўзга кўринмас томирларигача бағридан юлиб олиб, ўз қўллари билан бўғиб, янчиб ташлашни, тишлари билан ғажиб ўтга ташлашни хоҳлайди. 
Нимқоронғу даҳлиздан терговга бориб-келаверганидан ўттиз икки қадам босгач, ертўла томон бурилишини, сўнг ўн сакиз зинани босиб пастга тушишини билади. Терговчининг зуғумларидан хаёлини чалғитиш учун қадамни ҳам, зинани ҳам санайверарди. Бўлмаса бунинг унга нима зарурати бор экан? Ҳозир эса санамади... даҳлиз ғоятда узун туюлди. Ертўлага эмас, лаҳадга тушаётгандай вужуди музлади. Сўнг... қамоқхонанинг темир эшиги аввалига юракни эзадиган даражада ғижирлади, остона ҳатлаб ичкарига ўтгач, шиддан билан шарақлаб ёпилди. Унинг назарида темир эшик шарақламади, балки моғор ҳиди анқиб турган бу зах бино тарс иккига ёрилиб, ажралиб, кейин шу заҳотиёқ уни ютиб юборгандай бўлди. Узунасига уч қадам, эни икки қадам келадиган нимқоронғу хонада ёлғиз қолгач, совқотаётгандай баданида титроқ турди. Аслида бу совуқ таъсиридаги тан титроғи эмас, балки руҳ титроғи эди.
У ичкарига икки қадам ташлаганича қотиб тураверди. Кўз олдини қора парда қоплаган, назарида оёқларидан жон буткул чиқиб кетгандай эди. У ўзи билмаган ҳолда чўка бошлади. Аввалига чўнқайди, сўнг чўккалади. Тиззалари музлагандай бўлди. Титроқ кучайди. Кейин...
Қоронғи хона бирдан ёришиб кетди. Шундай ёришдики, ҳатто кўзларига ҳеч нима кўринмай қолди. Назарида, қамоқхона томини икки ёнга суриб кўринган қуёшга қараб кўзи қамашгандай эди. Ажаб, неча ойлардан бери қуёш нурини кўрмай, соғинган эди, энди эса қарай олмаяпти... Йўқ, бу қуёшнинг жонбаҳш нурлари эмас экан. Дам ўтмай хона қизара бошлади. Бирпасда қондек тўқ қизил тусга кирди-ю чайқала кетди. Қамоқхона бино эмас, балки улкан қон денгизида қалқиб турган кема эди унинг хаёлида. Мавжлар бора-бора пўртанага айланди.  Тиз чўкканича қалтираётган бу одам ўроқ солинган буғдой поясидай шилт этиб ёнга қулади. Чаккаси бетонга тегиб, кўз олдини қоплаб турган қип-қизил қон денгизи энди қоп-қора зимистон чоҳга айланди. У зимистон чоҳга гўё учиб тушди. Қалтироқлари ҳам қолгандай, бадандаги зирқироқ оғриқ ҳам кўтарилгандай эди. У ўзини гўё енгил ҳис қилар, қушдай учарди.
Белига энли камар боғлаган назоратчи унинг жимиб қолганидан ҳавотирланиб, эшик туйнукчасини очиб қаради.
-Ие, Исмоилийнинг пачағи чиқибди-ку? Қизиқ, бугун тепки емади шекилли? –деди у шеригига ўгирилиб қараб.
Рангпар шериги ҳам қаради-да:
-Ўлмайди, ётаверсин. Ёзувчи зотининг жони қаттиқ бўлади. Урушдан олдин бунақаларни кўп кўрганман.  Беш-олтитасини отишга ўзим олиб борганман. Чўлпон деганлари бўларди, ўз қўлларим билан учта ўқни кўкрагига қадаб қўйсам ҳам ўлмайди-я, баччағар! Командирим “мўлжаллаб отолмагансан”, деб сўкиб қолди. Тўртинчи ўқни пешонасига қададим. Ўлмас экан-а! Кўзларини юмишга ҳам улгурмай қолди. Кўзи очиқлигича устига тупроқ тортвордик.
-Чўлпон дедингизми? Бунақалар исмни ҳам топиб қўяди-я? Буники Мирзакалонми?
-Ҳа, мирзаларнинг каттакони дегани. Ўзи кичкинагина бўлса ҳам даъвоси каттагинага ўхшайди.
-Отаси шунақа исм қўйганмикин ё ўзи ўйлаб топганмикин?
