Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва қасос. Владимир Икскул - 2-қисм
Facebook
Номус ва қасос. Владимир Икскул - 2-қисм PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва қасос. Владимир Икскул
2-қисм
3-қисм
4-қисм
5-қисм
Ҳамма саҳифа
Ҳамма Габонинг жавобини кутарди. У турди:
- Аввало муҳтарам отахонлар, бизни деб шу ерга келганинглар учун раҳмат. Саидга ҳам раҳмат. Саиднинг мени укаликка сўраганидан фахрланаман. Мен у билан қасам қадаҳини бўлишиб ичишга тайёрман.  Саиднинг тутинган укаси билан фахрланадиган даражада яшашимга, қасамга содиқ бўлишимга Худонинг ўзи ёрдам бергай. Номусни жонимдан юқори қўйишимда, то  сўнгги нафасимгача укалик бурчимга содиқ қолишимда Яратганнинг Ўзи  куч ва ирода бериб, марҳаматини аямагай!
- Омин! - ҳамма бир овозда уни қўллади. – Қасамингга содиқ бўлиб қолишингга Аллоҳнинг Ўзи кўмак бергай!
Энди Саид Теспот ўғли ўрнидан турди.
- Габо, менга ука бўлишга розилик берганинг учун миннатдорман. Бугун ичажак қасамимга содиқ бўлишимга Аллоҳнинг ўзи нажот бергай. Бизнинг тақдиримиз энди бирлашди: сенинг ғаминг  менинг қайғум, сенинг қувончинг- менинг шодлигим, менинг уйим-сенинг уйинг, менинг ака-укаларим – сенинг оға-иниларинг!
- Омин! – ҳамма бир овоздан дуо қилиб,  унинг қасам сўзларини қувватлади. – Аллоҳнинг Ўзи қасамингга содиқ бўлиб қолишингга кўмак бергай!
Аҳмад Хатшаш ўғли туриб тоғ шарбати тўлдирилган қадаҳни Саидга узатди. Саид қадаҳга олтин танга ташлади. Сўнг Аҳмад дуо ўқигач,  икки одамнинг то ўла-ўлгунча бир-бирига содиқ бўлишларига нажот беришини Аллоҳдан сўраб, қадаҳни Габога узатди. Габо қисқагина дуо ўқиб, у ҳам умрининг охиригача қасамга содиқ қолишида Худодан нажот сўради. Дуодан сўнг ичимликдан бир қултум ютиб, Саидга узатди. Саид ўнг қўлида қадаҳни ушлаб, то  қабрга киргунича Явзиконинг ўғлига содиқ бўлишида Яратгандан нажот тилади.
- Агар мендан   заифлик устунлик қилиб сотқинлик ҳақида ҳатто ўйлагудай бўлсам, менга қувват бер, бугун даргоҳингда қабул қилаётган қасамни бузмасликка нажот бер!
Саид қадаҳдан бир хўплаб яна Габога берди. Габо охиригача ичгач, олтин тангани олиб, яшириб қўйди. У бу тангага қўй сотиб олиб, кейинги сафар Саид қариндошлари билан уйига борганида сўйиши керак эди.
Саид билан Габо шу зайлда тутинган ака-ука бўлишди.
Кечқурун Саид Габони адирда сайр қилишга таклиф этди. У қари нок дарахти олдига бориб, унинг пойида азиз-авлиёларга сиғиниб, Куарани хотинликка сўрамоқчи эди. У қалбида Куара ёқиб қўйган севги оловида қовурилаётганини Габога айтиб бермоқчи эди. Габо қандай қилиб бўлса ҳам уни Куара билан яқинлаштириши керак.
Улар кенг овул кўчасидан жимгина ўтиб боришди. Атроф кимсасиз бўлса ҳам, Саид бу ерда юрак розини айтишдан ийманди. Адирга чиққач айтарман, деб ўйлади. Овулдан чиқишаётганда Габо сўз бошлади:
- Саид, сен энди менинг тутинган акамсан. Сендан яширадиган сирим йўқ. Ҳеч кимга ишонмаган сўзларимни биринчи бўлиб сенга айтаман. Саид, мен уйимнинг бекаси бўла оладиган қизни топдим.
«Мен ҳам», деб ўйлади Саид. Унинг кўз олдига рангдор кўйлакли мағрур гўзал келди. Унинг севги шаробидан маст бўлган қалби қизга интилди.
- Мен уни кўпдан бери севаман, - деб давом қилди Габо, - шу қизни деб баъзан кечалари ўлжанинг пайига тушаман. Мен унинг маликалардан аълороқ яшаши учун шароит яратиб беришим керак.
«Куара ҳам меникида ана шундай шоҳона шароитда яшайди», ўйлади Саид.
- Мен хазина тўплаб, кўмиб қўйганман.
- Қаерда? – деди Саид. У нимани сўраганини ўзи ҳам билмасди. Хаёлини қорасоч гўзал ўғирлаган эди.
- Билиб қўйганинг яхши. Хумча олтин - кумуш, қимматбаҳо тошларга тўла. Агар мен уларни қазиб олишга улгурмай ўлсам, сен уни топиб, ота-онам, хотинимга ғамхўрлик қиласан.
