Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»“Садди Искандарий”нинг бош қаҳрамони ким?
Facebook
“Садди Искандарий”нинг бош қаҳрамони ким? PDF Босма E-mail

Ҳазрат Навоийнинг "Садди Искандарий" достони прототипи аслида бизнинг аждодларимиздан бири эмасмикан, деган фикр кўпчиликни қизиқтирса керак. Негаки, ҳар бир асарида миллийлик уфуриб турган, туркийлар шаънини юксалтиришдек олийжаноб мақсад йўлида бутун умрини сарфлаган буюк шоир "Хамса"дек йирик асарида ўз маслагини янада кенгроқ амалга оширишга интилган бўлиши табиий. Асар бош қаҳрамони кимлигини аниқлаш учун, бизнингча, асарга оддий китобхон, бадиий адабиёт шайдоси сифатида ёндашишнинг ўзи камлик қилади. Достонни уйғоқ қалбли инсон нигоҳи билан Навоий яшаган давр тарихини теран таҳлил қилган ҳолда мутолаа қилмоқ керак. Маълумки, Алишер Навоий яшаган даврда илмий адабиётлар асосан араб тилида, бадиий адабиёт эса форс тилида битилар эди. Бу бир неча йилдан бери давом этиб келаётган анъаналиги боис, мазкур тилларнинг нуфузи баланд эди. Боз устига форсийлар "Шоҳномахонлик", "Хамсахонлик" қилишар ва форсийда шундай мумтоз асарлар битилгани билан фахрланишар эди. Айрим сарой шоирлари эса очиқдан-очиқ туркий тилни камситарди ҳам. Шундай вақтда Навоийдек шоир жим туриши мумкинми эди?
Ҳазрат Навоий миллат шаъни учун маърифат билан курашди. Тўрт девондан иборат ғазалларини ёзиб турк тилининг ниҳоятда бой ва жозибадор тил эканини исботлагач, бу ишига ҳам қаноатланмай, "Муҳокамат-ул луғатайн" асарида турк ва форс тилларини ўзаро қиёслаб, туркийдаги ҳар бир сўзнинг ўнлаб синонимлари борлиги, форс тилида эса бу имконият чекланганини исботлади. Ўзи айтганидек, бу мамлакатни "якқалам" айлаган шоир ёши улғайиб, етарлича билим ва тажриба тўплагач, энг йирик асари - "Хамса"ни ёзишга киришди.
Биз шу ўринда "Хамса"нинг бошқа достонларига тўхталиб ўтирмаймиз-да, "Садди Искандарий" ва унинг бош қаҳрамони кимлиги ҳақидаги мулоҳазаларимизни давом эттирамиз.
Хуллас, таассуротларнинг дастлабкиси шу бўлдики, асар бош қаҳрамони Искандар бизга тарихдан маълум Александр Македонскийга асло ўхшамайди. Мутахассисларнинг айтишича, Қуръони каримда зикр этилган Зулқарнайн Акбар билан Александр Македонский бошқа-бошқа одамлар. Македониялик Искандар Оллоҳнинг ягоналигига имон келтирган мўмин эмас. Яъжуж ва Маъжуждан ҳимоя деворини қурган Зулқарнайн эса мўмин одамдир. "Ҳимоя девори"ни македониялик Александр қурган бўлганида уни қадимшунос олимлар аллақачон топган бўлар эди.
Аммо, олимларни қийнаб келаётган муаммо шундаки, Александр Македонский билан Қуръони каримда зикр этилган Зулқарнайн образи қайси даврда бирлашиб кетган? Аниқроғи, Зулқарнайнга Искандар ёки Искандарга Зулқарнайн оти қачон, қайси халққа мансуб олим ёки шоир томонидан қўшиб юборилган?..
Баъзи олимларнинг фикрича, достондаги образлар ҳақиқий тарихий шахслардир. Жумладан, Арасту - Аристотел, Искандар - Александр. Шоир асарида уларни улуғламаган, ўзидан олдинги хамсанавислар каби улар воситасида идеал шоҳ образини яратган.
Бизнинг фикримизча, Навоий ўз салафларидан фарқли ўлароқ, достондаги идеал шоҳ образини орзу-умидлари, самовий хаёлларидан яратмаган. Уни ҳақиқий ҳаётдан топган. Бу эса ўз навбатида достон воқэаларини реаллаштиришга хизмат қилган.
