Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва қасос. Владимир Икскул
Facebook
Номус ва қасос. Владимир Икскул PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва қасос. Владимир Икскул
2-қисм
3-қисм
4-қисм
5-қисм
Ҳамма саҳифа

“Раҳмат, Саид! Агар Парвардигор менга ҳаёт инъом этса,
сенга худди ҳозиргидай яқин бўламан.
Мен учун еган калтакларингнинг изи юрагимдан ҳеч қачон ўчмайди.
Агар куним битгудай бўлса, шундай ўламанки, сен мен билан фахрланасан.
Саид, мен сен билан фахрланаман. Худо каромат қилгай.
Мен шундай ўлай-ки, болалар, болаларнинг болалари
ҳар доим Саиднинг туғишган укаси
Габонинг қандай ҳалок бўлганини эслаб юришсин!”

Таржимондан

Мазкур қиссаларнинг муаллифи машҳур ёзувчилардан эмас. У ҳақда адабиёт тарихи оз маълумотга эга. Асари ҳам нима учундир қайта-қайта нашр этилмаган. Ҳолбуки, муҳаббатнинг оғир синовлари ҳақида ҳикоя қилувчи бу қисса ҳар қандай ёш йигит-қизнинг қалбини ларзага солиши аниқ. Бу асарни мен бундан ўттиз олти йил муқаддам ўқиган эдим. Китобни ҳарбийда бирга хизмат қилаётган қофқазлик дўстларим совға қилишган эди. Асарни таржима қилиш истаги ўшандаёқ туғилганди. Қоралама нусҳасини тайёрлаб ҳам қўйган эдим. Аммо турли сабаблар билан иш охирига етмаганди. Каминанинг муҳаббат ёши йиллар суронида ортда қолиб, хазонрезги фаслига келганда бу икки асарни яна қўлга олишга нима сабаб бўлди? Кўп учрашувларда адабиёт мухлислари севги ҳақида асарлар камлигидан нолиб, шу мавзуда ҳам бирон нарса ёзишимни илтимос қилишади. Ёшларнинг нолишида жон бор. Чиндан ҳам чин севги ва садоқат ҳақидаги асарлар кам. Ҳозир ёзилаётганларида саёзлик мавжуд. Мен эсам бу мавзуда ёзишни истасам-да, кўнгилдагидай асар яратишга кўзим етмайди. Шу боис ёшлигимда ўзимга қаттиқ таъсир қилган асар таржимасини ниҳоясига етказишга жазм этдим. Зеро, севги миллат танламайди. Севги фожиаси ҳам шундай.
Икки оғиз сўз муаллиф ҳақида: Владимир Икскул 1860 йилда барон Яков Икскул оиласида туғилган. У дамларда Эстония ерлари рус подшоҳлигига қарам эди. Владимир ҳарбий билим юртида ўқийди. Рус армиясида хизмат қилади. 1906 йили Америкага сафар қилади. Кемада осетин чавандозлари билан танишиб, дўстлашади. Уларнинг ҳикояларини тинглайди. Сафардан қайтгач, янги орттирган дўстларининг таклифига кўра, Қофқазга келади. Шу йиллари унинг ёзувчилик фаолияти бошланади. Қофқаз халқлари ҳаётидан ажойиб асарлар яратади. Унинг асарлари немис тилида ёзилган. Асосий қўлёзмалари ҳам Германия кутубхоналарида сақланади. Шунга қарамай, у ўша давр адабий муҳитида “Қофқаз қўшиқчиси” деган номга сазовор бўлган.  Асарни биз рус тилидаги камёб нусҳасидан таржима қилдик. Ўзбек ўқувчилари тушуниши осон бўлсин учун эркин услубдан фойдаландик. Қофқазликлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи бир қанча китоблар ўқилгани, қофқазлик дўстлар суҳбатларидан баҳраманд бўлинганлиги бу ишда қўл келди.

Тоҳир Малик

Куз тонгги… Ҳаво мусаффо, атроф гўзал...
Тоғдаги қариндошларини йўқлаб, адирда жойлашган овулига қайтаётган чавандоз шошилмаётгани учун отини қамчиламай, ўз ҳолига қўйган эди. Йигирма уч ёшлардаги  бўйдор, кенг елкали қомати келишган, хушрўй  бу осетин йигитнинг кўзлари кўк, сочлари эса  қоп-қора эди. Кийими ўлкасининг одатига хос: узун папоқ, кўкраги кумушранг ўқларга тўла черкас камзули, белида кумуш суви юритилган ханжар, елкасида эса  ҳар бир тоғлиққа хос милтиқ осилган. Тагидаги оти – наслдор, қабардин зотидан – бадани офтобда товланади, оёқлари ингичка.
Куч ва қатъийликни  отасидан мерос қилиб олган Габо – ҳали ёш, қувноқ, қалби қайноқ жасоратли йигит. Унинг бутун борлиғи, ҳаракати мард йигитлардан бири эканини намойиш қилиб туради. У она - осетин тилидан ташқари ингуш тилини ҳамда оз-моз рус тилини ҳам билади.
У отни ўз ҳолига қўйиб, ажойиб тонг билан завқланиб борарди. Атрофга боқиб тўймасди. Габонинг кўзи узоқдаги бир чавандозни илғади-ю, унга етиб олиб,  ҳамроҳ бўлиш ниятида отини ниқтаб, тезлатди. Сўнгсиз адирда ёнингда ҳамроҳинг бўлса зерикмайсан, қолаверса йўл хавфсиз бўлади.
