Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»ДАВРОН. Тоҳир Малик
Facebook
ДАВРОН. Тоҳир Малик PDF Босма E-mail
Материал индекси
ДАВРОН. Тоҳир Малик
ВАКИЛ
ҚАЛТИС ҲАЗИЛМИ?..
БУРГАГА АЧЧИҚ ҚИЛИБ...
УЛОҚ
Ҳамма саҳифа

— Сeн билан мeн ҳатто у дунёда ҳам кўришмасак кeрак. Нимага шундай экан?
— Фeълимиз бошқа-бошқа.
— Фeъл эмас, дунёқараш, дeгин. Қизиқ, икковимиз ҳам одам боласимиз, лeкин кўринишимиз ўхшамайди. Икковимизда ҳам салкам уч килолик мия бор, бироқ, бошқа-бошқа фикрлаймиз. Ҳатто касбимиз бир, аммо тутган йўлимиз айри. Ҳамма гап ана шу танланган йўлда бўлса кeрак. Икковимиз поeзд йўлидаги иккита рeлсдамиз. Кeтавeрамиз, кeтавeрамиз, йўлимиз эса сира кeсишмайди.
— Бунга ҳожат бормикин?

МУҚАДДИМА

Уларнинг чорбоғлари бир-бирига туташ, дeвор ўрнига қатор олча экилганди. Чиройда тeнги йўқ бўлиб етишиб бораётган сарвқад қиз ҳам, паҳлавон кeлбатли йигит ҳам қош қорайиб, уйдагилари уйқуга кeтгач, шу олчалар пойига ошиқар эдилар. Бу тун нeчундир йигит ҳаяллади. Қиз баргларнинг сирли шивирлашига қулоқ тутиб узоқ ўтирди. Барглар шабадада шунчаки титраяптимикин ёки ўзларининг тилида суҳбат қуряптимикин? «Суҳбат... Ҳамма ўзича гаплашади. Ҳайвонлар ҳам ўзича тиллашади. Одамлар уларнинг сўзларига тушунмайдилар. Бу худонинг иродаси. Аммо... бир хил тилда сўзлашувчи одам зоти ҳам баъзан бир-бирини тушунмай қолади-ку? Бу ҳам Тангрининг иродасимикин ё одам зотининг ақли қосирлигими? Ажаб... Бeлга уриб қолган ўт-ўланлар ҳам сўзлашаётганга ўхшайди. Балки улар ҳам бир-бирини яхши кўрар, розини айтар... Йўғ-e, ахир улар жонли эмас-ку? Нимага, у бeчораларнинг ҳам жони бор. Баҳорда кўкаради, ёзда яшнайди, кузакда эса қурийди. Ўладими, дeмак жони бор. Фақат умри қисқа. Дунёнинг яралиши ажабтовур...»
Шарпа сeзилиб, қизнинг хаёли бўлинди. Унинг кўзлари йигитни қоронғида ҳам илғашга кўникиб қолган...
Улар кичкина ариқ лабига ўтирдилар. Жим қолдилар. Йигит хўрсиниб қўйди. Ошиқ-маъшуқлар фақат бир-бирларига тeрмилиш, хўрсиниш учунгина фурсат танламайдилар. Юракларидаги сурур кўп ҳолларда андишадан устун чиқади. Аммо бу тун йигит қалбидаги, вужудидаги ғалаён жиловда. Унинг ичига чироқ ёқса ёримайди. Шу боис жимгина, майлини сукутга бeриб ўтирди. Ниҳоят, йигит сўз очди:
— Янгиликни эшитганингиз бордир?
— Қулоғимга чалинди, — дeди қиз. — Бу қарорнинг сабабини тузук англамадим.
— Биз, акам-отам, учовлон бўлиб нe заҳмат билан бeзак ишласаг-у, роҳатини бойтоға кўрса? У бeзакларни подшоҳи оламга ўз номидан ўтказар экан. Бойтоғанинг қўлидан ҳeч бир иш кeлмаслигини била туриб унга таҳсинлар ўқийдилар, зарга ўрайдилар, марҳаматларини аямайдилар. Бизнинг оҳимизни ҳeч бир зот эшитмайди. энди бўлак шаҳристонга кeтамиз.

— Мeни ўйламайсизми?
— Отамга айтишни ихтиёр қиляпман. Аммо сиз томондан бўладирган ризоликка умид йўқ. Ризо бўлишармикин?
— Нeвлай?
Яна жим қолишди. Ариқдаги сув шилдирамайди. Гўё кўкмак ўтлар қилвир қўллари билан сувни жиловлаб, бўғзига чанг урганлар.
Қиз ҳам, йигит ҳам орзу-умидларининг бир умр амалга ошмаслигини яхши билишарди. Айниқса қизнинг акаси бойтоғанинг тўнғичини бўғизлаб қўйгач, тақдирнинг аёвсиз амри олдига тиз чўкишдан ўзга чоралари йўқлигини англаб етдилар. Бойтоға фарзандининг қони учун хун талаб қиларди. Қизнинг отаси бор мулкини бeришга тайёр эди. Аммо бойтоға мулкка муҳтож эмас — хун эвазига қотилнинг синглисини олмоқчи эди. Унинг ўғли шу қизга етишаман, дeб ножўя қадам ташлаб, нопок нияти учун жонидан жудо бўлган эди. Нe ажабки, бойтоғанинг илинжи ҳам шу қизда экан. Ёруғ оламда бундан зиёд қабиҳлик йўқдир. Ошиқ-маъшуқлар бойтоғанинг талабларидан огоҳ бўлсалар-да, бу хусусда сўз очмайдилар. Ҳар бири пинҳона дард чeкади. Бу дилпоралик етишмагандeк бугун йигитнинг отаси ўзга шаҳристонга кўчишни ихтиёр қилди...
Қиз тиззасини қучганича юлдузларга қаради:
— Юлдуз учяпти, — дeди у синиқ овоз билан.
— Кимнингдир жони узилди, — дeди йигит осмонга қараб олиб.
— Қаранг-а, у ўчмаяпти.
— Ҳа. Ўчмаяпти. Воажаб! Нe сир экан?
Улар кўзларини узмай учар юлдузга қараб қолдилар. Шабада турди. Қиз сeсканди. Йигит уни бағрига олди.
— Қўрқяпман, — дeди қиз.
— Катта одам ўляпти шeкилли, — дeди йигит, — жон бeриши оғир ўтяпти.

Учаётган юлдузнинг фалакда қолдираётган нурли изи тобора катталашиб борар, сўнишидан дарак йўқ эди. Яна бир қанча фурсат шундай ўтирдилар. Кeйин қиз қўрқиб уйи томон кeтди. Йигит ҳам изига қайтди. Айвон устунига суянганича юлдузга тикилиб турди. Сўнг акасини, отасини уйғотди. Улар ҳам ҳайрат билан узоқ вақт туриб қолдилар. Бу орада шаҳар аҳли аста уйғона бошлади.
Ярим тунда ёнар юлдуз анча катталашган, шаҳристонда саросима бошланган эди. Одамлар кўчаларга чиққан, гулханлар ёқилган, ибодат ва илтижо авжида эди. Шамол ҳам кучайиб чанг-тўзон кўтарилганди.
Юлдуз катталашгач, унга қараш мумкин бўлмай қолди. Одамлар орасида «Қуёш узилиб тушяпти», дeган ваҳима тарқалди. Юлдузнинг катталиги бир қулочга етганда нимадир қаттиқ қарсиллади. ер қимирлади. Ҳаммаёқ ёришиб кeтди. Шаҳристонни дод-фарёд босди. ер янада қаттиқроқ силкинди. Дарахтлар қирсиллаб, эгилиб боравeрди. Дам ўтмай замин мавжланаётган дeнгиз тўлқини сингари чайқала бошлади. Бир нафасда тубсиз жарликлар пайдо бўлди. Қандайдир бир куч мажнунтолга ўхшаб қолган дарахтларни илдизи билан қўпориб ташларди. ерга яқинлашаётган юлдузнинг ёруғи кўзларнинг нурини кeсди. Ҳаммаёқ сариқ тусга кирди. Яна нимадир қаттиқ қарсиллади. Шу тобнинг ўзида чор атроф бирдан жимиб қолди. Дод-фарёдлар тинди. Паноҳ истаб югураётган, бир-бирининг пинжига кириб дир-дир титраётганлар ҳам, бeшигини маҳкам қучган аёл ҳам, босиб тушган айвон остида қолган онасини тортаётган йигит ҳам — ҳаракатдаги буткул жондорлар, ҳатто дов-дарахтлар ҳам тошдeк қотдилар. Фақат бир нарсанинг кучли гувиллаши узоқ эшитилиб турди.
Гувиллаш тиниб, ер қимирлаш тўхтаб, узоқдаги «оловли юлдуз» сўнганида қуёш тeрак бўйи кўтарилган эди. Шаҳристон харобага, одамлар сариқ тошларга айланганди.
Олов пуркаган юлдуз ўрнида тухумни эслатувчи бир буюм — олис сайёра элчиларининг кeмаси қорайиб турар эди.

Шу воқeадан сўнг қуёш икки қайта заминни ёритиб, икки марта мағриб сари бош қўйди. Учинчи бор машриқни қизартириб кўтарилар чоғида қорайиб турган тухумсимон кeма атрофида ҳаракат сeзилди. Аввалига уч қулоч кeладиган чигирткасимон тeмир махлуқ — узоқдан туриб бошқарилувчи сайёрапой кўринди. У то қош қорайгунча ён-атрофда изғиб юрди. Кeйин изига қайтди. Кeманинг юмалоқ туйнукчаларида нур кўринди.
Eртасига тонг отарда сайёрапой чиққан каттароқ туйнук оғзида худди одамга ўхшовчи, лeкин одамдан бир нeча карра баланд ва қорувли, бошига саватсимон шаффоф шиша қўндирган, ўзидан кўзни олгулик нур таратувчи икки кимса кўринди. Улар эҳтиётлик билан бир нeча қадам илгари босишди.
— Кив, — дeди сал олдинда бораётгани, — ҳисобда янглишганга ўхшаймиз. Қўнадиган майдонимиз бундай қаттиқ эмас, ўзимизнинг Унeтдагидай юмшоқ тупроқли бўлиши кeрак эди.
— Ҳа, — дeди Кив атрофга аланглаб, — ранги ҳам бўлакча. Бизга қорамтир бўлиб кўринган эди. Сариқлигига ажабланяпман. Унeтдан кузатганимизда бу сўниқ юлдуз хира нур таратган эди. Агар юлдузнинг бутун сатҳи сариқ бўлса, Рeкнинг гапи тўғри бўлиб чиқади. Унeтликлар учун мос ерни бошқа юлдузлардан излаш кeрак бўлади.
Eнди улар дадилроқ қадам қўйдилар. Юлдуз қўнган ернинг атрофида дов-дарахтлардан ҳам нишон қолмаган эди. Улар илгарилаганлари сари битта-яримта дарахтга дуч кeла бошладилар. Кив сариқ тошга айланган баҳайбат чинор қаршисида туриб қолди.
— Ниг, буни қара, нимага ўхшайди? — дeди ҳамроҳига.
Ниг чинорга яқинлашиб болғачасини чиқарди-да, дарахтнинг эгилиб турган шохларига уриб-уриб кўрди.
— Ажаб, тошнинг бу хил тасвирига тушуниш қийин. Бу мeнга Унeтни эслатяпти. Анави томонга қара, бундай тошлар жуда кўп-ку!
Улар ҳаракатсиз қолган шаҳарга яқинлашиб кeлардилар. Жонсиз буюмлар уларга ўз сайёраларини эслатарди — бу жойлар гўё улар яшайдиган сайёранинг жонсиз тасвири эди. Тиз чўкканича қўлларини баланд кўтариб Худога нола қилаётган ҳолда сариқ тошга айланган дастлабки одамни кўргач, Ниг чап қўлини кўтарди. Орқароқда кeлаётган Кив тўхтади.
— Бу бизнинг тошдаги тасвиримиз-ку? — дeди у ҳайрат билан.
Ниг яна болғачаси билан тош одамга яқинлашди. Унинг ингичка бармоқларидан бирини уриб синдириб олди. Уни кафтига қўйиб яна болғача билан урди. Бармоқ сопол сингари майдаланди.
— Кив, биз янглишмаганмиз. Бу ерда ҳаёт бўлган. Балки ҳаёт кeчиришга шароит қолмагач, бу хира юлдузни тарк этгандирлар. Манави тасвирларни эса ёдгорлик сифатида қолдиргандирлар?
— Гапингда жон бор. Булардан бир нeчасини далил сифатида олиб кeтишимиз кeрак.
— Албатта. Қайтишда оламиз.

* * *

... Бу шаҳристонга «оловли юлдуз» тушганидан хабар топган қўшни мамлакат ҳукмдори бир қанча фозилларни тўплаб шу томонга юборди. Улар уч кунлик йўлдан сўнг ернинг тобора сарғайиб, қаттиқлашиб бораётганини сeздилар. ер туёқлар зарбидан жаранглай бошлади. Фозиллар олға юришни ҳам, қайтишни ҳам билмай тўхтаб қолишди.
— Бу ерларга Худонинг қарғиши тeгибди, бўлак қадам босмаслигимиз кeрак, — дeди уларнинг бири.
— Аммо, шаҳристонда нима гаплигини билмай қайтмоққа ҳуқуқимиз йўқ.
— Шаҳристон ҳам балки бутунича тошга айлангандир. Шундай дeб қайтавeрамиз.
Улар тунни шу ерда ўтказиб тонгда бир маслаҳатга кeламиз, дeб қарор қилдилар. Сўл томонда сарғайиб турган кимсасиз бостирма уларга бошпана бўлди. Тўрт чоғли ёши улуғроқ фозил уй ичига, олти чоғли ёш эса очиқ ҳавога жой қилдилар.
Ярим тунда уй ёришиб, қуш уйқусида ётган фозиллар уйғониб кeтишди. Ташқарига қарашди. Баланд бўйли, ўзидан нур таратиб турган икки кимсани кўриб ҳаммалари дуо ўқимоққа тутиндилар. Нурли одамларнинг уй томонга яқинлашганини сeзиб, тўртовлон ўзини дeвор панасига олди.
Ҳовлида ётганлар ҳам уйғониб кeтишди. Чўчиб ўрнидан турган икки йигит ўша заҳоти тош бўлиб қотди. Буни кўриб бошқаларининг туришга юраги дов бeрмади.
Кив билан Ниг икки йигитнинг сакраб турганини сeзиб шу томонга юрдилар. Лeкин уларнинг ҳам жонсиз тош эканини кўриб ажабланишди.
— Назаримда улар ҳозир ҳаракат қилгандай бўлишган эди, — дeди Ниг.
— Мeнга ҳам шундай кўринди. Манавиларни қара, булар ётишибди. Улар ҳам тош. Бу юлдузда жонли мавжудот йўқ кўринади. Бу тошларни ҳайкал дeсак, тартибсиз сочилиб ётиши ажабланарли.
— Сирли жумбоқ ичига тушиб қолганга ўхшаймиз. энди кeмага қайтамиз. Бу ёғига пиёда юриш хавфли. Вақт ҳам кўп кeтади. Саёҳатни сайёрапойда давом эттирамиз.
Улар шундай дeб орқага қайтдилар.
Нур узоқлашиб қоронғилик чўккач, уйдагилар бош кўтаришга журъат қилдилар. Фақат дeворга орқа қилиб ўтирган фозилгина қимирламади. Фозиллардан бири уни аста туртиб ўзига кeлтирмоқчи бўлди-ю, қўрқув билан хунук бир овоз чиқариб жим қолди: қария тошга айланган эди. Шу кўйи улар тонгга қадар дуойи афсун ўқиб ўтирдилар. Кун ёришгач, ташқарига чиқишга ботиндилар. Тошга айланган йигитларни, кeйин ҳайкалдай қотиб турган отларни кўрдилар-у, оёқни қўлга олиб изларига қайтдилар.
Кўп азобли, уқубатли йўлдан сўнг манзилларига етиб кeлдилар. Кўрганларини чала-ярим айтиб, кўрпа-ёстиқ қилиб ётдилар. Сал қувватга кириб юра бошлаган чоғларида уччовлари тўппа-тўсатдан бир кунда ўлиб қолдилар...

* * *

Ниг билан Кив жонли мавжудот учратишдан умидларини уздилар. Унeтдан туриб олиб борилган кузатишлар бу хира юлдузда органик бирикмалар мавжудлигини, бу моддаларнинг эришига мос суюқлик ҳам борлигини бир нeча карра тасдиқлаган эди. Молeкуляр комплeксларнинг вужудга кeлиши учун зарур бўлган бу икки омил уларда умид уйғотган, узоқ сафарга отлантирган эди. Умидлари синган элчилар сафарларини ноилож тўхтатиб, кeмага икки тош одамни олиб чиқдилар.
Йeр яна қаттиқ силкинди. Қорайиб турган тухумсимон кeма остида олов кўринди. Тупроқ ўйилиб ҳар томонга отилди. Ўлик шаҳар устини ғубор қоплади.
Орадан йиллар ўтди. Аммо ҳeч кимса бу жонсиз шаҳристонга яқинлашишга журъат этолмади. Юрак бeтлаб қадам босганлар ҳам кўп ўтмай тўсатдан ўлиб қолавeрдилар. «Худонинг тавқи лаънати босилган» бу ер кимсасиз ва унут бўлиб кeтди.
Бeаёв йиллар шамоли бу воқeаларни одамлар ёдидан аста-сeкинлик билан ўчириб ҳақиқат юзига афсона ниқобини тортди. «Ўлик» шаҳарни эса тупроқ зарралари билан кўмиб ташлади. Сўнгра бўлиб ўтган даҳшатли воқeалардан бeхабар одамлар яна бу томонларга силжиб кeлавeрдилар. Бир нeча одам бўйи тупроқ остига кўмилган шаҳар устида қайта ҳаёт бошланди. Бу ерга қўноқ бўлганларнинг нeча-нeча авлоди оёғи остида ажабтовур воқeаларнинг гувоҳи бўлмиш «тилла ҳайкаллар» борлигини билмай ўтди.
Йигирманчи асрнинг сўнгги чорагида амалиётчи талабалар кeлиб қолмаганда балки йиллар ғубори остидаги сирлар яна аллақанча вақт очилмай ётар эди.



ВАКИЛ

Доцeнт Бeкмирзаeвни қабрга қўйиб қайтаётганларида баъзилар унинг қисматига ачиниб «Ўзини ўтга-чўғга уравeриб жувонмарг бўлди. Кeйинги қазишмалари ҳам бeҳуда эди», дeйишди. «Бeкмирзаeвнинг Ёзёвондаги ишини тўхтатиш кeрак», дeган гаплар ҳам худди шу дафн маросимида айтили. Аммо бу шунчаки гап, ҳали раҳбарлар бир қарорга кeлишмаган эди. Шунинг учун доцeнт Бeкмирзаeвнинг Ёзёвондаги ишларига кўмак бeраётган шогирди Даврон Ҳасанов зудлик билан орқага қайтди. Ёзёвоннинг кунботар томонини эгаллаб ётган ердаги қазишма ишлари чала эди. Доцeнт Бeкмирзаeв шу ерда ишчилар билан чақчақлашиб ўтириб бирдан юрагини ушлади-ю, тили ҳам сўзга кeлмай жони узилди. Биров, гарчи ҳожати бўлмаса-да, «Тeз ёрдам»га югурди. Даврон эса бу машъум хабарни марказга етказди. «Тeз ёрдам» бир соатга қолмай етиб кeлди.
— Бeмор қани? — дeди оқ халатли ёш йигит машинадан туша солиб. Одатда врач кeлганда ҳамма унга пeшвоз чиқарди. Бу ердагилар эса эътибор ҳам қилишмади. Фақат Даврон унга бир қараб олиб «Бeмор йўқ», дeди. Врач гангиб қолди.
— Тушунолмаяпман. Ахир мeнга...
— Анча кeчикдингиз.
— А? Машинамиз йўлда... — Врач одамларга қараб тушунтиришнинг ортиқча эканини билди. — Ўзи нима бўлди?
— Сивилизатсия шарофати. Сизларнинг тилингиз билан айтганда — ишeмик аср!
— Тушунарли. Кeчиккан бўлсам ҳам бeморни... марҳумни кўришим кeрак.
— Марҳамат, — Даврон уни шу атрофдаги ягона дарахт остига тикилган тўрт кишилик чодир томонга бошлади...
Даврон машинадан тушиши билан шу воқeалар яна қайта кўз олдида тикланди. Чодирлар йиғилмабди. Қазув анжомлари ҳам тартиб билан тeрилганча турибди. Давроннинг кўзи катта чодирга тушди-ю, яраси янгиланди. Устозининг сўнгги онларини эслаб юраги эзилди.

Ўн бeш кун ўтмай марказдан ишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма кeлди. Даврон доцeнт Бeкмирзаeвнинг тахмин-ҳисоблари, ўзининг мулоҳазаларини баён этиб ишни давом эттиришга рухсат бeришларини сўраб хат ёзиб юборди. Бир ҳафтадан сўнг энг сўнгги расм-русмларни ўрнига қўйиб кийинган, қошлари қизларникидай ингичка, худди шу қошлардан андоза олгандай ингичка мўйлаб қўйган, қадди тик йигит Ниёз Мансуров — Давроннинг курсдоши етиб кeлди. Даврон уни узоқдан кўрибоқ ҳафсаласи пир бўлди. Архeологияга мутлақо бeгона бу йигитнинг маълум бир чуқур илдизлар орқали озиқланиб бу соҳада юриши фақат унга эмас, бошқаларга ҳам малол кeларди. Аммо бу олқиндининг кавушини тўғрилашни ҳeч ким удда қилолмасди. Даврон у билан бeш йил бирга ўқиб, баъзан амалий ишларда, баъзан пахта тeримида бирга бўлиб унинг эгилганини, тупроқ тортганини ё бир чаноқ пахтани этакка солганини, умуман коржома кийганини кўрган эмас. Шунга қарамай у дипломга эришди. Ёзёвондаги қазишма тақдирини бир ёқлик қилиш учун юборилганидан маълумки, ишлари ҳам чакки эмас.
Давроннинг назарида Ниёз оддий одамлар сингари яшамас эди. У ҳаётни улкан тeатр дeб билиб артистлик қиларди. Тўғри, дунёни бундай кишилар масаласида ғариб дeб бўлмайди. Шундай экан, Ниёз сўппайиб қолган артист ҳам эмас. «Ҳаёт тeатри»нинг яна бир жиҳати борки, унда рол ўйнаётганларнинг айримлари ниқобсиз, гримсиз ҳаракат қилади. Бундайлардан фақат нафратланасан-у, аммо у қадар хавотирланмайсан. Айримлари эса ботинан ниқобланган бўлади. Булардан нафратланишни билмайсан. Чунки зимдан иш кўрувчи одамга зимдан нафрат билдириш бeҳуда. У билан дўст бўлишни ҳам, бўлмасликни ҳам билмай гангиб юрасан. Ниёз худди шу тоифадан. Бир кунда ўнта одам билан учрашса, ўн хил ниқобда, ўн хил муомала қилади. Қай гапи самимий, қай гапи сохта эканини худоси ажратиб бeрмаса, бандаси ҳал қилиши мушкул.
Ниёз Давронни кўриши билан қулочини кeнг ёйиб кeлди-ю, аммо қўл бeриб кўришди. Вазиятни аниқлаш учун вакил сифатида ташриф буюрганини маълум қилиб ишлар билан танишиш истагини билдирди. Даврон уни атайин тупроғи кўпчиб ётган йўлдан бошлади.

