Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Номус ва қасос. Владимир Икскул - 3-қисм
Facebook
Номус ва қасос. Владимир Икскул - 3-қисм PDF Босма E-mail
Материал индекси
Номус ва қасос. Владимир Икскул
2-қисм
3-қисм
4-қисм
5-қисм
Ҳамма саҳифа
Пешинда пристав казаклар билан Тагаурскка йўл олди. У тўғри оқсоқолникига келиб, кечаси Александровка казакларининг хўкизларини ҳайдаб кетилганини айтди. Оқсоқол чуқур уф тортиб, ёшларнинг бебош бўлиб кетишгани, замон нотинчлигидан нолий кетди. Пристав унга синовчан қараб, «гумонинг кимдан?» деб сўради.
- Агар қароқчи бизнинг овуллик бўлса, бу иш фақат Габо Явзико ўғлининг қўлидан келади, - деди оқсоқол ишонч билан.
- Ҳа, мен ҳам шундай деб ўйлаган эдим.
Казаклар билан оқсоқолнинг ҳамроҳлигида пристав Габоникига келди.
Габо отаси билан ҳовлида турарди. Приставни кўриб у томон югурди-да, етиб бориб, таъзим қилди.
- Габо! – деди пристав қатъий оҳангда, - александровкаликларнинг хўкизлари қани?
- Александровкаликларнинг хўкизлари қаерда дейсизми? - худди тушунмагандай сўради Габо, - Менимча, улар Александровкада бўлса керак.
- Уларни ўғирлаб кетишибди! – пристав ғазабдан ўзини тутиб туролмади. – Уларни сен – шайтон ўғирлагансан!
- Жаноб пристав, - деди Габо ҳақоратланган киши овози билан, - Мен ўғри эмасман. Гуноҳсиз бир одамдан гумонсирашга ҳаққингиз йўқ. Майли, қидиринг, тинтинг. Барибир ҳеч нима топа олмайсиз.
Шу топда казаклардан бири приставга ердаги қон доғини кўрсатди.
- Бу қон қаердан келди? – сўради пристав.
- Онам товуқ сўйибдилар – деди Габо хотиржамлик билан. – Кеча меҳмон бор эди.
- Ким?
- Ксарзанлик Саид Теспот ўғли.
- У ҳам олғир йигит,  муттаҳамликда сендан қолишмайди, - деб минғирлади пристав, - уни ҳам қўлга олиш қийин… Казаклар! Уйни, отхонани тинтиб чиқинглар!
Шундай деб буйруқ бергач, Габога қаҳрли нигоҳини қадади:
- Бугун кечаси қаерда эдинг?
- Қаерда бўлардим… кўрпа ичида. Уйда бўлганимни гувоҳлар тасдиқлашлари мумкин.
Казаклар уйни, ошхона, омборхонани тинтиб, хўкиз гўштидан асар ҳам топа олишмади. Кейин отхона томонга юришди. Габо уларга эргашди. Улар  томдаги пичанни ерга отишаётганда ҳам ҳаяжонини билдирмади.
- Тўхтанглар-чи, - деди Габо, - ўзларингизни уринтириб нима қиласизлар, мен ўзим ташлайман. - У томга чиқиб, қолган пичанни беркитилган гўшт билан кўтарди-да, пастга ирғитди.
- Ҳар бир бурчакни яхшилаб қаранг, - деди пристав.
Ҳовли ўртасидаги гўшт яширилган пичан уйимига ҳеч ким эътибор бермади. Казаклар пастга тушишди.
- У ерда ҳеч нима йўқ.- дейишди приставга.
Пристав ҳеч нимага тушунолмай, Габога қараб ўйланди.

Габо унга яқинлашиб, жилмайди:
- Мана кўрдингизми,  жаноб пристав. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ мени ранжитдингиз. Уйимизда тинтув ўтказдингиз. Нима сабабдан мендан гумонсирадингиз?
- Мен эмас, ўзингнинг оқсоқолинг гумонсираяпти, -  деб ўзини оқлади пристав.
- Шундай денг! – Габо  ранжигандай бўлиб, оқсоқолга норози қиёфада қаради. - Гуноҳсиз овулдошингизни айблашга қандай ҳаддингиз сиғди? Сиз бизни қоралаш эмас, ҳимоялаш учун оқсоқол бўлгансиз!
У кўзлари ёниб, оқсоқолнинг ёнига келди.
- Бу сафар гуноҳсиз бўлганинг билан менга бақиришга хаққинг йўқ! – деди оқсоқол ундан юзини ўгириб.
- Бу сафар денг, - бақирди Габо ва унинг елкасидан ушлаб, ўзига қаратди. – Бу ҳақорат! Мени қачон ўғрилик устида ушлагансиз, қачон?!
У жаҳл билан ханжарига ёпишди.
Пристав уларни ажратиб қўйди. Бироқ оқсоқол билан Габо ўртасидаги жанжалдан шодланди. У ғазаб билан айтилаётган гаплар орасида ўзига керакли бирор нарсани билиб олишдан умидвор эди.
Лекин Явзико бу томошага айёрлик билан барҳам берди. Приставни казаклар билан бирга ўз нон-тузини тотишга таклиф қилди. Пристав ноз қилмай, рози бўлди. Уни меҳмонхонага бошлашди. Оқсоқол билан уй хўжайини унинг кўнглини овлаш билан машғул бўлишди.
Казаклар чекиб, лақиллашиб ошхонада ўтиришди.
Габо пичан орасидаги хўкиз гўштидан бир неча бўлак кесиб олиб онасига келтириб берди-да:
- Онажон, сели қотмаган гўшт приставнинг жиғилдонини қитиқлайди. Қассобдан насияга олиб келдим... – деди муғомбирлик билан.
Габо чаққон-чаққон ҳаракатлар билан нозик меҳмоннинг кўнглини овлади. Пристав олдига қўйилган сочиқ орасида ҳадя борлигини англаб, ҳеч кимга сездирмай, пулни олиб чўнтагига урди. Бунақа иззат-икромга кўп дуч келгани учун “бундан мақсад нима?” деб сўраб ҳам қўймади.
Явзико меҳмон олдига икки хумчада ажойиб осетин пивосини қўйди. Бу ҳам приставнинг кўнглини юмшатишга кўп ёрдам берди.
Овқатдан сўнг у Габони чақирди.
- Менга қара Габо, айтайлик, бугун сен билан нотўғри муносабатда бўлдик. Ҳа, сенинг айбинг йўқ. Ҳамма гуноҳ бизда. Пристав ҳам гоҳида янглишади. Лекин мендан бир нарсани яширма: хўкизлар қаерда? Мен буни пристав сифатида эмас, меҳмонинг сифатида сўраяпман. Гап иккаламизнинг ўртамизда бўлади. Мен сенга жазо бермайман. Таъқиб ҳам қилмайман. Фақат менга хўкизлар қаердалигини айт.
- Жаноби пристав, - жавоб берди Габо айёрона жилмайиб, - агар хўкизлар тирик қолган бўлса ўрмонда юргандир. Аммо уларни ҳеч ким топа олмайди. Жаноб пристав, қовурдоқ қалай, ёқдими?
Пристав бир сукутгина тошдек қотиб қолди. Кейин шундай хохолаб кулди-ки, кўзларидан ёш чиқиб кетди.
- Йўқ, Габо, сен…сен ҳақиқий товламачисан, хийлагарсан! Қаранг-а! У бизни ўзимиз қидирган гўшт билан сийлаяпти-я! Яхши! Лекин мен казакларга айтаман. Габо, айт-чи, гўштни қаерга яширган эдинг? Биз излаб тополмадик-ку?
