Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик» “Девони Фоний”нинг жанрлар кўлами, ғоявий-бадиий хусусиятлари
Facebook
“Девони Фоний”нинг жанрлар кўлами, ғоявий-бадиий хусусиятлари PDF Босма E-mail

Алишер Навоийнинг форсий шеърияти бадииятда туркий шеърларидан қолишмайди. Унинг форсий назми ҳақидаги тўлароқ маълумот “Муҳокамату-л-луғатайн” асарида учрайди. Ҳазрат Навоий бу асарида форсий тилда яратган шеърлари ҳақида гапирар экан, бу шеърларнинг жанрий жиҳатларига алоҳида тўхталади, уларнинг яратилиш хусусиятларига бирма-бир шарҳ беради. Хусусан, муайян шеърларини яратишда қайси форсигўй адибларнинг асарларидан илҳомлангани, қайси шеъри нима муносабат билан ёзилганлигига махсус тўхталиб ўтади, ҳатто баъзи жанрларнинг миқдорини ҳам кўрсатиб ўтади.

Мукаммал асарлар тўпламининг 18-, 19- ва 20-жилдлари “Девони Фоний”ни ўз ичига олади. Мазкур нашрда 552 ғазал, 1 мусаддас, 1 таркиббанд – марсия, 64 қитъа, 72 рубоий, 16 таърих, 266 муаммо, 10 қасида, 9 луғз каби жанрлардан ташкил топган 991 шеър мавжуд. Биз жанрлар тавсифини беришда мазкур нашрга суяндик.

Шарқ мумтоз адабиётида тартиб берилган барча девонлар сингари “Девони Фоний”да ҳам марказий ўринни ғазал жанри эгаллайди. Девондаги ғазаллар мухтараъ, татаббуъ ва тавр тарзида яратилган. Мухтараъ арабча сўз бўлиб, “кашф этилган”, “ихтиро қилинган” маъноларини англатади. Бу ўринда Навоий – Фонийнинг ўзга шоирлардан таъсирланмасдан, бевосита ўзи мустақил тарзда яратган ғазаллари назарда тутилади. Девонда улар мухтараъ ва ихтироъ сарлавҳаси остида ҳам келтирилган.

Оламе хоҳам, ки набвад мардуми олам дар ў,

К-аз ҷафои мардуми олам набошад ғам дар ў.

Таржимаси:

Олам истарманки, унда аҳли олам бўлмасин,

Унда олам аҳлининг бедодидин ғам бўлмасин[1].

Мазкур ғазал аруз тизимининг рамали мусаммани маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилотун фоилун ˗ V˗ ˗ / ˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ) вазнида ёзилган.

Татаббуъ арабча “бирор нарсанинг кетидан тушиш”, “изидан бориш” маъноларини билдириб, адабий истилоҳ сифатида бирор шеърдан таъсирланиб, ундаги вазн, қофия ва радифни сақлаган ҳолда асар яратишни англатади. Бундай шеърлар назира, ўхшатма, жавобия деб ҳам юритилади. Тавр арабча “бирор нарса атрофида айланиш”, “тарз”, “йўсин”, “услуб” маъноларини англатади. Бундай шеърларда вазн, қофия ва радиф мезон қилиб олинмайди, балки ўзга шеърдаги услуб ва мазмундаги шеърий талқинга риоя қилинади. Девондаги аксарият ғазаллар Алишер Навоийнинг буюк форсий салафлари Амир Хусрав Деҳлавий (32 татаббуъ, 1 таврида), Хожа Ҳофиз Шерозий (211 татаббуъ, 20 таврида), Шайх Муслиҳиддин Саъдий Шерозий (22 татаббуъ, 2 таврида), Котибий (1 татаббуъ), Хожа Салмон Соважий ( 2 татаббуъ), Хожа Камол Хўжандий (4 татаббуъ), Хожа Ҳасан Деҳлавий (2 татаббуъ), халафлари Абдураҳмон Жомий (31 татаббуъ, 8 таврида), Амир Шайхим Суҳайлий (3 татаббуъ), Аҳмад Ҳожибек Вафоий (2 татаббуъ), Шоҳий Сабзаворий (3 татаббуъ), Соҳиб Балхий (1 татаббуъ), Сайфий Бухорий (1 татаббуъ), Исмат Бухорий (1 татаббуъ), Нажмиддин Муҳаммад Коҳий Миёнколий (1 татаббуъ), Ҳусайний (2 татаббуъ) каби ижодкорларнинг ғазалларидан таъсирланиб яратилган.

