Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва қасос. Владимир Икскул - 4-қисм
Facebook
Номус ва қасос. Владимир Икскул - 4-қисм PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва қасос. Владимир Икскул
2-қисм
3-қисм
4-қисм
5-қисм
Ҳамма саҳифа
«Агар Муроднинг шериклари ҳам  бахтсизликка учрамаса, Габо отимни бошқа қўяман», деб ўзича қасд қилди Габо.
У Ботирбекни содиқ сафдош деб биларди. Улар бир-бирларини ҳатто сўзсиз, кўз қарашлари биланоқ тушунишарди. Қолаверса, Ботирбекнинг бўлажак поччасига ҳурмати зўр. Ботирбек учун у мардлик намунаси: унинг бўйи-басти, кучи, ботирлиги, энг муҳими - қўрқмаслиги ва чаққонлиги, топағонлиги ва айёрлигига қойил қоларди. У жазога лойиқ иш қилса ҳам ана шу хислатлари эвазига сувдан қуруқ чиқарди.
Габо Пўлкан билан Пиэтркога зиёратгоҳ қадамжога олиб борувчи баланд тоғ йўлида жазо бермоқчи бўлди. Ирим-сиримларга ишонмаса-да, Пўлкан билан Пиэтрконинг авлиёдан ёрдам сўраб, илтижо қилишларини истамайди. Улар қадамжога етиб боришга улгурмай, қасос ханжаридан ўлим топишлари  керак. Габо бу сафар ишни айёрлик билан амалга ошириши кераклигини билади. У ўзини касалга солиб, Ботирбекка ишонишга қарор қилди. У кўрпа-ёстиқ қилиб ётиб олиб, табиб чақириб, қорин оғриғидан шикоят қилди. Табиб аввало бир қадах ароқ беришларини сўради. Талаби бажо бўлгач, қандайдир  дуоларни ўқиб, ичириб юборди. Кейин ични юмшатадиган талқон  дори ёзиб бериб, тез орада тузалажагини айтди. Мукофотга олган бир сўмни чўнтакка солиб, изига қайтгач, кўрган-билганларига Габонинг оғир касал эканини, аммо бу касал унинг дуолари ва дори-дармони олдида ҳеч гап эмаслигини айтди. Габо дори ичишни хаёлига ҳам келтирмай, Муҳаммад орқали Ботирбекни чақиртирди. Ботирбек шу заҳотиёқ, Муҳаммад билан кириб келиб, ҳол-аҳвол сўради.
Габо хаста овозда деди:
- Оғрияпти, Ботирбек…
У укасига жавоб берди. Ўсмирни бу ишга аралаштиргиси келмади.
- Ботирбек, курсини олиб, менга яқинроқ ўтир, гапим бор.
- Эшитаман, Габо?
- Ботирбек, ёрдам бермасанг бўлмайди.
- Габо, агар сен учун қон тўксам ўзимни бахтли ҳисоблардим.
- Раҳмат, Ботирбек. Муродга ким жазо берганини биласанми?
Габо шундай деб унинг кўзларига тикилди.
- Биламан!.. Куаранинг ўғрилаганлардан қасос олган одам шарафи учун ҳеч нарсадан қайтмайман.
- Ботирбек, - деди секингина Габо. – Унинг шериклари ҳам жазо олишлари керакми?
- Албатта, Габо.
- Сенинг ёрдамингга ишонсам бўладими?
- Бўлади!
Габо ундан кўзини олди.
- Улар қачон Рекомга боришади?
- Эртага эрталаб.
- Ботирбек, икки соатдан сўнг йўлга чиқамиз.
- Ахир касалсан-ку?
- Мен шунчаки айёрлик қиляпман.
- Шундай дегин?
- Муҳаммадни чақир, гапим бор.
Муҳаммад киргач, Габо унга деди:
- Менга қара, бугун кечаси мен бир ерга бориб келаман. Бу ҳақда ҳеч ким билмаслиги керак. Отни олиб, адирга чиқ. Ҳар доим учрашадиган еримизда кут. Ботирбек, сен ҳам ярим соатдан сўнг ўша ерда тегирмоннинг чап томонида катта йўл ёқасига чиқ.
Габо ўрнидан туриб кийинди. Отасига бугун бир ерга бориб келишини айтди.
- Буни фақат сиз билишингиз керак. Бошқалар учун мен касалман, кўрпа-ёстиқ қилиб ётибман.
Явзико бош силкиб дуо қилди:
- Авлиё Георгий мададкоринг бўлсин!
ххх
Тун оғушида қолган адирда Муҳаммад Габонинг отини ушлаб турарди. У эгарга суянганича кутаётган пайтда бошида папоқ, елкасига эса  милтиқ осиб олган, қора бўрк кийган Ботирбек аста яқинлашди. Тез орада қуролланган Габо ҳам етиб келди. У Муҳаммаднинг қўлидан тизгинини олиб, сакраб отга минди. Укасига бош ирғаб хайрлашгач, Ботирбек иккови тун бағрига сингиб кетишди.
«Қачон у мени ўзи билан бирга олиб юраркин?» деб оғринди Муҳаммад.
Габо билан Ботирбек жимгина кетишяпти. Габо отни жануби ғарб томонга, зиёратгоҳга сиғиниш майдонига олиб борувчи Қизилдон сўқмоғига бурди. У ўша ерда пистирма қўйиб Пўлканни отади. Пиэтрко эса Ботирбек отган ўқдан қулаши керак. Мурдаларни дарёга ташлашади. Отлар бирорта бахти кулган одам қўлига тушади, деб жониворларни ўз холига қўйишмоқчи бўлишди. Қасос ўти ғанимларни маҳф этгач, кундузи Ботирбек билан бир ерда беркиниб ётиб, кечаси уйига қайтишни мўлжаллади.
Сукунатни Габо бузди:
- Уйдагиларингга нима деб чиқдинг? - деб сўради.
- Владикавказга бориб, тўйга атаб ул-бул сотиб оламан, дедим.
Яна жим-житлик…
Отлар қор устида битта-битта қадам босишади.
Тоғ ортидан тўлин ой кўтарилиб, бепоён адирни ўзининг оппоқ нурига чўмди.
Ботирбек Габонинг режасини билмайди. Шундай бўлса ҳам, сўраб безовта қилгиси келмади.
Бир неча соатдан сўнг ғор оғзига етиб келишди. Зиёратгоҳга олиб борувчи сўқмоқ шу ғор ёнидан ўтади. Сўқмоқ йўл юқорига кўтарилди. Габо пана жой танлади. Бу ердан икки юз қадам наридан ўтувчиларни ҳам бемалол кўриш мумкин. Унинг ҳисобича, Пўлкан билан Пиэтрко эрталаб соат тўққизларда ўтишлари керак. Ғор атрофи қуюқ туман оғушида. Соат ўнларда Габо от дупурини эшитди. Дам ўтмай довонда Пўлкан кўринди. Габо уни мўлжалга олиб отди. Пўлкан бир тебранди-ю, эгарда қолди.  Унинг чап елкаси яраланган эди. Шундай бўлса ҳам отини олдинга ҳайдади. Габо Пўлкан билан Пиэтрко зиёратгоҳга якка ўзлари боришади деб янглишган экан. Уларнинг орқасида яна олти отлиқ пайдо бўлди. Улар орасида Муроднинг дўсти Садул ҳам бор. Қолганлари Муроднинг тоғаваччалари билан дўстлари.