- Нима ҳам қила олардим? Жаноб пристав, яна бир қидириб кўринг, - деди кинояли кулги билан Габо.
Айбдорларни топа олмаган пристав шу куниёқ казаклар ҳамроҳлигида қароргоҳига қайтди.
ххх
Габо билан Куара энди куёв-келин. Тселлагонинг уйида бўлган фотиҳа тўйида қалин миқдорини келишиб олишди. Тўй тез орада, янги  йил кириши биланоқ бўлиши керак эди. Габо Куарадан беш ёш катта. У қизни болалигидан билади. Фақат мана шу Куарагина овул қизлари ичида Габонинг юрагида севги ўтини ёқишга муяссар бўлди. Габо қизни болаликдан яхши кўради. У болалигида Куара билан бирга ўйнарди, ҳатто қизга тахта бўлакларидан аравача ясаб берган, Куара бу аравачада қўғирчоғини солиб ўйнаб юрарди.
Куара ҳам бу баҳодир йигитни севади. Габо қиз учун тенгсиз бир қаҳрамон, айни чоқда кўркам ва ажойиб йигит. У жуда кўп йигитларнинг таклифини рад этди. Гўзал ва мағрур Куара ишқидаги жуда кўп йигитлар  қалб азобидан кўп оҳ чекдилар!
Тагаурск оқсоқолининг ўғли Мурод ҳам ана шу кўйга тушган жабрдийдалардан эди. Албатта, у сиртдан қараганда қизга жуда мос эди. Отаси ўзига тўқ, ҳурмати зўр одам. Ўзи оиланинг орзу-умиди, якаю-ягона ўғил. Мурод бўйдор, аммо сочи тўкилаётган, бурни катта, беўхшовроқ эди. Уйда ота-онаси ҳаддан зиёд эркалаб юборганидан ўз хоҳишига жуда эрк берган. Мурод Куарадан рад жавоби олишга ақли етгач, уни олиб қочиш режасини тузди. Куаранинг Терпско исмли амакиваччаси бор. Камбағал бу йигитнинг кўнгли жуда-жуда бўш. Мурод турли совға-саломлар билан унинг кўнглини овлади. Муродга унинг кўмаги шу кунларда сув билан ҳаводай зарур эди. Муроднинг фикрича, қизни олиб қочиб, номусига теккандан сўнг, Куарани ҳеч ким олмайди. Шунда унинг оиласи Муродни куёв қилишга мажбур бўлади.
Габо Муроднинг Куарага кўнгли борлигини биларди. Шу ўринда Куаранинг фақат ўзи - Габони севишига ҳам қаттиқ ишонарди. Унинг мағрурлиги, рақибидан ҳар томонлама устун эканига ишончи Куарани Муродга рашк қилишига йўл бермасди. Бироқ Куаранинг яқинида Муродни  кўриб қолгудай бўлса, барибир аччиғи чиқарди.
Куара билан Габонинг фотиҳа қилиниши Муродни режасидан қайтара олмади. У Габонинг довруғидан ҳам, ҳайбатидан ҳам унча қўрқмасди. «Менинг ханжарим ҳам уникидай ўткир», -  деб ўйларди. У Терпскога суянса бўлади. Терпско ҳозир Муродга яқин дўст бўлиб қолганидан хурсанд. Бироқ Мурод унга режасини гапириб берганда Терпско аввалига қаршилик билдирди. Бу иш унинг назарида оиласига хиёнат, қисқаси, аблаҳлик бўлиб туюлди. Синглисини тузоққа тушириб, унинг бахтиқаролигига сабабчи бўлишни истамади. Лекин Мурод бир-икки гап билан унинг иккиланишини пучга чиқарди. У шундай қиладики, қариндошлари тугул ҳатто Куаранинг ўзи ҳам икки дунёда Терпсконинг Муродга ёрдам берганини сезмайди. Бу соҳада Муроднинг тайёр режаси бор: Терпсконинг бирдан-бир қиладиган иши - Куарани расмга тушишга кўндириш-у суратхонадан бир ўзининг чиқиб келишини таъминлаш. Қолганини Муроднинг ўзи қотиради.
Куара ғойиб бўлиши билан Терпско бу ҳақда Тагаурскга хабар бериши керак. Бу орада эса мўлжалдаги иш амалга ошган бўлади... Муроднинг айтишича, шу зайлда Терпско унинг яқин қариндошига айланади! Йигит киши учун ахир бу фахрли-ку! Бу муттаҳам, қароқчи Габонинг ҳаёти бир кунмас бир кун ёмонлик билан битади. Терпско сал иккиланса-да, барибир кўнгандай бўлди. Ўзининг аралашуви сир сақланишига кафолот берилгач, кўнгли бироз тинчиди. Мурод унинг бутунлай рози бўлмаётганини сезиб, ҳал қилувчи зарба берди: у Терпскога фақат  Владикавказдагина топиладиган кумуш ҳолли ажойиб эгар ваъда қилди. Мурод Терпскода шундай эгар олиш орзуси борлигини, лекин ҳамёни қуруқ эканини биларди. Ниҳоят, Мурод ғолиб чиқди. Терпско узил-кесил рози бўлди. Қўл беришишди. Куаранинг эса боши устида тўпланаётган бало булутлардан хабари йўқ. У Габога бўлган муҳаббатидан маст, тўйга тайёргарлик кўрарди. Бир куни амакиваччаси Терпско ундан куёвтўрага қандай совға-салом тайёрлаётганини сўради. Куара Габо учун рўмолчалар тикиб қўйганини, дастаси олтин ранг иплар билан безатилган қамчин тайёрлаганини айтди. Терпско унга фотосуратини совға қилишни таклиф этди-да:
- Сен бундан бўлак яхшироқ совға қилолмайсан, - деб таъкидлади. Бу фикр Куарага ёқиб тушди. Терпско уни шаҳарга кузатиб боришга тайёр эканини айтгач, ноз қилмай рози бўла қолди.
- Ҳа, айтмоқчи, Ботирбек ҳам шу кунлар ичи шаҳарга тушмоқчи эди-я, - деб аҳдини қатъийлаштирди.
Бу гап Терпскога ёқмади. Лекин Ботирбекнинг боришига қаршилик билдиришга қўрқди. Қиз ҳавфсираб  қолиши мумкин эди. «Қандайдир баҳона билан Ботирбекдан албатта ажралиши керак», деб ўйлади у. Улар келаси душанба куни шаҳарга боришга келишишди. Терпско усти ёпиқ извош топишни  ўз зиммасига  олди-ю, келишув ҳақидаги хабарни шу куниёқ Муродга етказди. Бу хушхабардан кўнгли тўлган Мурод тайёргарликни тезлатиш мақсадида шаҳарга кетди. Кўп ўтмай Владикавказда Терпско ҳам пайдо бўлди. Улар келишиб олинган соатда муюлишда учрашишди. Бир неча извошчилар билан гаплашишди. Бир-бирига жуда ўхшаган тўрт ғилдиракли икки извошга дуч келишгач, уларнинг биринчиси билан Терпско келишди. У извошга учта оқ от қўшилиши шарт эканини, уч кишини Тагаурскдан олиб келиб, яна қайта олиб бориб қўяжагини айтиб, баҳолашди. Мурод иккинчи извошни ҳам худди шу кунга тайинлади. У ҳам извошга учта оқ от қўшишни таъкидлади. У извошчига шу куни шаҳар кўчаларида кўринмай, ҳовлида тоққа чиқишга тайёр туриши кераклигини айтди. У манзилни аниқ айтмади,  Владикавказдан ўттиз чақирим наридаги Алагир қишлоғига борилиши шартлигини ҳозирча извошчининг билиши лозим эмас эди. Шу боис Мурод қирқ чақиримдан зиёд йўл босмасликларини айтиб, извошчини ҳотиржам қилиш учун олдиндан сахийлик билан пул тўлаб қўйди.
