Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»“Сабъаи сайёр” достонининг тузилиши, ҳикоятлар таҳлили
Facebook
“Сабъаи сайёр” достонининг тузилиши, ҳикоятлар таҳлили PDF Босма E-mail

Алишер Навоий “Хамса”сининг тўртинчи достони “Сабъаи сайёр” деб аталиб, 1484 йилда ёзиб тугалланган. Асарнинг бош қаҳрамони Баҳром бўлиб, тарихий шахс сифатида Эроннинг сосоний ҳукмдори Варахран V (420 – 438 йилларда подшолик қилган) билан боғлиқ. Бу ҳукмдор қулон (ёввойи кийик)ни овлашга ниҳоятда ўч бўлганлиги учун халқ орасида Баҳром Гўр (қулон) лақаби билан шуҳрат топган. Шарқ мамлакатларида Марс (Миррих) юлдузи Баҳром деб аталиб, жанг-у жадаллар ҳомийси сифатида келади.

Баҳром тимсоли дастлаб форсий адабиётда Абулқосим Фирдавсий “Шоҳнома”сида тасвирланган. “Шоҳнома”да Баҳром Гўр ҳақидаги воқеа достоннинг фақат бир фаслини ташкил этиб, унда Баҳромнинг туғилиши, тахтга чиқиши, мамлакатни идора қилиш тадбирлари, ов вақтида ўз канизаги Озода билан тўқнашувига доир воқеалар тасвирланган.

“Шоҳнома”даги Баҳром Гўр ва унинг канизаги орасидаги бу тўқнашув лавҳаси Низомий томонидан қайта ишланиб, машҳур “Ҳафт пайкар” достони вужудга келади. Низомий Баҳромнинг канизак билан боғлиқ ҳикоясини қолипловчи ҳикоя қилиб олиб, унга 7 ҳикоят киритади.

Низомий асаридан кейин 200 йил ўтгач, Хусрав Деҳлавий унга жавоб тарзида “Ҳашт беҳишт” достонини яратиб, 7 ҳикоятни ҳинд эпосидан олади.

Туркий тилда биринчи бўлиб бу мавзуни Алишер Навоий қаламга олади ва ўз достонини “Сабъаи сайёр” деб атайди. “Сабъаи сайёр” достони 38 боб, 5009 байтдан иборат бўлиб, шундан 11 бобни муқаддима ташкил қилади.

Достон муқаддимаси анъанавий ҳамд билан бошланади. Навоий Аллоҳни оламнинг яратувчиси сифатида мадҳ этар экан, достоннинг мазмуни тақозоси билан биринчи бобдаёқ етти рақамига алоҳида эътиборни қаратиб, илтизом (бир сўзни бирор парчанинг барча мисра ёки байтларида қўллаб, шу сўзнинг муҳимлигини таъкидлаш) бадиий санъати воситасида фалакнинг етти қават эканлиги, етти гумбаздан ташкил топгани, ер юзи етти иқлимга бўлингани, етти кўк, етти юлдуз кабилар ҳақида фикр юритади. Шунингдек, Баҳром ва Дилором сўзларини асл ва мажозий маъноларда қўллаб, сайёралар олами, дунёнинг яратилиши ҳақида ўз фалсафий қарашларини баён қилади, оламнинг яратилишини тасаввуфдаги ваҳдат ул- вужуд фалсафаси асосида баён қилади:

Ишқ сенсен доғию ошиқсен,

Яна маъшуқлуққа лойиқсен.

Айни маъшуқлуқда жилваи зот,

Ўзини кўргали тилаб миръот.

Ҳуснунга ҳар дам ўзга сурат ўлуб,

Кўзгу такрори ҳам зарурат ўлуб.

Неча ҳусн ичра жилва зоҳир анга,

Кўзгулук айлабон мазоҳир анга...

Сенсену сендин ўзга худ нима йўқ,

Гар кўрунса сен ўлғунг ул нима ўқ.

Достоннинг 2-боби муножот бўлиб, бунда буюк шоирнинг яратувчига мурожаати, нажот умиди, тавба ва илтижолари ўз ифодасини топган:

Қодиро, ул заифу осиймен,

Ки бошимдин аёқ маосиймен.

Навоий ташбеҳ санъати воситасида ўзини тоат вақтида хаста чумолига, исён вақтида ваҳший шерга, нафсини баҳайбат филга, кўнглини нимжон пашшага ўхшатади:

Тоат айларда мўри хаста барин,

Лек исён маҳалли шери арин.

Нимжон пашша кўнглум айла гумон,

Зўри нафсим нечукки пили дамон.

Шунингдек, муножотда яратилаётган асарнинг шуҳратини оламга ёйишни сўраб қилинган илтижо ҳам мавжудлигини кўрамиз:

Шуҳратин олам ичра пайдо қил,

Олам аҳлин аларга шайдо қил.

Навбатдаги боб Муҳаммад (с.а.в.) мадҳига бағишланади. Пайғамбарнинг асли қурайший, ери абтаҳи, мазҳаби ҳошимий, манзили Ясриб эканлиги айтилгач, унинг нури “Лот” билан “Уззо”ни шикастлагани, исмининг ҳарфлари ечилганда иккита “мим” ҳарфининг этаклари осилиб, куфр эли мотамининг зулматига, дин элининг эса улуғворлигига айланиши айтилади.