Ҳаммалари милтиқларини шайлаб, туришарди. Отишма бошланди. Бошига ўқ теккан Садулнинг оти олд оёқларини кўтариб, чавандоз билан бирга жарга қулади. Улар тошдан тошга урилиб кўздан ғойиб бўлишди. Шу пайт Пиэтрко отган ўқ Габо минган отнинг тиззасини яралади. От жар лабида йиқилиб қолди. Габо ўз вақтида эгардан тушиб олишга улгурди. У Пиэтркони нишонга олди. Ўқ отнинг бўйнига тегди. Пиэтрко сакраб отдан тушди. Бироқ яраланган жонивор дўстларининг йўлини тўсиб қўйди. Бундан фойдаланган Габо сирни фош қилмаслик учун жарга ўз отини итариб юборди. Ўзи қояларга тирмашганича юқорига чиқиб қутулмоқчи эди. Шу орада Ботирбекни қочиб қутулишга ундади.
- Менинг хоҳишим шу! Биз уларга бас кела олмаймиз. Улар кўпчилик. Сен менга ёрдам қилишга ваъда берган эдинг. Энди бўйсун! Отинг ҳали бақувват, қочиб қол! Мен бир неча кундан сўнг уйга қайтаман.
Ботирбек иккиланди.
- Сенга буюряпман – қоч!
Ботирбек истар-истамас отини буриб, қамчи босди-ю, шу захоти кўздан йўқолди. Габо эса бутун кучини ишга солиб, қоядан қояга тирмашиб юқорилаб бораверди. Унинг орқасидан қанча ўқ отишмасин, нишонга тегмади.
Рақиблари таниб қолишдими йўқми, у аниқ билмайди. Балки бу йўлтўсарликни тоғда яшовчи бирон қабилага тўнкаб қўйишар, деган умиди бор эди. Бироқ адирда кундузи отсиз юриб бўлмайди. Шунинг учун Жимардаги қариндошлариникига боришга қарор қилди. У ерда Тагаурскда нима гап эканини, ундан ҳавфсирашаётибдими, йўқми, билади.
Пўлканнинг ярасини тезлик билан боғлашди.  Улар Габо билан Ботирбекни танишмади. Барчалари бир ерга тўпланишиб, қилинажак ишларнинг маслаҳатини пиширишди. Пиэтрко Садул тирикмикин, деган хаёлда ёлғиз оёқ йўлдан жарга тушди. Габонинг отини кўриб, дарров таниди-да, қувонганича қичқирди:
- Ака, мана далил!
У Садулни ҳам топди. Садулга ёрдамнинг ҳожати йўқ – у ўлган эди. Пиэтрко  юқорига чиққач, кўрганларини айтиб берди. Улар орқага қайтиб, бўлиб ўтган воқеа ҳақида приставга хабар беришга, Тагаурск билан Жимарда тинтув ўтказишини илтимос қилишга келишишди.
Пристав Тагаурскка бориб, овулдагилар «Габо касал, уйида», деса ҳам уни топа олмади. Габо Жимарга етиб келгани ҳамон пристав юборган унтер-офицер аскарлари билан қишлоққа яқинлашди.
Жимар баланд токқа жойлашган. Шу боис Габо кун бўйи пиёда йўл босиб, кечқурун етиб келган эди. Габо изма-из қувиб юришганидан бехабар эди. Жимар Ламардон водийсига туташиб кетган камбағалгина овул эди. Овулни ўртасидан кесган кумушранг дарё ҳаво очиқлигида  яққол кўриниб туради. Дарёнинг у бошидан яланғоч тоғ қоялари бошланади. Бу ерларда мол боқиб бўлмайди. Бу қоялар ортида ўткир чўққиларнинг иккинчи қатори осмонга бўй чўзади. Бу чўққиларга чиқиш мушкул. Яна узоқроқда асрий қор кўрпасига бурканган иккита баланд чўққи кўриниб турибди.
Жимар аҳолиси  чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланишади. Улар орасида бадавлат хонадон кам. Габо кириб келганда қариндошлари овқатланиб ўтиришарди. У ҳам ўтирди. У овқатланиб бўлай деганда эшик шашт билан очилиб хонага унтер-офицер бошлиқ аскарлар ёпирилишди. Уларнинг изидан Тагаурск оқсоқоли, сўнг Жимар оқсоқоли билан унинг котиби ҳам уйга киришди.
Габо сакраб ўрнидан турди-ю, аммо иложсизлигини сезиб, жойида қотди: чунки ўнлаб тўппончалар оғзи унга қаратилган, эшик ва деразалар олди одамларга тўла эди.
«Ҳа, тутилдим! Илож йўқ, тамом!»
Шундай деб ўйлади-да, сир бой бермай,  киборлик билан ўнг қўлини папоғига қўйиб, унтер-офицер олдига келди. Бир дақиқа тургач, унга икки қўлини узатди.
- Жаноб унтер-офицер, сиз менинг қўлларимни боғламоқчимисиз? - деб сўради у жилмайиб.
Бу унтер-офицерга масхара бўлиб туюлиб, аскарларга  «боғланглар», деб буйруқ берди.
- Маҳкамроқ, - огоҳлантирди Элбисд, - бўлмаса яна қочиб қолади.
«Нима бўлса ҳам қочаман», ўйлади Габо. У бундай қулай шароит тоғ йўллари орқали шаҳарга олиб кетишаётганда вужудга келишига ишонарди. У ташқи кўринишдан хотиржам эди. Аммо мияси тўхтовсиз ишлаб, нажот йўлини истар эди.
Габони сўроққа тутишди. Пўлканни  отганини тан олди. Унинг яраланган оти рад этиб бўлмайдиган далил эди. Котиб «нима учун шундай қилдинг?», деб сўраганида Габо киборлик билан деди:
- Нима, сенга жавоб беришим керакми?
- Қаллиғини ўғирлашгани учун қасос олмоқчи бўлган, - суҳбатга Элбисд қўшилди. Кейин ўғлининг тақдирини билиш мақсадида Габога юзланди:
- Нима учун аввал Муродни отмадинг. Ахир энг биринчи айбдор Мурод эди-ку?
Габо оқсоқолнинг тузоқ ташлаганини тушунди.
- Мен Мурод ҳақида ҳеч нима билмайман.
Габони шу бугун кечасиёқ шаҳар қамоқхонасига олиб кетмоқчи эдилар. Элбисд тинчлигини йўқотган, қалби азоб чекарди. Балки шу йигит ўғлининг қотилидир, аммо далили бўлмагани учун ҳеч нима қилолмайди. Агар бу ерда унтер-офицер аскарлари билан турмаганда, оқсоқол атрофидаги содиқ одамларини ишга солиб, Габони гапиришга мажбур қиларди. Қани эди, Габо билан юзма-юз қолса-ю, бу мағрур ва ўжар йигитнинг бурнини ерга ишқаб, азоблай, азоблай жонини олса!
