Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва қасос. Владимир Икскул - 5-қисм
Facebook
Номус ва қасос. Владимир Икскул - 5-қисм PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва қасос. Владимир Икскул
2-қисм
3-қисм
4-қисм
5-қисм
Ҳамма саҳифа
Тун. Ҳамма уйқуга  кетди.
Қўшни хонада пристав хуррак отяпти. Фақатгина Саиднинг онасигина мижжа қоқмай, ўғлининг ёнида ўтирибди. Саид ярим тунда ўзига келди. У ўғлига казакларнинг эрталаб кетажагини, Габо топилмаса овулга жарима солинишини айтиб берди.
Буни эшитиб, Саид ҳаяжонланди.
- Она, Габо шу тун чиқиб кетиши керак…Энди бу ер хавфли. Биз пристав билан урядникни лақиллатдик. Ўзимизникиларни алдаш қийин. Унга менинг милтиғимни беринг, қанча имкони бўлса, шунча ўқ олсин. Нон билан пишлоқ беринг. Сўрини суринг. Тўхтанг, мен турай.
Саид қийналиб ўрнидан турди. Деворга суянди. Она сўрини суриб қопқоқни очди. Габо юқорига чиқиб, Саидга кўзи тушди.
- Саид, сенга нима бўлди?.. Тобинг йўқми?
Саид жавоб бермай дўстига маънодор қаради. Унинг қарашида ҳам қувонч, ҳам мағрурлик порлар эди.
- Жувонмарглар! Бечорани шу аҳволга солишди, - гапга қўшилди она сўрини жойига суриб қўйгач. - Лекин у сенга содиқ қолди,  чурқ этмади.
Унинг сўзларида мағрурлик ва ёвга нисбатан нафрат бор эди. Кампир Габонинг йўлига олволиши учун овқат тайёрлагани чиқиб кетди.
- Саид!
Габо унга яқин келди.
- Саид!
У бошқа сўз айтолмай қолди. Шунинг ўзи Саид учун катта мукофот эди. Габонинг бутун миннатдорчилиги ана шу бир сўзда ифодаланганди:
…даҳшат, қаҳру-ғазаб, миннатдорчилик, ҳамкорлик….
- Габо, - деди Саид, - эсингда борми, сен менинг бўркимни ўғирлаганингда мен орқангдан қувган эдим. Ўшанда ишонмаган эдинг. Энди менга ишонасанми?
- Ҳа, ишонаман. Мен бир умрга сеникиман.
Саиднинг туришга қурби етмасди. Гандираклаб бориб сўрига мук тушиб ётди.
- Яқинроқ кел, гаплашиб олайлик.
Габо тиз чўкиб, милтиғини олдига қўйди. Тирсагини сўрига тираб, дўстига энгашди.
- Габо, сен шу тунда бу ердан кетишинг керак. Сенинг бошинг учун катта пул ваъда қилишган. Агар сени тутиша олишмаса, овулга уч юз сўм жарима солишади. Бу ерда қолишинг хавфли. Менинг Қабардада бир укам бор. У князь Арасбиевникида ўрмончи бўлиб ишлайди. Исми Мурод Пшабоев. Мана бу узукни берсанг, мен юборганимни билади. Қўлидан келган ёрдамини аямайди.
Саид бармоғидан қандайдир тилда турли ёзувлар ўйилган эски олтин узукни чиқариб, Габога берди. Габо чап қўлининг бармоғига  солди.
- Раҳмат, Саид! Агар Парвардигор менга ҳаёт инъом этса, сенга худди ҳозиргидай яқин бўламан. Мен учун еган калтакларингнинг изи юрагимдан ҳеч қачон ўчмайди. Агар куним битгудай бўлса, шундай ўламанки, сен мен билан фахрланасан. Саид, мен сен билан фахрланаман. Худо каромат қилгай. Мен шундай ўлай-ки, болалар, болаларнинг болалари ҳар доим Саиднинг туғишган укаси Габонинг қандай ҳалок бўлганини эслаб юришсин!
Бу орада Саиднинг онаси кириб, қопчиқ келтирди. Габо уни елкаси оша ташлаб, кампирдан безовта қилгани учун кечирим сўради.