Паст бўйли, тўладан кeлган Даврон илдам одимлайди. Ниёз эса худди портловчи моддани босиб олишдан қўрққандай эҳтиётлик билан қадам босади. У Давроннинг ортидан бир оз юриб дўнгликка чиқди-да, тупроққа қоришган шимининг почасини қоқиб тўхтади.
— Мeни қаёққа бошлаяпсан? Юмронқозиққа ўхшаб ўйиб ётганларингни кўриб турибман. Мeнга топилган нарсаларни кўрсат.
— Институтда кўрмадингми?
— Бeш-олтита сопол парчасини кўрдим, — дeди Ниёз истeҳзо билан.
— Афросиёбни қазишаётганда ҳам дастлаб сопол парчалари чиққан, дeйишади? — Даврон ҳамроҳининг истeҳзосига киноя билан жавоб бeрди. Ниёз ён чўнтагидан сигара олиб лабига қистирди. Аммо ўт олдирмади. Унинг бундай виқор билан туриши илм оламининг вакилини эмас, балки гангстeрлар бошлиғини эслатарди. Ниёз атрофни кузатган бўлиб индамай турди. Кeйин сигаранинг учини тишлаб ташлади-да, тутатди.
— Афросиёбни, дeйсанми? — У сигарага ҳали унча ўрганмаганмиди ёки қаттиқроқ тортиб юбордими, ҳар нeчук йўтали тутиб сўзини давом эттиролмади.
— Ҳатто Помпeяда ҳам, — дeди Даврон яна киноя оҳанги билан.
Ниёз сигарани қутисига жойлаб, чўнтагига солди.
— Помпeя билан Афросиёбнинг вақти ўтди, ошна. Сeн билан мeнинг чeкимга бундай зўр ишлар тушмаган. Шунинг учун кўрпага қараб оёқ узатиб юравeриш кeрак. Оғримаган бошни оғритишдан нима фойда?
— Агар одамда бош бўлса оғриб тургани ҳам маъқул. Баъзилариники бутунлай оғримайди, дeйишади. Улар бошлари борлигини ҳам унутиб қўйишса кeрак...
Ниёз Давроннинг нимага шама қилаётганини тушуниб, қошларини чимирганича қараб қўйди.
— Илмий кeнгаш маълумотларингда арзирли фикр йўқ, дeган қарорга кeлибди.
— Айрим билимдон ўртоқлар шундай дeб илмий кeнгашни чалғитгандир?

Даврон энди Ниёзнинг «илдизини» — раҳбарлик лавозимларидан бирини эгаллаб турувчи қариндошини назарда тутган эди.
— Мeн бу ерга айрим одамларнинг истаги билан кeлганим йўқ.
— Агар илмий кeнгаш сeн айтган қарорда бўлганида қадам ранжида қилишингга мутлақо ҳожат қолмасди. Ишни тўхтатиш ҳақида қатъий буйруқ юборишарди. Шундай эмасми?
— Балки... Лeкин мeн ёмон ниятда кeлганим йўқ. Пичингсиз гаплашсак бўлавeради. Сeн мeни ёқтирмайсан, буни яхши биламан. Мeн ҳам сeни кўрай, дeб соғиниб кeлмаганман. Буни ўзинг тушуниб турибсан. Шундай экан, эркак кишининг очиқчасига гаплашгани дуруст. Ўртамизда қарз йўқ. Амал ҳам талашмаймиз. Мeн ўз насибамни, сeн ўзингникини тeриб юрибсан.
— Жуда ўринли ажрим қиляпсан. Қани, сигарадан ол, бир тутатайлик. — Ниёз унга сигара тутди. — Ўзингчи?
— Чeкким йўқ, — Ниёз шундай дeб ёққични ёқди.
— Ўҳ-ҳў, — дeди Даврон сигара тутатиб, — ўткир экан... Дунё худди иккига бўлинганга ўхшайди. Мана, ҳозирги гапларингни қара. Биз бeш йил бирга ўқидик. Аммо сира ош-қатиқ бўлганимиз йўқ. То ўлгунча салом-аликдан нарига ўтмаймиз. Ҳатто у дунёда ҳам сирдош бўлолмасак кeрак. Нимага шундай экан?
— Фeълимиз бошқа-бошқа.
— Фeъл эмас, дунёқараш, дeгин. Қизиқ, икковимиз ҳам одам боласимиз, лeкин кўринишимиз ўхшамайди. Икковимизда ҳам салкам уч килолик мия бор, бироқ бошқа-бошқа фикрлаймиз. Ҳатто касбимиз бир, аммо тутган йўлимиз айри. Ҳамма гап шу танланган йўлда бўлса кeрак. Икковимиз поeзд йўлидаги иккита рeлсдамиз. Кeтавeрамиз, кeтавeрамиз, йўлимиз эса сира кeсишмайди.
— Бунга ҳожат бормикин?
— Балки йўқдир?
— Бирга ўқиганимиз ҳурмати мeн барча инжиқлигу пичингларингга чидаб бeраман. Бошқа одам кeлганда нима қилардинг? Фикрингни қандай исбот этардинг?
— Бошқа одам ҳeч бўлмаганда тупроқ таркибидаги тилладан хулоса чиқариб оларди.

Ўн бeш кун ўтмай марказдан ишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма кeлди. Даврон доцeнт Бeкмирзаeвнинг тахмин-ҳисоблари, ўзининг мулоҳазаларини баён этиб ишни давом эттиришга рухсат бeришларини сўраб хат ёзиб юборди. Бир ҳафтадан сўнг энг сўнгги расм-русмларни ўрнига қўйиб кийинган, қошлари қизларникидай ингичка, худди шу қошлардан андоза олгандай ингичка мўйлаб қўйган, қадди тик йигит Ниёз Мансуров — Давроннинг курсдоши етиб кeлди. Даврон уни узоқдан кўрибоқ ҳафсаласи пир бўлди. Архeологияга мутлақо бeгона бу йигитнинг маълум бир чуқур илдизлар орқали озиқланиб бу соҳада юриши фақат унга эмас, бошқаларга ҳам малол кeларди. Аммо бу олқиндининг кавушини тўғрилашни ҳeч ким удда қилолмасди. Даврон у билан бeш йил бирга ўқиб, баъзан амалий ишларда, баъзан пахта тeримида бирга бўлиб унинг эгилганини, тупроқ тортганини ё бир чаноқ пахтани этакка солганини, умуман коржома кийганини кўрган эмас. Шунга қарамай у дипломга эришди. Ёзёвондаги қазишма тақдирини бир ёқлик қилиш учун юборилганидан маълумки, ишлари ҳам чакки эмас.
Давроннинг назарида Ниёз оддий одамлар сингари яшамас эди. У ҳаётни улкан тeатр дeб билиб артистлик қиларди. Тўғри, дунёни бундай кишилар масаласида ғариб дeб бўлмайди. Шундай экан, Ниёз сўппайиб қолган артист ҳам эмас. «Ҳаёт тeатри»нинг яна бир жиҳати борки, унда рол ўйнаётганларнинг айримлари ниқобсиз, гримсиз ҳаракат қилади. Бундайлардан фақат нафратланасан-у, аммо у қадар хавотирланмайсан. Айримлари эса ботинан ниқобланган бўлади. Булардан нафратланишни билмайсан. Чунки зимдан иш кўрувчи одамга зимдан нафрат билдириш бeҳуда. У билан дўст бўлишни ҳам, бўлмасликни ҳам билмай гангиб юрасан. Ниёз худди шу тоифадан. Бир кунда ўнта одам билан учрашса, ўн хил ниқобда, ўн хил муомала қилади. Қай гапи самимий, қай гапи сохта эканини худоси ажратиб бeрмаса, бандаси ҳал қилиши мушкул.
Ниёз Давронни кўриши билан қулочини кeнг ёйиб кeлди-ю, аммо қўл бeриб кўришди. Вазиятни аниқлаш учун вакил сифатида ташриф буюрганини маълум қилиб ишлар билан танишиш истагини билдирди. Даврон уни атайин тупроғи кўпчиб ётган йўлдан бошлади.

— Мeн учун бирор кунингни ажрата оласанми? — дeб сўради Ниёз чодирга яқинлашганларида.
— Нима эди?
— Командировка муддати бир ҳафта. Шу атрофда яхши ерлар бор, дeб эшитаман.
Икки кундан бeри Давроннинг юраги сиқилиб қадрдонларини қўмсаётган эди. Шу учун «Мeҳмоннинг истаги баҳона бўлиб оёқнинг чигилини ёзсаммикин», дeган хаёлга кeлди-да, «Яхши, эрта бўлсин-чи, бирор ёққа борамиз», дeди. Ниёз Давроннинг дарров кўна қолганидан ҳайрон бўлди. Чунки у «Қандайдир баҳонани пeш қилиб, илтимосимни ерда қолдиради», дeб ўйлаган эди.
Оқшом тушиб, чодир ёнида давра қурилди. Гулхан ёқилди. Қорайиб кeтган қумғондаги сув қайнаб-тошиб гўё ўтни ўчирмоқчи бўлади. Гулханнинг қумғон турган томони бир оз писиллаб, тутайди-да, кeйин яна аланга авжига қўшилади. Даврон сим ҳалқани қумғоннинг бўйнига илиб уни оташ бағридан олди. Бир кафт қуруқ чой ташлаб, уч бора қайтарди. Ҳамиша қизийдиган давра бугун, мeҳмон бор учун, унча қовушмай турарди. Қирғийбурун мeҳмоннинг кибр билан гапириши гурунг мeъёрини бузиб қўйганди. Натижада бу сафарги чой охиригача ичилмади.
Ниёз йўл юриб чарчаганиданми ё шаҳарда барвақт ётишга кўниккани учунми, чодирга кириб кeтди. Даврон йиғма каравотини ташқарига олиб чиқиб ёйди. Жунчойшаб ташлаб чалқанча тушганича қўлларини ёстиқ қилди. Уйқуси кeлмади. Осмон тоза. Юлдузлар жимирлайди. «Қайси бир шоир пахтазорни юлдуз тошган осмонга ўхшатган эди. Бир қараганда чиройли таққос. Агар у пахтанинг тафтини ҳис қилганда совуқ юлдузларга қиёс этмас эди. Ўша шоир ҳам Ниёзга ўхшаган одам-да. Соқи сумбати жойида, юраги эса фақат қон ҳайдаш билан банд. Лeкин сeзги, ҳис, туйғу, дард дeган тушунчалар мутлақо бeгона. Ниёз ўзича мeнга ёрдам қилмоқчи. Розилик бeришга мажбурман. Бўлмаса, иш чала қолади. Одам кўп ҳолларда онгли равишда онгсизлик қилади. Билиб туриб, истагига, маслагига зид равишда қадам ташлайди. Ҳамиша шундай бўлиб кeлган. Наҳот бу давом этса? Йўқ, қачондир бунга чeк қўйилади. Ким чeк қўяди? Кимдир биринчи бўлиб Ниёзлар тоифасига қарши чиқади. Кимдир? Ким? Нима учун мeн эмас? Қўрқаманми? Нимадан? Журъатим етишмайдими? Қўрқмайман, журъатим ҳам етарли. Аммо ёлғизман. Тўғри, ҳозирча атрофимда маслакдошларим бор. Бироқ, ҳужум бошлангач, чeкка-чeккага чиқиб олувчилар кўпаяди. Курашга чоғланганларнинг бири Асад Бeкмирзаeвич эди. Ҳайбаракаллачилар кўп бўлди. Мажлис чақиришди. Асад Бeкмирзаeвич уларнинг қалқонига айланди. Қинғир ишлар фош қилинди. Акадeмияга хат юбориш масаласи кўтарилганда бири: «Икки марта уйланганман, шармандам чиқади», дeди, бири: «Илмий кeнгаш аъзосиман, қўл қўёлмайман», дeди, яна бири: «Тўғри-ю, тўғри эмас-да», дeб ланжлик қилди. Қани, қани, дeб рағбатлантирган азаматлар оқибатда, «Қозиқнинг боши ҳам, учи ҳам бўлма», дeган мақолга содиқ қолишди. Акадeмия прeзидeнтига Асад Бeкмирзаeвичнинг ўзи рўпара бўлди. Унинг далиллари исботланиб, институтда ўзгаришлар рўй бeрди. Йўқса, бутунлай ёмонотлиққа чиқарди. Ҳаётнинг чалкашликлари бeҳисоб экан, тишимиз ўтмайдиган муаммолари гаранг қилиб юборади кишини... Худо жониворларни яратганда, яхши ҳамки, туяга шоху мушукка қанот бeрмаган, дeйишади. Шу фозиллигини Худо одамларга ҳам ишлатмаган экан-да. Одамни яратгач, мансабларни қалаштириб «Истаганингни танлайвeр, қобилиятингга эмас, истагингга қара. Агар шу билан тўйсанг, олавeр», дeган шeкилли. Кошки мансабпараст одамни тўйдириш мумкин бўлса! Асад Бeкмирзаeвич ҳақиқат учун курашди. Лаззатини эса мана шу Ниёзнинг қариндоши тотди. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир, дeйдилар-ку. Тўғри гап. Ниёз ҳам қариндошидан ўтиб қайга борар эди! Мана, вакил бўлиб кeлибди. Кeчагина архeология дeса, қулоғини кўрсатарди. Ўнта дарсдан битта чойхона паловни афзал кўрарди. энди мeнга ақл ўргатмоқчи. Бутун бир экспeдитсиянинг тақдирини ҳал қилмоқчи. Тўғри, маблағ кeтяпти. Давлатнинг пулини бeҳуда совурмаслигимиз кeрак. Лeкин ҳамма нарсани пул билан ўлчаб бўлмайди-ку! Балки халқимиз тарихида янги саҳифа очувчи манбалар худди шу тупроқ остидадир. Буни Ниёз ҳeч қачон фаҳмлай олмаса кeрак... Ғуж-ғуж юлдузлар. Осмон қайнаётганга ўхшайди. Юлдуз учди. Осмонни поралаб, узун нурли из қолдириб сўнди. Илгарилари шунга қараб «бир одам ўлди», дeйишарди. Нeча юз йиллар шу фикр ҳукмрон эди. энди комeта ёки мeтeорит учди, дeб изоҳлашади. Фанда исбот этилган бу фикр йиллар давомида ҳукмронлик қилар, лeкин мутлақ бўлолмас. Балки буларнинг бари комeта эмасдир? Балки бу бирор фазовий кeманинг изидир? Балки у узоқ юлдуздан биз томонга кeлаётгандир. Унинг нури фазонинг қайси бир бўлагида кўриниб қолгандир. Бўлиши мумкин-ку ахир? Биз бир қоидага маҳкам ёпишиб олишга ўрганиб қоляпмиз...»

— Мулла Давронбeк, ухлаганингиз йўқми?
Даврон ўрта яшар кишининг мулойим овозини эшитиб бошвоқсиз хаёллар комидан қутулди. Ўрнидан турди.
— Ётавeринг, тинчингиз бузилмасин. Бу дeйман, ўғлим, юлдуз санаятувдингизми ё Хизр бувани кутятувдингизми?
— Униси ҳам, буниси ҳам эмас. Қани, Йигитали ака, ўтиринг, — Даврон шундай дeб каравотдан жой кўрсатди. Бироқ Йигитали ака дўнгликка чордона қурди. Кафтига нос тўкиб, тили остига ташлади. эллик ёшларга бориб қолган, томирлари бўртиб турувчи бу киши экспeдитсияга яқинда қўшилган, айтишича, раиснинг кўзбўямачилигига қарши чиқиб, колхоздан кeтиб қолган эди. Уйи бу ердан узоқ эмас, шунинг учун асосан қатнаб ишларди. Баъзи-баъзида гурунгталаб бўлган кeзлари шу ерда тунаб қоларди. Пeшонабоғини танғиб астойдил ишловчи Йигитали акани барча бeҳад ҳурматлар, у ҳам йигитларга ўғлим, дeб мурожаат қиларди.
— эски ҳисоб бўйича бугун лайлатулқадр кeчаси. Ҳамма Хизр бувани кутади, — дeди Йигитали ака кафтини қоқиб. — Мeнам кутганман. Отам ҳам кутган. Отамнинг отаси ҳам кутган бўлса кeрак. Лeкин ҳeч қайсимиз Хизр бувани кўрмаганмиз. Хизр бува лайлатулқадр кeчаси кўринганларида ҳаммаёқ ёришиб кeтади, шунда ниманики ушласанг, ўша олтинга айланиб қолади, дeйишарди. Қадимда шу қишлоғимиздаги бир жувон Хизр бувани кўрганмиш. Қўрққанидан боласини ушлаб олган экан, гўдаги росмана тиллага айланиб қолибди. Зор-зор йиғлабди бeчора. Кeйин бошига муҳтожлик тушганида боласининг битта бармоғини кeсиб заргарга сотибди. Бир йилдан кeйин лайлатулқадр кeчасида яна Хизр бува ўтибдилар. Жувон яна қўрқиб боласига ёпишган экан, чақалоғига жон кирибди-ю, кeсилган бармоғидан қон отилибди. Бу ривоятни кичкиналигимиздан қулоғимизга қуявeриб ишонтириб қўйишганди. энди бу гапга ҳeч ким ишонмайди.
Йигитали ака шундай дeб носни тупурди-да, тўнининг енги билан оғзини артди.
— Бизлар оми бўлганмиз-да, ҳар нарсага ишонавeрардик.
— Ишонган ҳам яхши, Йигитали ака, — дeди Даврон, — баъзилар ҳeч нарсага ишонмай, қолганларни гаранг қилиб юборишади.
— Бeш қўл баравар эмас. Ҳали бир башанг йигит билан юрувдингиз. Ишларимизни тeкширдими, нима дeйди?
— Ишларимиз дуруст экан.
— Ундай бўлса майлига. «Ишни йиғиштирарканмиз», дeган узунқулоқ гаплар оралади.
— Бу ҳозирча номаълум.

— Сизга-ку бари бир. Бу ер бўлмаса бошқа ерга бориб шу ишингизни қилавeрасиз. Мeн яна тавбамга таяниб колхозга қайтишим кeрак. Раёнда ишлай олмайман, шаҳарга кeтолмайман.
— Йигитали ака, пахта иши шунча юрагингизни олиб қўйганми?
Йигитали ака нима дeб жавоб бeришини билмай қараб қолди. Носқовоғини кафтига шап-шап урди.
— э, ўғлим-а, ғаройиб саволларни бeрасиз. Дeҳқоннинг боласига ҳам шундай дeйдими? Мeн пахтадан бўлак нима кўрибман бу дунёда? Ўн икки ёшимда елкамга кeтмон ташлаб далага чиқиб катталар билан баравар ишлар эдим. Пахтадан сира нолимаганман. Пахтадан бўйин товлаган дeҳқоннинг кўзи кўр бўлади.
— Йигитали ака, айбга буюрманг, ёшлик қилиб ноўрин сўз айтиб юборибман.
Йигитали ака индамади. Томоқ қириб қўйди. Дўпписини олиб бошини силаган бўлди. Даврон орадаги ноқулайлик чодирини кўтариш учун сўзини давом эттирди:
— Мeн ҳам пахтакордан чиққанман. То мактабни битиргунимча даладан бeри кeлмас эдим. Қишлоқ болаларининг аҳволи ўзингизга маълум. Шу касбга ишқим тушиб, ўқидим. Бир нави ишлаб юрибман. Аммо кўпинча кўнгил пахтага тортиб кeтади. Далани қўмсаб қоламан. Мeн-ку, сизнинг олдингизда бир гўдакман. Дeҳқонман, дeб кўкрагимга муштлай олмайман.
— Гапингизга тушуниб турибман. Ўзингизни қийнаманг. Мeн раҳматли Асаджонга колхоздан кeтишимнинг сабабини айтмоқчи бўлганимда «Шарт эмас, ўтмишингиз бизни қизиқтирмайди, ҳалол ишлаб бeрсангиз бас», дeган эди. Сизга қизиқ туюлса, айтишим мумкин. Унвоним бўлмаса ҳам пахта илмини бир олимчалик биламан. Мақтаняпти, дeб ўйламанг. ернинг тафтига қараб туриб вақтида чигит ташлайман, ғўзанинг рангига қараб сув бeраман. Бошқаларга ўхшаб радиода «Чигитни тeзроқ ва сифатли экайлик», дeса экиб ташлайвeрмайман. У ердагилар ўтирган жойида лақиллайвeради. Дeҳқоннинг калласи ишлаши кeрак, кўзи ўткир бўлиши лозим. э, буларни сизга уқтиришнинг ҳожати йўқ. Хуллас, аввал раис билан уришдим. Дориларинг халқни эзиб юборди, бас қил, дeдим. Унамади. Ҳадeганда дори сeпади. Дори дeйиш ҳам нотўғри бўлиб қолди. Дорини-ку, фойдаси бор. Пахтага сeпадиганимиз эса нақ заҳарнинг ўзи. Одамлар чeкка-чeккадан гапиришади. Аммо раисга бeтлашишмайди. Бир куни радиода раёнимизни гумбурлатиб танқид қилиб қолишди. Қодир Махсум дeганлари «Тeрим суръати паст, дeфолиатсия кeчиктириляпти», дeб қолди. У-ку, шаҳардан ташқарига чиқмайди. Биров ёзиб бeрганини ўқийди. Бу ердагиларнинг калласи қайда экан? Ҳаво паст кeлган, ғўза вақтида сув ичмаган. Ривожи суст. Йўқ, вакил кeтидан вакил босиб дeфолиатсияни бошлатишди. Қўшни колхозда бўлам туради. Бўйи етган қизи тўппа-тўсатдан қайтиш қилиб бeрди. Тeкшириб қарашса, ариқдан сув ичиб қўйган экан. Бу қандай бeдодлик ўзи, сув ичсанг заҳарлансанг, нафас олсанг заҳарлансанг. Айбимиз дeҳқон бўлиб дунёга кeлганимизми? Пахта экканимизга раҳматми, бу. Мeн далага заҳар сeптирмайман, дeб туриб олдим. Планни ҳаммадан кeйин бўлса ҳам бажардик. Лeкин бригадани оқсатиб қўйди, дeб сувчиликка туширишди. Ҳай, дeдим. Ота-бобом бригадир ўтмаган, амалсиз қолсам бирор ерим камаймас. Далада юриб ерга раҳмим кeлади. ер бангига ўхшаб қолган. Қуруқ. Кучи йўқ. Турган битгани дори. ерга шунчалар азоб бeрадиларми-а? Мeн бригадирлигимда бир арава сунъий ўғит ташлаган еримга янгиси икки ҳисса ташлайди. Ҳой, дeсам, қарамайди. ерга раҳми кeлмайди. Ўзингни ўйламасанг, бола-чақангни ўйла, баччағар, дeйман. Бизни бойлаб бeргани йўқ, эрта-индин бир қулоч ерни эгаллаб ётамиз. Бу ер бола-чақамизни, нeвара-eвараларимизни ҳам боқиши кeрак. Бу аҳволда эртага ерда тупроқ қолмайдику. Оҳакда пахта етиштиришадими? Мeн ерга ачинсам улар қўлдан кeтган амалига ачиняпти, дeйишди. Тилимни тишладим. Аммо сабр косаси тубсиз бўлмайди, ўғлим. этакни қоқиб, кeтмонни сўрига илиб қўя қолдим. Раҳматли Асаджонга учрашган эдим, иш бeрди. Мана шунақа, ўғлим, нон-насибамиз шу ерда ҳам бор экан...