Габо нотаниш кишига етиб олди.  Паст бўйли бўлса-да, ташқи кўринишидан чайир, бақувват, қарашлари эса маънодор ўттиз ёшлардаги ингушнинг оти ҳам ўзига ўхшаган кичкина, кўримсиз эди.
Габо ингуш тилида мусулмонлар одати бўйича салом берди. Нотаниш одам айни шу одат бўйича эҳтиром ила алик олди.
Буни қарангки, уларнинг манзиллари бир экан. Габо нотаниш чавандозга ҳамроҳ бўлишни таклиф этди. Улар йўлда кетатуриб қаердан эканликларини, қаерга кетаётганликларини бир-бирларига айтиб беришди. Танишиш асносида Габо ҳамроҳини зимдан кузатиб чиқди. Ажаб, ҳамроҳининг бўрки яп-янги экан. Унда эса ҳатто эскиси ҳам йўқ. Шу адолатданми?
Габо олғирлик борасида суяги йўқ йигитлардан ҳисобланарди. У кўнглига ёққан буюмларни чаққонлик ҳамда айёрлик билан эгаллаб олиб, кейин ўз ишидан ўзи лаззатланарди. Ўзининг бу ҳаракатини ҳеч қачон ўғирлик ёки талончилик деб баҳоламаган. Балки масалани инсоф билан ҳал қилган адолатпарвар сифатида ўзидан ўзи мамнун бўлиб юраверган. Бу сафар ҳам бир адолатсизликка барҳам беришни дилига тугди: «Габо, ингушга бўркнинг нима кераги бор-а? – ўйлади у. – Бўрк сенга кўп асқотади. Сенда эса ҳеч қандай бўрк йўқ,  уники эса яп-янги экан, шу бўркни ўз елкангга ташлай олмасанг, ахир, шармандалик эмасми?!»
Бир оз шу хаёлда юргач, қатъий қарорга келди: «Қизиқ, бўркини зўрлаб тортиб олсамчи?  Бунинг ҳеч қўрқадиган ери йўқ. Мен ундан кучлироқман. Отим ҳам чопқир».
У хаёлан дарҳол  режа тузди-ю, амалга оширишни пайсалга солмади: кутилмаганда қамчинини ўйнатиб, отини савалади.
Қофқазда қамчининг учи энли теридан бўлади. Бундай қамчи жониворни савалаганда оғриқ беришдан кўра кўпроқ шовқин чиқаради. Тоғлик уйқусираган отда секин юришни ёмон кўради. Габо худди отни югуртиришга ундагандек ҳаракат қилди. Секин юравериб зериккан жонивор эгасининг амрини интиқ кутаёгандек, бир сапчиб олға интилди. Шунда Габо бирданига жиловни кескин тортди. Ингушнинг атрофида бир айланди. Иккинчи марта айланишда ҳамроҳига жуда яқин келди. Тиззаси паканагина отнинг думига тегиши билан олдинга энгашиб, ҳамроҳининг бўркига ёпишди. Кейин бор кучи билан уни ўзига силтаб тортди.
Бўркнинг бўйинбоғи узилди. Ингуш воқеага тушунолмай, ўзига келгунча Габо илгарилаб кетди. Унинг оти адир бўйлаб елиб борарди. Габо орқасига қарамасликка қанча уринмасин, бўлмади. Ингуш қувиб келяптими-йўқми, деб қаради. Ингуш эгардан тушиб отнинг қоринбоғларини тортди. «Ўх-хў, мени қувмоқчига ўхшайди, ишлар жиддий!» деб ўйлади Габо.
Габо жониворга яна қамчи босди. У иккинчи бор орқасига қараганда ингуш отга минган эди. Бир оздан сўнг у ингушнинг яқинлашиб қолганини кўрди. Ингушнинг кўриниши харобгина оти унинг келишган отидан тез чопарди. Габо ҳар гал ўгирилиб қараганда улар орасида масофа қисқариб бораверди. Ниҳоят, у қочиб қутулолмаслигини, «ингуш бу кўримсиз пачоқ оти билан икки дунёда қувиб етолмайди», деб хато ўйлаганини англади.
Таъқибдан қоча-қоча кенг зовурга дуч келди. Адирдаги бу зовурни ёзда молларни суғориш учун қазишарди. Бу ерда тўпланган қор, ёмғир суви ёзи билан етарди.
Габо зовурни айланиб ўтди. Отдан тушиб, милтиғига суянганча рақибини кутди.
Ингуш сувга етиб келиб, отдан тушди. Қўлига милтиғини олиб, қичқирди:
- Қани, биринчи бўлиб от!
- Йўқ, мен сенинг олдингда гуноҳкорман, биринчи бўлиб отмайман. Сен от!
- Сен менинг елкамдан бўркни тортиб олишга қандай журъат этган бўлсанг биринчи бўлиб отишга ҳам шундай  журъат этишинг керак!
- Мен биринчи бўлиб отмайман! – Габо барча тоғликлар каби эҳтиёткор эди. У тўкилган қон учун бир неча авлодлардан кейин ҳам қонли қасос олишларини билади.
- Ундай бўлса, менга бўркимни қайси журъат билан тортиб олганингни тушунтириб бер. Кел, яхшиси, бир нарсани ҳал қилиб олайлик: мен анчадан бери довюрак одамни қидириб юрган эдим. Ниҳоят, топганга ўхшайман: ёвлашишни қўйиб, дўст бўлайлик.