Девондаги энг кўп татаббуъ Ҳофиз Шерозий ғазалларига битилганлигини кузатиш мумкин. Ушбу Шероз Ҳофизининг ўзбек китобхонларига яхши таниш бўлган

Агар он турки Шерози ба даст орад дили моро,

Ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро

деб бошланувчи ғазалига Навоий қуйидагича татаббуъ боғлаган:

Гар он турки Хитой нўш созад жоми саҳборо,

Нахуст орад сўи мо турктози қатлу яғморо.

Таржимаси:

Ўшал турки хитой жуфт айласа гар жоми саҳбони,

Чу биздин бошлагай турктозини ул, қатлу яғмони[2].

Мазкур ғазал аруз тизимининг ҳазажи мусаммани солим (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗) вазнида ёзилган.

Ғазал мақтаъсида Навоий камтарлик билан ўзига мурожаат қилиб, “Ҳофиз ғазалларига татаббуъ битиб, унинг жаҳонни безаган назмидан сен ҳам тиланиб, татиб кўр” деб ёзади:

Ғазал гуфтан мусаллам шуд ба Ҳофиз, шояд, эй Фоний,

Намой чошнй дарюза з-он назми жаҳоноро.

“Девони Фоний”даги ғазаллар билан танишар эканмиз, Навоий кашф этган янги бир усулга ҳам гувоҳ бўламиз. Яъни, шоир баъзан бир ғазалнинг ўзида икки шоирдан ижодий таъсирланади ва бундай ғазалларга қуйидагича сарлавҳалар қўяди: Татаббуъи Мир дар таври Хожа (Хожа Ҳофиз Шерозий услубида Амир Хусрав Деҳлавийга жавоб), Татаббуъи Шайх дар таври Махдум (Абдураҳмон Жомий услубида Шайх Саъдийга жавоб) ва ҳ.к.

“Девони Фоний”дан бир мусаддас ўрин олган бўлиб, “кошки” радифи асосида яратилган. Мазкур мусаддас Абдураҳмон Жомий ғазалига боғланган бўлиб, яратилиш хусусиятига кўра тасдис ҳисобланади. Мусаддас 9 банддан иборат бўлиб, жами 54 мисрани ўз ичига олади. Мусаддас ёр (дўст) дийдори тараннумига бағишланган. У қуйидаги банд билан бошланади:

Кардаме дар хоки кўи дўст маъво кошкй,

Судаме рухсори худ бар хоки он по кошкй.

Омадй берун зи кўи сарви боло кошкй.

Бурқаъ афкандй зи рўи оламоро кошкй.

Дидаме дидори он дилдори раъно кошкй

Дида равшан кардаме з-он рўи зебо кошкй.

(Мазмуни:

Кошки, дўст кўйи (кўчаси) тупроғидан жой олсам эди.

Кошки, унинг оёғи тупроғи (изи)га юзларимни суртсам эди. Кошки, у сарвқомат кўчасидан чиқиб келса эди.

Оламни безовчи юзидан кошки, пардасини олса эди.

Кошки, у раъно дилдорнинг дийдорини кўрсам эди.

Кошки, кўзимни у зебо юз билан равшан қилсам эди).

Мазкур мусаддас аруз тизимининг рамали мусаммани маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилотун фоилун ˗ V˗ ˗ / ˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ) вазнида ёзилган.

Девонда келтирилган марсия-таркиббанд шоирнинг устози ва пири Абдураҳмон Жомий вафоти муносабати билан яратилган бўлиб, шеърга “Марсияи ҳазрати Махдум” деб ном қўйилган. Навоий устози вафотига бир йил тўлганда унинг қабри устига катта мақбара қурдириб, маросим уюштиради ва ушбу воқеа муносабати билан марсия ёзади. Маросимда мазкур марсияни ўша даврнинг машҳур олимларидан бири Ҳусайн Воиз Кошифий ўқиб беради. Бу ҳақда Абулвосеъ Низомийнинг “Мақомоти Мавлавий Жомий” асарида маълумот келтирилади. Марсия 7 бандли бўлиб, ҳар бир банд 10 байтни ўзи ичига олади (жами 140 мисра). Бу марсия “Хамсату-л-мутаҳаййирин”нинг хотимасига ҳам киритилган. Марсия қуйидаги байт билан бошланади:

Ҳар дам аз анҷумани чарх ҷафое дигар аст,

Ҳар як аз анҷуми у доғи балое дигар аст.

