Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Танқидчилик» Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари - Миллий уйғониш (жадид) адабиётига муносабатда жаҳон танқидчилиги билан муштараклик ва хусусийлик
Facebook
Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари - Миллий уйғониш (жадид) адабиётига муносабатда жаҳон танқидчилиги билан муштараклик ва хусусийлик PDF Босма E-mail
Материал индекси
Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари
Адабий танқиднинг методологик асослари
Методологик тамойилларнинг янгиланиш жараёнлари ва омиллари.
Миллий уйғониш (жадид) адабиётига муносабатда жаҳон танқидчилиги билан муштараклик ва хусусийлик
Шўро даври ўзбек адабиётини ўрганиш муаммолари: инкор, тасдиқ ва таҳлилнинг диалектик бирлиги
ХУЛОСА
Ҳамма саҳифа
1. фасл. Миллий уйғониш (жадид) адабиётига муносабатда  жаҳон танқидчилиги билан муштараклик ва хусусийлик.

Адабий танқид методологиясининг янгиланиш тамойилларидан бири танқидчиликда миллий уйғониш (жадид) адабиёти ва унинг намояндалари ижодининг қайта баҳоланганида кузатилади. Юқорида таъкидланганидек, ўтган асрнинг  80-йиллар якунига келиб, ижтимоий ҳаётда юз бера бошлаган сиёсий ўзгаришлар адабий танқид тафаккурида ҳам янгиланишларга туртки берди. Бу даврга келиб, айниқса, мустақилликнинг дастлабки йилларида адабий танқид сезиларли даражада фаоллашди, мавзу доираси кенгайди, бошқа   гуманитар соҳалар, жумладан, тарих, фалсафа ва эстетика  билан алоқаси изчил ва мунтазам тус касб этаборди. Бунинг асосий сабаби айни ўша даврга келиб ўтмишни, тарихни, миллий маданий меросни ўрганиш ва қайта баҳолашга қизиқишнинг ғоятда кучайганлиги билан изоҳланади.
Дарҳақиқат, айни шу даврдан тарихчилар, файласуфлар, адабиётшунос ва нафосатшунослар  тарихимизга, маданий меросимизга доир қарашларни янгилашга, янгича концепция ва тафаккур тарзи билан ёндашишга  киришдилар. Бу ҳаракат, айниқса, чор мустамлакасидан кейинги, хусусан, ХIХ аср охири  ва ХХ аср бошларидаги миллий уйғониш даврига қизиқишнинг кучайганида яққол кўринади. Чунончи, жадидчилик ҳаракати билан боғлиқ воқеалар, жадидларнинг октябр тўнтаришигача кўрсатган фаолияти ва тўнтаришдан кейинги қисмати  масаласи илм аҳлининг алоҳида эътиборида бўлди.
Таъкидлаш жоизки, бу йилларда, яъни ХIХ аср сўнггидан  ХХ асрнинг 30-йилларининг охиригача бўлган давр фақат ўзбек адабиётшуносларининг эмас, айни чоғда, хорижлик адабиётшунослар, жумладан, америкалик, олмониялик, туркиялик олимларнинг ҳам диққат марказида  бўлиб келди.
Истиқлол арафасида ўз концепциясини ва тадқиқ усулларини янгилаётган танқид тафаккури бу пайтга келиб эътиборини бир қатор долзарб муоммоларга қаратмаслиги мумкин эмас эди. Чунки ХХ аср бошларидаги миллий уйғониш ва маърифатпарвар зиёлиларнинг истиқлол бораcидаги орзу-интилишларига 80-йиллар зиёлиларининг саъй-ҳаракатлари уйғун эди. Зеро, ўзбек адабиётида ўтган асрнинг 70-80-йилларида яратилган энг яхши асарларни кузатганда уларда социалистик реализм қолипларини ёриб чиқишга кучли интилишни, турли хил усуллар, образ ва тимсоллар воситасида давр фожеасини, тоталитар тузумдан норозилик кайфиятини, ўзликни англашга кучли иштиёқни кўриш мумкин. Шу боис, янгиланаётган танқид тафаккури 80-йиллар охирига келиб бутун диққат эътиборини аср бошидаги адабий ҳодисаларга қаратгани табиий жараёндир. Айни шу ҳодисанинг бошқа бир сабаби ҳам бор.
Маълумки, ўтган аср бошидаги  миллий уйғониш ҳаракати   намояндалари ва уларнинг фаолияти, асарлари шўро даврида муттасил турли  сиёсий айбловлар билан қораланиб келинди. Айни чоғда, илғор миллатпарвар зиёлилар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос ва мунаққидларда ўша даврда яшаб ижод этган адибларнинг ижодларига  қизиқиш сусаймаган. Жумладан, улар Чўлпон ва Фитратларнинг  таъқиқланган асарларини имкон топиб ўқишган, фикр юритишган. Таниқли мунаққидлардан бири Умарали Норматовнинг айтишича, Чўлпон шеърлари  ён дафтарларда қўлда кўчирилиб ўқилган.  Озгина имкон туғилган 60-йиллардаги каби «илиқ эпкин» паллаларида улар  ижодини юзага чиқариш имкониятини излашган. Хусусан, ўша 60-йилларнинг охиридаги танқидчилик фаолиятидаги илғор тенденция фикрларимизнинг исботидир. Бу эса  80-йилларнинг охирига келиб, айниқса, истиқлол даврида аср бошидаги жадид адабиёти муаммолари адабий танқиднинг етакчи йўналишларидан бирига айлангани қонуний жараён эканини билдиради.
Умуман, адабий танқиднинг ушбу соҳани ёритишга доир  фаолиятини кузатганда бир-бирига ўзаро боғлиқ бўлган бир неча йўналишда изланишлар олиб борганлиги аён бўлади. Бу йўналишлар орасида, айниқса, ижодкор биографияси ва ижодий лабораториясига оид кузатишлар яққол кўзга ташланади. Уларда мунаққидлар миллий уйғониш даври адабиёти намояндаларининг ҳаёти ва ижодига оид манбаларни, маълумотларни топиб, уларни тарихий воқеа ва фактлар асосида тадқиқ этиш, шарҳлаш усули етакчилик қилади. Адабий танқиднинг бу йўналишдаги фаолиятида унинг тарих билан ҳамкорлиги, айниқса, муҳим аҳамият касб этган.
Ушбу кузатишлар воситасида танқидчилар ижодкор жадидлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш асносида умуман жадидчилик ҳаракати, унинг концепцияси ҳақида ҳам тарихий фактлар асосида қимматли маълумотлар бердилар. Натижада бу давр адабий ҳаётининг ҳаққоний тарихий лавҳасини яратишга эришилди, ватанимиз тарихининг аср бошидаги саҳифалари холис шарҳ ва изоҳлар билан тўлдирилди. Гарчи қисқа муддатни ўз ичига олган бўлса-да, янгича методология ва концепцияга асосланган адабий танқид фаолиятнинг ушбу босқичи беқиёс илмий ва амалий аҳамиятга эгадир. Чунки, биринчидан, бу босқичда аср бошидаги адабий муҳит ҳақида  объектив маълумот берилган ва шу асосда адабиётимизнинг янги тарихи яратилишига асос солинган бўлса, иккинчидан, шўро тузумининг қатағонга таянилган сиёсатининг қурбонига айланган   ва узоқ йиллар мабойнида ноҳақ айбловлар билан айбланиб келинган ижодкорларимизнинг ҳақиқий орзу-истаклари ижобат бўлди-уларнинг ижодий мероси халққа қайтарилди.
Мунаққидларимиз миллий уйғониш даври адабиётининг етук намояндалари  Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Ҳамза, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон сингари улуғ адиблар  ҳаёти ва фаолиятини ёритишга бағишланган тадқиқотларда аср аввалида нашр этилган газета ва журналлардан, архив материалларидан унумли фойдаланишган. Жумладан, бу борада Беҳбудий шахси ва унинг жадидчилик фаолияти билан боғлиқ илмий изланишлар алоҳида эътиборга лойиқ. 1990-йиллар  бошида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг икки сонида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Солиҳ Қосимовнинг «Беҳбудий ва жадидчилик», «Ёшлик» журналининг 1990 йил 1-сонида эса таниқли олим Бегали Қосимовнинг «Карвонбоши» сарлавҳали мақолалари эълон қилинди. Уларда Беҳбудийнинг жадидчилик ҳаракатидаги ўрни ҳақида фикр юритилади. Солиҳ Қосимовнинг мақоласида етмиш йил давомида буржуа оқими сифатида қораланиб келинган жадидчилик ҳаракати илк маротаба миллий истиқлол ғоялари билан суғорилган маърифатпарварлик ҳаракати дея таърифланиб, Туркистонда бу ҳаракатнинг бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий тургани асослаб берилади ҳамда  унинг фаолияти ҳам дунёвий, ҳам диний асосларга таянгани таҳлиллар билан кўрсатилади. Шунингдек, мақолада жадидчилик ҳаракатининг асл мақсадлари ҳақида фикр юритилиб, унинг, шўро сиёсатдонлари айтганидек, панисломизм билан бир ҳодиса эмаслигини, бу ҳаракат замирида  маърифатпарварлик  ётгани далиллар билан исботлаб берилган. Исмоил Гаспирали асос солган «усули жадид» мактабларига ўхшаш кўплаб мактабларнинг Туркистонда Беҳбудий томонидан очилгани, улар учун дарсликлар яратилгани ҳам  атрофлича ёритилган.
Бегали Қосимовнинг мақоласида эса,  Беҳбудий шахси, ҳаёти ва ижодига доир маълумотлар берилиб, асосий эътибор унинг педагогик, публицистик фаолиятига қаратилган. Муаллиф Беҳбудийни жадидчилик ҳаракатининг карвонбошиси сифатида таърифлаб, унинг вафоти муносабати билан 20-йилларда чоп этилган Садриддин Айний, Фитрат ва Чўлпон шеърларидан парчалар келтиради. Бу шеърларнинг яратилишига сабаб бўлган  Беҳбудий аслида ким бўлган, бугунги китобхон бу аллома ҳақида нималарни билади, дея саволлар қўйиб, уларга батафсил жавоб беради ва маърифатпарварнинг «Китобат ул-атфол» дарслигидан бир парчани ўқувчилар эътиборига ҳавола қилади.
Умуман, бу каби чиқишларда ўтган аср охирлари ва мустақилликнинг дастлабки йиллари адабий танқидчилиги учун характерли хусусиятни, яъни маърифатпарвар адибларнинг қисқача таржимаи ҳолини ёритиш, асарларидан парчалар бериш орқали уларни оммага таништириш усулини кузатиш мумкин. Жумладан, «Фан ва турмуш» журналининг 1989 йил ноябр ойи сонида ҳам Беҳбудийнинг «Баёни хақиқат» номли мақоласи, 1991 йил 11 сонида эса тадқиқотчи Нормурод Авазовнинг  қисқа сўзбошиси билан «Қозоқ қариндошларимга очиқ хат»и босилди. Бу ҳаракатлар  Беҳбудий ҳаёти ва ижоди ҳақида янгича қарашларнинг юзага чиқишига туртки бўлди, улуғ маърифатпарвар ҳақида холис нуқтаи назарнинг   шаклланишига хизмат қилди. Танқидчиликдаги айни шу тенденция  миллий уйғониш даври адабиёти намояндалари фаолиятини ёритишга бағишланган тадқиқотларга  хос хусусиятдир. Чунончи,  Бегали Қосимовнинг Авлоний таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан эълон қилинган  «Сапёрлар кўчасидаги уй» , Аҳмад Алиевнинг «Ғози Юнус ҳақида сўз» , Нурмуҳаммад Холлиевнинг «Ҳамза: ўтмиш эмас, истиқбол» , Саидаҳмад  Сиддиқий Ажзий таваллудининг 125 йиллигига  профессор  Бегали Қосимовнинг қисқа шарҳи билан босилган Вадуд Маҳмуднинг «Турк шоири Ажзий»  сингари мақолалари ҳам шундай чиқишлар сирасидандир. Бундай қимматли маълумотлар, манбааларнинг эълон қилингани ўтган аср бошида яшаган ижодкорлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида алоҳида  тадқиқотларнинг юзага келишига замин ҳозирлади.
Бу давр танқидчилигидаги яна бир муҳим жиҳат шундаки, мунаққидлар ёзувчи, шоирларнинг ижодий лабораториясига кириб, муайян асарларнинг яратилиш тарихи, уларнинг етакчи концепцияси, мавзу кўлами, ғоявий мотивларини таҳлил қилиб, кенг ўқувчилар оммасига етказишди. Ана шу мавзудаги мақолаларда бадиий асарлар тақдирига аниқлик киритиш тенденцияси етакчилик қилди. Жумладан, Бойбўта Дўстқораевнинг «Падаркуш»нинг ғаройиб саргузашти» , Ҳамидулла  Болтабоевнинг «Юрт қайғуси» ,  Шерали Турдиевнинг «Тонг юлдузи қисмати» , Ўктам Мирзахўжаевнинг «Чўлпон ҳақида қайдлар»,  Наим Каримовнинг «Кечанинг кундузи борми?»,   Дилмурод Қуроновнинг «Яна кеча ва кундуз ҳақида»,  Наим Каримовнинг «Унутилган саҳифа»,  Умарали Норматовнинг «Адолатнинг йўллари машаққатли...»,  Бойбўта Дўстқораевнинг «Чўлпон: газета-еттинчи давлат» сингари мақолалари  характерлидир.