- Сен  чиройли сўзларинг билан аврама! Мени ёш бола деб ўйлаяпсанми?!
- Сени алдаётганим ҳам, авраётганим ҳам йўқ. Гапимга ишон. Мен кўпдан бери сенга ўхшаган ботир йигит билан дўстлашмоқчи эдим. Мен сени жазолаш мақсадида ёки бўркимни тортиб олиш учун эмас, дўстлашиш учун изингдан қувиб келдим. Сен менга кераксан.
Ингуш самимий  гапираётгани билан  Габонинг унга ишонгиси йўқ эди. Шунда ингуш отнинг оёғини тушовлади.   Милтиғи билан ханжарини ерга ташлади-да, зовурни  айланиб, ўтиб, Габо томон юрди.
Габо энди унинг самимиятига ишониб,  қуролларини ташлади. Ҳурмат юзасидан ингушга пешвоз чиқди. Яқин келгач, унинг кўзларига тик қаради: ингушнинг нигоҳида макр йўқ эди.
Улар қиёматли биродарлар каби қўл беришишди.
- Исмим Саид, ксарзанлик Теспотнинг ўғлиман.
- Менинг исмим Габо, Тагаурсклик Явзихонинг ўғлиман.
Саид Габонинг қўлини дўстона маҳкам сиқиб, унга синов кўзи билан тикилди: бир қарашидаёқ юзида садоқат нурини илғаб,  кўнгли жойига тушди.
Кейин аста сўз бошлади. Унинг ширали овози Габони ҳайратга солди.
- Аллоҳ Таоло ихтиёр қилган экан, биз бир-биримиз билан топишдик. Тақдиримиз Аллоҳнинг измида. Худога шукур! Мен сендай жасур йигитни узоқ қидирган эдим. Сени  менга Аллоҳнинг ўзи юборди,- у  Габодан кўз узмай, давом этди:- Сендек қўрқмас йигитга хиёнат бегона, содиқ дўст бўлишингга ишонаман! Биз жуда оғир замонда яшаяпмиз! Аввалги даврлар ўтиб кетди. Энди ҳатто ҳамқишлоғингга ҳам ишониб бўлмайди.
Орага бир дақиқалик жимлик чўкди. Бу сукутни яна Саиднинг маънодор сўзлари бузди.
- Мен баъзан тунда сафарга чиқаман. Айрим хатарли ишларга қўл  уришдан ҳам тоймайман. Сени топганим яхши бўлди. Бундан буёғига бир-биримизни суяймиз.
- Мен ҳам айрим ишларга қўл уриб тураман, - деди Габо, - мен ҳамиша омад ёр бўлишини севаман!
«Ҳа, буни бугун менга намойиш қилдинг» - деб ўйлади Саид.  Аммо бу фикрини тилига чиқармади. Бунинг ўрнига янги топган дўстини  Ксарзанга  таклиф қилди. Меҳмонга бориш Габога  ортиқча туюлди. У қанчалик жасур бўлмасин, айни дамда эҳтиёткор ҳам эди. Габо узоқ ўйга толмади, хавотирини, ишонқирамаётганини сездирмади. Таклиф учун миннатдорчилик билдирди. «Агар ростдан ҳам дўст бўлишни истаётган бўлсанг, аввал ўз пойқадаминг билан фақир кулбамни обод қил», деб таклиф этди. Саид камтаринлик юзасидан  кўнмай турди. Кейин розилик бергач, икковлон отларни Тагаурск томон буришди. Бир неча соатлик йўлдан сўнг овул кўзга ташланди. Виждон азобида қолган Габо Саиддан кечирим сўраб, бўркни қайтиб олишни илтимос қилди.
Саид Габонинг узрини, айниқса, илтимосини эшитишни ҳам хоҳламади. Уларни дўст сифатида топиштирган бугунги кундан ёдгорлик  сифатида олиб қўйишини талаб қилди. Габо бу гапга рози бўлиб, Саидга раҳмат айтгач, қалбига бир мақсадни тугиб қўйди: у Саиднинг содиқ дўст танлаб янглишмаганини, ҳақиқий баҳодир билан биродарлашганини яқин келажакда албатта исбот қилиб беради!
Тоғлик одам сезгир бўлади. У яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ҳеч қачон унутмайди. Тоғлик  ё дўст ёки душман бўлиши мумкин, унинг учун учинчи йўл йўқ.
Тагаурск – бепоён адирга жойлашган овул. Кенг кўчанинг ҳар икки томонига осетинларнинг турар жойлари – уйлари, боғлари, отхоналари, омборлари жойлашган. Габо билан Саид кўчани кесиб ўтиб, бир ҳовлига бурилишди. Уларни итларнинг хуриши қарши олди. Габонинг ўн олти ёшлар чамасидаги укаси Муҳаммад  оёқяланг ва ялангбош ҳолида уларга пешвоз чиқиб, саломлашгач, отларни отхонага етаклади.  Бўйдор, кенг елкали Муҳаммад кўп жиҳатдан акасига ўхшар эди. Унинг тимқора сочи, катта кўк кўзлари, мушаклари ўйнаб турган билаклари, кенг очиқ пешонаси, қарашларидаги мағрурлик Габони эслатади.
Габонинг отаси Явзико уйдан чиқиб, меҳмонга таъзим қилганича сўрашгач,  уни илтифот ила меҳмонхонага бошлади.