(Мазмуни:

Ҳар дам осмон анжуманидан янги бир жафо келади,

Унинг ҳар бир юлдузи янги бир балонинг доғидир)

Ушбу таркиббанд-марсия аруз тизимининг рамали мусаммани солими махбуни мақсур (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фаилотун фаилотун фаилон ˗ V˗ ˗ / V V˗ ˗ /V V˗ ˗ / V V~ ) вазнида ёзилган.

“Девони Фоний”да қитъа жанри ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Девонда жами 64 қитъа мавжуд бўлиб, шундан 44 таси 2 байтли, 13 таси 3 байтли, 5 таси 4 байтли ва 2 таси 5 байтли қитъалардир. Қитъаларда шоирнинг маънавий-ахлоқий қарашлари, шахсий кузатишлари билан бир қаторда шеър ва шоирлик ҳақидаги фикрлари ҳам ўз ифодасини топган.

Зи сар то по набошад шеъри кас хуб,

Ки ин мумкин набошад ҳеч касро.

Баду нек ар баробар ҳаст, бад нест,

Басе доранд ин неку ҳавасро.

Зи бад гар неки ў бошад зиёда,

Надид аз сад яке ин дастрасро.

Каломи Ҳақ наёмад жумла яксон,

Чи бошад нукта мушти хору хасро.

(Мазмуни:

Ҳеч кимнинг шеъри бошдан бир хилда яхши бўлмайди,

Бу деярли мумкин эмас.

Агар яхши-ю, ёмони баробар бўлса, бу – ёмон эмас,

Буни кўпчилик орзу қилади.

Ёмонидан яхшисининг кўп бўлиши

Юздан бир шоирга ҳам муяссар бўлган эмас,

Ҳақнингки, барча сўзи бир хил бўлмагандан кейин

Биздек хору хасларга (тенгликни) ким қўйибди?)

Ушбу қитъа аруз тизимининг рамали мусаддаси маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилун ˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ˗ / ˗ V˗ ) вазнида ёзилган.

“Девони Фоний”дан 72 рубоий ўрин олган. Диққатга сазовор томони, рубоийларнинг барчаси тўрт мисраси ҳам ўзаро қофияланувчи таронаи рубоийлардир.

Ҷонам ба ду лаъли ҷонфизои ту фидо,

Руҳам ба насими атрсои ту фидо.

Ошуфта дилам ба ишваҳои ту фидо,

Фарсуда танам ба хоки пои ту фидо.

(Мазмуни:

Жоним сенинг жон бағишловчи икки лабингга фидо,

Руҳим сен томондан эсадиган муаттар насимга фидо,

Ошиқ кўнглим сенинг ишваларингга фидо,

Хаста жисмим оёғинг тупроғига фидо).

Девонда таърих жанрига оид шеърлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг сони 16 та. Таърих бу муайян воқеа-ҳодиса ёки инсон ҳаёти билан боғлиқ бирор санани очиқ айтилмай, араб алифбосидаги ҳарфлар воситаси, яъни абжад усули асосида кўрсатишдир. Шеършунослик илмида таърихга алоҳида шеърий жанр сифатида ҳам, бадиий санъат сифатида ҳам қараш мавжуд. Бу иккала қараш ҳам муайян асосга эга. Агар таърих усули катта ҳажмдаги асарлар: достонлар, манзумалар таркибида ва кўпинча асарларнинг охирида келса, бу алоҳида жанр бўлмасдан, бадиий санъат ҳисобланади (“Юсуф ва Зулайҳо”, “Ҳайрату-л-аброр” достонларидаги каби).

Девонлар ичида алоҳида мустақил шеър шакли сифатида келтирилган таърихларни жанр сифатида талқин қилиш мумкин. Шу маънода “Девони Фоний” таркибига кирувчи 16 та таърих алоҳида жанр бўлиб, улар қитъа, рубоий ва тўртликлар шаклида яратилган.