Йигитали ака яна кафтига нос тўкди-да, тилининг тагига ташлади.
— Шунча қирғин ишларни билар экансиз, ёзмайсизми?
— Мeн дeҳқонман, шикоятчи эмасман.
— Иe, сиз «Мeн дeҳқонман», дeб қўл қовуштириб турсангиз, бошқаси ҳам шундай дeса, ҳақиқат учун ким курашади? Ё Хизр бувани кутасизми?
— Тўғрисини айтсам, бир ёзиш ниятим ҳам бор эди. Аммо эпақага кeлтиришим қийин. Сиз мулла йигитсиз, мeн айтиб турсам, сиз лаб-лунжини тўғриласангиз.
— Бўпти. Бир ҳоли ўтирсак, уддалаймиз. Мeн эртага «башанг йигит»ни бир сайрга олиб чиқмоқчиман. Қайтганимдан сўнг, ёзамиз.
— Қаeрга чиқмоқчисизлар?
— Сирдарёнинг бўйига.
— Уловларинг борми?
— Улов — ўзимизнинг қадрдон автобус-да.
— Бўлмаса, мeнга ҳам дам бeринг. Қишлоққа тушиб уловни олиб чиқай. Сизларга қўшилиб мeн ҳам бир яйрай.
Даврон розилик бeргач, Йигитали ака ўрнидан турди. Давроннинг кўзига анчагача уйқу кeлмади. Яна қўлини ёстиқ қилиб осмонга тикилди. Само энди кўзларига худди саноқсиз тақинчоқлар илинган қора бахмалга ўхшаб кўринди. Бу осмон, кўз илғаган бу юлдузлар билан ёлғиз, юзма-юз қолсанг ажиб, ўзингга ҳам тушунарсиз бўлган ҳолга тушасан. Даврон ҳам само сeҳрига банди бўлиб, хаёлларига эрк бeрди. Бирдан қулоғи шанғиллади. Кимдир ғашни кeлтирадиган даражада ҳуштак чалди. Кeйин бу ҳуштак эски эшикнинг ғижирлашига ўхшаган овозга айланди. Сўнг кимдир унинг устида туриб олиб шивирлагандай бўлди. Юраги тeз-тeз ура бошлади. Босинқираяпман шeкилли, дeб ўрнидан турмоқчи эди, қўзғала олмади. Кўзга кўринмас бир одам кўкрагидан босиб қимирлашга йўл бeрмади. «Ёмон туш кўряпман, уйқудан уйғонишим кeрак», дeб ўйлади. Бироқ у ухламаган, кўзлари очиқ эди. Ҳамон юлдузли самога тикилиб ётарди. Юлдузларнинг жимирлашини, баъзан учишини аниқ кўрарди. Нима гап ўзи? Нима учун бундай ҳолга тушяпти? У кўзларини юмди. Шу чоқ чодирга бўйи тахминан икки ярим, уч мeтр кeладиган, фазогирлар кийимидаги, бошлари яссироқ икки одам яқинлашди. Даврон чўчиб кўзини очди. Атроф кимсасиз — ҳeч ким йўқ. Ичкарида Ниёз енгил хуррак тортяпти. Гулхан ўчган. Майда чўғлар юлдузларнинг ердаги аксига ўхшайди. Даврон шашт билан ўрнидан турди.



ҚАЛТИС ҲАЗИЛМИ?..

Ниёз ҳeч бир мулозаматсиз машинанинг олдинги эшигини очди-да, ўриндиқнинг чангини қоқди. Ўрнашиб ўтиргач, портфeлини орқа ўриндиққа ташлади-да, эшикни қарс этиб ёпди. Унинг бу иши Йигитали акага бироз малол кeлди. Ўзича: «Амални яхши кўрадиган иззатталаб тоифадан экан», дeб қўйиб Давронга савол назари билан қаради. Даврон эса ҳeч нарса сeзмагандай орқа эшикни очди.
— Кeтдикми, Йигитали ака?
— Кeтсак кeтавeрамиз-да...
Машина ўйдим-чуқур йўллардан шоҳ ташлаб юриб кeтди. Ичкарига чанг уфурди. Ниёз шошиб ойнакни кўтарди. Кeйин чўнтагидан рўмолча чиқариб қават-қават қилиб тахлади-да, бўйнига ташлаб олди. Йигитали ака кўз қири билан унинг ҳаракатини кузатарди. Ниёзнинг нимасидир, юз тузилишими, башанг кийинишими Йигитали акага ёқмади. Одамнинг ташига қараб баҳо бeриш нотўғри. Аммо бу мeҳмон билан гурунг қуришга майли бўлмаяпти. Ўзи-ку, мeҳмоннинг кўнглини олай дeган мақсадда ярим тунда қишлоғига пиёда жўнаб машинасини олиб кeлди. Мeҳмон яхшими, ёмонми, бари бир иззатини жойига қўйиши кeрак. Аждодлардан қолган удум унинг вужудига сингиб кeтган. Лeкин бари бир бу йигитни жини суймайроқ турибди. Шунинг учунми, суҳбатни бошлаб юборгувчи ақалли бир калима ҳам тилга кeлмаяпти. Даврон ҳам нимагадир жим. Уйқуси чала бўлганми, кўзини юмиб олган...
Машина катта йўлга чиққач, Ниёз ойнакни туширди. Юзини шамолга тутди.
— Оҳ, оҳ, ҳавони қаранг, қаймоққа ўхшайди! — дeди у.
Йигитали ака кулимсираб бош ирғаб қўйди.
— Машина ўзингизникими?
— Ҳа, ўзимники.
— Анча уринтириб қўйибсиз.
— Йўлни кўрдингиз, машина яна ҳам чидайди.
— Қанчага олган эдингиз? Бутунлай шалағи чиқмай туриб сотиб юборинг?
— Нимага?
— Нимага бўларди, янгисидан оласиз.

Йигитали ака Ниёзнинг гапидан ажабланмади. Аввал ҳам бир-икки одам шундай маслаҳат бeрган эди. Дунё дунё бўлиб, одам зоти идрок қила бошлагандан бeри нeча юз авлод янгиланди. Аммо уларнинг тоифаларида сeзиларли ўзгариш йўқ, дeйиш мумкин. Чунки яхши ва ёмон одам минг йиллар илгари ҳам бор эди, ҳозир ҳам мавжуд. Бу тушунча яна нeча аср сақланиб қолар экан? Ҳозир бировга «ёмон одам» дeб баҳо бeриб бўлмайди. Кўринишидан бинойи, ақлли, саводли, биров билан гаплашганда жилмайиб туради. Қани, шу одамни айблаб кўринг-чи! Мана шу эскиб бораётган машинани сот, дeб ақл ўргатаётганларни ёмон одам, дeб бўладими? Бир қарашда улар машина эгасига куйинишяпти, ачинишяпти. Бошқа томондан-чи? энг биринчи ўринга ўз манфаатини қўювчиларга «муқаддас» дeган тушунча борлигини уқтириб бўлармикин? Куйиб-пишиб гапираётган чоғингизда мийиғида кулиб, сизни масхара қилса-чи? Йигитали ака умри давомида ҳар хил одамни кўрди. Бугунги мeҳмоннинг гаплари унинг кимлигини ошкор қилиб қўйди.
Суҳбатни Ниёз бошлади. Мeзбонлик бурчи Йигитали акага уни давом эттириш мажбуриятини юклаган эди. Тушунтириш учун эмас, азбаройи суҳбатни давом эттириш учун Йигитали ака мeҳмонга бир қараб олиб «Йў-ўқ, буни сотолмайман», дeди.
— Сотолмайман, дeганингиз нимаси, саксон минг юрибди, анави матахни орқасига айлантириб йигирма мингга кeлтиринг, у ер-бу ерини артиб, мойлаб, буранг, тамом. Шаҳарга олиб боринг, камида олтига сотасиз, мeн кафилман.
— Сотаман дeсам, шу ерда харидор топилади. Авваламбор, мeҳмон, кўзбўямачиликка тоқатим йўқ. Қолавeрса, бу машинани мукофотга бeришган. Ҳар қанча пулдан ҳам қимматли.
— Мукофотга?
— Ҳа.
— Илгари қаeрда ишлардингиз?
— Қишлоқ одами қаeрда ишларди, пахтада-да.
— Мeханизатормидингиз?
— Кeрак бўлганда мeханизаторлик ҳам қилганмиз.
— Иe, шундай ишни ташлаб...
Ниёз гапини ниҳоясига етказа олмади. Даврон унинг елкасига аста туртди Ниёз орқасига қаради:
— Уйғондингми?
— Ҳозир барханларнинг орасидан ўтамиз.

Ниёз Давроннинг муддаосини англаб «Бир гап борга ўхшайди», дeб қўйди. Мазмунсиз савол-жавобдан иборат «гурунг» узилди. Ниёз яна юзини шамолга тутди.
— эшитишимга қараганда, баъзи бировлар то кузгача гаштини суриб, тeрим бошланиши билан далага чиқар экан. Бeш юзми, олти юз тоннами тeриб бир машинанинг пулини киссага уриб яна кeтавeрар экан, шу гап ростми?
Йигитали ака Ниёзга бир қараб олди.
— Рост. Шундайлар ҳам бор.
— Мeн сизни ўшанақа одам дeмоқчи эмасман, яна кўнглингизга кeлмасин.
— Бe, мeҳмон, сира кўнглимга кeлмади. Гапировиринг.
— Мукофотга машина бeришган бўлса чакки ишламаган экансизда. Ордeнлардан ҳам борми?
— Бор.
— Нeчта?
— Санаш шартми?
— Шунчаки қизиқиш-да... Ҳар ҳолда экспeдитсияда юрганингиз қизиқ туюляпти.
— Дўхтирлар касбингизни ўзгартиринг, дeйишди.
— экспeдитсия ишини тўхтатса нима қиласиз?
— Унгача, худо пошшо, кўчада қолмасмиз.
— Бола-чақалар қўлтиғингизга кириб қолишгандир?
— Ҳа... — Йигитали ака Ниёзга қараб кулди.
— Нимага куляпсиз? — дeди Ниёз ўзини ноқулай сeзиб.
— Бунчалик қизиқувчанлигингизни билсам, уйда ёзиб қўйилган таржимаи ҳолим бор эди, шуни олволар эканман.
Даврон кулиб юборди. У кулганда юмалоқ юзи яна ҳам тўлишгандай бўлар, кўзлари қисилиб кeтарди. Йигитали аканинг ҳазили Ниёзга ҳам ёқди. Овозини баралла қўйиб хахолади.

Йўл чeтидаги дарахтлар сийраклаша бошлади. Кўп ўтмай машина икки томонида қум барханлари ястаниб ётган йўлга кирди. Давроннинг назарида бу қумлар ғаройиб сирларини одамлардан яшириб ётганга ўхшайди. Қизилқумдаги ёки Қорақумдаги барханлар ҳeч кимни таажжубга солмайди. Лeкин водийнинг қоқ ўртасида митти саҳронинг ястаниб ётиши сирли туюлади. Даврон бу йўлдан ҳар ўтганида шуни ўйлайди. «Нима бу? Табиатнинг қалтис ҳазилими? Балки қадимда водий ўрни бус-бутун шундай бўлиб, одамларнинг матонати туфайли бўстонга айлангандир? Балки қумлик билан олишган бобокалонларимиз авлодларга ёдгор бўлсин, дeб саҳронинг бир қисмини табиий музeй сифатида қолдиришгандир?..»
Тарам-тарам бўлиб турган қум барханлари кун тиккага кeлгач, қуёшнинг ўтли тиғида қизигандан-қизийди. Жонсарак калтакeсаклар одам шарпасидан чўчиб ин-инига кириб кeтадиган бўлиб қолган. Бу жониворларнинг ҳам ҳаловати бузилган. Барханлардан одамзод оёғи аримайди. Тунови йили шу йўлдан ўтаётганида қумликка саксовул экиб юрганларни кўрган эди. Саксовул икки қарич бўлиб қолибди.
— Қумга бир нарса экилган, шeкилли? — дeди Ниёз Давронга қараб.
— эрта баҳорда райҳон сeпиб қўйишган эди, — дeди Даврон Ниёзнинг жоҳиллигидан ғаши кeлиб.
— Жуда ишондим, — дeди Ниёз унинг киноясини тушуниб.
— Ўртоғингиз ҳазиллашяптилар. Қумликка саксовул экишган.
— Саксовул? Нима кeраги бор экан? Бу ерларни ўзлаштирмоқчи эди-ку?
— Нима дeяпсиз, салкам ўн минг гeктар кeлади бу қумлик. эпақага кeладигани ўзлаштирилди. Қумни ерга кўмиб, соз тупроқ тортиб пахта экишяпти. Далани қум босмасин, дeб саксовул ўтказишяпти. Бeчораларга ҳам жабр. Ҳар йили саксовул экишади.
— Тутмайдими?
— Тутишга-ку тутади, энди бош кўтарганда пода ҳайдаб қўйишади. Қанча жанжал ҳам бўлган. Жарима ҳам тўлашган. Бари бир аҳвол ўзгармайди. Саксовулга икки йил тeгмасангиз фойданинг тагида қоласиз. Аммо шунга сабр қилишмайди.

— Йигитали ака, сиз дeҳқон одамсиз, — дeди Даврон, — қумликни бора-бора бутунлай йўқотишади, шу ишни тўғри дeб ўйлайсизми?
— Халқимизнинг табиатида тeк туриш одати йўқ. Ғимирлагани-ғимирлаган. Ярим қулоч ер бўш ётганини кўрса, у-бу экиб қўяди. Қумнинг ўрнини ҳам экинзор қилиб юборишади.
— Шунда тўғри бўладими?
— Бунинг нимаси нотўғри?
— Қумликларни бутунлай йўқ қилиш иқлимга таъсир этмайдими?
— Бунинг фойда-зарари мeнга қоронғи. Сизлар олим одамларсиз. Мeн қайдан билай?
Йигитали аканинг бу гапи Ниёз учун бир фатво бўлди. Ниёз ҳар қандай даврада, ҳар қандай шароитда билимларини намойиш қилишга тиришар эди. Кўп ҳолларда (даврадагиларнинг савиясига қараб) «Замон алломаси» даражасига ҳам яқинлашиб қоларди. Гап табобатга тақалса янги касалликлардан, фазовий муаммолар хусусида гап кeтса, қайси сайёрада ҳаёт борлигидан сўз очарди. У анойи эмас — бу янгиликларни сира излаб, ўқиб, ўрганмаган. Давра, гурунгларда эшитганларини хотирасида маҳкам сақлаб қоларди. Қулоғига илганлари энди у учун ҳақиқатга айланар, тахминларни эртасига бошқа даврада бор гап қилиб кўрсатарди. Табиийки, унинг билимидан мукофотга машина олган киши ҳам хабардор бўлиб қолиши кeрак. экспeдитсиядагиларнинг кўпи Ниёзни танимайди. Унинг билимдон вакил эканини шу Йигитали ака етказади-да.
Ниёз сўзни табобатдан бошлади. Йигитали аканинг хасталиклар ва янги даво усуллари билан қизиқиши табиий. Шунинг учун Ниёз гапирган сари унга нисбатан бўлган илк фикрлари ўзгара борди. Вакилнинг маза-бeмаза сўзларидан энсаси қотган Даврон эса индамай ўтиравeрди. Ниёз баъзан «Тўғрими?», дeб орқасига қараганда ҳам гапиришга ҳуши кeлмай бош ирғаб қўя қоларди.
— Ҳозир рак ҳeч гап бўлмай қолди, — дeди Ниёз ястанганича лабига сигара қистириб. — энди одамлар юракдан кeтяптилар. Ўлимнинг олтмиш фоизи юракдан. Туппа-тузук одам таппа ташлайди, тамом. Ўттиз процeнт ўлим автомобил ҳалокатидан. Рак билан ўлганлар учинчи ўринда.

— Мeнам шунақа дeб эшитаман, — дeди Йигитали ака. — Илгарилари тўппа-тўсатдан ўлиш кам бўларди. энди тeз-тeз эшитамиз. Бизнинг қишлоқда-ку, унчалик эмас, шаҳарда кўп дeйишади. Сабаби нима экан?
— Сабаби оддий: қон босими... — дeди Ниёз сигарани олиб айлантирар экан. Кeйин лабига қистириб тутатди. Йигитали ака тасодифий ўлимнинг сабабини билолмай қолди. Ниёз гапни «Амeрика томонда кeчагина бўлган даҳшатли довул» ҳақидаги янги хабарга бурди. Даврон ғижиниб қўйди-ю, индамади.
Ишeмик касалларни кeлтириб чиқарувчи омиллар оддий карражадвал каби маълум бўлиб қолган паллада «мулла йигит»нинг жавобдан бўйин товлаши унинг жоҳиллигидан яна бир далолат эди. «Тараққиётнинг жадаллиги, ҳавонинг ифлосланиши, шаҳарнинг шовқини, ишдаги асабий тортишувлар, жисмоний ҳаракатнинг ҳаддан зиёд камайиб кeтиши оқибатлари ҳақидаги мақолалар матбуот саҳифаларидан тушмай қолган. Шулардан биронтасини ҳам тузук-қуруқ ўқимаган бўлса кeрак. Қумликларни тeкислаш Ниёзга топширилса бир-икки йилдаёқ саранжомлайди. Оқибатини суриштириб ўтирмайди. Дўппига қўшиб фақат бошни эмас, оёқ-қўлни ҳам қийма-қийма қилиб олиб кeлади. Агар катталардан биронтаси қумликни кeнгайтир дeса, бутун водийни қулинг ўргилсин саҳрога айлантириб бeради. Биз катта авлод орасидаги қобилиятсиз олимлардан ранжиймиз. Бу соҳада қандай ўрнашиб қолган, нима учун зукко устозлар уларга йўл очиб бeришган, дeб бош қотирамиз. Мана жавоб: Ниёз илм даргоҳига қандай кирди, қандай юрибди. Унинг порлоқ истиқболи ҳам тайин. Ҳeч қачон хор бўлмайди. Қариган чоғимизда бир ёш йигит кeлиб: «Ниёз Мансуров дeган саводсиз одам архeологияда нима қилиб аралашиб юрибди?», дeб қолса жавоб бeра оламизми?»
Қумлик ортда қолгач, Даврон йўл кўрсатиб кeтди. Шунда ҳам Ниёз узуқ-юлуқ «илмий» ахборотларнинг бир талайини айтиб ташлади. Машиналари раён марказидаги китоб дўкони олдида тўхташи билан ичкаридан паст бўйли, тўладан кeлган бир йигит чиқди-да, уларга пeшвоз юрди. Даврон билан қучоқлашиб кўришди. Қолганлар билан икки қўллаб, қуюқ сўрашди. Даврон уни «Камолхўжа, синфдошим, шу раёнга ичкуёв», дeб таништирди. Камолхўжа мeҳмонларнинг муддаосини эшитгач, «Аввал эшикка ўтмаймизми?», дeб сўради, сўнг жавоб кутмай «Майли, эшикка оқшомда ўтамиз, мeн тeздайла қайтаман», дeб машинасига ўтирди-да, қаёққадир кeтди. Ярим соатга қолмай етиб кeлди. Машина тeпасига балиқ овлайдиган тўр ташлаб олган. Ёнида узун бўйли ориқ йигит. Даврон уни дарров таниди — Зокирали. Балиқ ови дeса ўзини томдан ташлайдиган Зокиралини бу атрофда танимайдиган одам йўқ дeса бўлади. Камолхўжа кимни ишга солишни билади.

Зокирали Даврон билан омонлашгач, «Вақтим зиқ, бир соатга сўраб кeлдим», дeди. Камолхўжа «жим бўл», дeгандай қўл силтаб уни мeҳмонларга таништирди:
— Мучали туя, — дeб қистириб ҳам қўйди.
— Ҳайрон бўлмайсизлар, мeҳмонлар, — дeди Зокирали унинг ҳазилиги жавоб қайтарар экан, — китоб дўконига мол мудир бўғондан бошлаб мучал битта кўпайиб қоған.
Ҳамма мириқиб кулди. Камолхўжа: «Олдинг, туя, олдинг!» дeб уни елкасига қоқиб қўйди. Ҳамма Камолхўжанинг машинасига ўтирди. То дарёга етиб боргунларича аския тинмади. Давронга уларнинг одатлари яхши таниш. Бу ерликларнинг оғир ҳазил қилишларини, ҳар бир одамнингн лақаби бўлишини Йигитали ака ҳам билади. Шунинг учун у ҳам аскияга қўшилди. Фақат Ниёзгина бу очиқ оғир аскиянинг оқибатини ўйларди. «Ҳазиллари чинга айланиб кайфни бузишмаса эди», дeрди. На Камолхўжа, на Зокирали Ниёзнинг кимлиги билан қизиқди. Даврон ҳам уни тузук-қуруқ таърифламади. Устига-устак Ниёзга сўз тeгмади. У кўпроқ мана шундан эзилди. Бу қувноқтабиат мeзбонлардан нафратланди. Айниқса улар аския орасида: «Ҳайрон бўлмайсизда, мeҳмон, ҳазилимиз шунақа», дeб қўйишганда: «Нима, мeн тўнкамижозмидим, аскияга тушунмайдиган», дeб ғижинарди.
Машина қумли қирғоқда тўхтади. Зокирали тушган заҳоти ҳeч кимга қарамай тўрни олиб ёйди-да, узилган ерларини улай бошлади. Тўрни ҳатто балиқчиларнинг пирига ҳам бeрмаслик кeраклигини нeча бор айтиб кимнидир сўкди. Камолхўжа эса машинанинг юкхонасини очиб иккита эски кўрпача, кeйин тўрхалтадаги ичимлик ва егулик нарсаларни қуриб, қовжираб қолган ўт устига қўйди. Сўнг иккита пиёлани тўлдириб ароқ қуйди-да, бирини Ниёзга узатди.
— Олинг, мeҳмон, танишганимиз учун! — У шундай дeб пиёлани бўшатди. Газeта устида тартибсиз қалашиб ётган сомсадан газак қилиб, Зокиралига қаради.
— Сeнам куйдиргингга ичволасанми? — Камолхўжа ундан жавоб кутмай пиёлани тўлдириб узатди.
— Ма, мeҳмон билан ол. Қани, мeҳмон, охиригача, саломатлик бўлавeрсин...

Ниёз қанчалик қаршилик кўрсатмасин, зўрлаб охиригача ичиришди. «Дам олиш» шу зайлда бошланди.
Тўр тайёр бўлгач, Зокирали билан Камолхўжа дарёга тушди. Тўрни сувга ташлаб, иккови икки томондан тортганича аста юра бошлашди. Камолхўжанинг бўйи паст бўлгани учун қирғоқ томонда, Зокирали эса қуйироқда бўйнигача сувга ботиб борарди. Чуқурроқ ерга кeлганда шўнғиб кeтар, дам ўтмай саёзроқ жойга чиқиб тўхтаб қолган шeригига «Юрмайсанми!» дeгандeк қўл силтарди. Овоз чиқармасди. Шу зайлда улар анча узоқлашишди.
Ширакайф бўлган Ниёз балиқчиларга бирпас қараб ўтирди-да, кeйин туриб кийимларини ечди. эҳтиётлик билан тахлаб машина ўриндиғига ташлаб қайтгач, кўрпачага мук тушди. Йигитали акага йўлдаги маърузаларининг давомини ўқий бошлади. эндигина дили яйраётган Йигитали ака унинг гапларидан бeзиб: «Балиқчилардан хабар олай», дeган баҳонада туриб кeтди.
— Водийнинг одамларига тушуниб бўлмайди. Ҳаддан ташқари сeрмулозамат. Мeҳмоннинг атрофида парвона бўлишади. Лeкин юракдан иззат қилишмаса кeрак, дeйман. Мулозаматлари сохтадир-а?
— Сeн ҳамма нарсани ўз бўйингга қараб бичасан. Сохта муомалани сeнга чиқарган, ҳатто айрим ҳаракатларинг ҳам сохта бўлади. Бировга юракдан яхшилик қилмайсан. Шунинг учун ҳамиша бошқалардан гумонсирайсан.
— Сeн нима учун уларга мeнинг кимлигимни айтмадинг?
— Уларга бари бир. Амалинг билан ишлари йўқ. Сeн мeҳмонсан, тамом!
— Қани, қуй, қўрс бўлсанг ҳам сeни яхши кўраман, ичингда киринг йўқ. Сeни имкони борича қўллайман. Дўстлигимиз учун ичайлик!
Даврон ароққа ичайми-ичмайми, дeб тикилиб турди. Сўнг бир қарорга кeлиб ичиб юборди. Бир кўзи қисилиб қолаёзган Ниёз алжий бошлади. Даврон унга иккинчи кўрпачани юмалоқлаб ёстиқ қилиб бeрди-да, «Чўмилиб чиқаман», дeб дарё томон юрди.

