Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Қалдирғочларга бер айвонларингни. Сирожиддин Саййид
Facebook
Қалдирғочларга бер айвонларингни. Сирожиддин Саййид PDF Босма E-mail
Материал индекси
Қалдирғочларга бер айвонларингни. Сирожиддин Саййид
МУҲАББАТНИ ТАШЛАБ КЕТМАНГ БОҒЛАРГА
СЎЗ ЙЎЛИ
ХОТИРА
ДАСТХАТ
Ҳамма саҳифа

МАРДЛАР МИНГАН ОТЛАРИНГ
НОМАРДЛАРГА ХОР БЎЛМАС



* * *
Мен дунёга номимни
Бунёд этгали келдим.
Аввал ўзни йўқотиб,
Сўнг ёд этгали келдим.
Куйган саҳро ҳам ўзим,
Тошқин дарё ҳам ўзим,
Ишқдин адо ҳам ўзим,
Фарёд этгали келдим.

Саболар билан келдим,
Садолар билан келдим.
Бир жонимда минг битта
Савдолар билан келдим.
Қатъий ниятлар билан,
Даъволар билан келдим:
Ҳар бир вайрона дилни
Обод этгали келдим.

Бу соҳибжамолларни,
Бўйнидаги холларни,
Холларига термулиб
Ўтган неча онларни,
Мана бу осмонларни,
Бу шомларни, тонгларни,
Ошиқнинг дилидай соф
Покиза замонларни
Баёт этгали келдим.

Ҳар неким хатолиғдир,
Разиллиғ, расволиғдир,
Ҳар неким ёмонлиғдир,
Риёлиғ, ёлғонлиғдир,
Барбод этгали келдим.

Дунё ҳали шод бўлгай,
Тушлари новвот бўлгай.
Мен шеър айтсам, бу ҳаёт
Яна шаън ҳаёт бўлгай.
Шу ҳаётни абадий
Ҳаёт этгали келдим.

1984

ВАТАННИ АНГЛАШ

Шабнам-шабнам тонгларда
жайронларга айланган,
Онанг сувлар сепганда
райҳонларга айланган,
Бир кечада соғинчинг
осмонларга айланган,
Соғинчларингдай зангор
осмонлари Ватандир.
Дерлар ҳусну малоҳат
вафо қилмас, арир у.
Сен ёр десанг, тушдаги
Лайлоларга арзир у,
Ҳарирдан ҳам ҳариру
паридан ҳам парирў,
Сойларга соя солган
мижгонлари Ватандир.
Бешикларда ўйнаган
оппоқ-оппоқ қўлчалар,
Кўзмунчоққа сўйлаган
кўзмунчоқдай кўзчалар,
Очилган гул-ғунчалар,
қанду асал кулчалар,
Момоларинг тўй қилган
айвонлари Ватандир.
Отанг солган уйлар бу —
синчлари — бардошларга,
Токлари ўхшаб кетар
мўйсафид элдошларга,
Томлар узра чўзилиб
кўклар, ой, қуёшларга
Узум узатиб турган
нарвонлари Ватандир.
Бир йигитга оламда
ҳам ёру ҳам ор керак,
Номуси баланд эрга
на сўз, на гуфтор керак,
Фарзандлари улғайса
шерюрак, арслонюрак,
Элнинг ҳар они, давру
давронлари Ватандир.
Оллоҳ ўзи буғдойинг —
тиллоларга еткизгай,
Қабоғингнинг остидан
балоларни кеткизгай.
Оқсарою Кўксарой
дунёларга еткизгай,
Ор-номусдан яралган
қўрғонлари Ватандир.
2002


НАВОИЙНИ ЎҚИШ

Ҳар бир калла,
Ҳар бир бош
Жаҳолатдан қўрқиши керак.
Ҳар бир бола,
Ҳар бир ёш
Навоийни ўқиши керак.

Ҳар бир ота,
Ҳар бир мўйсафид
Умр ҳикматларин кўрсатиб,
Нафс арқонларин қирқиши керак,
Фарзандлари, набирасига
Навоийни ўқиши керак.

Бир болага — бутун мамлакат,
Баъзан эса қирқ киши керак.
Бешиклардан тушиб болалар
Навоийни ўқиши керак.

Сиз дейсиз: Йўл топиши керак,
Уй қуриб, пул топиши керак,
Йўқ-йўқ, у ор қилиши керак,
Навоийни ўқиши керак!

Самарқанду Бухоро, Термиз
Тўйларида барчамиз жаммиз.
Бизлар ахир кимлардан каммиз?!
Элга олам олқиши керак,
Оламга тик боқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!

Берунийлар, ибн Синолар,
Улуғбеклар, Бобур Мирзолар
Қуриб кетмиш қандай бинолар!
Ёш кўнгиллар қалқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!

Ватан азал битта Ватандир,
У биз учун сўлмас чамандир.
Шул сабабдан бола чоғлардан,
Майса чоғлар, лола чоғлардан
Ўзни уриб, юлқиши керак,
Навоийни ўқиши керак,
Дилга недир юқиши керак!

2002


БУ — СЕНИНГ УЙИНГДИР...

Баъзан боғларимни
Чулғар хавотир,
Баъзан Ер шаридан
Оғирдир ўйим.
Олам — бир осмон,
Бир обу ҳаводир,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Бу дашту далалар,
Боғлар ҳам мендан,
Бу тупроқ — буғдой бўй,
Ҳандалак бўйим.
Сенинг кўксингдаги
Доғлар ҳам мендан,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Сен Ватан дейсану
Порлар юзларинг,
Менинг юртим ҳам ўз
Рангу рўйимдир.
Талпиниб келгувчи
Ўғил-қизларинг —
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Сенинг осмонўпар
Биноларингдан
Силкинди менинг ҳам
Чинордай бўйим.
Дарз кетди менинг ҳам
Минорларимга,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Баъзан назар солсанг
Ўзга юртларга,
Бағри тўлиб ётар
Олов, дудларга.
Одамзот кетмоқда хор,
Уюм-уюм,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Менинг ука-синглим
Сенга ҳам ука.
Синглинг тўй қилса гар —
Менинг тўйимдир.
Замин — қон-қардошлар
Йиғилган ўлка,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Менинг ҳам шаҳримнинг
Кўксида доғлар,
Узмоқчи бўлдилар
Бошлаган куйим.
Денгизлар ортидан
Боқдингми бир бор:
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим?!

Дунё томи узра
Нурли ҳалқалар,
Тинчлик — эрмак эмас
Ва ё бир ўйин.
Айтсалар бирлашиб
Давлатлар, халқлар:
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

Мен йироқ кетсам гар,
Ўртангай онам,
Сенинг ҳам волиданг
Йиғлагай юм-юм.
Оналар интизор турган
Шу олам —
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.

2001
11.9 — 4.10.

ДЕҲҚОН МАДҲИЯСИ

Тун чоғида томингга
Томчилаган ёмғирдир.
Бир томчиси — севинчу
Бир томчиси — оғриқдир.
Дастасига сиғмайин
Ерни қўмсар кетмонинг,
Умринг — дашту далангнинг
Меҳнатлари оғирдир.