Габо хазина беркитилган жой қаердалигини билдирди.
- Сен айтганингдай қиламан, - деди Саид, кейин қўшиб қўйди, - Аллоҳ сенга тани-соғлиқ бериб, умрингни узоқ қилгай.
Улар овул аҳли муқаддас ҳисобловчи дарахтга етиб келишди. Юз ёшли бу баҳайбат дарахтнинг шохлари тарвақайлаб ўсиб кетган эди. Ривоятларга кўра, унинг шохлари орасида азиз-авлиёлар руҳи яшармиш. Улар ҳатто бедаво касалнинг уруғини қуритишга ҳам қодир эканлар. Дарахтга дуосиз яқинлашган одамнинг ҳолига вой. Дарахт сурхини кесиб олиб кетмоқчи бўлган одамнинг қолган умри ғам-андуҳда ўтади. Кимда-ким пайғамбар алайҳиссалом номини дуога қўшиб ўқигач, дарахт соясида ўтириб нокдан еса, унга ҳеч қандай бало кор қила олмайдиган бўлади. Дарахтга юзлаб жониворларнинг шохлари  илиб ташланган. Бу овчиларнинг иши. Улар эрталаб омад тилаб, азиз-авлиёларга ёлворадилар, кечқурун эса овнинг барорини бергани учун шукроналик белгиси сифатида шохларни илиб кетадилар. Касалдан ёки бирор ташвишдан қутилган одам эса Яратганнинг ўзига шукр қилиб, латта-лутталар боғлаб  кетади.
Шу ерда тўртбурчак деразаси жанубга қараган, тошдан ишланган мўъжаз мақбара  ҳам бор. Авваллари майитларни шу ерга кўмишарди.
Габо мақбарага яқин келиб, ичига қаради.
- Қўрқинчли жой, - шивирлади Саид.
Бу ерга жуда кўп мурдалар қўйилган. Девор томонларда тобутларнинг айримлари чириб, нураган: одам суяклари кўриниб турибди.
“Қочоқнинг беркинишига мос жой экан”  шивирлади ўзига ўзи Габо.
Саид илоҳий дарахт ёнига яқинлашди. Бўркини ерга ёзиб, тиз чўкди-да,  пешонасини тез-тез саждага қўйиб,  «Мени Куарага етиштир»,  деб  Аллоҳга ёлборди.
- Гўзалимга етиштир, тутинган укам менга ёрдам берсин. Аллоҳим, мени Ўзинг ҳимоя қил!
Саид турди. У  нажотга ишонар эди. Бу онда у хотиржам ва бахтли эди. Ҳатто хаёлан уйда хўжалик ишларини бошқараётган Куарани кўрди.
Саид илтижосини ниҳоясига етказди-да, кутиб турган дўсти ёнига келди. У айни дамда ўзини ниҳоятда саодатли ҳис этди, назарида қуёш ҳам одатдагидан бошқачароқ эди. У Габо билан қасам қадаҳини ичди. Энди унинг ботир, номусни ҳамма нарсадан юқори қўювчи тутинган укаси бор. У қўшниси Куара билан учраштиради.
“Бахтимга етишишимга нима қаршилик қилади?», хаёлан сўрайди у ўзидан.
- Саид сендан илтимосим бор эди, - унинг хаёлини Габо бўлди, - икки-уч кундан сўнг вақт топиб бизникига бор. Тутинган акам сифатида отам билан бирга қўшнимиз Тселлагоникига чиқиб, Куара билан мени фотиҳа қиласизлар.
Саид лол қолди. Кимдир унинг бошига гурзи билан ургандай гаранг бўлди. Кўз олди қоронғулашди. Дастлаб у Габонинг сўзларини  фаҳмлай олмади. Зўр қийинчиликлар билан ўзини ушлаб, босиқлик билан сўради.
- Куара рози бўлармикин?
- Ҳа! – Габо бахтиёр жилмайиб, Саидга узукни кўрсатди, - Буни Куара тақдим қилди. Совчи юборишимга ҳам розилик берган.
Саиднинг қалби қоп-қора тун оғушида қолди. Унинг ҳаётини безаб турган нарсани Габо бир сўзи билан тортиб олди. Қалбини чил-чил парчалаб юборди. Куарага бўлган севгиси тинчлик бермаётган қалбда унинг гўзалини тортиб олаётган одамга – тутинган укаси Габога нисбатан нафрат уйғонди. Йўқ, у биринчи кунни бўркини тортиқ қилгандай, Куарани ҳам шундай бериб қўя қолмайди!
Шамол саҳродаги қумларни тўзитганисимон, Саиднинг хаёли оламида ҳар хил аламли фикрлар сузиб юрарди.
«Ханжар билан бир мартагина урса бўлди. Унинг гўзал Куарасини тортиб олувчи одам йўқ бўлади» дейди унга шайтон васваса қилиб.
Бу фикридан Саид қўрқиб кетди. Ранги оқарди.
«Бугун ичган қасамимга содиқлигим шуми? Йўқ, йўқ, Габо ҳеч қачон Куарани севишимдан хабар топмайди!»
У секингина деди:
- Яхши, мен фотиҳа тўйингга бораман.