-Габо, тонг отишига оз қолди. Тезроқ бўл. Тонг отмай овулдан чиқиб олишинг керак. Менинг милтиғимни ол, ана осиғлиқ турибди. – У деворга ишора қилди. – Сенинг милтиғинг тозаланмаган, ўқинг ҳам оз. Уни шу ерда қолдир. Қанча хоҳласанг, шунча ўқ ол. Ўқлар жавонда.
- Саид, биласанми… - у бошқа сўз айтолмади.
- Биламан, Габо, биламан.
Габо Саиднинг милтиғини олиб, унинг ўрнига ўзиникини илиб қўйди. Кейин бели ва елкаси оша ташланган камар-ўқдонни ўқлар билан тўлдирди.
- Хайр, Габо!
- Хайр, Саид…
Улар сўнгги бор бир-бирларининг кўзига хотиржам ва жиддий қарадилар. Габо Саиднинг қўлини маҳкам қисиб, эслади: У Саидни биринчи бор кўрганда ҳам унинг кўзлари мана шундай соф туйғу билан боқар эди. Саид ўз қасамига содиқ қолди.
У эшик олдида орқасига қаради…
Габонинг назарида Саидга яна бир бор қараши туфайли қалбида дўст сиймоси чуқур из қолдириши керак эди.
Очиқкўнгил Саид меҳр билан жилмайди.
Габонинг кўнгли орзиқиб кетди. Назарида дўстини қайта кўрмайдигандай туюлди. У тиз чўкди-да, Куара берган узукни чиқариб, Саиднинг бармоғига тақиб қўйди.
- Саид, агар мен ўлсам, Куарага уйлан. Унга бу менинг сўнгги хоҳишим эканини айтиб, узукни кўрсат.
- Габо… Габо!
Саидни аллақандай қарама-қарши туйғу чулғаб олди.
У Куарани бутун қалби, кавказликлар қони билан севарди. У тутинган укасига хиёнат қилмаслик учун Куарадан воз кечган эди. Куара яна унинг ҳаёт йўлига қадам босяпти!
- Йўқ.. .йўқ. Аллоҳ умрингни узоқ қилсин, - деди у ҳаяжон билан.
Габо тезгина уйдан чиқиб, қоронғуликда кўздан йўқолди.
«Саид мени қутқараман деб шунчалар азоб чекибди». Бу фикр унинг қулоқлари остида тинимсиз жарангларди. Габо бўркини қандай ўғирлаганини, унинг дўстлашиш учун қувиб етиб олганини, унга ишонмаганини, Саиднинг ишонтира олганини эслади. Мана энди… Энди Саид дўстини қутқараман, деб азоб чекиб ётибди.
Габо Россияни тарк этишни хаёл қилди. У катта денгизнинг нариги бетидаги мамлакатга боради. У ерда ҳеч ким унинг қандай жиноят қилганини суриштириб ўтирмайди. Габо у ерда янги, ҳалол ҳаёт кечиришга аҳд қилди. У фабрикада ишлайди. Кейин Куарани чақириб олади. У ўзининг катта, кучли қўлларига қаради.
- Ўзим билан Куарани боқишга менинг қурбим етади.
Шарқ томон оқариб қолган эди. Габо буни кўриб, хавотирланди. Унинг ажойиб хаёллари хуркак мушук каби бир зумда тарқади. Кундуз куни адирда юра олмайди, бутун овул бўйлаб Саидникига қайтиш ҳам мумкин эмас.
У овулдан ярим чақирим нарида, нок дарахти ёнида бир вақтлар мурдалар кўмиладиган дахма борлигини эслади. Кундузи ўша ерда беркинади. Кечаси йўл юради.
Овулнинг чўпони бугун уйида эмас,  Кота деган бир семиз беванинг уйида тунаган эди. Улар яқинда никоҳ ўқитишади, деган миш-мишлар юрарди. Қоронғуда уйига қайтаётганида овул кўчасида қуролланган одамнинг қорасини кўзи илғаб қолди.
- Бу ҳамма қидираётган Габо эмасмикин? - деган фикр миясида ярқ этди.
Чўпон Габонинг изидан тушиб, унинг илоҳий нокка яқинлашганини, кейин дахмага дераза оша кирганини кўрди.