Чопонингда тупроғу
Заҳматларнинг иси бор.
Юзларингда — минг ташвиш,
Қисматларнинг изи бор,
Одам Атодин қолган
Ҳикматларнинг изи бор,
Бу ҳикматни билмаган —
Ўз юртига сағирдир.

Ким ўйлади оламни,
Сен ўйладинг далангни.
Даланг бирлан ўтказдинг
Ёмғир селу жалангни,
Бозорларга кўз тикдинг
Ўқитолмай болангни,
Тақдир — гоҳ қўю қўзи,
Гоҳ сут бермас тарғилдир.

Пайкалларга ўтидан
Базм бергай қуёшинг.
Бу бир қизғин базмким,
Синалгайдир бардошинг.
Кетмон — сенинг йўлдошинг,
Еринг — сенинг дилдошинг,
Терларинг шароб бўлгай,
Кўк чойларинг чоғирдир.

Тупроқ билан дардлашмоқ
Бу — қадимий бурч, шараф.
Сен-чун асли бу даврон,
Сенга бўлсин бу шараф.
Ким етишди, ким етди,
Ким бўлмади мушарраф,
Ўзбекистон, онажон,
Мангу иссиқ бағирдир.

2002

ВАТАН ДЕСАМ...

Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш.
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.

Тирикликнинг заҳматлари, тақдирлари,
Ҳаётининг бор ҳикмат ҳам тадбирлари,
Эй, онамнинг тупроққина тандирлари,
Иситгансиз жонларини, жонларини.

Ким Ватанни зар тўнига енг этмишдир,
Ким бағрини осмонлардай кенг этмишдир.
Яратганнинг ўзи бугун тенг этмишдир
Асрларга онларини, онларини.

Бир суворий келмоқдадир — Бобурми ё?
Ҳиротми ё, Ҳиндистонми ёки Кўнё,
Кўриб келди, бундан сўнг ҳам кўрсин дунё
Султонлари, хонларини, хонларини.

Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш,
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.

Нечун ўтмоқ ҳасад экиб умрларга,
Дилни ўраб ғараз, риё — кўмирларга?
Ҳавас қилиб яшанг улуғ Темурларга,
Эл билгайдир шонларини, шонларини.

2001

УСТОДИ АВВАЛ

Болаликдан бир ғаройиб тахтда бўлдим,
Ой, юлдузлар бирлан мудом аҳдда бўлдим.
Сўқмоқлардан, оқ, заъфарон далалардан
Мен заъфарон сўзлар териб катта бўлдим.

Сабоқ олдим янчилмаган сомонлардан,
Умр иси келиб турган чопонлардан.
Ғариб пахса деворлардан олдим савод,
Билдим надир надомату надир савоб.

Қирларимдан, зирқиратиб бағирларим,
Паға-паға юзиб кетди сигирларим.
Не ҳикматни ҳам қарзу ҳам фарз бердилар,
Менга ул кун хору хаслар дарс бердилар.

Хатим чиқди онам кафтин хатларидан,
Камол топдим кафтларининг тафтларидан.
Меҳрлари кўнглимга кўзлар бўлдилар,
Ватан янглиғ улуғвор сўзлар бўлдилар.

Таълим олдим бошоқлардан, донлардан ҳам,
Кулча юзлар ҳамда кулча, нонлардан ҳам.
Мен Ватанни ўргандим ҳар гиёҳидан,
Шомларию райҳонларин сиёҳидан.

Қадирғочлар тўйларимда хизмат қилди,
Камбағални суйдим, бойлар иззат қилди.
Дилга кўчди умрий ранжу азиятлар,
Ўйчан, кекса токлар қилган насиҳатлар.

Мен шундайин сўзга тўлдим ичларимдан,
Ҳарф ўргандим уйларинг ҳам синчларингдан,
Ҳар қаричи, ҳар ғубори имло, юртим,
Ҳар бир тоши, ҳар чинори мулло, юртим.

1994

ОНАМНИНГ КАЛИШЛАРИ

Бунча ҳам қаттиқ экан
Қисматнинг болишлари.
Кўз олдимдан кетмас ҳеч
Онамнинг калишлари.

Улар остонасида
Турар бир жуфт абгордай.
Кўзимга бутун дунё
Кўринади айбдордай.

Яшайдирман гарчи қўл,
Юзларини соғиниб.
Калишлари даҳлизда
Тураверар оғриниб.

Дардимни яширгайман
Онам ҳолим сўрганда.
Калишлари валекин
Барин билиб тургандай.

Гарчи тилсиз, забонсиз,
Хомуш, беозордайлар.
Бор дарду ҳижронимдан
Улар хабардордайлар.

Онамнинг кўзёшидан
Бўлса болишлари нам.
Назаримда кечалар
Йиғлар калишлари ҳам.

Улар ҳам гўё мени
Ўртаниб ўйлагайлар.
Бахту бахтсизлигимдан
Қиссалар сўйлагайлар.

Соғинчнинг деворлари
Ёмғирларда емрилган.
Улар ҳам онам каби
Йўлларимга термулган.

Мол йиғмадим мен, аммо
Сув сўрганга сой бердим.
Бир кўнглим бор эди, лек
Мен уни ҳам бой бердим.

Бу дунёда ниҳоят
Бир ҳикматни илғадим.
Калишларни юзимга
Босиб, келар йиғлагим.

Онамнинг калишлари...
Бир умрлик қарзимдай.
Патакларин кўзимга
Суртиб ўлсам арзигай.

1999

ЁМҒИРЛАР ВА КЎЗЁШЛАР

Йилларга ҳам ёмғир ёғар,
Умримизга ўхшар боғлар.
Ҳижрон бўлиб қолар тоғлар,
Дилларга ҳам ёмғир ёғар.

Баҳорийми, кузгимизми —
Биз излаймиз севгимизни.
Бу ёмғирлар раҳм қилмай
Ювиб кетар изимизни.

Ойларимиз сўлғин-сўлғин
Сингилларга айландилар.
Юзимиздан оққан селлар
Кўнгилларга айландилар.

Соғинч қоплар хонамизни,
Ўйлаб ёлғиз жонимизни,
Биз қолдириб кетгайдирмиз
Ёмғирларга онамизни.

Оқ бўйинли танноз дунё,
Ўйнар тилло занжирлари.
Кимни кутар ёмғирларда
Она уйнинг тандирлари?

Биз орзу ҳам армонларнинг
Ёқаларин кўтаргаймиз.
Толе бир кун ёр бўлса гар
Ёмғирларда кўкаргаймиз.

2002

БАҲОР КЕЛМИШ

Томингизда шивир-шивир, шитир-шитир,
Бу — баҳорнинг қадамларин товушидир.
Сўридаги пуч ёнғоқнинг пўчоқлари
Қай қарғанинг қолиб кетган ковушидир.
Ранглар кирар энди ғамгин ўйингизга,
Томингиздан баҳор келмиш уйингизга.

Ёмғир ювган юлдузлар ҳам қандоқ гўзал,
Ёрингизнинг кўзлари ҳам андоқ гўзал,
Қадрин билинг бу дамларнинг, қайтиб яна
Бундоқ фасл тополмайсиз, бундоқ гўзал.
Қаранг, баҳор келмиш ошиқ кўнглингизга,
Гул ўлчайди қараб қадду бўйингизга.

