Facebook
Оразин ёпқач PDF Босма E-mail

Бир илмий анжуманда академик И.Султононов ”1435 йилда ҳаёт бўлган ўзбек шоири Ҳофиз Хоразмий ҳақида Алишер Навоий нега эсламаган?”-деган ўринли саволни ўртага ташладилар. Қизғин баҳс-мунозара бошланди. Ҳар хил қарашлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бизнинг қалам олишимизга ҳам ана шу баҳс сабаб бўлди. Юқоридаги савол Ҳофиз Хоразмий ижоди ҳақида бир неча йиллик тадқиқотимиз давомида бизга тинчлик бермай келганди. Дарҳақиқат, Алишер Навоийдек талабчан саньаткор айрим шоирларнинг биргина чиройли байти учун ҳам “Мажолис ун-нафоис”да ҳурмат билан тилга олади. Шу билан бирга айрим машҳур шоирлардан, жумладан, Рудакий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавийларни умуман эсламайди. Хўш, нима учун? Ёки уларнинг ижодидан бехабар бўлганми ёки бошқа бир сабаб борми? Навоийнинг шоирлар маҳоратига муносабати қайси ўлчов асосида эди, қайси даражани маълум босқич деб билган - булар ҳали жумбоқ. Зеро, буюк даҳолар муаммолар қолдириб кетишган. Навоийга боғлиқ бундай муаммолар ҳам талайгииа.

Энди Ҳофиз Хоразмийга келсак, ҳақиқатдан ҳам, шоир 1435 йилда ҳаёт бўлган ва Шоҳрухнинг ўғли Иброҳим Султон вафотига атаб марсия ёзган. Ҳофиз Хоразмийнинг туғилган йили аниқ бўлмаганидек, вафот этган йили ҳам маълум эмас. Бунинг устига шоирнинг девони унинг ватанидан эмас, 1975 йилда Ҳиндистондан топилган.

Бу масалага бир суҳбатимизда тарих фанлари доктори Мирсодиқ Исҳоқов ҳам қизиқиб қолдилар ва, эҳтимол, Навоий Ҳофиз ижодидан бевосита хабардор бўлмаса ҳам билвосита ганиш бўлгандир, масалан, куй-қўшиқ, ашула орқали деган фикрни айтдилар. Биз ўзимизни ўйлантирган муаммога сечим тоигандек бўлдик. Зеро, Ҳофиз девонини ўқир эканмиз, ўнлаб ўринларда Навоийга ҳамоҳанг байтларни учратамиз.

Бу ўринда бир нуқтага эыиборннгизнн қаратмоқчимиз. Навоийнинг шогирди, мухлиси Хондамир ўзининг букж шоирга бағишлаб ёзган “Макорим ул-ахлоқ” (Яхши хулқлар) номли асарила бир қизиқ фактни келтирган. Бу кўнчнликка маьлум бўлган ўсмир Навоийга Мавлона Лутфийнинг берган юксак баҳоси ҳақидаги ҳикоятдир. Ҳикоятда айтилишича, ёш бошловчи шоирнинг;

Оразин ёпқоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғлчч қуёш...

деб бошланувчи гғазалига мумкин бўлса эди, Мавлоно Лутфий туркий ва форсийда битган ўн-ўн икки минг байт шеърини алмаштирмоқчи бўлади. Адбиётшунос Ҳаким Ҳомидий:” Навоий бу байтни Камол Хўжандийдан завқланиб ижод этган”,-деб ёзади Камол Хўжандий девонига ёзган “Сўз боши”сида.

Ҳофиз Хоразмий девонида ҳам айнан шу фикр ифодаланган байт мавжуд экан:

Бас ажабдур кўзларим ёши юзунг кўрган аро,
Чун бўлур истора нинҳон, бўлса пайдо офтоб
(Девон. 71-ғазал)

Энди Камол Хўжандий байтини таҳлил қилиш керак бўлади:

То руҳ напўши кай шавад аз дида ашки маро равон,
Пинҳон нагашта офтоб ахтар намеояд бурун.

яъни

Юзингни ёпмагунча кўзларимдан оқмагай ёшим
Қуёш ботмай туриб оламга юлдузла аён чиқмас.
(Камол Хўжандий. Девон. 284 285 бетлар. Васфий таржимаси.)