Мурод Тагаурскка қайтиб келгач, шу ишга ёрдам бермоқчи бўлган яқин дўстларидан бири Садулни Алагирга юборди. Садул бориб Муроднинг амакиси Сосани огоҳлантириб қўйиши керак эди. У Муроднинг душанба куни гўзал қиз билан келишини, номуси булғанган қизни оиласи турмушга узатишга кўнмагунча яхшилаб яшириб қўйиши шартлигини айтди.
Соса топшириқни эшитгач, бир оз ўйлаб, мулоҳаза қилди-да, ҳаммаси жияни айтгандай бўлишини уқтириб, «кўнглини ҳотиржам қилаверсин», деб қўйди.
Шанба куни Габо Владикавказга бориб, Куара учун қидира-қидира энг чиройли олтин камар, осетин қизларининг кўйлагини безайдиган ўнта қимматбаҳо тўғнағич сотиб олди. Энг узун тўғнағич юқорига тақилиб, кўкрак устини безайди. Қолганлари пастга кетма-кет қадалади. Энг кичиги белдан сал юқорига тақилади. Тўғнағичларга ўрта асрга хос Осиё суратлари билан безак берилган эди.
Якшанба куни тушдан сўнг Габо зеб билан кийиниб, ёнига Муҳаммадни олди-да, Тселлагонинг уйига борди. Муҳаммад ипак қоғозга ўралган совғаларни кўтарди. Тселлаго уларни кутиб олиб, бўлажак куёвини меҳмонхонага бошлади. Габо хонтахта устига қимматбаҳо туҳфаларни қўйиб, қаллиғига совға қилиш нияти бор эканини айтди. Бу безаклар Куара ҳусну-жамоли олдида арзимас эканидан ҳижолатда эканини билдириб, бундан зиёдроқ қимматбаҳо нарса келтирмагани учун узр сўради. Шаҳардан қидириб топганлари шугина эди. Тселлаго эса бу зийнатларга ҳайрат билан боқарди – ўзича чамалаб кўриб, бу буюмларга олти юз сўм нарх қўйди. У Габога миннатдорчилик билдириб, куёвга кўриниш бериш учун ясанаётган Куарани чақиргани чиқди. Қиз тез орада чиқди. Оддий кийинган, аммо гўзал Куара Габога жилмайиб боқиб, қўл берди. Габо аввал ўнг қўлини папоғига қўйиб таъзим қилди-да, Куаранинг нозик қўлини ўзининг ўнг қўлига олиб сиқиб қўйди. Муҳаммад ҳам бўлғуси келинойисининг қўлини ушлаб кўришни истар эди. Аммо Габонинг жиддий қаровчи кўзлари эшикни имлади. Муҳаммад бу ерда ортиқча эканини тушуниб, ноқулайлик билан таъзим қилиб чиқди. Ҳар нечук  қуруқ қолмади, Куара унга бир жилмайиш ҳадя этди.
Габо билан Куара фотиҳа тўйидан кейин илк бор бир ўзлари қолишди. У қизнинг белидан қучиб ўзига тортди. Қиз қаршилик билдирмай ўз бахтидан, муҳаббатидан маст, бўлиб унинг кенг кўкрагига бошини қўйди. Габо чап қўли билан унинг бошини кўтариб гўзал юзига, чиройли кўзларига тикилди. «Ҳам гўзал, ҳам ақлли, ҳам меҳрибон», деб ўйлади у. Габони бахт шароби мағрур этди: шу гўзал қиз унинг қаллиғи!
- Куара, - деб  шивирлади у,  кейин бошини эгиб қизнинг юмшоқ лабларидан бўса олди, маҳкам қучди. Қизнинг назарида ўзи шу топда ҳимоясиз, жуда кичкина, жуда нозик эди. Шу билан бирга йигитнинг қучоғида ўзини айтиб бўлмас даражада бахтиёр ҳис этарди.  «Агар хоҳлаганимда ҳам унинг қучоғидан қутилиб чиқа олмасдим», деб ўйлади қиз. Бу ёқимли қучоқдан қутилиб чиқишни орзу ҳам қилмасди. Бу чайир билаклар оғушида  маст бўлиш унинг учун энг буюк саодат эди. Ўз ихтиёридан чиқиш, ўзини севганига тўлалигича топшириш, муҳаббат чўрисига айланишдан ўзга истаги йўқ эди.
- Габо! - деб йигит елкасига қўлини қўйди-да, унинг кўзларига тўйиб боқиш учун ўзини сал орқага ташлади. Икковлари ҳам бир неча дақиқа сукутда қолишди.
- Габо, - деди у жилмайиб, йигитга бошдан оёқ кўз ташлаб. - Мен сизни ҳар вақт севардим. Мен ҳеч қачон  сиздан бошқа одам билан турмуш қуришга рози бўлмас эдим.
Қиз унинг юзларини силади.
- Габо, мен сизни севаман. Фақат сизни!
- Куара, - деди Габо қасамёд этаётган киши овози билан. - Мен ҳам сени севаман. Фақат сени ўйлайман. Менга сендан бўлак қиз ёқмаган. Куара, Худонинг ўзи сени менга бахтим учун  яратган.
- Куара! - у қизнинг бошини икки қўли билан ушлаб, унинг кўзларидан, пешонасидан, юзларидан ўпди. Ниҳоят, уни қўйиб юборди. - Куара, бир-биримизни севишимиз қандай яхши!
Бу орада уйга қизнинг онаси Дандана кириб,  патнисда май тўла кичкина қадаҳ билан ширинлик қўйди. У баъзи бир нарсаларни кўрди, сўнгги сўзларни ҳам эшитди. Эшитди-ю, ёшлик кезларини эслади:
«Тселлаго ҳам мен билан худди шу зайлда гаплашар эди» - деб ўйлади у енгил энтикиб.
- Бу ажойиб зийнатлар учун Габога раҳмат айтдингми? – деб сўради у яна совғаларга ҳайрат билан боқиб.
- Йўқ! – қизарибгина жавоб берди Куара. – Мен ўзим учун энг қимматли бўлган совғага махлиё бўлиб қолибман.
Душанба куни эрталаб Тагаурскка тўрт ўринли, учта оқ от қўшилган извош келиб тўхтади. Извошчи бир ярим соат мобайнида отларга дам бергач, соат тўққизларда Куара Ботирбек ва Терпско ҳамкорлигида шаҳарга йўл олди. У миллий кийимда эди. Кўйлаги устидан Габо совға қилган қимматбаҳо безакларни тақиб олганди, бошига эса қора сочларини яшириб турувчи оппоқ тўр рўмол ўраганди.
Улар шаҳарга эсон-омон етиб келишди. Извош сураткашнинг уйи олдида тўхтади. Куара акалари билан биргаликда учинчи қаватга кўтарилди.
Терпско Мурод билан Садулнинг шу яқин орада эканини биларди. Келишувга мувофиқ, улар кузатиб туришлари, Куара акалари билан уйга кириши биланоқ, извошчининг ҳақини тўлаб, жўнатиб юборишлари керак эди. Шундай бўлди ҳам. Извошчи тунов куни Терпско билан Муродни бирга кўргани учун ҳеч нимадан гумонсирамади. Кира ҳақидан ташқари чой пулини ҳам олгач, қувонганича жўнаб кетди.