У унтер-офицернинг ёрдамига муҳтожлик сезиб, уни секин четга тортди.
- Жаноб унтер-офицер, асирни менинг ўғлимни ўлдирганини тан олишга мажбур қилишнинг иложи борми? Бу ёвузлик фақат унинг қўлидан келади. Мен бунга аминман. У жуда хийлакор ва айёр, унга қарши бирор далил топиш қийин.
- Ҳа!
- Жаноб унтер-офицер, агар рухсат берсангиз, мен айрим усулларимни ишлатиб, уни тан олишга ўзим мажбур этардим.
- Ҳм, ҳм!
- Жаноб унтер-офицер, агар асирни ўн дақиқагина менинг ихтиёримга топширсангиз, сизга бажонидил ўн сўм берган бўлардим.
Ўрта бўйли, пучуқ бурун, малороссиялик камбағал оиладан чиққан унтер-офицер иккиланиб қолди. Бир томондан бундай талабни биринчи эшитиши – бу қонун-қоидага хилоф. Яна бирор кори ҳол бўлмасин, деб қўрқади. Иккинчи томондан, ўн сўм пул ҳазилакам эмас.
- Сен нима қилмоқчисан?
- Муродни ўлдирганини тан олмагунча оёғини куйдиравераман, - деб шивирлади Элбисд.
Унтер-офицер чўчиб тушди. У барча рус деҳқонлари каби оқкўнгил эди, ваҳшийликни ҳазм қила олмасди. Аммо ўн сўм пул… Агар охири бахайр бўлса-ку, пул чўнтакка тушгани яхши-я. У бироз ўйланиб деди:
- Тўхтанг-чи, ўзим бир гаплашиб кўраман.
У Габо ётган хонага кириб, маҳбусга яқин келди. Унга маънодор қараб турди. Габо унинг қарашидан бир нарса демоқчи эканини уқди. Хаёлига бир фикр келди.
«Наҳотки шу менга ёрдам берса? Бўлмаса ким? Балки Саиддир?».
Унтер-офицер аскарларнинг бирига маҳбуснинг қўли маҳкам боғланганми, йўқми, текшириб кўришни буюрди. Арқон маҳкам сиқиб боғлангани сабабли Габонинг билагини қизартириб юборган бўлса-да, аскарларга дўқ урди:
- Тузукроқ боғлашни ҳам билишмайди. Бундақа  маҳбусни ҳушёр бўлиб қўриқлаш керак. Сенлар бўлса…
У қоровулга жавоб бериб, арқонни сал бўшатди. Секин эшитиладиган қилиб сўради.
- Пулинг борми?
- Оз-моз бор, - шивирлади Габо.
- Оқсоқолинг бутун айбингни бўйнингга олмагунингча оёқларингни куйдирмоқчи. Агар бунга йўл қўймасам, хизмат ҳаққим қанча бўлади?
- Ёнимдаги борини оласан.
- Қанча?
Унтер-офицер арқонни яна тугиб қўйди.
- Камзулимда 65 сўм бор.
- Яхши, пулни кейин оламан.
«Яхши иш бўлди. Бунинг пули оқсоқолникидан олти баравар кўп», деб ўйлади унтер-офицер. Сўнг меҳмонхонага қайтиб:
- Талабингни бажаришни ҳеч иложи йўқ, - деди у оқсоқолга, – бу ерда гувоҳлар ҳаддан ташқари кўп. Буни бир ўзим ҳал қилолмайман. Ўзинг биласан, бошлиқларим ўтакетган қаттиққўл.
Аскарлар маҳбусни олиб чиқишга тайёрланишаётганда, унтер-офицер усталик билан Габони ёлғиз олиб қолди-да, вақтни бой бермай, ўнг қўлини камзулининг ён чўнтагига тиқди. Бироқ ҳеч нима топа олмади.
- Тагроғида, - пичирлади Габо.
Унтер-офицер тугунчани топиб, дарҳол яширди.
- Мени бутунлай қўйиб юбора олмайсанми? – сўради Габо.
- Қанча?
- Икки юз сўм.
- Пул ёнингдами?
- Йўқ. Лекин мен албатта тўлайман.
- Йўқ, йўқ, - унинг гапини бўлди унтер-офицер, - бунақаси бўлмайди! Шундайин ҳам сенга яхшилик қиламан, деб қонунни буздим, – деди-ю, шошилганича хонадан чиқди.
Икки оқсоқол ҳовлида ўзаро гаплашиб туришарди.
Жануби шарқдан кўтарилган Ой тоғлар устида осилиб қолди.
Унтер-офицер тугунчакдаги пулни санаш учун пана жой қидириб қолди. Ҳовлида санашнинг имкони йўқ эди.
- Мен ҳозир келаман, - деди у оқсоқолга. Сўнг орқа томонга ўтиб пулни санади. Тўғри чиқди.
«Бу осетин тушмагур тўғри сўз экан», - деб ўйлади у қайтар экан. Кўп ўтмай у йўлга тушишга буйруқ берди.
Тагаурск оқсоқоли Габонинг одатини билгани учун ҳам, қочиб кетади, деб хавфсирайди. У жиноятчини икки аскарга боғлаб қўйишларини сўради. Бу таклиф унтер-офицерга ёқиб тушиб дарров бажо келтирди.
Йўлга тушишди. Олдинда унтер-офицер. Габо аскарлар қуршовида. Унинг бўйи бошқалардан бир қаричга баланд. Элбисд саф орқасида, отда келяпти. Улар овоз чиқармай, шимол томонга қараб йўлга тушишди.
Қиш кечаси мафтункор ва қайтарилмас даражада гўзал бўлади. Қилт этган шабада йўқ. Тўлин Ой ён-атрофни кундузгидай ёритиб турибди. Оёқлар остида қор ғичирлайди. Яланғоч харсанглар қор остида. Чапда Ламардон водийси ястаниб ётибди. Водий ярим айлана баланд тоғлар бағрига бориб тақалади. Пастда тезоқар дарё шовуллайди. Бир ярим соатлардан сўнг ғор оғзига етиб келишди. Бу ерда сой сувлари қоя тошларини силаб-сийпаб шарқ томонга буралаб Ламардон дарёсига қўшилади. Йўл ҳам ўнгга қайрилиб шарққа, дарё бўйлаб чўзилиб кетган. Йўлнинг у ёнини тик қоялар ўраган. Бу қоя йўлга соя ташлаб турибди. Йўл торайди. Йўловчилар сиқилишди. Чап томон жарлик. Ўнгда тик қоялар кўкка бўй чўзган. Ҳаммаёқ қоя-тош. Аҳён-аҳёнда дарахт учрайди. Одамлар турнақатор бўлиб юқорига кўтарилиб боришади. Уларни булутлар ўз бағрига олди. Намиққан ёмғирпўшлари музлади.
Улар қояни айланиб ўтувчи ёлғизоёқ сўқмоққа етиб келишди. Одамлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, қояни айланиб ўта бошлашди.
