Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Баёзи Ҳазиний. Хазиний
Facebook
Баёзи Ҳазиний. Хазиний PDF Босма E-mail
Материал индекси
Баёзи Ҳазиний. Хазиний
ҒАЗАЛЛАР
МУРАББАЪЛАР
МУХАММАСЛАР
МУСАДДАСЛАР
ЛУҒАТ ВА ИЗОҲЛАР
ЖУҒРОФИЙ ВА КИШИ НОМЛАРИ
Ҳамма саҳифа

СЎЗБОШИ

Кўҳна ва бой бадиий адабиётимизнинг тадрижий давоми ва таркибий қисми сифатида XIX асрнинг иккинчи  ярми  ва  асримиз  бошларидаги  Қўқон  адабий  муҳити  халқимиз  бадиий  тафаккури  тарихида муҳим босқич ҳисобланади. Бу даврда Қўқонда Писандий, Муҳий, Қорий, Нисбатий, Муқимий, Фурқат, Ерий, Мавлавий  йўлдош,  Зорий, Муҳаййир,  Рожий, Ғурбат, Муҳсиний, Муҳаммад Ҳаким, Нусрат, Тамкин, Тоиб, Котибий, Насимий, Шайдоий, Ножий кабн ўнлаб истеъдодли шоирлар етишди.
Ҳалқимизнинг машҳур, севикли шоирларидан бири мавлоно Ҳазиний ҳам юқоридаги ижодкорлар даврасида ижод этди. Афсуским, шонрнинг муфассал таржимаи ҳолига эга эмасмиз. Унинг ҳаётига оид айрим  лавҳалар  мазкур  зотнинг 80  ёшлик  амакиваччаси  Валихон  Мастоновда  сақланаётган 5  та мўътабар қўлёзма ҳужжатда,  авлодлари  ва  айрим  замондошлари хотирасида  сақланиб қолган. Мазкур ҳужжатлардан иккитаси Ҳазиний аждодлари шажарасидир.
Ҳижрий 1287, милодий 1870 йилда тузилган шажарада шоирнинг ота томонидан Набирахожа эшон исмли  аждодининг  йигирма  олти  насаб  билан  халифа  Ҳазрат  Алининг  отаси  Абдулмуталлибга  етиб бориши  қайд  этилиб,  ҳужжат 74  муҳр  билан  тасдиқланган.  Иккинчи  шажарада  она  томонидан пайғамбаримиз  Муҳаммад  алайҳиссаломга  уланиши  кўрсатилган.  Маълумотномага 22  та  муҳр босилган.  Шажаралардан  маълум  бўлишича  Ҳазиний  аждодларидан  ўнлаб  кишилар  шу  даврининг машҳур олим ва шоирлари бўлишган.
Шоирнинг исми шарифи Зиёвуддин бўлиб, отасининг номи Каттахўжадир. Бўлажак шоир 1867 йил июнь  ойида  Фарғона  вилоятининг  Кенагас  қишлоғида  зиёли-деҳқон  оиласида  дунёга  келади.  У бошланғич  маълумотни  отасидан  олган.  Сўнг  мутолаа  йўли  билан  кўп  билим  ҳосил  қилиб,  фазлу, камолатга  эришган.  Ҳазиний  деҳқончилик  касби  билан  шуғулланган,  Ҳозирги  Бағдод  туманидаги Чопдор қишлоғидаги қумлик ерларни ўзлаштирган, мевали дарахтлар эктириб, боғ яратган, катта ҳовуз кавлатган, тегирмон ва бошқа бинолар қурдирган.
Хазиний  ижоди  хақида  уқувчига  маълум  тасаввур  берувчи «Баёзи  Ҳазиний» [«Ҳазиний  баёзи»] Тошкентда  уч  марта  чоп  этилган.  Дастлаб  хижрий 1328  милодий 1910  йилда  Тошкент  шаҳрида «Матбааи  Ғуломий»да  нашр  этилган  шеърий  мажмуасининг  унвон  варағида  шундай  дейилган:
«Алҳамдулиллаҳ  ва-л  миннаки,  ушбу  китоби  мустатоб [ёқимли] саодат  интисоб [бахтиёрликка  мансуб]  бу  овони  файзиқтиронда  ва  замони  фархатнишонда  шоири оташзабон,  айни Ҳазиний  тўра  эшони Хўқандийнинг  ашъорларидан  хўшачинлик  қилиб жамъ  этилуб, сафхаи  ижодга  намудор  қилинди.  Нечунким,  алҳол  ушбу  хожанинг абётлари Фарғона  ва Тошкенд  ва  ғайри  ерларга мақбул  ва марғубдур.  Бинобарин,  табъ  ва  тамсилиға қўшиш  қилинуб,  ном  қўюлди «Баёзи Ҳазиний» маа  ашъори  ғарибаи шуаро Дигар  ва  абёти  ҳаводиси зилзилаи  Андижон  деб. Мунинг  шариға  саъи  балиғ  кўргузгон  фақирул  ҳақир,  тожири  кутуб Мирзо Аҳмад бинни Мирзо Карим маҳрум».