4-боб Меърож туни таърифига бағишланади. Бунда пайғамбаримиз ҳузурига элчи (Жаброил) келиб, Ҳақнинг саломини етказганлиги ва ошиқ ўз маҳбубининг висолига эришмоқ ниятида эканлигини хабар қилгани, пайғамбаримиз яратувчининг ҳузурига борганларида умматларининг гуноҳини кечиришни илтимос қилганлари ва барча истаклари бирма-бир қабул қилинганлиги ҳақида сўз боради.

5-боб сўз таърифида. Навоий бу бобда сўзга юксак баҳо берар экан, шундай ёзади:

Сўз келиб аввалу, жаҳон сўнгра,

Не жаҳон, кавн ила макон сўнгра...

Аллоҳ, аллоҳ, не сўздурур бу сўз

Мундин ортуқ яна бўлурму сўз

Жисм бўстониға шажар сўздур,

Руҳ ашжориға самар сўздур.

6-боб улуғ салафлар Низомий ва Деҳлавий мадҳига бағишланган. Шоир дастлаб бадиий адабиётдаги икки адабий тур, яъни назм ва наср таърифига тўхталиб, уларни бир-бирига қиёслайди ва назмнинг насрдан устунлигини исботлар экан, шеърий асарларда чиройли, таъсирли ибора ва бадиий санъатларни кўплаб қўллаш ва инжуни ипга тергандек мисралар тизиш мумкин, наср эса сочиб юборилган жавоҳирдек гўзалликдан маҳрум деб ёзади. Шунингдек, назм шакллари орасида маснавийга алоҳида тўхталиб, уни “васиъ майдон” (кенг майдон) деб атайди:

Маснавийким, бурун дедим они,

Сўзда келди васиъ майдони.

Низомий ҳақида сўз юритар экан, у бу майдондан тўпни олиб чиқиб кетди, яъни гўй ва чавгон ўйинида ютди: маснавий яратишда биринчи бўлди дейди:

Қойили хуш каломи зебогўй

Ким, бу майдон элидин элитти гўй...

Аҳли назм афсаҳул каломи ул,

“Хамса”нинг нозими Низомий ул.

Хусрав Деҳлавийни Низомий бешлигига жавоб ёзган ижодкор сифатида таърифлар экан, уни “ҳинд сеҳргари, қаро бало, офати Худо” каби ташбеҳлар билан мадҳ қилади. Шунингдек, Навоий бу икки хамсанависни шатранж ўйинидаги оқ оту (Низомий) қора филга (Деҳлавий), ўзини оддий пиёдага нисбат беради:

Чекса шатранж ики саф оқу қаро,

Хас не қилғай, чу тушса арса аро.

Ўзни топқай бисот аро пайваст,

От ила пил аёғи остида паст.

Достоннинг 7-боби “ҳазрат шайхулислом мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий” мадҳига бағишланган. Навоий уни фазл конию илм дарёси деб атар экан, устозини араб тилидаги билимдонлиги жиҳатидан “Кофия” асарининг муаллифи Ибн Ҳожибга, тафсир илмида юзта Ибн Ҳожарга, фиқҳ илмида Имоми Аъзамга ўхшатади. Жомийнинг бу соҳаларда яратган асарлари, девонлари ва достонларининг номларини келтиради.

8-боб салафларнинг нуқсонлари ҳақида бўлиб, шоир боб сарлавҳасида устозлар асарларига мулоҳаза билдираётгани учун узр сўрайди. Навоий бу бобда достон яратишдан олдин туш кўрганини, тушида 7 гумбаз, 7 гумбаз ичида 7 хил рангдаги мутасаддийни кўрганини, шу ерда 7 кун юриб, 7 афсона тинглаганини, бир мўйсафид унга аввалги достонлардаги қусурларни тузатишни сўраганини, уйқудан уйғонгач муаббир (туш таъбирчиси) айтган далиллардан сўнг достон ёзишга киришганини айтади. Шундан сўнг ўзигача ёзилган Баҳром ҳақидаги достонларни синчиклаб ўқиб чиққанини таъкидлаб, устозларнинг ҳурматини ўз ўрнига қўйган ҳолда уларга учта эътироз билдиради:

Бири буким йўқ анда мояйи дард,

Қилдилар ишқ сўзидин ани фард.

Шоир фикрича, олдинги хамсанависларнинг биринчи айби дарду ғамга етарлича аҳамият бермасдан, уни ишқдан холи тасвирлаганликларидадир.

Яна бири буким анда баъзи иш,

Зоҳиран номуносабат тушмиш:

Буйла туҳматки, айш учун Баҳром

Ясади етти қаср сургали ком.

Етти иқлим шоҳидин ети қиз,

Ҳар бири лутфу ҳусни ғоятсиз...

Уйқу комин олурға мастона,

Шўхларға буюрди афсона...

Анга худ ғафлат ўлди даъбу сифат,

Уйқусиға фасона не ҳожат?

Баҳромнинг айши учун еттита қаср қурилиши, етти маликанинг ўзи мастликдан ғафлат ҳолатига етган шоҳни ухлатиш учун афсоналар айтишлари асоссиз, дейди Навоий. Бунинг устига, агар афсона айтиш зарур бўлса, улардан бошқа қиссахон йўқмиди деган саволни ҳам қўяди.

Салафларнинг учинчи камчиликлари дардсиз ва нодон кишининг саргузаштларини кўрсатишни мақсад қилиб олганликларида эди:

Бўйла нодон учун ёзиб авсоф,

Анга қилгайлар ўзларин вассоф.