“Мана, пайти келди, - ўйлади Габо. - Мени Сибирга сургун қилишларини ҳеч истамайман. Жангчилар паноҳкори авлиё Георгий, мадад бер!”
Унинг ўнг қўли боғланган аскар қояни айланиб ўтди. Иккинчиси ҳали орқада. Габо бурчакка етиб келиб, бир зум тўхтаб қолди. Қоя томонга қайрилди. Бутун кучини тўплаб арқонни тортди. Кейин шашт билан айланиб, аскарларга боғланган арқонни маҳкам ушлади-да, ўзини пастга отди. Ўзларини ўнглаб олишга улгурмаган аскарлар унга эргашиб жарга қуладилар. Олдинда кетаётган аскарни Габонинг оғирлиги тортиб кетди. Орқада келаётгани Габонинг сакраши ва шеригининг қулашини кўриб, ўзини шу сўқмоқда ушлаб қолиш учун бор кучини тўплади. Қўллари силлиқ қоя тошдан паноҳ излади. Аммо иложсиз, бу ерда ушлаб қоладиган бирорта ҳам нарса йўқ. У юракни титратиб юборувчи даҳшатли фарёд билан жарга қулади. Қолганлар эҳтиёткорлик билан ўзларини қоя тошга яқин олиб, пастга юмалаб тушиб кетаётган уч одамга то улар кўздан йўқолмагунча қараб туришди. Барча даҳшатга тушиб, тўхтади. Кейин шу ўртадаги овулдан ёрдамга одам чақириш учун орқага қайтдилар. Габо эса ҳамроҳлари билан булутлар оша пастга уча-уча бирдан  енгилгина туртки сезди. Арқон дарахт шохларига илинди. Кўз юмиб-очгунча вақт ўтмади ҳамки, дарахт куч билан тушиб келаётган уч кишининг оғирлигини кўтаролмай томирлари билан қўпорилиб чиқди. У ҳам шовқин-сурон билан пастга қулади.
Габо кимнингдир суяклари қисирлаб синганини аниқ эшитди. Бир аскарнинг боши билан қояга урилганини кўрди. «Авлиё Георгий, ўз паноҳингда асра!”, деб илтижо қилди.
Яна нимагадир урилишди. Бу сафар юмшоқ нарсанинг устига тушган Габо ҳушини йўқотди. Бир оздан сўнг ўзига келгач, қўл- оёқларини жонсиздай сезди. Аммо ҳеч қаери оғримасди.
«Мени авлиё Георгий сақлаб қолди”, - деб шивирлади унинг лаблари. У ҳали ҳам соғ қолганига ишонмас эди. У қўл-оёғини қимирлатиб кўрди. Йўқ, ҳеч ери синмаган. Габо тирик қолиб, озод бўлганидан қалби қувончга тўлди. Кейин  ёнида ётган аскарга кўзи тушди. Боши билан қояга урилган, қонга беланган гавдадан унинг одам жасади эканлигини билиш мушкул эди.  
Габо тагида аскар ётганини сезди. Уни ўлимдан бутазор сақлаб қолган эди. Габо ўрнидан туриб, бахти чопиб соғ қолганига ишонч ҳосил қилди. У ҳар икки аскарга боғланган арқондан ўзини бўшатиб, тирик қолган аскарга қаради. Кўринишидан бели синганга ўхшайди. «Йўқ мен унга ёрдам беролмайман», деб ўйлади у.
Габо ерда ётган милтиқни олиб, икки марта осмонга ўқ узди. Унинг назарида юқоридагилар буни эшитиб, ўртоқларига ёрдам бергани  пастга тушишлари керак эди. Габо пул-мул ёки егулик бирор нарса топиш ниятида аскарнинг чўнтакларини кавлади. У пичоқ, тамаки, бир неча тийин пул топиб, чўнтагига солди. Сўнг аскарнинг милтиғи билан ўқларини олиб йўлга тушди. Бир соатча ирмоқ бўйлаб юқорига кўтарилди. Шундан сўнггина, қорда қолган излари сирни фош қилиб қўйиши мумкинлиги хаёлига келди. Таъқибчиларни чалғитиш мақсадида аниқ из қолдириб орқасига қайтди. Кейин сувга сакради. Тиззасидан келадиган сувни кечиб, оқимга қарши юра бошлади. Орадан бир неча соат вақт ўтди. Шарқдан қуёш  мўралаб, Ой кўринмай қолди. У нафас ростлаб, дам олай, деган мақсадда харсангга ўтирган онда бирдан одамларнинг овози қулоғига чалинди.
Бу одамлар Габонинг олдидан тўсиб чиқиш учун эҳтиёткорлик билан пастга тушиб келишарди.
«Нима қилиш керак? Қочайми, йўқ, иложи йўқ», - ўйлади Габо.
У милтиқ билан ўқларни шох-шабба орасига яшириб, ўзи сув остига беркинди. Нафас олиш учун фақат бурнининг учигина сув юзасида қолди. Бу орада бир неча аскар пастга тушиб ўзаро гаплашиб Габо ётган ерга келишди. Унинг юраги шу қадар қаттиқ ура бошлади-ки, назарида худди ҳозир ёрилиб кетадигандай эди.
Йўқ, бахтидан бўлиб, улар ҳеч нима сезмай ўтиб кетишди.
Габо яна бироз кутди. Кейин муздай сувдан чиқиб қуролини олди-да, яна сув ичидан юриб, юқорига кўтарила бошлади. У тез-тез юриб, музлаёзган аъзои-баданини иситмоқчи бўлди.
Габо Ксарзанга, Саиднинг олдига паноҳ излаб бориб, маслаҳат сўрашга қарор қилди.
Қуёш чўққилар оша кўтарилди. Габо дам олиш учун пана ерга ётди. У кундуз куни беркиниб, кечаси йўл юришга мажбур эди. У уйғонганида қуёш тиккага келганди. Очлик силласини қуритди. Бироқ атрофда егулик бирор нарсаси ҳам йўқ. Баланд тоққа жойлашган чўпонлар кулбаси эса берк. Қишда чўпонлар кетиб қолишган.
Йўлда дам ола-ола, очлик азобига чидаб, олға интилаверди.
Қуёш ботди.
Егулик ушоқ ҳам йўқ.
Атроф фақат тош-у қор, бошқа ҳеч нима йўқ.  Чанқаса, қор шимади. У чарчади, шундай бўлса ҳам бутун кеч бўйи тўхтамади. Тонгга яқин адирга яқинлашди. Энди йўл ўрмон орасидан ўтади. Тўғри юриш мушкуллашди. Тез-тез дам олишга мажбур бўлди. Кучдан қолди. Ўтириши билан мудрай бошлади. Уйғонгач, очликдан ўзини йўқотгандай туюлди. У дарахт шохларида ўтган йилги ҳосилдан қолган, мевақоқиларни узиб олиб, апил-тапил чайнаб ютди.
«Агар бирор ҳайвонни отганимда хомича ердим, - ўйлади у, - олов ёқишга ҳеч нарсам йўқ».
