Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Танқидчилик» Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари - Адабий танқиднинг методологик асослари
Facebook
Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари - Адабий танқиднинг методологик асослари PDF Босма E-mail
Материал индекси
Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари
Адабий танқиднинг методологик асослари
Методологик тамойилларнинг янгиланиш жараёнлари ва омиллари.
Миллий уйғониш (жадид) адабиётига муносабатда жаҳон танқидчилиги билан муштараклик ва хусусийлик
Шўро даври ўзбек адабиётини ўрганиш муаммолари: инкор, тасдиқ ва таҳлилнинг диалектик бирлиги
ХУЛОСА
Ҳамма саҳифа
1 фасл. Адабий танқиднинг методологик асослари

Маълумки, адабий танқид  адабиётшуносликнинг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.  Адабий танқид фан сифатида адабиётшунослик илмининг асосий йўналишлари доирасида фаолият юритади, бадиий асарни, адабий жараённи тадқиқ этади, муайян илмий хулосалар чиқаради.
Шу жиҳати билан адабий танқид, бир томондан, адабиётшуносликнинг бошқа таркибий қисмлари (адабиёт тарихи, адабиёт назарияси, фундаментал тадқиқотлар ва ҳоказо) билан муштарак қонуниятларга амал қилса, бошқа томондан, ўзига хос хусусиятларга ҳам эгадир. Бу ўзига хослик, аввало, бадиий асарни тадқиқ этиш усули ва услубий индивидуаллик билан белгиланади. Айни ҳолат адабий танқид методологиясининг ўзига хос тамойилларга эга бўлишини тақоза қилади.
Методология муаммоларига бағишланган турли дарслик ва қўлланмаларда, тадқиқотларда унинг икки жиҳати алоҳида фарқлаб кўрсатилади:
а) метод ҳақидаги таълимот;
б) назарий ва амалий фаолиятни ташкил этишнинг тамойил ва усуллари мажмуаси.
Шунингдек, методологияга илмий изланиш назарияси ва амалиёти ҳақидаги таълимот сифатида ҳам урғу берилади .
Бинобарин, методология, мутлақлаштирилмаган ва идеаллаштирилмаган ҳолда, инсон тасаввури ва тафаккури кашф этган барча илмий-ижодий кашфиётларни тадқиқ этишнинг турли хил восита ва усуллари мажмуидир. Демак, илм-фан, адабиёт ва санъатнинг барча турлари ва жанрларига мансуб асарлар муайян методологик тамойиллар асосида  тадқиқ ва талқин этилади. Ҳар  қандай соҳанинг методологик тамойилларини аниқ белгилаш мазкур соҳанинг методологик асосларини топиш демакдир.
Бироқ юқорида келтирилган таърифлар методологиянинг барча жиҳатларини тўлиқ қамраб олган, дейиш қийин. Унда асосий эътибор илмий билиш методларига қаратилади. Ваҳоланки, илмий билиш методлари, умумий ва хусусий тадқиқ усуллари нисбатан кам ўзгарувчан бўлиб, албатта, биринчи галда унинг моҳияти, мазмун доираси ислоҳга муҳтож бўлади. Шунга кўра илм-фандаги янгиланиш, энг аввало, тафаккурдаги, демакки, дунёқарашдаги эврилишлар билан боғлиқ жараёндир.
Бинобарин, методология деганда фақат методлар ва уларнинг назарияси ҳақидаги таълимот назарда тутилмайди, балки илмий концепцияни янгиловчи, илмий ғоялар тизимини шакллантирувчи, муаммоларни белгиловчи, йўналишларни аниқловчи ва шу аснода фундаментал тадқиқотларга йўл очиб, назарий умумлашмалар қилишга замин ҳозирлайдиган жараён ҳам англашилади. Зеро,  методология маълум қолипларга солинган, қотиб қолган назариялар йиғиндиси эмас, балки инсон тафаккури, дунёқарашидаги эврилишлар, янгиланишлар билан тўлдирилиб  бориладиган амалий фаолиятдир. «Методология-дунёқараш ва фундаментал назарий концепциялар, энг умумий қонун ва категориялар, умумий ва хусусий илмий методлар каби компонентларни бирлаштирувчи интеграл ҳодисалир».  Бинобарин, энг аввало, инсон тасаввури ва тафаккури, дунёқараши янгиланмай туриб илм-фанда ҳам янгиланиш юз бериши мушкил. Бу ҳол, айниқса, ижтимоий фанлар, шу жумладан, адабий танқид учун ҳам характерлидир. Шунга кўра,  аввало, ҳар бир соҳанинг, чунончи, адабий танқиднинг  методологик асосларини аниқлаш унинг  назарий ва амалий фаолиятини ўрганишнинг муҳим босқичидир.