Саид уйга кўнгли чўккан бир аҳволда қайтарди. Унинг қалби энди аламдан, ғамдан ёнарди. Шундай бўлса ҳам ўзини тутиб Габога сир бой бермади, ҳоли қолишни истади.
Уйга келишганда Тагаурслик меҳмонлар қайтишга ҳозирлик кўриб қўйишганди. Саид уларни кузатиб қўймади. Одатга хилоф бўлса-да, шу топда кузатишга қурби етмасди. Майли, одамгарчилиги йўқ экан,  дейишса дейиша қолсин.
- Габо, мени кечир, сени кузатиб қўя олмайман.
Меҳмонлар кетишгач, Саид хонасига кириб ичдан қулфлаб олди. Қайғу аламини ичига ютиб, ўз ғамига ўзи қовурилиб ётди.
Унинг қалбидаги муҳаббатни ҳеч кутилмаганда укаси тортиб олди. У эса… укасига ханжар кўтаришни ўйлади-я!
Парчаланган муҳаббат қийноғига виждон азоби ҳам қўшилди. Биринчи куниёқ қасамни бузишига оз қолди. Йўқ, буни ҳеч қачон кечиролмайди! Саид бу гуноҳи учун ўзини ўзи жазолаши керак!
Тагаурскка, фотиҳа тўйига боради. Кейин Куаранинг маликалардай шоҳона турмуш қуриши учун Габога кўмаклашади. Габо ўзи билмаган ҳолда акасининг қалбини жароҳатлаб қўйди. Саид бундан кўп азоб чексада чидайди.
Бир неча кундан сўнг Тагаурскка, фотиҳа тўйига борди. Куара билан Габони фотиҳа қилиб қайтди. Шундан сўнг Саид индамас бўлиб олди. Кеч кириши билан юраги орзиқади. Тунлари уйқусиз. Кўз олдида узун қора сочли гўзал гавдаланади халос. Уни ҳаяжон қамраб олди. Унинг қарғиш теккан, кўмиб қуйган муҳаббати яна бош кўтараётган эди. Саид титраб кетди. Кўз олдида Куара гавдаланиши билан укасига нисбатан номуссизлик қилаётгани учун виждони уни айблай бошларди. Мана шу уйқусиз тунларда ўзига-ўзи савол берарди:
«Азиз авлиёлар нима учун арз-додимга қулоқ солишмади? Нега мен азоб чекяпман? Ахир қариялар умматнинг  ҳар бир оҳу-фарёдини пайғамбар инобатга олади, деб ўргатишар эди-ку. Наҳотки…» Унинг хаёли шу ерда узилди. Бошқа нарсаларни ўйлаб гуноҳга ботишдан қўрқди.
У онасининг «сенга нима бўлди?» деган саволидан қочишга уринаверди. Аммо кампир ўғлининг қалбини қандайдир ғам тимдалаётганини сезди.
- Сен ўзингни бир нима билан овутсанг бўларди… балки отда сайр қиларсан…
Саид итоаткорлик билан рози бўлди.
- Яхши, бир айланиб келаман.
Унинг дардли овози яширин ғамини ошкор қилиб қўйди.
Оқшомда отини эгарлаб, адирга чиқиб кетди. Қуёш уфқни гўё ёндириб, қизартириб турибди. Унинг хаёлига бирдан халқининг кўҳна қўшиғи келди. У беихтиёр қўшиқ айта бошлади. Унинг назарида қалбидаги бутун ғам адир бўйлаб таралаётган мана шу майин қўшиқ билан чиқиб кетгандай бўлди:
Шамси анвар мағрибда,
эгилиб ерга:
Ўзи билан бахтимни
Олар қабрга.
Оғар гулгун осмон ҳам
Кўрсатиб сеҳр,
Сақлагандим сен учун
Қанчалар меҳр.
Тонгла қуёш қайтадан
Нурин сочадир,
Аммо мендан истиқбол
Ҳануз қочадир…
Бутун борлиқ қоронғу
Бамисоли қабр…
Ҳам йўқотиш, ҳам ҳасрат
Йўқлик ва жабр!
Қўшиқ тугагач, у отини елдирди.
Отнинг тез югуришими, ёинки кечнинг салқин ҳавоси сабаб бўлдими, йигитнинг қалбидаги ғубор тарқади. Кўзларидан яна жўшқинлик учқунлари сачради.
Сайр пайтида у Александровка станицасидаги казакларда  жуда кўп хўкиз  борлигини билди-ю, Габо билан яқин кунлар ичи бир бахтини синаб кўришга аҳд қилди.
Эртасигаёқ Саид Габонинг уйига келди. Муҳаммад отни отхонага етаклади. Габо дўстини уйига таклиф қилди. У Саиднинг нима учун келганини сезди. Бир ишни бошламоқчи бўлганини пайқади. Аммо ҳеч нарса сўрамай, меҳмонга таом тайёрлашни буюрди. Таом тайёр бўлгунча боққа чиқишди. Бу ер тинч, иш тўғрисида бемалол гаплашиб олиш мумкин.
- Куннинг ажойиблигини қара! – деди Саид Габога қора кўзларини тикиб. – Кечалари бундан ҳам гўзал – қоп-қоронғу!