Таърихлар мавзусига кўра кишилар таваллуди ёки вафотига доир; муайян биноларнинг қурилишига оид; тахтга чиқиш, фатҳ ва бирор воқеа- ҳодиса содир бўлган санага бағишлаб яратилиши мумкин. Алишер Навоий таърихлари, асосан, кишилар вафотига оид (мутаваффиёт) йўналишида бўлиб, ҳазрат Навоийнинг устозлари ва дўстлари Абдураҳмон Жомий, Паҳлавон Муҳаммад, Саййид Ҳасан Ардашер, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Султон Маҳмуд каби шахсларнинг вафот санасига бағишланган. Масалан, Абдураҳмон Жомий вафотига баағишланган таърихда “ﺧﺪﺍ ﺑﻴﺍﻣﺮﺯﺪ” – “Худо биёмурзад” жумласи таърих санаси сифатида келтирилади:

Сарви чамани ҳаёт Абдураҳмон,

К ў рафт аз ин дайри фано сўи жинон.

Таърихи чунин воқеаи ғуссарасон,

Гар мехонй: “Худо биёмурзад” хон.

(Мазмуни:

Ҳаёт чаманининг сарви – Абдураҳмон,

бу фоний дунёдан (руҳи) жаннатга кетди.

Ғам-ғусса етказувчи шундай воқеаларнинг таърихини ўқиганингда: “Худо биёмурзад” – деб ўқи).

Мазкур таърихдаги “ﺧﺪﺍ ﺑﻴﺍﻣﺮﺯﺪ” – “Худо биёмурзад” жумласидаги ҳарфлар абжад ҳисобига кўра белгиланганда ҳижрий 989, милодий 1492 йил келиб чиқади. Ушбу таърих рубоий шаклида ёзилган.

Девони Фоний”дан муаммо жанри ҳам ўрин олган. Муаммоларнинг аксарияти бир байтли, фақат 14-муаммо икки байтдан иборат. Муаммолар девонга муаммонинг жавоби бошланган ҳарфларнинг араб алифбосидаги тартиби асосида жойлаштирилган. Яъни, дастлаб ечими “” – “алиф” ҳарфи билан бошланувчи исм ёки номлар келтирилади. Масалан, Одам, Амин, Омир ва б. Шу тарзда ечими “” – “бе”, “” – “те” ва бошқа ҳарфлар билан бошланувчи муаммолар бериб борилади. “Хазойину-л-маоний”даги тартибга асосан, муаммонинг жавоби сарлавҳа сифатида матн бошида келтирилади. Девонда жавоби “алиф” билан бошланувчи муаммолар энг катта кўрсаткични ташкил қилади. Уларнинг сони 78 та. “Бе” билан тугалланувчи муаммолар миқдори эса 46 та. Девонда баъзи ҳарфлар билан бошланадиган муаммолар учрамайди. “Девони Фоний”даги тартибга эътибор қаратиш шуни кўрсатадики, аслида шоир ҳар бир ҳарфга мос ҳолда муаммо яратгану, лекин улар бизгача етиб келмаган ёки жорий нашрлардан ўрин олмаган. Чунки Навоийнинг ўзи “Муҳокамату-л-луғатайн” асарида форсий тилдаги муаммолари сонини 500 га яқин деб кўрсатиб, уларнинг аксарияти Абдураҳмон Жомий назарига тушганини айтади. Бу маълумот “Девони Фоний” нусхаларининг ҳеч бири ҳали тўлиқ мукаммал нусха эмаслигини кўрсатади.

“Девони Фоний”да муҳим ўрин тутувчи жанрлардан яна бири қасидалардир. Уларнинг сони 10 та бўлиб, икки туркумни: “Ситтаи зарурия” (“Олти зарурат”) ва “Фусули арбаа” (“Тўрт фасл”) қасидалар мажмуасини ўз ичига олади. “Ситтаи зарурия” олти қасидадан иборат бўлиб, Алишер Навоий уларнинг мавзуси ҳақида “Муҳокамату-л-луғатайн”да шундай ёзади: “Бу олти қасида ҳамд ва наът ва сано ва мавъизотдур ва аҳли тасаввуф ва ҳақиқат тили била маърифат”. Мазкур мажмуа 1497 йилда тартиб берилган бўлиб, уни тузишга Навоийни аввал устози Жомий, унинг вафотидан сўнг эса Султон Ҳусайн Бойқаро илҳомлантирган. Бу ҳақда мажмуага ёзилган дебочада маълумот келтириб ўтилади.