Деворлари гилам билан безалган хонада меҳмонлар учун юмшоқ сўри ҳамда  курси қўйилган эди. Улар ичкари киришгач, ўртага қўйилган оддий хонтахта билан кичкина курсичалар томон юришди. Мезбон меҳмонни ўтиришга таклиф этди. Айрим осетинлар ингушларни унчалик хуш кўришмасди. Шунинг учун Габонинг кутилмаган меҳмонни бошлаб келиши Явзикони ҳайратда қолдирди. Лекин  «Габо нима қилаётганини ўзи билади»,  деб ўйлаган қария ажабланганини сездирмади. Аксинча, қофқазликларга хос тавозелик ва меҳмоннавозлик билан меҳмоннинг кўнглини олишга ҳаракат қилди. Суҳбат асносида Саидни зимдан кузатиб, ўғлининг одам  танлай билишига яна бир бор тан берди.
Саид русчасига ёзишни ҳам ўқишни ҳам билмайди. Ингушлар яшайдиган овулларнинг биронтасида ҳам янгича мактаб йўқ. Ёшлар мулланинг измида. Ислом илми ва талаблари таъсирида тарбия топадилар. Қолаверса, қарияларнинг доимий тарзда эслатадиган ҳикматлари, турли мавзулардаги ибратли ҳикоялари ёшларга катта таъсир кўрсатади. Кечалари адирдаги гулхан атрофида, тўйларда, байрамларда қариялар қаҳрамон ўғлонларнинг қўрқмасликлари, содиқликлари, чаққонликлари ҳақида ҳикоя қилиб, ёшлар қалбида олов ёқишади. Ҳар бир ёш йигит бу ҳикояларни эшитгач, афсонавий қаҳрамон каби бўлишга аҳд қилади. Ингушлар барча тоғликлар каби номусни ниҳоятда қадрлашади. Ҳаёт ва неъмат – Аллоҳнинг қудрати, Аллоҳнинг инояти, Аллоҳнинг марҳамати. Аммо номус ҳар икковидан ҳам кучли. Дўстга содиқ бўлиш – номусни булғамасликдир. Бу кишига шараф келтиради. Ўлжани қўлга киритишдаги  ўзига ҳос айёрлик ва чаққонлик кишиларни ҳайратга солиши мумкин. Бироқ дўст ҳақига хиёнат қилиш гуноҳдир. Дўстни алдаш, ҳатто кичкинагина ёлғон ишлатиш ҳам гуноҳдир. 
Ёшлар бу талабларни яхши биладилар. Улар аждодлари каби қаҳрамон бўлиш орзусида юрадилар. Бу орзу  ҳар бир тоғликнинг қонига сингиб кетган. Баъзан тушунмаган ёш ингушлар йўлтўсарлик, талон-тарожни қаҳрамонликка йўядилар. Лекин бунинг ҳам  ўзига яраша «қонун-қоидаси» бор. Айёрлик ёки алдамчилик қариндошлар, ҳамқишлоқлар, дўстлар ва меҳмонлардан ташқари барча учун қўлланилиши мумкин. Дўстини сотган одам ўзига, бутун уруғига, қолаверса овулга шармандалик ва иснод орттиради. Бундай пасткашликка қўл урган одамга нафрат билан қарашади. Бу ишнинг охири бахайр бўлмагани учун ҳам сотқинлик деярли учрамайди.
Ҳали-ҳали даргавсклик Мисостнинг номини нафрат билан тилга олишади.  Русия ҳукуматидан мукофот олиш илинжидаги бу хоин гулхан олдида ухлаб ётган қочоқ дўстини ўлдиргач, тавқи лаънатга учраган эди. Ака-укалари эса унинг касрига қолишиб, қонли қасоскорларнинг ўқига учрашди. Ўғли эса тузалмас дард балосидан ўлди. Уни  ҳудди яккамохов каби бир ўзи олиб бориб кўмди. Кўчада ҳеч ким  у билан саломлашмайди. Шармандалик либосига ўралган, кишилар нафратига учраган Мисост ҳали ҳам ҳаёт. Худодан ўзига тинмай ўлим тилайди-ю, ўлолмайди. Ким билади, балки ер хоиннинг ўлик жасадини ўз бағрига олишдан ҳазар қилар...
Саид мана шундай ҳикоялар таъсирида улғайди. Мана шу анъанавий тушунчалар билан дунёқараши ва феъл-атвори  шаклланди. Халқ эҳтиромидаги қаҳрамонларга эргашиш эса - унинг бирдан бир мақсади. Шунинг баробаринда  Саид қалбида  Ватанига бўлган қайноқ муҳаббати ҳам бор. Қайноқ қалбли тоғ ўғлони ўз хизматлари билан, зарур бўлса ўз жони билан халқига фойда келтиришни истарди. У ҳаёти йўлида яхши мактаб бўла оладиган ҳар бир одатни тан оларди. У немис-колонистлари каби  овулларида қишлоқ хўжалик билан шуғулланишни ташкил қилишни хоҳларди.  У Ватанидаги ҳар бир эрнинг содиқ, халол, қўрқмас бўлиши учун ҳеч бир иккиланмай юрак қонини беришга тайёр. Унинг қалбида бир ишонч ниш урган: қачонлардир бутун бир халқ учун фойда келтира оладиган иш қилиш имкони туғилади. Ҳозир ўша куннинг албатта  келишига ишонч билан яшайди.