- Ҳа, кечалар қоронғу, аммо ўз йўлини биладиган одам учун ёп-ёруғ, - деди Габо.
Улар жим қолишди. Сукутни Саид бузди:
- Бу йил Александровка станицасидаги казакларнинг хўкизи жуда кўп.
- Шундай дегин…- Габо акасининг мақсадини даров тушунди:- қайси кунни мўлжаллаяпсан?
- Бугун тунда чиқилса ҳам бўлади.
- Яхши. Бир ўзингмисан?
- Ҳа.
Габо ўйланиб қолди.
- Муҳаммадни ҳам олсакмикан? Ёш бўлса ҳам чаққон, оғзи ҳам маҳкам.
- Яхши, ўзинг билан бирга ол. Хўкизлар Терек дарёсининг бу қирғоғида адирда ўтлаб юрибди. Мен уларни кеча кечаси кўрдим.
- Подачилар кўпми? – қизиқсинди Габо.
- Тўрт киши.
- Уларни танимайсанми? Қанақа одамлар экан?
- Гулханнинг ёруғида кўзим сал-пал илғади. Мен уларни аввал от бозорида кўрган эдим. Чўпонларнинг бири қари майпараст Андрюша, яна биттаси хотинларнинг ишқивози Ваня, Трофим деган калтафахм тентак билан яна бир бола ҳам бор.
- Режа тузиб қўйгандирсан? – сўради Габо.
- Йўқ, мен ўлжанинг қайси томонга қочишига қараб иш кўраман.
Габонинг хаёлига айёрона бир режа келди.
- Саид, агар рухсат берсанг, менда бир режа бор, шунга қараб иш кўрсак. Албатта, мен ёшман, сенинг олдингга тушиб, сенга ақл ўргатишга ҳаққим йўқ. Бироқ фикримча, бу ишни осонгина дўндириш мумкин.
- Айтавер, биз ака-укамиз-ку, айбга ўрин йўқ.
- Муҳаммад қизларнинг кийимини кийиб олади, - давом этди Габо, -  бу ишни менга қўйиб беравер, кейин ўзинг қойил қоласан.
- Яхши. Ўша ерда шароитга қараб бир нарса қилармиз.
- Соат тўққизда йўлга чиқамиз,- Габо шундай деб режасини тушинтира кетди, - Александровкагача йигирма беш чақирим.  Энди бориб ёт. Бу кеча ухлашга вақт бўлмайди.  Муҳаммад билан гаплашиб олиб, мен ҳам ётаман.
Саид дам олиш учун уйга кирди. Габо эса  эндигина меҳмоннинг отига ем бериб бўлган укасининг ёнига келди. Муҳаммад одатдагидай оёқяланг, дағал бўздан тикилган иштони чарм камар билан белига маҳкам боғланган. Кўйлаги ҳам ўша матодан. Тугмалари қадалмаган. Қуёшда қорайган кўкраги кўриниб турибди.
- Муҳаммад, бугун кечқурун сени ўзим билан олиб кетаман, - деди Габо.
Муҳаммаднинг кўзларида, беғубор юзларида қувонч порлади. У акасининг баъзи-баъзида кечалари чиқиб кетишини биларди. Аммо халигача бир марта ҳам акаси уни ўзи билан олиб бормаган эди.
- Ҳозир отларни ўтлоққа ҳайдаб, кўз-қулоқ бўлиб тур. Кейин казак қизларининг рўмоли билан кўйлагини топиб, тугунчага ўраб қўй. Ўзинг билан олволасан. Аммо билиб қўй: бу ишни ҳеч ким сезмаслиги керак. Қоронғу тушиши билан эгарни олиб борамиз. Ўзинг учун кулранг отни ўтлоққа олиб чиқ.
- Хўп бўлади.
Муҳаммад буюрилган ишларни акасининг кўнгли тўладиган даражада қойилмақом қилиб бажариш иштиёқида ёнади. Тўғри, у қизларнинг кўйлаги нима учун керак бўлишини тушунмай турибди. Шундай бўлса ҳам сабабини сўрамади. Акасининг ўйламай туриб бир иш бошламаслигини у яхши билади.
Габо бироз бўлса ҳам дам олай, деб ётди. Бу пайтда Муҳаммад боғ оралаб ўтиб, туйнукдан қўшнининг ҳовлисига чиқди. Пастаккина сомонхонада икки казак аёли ухлаб ётарди. (Қўшниси уларни йиғим-теримга ёрдам берсин деб ёллаган). У саройга ўғринча кириб, юбка билан катта рўмолни олди-ю, шарпа чиқармай изига қайтди.
Бу ўғирлик бир дақиқанинг ичида содир бўлди. Девордаги туйнук билан отасининг боғига ўтиб олгач, енгил тортди. Тугунчани ошхонага, хашак орасига беркитиб қўйгач, учта отни ўтлоққа ҳайдади. Отларнинг оёқларига қофқазча темир тушов ургач, кийиниб келиш учун уйига ошиқди. Дағал бўздан тикилган иштонини ечиб, кенг, кўм-кўк, пастки қисми болдирига таранг тортилган шим, юмшоқ теридан тикилган, қўнжи тиззасигача чиқувчи, пошнасиз, таги юмшоқ этик, ёқасига тилларанг чилвир тортилган сариқ пешмат камзул, унинг устидан кўкрагига кумуш ўқдан тизилган черкас қора камзули кийиб, белига кумуш ханжарни осди. Бошига папоқ кийди. Акасининг ёнида ҳамроҳ бўлиш бу ўсмир наздида қувончли байрам ҳисоблангани учун астойдил тайёргарлик кўришдан эринмади.
