Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Озод инсон ҳақида қўшиқ - 1
Facebook
Озод инсон ҳақида қўшиқ - 1 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Озод инсон ҳақида қўшиқ
1
2
3
4
Ҳамма саҳифа

Оҳ, у етимлик...

Бу қарори барча ўжарликларини чекинтирди. Қасамёд ёзиши лозим бўлган қоғозда дастлабки сатрлар пайдо бўлди:
“Ўш. Етимхона. Эс-эс билишмча, онадан уч ё тўрт ёшимда етимча қолдим. Онам қашшоқлик азобига ва раҳмсиз эр зулмига чидаш бермай, ёш ўлиб кетди. Мен, холамларнинг айтишларига кўра, Ўшда туғилган эканман. Отам Ўшга яқин бўлган Булоқбоши қишлоғида деҳқончилик қилар эдилар. Ўн бир ёшимга қадар ўгай она ва меҳрсиз ота тепкисини еб ўсдим ва йигирманчи йилда юз-қўлларим кир, уст-бошим йиртиқ, ўзим хароб ва битлиқ ҳолда уйдан қочиб, Ўшга келдим-да, етимхонага кириб олдим...”
“Раҳмсиз эр”, “меҳрсиз ота” сўзларини ёзаётганида қўллари бир титраб олди. Тўғри, раҳматли отасида бераҳмлик иллати мавжуд эди. Аммо ҳар на қилса ҳам Исмоилхўжа отаси эди. Ҳазрат Навоийнинг “Муншаот”идаги бир тўртлик ёдида қолган эди:
Атодин хато келса кўрма хато,
Савоб бил хато қилса доғи ато.
Атонинг хатосини билгил савоб,
Сени юз балодин қутқарғай Худо...
Бу ҳикматни ҳамиша дилида сақлади. Отадан кўрган зулми учун ҳеч қачон маломат қилмади.  Отасининг гўри совумасдан туриб у қора кунларни эслаши ичини ёндирди. Аммо на илож, укаси қулоқ қилинган одамни яхшилик билан тилга олиши уларга яна бир янги айб сиртмоғи ясашга баҳона бўлуви мумкин эди. Аслида уйдан қочишига фақатгина отасининг бераҳмлиги сабаб бўлмаганди. Асосий мақсад – ўқиш, илм олиш эди. Агар отасининг калтакларидан безиб Булоқбошидан Ўшга қочиб борса, холалари уйидан паноҳ топиб яшайверган бўларди. Синглисини ҳам олиб келарди. Лекин бу ерда яшаб билим олиши мушкулроқ эди...
Нимқоронғи қамоқхонада титроқ қўллари билан қаламни маҳкам ушлаганича шуларни ўйлаб юрак-юракдан Худога ёлбориб тавба қилди. Отасининг руҳидан ҳам узр сўради-да давом этди:
“Етимхонада мени дарҳол чўмилтирдилар, эгнимга тоза кўйлак, оёқларимга мен умримда кўрмаган чиройли ботинка бердилар. Мен энди ўгай онанинг бураш ва қарғишларидан, қашшоқ ва хасис отанинг бир туртиб бир бурда нон беришларидан қутилиб, деразалари катта, ёруғ, иссиқ ва тоза уйда, ўзим каби кичкина ва бахтиёр болалар қаторида, яйраб-яшнаб, янгича ҳаёт кечира бошладим. Мен ёш ва саводсиз эдим. Ўқиш-ёзишни шу ерда, етимхонада ўргандим. У вақт шаҳарда Совет ҳокимияти мавжуд бўлса-да, ҳали у ёш, кучсиз эди. Теварак-атрофда қайнашган босмачилар тез-тез шаҳарга бостириб киришар, совет ходимларини, янгилик тарафдорларини тутиб ўлдиришар эдилар...”
У китоблар, газет-журналларда ёзилавериб одат бўлиб қолган гапларни қоғозга  беихтиёр тушира бошлаган эди. Миллат озодлиги учун жон фидо қилган ўғлонларни “босмачи” деб аташ нақадар адолатсиз эканини қамоққа тушмасидан аввал ҳам яхши биларди. Бирон-бир мақоласида ўша дамлар воқеалари тилга олиниши шарт бўлса, бу шармандали атамани ёзишдан ўзини тийишга ҳаракат қиларди. Ҳозир эса... шароит бошқа. Бу сатрлар неча йиллардан сўнг авлодлар назарига тушса, аҳволни ҳис қилиб тушунишар, айбини кечиришар. Авлодлар кечирса, Худо ҳам кечиради... Шу илинж унга далда берди.
Аслида эса... ҳозиргина ёзган ваҳшийликларга ўзи гувоҳ бўлмаган. Гувоҳ бўлгани воқеа ўзгача, уни ёзмоқ лунжини шишириб чақмоққа шай бўлиб турган илонга тайёр емиш бўлиш билан баробар эди.
Етимхоналарига кириб келган одамни эл орасида “Амиралмуслимин Муҳаммад Амин Бек” деб ардоқлашарди. Бу одам қаерга борса осойишталик қарор топар, чиқиб кетгач, бесаранжомлик, талон-тарож бошланарди. Унинг Ўшга кеча оқшом кириб келгани ҳақидаги хабардан шўролар етимхонасининг тарбиячиларидан тортиб, болаларгача эшитишган эди. Шу боис унинг кириб келиши, айниқса тарбиячиларга, тасодифий ҳол бўлмади. Бу кишининг аввал ҳам келганини Мирзакалон кейинроқ ўртоқларидан эшитиб билди. Ўша куни эса... Кўчада оқ отидан тушиб, етимхона ҳовлисига кириб келган, эгнига ҳарбийча кийим кийган хушрўй кишига ажабланиб қаради. Кейин унинг ёнидаги кишини таниди: Холхўжа! Дадасининг улфати. Кўрди-ю, чўчиб тушди. Холхўжа ҳам Мирзакалонни кўрди, таниди, аммо “Нима учун сен бу ерда юрибсан?” демади. Тарбиячилар болаларни бир сафга тиздилар. Мирзакалондан аввалроқ бу ерга келган болалардан бир нечаси тарбиячилари ўргатган, шўроларни мақтовчи шеърларни ёдлаб бердилар. Амиралмуслимин қошларини чимирса ҳам индамай эшитди. Болалардан иккитаси туркча ашула айтишганда ҳам ундан садо чиқмади. Мирзакалон унинг бу ҳолатини ўша онда англамаган эди. Буни анча кейин тушуниб етди. Ўшанда амиралмуслимин болаларга қараб туриб:
-Жонимиз фидо бўлсин, сизларга!-деди. Кейин насиҳат қилди:-Бу кунлар ўтиб кетади. Сизлар ҳеч нарсага қарамай ўқинглар. Фақат ўқинглар. Миллатимиз қаддини биз қилич билан кўтара олмаймиз. Сизлар илм билан кўтаришинглар керак. Тарихни ўқинг-да, ибрат олинг: кучли давлатларни илмсизлик барбод этган. Илмсизлик бизнинг миллатимиз қаддини эгиб қўйган. Бир соатлик илм ўрганиш бир кечалик нафл ибодатидан, бир кунлик дарс уч ойлик нафл рўзасидан афзаллигини Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар. Илм олаётган талаба учун ҳамма нарса – ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам гуноҳини сўраб, истиғфор айтади. Бу дунёдаги илмдан бошқаси – саватдаги сувнинг ўзи эканини шу ерда англаб етинг. Кимки ҳаёти шамини илм нури билан ёқа олса ҳаёти асрлар бўйи сўнмайди. Бизнинг боболаримиз шундай бўлишган...
Нимқоронғу қамоқ хонасида ўтирган Мирзакалон алҳол бу гапларни шунчаки эсламади. Назарида амиралмуслиминнинг жарангдор овози бу совуқ тошларга урилиб акс-садо бергандай бўлди. Юраги эзилди. Бу гапларни ёза олмайди. Бу тарих заррасини ўзи билан олиб кетадими?
Кишан, гавдамдаги излар букун ҳам битгани йўқдир!
Темир бармоқларингнинг доғи буткул кетгани йўқдир.
На мудҳиш, на совуқ-манхус, на қизғанмас қучоғинг бор!
Башар тарихининг ҳар саҳфасида қонли доғинг бор!
Якка ҳолда  азобли туну кунларни ўтқазишга мўлжалланган бу қамоқ хонасида ёлғизликни енгишнинг бирдан-бир йўли тотлими ё нохушми, қандай бўлса бўлсин, хотиралар билан ошно тутинишдир. Ойлар давомида Мирзакалон бунга кўниккан. Қалби нимта-нимта бўлиб кетай деганда баъзан кўз олдига устози келади. Баъзан эса унинг жарангдор, шиддатли овози қулоқлари остида жаранглайди. Ҳозир ҳам шу такрорланди - шоирнинг овози етимхона таассуротларини сал нари сургандай бўлди:
Юмилмас кўзларингнинг ҳар бири бир элни қаҳр айлар,
Фақат бир борлиғингдирким, бутун борлиқни заҳр айлар!
Қулф бирлан сенинг эркингда кўп йиллар қолиб кетдим...
Фақат ҳар тебранишдан қутулишликни умид этдим.
Оҳ, умид... умид... Бунчалар бевафо бўлмаса! Юракни алдашни бунчалар суймаса!
Кишан, гавдадаги доғинг хануз битгани йўқдир,
Фақат буткул қутулмоққа умидим энди ортиқдир!..
Кишанланган умид устозни не куйга солди? Унинг ўзини қайга бошлайди? Бу ёзувлари умидига қувват бера оладими ё турмада шарафсиз ўлим топганлар қаторида тарихнинг унут сатрларига айланадими?
Йўқ! Бундай бўлмаслиги керак! Уни миллатчиликда айблашди. Сўзнинг маъносини дуруст англамаганликлари учун унга ва ўнларча зиё аҳлига шундай даъво қилишяпти. Ҳолбуки, миллати учун жуда кўп хизмат қилган одам ижобий маънода “миллатчи” саналади. Ўзга миллатни лаънатлайдиган тоифа эса буткул бошқадир. Ундайлар чиндан ҳам лаънатга лойиқдир. Мирзакалон ўзини бундай тоифада кўрмайди, алҳол миллатимга етарли хизмат қила олмадим, деб ўкинади. Бир қараганда қирқ икки йиллик умрда кўп хизмат қилиш мумкин эмасдай туюлади. Аслида эса оламжаҳон ишларни амалга ошириш ҳам мумкин. Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон шундай эмасмидилар? Ажаб, улар ҳам шу ёшда қамоқхонада ўтирган эдилар. Тахминан шу ёшда тарихнинг шарафли саҳифасига айланган эдилар. Ҳа, ҳа, айнан шарафли саҳифаси! Тўғри, бу кунларда уларнинг номларини тилга олишга қўрқяптилар. Аммо қоронғи кунларнинг ҳам охири бўлади-ку?
Шу каби фикрларга  бир оз чалғигач, у хаёлини йиғиб олди-да, яна қоғоз устига эгилди, терговчининг кўнглига ёқадиган тарзда давом этди:
“...Бу ҳол одатга кириб қолган эканми, билмадим, муаллимларимиз босмачиларнинг бу хил ваҳшийликларини қораламас, сира пинакларини бузмас эдилар. Уларнинг эрта-ю кеч қиладиган ишлари етимларга турк ашулаларини ўргатишдан ва туркча команда бериб бизни машқ қилдиришдан иборат бўлар эди. Бизга “Санжоғимиз”, “Чаноққалъа” каби турк ашулаларини ўргатганлари эсимда.
Етимхонага баъзан Тулу афанди билан Шаҳидий афанди деган икки зот келар эди. Буларнинг биринчиси ўшлик миллатчилардан бўлса, иккинчиси асир тушган турк зобити эди. Шаҳидий афанди муаллимлар, тарбиячилар ва катта ёшли болалар билан Туркия ҳақида, турк аскарларининг довюраклиги ҳақида, бизларнинг ҳам “турк жужуқлари” эканимиз ҳақида суҳбат ўтказарди. Мен кичик ёш бўлганим учун улар даврасига кирмас, агар гапларини эшитсам ҳам барибир, тушунмас эдим.
Етимхонада икки йил тарбияландим, хат-саводим чиқди, оқу қарога озми-кўпми тушунадиган бўлдим. Иззат Султонов билан шу ерда танишдим, у ҳам етимхонада тарбияланар эди.
1922 йил келди. Мени шу йили Тошкентга, Ўлка ўзбек эрлар билим юртига ўқишга юбордилар...”
Жумлага нуқта қўйиб яна ўйланиб қолди: Тулу ва Шаҳидий афандилар номларини зикр этиши тўғри бўлдими ё нотўғрими? Шаҳидий афандининг Туркияга қайтиб кетганини, Тулу афандининг эса Мунаввар қорилар сафида қамоққа олинганини эшитган эди. Демак, уларга бу идора зулм ўтказа олмайди. Демак, бу ўринда сотқинлик йўқ.
Афандиларнинг суҳбатларини эшитганида чиндан ҳам кўп нарсаларни тушунмас эди. “Санжоғимиз”да нима учун Туркия байроғини шарафлаётганини ҳам англамасди. Бир куни тарбиячисидан “Чаноққалъа”нинг маъносини сўраганида “Туркиянинг Чаноққалъа деган жойида катта уруш бўлган, дунёнинг барча мамлакатларидан борган ёшлар кофирларга қарши урушишган. Икки юз мингдан ошиқ ёш йигит шаҳид бўлган. Тулу афанди билан Шаҳидий афандилар ўша жангларнинг шарафли қаҳрамонларидан саналади”, деб тушунтирган эди. 
***
Тонг отиб, уни яна терговга чорладилар. Терговчи  ниятига етган хушнуд одам чеҳраси билан уни қаршилади. Мирзакалон узатган қоғозни олиб, дастлабки сатрларга кўз ташлади-ю, юзини буриштирди:
-Яна етимхонами? Бундан бошқа гапинг йўқми? Менга нималарни ёзиб келдинг?
-Александр Александрович, илтимос, охиригача ўқинг. Икки қатордан иборат тавбани ёзишим қийин эмас. Лекин  тунда берган топшириғингиздаги “ўз жиноятларимни, шунингдек, бошқаларнинг менга маълум бўлган жиноятларини катта-кичиклигига қарамай, оқизмай-томизмай, заррача ҳам қолдирмай, бир-бир айтиб бераман”, деган таъкидингиз менга жуда маъқул бўлди. Агар топшириғингизни бекор қилмасангиз, мен шу услубда батартиб давом этсам. Миллатчилик газандасига қачон ва қандай қилиб бўйин эгиб қолганимни ўзим ҳам тушуниб етишим керак.
Терговчи бу гапни эшитиб, унга тикилиб қаради-да, бош чайқади:
-Айёрсан, Исмоилий, жуда-жуда айёрсан. Вақтни чўзиб фойда топмоқчимисан? Яхши, камерада узоқроқ ёлғиз ўтиргинг келаётган бўлса, ўтиравер. Мен шошилмайман,-деб яна қоғозга кўз югуртирди. Баённи охиригача ўқигач, қоғозни икки буклаб, столи устига ташлади.
-Ҳеч қандай янгилик йўқ! Менга ўттиз йил олдинги турк афандиларингнинг кераги йўқ! Султоновинг ҳам керакмас. Менга устозингни гапир, унинг ўзингга ўхшаган издошларини айт.
Терговчи ўрнидан туриб, асабий равишда хона бўйлаб юра бошлади. Бундай юришларнинг оқибати калтак зарби бўларди. Бу сафар ҳам Мирзакалон унинг мушт туширишини ёки тепиб қолишини кутди. Айниқса орқа томонига ўтганида гарданидан зарба ейишга шай турди. Терговчи урмади. Дераза яқинига бориб, тонгни кутиб олаётгандай ташқарига узоқ тикилди. Сўнг назоратчини чақирди. Мирзакалон ўрнидан туриб, қўлларини орқага қилганда “Менинг сабр-тоқатим чегарасининг нақадар мустаҳамлигини синаб кўришга уринма”, деб қўйди.
Қамоқ хонасига қайтиб, увада кўрпа устига чўзилиб ётганда эшик дарчаси очилиб, унга бир даста қоғоз узатдилар. Терговчининг бу марҳаматидан ажабланди: ўз истагингча ёзсанг ёзавер, дедими ё ўзи истаган тавбани ёзиб беришини талаб қилдими? Мирзакалон қанча ўйланмасин, терговчининг хоҳишини англай олмади. Охири, хотираларини қоғозга туширишни давом эттирмоққа аҳд қилиб, қўлига қалам олди. Тунда ухламаган бўлса-да, уйқуси келмади... Хаёлидаги гапларни қоғозга туширишга дарров кириша олмади. Чунки билим юртида унга оқу қорани ажратишни ўргатган устозларнинг аксари бу идоранинг  ҳукми билан ўлдирилган бўлсалар-да, то ҳануз қора рўйхатда турардилар. Булар ҳақда илиқроқ гап айтишнинг сира имкони йўқ эди. Аммо уларни устоз сифатида тилга олмасликнинг иложи ҳам йўқ эди. Ўйлай-ўйлай, йигирманчи-ўттизинчи йиллар матбуоти бу шарафли зотларни қандай айблаган бўлса, ўшаларнинг тили билан зикр этишни лозим топиб, уларнинг пок руҳлари қаршисида яна бир тавба қилди-ю, ёза кетди:

“Миллатчилик бешиги”

“Тошкент, билим юрти. Мен билим юртида олти йил ўқиб, уни 1928 йилда битирдим. Бу йиллар натижа эътибори билан ҳаётимда аччиқ, қуйқим қолдириб кетди. Мен ҳали ёш, ғўр эдим. Теварагимда кўрган нарсаларимга танқид кўзи билан қарашни билмас, мен уларни тайёр ҳолича, борича қабул қилар эдим. Теварагимда эса Абдулла Авлоний, Қайюм Рамазон, Собир Қодирий, Носир Саидий, Олим қори Усмонов каби ашаддий миллатчилар бор эдилар...”
Бу зотларни “миллатчи” атамасининг асл ижобий маъносида, миллат равнақи учун астойдил хизмат қилганлар сифатида зикр этиб, кўнгли бир оз таскин топди. Майли, терговчи ўз истагича талқин этаверсин, аммо бу зотлар миллат учун кўп хизматлар қилган эдилар. Айниқса, Абдулла Авлоний... Тошкент жадидларининг пешқадамларидан. Жадидлар миллат жаҳолатидан йиғлар эдилар. Миллатнинг хорлигини фақат ва фақат илмсизлик балосида деб билардилар:
Маризинг бир тарафдин, бир тарафдин хорсан миллат,
Бадандин қон олдирғувчи беморсан миллат...
Абдулла Авлоний бу сатрларни кўз ёшлари билан ёзган дамларида Мирзакалон ҳали туғилмаган эди. Шоирнинг довруғини етимхонада эшитган, унинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари ёрдамида савод чиқарган эди. Тошкентга келиб, билим юртида бу зотдан таҳсил олишини эшитганда нақадар қувонган эди! Мулойим табиатли, чўққисоқол, юзидан нур ёғилиб турувчи бу муаллимни ҳамма яхши кўрарди. Айниқса нафис адабиётга меҳри баланд бўлган Мирзакалон унинг дарсларини орзиқиб кутарди. Ўша йиллари шеъриятда “футуризм” номи билан туғилган янги оқимга тушунмай савол сўраганида “Бу оқим Италияда туғилиб, Оврупо томонларда довдирай-совдирай, сўнг биз томонларга адашиб келиб қолган. Олтойнинг шеърларини ўқисангиз, бас, ўша ижод футуризм самараси”, деди. Мирзакалон “Тирр...тиррр... келаётир... трактор...” деб зинапоя усулда ёзилган шеърларни ўқиган, бироқ, маъносига, айниқса, шоирнинг мақсадига тушунмаган эди. Яна бир дарсда бу хусусда сўраганда устоз унинг қўлига китоб бериб, “ўқинг”, деди. Мирзакалон ўқиди, ажабланиб, кўзларини пирпиратганича устозига қараб тураверди.
-Яна тушунмадингизми?-деди устоз мийиғида кулиб.
-Устоз, сиз менга шеър ўқитмадингиз, китобнинг мундарижасини ўқитдингиз-ку?
-Ҳа, балли, футурист шоирларнинг шеърлари худди шунга ўхшаш, сарлавҳаси бор-у, маъноси йўқ. Сарлавҳасига қараб маъносини ўзингиз топиб олишингиз керак. Ҳазрат Навоийдек шоирлари бор миллат учун бу шеър усули шармандали бир ҳолдир...
Шундай донишманд  ва беозор одамнинг ҳам номини тилга олиш мумкинмас. Қодирий, Чўлпон, Фитрат устозлар-ку, бу золим идоранинг ҳукми билан отилган эдилар. Ўз вақтида “қизил профессор” деган ном билан шарафланган, сўнг советларнинг найрангли сиёсатини англаб, четга чиққан Абдулла Авлоний Сталиннинг ажал тиғи қўзғалмасидан илгари хасталикка чалиниб, вафот этганди. Агар ўттиз еттинчи йилда тирик бўлганида  биринчилардан бўлиб бу тиғга рўбарў бўлиши аниқ эди. Ўлиб ҳам қутилмовди бечора, номи барибир қора рўйхатга киритилди. Оиласига берилаётган нафақа бекор қилинди...
“Бугун “қора рўйхат” деб англаётганимиз, эртага авлодлар томонидан олтиндан афзал, деб эъзозланса, не ажаб?” – хаёлига келган бу фикрдан мамнун бўлган Мирзакалон ёзишда давом этди:
“Миллатчилар илҳомчиси ва уларнинг содиқ жарчиси Чўлпон, Боту, Фитрат, Абдулла Қодирий, Шокир Сулаймон, Элбек ва бошқаларнинг китоблари ҳамиша қўлларда, тилларда эди. Уларда талқин этилган фикрларнинг асл маъноларига ва замирида кўзланган мақсадларга у вақт ўзимда бўлган заиф онг ва саёз билим билан лозимий қадар тушина олмасам-да, уларни ўқир экан, завқланмас эдим, дея олмайман, зеро, атрофимда кўриб ва эшитиб турганларим, умуман билим юртини ўраб турган муҳит китоб саҳифларидан кам фарқ қилар эди. Мен буни кейинча, Билим юртини битирганимдан анча кейин, очиқ-ойдин тушундим. Натижда мен ҳам ашаддий миллатчилар: Собир Қодирий, Носир Саидий, Олим қори Усмонов каби директорлар, Қаюм Рамазон, Абдулла Авлоний, Нуриддин Худоёрхонов каби муаллимлар тебратган миллатчилар бешигида тарбияланганлардан бири бўлиб чиқдим. Мен энди Билим юртида бўлиб ўтган воқеаларни ва уларнинг менга қанчалик алоқаси борлигини эслатиб ўтмоқчиман:
Йигирма иккинчи ё йигирма учинчи йил бўлса керак, Билим юрти деворлари орасида бирдан шов-шув кўтарилди:
-Туркияга талабалар юборилар экан! Йилдирим кетармиш!..   
Аммо турк зобитлари таъсири ва тарбияси остида Тошкентда турибоқ турк бўлиб олган Йилдирим – Имомхон Ҳусанхўжаев ҳазиллашиб ўқталган ов милтиғидан отилган ўқ билан Туркияга эмас, тўғри қабристонга жўнатилди. Туркияга сотқинлик ва пасткашлик билан сажда қилган миллатчилар, қора орзуларига етолмай, гўр устида: “Миллатнинг ёруғ ва умидли юлдузларидан бири бевақт сўнди!” деб аза тутдилар. Мен эсам ўз она-Ватанини ташлаб, ўзгалар юртига кетишнинг нақадар қабиҳлигини, тўғрироғи, катта жиноятлигини англамаганим ҳолда, орзуси ушалмай қолган ёш йигитнинг фожиона тугалишига қаттиқ ачиндим.
Орадан йиллар ўтди. Етимлигимни, орқадан йўқлаб келгувчим бўлмаганини кўриб, Билим юрти муаллимларидан Леон Бернардович Гинтилло деган кекса бир киши мени ўзига асранди ўғил қилиб олди. Дарҳақиқат, қашшоқликдан умр бўйи чиқмай, отасидан мерос бўлиб қолган тўрт таноб ерда унимсиз меҳнат билан рўзғорини тебратолмай хуноб бўлиб ётган отам, уйдан қочиб кетганимда; “Болам нима бўлди экан?” деб изламадигина эмас, ҳалига қадар ҳатто бир энлик хат билан ҳам йўқламади. Балки, бу қашшоқлик натижаси эмас, дийдаси қаттиқлик оқибати бўлгандир?
Гинтилло менинг ўқишларимга, моддий эҳтиёжларимга ёрдам берса ҳам сиёсий онгимнинг ўсишига, тўғри совет йўлидан боришимга далда берадиган яхши ўгитлар, фойдали насиҳатлар қилмас эди. Мен тамоман ўз иҳтиёримга, Билим юртида ҳукм сурган зарарли муҳит ихтиёрига ташлаб қўйилган эдим. Туркистонлик бир талаба (оти эсимда йўқ) имомгарчилигида кўплашиб намоз ўқиган кезларимиз ҳам бўлганини эсласам, ҳали ақлини тамом таниб олмаган шўринг қурғур кичкина боланинг бир ёқдан ислом, иккинчи ёқдан миллатчилик омбури маҳкам қисиб олганини кўз олдимга келтираман”.
Терговчининг кўнглини роҳатлантириши мумкин бўлган бу сатрларнинг эътиборсиз қолишини билса ҳам ёзаверди. Агар бу гаплар ҳавфсизлик идорасига ўттизинчи йилларда етказилганда қимматли маълумот сифатида қадрланган бўларди. Ҳозир терговчи бу сатрлар ёзилган қоғозларни ғижимлаб ташлаши ёки ёқиб юбориши ҳам мумкин эди. Ёки... “пуч ёнғоқлар билан мени лақиллатмоқчиисан!” деб тепкилаб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди. Мирзакалон буларни билса-да, ёзишдан тўхтамади:
“Билим юртида ўқиб юрган кезларимда Сиддиқ Ҳидоятов деган боланинг уйига борганим, у билан айвонларида ўтириб шахмат ўйнаганим ва Сиддиқнинг таклифи билан орқа ҳовлиларига ўтиб, мева еганим аниқ эсимда. Аммо у билан қай шароитда танишганим ва уйига қай йилда борганим сира хотиримда йўқ. Иккаламиз ҳам тамом ёш бўлганимиз ва бирон ақида кўчасига кириб улгурмаганимиз учун, ўртамизда диққатга сазовор бирон жиддий гап ўтгандир деб ўйламайман. Мени унинг уйига олиб борган нарса – шахмат ўйинига ўчлигим бўлса ҳам ажаб эмас. Шуни ҳам қайд этиб ўтайки, Сиддиқнинг миллатчи Боту укаси эканини ўша вақт билармидим-йўқми, буни ҳозир ҳам аниқ эслай олмайман...”