Боб сўнгида Навоий ғоят камтарлик билан ўзини салафларнинг фақир шогирди деб атаб, мен гўё пашшадек бўлиб, фил ишини қилмоқчиман, осмон томига нарвон, қуёшга шамдон ясамоқчиман, ўргимчак ипидан каманд қилиб, аждаҳони тутмоқчиман дейди ва Алллоҳдан достон ёзишда мадад сўрайди.

9-боб – Султон Ҳусайн Бойқаро мадҳи ҳақидадир. Бу бобда Навоий фалакдаги барча сайёраларга бирма-бир мурожаат қилиб, уларни ўз ҳунарларидан бир оз тинмоққа чақиради, шоҳ мадҳида қалам сурмоқчилигини айтади. Шоҳнинг икки томонлама хон авлоди эканлигини, улуғ отаси Чингизхон, онаси Аланқуво эканлигини айтади. Навоий Ҳусайн Бойқарони чексиз саховат, чумолига ҳам марҳаматли адолат эгаси дея таърифлаб, адолат бобида ҳатто Анушервон ҳам унинг олдида хижолат чекади деб ёзади:

Анда Нуширвон керак боққай,

Бошини эрғатиб овуч қоққай.

Чун қилиб ёд ўз адолатидин,

Мутағаййир бўлуб хижолатидин.

10-боб – Билқиси Соний – Хадичабегим мадҳига бағишланган бўлиб, Навоий талмеҳ санъати воситасида Хадичабегимни пайғамбарлар аёллари Сораи Узмо (Иброҳим пайғамбарнинг рафиқалари) ва Хадичаи Кубро (Муҳаммад (с.а.в)нинг аёллари)га ўхшатади. Навоийнинг ёзишича, унинг гўзаллигидан сунбул ва наргис гуллари ташвишда, наргис уятда. Шунингдек, Навоий Хадичабегимнинг икки фарзанди Музаффар Мирзо ва Шоҳ Ғариб Мирзо (шоир Ғарибий) ҳақида ҳам тўхталиб ўтиб, уларни икки саодатли юлдуз, уларнинг онасини ойу қуёшга ўхшатади:

Ойу кун йўқ агарчи монандинг,

Икки саъд ахтар икки фарзандинг.

11-боб – Баҳром тарихи ҳақидадир. Навоий Баҳромни сосонийлар ҳукмдори Яздижурднинг ўғли бўлса-да, отасидан фарқли равишда эзгу ишлар билан шуғулланди, отаси нимани бузган бўлса, у барчасин қайтадан тузди дейди:

Ҳар не ул бузди, бу борин тузди,

Бу борин тузди, ҳар не ул бузди.

Кимни ўлтурди ул қилиб мажруҳ,

Бу қўйуб марҳам, ўлди жисмиға руҳ.

Навоий салафлар бўйича шоҳ Баҳром тарихини қисқача баён этиб, энди мен айтадиган қисса аввалгиларидан фарқ қилади дейди ва Аллоҳга шукрона келтириб, Баҳром қиссасини бошлайди.

Асосий воқеалар ўн иккинчи бобдан ибтидо топади. Етти иқлим шоҳи бўлган Баҳром ов қилиб юриб, рассом Монийни учратиб қолади. Моний Чинда тенги йўқ бир гўзал Дилором ҳақида хабар бериб, унинг ўзи чизган суратини шоҳга тақдим этади. Шоҳ суратни кўриши билан Дилоромга ошиқ бўлиб қолади ва Чин мамлакатининг бир йиллик хирожини тўлаб, қизни саройга келтиради. Шундан кейин Баҳром қизга бутунлай маҳлиё бўлиб, давлат, мамлакат ишларини унутади. Фирдавсий “Шоҳнома”сида тасвирланганидек, овда кийик ҳодисаси юз беради. Дилором Баҳромнинг мерганлик маҳоратини “машқнинг натижаси”, – деб айтади. Шоҳ мастликда қизнинг оёқ-қўлини ўз сочлари билан боғлаб, биёбонга ташлаб келишни буюради. Эртаси ғазаб ва мастлик тарқаб, афсусланганидан кейин, уни ўзи бориб излайди, лекин топа олмайди. Ҳижрон азобидан ўзини бутунлай йўқотади :

Жони икки бало аросинда,

Мўр икки аждаҳо аросинда.

Не ўлук эрди, не тирик сони,

Бўлмас эрди тирик демак они.

Шоҳнинг аҳволи оғирлаша боради. Навоий бу ўринда шоҳ Баҳромда энди чин маънода ошиқлик сифатлари пайдо бўлаётганлигига эътибор қаратади, зеро руҳий изтироблар ва ҳижрон дарди ишқнинг ортишига сабаб бўлади. Изтиробдан ўзини бутунлай йўқотган Баҳромнинг аввал фалакка, сўнг халқи ва қўшинига мурожаат қилиб, нотавон жонини бу азоблардан қутқаришини сўраб чеккан фарёдлари достоннинг 16- ва 17-бобларида ниҳоятда таъсирли тарзда ифодаланганлигини кўрамиз:

Манга не қилдинг, эй сипеҳр, охир,

Йўқ эмиш сенда зарра меҳр, охир!

Меҳрсизлик ишим аро қилдинг,

Рўзгорим юзин қаро қилдинг...

Найлайин бу жаҳонни жонсиз мен?

Бал жаҳон бирла жонни онсиз мен?

Жонни олғилки, тўймишам, биллоҳ!