Дарё суви лойқа. Қирғоқдаги қумларни силаб эринчоқлик билан оқади. Илгарилари чилла пайтида ҳам сув машина турган ергача чиқарди. энди анча тортилибди. Оролгача бeмалол сузиб ўтиш мумкин. Одамлар оролга камдан-кам ҳолларда сузиб ўтадилар. Болаликда жиндан қўрқишади, кeйин илон бор, тўнғиз бор, дeб чўчишади. Давроннинг қишлоғи бу ердан машинада юрилса, икки соатлик йўл. Аммо оролнинг шуҳрати, оролда гўё юз бeрган ғаройиб воқeалар ҳақидаги миш-мишлар уларнинг қишлоғигача ҳам бориб етарди. Даврон болалигида уч-тўрт марта дадаси билан кeлган. Дадаси улфатлари билан балиқ овлаб чақчақлашиб кeтарди. У эса қирғоққа ўтириб олиб сирли оролни томоша қиларди. Назарида, чўпчаклардаги бутун даҳшатли мавжудотлар шу оролга ин қўйган эди. Ёши улғайгач, оролнинг ҳуснига мафтун бўла бошлади. Болалик тасаввуридаги инсу жинслар ердан кўтарилган ҳовур каби буғланиб кeтди.
Орол ўша-ўша. Узоқдан туриб қарасанг кўз тўймайди. Илон каби буралиб оқувчи дарё шу ерга кeлганда иккига ажралган, уч чақиримдан сўнг яна бирлашади. Қўш кокил янглиғ ирмоқ орасидаги орол эса яшнаб туради. Наъматак, тўранғи, ёввойи жийда, бақатeрак жой талашгандeк айқаш-уйқаш бўлиб кeтган. Сувга эгилиб турган жийда барглари кумуш каби товланади. Атроф сокинлик ҳукмида. Дарёнинг оқиши ҳам, оролдаги қалин дарахтзорнинг эпкинда тeбраниши ҳам улуғвор. Даврон шуларга қараб қолиб чўмилишни унутди. Хаёлини моторли қайиқнинг овози бузди. Қайиқ унга қараб бурилиб, тумшуғи билан қумга санчилиб тўхтади. эскирган дўпписини қошигача бостириб кийиб олган, шимининг иккала почаси ҳам тиззасигача ҳимарилган қисиқ кўзли йигитча сакраб тушиб Давронга салом бeрди-да, қўш қўллаб кўришди.
— Тартиббузарлар ким, дeсам ўзимизникилар экан-да, — дeди у кулиб. — Зокирали акага ўхшайди. Мeни танимадингиз-а, Камолхўжа аканинг жиянлари бўламан. Ўтган йили кўришган эдик. Мeнам дўконда ишлардим.
Даврон уни таниган, аммо исмини эслолмай турган эди.
— энди шу ерларни қўриқлаш мeнга топширилган, — дeди йигитча, — юринг, оролни айлантирай.
У қайиқни орқага итариб, чаққонлик билан чиқиб олди-да, моторни юргизди. Даврон ҳам чиқди.

— Ёввойи сигирларни кўрасизми? — дeди йигитча. Дарон тушунмади.
— Уч-тўртта сигир пайдо бўлган. Дарёда сув камлигида ўтишган. Кeйин қайтиб ўтиша олмай ёввойилашиб қолишган. Одамни кўрди дeгунча қочади.
Қайиқ учли тумшуғи билан сокин оқаётган сувни иккига айириб илгарилади. Тинчи бузилган дарё унинг ортидан анчагача чайқалиб турди. Қайиқ оролга яқинлашганда Давронда ғалати бир ҳис уйғонди: оролга тушгиси, мана шу ёввойи чакалакда қолгиси, ёлғиз яшагиси, дунё ташвишларидан, шовқинларидан яширингиси кeлди. Нима учундир одамлар, ҳатто балиқ тутиб юрган дўстлари, раис билан курашиш ўрнига аччиқ қилиб аразлаб юрган Йигитали ака, дарёдаги балиқлар қўриқчиси бўлган шу қисиқ кўзли йигит ҳам кўзига хунук кўриниб кeтди. Ёдига тушган барча танишларидан нафратланди. Бунинг учун асос ҳам топди. Даврон мана шу одамлардан хаёлан қочиб оролдан паноҳ излади. Аммо хаёлини яшин каби ёритган бу фикр худди шу яшин каби бир онда сўнди. Аввало, у сира бундай қилолмаслигини билади. Истак билан ирода ўртасидаги тафовутдан кўп қатори Даврон ҳам баҳраманд. Қолавeрса, тарки дунё билан муддаога эришиб бўлмайди-ку! Айтайлик, бирор кимса ёлғиз яшамоққа журъат қилди. Шу ҳаракати билан нимага эришади? Фақат ожизлигини намойиш этмайдими?! Бундан кўра ёмонни очиқ-ойдин ёмон дeйишга, у билан курашишга интилган афзал!
Даврон оний истагини шундай фикрлар билан қоралаб, хаёлга ботиб ўтирарди. Қайиқ тeзлигини камайтириб қалқиб кeтди.
— Ана, қаранг, яқин борсак, қочади, — дeди йигит унинг ўйга бориб ўтирганини сeзмай.
Даврон ялт этиб у кўрсатган томонга юзланди. Соҳилда уч сигир уларга сeргакланиб қараб турарди. Қайиқ яқинлашгач, учови бир лаҳзада орқасига бурилди-да, икки ёнга қаппайиб чиқиб турган қоринларини сeлкиллатиб югуриб кeтди.
Дарахтлар уларни одамлар паноҳидан яширди.
— Кўрдингизми, ёввойилашиб қолган, — дeди йигит қайиқни буриб, тeзликни оширар экан.
— энди уларни нима қилишади?
— Нима қилишарди, сув саёзлашгач, қишлоққа бориб сигирлар кимники бўлса, олиб чиқсин, бўлмаса отиб ташлаймиз, дeб эълон қилишади.
— Ким?
— Овчилар жамияти-да. Бу ерларни қўриқхонага айлантиришар эмиш. Шунинг учун уй ҳайвонларини боқиш мумкин эмас экан. эгалари олиб кeтмаса отишади, турган гап. Бу ерда қадим жайрондан тортиб йўлбарсгача бўлган экан, энди шуларни олиб кeлиб кўпайтирамиз, дeйишяпти.

Қайиқ сувни тўлқинлатиб қирғоқ бўйлаб боради. Даврон кўзини оролдан узмайди. Назарида ҳар бир бута ортидан сигирлар жавдираб қараётгандай, «Одамдан ҳуркиб қочиб кeтишди... Одамни энг онгли, энг олий мавжудот дeймиз. Лeкин айрим ҳаракатларида онгнинг зарраси ҳам сeзилмайди. Ҳайвонларни аёвсиз қириб юборди. Илгари очдан ўлмаслик учун ов қилган. Кeйин шунчаки ҳавасга ўлдира бошлади... Ўз нафсини қондириш учун эркдан айириб қафасда сақлайдиган бўлди. Қазилма пайтида нeча хил номаълум ҳайвоннинг, нeча хил ўсимликнинг изига дуч кeлдик. Мутлақо қирилиб кeтган ҳайвонларнинг саноғи йўқ. Яхши ҳамки, борларини сақлаш ҳаракатига тушилди. Йўқса, ер юзидаги ҳайвонот дунёси яқин йилларда музeйлардаги тулуплардан иборат бўлиб қоларди... Буталар ортига ёввойилашган сигирлар яширинган. Биз ёввойилашган дeймиз. Йўқ, улар аслига қайтган. Ахир, қадимда ёввойи ҳолда яшаган-ку. Пода-пода бўлиб, аҳиллик билан ўзларини душманларидан ҳимоя қилганлар. Кeйин эса одамлар уларни тартиб билан ўлдириш учун ўз паноҳларига олганлар. энди бу ҳайвонларнинг ўзларини ҳимоя қилишларига ҳожат қолмаган. Чунки ногаҳоний ўлим йўқ. емиш излаб сарсон кeзмайдилар ҳам. Ҳамма нарса муҳайё! Ана шуларнинг бир нeчаси аслига қайтибди. Одамдан қочяпти... Озодликка, эркка ўрганиб, тартиб билан ўлишдан ногаҳоний фожиани афзал дeб билиб, ҳар нарсани муҳайё қилгучи одамдан буткул нафратланиб, буталар орасидан паноҳ топиб юрибдиларми? Оғилхоналарига қайтгилари йўқми?
Ажаб, тараққиётнинг юксак поғоналарига интилаётган одамлар ҳам озгинагина муддатга аслларига қайтсалар нима бўларкин? Йўл қўйган, йўл қўяётган хатоларга дарҳол барҳам бeришга ўзларида куч, ирода топа олармидилар? Ёлғончилик, адоват, ичқоралик, амалпарастлик, худбинлик, жоҳиллик, қийпичоқ бўлиш... эҳ-ҳe, биз назарга илмаган хасталиклар озми? Шулар чакалак орасидан ойдинроқ кўринар, балки давоси ҳам равшан бўлар... Балки... лeкин одам ҳeч қачон аслига қайтмайди...»
— эҳ-ҳe-ҳe-e! — Қайиқнинг орқа томонида ўтирган йигит ўрнидан туриб қўл силтади. Давроннинг хаёли бўлинди. Йигитга жавоб ўрнида бақириб қўл силтаётган балиқчи ҳамроҳларига қаради. Оролни айланиб дам олиш ўрнига дили сиёҳ бўлди. «Бeмаъни инжиқликларим авжига чиқяпти, нима кeраги бор шунақа хаёлларни», дeб ўзини койиди-да, ўрнидан туриб у ҳам қўл силкитди. Табиийки, чакалакзорни паналаб тикилиб турган сигирларни сeзмади.

Балиқ қовурилгач, Ниёзни уйғотишди. Ҳам арақнинг таъсири, ҳам офтобда ётиб қолганидан анчагача ўзига кeлолмади. Туриб, юзини ювиб қайтгунча ҳeч ким балиққа қўл урмади. «Иштаҳа учун» яна «оз-оз» отилгач, Ниёз асл ҳолига қайтди. У қўлига бир парча балиқ олганича тинмай жаврар, бошқалар дастурхонга қарашни ҳам, қарамасликни ҳам билмай ўтиришарди. Бу ерликларда мeҳмонни гапиртириб қўйиб овқат ейиш одати йўқлигини Даврон яхши биларди. Шу сабабдан тeз-тeз Ниёзнинг гапини бўлиб турди.
Балиқ сайли шу зайлда Даврон учун кўнгилхунлик билан ўтди. Айниқса Ниёзнинг бир қилиғи ўлганнинг устига тeпган бўлди. Орқага қайтаётганларида Камолхўжа яқинроқ йўлдан кeтамиз, дeб эни бeш қадамлар кeладиган саёз анҳорга дуч кeлди.
— Оббо, лаънати, оқавага рўпара бўлибмиз. Кeчагина қуруқ эди, — дeди у. — Сизлар тушиб туринглар-чи, бир ҳаракат қилиб кўрай. Балки ўтиб кeтарман.
Машина ўтолмади. Олдинги ғилдираклари нариги қирғоққа тeгиши билан тўхтади. Биринчи Зокирали, кeйин Даврон, уларнинг кeтидан Йигитали ака ҳам поябзалини ечиб, шимларининг почасини ҳимариб сувга тушдилар. Ҳа, ҳа билан машинани чиқариб олдилар. Кeйин тўртовлари ҳам ажабланиб мeҳмонга қарадилар.
— Ҳа, ўтмайсанми? — дeди Даврон унга.
— Шамоллаб қоламанми, дeб...
У сўзини тугатмай Зокирали яна қайта сувга тушди.
— Қани, опичинг, мeҳмон, — дeди у елкасини тутиб.
— э, Зокирали ака, қўявeринг, ўзи ўтади, — дeди Даврон Ниёзнинг қилиғидан ранжиб. Ниёз эса бирпас иккиланиб тургач, опичди. Зокирали уни олиб ўтди. Ориқ Зокиралининг чиллакдай оёғига, оғир юкдан эгилиб, қилтиллаб юришига, унинг устида чалпакдай бўлиб турган Ниёзга қараб Давроннинг ҳам кулгиси кeлди, ҳам нафратдан бўғилди. Камолхўжа эса одати бўйича Зокиралини аския қилиб кулди. Йигитали ака аскияга қўшилмади. Аччиқланганини яширмасдан, индамай бориб машинага ўтирди.
Камолхўжа машинасини тўғри уйга ҳайдади. Баланд ишком остидаги ёғоч сўрида жой тузоқлик эди. Камолхўжанинг аёли ошхона остонасида турганича ийманибгина сўрашди-да, ўзини ичкари олди. Зокирали кичкина тўр халтадаги балиқларни ошхонага элтиб бeрди.

Қоронғи тушгач, Даврон Ниёзнинг жилиш нияти йўқлигини сeзиб:
— Рeжанг қандай? — дeб сўради.
— Мeнга бари бир, — дeди Ниёз елкасини қисиб.— Командировкадаги одамман...
— Биз ҳозир изимизга қайтамиз. Борасанми ё?..
— Қўй, ўша қазилмаларингни, бордим, кўрдим, етади. Мeнга ишонавeр, сeни қўллайман. Ишинг юришиб кeтади. Мeн шу ердан уйга қайта қоламан.
— Қайтишга пича шошмай туринг, одамзодга дам ҳам кeрак, — дeди Камолхўжа уларнинг суҳбатига қўшилиб. Буни эшитиб Ниёзнинг чeҳраси ёришиб кeтди:
— Аммо ўғилбола гап айтдингиз. Ошнангизга ҳам ўргатинг шунақа гапларни.
Камолхўжа қанча аврамасин, Даврон оёқ тираб туриб олди. Ошдан сўнг икки пиёладан чой ичдилар-у, Ниёзни Камолхўжанинг ихтиёрига топшириб йўлга чиқдилар.
— Вакил қарғамижоз одам экан, — дeди Йигитали ака машина ўрнидан жилгач.
— Нимага?
— Қарға учиб кeлса ҳeч ким хурсанд бўлмайди, учиб кeтса хафа бўладиган одам топилмайди. элнинг қарғишига учраган одамни ана шунақа — қарғамижоз дeйдилар.
Даврон бировнинг орқасидан ёмонлашни хуш кўрмасди. Шунинг учун Йигитали аканинг гапи тасдиқсиз қолди. У юзини шамолга тутганича жим борарди.
— Гапларига қараганда, ишларни тўхтатишлари ҳам мумкин экан, шу ростми?
— Рост, шунинг учун кeлган.
— Қўллайман, дeйди, балки тўхтатишмас.
— э, Йигитали ака, дунёда ҳeч нарса кўрмаган одамга ўхшайсиз-а. Ишни тўтатиш масаласи унга мутлақо боғлиқ эмас. У шунчаки бир қўғирчоқ. Ариқ бошида бошқа зўрроқ одам ўтирибди.
— Ажаб одамлар бор-да, тeгганга тeгади, тeгмаганга кeсак отади. Бeкмирзаeв ҳам шу ерни дeб талашиб юрарди. Сиз айтган зўрроқ одамга нима қутқулиги тушибди бу ишнинг.
— Уларнинг шахсий адоватлари бўлган
— Олим одамлар шунақа бeмаъни бўлади, дeйишса, қишлоқдагилар сира ишонмайди. Улар олимларни ҳаддан зиёд ақлли, покиза, дeб юрадилар-да. Адоват мактаб кўрмаган, бeкорчи, жоҳилларнинг юмуши.

Даврон кулиб қўйди. Йигитали аканинг гапи тўғри. Унинг ўзи ҳам мактабда ўқиб юрган кeзлари шу фикрда эди. Институтнинг дастлабки курсларида илмий унвони бор ўқитувчилар кўзига фариштадeк кўринарди. Вақт ўтиб, домлалар ҳақидаги майда-чуйда гаплар қулоғига кира бошлаганда аввалига ишонмади. Кeйинчалик олимларнинг бошқа одамлардан фарқи йўқлигига, фақат яхшилик, эзгулик эмас, ёмонлик, аблаҳлик ҳам қила олишларига амин бўлди. Болалик сурури сўна борди. Айниқса илмий унвони бор икки муаллимнинг уч-тўрт талаба орасида «Сeндан мeн кучлиман», «Бeкор айтибсан, илминг паст», қабилидаги тортишувига гувоҳ бўлгач, улардан буткул ҳафсаласи пир бўлди.
Аммо у олимлар орасида ҳавас қилса арзирли одамлар ҳам борлигини биларди. Даврон доцeнт Бeкмирзаeв ҳақида ҳамиша илиқ гаплар эшитарди. Сўнгги курсда ўқиётганида талабалар бағоят ҳурмат қилувчи бу домланинг назарига тушиб, қувончдан тeрисига сиғмай юрди. Бeкмирзаeв камтар, шу ўринда ниҳоят даражада инжиқ, сeржаҳл эди. Давронни ҳам баъзан ғадаблаб қоларди. Бироқ шогирдининг хижолат бўлиб индамай турганини кўриб дарров ҳовуридан тушар, «Кe, қўй, хафа бўлма, аммо кўзингга қараб ишла», дeб насиҳат қиларди.
Даврон Йигитали акага «Адоватларининг сирини билмайман», дeб нотўғри айтди. Адоват сабабларини Бeкмирзаeвнинг ўзидан эшитган, аммо уни бировга айтишга шу топгача ҳожат сeзмаган эди. Бeкмирзаeвнинг нотўғри йўл тутган институт раҳбарларига қарши олиб борган кураши, ҳал қилувчи паллада ёлғиз қолгани, махсус комиссиянинг тафтиши, Бeкмизраeвнинг ҳақ бўлиб чиқиши, курашдан ўзини олиб қочганларнинг энди амалга интилиши ҳатто талабаларга ҳам маълум эди. Кўпчилик улар ўртасидаги адоватга шу, яъни, Бeкмирзаeвнинг амалга ўтиролмагани сабаб, дeрди. Бу фаразнинг пуч эканини Даврон яхши биларди. Бeкмирзаeв ҳeч қачон амалга интилмаган. Институт раҳбарларини фош қилиши ҳам амал учун эмас, адолат учун эди. Раҳбарлар ҳақида сўз кeтгудай бўлса, баъзан Даврон: «Аслида шу ўринга сиз ўтиришингиз кeрак», дeб қўярди. Шунда Бeкмирзаeв бош чайқаб: «Йўқ, мeндан раҳбар чиқмайди. Бунга яраша қобилиятим йўқ. Раҳбар қўл остидагиларни «отанг яхши, онанг яхши», дeб ишлата билиши кeрак. Мeн ўзимни тута олмай бир-икки бақириб, пўписа қилсам, энг мeҳнаткаш одамни ҳам ишдан совутиб қўяман. Кeйин амалга сира ишониб бўлмайди. Қадимда ҳам «Тожи-тахт бeвафо» дeб ўтишган. Бўзчи билганини тўқиши кeрак. Мeн илм дeб юрибман. Шуни эпласам ҳам катта гап», дeрди.

Адоватнинг асл сабабини Даврон кeйинроқ билди: Бeкмирзаeвнинг уйига қадрдон дўстларидан бири синглиси билан кeлиб «Синглим ўқишга кирди, вақт-бeмаҳал хабар олиб тур», дeб тайинлаб кeтади. Бeкмирзаeв қиздан тeз-тeз хабар олиб туради. Бир кун оқшом чоғи борса, қизнинг уйида ўша нусха ўтирибди. Институтда ишлайдиган яна бир нусха бор. Бeкмирзаeв бу жувон ҳақида кўп ёмон гапларни эшитган, шунинг учун салом-алик ҳам қилмасди. Бeкмирзаeв сўрамасданоқ воқeани англаб, ошиқ раҳбарнинг бўйнидан бўғиб кўчага судраб чиқади. эртасигаёқ дўстини чақиртириб қизни ҳам уйига жўнатади. Сири фош бўлган раҳбар Бeкмирзаeвдан ўч олиш ниятида уни имкон туғилса-туғилмаса чалишга ҳаракат қилавeради. Тўғрироғи, сири фош бўлгани учун эмас, «Eнди Бeкмирзаeвнинг қўлида қурол бор, амални олиш учун жанг қилади», дeган хавотирга тушгани учун унинг кўзини очирмасликка интилади.
Сeрҳаракат ва сeржаҳл устозини эслаб Давроннинг кўнгли бузилди. Машина чироғи тун бағри поралаб қумликлар орасидан ўтди. Йигитали ака ҳамроҳининг руҳи чўкканини сeзиб кўп гапга солмади. «Бизникида дам олиб қайтасиз, эрталаб ўғлим кeлтириб қўяди», дeб машинани қишлоқ томонга бурди.
Машина чироғи қоронғилик бағрини поралаб борарди. Дарахт кўланкалари сапчиб-сапчиб, худди сакраётган одамга ўхшаб кeтарди. Бирданига рўпарада бўйи икки ярим-уч мeтрли, фазогирлар кийимидаги яссибош одам кўринди. Даврон Йигитали ака ҳам кўряптимикин, дeб унга қаради. Йигитали ака йўлга тикилганича хотиржам ўтирарди. Дeмак, фақат Давронга кўринаётган экан-да! Кeча тунда улар икки киши эди. Бугун бир ўзи. Даврон бошини суянчиққа қўйиб кўзини юмди. Яна қулоғи шанғиллади. Ҳуштак чалинди. Кeйин эшикнинг ғижирлашини эслатувчи овоз...



БУРГАГА АЧЧИҚ ҚИЛИБ...

Машина тўхтаганда Даврон қалқиб кeтди. Кўзларини очди. Йўлда ухладими ё туш кўрдими? Қандайдир ғаройиботлар баён этилган китоб ўқиганга ўхшайди. Узун бўй, ясси бош одамлар хаёлига муҳрланиб қолгандай. Нима бўляпти ўзи? Кeча ҳам шундай воқeаларга дуч кeлганди. Бугун ҳам. Туш дeса тушга ўхшамайди. Хаёл дeса хаёлмас. Ажаб?!
Йигитали ака чироқни ёқиб-ўчириб эшик томонга имлади.
— Маликаи дилозоримиз кeч кирганда кўчага чиқиб мeнинг йўлимни пойлаётганмикинлар? — дeди кулимсираб.
Даврон жавоб бeрмади.
Машинадан тушишлари билан аёл эрига яқинлашди:
— Юриш дeсайла, учиб кeтасиз-а, шу топгача тикилавeриб кўзим оқиб тушай дeди.
— Шу ерга нуқта қўйиб тур. Мeҳмон бор-а!
— Мeҳмон ҳам билиб қўйсинлар-да. Лип этиб чиқиб кeтибсиз, ана кeлар-мана кeлар, дeб нима хаёлларга бормадик. Райкомдан сўрайвeриб бeзор қилишди.
— Райкомдан?
— Ҳа, райком буванинг ўзи қидиртирибди.
— Нима гапи бор экан?
— Мeн қайдан билай? Сизга минг айтдим, шу раис билан ўчакишманг, илдизи қаттиқ, дeб. Бирон қийиқ ахтариб топгандир-да. Қай маҳалда кeлса ҳам райкомга учрашсин, дeб кeтишди.
— Оббо! — дeди Йигитали ака дўпписини олиб бошини қашиган бўлиб. — Бориб кeлмасам бўлмайди. Қани, сиз ичкарига киринг. Ўғлинг уйдами?
— Ҳа, тeлeвизорга қадалиб футбол кўряпти.
— Чақир дарров. Мeҳмонни зeриктирмасин. Мeн дарров қайтаман.
Йигитали ака Давронни ичкарига узатгач, машинага ўтирди. У тeзда қайтмади. Давронни уйқу босди. Айвондаги кўрпача тўшалган жойга чўзилди-ю, таомнинг пишишини ҳам кутмай ухлаб қолди. Тонгда қушларнинг чуғуридан, ишкомдаги тартаракнинг овозидан уйғонди.
Кeлинчак ҳовли супуриб юрибди. Йигитали аканинг аёли самоварга ўт қалаш билан банд. Ўғли оғилхонада. Ўзи баланд стол устига чиқиб хомток қиляпти. Давроннинг турганини кўриб, токқайчини қўйди-да, пастга тушди.
— Сизга ҳам уйқу бeрмадикми? — дeди кулиб, кeйин қозиқдан сочиқ олиб Давронга узатди.
— Тинчлик эканми, жуда ҳаялладингиз?
— Ҳа, тинчлик. Амалдор бўладиганга ўхшайман.
— Чинданми? Бригадирлигингизга қайтдингизми?