Мажмуадаги биринчи қасида “Руҳу-л-қудс” (“Муқаддас руҳ”) деб аталиб, 132 байтни ўз ичига олади. Қасиданинг ёзилган санаси матн таркибида таърих йўли билан ҳижрий 895, мелодий 1491 йил деб кўрсатиб ўтилган. Қасидада илоҳий тавҳид: оламнинг ягоналиги, ягона абадий ва азалий борлиқ, Яратганнинг қудрат ва азимати, заррадан коинотгача унинг измида эканлиги мадҳ этилади. Қасида қуйидаги байт билан бошланади:

Зиҳй ба хомаи қудрат мусаввири ашё,

Ҳазор нақши аҷиб ҳар замон аз ў пайдо.

(Мазмуни:

Ашёларга сурат берувчи (Аллоҳнинг) қудратига тасанноким,

Ҳар замон ундан минглаб ажойиб нақшлар пайдо бўлгай).

Ушбу қасида аруз тизимининг мужтасси мусаммани махбуни мақтуъ (рунклари ва тақтиъи мафоилун фаилотун мафоилун фаълун V – V – / V V – – / V – V –/ – –) вазнида ёзилган.

Мажмуадаги иккинчи қасида ҳажман 106 байт бўлиб, “Айну-л-ҳаёт” (“Ҳаёт чашмаси”) деб аталади. Қасиданинг яратилган йили номаълум. “Айнул ҳаёт” олам сарвари, пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ)нинг муборак меърожлари, уларнинг дийдорларига барча сайёралар, ойу қуёш, аршу курси, фаришталар мунтазир эканлиги, Пайғамбаримизнинг Парвардигор билан мулоқотлари тасвирига бағишланган. Қасида шундай бошланади:

Ҳожибони шаб чу шодурвони савдо афгананд,

Ҷилва дар хайли бутони моҳсимо афганад.

(Мазмуни:

Тун пардадорлари қора чодирларини ёйган чоғларида

Ой юзли бутлар тўдаси (юлдузлар)га жилва қиладилар).

Ушбу қасида аруз тизимининг рамали мусаддаси мақсур (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилон ˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ˗ / ˗ V~ ) вазнида ёзилган.

Учинчи қасида “Туҳфату-л-афкор” (“Фикрлар совғаси”) деб номланиб, ҳажман 99 байтни ўз ичига олади. Шоирнинг “Ситтаи зарурия” дебочасидаги ишоралари ва қасида матнидаги таърихдан мазкур қасиданинг барча қасидалардан олдин, яъни 1476 йилда яратилганлиги маълум бўлади. Қасиданинг яратилиш тарихи ҳақида “Хамсатул мутаҳаййирин”да батафсил маълумот келтирилган. Қасида Хусрав Деҳлавийнинг “Дарёи аброр” ва Абдураҳмон Жомийнинг “Лужжату-л-асрор” қасидаларига жавобан ёзилган бўлиб, дарвешликнинг олий рутбаси – фақр тавсифига бағишланган. Бунда фақр мақоми комилликнинг олий намунаси сифатида мансабдор шахслар, хусусан шоҳлар ахлоқига қарама-қарши қўйилади. Қасидада ушбу ғоянинг тамсил ва китобот санъатлари воситасида баён қилиниши унинг бадиий жиҳатдан етуклигини таъминлаган. Қасида қуйидаги байт билан бошланади:

Оташин лаълеъ, ки тоҷи хусравонро зевар аст,

Ахгаре баҳри хаёли хом пухтан дар сар аст.

(Мазмуни:

Подшоҳлар тожидаги қип-қизил лаъл – бошда хом хаёл

пиширувчи (етилтирувчи) бир чўғдир).