Эслай олмайман... Яхши баҳона... Нега эсламасин? Ботуни унинг суҳбатларини унутиш мумкин эканми? Дунё кўрган бу одамни  миллатнинг фахри деб ҳисобларди, унга ҳаваси келарди, унингдек бўлишни орзу қиларди, ҳар бир сўзини жон қулоғи билан тингларди.  Унингдек бўлиш орзуси... Ажаб! Илм ва ижодда унинг мартабасига етолмаган бўлса-да, “миллатчи” деган тамғага эришиб турибди. Ўттизинчи йилларнинг иккинчи ярмини эслаганда ҳануз бир нарсага тушуна олмайди: қама-қамалар бошланмай туриб миллатнинг гуллари ҳисоблаган зиё аҳли орасида кўп фитналар бўлди. Бир-бирларининг бошлари устидан мағзава ағдарганлар ҳам учради. Халқни уйғотиши, озодлик йўлига бошлаши лозим бўлганлар бу муқаддас бурчларини унутиб, жар ёқасига келиб қолганларини ўзлари ҳам сезмадилар. Мирзакалон устозларнинг барчасини бутун қалби билан ардоқларди, уларга интиларди. Айниқса, Чўлпон билан Боту йигитнинг қалбида алоҳида ардоққа эга эди. Айни чоқда бу икки улуғ орасида аҳиллик йўқлиги, дунёқарашларида зиддиятлар мавжудлиги бу қалбини омбур исканжасида азобларди. Ботунинг Чўлпон ва Фитрат дунёқарашига зид фикрларида ёмонлик уруғи йўқ эди, фикрлар олишуви холислик билан олиб бориларди. Лекин бу холис олишувни зийраклик билан кузатиб, пайт пойлаётган ғанимлар тегирмонига сув қуяётганини фаҳмламасдмиди? Чўлпон ҳам Фитрат ҳам қамалди. Улар тўғрисида бошқа маълумотлар йўқ. Абдулла Қодирий уччови бир кунда отилди, деган миш-мишларни эшитган, бироқ, ишонишни ҳам ишонмасликни ҳам билмайди. Кечаги кунги назоратчининг гаплари рост бўлса, демак, ўша йиллариёқ отиб ўлдиришган. Боту уларни миллатчиликда айблаган бўлса, орадан кўп ўтмай унинг ўзини ҳам шу айб билан ҳибсга олдилар. Бир куни Сиддиқ “Акамни Москвага олиб кетишибди”, деди. Уруш арафасида кўришишганида эса “Акамни Москвада ҳукм қилиб отишганмиш”, девди.  Бу хабарни ука ишонқирамай айтганда бошқалар ишонишсинми? Мирзакалон шуларни ўйлади, лекин қоғозга туширишдан ўзини тийди. 
Мирзакалон терговчининг Билим юрти ҳаёти билан қизиқишини биларди. Билим юртига алоқадор бир қанча зиё аҳлининг айримлари Сталин қирғини авжига чиққан урушгача бўлган йилларда қатл этилган, баъзилари эса узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Сибирнинг совуқ ўрмонларида кимлар ўлиб кетди,  яна кимлар тақдиридаги озодлик ёзуғидан умид қилиб яшаб юрибди экан? Ҳамонки, терговчи Билим юртидаги ҳаёти билан қизиқар экан, ёзмасликнинг иложи йўқ. Мирзакалон қама-қама йиллари Билим юрти шаънига қандай балчиқлар чапланганини эслади. Ўзбекчани билмайдиган терговчи у гаплардан бехабардир, деган тўхтамга келиб, ўттизинчи йилларнинг ярмидан бошлаб, то урушгача давом этган туҳматларни бир-бир эслаб, қоғозга тушира бошлади. Гапнинг аввалини сиёсат пардасига ҳафсала билан ўради. Бу ёзганлари терговчининг ғашини келтирган тақдирда ҳам дағдаға қилолмайди. Салгина эътироз билдирса, эртага ўзининг аҳволи бугун ўзи қийнаётган маҳбусларникидан баттар бўлиши мумкин.
“Йиллар ўтган сари Совет ҳокимияти мустаҳкамланиб, совет кишиларининг ўз социалистик ватанига ва унинг порлоқ келажагига бўлган ишончлари кучайиб борди. Мамлакатни коммунизм сари ғолибона олиб бораётган шонли Ленин-Сталин партиясига ичдан туриб зарба беришга қасдланган сотқин троцкийчи-зиновьевчи аблаҳларга қарши мамлакатда қизғин кураш бошланиб кетди. Бу курашда Билим юрти ҳам четда қолмади. Мамлакатнинг ички ва ташқи душманларига қарши курашда, мамлакатни социализм асосида қайта қуриш, одамларни коммунизм руҳида тарбиялаш курашида чиниққан асл совет кишиларининг фош қилувчи овози Билим юрти деворлари ичида ҳам янграб кетди. Талабалар орасида ўзининг троцкийчи фикрлари билан танилган бир-икки ўқувчи умумий мажлисда муносиб равишда дўппосланди, юзларидан троцкийчи ниқоблари йитиб ташланди, аммо... мактабдан қувилмадилар...”
Шу сатрларни ёзатуриб хаёлига беихтиёр “Шарофни танқид қилавериб, ўшанга ўхшаб ёзадиган бўлиб қолибманми?” деган фикр келди-ю маҳзунлик билан кулимсиради. Берлиндан қайтиб “Қизил Ўзбекистон” газетасида иш бошлагач, бош муҳаррирнинг дабдабали сатрларга ғоят ўчлигидан кўнгли хира бўлганди. У осмондан тушгани йўқ, ҳар бир мақола дабдаба булоғидан сув ичиши шартлигини билади. Истаса-истамаса, ўзи ҳам ёзади ўшандай сатрларни. Айниқса уруш йилларидаги мақолаларида бу масалада ўзига ўзи эрк берарди. Уруш кунлари бундай дабдабани кўтарарди. Бу усулга муҳтожлик бор эди. Энди ҳақиқатга ёндошиш вақти келди, деб ҳисобларди. Урушнинг барча даҳшатларига гувоҳ бўлган икки собиқ зобит, бири Бош муҳаррир, бири эса масъул котиб бу масалани ижодий баҳс деб ҳисоблаб, тортишувларини бас қила қолмас эдилар. Баҳс даҳанаки жангга айланган пайтларда ҳам иккала томон ҳам бўш келишни истамасди. Сўнгги даҳанаки жанг чоғи мушт ишга тушди-ю, “ижодий баҳс” ниҳоясига етди. Баҳснинг интиҳоси масъул котибнинг бошқа ишга ўтишидан иборат бўлди. Мирзакалон қамоққа тушган дастлабки кунлари бу идорага туҳматнома ёзиб беришда гумонсираган одамларни  ўзининг хаёлидаги “қора рўйхат”дан бирин-сирин ўчирди. Булар орасида Бош муҳаррир ҳам бор эди. “Ҳамма тирик жон сингари Шарофнинг ҳам ўзига яраша иллатлари бор. Лекин у сотқин эмас”, деган хулосасини ҳозир ҳам эслади. Алҳол, у зиддияга доир воқеаларни эслаш вақти эмасди. Шу сабабли, хаёлини жамлаб, яна Билим юрти воқеаларига қайтди:
“Мен Билим юртида ўқиб юрган кезларимда яна бир воқеа юз берди. Аммо унинг қайси йилда юз берганини аниқ айтолмасам-да, ҳарҳолда йигирма тўртинчи йилдан кейин эмас, деб биламан.
Юқори синфларда ўқувчи қўқонлик талабалардан Исмоилжон (отининг аниқлигини тасдиқлай олмайман) Қодиров билан Солижон Исмоилов аввал “қайчи қуда” бўлдилар, яъни бир-бирларининг сингилларига уйландилар. Кейин эса Туркияга ўтиб кетдилар. Уларнинг Ватанга хиёнатлари яширин, маҳфий суратда эмас, балки ҳаммага ошкор суратда қилинди. Мен уларнинг ёзги таътилди Қўқонга бориб, курсларда муаллимлик қилиш йўли билан кўпгина пул топмоқчи, кейин буларни тиллага айлантириб, Туркияга ўтиб кетмоқчи бўлганларини синфдош ўртоғим Жавлондан эшитдим. Жавлон ўз ҳамшаҳарларининг кирдикорларига улар Ватанга хиёнат қилаётганлари учун эмас, ўз севгилисидан ажраб қолаётгани учун ғазабланиб гапирди. Дарҳақиқат, у Қодировнинг синглисини севар, ошиқи-беқарор эди.   
Қўқонлик икки талаба томонидан тайёрланган бу хиёнатни  Билим юрти раҳбарлари кўра-била туриб қораламадилар, тегишли чора кўрмадилар, оддий воқеадек парвосиз ўтказиб юбордилар. Яна Жавлоннинг айтишича, қочоқлар ёз таътилида муаллимчилик қилиб кўп тилла йиққанлар-да, кузда қора ниятларига етганлар...”


Тошкент, Дархондаги уч хонали уй.

1986 йил, 4 феврал, сешанба, соат 16.10.             