Ер юзига оқшом чодир ташлаганда Муҳаммад Габо билан Саидга таом келтирди. Уйда  Явзико бўлмагани учун Саид билан Габо бирга овқатланди. Муҳаммад хизматда бўлди. Кейин ўзи овқатланди.
Габо уйидагиларга Александровск казакларининг хўкизларини Ксарзанга ҳайдаб  келиш учун Саид билан кетаётганини, ўлжанинг бир қисмини бекитиқча сўйиб, бир қисмини тоққа яширажагини айтиб, шошилаётгани сабабли отасини кутолмаслигини билдирди.
Ниҳоят қоронғу тушди.
Габо иккита эгарни елкасига ташлаб, овулнинг қоп-қоронғу кўчасига чиқди. Муҳаммад ўзининг эгари билан тушов ва арқонларни олди. Саиднинг ёши улуғ, шу билан бирга меҳмон бўлгани учун ҳеч нарса кўтармади.  Учовларида ҳам милтиқ, тўппонча бор эди. Овулдан билинтирмай чиқиб олишди. Отларни қийналмай топишди. Улар Муҳаммад ташлаб кетган ерда туришарди. Жониворларнинг оёғидан тушовни ечиб, эгарлаб, учовлари ҳам бир вақтда сакраб минишди. Саид ўртада, Муҳаммад кичик бўлгани учун - ўнгда, Габо чап томонда. Ҳаво тоза. Атроф зим-зиё қоронғу бўлганидан отлар йўлни топиб юриш учунми, бошларини эгиб олишган эди.
- Муҳаммад, - деди Габо бирдан укасига қараб, - сен қизларнинг кийимини кийиб олгинда Ванянинг бошини айлантириб, бир амаллаб даврадан ажрат.
- Сен уни ўлдирасанми? – деб сўради Муҳаммад.
- Бу унинг ўзига боғлиқ. - жавоб берди Габо. Қилиқ қилмаса, тирик қолади.
Орага яна сукунат чўкди. Тун... Фақат от туёқларининг юмшоқ ерга теккан заиф товуши эшитилади. Кутилмаганда қўзғалган кучли шамол булутларни парча-парча қилиб юборди. Осмонда юлдузлар кўринди. Уларнинг кучсиз титроқ нурлари замин сатҳини ёритишга ожиз. Саид отини елдирди. Ака-укалар унга эргашишди. Улар баланд-паст адир бўйлаб анчагина йўл босишди. Саид йўл кўрсатиб борди. Икки соатлардан сўнг Саид эҳтиёткорлик билан секинлашди. Казакларнинг қишлоғи яқин қолган эди. Ярим соатларча шу зайлда юришгач, у тўхтади.
Узоқда олов кўринди.
- Бу подачиларнинг гулхани, - деди Саид.
У яшириниш учун пастқамгина жой танлаб, отларга қарашни буюрди. Муҳаммад устидаги кийимларни ечиб, қизларнинг либосини кия бошлади. У черкасча камзули билан қуролидан бир дақиқа ҳам ажралгиси келмас эди. Шу боис иштонининг устидан юбкани кийиб, кичик рўмол билан жағини танғиб, катта рўмолнинг учларини елкасига ташлади.
- Муҳаммад, - деди Габо, - Гулханга яқинлашгинда, Ваняга кўриниш бер. Агар сени ушламоқчи бўлса, қоч. Ноз-карашма қилиб, уни чалғитавер. Аммо гаплашма. Уни  шу томонга олиб келаверасан. Биз сени мана шу тепалик олдида кутамиз.
Муҳаммад қоронғуликда гулханни кўзлаб юриб кетди. Гулханга яқинлашгач,  учрашувга кетаётган нозаниндай юриш қилди. Йигитча гулхан атрофига келиб қарасаки, подачилардан бири ухлаб ётибди, учтаси эса гаплашиб ўтирибди. Атрофда элликтача хўкиз  ўтлаб юрибди. Баъзилари ётиб олган.
Муҳаммад гулханга яқин келиши билан икки ит вовуллаб, унга ташланди. Лекин подачилар бақиришиб, итларни чақириб олишди.
- Сенга нима керак? – деб сўради Ваня.
Лекин «қиз» рўмолининг учини айлантирганича жавоб бермади. Қора мўйловли, чиройли казак - Ваня ўрнидан туриб у томонга юрди. Ўн олти ёшдардаги Митя эса унга эргашди. Лекин Ваня унга қараб бақирди.
- Ҳой итвачча, менинг орқамда нима бор? Қараб тур, сенга кўрсатиб қўяман.
У шундай деб таҳдид қилганича муштини кўрсатиб қўйди. Митя қўрқиб гулхан ёнига қайтди. Трофим яна мудрай бошлаган эди.
