Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Танқидчилик» Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари - Шўро даври ўзбек адабиётини ўрганиш муаммолари: инкор, тасдиқ ва таҳлилнинг диалектик бирлиги
Facebook
Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари - Шўро даври ўзбек адабиётини ўрганиш муаммолари: инкор, тасдиқ ва таҳлилнинг диалектик бирлиги PDF Босма E-mail
Материал индекси
Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари
Адабий танқиднинг методологик асослари
Методологик тамойилларнинг янгиланиш жараёнлари ва омиллари.
Миллий уйғониш (жадид) адабиётига муносабатда жаҳон танқидчилиги билан муштараклик ва хусусийлик
Шўро даври ўзбек адабиётини ўрганиш муаммолари: инкор, тасдиқ ва таҳлилнинг диалектик бирлиги
ХУЛОСА
Ҳамма саҳифа
2 фасл. Шўро даври ўзбек адабиётини ўрганиш муаммолари: инкор, тасдиқ ва таҳлилнинг диалектик бирлиги.

Шўро даври адабиёти ХХ аср ўзбек адабиётининг ажралмас  қисмидир. Бугунги кун юксаклигидан туриб назар ташлаганда, бу давр адабиётининг бебаҳо ютуқлари ва улкан фожеалари яққол намоён бўлади. Кейинги йилларда адабиёт ҳақида  жуда кўп баҳс-мунозаралар бўлди ва улар ҳануз давом этмоқда. Эҳтиросга берилиб кетилган ҳолатлар эндиликда барҳам топиб, босиқлик билан таҳлил қилинаётган шўро даври ўзбек адабиётининг улуғворлиги–ю, фожеали нуқталарига адабий танқидчиликда бир қадар ойдинлик киритилди.
Аввало шуни тақъкидлаш керакки, шўро даври адабиёти ўзининг ижодий принципларини шакллантирган ва уларни ижод жараёнига тадбиқ этган ҳамда бу принциплар шўро мафкураси ғояларига ҳамоҳанг эди. Истиқлол даври адабий танқидчилигида  мафкуранинг адабиётдаги ўрни масаласида қарашларнинг турли-туманлиги,  умуман, «адабиётда мафкура», деган тушунчага салбий муносабатнинг кучлилигини шўро мафкурасининг адабиётга етказган зарарли оқибатлари таъсири билан изоҳлаш лозим бўлади.   Бироқ шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай мафкуранинг етакчи тамойиллари назариётчилар томонидан ишлаб чиқилса-да, унинг амалиётдаги кўриниши узоқ вақт давомида муайян соҳалар фаолиятида шаклланиб, ҳаётга тадбиқ этила боради. Большевиклар партиясининг асосчиси бўлган В.И.Ленин 1905 йилдаёқ «Партия ташкилоти ва партия адабиёти» номли мақоласида   адабиётнинг мафкуравийлиги унинг синфийлигида эканлигини назария сифатида олдинга сурган эди. Ушбу ғоянинг амалиётдаги кўриниши фақат ижтимоий жараён билан боғлиқ бўлмасдан, ўша даврда адабиёт ва санъат, илм- фанга кучли таъсир кўрсатиб, янги-янги қоидалар билан бойитиб борилган.
Бу ғоя Октябр тўнтаршидан кейин юзага кела бошлаган шўро адабиётида, хусусан, Ҳамза Ҳакимзоданинг:
Ҳой, ҳой отамиз,
Тошни кесар болтамиз.
Кимки бизга қарши турса,
Шарта-шарта отамиз- сингари ҳайқириқли сатрларида, Чўлпоннинг «Бузилган ўлкага» номли шеърига қарши ёзилган Ғайратийнинг «Тузалган ўлкага» шеърида ўзини намоён қилди. Демак, бу туғилиши ҳамоно шўро адабиётининг танглайи, таъбир жоиз бўлса, синфий кураш, синфий душман излаш ғояси билан кўтарилган эди. Бу ғоя нафақат 20-30 йилларда, балки бутун  шўро даври адабий ҳаётида байроқ бўлиб келганини таъкидлаш лозим. Масалан, Уйғуннинг олтмишинчи йилларда ёзилган «Буюк вазифа»  шеърида шоир асосий мақсади қаламни найза қилиб душманнинг кўксига санчмоқдир, деган фикр илгари сурилади. Уйғун ижоди тадрижини кўздан кечирсак, айни концепция шоир ижодининг етакчи принципларидан бирини ташкил этганлигини кўриш мумкин. Демак, шўро даврида яшаб ижод этган ва унинг ғояларига хизмат қилган ижодкорлар ижодининг бир йўналишни синфий кураш мотиви ташкил этади.
Бинобарин, улар ижодида замонасозлик мотивлари, ҳар қандай чақириққа «шеър» билан «лаббай» деб жавоб бериш кайфияти устивор. Натижада шўро даври адабиётининг бир қанотида замонасозлик, лаганбардорлик, шахсга сиғиниш иллатларини ўзида намоён этган ижод намуналари юзага келди. Хўш, бу ҳолат ўша пайтда қай тарзда энди  ижод майдонига кириб келаётган ёш қаламкашларни ўзига қарам қилиб олди? Нега улар илк ижод намуналаридаёқ гўзалликни табиат ёки инсонда эмас, балки меҳнатда, манглайнинг  терлашида  деб тушундилар?    
Шуниси қувончлики, бу давр адабиётининг иккинчи йўналишини эса чинакам бадият намуналари, инсон руҳияти, қалбдаги эврилишларни  санъаткорона тасвирлаган, ХХ аср ўзбек адабиётининг  улуғворлигини намоён қилган асарлар ташкил этади. Бу давр адабиётининг буюклиги ҳам, фожиаси ҳам ана шунда.
Таъкидлаш керакки, шўро даври адабиётининг ўзига хос ижодий- зстетик принципларни белгиловчи намуналари ва унинг  етакчи намояндалари бор. Назаримизда, 20-30- йиллардаёқ бу ижодий принципларни шакллантиришга хизмат қилган ижодкорлар ҳақида гап кетганда, аввало, буюк истеъдод соҳиблари- Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ва Ҳамид Олимжонлар кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Дарҳақиқат, шўро даври ўзбек адабиётининг  вужудга келиши, шаклланиш ва ривожланишининг биринчи босқичи-20 йиллардан токи 60-йилларнинг охиригача бўлган давр адабиётининг шакл-шамойилини, улуғворлиги-ю фожеасини биз ана шу тўртта буюк сиймо ижодида кўришимиз мумкин. Бу ижодкорларнинг асарлари ҳар доим адабий танқиднинг диққат назарида бўлиб келган. Шу боис, ўзбек адабий танқидчилиги уларнинг ижодига турли даврларда турлича муносабатда бўлган: Ғоҳида адабий танқид «ур тўқмоқ»қа айланиб бу ижодкорларнинг асарларини аёвсиз «дўппослаган» бўлса, шундай пайтлар ҳам  бўлганки, улар шахси ва ижоди беҳад мақталиб,  танқиддан холи ижод намуналари сифатида таърифланган. Шу боисдан ҳам 80-йилларнинг охири 90-йилларнинг бошларида юзага кела бошлаган янгича танқид тафаккури шўро даври адабиётини қайта баҳолашга киришганда, асосий эътиборни ана шу ижодкорлар ижодига қаратиши, уларнинг асарларини талқин қилиш орқали шўро даври адабиётининг етакчи тамойилларини белгилашга уриниши табиий ҳол эди.
Хўш, танқидчилик фаолиятида бу жараён қандай амалга ошди? Адабий танқид бу ижодкорлар ижодининг қайта баҳолашда, талқин қилишда қандай методологик тамойилларга таянди? Методологик тамойилларнинг янгиланиши қандай кечди?
Аввало шуни таъкидлаш керакки, бу давр танқидчилигида шўро даври адабиётига муносабат бир хил бўлгани йўқ. Танқидчиликда шўро адабиётни баҳолаш жараёни ниҳоятда мунозараларга бой, эҳтиросли, кескин қарама-қарши фикрлар курашига айланди. Бир томондан бу давр ижодкорлар асарларини янгича мезонлар, янгича методологик тамойиллар асосида баҳолашга интилиш кўзга ташланса, бошқа тарафдан, уларни ёппасига инкор этиш тенденцияси ҳам бўй кўрсатди. Адабий танқиднинг шўро даври адабиётига муносабатида сенергетик йўналиш устуворлик қилганини таъкидлаш жоиз. Тасдиқ билан инкор, мувозанат билан мувозанатсизлик, бутун билан бутунсизлик (хаос) ҳолати бу давр танқидчилигига хос хусусиятдир.