Эй, сен менинг шаҳарлик оқ турнагинам,
Ярим кун ҳам сен ёнимда турмадинг ҳам.
Қиш ўртаси ногоҳ баҳор келди десам,
Зулфларингнинг атри экан кейин билсам.
Мен жон берай исларингиз, бўйингизга,
Баҳор билан сенинг ифор тўйингизга.

Ҳижронларга тўлиқ шеърий дафтаримни
Сен варақлаб, шамол, мени ахтардингми?
Бир бойчечак, бир қаламқош қалдирғочга
Алмашдим мен бор алам, бор дардларимни.
Шеърларим-ай, армонларим ўзингизга,
Баҳор келмиш бугун кўча-кўйингизга.

Қандай ўғил бўлдим сизга, қандай жигар,
Мендан аввал баҳор сиздан олмиш хабар.
Майса бўлиб кўкариб ҳам, ота, яна
Менга таскин бермоқдасиз бу тонг саҳар.
Баҳор келмиш мангу сукут кўйингизга,
Ҳар бир майса ўхшар сўзу ўйингизга.

Баҳор келмиш, қутлуғ бўлсин ҳаммангизга!
Умр берсин бобонгиз ҳам момонгизга.
Баҳор ахир қанча шодлик, шукроналик
Келтиргуси холангиз ҳам аммангизга.
Қанча севинч гулдай қизу ўғлингизга,
Қанча қўзи олиб келар қўйингизга.

Кўклардаги тўлин-тўлин ойдай Ватан,
Осмон десам, тошқин-тошқин сойдай Ватан.
Ватан десам, кўз олдимга онам келган,
Онам десам, нигоҳимда пайдо Ватан,
Баҳор келмиш яна ризқу рўзингизга,
Доғ тушмасин ҳаргиз рангу рўйингизга.

1999

* * *

Қирлардан бир яшил тўпламлар ичдим,
Салсабил сойлардан кўкламлар ичдим.
Бу ёруғ дунёни ҳўпламлаб ичдим,
Ярми тўлқин, ярми сўлғин япроғим,
Хазонга қоришган баҳоринг менман.

Кўнгил мулкининг ҳам зулматлари бор,
Эй ой, қаролиқнинг туҳматлари бор,
Ишқнинг ҳам бир ажиб узлатлари бор.
Ярми ўчқин, ярми ёрқин чироғим,
Зулмат жаҳонида шароринг менман.

Эгнини эпкинлар чок этган, эй гул,
Кўксини шабнамлар пок этган, эй гул,
Саҳро юрагимни боғ этган, эй гул,
Ярми ел, ярми сел саргашта боғим.
Сенинг қаноату қароринг менман.

Эй дунё, жонимни қовурган дунё,
Боримни елларга совурган дунё,
Менинг инграётган қовурғам дунё,
Ярми сас, ярми хас бўлгай тупроғим,
Кипригингга қўнган ғуборинг менман.

1990
БАҲОР

Илдизларда шивирлаган сен эдинг,
Тупроқ кўпчиб, ғимирлаган сен эдинг.
Бир кечада ўзгарди руҳ ангори,
Дардим яшил, ҳасратларим зангори.

Ҳаётимдан ечдинг ғам печагин сан,
Адашгайдир ким айтур кечагимсан.
Баҳор, харсангтош остидан, уни суриб
Озодликка чиқиб олган чечагимсан.

Тўрт ой мендан қаролик устун бўлди,
Мен тўкилдим, дафтарларим тун бўлди.
На хушдирки, қайтадан насибимсан,
Равоч ҳидин келтирган насимимсан.

Барг ёзмоқчи бўлган янглиғ томирлар
Жимирлар, тан оғочида жимирлар.
Сен гулборим, гулнорим, гуландомим,
Кечалари шитирлар қаламдоним.

Яшил ҳовуч бўлиб чиқди исмалоқ,
Қалдирғоч ҳам келди сал-пал эзмароқ.
Ҳар бир кўлка яқин қиру этакда
Қўзичоққа айланади эртага.

Сен тоғларим қайраган чақинимсан,
Дўмбираси гулдурак оқинимсан.
Айтишларинг бу оламга ёқади,
Еру осмон сел бўлади, оқади.

Куйга тўлиб кетди тошу деворлар,
Сўлғин-сўлғин соғаяди беморлар.
Фақат бир барг, чириган бир барг фақат
Айлар менга мунглуғгина насиҳат.

1991
НАВРЎЗ ҚЎШИҒИ

Фалак бизни балолардан асрадими?
Юлдузлардан бойчечаклар сачрадими?
Бир куртакка алмашдим бор ҳасратимни,
Олам эски, лекин ўнгу сўлим янги.

Осмон бўлди бир кечада ҳорғин бағрим,
Тўй бошлади чақинларим, ёмғирларим,
Гўё ҳозир япроқ ёзар томирларим,
Гўё эски қалам тутган қўлим янги.

Ойларга ҳам алишмасман юзларини,
Қаранг Қўқон, қаранг Сурхон қизларини.
Зулфларию райҳонларнинг исларини
Олиб келган эпкинларим, елим янги.

Эй кўҳна боғ, кўпдир чеккан азиятинг,
Қуриган шох, дилда сенинг васиятинг,
Эй сариқ барг, қулоғимда насиҳатинг,
Бу йил энди менинг гулзор, гулим янги.

Ҳар кўнгилга бир янги куй, қўшиқ берсин,
Имон, инсоф, диёнатни қўшиб берсин.
Ҳар бир уйга энг аввал бир бешик берсин,
Ҳеч бир уйга кўрсатмасин ўлим янги.

Бормоқдасиз гарчи Ҳинду Хитойларга,
Умид айланг ўз ерингиз, Худойларга,
Уйларингиз тўлсин бу йил буғдойларга,
ўимирлаган элим, дашту чўлим янги.

Лолалардан гар айтмадим, қир айтади,
Қолганларин само айтар, ер айтади.
Кўнглим очсам, ҳар гиёҳ бир шеър айтади,
Ростин айтсам, кўксимдаги дилим янги.

1995

ҚАДРДОНЛАР

Қадрдонлар, элга биз бир
супурги ҳам бўлолмадик,
Киприклари сафида бир
киприги ҳам бўлолмадик.
Ўт бўлмадик ўтинига,
кўк бўлмадик тутунига,
Меҳру шафқат сойининг бир
кўприги ҳам бўлолмадик.

Хизрдайин биз учун у
ҳар нарсага ҳозир эди,
Даласида бир кўриниб
кетган булут Хизр эди.
Аслидаку ковушига
патак бўлсак арзир эди,
Кир ювганда совунининг
кўпиги ҳам бўлолмадик.

Ўзимиз ҳам ҳайрондирмиз
рўй берган бу синоатдан,
Кетмонларин товушлари
келаётир қиёматдан.
Уйлар қурдик хиёнатдан,
лофлар урдик диёнатдан,
Асли Машраб бобонинг бир
тупуги ҳам бўлолмадик.