Келинг, яхшиси бундай фикр уйғонишига туртки бўлган мисолларга мурожаат қилайлик, асарнинг ХIХ боби қуйидаги сўзлар билан бошланади "Искандарнинг салтанат тожидин саркашлиқ қилиб, хилофат тахтидин аёқ тортқони ва Рум аҳли бошларин оёғига қўюб, анинг мақдамидин тахт поясин баланд қилиб, тож қадрин аржуманд қилғонлари ва анинг адли айнининг қуёши била зулм шомининг хуффошин кўр этиб жаҳонни ёрутқони ва зулм аҳлининг зулматдек олам юзидин қироқ тутқони".
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Филипп Иккинчи (Файлақус) достонда тасвирланганидек, Эрон шоҳига бож тўлаб турувчи вассал давлат раҳбари эмас, аксинча, буюк империячилик васвасасига учраган тажовузкор ҳукмдор бўлган. У милоддан олдинги 359 йилдан 338 йилгача Болқон ярим ороли атрофидаги Фокида, Фессалия, Халкидика, Фракия ва бошқа давлатларни босқинчилик йўли билан Македонияга қўшиб олган. 338 йили Херония яқинида юнон полисларининг бирлашган қўшинларини тор-мор келтириб, бутун Юнонистонни Македонияга бўйсундирган. У Эронга ҳужум бошлаш арафасида турганда қизининг тўйи куни ўлдирилган.
Шу биргина мисолдан аён бўладики, "Садди Искандарий"даги Файлақус билан тарихий шахс Филипп Иккинчи ўртасида мутлақо ўхшашлик йўқ. Аксинча, бу иккиси тамоман бошқа тоифа одамлар. Шунингдек, айни масалага тарихийлик юзасидан баҳо берилса, отаси душманлари томонидан ўлдирилиб, вазият тожу тахтни куч билан ўз қўлида ушлаб туришни тақозо қилиб қолган тиғиз бир пайтда Александрнинг тахтга чиқишдан бош тортиб таманно қилиши мантиққа тўғри келмайди. Зеро, бир лаҳзалик хотиржамлик унинг ҳам бошини олиб кетиши ҳеч гап эмаслигига ҳар қандай сиёсатдан йироқ одамнинг ҳам ақли етади. Демак, камтарлик, хокисорлик, адолатпарварлик хусусидаги бу боб Александр Македонский ҳақида эмас.
У ҳолда музкур бобда кимнинг тахтни қабул қилишдан воз кечмоқчи бўлгани ҳақида ҳикоя қилинган? Асарда тасвирланган воқэа Навоийдан у қадар узоқ бўлмаган даврда юз берган. Қайноғаси Амир Ҳусайннинг макру ҳийлаларидан тўйган Соҳибқирон 1370 йили андиша юзасидан ўзини эмас, Суюрғатмиш Ўғлонни хон кўтариб, лашкарига тартиб бериб, Ҳусайнга қарши юриш қилади. Бундай йўл тутишининг сабаби, Амир Темурнинг улуғ (катта) бобоси Қочувли баҳодир ва Суюрғатмишхоннинг улуғ (катта) бобоси Қобулхонлар ўзаро аҳднома тузган эди. Аҳдномага кўра хонлик Қобулхон авлодига, сипоҳсолорлик Қочувли баҳодир авлодига тайин этилади. Соҳибқирон салтанат ишига ўзини тўлиқ муносиб сезса-да, ажодолари руҳига ҳурмат юзасидан Суюрғатмишхонни хон кўтаради. Аммо Ҳусайн устидан зафар қозонганларидан сўнг барча беклар иттифоқ қилиб, Амир Темурни шоҳликка муносиб кўради ва унга байъат қилишади. Йиғинда Соҳибқироннинг пири Саййид Барака ҳам қатнашади. Амир Темур пири муршиди ва ўзига ишонган бекларнинг илтимосига кўра салтанат юмушини зиммасига олади.
Кўриняптики, Амир Темур давлат бошқарувини ўзининг тахтпарастлигидан эмас, достонда тасвирланганидек, раиятнинг илтимоси билан қабул қилган.
Достоннинг ХХVII бобида ёш, тажрибасиз, аммо жасоратли ҳукмдор Искандар ва ҳисобсиз қўшин, чексиз мамолик соҳиби, шавкатли Доронинг қўшини тўқнашгани тасвирланади. Урушда Эрон шоҳининг икки нафар саркардаси хиёнатга юз тутади. Улар жангнинг боришини кузатаётган Доронинг икки ёнидан келиб унга тиғ санчишади. Шу билан жанг ниҳоясига етади. Доронинг васиятларини тинглаган Искандар вафотидан сўнг уни иззат-икром билан дафн этиб, ўз ҳукмдорини сотган хоинларни қуйидагича жазолайди:

Топиб чунки Доро ишидан фароғ,
Тутуб ики қотилни айлаб сўроғ.

Кўмуб дор учун ики сутун,
Ул иккини остурди андин нигун.

Ўтмишда эса воқэа бошқача бўлгани кўпчиликка аён. Яъни олдинроқ айтиб ўтилганидек, Юнон ҳукмдори Филипп Иккинчи Эронга юриш қилишга ҳозирлик кўраётганда ўз салтанатидаги душманлари тарафидан ўлдирилган. Отасининг бу ишини тажовузкор ўғли давом эттирган. Натижада Эрон ва Македон қўшинлари милоддан аввалги 333 ва 331 йилларда икки марта тўқнашган. Олдинги жангда қўшинлари парокандаликка юз тутиб, мамлакат ичкарисига чекинган Доро иккинчи тўқнашувда ростакамига енгилган ва қолган-қутган бир неча навкари билан Бақтрияга қараб қочган, йўлда у Бақтрия ноиби Бесс томонидан ўлдирилган.
Мазкур бобда фикримизни тасдиқлайдиган иккита детал бор. Биринчиси, Доронинг қўшини Искандарникидан бир неча баробар кўплиги. Тарихий асарлардан аёнки, Амир Ҳусайн Қарши қалъасини қўриқлаш учун қўрғонбеги амир Мусога ўн икки минг отлиқ аскар тайинлайди. Амир Темур икки юз қирқ уч нафар навкари билан ана шу ўн икки минг аскардан қалъани тортиб олади ва уларни олти-этти чақирим масофага қувиб боради. Иккинчиси, яқин кишиларнинг ўз ҳукмдорига хиёнати масаласи. Соҳибқирон хиёнаткор кишиларни ўзига энг ёмон душман билган. Чунончи, Тўхтамишхон билан бўлган урушда Тўхтамишхоннинг айрим амирлари ўз ҳукмдорига хоинлик қилиб, унинг ҳузурига паноҳ истаб келганлари учун улардан юз ўгирган. "Булар ўз соҳибига вафодорлик қилмагач, менга вафо қилармиди?" деб ёзади ўз "Тузук"ларида.
Яна бир воқеа. Достоннинг ХХХV бобида жаҳондорлик иддаоси билан чиққан Искандар қишни Қорабоғда ўтказади. Бу ерда у илму ҳикмат аҳллари, ҳарбий саркардалар билан мажлислар тузади, яқинларига меҳрибонликлар кўрсатиб, уларга Тангридан мадад сўрайди. Бу ишлардан фориғ бўлган чоғларда от миниб, Арас дарёси бўйига шикорга чиқиб, дарё бўйидаги ўрмонларни сайр қилиб ҳордиқ чиқаради.

Ки чун қилди қишлоқ азмига шоҳ,
Қаробоғи Арронни оромгоҳ...

Фароғат чоғи сайр ўлуб пешаси,
Матофи Арас рўдининг бешаси.