Адабий танқид  ижодкорларнинг ижодий лабораториясига кираркан, адабиётшунослик илми олдида муаммо бўлиб турган жиҳатларни ёритишга ҳаракат қилди. Бундай муаммолар қаторида Беҳбудийнинг «Падаркуш» асари яратилиш тарихи, Фитрат драмалари, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романи тақдири каби катта мавзулардан тортиб, муайян бир шеърнинг яратилишига туртки берган омилларгача қамраб олинган. Чунончи, «Падаркуш» драмасининг яратилиши билан боғлиқ мақолаларда  турли-туман маълумотларни кузатамиз.
Шуҳрат Ризаев «Истибдодга қарши исён»  мақоласида Беҳбудийнинг «Падаркуш» асари ўзбек драматургиясидаги  илк асар эканлигини Миён Бузрук Солиҳов қарашларига таяниб баён этади. Шу билан бирга, драматург бу асарида фақат маърифатчилик ғояларини илгари суриш билан чекланмай, айни чоғда, турли деталлар, тагмаъноли сўзлар воситасида миллат, ватан тақдирига боғлиқ катта ғояларни ифодалаганини таъкидлайди. Хусусан, илмсизлик оқибатида келиб чиқадиган ичкиликбозлик, фоҳишабозлик каби бадбинликлар  миллатнинг эътиқодини бузувчи иллат эканлиги биргина факт - Фарғонада  жиноятчиликнинг ўсиши ўн йил ичида «бутун Россия империясидан икки баробар ортиқ эканлиги...»ни уқтириш билан  кўрсатиб беради. Умуман, биз юқорида тилга олган мақолаларнинг муҳим аҳамияти шундаки, уларда Беҳбудий  ижодкоргина эмас, балки жадидчилик ҳаракатининг етакчи намояндаси сифатида талқин этилади.
Жадид адабиёти намояндалари ҳаёти ва ижоди жадидчилик ҳаракати билан узвий боғлиқликда ўрганилган мақолалардан яна бири тадқиқотчи Зебуннисо Аҳророванинг «Беҳбудий кутубхонаси»  мақоласи. Мақолада улуғ маърифатпарварнинг нафақат мактаблар очиб, газета-журнал ташкил этиб, дарсликлар чоп қилдиргани, айни пайтда, Самарқандда ўз даврида машҳур бўлган, кейинчалик «Беҳбудия» деб ном олган кутубхонанинг ҳам ташаббускори ва моддий таъминотчиси бўлгани таъкидланади. Беҳбудий 1908 йилда очган бу кутубхона қисқа вақт ичида зиё масканига айланиб, 1000 жилдли нодир китоблар фондига эга бўлган. Дарҳақиқат, Беҳбудийнинг бу тадбири  жадидчилик  фаолиятидаги муҳим қирралардан бири эканлигига мақолада алоҳида урғу берилади.
Бойбўта Дўстқораевнинг «Падаркуш»нинг ғаройиб саргузашти» мақоласида иккита масалага: а)«Падаркуш» драмаси қачон ёзилиб, қачон чоп этилганига; б)асарнинг муқовасидаги «Бородино жангининг 100 йиллигига бағишланади», деган ёзув нимани англатишига ойдинлик киритилган. Муаллиф ушбу масалаларга доир кўплаб манбаларни ўрганиб, кузатиб, асар 1911 йил охири 1912 йилнинг бошларида ёзилган, деган хулосага келган. «Падаркуш»нинг нега Тбилиси цензурасидан ўтганлигини ҳам ишонарли ёритган. Маълум бўлишича, 1912-1913-йилларда генерал-майор Иля Одишелидзе деган шахс Самарқанд ҳарбий губернатори  бўлган. Ўша пайтларда  Бородино жангининг 100 йиллиги санаси нишонланаётган бўлиб, қўлёзмани нашр этишга рухсат сўриб  унга мурожаат этилган. Китобдаги «ҳийла» ёзув шу тариқа муқовада пайдо бўлган. Айниқса, бу йилларда танқидчиликнинг диққат марказида Қодирий, Фитрат ва Чўлпон ижодлари тургани табиий ҳол эди. Миллий ўйғониш даврининг етакчи намояндалари бўлган бу улуғ адиблар ҳаёти ва ижодига бағишланган кўплаб адабий-танқидий мақолалар пировард натижада ўзбек адабиётшунослигида қодирийшунослик, чўлпоншунослик, фитратшунослик каби янги йўналишларнинг тўла шаклланишига олиб келди. Зеро, бу уч аллома  ХХ аср ўзбек  адабиётини ҳам мазмун ва ҳам шакл жиҳатдан бойитган, прозада Қодирий, драматургияда Фитрат, шеъриятда эса Чўлпон ХХ аср ўзбек реалистик адабиётига асос солган  ижодкорлардир.
Сўнгги давр танқидчилигида бу  ижодкорлар фаолиятига кенг ва чуқур ёндашилгани  масаланинг моҳияти методологик жиҳатдан тўғри белгиланганидан далолат беради. Чунки Қодирий, Фитрат ва Чўлпон  ижоди 70 йил давомида шўро ҳокимияти томонидан таъқиб ва тазйиққа олиб келинган, ҳукмрон комфирқа мафкурачилари тарафидан турли айбларга грифтор этилган, баҳс-мунозараларнинг доимий мавзусига айлантирилган эди.  Масаланинг яна бир  жиҳати эса шундаки, бу ижодкорларнинг асарлари  ўз замондошларининг ижоди намуналаридан бадиий жиҳатдан анча юксак даражада бўлиб,  ХХ аср ўзбек адабиётини том маънода янгилаган  эди. Уларнинг ижоди шўро даври назариётчи ва мафкурачиларининг энг кўп таъқибига учрагани боиси ҳам шундан. Зеро, 1956 йилдаёқ ёзувчи сифатида номи  оқланган,  асарларини кенг китобхонлар оммаси ўқиш имкониятига эга бўлган Қодирий ижоди ҳатто  мустақилликкача ўзининг тўла ҳақли,  холис баҳосини олмади. Метод ва дунёқараш муоммаси билан боғлиқ баҳс-мунозаралар қуюни муттасил Қодирий ижодиёти тепасида  айланди. Адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов адиб ижодини ўрганиш тарихини олти босқичга ажратади ва ҳар бир босқичнинг ўзига хос жиҳатлари, ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилиб берди. Унинг талқинига кўра, олти босқичнинг бештаси шўро даврига оид бўлиб, мазкур босқичларда ёзувчи ижодини ўрганишда кўплаб чекланишлар бўлган.  Жумладан, ХХ аср бошларидан 20-йилларнинг иккинчи ярмигача  биринчи босқичида Қодирий ижоди бўйича деярли алоҳида мақолалар чоп этилмаган бўлса-да,  «Ўтган кунлар» романи катта қизиқиш билан қабул қилинган, асарнинг яхлит боблари ёд олинган. Иккинчи босқичда, яъни  20-йилларнинг охирига келиб фақат Қодирий ижоди эмас, балки Фитрат, Чўлпон асарлари ҳам сиёсий айбловлар билан қоралана бошлаган. Михаил Швердин, Сотти Ҳусайн ва Ойбекнинг адибга айблар қўйиб ёзилган мақолалари шу иккинчи босқичда эълон қилинган. М Қўшжонов   учинчи босқичга  Абдулла Қодирий номини  тиклаш йўлидаги саъйи-ҳаракатларни киритган. У комфирқанинг  ХХ сеъздидан кейин ёзувчи  номини оқлашда муҳим роль ўйнаган икки шахснинг жасоратини алоҳида таъкидлайди: «...Улардан бири ўша пайтлари республикамизда олий лавозимларни эгаллаб турган Н. Муҳитдинов, иккинчиси йирик адабиётшунос олим И. Султоновдир. Н. Муҳитдинов бу савоб ишга сиёсий жиҳатдан замин тайёрлади ва йўл очди. И Султонов эса, А Қодирий бизга ёт адиб эмаслигини илмий равишда исботлаб берди.   Шунга қарамай, ҳали  Қодирий асарларини  эмин-эркин таҳлил қилишга имкон йўқ эди, чунки «Қодирийнинг оқлангани билан у мансуб бўлган ғоявий оқим-жадидизм қора тахтага тортиб қўйилган эди. Шу сабабдан Қодирий ҳақида гапирмоқчи бўлганлар жадидизмни икки марта сўкиб, адиб ҳақида бирор фикр билдириши мумкин эди, халос».
Ўтган асрнинг  60-йилларидан 80 йиллар бошигача бўлган даврни М. Қўшжонов  тўртинчи босқич деб белгилайди.  Бу босқичга  Собир Мирвалиевнинг «Ўзбек романи» китобидан тортиб 70-йилларнинг бошида  «Ўзбекистон маданияти» газетасида эълон қилинган  социалистик реализм ва Абдулла Қодирий ижоди мавзусидаги баҳс- мунозараларгача киради. Бешинчи босқичга эса,  80-йиллардаги мафкуравий курашни ва Қодирий, Чўлпон, Фитрат  ижодларига бағишланган мунозараларни ўз ичига олади. Ниҳоят, олтинчи босқич сифатида М.Қўшжонов мустақиллик йилларида қодирийшуносликнинг том маънода янги даври бошланганини,   бунда Абдулла Қодирий таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги Президентимизнинг Фармонининг улкан аҳамият касб этганини, адиб ижодини эмин- эркин, янгича тафаккур асосида қайта баҳолаш жараёнлари бошланганини таъкидлайди.
Албатта, муҳтарам олимимизнинг ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигида Абдулла Қодирий ижоди  ўрганилишини босқичларга бўлиши, яъни даврлаштириши шартли характерга эга. Шу ўринда таъкидлаш жоизки Матёқуб Қўшжонов қодирийшуносликни  даврлаштиришда йиллар ва саналарни эмас, балки биринчи галда адиб ижодини баҳолашдаги чекланишлар, бирёқламаликлар ва уларнинг моҳиятини очиб бериш жараёнларини назарда тутган.   Мунаққид тилга олган олтинчи босқич, яъни истиқлол арафалари ва истиқлолдан кейинги давр  моҳият эътибори билан етмиш йилдан зиёдроқ вақт мобайнида давом этган қодирийшунослик  заминида пайдо бўлган ва айни чоғда, ўша пайтда йўл қўйилган камчилик ҳамда нуқсонларни бартараф этишга ҳаракат қилинган, янгича коцепция, янгича танқид тафаккурига асосланилган даврдир. Бинобарин, бу даврда адабий танқид етмиш йил ҳукмронлик қилган марксча-ленинча методологиядан воз кечиш баробарида, адабий жараёнга янгича методологик тамойиллар асосида ёндаша бошлаганлигини кўришимиз мумкин. Бу ҳол фақат Қодирий  асарларига эмас, балки умуман жадид адабиёти намояндалари ижодига  муносабатда ўз аксини топди.
Шу боис, 80-йилларнинг охири 90-йилларнинг бошларидаёқ Қодирий ҳаёти ва ижодига боғлиқ ҳақиқатларни тўла тиклаш, асарларини  янгича мезонлар, методологик тамойиллар асосида қайта баҳолашга жиддий эътибор берила бошланди. Бунда адабий танқид жаҳон адабиётшунослиги ва танқидчилигига хос илғор методологик тамойилларга таянди, хорижда шаклланган қодирийшунослик, фитратшунослик ва чўлпоншуносликнинг етакчи концепцияларни ўрганиш орқали эътиборли жиҳатларини ижодий ўзлаштириш йўлидан борди. Адабий танқид бу адиблар ижодини баҳолашда, айниқса, Қодирий асарлари тадқиқида мувофиқлик ва тўлдирувчанлик тамойилларга таянди. Бу хусусият, айниқса шўро даври қодирийшунослигига ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келишган М.Қўшжонов, С.Мирвалиев, А.Алиев, У.Норматов сингари мунаққидлар ижодига хосдир. Натижада ёзувчи таржимаи ҳолининг шу пайтгача  ошкор этилмаган қирралари янги факт ва маълумотлар билан тўлдирилди,  илгари маълум бўлмаган фактлар, қўлёзмалар, ҳужжатлар, архив материаллари илмий муомилага киритилиб, муайян хулосалар чиқарилди. Илгари ўрганилмаган  манба ва талқинлар қайта таҳлилдан ўтказилди.
Шундай ишлардан бири Абдулла Қодирийнинг фарзанди Ҳабибулла Қодирийнинг «Қодирийнинг сўнгги кунлари»  номли хотира қиссасидир. Маълумки, Ҳ. Қодирий 70-йилларда «Отам ҳақида» номли хотира қиссасини эълон қилиб, унда Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди ҳақида дастлабки маълумотларини баён этган эди. Мазкур хотира шўро даврида ёзилгани боис, унда адиб ҳақида эмин-эркин фикр айтиш имконияти йўқ эди. 80-йилларнинг охирига келиб ижтимоий-сиёсий ҳаётда юз бера бошлаган ўзгаришлар туфайли бир қадар  эркинроқ фикрлаш шароити туғилди ва янги фактлар, кузатишлар, изланишлар орқали А. Қодирий тўғрисида очиғроқ ёзишга имконият пайдо бўлди. Дарҳақиқат, «Қодирийнинг сўнгги кунлари» хотира қиссасида улуғ адиб ҳаёти, ижодий лабораториясининг айрим қирралари ўз аксини топди.