1994

КЕТМОНЧИ ҚИЗЛАРГА

Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган.
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган.
Ойлар гулбоғидан тушган япроқлар,
Юлдузлар бандидан кўчган япроқлар,
Нурсиз пайкалларда шуъла ёзмайин,
Тупроққа қоришиб ўчган япроқлар.
Ҳуснин чечакларин чаноқлар юлган,
Сочларин гардида насимлар ўлган,
Сизнинг таровату гул юзингизни
Қуёшлар тушликка тановул қилган.
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган,
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган.

Балоғат чоғида балоғат кўрмай,
Ўн бешдан уёғи ҳаловат кўрмай,
Заъфарон райҳондай забун ўтдингиз,
Давру давронлардан садоқат кўрмай.
Сабоҳдан саҳрога айланганларим,
Сарғайган сарвларим, гул, савсанларим,
Серташвиш турмушнинг қучоқларидан
Далалар бағрига тайланганларим.
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган.
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган.

Тун-кун кўксим ичра ёнғину ёнғин,
Йиллардан сўрайдир йиллар сўроғин.
Шомларга шимилган тупроқ йўллардан
Толларим келгайлар толғин ва толғин.
Дийдам дийдиратган дийдорларингиз.
Сўнди малоҳату дилдорлигингиз.
Тунлар пайкалларда ҳорғин юзган ой
Сизнинг зору маҳзун ёдгорлигингиз.
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган.
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган,
Сонсиз эгатларга тизилганларим,
Қисмати кетмон-ла ёзилганларим.

1990

ҲАМДАРДЛИК

Бу сафар мен сўз айтмайин бахтингдан,
Ўзингники бўлган тожу тахтингдан,
Жиндаккина баён айлай дардингдан,
Кеч кузларда зирқираган белим-ай,
Белин ушлаб элим деган элим-ай!

Ўтди не-не доҳийлару ҳайкаллар,
Юртда қанча оройишу сайқаллар,
Сенга илҳақ ҳамон ўша пайкаллар,
ўўзаларда дийдираган қўлим-ай,
Далаларни илитган ай, элим-ай!

Китобини ўйлаб ўғил-қизингни
Бозорларга тикдинг ҳорғин кўзингни,
Нима қилдинг шунча қўю қўзингни?
Фарзандига бераман деб билим-ай,
Молин сотган, жонин сотган элим-ай!

Пахта териб ёки буғдой ўрганда,
Ўз ҳақингни сўрашни ҳам ўрган-да.
Пўрим кийган тўраларни кўрганда
Калимага келмаган ай, тилим-ай,
Ҳам ишлаб, ҳам мулзам бўлган элим-ай!

Сенга доим йўлдош эзгу, ҳур ният,
Каззобларинг қаср қурди пурнеъмат,
Шулар учун бўлганмиди Ҳуррият?
Ўчоқларда совуб қолган кулим-ай,
Кулбалари мунғайган ай, элим-ай!

Ўздан чиққан балоларми ё кимлар
Сенинг ризқу насибангни қийқимлар?
Етимнинг ҳам ҳақин юлиб, тақсимлаб.
Чирқираган танга-тилло, пулим-ай,
Вой элим-ай, вой элим-ай, элим-ай!

Қишин ёзин тинмай меҳнат айлаган,
Меҳнатини на бир миннат айлаган,
Шул Ватанни шаъну шавкат айлаган,
Обод бўлгил қуримай ҳам сўлимай,
Ошу нони доим ҳалол элим-ай!

Оллоҳ берсин сўнмас бахт, иқболингни,
Уйлар қилгил эккан терак, толингни.
Оғриганди белим кўриб ҳолингни,
Энди эса зирқиради дилим-ай,
Тупроқдан ҳам хоксорроқ ай, элим-ай!

1998

АҲМАД ФЕРМЕР

Аҳмад фермер деганлари Деновдадир,
Ҳар бир куни меҳнат билан синовдадир,
— Бойлик нима? — дейди фермер. — Қўлнинг кири,
Бугун сенда, эрта эса бировдадир.
Жийрон отдай учқур умр ўтаверар,
Яхшилик қил, токи қўлинг жиловдадир.

Саҳар туриб даласида ўйлар сурар,
Ҳар ғўзанинг ниҳолида бўйлар кўрар,
Куй-қўшиғи унинг — тарғил, говмишлари,
Қўйларининг кўзида ҳам тўйлар кўрар.
Ўзи учун кошоналар солмади у,
Қурса фақат болаларга уйлар қурар.

Тошканда ҳам ном қозонган пишлоқлари,
Яшнаб борар униб-ўсган қишлоқлари.
Болакайлар, қўзиларга тўлсин дейди,
Она юртнинг қирларию қирғоқлари.
Аҳмад фермер бу дунёда кам ухлайди,
Зар бўлгайдир шунинг учун тупроқлари.

Тойчоқ бўлиб кезиб юрган чоғим Ватан,
Йироқ тушсам — соғинчим, титроғим, Ватан.
Боболарим синггиб кетган муқаддас ер,
Осмон десам, кўксимдаги тоғим, Ватан.
Токи шундай фарзандларинг заҳмат чеккай,
Завол билмас, мангу сўлмас боғим, Ватан.

Аҳмад фермер деганлари Деновдадир,
Ҳар бир куни меҳнат билан синовдадир,

— Бойлик нима? — дейди фермер. — Қўлнинг кири,
Бугун сенда, эрта эса бировдадир.
Жийрон отдай учқур умр ўтаверар,
Яхшилик қил, токи қўлинг жиловдадир.

2004

ЭЛЛИКҚАЛЪА ТАШБЕҲЛАРИ
Неъматулла оғага

Азиз бўлди бу тупроқ ҳам —
дилимдан саҳфалар кўмдим,
Саҳифа сингари саҳросида ҳам
қалъалар кўрдим.

Куюк хатлар каби мозийси
узра қарғалар кўрдим,
Ҳазин бир лоласи маъвосида ҳам
қалъалар кўрдим.

Ҳилолидан фалак дарвозасида
ҳалқалар кўрдим,
Унинг Ерга яқин Зуҳросида ҳам
қалъалар кўрдим.

Тилимга Ақчакўлнинг мавжларидан
лаҳжалар сўрдим,
Сополининг синиқ имлосида ҳам
қалъалар кўрдим.

Кўзим юмдим, азим дарё аро
Вақт сингари чўмдим,
Бугун ҳам Эртанинг маъносида ҳам
қалъалар кўрдим.

Қуёшли қалъалардай қалбларин
қошида ўй сурдим,
Азиз инсонларин сиймосида ҳам
қалъалар кўрдим.

2003                                                   
БУ ДУНЁДА

Завол нима билмайди,
Қуюн, селлар юлмайди.
Эгаси бор бодомлар
Бу дунёда сўлмайди.

Гоҳ қора, гоҳ оқ инсон,
Эзгулик қил, оҳ, инсон!
Риёси бор рақамлар
Бу дунёда унмайди.

Имконинг осмон қадар,
Имондан бергил хабар.
Сафоси бор қаламлар
Бу дунёда синмайди.