-Сен билан менга бунинг нима фарқи бор. Бошингни оғритма. Биз буйруқ бажарадиган одаммиз. “Ҳайда!” десалар ҳайдаймиз, “ўлдир!” десалар жонини суғуриб кафтига тутқазиб қўямиз.
Шундай деганларича нари кетдилар. Қадам товушлари акс-садо таратиб узоқлашди.  Назоратчилар эшик тагида гаплашишган бўлса-да, уларнинг гаплари узоқ-узоқлардан келгандай туюлди. “Ўлдир!” деб буйруқ берилса бажонидил бажарувчи назоратчининг овози унга яхши таниш.  Эҳтимол, юзларча овозлар ичидан ҳам ажратиб олар. Қайси бир куни шу назоратчи эшик даричасини қиялаб очиб: “Исмоилий, зап меҳрибон синглинг бор экан-да, қўй гўшти, қўй ёғидан сенга плов дамлаб келибди. Ҳиди нафсимизни қитиқлаб, ўзимиз паққос тушира қолдик. Бизни очкўз, деб орқамиздан сўкиб юрма. Сенга раҳмимиз келганидан шундай қилдик. Бу қамоқда пловга тўйган одам жонидан тўйган ҳисобланади, кўп яшамайди, уйингга хат-пат чиқарсанг, синглингга раҳмат айтиб қўй”, деган эди. Ўшанда маъсума синглисини кўз олдига келтириб, “Санобар, Сановбарим...” деганича йиғлаб юборганди. Етимлик хорлигидан қочиб, Тошкентга келганидан бери кичкинагина, нозиккина жуссасига тушган не-не турмуш азоблари юкини ортган сингилисини кўргиси келганди. “Палов пишириб келибди... Тунлари билан дўппи тикиб орттирганига ҳаражат қилиб, беш боласининг ризқини қийиб, менга илиндими?” деб кўнгли ўксиганди.
Қадам товушлари узоқлашиб тинди. Энди жим-житлик даҳшати уни ўз чодирига ўраб, даҳшатга солди. Урушда эканида, айниқса тонг чоғи чор-атрофни сукут қопларди. Ҳатто қушлар чуғури ҳам эшитилмасди. Бу сукунат ҳадемай жанг бошланажаги, ариқларда инсон қони оқажагининг даракчиси эди. У қанча ётганини билмайди.  Жим-житликнинг нақадар даҳшат экани унга маълум бўлса-да, бу сафар қўрқди. Бир вақт синглисининг овозини эшитди:
-Ака, тура қолинг, шамоллаб қоласиз. Бугун Маликахоннинг туғилган куни-ку? Ҳаммамиз тўпланиб, сизни кутяпмиз. Кенжамга опалари янги шеър ёдлатишибди. “Тоғамга ўқиб бераман”, деб анчадан бери интиқ кутяпти...
У сесканиб, бошини кўтарди. Қулоқ тутди – синглиси бошқа гапирмади. У телба одам сингари атрофга аланглади: тўғрида темир каравот қорайиб турибди. Тепада хира чироқ. Бир томонда темир панжарали дарча. Бу хонага дастлаб кирганида шу дарча унга умид дарвозаси каби туюлган эди. Лекин қуёшга тескари бўлгани учун бу дарчадан офтоб нури тушмади, умиди эса сўнди.
У қаддини ростлади-да, музлаб қолаётган ўнг қўлини, ўнг биқинини силади. Мажолсиз оёқларини бир-бир судраб босиб каравотга бориб ўтирди. Бу қамоқхона ашёлари рўйхатида “кўрпа” деб шарафланган бир увадани олиб ўранди. Баданига сал иссиқлик югурди. Совуқ чекингач, энди очлик ҳуруж қилди.
Дарчадан тушиб турган заиф ёруғлик сўниб, шаҳарнинг шом қоронғулигига чўмганидан огоҳ этди. Тирикчилик ташвишларидан тинган шаҳар аҳли ором истагида, кўп эмас, озгинагина бахт илинжида уй-уйларида ўтирибди. Бировининг дастурхони атрофидаги қаторда хато йўқ, бироқ, бу тун кимнидир қамоққа олиб кетишлари мумкинлиги ҳавотири кезиб юради. Аллақанча хонадонлар қамоқхоналардаги яқинлари ташвишида ҳавотирли нафас оладилар.
Унинг хонадони ҳам шундай...
Салкам икки йилдан бери аҳвол шу...