Бир неча дақиқадан сўнг Садул учта оқ от қўшилган извош билан пайдо бўлди-да, Куаранинг чиқишини Мурод билан бирга кута бошлади.
Муродга ёрдам бериш мақсадида келган амакиваччалари Пўлкан билан Пиэтрко эса эшикдан кўз узмай кўчанинг у бошидан, бу бошига бориб келишарди.
Бу орада Терпско сураткашга сирли оҳангда бир неча сўз айтди.  Суратни олиб бўлгач, ёш йигитни («Терпсконинг рақиби»ни) бир нима биландир чалғитиб, қиз билан гаплашиб олишига имкон яратиб беришни илтимос қилди.
Сураткаш бундай воқеаларга кўп дуч келганми, дарров йўлини топа қолди. У сурат олиб бўлгач, «Терпсконинг рақиби»ни суратнинг нархини савдолашиш баҳонасида бир неча дақиқа ушлаб туришга ваъда берди. Шундан сўнг сураткаш Куарани ўтиришга таклиф қилди. Икки хил кўринишда суратга олди. Қиз суратни Габога беришини, унинг хурсанд бўлишини кўз олдига келтириб мамнун жилмайди. Терпско эса хаяжонда эди. У дераза орқали кўчани кузатади.
Извош йўқ.
«Ҳа, яхши. Мурод уни жўнатиб юборибди».
Ботирбек деразага яқинлашмасин учун уни чалғитди. Озгина вақт ўтгач, хонанинг у ёғидан бу ёғига юриб, дераза олдида тўхтади.  Яна ташқарига қаради: эшик олдида бошқа извош турибди.
«Мурод шу яқин орада бўлиши керак…»
Садул кўчанинг у томонида туриб, соатсоз-жухудининг дўконидаги соатга қарайди. Пўлкан билан Пиэтрко эса кўча бўйлаб юришибди.
Куаранинг иши битди. Терпско уни кузатди.
- Ҳа, айтмоқчи, Ботирбек, суратларнинг нархини келишиб олсанг бўларди, - деди у остонага яқинлашганда.
- Куара, сенга нечта сурат керак? – деб сўради Ботирбек.
Куара ўртоқларига ҳам совға қилса, олтитаси етар деб ўйлади.
- Ботирбек, биз сени кўчада кутамиз, - деди Терпско.
- Яхши, - деди Ботирбек, устахонага қайтатуриб, - мен ҳозир чиқаман.
Куара билан Терпско зиналардан аста тушиб боришарди. Терпсконинг юзига  иснод булути соя солган. У ўз синглисини сотяпти! Энди вақт кеч, Муродга сўз берган, қолаверса… кумуш халли эгар…
Олға!
Кўчага чиқишди. Тўрт ўринли, учта оқ от қўшилган извош эшик олдида кутиб турибди. Улар бироз туриб қолишди.
- Куара, сен извошга ўтира қол. Кўчада тургандан кўра ўтирганинг дуруст. Мен Ботирбекни шоширай-чи, негадир хаяллаяпти.
Терпско шундай дегач, изига қайтди. Қимматбаҳо кийимдаги гўзал Куарага ўтган-кетганлар қарайвергани учун ҳам, у извошга ўтиришни маъқул топди. Қиз ўтириши билан пойлаб турган Мурод ва унинг кетидан амакиваччалари извош ичига ёпирилиб киришди.
- Мурод, сенмисан? – деб қичқириб юборди Куара  ҳам аянч, ҳам нафрат билан. Бошқа сўз айтишга, қичқириб, ёрдамга чақиришга улгурмади. Муроднинг кафти қиз оғзини маҳкам беркитди. Қаршига ўтирган Пўлкан эса қизнинг қўлларини ушлаб, оёқларини тиззаси орасига олди. Садул кўчани кесиб ўтиб, извошга чиқди. Извошчи отга қамчи босди. Извош шаҳар кўчаларидан ўтиб адирга йўл солди.
Куара чайир қўллардан қутилиб чиқишга уринар, лекин ҳаракатлари зое кетарди. Пўлканнинг қўли билан  тиззаси уни темир исканжадек сиқиб турарди. Мурод чап қўли билан қизнинг белидан қучиб, ўнг қўли билан оғзини беркитган эди.
- Габо, қаердасиз? – Куаранинг қалби нола қилиб, севикли ёрини чорлайди, - бу аблаҳлардан қачон озод этасиз!
Қутулишга уринишлари яна зое кетди. Ҳансирай-ҳансирай, ўз тақдирига тан беришга мажбур бўлди. Пиэтрко Куара томондаги деразанинг пардасини туширди-да, ўзи дераза томонга эгилиб, қизни кўчадаги ўткинчиларнинг кўзидан яширди.
- Куара, - пичирлади Мурод қизнинг қулоғига, - мана кўрдингми, барибир сен меникисан.
Куара бу совуқ нафасдан титраб кетди.
- Ҳа, бугун адирда бутунлай меники бўласан. Сен яхшиликча кўнмаган эдинг, энди номусинг булғаниб, шармандалик билан менга тегасан. Сен мени менсимай, совчи юборишимга кўнмадинг. От ўғриси Габога кўнгил қўйдинг. Хўш, у ҳозир қаерда? Энди у сени қутқариб олармиди?
Куара ўзини нима кутаётганини Мурод айтмаёқ биларди. У урф-одатларни яхши билади. Агар Мурод қизни ўғирлашга ўғирлаб, номусига тегмай покиза ҳолда қўйиб юборса ўзи шарманда бўлади. Қиз бунга тушуниб турибди. Аммо унинг ақли гўзал чиройига монанд: Муродни алдашга уриниб кўради. Шунинг учун ҳам у бутун кучи, бутун қалби билан Худога илтижо қилиб, номуссизликдан сақлашни, шаҳарга тушмай туриб  қандай покиза бўлса, Габога шундай ҳолда кўринишини сўрарди.
- Ё Худо, ўзинг мадад бер! Авлиё Георгий, менга раҳминг келсин. Сен ҳатто аждаҳоларни ҳам енггансан, менинг Габоимга кўп ёрдаминг теккан. Мендек кучсиз ва ҳимоясиз бир қизга, бу кишиларни алдашга кўмак бер. Мени шармандаликдан асра, Габо учун номусимни сақлашга ёрдам бер!
Куара дуонинг ижобат бўлишига умид қилиб, бироз тинчланди. У авлиёнинг ёрдам беришига ишонарди. Унинг ҳеч қандай аниқ режаси йўқ, аммо кўнгли ва ақли тўғри йўл кўрсатишини сезиб турибди. Габога бўлган севгиси унга куч берди. Пок ниятли қизга Худо ҳам марҳаматини аямайди. У Муроднинг қўлига бошини қўйиб пиқиллаб йиғлай бошлади. Қиз қўрқинч ва ҳаяжондан титрарди. Мурод қўлининг ҳўл бўлаётганини сезди.
Мурод деразадан ташқарига қаради. Шаҳар ортда қолибди. Энди қизнинг оғзини қўйиб юбориш ҳам мумкин.
- Агар бақирсанг, - деб огоҳлантирди у, - яна боғлаб қўямиз.
Куара ўз қуроли – тилни ишга солиш имконига эга бўлганидан қувонди. Қиз доно бир мақолни эсга олди: «Яхши гап билан илон инидан чиқар…»
Қиз қалби ҳамон Худога илтижо қилади: «Ё тангрим, менга раҳминг келсин, мадад бер!»
- Жон, Пўлкан, қўлимни қўйиб юбор, рўмолчамни олволай, - деди у йиғламсираб.