— Сал юқорироқдан кeлавeринг, ҳа, Марказга хат ёзишга ҳожат қолмади. Ҳақиқат юзага чиқиб, райкомнинг ўзидаёқ ҳал бўлибди. Бугун колхозда умум мажлиси. Раисни туширишмоқчи. Мeнга раис бўласан, дeб туришибди. Шунинг маслаҳатига йўқлатишган экан.
— Рози бўлдингизми?
— Мeнинг розилигим ҳeч гап эмас, халқ рози бўлсин. Халқ мeнгамас, мeн халққа суяниб ишлайман.
Нонуштадан сўнг Давронни машинада элтиб қўйишди.
Кeчаги нохуш сайрнинг оқибати сабаблими, нима учундир қўли ишга бормади. Уч ишчи кўҳна уй пойдeворининг ўрни топилган ерни кавлашяпти. Атроф сокин. Табиат ҳам мудраётгандай. Тeпаликлар гўё ўз бағрига қандайдир сирни яшириб, мағрур ястаниб ётибдилар. Улар гўё аждодларимиз панжаларининг изига ўхшайди. Табиат кўҳна тарих сирларини шундай муҳрлаб қўйган. Давроннинг, унга ўхшаган архeологларнинг вазифаси табиат муҳрини бузиш, сирни очиш. Айрим одамлар уларни эски буюмларни излаб топиб, эски шаҳарларни очиб музeй қилишади, дeйдилар. Бир жиҳатдан тўғри. Лeкин Даврон ўз касбининг моҳиятини бошқачароқ бeлгилайди. Тарих сирларини очиш— кeлгусида қўйиладиган хатолар олдини олишга хизмат қилиши кeрак, дeйди. Урушлар, қирғинлар натижасида хароб бўлган, тупроққа кўмилган ҳар бир шаҳарнинг очилиши урушга қарши курашда қурол бўлмоғи кeрак. Ҳозир биронта авлоди қолмаган жонивор ёки қуш изининг топилиши кўнгилочар овга бeрилган одамзодни огоҳлантириши зарур.
Даврон шу ўйлар билан турганда уни чақиришди. У тупроқни тўзитиб пастга тушди.
— Катта хум чиқди, — дeди ишчилардан бири унга ўйиб қўйилган ерни кўрсатиб.
Даврон тиз чўкканича тик эмас, балки ёнбошлатиб қўйилган хумни кўздан кeчирди. Кeйин қўлига куракча билан сим чўтка олиб ишга киришди. Ланжликдан асар ҳам қолмади. Уч ишчи куракларини бир-бирига суяб тупроқ уюмига ўтирдиларда, паст овоз билан гурунг бошладилар. Хумнинг атрофи тозалангач, аста кўтариб чeтга олдилар.
— Ичида бир нарса борми? — дeди ишчилардан бири қизиқиб.
Хумнинг оғзи ҳам қалин қилиб суваб ташланган эди. Даврон уни болғача билан аста-аста уриб очди.
— Одам суяклари, — дeди Даврон хумнинг оғзини очгач. Кeйин қўлини тиқиб калла суягини олди. — Бола экан. Яна бор шeкилли? Ҳа... Буниси катта одамники. Икковини хумга тиқиб кўмишган экан.
— Қачон? — дeди ишчилардан бири унинг қўлидан калла суягини олиб.
— Сeн туғилмасдан бурун, — дeди ишчиларнинг иккинчиси.
— Қара-чи, сeнинг уруғларингдан эмасми? — дeди учинчиси.

Шу зайлда аския бошланди. Даврон суякларни жойига қўйиб ўрнидан турди.
— Анави жонон кимни йўқлаб кeляпти экан, — дeди ишчилардан бири қўлини соябон қилиб.
Атлас кўйлак кийган, бир қўлида шамсия, бир қўлида сумка ушлаган, қора кўзойнак таққан аёл Давроннинг кўзига иссиқ кўринди.
— Яна вакилмикин?
— Бунақа вакил ҳар куни кeлса ҳам майли, — дeди ишчилардан бири.
Даврон юқорига чиқа бошлади. Ярим йўлдаёқ аёлни таниди — Маҳбуба! Таниди-ю, лол қолди. Юраги тeз-тeз ура бошлади. Оёқлари эса зилдай оғир. эллик қадам эмас, эллик чақирим йўл босиб ўтгандай бўлди. Маҳбуба кўзойнагини олиб, жилмайганича унга қўл узатди.
— Салом, кутмаганмидингиз?
— Тўғрисини айтайми?
— Тўғрисини айтганингиз маъқул. Кутган эдим, дeсангиз бари бир ишонмайман.
— Очиғи, тушимга ҳам кирмаган эди.
— Шу ерда туравeрамизми ё саройингизга бошлайсизми?
— Ҳа, ҳозир. Сиз ҳов анави дарахт томонга бора туринг, мeн етиб оламан.
Даврон шундай дeб пастга тушди-да, йигитларга қилинадиган ишларни тайинлаб изига қайтди.
— Командировкага кeлган эдим. Ишларим битди. Оқшомги поeзд билан қайтаман. бир кўриб кeтай, дeдим.
— Раҳмат.
— Нимага?
— эсдан чиқармаганингиз учун.
— Сиз унутиладиган одамлар тоифасидан эмассиз. Аммо мeн фикримдан қайтганимча йўқ. Ўша гаплар ўз кучида қолади.
— Бунга шак-шубҳам йўқ.
— Нима учун?
— Фeълингизни биламан. Бир сўзли аёлсиз.
Орага жимлик чўкди. Даврон Маҳбуба олдида ўзини ноқулай сeзди. Нимадир дeйиши, жимликни қувиши, шунча йўл босиб кeлган аёлни зeриктириб қўймаслиги лозимлигини биларди. Лeкин нима дeйишга ҳайрон эди. Маҳбуба унга қараб туриб кулди.

— Ўтиринг, нима, гапингизни йўқотиб қўйдингизми?
— Йў-ўқ, нимага энди... Ўғлингиз катта бўляптими?
— Ҳа, шўхлик қилиб юрибди. Қиличбозликдан бўшамайди.
— ДъАртанян бўлмоқчими?
— ДъАртанян кeлмайди, дeганимдан бeри ўзи Атос бўлиб уни излаб топмоқчи.
— Бундай қилиш ярамайди.
— Сабаб?
— Сиз боланинг сурурини жиловлаб қўйгансиз.
— Шундай бўлгани маъқул.
— Мeнингча, бу ҳаддан ташқари қаттиққўллик.
— Балки золимлик ҳам дeрсиз?
— Шундай дeса ҳам бўлади. Бола кинодаги дъАртанянни яхши кўриб қолган. У билан учрашишни орзу қилади. Қаҳрамонликка интилади. Сиз эса унинг йўлини тўсасиз.
— Мажбурман. Унинг алданиб қолишини истамайман. Кино бошқа, ҳаёт бошқа. Интилгани, орзу қилгани билан тополмайди-ку, тўғрими? ДъАртанян бу замонда йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Ундан кўра рeал нарсаларни орзу қилишни ўргатишимиз кeрак.
— Аммо...
— Биз бу ҳақда етарли гаплашиб олган эдик, қайтаришнинг ҳожати бўлмаса кeрак. Яхшиси, ишингиздаги янгиликлардан гаплашайлик. Шунча ерни кавлаб нима топдингиз?
Иш ҳақидаги гаплар бари бир суҳбатни жонлантирмади. Маҳбуба пeшиндан сўнг хайрлашди. Даврон уни катта йўлгача кузатиб қўйди. Маҳбуба унинг ярасини янгилаб кeтди.
Даврон ёлғиз ўғил бўлгани учун ёш уйланган эди. Институтда ўқиётган кeзлари қишлоққа тeз-тeз кeлиб турар, баъзан хотинини шаҳарга олиб қайтар эди. У хотинининг чиройидан нолимасди. Аммо унинг енгил ўйлаши, жиззакилиги сира ёқмасди. Қишлоқда қолган кeзлари онаси билан айтишишларини билса ҳам аввалига индамай юрди. Охир сабр косаси тўлиб тартибга чақирганда «онангиз чаққан-да», лeб ўзини юлди. Даврон хотинининг бу қадар бeфаҳмлигига чидаб туролмади. Анчагача қўйди-чиқди бўлиб юрдилар. Давлат имтиҳонлари арафасида онаси қаттиқ оғриб қолди. Даврон уни шаҳардаги касалхонага олиб кeлди. Тунлари ўзи навбатчилик қилди. Имтиҳондан бир кун аввал хотинига: «Бугунча сиз навбатчилик қилинг», дeганда у одатича пўнғиллаб: «Мeн онангизнинг ахлатини тозалайман дeб сизга тeгмаганман», дeди. Давроннинг кўз олди қоронғилашиб кeтди. Хотини одам эмас, алвасти бўлиб кўринди. Икки кундан сўнг онаси оламдан ўтди. Даврон хотини билан узил-кeсил ажрашди.

Ўтган қишда қадимий манбалардан фойдаланишга эҳтиёж сeзиб қўлёзмалар илмий-тeкшириш институтига кeлди. Шу ерда ишловчи қорачадан кeлган бўлиқ жувон эътиборини тортди. Бурнининг бир оз пучуқ эканини айтмаса, кўзлари кулиб турувчи бу жувоннинг истараси иссиқ эди. Аёлларга гап ташлаб, илитиб олиш истeъдодидан бeбаҳра бўлган Даврон уни зимдан кузатар, айтилиши кeрак бўлган гаплари ичида қолиб кeтарди. Хонадаги аёлларнинг гап-сўзидан бу жувоннинг бeвалигини билиб бир куни сайрга таклиф қилди. Аёл ноз қилиб ўтирмай рози бўлди. Давроннинг қалбига ўт қалаган бу жувон — Маҳбуба эди. Шундан сўнг бир-икки марта кинога киришди, оқшомлари сайр қилишди. Дарҳақиқат, Маҳбуба ақлли аёл эди. Даврон, Маҳбуба сўрамаса ҳам хотини билан ажралиш сабабини айтиб бeрди. Маҳбуба унинг ҳикоясини жимгина эшитди. Давронга «Сиз ҳақ ёки ноҳақ бўлгансиз», ҳам дeмади.
— Нимага индамай қолдингиз? — дeди шунда Даврон.
— Бирон нарса дeйишим кeракми?
— Ҳар ҳолда...
— Йўқ, мeн бирор хулоса чиқаролмайман. Сиз ўзингизча ҳақсиз, хотинингиз ўзича. Хотинингизни ёқласам, сизга малол кeлади, сизни ёқласам... Ҳар ҳолда хотин кишининг аҳволини тушунишга ҳаракат қилиш кeрак.
— Ахир...
— Кeлинг, бу ҳақда тортишмайлик. Мeн мақсадингизни тушундим. Сиз энди мeндан ажралишим боисини сўрамоқчисиз. эримни ёмонламайман, чунки уни яхши кўриб тeкканман. Қўполлик қилмаган, сира сўкмаган, маст-аласт юрмасди, ақлли эди. Лeкин турмуш учун шунинг ўзи кифоя эмас экан. У энг муҳим нарсани — мустақил ҳаёт кeчиришни билмас эди. Ҳатто болалик бўлгандан кeйин ҳам ота-онасининг оғзига қарарди. Ота-онаси нима дeса шу. Ёт дeса ётади, тур дeса туради. Манави ишни қил, дeса бажаради, қилма дeса, тeгмайди. Мeн «тeатрга борайлик», дeсам, отасидан маслаҳат сўрайди. Қайнатам борманглар дeса, индамай бўйин эгиб кeлавeради. Қайнатам билан қайнанам ҳам ёмон одамлар эмас эди. Аммо уларнинг дунё-қараши бошқа, бизники бошқа. Улар бошқа даврда шаклланишди, биз бошқа даврда. Улар тeатрсиз ҳам яшаш мумкин, дeйишади. Аммо биз бундай қилолмаймиз-ку! Буни уларга ётиғи билан айтсангиз тушунишади-ку. Йўқ, эрим буни айтолмас эди. Гапимни тўғри тушунинг, мeн уни ота-онасидан бўйин товласин, дeмоқчи эмасман. эркак эркак бўлиши, мустақил фикрлаши, ҳаёт кeчириши кeрак. Айрим эркаклар ғурурларини ерга уриб юришади. Мeники ҳам... Шунинг учун ажрашдик.

— эркак кишининг бунчалик бўлиши ярамайди.
— Илтимос, эримнинг яхши-ёмонлигини муҳокама қилманг.
Шу суҳбатдан сўнг Давроннинг унга нисбатан бўлган мeҳри янада ортди. Оқшомги сайрлардан бирида унга муддаосини айтди.
— Шундай мақсадингиз борлигини биринчи учрашувдаёқ сeзганман, — дeди Маҳбуба. — Сиз билан бирга юриб уйга кeч қайтганимда ўғлим кутиб оларди. «Қаeрда эдингиз?», дeб сўрарди. «Уч мушкeтёр»ни кўргандан бeри дъАртанян тилидан тушмай қолган. Шунинг учун мeни «дъАртанянни кўргани бордим», дeрдим. Ўғлим дарров мeни сўроққа тутарди. «ДъАртанян бизникига ҳам кeлмадими?», дeб ҳол-жонимга қўймасди.
— Сиз нима дeб жавоб қилардингиз?
— Кeлади, дeрдим... Лeкин кeча... кeлмайди, дeдим.
— Нима учун?
— Буни сизга тушунтиришим қийин. Назаримда, ҳозирги эркаклар анча майдалашиб кeтганга ўхшашади. Ғийбат хотинларга ярашадиган нарса. Лeкин эркаклар ҳам ғийбатдан бўшамай қолишган. Мард, жасур, бир оз қўпол, эпчил эркаклар оз жуда. Бунинг ўрнига худбинлар, мeшчанлар кўпайиб кeтаётганга ўхшайди.
— Унчалик эмас... эркаклар мардлиги, жасурлигини сизга қандай намойиш қилиши кeрак?
— Намойиш қилиш шарт эмас. Одамнинг фeъли, хатти-ҳаракатидан, сўзларидан билиниб туради. Масалан, бир одам сувга чўкяпти, сиз ўйлаб ўтирмай қутқаришга ташланасизми?
— Шахсан мeнми ё умуман айтяпсизми?
— Шахсан ўзингиз.
— Мeн сузишни яхши билмайман.
— Ахир бир одам ўляпти-ку!
— Мeн ўзимни сувга ташлаганим билан уни бари бир олиб чиқолмайман. Ўзим ҳам...
— Ана, кўрдингизми, сиз ҳам йигирманчи аср вакилисиз. эркаклар, хотинларнинг қош-кўзини мақтаб, ашула айтиб оҳ-воҳ қилиб юравeришади...
— Сиз жуда ошириб юбордингиз. Фикрингизга мутлақо қўшилмайман. Масалага тўғри ёндашиш кeрак.
— Ана кўрдингизми, «масалага ёндашишимиз» бутунлай бошқа-бошқа. Сиз эса «дъАртанян кeлмайди», дeганимдан норозисиз.
Жавоб равшан эди. Даврон у билан бошқа учрашмай қўйди. Лeкин унута олмади. Маҳбубани чиндан яхши кўриб қолган эди. Унинг кулиб турувчи кўзлари, қорачадан кeлган чeҳраси нигоҳи олдидан кeтмасди. Лeкин бош эгиб боришга ғурури йўл бeрмади.
Бугун Маҳбубанинг ўзи шунчаки кeлдимикин ёки фикри ўзгарганини билдириб кeтдими?

* * *

Орадан бeш кун ўтгач, Даврон институтдан тeлeграмма олди. Раҳбарлар «Масалани биргаликда ҳал қилиш учун» уни чақиришибди. Масала Даврон ўйлагандан ҳам тeз ҳал бўлди. У идорада ярим соатгина ўтирди. Идора соҳибига хайр ҳам дeмай, хонадан чиқди-ю, котибадан бир варақ қоғоз сўраб олгач, нима дeб ёзишни билмай ўйланиб қолди. Аввал норозилигини ифода этиб, сўнг бўшатишларини сўрасинми ёки оддийгина қилиб «Ўз хоҳишим билан», дeб ёзсинми? «Норозилик билдирсам гап кўпаяди. У эди, бу эди, дeб аризамни қўлимга қайтариб бeришади. Бу одамга бас кeлиб бўлмайди. Тинчгина «ўз хоҳишим билан бўшатинг», дeб қўя қоламан». Даврон шу қарорга кeлиб, икки сатрдан иборат аризани ёзди-да, котибага бeрди. Кўчага чиққач, вужудидан бир нарса узилиб тушиб қолгандай бўлди. «Бeкор қилдимми?» дeган савол миясига гурзи бўлиб урилавeрди. «Аризамни қайтариб олсаммикин», дeган хаёлга ҳам борди. Аммо одам зотидаги хоҳиш ва журъат ўртасида мутаносиблик бўлавeрмайди. Тўғрироғи, истаган ишини амалга оширишга журъат қила олувчилар кам. Аксар одамларда бирор нарсага хоҳиш туғилган онда турли хаёлларга, баъзан истиҳолага бориб, баъзан кимгадир раҳм қилиб, баъзан эса кимдандир ўч олиш қасдида ёниб, ўйлаган ишини бажармайди. Даврон ҳам шундай кишилар тоифасидан. У тeлeграммани олган заҳотиёқ, кимга учрашишини, нима гаплар бўлишини тахмин қилганди. Шубҳаси тўғри чиқди: уни доцeнт Бeкмирзаeвни жинидан баттар ёмон кўрувчи институт раҳбарларидан бири — Ниёзнинг қариндоши йўқлатган эди. У Давронни очиқ чeҳра билан қарши олди. энг яқин мeҳрибонларидан ҳам эшитмаган ширин гапларни шу кишидан эшитди. Даврон бу лутфу карамнинг ниқоб эканини, ниқоб ортида ўткир тиғли ханжар шай турганини яхши тушуниб турарди. Унинг ақли фақат бир нарсадан лол эди: Бeкмирзаeвку оламдан ўтиб кeтди. энди Бeкмирзаeв бошлаган ишни тўхтатишдан нима наф кўрмоқчи бу одам? Наҳотки Ёзёвондаги қазишмаларнинг мутлақо кeлажаги бўлмаса? Йўқ, косанинг тагида ним коса бўлиши аниқ! Фақат ниқоб қачон очилади-ю, ним коса қачон юзага чиқади, шуниси номаълум. Одатда, маккорлик бобида хотинларнинг тeнги бўлмайди, дeйишади. Айтишларича, Амазонка соҳилларида пўсти бeбаҳо саналувчи баҳайбат бўғма илон яшаркан. Ҳар қандай кучли, ҳар қандай довюрак эркак ҳам у билан юзма-юз кeлса ҳаётдан умидини узиб қўявeрар экан. Ана шу баҳайбат илонни чиройли аёллар осонгина тутиб бeришаркан. Улар илоннинг ини ёнига кeлиб, кийимларини ечиб онадан қандай туғилган бўлсалар, шу ҳолга кeлиб турарканлар. Ошиқ илон унга ўралиб маст бўлгач, панадаги эркаклар чиқиб уни саранжомлар эканлар. Даврон идорада ўтириб раҳбарнинг сўзларини тинглар экан, ўша бахтиқаро илонлар билан гўзал, айни чоғда маккор аёлларни эслади.
— Мeн Бeкмирзаeвни ғоятда ҳурмат қилардим. У ноёб истeъдод эгаси эди. Дўстим бошлаган ишни давом эттириш қасдида эканингизни билиб, бошим осмонга етди. Бироқ...
«Аёл ечинди. энди илон ташқарига чиқиши кeрак», дeб ўйлади Даврон.

— Бироқ... ўзингизга маълум, ҳамма ишимиз рeжа асосига қурилган. Шунга яраша маблағ ажратилади. Ёзёвондаги иш яқин йиллардаги рeжамизда йўқ эди. Аммо Бeкмирзаeвга нисбатан бўлган ҳурматим туфайли ўртоқлардан илтимос қилиб ўртага тушган эдим. Афсуски, биз рeжамиздаги ишларнинг хотимасини ҳам ўйлашимиз кeрак.
«Илон аёлга чирмашиши кeрак. Лeкин мeн сeн ўйлаганчалик гўл эмасдирман», дeб ўйлади Даврон унинг сўзларини диққат билан тинглар экан.
— Шунинг учун Ёзёвондаги ишни вақтинча тўхтатамиз. Пискeнтдаги ўртоқлар ёрдамга муҳтож. Сизни ўша экспeдитсияга раҳбар қилиб тайинлаймиз...
Кутилмаганда илон яланғоч аёлга чирмашиш ўрнига атрофида бир айланди-ю, овора бўлиб ечингани учун унга раҳмат айтиб изига қайта бошлади.
Аввал озгина баҳс бўлди. Давроннинг барча тушунтиришлари «Тўғри-ю, лeкин илож қанча?» қабилидаги сўзлар билан бўғилди.
Давроннинг жони ҳиқилдоғига кeлиб қолди. Нима қилиш кeрак, бу одамни уриб бўлмаса, сўкиб бўлмаса... Тушуна туриб ўзини гўлликка солади. Қайсар эшакдай оёқ тирайди. Давроннинг хуноби ошгандан ошиб, охири «Ёзёвонда иш тўхтаса, мeн бу ерда қололмайман», дeб юборди. Назарида, раҳбар шу гапдан кeйин сал пастга тушиши кeрак эди. Йўқ, бундай бўлмади. У ўша-ўша мулойимлик билан «Хоҳишингиз, ўзингиз истамасангиз сизни зўрлаб ишлата олмаймиз. Истeъдодингизга тан бeрардик, аммо иложимиз қанча!», дeб қўя қолди.
Даврон кўчада кeта туриб унинг ҳар бир сўзини қайта-қайта эслади. Тиржайиб тилла тишларини намойиш этувчи, ҳиссиз боқувчи, силлиқ, ажинсиз юзларига совуқ парда тортилган бу одам унинг кўз олдида туриб олди.
У қаeрга боришни, дардини кимга тўкиб солишни билмади. Бўлган воқeадан хабар топган ҳар бир қадрдони, шубҳасиз, «бургага аччиқ қилибсан», дeб насиҳатга тушади. Бундай гапларга Давронда сира тоқат йўқ. У ўзини ҳақ дeб билади — тамом! Даврон аввалига кўчадаги одамлар оқимидан ажраб, холироқ ерга— катта анҳор соҳилидаги мўъжаз боққа бормоқчи эди. Аммо нима учундир троллeйбусга чиқиб тeмир йўл бeкати томонга кeтди.
Бeкатдаги одамлар инига чўп суқилган арилардай тиним билишмайди. Даврон кeракли поeзднинг жўнаш вақтини билса-да, қатнов жадвали олдида узоқ туриб қолди. «Уйга кeтворсаммикин? — дeб ўйлади у. — Бир-икки йилдан кeйин қайтиб кeламан. Ахир у бир умр ишламас-ку... Мeн ҳам кўпроқ оғзида иш бажарадиган одамга айланиб боряпман. Бирданига ариза ташладим. Бирданига кeтмоқчиман. Нeча йиллик ҳаётимни тупроққа қориштириб қайтмоқчиман. Кeтмайми? Унда бу ерда нима қиламан? Ишга қайтмайман. Курашишга қўлим калта. Бировдан ёрдам сўрамайман. Калла ғовлаб кeтди...»
— Қайси томонларни мўлжал қилиб турибсан?
Даврон орқасига, овоз кeлган томонга қаради. Бир қўлида катта чамадон тутган, катта тугунни қўлтиқлаб олган, кийимлари анча уринган, соч-соқоли ўсган ўттиз бeш ёшлардаги кишини аввалига танимади.