Фарзандларини соғинади, ҳатто Дархондаги боғида мевалари ғарқ пишган дарахтларни ҳам соғинади. Дарахтларнинг аксарини дадаси эккан эди. Дарахтларнинг баргларига қараса, ҳар бирида дадасининг чеҳраси кўрингандай бўлаверади. Урушда эканида ҳам шундай эди. Лекин ундаги соғинч туйғуси ўзгача эди. Ундан душман ўқидан омон қолиб, уйига эсон-омон қайтишига умид бор эди. Урушдан тирик қайтиб, уйида бир соатгина бўлса-да, тинч яшашни орзу қиларди. Бунда эса...
Неча йилдир зор-афғон бирла ўтмоқда туним,
Етмайин комимга асло тун қора бўлди куним.
Минг жафо бирлан эзиб қалбимни, тўкдилар хуним,
Не қора даврон экан бу, тингламас ҳеч ким уним!
Хору зорлик топдиму,  хўрлик адосин топмадим...
Кечагина хаёлида туғилиб, хотирасига муҳрланган, қоғозга тушишини яна йиллаб кутадиган бу сатрлар  лабларидан беиҳтиёр учди. Ҳибсга олингунга қадар бир роман ёзишни бошлаш орзусида эди. Ўзини қамоққа олдилару ниятини занжирбанд этолмадилар. Қўлида қоғоз-қалам бўлмагани учун роман сатрлари хотирасига ёзиларди...   
Кечки таомни беришмади. Бермаганлари ҳам маъқул бўлди. Алҳол, бир тишлам таом томоғидан ўтмайди. Таҳмини бўйича тун яримлаганда сўроққа чақирилди. Терговчи хонасига кириши билан девордаги осма соатга қаради: адашмабди – тун ярмидан оғибди.
-Қизингни кўрдингми, жуда ширин экан, Германияда туғилганми?-деди қошу кипригигача малла терговчи.
Қизчанинг Тошкентда туғилганини у яхши биларди. Гапни Германия томон буриши эса бежиз эмас, шу баҳонада бир қармоқ ташлаб, шу пайтга қадар номаълум бўлган қандайдир маълумотни илинтиришга умидвор эди. Неча ойлар давомида унинг бу қилиғига тушуниб қолган маҳбус найрангни англамагандай соддалик билан:
-Тошкентда туғилган,-деб қўйди.
-Ҳа-я, мен адаштирибман. Германиядаги қизинг эсэсчининг ташлаб кетган хотинидан туғилганмиди? Исми нима эди? Эрикамиди ё Моникамиди?
-Германияда хотиним йўқ эди. Ғалабадан кейин Берлинга оиламни олиб бориб яшаганман.
-Буни биламан. Лекин... ҳа, майли, кўнгил дегани ёмон-да! Ўшанда Берлинда Марийка деган офатижон қўшиқчи бўларди. Қизингнинг исмини ўшанинг шарафига қўйганмисан? Газандаларнинг санъатига шунчалик ишқибозмидинг?
-Қизимнинг исми Марийка эмас, Маликахон. Берлин қаердалигини билмайдиганлар ҳам қизларига шунақа чиройли исм қўядилар.
-Менга ақл ўргатяпсанми? Подшонинг хотинини “малика” дейишганини билмайдиган аҳмоққа ўхшайманми? Сен эса... подшолик замонини қўмсаётганингни тан олиб қўя қол.
Янги айб сиртмоғи тасодифан ясалдими ё олдиндан тайёрлаб қўйилганмиди, англай олмади. Бу каби қалтис саволларга жавоб бермаслик ризолик аломати сифатида ҳужжатларда қайд этилишини билгани учун ҳам  жим туролмади:
-Менда ҳеч қачон бундай фикр бўлмаган.
-Фикр бўлмаслиги мумкин, лекин истак ва хоҳиш мавжудлиги аниқ.  Қўқон мухторияти учун жон беришга тайёр Абдулҳамид Чўлпон устозинг эмасмиди? Наҳот, ғояларини сен билан баҳам кўрмаган бўлса?
-Биз бу ҳақда гаплашмаганмиз. Гаплашганимизда ҳам мен хонликни тиклашга қарши фикр айтган бўлардим. Етимлик жабрини тотган одам подшолик нонини қўмсай олмайди ҳеч қачон.