Гоҳ ҳуд, гоҳ беҳуд ётган ҳолида ўтмишини эслаётган беморнинг қулоғига таниш овоз урилиб, кутилмаган қувонч эпкинида енгил сесканди. Ҳатто кўзларини бир неча сонияга очди. Овоз эгасини қидириб, аланглади. Орадан йиллар ўтган бўлса-да, ўн саккиз ёшида  йигит кўнглини овлаган бу ширин овоз ҳали ҳам тотли эди. Лекин... жон олғувчи бу овоз эгаси чиндан ҳам йўқлаб келдими ё Билим юртидаги воқеалар ҳаёлини ёритгани учун қулоғи остида ғойибона жарангладими?
-Ҳамидахон, дўхтирлик қилмай қўйганингиз чакки бўлибди-да, Санобархон икковимизга бинойидек тиш қўйиб берувдингиз. Ясама тишларим ҳам ўзимга ўхшаб қариб кетди. Янгилаш баҳонасида яна олдингизга бормоқчи бўлиб юрувдим.
-Яп-янги тиш сиздан айлансин, бувижон, ўзим бўлмасам, ўзимдан ҳам зиёда шогирдларим бор.
-Мирзакалон тузалиб қолса, бораман...
“Ҳа, эшитиб келибди. Ё кимдир чақиртирганми? Эҳтимол кампир тушмагур йўқлатгандир. Ҳа... бу унинг иши. Армонда кетмасин, деган. Юрагимнинг бир учи кемтиклигини яхши биларди...”
Отаси Исмоилхўжага хотин чидамасди. Агар адашмаса, ўн мартадан ортиқроқ уйландиёв. Фақат ўн иккинчи ёки ўн учинчи ҳисобдаги Ҳикматхон унга бас келади олди. Ҳар қандай хотинни калтаклай-калтаклай талоқ қилиб юборувчи бу одам шу хотин билан яшаб қолди. Икки ўғил, бир қиз кўришди. Деҳқонларни қулоқ қилиш бошланганида Исмоилхўжа Тошкентга кўчиб келди-ю, Мирзакалон ҳам, синглиси Санобар ҳам ўгай онани ҳеч иккиланмасдан “буви” деб атай бошлашди. Укаларини ҳам ўз туғишганларидай билиб, ардоқлашди. Ҳикматхон ҳам уларни ўз фарзандларидан аълороқ кўрарди. Биринчи марта қамалганида унинг бир неча туну кун қамоқхона атрофида бўзлаб юрганини эшитиб, кўзларига ёш олган эди. Иккинчи қамалишида Қарағандага ҳам келди. Энди... айрилиқ аниқ эканини сезган. Дийдор қиёматга қолмасин, деб яқинларига хабар берган.
Мирзакалон шуларни ўйлаб кўзларини очиб кампирни сўнгги марта бир кўргиси келди, унинг беозор ва  шодон қаҳқаҳасини эшитгиси келди. Меҳнат туфайли қотиб кетган бармоқларини кафтлари орасига олиб силашни истади... Бироқ, ҳарчанд ҳаракат қилмасин, мижжаларга ҳукмини ўтказа олмади. Жон тарк этаётган қўллари ҳам ўзига бўйсунмади... 
Аёлларнинг уйга кирганларини сезди. Ҳамида энгашди. Ёқимли нафаси Мирзакалоннинг юзига урилиб, юраги гупирлаб ура бошлагандай бўлди. Бу юрак ҳозир саксон йил кўкрак қафасини тепа-тепа чарчаганини, вазифасини адо этиб бўлиш арафасида эканини унутди.  Муҳаббат майидан маст кезларидаги каби дадил-дадил урди.

“Ўликлар” ёхуд биринчи муҳаббат можароси

... Ўша пайтларда “Ўликлар” деган ваҳимали ном билан машҳур бўлган воқеани унутиш мумкин эканми? Гап номда ҳам эмас, ишқий можарода ҳам эмас, орага қурол, имзосиз хатлар аралашганида ҳам эмас. Бу можароларни эсдан чиқариб ташлаш ҳам мумкин. Лекин қалбга муҳрланган бир хотирани ўлимдан бошқа ҳеч қандай куч ўчира олмайди. “Ўсма кетар, қош қолар”, дейиланидек, биринчи муҳаббат эҳтирослари бу вужудни жондан илгари тарк этишни истамасди.
Ўша йиллари Эрлар билим юрти билан Қиз-жувонлар билим юрти ўртасида бирлашган ҳаваскорлик драмтўгараги ташкил этилган эди. Мирзакалон бир неча дўстлари билан бирга бу тўгаракда иштирок қиларди. У ўшанда  жуссаси ўзига ўхшаган кичкинагина, кўзлари ўйнаб тургангина, ўзи оқишдан келгангина бир қизни севиб қолди. У - Ҳамидахон эди. Мирзакалон ундан севги тўла кўзларини асло узолмас, ёнига бориб ишқ дафтарини очишга эса ҳеч ботинолмас эди. Қиз ҳам майлдор боқишлар ва жон олғувчи жилмайишлар билан йигитнинг севгисини ардоқлар, саҳнада ўйинга тушатуриб пинҳона ташлаган нигоҳлари билан унингсиз ҳам ёниб турган қалбини бешбаттар ёндирар эди. У ошиқликнинг кўзга кўринмас чайир иплари билан кун сайин маҳкамроқ боғланиб борарди. Қалби севгисини икки йил ўз бағрида пўпалаб ўстирди ва, ниҳоят, йигирма еттинчи йилнинг ёзги таътилида иқрорга келтирди. Мирзакалон билан Ҳамидахоннинг севгиси, майли ҳаммага ошкор бўлди. Бу севгини, бу бахтни кўролмаган, уларни бир-бирларидан айиришга ҳаракат қилган кишилар ҳам пайдо бўлди.
Уларнинг севгисига қаратилган ҳужум замирида маҳаллийчилик чўғи мавжудлиги миллат тақдири хусусида жон қайғурувчи йигитни тамоман гангитиб ташлади. Миллатни хароблик ботқоғига айнан маҳаллийчилик ботиришини у Ботунинг суҳбатлари орқали англаганди. Англагач, Билим юрти талабалари орасида айнан шундай хасталик борлигини билиб юраги эзилди. Тошкентлик фарғоналикни, самарқандлик хоразмликни, термизлик бухороликни кўролмаслиги уни афсус булути билан ўраб турарди. Бугун билим олиб, эртага халқни ғафлат уйқусидан уйғотиши лозим бўлган йигитларнинг бу аҳволи миллат келажагига қора парда тортаётгандай бўларди. Айнан шу хасталик билан оғриётган йигитларнинг ўзига ҳужум қилиб қолишларини эса ўйлаб кўрмаганди. Ҳа, шундай бўлган эди. Севгилари ошкор бўлгач, Яқуб деган йигит биринчи бўлиб бош кўтарди. Бир у эмас, яна кўпгина йигит бу қизга ошиқ эди. Лекин улар орасидан биргина шу Яқуб ҳужум қилишга журъат этди. У “Мен бу қизни севаман!” деб майдонга чиқмади,  номардлиги ҳам айнан шунда эди. Атрофига ўзига ўхшаган ўсмирларни тўплади-д: “Тошкентлик қизни андижонлик келгинди олиб кетаверадими?” деган даъво билан чиқди. Бу шунчаки пўписа эмас, икки севишган қалбнинг ишқига очилган уруш эди. Улар аввалига Ҳамидахонни Мирзакалондан қайтариш учун қизга хилватда насиҳат қилиб кўрдилар. Қиз аҳдида қатъий тургач, Мирзакалон қора хатжилдларда мактублар ола бошлади. “Ўликлар” деб имзо чеккан мактуб эгалари Ҳамидахондан даҳол воз кечишини талаб қилар, кечмагани тақдирда ўзинигина эмас, қавм-қариндошлари ва уруғ-аймоқларини ҳам битта қўймай қириб ташлаяжакларини ваъда этар эди. Бу аянч, айни замонда кулинч воқеа тез орада Билим юрти деворларидан ташқарига ёпирилиб чиқиб, “Ер юзи” деб номланган журналда “Ўликлар” сарлавҳаси остида оламга машҳур бўлди. Бу ҳам етмагандек, Москвада нашр этилувчи “Комсомольская правда” газетида ҳам эълон қилинди.
“Ўликлар” ўз номи билан ўлимга маҳкум эдилар, улар севишганларни бир-бирларидан айиролмадилар. Ҳамидахоннинг ота-онаси Мирзакалонни келгинди, уй-жойсиз, асранди деб қизини бермаганига, “Ўликлар” ҳар қадамда севгиларига тўсқин бўлганларига қарамай, Ҳамидахон икковлари бирга яшаб кетдилар. Улар ўзларини ғолиб ҳисоблаб, масрур эдилар. Бироқ... масъудлик  узоқ давом этмади. Улар учун ҳеч кутилмаганда комсомол ташкилоти бу масалани муҳокамага қўйди ва “шунча шов-шув кўтаргани учун” Мирзакалонни комсомолдан чиқарди. Шов-шувнинг асл сабабчиси, ишқ аҳлига суиқасд тайёрлаган “Ўликлар”нинг ташкилотчиси эса сувдан қуруқ чиқди.
Масаланинг бир ёқлама ҳал этилгани йигитни қаттиқ ранжитди. Оқшом чоғи юраги ёрилгандай бўлди-ю, севгани Ҳамидахон билан айтишиб қолди. Комсомолдан чиқарилиши кўнглини оғритгани билан бу ҳолни фожеа деб билмади. Бу ондаги жаҳонининг қоронғулиги мажлисдаги адолатсизликдангина эмасди. У ғанимлар қўлининг баландлигидан эзиларди. Ҳамидахоннинг уларга қарши қатъий бир гап айтолмаганлигини айб деб билиб, оғир гапларни айтиб юборишда тийила олмади. Ўша аразлашиш онларидан бери орадан ярим асрдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, Мирзакалон тилидан учган сўзлари учун ҳали ҳануз ўзини кечира олмайди. Ҳозир, боши ёстиқда, жони ажал ҳукмида эканида Ҳамидахоннинг келганини сезиб, ундан яна бир бор узр сўрашни истади. Аммо тили айланмади...
Ўшанда “Сени кўрарга кўзим йўқ”! деб юборган эди. Қайси шайтоннинг измида эди ўшанда бу тил?! Юзлари ширмондай чиройли севгилисига шундай дейиши адолатсизик, инсофсизлик эканини ўшандаёқ фаҳмлаганди. Лекин   ўша дамдаёқ айбига иқрор бўлишга йигитлик ғурури йўл қўймаган эди. Ҳамидахони эса... юм-юм йиғлаб, бир сўз ҳам демасдан уйига кетган  эди. Аҳмоқлик булоғидан сув симирган ғурур яна ўз ишини қилди: йигитнинг ўрнидан туришига, севгилисини ушлаб қолишига йўл бермади. Мирзакалон Ҳамидахонини икки кун кўрмади, ўзи ҳам ҳужрасидан чиқмади: одамларга кўринишдан уялди.
Истагингга етар экан қанотларинг синдими,
эй кўнглимнинг булбули?
Сенга қарши кулиб турган гўзал чечак тиндими,
ташладими бир йўли?
Ҳаво ёрган кўкрагингни севги ели тилдими
қон тўлами ҳар томон?
Кўзларингга айрилиқнинг ипларини илдими?..
шу қилиғи кўп ёмон.
Ё эркинлаб ҳидлагани бермайларми гулингни,
тўсаларми йўлингни?
Гул ўзими кўзларингдан кўзларини қочирди,
йўқликларга ёширди?
Шу юлинган парларинг-ла
учолмассан, йўқсил қуш,
У умидлар ҳавосидан
энди бир оз тубан туш!..
Икки кун давомида у устознинг шеърлари билан бирга бўлди. Гарчи  туркий миллатларнинг маънавий оталаридан бири ҳисобланган Абдулҳамид Чўлпон ҳазратлари у дамларда фақат шеърлари орқали таниш бўлса-да, шоирни ўзига устоз деб билар, унинг номини қалби тўрида ардоқларди. Атрофдаги воқеалардан кўнгли озор чеккан пайтларда устоз шеърларидан далда оларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди.  Уни икки кун ёлғиз қолди, демоқлик ҳам унча тўғри эмасди. Маънавий отасининг шеърлари бор экан, шогирдни воҳид демоқлик ножоиз.
Ҳужрасига шом қиронғилиғи бостириб кира бошлаганда сурмаранг самога дераза орқали қараб Ҳамидахонига  ғойибона бўзлади:
Йироқлашдим, узоқлашдим бир неча кун сендан,
ҳол сўраб кўр мендан,
Нега мунча оғир келди бу йироқлик менга,
англатайин сенга!
Чунки сенинг қаршингда мен айрилиқдан ўйламай,
кўзларингга тикилдим,
Ўзлигимга, борлигимга баҳо қўймай, санламай
ерга қадар эгилдим.
У кўзларинг тошқинида балиқ каби сузган мен,
айрилиқни ўйлайми?
Бошқа дунё, бошқа ўйдан боғланишни узган мен,
сенга қараб тўяйми?
Мана энди бир неча кун сендан йироқ қолдим-да,
қайғуларга кўмилдим.
Айрилиқда – қайғу ичра улушимни олдим-да,
кўзларингни хўп билдим!
Энди сенга кўнгил дардин буткул очиб берайми,
истайсанми сен шуни?
Истамасанг, қистамайман... олдин сени кўрайми,
сўнг айтайми мен уни?
Яхши... энди қанотимни ростлайин,
Учиб бориб олдин сени  топайин,
сўнг дардимни очайин!..
Дардини очмоқ учун бормади... Боролмади... Қизнинг ўзи келди. Учинчи кун оқшом ғира-ширасида, эшиги аста тақиллади. Юраги қинидан чиқиб кетаёзди: бу уни икки кундан бери интизор қилган таниш тиқиллаш эди. Ўрнидан сапчиб туриб, эшикни очди: остонада юзи сўлғин, ўзи ғамгин, кўзлари қизарган, қўлида рўмолчага ўроғлиқ бир нарса билан Ҳамидахон турар эди. Буюк шодлик билан ичкарига таклиф қилди. Кирди, аммо юзидаги сўлғинлик кетмади. Қовоқлари солиқ, даҳшатли бир қарор билан келгандек эди. Ўтирмади-ю, тик турганича гапирди:
-Мен... тушундим... мени кўрмасликка ҳаққингиз бор... мендан нафратланишга ҳақлисиз... чунки...  шунчалар шарманда бўлишингизга менгина сабабчиман... энди бу доғимни ўз қоним билан ювишга, сизнинг ҳузурингизда жон беришга келдим!-деди-да, рўмолчаси ичидан темир дастаси ялтиллаб турган қора “брауннинг” – тўппонча чиқарди.
Бу аҳддан, бу ҳаракатдан Мирзакалон довдираб қолди. Бироқ, тезда ўзига келиб, қизнинг тўппончани ўқталишини ҳам кутиб ўтирмай, кескин човут билан қўлидан тортиб олди. Сўнг энг ширин сўзлар билан юпатиб, ноҳақ хафа қилгани учун узр истади.  Гап орасида “тўппончани қаердан олдингиз?” деб сўраганида қиз титроқ лаблари билан “поччамники”, деб қўйди. Мирзакалон Қудратилло қорини яхши танирди. Лекин  уйида тўппонча сақлаши, айниқса, қурол сақлашдан мақсади унинг учун сир эди. Ўша куни бу сирни аниқлашга уриниб ҳам кўрмади. Кейинчалик бу тўппонча бошига бало бўлишини эса билмади. Узрҳоҳликдан сўнг соғинч қалблар таскин топди. Айрилиқ ўз совуқ гавдаси билан яна ораларига суқилиб киргудек бўлса, жафо кўрган томон қўлга олади, деган ўзаро ваъда ва қатъий қарор билан тўппонча Мирзакалонда  қолди...
Тўппончадан ўқ отилмади...