Саид  уйланмаган. Унинг юрагини  бирор гўзал забт эта олганича йўқ. У ўйинқароқ йигитлар тоифасидан эмас, уйланишга шошилмайди.  У  мағрур тоғ йигитлари одатига амал қилиб, оила қуришдан олдин  ботир киши билан ака-ука тутинишни истарди. Ниҳоят, бугун умиди ушалди:  у шундай одамни топди. Габо унга ёқиб қолди. Габонинг меҳрибон, очиқ юзи, унинг беозор кулимсираши, ботирлиги, чаққонлиги қолаверса, овулга яқинлашишгандаги виждон амрига бўйин тутиб айтган сўзлари – ҳаммаси унга ёқди.
Саид – ингуш, Габо – осетин, шунга қарамасдан улар ака-ука тутинишади. Унинг фикрича, Габо ҳам бунга қаршилик билдирмайди. Саид бу ҳақда ҳозирча индамай, Габо билан унинг қариндошларини Ксарзанга таклиф этишга, одатларига биноан, мақсадини ҳурматли оқсоқоллар орқали  билдиришга аҳд қилди. Явзико билан гаплашиб ўтирган Саид бўлажак ишларини  шу тарзда хаёлан белгилаб олди.
Габо кириб, хонтахта устига икки кишилик таом қўйди.  Габо меҳмон ҳузурида, отасининг ёнида ўтириб  овқат ея олмайди. У этик ва черкасча камзул кийиб олган укаси Муҳаммад билан хизматда бўлади. Явзико билан Саид курсичаларга ўтиришди. Хонага Габонинг тенгдошлари, қўшниларнинг ўғиллари ҳам киришди. Бошларида папоқ. Ҳаммаси беками-кўст қуролланган. Улар девор томонга тизилишди. Шу зайлда Явзиконинг меҳмонини қутлашди.
Габо отасига озгина шароб қуйиб, тақсимчага қўй сонини қўйди. Явзико турди. Саид ҳам ҳурмат юзасидан ўрнидан турди. Мезбон урф-одатга кўра чап қўлида қўйнинг сони, ўнг қўлида ичимлик тўлдирилган шохни ушлаб дуо ўқий бошлади:
- Ё дунёни яратган қудратли Худо!
- Омин! –  деб қўшилишди ёшлар.
- Сен ҳамма нарсани яратганинг учун ҳам бу кеч сенга сиғинаман ўзинггагина илтижо қиламан!
- Омин!
- Оҳу-фарёдимизни эшитганинг, муножотларимни қабул этганинг учун ўзинггагина шукурлар қиламан.
- Омин!
- Биз ўзингга шукур қилиб, экинзорларимизнинг ҳосилдорлиги учун, хонадонларимизга берган қут ва бараканг учун, баданимизнинг соғлиғи учун,  мамлакатнинг осойишталиги учун қон чиқариб,  Ўзингнинг йўлингда қурбонлик қиламиз.
- Омин!
- Ё қудратли Худо! Менинг ноламга қулоқ тут: қабиламиз орасида бадбашара, майпараст, номуссизларни яратма! Болаларимиз қабиламиз шон-шуҳрати йўлида униб-ўсишсин.
- Омин!
- Қудратли Худо, энди биз азиз-авлиёларга сиғинамиз. Момақалдироқ ва ёмғир ҳокими Илья, Худо олдида бизни ҳимоя қил: Яратган қудратли Худо экинзорларимиздаги ҳосилни селдан, ёмон об-ҳаводан сувсизликдан асрасин. Мўл ҳосил йиғиштириб олсак, ҳеч қачон унинг номини дилдан қўймаймиз.
- Омин!
- Ўзга юртлилардан, йўловчилардан нон-тузимизни аямаймиз.
- Омин!
- Йўловчи фақат уйимизга тинчлик билан кириб келиб, Худонинг паноҳида эсон-омон манзилига етиб олсин.
- Авлиё Георгий, жангчилар ва йўловчилар ҳомийси! Сендан сўраймиз-ки...
- Омин!
- Бу уйдан кимда ким сафарга отланса, ёинки Худо йўлида савобли  ишга қўл урса унга хомийлик қил. Ишига кўмак бер. Унинг ҳаётига таҳдид қилувчи бало-қазолардан асра.
- Омин!
- Унинг номуссизлик йўлига кириб, гуноҳга ботишига йўл қўйма.
- Омин!
- Эй Худо фарзанди – Ийсои Масих! Биз сенга ишонамиз. Сен бизни у дунёда сўроққа тутасан. Биз сендан сўраймиз: бизнинг гуноҳларимиз ва камчиликларимиз бахридан ўт. Чунки биз оми одамлармиз. Қудратли Худо  эса тақдиримиз эгасидир.
- Омин!
- Ё азиз-авлиёлар, Худо олдида бизга хомий бўлинглар.
- Омин!
- Осмону фалакдаги Худо, мен  Ўзингга маъқул тарзда, аъло даражада сиғинишни билмайман. Аммо юракдан чиқаётган сўзларимни инобатга ол.
- Омин!..
Явзико дуо ўқиб бўлгач, Саидга қўйнинг сонини узатди. Урф-одатга амал қилган Саид гўштдан бир чимдим тишлаб, қолганини ўзига қайтарди.