Юқорида қайд этганимиздек, 70 йиллар танқидчилигида айрим мансабдор ижодкорлар норасмий тарзда, танқиддан «муҳофаза» этилган эди. Улар ижоди ҳақида айтилган жиндек танқидий фикрга  ҳам нохолислик сифатида қаралар, танқидчига ҳар хил тўғаноқлар қўйилар эди. Бундай ижодколар рўйхатида биз юқорида тилга олган тўрт нафар атоқли адиб ҳам бор эди. Шу маънода, 80-йиллар охири ва 90-йилларнинг бошларида бу ижодкорлар асарларига янгича қарашларнинг бўй кўрсата бошлаганини кузатиш, уларни таҳлил қилиш ва янгича танқид тафаккурининг методологик тамойилларини белгилаш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.
Бу пайтга келиб адабий танқид бу ижодкорлар орасида, айниқса, Ойбек ва Абдулла Қарҳҳорнинг адабий меросига жиддий эътибор қаратди.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бу ижодкорлар улкан истеъдод соҳиби сифатида ХХ асар ўзбек адабиёти тараққиётида жуда улкан мавкега эгадирлар. Жумладан, Ойбек барча жанрларда, шеъриятда ҳам, насрда ҳам энг сермаҳсул ижодкор эди. Бундан ташқари, унинг йирик фан арбоби сифатида  адабиётшуносликнинг ривожига қўшган ҳиссаси ҳам салмоқли эди. Бу масаланинг бир томони. Бошқа жиҳатдан эса, Ойбек шўро даврида кўп жабр кўрган, тазйиққа учраб азоб чекканди. Ушбу жиҳатлар боис, қолаверса, улкан истеъдод эгаси сифатида унинг поэтик маҳоратини кашф этиш танқидчиликнинг долзарб вазифаларидан саналарди.
1985 йили Ойбек таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш    муносабати билан унинг ижоди таҳлил этилган мақолаларда  янгича адабий тафаккурнинг илк куртаклари намоён бўлди.                                                                  Танқид тафаккурида рўй бера бошлаган бундай  эврилишни Ойбек ижодига бағшланган. Наим Каримовнинг «Шаффоф туйғулар жилоси»,   Одил Ёқубов ва Умарали Норматовнинг «Ойбек даҳоси»,  Суннатилла Анарбоев, Ўлжас Сулаймонов, Д. Қурбонбоевларнинг,  Матёқуб Қўшжоновнинг «Улуғворлик»  каби мақолаларда кузатиш мумкин.  Жумладан, Н.Каримовнинг мақоласида Ойбекнинг  шоир, носир, етук адабиётшунос олим ва таржимон сифатидаги улкан истеъдоди  таъкидланади ва асосий эътибор унинг шоир сифатида нафис туйғулар куйчиси эканлигига қаратилади. Айни шу фазилат, мунақид таъкидлашича, шоирнинг шўро даври танқидчилигида мақталган «Курашади икки тўлқин», «Фанга юриш», «Днепрострой» каби шеърларида эмас, балки дарсликлардан ва адабий танқид назаридан четда қолган шеърларида кўпроқ намоён бўлган. Н. Каримов шоирнинг  оддий кўз билан илғаш қийин бўлган поэтик манзараларини нозик ҳис қила олганини «Наъматак» ва бошқа шеърлари талқини орқали кўрсатади. Мақолада Ойбекнинг узоқ йиллар давомида олқишлаб келинган шеърлари эмас, балки инсон руҳиятининг нозик товланишлари кашф этилган шеърларининг таҳлилга тортилгани ўша пайтдаёқ танқидда сифат ўзгариши рўй бера бошлаганидан далолатдир. Бироқ ушбу мақоладаги баъзи бир  фикрлар танқид тафаккури ҳали шўро мафкурасидан батамом халос бўла олмаганини ҳам акс эттиради.
Жумладан, мунаққид тун манзаралари тасвирланган шеърларида учрайдиган «Юлдузлар чамани гуллаган» ташбеҳи ҳақида фикр юритар экан, буни ҳатто Ленинград осмонига нисбатан ҳам ишлатиб бўлмаслигини, шу боис, бундай ташбеҳ рус шоирлари ижодига хос бўлмаган хусусият эканлигига урғу беради: «Гап шундаки, «Юлдузлар чамани гуллаган» ибораси билан фақат шарқ, эҳтимол, фақат совет шарқининг беғубор... тунги манзараси ифодаланиши мумкин». Бу ўринда мунаққид ушбу манзара  кўпроқ шарқ  табиатига хос бўлгани учун ҳам шоир томонидан поэтик идрок қилинган, деган фикрни айтмоқчи. Бироқ мунаққид ўз қарашини рус адабиёти, Ленинград осмони билан боғлаганлиги боис эҳтиёткорлик билан «Совет шарқининг беғубор...»  манзараси деган иборани қўллайди. Бу қарашни Ўлжас Сулаймоновнинг «Ойбек» номли мақоласида ҳам кўришимиз мумкин. У Ойбек ижодининг поэтик қудратини, кенгликларини бир жиҳатдан она замин билан, Ўрта осиё кенгликлари билан боғласа, иккинчи томондан, инқилоб Ойбекка шу кенгликларда дадил ҳаракат қиладиган курашчан руҳга хос куч ато этганини  таъкидлайди.
Одил Ёқубов билан Умарали Норматовнинг «Ойбек даҳоси» номли суҳбатида асосий эътибор адибнинг буюк истеъдод соҳиби ва катта шахс эканлигига қаратилади. Айни чоғда Умрали Норматов «Қутлуғ қон», «Навоий» сингари романларнинг яратилиш жараёнидаги маънавий- руҳий, ижодий- психологик ҳолатларни белгилашга ҳаракат қилади. «Қутлуғ қон»даги ворисилик, анъанавийлик масалаларини Қодирий романлари билан қиёслаб талқин этади. Мунаққид Ойбекнинг Қодирий ижодига оид кузатишлари, баҳс-мунозараларини унинг ўз ижодий принципини белгилашга уриниши сифатида талқин этади. Суҳбатда «Қутлуғ қон» ва, айниқса, «Навоий» романи билан боғлиқ ҳолда тарихий романларда бадиийлик ва илмийлик муаммоларига, тарихийлик тамойилларига  эътибор қаратилади.
М. Қўшжоновнинг «Улуғворлик» номли мақоласида Ойбекнинг шахс ва ижодкор сифатидаги салоҳияти ҳаётий  лавҳалар орқали кўрсатилади. Ойбек ижодига хос бўлган бағрикенглик ва улуғворлик унинг шахсияти, руҳияти билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланади. М. Қўшжонов талқинидаги Ойбек  билан илк танишувидаги руҳий ҳолатлар Ойбек шахсига хос болаларча соддалик,  турмушнинг икир-чикирларидан батамом юқори турувчи, бутун дарду-дунёси ижод  билан чамбарчас боғланган сиймоси, ўзига ёмонлик қилган, ё панд берган рақибларига нисбатан  кечиримлилиги  унинг катта қалб эгаси эканлиги кўрсатилади. Бу фазилатларни муаллиф Ойбек шаҳсиятининг улуғворлилига далил сифатида талқин этилади.
Бу давр танқидчилигида Ойбек ижоди ҳақида  энг кўп ва  ҳўп ёзган мунақидлардан бири Наим Каримов бўлди. Олимнинг мақолаларида адиб ҳаёти ва ижодининг ҳали очилмаган қирралари янгича мезонлар асосида талқин этилади. Таъкидлаш жоизки, шўро салтанати адабиётимиз бошига солган қора кунлар,  қатағон сиёсати жабр-ситамларининг архив материаллар асосида кенг жамоатчиликка маълум қилинишида илмий муамолага критилишида Н. Каримовнинг хизматлари жуда катта бўлди. Хусусан, унинг «Ойбек: тош экан бошим»  номли туркум мақоласи шу жиҳатдан характерлидир. Мазкур мақолада мунаққид, Ойбек ҳаётининг кўпчиликка маълум бўлмаган ёки тўла ёритилмаган кўпгина саҳифаларини қайта варақлайди.  Тарихий-биографик талқиннинг яхши намуналаридан бири бўлган бу мақолада Ойбек шахсиятига, ижодига 30-50-йилларда қўйилган айбловлар, туҳматлар ва уларнинг зарарли оқибатлари  таҳлилий мулоҳазалар воситасида баён этилади. Ўзбек адабиётининг  жаллодлари бўлган Ёзувчилар уюшмасига ишга юборилган В.Мильчаков ва унинг атрофига тўпланган маҳаллий хушомадгўйларнинг қабиҳ кирдикорлари фош этилади.
Умуман олганда, Наим Каримовнинг бу даврда яратган ҳар бир мақоласида янги  фикр, янги концепция илгари сурилганини кўриш мумкин. Олим аввало,  асарнинг яратилиши ижодкор ҳаётидаги бирор-бир ҳаётий факт билан боғлиқлигига эътиборини қаратади. Бундай тарихий биографик талқин  ижодкор фаолиятининг очилмаган  саҳифаларини ёритишга хизмат қилади. Чунончи мунаққиднинг «Боболарим отлар сурган чексиз дашт бу...»   мақоласида Ойбекнинг 1943 йил сентябрда тирикчилик ғами билан Қарши ва Бишкек шаҳарларида бўлгани ва ўзи учун ёзган беш-олтита шеъри талқини орқали шоир руҳиятига хос кечинмалар сувратини  чизишга муяссар бўлган. Хусусан, «Қарши туркуми»даги айрим шеърларда шоир руҳияти, қалбининг оддий тирикчилик ташвишларига боғланиб қолмай,  юксакликка, улуғворликка кўтарилганлигини, «Боболарим от сурган дашт бу...» дея руҳан Амир Темур бобомиз  билан хаёлан ҳаммаслак эканлигини  таъкидлайди.