Аррон - Озарбойжоннинг қадимий номи
Тарихий манбаларга кўра, баҳорда Дашти Қипчоққа юришни режалаштириб Қорабоғда қишлаётган Соҳибқиронга Самарқанддан йўлга чиққан амирзода Муҳаммад Султон лашкари билан келаётгани хабари етади. Барча шаҳзода, амирзода ва беклар Арас кўпригидан ўтиб, меҳмонни кутиб олади, сўнг барчаси Соҳибқирон ҳузурига келади. Соҳибқирон унга ва бошқа шаҳзодаларга кўп меҳрибончиликлар кўрсатади. Қиш фасли суҳбат ва айшу фароғат билан ўтади.
Шарафуддин Али Яздий ва Низомуддин Шомий асарларида ёзилишича, бир замонлар Арас дарёсидан экинзорларга сув олиш мақсадида катта ариқ қазилган. Вақт ўтиши билан бу ариқда сув юрмайдиган бўлиб тўлиб қолган. Достонда тасвирланганидек, дарё бўйида ов қилиб юрган Соҳибқирон шу ариқни кўриб қолади ва уни қайиқ юрса бўладиган даражада кенгайтириб тозалаттиради. У сувдан кўп боғлар, кентлар ва зироатлар маъмур бўлади.
"Садди Искандарий"да достоннинг бош қаҳрамони Кўҳак (Зарафшон) дарёси бўйида бир гўзал шаҳар бино эттиргани ва уни Самарқанд атагани ҳақида гап боради.

Скандар отоди Самарқанд ани,
Самарқанди фирдавсмонанд ани.

Бобур Мирзо ҳам шу фикрни айтган: "Самарқандни Искандар бино қилғондур. Муғул ва турк улуси Семирқанд дерлар. Темурбек пойтахт қилиб эди" (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Т., "Шарқ", 2002, 59-бет).
Тарихда Самарқанд достонда битилгани каби Искандар томонидан бино этилмаган, аксинча, милоддан олдинги 329 йил Александр Македонский қўшинлар томонидан вайронага айлантирилган.
Бобур Мирзо ёзганидек, Амир Темур уни ўз салтанати пойтахти қилиб, жаҳоннинг энг зўр меъморларини олиб келиб бу ерда улкан бинолар барпо этган, шаҳарнинг қиёфаси унинг даврида бутунлай ўзгариб кетган. Академик В.Бартолд таъкидлаганидек, Амир Темур Самарқанд жаҳоннинг энг гўзал шаҳри бўлишини орзу қилган. Асарда Самарқанддан ташқари Сипоҳон, Рай, Ҳирот шаҳарларини ҳам Искандар бино қилди деб ёзилган. Демак, бу шаҳарларни Искандар ёки Амир Темур бино қилмаган, Соҳибқирон уларни обод шаҳарларга айлантиришга ҳисса қўшган.
Асарда битилишича, Искандар Кашмир ва Ҳинд вилоятларига юриш қилганда Кашмир султони Маллу ибн Мабок унга қарши уруш олиб боради. Искандар уни мағлуб этади ва унинг васиятига кўра қизи - Меҳрнозни хотинликка олади, ўғли - Ферузшоҳга отасининг тахтини топширади.
Жанг майдонидан шаҳар ичкарисига чекинган Маллухон ярим тунда шаҳардан ҳам қочиб чиқиб тоғдаги қалъага бекинади. Шунда унинг аъёнлари Искандарга қуйидаги мазмунда хат юборади:

Ки: "Маллуда бўлғон замон бу диёр,
Йўқ эрди бу қулларга ҳеч ихтиёр,

Ки қилғай эдук хизмат изҳорини,
Аён айлабон қуллуқ асорини.

Бу дамким ани шавкатинг қилди паст,
Фирор ихтиёр этти, топиб шикаст.

Неча бандалиғ ичра шармандабиз,
Неким бизга ҳукм айласанг бандабиз.

Ёруғ айласанг мулки вайронимиз,
Фидодур санга мол ила жонимиз.

Ваг ар бизни истарга фармон эрур,
Борига юзинг кўрмак армон эрур.

Эрурбиз не-ҳукм айласанг муфтахир,
Бу нома жавобига биз мунтазир".