Кўнгул ўлмакка қўймишам биллоҳ!..

Ёрлиқ қайда кетти, ёронлар?

Йўқ мусулмонлиқ, эй мусулмонлар!

Ўлтуруб ғаврима етинг охир!

Минг ўлумдин халос этинг охир!

Сарой аҳли ташвишга тушадилар. 400 ҳаким ва табиб тўпланиб, икки йил давомида шоҳни даволайдилар. Шоҳ бир оз ўзига келгандай бўлади. Маслаҳат билан етти иқлим шоҳи етти қаср қурадилар. Бу етти қаср етти шоҳнинг мамлакатига олиб борадиган йўл устида қурилади. Рассом Моний унинг ҳар бирини алоҳида бир ранг билан безайди. Баҳром уларни томоша қилар экан, касали тузала бошлайди. Етти рангдаги етти қаср битгач, етти иқлим шоҳининг етти қизи Баҳром билан никоҳланади. Етти қасрнинг ҳар бири етти сайёрадан бирининг рангига мос бўлиб, ҳафтанинг шу сайёра ҳомий ҳисобланган кунига хос эди. Етти қаср тасвирини ўқир эканмиз, Навоий ҳар бир қасрдаги шоҳ, малика ва мусофир ҳамда жиҳозлар тасвирини беришда рангларнинг турфа хил номланишларидан усталик билан фойдаланганлигига гувоҳ бўламиз.

Шанба куни учун шу куннинг ҳомийси Зуҳал (Сатурн) сайёрасининг рангига мос қора қаср – мушкфом қасрда шоҳ Баҳром ҳиндистонлик сайёҳнинг Фаррух ва Ахий ҳақидаги ҳикоятини тинглайди. Унга кўра, Ҳинд мамлакати подшоси Жасратхоннинг ақлу ҳуснда тенгсиз ўғли шаҳзода Фаррух тушида бир паривашни кўриб, севиб қолади. Ўша санамга етишиш ишқида сафарга чиққан шаҳзода Ҳалаб шаҳрида тушида кўрган маҳвашни учратиб, ҳушидан айрилади ва тақдир тақозоси билан биргина палосга ўраниб, оғир аҳволда қолганида унга саховати билан ном қозонган Ахий ёрдам кўрсатади. У билан суҳбатда бўлган Ахий Фаррухнинг заковатига қойил қолади ва шаҳзоданинг дардига даво топишни чин дилдан хоҳлайди. Ниҳоят Фаррухнинг ишқи тушган гўзал ўз аёли эканини билиб олади ва жуфти ҳалолини талоқ қилиб, Фаррухга никоҳлаб беради. Фаррух ўз юртига қайтади ва отаси вафот этгани учун тахтга ўтиради. Бу орада Ахийнинг ишлари орқага кетади, туҳматга учрайди, ўз юртидан қочиб, жон сақлаб қолади. Фаррух уйлангач, Ахийнинг мардлигидан ҳайратга тушади, аёлни ўзига сингил каби тутади ва дўстини излайди. Ахий эса Ҳинд мулкига бориб қолади, шу ерда икки дўст топишади, Фаррух синглим дея Ахийнинг ўз аёлини катта тўй билан никоҳлаб беради. Шу тариқа улар чин дўст сифатида, бир-биридан ёрдам ва меҳрини аямай узоқ умр кечирадилар. Мазкур ҳикоят якунида сайёҳ шоҳ Баҳромга ўзининг Ахий авлодидан эканини маълум қилади. Шоҳ уни сийлаб, саройда олиб қолади.

Якшанба куни унинг ҳомийси Қуёш сайёрасининг рангига мос сариқ қасрда шоҳ Баҳром румлик сайёҳнинг Зайд Заҳҳоб ҳақидаги ҳикоятини тинглайди. Унга кўра, жуда ўткир билим эгаси бўлган Зайд Заҳҳоб исмли заргар Рум мамлакати подшосининг энг яқин дўсти эди. У шоҳнинг ишончини қозонган бўлиб, ҳукмдор у билан ҳар бир ишда маслаҳатлашар эди. Бир куни Зайд Заҳҳоб шоҳга олтин тахт ясаб беришни таклиф қилади. Шоҳ кўнади ва хазинадан икки минг ботмон олтинни заргарга олиб беради. Зайд Заҳҳоб сирти олтин билан қопланган, лекин ички томони кумуш билан тўлдирилган тахт ясайди. Қолган олтинларни эса ўзлаштириб юборади. Шоҳ бундан бехабар бу ҳашаматли тахтга чиқиб, қойил қолади. Зайд Заҳҳобнинг душманлари шоҳга унинг фирибини маълум қиладилар. Шоҳ Зайд Заҳҳобни зиндонга ташлайди. Зайд зиндондан қочиб, Қустантанияга бориб, бутхонада роҳиблик қила бошлайди. У ерда ҳаммани ўзига мухлис қилиб, бутхонанинг олтиндан ясалган барча буюмларини шиша ва бошқа металлар билан алмаштириб қўяди. Кейин ўз мухлисларига бу юртни тарк этишини айтганда, ҳамма уни йиғлаб кузатади, Зайд кета туриб, уларга бир хат қолдирганлиги ҳақида маълум қилади. «Роҳиб» кетгач, мухлислари унинг хатини топиб, кўзга суриб ўқисалар, унда Зайднинг ҳамма кирдикорлари битилган бўлади. Бутпарастлар оҳ-воҳ қилиб қолаверадилар. Зайд эса Румга қайтиб, бемор бўлиб қолган шоҳни даволайди, қайта унинг ишончига кириб, душманларини жазолайди. Ҳикоя якунлангач, сайёҳ ўзининг Рум мамлакатидан, Зайд Заҳҳобнинг авлодларидан бири эканлигини айтади. Шоҳ Баҳром бу сайёҳга ҳам мурувват кўрсатиб, саройда олиб қолади.