Овқатланиб бўлишгач, Явзиконинг ўғиллари қолган таомларни йиғиштириб олишди. Меҳмонга тамаки бериб, ўзлари овқатланиш учун ошхонага чиқиб кетишди. Кўп ўтмай Габо қайтиб келди-да, Саидни қўшни ҳовлига таклиф қилди. У ерда ёшлар тўпланиб, ўйин-кулгуни бошлаётган эдилар.
- Яна қизларимизга ошиқ бўлиб қолма, - деб ҳазиллашди Габо йўлда кетатуриб, - Тагаурск қизларининг гўзаллиги ҳақида афсона етти иқлимга ҳам маълум.
Саид кулиб қўйди.
- Ксарзан қизлари ҳам чакки эмас. Бир қараши юракни ханжардек тилиб юборади.
Қўшни ҳовли ёшлар билан гавжум эди.
Қуёш кўк ҳукмронлигини Ойга топширди. Жимирлаб юлдузлар кўринди. Ой нурлари дарахт шохлари орасидан ўтиб, қомати келишган ёшларни томоша қилгандай. Бошларига папоқ, эгниларига ярашиқли черкасча камзул кийган йигитлар бир ерга тўпланиб, чапак чалиб куйга жўр бўлишади. Ой ўзининг нурли қўллари билан қора кўз, рангдор кўйлакли, сочлари узун қизларнинг гўзал юзларини силайди. Кеч ҳавоси ўзгача – ёқимли! Қорачадан келган ёшларнинг бири ғижжакда, бири эса гармонда завқ билан куй чалади. Оҳанг такрорланаверади. Қоронғулик бағридаги овулга бу кеча ўзгача файз киргандек. Ҳатто қариялар ҳам эшик олдида ўтириб, таралаётган мусиқа, ёшларнинг қувноқ овозларига қулоқ тутадилар. Хаёл уларни ўтмишга етаклайди. Гўзал қиз атрофида айланиб, рақсга тушаётган куч-қувватга тўлган йигит кўз олдиларига келади. Бу серғайрат  йигит хаёл сураётган ўша қариянинг ёшлиги. Ёшлар шодиёнаси уни хаёлан ўтмишга етаклади…
Саид ҳовлига кириши биланоқ  овул оқсоқоли Элбисднинг ўғли Мурод билан рақсга тушаётган гўзал Куарани кўрди-ю,  ҳуши учиб, лол қолди.
Осетинларнинг рақсга тушишларини ҳеч кўрганмисиз? Шўх куй янграяпти… Қиз билан йигит ўртада, қолганлар қарсак чалиб, куйга жўр бўлишяпти. Қиз худди ҳавода учиб юрган паридек енгил, ноз-карашма ила ҳаракат қилади. Йигит эса оёқ учида унинг атрофида айланади. Унинг ҳаракати кескин ва жўшқин, ҳудди суви тошдан тошга урилиб оқаётган  жиловсиз тоғ дарёсига ўхшайди.
Габо ўртадаги қиз билан йигитга норози қиёфада қараб, қошларини чимирган ҳолда туриб қолди. Ўнг қўли ҳанжар сопини ушлаган. Саид эса Габонинг ёнида, бу ҳовлига кирганидан бери Куарадан кўз узмайди.  Унинг қалбида қандайдир портлаш юз бергандай. «Ана у, ана у сен излаган гўзал!» дейди вужудига яширинган овоз. Бу онда Саиднинг кўзига олам янада сирли, янада чиройли бўлиб кўриниб кетди. Ой ҳам ёрқинроқ нур сочаётгандай. Беором юраги эса тез-тез тепади. Саид ён-атрофдагиларга эътибор бермай қўйди. Унинг хаёлини фақат рақсга тушаётган қора соч гўзал ўғирлаган эди. Қизнинг ҳар бир ҳаракати уни маҳлиё этади.
«Менга нима бўлди? – дейди ўзига ўзи. - Бир кўришдаёқ севиб қолдимми?!»
- Рақсга тушаётган қизнинг исми нима? – секингина сўради у Габодан.
- Куара,-деди Габо алоҳида бир меҳр билан.
- Кимнинг қизи?
- Шу уйнинг хўжайини Тселлагонинг қизи.
Муҳаммад  ҳовлини кесиб ўтиб, қарсак чалаётган ёшлар даврасига қўшилди. Унинг юзлари қувончни яшира олмайди. Хонадон хўжайинининг ўғиллари Гассако билан Ботирбек Габоларнинг олдига келишди. Саид гўё ширин туш кўраётган эди-ю, мезбонларнинг келиши уни чўчитиб, уйғотиб юборгандай бўлди. Габо таништирди:
- Бу бизнинг меҳмонимиз - Саид, Ксарзанлик Теспотнинг ўғли.
Йигитлар Саид билан Габони шарафлашгач, илтифот ила уйга таклиф қилишди. Явзиконинг меҳмонини уй соҳиби  ҳурмат билан қарши олди. Меҳмон шаънига айтилган шараф сўзларидан кейин уларни ноз-неъматлардан татиб кўришга таклиф қилди. Саид  Муҳаммад алайҳиссалом умматидан бўлгани учун ҳам унга вино ичиш ман этилган эди. Шу боис  бир тишлам ширин нон олиб, бир қултумгина шарбат ичиш билан кифояланди. У меҳмондорчиликни тезроқ якунланишини истаётганди. Гўё бутун вужуди ҳовлида қолган-у, бу ерда унинг суратигина тургандай эди.