Ўкинмагил, бўз бола,
Ўзга хаёл туз, бола.
Вафоси бор санамлар
Бу дунёда бўлмайди.

Ҳар на бўлсанг бор бўлгин,
Тугал номус, ор бўлгин.
Зиёси бор қадамлар
Бу дунёда сўнмайди.

Дилда кўпдир фироғинг,
Ёниқ қолар чироғинг:
“Фарзанди бор одамлар
Бу дунёда ўлмайди”1 .

1994

* * *

Хуршид Давронга

Гул билан гул ўртасида сеҳр — лабхандлар керак,
Дил билан дил ўртасида меҳрпайвандлар керак.

Бузмагай оламни, обод айлагай дил тошқини,
Дил билан дил ўртасида, айтмагил, бандлар керак.

Дил билан гул қони ҳамрангдир, вале ишқ йўлида
Дил қони бирлан битилган онту савгандлар керак.

Кўрди ҳар турлук шиорларни бу юрт пештоқлари,
Энди унга Мир Алишердин битик, бандлар керак.

Турли пешволарни бошдин бирма-бир ўткарди эл,
Элга ҳар хил оталармас, энди фарзандлар керак.

Фахр учун момиқ эмас, ҳар бир кўнгилнинг қонида
Дил била эл қонидин бўлган Самарқандлар керак.

1989

ҲАЙИТ ҒАЗАЛИ

Ҳаётни Сен ҳаёт этган
умидларда муборак эт,
Ўғил-қиз, оналар ҳам
мўйсафидларда муборак эт.
Сано эт тилларини ҳам
Саловат эт, Таборак эт,
Азизу авлиё азмин
муридларда муборак эт.
Мунаввар эт Жалолиддин
жалоли-ла кўнгилларни,
Фаридиддин каби фазли
фаридларда муборак эт.
Дуолар айлагай бир эл,
дуо толе калитидир,
Бу эл мушкулларин шундай
калитларда муборак эт.
Саодатлик бу кунларда
сабоҳатлик, саодатлик
Сатрларни Сирожиддин
Саййидларда муборак эт.
Синовлар, ранжу заҳматлар
аро берган шу умрингни
Илоҳи, барчамизга ийд —
ҳайитларда муборак эт.

1999

ЗАМОННИНГ ЭГАСИ

Замондан койинманглар, зеро
замоннинг эгаси Оллоҳдир.
Ҳадис

Оллоҳ сизга берган ой ва йил учун
Арзир ҳар лаҳзанинг нақши бўлсангиз.
Азалдан ёмонга ёмондир замон,
Замон яхши эрур — яхши бўлсангиз.
Ҳар кимга дилдаги нияти йўлдош,
Эзгу мақсадлари бир умр ёрдир.
Замондан ҳеч қачон койинмангизким,
Замоннинг эгаси Парвардигордир.

КИЧИКЛАР ВА КАТТАЛАР

Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталарнинг
шарафини билмаган кишилар биздан эмасдир.
Ҳадис

Ота-онадандир асли тарбия,
Садоқат бир ўғил-қиздан эмасдир.
Лекин кичикларга шафқат қилмаган
Кимсалар, билингким, биздан эмасдир.
Билингким, норасо фарзанддир, улким
Элнинг улуғларин дилдан севмасдир.
Яъни, катталарнинг шарафин билмай,
Иззат қилмаганлар биздан эмасдир.

2001

ИЛИНЖ

Юртим, менга зар керакмас зарларингдан,
Киприкларим ўпсалар бас гардларингдан.
Мен бир насим бўлиб келдим, мен бир насим,
Айтиб ўтсам дейман кўҳна дардларингдан.

Алмашдилар сени ному рутбаларга,
Мунглуғ бўлиб қолдинг ботиб шубҳаларга.
Ҳилолларинг қайтар яна қуббаларга,
Мозийларга сўйлаб-сўйлаб зорларингдан.

Менга қадим минорлардан бир сас етар,
Шул сас менинг кўнглим охир серфайз этар.
Менга дунё керак эрмас, бир сас етар
Яссавийлар ётган азиз ерларингдан.

Оқсаройга қай кунки юз бургандим мен,
Сўнмас шону шавкатинг деб тургандим мен.
Шеър айтишни сал-палгина ўргандим мен
Чинорларда йиғлаб ётган баргларингдан.

Бу дунёда кўнгилларга чироқ ёқсам,
Мозорларинг сукутидан сабоқ олсам,
Тиниққина булоқ бўлиб оқиб қолсам
Оллоёрлар назар қилган жарларингдан.

1991
КЕЛИБ КЕТМОҚ

Саҳар туриб оламга боқ:
жилғалари равондир,
×арақлаган тоғлар боши
шомга бориб тумондир.
Тойчоқларинг қаёндиру
қулунларинг қаёндир?
Кўрганларинг ўзингники,
кўрмаганинг гумондир.
Инсон бўлиб бу дунёнинг
бозорини кўрдингми?
Зарлари ҳам зорларию
озорини кўрдингми?
Саҳар туриб ўз отангнинг
мозорига бордингми?
Борганларинг ўзингники,
бормаганинг гумондир.
Келиб кетмоқ ўйин эрмас,
саёҳат ё зиёрат,
Умр йўли заҳматлару
меҳнатлардан иборат.
Кўнгилларга қурдингми бир
кўприкми ё иморат?
Қурганларинг ўзингники,
қурмаганинг гумондир.
Атрофингга қараб боргил,
англаб боргил йўлингни,
Кўз бўлсанг гар, қароғ деб бил
она Юртинг, элингни.
Бергил унга эътиқодинг,
меҳринг, жону дилингни,
Берганларинг ўзингники,
бермаганинг гумондир.
2000

ҲАЁТ ҚЎШИҒИ

Кимлар алвон кийдилар,
Кимлар армон кийдилар.
Кимда бору кимлар зор,
Буни ҳаёт дейдилар.

Кимлар гул деб суйдилар,
Кимлар тушга йўйдилар.
Оқу қора ранглари,
Буни ҳаёт дейдилар.

Кимлар ёнмай куйдилар,
Кимлар қонмай тўйдилар.
Ким бемору ким безор,
Буни ҳаёт дейдилар.

Гулларини жийдалар
Кўзёшингга чайдилар.
Бунча азиз ислари,
Буни ҳаёт дейдилар.

Қанду новвот дейдилар,
Лек ичларин ейдилар,
Кўролмайин ким-кимни,
Буни ҳаёт дейдилар.

Яна эсиб келдилар
Шамолларинг — дайдилар.
Кимлар бору кимлар йўқ,
Буни ҳаёт дейдилар.

Бўлса ҳамки бедиллар,
Баланд яшанг, эй диллар.
Қанотлари қайрилмас,
Буни ҳаёт дейдилар.

2001

ШАРАФ ДОСТОНИ
Ватан ўғлонлари хотирасига

Жилғалар жилдираб сойга келгайлар,
Қошлар камол топиб ёйга келгайлар.
Бир аччиқ аламлар ўйга келгайлар:
Жангларда ўлган ул ўғлонлар гўё
Ҳозир қаторлашиб тўйга келгайлар.