Душанба куни шу кун ҳомийси Ой сайёрасининг рангига мос яшил қасрда шоҳ Баҳром мисрлик сайёҳдан Саъд ҳақидаги ҳикоятни тинглайди. Унга кўра, мисрлик бой хожанинг камолга етган ўғли Саъд отаси каби мусофирларни меҳмон қилишни хуш кўрар эди. Бир куни унинг даргоҳига шаҳрисабзлик икки сайёҳ келиб, ўз юртларидаги ғаройиб хусусиятли дайр – бутхона ҳақида айтиб берадилар. Мазкур бутхонанинг ўзига хос томони шу эдики, кимки у ерда бир кун тунаса, туш кўради ва туши, албатта, ўнг келади. Саъд шу бутхонага бориш ишқига тушади ва отасининг розилигини олиб, сафарга отланади. Унга шаҳрисабзлик икки мусофир ҳамроҳлик қиладилар. Дайрга етиб борган Саъд туш кўради. Туш таъсирида хаёлга ботиб ўтирса, эшикдан бир мўйсафид кириб келади. Мўйсафид унга ўз тақдирини айтиб беради ва Саъдни анча вақтдан буён кутаётганлигини маълум қилади. Саъд бу донишманд мўйсафиднинг маслаҳат ва кўрсатмалари билан ҳаракат қилади. Узоқ саргузаштларни, синовларни бошдан кечириб, Гулрух исмли гўзалнинг васлига етишади. Сайёҳ ҳикоятни якунлагач, ўзининг Шаҳрисбаздан, Саъд авлодларидан бири эканлигини маълум қилади. Шоҳ Баҳром сайёҳни Шаҳрисабзга волий этиб тайинлайди. Умуман олганда, ҳикоятнинг бош қаҳрамони Саъднинг саргузаштлари Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳод билан боғлиқ воқеаларни ёдга солади.

Ҳомийси Миррих (Марс) бўлган сешанба кунида Миррих рангига мос қизил қасрда шоҳ Баҳром навбатдаги сайёҳдан шоҳ Жуна ва унинг дўсти Масъуд ҳақидаги қиссани тинглайди. Ровий шоҳга Деҳлида султонлик қилган Жунанинг саховати чексиз эканлигини ҳикоя қилиш билан ўз қиссасини бошлайди. Султон Жуна шу қадар саховатли бўлиб, унинг сахийлиги чегара билмасди. Бир куни бир мусофир унинг меҳмони бўлиб, бир кўзгу совға қилади. Кўзгу рост гапирган одамнинг юзини оқ, ёлғончининг юзини қора кўрсатар эди. Шоҳ Жуна мусофирни сийлаб, ундан мендан ҳам ўтадиган сахий борми, дея сўрайди. Йўқ, деб жавоб берган сайёҳнинг юзи кўзгуда қора бўлиб, кўринади. Ниҳоят уялиб, сиздан ҳам сахийроқ одам бор, бу гўзал Тароз ўлкасида яшовчи Масъуддир, дейди. Шоҳ эса ҳаммага рухсат бериб, пайт топиб, Тарозга жўнайди. У ерда Масъуд билан учрашиб, дўст тутинади. Масъуднинг фасоҳатидан ҳайратда қолади. Масъуд унга ўзи учун энг азиз бўлган нимаики бўлса, ҳаммасини иккиланмай ҳадя қилиб юборади: севимли, куй ва қўшиқда моҳир канизагини, майи тугамайдиган жомини, Гулгун лақабли отини. Бундан таъсирланган шоҳ Масъудни Тарозга ҳоким қилиб тайинлаш тўғрисида фармон беради. Тароз ҳокими Жайпур эса бундан безовта бўлиб, Баллу деган қаттол вазири билан маслаҳатлашиб, Масъудни йўқ қилиш режасини тузади. Унга кўра, Жайпур Масъуд билан дўст тутинади, бир куни маст Масъудни маст қилиб, бир чоҳга ташлатади. Сўнг қайғурган бўлиб, йиғлайди, бошқаларни ҳам ишонтиради ва Масуд учун мотам ҳам очтиради. Баллу эса Масъудни азоблай бошлайди. Жайпурнинг бир гўзал қизи бўлиб, Масъудга ошиқ эди. У Масъуд ҳақида билиб қолади ва икки содиқ канизи ёрдамида уни қутқариб, даволайди ва отасининг саройидан Масъуд билан қочиб кетади. Жайпур уларга етолмай доғда қолади. Икки севишган йўлда кўп қийинчилик билан Деҳлига бориб қоладилар. Масъуд ўзи меҳмон қилгн Жунанинг шоҳ эканини билмасди, шунинг учун пул топиш илинжида шоҳ саройига борганда сеҳрли жомини, куй чалиб, қўшиқ айтаётган канизини, Гулгун отини кўриб, аввал ҳайрон бўлади, кейин шоҳни ҳам Жуна эканини билиб қолади. Масъуд таниган бошқа маҳрамлар бу ҳақда Жунага айтадилар. Дўстини йўқотиб, ҳажр азобидан қолган шоҳ бундан бағоят шодланиб, дўстига меҳрибонлик кўрсатади, унинг ёрини ҳам олиб келтиради, Жайпур ва Баллуни эса жазолайди.