Ўйин-кулгу эса давом этарди. Бир куй якунига етгач, ўртадаги йигит-қизлар четга чиқиб, даврага бошқалари тушадилар. Саид билан Габо ҳовлига қайтишганда навбатдаги рақс тугаган эди. Ўйин-кулгуни бошқариб турган Гассако Саидга яқинлашди-да, меҳмонни синглиси билан бирга рақсга тушишга таклиф этди. Кейин «Меҳмон билан рақсга туш» дегандай Куарага бош ирғаб қўйди. Куй янгради. Куара уялинқираганича қизлар даврасидан ажралиб чиқди-да, давра бўйлаб оёқ учида енгил, қушдай сузиб айлана бошлади. Чиройи ҳар қандай гўзал маликани лол қолдирувчи бу қизнинг рақси ҳам ўзгача эди: ҳаракатлари мағрур, шу билан бирга нозли. Қизнинг айрим дугоналари у билан фахрланадилар. Айримлари эса ҳасаддан куядилар. Йигитлар эса маҳлиё…
Саид эса кўзлари хумор бу гўзал атрофида рақсга тушяпти. У рақсга тушиб ҳеч қачон мана шундай лаззат олмаган. У қиз атрофида чаққон айланади. Куара эса унинг қалбидан отилиб чиқаётган сассиз нолаларига парво қилмайди. Париваш қиз мағрур «сузишда» давом этади. Йигит бундан аччиқлангандек ер тепиб, тескари қарайди. Кейин гўё дил розини айтаётгандай қўлларини қиз томон узатади.
У бир вақтлар дўстларидан эшитган ажабтовур  аҳволга тушди. Қалбини қандайдир олов куйдира бошлади. Саид қизнинг бир нозли қарашига шу тобда жонини беришга ҳам шай эди. Бунинг учун у ҳар қандай  буюк ишга ҳам, ҳар қандай қурбонликка ҳам тайёр. Унинг хаёлини фақат бир сўз қамраб олган: «Севаман! Севаман!» У худди туш кўраётгандай қиз атрофида айланаверди. Ҳушини тамом йўқотай деганда Куара унинг аҳволини билгандай бирдан тўхтаб, эгилиб таъзим қилгач, бир неча қадам орқага тисарилди. Бу рақс тугаганига ишора эди. Саид бундан ўзини йўқотиб қўймади. Товонларини уриштириб, ўнг қўлини папоғига қўйди-да, қизга миннатдорлигини билдирди. Кейин Куара қизлар даврасига қўшилгунча олижаноблик юзасидан кутиб турди. Сўнгра ёшларга қаради-да, куйга жўр бўлишгани учун, папоғини олиб, таъзим қилди.
Бу кеча кўп қиз ва йигит ўртага тушди. Аммо Саид ўйинга бошқа қўшилмади. У турган ерида қизлар даврасидаги рангдор кўйлакли қизга тикилгани-тикилган. Қандай жозибали! Бошини мағрур тутишини-чи! Ўртоқлари билан гаплашганда мунча чиройли кулмаса! Қалдирғоч қош остидаги бу кўзларда қандай сеҳр бор!
Явзиконинг уйига қайтишгач, Габо уни ётоққа кузатиб, ечинишига ёрдам берди. Кейин хайрли тун тилаб чиқиб кетди. Саиднинг уйқуси келмади. Унинг кўз олдидан қад-қомати келишган гўзал Куара кетмай қолди. У қўлига бахт қуши қўнганига, бу қушга эга бўлганига амин эди. «У меники!» деб ўйлайди у. У ўзининг Теспот ўғли эканига қандай ишонса, бунга ҳам шундай ишонади. Қиз севгисига сазовор бўлишига нега ишонмасин? Габо унга тутинган ука бўлгач, пайт топиб Куара билан холи учраштиради. Агар қизнинг қариндошлари, акалари бахтига тўғаноқ бўлишса, қизни олиб қочади, тамом вассалом!
Саиднинг хаёли ана шу ўй-режалар билан банд. Эрталабга яқин унинг кўзига уйқу илинди. Шунда ҳам тушида қорасоч, рангдор кўйлакли мағрур гўзал унга тинчлик бермади.
Эрта билан Саид Ксарзанга жўнади. Отга миниш олдидан Явзико билан Габони дўстлари ва қариндошлари ҳамроҳлигида уйига таклиф этиб, бу азизларнинг қутлуғ қадамлари туфайли ғариб кулбаси обод бўлажагини алоҳида таъкидлади.
Явзико билан Габо  бу таклифни миннатдорлик билан қабул қилдилар.
Габо меҳмонни кузатиш мақсадида отига минди. Саид йўл-йўлакай таклифини қайтариб, лутфларини дариғ тутмай, албатта боришларини тайинлади, интиқлик билан кутажагини уқдирди. Габо боришга ваъда бериб, ярим соатлик йўлдан сўнг дўсти билан хайрлашди.
Уч кундан сўнг Явзико билан Габо энг яқин дўстлари, қариндошлари ҳамроҳлигида Ксарзанга йўл олдилар. Саид уларни эшик олдида мамнулик ила кутиб олди. Отларни қўшнининг икки ўғлига бериб, меҳмонларни уйга бошлади. Меҳмонлар шарафига берилгувчи зиёфатга Саид овулнинг ҳурматли кишиларини ҳам таклиф этган эди. Уй хўжайини Муҳаммад  алайҳиссалом умматидан бўлгани учун  хонтахтада вино ҳам, чўчқа гўшти ҳам кўринмасди. Меҳмонлар уйда тайёрланган қўлбола шарбат ичишди. Осетинлар меҳмон мартабасида кекса ингушлар ёнидан жой олишган. Ёшлар эса хизматда.