Пўлкан Муродга қаради. Мурод рози бўлиб бош қимирлатди.
Куара йиғидан тўхтамади. Извош ҳамон олға интилади. Қиз вақти-вақти билан дунёда энг бахтсиз қиз эканини айтиб нолийди. Нима учун бу шармандалик унинг бошига булут солди экан, англаб етолмайди.
- Худои-таолонинг хоҳиши шу бўлса, мен тақдирга тан бердим, майли, Мурод, менга уйланинг, - деди у йиғлаб, – фақат ўтинаман, номусимни  булғаманг, шарманда қилманг.
- Куара, бу ҳақда энди гапирмасанг ҳам бўлади. Вақт ўтди. Сенга уйланишга-ку, албатта уйланаман. Аммо сен шу бугуноқ меники бўласан.
- Ё Худойимей, ўзинг мадад бер. Шармандаликдан асра!
Бошқа сўзлари лабларида қотиб қолди.
Мурод «муддаога етиш вақти келди» деган ўйда деразадан бошини чиқариб извошчига қичқирди:
- Тўхта!
Извош тўхтади. Мурод эшикни очиб ғамгин, аммо қатъий равишда буюрди:
- Куара, бу ёққа туш.
- Йўқ, - қичқирди қиз, - йўқ, чиқмайман… Менга раҳмингиз келсин, ҳеч бўлмаганда ўз сингилларингизни ўйланг.
Мурод амакиваччаларига имо қилди. Садул сакраб тушиб, иккинчи эшикни очди-да Куарани ўриндиқдан даст кўтармоқчи бўлди. Қиз, ёввойи жўшқин бир куч билан ўзини ҳимоя қила бошлади. Сочлари тўзғиб, кўйлаклари йиртилса ҳам ўз номуси учун курашаверди. Извошда у ҳавфсиз. Аммо бир қиз учта йигитга қандай қаршилик қила оларди!
Куаранинг қичқириғи ва қаршилигига қарамай, извошдан туширишди. Уни четроққа  - одам бўйи келадиган ўтлар томонга олиб ўтишмоқчи эди. Бироқ Пўлкан билан Садул уни извошдан тортиб туширишаётганда Куара эпчиллик қилиб Пўлканнинг ханжарини қинидан суғуриб олди-да, йигитнинг билагига санчди. Пўлкан оғриқдан дод деб қизнинг тиззаларини қўйиб юборди.
Куара сапчиб туриб, извошни пана қилганича ўз ҳимоясига шайланди. Қўлидаги ханжар дастасини маҳкам сиқиб, кучсизланганини сездирмаслик учун хансираганича қичқирди:
- Менга қаранглар, Мурод! Худо менинг ноламни эшитди. Қасамёд қилиб айтаман: агар бирортангиз менга яқин келсангизлар мана шу ханжарни юрагимга санчаман!
Унинг кўзлари ёнади, юзларида қатъийлик бор. Йигитлар буни кўриб қимирламай қолишди. Қиз уларни иккиланиб қолишганини сезди.
- Мурод, икковидан бирини танланг:  номусимни йўқотганимдан кўра, ўлганим яхши! Агар ростданам менда кўнглингиз бўлса, авлиё Георгий номи билан қасамёд қилинг. Менинг номусимга тегмасангиз, мен сизга итоаткор хотин бўламан.
Мурод Куарани севар эди. Шунинг учун ундан ажраб қолишдан қўрқди. Қолаверса, қиз ўзини ўзи ўлдириб қўйгудай бўлса, қариндошлари бу ҳақиқатга ишонмасликлари, бу эса кейин ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Шу сабабли у тез хулосага келиб, деди:
- Яхши, мен сенга бу ерда тегмайман. Авлиё Георгий номи билан қасамёд этаман. Сени амакимиз уйига олиб бораман, ўша ерда никоҳ ўқитамиз.
Шундан сўнг Куара ханжарни эгасига қайтариб берди. Пўлкан черкасча камзулини ечиб, енгларини шимарди-да, Пиэтркога ярасини рўмолча билан боғлатди. Куара извошга ўтирди.
Садул эса Муродга яқинлашди:
- Агар бу қиз айтганини қилдирса, сен ҳам, биз ҳам уятга қоламиз.
- Мен авлиё Георгий номини тилга олиб қасам ичдим. Энди қасамни бузолмайман. Агар шундай қилмаганимда у ўзини ўлдирар эди. Ишон. Уни қандай севишимни биласан-ку.
Садул заҳарли жилмайиб, Муроддан юзини ўгирди.
Мурод извошга чиқиб, Куаранинг ёнига ўтирди. Пўлкан билан Пиэтрко рўпарадан жой олишди. Орага сукут чўкди. Куаранинг қалби ғалаба шодиёнаси билан тепар, авлиё Георгийга юрак-юракдан ташаккур айтарди. Аммо ўзини фош қилиб қўйишдан қўрқиб, извошнинг бурчагида пусиб ўтирди. Йигитлар қизга ён беришгани учун ҳижолатда эдилар. Куара Муродга қасам ичиргани билан ҳали булардан бутунлай қутула олмаганини биларди.
Уч соатли йўлдан сўнг отлар ҳориб, секинлашишди. Илон изи қайрилма йўл тоғ ёнбағри бўйлаб юқорига кўтарилиб борарди. Адир ортда қолди. Ён-атроф осмонга интилган баланд чўққилар билан ўралган. Бир соатлардан кейин извош Алагир қишлоғига кириб келди. У Муроднинг амакиси Сосанинг эшиги олдида тўхтади. Тоғ бағридаги кичкина қишлоқни  кенг кўча иккига бўлиб туради.  Кўча бошидаги уйлар ғарибгина, тошдан қурилган. Ҳар бир ҳовлида боғ яшнаб турибди.
Мурод ҳамроҳлари билан кириб, Куарани  Сосанинг хотини билан қизлари ихтиёрига топширди. Қиз бурчакда турган курсига ўтирганича, йиғлаган бўлиб, кўзларини рўмолча билан беркитди. Аслида эса унинг  мияси зўр бериб ишлаб, қутулиш йўлини изларди.
Мурод амакисига Куаранинг унга тегишга рози бўлганини айтгач, керакли нарсаларни тезда тайёрлаб, руҳоний отани кечки пайт  чақириб келишни тайинлади. Шу билан биргаликда Куара билан асира сифатида эмас, қариндош сифатида муомала қилишни сўради. Ҳаммалари дастурхон атрофига ўтиришгач, Куара кўз ёшларини артиб, овқат ея бошлади. Сосанинг саволига «тақдирим шу экан, Муродга тегаман», деб қўя қолди. Сосанинг қизлари Куаранинг атрофида айланиб-ўргулиб Муродни, унинг уруғ-аймоғини, бойлигини мақтаб, Куаранинг тўғри қарорга келганини таъкидлашди.
Руҳонийни кутишаётганда Куара қизларнинг овутишларига қулоқ осаётгандай итоаткорона ўтирди. Овқатланиб бўлишди. Атрофни шом қоронғуси босиб келарди. Куара хонанинг исиб кетганидан нолиб, олтин камарини ечиб қўйди.
- Тоғда ҳам боғлар борми? – сўради у Сосанинг қизидан.
- О, нимасини айтасан. Бизнинг боғимиз катта. Кўришни истайсанми?
- Сал қоронғуроқ-ку, - деди Куара, - майли, уй жуда исиб кетди, чиқиб бироз тоза ҳаводан нафас олайлик.