Умр таронасин тузиб тузмайин,
Йигитлик онида қувнаб кезмайин,
Тириклик боғидан бир гул узмайин,
Гулдайин муаттар кетган ўғлонлар
Боқарлар бизлардан кўнгил узмайин.

Боқарлар Самарқанд минорларидан,
Урганчу Хеванинг деворларидан,
Кўз узмай Дашнобод анорларидан,
Боқарлар Сурхоннинг самоларию
Тошкент, Фарғонанинг чинорларидан.

Оламнинг талошу урҳоси надир?
Фалакнинг гулдурос гурроси надир?
Бир йигит ўлса гар, дунёси надир?
Олис осмонларда уйғоқ руҳингиз,
Уларнинг Сурайё, Зуҳроси надир?

Сизга буюрмади уйлар, айвонлар,
Сизга тож керакмас, сиз — кемтик нонлар,
Абдулло, Исмоил, Жума полвонлар,
Мўлтираб боқарсиз шабнамлар бўлиб,
Эсиз, шабнамларга айланган жонлар.

Эсган шамол балки сўзларингиздир,
Отган тонг эҳтимол юзларингиздир.
Япроқлар излаган изларингиздир,
Тоғу тошлардаги гирён булоқлар
Сизнинг зор, нигорон кўзларингиздир.

Ҳаргиз тўхтамагай ҳаёт карвони,
Унда номингизнинг ёду армони.
Сизга авлодларнинг шараф достони,
Ҳурмат эҳтироми Сизгадир юртнинг,
Сизга бу Ватаннинг шавкату шони.

1999
ЭГАСИ БОР ЮРТ

Очсанг давронларнинг китобларини
Қанча карвонларнинг эртаги бордир.
Тингла доноларнинг хитобларини:
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.

Дунёнинг манзилу маконларида
Бир рўзғор бут бўлса, тўрттаси хордир.
Боққил ўз юртингнинг қўрғонларига:
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.

Бунда ой, қуёшдан чеҳралар олган
Ўғил ҳам қизларнинг эркаси бордир.
Ҳар айтган сўзидан Ватан туғилган,
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.

Милёнлаб ўзбекнинг умидлари жам
Милён бу овозлар — номус ҳам ордир.
Чопдим шеърларимни қўлтиқлаб мен ҳам:
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.

Қалдирғочларга бер айвонларингни,
Қушнинг ҳам бек билан бекаси бордир.
Сингилжон, экавер райҳонларингни,
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.

Умр гоҳи ширин, гоҳи талх бўлгай,
Улуғ ниятларга Оллоҳ ҳам ёрдир:
Эгаси бор юртнинг эли халқ бўлгай,
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.

2000

ВАТАН АБАДИЙ

Баҳрайн сувларига чайдим юзимни,
Насимлар эсдилар илиқ, арабий.
Бир осмон тўлдириб келди кўксимни,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Не зотлар ўтдилар Ватандин айро,
Севинчи савдою соғинчи саҳро.
Кўксимни тўлдириб келди бир дарё,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Бобо қирлардаги бир хас ё тикан,
Шу ҳам кимларгадир зўр армон экан.
Кўп экан зар топиб, зор бўлиб юрган,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Ким ахир бу даҳри дундан ўтмагай?
Ким ахир бир куни асо тутмагай?
Тандан жон кетар, лек Ватан кетмагай,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Ҳар тепа, ҳар дўнглик турбат эмасдир,
Ҳар қандай айрилиқ ғурбат эмасдир.
Юртдан кетган ҳар зот Фурқат эмасдир,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Олмон тупроғида бир немис аёл,
Кўзда ёш, ўзбекча айлади савол.
Халқим, нону тузинг ҳамиша ҳалол,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Ҳар кекса, ҳар ёшнинг заҳматларида,
Азим чинорларнинг ҳикматларида,
Ҳазрат Яссавийнинг хилқатларида
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Айб эмас аввалий ва ё сониймиз,
Агарчи инсонмиз вале фониймиз.
Барчамиз ушбу кун Туркистониймиз,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

Аста барг тўкмоқда зарҳал оғочлар,
Умр гўё тўлар божу хирожлар.
Келиб кетар экан қанча Сирожлар,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.

1995

БИТИРУВЧИЛАРГА

Бул Ватаннинг қошу кўзи,
Мижгонлари сиз бўлгайсиз.
Чеҳралари гулдай, кундай
Хандонлари сиз бўлгайсиз.

Бу тонг оппоқ дафтарлардай
Шаҳрим тўлди каптарларга.
Тизсам буни сатрларга
Осмонлари сиз бўлгайсиз.

Бир мамлакат тиниқ кулгу,
Бир мамлакат севинч, орзу,
Бу ҳаётнинг гўзал аҳду
Паймонлари сиз бўлгайсиз.

Ёлғиз қолиб кетган чирой —
Мактабларингиз узра ой
Бу оқшом йиғлар ҳойнаҳой:
Армонлари сиз бўлгайсиз.

Китоблари кўксидаги...
Меҳр балққан сўзидаги,
Устозларнинг кўзидаги
Маржонлари сиз бўлгайсиз.

Кўксингизда баланд ору
Номус бўлса — бўлгай бари,
Бул Ватаннинг кўрар давру
Давронлари сиз бўлгайсиз.

Йиллар ўтар турли-турли,
Умр йўли — қирли, ўрли.
Ниятларнинг нурли-нурли
Нарвонлари сиз бўлгайсиз.

Кўрки бордир ҳар ниҳолнинг,
Ҳар боғдан бир ибрат олинг,
Илм олинг, ҳикмат олинг —
Келажакнинг, истиқболнинг
Қўрғонлари сиз бўлгайсиз.

2000

СИЗНИНГ ШАЪНИНГИЗ
Ватан посбонларига

Қўлга олмоқ-чун бир юлғич, қаллобни,
Ёки бир муттаҳҳам, ўғри, каззобни,
Сизга матонатдан илдизлар керак,
Қанчалар кечаю кундузлар керак.

Мен-ку шеърим узра озиб-тўзарман,
Бугун ёзмасам гар, эрта ёзарман.
Сиз бир қабоҳатни этмоқ-чун ошкор
Қанча тунларингиз кечгайдир бедор.

Чой узра хотиржам ўй суриб, сурмай,
Ўғил-қизингизни гоҳ кўриб, кўрмай,
Бир зум уйқусида боқиб кетасиз,
Ҳали уйга кирмай чиқиб кетасиз.

Сизга сокингина тонг бошламоқ йўқ,
Болишга бемалол ёнбошламоқ йўқ.
Ташвишли ҳар хату хабар ичрасиз,
Ҳамиша хавф ила хатар ичрасиз.

Дунёда яхшилар кўпдир муқаррар,
Ёмон ҳам кўп экан солсанг гар назар.
Шод этиб хун бўлган дилларингизни,
Сизга ким қайтарар йилларингизни?

Шараф деган сўзга шон берган ҳам сиз,
Тинчлик замонида жон берган ҳам сиз.
Токи яшар экан бидъат, жаҳолат,
Сизда ором бўлмас, бўлмас ҳаловат.

Шул сабаб энг гўзал дил сўзларини,
Осмоннинг энг ёрқин юлдузларини,
Сизнинг шаънингизга ўқилсин дейман,
Сизнинг елкангизга тўкилсин дейман.