Саид уй соҳиби  сифатида дуо ўқиб, Аллоҳ таолонинг қудрати ва меҳрибонлиги ҳақида ваъз айтди. Меҳмонлар ваъз шарофатига ўринларидан туриб, қадаҳларини бўшатишди. Сўнг бир қари ингуш Явзико ва унинг ўғли учун қадаҳ кўтарди. Явзико бу лутфга жавобан ўрнидан туриб, уй хўжайини ва оила аъзолари шарафига қадаҳ кўтарди. Шундан сўнг қора черкасча камзул кийган, оппоқ соқолли, озғингина қария ўрнидан турди. Бу Саиднинг қариндошлари ичида энг кексаси - Аҳмад. У тагаурсклик меҳмонлар соғлиғи учун, Явзиконинг қариндошларидан бири эса шу ерда ўтирган ксарзанликлар соғлиғи учун қадаҳ кўтарди.
Қадаҳ шу тарзда кетма-кет бўшайверди. Ҳар сафар ҳамма туриб, тантанавор сўзларни эшитиб, қадаҳ бўшатишади. Габо ёш бўлгани учун сўз айтмади.
Ниҳоят, яна Хатшашнинг ўғли Аҳмад ўрнидан турди.
- Инсонга қувонч берувчи ҳар бир нарса Аллоҳнинг марҳаматидир. Худога минг қатла шукурким, Одам Ато фарзандларига яшаш ва деҳқончилик учун ер, эрка севимли фарзандларига эса Қофқазни берди. Тоғлар бағрига қимматбаҳо тошлар билан олтинни яшириб ётибди, ўрмонларимиз қушларга, кийикларга қўтосу қоплонларга бой, сувларимиз балиқларга тўла, адирларимиз яхши ишлов берган одамдан ҳосилини аямайди. Тоғларимиз қанча бойликка эга бўлмасин, бир хазина қадрли ва бебаҳодир. Бу хазинани ота-боболаримиз - жойлари жаннатда бўлсин - бизга қалбда авайлаб-асраш ва болаларимизнинг қон-қонига сингдиришни мерос қилиб қолдиришган. Оталаримиздан қолган яхши анъана бор: одамлар қасам ичиб ака-ука тутинишади. Мана шу тоғлар қад кўтаргандан буён номус ва содиқликни қадрлаган одамлар Аллоҳ таоло марҳамати билан ака-ука тутиниб, бошига кулфат тушса ёинки бирор нимадан зориқса бир-бирига ёрдам берадилар. Улар қасам қадаҳи ичишган. Ҳар бир инсон ўзидан кўра кўпроқ ишонса бўладиган ака ёки ука қидирган. Агар ана шундай одам топишса авваламбор маслаҳат ва кафолатнома сўраб, оила катталарига мурожаат қилишган. Бугун кечқурун ҳам шундай бўлди. Теспотнинг ўғли Саид мендан Габо Явзико ўғлининг у билан бирга қасам қадаҳини ичишга розилигини сўрашни илтимос қилди. Габонинг чаққонлиги ва ботирлиги Саидга ёқиб қолибди. У Габонинг қалбида қанча мардлик ва шижоат бўлса, шунча номус ва содиқлик борлигига амин. Орқаваротдан эшитган гапларимизга қараганда, Саид Габони танлаб тўғри иш қилган. Габо,  Саидга тутинган ука бўлишингни сўраймиз.
Ҳамманинг нигоҳи Габога қаратилди. Габо бу таклифни кутмаган эди. Шунинг учун ноқулай аҳволда қолди. Уни бу аҳволдан отаси қутқарди. Явзико туриб, ўғлининг уялинқирагани учун ўтирганлардан узр сўраб, Саиддай бир одамнинг фарзандига тутинган ака бўлиши билан ғурурланишини билдирди. У ўғлининг бу таклифни жон-жон деб қабул қилишини истарди. Аммо қасам – муҳим, аҳамиятли иш. У икки одамни бутун умрга бирлаштиради. Шу сабабли ўйлаб бир хулосага келиши учун ўғлига то эрталабгача мухлат беришларини сўради.
Зиёфат шу зайлда тугади. Овул аста оқшом оғушида қолди.
Чироқлар ёқилди. Ёшлар рақсни бошлаб юборишди... Икки ёш куй чаляпти. Саид ўзини ўйин-кулгудан тортган. Уй хўжайини эканини баҳона қилиб ҳеч бир қиз билан рақсга тушишни истамайди. Лекин Габо тортинмай ўртага тушди. Ҳолбуки, унинг хаёли ҳам Тагаурскда. У ҳали ҳам бир нарсани ўйлайди: Саидга тутинган ука бўлсамикин? Саиднинг ботир йигитларга хос ўзини тута билиши унга ёқиб қолган. Аммо қасам ичиш - бу катта гап! Шундайку-я, бироқ агар тутинган ака қидирган тақдирда Саиддан яхшироқ одамни топа олармикин? Ҳа, ҳа, у қасам ичишга рози бўлади!
Эртасига пешинда Аҳмад қариндошларини бошлаб келди. Яна кечаги ўринларга ўтиришди. Саид фотиҳа ўқиди. Кейин Аҳмад туриб, Габодан Саид билан ака-ука тутинишга розилигини сўради.