Наим Каримовнинг яна бир «Ойбек ва жадидчилик» («Мулоқат»,1996 йил,4-сон) номли мақоласида ҳам «Қутлуғ қон» романидаги Абдушукур образининг янгича талқинига гувоҳ бўламиз. Мунаққид характерли мисоллар орқали Абдушукур образида жадид тимсол берилгани, ёзувчи бу образ орқали ўзининг асл ғоявий-эстетик мақсадини ифодалаганини ишончли далиллайди. Унинг фикрича, Ойбек Абдушукур образи билан 1910 йиллардаги маърифий, ижтимоий –иқтисодий , сиёитй ҳаракатда жадид зиёлиларининг ўрнини тўғри кўрсатишга мувоффақ бўлган. Бундай талқин шўро даврида Абдушукур образи баҳонасида ёзувчига айтилган тана-дашномларга муносиб жавоб сифатида юзага келганди.
«Ойбек номли чўққи»  номли мақоласида эса мунаққид «Қутлуғ қон» романининг адиб ижоди ва ўзбек адабиётидаги  ўрни масаласида фикр юритиб, асардаги Мирзакаримбой ва Йўлчи ўртасидаги зиддият тасвири синфий моҳиятга эмас, балки ҳаётий асосга эгалигини таъкидлайди ва бу қаҳрамонларни шу нуқтаи назаридан баҳолайади. Шунингдек, Н. Каримов  Петров образининг романга  киритилгани ўша пайтда асар ёзувчилар уюшмасида муҳокама қилинганида «Айрим ҳакамлар»нинг сайъ-ҳаракати билан  «амалга ошгани»ни  атрофлича асослайди. Мақоладаги «Қутлуғ қон» романига оид бу каби янгича қарашлар олимнинг олдинги мақолалардаги кузатишлар билан ҳамоҳанглигини ҳам таъкидлаш зарур. Н.Каримов мақолада «Навоий» романини яратишда Ойбек жасоратини алоҳида таъкидлайди. Навоий образининг кенг планда тасвирланиши ва темурийлар авлодининг улуғланиши шунинг далилидир.
Мунаққиднинг янги даврда Ойбек ҳақидаги кузатишларининг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у ойбекшунос олим сифатида ўз қарашларини маълум даражада қайта кўриб чиқа олган ва жаҳон методологиясининг муҳим тамойилларидан бўлган халқчиллик, мувофиқлик ва тўлдирувчанлик принципларига мос тарзда янгилай олган мунаққидлардан биридир. У Ойбек ҳақидаги аввалги илмий концепциясининг ўзак қисмини сақлаб қолган ҳолда уни янги-янги фактлар, тафсилот ва талқинлар билан бойитиб бормоқда.
Бу даврда Ойбек ижодига оид кўплаб мақолалар чоп этилди. Уларда Ойбек шахсиятига хос  хусусиятлар, ижодидаги етакчи концепция, адабий муҳитдаги ўрни ва таъсири, поэтик олами ва маҳорат сирлари каби ғоят муҳим масалалар қамраб олинди. Жумладан, О. Шарафиддиновнинг « Миллатни уйғотган адиб»  номли мақоласида унинг ижодига хос бўлган миллатпарварлик мотивлари етакчи тамойиллардан бири сифатида талқин этилади. Мунаққид адибни миллатни уйғотган ижодкор сифатида қайта кашф этади. «Қутлуғ қон», «Навоий» романлари, «Наъматак» каби шеърлари таҳлили асосида ўз қарашларини далиллайди. Мақолада биз фақат Ойбек даҳоси ҳақидаги кузатувларни эмас, балки улкан адабиётшунос олим, етук мунаққид Озод Шарафиддинов шахсияти билан ҳам, унинг дил иқрори,  ушалган орзулари ва чексиз армонлари изҳори билан ҳам танишамиз. Аввалги ёзганларидан қониқмаслик, эски дарди қўзиб ажал билан рўбарў келган пайтларда ҳам илмий ижод ҳақида ўйлаш, ёза олиш улкан олимларга хосдир. О.Шарафиддинов шундай олимлардан бири эди. У Ойбек даҳосининг буюклиги, миллатпарварлиги фақат ижодида эмас, балки Шўро салтанати ҳукм сурган қийин бир даврларда ҳам Чўлпон ва Қодирий ижодига бўлган чексиз ҳурмати  теран илмий кузатишлари, «Тирик сатрлар»га тап тортмай ёзилган ижобий тақризларида ҳам намоён бўлишини фахр билан ёзади.
Ойбекнинг 100 йиллиги муносабати билан матбуотда кўплаб мақолалар чоп этилди. Улар фақат юбилей мақолалар бўлмай, балки Ойбек ижодининг хилма-хил жиҳатларини қамраб олувчи чинакам илмий кузатишлар эканлиги билан характерлидир. А.Расуловнинг «Тунда чақнаган юлдуз»,  Ҳ.Абдусаматовнинг «Тарих ва бадиий талқин»,  У.Норматовнинг «Персонаж меъмори»,  Нурбой Абдулҳакимнинг «Буюк бир муҳаббат талқини», Қ.Йўлдошовнинг «Очилмаган ғунчалар чиройи»,  Ҳ.Абсамиевнинг «Заррин нурларнинг безовта ошиғи»,   У.Абдуваҳобнинг «Ойбекнинг «соф лирика»си»,  «Кўнгил наъматаги»  каби мақолалар характерлидир. Мазкур мақолаларда ижодкорнинг поэтик олами, маҳорат қирралари янгича илмий тафаккур элагидан ўтказилади. Жумладан, А.Расулов мақоласида  тарихий-биографик, структурали талқин, семиотик марказларга оид  кузатишлар адабининг ўттизинчи йиллардаги яшаш ва ижод шароити билан «Қутлуғ қон» романидаги боғ , бедазор тасвирлари қиёси орқали олиб бориладики , бу асар поэтикасини кашф этишнинг янгича илмий талқини намуналаридан биридир. У.Норматов мақоласида кўпда эътибор берилавермайдиган ёрдамчи образларнинг бадиий асардаги ўрни ва вазифалари ҳақида сўз юритилади. Бунда «Навоий» романидаги Тўғонбек образининг янгича талқинини кўрамиз. Мунаққид ишонарли таҳиллар орқали Тўғонбек образининг Навоий тақдирида, асар конфликти, тузилиши ва сюжет йўналишларида тутган ўрнини очиб беради. Ҳ,Абдусаматов, Қ,Йўлдошов, Ҳ.Абсамиев,У.Абдуваҳобовлар мақолаларида ҳам ижодкор маҳоратининг турли қирралари билан танишамиз.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охири тўқсонинчи йилларнинг бошларида Ойбек қатори Ғафур Ғулом ижодига ҳам қизиқиш катта бўлди. У ҳақдаги баъзи бир мақолаларда шоир шеъриятида замонасозлик, шахсга сиғиниш иллатларининг акс этиши, шунингдек, унинг Абдулла Қодирий ва Махсуд Шайхзодага бўлган муносабати ҳақида турли хил фикрлар баён этилди. Бу хил қарашлар  аста-секин барҳам топиб, мустақиллик арафаларида фикрлар анча тиниқлаша борганини кузатиш мумкин.
Истиқлол даври танқидчилигида Ғафур Ғулом ижоди ҳар томонлама холис, ҳаққоний қайта баҳолана бошланди. Унинг ижоди талқинида тарихийлик, чинакам халқчиллик ва инсонийлик мезонлари устивор мавқе эгаллади. Бу даврда кўплаб мақолалар, хотира ва тадқиқотлар  чоп этилди. Бу мақола ва тадқиқотларда шоир поэтик маҳорати унинг истеъдоди, шахсияти, ижод психологияси, шоир таржимаи ҳоли билан бир бутунликда талқин этила бошлади.
Ўзбекистон қаҳрамони, атоқли шоир Абдулла Орипов мақоласини «Ўзбекнинг ўз шоири» деб атайди. Таҳлилий қийматга эга бўлган мазкур мақолада шўро даврининг маккор сиёсати ва ҳоким мафкуранинг адабиётга етказган зуғуми, ўзбек ижодкорларининг қадр-қимматининг топталиши, ижод эркинлигининг бўғилиши натижасида кўплаб замонасозлик руҳида асарлар битишга мажбур бўлганлигини алоҳида таъкидланади. Ғафур Ғулом ҳам ўз замонасининг фарзанди сифатида бу каби нуқсонлардан холи эмас. Мақолада президентимизнинг бир гуруҳ ижодкорлар билан учрашувида айтган «Биз яқин ўтмишимизни тафтиш қилмасдан халқимизни порокандаликдан сақлаб қола олдик», деган пурмаъно  фикрларини келтилириб, шу асосида шўро замонида яшаб ижод қилган ижодкорлар ижодидаги чинакам бадиият намуналарини қайта баҳолашимиз зарур, деган фикрларни илгари сурилади.