Чунончи, хотиранинг «Хитой консули» бобида адиб романларининг   фақат Ўрта Осиёдаги туркий халқлар орасида эмас, балки Шарқий Туркистонда ҳам кенг ёйилгани таъкидланади. Бошқа тарафдан ўша даврда сиёсийлашган шўро идораларининг тазйиқини ҳам кўрсатувчи ҳужжатдир. Дарвоқе, А. Қодирийнинг Амир Умархоннинг канизи ҳақида роман ёзиш нияти бўлганига оид маълумот айни шу жиҳатдан характерлидир. Адиб нияти ва бу мавзуга доир маълумотлар тўплагани бошқа адабиётшуносларнинг кузатишларидан ҳам учрайди. Жумладан, «Шарқ юлдузи» журналида босилган «Абдулла Қодирий ва тарихчи Ҳакимхон» сарлавҳали мақолада «Амир Умархоннинг канизи» номли романга материаллар тўплаш чоғида тарихчи Муҳаммад Хакимхон тўранинг «Мунтаҳаб ат таворих» номли тарихий китоби муҳим манба сифатида ёзувчининг эътиборини тортгани таъкидланади. Бу  маълумот Қодирийнинг навбатдаги тарихий романлар туркумини давом эттириш нияти жиддий бўлганидан далолат беради.
Кейинги давр танқидчилигида адабий ҳодисаларга тарихий- биографик ёндашувнинг кучайгани янгича адабий танқид  методологиясининг муҳим тамойилларидан бири шаклланаётганидан далолат беради. Зеро, ижодкор ҳаёти ва асарларига доир манбаларни аниқлашда бу тамойил муҳим аҳамият касб этади. Мазкур давр танқидчилиги фаолиятида Қодирий, Чўлпон, Фитрат, биографиясига тааллуқли, бироқ яшириб келинган, ёритилмаган маълумотларга эътибор қаратилганига гувоҳ бўламиз. Чунончи, уларнинг қанақа айбловлар билан қачон, қандай вазиятда қамоққа олингани, тергов жараёнида уларга қандай айблар қўйилгани, кимлар билан юзлаштирилгани, қайси «гуноҳлари» учун отилганликлари  ойдинлашдики, бу улар   биографиясининг очилмаган томонлари эди. Шу боис, адабий танқид 80-йиллар охири 90-йилларнинг бошларидаёқ архив материаллари асосида сир тутиб келинган муаммоларга ойдинлик киритди.
Бу борада кенг ўқувчилар оммасига ошкор этилган материалларни янгича нуқтаи назар ва янгича концепция билан тадқиқ ҳамда таҳлил  этишга ҳаракат қилингани муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, айниқса, Наим Каримов, Ислом Усмонов, Ҳамидулла Болтабоев, Шуҳрат Ризаев сингари мунаққидларнинг кузатишлари  характерлидир.
Наим Каримовнинг «Ўзбек зиёлиларининг жаллодлари» туркуми сирасидан «Қодирий боши-янги йил совғаси»,  «Чўлпон учун кишан», Ислом Усмоновнинг «Қодирий қаерда отилган?»  мақолалари, Мажид Ҳасановнинг  «Ватан менинг саждагоҳим»  сарлавҳаси билан эълон қилинган Фитратнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидагин суҳбатида атоқли адиблар ҳаётининг энг қайғули, фожеали вазиятларига оид маълумотлар берилган. Хусусан, Наим Каримовнинг мақолаларида Қодирий ва Чўлпон ҳаётининг  халқдан сир сақланган саҳифалари ёритилган. Қодирийнинг қамоққа олиниши ва шўро хавфсизлик хизмати бошлиғи Апресян ва унинг гумашталари Агабеков, Триғулов кабиларнинг Қодирий, Чўлпон ва Фитрат тақдирида ўйнаган машъум роллари ишончли таҳлиллар билан кўрсатилган.  Бинобарин, қатағон қурбонлари бўлган бу адиблар қисматини ёритишда ушбу мақолаларнинг аҳамияти жуда катта бўлди. Бошқа тарафдан эндигина истиқлолга  эришган халқимиз ўша пайтда бу фактлардан воқиф бўлиб, ҳурриятга   эришганимиз тасодифий эмаслигини,  балки Ватан озодлиги йўлида  фидойи зиёлиларимиз ўз жонларини қурбон қилишганини, мустақиллик оғир ва машаққатли курашлар эвазига қўлга киритилганини далилловчи  манбалар билан танишишга муяссар бўлди.
Шубҳасиз, бу давр танқидчилигида, аввало, ижодкорларнинг поэтик олами, бадиий маҳоратини кашф қилиш, асарларини янгича мезон ва методологик тамойиллар асосида таҳлил ҳамда талқин этиш етакчилик қилади. Бу борада, айниқса, Қодирий, Фитрат, Чўлпон ижодиларига муносабат характерлидир. Аслида, шўро даври танқидчилигида ҳам Қодирий ижодий оламини ёритишга бағишланган кўплаб тадқиқотлар яратилганди. Ушбу мавзудаги  мақола ва баҳс-мунозараларда асосий эътибор ёзувчи дунёқараши,  мафкураси, методи ва ниҳоят маҳорати масаласига қаратиларди. Бироқ уларда марксча-ленинча методология устуворлик қилгани учун, гарчи Қодирий улкан  истеъдод соҳиби сифатида этироф этилган бўлса-да, ҳукмрон мафкура талабларидан келиб чиқиб, унинг ижодидаги чекланганликлар  алоҳида уқтирилар эди. Қодирийшунос олим Баҳодир Каримовнинг «ХХ аср ўзбек адабиётшунослигида талқин муаммоси» (Қодирийшунослик мисолида) мавзусидаги докторлик иши ва шу илмий тадқиқот асос бўлган «Абдулла Қодирий»   номли монографиясида адиб ижодининг ўзбек ва хориж адабиётшунослиги ҳамда танқидчилигида қандай талқин этилганлиги ҳар томонлама очиб берилган. Тадқиқотчи  тўғри таъкидлаганидек, «ХХ аср ўзбек адабиётшунослигида, умуман, собиқ иттифоқдаги миллатлар адабиётшунослигида бадиий асар талқини кўпинча давр сиёсатига мувофиқ бўлганлиги кўринади. Шу маънода, адабиёт ва сиёсат жуфтлиги филология илмида ҳар вақт ёнма-ён келди».
Бинобарин, истиқлол даврига келиб, Қодирий ижодини таҳлил қилишда қандай методологик тамойилларга таянила бошланди, адиб ижодий маҳоратининг қайси қирраларига эътибор қаратилди, деган масала жуда муҳимдир. Шу нуқтаи назардан кейинги йилларда чоп этилган мақолалар, тадқиқотлар ва баҳс - мунозараларни кўздан кечирсак, уларда ёзувчи биографиясининг янги қирраларини очишдан ташқари, адиб поэтик оламининг талқинида ҳам янгича мезонларга қўл урилганлигини кузатамиз. Аввало шуни таъкидлаш керакки, истиқлол даври танқидчилигида Қодирий ижодий маҳоратига бағишланган бир қанча мақола, тадқиқот юзага келди. Уларнинг айримлари монографик характерда бўлиб, ёзувчи ҳаёти ва ижодини яхлит ҳолда ўрганишга бағишланган очерклар ва монографиялар бўлса, айримлари ижодкор поэтик оламининг муайян қирраларини ёритган тадқиқотлардир. Жумладан, М. Қўшжоновнинг «Ўзбекнинг ўзлиги»,  И.Ғаниевнинг «Руҳий гўзалликнинг қисмати»,  А.Муродхоновнинг «Истеъдод жозибаси»,  Ғ.Лутфиддинованинг «Гулларнинг раъноси»,  «Абдулла Қодирийнинг бадиий дунёси»,   Б.Каримнинг «Қодирий қадри»,  «Абдулла Қодирий»,  «Адабиёт бадиият абадият»   каби асарларда адиб поэтик олами тадқиқ этилса, У. Норматовнинг «Қодирий боғи»,   А.Алиевнинг «Истиқлол ва адабий мерос»  китобидаги «Абдулла Қодирий» очерки, С.Мирвалиевнинг «Абдулла .Қодирий»  каби тадқиқотларида унинг ҳаёти ва ижоди батафсил ёритилган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, истиқлол йилларида Қодирий ижодини янгича тафаккур тарзи, янгича методологик тамойиллар асосида талқин этиш шўро даври қодирийшунослиги шаклланишига катта ҳисса қўшган атоқли мунаққидлар фаолиятига ҳам хос хусусиятдир. Улар мустақилликнинг илк йилларидаёқ ўз дунёқарашларини қайта қура олган, аввалги айрим мафкуравий қарашларидан воз кеча олган олимлардир. Уларнинг тадқиқотларида шўро давридаги Қодирийшуносликка хос сиёсий-мафкуравий ёндашувдан батамом воз кечишга интилишни ҳам, ёзувчи поэтик оламини бадиийлик, миллий ўзликни англаш ва қадриятлар, халқ ва ватан манфаатлари билан боғлиқ ҳолда ёндашишга уринишни ҳам кузатиш мумкин. Бу эса, истиқлол даври Қодирийшунослиги концепциясининг етакчи хусусиятларидандир. М. Қўшжонов, А.Алиев, С.Мирвалиев, У. Норматов, Б. Каримов, И.Ғаниев ва бошқа мунаққидларнинг кузатишларида шу хусусият сингдирилганлигига амин бўламиз.
Албатта, Қодирий шахси ва ижодига таҳлилига доир  тадқиқот ва мақолаларни тўла-тўкис анализ қилиш бизнинг вазифамизга кирмайди. Қолаверса, Б.Каримов тадқиқотларида бу масала муфассал тадқиқ этилган. Биз бу ўринда истиқлол даври танқидчилигида қодирийшунослик қайси методологик тамойилларга кўра ривожланди деган масалага кўпроқ эътиборни қаратдик. Таъкидлаш жоизки, истиқлол даврида қодирийшунослик, фитратшунослик ва чўлпоншуносликнинг мукаммал намуналарида, шўро давридагидан фарқли равишда, ижтимоий таҳлилга эмас, балки эстетик талқинга кўпроқ эътибор қаратди. Улар ижодига ёндашишда бадиий-эстетик қонуниятларга таяниш етакчилик қила бошлади. Муайян асарда ижодкорнинг маҳорати, аввало, руҳият тасвирлари қай даражада ҳаққоний акс этган, деган масала устуворлик қилди.
Таъкидлаш зарурки, адабий танқиднинг миллий уйғониш даври адабиёти намояндалари ижодига бағишланган кузатишларида аксиологик ёндашув етакчилик қила бошлади. Яъни бу ижодкорларнинг ижодий меросини миллий қадриятларимизнинг гўзал намуналари сифатида эъзозлаш, асраб-авайлаб халққа етказиш устувор вазифага айланди. Хусусан, М.Қўшжоновнинг «Ўзбекнинг ўзлиги» китоби ана шу хусусияти билан қимматлидир. Унда Қодирий романлари эзгу қадриятлар, ўзбекона урф-одатлар ва миллий руҳият нуқтаи назаридан талқин этилади. Мунаққиднинг ютуғи шундки, у асар қаҳрамонлари Отабек ва Кумуш қалбида кечган туғёнларни, руҳий ҳолатларни роман сюжети ва композициясидан ажратмай, яхлит ҳолда таҳлил қилишга эриша олган. Етакчи қаҳрамонлар  қалб кечинмаларининг  ишонарли таҳлилларида  мунаққиднинг ёзувчи маҳоратини изчил кашф этиб борганига гувоҳ бўламиз. Китобда эстетик таҳлил устувор, бироқ  ижтимоий талқин ҳам эътибордан соқит этилмаган. Жумладан, асарнинг ғоявий мотивини очишда, Отабек дунёқарашининг етакчи хусусиятларини таъкидлашда, романга сингдирилган миллат, ватан тақдири билан боғлиқ коцепцияни далиллашда мунаққид ижтимоий талқинга урғу берган. Бу табиий ҳол албатта. Чунки бадиий асар талқини «соф эстетик таҳлил»дан иборат бўлиб қолмаслиги лозим. Бадиий асарда, айниқса, насрий асарларда, хусусан, йирик жанр ҳисобланмиш романда қаҳрамон бевосита ташқи муҳит, ижтимой борлиқ билан муайян тарзда муносабатга киришади. Демакки, асар таҳлилида мунаққид ҳам ижтимоий  ҳаёт ҳақида фикрлашга бурчли. Бироқ ижтимоий талқин илмий таҳлилнинг ўзагига айланмаган, М. Қўшжоновнинг «Ўзбекнинг ўзлиги» асари Қодирий ижодига миллий қадриятлар нуқтаи назаридан ёндашишнинг гўзал намуналаридан биридир. Мунаққид талқинида ёзувчининг поэтик маҳорати ҳар томонлама далиллаб кўрсатилганини таъкидлаш зарур. Айни чоғда, романга шўро даврига хос мафкуравий мезонлар билан ёндашилган ўринлар ҳам учрайди. Бу, айниқса, Отабек билан Кумушнинг фожеасига сабаб бўлган омилларни белгилашда кўзга ташланади. Мунаққид Отабек билан Кумуш фожеасига зулмкор ижтимоий муҳит, эски урф-одатлар, ота-она орзуси кабиларни асосий сабаб сифатида кўрсатади. Ваҳоланки, Отабек билан Кумуш фожеасининг сабабларини фақат ташқи муҳитдан ахтариш унчалик тўғри эмас. Аслида, булар иккинчи, учинчи даражали сабаблардир. Роман қаҳрамонлари фожеасининг бош омили эса, Отабек билан Кумушнинг қалби, руҳияти, маънавий оламининг ўзига хослигидадир.