Тошкент, Дархондаги уч хонали уй.
1986 йил, 4 феврал, сешанба, соат 15.15.             

...Ҳозир, лабига сув томизилаётган пайтда, ўқ қарсиллаб отилгандай бўлиб, бемор сесканиб кетди. Юзига урилаётган таниш ва ёқимли нафас тинди. Аёлларнинг овозлари ҳам узоқлашди. “Кетди,-деб ўйлади, армон билан. Юрагидаги сўнгги томирлардан бири узилганини ўзи ҳам сезди. -Эндиги дийдор қиёматга қолди. Чақиришгани яхши бўлди, мени кўрди, армон қилмайди. Мен кўролмадим... Бултур учратганимда юзидаги ажинлари билан ҳам кўзимга чиройли кўринган эди. Йўқ... ажинларини сезмаган эдим... Юзи эллик йил аввалги чиройда эди... Ажаб...”
Шу пайт очиқ деразадан ёпирилиб кирган елвизак унинг юзини силаб ўтди-да, хона эшигини тарақлатиб ёпди. Бу овоздан уйдагилар ҳам чўчиб тушишди. Набираларидан бири шошилганича кириб, деразани ёпди.
Елвизакнинг бевошлиги туфайли барчани чўчитган бу товуш ўлим тўшагида ётган беморга қамоқхона темир эшигининг  қарсиллаб ёпилиши бўлиб эшитилди гўё. Бу товуш тотли хотираларини қувиб, уни яна ўша нимқоронғу, зах хонага қайтарди. Хонанинг захлигидан эти жунжикди. Оёқлари совқотди. Бу совқотиш қамоқхона захлигидан эмас, оёқни жон тарк эта бошлаганидан эканини у билмади.
“Ўзимдан ташқари бир дунё кўрдим...”

Бир соатлардан сўнг яна терговчи ҳузурида ҳисоб бериши лозимлигини эслаб, қўлига қаламни олди. Терговчи ундан Чўлпон ҳақида маълумот истаб эди. Бу талабни бажармай киришининг оқибати ёмон бўлишини фаҳмлаб, ёза бошлади:
“Йигирма саккизинчи йил Билим юртини битириб, мустақил ҳаёт оғушига отилдим. Мен Билим юртига соф юрак ва яхши тилак билан кирган эдим, аммо у менинг қалбимга миллатчиликнинг қора уруғини сепиб чиқарди. Баъзан, Билим юртида ўтган умримга ва у ерда олган таассуротларимга холис кўз билан қарасам, Билим юрти – темирчиликка, талабалар эса миллатчи-темирчи қисқичига олинган ва у хоҳлаган шаклга тушиш учун сандонга қўйиб болғаланаётган юмшоқ металлга ўхшаб кетади.
Республикада ўзбек ёзувини араб алифбесидан лотин алифбесига кўчириш тайёргарлиги бормоқда эди. Шу муносабат билан Маориф халқ комиссарлиги Самарқандда лотинлаштириш инструкторлари тайёрлайдиган уч ойлик курс очди. Комиссарлик мени ана шу курсга юборди. Самарқанднинг Қўшҳовузида жойлашган ушбу курсда уч ой ўқиб, уни йигирма саккизинчи йилнинг куз ойларидан бирида битириб чиқдим. Ғози Олим Юнусов, Фитрат, Қаюм Рамазон ва номлари хотиримдан чиққан яна бошқа миллатчилар бу ерда ҳам ўз кирдикорларини баҳузур давом эттирардилар. Ғози Олим Юнусов Шайбонийхон кабиларни идеаллаштирса, Фитрат Бедил каби мистик, Ҳусайн Бойқаро каби мустабид шоирларни адабиёт дунёсининг кўкларига кўтарар эди. “Лотинлаштириш инструкторлари тайёрлаш курси” деб аталган ва исми жисмига тўғри келмаган бу муассасада аслан миллатчилар тайёрланар эди.
Мен Самарқандда Ўзбек давлат нашриётидан болалар учун ёзилган кичик-кичик русча китобларни олиб, таржима қила бошладим. Бир куни Наим Саидий мени кўриб: “Чўлпон кўчирувчи ахтариб юрибди, хоҳласангиз учранг”, деди. Ўша вақт ўзбек адабиётининг ерида юрмай, кўкида учаётган Чўлпонни кўриш, унинг хизматини қилиш – менга катта мартаба кўринди. Мен дарҳол рози бўлдим ва, адресини олиб, ўша куниёқ Чўлпоннинг уйига бордим. У ҳам Қўшҳовузда, курсимиз биқингинасида турар экан. Чўлпон мени қабул қилди, тариф бўйича ҳақ тўлаяжагини айтиб, бир тутам қўлёзмасини кўчиришга берди. Бу қўлёзма араблар ҳаётидан олиб ёзилган “Расулий” номли романнинг ўзбекча таржимаси эди.
Шундай қилиб, мен Чўлпоннинг котиби бўлиб қолдим. Энди биз тез-тез учрашар, ишга оид, ишдан ташқари ҳориж масалалар ҳақида ҳам гаплашар эдик. Чўлпон, янги ёзган шеърларини баъзан ўқиб туриб, йиғлаб юборарди. Мен авваллари бу йиғиларнинг сабабига тушунмай юрсам ҳам, кейинча бу кўзёшларининг асл маънисини фаҳм қиладиган бўлдим. Кўчирувчилик вазифам кун сайин қариб борди. Чўлпон ҳам мен билан анча эркин гаплашадиган бўлди. Кунлардан бир кун Чўлпон одатдагича йиғлаб туриб, менга шу сўзларни айтди:
“Миллат хароб бўлди. Унинг энг муқаддас нарсалари: ҳурлиги, шаъни-шарафи қўлдан кетди! Ҳар қадамда юрагимиз қуш ҳадиги билан уради. Энди бизнинг вазифамиз, келажак авлоднинг вазифаси – миллатни шармандаларча қулликдан, ҳақорат ва хўрликдан қутқазиш бўлиши керак!
Чўлпоннинг йигима беш йил бурун айтган ва мен жумлама-жумла ҳозир эслай олмаган сўзлари асосан юқорида зикр этилган мақсадларни олдинга сурар эди. Аммо Чўлпон бу вазифани ўзи қандай бажараётганини, бошқалар қандай бажариши кераклигини айтмади. Мен ҳам сўраш даражасига кўтарилган етук “авлодлар”дан эмас эдим.
Курс тамом бўлди. Мен Тошкентга қайтдим. Аммо Билим юрти юрагимга сепган миллатчиликнинг  уруғини Чўлпон Самарқандда суғориб, ундириб қайтарди...” 
Мирзакалон бармоқларида оғриқ сезиб, қаламни қўйди. Юрагида ҳам санчиқ турди. Қамоқхонанинг ҳавоси суғуриб олиб ташлангандай нафаси сиқилди. Ўрнидан туриб, у ёндан бу ёнга юра бошлади. Боши айлангач, каравотига ўтирди. Кафтини пешонасига қўйди. Анчагача ҳаракатсиз ўтирди. Қамоққа олинганича дом-дараксиз кетган устозини эслаганда юраги ҳамиша безовта тепа бошлайди. Хаёлига эса устознинг сатрлари қуйилиб келаверади. Биринчи марта қамалганида ғалати ҳолат юз берган эди. Бундан ҳам торроқ, бунданда захроқ ва сассиқроқ камерада ёлғиз ўтирганида шеър ўқиш билан ўзига ўзи далда берарди.
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳаққи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайди оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?..
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка.
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?