Ушбу қасида татаббуъ тарзида ёзилганлиги учун унда салафлар қасидаларида қўлланилган рамали мусаддаси мақсур (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилон ˗ V˗ ˗ /˗ V˗ ˗ / ˗ V~ ) вазни сақланган.

Мажмуадаги тўртинчи қасида “Қуту-л-қулуб” (“Қалблар қуввати”) деб аталади. Қасида ҳажман 120 байтдан иборат бўлиб, ХII аср форс-тожик адабиётининг йирик намояндаларидан бири Авҳадиддин Анварий (1105-1187) қасидасига татаббуъ тарзида яратилган. Унда дунёнинг бебақо ва бевафолиги, фалакнинг золим эканлиги айтилиб, инсонларнинг ана шу ўткинчи, фоний дунёга меҳр қўймай, охират кунини ўйлашлари, руҳий маънавий юксалишга эътибор қаратишлари зарурлиги уқтирилади. Қасиданинг биринчи байти қуйидагича:

Ҷаҳонки, марҳалаи танги шоҳроҳи фаност,

Дар ў маҷўй иқомат, ки роҳи шоҳу гадост.

(Мазмуни:

Жаҳонким, фанонинг бепоён йўлининг тор бир йўлакчасидир,

Унда абадий яшамоқни ўйламаким, бу – шоҳу гадонинг

(ўтар-кетар) йўлидир).

Қасида Анварий қасидасида қўлланилган мужтасси мусаммани махбуни мақсур (рукнлари ва тақтиъи: мафоилун фаилотун мафоилун фаилон V – V –/ V V – – / V – V – / V V ~) вазнида яратилган.

Бешинчи қасида “Минҳожу-н-нажот” (“Нажот йўли”) 138 байтдан иборат. Сарлавҳада келтирилган номлардан маълум бўладики, у икки форсигўй адиб Анварий ва озарбайжон шоири Хоқоний Шервоний (1120-1199) қасидаларига татаббуъ тарзида яратилган. Қасидада Инсон ва Шайтон муносабатлари, яхшилик ва ёмонлик тасвирлари берилади, жаннатдан бадарға бўлган Одам Ато фарзандлари ва бани башарнинг комил инсонга хос бўлмаган нохуш ва номуносиб ахлоқий белгилари танқид қилинади. Қасида қуйидаги байт билан бошланади:

Зиҳй аз шамъи рўят чашми мардум гашта нуронй,

Ҷаҳонро мардуми чашм омадй аз айни инсонй.

(Мазмуни:

Қандай яхшики, юзингнинг шамъи (нуридан)

инсонларнинг кўзи ёриди. Инсонликнинг жавҳари

бўлганинг учун жаҳон одамларининг кўз қорачиғига

айландинг).

Қасида салафлар қасидалари сингари ҳазажи мусаммани солим (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗) вазнида ёзилган.

Мажмуанинг сўнгги қасидаси “Насиму-л-хулд” (“Жаннат шамоли”) Хоқоний Шервоний, Амир Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий қасидаларига татаббуъ тарзида вужудга келган бўлиб, 129 байни ўз ичига олади. Қасидада инсон покланиши ва комилликка эришиши учун нималар қилиши лозимлиги, тариқат одоби ва усуллари, муршид ва мурид муносабатлари, Ҳақ йўлига кирган солик олдига қўйиладиган талаблар бирма- бир баён этилади. Бошқача қилиб айтганда, Навоийнинг нақшбандия тариқати, тасаввуф ҳақидаги қарашлари яхлит бир тизимда ифодалаб берилади. Шу маънода қасидани нақшбандия тариқатининг ўзига хос дастури, шеърий баённомаси деб айтиш мумкин.

Қасиданинг биринчи байти қуйидагича:

Муаллим ишқу пири ақл шуд тифли дабистонаш,

Фалак дон, баҳри таъдиби вай инак чархи гардонаш.

(Мазмуни:

Муаллим ишқу унинг мактабининг талабаси ақл пиридир.

Фалакни унга адаб ўргатиш учун айланиб турувчи чарх деб

бил).

Бу қасида ҳам юқоридаги қасида сингари ҳазажи мусаммани солим (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗ / V˗ ˗ ˗) вазнида яратилган.