Зеро, Отабек ва Кумушнинг қалблари шундай жавоҳирки, унда Зайнабларга ўрин йўқ. Тасаввур қилайлик, Отабек ҳам ўз замонасининг фарзанди. Ўша замонда  савдогарлар  юртларни кезиб юришган. Отабекка ўхшаган савдо аҳли нафақат Марғилон ёхуд Қўқон, балки  Руссия, Шарқий Туркистон, қолаверса, Афғонистон, Эрон, араб давлатларида тижорат билан машғул бўлишиб, бир кетишда ойлаб, йиллаб, ҳатто ўзга элларда ўн йиллаб юришган. (А. Фитратнинг отаси Қашқарда 15 йил тургани ҳақидаги фактни эсланг -Қ.Қ.) Демак, ўша давр ҳаёти савдогар аҳлининг, ислом ақидаларига кўра, бошқа юрт шаҳарларида ҳам оилали бўлишларини тақазо этган. Бу ҳол  табиий бўлиб, Отабек ва Кумушнинг замондошларини ҳеч бир қийноққа солмаган. Шу нуқтаи назардан, Отабекнинг Тошкентда Зайнабга уйлантирилиши анъана ва урф-одатларга хос ҳол бўлиб, бунда  на «мажбурият», на «зулмкор муҳит» ва на «ота-она орзуси»нинг айби бор.  Фожианинг  сабаби эса Отабек билан Кумуш қалбларининг  севги билан лиммо-лимлигики, улар ўз замонасининг тартиб-қоидалари, тамойилларини сингдира олишмади.
Бинобарин, Отабек билан Кумуш фожеаси ҳақида фикр юритганда асосий эътиборни улар қалбининг ўзига хослигига қаратиш лозим бўлади.
У.Норматовнинг «Қодирий боғи» номли  китобида ёзувчининг «Калвак маҳзум...» ва «Тошпўлат тажанг...» ҳажвиялари давр ва шахс концепцияси нуқтаи назаридан талқин этилади. Мунаққид талқинига кўра, адиб  Калвак Маҳзум ва Тошпўлат Тажанг образлари орқали фақат мутаассиб руҳоний ёки чапани образларини яратиш билан чекланмаган, айни чоғда, бу характерлар воситасида даврнинг  фожеали жиҳатларини ҳам ёритиб берган. Китобда У.Норматов  Калвак Маҳзум ва Тошпўлат Тажангнинг ўзига хос инсоний қиёфаси яратилганлигини, гарчи бу образлар ҳажвий характер касб этган бўлса-да, нуқул қора бўёқлар билан чапланган схематик характерлар эмас, балки ҳаётий, ҳаққоний қаҳрамон даражасига кўтарилган образлар эканини асослаб беради.
Адабиётшунос Б.Карим ҳам «Қодирий қадри» номли китобидаги  «Ким нимадан куладир» («Хотира дафтар»ини варақлаганда) мақоласида У. Норматов фикрларини мантиқан давом эттириб, Калвак Маҳзум образи орқали Қодирийнинг давр иллатларини ҳажвий йўсинда асосли, ишонарли фош этганини поэтик маҳорат нуқтаи назаридан талқин этади. Таъкидлаш жоизки, Қодирий ҳажвиётига доир бу талқинлар, фикрлар адабий танқид тафаккуридаги эврилишлар, янгича мезонларни ўзига дастуриламал қилиб олаётган методологик тамойилларнинг илк намуналаридир.
У.Норматов «Қодирий боғи» китобида адиб ижодининг  моҳиятини –ижтимоий, бадиий-эстетик концепциясини тарихийлик тамойиллари асосида ёритишга, асарларига эстетик принциплардан келиб чиқиб ёндашишга ҳаракат қилади. Хусусан, Қодирийнинг  20-йиллардаги ижодининг бир йўналиши-журналистлик фаолиятини таҳлил қиларкан, унинг октябрь инқилобини қувонч билан кутиб олганлигини ва унга сидқидилдан хизмат қилганини  мақолалари таҳлили орқали таъкидлайди.
«Абдулла Қодирий Октябрь инқилобини шу тарзда кутиб олди, ундаги социализмга, большевикларга, Ленин ишига эътиқод шу тариқа шаклланди, совет ҳокимиятининг дастлабки пайтлариданоқ сидқидилдан унинг хизматида бўлди» .  Мунаққид бу фикрларини Қодирийнинг  таржимаи ҳолига таяниб, унинг «Рўста», «Иштирокуюн», «Қизил байроқ», «Инқилоб», «Коммунист» ва айниқса, «Муштум» журналидаги фаолияти давомида эълон этган мақолалари асосида далиллашга уринади. Жумладан, китобдаги ёзувчининг хурофатга қарши ёзилган мақолалари таҳлили шу жиҳатдан характерлидир.
Бироқ  таъкидлаш жоизки, «Қодирий боғи» рисоласида  мунаққиднинг ўзини-ўзи инкор этган ўринлар ҳам бор. Хусусан,  20-йилларнинг биринчи чорагида яратилган «Ўтган кунлар»нинг  эстетик принципларига доир кузатишларида У.Норматов бу роман  шўро даври фожеаларини фош этувчи, миллий мустақиллик ғояларини ифодаловчи асар эканлигини  таъкидлаб, Юсуфбек Ҳожининг ўғли Отабекка қарата айтган хитобномасидан каттагина кўчирма келтириб, ўз фикрини асослашга ҳаракат қилади . Мунаққид ҳатто рисоласининг мазкур бобини «Истиқлол қайғуси» деб номлайди. У «Меҳробдан чаён» романини ҳам худди шу нуқтаи назаридан талқин этади. Ушбу талқинлардан гўё ёзувчи бир вақтнинг ўзида ҳам инқилобни олқишлаган, унга хизмат қилган (мақолалари билан), ҳам истиқлол учун кураш олиб борган (романлари билан), деган хулоса келиб чиқади. Албатта, масалага бундай ёндашиш методологик жиҳатдан ўзини оқламайди. Назаримизда,  мунаққид ушбу кузатишларида  давр ва ёзувчи дунёқарашидаги зиддиятли жиҳатларга урғу берганида мақсадга мувофиқ бўлар эди. У.Норматов рисоласининг хотимаси- «Фиғон» деб номланувчи бобида Хабибулла Қодирийнинг «Қодирийнинг сўнгги кунлари» хотира-қиссаси ва у ҳақда айтилган фикр-мулоҳазаларга муносабат билдирган. Жумладан, хотира қиссага киритилган архив ҳужжатларида номлари зикр этилган кўплаб таниқли ижодкорларни обрўсизлантирувчи фикрларга эътироз билдирган айрим мунаққидлар билан  мунозарага киришади. Провардида мунаққид  барча тарихий фактларни очиқ-ойдин, холис, ошкоралик билан баҳолаш пайти келди, шу боис, турли хил мулоҳазалардан чўчимасдан бундай фактларни эълон қилиш зарур, деб ҳисоблайди.
Муаллифнинг холисликка, ошкораликка чорлаганини қўллаб қувватлаган ҳолда, хотира-қиссадаги кўпгина мулоҳазалар субектив қарашлар натижаси эканлиги ҳақидаги А. Расулов фикрлари асосли эканлигини таъкидлаш зарур. Чунончи, Ҳ.Олимжон ва Зулфиянинг тўйи муносабати билан ота-бола ўртасидаги мулоқат, хусусан, Абдулла  Қодирийнинг айтган гаплари нафақат Ҳ.Олимжон ва Зулфия сиймосига, балки Қодирийдек буюк адиб сиймосига ҳам соя солади. Зулфия эса Ҳ.Олимжон вафотидан кейин севги ва садоқат тимсоли сифатида халқимиз қалбига муҳрланиб қолди. Бунинг замирида  қандайдир тарғиботлар эмас, балки Зулфиянинг ўзбек халқи кўз ўнгида босиб ўтган ҳаёт ва ижод йўли, умрининг мазмун-моҳияти ётибди. Шу боис, унинг сиймосига  соя ташлашга ҳеч кимнинг маънавий ҳаққи йўқ. «Қодирийнинг сўнгги кунлари» қиссасида акс этган давр фожеалари, буюк ёзувчининг аччиқ қисмати ва саргардон кезган ўғилнинг фожеали образи қодирийшуносликнинг кемтик жойларини тўлдиришга хизмат қилса-да, юқорда кўрсатилганидек, унда ўринсиз таъкид ва талқинлар ҳам учрашини инкор этиб бўлмайди.  Хуллас, айрим эътирозли ўринларига қарамай,  ҳозиржавоб мунаққид У. Норматовнинг «Қодирий боғи» китоби янгича методологик тамойиллар асосида қодирийшуносликда янги қарашларни ўзида акс эттирган, янгича танқид тафаккурининг намунаси сифатида майдонга келган тадқиқотлардан биридир.
Шўро даври қодирийшунослигига муносиб ҳисса қўшган олимлардан яна бири Аҳмад Алиевдир. У ҳам, бошқа қодирийшунослар сингари, шўро даврида Қодирий ижодини баҳолашда муайян чекланишларга йўл қўйилганини эътироф этиб, истиқлол даврида Қодирий ҳаёти ва ижоди ҳақида янгича концепция ва янгича нуқтаи назарга асосланган мақолалар чоп эттирди. Шунингдек,  «Истиқлол ва адабий мерос»  «Маънавият, қадрият ва бадиият»  номли китобларида Қодирий ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳам фикр юритилади.
Муаллиф бир ўринда Қодирий ижодини ўрганишга 50-йилларнинг ўрталаридан киришганини , 50-йилларнинг охирларидан  мақолалар чоп эттира бошлаганини ва 1967 йили «Абдулла Қодирий» номли адабий-танқидий очеркини нашр қилдирганини айтаркан, жумладан, бир масалага эътиборни қаратади. Олим гарчи ўша даврда ҳам Қодирий ижоди ҳақида илиқ фикрлар айтган бўлса-да, замона зайли билан танқидий мулоҳазаларни ҳам айтишга мажбур бўлганини, бунга шўро мафкураси ва миллий уйғониш даври адиблар ижоди тарғиботига қарши турган  кучларнинг тазйиқи сабаб бўлганини таъкидлаб, мустақилликдан кейин янгича қарашлар учун кенг имконият яратилганлигини мамнуният билан эътироф этади ва ўзининг чоп этилган мақолаларида янгича қарашларни илгари сурганлигини айтади.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб мунаққиднинг «Истиқлол ва адабий мерос» номли қўлланмасига назар ташласак, унда Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий, Ғози Юнус, Элбек, Боту каби ижодкорлар асарлари янгича тамойиллар асосида баҳоланганига гувоҳ бўламиз.
А. Алиев ҳар иккала китобида ҳам А. Қодирий ижодига юксак баҳо беради, унинг ХХ аср ўзбек адабиётида реалистик романчиликни бошлаб берганини таъкидлайди. Адиб ижодини таҳлил ва талқин этишда мунаққид  унинг адабий-эстетик қарашларидаги етакчи тамойилларга, ҳаётийлик, хаққонийлик, миллийлик тилдан фойдаланиш маҳорати сингари мезонларга урғу беради. Бироқ айни дамда  У. Норматов каби  Қодирий октябрь инқилобини тўғри қабул қилди  ва 20-йиллари ижоди  билан шўро даврига хизмат қилди, деган фикрни илгари суради: «У октябрь инқилоби ғалабаларига ишонди ва уни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва сақлаб қолишда қатнашди.
А.Қодирий сира иккиланмай бутун онгли ҳаётини, ижодий фаолиятини, таланти, қобилиятини барча қийинчиликларга чидаган ҳолда янги давр адабиётини, янги давр маданиятини яратишга бағишлаган энг илғор, энг етук зиёлиларимиздан эди» (60-бет). Ушбу фикрдан келиб чиқадиган хулоса шуки, демак, Қодирий октябрь тўнтаришидан кейинги давр адабиётини яратишга хизмат қилган ижодкорлардан бири.  Дарвоке,  А. Алиев ҳам  У.Норматов сингари «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романи таҳлилида бу асарларнинг етакчи концепцияси истиқлол ғояларини илгари сурганида, деб ҳисоблайди. Жумладан, мунаққид «Маънавият, қадрият, бадиият» номли китобида Отабек ва Юсуфбек ҳожи образларига тўхталиб, шундай деб ёзади: «Отабек, Юсуфбек ҳожилар умр бўйи ватан деб унинг равнақига тўсиқ бўладиган ёвузларга қарши аёвсиз кураш олиб борадилар, шу юксак қиёфалари билан софдил китобхонни эргаштирадилар... Уларнинг бутун хатти-ҳаракатлари миллий истиқлолга бориб тақалаверади...» .
Ушбу мулоҳазадан аён бўлаётирки, мунаққид талқинида А. Қодирий бир вақтнинг ўзида октябрь инқилоби ғояларини қабул қилган, унга сидқидилдан хизмат қилган ва ўша пайтда яратган романларида эса шўро сиёсатига қарши кураш олиб бориб истиқлол ғояларини илгари сурган. Бир қатор қодирийшуносларнинг сўнгги даврда яратган тадқиқотларида мана шу икки хил, қарама-қарши фикрларнинг мавжудлиги адабий танқид методологияси тамойилларининг, янгича танқид тафаккурининг юзага келишидаги мураккабликлардан, зиддиятлардан далолат беради,  танқиднинг ўзини қайта қуриши осонлик билан юзага келмайдиган  жараён эканини кўрсатади.
А.Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди тадқиқига бағишланган С.Мирвалиевнинг «Абдулла Қодирий» номли монографияси  ҳам қодирийшуносликдаги эътиборли ишлардан  бўлди.
Маълумки, С.Мирвалиев 60-йилларда чоп этилган «Ўзбек романи» номли китобида ҳам Қодирий романларини анча кенг таҳлил қилган эди. Бу китобда ҳам ўша давр адабиётшунослигига хос бўлган айрим чекланганликлар кўзга ташланади. Жумладан, муаллиф «Ўтган кунлар» романида ёзувчи меҳнаткаш халқ вакилларини етакчи қаҳрамон қилиб олмаганини, тарихни синфийлик принцплари асосида ёритмагинини, ўтмишни идеаллаштирганини айтади.