Иккинчи марта қуёшнинг ботишини йўл азобида кўряпти. Бугун ҳам туни билан йўл юрди. Қуёш яна кўтарилди. У адирга етиб келди. Тоғ ёнбағридаги ўрмон четида, сўнгги йўлга отланиш учун тўхтаб, дам олди.
Куара ҳақидаги ўйлари унга далда берди.
У Саиднинг олдига бориб тўйиб овқат ейишини ўйлаб қувонди.
Ксарзанга йигирма чақиримча қолди. «У ердан изламайдилар. Тагаурск билан Жимардаги қариндошларимникида пойлашади», - деб ўйлади у. Кундузи адирда юришга ботинолмади. Очлик азобига чидаб, тун чўкишини кутди.
Энди Ксарзанга тўхтовсиз  юриб борарди. Унинг оёқларига қўрғошин қуюлгандай –  қадам босиши оғир. Хаёлида фақат бир фикр айланади:
…овқат… егулик бирор нарса…    
Ниҳоят, Ксарзан кўринди. Овулга кираверишда шаҳардан олиб келиб сотувчи кичкина нон дўкони турибди. У дўконга кириб нон сотиб олиб очкўзлик билан ея бошлади. Дўкондан чиқаётиб Жимарда ушлаб олган унтер-офицерга дуч келди.
- А-ха. Мана сен қаерда экансан! - деб хитоб қилди у.
Габо бор кучи билан унинг тумшуғига мушт урди. У ўзини тутолмай йиқилиб, нафаси сиқилди. Габо эса бундан фойдаланиб, қоронғуликда ғойиб бўлди. Унтер-офицер ўрнидан туриб аскарларини чақирди-да, Габони қувишга тушди.
- У дўстининг уйига яширинган бўлса керак, – деди ўзига-ўзи унтер-офицер. Тагаурск оқсоқоли унга Габонинг Ксарзанда тутинган акаси бор эканини айтган эди. У бу ҳақда Ксарзанда казаклар отряди турган приставга хабар берди. Пристав шу заҳотиёқ оқсоқолни ёнига олиб Саиднинг уйига шошилди.
ххх
Бу кеча Саид хонасида милтиғини тозалаб ўтирарди. Лампа чироқ хонани хира ёритади.
Бирдан дераза тиқиллади. Саид эшикни очиши билан хонага Габо отилиб кирди. Унинг ранги оқариб кетган, кўйлаги йиртилган, кир эди. Фақат кўзлари ёнарди.
- Саид, мени қутқар! Қувиб келишяпти!
Саид аввал дераза пардаларни тушириб қуйди. Сўнг эшикнинг занжирини солди. Кейин турк сўрисини девордан суриб, ертўла қопқоғини очди-да «пастга туш», деб Габони имлади.
- Ҳозир таом келтираман, - шивирлади Саид, - бу ерда беркинадиган жой борлигини фақат мен-у, онам билади. Ҳар эҳтимолга қарши уни ўзим ковлаганман. Бошингга тушган савдони кейин айтиб берарсан.
Габо ҳаяжондан гапира олмади. Саидга қўл бериб пастга сакради.
Қоп-қоронғи бу ертўланинг узунлиги етти, эни тўрт, чуқурлиги икки қулочча келарди. Саид ҳаво кириб турсин учун  тутун чиқадиган туйнукка қувур ўтқазган эди. Ерга бир неча тахта ташланиб, деворларга ҳам тахта қоқилган. Пастга озгина хашак ҳам ташланган.
Габо милтиқни бурчакка суяб, елкаси оша белига боғланган ўқлар териб қуйилган иккита камарни ҳам ечмай ўзини хашак устига ташлади. Саид туйнукни ёпиб сўрини жойига сурди-да, эшикнинг занжирини олиб қўйди.
«Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, уни бу ердан топа олишмайди!» деди Саид. У елкасидан оғир юки қулаган одам кайфиятида эди. Шундан сўнг ошхонага кириб, онасининг қулоғига нимадир деб шивирлади. Она аввало ўғлига қўрқиб қаради, кейин бош қимирлатди. Ошхонада турган Саиднинг сингиллари ҳам онасига савол назари билан қарадилар. Аммо улар Саиднинг онасига шивирлаб айтган гапларини эшитишмади. Саид онасининг тилини тия олишини, қочоқни қутқаришда унга ёрдам беришини биларди. У энди «таомни менинг хонамга олиб келинглар», демоқчи эди, ташқарида эшик қаттиқ тақиллади. Саиднинг синглиси эшикни очди.  Ҳовлига пристав, овул оқсоқоли ва узун қора папоқ кийган йигирматача казак кирди. Уларнинг қарашлари тунд эди.
- Саид, - деди унга оқсоқол, - пристав билан казаклар осетин Габони қидириб юришибди. У сенинг уйингда бўлса керак. Сен уни топширишинг лозим.
- Ҳа, - қўшиб қўйди пристав, - биз уни шу овулгача изма-из таъқиб қилиб келдик. Овулда унинг якаю-ягона дўсти сенсан.
- Ҳа, у менинг дўстим, - хотиржам жавоб қилди Саид. – Шунинг учун ҳам меникига беркинмайди. Биринчи бўлиб уни менинг уйимдан қидиришларингизга ақли етади. Агар унинг қаердалигини билмасам, қандай қилиб сизларга топшираман?
- Саид, - пристав унга яқин келди, - қочоқ сенинг уйингда. Ўзинг биласан, уни ҳеч қайси ингуш яширмайди. Уни яхшиликча ўз хоҳишинг билан бизга топшир. Казаклар билан чорак соат сени яккама-якка қолдириб, отхонада уларнинг қамчилари билан таништиришга мени мажбур қилма.
Саид ташқи кўринишидан жуда бамайлихотир, сир бой бермайди. Қараши жонни олувчи бўлса ҳам хотиржам гапиради.
- Бутун уйимни, ҳовлини тинтинг, унинг қаердалигидан хабарим йўқ.
Оқсоқол ўртага тушди.
- Жаноби пристав аввало уйни тинтиб чиқа қолайлик. Балки ростдан ҳам Габо бу ерда йўқдир?
- Жим бўл, - буюрди пристав. – Сенлар билан қандай гаплашишни ўзим биламан. Қани, менга  урядник Ефимовни чақириб юборинг-чи.
Кўп ўтмай ўнг қўлини папоғига қўйган урядник пайдо бўлди.
- Мана бу меҳмондўст жанобни отхонага олиб чиқиб, гапиришга мажбур қил. Бунақа ишга ўзинг устасан.
Урядникнинг оғзи қулоғига етди.
- Бажарилади, - деди у, кейин Саидга ўгирилди. Саидга яна бир неча казак ҳам яқинлашди. Саид ханжарини чиқариб қатъий деди:
- Агар жон ширин бўлса яқинлашмаларинг!
Унинг лаблари қимтилган, қошлари чимирилган, ранги оқарган ҳолда казаклар олдида дадил ва қатъий турарди. Казаклар унинг дадиллигидан чўчиброқ орқага чекинишди. Саид уларнинг бу иккиланишидан фойдаланиб, деразани синдирди. Мушук каби чаққон сакраб қоронғулик қўйнида ғойиб бўлди. Барчалари ҳовлига отилиб, Саидни қувишга тушишди.