«Биз яқин ўтмишда яшаб ўтган алломаларимиз, адибларимиз ижодидаги муваққат ғуборларни ювиб ташлаб, ёмби олтинларимизнинг асл жамолига тўйиб-тўйиб боқишимиз, уларни келажак авлодлар ҳукмига, муҳими вақт ҳукмига авайлаб узатмоғимиз шарт.»
Абдулла Орипов Ғафур Ғулом ижодига шу мезон билан назар ташлаб, энг аввало шоирнинг жуда катта истеъдод соҳиби сифатида ҳоким мафкура тазйиқларига қарамасдан ўлмас асарлар яратгани, унинг ижод намуналари ўткинчи майда туйғулар билан эмас, балки қадим шарқ шеъриятига хос бўлган фалсафийлик, кенг қамровлилик, донолик билан нурланиб тургани шеърий ва насрий асарлари мисолида кўрсатилади.
Абдулла Орипов мақоласида илгари сурилган концепция, яъни энг аввало шарқ, ислом фалсафасига хос бўлган инсонийлик, қадриятларни асраб-авайлаш туйғуси акс этган йўналиш бошқа мақолаларда ҳам ўз аксини топа бошлади.
Истиқлол даврида Ғафур Ғулом ҳақида чоп этилган мақолаларнинг бирортасида ҳам истиқлолгача чоп этилган мақолаларга хос бўлган танқидий қарашлар, айниқса кесатиқ, пичинг оҳанглари акс этган эмас. Аксинча, барча мақолаларда Ғафур Ғулом шахсиятига хос бўлган жўмардлик, тантилик, донолик фазилатлари ижодининг ҳам асосий хусусиятларидан бири эканлигига эътибор қаратилди. Ҳатто шўро адабиётининг энг етакчи тамойилларини ўзида мўжассамлаштирган, аниқроғи асос солган «Гўзаллик нимада» типидаги шеърларининг таҳлилида ҳам Ғафур Ғулом шахсиятининг улуғворлиги ва ожизлиги поэтик маҳорат нуқтаи назаридан талқин этилади. Шу жиҳатдан Абдуғафур Расуловнинг «Бир шеър шархи» рукни остида «Гўзаллик нимада» шеър талқинига бағишланган мақоласи характерлидир.
Олим мазкур шеър ҳақида турли даврларда танқидчиликда айтилган фикрлардан кўчирмалар келтириб асар ҳақидаги қарашларни аниқлаштирар экан, тақдир унга ўз даврининг фарзанди сифатида «социализмга асосланган ўзбек шўро адабиётининг устунларидан бири бўлишини раво кўрган»лигини таъкидлайди. Мазкур шеър ўз даврида меҳнат мавзусида ёзилган жуда кўплаб асарлар учун намуна вазифасини ўтаганлигини кўрсатиб беради.
Танқидчи қарашларининг муҳим жиҳати шундаки, у мазкур шеърни социалистик адабиётнинг намунаси деб баҳолар экан, бу учун ижодкорни замонасозликда айблаш ёки бутун айбни ҳукмдор тузумга ағдариб оқлаш йўлидан бормайди. Барчаси қандай бўлса, шундайлигича холис, объектив  талқин қилади. Мақолада яна битта муҳим жиҳат бор. Олим Умарали Норматовнинг «Ғафур Ғулом поэзиясининг эстетик принцплари» номли мақоласидаги талқинларга муносабат билдирар экан, мунаққиднинг Ғафур Ғулом гўзаллик ҳақидаги тушунчани марксча эстетикадан уқиб олди, - деган фикрларни келтириб, бу хусусият шўро санъати ва адабиёти ривожига асос бўлганлигини, эстетик принципларни шакллантирганлигини ва методологиясининг муҳим тамойилига айланганлигини таъкидлайди. Бу тушунча бошқа кўплаб ижодкорлар томонидан ҳам кенгроқ ривожлантирганлигини Эркин Воҳидовнинг «Гўзаллик» шеърини мисол келтириш орқали асослаб беради. Олим Эркин Воҳидов шеъридаги асосий мазмун – ўз меҳнати билан борлиқни гўзаллаштираётган инсоннинг ўзи ҳам тобора гўзал бўлиб бормоқда, деган концепциясидан келиб чиқиб, инсон ҳар томонлама эркин, мустақил бўлгандагина ўз ҳаётини ҳам, жамиятини ҳам фаровон қилади дея таъкидлайди. Ва бадиий ижодда айни шу ҳақиқат содда, самимий, ҳаётий буёқларда тасвириланиши лозим деб ҳисоблайди.
Бу даврда Ғафур Ғулом поэтик маҳоратини кўрсатувчи бир қатор мақолалар чоп этилди. «Мен етим ўтганман»  номли мақолада  Ғафур Ғулом ижодидаги инсоний дардлардан биттаси етимлик тушунчаси билан боғлиқ ҳолда тасвирланганлиги кўрсатилади. Шоирнинг «Сен етим эмассан» шеъридаги  «Мен етим ўтганман, Оҳ, у етимлик...» мисралари билан бошланувчи лирик чекинишни ва ундан келиб чиқадиган поэтик мазмунни шеърнинг асосий пафоси, инсоний асоси дея баҳолайди. Мирзааҳмад Олимов мақолада Ғафур Ғулом ижодида етимлик тушунчасига тўхталар экан, бу тушунча унинг бутун ижоди тадрижида бош мавзу эканлигини таъкидлаб, илк ижод намунаси бўлган «Филикс болалари»дан бошлаб «Шум бола»ю, «Она», «Соғиниш» каби шеърларидан тортиб, умрининг охирларида яратган «Менинг ўғригина болам» ҳикоясигача барчасига хос хусусият эканлигини таъкидлайди.
«Шоир вафоти 1966 йил эканини ҳисобга оладиган бўлсак, тўла ишонч билан айтиш мумкинки, у ижодини етимлик мавзусидан бошлади, шу мавзу билан давом эттириб авж пардасига кўтарилди ва шу мавзу билан олдинги парвозларига муносиб тарзда якунлади. Бинобарин етимлик Ғафур Ғуломни Ғафур Ғулом қилиб турган энг теран дардлардан бири, бизнингча биринчиси эди».
«Ғафур Ғулом нафосати»   номли мақоласида эса шоирнинг «Соғиниш» шеъри фалсафий  ва эстетик қимматига кўра талқин қилинади. Шеърда шоир Қуёш образи орқали муҳим поэтик мазмун кашф этганлигини қуйидагича баён этилади.
«Бинобарин «Соғиниш» шеърида худди «Вақт» (1945) шеъридагидек қуёш тимсоли эстетик мазмун нуқтаи назаридан Аллоҳнинг маҳобатли бадиий рамзидир. Бу тимсол ўша вақтда ҳукмрон бўлган марксча-ленинча диалектик моддиюнчилик (материализм)нинг зўравонлик зулмидан шоирни муҳофаза  этувчи эстетик  мажозий қалқондир.»
Олимларнинг ушбу хулосасидаги Қуёш Аллоҳнинг рамзидир, деган фикрлар китобхонда унчалик эътироз туғдирмайди.   Ғафур Ғуломнинг мумтоз шарқ шеъриятини, тасаввуф илмини мукаммал билиши ҳақидаги мулоҳазалар ҳам диққатга сазовордир.
Мунаққидлар ушбу қарашлардан келиб чиқиб, мазкур шеърни «Буғдой дони ва сомонига мансуб яхлитлик» мавжуд бўлган шеър сифатида баҳолашлари характерлидир. Улар фикрига кўра мазкур шеърда реалистик тасвирлар ҳам, Бедилона тасаввуфий ғоялар ҳам, шўро мафкурасига хизмат қилувчи қарашлар ҳам ўзаро чатишиб, бирикиб кетган ва бу ҳол Ғафур Ғулом ижодининг ўзига хос мураккаб жиҳатларидан биридир.
Б. Рўзимуҳаммаднинг «Келажакка аталган шеърлар»   номли мақоласида ҳам шоирнинг поэтик маҳоратига эътибор қаратилади. Мақолада шоирнинг биргина «Қор» шеъри таҳлилга тортилган. Мунаққид фикрича одатда одамлар қорнинг совуқлиги-ю кўзни қамаштирадиган даражада оқлигини билишади. Шоир тасвирларида эса «Она ғознинг тўшидек юмшоқ қор»нинг ёғиш жараёнидаги нафосат гўзаллиги,  шоирона топқирлик билан тасвирлангани таҳлилга тортилади. Шоир шеърида қиш манзараси, қорнинг ўзига хос табиати ва унинг инсон руҳиятига таъсири масаласи аниқ-тиниқ таҳлиллар билан кўрсатилган. Хусусан, қорнинг «Она ғоз тўши»га, «Қўзининг сиртидаги барра»га ўхшатилиши шеърнинг бора-бора инсон руҳиятининг ўзига хос кечинмалари билан умрнинг ўткинчилиги-ю гўзалликнинг абадийлиги, сутга мойдек синган қуёшнинг мавжудлиги-ю ижод жараёнининг ўзига хослиги билан уйғунлашиб яхлит поэтик мазмунга  бирлашгани ҳам мунаққид назаридан четда қолмайди. Ушбу хусусиятларга кўра мунаққид асарни миллатнинг энг яхши шеъри-«келажакка аталган шеър» дея баҳолайди.