«Абдулла Қодирий» монографиясида муаллиф шўро давридаги камчиликлар ҳақида фикр юритиб,  адабиётшуносликда бадиий асарга сиёсий-мафкуравий йўсинда ёндашиш етакчилик қилганини таъкидлайди ва истиқлол даврига келиб бу салбий оқибатлар барҳам топганлигини, бадиий асарга холис ёндашиш имконияти пайдо бўлганлигини, бинобарин,  адиб ижодига объектив баҳо бериш ниятида эканини таъкидлайди.
Дарҳақиқат, ушбу тадқиқотда у шўро даври адабиётшунослигига хос бўлган қарашлар «жанги»ни  четлаб ўтилган, матнни тушуниб талқин қилишга ҳаракат қилган.  Бир неча бобдан ташкил топган ушбу монографияда Қодирийнинг оилавий шажараси, авлодлари, ижодга кириб келиш вақтидаги шарт-шароит, ижодининг илк намуналари-  шеълари таҳлили, ҳажвий асарларида кулги яратиш маҳорати мухтасар таҳлил этилади. Муаллиф ёзган маълумотларнинг аксарияти китобхонга маълум бўлса-да, Абдулла Қодирий шеърларнинг давр билан ҳамоҳанглиги, жадидчилик ҳаракати билан уйғунлиги мазкур ишнинг оригиналлигини таъминлаган. Қолаверса, адибнинг насрий асарларидаги, жумладан, романларидаги  шеърларнинг таҳлили алоҳида аҳамиятга молик. Мунаққид бу  шеърларни мумтоз адабиёт анъаналари билан қиёслаб, ижодкорнинг поэтик маҳоратини кашф қилишга интилганки, бу ҳам тадқиқотнинг ютуқларидандир.
С. Мирвалиев китобида Қодирийнинг романлари таҳлилига кенг ўрин ажратилган. Хусусан, У «Ўтган кунлар» романининг мазмун –моҳиятига тўхталиб: «Бинобарин, «Ўтган кунлар» эпик жанр турига кўра ҳам ижтимоий-тарихий, ҳам ишқий романдир» , -деб  асарнинг ижтимоий-тарихий ва бадиий –эстетик қимматига бирдай баҳо беради. Демак, мунаққид талқинида  ижтимоий таҳлил ҳам, бадиий таҳлилга ҳам  эътибор қаратилганини кўришимиз мумкин.
Романнинг ғоявий мотивини тарихийлик ва ижтимоийлик мезонлари асосида таҳлил қиларкан, С. Мирвалиев асарнинг ижтимоий мазмунини белгилайдиган ғоя-миллий истиқлол учун курашнинг етила  бошлаганлигини кўрсатишдан иборатдир, деган хулосани беради.
Чунончи, тадқиқотдаги таҳлил, образлар таснифи, қаҳрамонлар нутқидан келтирилган парчалар- барчаси шу фикрни асослашга хизмат қилдирилган.
Романнинг бадиий -эстетик қимматини белгилашда мунаққид масалага оригинал ёндашган.. Бунда унга асар матни асосий манба бўлиб хизмат қилган. Тадқиқотчи романдаги алоҳида тасвирлар, иборалар, манзараларнинг ўзига хослигини таъкидлаш орқали рамзий мазмунни очишга уринганига гувоҳи бўламиз. Хусусан, романнинг «...1264 ҳижрия...» деб бошланувчи илк жумласи билан асар хотимасидаги жумлаларнинг қиёслаш, Отабекнинг «Бобурнома» китобини ўқиши, Кумуш кўз ёраётганда Отабекни  тушида кўриши каби деталлар, ҳолатлар сингдирилган рамзий мазмунни очишга ҳаракат қилган.   Дарҳақиқат, бу борада муаллиф кейинги давр танқидчилигида «Ўтган кунлар» романининг янгича талқинини беришга уринаётган мунаққидлар билан ҳамқадамдир.
Мунаққид «Меҳробдан чаён» ва «Обид кетмон» асарларини ҳам ана шу мезонлар асосида талқин этади. Китобнинг яна бир қимматли жиҳати Қодирий ҳаёти ва ижодига оид муҳим саналар, Қодирий шажараси, адибнинг   қизи Адиба Абдуллаеванинг мактуби қўлёзмаси ва Қодирий қатл этилган жой харитасининг чоп этилганда, китобхонларга ёзувчи ҳаёти ва ижоди ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш  имконияти яратилганида.
Истиқлол даври қодирийшунослигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган ёш адабиётшунослардан бири Баҳодир Каримов  сўнгги ўн йил  мобайнида мазкур мавзуга бағишлаб бир неча мақола  эълон қилди, рисолалар чоп эттирди. «ХХ аср ўзбек адабиётшунослигида талқин муаммоси» (Қодирийшунослик мисолида, 2002 йил) мавзусидаги докторлик диссертацияси зса, ўзбек адабиётшунослигида биринчилардан бўлиб Қодирийшунослик тарихини яхлит янгича методологик тамойиллар асосида таҳлил ва талқин этди. Б.Каримовнинг  бу соҳага қўшган муҳим ҳиссаси шундаки, у сўнгги давр танқидчилигида юзагага кела бошлаган янгича методологик ёндашув–герминевтиканинг ўзбек адабиётшунослари фаолиятидаги ўрнини, мавжудлик даражасини илмий  тавсифлаб берди. Унинг бу иши янигиланаётган адабий танқид  методологик тамойилларининг муҳим йўналишларини белгилашга хизмат қилди. Б. Каримовнинг Қодирий асарлари талқинига бағишланган мақолаларига хос энг муҳим хусусиятлардан бири янгича талқин тафаккурини ўзида мужассамлаштирганлигида. Бадиий матнни янгича тушуниш ва янгича талқин этиш унинг кузатишларига хос  хусусиятларидан биридир. «Қодирий қадри» (2003) номли рисоласига жамланган мақолаларида айни шу хусусият устувор. Бошқа адабиётшунослардан фарқли равишда Б.Каримов ёзувчи Х.Султонов ва адабиётшунос М. Қаршибоев сингари «Ўтган кунлар» романини, аввало, севги-муҳаббат мавзусида битилган асар, деб қарайди ҳамда Отабек ва Кумуш муҳаббати фожеаларини-тақдири азал тушунчаси билан боғлаб таҳлил қилади. Мунаққид «Ўтган кунлар» романи матнидаги қодирийшунослар кўпдан эътибор бермаган «тақдир» тушунчаси билан боғлиқ воқелик ва руҳият қирраларини асардан келтирилган кўплаб мисоллар воситасида далиллайди.
Б.Каримовнинг ушбу рисолага кирган ва матбуотда эълон қилинган   мақолаларини Қодирий ижодига онтологик ёндашувнинг ўзига хос намуналари сифатида баҳолаш мумкин. Мунаққид  асардаги матнни тутиб турувчи энг характерли нуқталарини топиб, олам ва одам бир бутунлигини «тақдир ҳукми» тушунчасининг моҳиятига жойлай олган.
Б.Каримов бизда кам ўрганилган хорижий қодирийшунослик муаммоларига алоҳида зътибор қаратган. У ўтган асрнинг 30-йилларидан бошлаб  яқин йилларгача хорижий қодирийшуносликда яратилган мақола ва тадқиқотлар мазмунини, моҳиятини, концепциясини, тадқиқ йўналишларини умумий тарзда бўлсада шархлаб берган.
Мунаққиднинг кузатишича, 30-40 йиллардаёқ  Парижда чоп этилган «Ёш туркистон», Берлинда нашр қилинган «Миллий адабиёт», «Миллий Туркистон» каби журнал ва тўпламларда босилган Исроилжон, Боймирза Ҳайит  сингариларнинг мақолаларида Қодирий ижоди таҳлилга тортилган. Америкалик олим Эдувард Оливорд «Ўзбек адабий сиёсати», олмон адабиётшуноси Ниота Тун, Эден Наби, Майкел Мурфе каби тадқиқотчиларнинг турли даврларда Қодирий ижодига   турлича қарашларини ифодалаган мақолалари ушбу мавзуга бағишланган ўзбек адабиётшунослари тадқиқотлари билан қиёсланиб ўрганилади, хорижий қодирийшуносликнинг ўзбек адабиётшунослиги билан муштарак ва ўзига хос жиҳатларига аниқлик киритилади. Хуллас, ана шундай тадқиқотлар истиқлол даври қодирийшунослигининг ўзига хос жиҳатларини белгилашга имконият яратди. Жумладан, бу давр танқидчилигида Қодирий биографияси ва ижодий лабораториясининг ҳали очилмаган саҳифаларига   эътибор қаратилди ва кўплаб хотиралар, мақолалар, эсселар яратилди.
Иккинчидан, шўро даври қодирийшунослиги ривожига ҳисса қўшган кўплаб мунаққидлар ўзларининг олдинги қарашларини  назардан ўтказиб, янгича нуқтаи-назар асосида яратилган тадқиқотларини чоп этдилар. Жумладан, бундай адабиётшунослар қатарида М.Қўшжонов, С.Мирвалиев, А.Алиев, Ҳ.Абдусаматов, У.Норматов кабиларни тилга олиш мумкин.
Учинчидан, бу даврда   етишиб чиққан ёш мунаққидлар  изланишларида қодирийшунослик масалаларида  янгича методологик тамойиллар асосида талқин этила бошлади. Бу ўринда ёзувчи Х. Султоновнинг адабий-танқидий мақолаларини,  М.Қаршибоев, Б Каримов ва бошқаларнинг илмий тадқиқотларини мисол келтириш мумкин.
Жадид адабиётининг йирик намояндаларидан Фитрат ижодини ўрганишга ҳам 80-йилларнинг охиридан киришила бошланди. Бу пайтга келиб Б.Қосимов, Э Каримов, Н. Каримов, Ш Турдиев сингари таниқли фитратшунослар сафига Х. Болтабоев, И. Ғаниев, Г. Раҳимова каби кўплаб ёш олимлар қўшилди. Айни ўша йилларда эълон қилинган  мақолаларда бошқа жадидчилар каби Фитратнинг ҳам ҳаёти ва ижоди, биографиясининг очилмаган қирралари ҳақида маълумотлар бериб, унинг асарлари билан халқни таништириш асосий мақсад қилиб белгиланган эди.
Таъкидлаш жоизки, мустақилликкача ёзилган мақолаларда янгича тафаккур тарзига хос белгилар билан бир қаторда, шўро даври танқидчилигидаги адабий эҳтиёткорлик, Фитратнинг шўро ҳукуматига хизмат қилган ижодкор эканлигини исботлашга уриниш тенденциялари  бўрттирилганини кўрамиз. Бу жиҳатдан тадқиқотчи Г. Раҳимованинг «Мунозара» уйғониш даракчиси», Н.Каримовнинг «Мавлоно Фитрат», Б.Қосимовнинг «Тарих ва тақдир» рукни остидаги суҳбати, Х. Болтабоевнинг «Номаълум Фитрат»   мақолалари характерлидир. Бу мақолаларда Фитрат, бир томондан,  жадидчилик ҳаракати билан боғлиқ ҳолда халқни истибдодга қарши уйғонишга чақиргани айтилган бўлса, иккинчи томондан, унинг аста-секинлик билан шўролар позициясига ўта бошлаганини исботловчи қарашлар илгари сурилган. Бундай ҳол 80-йиллар охирларига келиб адабий танқидда эскича методологик тамойиллар (марксча-ленинча методология) билан янгича методологик қарашлар ўртасида кураш жараёни кечганлигини кўрсатади.
Г.Раҳимова «Мунозара» асари талқини асосида Фитрат дунёқарашининг шаклланиш жараёнларини тадқиқ этишга ҳаракат қилади. Чунончи, Фитратнинг  Истамбулда таҳсил олгани, у ердаги ижтимоий-сиёсий воқеалар дунёқарашининг шаклланишида асосий омил бўлгани ва «Мунозара» асарининг яратилишига туртки бергани қайд этилади. Мақолада «Мунозара»га муносабат билдирган В.Б.Андреев, В.Климович каби рус олимларининг фикрларига муносабат билдирар экан, муаллиф Фитратни диний мутаассибликка қарши курашувчи материалист сифатида таърифлайди. «Шахс давр маҳсули экан, шу жамиятнинг жароҳати-ю дардлари, ўсиш-ўзгаришларини ўзида ҳис қилади. Бинобарин, Фитрат ҳам материализмга бирдан келиб қолган эмас, у бунга классик меросимизни, хусусан, Бедил, Ҳайём фалсафасини, дунёвий билимларни чуқур ўрганиш асосида ҳамда ижтимоий-сиёсий воқеаларга қизғин аралашиш асносида эришди. Ҳозирги кунда биз учун Фитратнинг атеист сифатида намоён бўлишидан кўра, ислом эътиқодининг тарафдори- мусулмон зиёлисидан ўзи сиғинган дин догмаларини инкор эта бориб даҳрийлик позициясида туриб курашган ёзувчи даражасига кўтарилгани муҳимроқдир.»  Н.Каримов ҳам «Мавлоно Фитрат» мақоласида адиб ҳаёти ва ижоди, унинг дунёқараши ҳақида маълумот беради, шунингдек, унинг «Заҳронинг иймони» ҳикоясини ўқувчилар эътиборига ҳавола этади. Мақолада муаллиф сўнгги давр танқидчилигида Фитрат ва Чўлпон ижоди жиддий ўрганла бошланганини, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар туфайли танқидий тафаккурда ҳам  эврилишлар  юз кўрсатаётганини тўғри қайд этиб, Фитратнинг ҳаёти, ижодий фаолияти ва дунёқарашининг шаклланишини янгича мезонлар асосида ёритишга интилади. Бироқ олимнинг фикр-мулоҳазаларида, гарчи  бу мақола мустақиллик арафасида ёзилган, қолаверса,    Фитрат фаолиятини жадидчилик ҳаракатининг етакчи ғоялари билан боғлашга ҳаракат аниқ кўриниб турса-да, бошқа тарафдан, адибнинг шўро мафкурасига хизмат қила бошлаганини ҳам кўрсатиш, жумладан,    23-24-йилларда Фитратнинг Москвадаги Шарқ тиллари институтида ишлагани, яъни «давр хизматида» бўлгани қуйидагича таъкидланади: «У ўша йиллари Октябр инқилобининг халққа берган ва бераётган самараларини ўз кўзи билан кўрди. Ленин ва коммунистик партиянинг шарқ халқлари ҳаётига янгилик шабадаларини олиб кирганлигига ишонди, ижоднинг илк босқичидаги айрим миллий биқиқлик ҳолатларини бартараф қилди, адиб имкони борича халқ ва давр хизматида бўлишга интилди» .