Бу ҳам дардли, ҳам оловли сатрларни Ўшдаги етимхонада эканида, Тошкентга отланаётган кезлари ўқиб, дарров ёдлаб олган эди. Билим юртида ўқишни бошлаган кезлари бу асарга раддия сифатида шоир Ғайратийнинг “Тузалган ўлкага” деган шеъри газетада босилганини билди. Яна катта ёшли талабаларнинг ўзаро суҳбатларидан билди-ки, Чўлпон бир мажлисдан кейин Ғайратийга дуч келганида дебдики: “Ҳозир сенга ўхшаган комсомолларнинг замони куляпти. Кейинроқ бориб шарманда бўлишдан қўрққин”...
Биринчи қамалган кезлари устози ҳаёт эди. Боши узра туҳмат булутлари қуюқлаша бошлаган бўлса-да, ўзини дадил тутарди. Унинг шу матонати Мирзакалонга биринчи жазодан эсон-омон қутилиб чиқишида далда берган эди.
Турманинг бир кишига мўлжалланган хонасида хотирасига муҳрланган ўнлаб шеърларни такрорлай-такрорлай, ажиб бир қуйма сатрлар тизмаси ҳосил бўлганидан ўзи ҳам ажабланди. Ҳар бир шеърдаги юрак сингари безовта уриб турган икки-уч сатр ажралиб чиқиб, бир-бири билан қовушгач, гўё устоз билан мулоқот яратилгандай туюлди. Ўшандан бери йиллар ўтди. Бу мулоқот хаёлидан ўчмади. Урушнинг ҳалокатли кунларида ҳам бу сатрлар ҳамроҳ эди. Ҳозир, терговчи сўроққа чақируви  арафасида яна ўша суҳбати бошланди:
“Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг мотам бўлғонини билмайсан. Шодлик гули кўпдан бери сўлғонин ер остида пок руҳинг-ла сезмайсан. Белгисиз қабрингни қора тунларда амалимнинг шаъмин ёқиб изладим. Савол бердим: “Йўқотганим қайда?” деб ўзимни ҳам ютмоқ бўлган ерларга... хаёл, хаёл... Ёлғиз хаёл гўзалдир, ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман. Сездим сенинг кетганингни кўнгилдан. Кетган йўлинг йироқ йўлдир, кети йўқ. Қуриб ётган ариқларнинг кўзи сенда. Бош учида айланур бир тўп фаришта жимгина. Кимсасиз ерларда сирлар айтилди. Оғиз очсанг, йўқсил элни эзмакка, қон қилмакка ҳасратларинг кўп эрур. Ҳар сўзингни бир фаришта қанотига ёзадур. Айтмадинг, оғзингни юмдинг-да кетдинг...
Ўксиз кўнгил қуши тушди қафасга, сира етолмайдур эркин нафасга – қора кунлар тушди меним бошимга. Қип-қизил қон бўлиб кунлар ботадур, ёмон ҳидга тўлиб тонглар отадур – оғир кунлар тушди меним бошимга. Жаннат каби боғлар булбулсиз қолган. Осмон бўйи тоғлар қулунсиз қолган – қийин кунлар тушди маним бошимга. Ҳасратим кўп, элга айта олмайман. Армоним кўп, дилга жойлай олмайман – ўтли кунлар тушди меним бошимга.
Ҳеч жойдан мен кутган зарварақ чиқмади. Кўзимда оғир бир таслим нури бор – тутқун оталарнинг эркин авлоди. Нечун юзинг яна сўлғин, нечун узун ўйлар? Тун ёмон, тун қоронғи. Тун қўрқинч, тун азоб. Оҳ, йўллар қанча узоқдир. Ёзилмаганми бу тунлар сўнгида тонг отмак?
Бизнинг йўлимизда оғирлик сонсиз. Меним йўлларимда чўзилган тоғлар, қорга қўйин очган қатор довонлар. Кўзларим йўлларга тикилган чоғлар кўнгилда йўл юриш истаги қайнар. Ўзимга завқ ила судраган ҳамият!  Ўлимдан ўзгани кўрмаган ҳамият! Чарчаган, толган, умидсиз кўзларим тўймай қарар. Нечун очилди кўзим, қайга кетди уйқуларим?
Бир кеча худди бир йилдир. Сабрнинг косаси тўлгандир, бу оғир айрилиқ тўлдирган. Кўзларимда ҳар қайғудан бир йиғи, юзларимда алданишнинг белгиси. Турмушда, хаёлда... Турмушда, хаёлда... Ҳар бир нарсада ёлғиз алданишни кўрган бир банда. Ўйланган ўйларга кўнгил юпанмас, кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас. Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар? Эҳ, кўнгил, янги дардлар тағин сени ёқажак. Қилич синган, қалқон тешилган. Темир кишанларнинг даҳшати еди. Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку?! Ҳар етим кўзда томчи-томчи заҳар, ҳар фақир уйида инграйиш ва йиғи. Ҳар сориғ юзда сўнгги шуъла сўнар, ҳар томон, ҳар тарафда бир қайғи. Меним уйимми қора ёки юрт кўкида булут? Қиличнинг тилларида қизил қон.
Ўзимдан ташқари бир дунё кўрдим. Кўм-кўк экан, сарғайдилар япроқлар – оғриқ, мағлуб, тутқун  Шарқнинг юзидек. Бўронларнинг кўзлариким, ўйноқлар ғолиб Ғарбнинг қонга тўлган кўзидек. Бу боқчада гул кўп эди – сўлди амалимдек. Энди турмушимда ойдин кечлар йўқ. Бу қафаслар ичида қачон тонг отар? Кулган бошқалардир, йиғлаган менман. Эрк эртакларини эшитган бошқа, қуллик қўшиғини тинглаган менман. Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?
Дилларимда ғам тўла бечораларга ёрман, вақти хуш, ғам кўрмаганлардан тамом безорман. Йўқ ишим ҳоким, амалдор, шоҳу ҳоқонлар билан! Ҳақиқий бирликка шунда йўл бурдим. Чарчаган қанотим куч сезди. Кўнглимга алам олдим, қўлимга қалам олдим – яна жонланмакчиман! Ёзаркан, қаламим на ҳазин англар. Етар, бас, чекдан ошгандир бу қарғиш, бу ҳақоратлар. Тўлуғдир, балки тошгандир тубанлик ва сафолатлар.
Қўлимда сўнгги тош қолди, кўнгилда сўнгги интилмак. Кўзимда сўнгги ёш қолди, кучимда сўнгги талпинмак.
Қўзғолиб кетганингни бир кўрсам. Янги нашидалар дилга битилди. Ёлғон хаёлларга кўчиш йўқ энди. Кўнгил шу чоққача тирикми эди, жоним кўклардами, тандами эди? Ўзимда бир турлик эркинлик сезаман. Кўклам билан юртимга ҳам бир кўкариш келсайди. Кўнглимдаги сўнг умидим йўқ этма.
Улуғ, қаттиғ ағдаргувчи бир кураш, ё бор бўлиш, ё йўқ бўлиш, йўқ яраш! Ҳайвонларга, инсонларга золим эга бўлмай қолмас. Фақат эркин виждонларга эга бўлмоқ мумкин эмас!
Узоқ, оғир йўлга чиққан йўлчиман, тўхтасам – сўнгги тинимда тўхтайин. Мен юртимнинг пок истакли кучиман. Йўқ, ўлим йўқдир! Бир ўчиб, сўниб, яна ёниш бор. Чунки мен кўрдим, кўриб қолдим керакли белгини. Энди ҳар нафасда яна куяман, фақат Мажнун бўлиб элни суяман. Унга ҳурмат билан бўйин эгаман, бошимни ул учун дорга қўяман!..”

Қамоқхона. 1952 йил, 21 август.
Устоз билан мулоқотини темир эшик дарчасининг шарақлаб очилиши, сўнг соқчининг “Исмаили, на виход, к следователю!” деган амри бузди. Эшик очилгач, ёзганларини олиб даҳлизга чиқди. Соқчи эшикни ёпгунига қадар  девор томонга мутелик билан қараб турди.
Терговчи унинг баёнини ўқиб, қошларини сал чимирди. Сўнг арзимаган қоғоз сингари столи устига ташлаб қўйди-да:
-Исмоилий, сен менга велосипедни қайтадан ихтиро қилиб бермоқчимисан?-деди.
-Мен билганларимни ёзяпман,-деди Мирзакалон паст товушда. Терговчининг қош чимириши яхшилик аломати эмаслиги маълум бўлгани учун гапни кўпайтирмади. У терговчининг уриб юборишидан ёки тепиб қолишидан қўрқмасди. Калтак зарби оғриқ бергани билан ўткинчи бир ҳол. У ўзини ҳимоя қила олишга журъат этолмаганидан, хўрлик азобидан қийналарди.
Терговчининг қош чимириши алдамчи эдими, ҳар нечук муштлари ишга тушмади. Маҳбусга тикилиб турди-да:
-Наҳот Чўлпон ҳақида билганларинг шуларнинг ўзи бўлса?-деди.
-Орадан кўп вақт ўтди...-деди Мирзакалон овозини баландлатмай.
-Ҳа, жуда кўп вақт ўтди,-деб тасдиқлади терговчи.-Лекин вақт ҳамма нарсани ўчириб ташлашга қодир эмас. Масалан, нима учун романнинг муҳокамасини эсламадинг?
-“Кеча ва кундуз”ними?
- Унинг фақат битта романи бор шекилли?
-Ҳа, биттагина,-деди афсус билан Мирзакалон.-Лекин романнинг муҳокамасида мен йўқ эдим.
-Ёзувчилар союзидаги муҳокамада бўлмагандирсан. Лекин сени уйига олиб кириб ўқиб бермаганми? Эслашингга ёрдам берайми? Сен уни доҳий Сталин ҳайкали яқинида учратгансан.
-Ҳа,-деди Мирзакалон иложсиз одамнинг эзгин товуши билан,-ўтиб кетаётган эдим, тасодифан кўришдим. “Романнинг муҳокамаси ҳақида фикринг қандай?” деб сўрадилар. Мажлисда иштирок этолмаганимни айтиб, узр сўрадим. “Ие, ундай бўлса юр, сенга ўқиб бераман”, дедилар. Йўқ дея олмадим.
-Қизиқ, у катта ёзувчи бўлса, сен “кичкина ёзувчи” деган номдан ҳам узоқ бўлсанг? Нега айнан сенга ўқиб бергиси келди? Эҳтимол, сени ёш ёзувчи эмас, маслакдош сифатида қабул қилгандир?
Терговчи нозик жойидан илган эди, Мирзакалон  баёнида шунга яқин айбни бўйнига олгани сабабли терговчининг фикрини рад этолмади:
-Шунақа бўлса керак.
-Роман миллий маҳдудлик руҳида эди, Совет Иттифоқига қаршилик руҳи жўшиб турарди. Бундай асарлар ёшларга мойдек ёқади, шундай эмасми?
-Шундай-ку... лекин роман тарихий мавзуда эди, мен унда сиёсатни эмас, барбод бўлган муҳаббатни кўрган эдим.
-Хўп, балки  сен рост айтаётгандирсан. Унда бизларни у кимга ўхшатган?
-Сизни?- Мирзакалон бу саволдан ажабланди, терговчининг мақсадини фаҳмлай олмади.
-Китобда ёзилган қанжиқ юзидан чачвонини олмаганда унга нима дейишади? “Ахир юзингни итлардан яширмайсан-ку, булар ҳам шу-да!” демайдими?
-Айнан бундай дейилмаган.
-Буни биламан, мен гапнинг маъносини айтяпман.
-Бу бир персонажнинг гапи, ёзувчининг ақидаси эмас. Бадиий адабиётда бу кўп учрайди. Айниқса Лев Толстойда.
-Менга адабиёт дарсини ўтмай қўя қол. Сенга ҳайрон бўляпман, Исмоилий, кеча айбингга иқрор эдинг, бугун миллатчининг ёнини оляпсан.
-Мен сиёсий айбимга иқрор бўлганман. Чўлпоннинг миллатчилигини тан оламан. Лекин адабиёт бошқа нарса.
-Бекор айтибсан!-Терговчи овозини баландлатиб, унга ғазаб билан тикилди:-Бекор айтибсан!-деб яна такрорлади.-Адабиёт бошқа нарса эмас! Сен буни яхши биласан. Бўпти, бу масалани ҳозирча очиқ қолдираман. Сен менга биринчи қамалишинг сабабларини ёзиб кел. Нима эди: “АҚД”ми? Ўша пайтдаги терговда минг марта такрорлаган гапларингни ёзиб овора бўлма. Менга янги гап керак. Балки “АҚД” билан “Ундирком” ўртасида узилмас занжир бордир? Ўша занжирнинг ҳалқалари кимлар? Шу саволга аниқ жавоб керак.  Энди жўна, жонимга тегдинг!
Назортчи кўрингач, Мирзакалон қандай мутелик билан кирган бўлса, ўшандай аҳволда бош эгиб чиқди.
Тун яримлади. Кечалари терговга чақирилаверилганидан қуш уйқусига қаноатланиб қолганди. Шу сабабли ётгани билан уйқуси келмади. Терговчи яна эски гапни кавлаяпти. “АҚД” ҳақида тўлиқ маълумотни берган. Ўша йиллари ҳам яширадиган сир қолмаган эди. Аслида, яширишга арзийдиган маҳфийлик ҳам йўқ эди.

“Дўст”лар...