-Етимхонада ўсганинг сени бу ишда маълум балолардан сақлаб қолиши мумкин. Сен айёрсан, Исмоилий, буни яхши биласан, ҳар сафар менга рўпара бўлганингда буни таъкидлайсан. Тўғри, сенга “бойнинг боласи”, деган айбни қўя олмаймиз. Лекин... амакингнинг Украинага қулоқ қилинганини ҳам эътибордан соқит қилмаймиз. Сенинг етимхонада тарбия топганинг тарозунинг бир палласига, бу далил эса иккинчи палласига қўйилса, қай томони босиб кетади, билмайсанми? Етимхонада ўсган бўлсанг, етимликнинг аччиқ қисмати сенга маълум бўлса, нима учун фарзандларингни бу балога ўзинг рўпара қиляпсан? Эртами-индинми хотининг ҳам қамалса, болаларинг қаерда сарғайишади?
Қисматида шундай азоб бўлиши мумкинлигини кўнгли сезаётганди. Аммо хотинининг сиёсат у ёқда турсин, адабий жараён ишларига ҳам фарқсизлиги, ҳеч бир ишларга, йиғинларга аралашмаслиги унинг кўнглини ҳотиржам қилиб турарди. Терговчининг ҳозирги гапи қалбини тилиб-тилиб ташлагандай бўлди. Айбсиз ва муштипар бир аёлни туҳмат занжирига ўраб ташлаш булар учун ғоят осон иш эканини билмаганида бу таҳдидга аҳамият бермаса бўларди. “Хотинингни қамашимиз мумкин”, дедими, демак, қайтмайди бу разилликдан. Аҳдида туриб Зуҳраҳонини қамаган тақдирда болалари кўчада қолмайди, етимхонада ҳам сарғаймайди. Санобари ўзининг беш боласи қаторига олти жиянини қўшиб, ўзи емаса ҳам едиради уларга, киймаса ҳам кийдиради. Бу жиҳатдан унинг кўнгли тўқ. Аммо буни тилга кўчира олмайди. Агар синглисидан умидвор эканини бу малла терговчи сезиб қолса муштипар Санобарнинг пайига ҳам тушиши ҳеч гап эмас.
Унинг ўйланиб қолганини кўрган терговчи буни яхшиликка йўйиб, энди юмшоқроқ оҳангга кўчди:
-Исмоилий, сен бошқаларга ўхшаган жоҳил эмассан. Толстойни таржима қилган одамсан. Толстойни билган одамнинг дунёқараши бой бўлади. Сен ўзингни қийнама. Мен сезиб турибман, ҳақиқатларни англагинг келяпти-ку, лекин юрагингда кулча бўлиб ётган миллатчилик газандаси ўз қора гавдаси билан тўсқинлик қилиб онгингни хиралаштиряпти. Душман тегирмонига сув қуяётганингни сезмаяпсан. Ўзбекистонни севишингни айтяпсан. Хўп, мен бу туйғуларингга ишонай, лекин доллар Америкасининг итялоғи Вали Қаюмхонни унутолмаслигингни ҳам биламан. Агар унга муҳаббатинг бўлмаганида суратини Берлиндан олиб келиб, уйингда сақламас эдинг. Кеча Гитлернинг ялоғидан ювинди ичган одам бугун Труменга ялтоқланиб, сенга қандай озодлик бериши мумкин?  Эронга ёки Ҳиндистонга ўхшаган харобазорга  айлантиради, бошқача бўлиши мумкин эмас!
Бунга ўхшаган гапларга унинг тоқати йўқ эди. Шу боис эгик бошини кўтариб, хазин овозда:
-Нима қилишим керак?-деб сўради.
-Бу саволни биринчи учрашувимизда сўрашинг керак эди. Ҳақиқатни англашинг учун жуда узун кунларни сарфладим. Агар астойдил сўраётган бўлсанг айтаман: кундуз билан кечани, оқ билан қорани фарқ қилиш пайтинг келди. Ё миллатчилик газандасини ардоқлаб шарафсиз курашда йўқ бўлиб кетасан ё бўлмаса у газандани ўзингда ва ўзингдан ташқарида шафқатсиз янчиб, эзиб ташлайсану озодликка чиқасан. Болаларинг бағрига борасан.
Озодлик ҳавоси... Кўксида ҳамиша қуёш чарақлаб турган ёруғ дунёга, чаман гуллар атри буркаб турган ҳаётбаҳш сарин сабоҳга чиқиш – янгидан туғилиш демак! Бор бўлиб қолиш демак! Ким истамайди бу саодатни?
Лекин бу саодат ниманинг эвазига насиб этаркин?..
-Қароринг қатъийми?