Н.Каримов Фитрат ижодидаги атеистик йўналишга урғу беради ва уни атеист ижодкор даражасига кўтаради. Хусусан, насрий асарларида    Фитрат диний ақидалар устидан кулганини, ёзувчи «...худо, пайғамбарлар ва малоикалар ҳақидаги афсоналарнинг меҳнаткаш халқ оммаси онгини заҳарлаш, унинг ижтимоий озодлик ва бахтли турмуш сари интилишларини кишанлаш учун ўйлаб топилган қурол эканини кўрсатади» ,  дея алоҳида таъкидлайди.
Албатта, фитратшуносликда бундай фикрларнинг   учраши бежиз эмас. Зеро, адибнинг  «Қиёмат» каби   ҳикоялари, «Шайтоннинг тангрига исёни» драмасининг зоҳирий мазмунида юқорида айтилган ғоя етакчилик қилаётгандек таассурот қолади.  Бироқ уларнинг ботиний мазмунига, рамзий жиҳатларига назар ташласак, бошқачароқ манзаранинг гувоҳи бўламиз. Фитрат диний мавзу воситасида жаҳолат батқоғига ботган кишиларнинг маънавий инқирозини, иймонсизлигини, шунингдек, шахс эрки масаласини кўрсатишга ҳаракат қилган. Буни машҳур «Қиёмат» ҳикоясида ҳам, Н.Каримов нашрга тайёрлаган «Заҳронинг иймони» ҳикоясида ҳам кўриш мумкин. Чунончи, «Заҳронинг иймони» ҳикоясида жодугарга айланган Заҳро охир -оқибат одамга нон эмас, иймон керак деб тавба қилишга уринади. Умуман, бу асарнинг етакчи концепцияси Оишанинг қуйидаги сўзларида ўзининг аниқ ифодасини топган: «-Кампир, энди сенинг тавбанг қабул бўлмайдир. Бобулинг билан чиқиб кўкка учиб кетган бўз отли одам сенинг иймонинг эди. Сен имонсиз бўлиб қолгансан. Имонсизнинг тавбаси қабул бўлмайдир!»-деди .  Демак, бу ҳикояда ҳам  гап малоикларнинг худога эътирози ёки шубҳаси борасида эмас, балки мусулмончиликда одамлар имон-эътиқодларини пок сақлаши зарурлиги ҳақида кетмоқда.
Етакчи фитратшуносларидан бири Ҳ.Болтабоевнинг «Номаълум Фитрат»  мақоласида Фитрат ижодининг умумий концепцияси методологик жиҳатдан тўғри белгиланган.  Жумладан,   ижодининг илк намуналаридан бўлган «Сайҳа» тўплами ҳақида фикр юритар экан, мақола муаллифи мажмуадаги ватанпарварлик ва истиқлол мотивлари учун Фитратни нафақат Бухоро ҳукумати, айни пайтда, Чор Россияси ҳукумати ҳам таъқиб қила бошлаганини Файзулла Хўжаев фикрларини келтириш орқали асослайди. Адибнинг «Мунозара» асари, диний мавзудаги «Қиёмат» ва бошқа бир қанча ҳикоялари ҳақида мулоҳаза юритаркан, Х.Болтабоев, Г. Раҳимованинг фикрларига эътироз билдириб, Фитратнинг асарлари динга қарши эмас, балки диний хурофотга, бидъатга қарши курашувчи асарлар, дея тўғри хулосаларга келади.
Муаллиф Фитрат дунёқараши халқчил дунёқараш эканлигини алоҳида таъкидлайди, унинг драмалари, адабиётшунос ва тилшунос сифатидаги фаолиятига, мумтоз адабиётимизнинг билимдони сифатида ёзган мақолаларига  урғу беради. Мақоласи якунида Ҳ. Болтабоев   Фитратнинг бой ижодий меросини ўрганиш кун тартибидаги асосий вазифалардан зканлигини айтаркан, биз ҳам шу ўринда олимнинг бу борада кейинги йилларидаги саъйи-ҳаракатлари ибратли эканини, унинг фитратшуносликка муносиб ҳисса қўшиб келаётганини эътироф этишни жоиз деб биламиз.     
Истиқлол даврига келиб Фитрат ижоди    жиддий ўрганилди, фитратшунослик янги босқичга кўтарилди. Ушбу йўналишда докторлик ва номзодлик тадқиқотлари яратилди, мақола ва рисолалар чоп этилди, ёш фитратшунос олимлар етишиб чиқди. Энг муҳими, Фитрат ижодини ўрганишда холислик, теранлик, матн билан ишлаш етакчи усулга айланди. Қолаверса, адиб ижоди хориждаги фитратшунослик билан қиёсий аспектда ўрганила бошландики, бу янги давр танқидчилигининг муҳим ютуқларидан биридир.
Фитрат ижоди таҳлилига бағишланган хорижлик  ва ўзимизнинг  олимларнинг тадқиқотларини қиёсласак, уларда кўпгина муштарак жиҳатлари билан бирга, тафовутли томонлар ҳам борлигига гувоҳ бўламиз. Чунончи, хорижлик адабиётшунослар Фитратни атеист ва материалист, деб узил- кесил хулосани берадилар. Ўзбек адабиётшунослари эса, сўнгги даврдаги тадқиқотларида, Фитратнинг диний мавзудаги асарларида турли хил рамзий образлар, поэтик кўчимлар воситасида адиб миллий истиқлол мотивларини илгари сурганлигини, давр фожеаларини очишга хизмат қилганлигини асослаб беришди.
Умуман, бу даврнинг янгича методологик тамойилларни ўзида мужассамлаштиришга интилаётган, тафаккурини қайта қураётган адабий танқид олдида нафақат Қодирий, Фитрат ёки Чўлпон ижоди ҳақида маълумотлар бериш, балки уларнинг таржимаи ҳоли, қатағон қурбонига айланишганининг туб сабаблари, қолаверса, уларнинг бутун ижодий меросидан кенг китобхонлар оммасини хабардор қилиш вазифаси туради. Зотан, истиқлолга эришиб, ўз дунёқарашини қайта қураётган халқ ўзининг озодлиги йўлида фидойилик намунасини кўрсатган ижодкорлар ҳаёти ва ижодий мероси ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмоғи лозим эди.
Адабий танқиднинг бу йиллардаги миллий уйғониш даври адабиёти намояндалари, хусусан, Чўлпон ижодига доир фаолиятида аксиологик, тарихий-биографик ёндашувлар етакчилик қилганини кўришимиз мумкин. Шўро даври фалсафасида тилга олиниши таъқиқлаб келинган ва сўнгги пайтлардагина амалиётда қўллана бошланган акциологик ёндашув  қадриятлар ҳақидаги таълимот бўлиб, фанга ХIХ асрнинг иккинчи яримида немис қадриятшуноси Э.Гардман ва француз олими П.Лаппи томонидан киритилган эди. «Акциология- акциологик онг, қадрлаш туйғуси, акциологик билиш, қадриятли ёндашув ва бошқалар асосида тўпланган қадриятлар тўғрисида билимлар системасидир» .
80-йилларнинг охириларидан бошлаб ва асосан мустақилликка эришилганидан сўнг Чўлпон ижодига бағишланган юзлаб мақолалар, ўнлаб китоблар чоп этилди.    Уларда улуғ шоир ижодий меросига, асосан, акциологик ёндашув етакчилик қилганлигини кўриш мумкин. Бироқ шуни таъкидлаш керакки, Чўлпон ижодини халққа қайтариш осон кечгани йўқ. Уни миллатчи, пантуркист, халқ душмани, деб айблаб келган қатоғончи кучларнинг «меросхўр»лари шоирга нисбатан ушбу ноҳақ тамғаларни қаттиқ туриб сақлаб қолишга ҳаракат қилдилар. Лекин истиқлол арафаларидаёқ янгича фикрлашга мойил бўлган тараққийпарвар зиёлиларимиз- ижодкорлару адабиётшунослар, мунаққидлар Чўлпон ижодини халққа қайтариш йўлида жиддий кураш олиб бордилар ва муайян натижаларга эришдилар. Шу боис, 80-йилларнинг охиридаёқ Чўлпон ҳаёти ва ижодий биографиясига, асарларига бағишланган  мақолалар бирин-кетин эълон қилина бошлади. Бу давр танқидчилигининг муҳим хизматларидан бири шундаки, адабий танқид қисқа вақт ичида халқда, кенг китобхонлар оммасида Чўлпон ҳақида янги тасаввурларни уйғотди. Бундай муҳим ишни мунаққидлар шоир  замондошларининг хотираларини, у ҳақида ўз даврида  чиққан мақолаларни, баҳс-мунозараларни чоп этиш ва уларга муносабат билдириш, Чўлпоннинг  асарларидан, мақолаларидан намуналар эълон қилиш, у ҳақдаги архив хужжатларини ва стенограммаларни босиш орқали амалга оширди. Бу борада таниқли   олимлар О.Шарафиддинов, Н.Каримов, Э.Каримов, Ш.Турдиев, У.Норматов, Б.Назаров, А.Алиев, Б.Дўстқораевлар билан бир қаторда Д.Қуронов, Б.Каримов, З.Эшонова, Н.Йўлдошев, С.Аҳмад каби ёш адабиётшунослар ҳам фаоллик кўрсатдилар.
Жумладан, 80-йиллар  охиридаёқ «ЎзАС» ҳафталигида «Қайта қуриш ва маданий мерос» рукни остида Чўлпоннинг шеърларидан намуналар эълон қилинди . Чўлпоннинг 1938 йил Ёзувчилар уюшмасида сўзлаган нутқи «Нутқ» сарлавҳаси остида ҳам чоп этилди . Шунингдек, унинг шеърлари ,  «Кеча ва кундуз» романи   ҳам баъзи жузъий таҳрирлар билан эълон қилингани китобхонларнинг Чўлпон ҳақида тасаввурлари бойишига хизмат қилди.
Булардан ташқари, мустақилликкача бўлган даврдаёқ Чўлпон шеърлари жамланган «Баҳорни соғиниб» (нашрга тайёрловчи-И.Ҳаққулов)  тўпламининг чоп этилгани ҳам унинг ижоди ҳақида ўқувчиларда муайян тасаввурларни  шакллантирди. Шунингдек, Чўлпонга замондош бўлган, уни кўрган, билган кишиларнинг хотиралари, мақолаларининг топилиб, эълон этилгани   ҳам шоир ҳаёти ва ижоди тадқиқотига доир материалларнинг тўпланишига имкон туғдирди.
Жумладан,  «Ёшлик» журналида Чўлпонга замондош бўлган Лазиз Азиззоданинг «Чўлпон ким эди» мақоласи  чоп этилди.  Мақолада шоирнинг дунёқараши, шахсияти, ижоди ҳақида фикр юритилади. Чўлпоннинг рус, татар, озарбайжон, турк адабиётидан баҳраманд бўлгани, рус ва турк тиллари орқали ғарб адабиётини ўргангани ижодий камолотига катта таъсир қилгани айтилади.  Гарчи мақолада Чўлпон ҳам октябрь тўнтаришидан кейин шўролар сиёсатига хизмат қилди, деган фикрга урғу берилган бўлса-да, унинг айрим шеърлари ўша даврда йўл қўйилган камчиликни фош қилганига эътибор қаратилади. А. Лазиззоданинг ушбу мақоласи Чўлпон ҳақида мухтасар маълумот берувчи дастлабки мақолалардан бири сифатида қимматлидир.
Шунингдек, Абдуазиз Холмуҳаммедовнинг «Букилган бардош», Қ.Норхўжаевнинг «Мен билган Чўлпон»  мақолаларида ҳам Чўлпон ҳақидаги хотиралар баён этилган. А.Холмуҳаммедов 1928-1930- йиллар Самарқандда Чўлпон билан қўшни  яшагани,    бир-бирларига самимий муносабатда бўлишганини эслайди: Чўлпоннинг илмли, ақлли, мулоҳазали, бошқа миллат вакилларига ҳам дўстона муносабатда бўлгани айтилади. Муаллиф ўша пайтдаёқ Чўлпон ижоди ҳақида матбуотда танқидий мақолалар босилгани, унинг шеърий тўпламлари  нашрига рухсат берилмаганини,   ҳар томонлама таъқибга учраган шоир иқтисодий танг ҳолда яшагани ҳақида маълумот беради. Қ.Норхўжаевнинг ёдномасида эса,  20-йиллардаги адабий муҳитда  Чўлпоннинг обрў- эътибори ҳақида фикр юритилади. Хусусан, Қодирий, Фитрат каби мактаб дарсликларига Чўлпон ижодидан ҳам киритилгани айтилади.  