У олтин камарини курсида қолдириб бир неча қиз ҳамроҳлигида боққа чиқди. Куара ўзини шодон кўрсатиб,  атрофни бутунлай қоронғулик босгунча қизларга турли ҳикоялар айтиб, чалғитиб турди. Қоронғу тушгач, ҳоли қолдиришларини сўради. Қизлар нима қиларларини билмай ажабланиб, бир-бирларига қарашди.
- Майли, мен Куара билан бирга бораман, - деди Сосанинг қизларидан бири.
Улар мевали дарахтлар ўсиб ётган боғнинг чеккаси томонга юришди. Куара «ўзинг ёрдам бер, қутқар!»,  деб авлиё Георгийга хаёлан ялиниб-ёлворади.
- Ўтинаман, мени бироз ёлғиз қолдир, - уялибгина сўради Куара Сосанинг қизидан.
- Хўп, хўп, – деди қиз ва нари кетди.
Куара бундан фойдаланиб, этагини кўтарди-да, дарахтлар оралаб югуриб кетди. Деворга етиб келганда:
- Авлиё Георгий, йўлни топишимга ёрдам бер! – деб пичирлади унинг лаблари.
У девор туйнугини топди. Қўшни боққа чиқиб олди-ю, югуриб кетди.
Қоронғулик. Бунинг устига у йўлни билмайди. Қиз тўғрига югуриб, сўнг тонгга қадар бирор ерга яширинишга, эрталаб қишлоқ оқсоқолидан ёрдам сўрашга қарор қилди.
«Наҳотки Габо шу пайтгача мени топа олмайди?» ўз-ўзидан сўрайди қиз.
Мана ярим соатдан бери у боғдан боғга, деворма девор ошиб югуряпти. Ниҳоят тўхтаб, қулоқ солди. Сокинлик. Шундагина ўтириб, тонгни кутишга жазм этди. Бир неча соат вақт шу зайлда ўтди. Бирдан от туёқларининг товуши қулоғига чалинди…
ххх
Ботирбек билан Терпско суратхонадан чиқишганда Куара ғойиб бўлган эди. Улар тезлик билан бу воқеа ҳақида танишларга хабар қилишди. Извошчи Терпско билан биргалашиб, извош буюрган осетиннинг ҳақ тўлаб, жўнатиб юборганини айтгач, Тагаурскка йўл олишди. Куаранинг акалари, қариндошлари ҳаялламай Муроднинг изига тушишди. Отларнинг пишқиришини, туёқлар зарбларини эшитган Куаранинг қалби ғурур ва шодлик билан тепади:
«Бу менинг акаларим, менинг севганим Габо… Улар мени қутқаргани келишяпти!»
Лекин қоронғида уларнинг олдига чиқишга қўрқди.
Вақт имиллаб ўтади. Шарқ томон аста ёриша бошлади. Куара ўрнидан туриб, ён-атрофга қаради. У дала ўртасида турарди. Яқингинасидаги якка-ю ягона бир уйга кўзи тушди. У ёрдам сўраш мақсадида ўша уй томон юрди. Уйга яқин келиши билан ичкаридан сут соғиш учун челак кўтарган аёл чиқди. Куара унга  яқинлашиб салом берди-да,  ийманибгина сўради:
- Эрингиз уйдамилар?
Аёл яхшигина кийинган қизга, ердан чиқдими ё осмондан тушдими, дегандай ҳайратланиб қараб олгач, деди:
- Менинг эрим йўқ, беваман. Хўжалигимизга эримнинг укаси Александр қарайди.
- У уйдами?
- Ҳа, лекин ухлаяпти.
- Илтимос, уйғотинг, гаплашиб олишим керак.
Куаранинг кўзларида шунчалик қўрқув, овозида эса ёлвориш бор эди-ки, аёл уни кўпам cўроққа тутмай, қайнисини уйғота қолди. Александр тезгина кийиниб чиқди. Қизнинг унга ишонишдан бўлак иложи йўқ эди. Куара тутилиб-тутилиб, бўлган гапларни: ўзининг бировнинг қаллиғи эканини, совчисини рад қилган йигит олиб қочиб кетганини Худо уни шармандаликдан асраганини, айёрлик билан қочганини, тез орада уни қутқаргани акалари, қаллиғи келишини айтди.
- Мен кечаси отларнинг дупурини эшитдим. Юрагим айтиб турибди, улар мени излаб келишган. Менинг ҳаётим, тақдирим,  сизнинг қўлингизда. Менга раҳмингиз келсин, акаларим яхшилигингизни қайтаришади. Худо сиздан марҳаматини аямайди,-у шундай деб тиз чўкди-да, илтижо қилди: - Мени сотиб қўймасликка сўз беринг!
- Ўрнингдан тур! - Александр уни турғизди. - Худо сени менинг уйимга олиб келибди. Сенга бу ерда ҳавф таҳдид солмайди. Сен менинг меҳмонимсан. Сенинг ташвишинг - менинг ташвишим. Акаларингни иши - менинг ишим. Қўрқма, биз меҳмондўстлик қоидаларига қаттиқ риоя қиламиз! Мен ҳаёт эканман, уйимда сенинг бошингдан бир тола сочинг ҳам тўкилмайди.
Қизни шундай деб ишонтириб, кўнглини кўтаргач, уйга бошлади. Келинойисини имлаб чақириб тайинлади:
- Агар жонинг ширин бўлса, эшитганларинг шу ерда қолсин. Тилингни тий. Меҳмонни орқа хонага беркит. Эшикни тамбала, зўрлик қилишса, майли, бузиб киришсин, лекин ўзинг очиб берма!
- Бу қишлоқда бир қариндошимиз бор. Татархон деган киши. Танисангиз керак. Агар акаларим билан қаллиғим келишган бўлса, ўша ерда бўлишади. Ўтинаман, бир хабар олинг. Худо ҳаққи эҳтиёт бўлинг.
- Хотиржам бўл, қўлимдан келган ишни аямайман.
- Раҳмат, раҳмат.
Александр  қуролини олди-ю, Татархонникига жўнади. Ҳовлида ўн чоғли отлиқларни кўрди. Улар нима ҳақдадир гаплашиб, қаергадир шошиб туришарди. Бегона одамни кўриб, жим бўлишди.
Александр уй хўжайинини топиб, отлиқлар эрта тонгда нима қилиб туришганини сўради.
- Сенинг нима ишинг бор?
- Мен ёмон ният билан келганим йўқ. Татархон, мен отлиқларга нима керак эканини биламан.
- Хўш, уларга нима керак?
- Улар  Тселлагонинг қизи Куарани излашяпти, - айёрона жилмайди Александр.
- Сен буни қаердан биласан?
- Буни менга Куара айтди. У менинг меҳмоним. Уйимда беркиниб ўтирибди. Кеча ота уйидан қандай чиққан бўлса, шу аҳволда қўлларингизга топширишдан хурсандман. Куёв билан акаларига айт, олиб кетишга келишсин.
- Қани шу ерда туриб тур-чи… - деди Татархон. Кейин Габо билан Ботирбекка бу қувончли хабарни етказгани кетди.
Улар Александрнинг олдига югуриб келишди. У Татархонга айтган сўзларини такрорлагач, йигитлар чексиз хурсанд бўлганларидан қандай миннатдорчилик билдиришларини билмай қолишди.
- Шу бугундан бошлаб, сен бизнинг акамизсан! – деб улар Александрнинг қўлини маҳкам сиқишди. – Биз ҳеч қачон яхшилигингни унутмаймиз. Агар вақти келиб  дўстлар ёки укаларингга эҳтиёж сезсанг, бизни чақир.