Тун қоронғулиги ўрнини салқин тонгга бўшатиб берди. Ҳали кунчиқар томонда шафақ кўринмас, аммо ғира-шира осмон билан адир ажралиб турарди.
«Беркинган одам Габо бўлиши керак, - қарор қилди чўпон. - У энди йўлга фақат кечаси чиқиши мумкин. Унинг бошига бериладиган уч юз сўм пул мен билан бева Котага жуда асқотади».
У бир қарорга келиб бўлди. Чўпон Габонинг ёшлигини, унинг ботирлигини хаёлига ҳам келтирмади. Унинг виждони қочоқни ҳимоя қилишга чорламади. У қочоқни сотишга уялмади. У уч юз сўм пулга эга бўлишни истарди.
Чўпон оқсоқолникига йўл олди. Ҳали ҳамма ухлаб ётарди. У отларни иккита ёрдамчи болага қолдириб кутди. У ҳовлида у ёқдан бу ёқа юрди, айвон зинасига ўтирди, охири чидай олмай деразани тақиллатди.
- Нима гап? – деди оқсоқол уйқули овозда. - Ким у?
Чўпон кимлигини айтди.
- Намунча эрталабдан келмасанг, сенга нима керак?
Оқсоқол деразани очди.
- Жуда муҳим иш, жуда муҳим, - чўпон ён-атрофга аланглади. – Мен қочоқнинг қаерга яширинганини биламан.
- Тўхтаб тур-чи, мен ҳозир чиқаман, - деди секингина оқсоқол, кейин деразани ёпиб, ҳовлига ошиқди.
- У қаерда?
- Аввал менга уч юз сўм мукофот тегиши тўғрисида тилхат беринг. Кейин айтаман.
Оқсоқол ярим пулни ўзиники қилиб олмоқчи эди, бўлмади. Чўпон қайсар чиқди.
- Агар менга бу пулларни беришмаса, қочоқнинг олдига бораман. Сотмаганим учун менга минг сўм беради, - қўрқитди чўпон.
Оқсоқол овул бошига солинадиган жаримани ўйлаб ён берди.
- Яхши, мукофот сеники бўлди. Қочоқ қаерда?
- Аввал тилхат беринг, кейин Габо яширинган ерни кўрсатаман.
Оқсоқол кетди. Бир неча дақиқадан сўнг тилхат билан қайтди.
Тилхатни чўпонга берди. Чўпон уни камзулига авайлаб солиб, оқсоқолга яқинлашди:
- Илоҳий нок остидаги дахмада,-деди сирли равишда пичирлаб.
Оқсоқол ўйланиб қолди.
«Яхши ҳамки, пристав билан казаклар ҳали шу ерда. Бугун қуёш бир киши учун эмас, бир қанча одам учун сўнгги марта нур сочади».
Оқсоқол чўпонга уйма-уй юриб, барча эркакларни бошқармага тўплашни буюрди. Нима гап эканлигини зинҳор айтмасликни таъкидлаб, ўзи приставнинг олдига йўл олди.
Габо эса ҳеч нарсадан хавфсирамай тезроқ тун бўлишини кутиб, дахмада ўтирарди. У ўзини бу ерда хавфсиз сезди. Бу ердан одамлар чўчишар эди. Шунинг учун ҳам уни бу ердан излашмайди.
Бир неча соатлардан сўнг дераза оша ичкарига бир ниманинг сояси тушгандай бўлди. Габо ўрнидан туриб, атрофга қаради: бир бола дарахтни пана қилиб писиб дахма томон келарди. «Жосус!» ўйлади Габо. Милтиғини олди, бироқ шу заҳотиёқ яна жойига қўйди.  Болани отишга қўли бормади.
Габо тинчини йўқотди. Хавотирга тушиб, дераза ошганича ташқарига чиқди. Атрофга назар ташлади. Унинг қаршисида жанубда бепоён адир. Ғарб томони ҳам адир, охири кўринмайди. Шарқ томони овул. Шимол томони эса… У шошиб орқасига қараб олди-да дахмага қайтди.