- Ванянинг ўйнашларидан бири келибди, - деди Митя Трофимга. - Оҳ, оҳ, аммо хотинлар бобида жуда омади келишганда...
- Ҳа-ҳа, хотинлар... - кулди Трофим кейин лабини чилпиллатиб қўйди-да, оловга яқин ўтирди.
Бу пайтда Ваня мўйловини бураб нотаниш гўзалга яқинлашиб сўради:
- Яхши қиз, кимни қидиряпсан?
“Қиз” ишва билан кулиб юзини яширди.
Ваня яқинроқ келди, “қиз” эса орқага чекинаверди.
- Қўрқма, қизлар мени севишади, мен уларнинг кўнглини олабиламан.
У “қиз”ни кўздан кечирди. “Қиз” жуда гўзал, қомати келишган. Уни қаерда кўрган экан? Ҳеч эслай олмади.
- Кимсан, яхши қиз?
“Қиз” хиринглаб кулишини қўймайди.
- Ахир гапирсанг-чи, нега келдинг?  Кимни қидиряпсан?
Шунда «қиз» уятчанлик билан шивирлади:
- Ваня…
Бу сўзни подачи хотиржам эшита олмади. Унинг қони қайнаб, «қиз»га ташланди. Маҳкам қучоқлаб, лабини унинг лабига босди. «Қиз»нинг гўштдор лаби илиққина эди. Аммо ўнг қўли билан ушлаётган кўкраги ҳали қаттиқ эди.
- Ҳали жуда ёшга ўхшайди, бировнинг қўлига тушмаган бўлса ҳам керак,- деб ўйлади Ваня.
Лекин тунги меҳмон шашт билан унинг бағридан юлқиниб чиқиб, югуриб кетди. Ваня ҳам унинг орқасидан қичқирганича югурди.
- Нега қочяпсан? Ахир Ванянинг олдига келдингми? Бирпас ўтирайлик. Мен қандай ўпа олишимни кўрсатаман.
Саид билан Габо  унинг овозини эшитиб, ўша томонга эмаклашди.
- Саид, у қичқиришга улгурмасин. Сен томоғидан ол. Мен қўлларини ушлайман.
Муҳаммад тепаликка келиб тўхтади. Чуқур-чуқур нафас олди. Акаси билан Cаиднинг шу яқин орада эканини биларди. Ваня Муҳаммадга етиб олди. Бироқ «нозанин»ни қучоқлаб, лабларини қидириб топмасдан Саид унинг томоғига шундай ёпишдики, бечора ошиқ ғинг дейишга ҳам улгурмай қолди. Габо  осмондан тушгандай пайдо бўлиб, бақувват қўллари билан унинг қўлини сиқди. Муҳаммад эса энгашиб, Ваняни чалиб йиқитди. Бунинг ҳаммаси кўз очиб юмгунича содир бўлди. Ҳеч ким бир оғиз сўз айтмади. Ваня ерда ётар, Cаиднинг қўллари ҳали томоғини қўйиб юбормаган эди. Ваня хириллай бошлади.
- Тезроқ бўл, - деди осетин тилида Габо укасига. – Оёғини маҳкам боғла. Мана шундай… Энди қўлини… йўқ, бундай эмас, орқасига қилиб… Қани уни ағдар-чи, томоғини қўйиб юборма, - огоҳлантирди Саидни, - яна бўғиб ўлдириб қўйма… мана шундай… Энди бечора ошиқни кўтарамиз. Мана бундай ўтирсин.
- Хўш Ваня, - давом этди Габо. – Энди менинг айтганларимни сўзсиз бажаришинг керак.
У ханжарини чиқариб, учини Ванянинг томоғига тиради. Томоғига ўткир тиғ тегиб Ваня чўчиб тушди.
- Томоғини қўйиб юбор, - деди Габо Саидга, - Кўрдингми Ваня, ким шилталик қилиб, қизларнинг орқасидан югурса, шу аҳволга тушади! Лекин сен биздан қўрқма. Биз каллакесар эмасмиз, агар  ўзлари ажал чақиришмаса, биз бекордан бекорга одам ўлдирмаймиз.
- Агар айтганларимизни қилсанг, тирик қоласан, - деб гап қўшди Саид.
- Нима қилишим керак? – деб сўради Ваня, жонҳолатда.
- Аввал менинг саволларимга жавоб бер! Агар алдасанг, ҳолингга маймунлар йиғлайди. Бугун тунда нечта подачи қолгансанлар?
- Тўртта.
- Бошқаларнинг исми нима?
- Андрюша, Трофим, Митя.
- Андрюшанг мастми?
- Йўқ, ухлаяпти. Бугун ичмади.
- Сенга эргашган бола ким?
- Митями? Ҳали гўдак-ку?
- Ёнидаги-чи?
- Униси тентак Трофим-ку! Хавотирланманг,  сизга қаршилик кўрсатмайди. У гапга кирадиган одам. Нима буюрилса итоат билан бажаради. Шунинг учун доим уни ўзимиз билан олиб юрамиз.
- Яхши. Энди… Митяни чақир.
- Митя! – қичқирди Ваня.
- Қаттиқроқ чақир.