1998

ҒАЛАБА!

Яна нима керак:
Жаҳон майдонига чиқди бир ўзбек,
Тупроқ томларимда улғайган лолам.
Бутун юрт бир қуёш,
Бир порлоқ юздек,
Жингалак сочингдан айланай, болам!

Азал ор-номусдан келган юртим-ей,
Бу оқшом бир яйраб,
Яшнаб юрдим-ей!
Ким айтди:
Ташнаю зор юрганлармиз?
Жаҳон майдонида от сурганлармиз.
От сурган қўлингдан айланай, болам,
Ўзбекча кулгунгдан айланай, болам!

«Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз» каломи,
Ҳикмат давомидай унинг давоми,
Эврилиб Ватанга тимсоллар бўлгай,
Фарзандлари ғолиб инсонлар бўлгай.
Ному нишонангдан айланай, болам,
Ёруғ пешонангдан айланай, болам!

Темур бобо солган қўрғонларгача,
Анҳоринг, сен ўсган айвонларгача,
Ўйлади ҳаққингга дуолар айлаб,
Сингиллардан тортиб султонларгача.
Шон, ғурур — кўркингдан айланай, болам,
Туз ичган юртингдан айланай, болам!

Яна нима керак:
Буни фарзанд дейдилар!
Она, Ватан, фарзанд пайванд дейдилар.
Бу ёруғ дунёда ҳали синовлар керак,
Ақлу заковатлар,
Қалби оловлар керак.
Ватан ўз-ўзидан Ватан бўлмагай,
Милён-милён Рустам Қосимжоновлар керак!
Ҳаддинг, шахматингдан айланай, болам!
Қадду қоматингдан айланай, болам!

2004.13.07

БАҒИШЛОВ

Қуёшу ой кеча-кундуз
азал посбони бўлган юрт,
Гўзал ×ўлпонларию ҳам
гўзал осмони бўлган юрт,
Сен, żй шаъни баланду ҳам
баланд айвони бўлган юрт,
Тикилсам гар, севинчдандир
кўзимдан кетмагай намлар.

Сени мен хасларингдан,
сасларингдан ўрганиб ўсдим,
Чинорлардай сабоғинг,
дарсларингдан ўрганиб ўсдим,
Бешикдан мен сенинг
ҳикматларингга бурканиб ўсдим,
Äилимда Яссавийлар,
Термизийлар ёқдилар шамлар.

Азиз сингилларим янглиғ
ниҳолинг, толларинг ўпсам,
Гулу гулшанлар ичра гул,
гул ичра холларинг ўпсам,
Дилу дилбандларинг айтсам,
асал ҳам болларинг ўпсам,
Менга шул анжуман басдир,
на даркор ўзга ҳамдамлар.

Ęаҳон ичра ғараз кўпдир,
ғалат иш кўпу ғулғул кўп,
Ватан танҳо бўлур, гарчи
жаҳонда шоҳу дулдул кўп,
Бу гулшанга бизим янглиғ
келиб кетгувчи булбул кўп,
Ватан, сен мангу бўстонсан,
баётим — сенга шабнамлар.

Саломат бўл, чекан жабру
ғаму оғриқларинг етгай,
Қўлинг етгай жаҳонларга,
қошу киприкларинг етгай,
Ўғил ҳам қизларинг етгай,
йўлу кўприкларинг етгай,
Тилай сенга саодатлар,
хуш айём, мангу байрамлар.

2000
ОНА ЮРТ

Баланд-баланд тоғларда
Бекорларга қор бўлмас.
Чирқираган полапон
Бежиз бир кун сор бўлмас.
Бўталари изидан
Келмаса гар нор бўлмас,
Юртинг — сенинг юзингдир,
Юртнинг ўзи бор бўлмас.

Оламга боқ — қанча боғ,
Қанча гулу чамандир.
Бир томони Чин-Мочин,
Бир томони Ямандир.
Бир жисм — жону тандир,
Ватан битта Ватандир,
Қаён борсанг — онангдай
Йўлларингга зор бўлмас.

Ўзингники шу гулшан
Ё куйинсанг ё суйсанг.
Дил кўзига жойлаштир
Ҳиллоларин “ё” син сан,
Атласлибос бир ёрнинг
Зулфларига осилсанг,
Бу дунёда бўйнингга
Бундан гўзал дор бўлмас.

Оқ ҳавога бурканмиш
Ариқларнинг бўйлари.
Соғинч бўлиб таралмиш
Сингилларнинг ўйлари.
Бунда — кўнглинг тўйлари,
Бунда — кўнглинг куйлари,
Терагингдай ёр бўлмас,
Толингдай дилдор бўлмас.

Ном қолдирсанг, изингдан
Шавкат ҳам шан қолдирсанг.
Тупроғига орингни
Сен тан-батан қолдирсанг,
Ҳар бир ўғил-қизингга
Эрку Ватан қолдирсанг,
Мардлар минган отларинг
Номардларга хор бўлмас.

2001

БАҲОР СУРХОНДАН БОШЛАНАР

* * *

Оламда соғинчлар
Нақадар бисёр,
Ҳар бир соғинчнинг ҳам
Ўз ранг, туси бор.
Ҳар йил “Ахборот”да
Бир хабар такрор:
“Бодомлар гуллади —
Сурхонда баҳор.”

Ҳар йил қиш ўртаси,
Ҳар шому саҳар,
Мен хабар кутгайман
Сурхондан — хабар.
Бир дамим минг йиллик
Сабрлар бўлгай,
Кунларим зер ила
Забарлар бўлгай.

О, ҳаёт! Мен сенга
Тармашганим рост.
Сен билан рангу бўй
Талашганим рост.
Сенинг бор айрилиқ,
Ҳасратларингни
Битта бойчечакка
Алмашганим рост.

Оламда ғамлар бор
Ниҳояси йўқ.
Қанча дард, аламнинг
Ҳикояси йўқ.
Билинтирмайгина,
Аста, беозор,
Ажиб якун ясар
Барига баҳор.

Бу тонг Бойсундаги
Тоғлардан эниб,
Бир ел бир севинчни
Еткизди келиб.
Кеч пайт “Ахборот”да
Шу бўлди такрор:
“Сурхонда бодомлар
Гуллади. Баҳор.”

О, баҳор! Мен сени
Кутганларим рост.
Йўлингга кўз тикиб
Ўтганларим рост.
Дилни сувлар қилиб,
Дилни сел қилиб,
Яна ўз ичимга
Ютганларим рост.

Бу кеч шамоллар ҳам
Эрка, ҳуркаклар.
Бу кеч қаламларим
Ёзгай куртаклар.
Менинг соғинчларим
Гуллаган диёр —
Онам айвонидан
Келдингми, баҳор?

Бир тандир хизмати
Бутун элга тан.
Бир ноннинг тафтида
Қанчалар Ватан.
Бир сингил дийдори
Гул янглиғ тансиқ,
Бир юрт муҳаббати
Қуёшдай иссиқ.