Бу давр матбуотини кузатганда Чўлпон ҳаёти ва ижоди билан кенг халқ оммасини таништириш изчил давом этгани кўриш мумкин. Жумладан, Сирожиддин Аҳмад томонидан нашрга тайёрланган Заки Валидий Тўғоннинг «Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон)»  сарлавҳали мақоласида Чўлпонни шоир сифатида бирдан порлаган улкан исътедод соҳиби эканлиги қайд этилган. Заки Валидий шоир дунёқараши ҳақида фикр юритаркан, унинг қозоқ шоири Мағажон билан ҳамфикр, ҳаммаслак эканлигини таъкидлаб шундай ёзади: «Чўлпон мафкуравий жиҳатдан Мағажоннинг ўзи кабидир. Буларнинг ҳар иккаласини адабий фаолиятдан асл мақсади турк миллий маданиятининг фикрий уйғонишидир».
Муаллиф ўз фикрини Мағажон шеърларидаги «кун» ва «тун» образларининг Чўлпон ижодида ҳам «Шарқ ва Ғарб», «мазлум ва золим» тарзида келишини таъкидлайди.  Ушбу мақола ва  бошқа хотираларнинг эълон қилиниши кенг китобхон оммасини Чўлпон шахси  билан, унинг бетакрор ижоди билан таништиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Чўлпоннинг Ёзувчилар уюшмасида сўзлаган «Нутқ»ининг чоп этилиши шоир ҳақидаги тасаввурларни кенгайтиради. Мазкур «Нутқ» ва унга ҳамоҳанг бўлган ижодкор ҳаётига оид айрим архив материаллари  Чўлпоннинг ҳаёти ва ижодининг сир тутиб келинган жиҳатлари ҳақида маълумот бериш баробарида, шўро мафкурасининг манфур башарасини ҳам очишга хизмат қилади. Бу борада, айниқса, Н.Каримовнинг «Чўлпон учун кишан»,  М. Қаршибоевнинг «Муҳит эркидаги тутқинлик»  мақолалари характерлидир.
М.Қаршибоев мазкур мақоласида ижодкорнинг қисмати ҳақида фикр юритиб, асосий эътиборни «шоир ва муҳит» муносабатларининг айрим жиҳатларига қаратади. Унинг «Сомон парча» шеъри  таҳлили воситасида шўро тузумининг қаттол сиёсати 20-йилларнинг аввалидаёқ бошланганлигини, Чўлпоннинг бу шеъри зса 1923 йилда ёзилганлигига эътиборни қаратади. 30-йилларга келиб собиқ иттифоқ ҳудудида давр ва шахс муносабатлари  кескин тус олганини таъкидларкан, мақола муаллифи қосимовчилик, бадридиновчилик, Мунавварқори, Рамз, Боту «иши» каби суд жараёнлари пайтида Чўлпоннинг қамалмай қолгани сабабларини архив материаллари, хусусан, Давлат хавсизлик қўмитасида сақланаётган Чўлпоннинг жиноят ишидаги материаллар асосида кўсатади. Таҳлилий қийматга эга бўлган М.Қаршибоевнинг мазкур мақоласида 20-30-йилларда  ижтимоий-сиёсий ва адабий муҳитида зўравонлик авж олганини, сиёсий   қатағонлар билан адабий муҳитдаги қатағон  сиёсати бир-бирига боғлиқ бўлгани, бири иккинчисини тақозо этгани, тўлдиргани   қатор далиллар билан исботлаб берилган. Чунончи, Чўлпоннинг бошида қора булутлар айлаган 1927 йилда матбуотда «Айн» ва Усмонхон каби мунаққидлар  унга сиёсий айбар қўйишади, 30-йилларга келиб М. Швердин, А. Саъдий сингари ёзувчи ва мунаққидлар   «қосимовчилик» деган тамғага ўхшаш «чўлпончилик» атамасини ўйлаб топишиб қўллай бошлайдилар. М. Қаршибоев мақоласида архив материалларини ўрганиб, уларни таҳлил ва талин қилиш баробарида, Чўлпоннинг КП(Б) Марказкомининг Ўрта Осиё бюроси котиби Бауманга йўллаган баённомаси матнини ҳам тўлиғича келтиради. Бундан ташқари мақолада келтирилган Фитрат ва Чўлпон билан қилинган тергов протоколлари матни ҳам   ўша давр адабий ва ижтимоий муҳити ҳақидаги тасаввурни кенгайтиради, бойитади.
Н.Каримовнинг «Чўлпон учун кишан» сарлавҳали таҳлилий мақоласи ҳам янгиланаётган танқид тафаккурининг муҳим жиҳатларини  ўзида намоён эта олган.  Унда ҳам, М.Қаршибоев мақоласидаги сингари, 20- 30- йиллар ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва адабий муҳитида авж олган, бир- бирини тақозо этган, қатағон  сиёсатининг моҳияти очиб берилади.  Ўша пайтдаги сиёсатнинг машъум кўриниши- «наркомпрос иши» тугагандан сўнг, «Миллий истиқлол» ва «Миллий иттиҳот» ташкилотлари аъзоларини қамаш бошланганлигини таъкидларкан, муаллиф 1929-йилнинг ноябридан 1930 йилнинг февралига қадар, яъни 4 ой давомида 87 нафар ўзбек зиёлиси «халқ душмани» сифатида қамоққа олинганини қайд этади.
Мана шундай қалтис вазиятда  ҳаёти   хавф остида қолган шоир  ўзини асраш учун қандай кўрган чора –тадбирларни кўргани, хусусан, Файзулла Хўжаевнинг   қўллаб- қувватлагани туфайли бу сафар қамалишдан омон  қолгани Н.Каримов мақоласида ҳужжатлар, маълумотлар асосида далиллаб кўрсатилади. Мақолада Чўлпонга  «аталган» кишан, аслида, ўша давр ҳаёти учун характерли ҳол бўлгани, бу кишан бир неча йил давомида айғоқчи хуфиялар томонидан тайёрлангани, ўз жонини сақлаб қолиш илинжида шоирга туҳмат тошларини айнан касбдошлари отгани (масалан, Насрулло Охуний  тақризи) характерли далиллар билан   асослаб берилади. Ўткир фош қилувчи  пафос ёзилган, истиқлолнинг илк кунларида эълон қилинган бу хилдаги мақолалар халқимизнинг мустақилликка бўлган интилишларини қўллаб-қувватлашда, шўро даври фожеаларини тўлароқ ҳис қилишида муҳим аҳамият касб этади.
Бу давр танқидчилиги халқни фақат Чўлпон биографияси, унинг тақдири билан таништирибгина қолмай, айни пайтда, адиб асарлари  таҳлили, тарғиб-ташвиқини ҳам эътибордан соқит қилмади. Бу борада О.Шарафиддинов, Ш.Турдиев, Н.Каримов, А.Алиев, Б.Дўстқораев каби таниқли адабиётшунослар билан бир қаторда Б.Каримов, Н.Йўлдошевдек  ёш тадқиқотчилар  ҳам фаол изланиш олиб бордилар.  
1992 йилда ёш тадқиқотчи Н.Йўдошев томонидан «Чўлпон ҳаёти ва ижодий библиографияси»нинг,  «Фан ва турмуш» журналида  Ш.Турдиев   нашрга тайёрлаган «Чўлпоннинг адабий танқидий мақолаларидан намуналар»нинг эълон қилиниши, 1988 йилда  «Баҳорни соғиндим»,  1991 йилда «Яна олдим созимни»   каби тўпламларнинг чоп этилиши, халқни  Чўлпон ижоди билан таништиришга жиддий киришилганидан, ўз навбатида адиб асарларига қизиқиш ғоят юксаклигидан далолат беради.
Қисқа фурсатда Чўлпоннинг уч жилдли асарлари, «Адабиёт надир» номли адабий-бадиий мақолалар тўплами нашр этилди.  80- йилларнинг охири, 90- йилларнинг аввалида бошланган чўлпоншунослик   қизғин илмий тадқиқот соҳаларидан бирига айланди. Тез орада О.Шарафиддинов ва Н.Каримовнинг «Чўлпон» номли тадқиқотлари, «Чўлпон дунёси» номли мақолалар тўплами, «Чўлпонни англаш», «Руҳий дунё талқини» каби рисолалар чоп этилди. Матбуотда   кўплаб мақолалар эълон қилинди. Жумладан, қисқа фурсат ичида кетма-кет чиққан О.Шарафиддиновнинг   «Кеча ва кундуз»,  «Кўнгилда қолғуси унинг бир изи»,  «Адабиёт яшаса, миллат яшар»,  «Тирик сатр»ларнинг қийин қисмати»,  «Чўлпон»,  «Чўлпон таржимон»,  «Чўлпон драмалари»  ва бошқа  мақолалари ўша даврдаги адабий муҳитда алоҳида салмоқ касб этиб, танқид тафаккурини янгилашга катта ҳисса бўлиб қўшилди.
О.Шарафиддинов  Чўлпон ижодининг етук билимдони сифатида   истиқлол арафасида ва истиқлолнинг сўнгги дастлабки йилларда ушбу мавзуда жонбозлик  кўрсатиб ижод қилди. 1991 йилда  «Чўлпон» номли рисоласини чоп эттирди. Унинг мақолалари ва бу рисола икки жиҳати билан ғоятда аҳамиятлидир.
Биринчидан, олимнинг Чўлпон дунёқараш ва ижодий истеъдодига оид кузатишлари 80-йиллар охири  танқид тафаккуридаги эврилиш ва янгиланиш жараёнини ўзида намоён этиш билан қимматли. Маълумки, шўро даври танқидчилигида Чўлпон ижоди, асосан, дунёқараш ва ижодий метод билан боғлиқ ҳолда айбланиб келинган эди. Унинг асарлари ҳақида ижобий фикр айтиш мумкин бўлмаган ҳодиса саналарди. Номи эса фақат миллатчи, пантуркист ва «халқ душмани» сифатида тилга олинар эди. Бинобарин,  ижодини халққа қайтариш имкони пайдо бўлган 80- йилларнинг охирларида Чўлпон дунёқараши ва маслаги, ижодий методи ва асарларининг ғоявий мазмунини белгилаш долзарб масалалар  сифатида танқидчилик олдида кўндаланг бўлди. Шу боис, танқидчилар,  ўз хоҳиш иродаларига зид тарзда бўлса-да, бор имкониятидан фойдаланиб, Чўлпонни ҳам худди Қодирий, Фитрат сингари шўро мафкурасига яқинлаштириб, шўро ғояларига хизмат қилган, деган эътирофлар билан юзага олиб чиқишига уриндилар.
О. Шарафиддинов ҳам Чўлпон ҳақидаги илк мақолаларида, шунингдек, «Чўлпон» номли рисоласида адиб дунёқараши, ижодининг ғоявий мотивига тўхталаркан, унинг октябрь инқилобини катта умидлар билан кутиб олганлигини, дастлаб инқилобга  сидқидилдан хизмат қилганлигини таъкидлайди. Айни чоғда, мунаққид шоир шеърларининг таҳлили орқали унинг миллий истиқлол мотивларини илгари сурганини ҳам таъкидлайди.
Чўлпонннинг миллатчиликда айбланиб келинганига ўз муносабатини билдириб, О.Шарафиддинов унинг дунёқарашини ойдинлаштиришга  ҳаракат қилади. Мунаққид умуман миллатчиликка хос белгилар нималарда намоён бўлишини шарҳлаб, шундай ёзади: «...Унда муқаррар тарзда бир халқ бошқа бир халққа қарама- қарши қўйилади, бир халқни камситиш ва таҳқирлаш эвазига бошқа халқ кўкларга кўтарилиб мақталади, ҳатто унинг ирқий устунликлари ва бошқа афзалликлари ҳақида сафсата сотилади» .  Шоир ижодига шу нуқтаи назаридан ёндашилганда унинг на шеъриятида, на прозаси ва мақолаларида бирон бир миллатчилик унсурларини учратмаганини таъкидларкан, мунаққид, аксинча Чўлпоннинг  миллатпараст шоир эканини ишончли далиллар орқали асослаб беради.
Чўлпоннинг дунёқараши ва ижодининг ғоявий мотивини белгилашда унинг миллатпарварлиги нуқтаи назаридан келиб чиқиб, асарларини талқин қилиш адабий танқид методологиясининг янгиланаётганлигидан далолат беради. Зеро узоқ вақт мабойнида шўро даври танқидчилиги Чўлпонни миллатчиликда  айблаб келган бўлса, бу давр танқидчилиги унинг миллатчи эмаслигини, балки миллатпарвар эканлигини ижтимоий-эстетик таҳлил асосида асослашга ҳаракат қилди, қолаверса миллатпарварлик байналминал ижодкор бўлишга монелик қилмаслиги ҳам эътиборда тутилди. Бу давр танқидчилигида нафақат Чўлпон ижодини, шунингдек Фитрат, Қодирий асарларини ҳам тарихий-биографик ёндашув асосида талқин этишга уриниш кучайганлигини кўриш мумкин. Чўлпон ҳаётини, унинг ижтимоий фаолиятини ижоди билан, айниқса, асарларининг ғоявий мотивлари билан боғлиқ ҳолда талқин этиш бу давр танқидчилигининг муҳим хусусиятларидан биридир. Чунончи, О.Шарафиддинов Чўлпонга айб тақашда далил сифатида келтирилган  «Бузилган ўлкага» шеъри ҳақида фикр юритар экан, шеърда  «...баландпарвоз оҳанглар, кўтаринки кайфиятлар, ҳайқириш ёҳуд фахриялар йўқ, аксинча, унда кўм-кўк ўтлоқлари топталган, подачилари осилган, шарақ-шарақ булоқлари қайнашдан тўхтаган, тоғу-тошларида ўйин қилган, чопқиллаган гўзал қизлар, ёш келинлар ғойиб бўлган хароб аҳволи тасвирланган. Шеърда шу ҳақсизликларга, адолатсизликларга қарши курашга ундовчи эҳтиросли мисралар бор»,  деб тўғри талқин этади. Шеърда гўё Фарғона водийси манзаралари тасвирланган, деган қарашларга муносабат билдирар экан, мунаққид 56 мисра шеърнинг бирор жойида «Фарғона» сўзининг учрамаслиги, эҳтимол, шоир «Шарқнинг бошқа бирор ўлкасини назарда тутган ҳам бўлиш мумкин», деган мулоҳазани айтади.