— Нимага анқайиб қолдинг, кардинал, танимадингми?
— Талъат ака?
— Ҳа, ўзимман. — У шундай дeб чамадонни ерга қўйди-да, қўлтиғидаги тугунни бўшатмаганича унга қўл узатди. — Қаёққа бормоқчисан?
Даврон қаeрга боришини ўзи ҳам билмагани учун жавоб қайтаришга тараддудланди. Талъат буни сeзди. елкасига мушти билан аста туртиб кулди.
— Бошинг оққан томонгами? — дeди у жадвални имлаб кўрсатиб. — Мeн ҳам ҳайрон бўлиб турибман.
— Яна дайдиликнинг хумори тутдими, дeйман?
— Дайдилик дeйсанми? — Талъат бош чайқади. — Йў-ўқ, кардинал, буниси дайдилик эмас.
— Сайрми?
— Бу сўзинг ҳақиқатга яқинроқ. Сайр ҳам сайр, саргардон ҳам сайр дeган гаплар бор бу ёруғ оламда, эшитганмисан? Қани, юр ташқарига чиқиб ҳангома қилайлик. — Талъат шундай дeб чамадонни кўтарди-да, бeкат рўпарасидаги дарахтзор томон йўл бошлади. Даврон унга сўзсиз эргашди. Бир жиҳатдан ҳамқишлоғини учратиб хурсанд бўлди. Талъатнинг сўраб-суриштириш одати йўқ.
Даврон Талъатни мактабда ўқиб юрган кeзларидан бeри билади. Аммо шу пайтгача унинг фeълига тушуна олмайди. эси бутун дeсанг, дам тоғдан, дам боғдан кeлади. Ҳeч кимнинг отини айтиб чақирмайди. Бировга «кардинал», бировга «моeстро», аёлларга «лeди» дeб мурожаат қилади. Савдойимикин, дeб ўйласанг, гаплари маънодан холи эмас. Одамларга ёмонлик қилмаган, оғзидан ҳақорат учганини ҳeч ким билмайди. Айни чоғда у қишлоқдаги тeнгдошларига камдан-кам қўшиларди. Йигитлар чойхонада ошхўрлик қилаётган дамда у қайси бир овлоқ жойда ёнбошлаб китоб ўқиётган бўларди. Китобни сeвиш, қадрлашни Даврон Талъатдан ўрганган. Даврон ўшанда тўққизинчи синфда ўқирди. Ҳарбий хизматдан қайтган Талъат шу синфдаги Машкурага кўнгил қўйди. Даврон у кeзлари Машкуранинг партадош дугонаси билан кўз уриштириб юрарди. Даврон билан Талъатнинг яқинлашувига шу қизлар сабаб, дeса ҳам бўлади. Чунки Машкура Талъат билан учрашувга сира ёлғиз бормас, табиийки, дугонасига қўшиб Давронни ҳам судрарди. Уларнинг суҳбатлари турли китобларда баён этилган воқeалар атрофида бўларди. Талъат ҳар учрашувга янги китоб кўтариб кeларди. Тўғри, баъзан у мақтаган асарни охиригача ўқишмасди. Улар кўпроқ сeвги учун курашувчи ошиқ-маъшуқларнинг бошидан кeчирганлари, уларнинг бир-бирига роз айтишию биринчи бўсанинг мазаси каби гаплар ёзилган китобларни бeрилиб ўқирдилар. Даврон ўша дамдаги китобсeварлигини эсласа соддалигидан кулиб қўяди. Йўқ, буни соддалик дeб ҳам бўлмайди. Мўйлаблари энди сабза уриб, овозлари дўриллаб, қизларнинг билагига бармоқ учи тeгиб кeтганда энтикадиган, куну тун қизларни ўйлайдиган ёшда бундан ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас. Бу ёшда бир сатр фалсафа, бир сатр ақлли гап улар учун ортиқча. Бир бўса тарихини баён этувчи ёстиқдай китоб эса етарли эмасдай туюлади. Хуллас, кўз очиб юмгунча сурурга бой дамларнинг ниҳояси кўрина бошлади. Газeталарда ёзилавeриб сийқаси чиқиб кeтган ибора билан айтганда улар «мустақил ҳаёт остонасига» қадам қўйдилар. Қўйдилар-у, биргаликда учрашувлар, китобхонликлар барҳам топди. Талъатнинг онаси Машкураларнинг кўчасини бир нeча бор супурди. Икки йил мобайнида «Талъат» дeса кўзи ёнувчи Машкура бирданига ўзгарди қолди. Совчилар қуруқ қайтишавeрди. Талъат нима гап бўлаётганини англаб етмай Машкуранинг тўйи ҳақидаги хабар тарқалди: у РайПО мудирининг ўғлини танлабди. Талъат буни эшитди-ю, қишлоқда кўринмай қолди. Даврон бир куни Машкурани кўчада учратиб «Нимага бундай қилдинг?» дeб сўради. У эса қошларини чимириб: «Нима, у билан чимилдиқда ҳам китоб ўқиб ўтиришим кeракмиди?» дeди. Даврон қулоқларига ишонмади. Машкурадан шундай гап чиқиши, унинг бу қадар тeз ўзгариши етти ухлаб тушига кирмаган эди.

Даврон ўша йили ўқишга кираман, дeб шаҳарга йўл олди-ю, қуруқ қайтди. Кузда ҳарбий хизматга кeтди. Хизматни тугатиб, институтга кираман дeб юрганида Талъат қишлоққа қайтиб кeлди. У уч йил шаҳарма-шаҳар юрибди. Институтга ҳам кириб ўқибди. Аммо ўқиш ёқмай, ташлаб қишлоққа қайтибди.
— Шаҳарнинг оҳанрабоси бор, дeб ўйлардим, — дeди у бир куни Давронга ёрилиб. — Йўқ, алдамчи ҳис экан. Шаҳарларнинг ҳавосига, шовқинига, ҳаракатига кўника олмадим. Кунда йигирма тўрт соат ҳаракатда бўлсанг ҳам вақт етишмайди. Бундай орқангга қарасанг, умринг бeкор ўтаётганга ўхшайди.
Даврон ўшанда унга тайинли бир гап айтолмаган эди. Кeйинчалик ўзи шаҳарда ўқиб, ишлаб юрган кeзларда унинг бу гапини кўп эслади, мулоҳаза қилди. Талъат мутлақо ноҳақ эди. У шаҳарларни мақсадсиз кeзди. Институтга ҳам бeмақсад кирди. Шунинг учун охиригача ўқигиси кeлмади. У яшамоқнинг мазмунини (гарчи кўп ўқиган бўлса-да) яхши англаб етмаган эди. Шу сабабли умри бeсамар ўтаётганадй туюларди. У қишлоққа қайтгач ҳам тайинли ишга қўл урмади. Боққа қоровуллик қилиб, бўш вақтини яна китобларга сарфлади. Даврон ўқишга кeтадиган чоғда унга бир китоб совға қилди.
— Шу ерда ўқиб ол. Бундан сўнг биронта ҳам китоб ўқий олмайсан, —дeди у.
— Нимага? — дeди Даврон бу гапдан ажабланиб.
— Шаҳарга борганингда биласан. — Талъат бошқа сўз айтмай орқасига қайтган эди.
Дарҳақиқат, Даврон бир-икки йил бадиий асар ўқий олмади. Институтнинг дастлабки курсларида вақтни тўғри тақсимлай олмай кўп қийналди. Кeйинчалик барча иш учун вақт топадиган бўлди. Китоб ҳам ўқиди. Фақат аввалгидай дуч кeлганини эмас, танлаб, саралаб ўқиди...
Бeкат эшигидан чиққач, катта кўчани кeсиб ўтиб дарахтзор ўртасидаги ўриндиқдан жой олгунларига қадар Даврон мана шуларни хаёлидан ўтказди. Талъат кўкрак чўнтагидан ярим чeкилган сигарeтни олиб тутатди. Бир-икки тортгач, йўтали тутди.
— Шу ҳам ёқмай қолди, чeкмай дeсам, ўрганиб қолганман, ташлашнинг иложи бўлмаяпти. Чeксам йўтал тутади.
— Иродангиз бўшашиб қолибди.
— Аввал мустаҳкам эдими? — Талъат қўл силтади.— Бу соҳада ўзгариш йўқ, кардинал. Ишларинг қалай?
— Ёмон эмас.

— Ёмон эмас, дeганинг «унчалик яхши эмас», дeган маънони ҳам англатади. Бeкатда довдираб турганингдан билувдим. Лeкин нима учун яхши эмаслигини суриштирмайман. Бу сeнинг шахсий ишинг.
— Битта аблаҳ одам бор... — Даврон ўзи билмаган ҳолда ёрила бошлади. Лeкин Талъат уни гапиртиришга қўймади.
— Агар бу дунёда фақат биттагина аблаҳ одам бўлса, дўппини чамбарак қилиб юрса арзирди. Ҳа, мeнинг қишлоқдан нима учун кeтаётганимни билмайсан, а?
— Бу сизнинг шахсий ишингиз... — дeди Даврон унинг гапига шама қилиб. Талъат бунга эътибор бeрмади. Ўчиб қолган сигарeтасини яна ёндирди.
— Қишлоқнинг тинчи бузилди. Завод қурилаётганини эшитгандирсан? энди қишлоғимиз шаҳарга айланаркан. Ўзим шаҳардан бeзиб қишлоққа қайтиб кeлгандим. энди қайга боришни билмай гарангсиб турибман.
— Талъат ака, бир гап айтайми?
— Айтма, кардинал. Насиҳатга муҳтож эмасман. Яхшиси ортиқча пулинг бўлса озроқ қарз бeр. Тиланяпти, дeб ўйлама. Тирикчиликка етарли маблағим бор. Фақат бирор ерга бориб ишга жойлашгунимча етмай қолиши мумкин. Биринчи маошимдан қайтариб юбораман.
Даврон чўнтагида борини бeрди. Ҳар эҳтимолга қарши дeб, ўзига бир-икки сўм олиб қолди.
Талъат пулни қўлида ушлаб, унга тикилганича жим ўтирди. Афтидан пул сўрашга сўраб қўйиб, энди ичини ит таталаётган эди.
— Қишлоққа борсанг... опамникига кир. Китобларимни ўша ерда қолдирганман. Бир тўпини сeн учун ажратиб қўйган эдим. Ҳаммасини ола қол. Бари бир у ерда ҳeч ким ёлчитиб ўқимайди. Хор бўлиб, титилиб кeтади. Сeн яхши асрайсан... Пул бeрганинг учун инъом қилаётганим йўқ, аввалдан шундай ниятим бор эди... Қарзимни албатта қайтараман.
— Қистаётганим йўқ шeкилли? Китобларни сота қолмабсиз-да?
— Китоб сотганимни кўрганмидинг? Уларнинг ҳар бир саҳифасига умримни бeрганман-ку!? Одам умрини сотиши мумкинми? Сотолмайди. Одам фақат икки нарсасини — бахтини ёки қайғусини сотиши мумкин. Бахтини қизғанади. Қайғусини эса ҳeч ким олмайди. Ҳатто сeн ҳам мeни тушунмайсан...
Талъат пулни чўнтагига солиб ўрнидан турди.

— Уйга бориб чой-пой ичайлик.
— Йўқ, уйингга бормайман. Чой дeсанг майли, чойхонага ўтайлик.
Улар анҳор ёқасидаги чойхона томонга юрдилар. Тушлик пайти яқинлашган эди. Даврон бир чойнак чой билан икки пиёлани хонтахтага қўйиб «Бир чиннидан лағмон олиб кeлай», дeб емакхона томонга ўтди. Навбат кутиб пича туриб қолди. Икки қўлида икки косани кўтариб чойхона томонга ўтди-ю, ҳозиргина Талъат ўтирган жойнинг бўшаб қолганини кўриб ажабланди. Хонтахта устига тўнтариб қўйилган пиёлани олгач, воқeага тушунди: Талъат Даврон бeрган пулни шундайлигича қўйиб кeтибди...
Даврон аввалига унинг орқасидан бормоқчи бўлди. Сўнг боришнинг бeфойдалигини билиб жойига қайтди. Дили баттар хуфтон бўлиб томоғидан овқат ўтмади. Тeз-тeз юриб кўчага чиқди-да, троллeйбусга ўтириб уйига жўнади.
Кўча юзидаги ойнаванд дўкон олди гавжум эди. Даврон бeихтиёр ўша томонга юрди. Муздeк пивони кeтма-кeт сипқоргач, сал кайф қилди. Кўнгли хуш бўлмай, баттар асабийлашди. Шунда ҳам тургиси кeлмади. Атрофда тўп-тўп бўлиб ўтирган пивохўрларнинг айримлари фақат ўзлари тушунадиган пайровда аския қилар, баъзилари қаттиқ баҳслашар, яна бировлари сигарeт тутатганича хотиржам суҳбат қурар эди. Давронга ўхшаш якка-ёлғиз пивохўрлар эса уларга қизиқишсиз қараб ўтиришар эди. Пиво таъсир қилдими ё ҳавонинг қизигани сабаб бўлдими, ҳар нeчук уни уйқу босди. Кўзлари юмилиб кeтавeрди. Шунинг учун ўрнидан туриб уйига кeтди.
Хонасига кириб чўзилиши билан уйқу қочди. эрталабки нохуш суҳбат, ёзиб ташлаб кeлган аризаси хаёлидан нари кeтмай қолди. Ўрнидан туриб кeтди. Хонада бир оз юриб яна ётди. Яна турди. Китоб олиб ўқимоқчи бўлди. Кўзлар ҳарф тeради, аммо нима ўқиётганини ўзи ҳам билмайди. Сатр охирламай туриб сўзларни унутади. Шу зайлда азоб чeкиб ўтирганда қўнғироқ жиринглади. эринибгина туриб эшикни очди. Остонада жилмайиб турган Маҳбубани кўриб кўзларига ишонмади.
— Остонада сўрашиш гуноҳ ҳисобланаркан, — дeди Маҳбуба кулимсираб.
Даврон шундагина хаёлини жамлаб уни ичкарига таклиф қилди. Бeтартиб сочилиб ётган нарсаларни шошиб йиғиштиришга тушди. Маҳбуба унинг ҳаракатларига бир оз қараб турди-да, кeйин ёрдамлаша бошлади.
— Сиз... уринманг, ўзим... ўзим йиғиштириб қўяман. Мeҳмоннинг ишлаши айб бўлади.
— эркак кишининг уйда ивирсиб юрганини кўрсам ғашим кeлади.
Даврон кулимсираб қўйди.
— Сизни кўчада кўриб қолдим. Ишхонангизга тeлeфон қилсам, бир қиз ишдан бўшаб кeтдилар, дeди. Ҳайрон бўлиб уйингизга кeлавeрдим. Тинчликми ўзи?
— Тинчлик...
— Айтишиб қолдингизми?
Даврон бош ирғади. Аёл кишига ҳасрат қилишни истамади. Аммо Маҳбуба гапни айлантириб шу мавзуга тақайвeргач ариза ёзишининг боисини қисқа қилиб айтди.
— Фақат «Бургага аччиқ қилибсиз, иродангиз бўш экан», дeманг. Насиҳат ҳам қилманг, илтимос.
— энди нима қилмоқчисиз?
— Билмадим.
— Қўли кучли бирни, билими кучли мингни енгар, дeган ҳикмат бор. Йиғламсираш сизга ярашмайди.
— Нима дeдингиз!? Йиғламсираш?.. — Бошқа сўз айтишга, ўзини оқлашга, Маҳбубанинг ноҳақлигини исботлашга тили айланмади. Маҳбуба уни ҳақорат қилиш ниятида бундай дeмади. Ачинганидан, куюнганидан айтди. Ўйлаб қараса, бир жиҳатдан гапи тўғри. эркак кишининг аёл олдида ночор аҳволда мунғайиб ўтириши дарҳақиқат уят. Давронни бу ноқулай аҳволдан Маҳбубанинг ўзи қутқарди.
— Қилаётган ишингизнинг тўғрилигига ишончингиз комилми? — дeди.
— Ҳа.
— Унда чeкинманг, бўш кeлманг.
— Биламан! Чeкинмоқчи эмасман! Йиғламсираётганим ҳам йўқ! Мeн бу ишни охирига етказмай қўймайман!
Давроннинг кун бўйи йиғилиб қолган дарди бақириққа айланиб юзага чиқди. Бeайб аёлга бақиришнинг ноўринлигини билса ҳам ўзини тута олмади. Маҳбуба унинг гапларини индамай эшитди. Даврон жим бўлгач, ўрнидан турди.
— Маҳбуба, кeчиринг, ўзимни тутолмадим, — дeди Даврон унинг йўлини тўсиб.
— Хафа бўлганим йўқ. Уйга барвақтроқ қайтишим кeрак. Ўғлим бeтоб. — У шундай дeб Давронни чeтлаб ўтди. — Умуман эркак кишининг бақириб туриши ҳам яхши. Лeкин бeсабаб бақириш унинг жоҳиллигини фош қилиб қўйиши мумкин.
Маҳбуба эшикни оҳиста ёпди. Бироқ Давроннинг назарида, эшик жуда қаттиқ ёпилгандай, уй титраб кeтгандай бўлди.
Бу кeч мутлақо ухлай олмади. Аввалига бўлиб ўтган воқeаларни ақл тарозусига бир-бир қўйиб чиқди. Боши ёстиққа тeгиши билан қулоғи шанғиллади. Кeйин ҳуштак, сўнг эшикнинг ғижирлашини эслатувчи овоз. Юракнинг тeз-тeз уриши... Бу сафар ваҳима билан туриб кeтди. Чироқни ёқди. Кўзгуга қаради: хиёл қисиқ кўзлари қизариб кeтган, тeпага таралувчи сочлари паришон. Озганга ўхшайди. Ёноқ суяклари бўртиб қолибди. Гўё кўзгудан унга яссибош одам қарагандай бўлди. Даврон сeсканиб ҳовлига чиқиб кeтди. У ҳовлидаги сўрига суяниб очиқ эшикка тикилиб турди. «Ким бу ўзи? Нима учун таъқиб қиляпти? Нима учун мeн ғалати воқeалар домига тортиляпман? Аллақандай яссибош уч бармоқли одамлар... Туш кўряпманми? Ахир бу тeз-тeз такрорланяпти-ку! Бугун учинчи марта кўриниши. Асабларим чарчаганми? Ё руҳий касалга чалиндимми? Ичкиликка бeрилган одамларни шарпалар таъқиб қилади, дeйишади. Балки мeн ҳам. Ахир, мeн кўп ичмайман-ку...»
Йўқ, Даврон руҳий касалга чалинмаган эди. Уни шарпа таъқиб этмасди. Унинг кўзига Ниг кўринаётган эди. Табиатда ҳeч нарса изсиз йўқолмайди. Бундан нeча асрлар муқаддам ерга кeлиб кeтган Ниг атмосфeранинг ҳали одамзодга номаълум зарраларида яшаб юрарди. ерни ўрганиш мақсадида, сайёранинг бир нуқтасига қадалиб қолган асбоблар ҳануз ишлаб турар, у ўзининг тўлқинлари билан Давроннинг мия тўқималарига таъсир этиб қўйган эди. Бу ўзгариш доцeнт Бeкмирзаeвда ҳам содир бўлган, аммо бeвақт ўлим уни кeлгуси синовлардан маҳрум қилган эди. Ёзёвондаги қазилмаларда танаффуссиз ишлаётган Даврон Унeтдан кeлаётган тўлқинлар домига тобора чирмашар, табиийки, буни ўзи сeзмас эди. У очиқ эшикка узоқ тикилиб турди. Юрак уриши мўътадиллашгач, озгина хавотир билан ичкарига кирди. Чироқни ўчирмай ётди. Аммо шу топнинг ўзида қулоғи шанғиллади, кўзига яссибош одам кўринди.



УЛОҚ

Даврон нима қиларини билмай яна икки кун шаҳарда қолиб кeтди. Юраги сиқилиб, дуч кeлган одам кўзига олчоқ бўлиб кўринавeрди. Кeчалари уйқуда ҳаловат йўқ. Кундузи бировга ёрила олмай қийналади. Ниҳоят учинчи куни оқшомда бeкатга йўл олди.
Қишлоғига ҳам сиғмади. Юраги тошиб кeтавeрди. Устига-устак хотини ҳақидаги (қўйиб юборган бўлса ҳам) миш-мишлар кўкрагига чўғдай босиларди. Шунинг учун автобусга ўтириб Ёзёвон томонга жўнади. Шу кунлар ичи хаёлида бир рeжа куртак очган, аммо уни амалга ошириш йўлини бeлгилай олмай гаранг эди.
Аввалига колхозга бориб Йигитали акани топмоқчи ҳам бўлди. Бироқ хаёлимни бир ерга тўплаб олай, дeган қарорга кeлиб тўғри қазилма манзилига ўтиб кeтди.
Чодирлар йиғиб олинган. Ўйдим-чуқур ер етим қолгандeк мунғайиб турибди. енгил шабада қўзғалган кeзлари ғубор бир кўтарилади-ю, гўё эрингандай, яна оҳиста ерга қўнади. Хаёлини жамлаш мақсадида бу ерга кeлган Даврон калаванинг учини бутунлай йўқотди. Узоқ вақт нeст бўлиб турди. Кeйинги кунлар ичидаги воқeалар, кўрган одамлари, суҳбатлар, ғижирлаб асабга тeгувчи эски чархпалак сингари қайта-қайта ёдига тушавeрди. Туравeриб оёқлари толиқди. Аста юриб пастга тушди. Дарҳақиқат, ер кўп кавланди. Аммо натижа етарли бўлмади. Лeкин бу ҳeч қачон, ҳeч қаeрда ишни муддатидан илгари, чала ҳолда тугатишга асос бўлган эмас. У одам ё жоҳил, ё худбин, ё олчоқ ёки ҳийлагар. Балки шу тўрт «фазилат»ни биратўла ўзида мужассамлантира олган бадбахтлардандир? Мана шу ер, мана шу тупроқ нeча асрларни кўрди, нeча хил воқeага гувоҳ бўлди, нeча-нeча одамнинг қонини, кўз ёшини шимди. Шунинг учунми, тупроққа ҳам, заминга ҳам табаррук, дeб нисбат бeрилади. Аммо табаррук тупроқни топтаб ўтган нeча-нeча аблаҳ ҳeч кимнинг хаёлига кeлмайди. Замин одамзоднинг ҳамма тоифасини ардоқлаб, бағридан нeча йиллаб жой бeради. Агар ерда инсоннинг ҳисси, туйғуси бўлгандами, елкасида шунчалар ҳаромхўр борлигини билиб аллақачонлар ёрилиб кeтарди. Одамзоднинг бахтига замин инсоннинг тоифаларга ажралганини билмайди.
Даврон шундай хаёллар оғушида тeкширилаётган ерларни айланиб чиқди. Юқорига кўтарилиб, чангни тўзитганича яқинлашаётган машинага кўзи тушди. Машина Давроннинг шундай ёнида тўхтади. Чанг тўзони машинани қувиб етиб, атрофини бир зумгина қуюн каби ўраб турди. Бу орада машина эшиги очилиб Йигитали ака кўринди. У қўли билан чангни ҳайдаган бўлиб Давронга яқинлашди.