Аслида милоддан аввалги 327 йилда Македон қўшинлари Ҳиндистон тоғларидан ошиб Панжоб-Ҳинд воҳасига кириб боради. Бу воҳа подшоҳларидан бири Пор босқинчиларга жуда қаттиқ қаршилик кўрсатади. Панжобни катта қийинчилик билан қўлга киритган Македонский Ганг воҳаси ва бутун Ҳиндистонни босиб олмоқчи эди. Аммо Ганг воҳасида кучли Нанд салтанати қўшинлари турарди. Боз устига, шу вақтларда аскарлар ичида безгак касаллиги тарқайди. Александр ўз қўшинининг қаршилигига учраб, ортга қайтишга мажбур бўлади. У Бобилда навбатдаги юришга тайёргарлик кўраётганда безгак касаллигидан вафот этади. Александрнинг ўлимидан сўнг салтанат парчаланиб кетади.
Салоҳиддин Тошкандийнинг "Темурнома"сида эса Маллухон билан жанг қилаётган Соҳибқироннинг олдига келган Ферузшоҳ ўзини Султон Маҳмуднинг ўғли деб таништириб, ундан отасининг тахтини Маллухондан олиб беришни сўрайди.
Аслида Деҳлида 1351-1388 йилларда ҳукмронлик қилган Туғлуқлар сулоласи вакили Ферузшоҳ қазо қилганидан сўнг Мултон вилоятининг ҳокими Соранг ва унинг укаси Маллу Ферузшоҳнинг набираси Султон Маҳмудни подшоҳ кўтариб, Ҳиндистон ҳукуматини ўзлари бошқарар эди. Соҳибқирон билан юзлашганда, худди достонда баён этилганидек, Султон Маҳмудхон ва Маллухон аввал шаҳар ичига қочиб киради, сўнгра ярим тунда иккаласи шаҳарнинг икки дарвозасидан: Султон Маҳмудхон - Ҳавдорон, Маллухон - Барака дарвозасидан чиқиб қочади. Тонгда эса Маллухоннинг ноиби Фазлуллоҳ Балхий бошчилигидаги девонбегилар ва шаҳар улуғлари чиқиб Соҳибқиронга Маллухоннинг зулмидан тўйганини изҳор қилади.
"Садди Искандарий" бош қаҳрамонининг зафарли юришларида унга дунё сирларидан бохабар донишмандлар ҳамроҳ бўлган. Турли жойларда учраган кутилмаган тўсиқлар олимлар илми билан батараф этилган.
Достонинг LХХХI бобида Искандарнинг вафотидан сўнг дилбандининг қабрини макон этиб туну кун фарзанд доғида ўртанаётган онага тасалли бериш мақсадида етти донишманд ташриф буюради. Улар - Филотун, Суқрот, Балинос, Буқрот, Ҳурмус, Фарфинюс, Арастулардир. Аслида бу донишмандлар бир-биридан жуда узоқ даврлардан яшамаган бўлса-да, улардан фақат Арасту Македонскийга замондош ва фақат у Александрга доимий ҳамроҳлик қилган. Шу жиҳатдан, бу олимларнинг биргаликда таъзия изҳор этгани келиши тарихий ҳақиқатдан йироқ. Бу ўринда шоир ақл-идрок, илму маҳрифат билан бошқарилган салтанат қудратли бўлиши, Искандарнинг куч-қудрати манбаи ана шу донишмандлар эканига ишора қилмоқда. Шунинг билан бирга бу ерда пир-муридлик муносабатлари ҳам кўзда тутилган. Достонда Арасту - пири комил, Искандар эса комилликка интилган мурид тимсолидир. Искандар асар ривожида бот-бот Арастуга ўзи ечимини тополмаётган масалалар юзасидан саволлар билан мурожаат этади ва устозидан олган жавоблари билан билимини бойитиб боради.