“Девони Фоний”дан ўрин олган иккинчи қасидалар мажмуаси “Фусули арбаа” (“Тўрт фасл”) деб аталади. Қасида 4 қисмдан иборат бўлиб, йил фаслларининг гўзал манзараси тасвирига бағишланган. Шоир табиатни тасвирлаш орқали асл мақсадига эришади: замона султони Ҳусайн Бойқарони мадҳ этади. Навоий ҳар бир фасл ва ундаги тасвир усулларини эътиборга олган ҳолда уларда турли вазнларни қўллайди. Хусусан, ёз фаслига бағишланган “Саратон” деб номланган қасида 71 байтдан иборат бўлиб, шундай бошланади:

Боз оташи хўр сохт самандар саратонро

Афрўхт чу оташкада гулзори жаҳонро.

(Мазмуни:

Қуёш оташи саратонни яна самандарга айлантирди,

Жаҳон гулзорини оташкада каби ловиллатди).

Қасида ҳазаж баҳрининг энг ўйноқи вазни ҳисобланган ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи маҳзуф вазни (рукнлари ва тақтиъи: мафъулу мафоийлу мафоийлу фаувлун – – V V – – V V – – V V – –)да ёзилган. Бу вазн руҳият тасвири баёнидан кўра кўпроқ жисмоний: енгил ва шахдам ҳаракат, шўхчан кайфият баёнига мос келади. Ҳар икки чўзиқ бўғиндан кейин икки қисқа бўғиннинг ёнма-ён келиши ритмга ўйноқилик бағишлайди. Ва шунга мос ҳолда мазкур қасидада ёзнинг инсонга кўпроқ жисмоний таъсири кўрсатилганлигини, ҳар бир байтда саратон жазирамаси айнан инсон аъзои баданига (руҳиятига эмас) таъсир қилаётганлигини кузатиш мумкин.

Қасидада 27-байтдан Султон Ҳусайн Бойқаро таърифи бошланади ва “ёзнинг иссиғидан паноҳ изловчи кишилар учун Ҳусайн Бойқаро туғи сояси макондир” деган фикр илгари сурилади:

З-ин гармии хуршед бираст, он, ки, панаҳ сохт,

Зилли шарафи рояти Чамшеди замонро.

(Мазмуни:

Қуёшнинг тафтидан паноҳ изловчи киши,

(уни) замона Жамшиди туғи соясининг шарофатидан топқусидир).

Мажмуада “Хазон” (“Куз”) фасли таърифи бошланиши билан ундаги шеърий ўлчов ҳам ўзгаради:

Дигар шуд баҳри санжидан баробар адли давронро,

Зи кофўри зи мушк рўзу шаб ду палла мезонро

(Мазмуни:

Даврон адолатини ўлчаш мезонлари ўзгарди,

тарозунинг бир палласида (кундузнинг рамзи) кофур, иккинчисида (кечанинг тимсоли) мушк тортиладиган бўлди).

“Саратон”да қўлланилган ўйноқи вазннинг ўрнини энди салобатли ва сокин оҳангга эга бўлган ҳазажи мусаммани солим вазни (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V– – – / V– – – / V– – –/ V– – – ) эгаллайди. Чўзиқ бўғинлар нисбатининг қисқа бўғинлардан 3 баравар кўплиги оҳангнинг вазмин чиқишини таъминлайди. Айнан шунга мос ҳолда 33 байтдан иборат бу қасидада руҳият тасвири, таъбир жоиз бўлса, кузга хос ўйчанлик, маҳзунлик етакчилик қилади.

Мажмуага “Баҳор” кириб келиши билан унга хос яратувчанлик, янгиланиш кайфияти ҳам кириб келади:

Вазад боди баҳор иҳъёи амвоти гулистонро,

Зи анфоси Масеҳо тоза созад олами жонро.

(Мазмуни:

Баҳор шамолининг эсиши, гулистон гулларига янгидан ҳаёт

бағишлайди, гўё Масиҳо нафасидан жонлар оламини янгилайди).

Қасидада баҳорнинг яратувчанлик хусусияти энди бевосита замон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро таърифи келтирилган ўринларга кўчади:

Чу андар ҳикмати асрори хилқат фикр бигморад,

Биёбад ончи, махфй монда Афлотуну Юнонро…

(Мазмуни:

Яратилиш сирру асрори ҳикмати ҳақида фикрлаганда,

Юнон Афлотуни учун ҳам махфий қолган сирларни топади).