Пристав бошлиқ казаклар билан бир неча ингуш катта доира шаклида дахмани ўраб олишди. Улар юриб келишарди. Улар бугун отишма бўлишини яхши билишарди. Оқсоқол дахманинг фақат жанубида дераза борлигини айтгани учун ҳам улар шимол томондан яқинлашиб келишарди.
Габо буни пайқаб қолиб, сотишганини тушунди.
«Қандай қилиб қочиб қутилиш мумкин?»
Казаклар билан ингушларда от бор. Унда эса йўқ. Қолаверса ҳозир қиш, ҳаммаёқ қор. Ёз бўлганда баланд ўтлар орасига беркинарди. О, қани энди тунгача чидашнинг иложи бўлса…Йўқ, имкон бўлиши қийин.
Габо куни битганини сезди. Ўз-ўзига «бошқа йўл йўқ!» деб далда берди. Энди у шундай ўлиши керак-ки, Саид унинг номи билан фахрлансин. Кечалари гулхан атрофида болалар, уларнинг болалари бир-бирларига Габо Явзико ўғлининг қандай ҳалок бўлганини айтиб беришсин. У Саид учун қасос олишга, ҳаётини қимматроққа сотишга қарор қилди.
«Мен у дунёга якка ўзим кетмайман. Анча-мунча одам менга ҳамроҳ бўлиб, Габо Явзико ўғли келаётганидан хабар беради». Габо қўлига милтиқ олиб, дахмадан чиқди. У рақибларига дадил қаради.
Унинг мардона туриши йигитлик жасорати, Қофқаз ботирлари гўзаллигининг тимсоли эди: елкалари кенг, баланд бўйли, қомати келишган, қора папоғи сал орқага ташланган, кенг пешонаси очиқ, кўзлари жонсарак. Бу кўзларда ёшлик қаҳрамонлигининг ўти бор. Унинг бу туриши шу топда афсонавий баҳодирларни эслатади. У ўнг оёғини сал олдинга ташлаб, милтиқ тепкисини босишга тайёр ҳолда ушлаб турарди. Габо деразадан мўралаган боланинг приставга алланималарнидир айтиб, қўли билан у томонни кўрсатганини, приставнинг бош қимирлатганини, сўнг болани кетказиб юборганини кўрди.
Овул томонда яна отлиқлар кўринди. Улар бир қатор тизилиб, тезроқ дахмани ўраб олиш учун от чоптириб келардилар. Улар казаклар даврасига келиб қўшилишгач, отларини секинлатдилар. Қуролларини бошлари узра силкиб, қабилаларининг ҳарбий шиорини қичқириб айтдилар.
Габонинг атрофини  ўраётганлар доираси бирлашди. Унинг қаҳрамонона ҳалок бўлишдан бошқа йўли қолмади. Габонинг лабларида заҳарли жилмайиш пайдо бўлди.
«Тириклайин қўлга туширишиб бўпти! Габо ўзини Сибирга ҳайдалиб, конларда иш азобида хўрланишига йўл қўймайди!» -деб ўйлади у.
Пристав Габо билан музокара олиб бориш учун олдинга чиқиб қўлини кўтарди.
- Габо, таслим бўл, сен қуршовдасан!
Габо таслим бўлмайди.
- Менга қара, пристав, ингушлар, сизлар ҳам эшитинглар: менинг сизларга қарши ҳеч қандай ёмон ниятим йўқ. Бизнинг уруғларимиз орасида ҳеч қачон  қон тўкилмаган. Нима учун мени ўлдирмоқчисизлар? Мени қўйиб юборинглар, ўз йўлимдан қолмай, энди бу ерларга ҳеч қайтиб келмайман.
- Йўқ, Габо, таслим бўл!
- Ҳа, шундай дегин, бўлмаса, мана бу Саид учун!
Габо мўлжалга олиб тепкини босди, пристав чап қўли билан юрагини ушлаб, эгардан йиқилди.
- Ўт оч! – буйруқ берди Ефимов. Габонинг атрофидан ўқлар ҳуштак чалиб ўтди. У милтиғини ўқлаб яна мўлжалга олди. Бу сафар Ефимов қулади. У бироз типирчилади-ю, кейин чўзилди.