Мозийда Соҳибқирон атрофида доим Оллоҳ таолонинг дўстлари ҳисобланган кароматгуй авлиёлар бўлган. Боиси, Амир Темур ҳар доим пири муршидларга ихлос билан хизмат қилган ва уларнинг дуоси шарофати ила улуғ мартабага эришган. Унинг пирлари - Хожа Шамсуддин Кулол, Саййид Амир Кулол, Мавлоно Зайнуддин, Абубакр Тайёбодий, Мир Саййид Барака, Хожа Баҳовуддин Нақшбанд, ҳазратлари эди. Булардан ташқари ҳам Соҳибқиронга кўплаб етишган зотлар ҳамроҳлик қилган. Жумладан, Соҳибқирон Деҳли волийси Султон Маҳмуд билан жанг қилганда ҳиндистонликлар яхши қуролланган ҳисобсиз аскарлари билан бирга юз йигирмата филни жангга олиб киради. Филларнинг ҳайбатини кўрган лашкарнинг кўнглига ваҳима тушади, отлар ҳуркиб қочиб, филларга яқинлаша олмайди.
Душман билан юзма-юз турганда қўшиннинг саросимага тушиши мағлубиятдан ўзга нарса эмас. Бундай пайтда ғойибдан бир куч келиб кишини қувватлантирмаса, бошқа ҳеч қандай чора йўқ. Ҳар доим Оллоҳга таваккал қилган Соҳибқирон "Шу соатда олий даргоҳ бандаларидан (пайғамбар авлодлари назарда тутилмоқда - Д.Ж.) мавлоно Носириддин Умарга ишорат қилди, у дарҳол жойнамозни туфроқ устига солди. Жаноб ҳазрат отдан тушиб, икки ракаат намозни минг тазарру ва ниёзмандлик билан адо этди, олий ва улуғ бахшоянда (Оллоҳ) даргоҳидан фатҳу зафар атосини сўради. Шу ҳолатда манғлойда (қисм) турган амир Шайх Нуриддин, амир Шоҳ Малик, амир Аллоҳдод каби амирлар: "Ҳазрат Амир Соҳибқирон давлат эгасидирлар, Худо хоҳласа, Ҳақ таоло у зотнинг муборак хотирига солиб, қул (лашкарнинг марказий қисми) қисмдаги аскарлардан бир тўдасини биз бандаларининг ёрдамига юборсалар (ажаб эмас)", деб кўнгилларидан ўтказган эдилар, аълоҳазрат намоз ўқиб, салом бериб, даргоҳи илоҳийга ҳожатларини арз этгач, "Давлат эгалари илҳомли бўладилар" деган мазмун ижобича (биноан) қўшинлардан ўнг қўл томонга, манғлойга ёрдам берсинлар, деб ҳукм қилди. Шунга биноан у (амир)ларнинг дилларию билаклари қувватланиб, тўла умид билан жангга юз тутдилар..." (Низомуддин Шомий. Зафарнома. Т., "Ўзбекистон", 1996, 249-250 бетлар).
Соҳибқирон ҳар бир ишга қўл уришдан олдин пиру муршидларидан маслаҳат сўрагани, ҳеч қачон уларнинг раъйига қарши бормагани учун ҳам шундай катта салтанат ҳукмдори бўлиш насиб этганини ўз "Тузуклар"ида бир неча бор қайд этган.
Миллатимиз қуёши - ҳазрат Навоийнинг "Садди Искандарий" достонидан олган хулосамиз шу. Эҳтимол, битганларимиз кимларгадир маъқул бўлар, баъзилар ўтганларни замонавий мафкурага мослаштиришдан халос бўлган Эдик-ку, бу нимаси яна, дя киноя қилар. Аммо биз фикримизни ҳаводан олмаганимизни исботлаш учун бир неча илмий манбалардан мисол келтирдик. Ечимини топа олмаган масалаларга ҳам холис ёндашган ҳолда тахминлардан ўзимизга ёққанини зўракилик билан тиқиштириб, ўшанинг ҳақлигига сиз ҳам ишоннинг, деб ўқувчи онгига тазйиқ ўтказишга уринмадик.
"Садди Искандарий" достонининг бош қаҳрамони прототипи Амир Темур эмасмикин, деган фикр уйғонишига тарихий фактлар ва Навоий яшаган муҳит ҳамда унинг туркий миллатга мансублиги сабаб бўлди. Мантиқан олиб қараганда, Навоийга бир замонлар юртини ғорат қилиб, аждодларининг қонини тўккан македониялик босқинчининг ваҳшати илҳом бағишлайдими ёки юртини озодликка олиб чиқиш баробарида туркийларнинг ҳукми остига ярим дунёни бирлаштирган Соҳибқирон шавкатими?