Ҳикоясини шу тариқа якунлаган сайёҳ шоҳ Баҳромга ўзини Тароздан, Масъуд авлодларидан бири эканлигини айтади. Баҳром уни Тарозга ҳоким қилиб тайинлайди.

Чоршанба куни учун унинг ҳомийси Уторуд (Меркурий) рангига мос мовий қасрда Баҳром навбатдаги жаҳонгаштадан Меҳр ва Суҳайл ҳақидаги ҳикояни тинглайди. Унга кўра Адан деган жойда бир оролни ўз маконига айлантириб, денгизда қароқчилик қилишни касб қилган Жобир деган йўлтўсар Беҳишти саро шаҳрининг гўзал маликаси сайр қилиб чиққан қайиқни қўлга киритади. Лекин Меҳр шу қадар гўзал эдики, Жобир уни кўриб, ҳушини йўқотарди. Шунинг учун қизга яқинлаша олмай, ўзининг баланд деворлар билан ўралган боғида яшашига рухсат беради. Меҳрнинг отаси Навдар шоҳ Яман мамлакати шоҳи Нўъмоннинг ўғли Суҳайлга қизини бермоқчи эди шунинг учун шоҳ Нўъмон ўғлини кемага чиқариб, Навдарнинг мамлкатига юборади. Суҳайл денгизда Жобирга йўлиқади ва жангда енгилиб қолади. Суҳайлнинг жанг қилишига, жасоратига қойил қолган Жобир уни ўлдирмасдан ўз боғидаги бир чоҳга ташлатади. Шоҳ Навдар ва Нўъмон ўзаро хат ёзишиб, биргаликда Жобирга ҳужум қилишга келишадилар. Навдар шоҳ қуруқликдан, Нўъмон шоҳ денгиздан Жобир устига қўшин тортишга келишадилар. Қуруқликдан келаётган Навдар аскарларидан ажраб, овга берилиб, Жобир қўлига асир тушади. Денгизда эса Нўъмон шоҳ ҳам енгилиб, денгиз қароқчисига тутқун бўлади.

Меҳр висолига етишолмаган Жобир эса ичкиликка зўр беради. Меҳр боғда айланиб юриб, чоҳда ётган Суҳайлни билиб қолиб, қутқаради, сўнг Суҳайл Жобир билан жанг қилиб, уни енгади ва тутқунликдаги ҳамма озодликка эришиб, муроду мақсадга эришадилар.

Мазкур ҳикоя поён топгач, шоҳ Баҳром ровийни муносиб тақдирлаб, уйқуга кетади.

Пайшанба куни шу кун ҳомийси Муштарий (Юпитер) рангига мос сандал қасрда шоҳ Баҳром Муқбил ва Мудбир ҳақидаги қиссани тинглайди. Унга кўра Муқбил ва Мудбир Бохтар деган жойдан Ховарга йўл оладилар. Муқбил ибодатли, ростгўй бўлиб, Мудбир каззоб ва пасткаш эди. Улар қайноқ водийи ҳамимдан бирга ўтадилар. Мудбирнинг ахмоқона гапларидан Муқбил кўп озор чекиб, ундан воз кечмоқчи бўлса, Мудбир ялиниб, тавба қилади. Улар шу тариқа сафарда давом этадилар. Денгиз соҳилига бориб, бир кемага чиқадилар. Муқбил одатдагидек ибодат қилиб, тасбиҳ ўгириб ўтирса, Мудбир Худога ширк келтириб, валдирай бошлайди. Шунда тўфон келиб, уларнинг кемасини ғар қилади. Бу иккиси тақдир тақозоси билан қутулиб, қирғоққа чиқиб, ўрмонга дуч келадилар. Шу ердаги бир дарахт ковагида булоқ бўлиб, у ерда бунинг сувини ичган одам мутлақо очиқмалиги, сувсамаслиги ва ёлғон гапирса ёрилиб ўлиши ёзилган бўлади. Муқбил ва Мудбир бу сувдан тўйиб ичиб олганлари учун ёзувни ўқисалар, булоқ сувида боши билан шўнғиб чўмилган одам ғаройиб воқеаларни кўриши айтилган экан. Фақат ростгўй одам чўмилс мумкин, ёлғончи эса куяр экан. Натижада, сувга Мудбир тушолмайди, Муқбил булоққа шўнғиб, бир қасрга дуч келади, у ерда бир маҳвашга ошиқ бўлиб қолади... Ўзига келиб, сувдан чиққанида эса ошиқ бўлган гўзал ишқида ўзини йўқотиб бехуд бўлади. Муқбил ва мудбир қирғоққа келсалар, юир кемага дуч келадилар. Бу кема сандал дарахти ёғочи билан тўла бўлиб, одамлари ўлиб ётардилар. Гап шундаки, Ховар мамлакати шоҳи қизи касалга чалинган бўлиб, табиблар унга сандал дарахтидан ясалган қасрда яшаш даво дегани учун кўплаб савдогарлар шу дарахт ёғочларини олиб келаётганларида денгизда пўртанага тушиб, чиқолмай, очдан ўлган эдилар. Улар қирғоққа борганларида Ховар шоҳига дуч келадилар. Мудбир ўзини савдогар, кема эгаси, Муқбилни қулим, деб таништиради ва шу заҳоти ёрилиб ўлади. Муқбил эса бор гапни яширмай айтиб беради. Шоҳ уни ўзига куёв қилишни хоҳлаб, тўй беради. Маликанинг қасрига борган Муқбил худди булоқда кўрган ҳолатига дуч келади: сандал қаср, гўзал қизлар ва... ўша у севиб қолган маҳваш. Кейин маълум бўладики, бу гўзал Ховар шоҳининг қизи бўлиб, унга жинлар шоҳи ошиқ бўлган экан. Лекин қизга етишолмаган жинлар шоҳи ўша оролдаги дарахтдаги ковакдаги булоқда қизнинг сувратини, унинг қасрининг нусхасини пайдо қилиб, ўзини овутиб ўтираркан. Муқбил шунга дуч келган экан. Шу тариқа Ховар шоҳининг гўзал қизи ва ростгўй Муқбил васлга эришадилар.