Оқсоқол Саиднинг онаси билан сингилларини приставнинг олдига сўроққа чақирди. Улар бамайлихотир туриб «бегона одамни кўрмадик, сиз излаётган қочоқ ҳақида ҳам эшитганимиз йўқ», дейишдан бўлак ҳеч нарса билишмади. Пристав икки одамни ёнига олиб уйни тинтиб чиқди. Ҳар бир жавонни, ҳар бир сўрининг тагини, ҳар бир бурчакни синчиклаб текширди. Хашакларнинг орасини ҳам тинтишди. Аммо бу уринишлари натижасиз чиқди.
Бу ишлар оқсоқолга ёқинқирамади. У шамолга чап бериб, усталик билан тадбир ишлатиши керак эди. Оқсоқол  пристав билан ади-бади айтишишдан қўрқарди. Шу ўринда ўзининг ботирлиги билан танилган Саиднинг ёв бўлиб қолишини ҳам истамасди. Шунинг учун ҳам у Габони ҳамма ердан излашга аҳд қилди. Аммо бу қидиришларнинг натижасиз чиқишини кўнгли сезиб турарди.
- Жаноб пристав, - деди у бошлиғига таъзим қилиб, - балки қорнингиз очгандир? Хотинларга айтиб, кўнглингиз тусаган таомни тайёрлатайми? Албатта, кўп нарсани таклиф қилолмаймиз, бироқ, кабоб қилгулик қўй гўшти билан тухум, сут топилади.
- Яхши, бирор нарса тайёрлат. Мен озгина дам олай.
У Саиднинг хонасига кириб, турк сўрига ёнбошлади. Узоқ йўл юриб хоригани учун дарров мудрай бошлади.
Саид орқада казакларнинг оёқ товуши эшитилмагунча қочди. Кейин тўхтаб, тош устига ўтириб ўйланди:
«Қочишимнинг ҳеч нафи йўқ-ку? Улар Габони топишолмаса ҳам уйни қўриқлашади. Мен қайтишим керак. Бўлмаса, Габо оч қолади».
Бироқ у казакларнинг қўлига тушишни истамайди. У уйга яширин ҳолда, приставнинг олдига ўз хоҳиши билан киришга қарор қилди. Ҳақиқатан ҳам у уйга ҳеч кимга сездирмай кирди. У хонасига кирди-ю сўрида хуррак отиб ётган приставни кўрди. Саид пристав уйғониши билан кўзи тушадиган ерга ўтирди. Унинг режаси тайёр: пристав олдида бегуноҳлигини, бир неча ҳафтадан бери Габони кўриш у ёқда турсин, дўсти ҳақида бирон гап эшитмагани учун ҳам келганини айтади.
Саид тоқат билан приставнинг уйғонишини кутди. Кўп ўтмай пристав уйғонди. Эснаб, ўрнидан туриши ҳамон Саидга кўзи тушиб чўчиди:.
- Сен... Сенмисан? Сенга нима керак?
Саид ўрнидан турди.
- Мен сизнинг уйғонишингизни кутиб ўтирибман.
- Сени казаклар...
- Йўқ, мени казаклар тутишолмади, - деди Саид. - Мен бегуноҳлигим учун олдингизга келдим. Мен ҳақиқатан ҳам Габонинг қаердалигини билмайман.
Пристав унга ишонқирамай қаради. Лекин “Габо шу ерда яширинган” деган фикрининг қатъийлиги йўқолиб, иккиланиб қолди. Шу вақт Саиднинг онаси таом келтирди. Саид унинг ҳузурида туриб, кавказликлар одати бўйича уй хўжайини сифатида хизматда бўлди.
Овқат пайтида Ефимов кирди. У айбдорнинг изсиз йўқолганини айтмоқчи эди. Саидни кўрди-ю, тили айланмай қолди. У гаранг бўлиб бир Саидга, бир приставга қараганича  гапиришнинг ортиқча эканини билиб жим тураверди.
- Менга қара, Ефимов, Габо уйда йўқ. Аммо у шу яқин орада бўлиши керак. Саид унинг қаердалигини билади. Сен йигитларинг билан шу уйга ўрнашасан. Бирон бир одамнинг Саид билан, унинг онаси, сингиллари билан гаплашишига йўл қўймайсан. Саид, сен бизни қочоқни топгунимизча боқасан. Айт, иккита қўй сўйишсин. Ўзинг қараб тур, яна казакларимни оч қолдирма. Эсингдан чиқмасин: мен сени отхонага олиб боришга буйруқ берганман-а? Ҳали буйруқ ўз кучида турибди. Бекор бўлгани йўқ.
Саид онаси билан сингилларига нима қилиш кераклигини айтиш учун чиқди. У чиқиши билан пристав Ефимовни имлаб чақириб, унга шивирлади.
- Менга қара , Габо бошқа ерда беркиниб ётибди. У ҳам аҳмоқ эмас. Саиднинг уйини биринчи бўлиб тинтув қилишимизни билиб, бу ерга келмаган. Лекин у шу яқин орада Саиднинг овқат келтиришини кутаётган бўлиши керак. Йигитларингни  шундай жойлаштир-ки, уйдан ҳеч ким сездирмай чиқмасин. Агар Саидми, кампирми чиқса изига туш. Эҳтиёт бўл, яна сезиб қолишмасин. Кейин ўша захотиёқ менга хабар қил. Энди менга оқсоқолни чақир.
Оқсоқол кетишга ботинолмай, «пристав чақириб қолар», деб айвон зинасида кутиб турган эди.
- Менга қара, Габо шу овулда. Сен уни топишга ёрдам беришинг керак.
- Албатта, жаноб пристав, - деди оқсоқол таъзим билан.
- Демак, йигирмата одамни ёнингга олиб, ҳар бир уйни, ҳар бир отхонани, ҳамма ерни тинтиб чиқ. Эртага бу йигирмата одамингни алмаштириб, яна излайсан. Топмагунингча қидираверасан.
- Хўп бўлади, жаноб пристав – деди оқсоқол, кейин уйдан чиқди.
Кўчада  беихтиёр уф тортди. У тинчликни севадиган одам эди. Мана энди ярим овулни оёққа турғизиб, бу осетинни  излашга мажбур бўляпти. Худди Габо ўзини «мана мен» деб тутиб берадигандай. У ҳеч ким ўйламаган жойда ётгандир. Бунинг устига Ефимов йигитларини қоровул қилиб қўйди. Уйга бирор кимса сездирмай кира олмайди, чиқа ҳам олмайди. Ефимовнинг ўзи ўнта йигити билан ошхонага жойлашиб, таомнинг тайёр бўлишини кута бошлади. Саид сингиллари кўмагида бошқа хонага пристав учун тоза кўрпа-ёстиқ тўшаб, меҳрибонлик билан «ноқулай эмасми?», деб сўради. Унинг мақсади приставни турк сўрисидан турғазиш эди. Ниятига етди. Тўшалган ўрин приставга маъқул келиб, ечина бошлади. Саид приставнинг этигини тортиб, ечишига рухсат сўради. Пристав яна Ефимовни чақириб ҳамма эшик, ҳамма дераза олдига қоровул қўйилган-қўйилмаганини сўради. Ефимов ҳамма иш у айтгандай бўлганини айтди. Пристав қоровулларни кечаси соат иккида алмаштиришга буюрди. Кейин Саидни ўзининг хонасига киритиб, устидан қулфлаб қўйди-да, калит билан тўппончани ёстиғининг тагига яширди. Кўп ўтмай Саид унинг бир текисда пишиллашини эшитди. Унинг кайфи чоғ эди. Приставдан анча-мунча овқат ортиб, энди бу овқатни дўстига етказиши мумкин. У чироқни ўчириб, сўрини аста, овоз чиқармай сурди. Қопқоқни очиб, шивирлади:
- Габо!