Албатта, Искандар рамзий образ, холос. Шоир асарида тарихийлик эмас, бадиийлик асосий ўрин тутади. Шу жиҳатдан Искандар тимсолида адолатли шоҳ ҳақидаги фикрлар илгари сурилган. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, асардаги ижобий образ прототипини топиш ижодкорнинг ихлосига боғлиқ ҳодиса. Навоий даҳоси ана шу ҳодисага катта мафкуравий вазифа юклаб юборган. Бундан ташқари, шоир асарни ёзишда жуда кўплаб тарихий адабиётлардан фойдаланганини ҳам таъкидлаб ўтган.
"Садди Искандарий"нинг бош қаҳрамони дин ҳимоячиси. У турли юртларга Тангрига таолонинг дини олиб боради, хурофотчилик, бидъат кучайган жойларда тартиб ўрнатади.
Аёнки, ўттиз уч йиллик қисқа умрини жанги жадаллар ичида ўтказиб юборган Александр Македонский на дин ҳимоячиси бўлган ва на шаҳарсозлик, яратувчилик ишларига вақт ажрата билган.
Мўғуллар истилосидан сўнг ўлкада иқтисодий ва маънавий инқироз ҳукм сура бошлаган эди. Шу даврда халқнинг руҳини кўтарадиган, муқаддас динимизни янада кенгроқ ёйишга хизмат қиладиган, оммани ягона мафкура атрофига бирлаштира оладиган Амир Темурдай жасоратли ва ташкилотчи инсон жамиятга зарур эди. Оллоҳ таоло ана шундай зотни яратиб қўлига куч, юрагига қувват, қалбига илҳом бахш этди. "Ислом динини ёйиб, унга равнақ берганим ҳақидаги овоза каттаю кичик аҳли мўминнинг қулоғига етгандан кейин, ислом олимлари: "Тангри таоло ҳар юз йилда Муҳаммад унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин динига ривож бериш учун бир кишини Ислом динининг ёювчиси ва ривож бергувчиси сифатида ихтиёр этади. Бу саккизинчи юз йилликда Амир Соҳибқирон Ислом динини жаҳон аҳлига тарқатди. Шунинг учун бу юз йилликда Муҳаммад динига ривож бергувчи зот шу киши бўлғай", деб фатво бердилар" (Темур тузуклари. Т., "Шарқ", 2005, 68-бет), дея кўкси ғурурга тўлган Соҳибқирон бу гапдан сўнг ўзидан олдин Исломни қувватлантирган етти зот ҳақида аниқ ҳужжатлар асосида ҳикоя қилади. Улар Умар ибн Абдулазиз (712-720), Маъмун ибн Хорун ар-Рашид (813-883), Муқтадир биллоҳ Аббосий (908-932), Иззуддавла Дайламий (967-978), Султон Санжар ибн султон Маликшоҳ (1118-1157), Ғозонхон ибн Арғунхон ибн Ҳалокухон (1295-1304), Улжойту Султон ибн Арғунон - Султон Муҳаммад Худобандалардир (1304-1317).
Достондаги воқэаларни Соҳибқирон бобомиз тарихи билан бирма-бир қиёсласангиз, фақат хамсачилик анъанасига риоя этилган ҳолда сақланиб қолган исмларда фарқ кўринади, холос. Қолган ҳар бир боб, ҳар бир саҳифа, ҳар бир байт Соҳибқирон шавкатидан сўзлайди. Навоий "Хамса"ни тугатиб Ҳусайн Бойқарога тақдим этган дамдаги воқэани эсланг, нега ҳукмдор ўз вазири ёки ижодкор шоирга жиловдорлик қилиб юрибди?
Бизнинг англашимизча, бу жиловдорлик ярим дунёни туркийлар байроғи остига бирлаштирган Соҳибқирон руҳи покига ҳамда миллатимиз фахри, улкан сўз устаси - улуғ Навоий ижодига ҳурмат-эҳтиром рамзидир. Эҳтимол, Ҳусайн Бойқаро Навоийдан туркийларнинг улуғ аждодларидан бири, хусусан, ўз бобосининг зафарли юришларини инсоният тарихига киритгани ва бу асар асрлар давомида севиб ўқилишини билгани учун ҳам миннатдор бўлгандир...

Дамин Жумақул