«Баёзи Ҳазиний» ҳижрий 1329 (милодий 1911) йилда шоирнинг янги шеърлари билан бойитилиб иккинчн марта нашр этилди. Учинчи марта мазкур баёз ҳижрий 1331 (милодий 1913) йилда Тошкентда, О. А. Порцев матбаасида босилди.
Машҳур  ҳофизимиз  мулла  Тўйчихон  Тошмуҳаммадхон  ўғлининг  қўшиқларидан  тузилган «Армуғони Ҳислат» (Тошканд, «матбааи Ғуломий», 1912 йил) баёзига Ҳазинийнинг «Ё Ҳаёт ан-набий» радифли  ғазалига  Камий  ва  мазкур  баёз  котиби  Сирожиддин  махдум  Шавкатнинг  боғлаган мухаммаслари, «Кел»  радифли  ғазалига  Ҳислат  боғлаган  мухаммас  киритилган.  Аввалги  икки мухаммаснинг «Ҳўқандча хониш» оҳангида, кейингисининг «Дилхирож» куйида айтилиши уқтирилган.
«Баёз»  маа «Гулшани  ашъор» (Тошканд, 1913  йил)  баёзига  шоирнинг  ғазали  ва  муҳаммаси киритилган. Тошкандда нашр этилган «Маҳбубул-маҳбуб» баёзига ҳам Фарғона  музофотидан етишган шоирлар  асарлари  қаторида Ҳазинийнинг Ҳамза мухаммас боғлаган  ғазали  ва Амоний Арабонийнинг шоирнинг «Кошки» радифли ғазалига боғлаган мухаммаси киритилган.
Шоир авлодларининг таъкидлашларича, Ҳазиний ўз шеърларики жамлаб девон тузган. Кейинчалик бу  девон  шоирнинг  катта  ўғли  Амакихонда  сақланган. 30-йиллар  охиридаги  қатоғон  пайтида Амакихонни эшонликда айблаб, уйини тинтув қилиб, отасининг девони олиб кетилган, ўзини қамашган.
Бу нодир девонни излаш ҳозирга қадар натижа бергани йўқ.
Таассуфларким,  улуғ  қадриятларимиздан  саналмиш  ўтмиш  адабиётимизга  синфий,  партиявий нуқтаи  назардан  қаралган  вақтларда,  кўҳна  ва  бой  адабиётимизиинг  кўплаб  намояндалари  сунъий равишда «илғор»  ва «реакцион»  гуруҳларга  бўлиб,  нохолис  баҳоланди...  Туркий  халқларнинг  фахри, файласуф шоир, мутафаккир «султонул орифин»  (орифлар султони), «қутби миллат ваддин» («миллат ва диннинг қутби») Хўжа Яссавий ҳазратдан  тортиб бу  зоти бобаракотнинг издошлари Сўфи Оллоёр, Мажзуби  Намангоний,  Қорий,  Муҳйи,  Азимий,  Жалолий,  Ҳазиний  Ҳўқандий  каби  ўнлаб шоирларимизнпнг пурҳикмат асарларидан халқимиз яқин йилларгача маҳрум бўлиб келди.
Минг шукрким, мустақиллик ва озодлик шарофати туфайли ўтмиш маданий-адабий меросимизни холис ўрганиш, бор ҳақиқатни айтиш имкониятига эга бўлдик.
Ҳазнний анъанавий ишқий ғазаллар ёзиш билан бирга тасаввуф руҳида ҳам асарлар ёзган. Унинг ижодий  хазинасининг  маълум  бир  қисмини  Қуръон  оятлари  ҳамда  Муҳаммад  алайҳиссалом ҳадисларига даъват  қилувчи  асарлар  ташкил  қиладики, бу  хусусият шоирга исломий нуқтаи назардан ҳам алоҳида эътибор кўрсатилмоғини тақозо этади.
Биз ушбу  тўпламга Ҳазинийнинг  ҳар учала  тошбосма баёзидан, Ғафур Ғулом номидаги Фарғона вилояти  музейи  жамғармасидаги 45, 4312-рақамли  қўлёзма  баёзлардан  ва  бошқа  манбаалардан 961 мисрадан  иборат 49  та  шеърини  аниқлаб,  киритдик.  Тўплам  анъанавий  девон  тартибида  тузилдики, ниятимиз  китобхон  мутоаласини  равонлаштириш  эди.  Албатта,  ушбу  мажмуа  дастлабки  тажриба бўлганлиги  учун  айрим  нуқсонлардан  холи  бўлмаслиги  табиийдир.  Бунинг  учун  узр  сўраб,  тўплам ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни мамнуният билан қабул этишимизни билдирамиз.

Аҳмад МАДАМИНОВ, 
филология фанлари номзоди