- Митя!
- Нима дейсан? – гулхан томондан эринибгина жавоб берди бола.
- «Бу ёққа кел» деб қичқир, - деб буюрди Габо, кескин оҳангда.
- Бу ёққа кел! – деб бақирди Ваня итоаткорлик билан.
- Нимага? – бола эриниб, ўрнидан қўзғолгиси келмади.
- Бу ёққа кел итвачча! – деб сўкинди Ваня.
Ғашланиб ўрнидан қўзғолган Митянинг яқинлашиши  кўриниб турарди. Гулхан ёруғида унинг қоп-қора гавдаси кўзга ташланарди. Габо  Муҳаммаднинг бошидан рўмолини чаққонлик билан олиб, Ванянинг оғзига тиқди.
- Хўш, – тантанавор оҳангда  деди Габо, - бунисининг бизга зиёни тегмайди. Энди кичкинани ҳам шундай жимгина жойлаш керак.
Бу орада Митя яқинлашиб қолди.
- Ваня қаердасан? – деб қичқирди у.
Жавоб бўлмади.
Саид боланинг орқасига ўтди. Муҳаммад олд томондан эмаклаб яқинлашди. Дақиқа ўтмай Митя ҳам Ванянинг аҳволига тушди. Унинг ҳам қўл-оёқларини боғлаб, Ванянинг ёнига ётқизишди.
- Тўхта, тўхта! – деди Габо укасига, - Миямга ажойиб фикр келди. Юбкангни ечиб, Митяга кийдир. Ахир Ваня қизларнинг кўйлагини кийган болани яхши кўради-ку!
Ваня билан Митяни ўринларидан турғаздилар-да, болага казак қизининг юбкасини кийдирдилар. Уларни қўллари орқага боғланган, юзма-юз, кўкраги кўкрагига тегадиган ҳолда қўйиб,  катта рўмол билан иккала бошни танғиб, бирлаштириб қўйишди.
- Хўш… Энди нимани истасанглар шуни қилаверинглар. Хоҳласанглар сайрга чиқинглар, хоҳласанглар турган ерларингда рақсга тушинглар, хоҳласанглар роҳатланиб ётаверинглар.
Митя ҳиқиллай бошлади. Орият азобидаги Ваня эса бу хўрликка чидай олмай ғазаб билан биғиллади. Бечора ўсмирни ўзидан нарига улоқтириб юбориш қасдида силкий кетди. Бу ҳаракатдан баттар гангиб, ўзини йўқотган йигитча беихтиёр унинг оёғини босиб олди. Буни рақибнинг ҳамласи деб англаган Витя ўша заҳоти Митянинг тўпиғига тепди. Бир-бирига боғланган икки казак шу тарзда бир-бирини тепиб, чала кетди. Уларнинг бу ҳаракатларидан уч томошабин мириқиб завқланди. Ниҳоят, талваса рақсига тушаётган Ваня билан Митя мувозанатни сақлай олмай ерга қулашди.
- Агар  казаклар эртага буларни шу аҳволда топишса, ичаклари узилгунча кулишади. Қани, энди  бошқаларнинг олдига кетдик, - деди Габо.
Трофим гулханга тикилганча ўтирибди. Андрюша эса ухлаяпти.  Трофимнинг қаршисида икки қуролланган киши худди тун бағридан отилиб чиққандай пайдо бўлди.
- Қўлингни кўтар! – Габо секин аммо қатъий буйруқ қилди.
Барча подачилар каби Трофимнинг ҳам милтиғи бор эди. Аммо у бошқалар отса ёки буюрсагина милтиғини ишга соларди. Шу сабабли бу сафар милтиқни ишга солишга ҳаракат ҳам қилмай, итоаткорона қўлини кўтарди. У нотаниш одамларга қараб анқайиб қолди: улар ким, нима керак?
- Агар бақирсанг, аҳволинг чатоқ бўлади. Ахир биз приставнинг қўриқчисимиз-а! У бизни хўкизларни ҳайдаб келишга юборди. Приставнинг хўкиз гўштини яхши кўришини билмайсанми?
Трофим ҳеч нарсага тушунмай сўради:
- Ростданам пристав юбордими?
- Ҳа, эртага эрталаб сўрашса, хўкизларни приставнинг қўриқчилари, полиция ҳайдаб кетди, деб айтасан, - деди Габо.
- Тушундингми? – деб дўқ урди Саид.
- Ҳа, тушундим, - деди Трофим довдираб, - хўкизнинг қўриқчилари…
- Хўш, энди қўлингни орқага қил, - буйруқ қилди Габо. Трофим гапга тушунмай иккиланиб қолди. Шунда Габо унга яқин келиб, елкасига туртди:
- Қўлингни орқангга қил!
Тентак, бу сафар буйруққа итоат билан бўйсунди. Уни боғлашди. Андрюша эса ҳамон  бамайлихотир ухларди.
Габо билан Саид унга яқин келишлари билан адирда дайдиб юрган икки пахмоқ ит уларга ташланди. Саиднинг қиличи итларни бир зумда тинчитди. Бири гулхан олдида жонҳолатда типирчилаб қолди, иккинчиси яраланиш азобидан акиллаб, тун бағрида ғойиб бўлди.