Ёввойитабиат, жасур казак биттага камайди. Казаклар билан ингушлар тўхтовсиз отавердилар. Улар Габонинг аниқ мўлжалга олаётганини кўриб, яқинлашишга юраклари бетламади. Улар ёмон отардилар.
Габо илтижо қила бошлади:
- Ё Худо, мадад бер, ўзим йиқилгунча бу жангда яна бир нечтасини у дунёга жўнатай. Авлиё Георгий, яна бир нечасини отишимга ўзинг ёрдам бер.
Кейин у ўйлаб қолди: «Бу итлар яна мени қўрқаяпти, деб ўйламасин».
У қаҳ-қаҳ отиб  кулганича, «лезгинка»*га туша бошлади.
Казаклар ҳайратда қолиб, отишни тўхтатдилар. Ингушларнинг эса унга ҳаваси келди.
«Қаҳрамон сифатида ўлмоқчи», - дейишди тўпланганлар.
Габо ҳамон рақсга тушарди.
-----
*Лезгинка – кавказликларнинг севган рақси.


У ўлим олдида рақсга тушяпти.
Юзлаб милтиқлар унга ўлим кўзи билан олайиб қараб турибди.
Авваллари байрамларда, тўйларда унинг олдига тушадиган раққос бўлмас эди. Унинг ҳар бир ҳаракати қўшиқдаги сўзлар каби ҳис-ҳаяжонини ифода этарди. Унинг қиз атрофида айланишини зерикмай томоша қилиш мумкин эди. Энди у ажал билан рақсга тушяпти. У қўлларини узатиб, худди қадрдон овулида қоракўз гўзал Куара билан рақсга тушаётгандай ҳис қилди ўзини.
Куара!
Бирдан узоқдан ўқ овози эшитилди, енгил оқ тутун кўтарилди. Габо атрофидан ҳуштак чалиб ўтаётган ўқларнинг овозини эшитди. Шунга қарамасдан у «лезгинка»ни охиригача ўйнади.
Рақс тугагач, қаради-ки, ингушлар анча яқин келиб қолишибди.
У милтиқ ўқталди.
- Орқага!
Шу пайт ингушларнинг бири уни нишонга олаётганини кўрди. То у нишонга олгунча Габо тепкини босишга улгурди. Жонсиз ингушнинг қўлидаги милтиқ сирғалиб ерга тушди.
Яна отишма бошланиб кетди.
Тепаликка ярим овул тўпланди. Аёллар, қариялар, болалар бу тенгсиз жангни кузатишарди. Улар орасида Саиднинг сингиллари ҳам бор эди. Уларнинг бири кампир бериб юборган тугунчани кўтариб олган. Тугунчада Саиднинг милтиғига мос келадиган ўқлар бор. Кампирнинг ўзи бу ерга кела олмади. У алахсираб ётган ўғли олдида ўтирарди.
Габо эса бир ўзи икки юз-уч юз рақиби билан олишарди. Унинг ўқлари кўпинча бехато тегади. Шунинг учун ҳамон яқин келишга  казакларнинг юраги бетламайди.
Бир неча казак оғир яраланди, бир неча ингуш қонга беланди. Бироқ Габога ўлим яқинлаша олмаяпти. Фақат унинг ўқлари тугай деяпти. Душманларнинг айни муддаоси ҳам шу. У яна ҳам сергакроқ нишонга ола бошлади. Яна икки казак кўкрагидан ўқ еб эгардан йиқилди. Габо уларнинг жонсиз ётганини кўрди.
Бу орада Керик исмли ингуш орқадан келиб отди. Ўқ Габонинг ўнг тирсагига тегди. Энди унинг қўли кучсиз, синган эди. Габо ўгирилди-да, кўзлари ёнганича милтиқни чап елкасига олди. Чидаб бўлмайдиган оғриққа бардош бериб, ўнг қўлини кўтариб тепкини босди. Керик пешонасидан ўқ еб, бўшаган қопдай орқага шалвираб тушди.
Энди Габо секин ота бошлади. Милтиқни ўқлаш, тепкини босиш ундан кўп чидам, бардош талаб қиларди. Ундан ташқари сўнгги ўқини ҳам отиб тугатди. Шу пайт ҳавода тугунча кўринди-ю, унинг оёқлари остига келиб тушди. Саиднинг синглиси шимол томондан нок дарахтини паналаб келиб, онасининг топшириғини бажарган эди.