Бундан кўриниб турибдики, уч шоир ҳам деярли бир фикрни шеърга солган, аммо ифодалашда, таъсирчанликда фарқ сезилади. Дастлаб, бу ғоя Камол Хўжандийга тааллуқли бўлганлиги табиий. Кўплаб туркий шоирлар сингари Ҳофиз Хоразмий ҳам Камол Хўжандийдан илҳомланган, завқланган. Кўп ўринларда “шайхи Хўжанд”, “нори Хўжанд” (“Хўжандий ишқ ўти”- С.М. ) деб улуғлайди. Туркий шеъриятда Камол йўлини танладим ва машҳур бўлдим деб ёзади. Шоир юқоридаги байтларни ҳам, шубҳасиз, Камол Хўжандийдан таъсирланиб яратган. Шунингдек, Ҳофиз Хоразмий Камол Хўжандийга замондош бўлган (эслатма: Камол Хўжандий 1397 йилда вафот этган).

Алишер Навоийга Камол Хўжандийнинг байти маълум бўлганлиги аниқ, аммо шоир, бизнингча. Ҳофиз Хоразмий байтидан ҳам қушиқ орқалими ёки бошқа сабаблими хабардор бўлган.

Камол Хужандийнинг анъаналарини Ҳофиз Хоразмий ривожлантирди. Навоий эса энг юқори чўққига кўтарди. Навоий олдинги шоирлар ғазаллари орасида ифодаланган фикрни биринчи байт - матлаъга кўчирган. Энди Ҳофиз Хоразмий байтидан ҳам хабардор, деган фикримизга келсак, Камол Хўжандийдан келтирилган парчаларга нисбатан Навоий байти Ҳофиз Хоразмий байтига ҳамоҳанг, ўхшаш ва яқинлиги сезилиб туради. Айниқса, иккинчи мисрага эътибор берилса, бу фикр ойдинлашади.

Ҳофиз Хоразмий:
Чун бўлур истора пинҳон бўлса пайдо офтоб.

Навоий:
Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш.

Мисрадаги бўлмоқ феълининг такрорий, шунингдек, пайдо, пинҳон сўзларининг ишлатилиши ҳам далил бўлса, истора (ситора)-юлдуз, офтоб-қуёш сўзларининг таржимаси эканлигига яна бир асосдир. Яна шуниси ҳам борки, Навоий ўсмирлик чоғида Ҳофиз Хоразмий ғазали қўшиқ қилиб куйланаётган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас...
Энди қуйидаги байтларга эътибор беринг:

Ҳофиз Хоразмий:
Ошиқки, ёрсиздур, валлоҳки, жоии йўкдур,
Тугий эрур ва лекин шаккаристони йўқдур.

Алишер Навоий:
Ёрдин айру кўнгил мулкедурур султони йўқ,
Мулкким султони йўқ, жисмедурким жони йўқ.

Ҳофиз Хоразмий:
Панду насиҳат этма манга, зоҳидо, бу тун,
Ёрим керакдур менга, не керакдур афсоналар.

Алишер Навоий:
Зоҳидо, сенга ҳур, менга жонона керак,
Жаннат сенга бўлсин, менга майхона керак.

Ҳофиз Хоразмий:
Ҳофиз давоми давлатингга дол зулфидур,
Айни саодат эрур, агар чиқса харфи дол.

Алишер Ианоий:
Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур яихшилик била чиқса от

Навоийнинг кейинги байти муаммо жанрида ёзилган бўлиб, “саодат” сўзидан “от” олинса, “саъд” - “бахт” қолади, деган маънони ифодалайди. Аммо биз Ҳофиз Хоразмий:“...Айни саодат эрур агар чиқса ҳарф дол”, -деганда қайси долни ва нимани назарда тутганини аниқлай олмадик.
Хулоса қилиб айтганда, гарчи Алишер Навоий ўзининг яқин замондоши Ҳофиз Хоразмийни “Мажолис уи-нафоис”да ҳам, бошқа ўринларда ҳам тилга олмаган бўлса-да, унинг ижодидан қўшиқ, ашула ёки бошқалар воситасида хабардор бўлган дейишимиз мумкин.
Биз бу кичик мақоламизда Ҳофиз Хоразмий ва Алишер Навоий муносабатларига атрофлича тўхталмадик. Зеро, бу икки шоирнинг муштарак томонлари анчагина, хусусан, тасаввуф билан боғлиқ фикрларини ифодалашда ҳам ўхшашликларни кўрамиз.
Янги манбалар, кейинги тадқиқотлар бу масалага ойдинлик киритса ажаб эмас.

МЎМИНЖОН СУЛАЙМОНОВ