Йигитлигин қўмсаб
Боботоғим ҳам,
Кўкармиш, ёшармиш
Бобо боғим ҳам.
Майсаларин силаб,
Бермайин озор,
Отамнинг бошидан
Келдингми, баҳор?

Келдингми ул ёғоч
Сўриларимдан,
Қумрилар севишган
Мўриларимдан?
Унда зуволалар
Тутгай супралар,
Офтобга чиққайлар
Барча кўрпалар.

Чимилдиқдан чиққан
Келинчак янглиғ,
Бир кунлар бошланар
Ифорлиғ, ранглиғ.
Эсганда муаттар
Боди саболар,

Ер ҳам кўкка қилгай
Нозу иболар.

Мен бу кеч кўнглимни
Торлар айладим.
Бир чечак васлида
Зорлар айладим.
Баҳорим — умидим,
Зори жонимсан,
Сен — менинг дилдорим,
Ёри жонимсан.

Ирмоқдаги сув ҳам,
Қадрига етсанг —
Етгайдир бир юртни
Гар обод этсанг.
Озурда жонлар бор,
Зор кўнгиллар бор,
Обод айлагайсан
Энг аввал, баҳор.

Заҳматлар сунбулу
Суманлар бўлгай.
Фарзандлар соҳиби
Чаманлар бўлгай.
Азиз элдошларим,
Сизнинг соғинчлар
Менинг кўкрагимда
Ватанлар бўлгай.

Тошкент осмонида
Ажиб туғёнлар:
Етиб келмиш бу кеч
Абри найсонлар.
Келинг, ёмғирларим,
Қалдирғочларим,
Бағримда очиқдир
Барча айвонлар.

Мен бу кеч руҳимни
Зангор айладим.
Сен бирлан умримни
Рангзор айладим.
Менинг йўлларимга
Зору интизор
Зангор қирларимдан
Келдингми, баҳор?

О, ҳаёт! Мен сенга
Тармашганим рост.
Сен билан рангу бўй
Талашганим рост.
Сенинг бор айрилиқ,
Ҳасратларингни
Битта бинафшага
Алмашганим рост.

* * *

Минг йиллик ҳадислар
Гуллаган диёр.
Ҳикмат келтиргайсан
Энг аввал, баҳор.
Яъни, инсон умрин
Бори ҳикматин:
Эзгулик қийматин,
Умр зийнатин.

Дунё — бир томони
Ёнғинга тўла,
Бир томони меҳру
Соғинчга тўла.
Нур ўйнар ўтларнинг
Киприкларида,
Ел кезар Ҳайратон
Кўприкларида.

Ҳирот ёқларга ҳам
Ўтдингми, баҳор?
Кўкдан раҳматларинг
Тўкдингми, баҳор —
Навоий бобомнинг
Мозорларига,
Мозорлари чеккан
Озорларига?

Мангулик сорига
Айлаган сафар,
Мирзо Бобурдан ҳам
Олдингми хабар?
О, баҳор, бу дунё
Сотилган дунё,
Шоҳу султонларим
Сочилган дунё.

Мен бу кеч бир азиз
Онларга қайтай,
Шомлардан сўз сўраб,
Тонгларга қайтай.
Ковак ёғочлардай
Яшаб, оламда

Бир бор гулламаган
Жонларга айтай:

Ўтмаса кўкламнинг
Чақинларидай,
Ўшал чақинларнинг
Ёлқинларидай,
Умрин нечун яшар,
Нечун, одамзот?
Унинг ҳаётидан
Унга не мурод?

Чўпонлар ўй суриб
Олгунча мудроқ,
Таёғи кўкариб
Кетгувчи тупроқ,
Наҳот ибрат бўлмас
Одамга, наҳот?
Наҳот тупроқчалик
Эмас одамзот?

Тақир чўлларни ҳам
Айладинг бедор,
Бизга ўргатгани
Келдингми, баҳор?
Шўртан тупроғининг
Ёлқинларида
Сенинг хосиятинг,
Хислатларинг бор.

Кеча Самарқандда
Сочиб ифорлар,
Зангор гумбазлардан
Ювдинг ғуборлар.
Эртан бўй таратиб
Андижонларга,
Атлас кийгизурсан
Марғилонларга.

Гулбаданбегимдай
Безангай ҳаёт,
Бир нурлар қўйнида
Исингай ҳаёт.
Бу гулшан диёрим
Гулхона бўлгай,
Мендай шоирларинг
Девона бўлгай.

Майсажон, айт, тонгги
Табрикларингдан!
Ётиблар ўпайин
Киприкларингдан.
О, юртим! Оламга,
Рўйи заминга
Фақат баҳор ўтгай
Кўприкларингдан.

* * *

Нечун биз дунёда
Ор-номус деймиз?
Нечун мақсадларга
Дил фонус деймиз?
Нечун “Ватан” бизда
Энг қутлуғ калом,
Темур деб қўйгаймиз
Фарзандларга ном?

Ҳар бир гўдак бунда
Султон, улуғдек,
Юлдузларга боқар
Юз минг Улуғбек.
Бағринг тўла сенинг
Дарду оҳ, жаҳон,
Қара, ўсар бунда
Қанча Шоҳжаҳон.

Нечун бу тупроқда
Ҳар бир лола — шеър?
Юз минг боладан сўр,
Бари — Алишер.
Сўнмас ғурур, шондан
Бериб хабарлар,
Ўсиб улғаймоқда
Қанча Бобурлар.

Кеча Қаршидан бир
Полвонча келди,
Ўзи тўққиздаю
Осмонча келди.
Исми ҳам Алпомиш,
Кўкраги — баланд,
Улғайсам оламни
Енгаман, дейди.

О, ҳаёт! Мен сенга
Тармашганим рост.
Сен билан рангу бўй
Талашганим рост.
Сенинг бор айрилиқ,
Ҳасратларингни

Битта гул бешикка
Алмашганим рост.

Осондир Ватан деб
Фарёд айламоқ,
Гап сотиб шаънини
Барбод айламоқ.
Лекин улуғ ишдир —
Ташвишин торта,
Ватанда Ватанни
Обод айламоқ.

Эҳ-ҳе, ҳали қанча
Туғёнлар керак!
Қанча пок туйғулар,
Илҳомлар керак.
Қанчалар шерюрак
Темурхонлару
Қанча арслонюрак
Исломлар керак!

Нечун биз дунёда
Ор-номус деймиз?
Нечун мақсадларга
Дил фонус деймиз?
Баҳордай сертошқин,
Баҳордай озод
Яшаб ўтмаса гар,
Нечун одамзот?

Бу элнинг кўксига
Саболар келгай,
Имом Термизийдан
Дуолар келгай.
Эрта қуёш ўзи
Ерларга тушиб,
Сен учун ризқ эккай,
Насиба эккай.

Бу кеч ҳаволарда
Дийдор иси бор.
Бу кеч умидларим
Барг ёзар такрор.
Менинг соғинчларим
Гуллаган диёр —
Онам айвонидан
Келдингми, баҳор?

О, ҳаёт! Мен сенга
Тармашганим рост.
Сен билан рангу бўй
Талашганим рост.
Сенинг бор айрилиқ,
Ҳасратларингни
Битта қалдирғочга
Алмашганим рост.

2002