Умарали Норматов эса «Шум бола» «Мафкуравий-сиёсий тазйиқ шароитида руҳ эркинлиги»  номли мақоласида Ғафур Ғуломнинг машҳур асари «Шум бола»ни таҳлил қилар экан, уни шўро даврида яратилган бўлишига қарамасдан давр сиёсати ва мафкурасидан батамом холи бўлган ўзбек турмуш тарзининг турли қатламларини ҳаққоний ёритиб бера олган асар сифатида баҳолайди. Айни пайтда асардаги киноя кесатиқлар, ҳазил мутойибалар, ҳангома, олди-қочдилар, латифанамо тасвирлар моҳиятида даврнинг ўзига хос фожеавий нуқталари тасвирланганлигини ҳам назардан қочирмайди.
Жумладан, асардаги жиннилар тасвири билан боғлиқ бўлган қарашлар, оммавий саҳналар тасвиридаги ғоялар даврни фош қилувчи маназаралар сифатида талқин этилади.  
Мунаққиднинг асар воқеалари бир қарашда тартибсиз, хаос шаклида тасвирланаётгандек таассурот қолдирса ҳам аслида синергетик тафаккур хусусиятларини ёдга тушурадиган бадиий тафаккур намунаси сифатида талқин этилиши ҳам янгиликдир.
Бу даврда Ғафур Ғулом ижодини тадқиқ этувчи Б. Назаровнинг «Ғафур Ғулом олами» , Н. Каримовнинг «Ғафур Ғулом ижодиёти»  номли йирик тадқиқотлар ҳам яратилди.
Б.Назаров Ғафур Ғулом ижодига баҳо беришда сўнгги давр танқидчилигида иккита йўналиш кўзга ташланаётганлигини таъкидлайди. «Бирида унинг шўровий қарашларига ҳамон урғу берилиб танқид қилинса, иккинчисида шоирнинг мафкуравий жиҳатлари хаспўшланиб, уни кимлардандир ҳимоя қилиш истаги сезилади». (Ўша манба 5-бет)
Мунаққид фикрича, ҳар иккала йўналишдаги қарашларда ҳам камчиликлар бор. Негаки, Ғафур Ғулом ижодида замонасозлик мотивларининг мавжудлигини бугунги кунда ҳеч ким инкор қилаётгани йўқ. Бу хусусият Ғафур Ғулом ижодининггина эмас, умуман шўро даври адабиётига хос бўлган қусур бўлиб, унинг асосий сабаби давр, замон ва тузум билан изоҳланади.
Муаллиф талқинича иккинчи йўналишдаги  қарашнинг қусурли жойи шундаки, Ғафур Ғулом ижоди ўзини оқлашга, кимлардандир ҳимоя илишга мухтож эмас. Унинг асарлари орасида ўзини-ўзи ҳимоя қиладиган, ХХ1 аср, балки кейинги асрларда ҳам яшаб қолишга қодир бўлган бадиий мукаммал асарлар кўплаб топилади.
Шунинг учун олим фикрича Ғафур Ғулом ижодини шўро даври адабиётшунослигидан фарқли равишда, мафкуравий ёки сиёсий нуқтаи назардан эмас, балки янгича концепция, янгича эстетик тамойиллар асосида тарихийлик принципларидан келиб чиқиб баҳоламоқ лозим. Ҳатто замонасозлик мотивларига эга бўлган, партия, комсомол ва «доҳий»ларга бағишланган, шунингдек турли саналар( 1-Май, 7-ноябрь ва ҳ.) билан боғлиқ ҳолда яратилган шеърларга баҳо берганда ҳам тарихийлик принципларига таяниш  ва асосий урғуни бу типдаги асарларга эмас, балки давр синовларидан ўтган чинакам бадиият намунаси сифатида халқимиз маънавиятини ўзида мужассамлаштирган,  ҳақиқий шарқона инсонпарварлик мотивлари билан суғорилган асарлари талқинига қаратмоқ лозим.
Мунаққид шу нуқтаи назардан нафақат бадиий мукаммал ҳисобланган «Соғиниш», «Вақт», «Шум бола», «Менинг ўғригина болам» типидаги асарларига, балки ҳали танқидчилик деярли эътибор бермаган ва Ғафур Ғулом фонемонига хос яширин дардларни ифодалаган асарларини топиб таҳлил қиладики, бу таҳлил ўзининг холислиги, объективлигидан ташқари талқиннинг кутилмаган натижалари билан ҳам аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан айтиқса китобнинг  «ХХ аср ва Ғафур Ғулом», «Биз билган ва билмаган Ғафур Ғулом» каби бўлимларидаги таҳлиллар характерлидир. Мунаққид шоирнинг кўпгина шеърларида мадҳиягўйлик,  «доҳийлар» ва партияга ҳамду санолар мавжудлигини инкор этмайди. Айни чоғда бу типдаги асарларни баҳолашда шошма- шошарлик қилмасликка чақиради. Жумладан олим бу ҳақда қуйидагича ёзади: «Шунинг учун бундай асарларни Ильич ёки партия сўзлари ишлатилгани учунгина улардан воз кечишга шошилмаслик керак. Шоирнинг бундай асарларига жиддий муносабатда бўла билмоқ  адабиётшунослик методологиясидаги муҳим нуқталардан бирини ташкил этмоғи зарур: асар асл эътибори билан мафкурани, Ильични, партияни мадҳ этишга йўналтирилганми ёки бу нарсалар асарнинг шунчаки «қутилиш» арқоғини ташкил этиб, ҳар эҳтимолга қарши ҳушёрликни мустаҳкамлашнинг бир усули, ижодий инерциянинг бир кўриниши бўлиб, аслида асарнинг туб моҳияти, мақсади, етакчи пафоси ҳаёт ва инсоннинг абадий муаммолари, инсон қалби, инсон билан боғлиқ ҳаёт завқини, яшамоқ сеҳрининг таманноларини куйлашга қаратилганми – шуни аниқ ажратиб олмоқ зарур.(33 бет).
Агар эътибор берилса, олим адабиётшунослик ва адабий танқиднинг янгитдан вужудга келаётган методологик тамойилларидан бири- талқинда бадиий асар матни қаърига яширинган поэтик маъно-мазмунни топишга  ундаётганини сезиш мумкин. Чунки бадиий матннинг зоҳирий қатламидаги маъно шўро даври цензорларини чалғитувчи ҳолат бўлиб, ижодкорнинг асл мақсади сўзлар қаътига жойлашган яширин маъноларда мавжуддир.
Б.Назаров ушбу методологик тамойил асосида Ғафур Ғуломнинг ХХ асрнинг глобол мавзуларига бағишланган  «Поль Робсонга»,»Тинчлик минбаридан», «Атом», «Ғолиблар шарафига» каби бир қатор шеърларини қайта таҳлил қилар экан, шоир шеъриятига хос бўлган асл инсонпарварлик, халқпарварлик мотивларини кўрсатиб беради. Айни чоғда Ғафур Ғулом ижодини фақат ижтимоий-сиёсий мавзуда битилган шеърлардан иборат деб ўйлаш хато эканлигини, оддий инсоний муносабатлар, ҳаётнинг бир парчасини меҳр билан тасвирлай олувчи шоир сифатида ҳам тушуниш лозимлигини «Олабузоқча» шеъри мисолида кўрсатади. Олим таҳлилларида шоир ижодининг мана шундай муҳим жиҳатлари-жаҳоний буюклик билан оддий инсонийлик уйғунлашиб кетганини кўриш мумкин. Шу жиҳатдан айниқса «Биз билган ва билмаган Ғафур Ғулом» бўлими характерлидир. Мазкур бўлимдаги таҳлиллар герменевтиканинг сўнгги давр ўзбек танқидчилигидаги гўзал намуналари дейишимиз мумкин. Бу ўринда мунаққид моҳир синчига ўхшаб иш юритади. Сўзлар қатига  яширинган турли- туман им-ишоралар орқали шоир қалбининг оғриқли нуқталарини, дардларини ўқишга ҳаракат қилади. Бунда олим ғўё ўзи билан баҳслашаётган мухолиф образини яратади , унинг эҳтимол тутилган эътирозларини келтиради ва бу эътирозларга қарши муносиб жавоб қайтаради. Шу тариқа адабий танқид талқинининг янги-янги гўзал намуналарини яратади. Шу жиҳатдан айниқса «Тишларинг тушибди десам Шукрулло», «Тинчлик минбаридан», «Тинчлик нашидаси», «Қутлуғ йил тонгида» каби қатор шеърлари таҳлили характерлидир.  Мунаққид талқинида шеърларда қўлланган баъзи сўзларга катта поэтик маъно, жумладан эрк, озодлик, мустақиллик ғоялари илгари сурилганлиги ишонарли асосланади. Ушбу талқинлар ҳақида фикр юритаркан, профессор Санжар Содиқ унга қуйидагича баҳо беради.