Ўқишни давом этдириш учун Ўрта Осиё Давлат университетининг Шарқ факультетига кирган, айни замонда Юсуф Тоҳирийнинг таклифи билан у илмий мудирлик қилиб турган Ўзбек ишчилар факультетида она тили дарси ўқитиб юрган кезлар эди. Ўттизинчи йилнинг илк баҳор кунларидан бирида кечқурун факультетда ўқиб турганида Фозил деган ўртоғи келиб, уни ҳилватга чақирди-да, колхозлаштириш муносабати билан қулоқлар кўтарган тўпалонни пеш қилиб, жим туриш мумкин эмаслигини, бу зўрликка қарши курашиш кераклигини айтди. Мирзакалон ундан қандай курашишни сўраган эди, Фозил уюшиш, ташкилот тузиш лозимлигини билдирди. Мирзакалон дўстидан гумонсирамаган бўлса-да, бу каби фитналар тез-тез учраб тургани сабабли дарҳол розилик бера қолмади. “Ўйлаб кўраман”, деган баҳона билан бу таклифни рад этди.
Фозил кетди. Лекин бутунлай кетмади. Орадан бир неча кун ўтгач,  факультетга келиб, “уюшайлик!” деб, Мирзакалонни яна қистади. Мирзакалоннинг “Қандай бўларкин?” деб ижирғанганини кўриб “Биз ёлғиз эмасмиз!” деди. Мирзакалон яна кимлар борлигини сўраганида Абзал билан тил бириктириб қўйганини, керак бўлса, бошлаб келажагини айтди. Мирзакалон бу сафар ҳам рўйхуш бермаганидан кейин, Фозил учинчи марта энди Абзал билан келди ва икковлашиб унинг розилигини олдилар.
Биринчи марта қамалганида ҳам, ҳозиргисида ҳам бу воқеани баён қила туриб “Мен ана шу кундан тортиб Совет давлатига, совет халқига қарши жинояткорона кураш бошладим”, деган иқрорномани ёзиб берган эди. Терговчи яна шу масалага қайтяпти. Мақсади аён: унга янги номлар керак. Мирзакалон янги номларни қаердан олади? Айб уларнинг ўзларида: фитнани охирига етказишда шошилишди – ўзларининг иғвогар одамларидан ташқари ҳеч ким бу ташкилотга қўшилишга улгурмади. Ҳозир аниқ эслолмайди, ўша ўттизинчи йилнинг май ёки июн ойлрида эди шекилли, Фозил, Абзал, Қурбон – тўртовлон бўлиб шаҳар боғида тўпланишиб, уюшиш ҳақида шу ерда қатъий қарорга келдилар. Ташкилий мажлисни хотин-халаж бўлмгани учун Мирзакалоннинг уйида ўтказадиган бўлдилар. Орадан бир ҳафта ўтмай яна уч ўртоқ Мирзакалонникига келиб, ташкилий мажлисни бошлаб юбордилар. Мажлисни Абзал, котибликни Фозил зиммаларига олдилар. Мажлис кун тартиби катта эмасди: ташкилотнинг номи; ташкилотнинг мақсад ва мароми; ташкилотнинг олдида турган энг яқин вазифалари; ташкилий масалалар.
Ташкилотнинг номи устида узоқ тортишув бўлмаган эди. Совет Конституциясида “СССР ўз ихтиёрлари билан уюшган миллий республикалар иттифоқи” дейилган модда бўлгани учун, “ўз ихтиёри билан чиқиши ҳам мумкин”, деган қарор билан ташкилот номини “Асосий Қонун Дўстлари”, қисқаси – “АҚД” деб қўйишга қарор қилинди. Ташкилотнинг мақсад ва мароми эса  Ўзбекистонни СССРдан ажратиб, унинг тупроғида Туркия сингари буржуа-демократик давлати қуришни ўз ичига олди. Ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига миллатпарвар ёшу қарини бу кураш йўлига тортиш, маориф ва маданият идораларига ўз одамларини кўпроқ жойлаштириш орқали мактаблар ва маданий муассасаларда ўз ғояларини кенгроқ ёйиш, варақалар нашр этиш,  бирон чет эл капиталист давлати билан алоқа боғлаб, ундан моддий ва маънавий ёрдам олиш киритилган эди.
Янги аъзолар масаласига ўтилганда Фозил дабдурустдан “Биринчи галда Чўлпон ва Юсуф Тоҳирийларни жалб этиш керак”, деб қолди. Кейин бу таклифини изоҳлади:
-Чўлпон барчаларимизнинг маънавий отамиз. Ташкилотни у бошқарса, халқ унга эргашади. Юсуф Тоҳирий ҳанузгача хотинини паранжи остида тутади. Сингилларининг ҳам руҳоний отаси таъсиридан қутқариш чорасини кўрмайди. Демак, эътиқоди мустаҳкам, миллатпарвар одам. Бизга шундай одамлар жуда керак. Бу икки кишини тортишни Мирзакалонга топширайлик. Чунки у Чўлпонга котиблик қилган, мақсадимизни тўғри тушунтира олади. Юсуф Тоҳирий билан эса бирга ишлайди.
Бу таклифни эшитиб, Мирзакалон ўйланиб қолди.
-Гапим ёқмадими?-деди Фозил.
-Ёқишга ёқди. Агар ташкилотимизни  устоз бошқарсалар нур аъло нур бўларди-я! Лекин Юсуф Тоҳирийни тортиш... Кўнмасалар керак. Чунки, хотинларини паранжида сақласалар ҳам сиёсатга аралашадиган тоифадан эмаслар. Тоҳирий – маърифатпарвар одам, сиёсатчи эмас.
Чўлпонни ташкилотга тортиш ғоят муҳим ва шарафли вазифа экани яна таъкидлангач, Мирзакалон бу таклифни рад этолмади. Кейинги мажлисга қадар вазифани бажаришга ҳаракат қилажагини билдирди. Лекин улар билан бу ҳақда суҳбатлашишга улгурмади, кейинги мажлис ҳам бўлмади. Бу фитнани ўйлаб топиб, амалга ошираётганларни каттароқ раҳбарлар шоширишди шекилли.
Бир куни Фозил шошилиб келиб Чўлпоннинг Тошкентда эканини, Ғози Олимнинг уйида меҳмон бўлиб турганини айтиб, бирга бориш қистади. Чўлпон Фозилни танимас, нотаниш йигит иштирокида сиёсий масалада суҳбатлашиши ҳам гумон эди. Мирзакалон буни айтса ҳам Фозил “Мен четроқда тура тураман”, деб ёпишиб олди. Бордилар. Аммо Чўлпон йўқ экан.
Эртасига, аниқ эсида – йигирма учинчи сентябр куни Мирзакалон уйида дарс тайёрлаб ўтирган эди. Фозил яна йўқлаб келди. Қават-қават газетага ўралган оқ “наган”ни кўрсатиб:
-Беркитиб қўяйлик, ишимизга ярайди,- деди.
-Нега бу ерга олиб келдингиз, ўзингизникига беркитсангиз бўлмасмиди?- деди Мирзакалон норози қиёфада.
-Сизники хилват, шу ерга яширсак яхши бўлади. Сиз қўрқманг, бу тўппонча бузуқ, биров сизга даъво қилолмайди. Вақти келганда тузаттириб ишга соламиз,-деди Фозил.
Мирзакалон унга ишонди. “Дўстим менга хиёнат қилиши мумкин”, деган гумон уйғонмади.  “Наган”ни ўтинхонага яширдилар. Фозил зарур ишлари борлигини баҳона қилиб, шошилганича чиқиб кетди. Орадан икки соат ўтмай, “орган ходимлари” кириб келишди. Биринчи берган саволлари қурол ҳақида бўлди. “Қуролларни ўзинг топиб берасанми ё бизларни қидиришга мажбур қиласанми?” дейишгач, Фозилнинг  шошилиб чиқиб кетиши сабабини англади. Ўзини оқлашга уриниш нодонлик эканини ҳам фаҳмлади. “Ҳамонки, мен дўст деб юрган одам хиёнаткор экан, уни ҳимоя қилишимдан манфаат йўқ”, деган қарорга келиб, аввал ўтинхонадаги “наган”ни, кейин Ҳамидахонидан олиб қўйган оқ “брауннинг”ни олиб берди. Ажабки, Фозил “наган”ни бузуқ деб ишонтиргани билан, тўппонча ишга яроқли, мойлаб, тозаланган жанговар ҳолатда эди. Аксинча, Ҳамидахони ўзини ўлдириш учун олиб келган “брауннинг” яроқсиз, ҳатто занглаб кетганди.
Сўроқ жараёни бир йилга яқин давом этди. Изтиробли кунларнинг чеки йўқдай туюлганди. Ҳозирги қамоқ азоблари олдингисига нисбатан бешбаттар ёмон бўлса-да, у кунлар исканжасида кўпроқ қийналганди. 1931 йилда “АҚД” юзасидан бўлган тергов тамом бўлиб “Иш”и “тройка” деб номланувчи уч кишилик ёпиқ суд ҳайъатига юборилганда, Мирзакалонни “Тошкент ДПЗси” деб аталувчи қамоқхонага иккинчи марта чиқариб қўйдилар. У умумий камерага жойланган эди. Борган кунининг эртасига камера эшигида Сиддиқ Ходиевга дуч келиб қолди. Саломлашиш ўрнига у Мирзакалонга:
-Мен қачон сизларнинг ташкилотингизга аъзо эдим?-деди нафрат билан. Мирзакалон, ҳақиқатан ҳам, унинг “АҚД”га аъзолигини билмас эди. Елкаларини учириб:
-Қайдам?-деди ва бу туҳмат билан бошқалар ҳам қамалганини англади.
Ўшанда терговчи талаб қилган уйдирма  гапларни ёзиб бермаган эди.  “Тройка” судида ҳам “АҚД”нинг бир неча кунлик тарихи бўйича билганларинигина сўзлаганди. Энди, орадан йигирма йил ўтгач, нималарни ёзсин? Нима деб ёзса, терговчининг кўнгли ўрнига тушади? Қамоқдан чиққанидан кейин  Фозил билан учрашганини ёзсинми?
Бу кунни унутиб бўлмайди. Мирзакалон ҳали қамоқда ўтирганидаёқ озодликка чиққанида Фозил билан қандай кўришишини, унга нималар дейишини кўп ўйларди. Ҳар ҳолда Фозил осмонга учиб чиқиб кетмагандир. “Тоғ тоғ билан учрашмайди, аммо одам одам билан учрашади”, дейишганидек, қамоқда ўлиб кетмаса хиёнаткор дўсти билан учрашиши тайин. Хўш, учрашган онида уни урсинми, тепсинми ё хумордан чиққунича сўксинми? Ўйлай-ўйлай бу режаларнинг барчаси пуч эканига ишонч ҳосил қилади. Энг тўғри йўл – индамаслик. Агар одамийлик либосидан тўлиқ чиқиб кетмаган бўлса, виждони қийналади. Хиёнаткор учун энг одил жазо шу! Ўч олиш режасидан кечган Мирзакалоннинг хаёлини “Фозил менинг қамоқдан чиқиб келишимни, менга рўпара бўлишини ҳеч ўйлармикин?” деган муаммо ҳам банд қилиб турарди. Ҳаётда бевафолик кўп, хиёнат кўп, адолатсизлик ҳам кўп. Бевафо, хиёнаткор, зулмкорлар ёмонликларини онгли равишда қиладилар. Айримлари фош бўлган тақдирларида ўзларини оқловчи баҳоналарни ҳам тайёр қилиб қўядилар. Баъзилари эса бу ҳақда ўйламайдилар ҳам, ўзларини  оқлаш чораларини изламайдилар ҳам. Мирзакалонни қизиқтирган нарса: Фозил қай тоифага кираркин? Шунча йил дўст бўлиб юриб, унинг феъли атворини кузатмагани, юрагидаги қорани сезмагани учун у фақат ўзини айбларди.
Қамоқдан кейинги учрашув кутилмаганда юз берди. Шаҳарнинг марказий кўчаси гавжум эди. Мирзакалон Давлат нашриётига бораётган эди. Ҳашаматли дўкон ёнидан ўтаётганда Фозилга қўққисдан учраб қолди. Фозил хотини Сорахонни Европа маданияти таомилига кўра, қўлтиқлаб олган эди. Мирзакалон у билан кўришмаслик учун ўзини бошқа ёққа бурмоқчи бўлди, лекин вақт кўчган эди. Юзма-юз келиб, кўришишга мажбур бўлди. Фозил оп-оқариб кетди. Юрагининг қаттиқ ўйнашидан Мирзакалоннинг ранги ҳам ўзгарди. Бир неча дамгача нафаси бўғзига тиқилиб, айтарга сўз тополмай қолди. Ажабо, нега бундай бўлди? Бунинг сабабини ўзи ҳам билмайди. Фозил хотинини жўнатиб юбориб, Мирзакалон билан бир муддат қолди. Унинг топган гапи шу бўлди:
-Ҳар бир коммунист шундай қилиши керак, иложим йўқ эди.
Бу гапдан Мирзакалоннинг ғаши келиб, уни сўз билан чимчиб, юлиб олмоқчи бўлди:
-Ўлдириб қўйиб, “кечирасиз, мен сизни ўлдириб қўйдим”, қабилидами?
-Нега? Мен сизни тўғри йўлга солдим,-деди Фозил Мирзакалонни қалтироқ босганини кўриб. Унинг бу сўзларини Мирзакалон риёкор кишининг тилёғламалиги сифатида қабул қилди-да, истеҳзо аралаш ништарлаб деди:
-Тўғри     йўлга – қамоқ орқали!..
Ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ эди. Фозил ярашиш учун қўл узатди. Мирзакалон жавобсиз қолдирмади. Хайрлашиш пайтида Фозил қаттиқроқ у эса секинроқ қўл сиқишдилар.