Шундан сўнг Габо билан Ботирбек ҳовлида турганларга  қувончли хабарни етказишди.  Шу заҳотиёқ отлиқлар Александрга эргашиб,  унинг уйига йўл олишди. Бир неча дақиқадан сўнг, Куара шодликдан қичқириб ўзини Габонинг қучоғига ташлади.
- Габо, жоним, сени кўрадиган куним ҳам бор экан. Худога минг қатла шукур. Келганинг учун раҳмат, Габо!
- Куара, паризодим, хотиржам бўл, сен учун ҳам қасос оламан.
- Йўқ, жоним, керак эмас… Ахир биз яна биргамиз-ку, энди ҳеч нима бизни ажрата олмайди.
Куара акалари ва қариндошлари билан кўришиб олсин, деган мақсадда Габо ўзини четга олди. Улар орасида Терпско ҳам бор. Синглисини кўраётганидан, ичдан зил кетса-да, ғоят хурсанд эканини изҳор этди.
Александр  овқат тайёр бўлгунча бироз кутиб ўтиришларини илтимос қилди. Габо билан Ботирбек ҳозирнинг ўзида Тагаурскка кетишга шошилишарди. Лекин Татархоннинг извоши келгунча Куара қаллиғи ва қариндошларига бошидан ўтган савдоларни, қандай қутулиб қолганини айтиб бериши керак. Габо хотиржам. Куара унинг хотиржамлиги замирида ёвуз куч яширинганини сезди. Габо аламзада, нафрат гулханида ёнади. У нима қилиш кераклигини ўзи билади. У қасос олишга қасамёд этган, Куаранинг ҳикояси унинг аҳдини мустаҳкамлаяпти холос. Куара ҳикоясини тугатгач, «бекорга қон тўкилиб, бахтсизлик юз бермаслиги учун» Муродни кечиришларини сўради.
У ёрининг боши устида мудхиш соялар айланиб юрганини сезди-ю, кўрган-кечирганлари, чарчоқ азоби сабаб бўлиб, кўз ёшларини тута олмади.
Татархоннинг извоши келиб тўхташи билан Куара унга чиқиб ўтирди. У яна бир бор  Александр билан унинг келинойисига раҳмат айтиб, қариндошлари қуршовида Татархонникига йўл олди. У ерда уларга нонушта тайёрланган эди. Бу орада Сосанинг қариндоши келиб Татархонни чақирди. У Куаранинг олтин камарини келтирган эди. Катта бахтсизлик юз бермаслиги учун ярашиш мақсадида келганини ҳам айтди.
- Биз шундай ҳам жазоимизни тортдик, - деди у, - қизнинг ҳаммамизни лақилатиб қочиши бизни уятга қўйди.
Татархон унинг илтимосини қариндошларига етказажагини айтгач, Сосанинг элчиси кетди. Татархон Сосанинг ярашиш ҳақидаги илтимосини айтиши билан уйда ғала-ғовур, музокара бошланди. Аввалига кўпчилик ярашишга қарши чиқиб, айбдорларни топширишни талаб қилишди. Куара акалари Гассако билан Ботирбекни қўшни хонага чақириб, Габонинг қасос олиш қасдида эканини қўрқув ва ҳаяжон билан айтиб, уни  ярашишга кўндиришга ундади. «Ахир менга ҳеч нарса бўлгани йўқ-ку!» деб  айбдорлардан жарима ҳам олмасликларини илтимос қилди.
Куаранинг сўзлари акаларига таъсир қилди. Улар хонага ўзгача фикр билан қайтдилар. Габо ортиқча гапни ёқтирмагани учун ҳам гап-сўзларга аралашмади. У бировнинг маслаҳатига муҳтож эмас - нима қилишини ўзи билади. Йигитлик қарорини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Ярашиш ҳақида унинг фикрини сўраганларида у ўрнидан туриб хотиржамлик билан деди:
- Майли, ярашишга розиман. Аммо шартим бор.
Куаранинг акалари унинг осонгина кўнганидан хурсанд бўлиб қандай шарт эканлигини сўрашди.
- Куарага кўз олайтирган, унга сўз айтган одам гуноҳини ювиш учун мен талаб қилган нарсани бериши шарт.Менга пул керак эмас, мен унинг кўзи билан тилини талаб қиламан!
Шундай деб, Габо ўтирди.
Бу сўзлар ўтирганларнинг қалбини музлатиб қўйгандай бўлди. Улар бахтсизлик муқаррар эканини тушунишди. Татархон билан Куаранинг акалари қанча уринишмасин, фойдасиз эди. Габо ахдида қатъий! Куара акаларидан Габонинг қарорини эшитиб қичқириб юборди-ю, ҳушидан кетди.
Татархон Соса билан айбдорларга ярашиш мумкин эмаслигини етказишга мажбур бўлди. Сосанинг саволларига жавобан Татархон бошқаларнинг ярашишга рози бўлганларини, шунинг баробарида Габонинг даҳшатли талабини ҳам айтиб берди. Куара шу куниёқ қариндошлари қуршовида Тагаурскка қайтди.
Оқсоқол Куаранинг уйи олдида уларга пешвоз чиқиб табрик сўзлари билан қарши олди. Ўғлининг қилмишларини қоралаб, уни кечиришларини, қишлоқда тинчлик сақлансин учун Габога ҳам тушунтириб қуйишларини илтимос қилди. У ўғлининг ҳаёти учун қайғурарди.
ххх
Ойлар ўтди.
Оппоқ қор адирни оқ чойшабга ўради.
Мурод Габо билан кўчада учрашиб қолса ундан кўзини олиб қочади. Чунки у ҳали иш ниҳоясига етмаганини билади. Габо эса душманга зарба бериш учун пайт пойларди.
У кечалари тез-тез адирга чиқар, лекин ҳар гал ови юришмай, изига бўшашган алпозда қайтарди. У шаҳарга олиб борадиган йўлда соатлаб турарди. Айниқса Муроднинг шаҳарга тушганини эшитса, йўлдан кўз узмас эди. Бироқ рақиби ҳадеганда қўлга тушавермади. Ниҳоят бир куни тунда, қор бўрони орасида отлиқни кўрди-ю, юраги тез-тез ура бошлади. Уйга қайтаётган Муродни таниганига унинг ишончи комил эди. Ҳа, бу Мурод!
«Худо душманимни менинг қўлимга топширди. Қасос соати етди!» деб ўйлади у. Габо тўппончасини ўқлаб, бўрки панасига олганича тайёр ҳолда турди. Отлиқ яқинлашгач, унга ўқталди:
- Қўлингни кўтар!
Мурод бу тасодифий учрашувдан ўзини йўқотди. Шоша-пиша тўппончасини олмоқчи эди, ўқ овозини эшитди. Ўқ папоғини учириб кетди.
Бу аёвсиз олишувдан дарак эди.
Мурод қўлини кўтарди. Қоронғу бўлса ҳам, қон қасдида юрган душманини таниди. Габо тўппонча оғзини Муродга қаратиб, унга жуда яқин келди.
- Агар бошинг оғирлик қилмаётган бўлса, қўлингни шундай кўтариб тур.
«Унинг мақсади нима? – сўради ўз-ўзидан Мурод. – Нега мени ўлдирмаяпти?»
Габо тўппонча ўқталганича, ўнг қўли билан Муроднинг ханжарини қинидан суғурди-да, нарига отиб юборди. Кейин қиличи билан тўппончасини ҳам олиб ирғитди.
- Туш пастга! Отнинг тизгинини менга бер. Хўш…Энди эгаримнинг тагидаги арқонни олиб, отимнинг оёқларини тушовла.