«Демак, Б.Назаров қўллаган гипотетик таҳлил услуби китобда Ғафур Ғуломни замонамизга яқинлаштирган, рисоланинг  миллий истиқлол мафкурасига қўшилган салмоқдор улуш даражасига кўтарилишига хизмат қилувчи омилга айланган бўлса ажаб эмас.
Ўзига хос таҳлил услуби китоб Ғафур Ғулом ижодининг замонавийлиги билан бир қаторда катта умумбашарий аҳамиятга ва бадиий қимматга эга эканлигини очиб беришга ҳам қўлай восита бўлиб хизмат қилган» .         
Бироқ танқид тафаккурида акс этаётган ҳурфикрлик ХХ асрда яратилган ва ўз замонаси ғоялари билан тўйинган асарларнинг барчасидан истиқлол мотивини ахтараверишга изн бермаслиги лозим. Чунки Ғафур Ғуломнинг «Донгли шоирга», «Конституциямиз» каби шеърларидан ҳам истиқлол ғоясини излаш таҳлилда зўрма-зўракиликка олиб келади. Айни чоғда эътибор поэтик мазмунга эмас, балки ғоявийликка қаратилаётганлиги боис ижтимоий-мафкуравий талқин етакчилик қилганини кузатиш мумкин. Бу каби жузъий нуқсонлардан қатъий назар Б. Назаровнинг ушбу китоби Ғ. Ғулом ижодий маҳоратини очувчи энг муҳим тадқиқотлардан бири сифатида эътиборга лойиқ.
Сўнгги давр танқидчилигида Абдулла Қаҳҳор ижодини қайта баҳолаш ҳам асосий мавзулардан биридир. Бу даврда Қаҳҳор ҳақида юзлаб мақолалар, кўплаб рисолалар чоп этилди. Агар адабий танқиднинг Қаҳҳор ижодига муносабатини кузатадиган бўлсак, 80-йиллар охирларидан бошлаб зиддиятли қарашлар вужудга келганини кўриш мумкин. Худди Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи сингари «Сароб», «Синчалак», «Ўғри», «Даҳшат» каби асарлар талқини баҳсли кечди.
«Ёш куч» журналининг « Ҳозирги ўзбек адабиётида энг  маъқул учта асарни санаб ўтсангиз», деган анкета саволига  жавоб берар экан, яхши асарлар ўрнига ёқтирмаган асарларини санайман, дея Олим Отахонов Қаҳҳорнинг «Сароб» ва «Синчалак» асарларини тилга олади ва буни қуйидагича изоҳлайди:
«Абдулла Қаҳҳор ҳар қанча истеъдодли бўлмасин замонасоз адиб эди; у аксар ҳолларда ўткинчи ақидалар, муваққат мезонлар, юқори доираларнинг кўрсатмаларида ўқтириб ўтилган ҳақиқатларга таяниб ижод қилган ёзувчи эди; у жадидлар ҳаракатини ё тушунмаган ёки мутлоқа инкор этган» . О.Отахонов ушбу  мезон асосида «Сароб», «Синчалак» асарларига муносабат билдиради. Ҳар иккала асарда ҳам вокеликка коммунистик мафкура кўзойнаги билан каралган, деган хулоса илгари сурилади.
Албатта бу фикрлар кейинчалик жиддий баҳс-мунозараларга, кескин эътирозларга сабаб бўлган бўлсада, бу хил қарашларни қўллаб-қувватловчи мақолалар ҳам чоп этилди. Жумладан,  Анвар Жабборовнинг «Ўз даврининг машҳур асари»  номли мақоласида «Синчалак» қиссаси замонасозлик мотивлари билан суғорилган асар эканлиги таъкидланди.
Кейинчалик ҳам Қаҳҳор ижодига муносабатда икки хил йўналиш давом этганлигини кузатиш мумкин. Сувон Мелиев, Ҳакимжон Каримов, Абдулла Улуғов каби мунаққидларнинг айрим чиқишларида ёзувчининг «Сароб», «Синчалак» , «Ўғри», «Даҳшат» каби асарларида шўро даврига хизмат қилувчи ғоя етакчилик қилиши айтилди. Аксинча, Озод Шарафиддинов, У.Норматов, Санжар Содиқ, И.Ҳаққулов, Д. Қуронов ва бошқа кўплаб адабиётшунослар кузатишларида Қаҳҳор ижоди янгича нуқтаи назар, янгича методологик тамойиллар асосида баҳолашга ҳаракат қилинади. Шу билан бир қаторда бу мунаққидларнинг кузатишларида Қаҳҳорни тушунишга, унинг ижодини, етакчи концепциясини англашга интилиш кучайиб бораётганини англаш мумкин. Шуни бошданоқ таъкидлаш зарурки, танқидчиликдаги Қаҳҳор ижодига муносабатдаги бир- бирига зид  қарашларнинг биттаси муқлақ ҳақ, иккинчиси мутлақ ноҳақ деб хулоса чиқариш методологик жиҳатдан нотўғри бўлар эди.
Чунончи, С. Мелиев ва Х. Каримовларнинг «Ўғри» ва «Дахшат» ҳикоялари ҳақидаги танқидий характердаги мақолалари ва уларга жавобан Д. Қуронов ва С. Содиқларнинг битилган мақолаларидаги етакчи масалаларига назар ташлайлик.
С.Мелиев ва Х. Каримовнинг танқидий қарашларига хос бўлган битта муштарак жиҳат бор, у ҳам бўлса ҳар иккалал олим мақолаларида Қаҳҳорнинг ўтмиш мавзусида ёзилган асарларида воқелик шўро даври тотолитар тузум ғоялари нуқтаи назаридан ёритилади, шу боис ҳам сохта ғояга асосланганлиги учун юксак бадиийлик намуналари бўлолмайди деган хулосаларида намоён бўлади.
Мазкур мақолаларга жавоб тариқасида битилган Д. Қуронов ва С. Содиқларнинг кузатишларида ҳам айни хусусият бадиий асарни давр билан, давр ғоялари билан боғлиқ ҳолда талқин этишга интилишни кузатамиз. Бу ҳол ўз-ўзидан баҳс-мунозараларда асосий эътибор ғоябозликка яъни Қаҳҳор ўтмиш мавзусидаги асарларида шўро ғояларини тарғиб қилганми ёки аксинча фош қилганми? деган масала етакчилик қилганлигини кўришимиз мумкин. Ваҳолангки, С. Мелиев ва Х. Каримов мақолаларида адабиётнинг асосий ядросини ташкил этувчи инсонийлик (уни С. Мели мақоласида меҳр, Х. Каримов эса ўзбекона урф-одатлар ва мусулмон оламига хос яшаш принциплари шаклида талқин этади) тамойиллари ҳақида гап кетадики, уни муайян давр ғоясига боғламасдан матннинг ўзидан келиб чиқиб талқин этилганда асл моҳият ойдинлашган бўлур эди. Ваҳолангки мазкур танқидий қарашларга ва уларнинг оппанентларининг жавобларига ҳам давр ғояси деган тушунча халақит берганлигини кўрамиз. Бироқ, айни чоғда шуни таъкидлаш лозимки, мазкур баҳс-мунозаралар Қаҳҳор ижодини англашга, унинг эстетик тамойилларини тушунишга хизмат қилади. Мазкур баҳслар шу жиҳати билан характерлидир.
Ҳ.Олимжон ҳақидаги баҳсларда ҳам шундай хусусиятни кўриш мумкин. Жумладан, Д.Қуронов «Ҳамид Олимжонни биласизми?» номли мақоласида шоирнинг «Муқанна» драмасини таҳлилга тортар экан, асосий эътиборни ижодкор дунёқараши ва концепциясига қаратади. Бунда Ҳ.Олимжоннинг 30-йиллар ижодидаги асосий концепция давр руҳи билан чамбарчас боғланган ва шўро ғояларига хизмат қилган бўлса, «Муқанна» драмаси эса истиқлол ғоялари билан суғорилган, деган фикрни асослашга ҳаракат қилади. Мунаққид ўз қарашларини Гулойим, Оташ образлари талқини орқали кўрсатади.
Адабиётшунос олим Н.Каримов, Д.Қуронов мақоласига жавоб хатини «Ҳамид Олимжонни биласизми» деб номлайди. Мазкур мақолада Д.Қуроновнинг асосий концепциясидаги асосий қарашларни инкор этиб, Ҳ.Олимжон ва унинг замондошлари, давр билан, социалистик тузум ғоялари билан изчил боғланганлигини таъкидлайди ва нафақат «Муқанна» шу даврда яратилган Уйғун ва Иззат Султоннинг «Алишер Навоий» драмасидан олинган парчалар билан фикрини асослашга ҳаракат қилган.