Ниҳоят мажмуа йил фаслларининг охири бўлган “Дай” (“Қиш”) тасвири билан якун топади. Навоий таъбири билан инсон умрининг поёнига ўхшатилган бу фасл “кишининг хам қад била адам йўлиға кириб, замон аҳли билан хайирбод қилиш”(“Хазойину-л-маоний”даги таъбир) даври бўлиб, қасидада Фоний тахаллусининг қўлланилиши шунга ишорадир:

Ба бўи васл ниҳад рў ба даргаҳат, Фонй,

Чунон ки аҳли ибодат ба гўшаи меҳроб.

(Мазмуни:

Васлинг бўйи умидида, Фоний даргоҳингга юзини қўяди,

бу ибодат аҳлининг меҳроб гўшасига бош қўйишидекдир).

Қасидада фалсафий мушоҳадакорлик билан боғлиқ туйғуларни беришга ниҳоятда мос бўлган мужтасс баҳри (рукнлари ва тақтиъи: мафоилун фаилотун мафоилун фаълун V – V – / V V - - / V – V - / - -)нинг қўлланилганлиги шоирнинг юксак бадиий салоҳиятини кўрсатувчи яна бир омилдир.

Зи даргаҳи фалак оташ нуҳуфт дуди саҳоб,

Даро ба хиргаҳу оташ фурўз аз маи ноб.

(Мазмуни:

Фалак чодиридан кўринаётган оташни булутлар пардаси тўсди,

чодирга киргину тиниқ, қизил майдон оташга зўр бер).

“Девони Фоний” луғз (чистон) жанри билан якун топади. Девонда жами 9 луғз келтирилган бўлиб, улар маснавий, қитъа ва рубоий тарзида қофияланган. Луғзлар шамъ, миқроз (қайчи), парвона, тиргаз (ўқ), тахтиравон, кема каби нарса-ҳодисаларга бағишланган. Масалан, шамъга бағишланган луғз қитъа шаклида ёзилган:

Чист он нахле, ки баргаш нест, аммо ҳаст гул,

Лек, он гулро бувад андар назар андому барг.

Гарча набвад абр, лекин абрсон шуд қатрарез,

Қатра аз вай чун ҷудо, афтод бандад чун тагарг.

Ҳам кушанду ҳам бимирад турфа бошад, лек он-к,

Куштанаш набвад зи қатлу мурданаш набвад зи марг.

(Мазмуни:

У қандай дарахдурки, барги йўғу, гули бор. Лекин у гулга назар

Қилсанг, қоматию барги бор. Булут бўлмаса ҳам булутдек

қатралар тўкади. Қатралар тушиб дўлдек қотиб қолади. Қизиқ,

уни ҳам ўлдирадилар, ҳам ўзи ўлади. Ўлдирилиши қатлдану

ўлими эса ажалдан эмас).


Чистон рамал баҳрининг рамали мусаммани мақсур (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилотун фоилон – V – – /– V – –/ – V – –/ – V ~) вазнида яратилган.

АДАБИЁТЛАР:

1. Навоий Алишер. Девони Фоний. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 2000-2003. 18-20 жилдлар.

2. Навоий Мир Алишер. Фоний гулшани (форсийдан Ж.Камол таржимаси). – Т.: MERIYUS, 2011.

3. Комилов Н. Фақр нури порлаган қалб (Алишер Навоийнинг форсий қасидалари). – Т.: Маънавият, 2001.

4. Шодиев Э. Навоий татаббуларига оид баъзи мулоҳазалар: “Девони Фоний” ҳақида // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т., 1997. - № 2.

5. Зоҳидов Л. “Девони Фоний” бадииятига доир мулоҳазалар // Адабиёт кўзгуси. – Т, 2010. – № 10.

6. Юсупова Д., Қуронов С. Навоийнинг форсий қасидалари // Жаҳон адабиёти. – Т, 2011.

7. Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). –Т.: Фан, 1977.



[1] Жамол Камол таржимаси (“Фоний гулшани”. – Б.15)

[2] Жамол Камол таржимаси (“Фоний гулшани”. – Б.92)

Дилнавоз Юсупова