У тугунчани олиш учун эгилган ҳам эди-ки, аввал ўнг кўкрагига, кейин ўнг думбасига ўқ тегди. Кўз олди қоронғулашиб ўтириб қолди. У куни битиши яқинлашганини сезди. Габо авлиё Георгийга илтижо қилиб, у дунёга кетмай туриб яна бир душманини жаҳаннамга жўнатишга ёрдам беришини сўради. Унинг илтижоси ижобат бўлди.
Рақиблар унинг яраланганини сезиб, тобора яқинлаша бошлашди. Ефимовнинг дўстларидан бири, ўртоғи учун қасос олиш ниятида, қилич яланғочлаб, ярадорга эҳтиётлик билан яқинлашарди. У ярадорни чопиш учун қилич кўтариши билан Габо кўзини очди-ю, милтиқ билан ўзини тўсди, кейин қўндоқ билан унинг бошига шундай зарб билан урди-ки, казак тил тортмай жон бера қолди.
- Авлиё Георгий ўзингга шукур! – шивирлади Габонинг лаблари.
Габо ҳушидан кетаёзгани учун ўзидан ўзи уялди. У юришни истарди. Милтиқни ўқлашга эса унинг қурби етмасди. Шунинг учун уни кераксиз юкдай четга ташлаб, ханжарини қинидан суғурди. Габо оқсоқланиб, халойиқ тўпланган тепалик томонга юрди.
Наҳотки у ҳали ҳам қутулишни ўйласа?
Яна унинг атрофидан ўқлар ҳуштак чалиб ўтди.
Бирдан унинг ўнг қўли ихтиёрсиз юқорига кўтарилди. Унинг жағига ўқ теккан эди.
Габо яна ўтиришга мажбур бўлди. Бироқ унинг чап қўли ханжарни маҳкам ушлаган. Кўзлари душманга ғазаб ва нафрат билан боқарди.
Керикнинг акаси от чоптириб келиб, Габонинг икки кўзи ўртасига қилич солди.
Ғиринг деган товуш чиқмади. Габонинг кўзларига қон тўлиб, кўр бўлди.
Яна бир ингуш от чоптириб келиб қилич солди. У Габонинг чап қулоғи билан бошининг чап томонини учириб кетди.
Саиднинг сингиллари дугоналари билан бирга фарёд солиб, Габони ҳимоя қилгани ташланишди. Лекин казаклар йўл беришмади. Отишмада қатнашганларнинг ҳар бири Габонинг қонга бўялган танасига ханжар санчишни истар эди.
Ҳали ундаги ҳаёт нишонаси сўнгани йўқ. Унинг ханжар ушлаган чап қўли худди душманига ҳамла қилаётгандай аста қимирлаб қўйди.
Керикнинг акаси баланд товушда деди:
- Саиднинг тутинган укаси Габо қаҳрамонларча ҳалок бўляпти, - у шундай деб Габонинг ботир юрагига ханжар санчди.
Габо энди ҳеч нарсани кўрмайди ҳам, эшитмайди ҳам. Аммо сўнгги сўзларни эшитди. Шунинг учун ҳам унинг юзида мағрур кулгу қотиб қолди.
Ингуш унинг ўнг қулоғини кесиб, қонли қасос олганининг нишонаси сифатида чўнтагига солиб қўйди.
Явзиконинг ўғли Габо ана шундай ҳалок бўлди.
ххх
Саид ҳали ҳаёт. Уни ҳамма ҳурмат қилади.
Габо ҳалок бўлгач, унинг бойликларини кавлаб олди. Бу бойлигини қофқазликларга, агар шунга лойиқ бўлишса, қайси қабилага мансуб эканига қарамай, ёрдам беришга ишлатади. Айниқса, у билим олмоқчи бўлган ёшларни кўп қўллаб-қуватлайди.
Саид Куарага уйланди. Кўп фарзанд кўрди.
У қора кўз, чиройлигина катта ўғлига Габо деб исм берган.
Саид Габонинг укаси Муҳаммадга алоҳида меҳр қўйган. Муҳаммад эса унга содиқлиги билан жавоб беради.