Жавоб бўлмади.
Яна чақирди:
- Габо!
Яна жимлик.
У эҳтиётлик билан пастга сакраб, ён-атрофни пайпаслади. «Ҳа, мана у… Ҳали бадани иссиқ». Саид уни туртди, ҳеч қандай садо чиқмади. «У йўл азоби билан очликка чидолмай ҳушидан кетибди», ўйлади Саид.
Бундай аҳволда Саид унга вино бериши керак эди, афсуски, унда бу нарса йўқ. Ҳа, дарвоқе, приставдан қолган озгина сут бор-ку! У эҳтиёткорлик билан юқорига чиқиб, сутни олди. Кейин яна пастга тушди-да, дўстининг бошини пайпаслаб топиб, оғзига сут қуйди.
Габо кўзини очиб ихранди Саид хавфсираб, Габонинг қулоғига шивирлади:
- Габо, Габо, бу мен аканг Саидман, овоз чиқарма, эҳтиёт бўл, уйни казаклар ўраб олишган.
Габо ўзига келиб, заиф овозда деди:
- Менга овқат бер. Улар мени уч кундан бери таъқиб қилишяпти. Қорним оч.
Саид яна мушук сингари пусиб юқорига чиқди. Тезда бир бурда нон, эчкининг сутидан қилинган пишлоқ, иккита тухум олиб, пастга тушди. Кўпроқ овқат тайёрлагани учун онасидан хурсанд  бўлиб қўйди. Габо қизғанчиқ оч йиртқич каби овқатга ёпишди. Саид уни огоҳлантирди:
- Ҳаммасини еб қўйма. Эртага ҳам қолдир. Энди эртага кечқурун олиб тушаман.
Габо дўстининг гапига итоат этди, нон билан мойни бир четга олиб қўйиб, дўстига шивирлади:
- Саид, бу ташвишлардан қачон қутуларкинман?
- Худо билади. Сен хавотир олма. Ҳаммаси яхши бўлади.
- Менинг ўзимдан фақат бир ўтинчим бор: куним битгудай бўлса, ботир йигитлардек, номусимга гард юқтирмай ўлсам дейман.
- Аллоҳ ўйлаган ниятингга етказсин. Энди дамингни ол. Мен эртага кечқурун келаман.
- Менга қилган яхшиликларинг учун Худо сендан марҳаматини аямасин.
Саид юқорига чиқиб, қопқоқни ёпди-да, сўрини жойига суриб қўйди. У ўринга хотиржам ётди. Дўсти хавфсиз. Шу кундан бошлаб Саиднинг оиласи учун оғир ҳафта бошланди. Унинг ўзи, оила аъзоларининг ҳам овулдагилар билан алоқа қилишга ҳақлари йўқ эди. Уларникига ҳеч кимни яқинлаштиришмасди. Казакларни боқиш аёлларни анча уринтириб қўйди.
Габо беркиниб ётибди. Саид ҳар кеч унга овқат беради. У ҳар гал хонтахта устига кўпроқ овқат қўйиб, қолган-қутганларни йиғиштирмайди. У гўё приставдан қолган овқатни ўзи еяётгандай бўлади.
Казакларнинг кайфияти янада тундлашди. Овулдагиларнинг ҳам тинчи бузилди. Улар мажбуран қоровуллик қиладилар. Доимий тинтувлар уларнинг жонларига тегди. Улар оқсоқолдан, приставдан, Саиддан, ҳаммадан кўпроқ Габодан норози эдилар: «бу осетинга ингушларнинг овулидан бўлак беркинадиган ер қуриб қолган эканми?! Саиднинг дўстини сотмаслиги ҳаммага маълум-ку. Шундай экан, у бошқа овулда кўриниш бериб, уларни бу машмашадан қутқарса бўлмасмиди?!»
Пристав Габони тутган одамга уч юз сўм пул мукофоти берилажагини эълон қилди. Бир ҳафтадан кейин Ефимов приставга бу йўл билан қочоқни тутиб бўлмаслигини, Саидни гапиришга мажбур қилиш кераклигини айтди. Пристав бироз ўйлангач, рози бўлди.
- Яхши. Бир уриниб кўрамиз. Уни чақиргин-да, ўзинг беш-олтита одаминг билан эшик орқасида тур. У хонадан чиқиши билан маҳкам ушлайсан. Яна ўтган сафаргидай қочириб юборма.
- Хотирингиз жам бўлсин, жаноб пристав. Бу сафар қочиб қутулиб бўпти.
- Сен у билан ҳазиллашма!.. Хипчинларни ишга сол, гапирмагунча қўймайсан.
- Хўп бўлади!
Ефимов ошхонага бориб, янги сўйилган қўйни бўлаклаётган Саидни чақирди. Кейин энг бақувват йигитлардан олтитасини олиб, эшикнинг у томонида шай бўлиб турди.
Саид кириб эшик олдида тўхтади.
- Саид, - деди пристав, -  казакларни боқиш қийинлик қилаётган бўлса керак-а?
Саид жавоб бермади.
- Тушуниб турибман, эркатойларим сени хонавайрон қилишяпти.
- Нима ҳам қилардим, жаноб пристав? - деб юборди Саид. Йигирмата одамни боқишга унинг қурби етмай қолган эди.
- О, сен бунга барҳам беришинг мумкин. Габонинг қаердалигини айт, тамом, биздан қутуласан.
- Жаноб пристав, мен сотқин эмасман.
- Буни қара-я, “сотқин эмасман” деб ўзингни фош қилиб қўйдинг-ку. Демак, сен уни қаерда яширинганини биласан, лекин қайсарлик қилдинг-а? Мана, энди қўлимга тушдинг!
Саид унга аламли нигоҳини қадади.
- Саид, Габонинг боши учун ажратилган пулдан бир қисмини сенга беришим мумкин. Бунга нима дейсан.
Саид бор кучи билан приставнинг кўкрагига урди. У орқасига учиб тушди.
- Аблаҳ, иблис ўғли! Сен мени номусини сотадиган виждонсиз, деб ўйладингми?! - деди ғазаб билан Саид.
У ўрмонга қочиш мақсадида хонадан югуриб чиқмоқчи эди, аммо Ефимов муштига дуч келиб, ерга йиқилди. Казаклар унга ёпишишди. Бир дақиқада унинг қўл-оёқларини боғлашди.