Андрюша шовқин-сурондан уйғониб кетди.
- Нима гап? – деб сўради у гарангсиб.
- Тинчлик, отахон, ҳеч гап йўқ, - деди Габо унинг тумшуғига тўппонча тираб. Андрюша қўрқиб, ўзини орқага ташлади.
- Пристав подачилар яхши ишлаяптими йўқми, деб бизни текширишга юборди. Сени ухлаб қолганинг чатоқ бўлибди.
- Ахир…
- Жим бўл! – бақирди бор овози билан Габо, - йўқса кекирдагингни узиб ташлайман. Саид, қўлини орқасига қилиб маҳкамроқ боғла, кейин… - Габо ниманидир қидириб қолди. Кейин кичкина бочкача топиб унга узатди. - Мана буни бошига кийдириб қўй. Паст томонидан иккита тешикча очиб қўй. Қани арқонни ол-чи! Хў-ўш… арқоннинг учини оёғининг орасидан ол, яхши, энди бир учини бочкага боғла… Хў-ўш… ана энди  хоҳласанг рақсга  тушишинг ҳам мумкин. Фақат тик тур, яна гулханга ўтириб олма.
- Кўрдингми, Андрюша. Бу сенга мактаб бўлади. Энди вазифангни унутиб, гулхан ёнида ухламайсан, - деди Саид.-Муҳтарам бошлиқларимиз юқори вазифаларни эгаллаган одамларнинг тарбияси ҳақида мана шунақа қайғурадилар.
Габо эрталаб бўлажак воқеаларни ўйлаб, хаёлан қувонди. Зап иш бўлдими: иккитасини бир-бирига боғланган ҳолда топишади. Мана бу иккитаси хўкизларни полиция ҳайдаб кетди деб турса…
Муҳаммад отларни олиб келгунча, Саид билан Габо хўкизларни бир жойга тўпладилар. Тез орада подани ҳайдаб, изларига қайтишди. Хўкизлар ҳар томонга тарқаб кетавергани учун секин юришди. Саид гугурт ёқиб, соатига қаради.
- Габо, ярим тун бўлай дебди. Подани Ксарзанга ҳайдаб улгурмасак керак. Тагаурскка ҳайдасак нима дейсан?
- Сен нима десанг шу-да, фақат тезлаштириш керак.
Габо Саид билан Муҳаммадни пода билан тоғ ўрмонларига юборишга, хўкизларнинг бир қисмини қишлоқдаги дўстлариникига яширишга, бирини ўзи учун сўйишга қарор қилди. Тонгда Тагаурскка етиб келишди. Саид билан Муҳаммад тўхтамай, қирқтача хўкизни тоққа ҳайдашди. Габо қишлоқ оқсоқоли Элбисдни уйғотди-да эшик олдида турган бузоқни ҳадя сифатида қабул қилишини сўради.
- Александровск казакларининг хўкизларини ҳайдаб олиб кетишибди.  Эрталаб подачилар бу ишни  приставнинг қўриқчилари қилган дейишади, - деди у кулимсираб. – Агар кимда-ким Тагаурскка келса меникига юборинг. Майли, тинтув ўтказишсин. Бу иш фақат Явзиконинг ўғли Габонинг қўлидан келади, деб айтинг.
Оқсоқол нима дерди: унинг кўнгли тўқ, ўз улушини олди.
Габо қолган хўкизларни қўшниларга бир-бир тарқатди. Қўшнилар бундай тонгги совғанинг нимани англатишини сўзсиз тушунишади. Габо семиз хўкизни отаси ёрдамида сўйиб, терини дўкондорга сотди. Гўштини ошхона томондаги пичан орасига яширди.
Эртасига эрталаб, хўкизларнинг ҳайдаб кетилгани маълум бўлгач, станица ҳаяжонда қолди. Дастлаб бошига бочкача кийдирилган Андрюшани, кейин  Трофимни топишди. Улар хўкизларни ҳайдаб  кетганлар «биз приставнинг қўриқчиларимиз» дейишганини айтишди. Казаклар Ваня билан Митяни кўриб, ўзларини кулгидан тўхтата олишмади. Қўпол ҳазил қилишди. Ҳатто бу воқеадан сўнг кўп йиллар ўтганидан кейин ҳам ана шу кеча ҳақида сўз кетса Ваня ғазабга келарди.
Ванянинг айтишига қараганда, қароқчи Габо бўлиб чиқди. Бундай масхарабозлик фақат Габонинг қўлидан келади. Унинг бундай қилмишлари овулдан ташқарида ҳам маълум. Унинг услуби шунақа. Бироқ ҳеч ким уни айблай олмайди. Доим сувдан қуруқ чиқади.
Казаклар шу заҳоти пристав Николай Петрович олдига йўл олишди. Улар Трофим билан Андрюшанинг гапларини айтишди. Айниқса, приставнинг хўкиз гўштига ишқивозлиги ҳақида сўз кетганда унинг кўзлари ғазабдан ёнди. Казаклардан бири Ванянинг  тагаурсклик осетин Габодан гумони борлигини айтгач, пристав шу бугуноқ тинтув ўтказишга қарор қилди.