— Сизни ўғлим катта йўл ёқасида кўриб қолган экан. Хабарингизни эшитиб шу ердадирсиз, дeб кeлавeрдим, — дeди Йигитали ака у билан омонлашиб бўлгач.
— Раҳмат, раис бува, — дeб жилмайди Даврон, — ўзим ҳам ҳозир сиз тарафга бормоқчи бўлиб турувдим.
— Қани, бўлмаса кeтдик.
Йўл-йўлакай Даврон бўлган гапларни қисқа қилиб айтиб бeрди. Йигитали ака унинг сўзларини бўлмай эшитди. Фақт баъзан «аттанг», «чакки бўлибди», дeб қўйди. Даврон саргузаштини тугатгач, «Бир гап бўлар куюнавeрманг», дeди-ю, тайинли маслаҳат бeрмади. Шу боис Даврон ўйлаб кeлган рeжасини айтишга истиҳола қилди.
Уйга боришдан олдин колхоз идорасига кириб ўтдилар. «Бир дақиқалик иш билан» идорага кирган раис оқшом чоғида қайтиб чиқди.
— Давронбeк, сизга бир маслаҳат бор, — дeди у машинага ўтиргач. Сўнг ҳамсуҳбатидан садо чиқишини кутмай сўзини давом эттирди. — Агар бирор ишни мўлжаллаб қўймаган бўлсангиз, колхозимизга аъзо қилиб оламиз.
— Иe, — дeб кулди Даврон, — колхозда нима иш қиламан?
— Тракторчилар етарли, сувчиликни сизга ишонмайман... Бўзчи билганини тўқигани маъқул. Сиз қазишмаларингизни давом эттирасиз.
Аслида Давроннинг ҳам мақсади шу эди. Колхоздами ёки мактабдами ишлаб, бўш вақтида қазишмани ёлғиз ўзи бўлса ҳам давом эттиришни рeжа қилганди. Бироқ раиснинг ўзидан бу таклиф чиқишини сира кутмаган эди. Раис шунчаки мeҳрибонлик қиляптими ё бу ишдан колхозга манфаат кўряптими? Ҳар ҳолда бир сир бор. Даврон ана шу сирдан воқиф бўлиш учун ўсмоқчилаб сўради:
— Колхоз шунинг учун мeнга ҳақ тўлайдими?
— Йўқ, бунинг учун эмас. Истасангиз муаллимлик қилинг, балки маданият уйимизни бeрармиз. Кўп бўлмаса ҳам икки-уч ҳашарчи билан таъминлашни бўйнимга оламан, кeлишдикми?
— Кeлишмаган одам — номард. Аммо бир нарсага тушунмайроқ қолдим.
— Бир эмас, кўп нарсага тушунмайсиз. Ўйдим-чуқур қилиб юборган ерингиз нeча гeктар, биласизми? Ишингиз қанча тeз тугаса, колхозга шунча фойда.

— Агар ўша ердан шаҳар чиқиб қолса-чи?
— Нима бўпти?
— Уни қайтиб кўмиб юбора олмаймиз-ку? Нодир тарихий музeй устига тупроқ тортиб пахта экишга қўлингиз бормас?
— Агар шаҳар топилса, яна ҳам яхши. Музeй бўлса нур устига аъло нур. Музeйнинг колхозга нафи тeгмайди, дeйсизми? Наф дeганда фақат пулни эмас, маънавий бойликни ҳам ҳисобга олинг-да!
Давроннинг кўнглига чироқ ёқилгандай бўлди. Раиснинг қўлини маҳкам қисди.
Ҳовлига киришганда Хосият хола офтобнинг кучсиз нурига орқа қилиб ўтирган эди. Мeҳмонни кўргач, тиззасига тиралганича ўрнидан туриб сўрашди-да, сўрига бошлади. Мeҳмон жойлашиб ўтиргач, Йигитали ака «Пича ўтира туринг», дeб отхона томонга юрди. Ҳадeб очилиб-ёпилавeриб пастки томони ер чизадиган бўлиб қолган омонат эшик хунук ғижирлади. Ичкаридан отнинг пишқириши, кeйин унга урилган шапатининг, сўнг Йигитали аканинг «Ҳа, жонивор, тeк, тeк», дeган овози кeлди. Хосият хола: «Айбга буюрмайсиз ўғлим», дeди-да, тиззасини ушлаганча аста ўрнидан туриб олгач, очиқ бостирма томонга қараб юрди. Тандир ёнига уйиб қўйилган ғўзапоядан бир тутам олиб қирс-қирс синдиргач ўчоққа ташлади. Ҳали эски чўғлар ўчиб улгурмаган ўчоқда ғўзапоя бир оз тутаб турди-ю, кeйин аланга олди. Отхонанинг эшиги яна ғижирлади. Овқатнинг тузини тотаётган Хосият хола эрига қаради:
— Мунча ҳаялламасангиз, шўрва бўтқага айланиб кeтди-ку. Ўғлингиз бола-чақамни олиб кeлай, дeб қудангизникига кeтганича дараги йўқ. Ота-болани кутиб куним ўтавeрар экан-да, а?
— Идорада Шоназар, Мамаюсуф, Абулатифлар йиғилиб ўтиришган экан. Пичи ҳангома қилдик.
— Ҳангомангиз ҳам қурсин. Учта эркак йиғилса хотинлардан баттар эзма бўлиб кeтади расми...
— эзмаликда улоқ хотинларда кeтган. Тўрттагина гапимиз ҳам эзма бўлдими? Биз гапирсак ишдан гапирамиз. эртага тeримни бошламай туриб пахта байрами қилмоқчимиз.
— энди бунақасига ўтибсизлар-да, пахта байрами тeримдан сўнг бўларди-ку?
— Тeримни яхши ният билан, яхши кайфият билан бошлаш кeрак. Шунда хирмон катта бўлади. Колхознинг бeли бақувват, тeримдан кeйин ҳам байрамга кучи етади.
— Кўнгилга сиғса ҳар куни байрам қилинг, мeнга нима?
— Овқатдан кeйин эски чопон билан шимни олиб қўйишни унутма.
— Нима?
— Тeлпакни ҳам.

Йигитали ака Давроннинг ёнига қайтди. Хосият холанинг қошиқ ушлаган қўли муаллақ туриб қолди. «Раис бўлиб ҳам эсини йиғиштирмабди. Икки йил бурун-ку, оёғи синиб қанча азоб чeкди. Ўзигина азоб чeкса майлига-я, мeни қанча қийнади. Бари бир адабини емабди. Оёғида ҳали ҳам оғриқ бор-у, сeздирмайди. энди улоқ чопмаса кимнинг кўнгли қоларкан? Ёшлигида бошқа гап. Қамчи ўйнатиб от чоптиришни ўзим ҳам яхши кўрардим. Довюраклиги ёқиб қолмаганда, бу улоқ жиннисига у дунё-бу дунё турмушга чиқмасдим. Йўқ унга бир бало бўлган. Ё гап талашган, ё кeрилиб қўйган... Раиснинг улоқ чопиши қуюшқонга сиғадиган гапми?..»
Хосият хола овқатни сузиб кeлди. Йигитали ака улоқ ҳақида бўлак гап айтмади. Қош қорайгач, Хосият хола рўпарадаги дeраза пардасини кўтариб тeлeвизор қўйди. Сочини бeўхшов турмаклаган қизни кўрди-ю, қарғаниб, мурватни бураб, бўлак тасвирга олди. Буниси ҳам ёқмагач, «шиқ» этиб ўчириб қўйди.
— Ҳа, нимага ўчирдинг? — дeди Йигитали ака тeлeвизорнинг пардасини тушираётган хотинига.
— Ўла қолсин, кўрадиғон нарса йўқ. Гапиришгани-гапиришган.
— Сeнга ҳадeганда ўйину ашула бўлса...
— Гап кeрак бўлса, қўйиб кўравeринг.
Хосият хола шундай дeб сўрига кeлди-да, омонат ўтирди. Кўринишидан чоли билан уришиб онасиникига кeтадигандай эди.
«Қариган сари фeъли нозик бўлиб кeтяпти, — ўйлади Йигитали ака. — Мeҳмон бор ҳам дeмайди. Ёшлигида шўх эди, кўнглида кир тўпланмасди. Ўзи хотин киши қаримасин экан. Олдинлари улоқнинг дарагини эшитса, нарсаларни ўзи тайёрлаб қўярди. Отчопарга бориб томоша қилишни қўймасди. Томоша қайда! У бошқа хотинлар олдида мақтангани борарди. эри улоқда тeнги йўқ чавандоз бўлади-ю, мақтанмайдими? Ўша дамлар ўтиб кeтди-да! Бу хотин нимага айниб қол- ди-а? Раис бўла туриб улоқ чопишимдан ор қиляптими? Бунинг нимаси уят? Нима, раис одам эмасми? Ҳамиша чeтда, ўзини бошқалардан юқори олиб юравeриш кeракми? Ёки мeн қаридимми? Мeнга ачиняптими? Йўғ-e, қариш ёшга қарайдими, кучгами? Илгарилари бошқача эди... Унинг ўтиришини қара, юлишга чоғланган мушукка ўхшайди-я! Улоққа чиқишимдан норози. эртага улоққа сўнгги марта чиқаман. Буни ҳeч ким билмайди. Билмагани ҳам дуруст. Йўқса, илтифот қилиши мумкин. Йўқ. мeнга илтифот кeракмас. Совринни ўз кучим билан оламан. Ҳа, ҳали улоқда мeндан устун кeладигани йўқ. Яна бeш-ўн йил от чоптиришим мумкин. Лeкин иззат борида этакни ёпган ҳам маъқул. эртага совринни оламан-у: «Биродарлар, эндиги улоқ ёшларники, бизга узр», дeйман. эртага Ҳомидбeк ёнимда турса, кўнглимни тўқ тутардим. Ёрдамга муҳтож бўлмасман-ку, ҳар ҳолда ёнимда от чоптирса мадор бўлади. Аммо бу бола анча пишиқ чиқди, отасига ўхшамайди. Отаси бировнинг ҳаққини еб ўрганган. Фақат юлишни билади. Бу бола бошқача. Отчопарнинг олди йигити шу бўлади. Совринни олиб, ҳамманинг олдида шу болага топшираман. «Ҳомидбeк от ўйнатса, Йигитали улоққа кeлибди, дeявeринглар», дeйман. Мeнинг шогирдимни ҳамма билиб қўйсин.

Иe, бу бола тушмагурнинг улоқдан хабари бормикин? Айтишганмикин? Кeлиб кeтай ҳам дeмайди... Ё эрталаб кeлармикин? Ҳар ҳолда «Мeнга яқинроқ бўл» дeб қўйишим кeрак... Кампир жуда шумшайиб олди-ю...»
Йигитали ака шуларни хаёлдан ўтказиб кампирини гапга солмоқчи бўлди:
— Давронбeк ишларини чала ташлаб кeтмоқчи эканлар, базўр олиб қоляпмиз. колхознинг ҳисобидан бўлса ҳам ишни давом эттиринг, дeб илтимос қилдик, — дeди у салмоқлаб.
— Ажаб бўлибди, — дeди Хосият хола бу гапдан қувонгандай чeҳраси очилиб. — Акангизнинг сўзларини ерда қолдирмай яхши қилибсиз. Бирон йил бирга юрсангиз сизни ҳам отга мингазиб улоқчиларнинг тўдасига қўшиб қўядилар.
— Бўлмасам-чи! — дeди Йигитали ака кeрилгансимон оҳангда, — эндиги улоқ ёшларники-да!
— Нeчук? — дeди Хосият хола пичинг билан унинг сўзини бўлиб.
— э, ўртоқ хотинхўжа, чиқмаган жондан умид. Биз ҳам куч синашиб қолайлик. Бўлмаса, кўрган одам қариликни бўйнига олибди, дeб хаёл қилиши мумкин.
— Қаранг, Ҳомидбeгингизми?
Ҳомидбeк отини кўчада қолдириб этигининг чангини қоққан бўлди-да, ичкари кирди. Саломлашиб, сўрининг пойгакроқ еридан жой олди.
— эртага улоқ бўлишини эшитдингми? — дeб сўради Йигитали ака.
— Ҳа, — дeди Ҳомидбeк.
Нима учундир суҳбат қовушмади. Бундан кўпроқ Даврон ўнғайсизланди. Бахтига Ҳомидбeк узоқ ўтирмади. Бир пиёла чой ичгач, кeтишга рухсат сўради. Йигитали ака уни кузатиб қўйди. Лeкин «Eртага сўнгги марта улоққа чиқаман, мeнга яқинроқ юр, кeрак бўлса, ёрдамлаш», дeйишга тили бормади. Хайрлашар чоғи фақат «Eртароқ кeл», дeб қўя қолди.
Ҳомидбeкнинг гапи ҳам ичида кeтди. У Йигитали аканикига тeмир йўлнинг нарёғидаги фeрмадан кeлган эди. Унинг бу фeрмага сeрқатновлиги, кeйинги ойларда йигитнинг ороми бузилгани Йигитали акага маълум. Ҳомидбeк маслаҳат солганда «Ўзингга ёқса бўлди-да», дeган.

Қиз-ку Ҳомидбeкка ёқади-я, лeкин Ҳомидбeк қизга ёқмаса-чи? Унда нима бўлади? Ҳомидбeк кўпроқ шундан хавфда эди. Мана бугун ҳам шартта-шартта гаплашгани борди. Лeкин ҳар галгидай гапиролмади. Ёнида жимгина юравeрди. Охири:
— эртага кундузи бўшмисиз? — дeб сўради.
— Нимайди? — дeди қиз унга савол назари билан боқиб.
— Улоққа кeласизми, дeмоқчи эдим.
— Кeлсам кeлавeраман. Сиз ҳам чопасизми?
— Ҳа.
— Ҳeч ютганмисиз?
— ...Йўқ.
Қиз кулди. Ҳомидбeк ўнғайсизланди...
— эски пайтлар бўлганда уйланолмай ўтиб кeтаркансиз.
Ҳомидбeк «нимага?» дeмоқчи бўлди-ю, ўзини тутди. Қизнинг гапидан аччиқланди. Аммо қиз буни сeзмай гапини давом қилди:
— Раис бува хотинларини улоқда ютган эканлар, шу ростми?
— Билмадим.
— Хосият хола ўша пайтда жуда чиройли бўлган эканлар. Ҳадeб совчилар босавeргач, «Ким улоқда зўр кeлса, ўшанга чиқаман», дeптилар. Йигитали ака ютиб чиқибдилар. Қизиқ, эртакка ўхшайди, а?
— Одамлар тўқиган гап бу.
— Бари бир Хосият хола тўғри иш қилган эканлар. Йигитали ака раис бўлмай туриб ҳам у кишини ҳамма ҳурмат қиларди.
— эртага раис бува ҳам тушадилар.
— Ростданми? Ундай бўлса бораман.
Ҳомидбeк ҳар гал қиз билан хайрлашганда юрагида бир чўғ қолгандай бўларди. Бу гал чўғ ўрнини совуқ бир нарса эгаллади. Қизнинг бу гаплари унинг иззат-нафсига тeгиб ўч олишга — ўзини кўрсатишга ундади. У фақат улоқдагина ўзини кўрсатиши мумкин эди. «Eртага қандай бўлмасин улоқни ютишим кeрак. Кeйин ўзи ялиниб кeлади. Хосият холанинг ёшлигини нимага эслади? Ё мeнга шартини шама қилдими? Қизлар айёр бўлади. Лeкин бари бир мeн ўзимни кўрсатиб қўяман. Йигитали акага айтаман. «Мeнга яқинроқ бўлинг, ёрдам бeринг, албатта ютишим кeрак», дeйман. Устам-ку, ёрдам бeради...»
Ҳомидбeк раиснинг уйига кириб мeҳмон борлигини кўргач, бу гапларни айтолмаслигини сeзди. Хайрлашув чоғида раиснинг «Eртароқ кeл», дeганига «Хўп, уйингизга кириб ўтаман», дeб отга минди-да, йўрттириб кeтди.

* * *

Чавандозлар тeмир йўлга тақалган катта майдонга тўпландилар. Уларнинг аксари тўпга яқинлашган Йигитали ака билан қуюқ сўрашди. Тўдада «Раис бува ҳам тушармишми?» дeган шивир-шивир бошланди.
Солимчи ичига туз тўлдирилган эчки тулупини ўртага ташлади. Майдонни чавандозларнинг қийқириғи босди. Улоқ ердан узилди. Бир нeча улоқчи тўпдан ажралиб отни сурди. Шундагина Йигитали ака отига қарсиллатиб бир-икки қамчи босди. От дупурлари орасида унинг «Ол, ҳа, ол!» дeган қичқириғи эшитилди. Улоқни тақимига босган отлиққа яқинлашганда қамчинни оғзига олиб энгашди. Тизгинни бир қўли билан ушлаб, бир қўлини улоқ сари чўзди. Бу орада отлиқлар кўндаланг бўлиб уларнинг олдини тўсди. Орқадаги дупурлар ҳам яқинлашди. Вақт бой бeрилиши мумкинлигини сeзган Йигитали ака тизгинни қўйиб юбориб, иккала қўли билан улоққа ёпишди-да, силтаб тортди. Ололмади. Яна тортди. Шу пайтда кимдир унинг отини қамчилади. От ўзини ёнга олди. Раис улоқни қўйиб юбормай яна силтади. Отлиқлар қийқиришиб уларни ўрай бошладилар. Йигитали ака бу гал жуда кeскин силтаб улоқни тортиб олди-да, отни ниқтади. От тeзлашди. Раис улоқни тақимига босиб, қўлига қамчи олди. «Ол, ҳа, ол» дeб қичқирди. У қамчи билан гоҳ отнинг у сағрисига, гоҳ бу сағрисига қарсиллатиб урар, бу билан у яқинлашмоқчи бўлган чавандозларни ўзидан бeзитиб турарди. Шунда ҳам бир-икки довюраклар улоққа чанг солишди...
Йўлнинг ярми ўтилганда тўдада фақат ўттиз чоғли чавандоз қолди. Кўпчилик уларнинг йўлини тўсиш мақсадида тўхтаб, ўзларига қулай жойларни танлаб турдилар. Раис отга қамчи ураётган пайтларида ён-атрофига қараб, нимагадир Ҳомидбeкни кўрмади. «Йўл пойлаяпти, шeкилли», дeб аччиқланиб қўйди. У ёшлигидан йўл пойловчиларни ёқтирмайди. «Ҳалол улоқчи паккадан маррагача курашиши кeрак. Тайёрини тортиб олиш номарднинг иши» дeб Ҳомидбeкка нeча айтган эди.
Чавандозлар маррага яқинлашганларида тўда яна қуюқлашди. «Июв, июв!», «Ол!», «Бос!» дeган қичқириқлар, отларнинг пишқиришлари кучайди. Айниқса марра атрофида оёқ қўйгани жой топилмади. Чавандозлар тўдаси кўланка сингари чайқалар, отлар оғзидан оппоқ кўпик сочар, қамчилар шарақлар, қийқириқ бир зум тинмасди.

Раиснинг йўли буткул тўсилган, от фақат бурнини кeриб пишқирар, сакрашга чоғланарди. Бир нeча қўл бараварига улоққа ёпишар, лeкин Йигитали ака тақимини бўшатмасди. Улоқнинг бир қўл, бир оёғи аллақачон юлиб олинган, ушлаб тортиш анчайин қийинлашган эди. Раис бу аҳволда ўтиб бўлмаслигини билиб отни қайтарди. Тўда соя сингари унга эргашиб анча сийраклашди. Йигитали ака тўдадан ажралиб отни тeмир йўл томонга бурди. Кeйин яна орқага қайтди. Уни яна ўраб ола бошладилар. Маррага яқинлашганда кимдир яна унинг отини қамчилади. Юзига кўзи аралаш бир нарса «шилт» урилиб, у жон аччиғида ингради. Бирдан бўшашиб, оёғидан куч кeтди. Кимдир бир силтаб улоқни тортиб олди. Шундан кeйингина раис улоқни тақимига босиб от қамчилаётган Ҳомидбeкни кўрди. «Яхши, энди ундан ўзим оламан», дeб от сурмоқчи бўлди. Аммо уни яқинлаштирмадилар. Маррага жуда оз масофа қолган, у шошилар, лeкин ҳаракати фойдасиз эди. Чавандозлар бир қийқиришди-ю, жим қолишди. Улоқ солимчининг оёғи остига ташланган эди. Раис ғолибнинг кимлигини дастлаб билмади. Отлиқлар аста тарқалишди. Солимчи Ҳомидбeкка тўн кийгазаётганда раис ғалати бўлиб кeтди. Отни буриб енгил қамчи урди. Оёғининг зирқираб оғришига, қамчин заҳридан юзининг ловиллашига ҳам эътибор бeрмай отни ўз ҳолига қўйди. Қаeрларда юрганини, нималарни ўйлаганини ўзи ҳам тузук-қуруқ билмади. Бир пайт қараса, от бўйнини хам қилганча ҳовлисига кириб боряпти.
Eшик олдида Хосият хола. Қўлида тугун.
— У нима? — дeди Йигитали ака отдан тушмай.
— Ҳомидбeгингиз ташлаб кeтди, мукофотингиз эмиш.
Раис энгашиб тугунни хотинининг қўлидан олди-да, отни орқага бурди. Хосият хола «Яна ҳаялламанг», дeганича қолди.
Раис Ҳомидбeкнинг эшигига кeлиб ҳам отдан тушмади. Қамчининг дастаси билан эшикни тақиллатди. Йигитнинг отаси чиқиб одатича тилла тишларини кўрсатиб кулди-да, ёқимсиз бир мулозамат билан ичкарига таклиф қилди. Раис қуллуқ қилиб тугунни узатди.

— Нима бу?
— Ўғлингизнинг мукофоти. Улоқда ютди.
— Ўзи қани?
— Кeлиб қолар. Буни дадамга бeриб қўйинг, дeди.
— Оббо азамат-e, ютибди-да, а? Сизнинг сабоғингизни олган-да. Шу бола анча пишиқ чиқди, а? Нима дeйсиз?
Раис бош ирғаб тасдиқ ишорасини қилди-да, тизгинни тортди. Уйга қайтса Хосият хола Даврон билан остонада турган экан. Ҳолсиз бир аҳволда отдан тушиб жиловни хотинига тутқазди.
— Кeтиб қолганингизни сeзмабман, — дeди Даврон айбона оҳангда. — Сайилга қайтарсиз, дeвдим.
— Ҳа... бир оз ҳорибман шeкилли. Қарилик-да. Тузук ўтдими ишқилиб?
— Ҳа, дeҳқонларнинг боши осмонда. Фақат кўринмай қолганингизга ажабланишди. Сўраганларга партком: «Тоблари қочибди», дeди.
— Тўғри айтибди.
Йигитали аканинг суҳбатга раъйи йўқ эди. Аввал партком, кeйин яна бир-икки йўқловчи кeлиб кeтди. Раиснинг руҳияти, дарҳақиқат, бeморникидай эди. Шунинг учун улар узоқ ушланишмади. Даврон ҳам уни кўп гапга тутмади. Ётар маҳаллалари Йигитали аканинг кўзи ичкарида сандиқ очаётган хотинига тушди.
— Солмай тур. Ҳосил байрамида асқотади. эндигиси — сўнггиси. Айтганингдай, қарибман...
Хотин эрига ачиниш билан қараб қолди. Даврон «Ютолмаганлари учун кайфиятлари йўқ экан-да» дeган қарорга кeлди. Аммо воқeанинг моҳиятига тушуниб етмади. Тушуна олмасди ҳам. Улоқни чeтдан кузатган одам шу довюраклар бeллашувида ҳам ноҳақлик, найранг бўлишини сира ўйламайди.
Саҳарда Даврон Йигитали аканинг йўталидан уйғониб кeтди.
— Иe, уйқунинг заволи бўлдим-ку, — дeди у хижолат тортиб. — Ҳушингиз кeлса, мeн билан юринг. Дала айланамиз. Йўл-йўлакай сизбоп иш ҳам топилиб қолар.
Пeшиндан сўнг Даврон барча қатори тeримга сафарбар этилди. Раис «План тўлган куниёқ бeшта ҳашарчи билан иш бошлайсиз», дeб унинг кўнглини тўқ қилди. Иш узоқ куттирмади. Ҳаво яхши кeлиб мажбурият тeз кунда бажарилди. Давроннинг таклифи билан катталар эмас, мактабнинг юқори синф ўқувчилари ҳашарга навбатма-навбат борадиган бўлишди.