Ҳикоя якунлангач, хушнуд бўлган шоҳ Баҳром уйқуга кетади.

Жума учун унинг ҳомийси Зуҳра (Венера) рангига мос оқ қаср барпо қилинган эди. Ниҳоят, муборак жума (одина) куни Баҳром оппоқ – кофурий кийимда оқ қаср ичида фил суягидан ясалган тахт устида ўтириб, оқ кийимли гўзал билан билур жомда оқ май ичади ва Чин гўзали қошида хоразмлик мусофирнинг ҳикоясини тинглайди. Мусофир ўзининг Хоразмдан эканлигини, соз чалишини, иқлимдаги барча устозлар унинг шогирдлари эканлигини, кутилмаганда бир чинлик савдогарнинг гўзал канизаги Хоразмга келгач, унинг иши касодга учраганини, канизак ҳузурига бориб арз қилганини, унинг созини тинглаб, унинг тарихи билан қизиққанини ва канизак унга бошидан ўтганларни сўзлаб берганини айтади. Шоҳ Баҳром айтилганлардан бу канизак Дилором эканлигини билиб, Дилоромни олиб келиш учун Хоразмга сипоҳларини жўнатади.

Кўринганидек, Баҳром биринчи ҳикояни ўз руҳий ҳолати каби қора қасрда, қора либосда тинглаган эди, чунки у ўз Дилоромидан айрилган, ҳижрон зулматига гирифтор бўлган эди. Еттинчи ҳикояни эса оқ қасрда оқ либосда тинглайди ва бу ҳикоят унга висол умидидан дарак беради, унинг қалбига ёруғлик олиб киради. Лекин Баҳром Дилоромни топгач, яна овга, айш-ишратга берилади. Бир куни у сарой аҳли, сонсиз қўшин ва Дилором билан катта овга чиққанида, ёмғир ёғади ва эски ботқоқнинг оғзи очилиб Баҳромни Дилором ва бутун аркони давлати билан бирга ер ютади.

Баҳром бўлиб ўтган воқеалардан ва тинглаган ҳикоятларидан хулоса чиқармайди: ошиқлик ва шоҳликни бир қиёфада олиб бормоқчи бўлади, аслида эса чин ошиқлик тожу тахт ва бойлик билан мувофиқ келмайди:

Ишқ ила шоҳлиғ мувофиқ эмас,

Ишқ лофида шоҳ содиқ эмас.

Шу билан бирга шоҳ Баҳромнинг ҳалокатини тасаввуф таълимотига кўра яна шундай изоҳлаш мумкин: Бутун жонзотлар, табиат, ҳайвонот ва наботот олами Аллоҳнинг зуҳуридир. Уларнинг барчасини Аллоҳ яратган экан, уларга зарар етказиш Яратган иродасига қарши бориш билан тенгдир. Шу маънода шоҳ Баҳромнинг табиатга етказган жабр-зулми унинг ҳалокатига олиб келди.

Шоир Баҳром тимсоли муносабати билан ўз давридаги баъзи долзарб масалаларга ҳам ишора қилиб ўтган. Хусусан, ҳақиқий ҳукмдор ҳар қандай иллатлардан холи бўлиши зарурлиги, халқ аҳволидан ғофиллик ва айш-ишратга берилиш охир-оқибат шоҳни ва мамлакатни таназзулга олиб бориши мумкинлиги шоир айтмоқчи бўлган муҳим ғоялардан биридир.

Шу маънода Навоий достоннинг ўттизинчи бобида туш кўрганлигини айтади. Тушида шоирни шоҳ Баҳром йўқлаб, уни назм мулкида соҳибқирон деб атаб, ёзган достонига юқори баҳо беради ва фарзанди қаторида саналмиш Султон Ҳусайн Бойқарони огоҳлантиришини илтимос қилади ва унга қуйидаги сўзларни етказишни айтади:

Ки жаҳон кимсага вафо қилмас,

Шоҳлиғ таркига киро қилмас.

Шаҳки, минг йил онинг ҳаётидур,

Ғараз – ўлганда яхши отидур.

“Сабъайи сайёр”да Навоий даҳосининг қудрати шоирнинг ўз тилидан айтилган ўринларда ҳам намоён бўлади. Жумладан, достон якунига яқинлашганда шоир асарнинг ёзилиш муддатига тўхталиб дейди:

Бўлди чун бу рақам иши тайёр,

Қўйдум отини “Сабъаи сайёр”.

Тортқонда бу турфа савти маддин,

Байти беш мингга тортти аддин.