Кўриниб турибдики, Д.Қуроновнинг мақоласида ҳам асосий эътибор бадиий асарда ифодаланаётган ғояни очишга қаратилмоқда ва унга табиий равишда қилинган жавобда ҳам асосий урғу ғоявий мақсадга қаратилади. Бу ҳол адабий танқид методологиясидаги ёндашувлар изланиш жараёнида эканлигидан далолат беради. Шу боис ҳам бу баҳсдаги иштирокчиларнинг бирортасини фикрларини абсалют ҳақиқат деб баҳолаш мумкин эмас. Чунки Қаҳҳор ёки Ҳ.Олимжон ҳар қанча катта истеъдод соҳиби бўлмасин, ўзига ҳар қанча талабчан ёки қатъиятли бўлмасин, барибир ижодкор сифатидаги ожизликларини, ижодидаги баланд-паст эврилишлар мавжудлигини мутлақ инкор этиб бўлмайди. Шу боис мазкур ўринда Қаҳҳор ижодига оид зиддиятли қарашларнинг, мухолифатчиликнинг ҳаками сифатида эмас, балки сўнгги ўн-ўн беш йил  танқидчиликнинг тадрижий такомилида , методологик тамойилларнинг шаклланишида Абдулла Қаҳҳор ижоди қандай муҳим роль ўйнади, деган масалага кўпроқ эътиборни қаратдик.
Шу жиҳатдан қаҳҳоршунос олим Р.Қўчқоровнинг адиб ҳақидаги туркум мақолалари ва «Мен билан мунозара қилсангиз...» номли рисоласидаги қарашлар характерлидир.
Р.Қўчқоров саксонинчи йилларнинг охири тўқсонинчи йилларнинг бошларида Қаҳҳор ижоди ҳақида, айниқса, романларига турли даврда танқидчиликнинг муносабати ва  ёзувчи томонидан амалга оширилган таҳрирлар ҳақида қизиқарли изланишларни амалга оширди.  Шу жиҳатдан унинг «Қўш роман ва айрича қарашлар» , «Саробнинг пайдо бўлиши»  каби мақолалари характерлидир.
Биринчи мақолада ёзувчининг «Қўшчинор чироқлари» романи билан унинг биринчи варианти бўлган «Қўшчинор» романи қиёсий таҳлил қилинади.  Мунаққид танқидчиликда айтилган фикрларни таҳлил қилар экан, ёзувчи асарда худди М.Шолоховнинг «Очилган қўриқ» романига хос бўлган концепцияни илгари сургани,  қаҳрамон танлашдаги ўхшашликлар, сюжет йўналиши ва композициядаги, конфликтдаги, ва ҳатто қаҳрамонлар нутқидаги ўхшашликлар мавжудлигини таъкидлар экан бундан қуйидагича хулоса чиқаради.     
Чунки, УНДАН БУНИ ТАЛАБ ҚИЛИШДИ!
Буни қандай тушуниш керак?
Шундай тушиниш керакки, биринчидан роман идеясига сингмайдиган бошқача табиатли романга мос бўлган колхоз қурилиши, унинг таржимаи ҳоли асарга нима қилиб бўлмасин олиб кирилиши шарт қилиб қўйилди.
Иккинчидан, бу қурилишда партиянинг роли албатта кўрсатилиши керак, деган талаб қўйилди. Бундай «ошкоралик»ка ўрганмаган ёзувчи, худди Давидовга ўхшаган ишчилар синфининг вакили, Ўзбекистонлик «йигирма беш мингчи» –Сафаровни яратди.
Учинчидан, синфий кураш жараёнини тасвирлаш керак эди. Бунинг учун бўлса, аввало, бу тасвирни туғдирадиган ёзувчи мақсади бўлмоғи керак эди. Қаҳҳорда эса бундай мақсад, узоқ йиллар етилган ўй йўқ бўлиб, ўз-ўзидан унинг намоён бўлиши ҳам қийин эди. Мана шу вазиятда ёзувчи замонасининг сийқа, схематик сюжетларидан кўра талантли уюштирилган жаҳон миқёсига чиқиб кетганлиги сабабли конфликтсизлик назарияси рамкаларига бўйсунмаган «Очилган қўриқ» йўлини афзал кўрди.
Ва, ниҳоят, тўртинчидан ёзувчи, ҳатто ўзини мажбурлаб оригинал синфий кураш эпизодларини тасвирлаши мумкин эди. Бироқ, унинг танқиддан ҳафсаласи пир бўлган, ундан оғзи куйганди. Бу тепса-тебранмас танқид, барибир, «тук топиши» муқаррарлигини ўйлаб, унинг энди қўли етмас бўлиб қолган романга тақлид қилиб қутилди.
Мунаққид «Ёшлик» журналида чоп этилган «Уч сароб»  номли мақолада ҳам «Сароб романининг қайта ишланиш жараёнларида адабий танқиднинг нотўғри баҳолари сабаб бўлган деган хулосага келган эди. Бу фикрлар қай даражада ҳақиқатга яқин? Наҳотки Қаҳҳордек атоқли ва жасоратли ёзувчи танқидчиларнинг қарашларидан келиб чиқиб асарларини қайта ишлайверса?... Бу каби саволлар шубҳасиз олимни тинч қўймаган ва у илмий изланишларини давом эттириб, ушбу саволларнинг жавобини топишга ҳаракат қилади. Ва ниҳоят изланишлари натижаси ўлароқ «Саробнинг пайдо бўлиши» номли мақола шулар асосида чоп этилган «Мен билан мунозара қилсангиз...» номли ртсола яратилди. Мазкур изланишларда адабий танқид методологиясининг асосини ташкил этувчи битта жиҳат бор. Муаллиф фактларга холис ёндашиб асосий мақсадини қуйидагича ифодалайди: Тушуниш.
Дарвоқе, бу тушунча истиқлол даври танқидчилигининг бош масаласидир. Барча методологик йўналишларнинг асосидан қизил ип бўлиб ўтадиган тушунча бу – тушунишдир.
Адабий танқид методологиясининг фалсафий, илмий-назарий, бадиий-эстетик асосларини бир-бирига боғлаб турадиган тушунча ҳам тушунишдир.
Раҳмон Қўчқоров «Сароб» ва «Қўшчинор»нинг қайта ишланган вариантлари ҳақида фикр юритар экан, олдинги қарашлардан воз кечишининг асосий сабабини қуйидагича изоҳлайди. «Аввало бу мақолада ҳам «Сароб» романининг ёзилиш сабаблари очилмай қолган, фақат унинг қайта ишланиш жараёнига эътибор берилган эди. Бунда ҳам роман танқидининг кўлами асл моҳиятни кўз олдимиздан тўсган, бизни бир ёқлама ёндашув йўлига бошлаган, натижада ҳар бир ўзгариш ва таҳрир сабабини нотўғри танқиддан излашга ўтган эканман. Ҳолбуки, мантиқли бир савол бизни доимо сергаклантирмоғи керак эди: агар ўзгаришлар сабаби фақат қатағон йилларининг танқиди бўлса, нега А. Қаҳҳор «Сароб»ни ўша йиллариёқ қайта ёзишга мажбур этилмади? Нима учун фақат 1957 йилда чиққан романнинг иккинчи нашрига ўзгартиришлар киритди? Бу пайтда қатағон деярли тугаган эди-ку?
Биз бу ва бундан бошқа яна ўнлаб саволларни энди ўзимизга бериб кўрмоқимиз, уларга холис жавоб изламоғимиз керак. Давр ҳақидаги, ёзувчи ва унинг асарлари тўғрисидаги ҳақиқат, нечоғли аччиқ бўлмасин, очиқ айтилмоғи, илмий таҳлилга тортилмоғи лозим, акс ҳолда чала ҳақиқатлар занжири бизни келажакдан бенасиб қилади.» (ўша манба 68 бет)
Раҳмон Қўчқоров ушбу саволларга жавоб излар экан, роман яратилган даврдаги сиёсий-ижтимоий воқеликка, ёзувчи архивидан топилган қатор манбаларга, хусусан, П. Алексеенковнинг «Қўқон муҳторияти» (рус тилида) шунингдек, ўша даврда амалга оширилган суд жараёнлари, Қосимовчилик, Бадридиновчилик каби материаллар билан романни деярли сўзма-сўз, фаслма-фасл қиёслаб таҳлил қилиб ўхшаш жиҳатларини кўрсатар экан, қуйидагича хулосага келади:
«Гап шундаки, асарнинг қайта ёзилишига ўша пайтда билдирилган танқидий фикрлар деярли таъсир этган эмас. Чунки, уларнинг аксарияти ўша даврнинг ўзидаёқ инкор қилинган бўлиб, ёзувчи томонидан ҳар иккала танқиддан ҳам кўра қудратлироқ бир куч–давлат сиёсати, унинг ҳоким мафкураси турар эди. 1938 йили омма қўлига етиб борган «Сароб» номли сиёсий, унинг устига бадиий бақувват, психологик нуқтаи назардан таъсирлигина роман, Ленин ибораси билан айтганда, «айни вақтида ёзилган асар» эди. Худди шунинг учун ҳам ҳар бир уюштирилган муҳокама ва  мақоладан янчилиб, муаллифини бўлса маҳкум қилиб чиққан асарлардан фарқли ўлароқ, «Сароб» нафақат ўзини, балки авторини ҳам бир эмас, бир неча марта соғ олиб чиқди, ҳатто мукофат билан олиб чиқди...