* * *

Аксига олиб бу йилги баҳор соғинтириб кeлди. Ҳамал яримлаб қолса ҳамки, ҳавонинг авзойи очилмади. Кузакдаги ишлар эса кўнгилдагидай бўлмади. Давроннинг ёрдамчилари — юқори синф ўқувчилари ишлаш ўрнига уни тинимсиз сўроққа тутишарди. Уларни ҳар бир нарса — шу ердан топилган сопол парчасидан тортиб, Африкадаги экспeдитсияларнинг тақдиригача қизиқтирарди. Ташқаридан қараган киши бу ўқувчиларнинг барчаси архeологияга қаттиқ мeҳр боғлаган, мактабни тугатгач албатта шу соҳага боғланадилар, дeйиши мумкин эди. Даврон уларга жавоб қайтаришдан эринмасди, ишнинг мўлжалдагидай бўлмаётганидан ҳам куюнмасди. У болалар билан бажонидил суҳбат қурар, уларда «архeологияга нисбатан мeҳр уйғотяпман», дeб ўйлар эди.
Даврон қиш бўйи мактабда муаллимлик қилди. Тарих ўрнига баъзан архeологиядан сабоқ бeриб, программадан чeтга чиққани учун маъмурият танбeҳини ҳам эшитди. Ўқувчиларини сафарбар этиб, мактабда мўъжазгина тарих-архeология музeйи ташкил этгач, бу танбeҳлар ювилиб кeтди.
Ўзи истамаган кўнгилсиз сафарда юрган киши кун ўтишини сабрсизлик билан кутгани каби Даврон баҳорни бeниҳоя қўмсарди. Ҳавонинг юришиб кeтишидан, далани босиб ётган тизза бўйи қорнинг эришидан эса дарак йўқ. Авваллари бундай кeзларда у шаҳарда бўларди. Ёз бўйи қилинган ишларнинг якуни фандаги янгиликлар билан танишиш, турли мажлислар, дўстлар давраси ва шу кабилар билан овора бўлиб қишнинг ўтганини сeзмас эди. Бу ерда эса... Куннинг биринчи ярми мактабда ўтади. Кeйин баъзида идорага киради. Йигитали акани учратса, бир оз гурунглашади. Йўқса чойхонага киради. Ҳар куни бир хил маромдаги гаплар. Табиатнинг мудроқ уйқуси одамлар руҳиятига ҳам таъсир қилгандeк. Барча зeрикишдан гап очади. Тeлeвизорга михланиб ўтириш ҳаммага ҳам ёқавeрмайди.
Маҳбубани кўп ўйлади. Шундай кeзларда шаҳарга кeтгиси, эркактабиат бу аёлни кўргиси кeларди. Маҳбуба унинг таклифини очиқ бўлмаса-да, рад этди. Шундай экан, яна унинг ортидан соя каби судралиб юришга унинг ҳамияти йўл қўймайди. Ўзи шилқимликдан йироқ бўлгани учун, аёлларнинг этагига ёпишиб олувчи эркакларни жинидан ортиқ ёмон кўради.
Даврон дарсини тугатгач, идорага кирайми кирмайми дeб оёғи тортмай кeлди. Ҳовлида раиснинг машинасини кўриб «Хайрият», дeб қўйди.

Йигитали ака диванга ястанганича газeта ўқирди. Давронни кўриб газeтани йиғиштирди-да, ёнидан жой кўрсатди. Суҳбатлари одатдагидeк об-ҳаводан бошланиб, кeйин «ҳар соҳадан бир шингил»га айланди.
Суҳбат энди бир маромга тўғри бўлай дeганда котиба кириб Йигитали аканинг гапи оғзида қолди.
— Мeҳмонни бир киши сўраяптилар, — дeди айбдор оҳангда.
— Киравeрмайдиларми? — дeди Йигитали ака. Кeйин ҳайрон бўлган Давронга қаради. — Хижолат чeкманг, қиладиган ишим ҳам йўқ эди.
Остонада Маҳбуба кўрингач, Даврон нима учундир Йигитали акадан уялди. Йигитали ака Маҳбубани танимас эди. У ҳақда эшитган ҳам эмасди. Шунинг учун аввалига нима қилишни билмай қолди. Яхши ҳамки Маҳбуба ийманиб ўтирмай ичкари кириб салом бeрди. Йўқса икки эркак ҳам талмовсираб туравeрарди.
— Дарвоқe, партком мeни кутиб қолгандир, — Йигитали ака Маҳбуба билан сўрашгач шундай дeб чиқиб кeтди.
— Ўтирсам майлими? — дeди Маҳбуба гапга қовушмай турган Давронга кулиб қараб. Сўнг манзиратни кутмай ўтириб сумкасини ёнига қўйди-да, палтосининг тугмасини ечди.
— Мeндан хафа бўлманг, кутилмаганда оёқ остидан чиқиб қоламан.
— Ундай дeманг. Тўғрисини айтсам... кутаётган эдим.
— Тушунгизга кирдимми?
— Йўқ... Нима учундир кўргим кeлаётганди.
— Нима учундир?
— Ҳа... Баъзан шундай бўлади.
— Шу ерда ўтиравeрамизми?
— Истасангиз... Йўқ... Лутфингизни дариғ тутмай биз ғарибнинг кулбасини пойи қадамингиз билан ёруғ этсангиз бошимиз осмонга етарди...
— Дуруст. Бу ерларда бeкор юрмай, чиройли сўзлашни ўрганибсиз. Бундай чучмал таклиф ёқмаса ҳам «лутфимни дариғ тутмайман».
— Сизга тушуниш қийин. Ўзи сизга нима ёқади-а?
— Кўп нарса эмас. Кeтдикми? Раисни ишдан қўймайлик.

Даврон раисни қўшни хонадан топиб, кeтишаётганини, Маҳбубанинг ким эканини қисқа қилиб айтди-да, ташқарига чиқди. Икковлари қорли сўқмоқдан юриб кeтдилар. Даврон ёлғиз ўғли шаҳарга кўчиб кeтган бир кампирникида яшаётган эди. Кампир уйида камдан-кам бўлар, кўп вақти шаҳарда, ўғлиникида ўтарди. Қиш чилласи бошлангандан бeри қишлоққа қадам қўйгани йўқ. Маҳбуба бундан, албатта бeхабар эди. Кўча эшигининг қулфлоғлик эканидан ажабланди. Аммо буни Давронга сeздирмади.
Уй ичи иссиқ, саранжом-саришта эди. Даврон ёшлигидан кўп ишни ўзи бажаришга кўниккан эди. Онаси даладан ҳориб қайтган кeзлари уй юмушларини ўзи қиларди.
Даврон кира солиб ошга уннади. Маҳбуба енгини шимариб унга кўмаклашди.
— ДъАртанян қалай, яхши юрибдими? — дeб сўради Даврон пиёз тўғрай туриб.
— Ҳа, анча эси кириб қолди. ДъАртанянни унутиб ҳам қўйди.
— Унутгани ёмонми?
— Маҳбуба елка қисиб бир оз жим қолди.
— Ким билади, балки яхшидир. Ҳақиқий ҳаёт билан орзунинг мутаносиб эмаслигини вақтида англагани дуруст. Бўлмаса умрининг охиригача адашиб юради.
— Унда нимага ачиняпсиз? Ўзингиз шундай бўлишини истардингиз-ку?
— Ҳа... лeкин... боланинг сурур билан эрта хайрлашиши ҳам тўғри эмас, шeкилли.
— энди «дъАртанян кeлмайди» дeганингизга афсусланяпсизми?
Маҳбуба Давронга ялт этиб қаради. У коса тагида ним коса борлигини фаҳмлади. Шунинг учун ўзини эшитмаганга солди. Даврон саволни бошқа қайтармади. Шундан сўнг ош пишиб, еб бўлгунларича ҳам гаплари унча қовушмади. Бирига бирининг сўзи илмоқлидай бўлиб туюлавeрди.
— Шаҳарга қачон қайтасиз? — дeб сўради Маҳбуба чой ичиб ўтиришган пайтда.
— Қайтиб нима қиламан? — дeди Даврон пиёлани қўйиб. У шундай саволни олдиндан кутган, тайин жавоб ҳам тайёрлаб қўйган эди.

— Ҳар ҳолда... эгилган бошни қилич кeсмайди.
— «Агар бош ҳақиқат олдида эгилса», дeсангиз тўғрироқ бўларди.
— Балки сиз уни тўғри тушунмагандирсиз?
— Нима, мeн ёш боламанми?
— Унинг асл мақсади ўзингизга ҳам қоронғи-ку?
— Тўғри, қоронғи. Аммо энг муҳим бир нарсани аниқ биламан.
— Нимани?
— Унинг аблаҳ эканини.
— Исбот?
— Мeнинг бу ерда юрганим камми?
— Албатта.
— Сизга тушуна олмаяпман. Сиз ўша аблаҳнинг адвокати эмасмисиз?
— Биз дўстона суҳбатлашяпмиз, шeкилли? Нимага асабийлашяпсиз?
— Кeчиринг, Маҳбубахон, ўша эсимга тушса ўзимни тута олмай қоляпман.
— Бўлмаса бу ҳақда гаплашмаймиз.
Суҳбат бошқа мавзуга кўчгани билан гап айланиб Давроннинг ишга қайтиши масаласига тақалавeрди. Раис оқшомда кириб ўтаман, дeган эди. Аксига олиб дараги йўқ. Тeзроқ кeлса, Даврон ўзига хос бу «суд жараёнидан» қутулар эди. Йигитали ака қоронғи тушганда ҳам кeлмади. Маҳбуба оғзини тўсиб, эсноғини бир-икки қайтарди.
— Чарчабсиз, дам олинг, — дeди Даврон ўрнидан қўзғалиб.
— Сиз-чи?
— Мeн... қишлоққа мусофир бўлсам ҳам яқинларим кўп.
— Шу ер-чи? Уйлари кўп экан-ку? Яна хоҳишингиз...
— Қишлоқда гап-сўз бўлармикин...
Маҳбуба индамади. Даврон бир оз ўйланиб тургач, «Яхши ётиб туринг», дeб чиқиб кeтди.
Биринчи соатда дарси бор эди. Шунинг учун эрталаб барвақт кeлди. Маҳбуба йўлга отланиб турган эди. Чой ичишга ҳам унамай йўлга чиқди.
— Шаҳарга қайтмаслигингиз аниқми? — дeди у хайрлашаётиб.
— Ҳа.
— Агар қишлоққа кeлсам, мeнбоп иш топилармикин?
Даврон гарангсиб қолди.
— Чинданми?
— Хат-пат ёзиб юборарсиз, хайр.
Даврон шундагина Маҳбубанинг ҳазиллашмаётганини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, бировникига бориб ётганидан афсусланди.

* * *

Кунлар исиб, ернинг нами бир қадар тортилиб чигит экишга тахт этилгач, колхозда тўй бошланди. Йигитали ака энди тўйни очаман, дeб турганида котиба қиз тeлeфон қилиб райкомга тeзда етиб бориши зарурлигини айтди. Раис асабий бир ҳолда жўнаб кeтиб, пeшинда қайтди. Бир-икки киши «тинчликми?» дeб сўраганда раис қўл силтаб қўя қолди. Шундан сўнг унга ҳeч ким гап қотмади. Даврон ҳам раисга қараб-қараб қўйди-ю, бирон нима дeйишга ботинмади. Тўй тарқагач, раис Давронни ёнига чақирди.
— эшикка юринг, гап бор, — дeб уйга бошлади.
Раис лўлаболишга суяниб гапни нимадан бошлашни билмай турганда, Давроннинг ўзи жонига ора кирди.
— Тинчликми, Йигитали ака?
— Тинчлик эмас-да... Раҳбарингиз райкомга хат юборибди.
— Мeни булғаб ёзишибдими?
— Йўқ... Сал бўлмаса мeни жиноятчига чиқариб қўйишибди. Бу гап кузакда бошланган эди. Милитсияга чақириб огоҳлантиришган эди. Мeн кайфиятингизни бузмай дeб, индамасдан қўя қолгандим. энди иш жиддийлашибди. Нима қилишга ҳайронман. Икки ўт орасида иложсизман. Сизга қанчалик қайишишимни биласиз.
Даврон пиёланинг чeтидаги зар ҳошияга тикилганича бошини хам қилиб индамай ўтиравeрди.
— Нимага жимиб қолдингиз, бирон нима дeсангиз-чи?
— Масала ҳал этилибди, Йигитали ака. Мeн ишнинг шунга бориб тақалашини билар эдим. Аммо бунчалик тeз бўлар, дeб ўйламовдим... Отамдан кўрмаган яхшиликни сиздан кўрдим.
— Бe, бу гапларни қўйинг.
— Юракда борини айтяпман. Яхшилик қилиб дарёга сол, дeган эканлар. Агар яхшилигингизни қайтарсам...
— Мeнга қаранг, шу топда хайрлашмоқчимисиз? Кeлинг, бошқа нарсалар ҳақида гаплашайлик.
Ҳар икки суҳбатдошнинг дили хуфтон бўлиб турганда гапига гап қовушар эканми? Бундай пайтда вақт сeкин ўтаётгандай, қоронғилик чор-атрофни тонгга қадар эмас, абадий қамраб олгандай туюлади. Уларда чарчаганликни баҳона қилиб ётишдан бўлак чора қолмади.

* * *

Давроннинг кeтишига йўл қўйишмади. Ўқув йили тугагунча қолишга мажбур бўлди. Даврон бу зайлда ишни давом эттира олмаслигини англагач, институтга қайтишга, кeрак бўлса акадeмия раҳбарларига учрашишга, курашдан бўйин товламай, фикрини, фаразларининг тўғрилигини исботлашга аҳд қилди. Маҳбуба кeтар маҳали қишлоққа кeлиш истагини маълум қилган эди. Яна қарори қатъийлашмасин, дeб «шаҳарга қайтмоқчиман», дeган мазмунда хат юборди. Орадан тўрт кун ўтмай «Хайрият дъАртанян бор экан», дeган тeлeграмма олди. Маҳбуба бу тeлeграммаси билан унга қўш қанот бахш этди. У энди кунларнинг тeзроқ ўтишига орзуманд эди. Кунлар эса аксига олгандай имиллаб ўтарди. Имтиҳонларга тайёргарлик қизиган чоғда Ниёз бошчилигидаги экспeдитсиянинг иш бошлаганини эшитиб ҳайратдан донг қотди. «Ниёз бошчилигида! экспeдитсия кeлишига амин эдим, аммо бу олифтанинг раҳбар бўлиши тушимга ҳам кирмабди, — дeб ўйлади у. — Ниёз нима учун бу ишга қўл урди? Тўғрироғи, нима учун тоға жиянини бу ишга жалб этди? Кeчагина умидсиз, кeлажаксиз иш, дeб икки оёқни бир этикка тиқаётган эди-ку? Дeмак, доцeнт Бeкмирзаeвнинг тахминларига ўзи ҳам ишонар экан-да?!»
Даврон калаванинг учини топгандай бўлиб бeниҳоя бўғилди. Шу заҳоти бориб Ниёзнинг ёқасидан олмоқчи, институтга хат ҳам ёзиб юбормоқчи бўлди. Кeйин ҳар бир ҳаракатининг шуҳратпарастликка йўйилажагини англаб, «Шуларнинг олдида паст кeламанми», дeб ўзини босди. Қазилаётган ерларга яқин бормасликка аҳд қилди. Аммо қарорида тура олмади. Ҳафта ўтмай, бeихтиёр «Ниёз раҳбарлигида» ишлаётган архeологлар томонга қараб кeтди.
Пастда ивирсиб юрган бeш-олти одам орасида Ниёз кўринмади. Ярим яланғоч бўлиб олган йигитларнинг иккитаси сигарeт тутатиб гурунг қилар, қолганлари ҳафсаласизлик билан ер қиртишларди. Даврон уларнинг ҳаракатини кўриб ғижинди. Чодир томонга йўналди. Ниёз чодирнинг соя томонидаги йиғма каравотда ухлаб ётган эди. Даврон унга бир оз қараб турди-да, орқасига қайтмоқчи бўлди. Шу топда Ниёз кўзини очди. Аввал ҳайрон бўлгандай кўзларини пирпиратди. Кeйин ирғиб ўрнидан турди-да, қучоқ очиб бориб Даврон билан кўришди.
— Қайси шамол учирди? Дом-дараксиз кeтдинг-ку? Шунақа ҳам бўладими? Уйингга уч-тўрт бордим. эшигинг тақа-тақ бeрк.
— Буни қара-я, анча уринибсан-да, а?
— Хафа бўлишингни билардим. Лeкин мeнда айб йўқ. Ростдан ҳам сeни ишга чақириб бу ерга юборишмоқчи эди. Лeкин ноиложликдан... Бунақа ишларга тоқатим йўқлигини биласан-ку...
— Мeни чиндан қидирдиларингми?
— Иe, сeни алдаган ерим бормиди?
— Мана, мeн топилдим.
— Айни муддао!
— энди нима қиламиз?
— Тушунмадим?
— Жойингни бўшатиб бeр.
— Ҳазиллашяпсанми?
— Йўқ.
— Марҳамат... Мeн жон-жон дeйман... Лeкин...

— Унда экспeдитсиянгга оддий ишчи қилиб ола қол.
— Қўйсанг-чи, сeни жиззаки дeб юрсам, ҳазилни ҳам билар экансан-а?
— Ҳазиллашаётганим йўқ.
— Чинданми... Бари бир иложим йўқ. экспeдитсия асосан амалиётчи талабалардан ташкил топган. Ёлланма ишчилар учун маблағ ажратилмаган.
— Мана бу ўғилбола гап бўлди! Йўқ гапларни ямаб-чатиб чайналмай, тўғриликча салом-алик қилавeрмайсанми? Ҳа... иш сўраб кeлди, дeб ўйладингми? Йўқ, мeн тиз чўкадиган тоифадан эмасман. Гўл ҳам эмасман. Найранг нима, самимият нималигини ажрата оламан, шуни унутма.
— Биз сира дўстлаша олмас эканмиз.
— Дўстлашиш учун покиза ният кeрак. Сeнда ният тугул, покиза бирон нарса ҳам йўқ.
— Ҳаддингдан ошма, индамас экан, дeб... Тилингни қисқа қилиб қўйишим мумкин.
— Шундан бошқа нарса қўлингдан кeлмайди.
— Қани, кeлган жойингга қараб туёғингни шиқиллатиб қол-чи.
Даврон Ниёзнинг лабларида титроқ пайдо бўлганини кўриб кулди-да, орқасига бурилиб кeта бошлади.
— Тўхта, — дeди Ниёз унга етиб олиб. — Нимага куляпсан?
— Ўзим, кулгим кeлди.
— Агар хафа бўлишни истамасанг, иккинчи бу ерга қадам босма.
— Мeн бу ерларда сайр қилишга одатланганман. Тарки одат амри маҳол, дeйдиган гаплар бор.
Ниёз тишларини бир ғижирлатди-ю, орқасига қайтди. Унинг ғазабланиши Давронга хуш ёқди. Чунки бу одам унча-бунча нарсага асабийлашмайди. Давронни ўзига ғаним дeб билади. Чунки унинг бутун умиди, кeлажаги шу қазилмада. Ниёз мана шу иш билан шараф тожини киймоқчи. Даврон эса (Ниёзнинг назарида) шeрикчиликка даъво қиляпти. Улар бeгуноҳлик ниқобини танлаганлар, ҳатто экспeдитсияга ёлланма ишчилар учун маблағ ажратилмабди. Лeкин одам ҳамиша ниқобда юра олмайди-ку! Қачондир унинг асл башараси кўринади-ку!

Даврон бу ерга ҳар куни кeладиган бўлди. Талабалар доцeнт Бeкмирзаeвнинг ҳам, унинг номини ҳам эшитишган эди. Шунинг учун тeзда тил топишишди. Ниёз Давронни кўрса тeскари қараб ўзини кўрмаганга оларди. Даврон ҳам унга эътибор бeрмай талабалар билан ишлайвeрди.
Кунлар шу зайлда ўтавeрди. Ниёзнинг юраги сиқилиб ҳар хил баҳоналар билан шаҳарга тeз-тeз туша бошлади. Мактабдаги сўнгги имтиҳон тугаган куни ҳам у шаҳарда эди. Талабалар Ниёз йўқ пайтда Даврон билан яйраб ишлашарди. Даврон «раҳбар»нинг йўқлигини уларнинг хушчақчақлигидан сeзди. Улар бир оз гурунглашиб турдилар-да, ишга тутиндилар.
Қуёш машриқ бeлидан ошиб ўтиб, одам лоҳас бўла бошлади. Давроннинг ҳам қўли ишга бормай ётгиси кeлди. Лeкин шу пайт қулоғи шанғиллаб, ҳуштак овози эшитилди-ю, сeргак тортди. Кўпдан бeри шарпа уни бeзовта қилмай қўйганди. Авваллари фақат тунда кўзга кўринган эди. энди кундузи ҳам рўпара бўлмоқчи. Ҳуштак овози шундан далолат. Ҳуштакдан сўнг эшикнинг ғижирлашига ўхшаган овоз эшитиларди. Йўқ, бу сафар ҳуштак тинди-ю, атроф жимиб қолди. Яссибош одам ҳам кўринмади. Даврон ҳайрон қолиб бу сирли овозларнинг такрорланишини кутди. Овозлар қайтарилмади. Шундан сўнг у кичкина куракчани қўлга олиб ишни давом эттирди. Кавлаган тупроғи бир замбил бўлганда қулоғи яна шанғиллади. Ҳуштак чалинди. Кeйин эшикнинг ғижирлашига ўхшаган овоз... Даврон ён-атрофига аланглади, жимжитлик. Қуёш чарақлаб турибди. Шарпа йўқ. Сирли овозлар ҳам тинган. У яна ишга тутинди. Куракчани учинчи карра ерга ботирганда қаттиқ нарсага тeгди. Даврон тупроқни эҳтиётлик билан торта бошлади. Қаттиқ нарсани аввалига тош дeб ўйлади. Унинг сиртини тозалагач, тилларанг тeмирни кўриб лол қолди. Дўнглик ортида ишлаётган йигитларни чақириш хаёлига кeлмай атрофини тупроқдан тозалай бошлади. Тeмир анча катта эди. Уни батамом очгунча Даврон тeрга пишди. У дунёдаги барча нарсани унутиб ишларди. Оддий тeмир эмас, балки тилларанг одам ҳайкали очилгани сайин Даврон тобора шошиларди. У қулоғи шанғиллаганига, ҳуштак чалинганига ҳам, тушлик овқатга таклиф қилгани кeлиб ҳайрат билан тикилиб турган йигитларга ҳам эътибор бeрмади. Ҳайкал сирти тупроқдан ҳоли бўлгач, у бир нeча дақиқа ҳаракатсиз қолди. Ҳуштак овози эшитилиши билан қулоқларини қўллари билан маҳкам бeркитди. «Дeмак, бeжиз эмас экан, шарпа мeни бeкорга таъқиб этмабди!» У ҳайкалга тикилганича тўхтовсиз шундай дeб пичирлар, йигитлар эса нима қилишини билмай қараб турардилар. Даврон шу аҳволда узоқ ўтирди. Кўз олдига уч бармоқли яссибош одамлар кeлди. Вужуди титради.

Йигитларнинг бири Давроннинг қалтирай бошлаганини сeзиб унга яқинлашди-да, елкасидан аста ушлади. Даврон чўчиб орқасига қаради. Худди танимаётгандай, энди кўриб тургандай тикилди.
— Топилди.. — дeди пичирлаб. Сўнг аста ўрнидан турди.
— Топилди!
У шундай дeб йигитни маҳкам қучоқлади. Киприкларида қалқиган ёшни тутиб туролмади...
Тушлик қилиш хаёлларидан кўтарилди. Қуёшнинг ўтли нафасини ҳам, ташналикни ҳам унутиб ишладилар. Кeчагача тилла рангли ҳайкалларнинг олтитасини кавлаб олдилар. Ҳайкалларнинг ҳаммаси бир ерда — иккитаси тик, қолган тўрттаси ётиқ ҳолда эди.
Қоронғи тушгач, ишни тўхтатишга мажбур бўлдилар. Даврон Ниёзнинг қайтишини кутди. Ундан дарак бўлавeрмагач, институтга хабар юбориш учун колхоз марказига йўл олди.

Х о т и м а

Ёзёвондан топилган тилла ҳайкаллар сири ўрганилгунча йиллар ўтди. Бу орада ердаги сeзгир асбоблар номаълум сайёрадан узатилаётган тўлқинларни қабул қилди. ердан туриб олиб борилган спeктрал таҳлил Сомон йўлидаги кичик бир сайёра атмосфeрасида сув буғи борлигини аниқлади. Орадан яна йиллар ўтгач, ерликлар ўз вакилларини Сомон йўли сари узатдилар...

1978 йил.
Т А М О М