Манга айёми гарчи ёд эрмас,

Лек тўрт ойдин зиёд эрмас.

Бўлсам ўзга умурдин эмин,

Бор эди тўрт ҳафта ҳам мумкин...

Гарчи тарихи эрди секкиз юз,

Сексон ўтмиш эди яна тўққуз.

Ойи унинг жумодиуссоний,

Панжшанба ёзилди унвони.

Достон хафиф баҳрининг хафифи мусаддаси солими махбуни маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун мафоилун фаилун) вазнида ёзилган. Аслида мазкур вазн 8 та ритмик вариацияга эга бўлиб, бу ритмик вариациялар достон мисраларида ўзаро алмашиниб қўлланаверади ва достон матни билан муносабатга киришади. Ритмик вариациялар таркибидаги ўзгаришлар, асосан, биринчи ва учинчи рукндаги бўғинлар сифатини ўзгартириш ҳисобига рўй бериб, иккинчи рукн ўзгаришсиз қолаверади. Бунда биринчи рукн фоилотун ёки фаилотун, учинчи рукн эса фаилун, фаилон, фаълун, фаълон тарзида ўзаро алмашиниб ҳам қўлланавериши мумкин. Мазкур ритмик вариацияларнинг достон таркибида ўзаро алмашиниб қўлланилиши тасодифий бўлмай, достондаги воқеалар, қаҳрамонларнинг руҳий ҳолати, бир ҳикоятдан бошқасига ўтиш пайтлари, сюжет чизиқларининг ўзгаришига кўп жиҳатдан боғлиқ. Масалан, Шанба куни Баҳромнинг қора либосда ҳижрон ўтидан қора бўлган кунда 1-мусофирнинг ҳикоятини тинглаш арафасидаги ҳолати акс этган қуйидаги парчага диққат қаратсак:

Субҳи шанбаки, шоми дайжурий, (3)

Юзига ҳулла ёпти кофурий. (3)

Қасри мушкинга қўйди юз Баҳром, (4)

Ичгали мушкбў ғазол ила жом. (2)

Луъбати ҳиндзоду чинийваш, (3)

Лаъли жонбахшу сунбули дилкаш. (3)

Ҳулласин ойдек айлабон шабгун, (3)

Дурлар ул ҳулла узра кавкабгун. (3)

Тахту рахтини айлабон мушкин, (3)

Мушк уза ер тутуб ғазолаи Чин. (1)

Шаҳ дағи ҳулла мушкфом айлаб, (3)

Кирди маҳваш сари хиром айлаб. (3)

Агар эътибор қаратилса, келтирилган 5 байт (10 мисра)дан 8 мисра юқоридаги жадвалда акс этган 3 ва 4-ритмик вариацияларда яратилганлигини кўриш мумкин. Ушбу вариацияларнинг тақтиъида чўзиқ бўғинларнинг етакчилик қилишини (қисқа бўғинлар сони 3 та) кўрамиз. Аслида бошқа баҳрларга нисбатан енгил оҳангга эга бўлган хафиф баҳрининг ушбу ритмик вариациялари чўзиқ бўғинлар сонининг етакчилик қилиши ҳисобига вазминроқ оҳанг касб этяпти ва бу жиҳат Баҳромнинг “ҳижрон ўтининг дуди қаро қилғон кун”даги ҳолатига мос келяпти.

Энди Баҳромнинг ҳикоятлар охирида – Дилоромнинг хабарини эшитган пайтдаги ҳолати ифодаланган парчани кўриб чиқсак:

Чунки ул кеча шоҳи шоҳнишон, (2)

Ғойибидин бу навъ топти нишон. (2)

То саҳар беқарору бедил эди, (1)

Ўйлаким сайди нимбисмил эди. (1)

Шавқ ўтиға куюб нечукки хасе, (1)

Бетаҳаммуллуқ айлар эрди басе. (1)

Топса эрди бузуқ мизожи қарор, (2)

Буюрур эрди қиссаға такрор. (8)

Иши чун қилғанини билмак анга, (1)

Гоҳ ўлмак, гаҳи тирилмак анга, (1)

Мазкур парчада жадвалдаги 1 ва 2 - ритмик вариацияларнинг етакчилик қилишини кузатишимиз мумкин. Энди биринчи парчадагидан фарқли равишда тақтиъда қисқа бўғинлар сони ортяпти, бу ўзгариш эса оҳангга ўйноқилик ҳамда енгиллик бахш этяпти ва бу ҳол “ўлук таниға руҳ киргон” Баҳромнинг руҳий ҳолати билан мутаносиблик касб этяпти.

Адабиётлар:

1. Навоий Алишер. Сабъаи сайёр. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1992. 10-жилд.

2. Navoiy Alisher. Sab’ai sayyor. – T.: G.Gulom nomidagi NMIU, 2006.

3. Навоий Алишер. Сабъаи сайёр (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991.

4. Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий назарий анжуман материаллари). – Т.: O‘zbekiston, 2011.

5. Хасанов С. Роман о Бахраме. – Т.: Издательство литературы и исскуства, 1988.

6. Ҳасанов С. Навоийнинг етти туҳфаси. Т.: Адабиёт ва санъат, 1991.

7. Рустамов А. Навоийнинг бадиий маҳорати. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1979.

8. Юсупова Д. Алишер Навоий “Хамса”сида мазмун ва ритмнинг бадиий уйғунлиги. – Т.: МУМТОЗ СЎЗ, 2011.

 

Дилнавоз Юсупова