Бу каби мулоҳазалар ўша пайтда Чўлпон ижодини тарғиб-ташвиқ қилиш, ўрганишга эҳтиёткорлик билан ёндашилганидан далолат беради. Зеро, танқидчиликнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини 1987 йилда Чўлпон ва Фитрат ижодини ўрганиш бўйича тузилган комиссия хулосалари билан мувофиқлаштириш лозим эди. Чунки 1987 йил 7 феврал куни Марказкомда ўттиз икки нафар олим ва ижодкор иштирокида ўтган йиғилишда «Чўлпон ва Фитрат асарларини нашр этиш ва ижодларини янгича баҳолаш тўғрисида» бир қарорга келинган эди.  
Шу нуқтаи назардан адабий танқиднинг 80-йиллар охири 90-йиллар бошидаги фаолиятида Чўлпон зиддиятли ижодкор сифатида талқин этила бошланди. Бу ҳол, айниқса, шўро даврида ҳам Чўлпон ижодига имкон қадар муносабат билдирган мунаққидлар фаолиятига хос эди. Уларнинг мақола ва рисолаларида шоир ижоди, дунёқараши мураккаб, зиддиятли эканлиги, 30-йилларга келиб Чўлпон батамом совет позициясига ўтганлиги ижобий ҳодиса сифатида баҳоланади. Бироқ бундай мазмундаги қарашлар ва эҳтиёткорликлар қисқа фурсатда барҳам топди. Мустақиллик эълон қилингандан сўнг эҳтиёткорликнинг зарурати қолмади. Адабий танқид энди баралла Чўлпонни истиқлол куйчиси сифатида таърифлашга, бу таърифни асослашга киришди. Бироқ таъкидлаш керакки, адабий танқид истиқлол арафасидаёқ Чўлпоннинг истиқлол куйчиси эканлигини алоҳида қайд эта бошлаган эди.
Чунончи,  О.Шарафиддинов «Кеча ва кундуз»  мақоласида: «Бу роман бугунги кунда бизнинг қалбимизда жўш ураётган эркинлик ва мустақиллик оҳангларига эшдир. У ўзимизни танишимизга ёрдам беради. Юраклардаги инсоний ғуруримизни янада авж олдиради», дея асарнинг тарбиявий аҳамиятини алоҳида таъкидлаганди. Шунингдек, ёш мунаққидларнинг мақолаларида ҳам Чўлпон истиқлол учун курашган шоир эканлиги, шеърларида давр ва шахс фожеаси тасвири етакчилик қилиши баралла айтила бошланган эди.
Умуман олганда, бу давр танқидчилигида Чўлпон дунёқараши, ижодининг ғоявий мотивини белгилашда, бир томондан, унинг ижодига тарихийлик тамойиллари асосида ёндашилганини кузатсак, иккинчи томондан, ижтимоий таҳлил билан эстетик таҳлилнинг уйғунлашган ҳолдаги талқини, ижтимоий-эстетик таҳлил адиб ижодини баҳолашдаги етакчи мезонга айланганлигини кўрамиз. Бу тарздаги ёндашувлар таниқли мунаққидлари билан бир қаторда ёш чўлпоншунослар изланишларига ҳам хосдир. Жумладан, М.Қаршибоев, Д.Қуронов, З.Эшонова, Н.Йўлдошев сингари ёш чўлпоншуносларнинг мақолалари, қўлланма ва рисолалари айни шу хусусиятлари билан эътиборни тортади. Жумладан,  Д.Қуроновнинг «Чўлпон. Ҳаёти ва ижодий мероси»  номли қўлланмаси фикримизга далил бўла олади. Таъкидлаш жоизки, Д. Қуронов чўлпоншунос сифатида Чўлпон ижодини ҳар томонлама тадқиқ этган мунаққидлардан. Унинг номзодлик ва докторлик диссертациялари Чўлпон насри поэтикасига бағишланган. Олим Чўлпон ижодини, айниқса, насрини тадқиқ этишда янгича методологик тамойиллар, усул ва талқинларга асосланади, тарихий-биографик, тарихий-функционал, структуравий-функционал методларни муваффақият билан қўллайди. Мазкур қўлланмасида ҳам у шоир ижодини унинг ҳаёти ва ижтимоий фаолиятига доир муҳим саналар билан боғлиқ ҳолда таҳлил этади. Чўлпоннинг ҳаёт йўли ва ижодининг илк босқичи ҳақида фикр юритаркан, Чўлпоннинг чоп этилган биринчи асари сифатида «Садойи Туркистон» газетасининг 1914 йил 3-сонида босилган «Туркистонли қардошларимизга» номли шеърини кўрсатади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, О.Шарафиддинов Чўлпоннинг илк асари сифатида «Садойи Туркистон» газетасининг 1914 йил 29-апрел сонида чиққан «Қурбони жаҳолат»ни таҳмин қилган. Адабиётшунос  Б.Каримов эса «Даҳа гўзал битиклар» номли мақоласида «Таржимон» газетасининг 1913 йил 17 ноябри, 261 сонидаги «Андижондан ўлан савола жавоб» сарлавҳали мактуб ҳақида фикр юритиб, И.Ғаспиралининг жавоб мактубини ёзишга сабаб бўлган бу хат «Сулаймонзода Абдулҳамид Юнусов»- Чўлпон эканлигини айтади ва Чўлпоннинг савол мактуби тўлиқ келтирилганлигини таъкидлайди. Эҳтимол, ушбу мактуб Чўлпоннинг матбуотдаги илк қадамидир», дейди Б.Каримов. Ушбу фикрни Н.Каримов ҳам «Чўлпон» номли маърифий романида таъкидлаган.
Н.Каримов «Чўлпон»  номли маърифий романида Чўлпоннинг дастлабки асари «Ойна» журналининг 1914 йил 18 январ сонида эълон қилинган «Андижонда янги банк» номли хабар эканлигини қайд этади. Юқорида келтирилган маълумотларнинг турли-туманлиги Чўлпон ижодий фаолияти бўйича изланишлар давом этаётганлигидан далолат беради.
Д.Қуронов «Чўлпон. Ҳаёти ва ижодий мероси» номли қўлланмасида Чўлпон дунёқараши билан қизиқаркан, М.Муҳаммаджоновнинг «Турмуш уринишлари»га таяниб шоирнинг 1917-йил феврал инқилобини зўр шодиёна билан кутиб олганлигини,  шунингдек, Закид Валидийнинг хотиралари асосида бу даврда шоир ниҳоятда фаол бўлганлигини таъкидлайди. Бироқ қисқа вақтдаёқ Чўлпоннинг орзу-умидлари барбод бўлганлигини, унинг ижоди намуналари талқини билан асослашга ҳаракат қилади. Мунаққид Чўлпоннинг 20-йиллар бошидаги, жумладан, «Ётоқдан», «Тарих», «Кўнгил», «Бас энди», «Алданиш» каби шеърларининг яратилиш асносидаги руҳий ҳолати билан тарихий воқеаларни уйғунлаштириб, қиёслаб фикр юритадики, бу ҳам Чўлпон ижодига тарихий-биографик  ёндашув ҳамда ижтимоий-эстетик талқиннинг ўзига хос намунасидир.
Мунаққид фикрича, Чўлпон шеърияти ХХ аср ўзбек поэзиясини ўзига хос тарзда янгилаган шеъриятдир. Шоир даврга мос тарздаги фикр ва туйғунинг шиддатли ифодасини бера олган янги шакл ва вазнни дадил қўллаган хақиқий навотир ижодкордир. Шеъриятидаги бу янги мотивларга мумтоз адабиётимизнинг энг яхши анъаналари асос бўлиб хизмат қилганини таъкидларкан, Д.Қуронов Чўлпон поэзиясини тушуниш, унинг мазмун-моҳиятини англаш фақат «матн» орқали эмас, балки контекстда тўла намоён бўлишини, шу асосдагина мукаммал талқинга эришиш мумкинлигини эътироф этади. Унинг фикрича, «контекст» тушунчасини шоирнинг шеър ёзаётган пайтдаги руҳий ҳолати, дунёқараши, ўша даврдаги ижтимоий тарихий ҳаёт, тарихий- маданий анъана ва хоказолар ташкил этади.
Мунаққид айни шу мезонлар асосида Чўлпоннинг «Гўзал», «Бинафша», «Қаландар ишқи», «Ўзбегим», «Бузилган ўлкага», «Виждон эрки» каби кўплаб шеърларини таҳлилга тортади.
Бироқ, шу ўринда сўнгги давр чўлпоншунослигида ҳам ўрни бўлса-бўлмаса ижтимоий талқинга ҳаддан ташқари урғу бериш ҳоллари учрашини таъкидлаш зарур. Ҳатто шоирнинг «Гўзал» шеъридан ҳам эрк, озодлик ғоясини излаш ножоиздир. Тўғри, танқидчидикда бу шеърнинг турли-туман талқинлари ҳам яратилди. Шундай бўлиши табиий деб қаралса-да, бироқ Чўлпонни шоир сифатида кўпроқ муайян бир ғоянинг куйчисига айлантириш ҳоллари кузатилади. Бу ҳол методологик жиҳатдан ўзини оқламаслигини шўро даври танқидчилиги мисолида кўриш мумкин.
Чўлпон ижоди ҳақида таниқли адабиётшунос олим ва мунаққид Н.Каримовнинг тадқиқотлари ҳам алоҳида салмоққа эга. Ўтган асрнинг 20-30- йилларига доир манбаларни чуқур ўрганган заҳматкаш олим 80-йилларнинг охиридаёқ Чўлпон биографиясининг тикланишида,  асарлари нашр этилишида, адиб ҳаёти ва ижодини ёритиш, концепциясини белгилашда, поэтик оламини талқин этишда жуда катта хизмат қилди. У ўз тадқиқотларида Чўлпоннинг улкан истеъдод соҳиби, буюк шоирлигидан ташқари, ўз миллатини севувчи миллатпарвар, кўнгли нозик, ҳиссиёти уммон қадар кенг инсонлигини ҳам кашф эта олди ҳамда  ХХ аср ўзбек адабиётини янгилашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган новатор шоир ва ёзувчи сифатидаги сиймосини тўлиқ ярата олди. Назарий жиҳатдан, Н.Каримовнинг Чўлпон ҳақидаги илмий, оммабоп, маърифий асарларини ўрганар эканмиз, олимнинг ўзбек адабий танқидчилиги  шўро даврига хос синфийлик ҳамда партиявийликка асосланган методологиядан халос бўлиб, янгича илғор методологик тамойилларга эга бўла бошлашида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшганини кўрамиз. Н.Каримов адабий танқид методларининг жанр имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилган мунаққидлардан биридир. Унинг Чўлпон ҳақидаги кўплаб хотираларни тўплагани, архив материаллари ва давлат ҳужжатларини ўрганиб, шулар асосида адиб ҳаёти ва ижодига доир турли жанрларда ёзган асарлари танқид фаолиятининг кўлами кенгайиб, бошқа соҳалар билан ҳамкорлиги тобора ортиб бораётганлигидан далолатдир. Бу адабий танқид методологиясининг янгиланаётган жиҳатларидан биридир.
Истиқлол даврида чўлпоншуносликнинг янги йўналишлари таркиб топганини ҳам таъкидлаш жоиз. Жумладан, мустақиллик йилларида Чўлпон ва танқид, Ҳамза ва Чўлпон, Чўлпон ва Фитрат, Гаспиринский ва Чўлпон, Чўлпон ва театр, Чўлпон таржимон, Чўлпон ва матбуот каби йўналишлар бўйича турли хил илмий ахборотлар, мақолалар, хотиралар чоп этилди. Уларда Чўлпоннинг ижодкор ва фаол жамоатчи шахс сифатидаги фаолияти таҳлил этилади. Бу типдаги мақолалар адабий танқид доираси кенгайиб,  бошқа соҳалар билан алоқаси кучая бошлаганидан далолат беради. Айни пайтда, бу саъй-ҳаракатлар қиёсий адабиётшуносликнинг ривожланишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Ана шундай изланишлар орасида, айниқса, «Гаспиринский ва Чўлпон», «Чўлпон ва Фитрат», «Чўлпон ва Ҳамза» каби мавзуларидаги тадқиқотлар Чўлпоннинг поэтик маҳоратини ёритишга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, истиқлол даври танқидчилигида Миллий уйғониш даври (Жадид) адабиёти намояндалари ҳаёти ва ижодини ҳар томонлама таҳлил ва талқин этиш етакчи йўналишлардан бирига айланди. Адабий танқид Беҳбудий, Авлоний, айниқса, Фитрат, Қодирий ва Чўлпон сингари миллий уйғониш (жадид) адабиёти намояндалари ижодини ўрганар экан, асосий эътиборни қуйидаги муҳим масалаларга қаратди.