Эртасига эрталаб Фозил Мирзакалоннинг уйига кириб келди. “Ҳозир камҳаржсиз, шуни ишлатиб туринг”, деб пул узатди. Мирзакалон қатъий рад этгач, пулни каравот устига ташлаб, чиқиб кетди. Ҳовлига чиқа туриб ўтинхона тарафга қараб олди. Бу Мирзакалонга ғалати туюлди. “Қилган ишини эслаб, пушаймон бўлди шекилли”, деб ўйлади. У ўзини гуноҳкор деб сезиб, гуноҳини шу пул билан ювмоқчимиди ёки “адашганингда сени тўғри йўлга солиб юборган эдим, қийналганингда ҳам мушкулингни осон қилиш дўстлик бурчим”, демоқчи эдими – Мирзакалон бу ҳақиқатнинг тагига ета олмади.
Кейинги қамалганида терговчи “АҚД”ни эсга олганида дўсти билан қай ҳолда учрашгани билан ҳам қизиққан эди. Шунда Мирзакалон “Мен уни ҳозир қулаб ётганим ҳалокат жаридан ўша йиллариёқ астойдил қутқазишга интилган соф кўнгилли дўстим деб эмас, аксинча, қабиҳ миллатчилик жиноятларимизни фош қилиб, бизни душман қўлига тутиб берган хоин деб билар, ўзидан, сўзидан, юзидан нафратланардим. Ўша дамда адашиб, хато қилганимни кейинроқ англадим...” деган эди. Бу иқрорига терговчи ишонмадими? Унга яна қанақа гап керак? Мирзакалон уни кечирган эди. Урушдан кейин уйига келиб-кетиб юрарди. “Ундирком”дан ҳам хабари бор эди. Наҳот эски хиёнаткорлигига қайтди? Ахир “ундирком”дан сиёсий маъно қидириш кулгили-ку?
Берлиндан қайтгач, “Қизил Ўзбекистон”да бир йил ишлади.  Кундузи уйга бориб дам олиш, овқатланишга кўп вақт фурсат бўлмасди. Бошқалар учун иш вақти тугаганда масъул котибнинг босмахонага доир вазифалари бошланиб, газета саҳифаларидан қуйма қолип олингунга қадар озгина бўш вақти бўларди.  Шу вақтдан фойдаланиб, редакция ходимлари самоворхонада ташкил этган ошхўрликка бориб турарди. Мирзакалон асли паловхўрлар тоифасидан бўлгани учун, Мелиевнинг гапи билан бу тўпга қўшила қолган эди. Уларнинг давраси Риқси Соҳибов, Ҳолбек Ёдгоров, Баҳром Раҳмонов, Абдулла Олимжоновдан иборат эди. Раҳмат Файзий, Акмал Пўлат, Аҳмад Исмоилов оралаб қатнашишарди. Адҳам Раҳматов билан Хотам Икромовлар редакцияда бўлганларида товоқ атрофидаги ўринларини сира бўш қўймас эдилар. Салоҳ Ҳасанов бошчилигидаги ходимларнинг ўз давраси бор эди. Бу ошхўрликларда ким қандай мақола ёзгани, газетада қандай яхши ё саёз мақола босилгани, бугун ким қандай мақола топшириши лозимлиги, босилган шеър, фелъетон ёки ҳикоянинг сифат ва фазилати ҳақида сўзлашиш билан бирга аскиялар, ҳазил латифалар ҳам айтилиб туриларди. Сиёсат билан боғлиқ жиддий гапни биронталари тилга олмас эдилар. Бу ошхўрликлар масъул редактор Шароф Рашидовнинг қулоғига етиб бориб, “чойхонадаги ўтиришларни битириб, керак бўлса уй-уйларингизда маданий равишда гурунг қилинглар”, деб тайинлади.
Шундай қилиб, чойхонадаги санқишларга барҳам берилди-да, ҳар ўн беш кунда бир марта тўпланиш шарти билан навбатма-навбат бир-бирлариникига борадиган бўлдилар. Бу ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатдан “гап”нинг ўзи эди. Урушдан соғ-саломат қайтиб келгани ва масъул секретар бўлгани учун биринчи зиёфатни Мирзакалоннинг зиммасига қўйдилар. У қабул қилди. Кимларни чақириш масаласини эса рўйхат тузиш билан ҳал этдилар. Гап ташувчи, чақимчиларни даврага қўшмадилар. Ҳар соҳада ҳамиша бўлганидек, Худо  бу идорани ҳам чақимчилардан қисмаган эди. Шулардан бири ҳақида ўзларича латифа тўқиган ҳам эдилар.  Редакцияни “гуллатиб” юрган чақимчи шу қадар уйдирмачи, ёлғончи ҳам эканки, агар у бир кун биров устидан редакторга кириб иғво қилолмаса, яъни баҳона тополмаса, ўзининг устидан иғво қилиб бўлса-да, шу кунги иғвогарлик нормасини бажариб олар экан. Шу одамга “Ленин учқуни” газетаси редакторлигини таклиф этибдилар. У “қачонгача “Қизил Ўзбекистон”да масъул секретарликка орзуманд бўлиб юраман, кичкинароқ бўлса ҳам ҳар ҳолда “редактор” деган номи бор”, деб аввал розилик берибди. Кейин ўйлаб қараса, чақимчилик қилиш учун газетада ўзидан катта одам бўлмас экан. Ана шундай қилиб, азбаройи чақимчиликдан ажраб қолмаслик учун, редакторликдан воз кечибди!
Хуллас, саралаб-саралаб, улфат давраси туздилар. Навбатма навбат зиёфат давом этаверди. Бу ўтиришларга уй эгаси редакция ходимларидан ташқари ўзи хоҳлаган кишиларни ҳам чақирарди. Шу туфайли бу улфат маданият аҳлининг ширин даврасига айлана борди. Шоҳида Мағзумова ва Олим Хўжаев каби артистлар, академик-шоир Ғафур Ғулом,  шоир Ҳамид Ғулом, ёзувчи Саид Аҳмад иштирок этган давралар ғоят қизиган эди. Саид Аҳмаднинг ичакузди ҳикоялари, рақсга тушиб кетиши давра чиройини янада очарди. Бу ўтиришларда советга қарши гап айтиш учун фурсат ҳам йўқ эди. “Ундирком” деган гап эса учинчи ё тўртинчи зиёфатдан кейин чиқди. Мирзакалон, ундан кейин Баҳром Раҳмонов, Акмал Пўлат ҳеч кимга ялинтирмай, қистаттирмай, белгили кунда зиёфатларни қилиб бердилар.  Навбат Абдулла Олимжоновга келганда у “пулим йўқ” деб туриб олди. Ана шундан кейин бу номард улфатдан зиёфатни ундиришга тўғри келди. Бунинг учун ортиқча заҳмат чекишга тўғри келмади. Мирзакалон  қанча пул кераклигини сўраган эди, у “минг сўм”, деди. Мирзакалон  Гальдонининг “Икки бойга бир малай” пьесасини Ҳамза театрига таржима қилиб бергани учун олган қалам ҳақининг бир қисмини сақлаб қўйган эди. Шарт туриб, пўлат сандиқдан минг сўм чиқариб берди.    Ана шунда Абдулла Олимжонов кулиб юбориб, ҳазиллашди:
-Оббо Мирза акаей! Қўймадингиз, ахири ундирдингиз-а! Ундирком, ундирком!-деди.
Ўша ондан бошлаб Мирзакалоннинг даврадаги лақаби “ундирком” бўлиб қолган эди.
Мана энди бу ҳазил  “бир юмалаб” сиёсий маъно касб этибди-ю, “Совет Иттифоқига қарши иш олиб борувчи сиёсий ташкилот”га, Мирзакалон эса бу комитет раҳбарига айланибди. Тинтув пайтида уйидан чиққан Вали Қаюмхоннинг сурати бу даъвони исботлайдиган ягона далил эди. “Ундирком” ҳақидаги гапни терговчи тилидан дастлаб эшитганда Мирзаклон кулимсираб қўйиб, русчалаб тушинтирганди. Орадан ойлар ўтяпти, терговчи буни тушунишни истамайди. “АҚД” билан “Ундирком”ни сиёсий занжир билан боғлашга зўр бериб уринади. Мирзакалон унга бу занжирни ясаб бериши керак...
Терговчи занжирнинг айрим ҳалқаларини ўзича топган.
Шуларнинг бири Вадуд Маҳмудий эди. Мирзакалон у билан қамалган куни  ички турма камерасида танишган эди. Қўрқув исканжасида кириб келган йигитни кутиб олиб, далда берган бу зиёли одам ўз тақдиридан сўз очиб “Мен қандай миллатчи бўлай? Мен ўзбек эмас, тожик бўлсам! Мени ўзбек миллатчиси деб айблаётирлар”, деганди. Сиёсий гапларни деярли тилга олмай, тарихдан, диний мазҳаблардан сўзлаб ўтирарди. У билан суҳбатларда Мирзакалон қамоқхонада эмас, шарқшунослик институтининг ўқув хонасида ўтиргандай ҳис қиларди ўзини. Вадуд Маҳмудийнинг гаплари билан ўша пайтдаги терговчи ҳам кўп қизиқди. “Давлат тўнтаришига қандай тайёргарлик кўраётганини сўраб, бил”, деган топшириқни ҳам берди. Бу топшириқни бажармагани учун Мирзакалон тепки ҳам еди. Йигирма йилдан сўнг бўйнига яна туҳмат сиртмоғини ташлаб бўғаётган бу терговчининг дарди ҳам шу. Йигирма йил муқаддам Вадуд Маҳмудий давлат тўнтариши ясашни ўйлаган бўлса ўйлагандир. Бунинг учун қамоқда ўтириб чиқди. Буларга яна нима керак?
Мирзакалон буларнинг ўтмиш билан қизиқишлари сабабини қанча ўйламасин, топа олмаётган эди. Ўтмишда бир қармоққа илинганларни яна қайта қамаётганлари асоссиз эканини билганлар ҳам мўм тишлаб туришарди. Бунинг асл сабабини эса кўпчилик билмасди. Гап шундаки, урушдан кейин ғарбий ўлкаларда, Болтиқ денгизи бўйидаги жумҳуриятларда “Советларга қарши унсурларни”, уруш йиллари  фашистларга хизмат қилган ёки ҳайрихоҳ бўлганларни ушлаб қамаш авжига чиқди. Табиийки, Москвадаги юқори идоралар қайси жойда, қанча одам қамоққа олингани ҳисобини қилиб турганлар. Янада табиийки, жойлардаги ходимларнинг қандай жонкуярлик ва фидойилик билан ишлашлари қамалганлар сони билан баҳоланарди. Украинада ҳар ой бир неча минг душман қўлга олиниб, қамалганда Ўзбекистонда бу рақам бир неча юзни ташкил қилгани, бу ердаги ходимларнинг сустлигидан далолат сифатида баҳоланарди. Бу паст баҳодан қутулишнинг бирдан бир йўли эса -  қамаш бўйича рақамларни талаб даражасига етказиш эди. Бунинг энг осон йўли аввал қамалганларни яна бир элакдан ўтказиш, сўнг эса “Совет ҳокимиятининг олижаноблигига шукр қилиш ўрнига яна жиноий ҳаракатларини давом эттираётганликлари учун” қамоққа тиқиш эди.
Қамоқ камерасида ўтирган Мирзакалонга, нафақат унга, балки юз мингларча жафокашларга бу оддий ҳақиқат қоронғу эди. Ажабки, орадан йиллар ўтгач ҳам қоронғулигича қолаверади.
Мирзакалон ўзини зўрлаб бўлса-да, “АҚД” тарихини қайтадан ёзди. Аввалги маълумотларга ҳеч қандай янгилик қўшмади. Ошхўр улфатларнинг ҳазили туфайли юзага келган “ундирком”га  сиёсий либос кийдиришни хаёлига ҳам келтирмади. Шу “ундирком” баҳонасида бегуноҳ ошхўрларнинг жазога тортилиши мумкинлигини билгани учун ҳам ҳар бир сўзни ёзишда эҳтиёт чорасини унутмади. Гарчи, терговчи Александр Александрович ўзбек тилини билмаса-да, унинг ҳар бир  ҳарф нима экан, ҳар бир белгини кавлаштириб, сиёсий хато топиб берадиган ёрдамчилари борлигини билмаслик нодонлик бўлур эди.
Беш тун тинч ўтди. Мирзакалонни сўроққа чақирмадилар. Терговчи касалмиди, ё сафарда эдими ё муҳимроқ иш билан бандмиди, ҳар ҳолда бу кунлар ва тунлар мобайнида унинг ёзаётган иқрорномаси билан  қизиқмади. Мирзакалон унинг йўқловини кутмай, баёнини давом эттирди. Терговчи дастлабки сўроқ кунлари унинг урушдаги иштирокини “ватанпарварлик бурчини бажариш” деб эмас, фашистларга асир тушиб, хорижга қочиб қолишга баҳона эди, деб баҳолаганди. Сталинграддан то Берлинга қадар босиб ўтилган мингларча чақирим йўл давомида фашистлар томонга ўтиб кетишга мингларча шароит туғилган пайтларда нима учун ўтиб кетмагани билан қизиқмади. Терговчи учун айбноманинг мантиққа асосланган бўлиши шарт эмасди. Унинг учун муҳими – маҳбус айбномага иқрор бўлиши ва ўзининг малъун эканини асосли равишда исбот қилиб бериши шарт эди.