У ҳеч қандай қарор қабул қилмаган, ваъда ҳам бермаган эди. Терговчи нимани назарда тутяпти? “Ҳа, мен миллатчиман! Ҳа, мен халқ душманиман!” деб ёзиб берса кифоями? Шу фикр оғушида бош силкиб, тасдиқ ишорасини қилди.
-Исмоилий, бир нарсани тушун:  йигирма беш йиллик озодлигингни ўзинг топтамоқчи бўляпсан. Агар буни англаб етган бўлсанг, тамом, миллатчилик ғояларинг билан ҳатто бир лаҳза ҳам кўришмайдиган душман бўлишинг керак. Сенинг бугунги аҳдинг, қароринг ўзгармас аҳд, ўзгармас қарор – қатъий қарор бўлиши шарт! Олти болангнинг номини тилга олиб қасам ичишинг керак.
Қасам ичиш... Яна олти болани ўртага қўйиб-а?! Қандай қасам бу? Қайси дўстларимга хиёнат қилишим керак бўлади?
-Нима дейишим керак?-деб сўради хаста овозда.
-Демайсан, ёзиб берасан. Гапларимни диққат билан эшитиб хонангга қайтасан-да, эрталабга қадар  ёзиб, менга топширасан. Келишдикми?
У яна овоз чиқармай тасдиқ ишорасини қилди. Терговчи укки кўзларини унга тикканича дона-дона қилиб гапира бошлади:
-Жонажон Ватаним олдида, шонли совет халқим олдида, гуноҳсиз болаларим олдида қилган ўз жиноятларимни, шунингдек, бошқаларнинг менга маълум бўлган жиноятларини катта-кичиклигига қарамай, оқизмай-томизмай, заррача ҳам қолдирмай, бир-бир айтиб бераман. Мен чин қалбимдан истайманки, мени тоғ вазнила босиб ётган жиноятлрим елкамдан қуласин, қаддим ростлансин, миллатчилик каби энг қабиҳ мараздан вужудим софлансин, токи умримнинг қолганини социалистик Ватанимга, совет халқимга охиригача садоқат ва муҳаббат билан қувона-қувона хизмат этишга бағишлай! Шунинг учун мен сизни, Александр Александрович, сиз орқали Давлат ҳавфсизлик органларини ишонтириб айтаманки, баданда пайдо бўлган ракни кўринган ерида кесиб ташлаш билан шифолаш мумкин бўлганидек, лаънати миллатчилик газандасидан ҳам даставвал шу ерда, Давлат ҳавфсизлиги органида, барча жиноятарга иқрор бўлиш, барча саволларга тўғри ва асосли жавоб бериш билан, миллатчиликка қарши ғазабли ва амалий кураш очиш билан қутилиш мумкин. Мен шундай қилажакман!
Терговчи бошқаларга ҳам шундай қасамёд ёздирганмиди, ҳар ҳолда гапларида тутилмади. Бошини эгганича тинглаётган маҳбусдан кўзини олмай ундан садо кутди.
Мирзакалон ҳозир гўё бошқа оламга кўчган эди. Терговчи  шармандали қасамёд матнини айтиш билан гўё уни иснод ботқоғига ташлаб, бўға бошлаган эди. “Ҳа” дейишга ҳам, “йўқ” дейишга ҳам қурби етмай қолганди.
-Сен истеъдодли ёзувчисан. Қолган-қутганини ўзингдан қўш. Шундай ёзгинки, менинг раҳбарларим ҳам қойил қолишсин.
Шундай деб қоғоз-қалам узатгач, назоратчини чақирди.
Қандай ёзсин буни? Кўз ёшларини тўкиб ёзсинми ё қон ёшлариними?
Онги ўжарми, қалби ўжарми? Ёки уларга бўйсуниши лозим бўлган қўли ўжарми?
Вақт ўтяпти. Тонгда қасамёд матнини терговчига топшириши, сўнг шу аҳдга кўра хиёнатини бошлаши керак. Бу балки унга берилган сўнгги имтиёздир? Эрталабга қадар қасамёдини ёзиб бермаса, пешинга қолмай хотинини ҳибсга оларлар?..
Темир каравотга, увада кўрпа устига эмас, зах бетонга бағрини бериб ётиб олди.
Бир маҳал онгини хайрли фикр ёритиб ўтди-ю, қаддини кўтарди. “Қасамёдни эмас, бошимдан ўтганларни ёзаман. Бу ерларда ўлиб кетсам, қачонлардир авлодларимдан бири топиб ўқийди, менинг азобларимдан хабар топади”, деб ўйлади.