- Хўш, энди отхонага олиб боринглар, - деб буйруқ қилди Ефимов. Саидни тўрт киши кўтариб, ҳовли орқали отхонага олиб ўтишди. У кўринишидан хотиржам бўлса ҳам, лаблари қимтилган, кўзлари бир нуқтага қадалган эди.
Отхонада уни ечинтириш учун турғизиб қўйишди. Бу вақтда аламига чидолмаган пристав келиб ғазаб билан Саидга ташланди.
- Сен ит, ингуш, мени ҳақорат қилишга қандай ҳаддинг сиғди! Итввачча! Ҳали сен менга қўл кўтардингми?!
У мушт билан Саиднинг оғиз-бурни аралаш туширди.  Саид боғланган. У оғзи бурнидан оқаётган қонни арта олмайди. Кўзлари эса ғазабдан ёнади.
- Ҳа, мен урдим. Аммо мен қўллари боғлиқ одамни урганим йўқ! – деб луқма ташлади у приставга.
Унинг овозида шунчалар мағрурлик, шунчалар нафрат бор эди-ки, пристав унга жавоб бермай, тескари қараб, казакларга амр этди:
- Буйруқни бажарларинг!
Саиднинг қўлларидан арқонни ечишди. Черкасча камзулини юлқиб олишди. Ерга ётқизиб, этиги билан шимини ҳам ечишди. У фақатгина  ич кўйлакда қолди. Тўртта одам унинг қўл ва оёқларини тиззаси билан босди. Ефимовнинг ишораси билан Саидга икки казак яқинлашиб, хипчинларни чиқарди.
Ефимов сўнгги марта сўради:
- Балки эсингни йиғиб, Габонинг қаердалигини айтарсан?
Саид жавоб бермади. У укасини сотиб қўймаслик учун овоз чиқармасликка қасд қилган эди.
- Бошла! - деб буйруқ берди Ефимов.
Саид аввал хипчиннинг ҳавода кескин хуштак чалганини эшитди. Кейин аччиқ оғриқ баданини жимирлатиб юборди. Ўн бир-ўн икки марта уришлардан сўнг Ефимов буйруқ қилди:
- Тўхта! Габонинг қаерда яширинганини энди айтарсан. Ёки яна хоҳлайсанми?
Яна жавоб бўлмади.
- Давом эт!
Яна хипчин бирин-кетин савалай бошлади. Бир неча марта хипчин тушгач, Саиднинг кўнгли айниб, қайт қилди. Кейин ҳушини йўқотди. Энди у ҳеч нима сезмасди.
Пристав яқинлашди.
- Нима деди?
- Овоз ҳам чиқармади.
Пристав «тўхтатинглар» дегандай ишора қилиб, Саидга энгашди-да, унинг бошини кўтарди. Юзлари кўкариб кетган, кўзлари нурсиз, ярим юмуқ, маҳкам қисилган лабларда қонли кўпик.
- Муттаҳамлар! – у казакларга ташланди. – Ахир ўлдириб қўйибсанлар-ку! Мана энди ишга тергов билан газета аралашиб, машмаша бошланади.
Ефимов пушаймон бўлгандай бошини эгди. Тиз чўкди. Саиднинг оёғини босиб турган икки казак эса ҳаракатсиз жасадни ўнг томонга айлантиришди. Ефимов Саиднинг кўкрагига қулоқ тутди.
- Юраги уряпти, жаноб пристав, - деди кўзлари қувончдан ёниб.
- Бўлмаса, совуқ сув сеп. Ўзига келсин.
Саиднинг бошига, орқасига бир неча челак сув сепишди ҳамки, ўзига келмади. Шундан сўнг пристав уни уйга олиб киришга буйруқ берди. Саидни ҳовлидан олиб ўтишаётганда онаси билан сингиллари дод-фарёд солиб унга ўзларини ташладилар. Уни ичкарига олиб кириб, ерга қўйдилар.
Она кўз ёшларини артиб, қизлари ёрдамида Саидни ўзининг хонасига олиб кириб, сўрига мук тушириб ётқизди. У қизларини ёғга юбориб, ўғлининг яраларини ювди. Саид кўзини очиб, онасига қаради.
- Она! – шивирлади у бахтиёр одамнинг товуши билан. Унинг мағрур жилмайиши қонсиз юзини ёритгандай бўлди.
- Мен Габони сотиб қўймадимми?
- Сиз унинг қаердалигини билармидингиз? – қизиқиб сўрашди сингиллари.
- Жим бўлинглар! – буюрди кампир.
- Худога минг қатла шукур, - деди у ўғлига. – Аллоҳ сенинг садоқатингни сақлади.
У шундай дегач, яраларга малҳам қўйди.
Кутавериб ҳафсаласи пир бўлган пристав эртага овулдан чиқиб кетишга қарор қилди. У бошлиқларига қочоқни топа олмадик, унинг беркинишига халойиқ ёрдам кўрсатди, дейишни дилига тугиб қўйди. Бунинг учун овулга катта жарима солишга маслаҳат беради. У Ефимовни чақириб, эрталаб овулдан жўнаш учун тайёргарлик кўришни тайинлади.
- Майли, бугун одамлар дам олсин. Қоровул қўйишнинг ҳам фойдаси йўқ.Барибир бу аблах Саиддан бир нарсани билиб бўлмайди.
Сўрида ётган Саид алахсираяпти. Юзлари докадек оқариб кетган. Дўсти эшитиб қолмаслиги учун ўқчимасликка ҳаракат қилади. Кечқурун онаси қоровуллар қўйилмаганини пайқаб, буни ўғлига айтди. «Казаклар овул кўчаларида сайр қилиб юриб, дўконга кириб тамаки олиб, отларни сафарга тайёрлашяпти» - деди.
Саиднинг сингиллари приставга овқат тайёрладилар. Пристав ҳовлига чиқиб оқсоқолга кўзи тушди. Оқсоқол бирор буйруқ бўлармикан, деган хаёлда келган эди. Саидга берилган жазо, унинг оғиз очмаслиги, казакларнинг эрталаб кетмоқчилиги ҳақидаги хушхабар овулга тарқалган эди.
- Менга қара, оқсоқол. Эртага тонгда биз кетамиз. Мен катталаримга «Габо сенларнинг ёрдамингда қочиб қутулган», дейман.
- Ахир, жаноб пристав?
- Жим бўл! Мен бу гапни икки ҳафтадан кейин бошлиқларга етказаман. Агар шу вақтгача Габони тутмас экансанлар ёки  қаердалигини билиб бизга хабар қилмасанглар овулга уч юз сўм жарима соламиз. Агар Габони тутиб берсанглар ёки қаердалигини хабар қилсанглар, бошлиқларга айтмайман, Габонинг боши учун  ажратилган пул сизларга тегади.
Оқсоқол таъзим қилиб, чиқиб кетди. Унинг елкасига яна оғир ғам юки юкланди. Овулнинг кекса, ҳурматли кишиларини тўплаб уларга приставнинг гапини етказди. Ҳамма ҳайрон қолди: нима қилишса экан? Габони тутишмаса, овул аҳли уч юз сўм тўлаши керак.