Асар кейинроқ, 1953 йилда Сталин ўлгач, мамлакатда бошқача, илиқ шабадалар эса бошлаган, КПСС ХХ съезди «доҳий» шахсига сиғинишни ва унинг ўтказган сиёсатини қоралаган бир пайтдагина қайта ёзилди. Чунки, тарих сал бўлса-да, энди бошқача «тилга кира бошлаган», ҳамма ишониб юрган гапларнинг аксарияти ёлғон экани, оз бўлса ҳам, айтила бошлаган эди. Ва Абдулла Қаҳҳор, замонни, унинг эврилишларини нозик ҳис қилган ёзувчи бу ўзгаришларнинг кучини, овозини, руҳини тездан сезмаслиги мумкин эмас эди. Шунинг учун ўзининг 50 йиллик юбилейи муносабати билан чиқарилажак 3 томлик «Танланган асарлар»ининг 1 томи –«Сароб»га алоҳида эътибор берди. 60-йилларнинг ўрталарига келиб бўлса қатағон қилинган ўзбек адибларининг номигина эмас, дастлабки асарлари ҳам ҳаётга қайтаётганини кузатган ёзувчи навбатдаги олти томликнинг биринчи томига яна қалам теккизди. Зеро энди бусиз мумкин ҳам эмас эди.
Чунки... «Ким қандай яшаса, шундай ўйлади».» (ўша манба 75 бет).
Биз кузатишларимизда танқидчиликда Қаҳҳор ижодига нисбатан мухолифатли, зиддиятли қараш мавжудлигини таъкидлаган эдик. Ана шу ҳолатнинг айнан ўзи, биргина Р. Қўчқоровнинг Қаҳҳор ҳақидаги изланишларининг ўзига хос тимсоли эканлигини таъкидлаш зарур.
Бу баҳс-мунозараларнинг асосида ҳам Қаҳҳор ижодини тушуниш истаги ётади. Бунда хулоса битта- Қаҳҳор катта истеъдод соҳиби сифатида ХХ аср ўзбек адабиётини бадиий мукаммал, психологик жиҳатдан теран, ўлмас асрлар билан бойитди. Айни чоғда Қаҳҳор ҳушёр дунёқараш соҳиби ва ўткир интивитив ёзувчи сифатида замонадаги сиёсий-ижтимоий ўзгаришларни нозик ҳис қилди ва асарларининг моҳиятига буни моҳирлик билан сингдириб юборди.
Шу боис, юқорида таъкидланганидек Қаҳҳор ижоди ҳақида зиддиятли қарашларнинг вужудга келишини табиий бир ҳол сифатида қабул қилиш керак.
Қаҳҳор ижоди ҳақида чоп этилган  мақолаларида унинг шахсиятига хос етакчи хусусиятлар ижоди билан муқояса қилинган ҳолда тақдиқ этилишини ҳам кузатиш мумкин.
Шу жиҳатдан айниқса Озод Шарофиддиновнинг «Бир нутқ тарихи», «Чинорлардан бири эди...», И. Ҳаққуловнинг «Абдулла Қаҳҳор жасорати» каби мақолалари характерлидир. О. Шарафиддинов мақолаларида Қаҳҳорга хос бўлган катта инсоний қалб, масъулият ҳисси, жасорат ва бошқа фазилатларга эътибор қаратилади. Жумладан, «Бир нутқ тарихи» номли мақоласида 1956 йилда Ёзувчилар Уюшмасининг III Пленумида Абдулла Қаҳҳорнинг сўзлаган нутқи ва бу нутқ орқали вужудга келган жараён ҳақида, Абдулла Қаҳҳорнинг катта жасорат билан адабий муҳитни соғломлаштиришга қўшган ҳиссаси атрофлича кўрсатилади. Энг муҳими шундаки мунаққид А. Қаҳҳорнинг фақат Ёзувчилар Уюшмасида ишлаб кўпгина ижодкорларга озор етказган Владимир Мильчаков кирдикорларинигина фош қилиб қолмасдан, балки унинг воситасида ўша даврдаги қатағонлик сиёсати ва шўро мафкурасининг зулмкор ғояларининг моҳиятини теран англаган ва янги шароитда дадиллик билан фош қилган шахс сифатида ҳаққоний талқин этади.
«Чинорлардан бири...» мақоласида ҳам Қаҳҳор шахсиятига хос бўлган улкан инсоний жасорат ва айни чоғда жуда катта меҳр-муҳаббат ўз ифодасини топган. Мунаққид сўнгги давр адабий жараёнида кечаётган турли-туман қарашларга муносабат билдирар экан, ХХ аср ўзбек адабиётининг етук намояндалари ижоди ҳақида фикр юритганда билиб-билмай бирёқлама хулоса чиқаришга қарши чиқади. Мақолада А.Қаҳҳорнинг 60 йиллик юбилейида идрок этган «Мен партиянинг солдати эмас, онгли аъзосиман» деган машҳур гапи ва унинг акс-садоси ҳақида тўхталади ва Қаҳҳор шахсиятидаги етакчи хусусиятлар  «Қўшчинор», «Сароб», «Синчалак» каби асарлари талқини асосида кўрсатади.
И.Ҳаққуловнинг «Абдулла Қаҳҳор жасорати» номли мақоласида ҳам ёзувчи шахсиятига хос бўлган фазилату жасорат мунаққид ўй-мушоҳадалари билан уйғун тарзда акс этган. Шу боис мақолани Қаҳҳор ҳақида битилган ўзига хос бир бадиа деб аташ мумкин. И.Ҳаққул Абдулла Қаҳҳор инсоний хислатлари, курашчанлиги ва жасорати, ижодий маҳорати ҳақида фикр юритар экан, уни бугунги кун адабиёти муаммолари билан, унинг ўзига хос хусусиятлари-ю, замонга қараб турланиб турувчи турфа хил тоифалар қисмати билан боғлиқ ҳолда талқин этишга ҳаракат қилади. Мана шундай товланишу турланишлар замонида Абдулла Қаҳҳор шахсияти, унинг мустаҳкам эътиқоди, эстетик идеали ва ижодий принциплари ўзлигини намоён қилиб қад кўтариб тургани эътироф этилади.
Мазкур бобдаги кузатишларни умумлаштириб шундай хулосага келиш мумкинки, янги типдаги ХХ аср реалистик адабиётнинг гарчи етмиш йилдан зиёдроқ даври тоталитар тузум тазйиқлари остида яратилган бўлса-да том маънода буюк адабиётдир. Бу адабиёт халқимиз кечмиши, руҳияти, маънавияти, бахтию бахтсиз қисматларининг ўзига хос бадиий кузгусидир. Шу боис ҳам истиқлол даври танқидчилигининг бу давр адабиётини янгиланаётган илмий концепция ва эстетик тамойиллар асосида қайта баҳолашидаги мураккабликлар, зиддиятлар табиий хол сифатида юзага чиқмоқда.
Адабий танқид миллий уйғониш адабиёти намояндалари ижодини, жумладан, Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби атоқли намояндалари ижодини холис, объектив равишда ўрганишга киришди ва шўро даврида қатағон қурбони бўлган халқимизнинг асл фарзандларининг шарафли номи ва ижодий меросини халққа қайтаришга эришдилар. Айни чоғда адабиётимизнинг ҳаққоний тарихий қиёфасини ҳам тикладилар.
Адабий танқид шўро даврида яшаб ижод этган ва бу давр адабиётини тамал тошини қўйган атоқли намояндалари ҳаёти ва ижодини ҳам янгича тафаккур ва мезонлар билан қайта баҳолай бошлади. Бу жараёнлар гарчи турли-туман баҳсу мунозараларга бой бўлса-да, ахир оқибат халқимизга хос бўлган жуда катта инсонийлик тамойилларига асосланганлиги, миллий меросимиз, қадриятларимизни асраб авайлаш ва келажак авлодларга етказишдек мақсад билан ёндашилганлигини кўришимиз мумкин. Бу қайта баҳолашда «уриб ташлаш», «йўққа чиқариш» тамойиллари  эмас, адабий танқид методологиясининг асосини ташкил этувчи, Раҳмон Қўчқоров ҳақли равишда таъкидлаганидек, катта ҳарфлар билан ёзиладиган ТУШУНИШ истаги етакчи тамойилга айланганлигини кўришимиз мумкин.