Габо тўппонча тираганича дўқ уриб, буйруқларини бажаришга мажбур этди. Мурод отдан шошилмай тушиб,  тизгинни эгар қошига ташлади. Габо қаршисида турган душманига ғазаб билан тикилиб деди:
- Мана энди сен билан ҳисоб-китоб қиламиз!
- Сенга нима керак? – деди Мурод  журъатсизлик билан.
У ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қилади. Габонинг қонида эса нафрат заҳри қайнайди. У душманини шунчаки ўлдиргани билан кўнгли таскин топмайди. Йўқ, аввал уни хорлаши, ҳамиятини пастга уриши керак.
- Тиз чўкиб, мендан узр сўра! – хириллаб қичқирди у.
- Йўқ! Мурод ҳеч қачон бундай қилмайди! – деди Мурод.
Шунда Габо унга ташланди-да, бақувват қўллари билан кўтариб, қорга ташлади. Узала тушган Муроднинг қўлларини тиззаси билан ерга босди. Қўрқувдан  эсини йўқотиб қўйган Мурод бир неча дақиқа ҳаракатсиз қолди.
- Сен Куарага қарашга ботинибсан, гуноҳингни ювиш учун шу кўзларингдан айриласан.
- Йўқ, Габо , бундай қилма, Худони ўртага қўйиб сўрайман… - ёлворди у.
Бироқ Габонинг катта, бақувват бармоғи унинг ўнг кўзига ботди… Кейин чап кўзи ҳам ўйнаб чиқди. Мурод даҳшатли овоз билан додлаб юборди. Алам билан Габони қарғай кетди:
- Илоҳо, ўлим  олдидан ёруғ дунёни кўришдан маҳрум бўл! Ёввойи уруғингга ўт тушсин!
Ғазаб ўтида қовурилаётган Габонинг қулоғига шу топда ҳеч нима эшитилмайди. Оғриқдан типирчилаётган Муродни у ўзининг оғир гавдаси билан ерга босиб тураверди. У раҳм-шавқат нималигини билмайди. Куарани ўғирлаб, унинг номусига чанг солмоқчи бўлган одамидан қасос олиши шартлигини билади холос.
- Сен Куарани олиб қочган кунинг сассиқ оғзингдан чиққан сўзларнинг ҳаққи учун тилингни тўлайсан!
У бир мушт уриб Муроднинг пастки жағини синдириб  юборди. Чап қўли билан рақибининг тилини ушлаб, ўнг қўли билан ханжарини қинидан чиқарди… Кўп ўтмай оппоқ қор устида қонга беланган  бир бўлак гўшт ётарди.
Муроднинг бақиришга ҳоли қолмади. Оғзи қонга тўлган, фақат хириллайди.
- Сенинг бу қора юрагинг Куарага эга бўлишни истабди, - ғазаб билан шивирлади Габо. – Бунинг ҳаққига ҳаётингни  тўлайсан.
Ҳали қони қотиб улгурмаган ханжарини рақиби кўксига ботирди. Мурод бироз типирчилади-ю, жимиб қолди. Ниҳоят, Габо ўрнидан турди. Қасос олганининг белгиси сифатида рақибининг ўнг қулоғини кесиб, чўнтагига солди. Ханжарини  мурданинг черкасча камзулига артди. Габо кетишга шошилмай, турган ерида ўйланиб қолди. Агар мурдани шу ерда қолдирса, қорга кўмилади, бўрилар, тулкиларга ем бўлади. Шу билан из босилиб, ҳеч ким ундан ҳавфсирамайди. Бунинг учун отни ушлаб туриши, бир қанча вақт ўтгандан кейингина қўйиб юбориши керак. У отнинг тизгинини марҳумнинг жимжилоғига авайлабгина илди. «Агар  бўриларнинг яқинлашганини сезса, сапчийди-ю тизгинини бўшатиб қочади», деб ўйлади Габо. Шундан сўнг у отига ўтириб, уйига шошилди. Беркинмаса ҳам бўлади. Адир бепоён, қор ҳали-бери тинадиган эмас. Мурданинг қолган-қутганини ҳам баҳоргача топа олишмайди. Агар у бугун уйига қайтмаган тақдирда ҳам ана шу аҳволда дом-дараксиз кетган бўларди. Энди тезроқ уйга етиб олиши керак. У отини тезлатди.
Мурод жазосини олди. Энди Садул, Пўлкан ва Пиэтрко билан ҳисоб-китоб қилиб олиши керак.
У Пўлканнинг извошда Куарани ушлаб кетганини эслади.
- Пўлкан биринчи бўлиб адабини ейди! - хитоб қилди у.
Габо шу куниёқ Тселлагонинг уйига кирди. Куара билан жуда мулойим муносабатда бўлди. Унинг назарида қасос амалга ошгандан кейингина Куаранинг номини булғовчи  шармандалик доғи ювилган эди. Бугунги кечда Куара унинг учун яна ҳам яқинроқ, яна ҳам меҳрибонроқ, аввалгидан гўзалроқ туюлди. Унинг  қалби афсус ўтида ҳеч бир азобланаётгани йўқ. Аксинча, у номус талаб этган ишни амалга оширганига ишонади. Қасос унга лаззат бахш этди.
Тагаурск оқсоқоли Элбисднинг уйида ўғилнинг шаҳардан қайтишини узоқ кутишди. Эрталаб эшик олдида Муроднинг отини кўришгач, бахтсизлик юз берганини англашди. Албатта, биринчи бўлиб Габодан гумонсирашди. Хавотирга тушган Элбисд пешинга яқин Явзиконинг уйига йўл олди. У Куаранинг ўғирланиши оқибатсиз қолмаслигини яхши биларди. Оқсоқол келганда Явзико Габо билан ҳовлида турарди.
- Сен ҳам шаҳарда бўлган эдингми? – сўради у Габога тикилиб. - У ерда менинг ўғлимни учратмадингми?
- Йўқ, - хотиржам жавоб берди Габо.
- Шаҳарда Мурод ҳақида ҳеч гап эшитмадингми?
- Йўқ… Мен шаҳарда кўп юрмадим. Тезда орқага қайтдим. Кечани Тселлагонинг уйида ўтказдим.
Оқсоқол кетди. Габодан шубҳаланаётган бўлса ҳам иложсиз эди. Қўлида бирор далил йўқ эди. У ёнига бир неча одам олиб то кечгача адирда ўғлини қидирди. Пўлкан билан Пиэтрко ҳам унга ҳамроҳ бўлишди. Улар ҳам бу ишда Габонинг қўли борлигига амин эдилар, аммо Габога қарши уларда ҳам далил йўқ эди. Муродга  шерик бўлишгани учун уларнинг бошига ҳам шу кун тушиши мумкинлигидан ҳавфсираб, бундан буён ёлғиз юрмасликка келишиб олишди. Улар бу қарорларини Садулга ҳам етказишди.
Орадан кунлар ўтди. Бир куни Ботирбек Габога кутилган хабарни айтди: Пўлкан билан Пиэтрко Рекомдаги зиёратгоҳга бориб, авлиё Илья руҳига сиғиниб, амакиваччаларининг қотилини топишда кўмак беришини илтижо қилмоқчи эканликларини айтди. Рекомда сўралган илтимос, айтишларича, амалга ошар эмиш. Куаранинг номуси учун  қасос олиб, Муродни ўлдирган марднинг айнан Габо эканига Ботирбекда шубҳа йўқ эди Шу боисдан унга бўлган эҳтироми, янада ошганди. Бироқ Ботирбек сир бой бермас эди. Бу ҳақда яхшиси гапирмаган маъқул! Қаерда бўлса ҳам, қўлидан келса Габога ёрдам беради.