Адабий танқиднинг назарий ва амалий фаолиятига доир тадқиқотларда адабий танқид билан адабиёт назарияси ва адабиёт тарихи орасига «хитой девори» қўйиб бўлмаслиги таъкидланади. Чунончи, бу масала америкалик адабиёт назариётчилари Р.Уэллек ва О.Уорреннинг «Адабиёт назарияси»  китобида батафсил шарҳланган. Таъкидлаш жоизки, Рене Уэллек ва Остин Уоррен адабиёт назарияси бўйича Ғарбда энг машҳур олимлардан. Уларнинг «Адабиёт назарияси» тадқиқоти кўп тилларда ўнлаб марта нашр этилган.
Америкалик олимлар «адабиёт назарияси», «адабий танқид назарияси» ва «адабиёт тарихининг назарий аспектлари» терминларининг ўзаро боғлиқлиги ҳақида фикр юритиб, шундай ёзишади: «улар бир-бирига шу қадар боғлиқки, адабиёт назариясини адабий танқидсиз ва адабиёт тарихисиз, танқидни- тарих ва назариясиз, тарихни-назария ва танқидсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўз-ўзидан аёнки, адабиёт назарияси фақат аниқ асарларни ўрганиш асосидагина мавжуд бўлиши мумкин. Адабиётга критериялар ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ёки in vacuo категорияларини ўрнатиш мумкин эмас. Бироқ, бошқа тарафдан, биз танқидни ҳам, адабиёт тарихини ҳам айрим умумий проблемаларнинг таҳлилисиз, материалларни таҳлил этишнинг қандайдир принциплар системасисиз, маълум умумлашмаларсиз тасаввур этолмаймиз. Биз бу ерда ҳал этилмайдиган муаммога дуч келмаймиз: ўқиётиб, биз доимо қандайдир ишлаб чиқилган принципларга асосланамиз, бу принциплар эса янги асарлар билан танишиб боришимизга қараб ўзгариб ва аниқлик касб этиб боради. Бу диалектик жараён, назария ва амалиётнинг ўзаро уйғунлашуви, бир-бирига таъсири».
Олимлар таъкидлашаётган бадиий асарни таҳлил этишнинг умумий принциплари систамаси методологиянинг асосий тамойиллари ҳисобланади. Шу боис, умумий ёндашув ва таҳлил методлари тадқиқ этилаётган асарга индивидуал ёндашишнинг йўналишлари вазифасини ўтайди. Шу маънода адабий танқид методологиясининг ядроси ҳисобланган асосларни аниқлаш ва бадиий асарга ёндашиш тамойиллари ҳамда таҳлил методларини белгилаш муҳим аҳамиятга эгадир.
Методологияга оид тадқиқотларда унинг уч хил даражаси фарқлаб кўрсатилади. Уларнинг номланиши турлича бўлса-да, моҳияти бир хил. Жумладан, баъзи манбаларда улар фалсафий, умумилмий, хусусий даража деб фарқланса , бошқа кузатишларда фалсафий, оралиқ ва нофалсафий методология деб аталади . Шу маънода адабий танқид методологиясининг таркибий қисмларини, даражасини аниқлаш, шу асосда унинг методологик тамойиллари ва асосларини белгилаш муҳимдир. Адабий танқид методологиясини ҳам юқоридаги қоидага кўра фалсафий, оралиқ ва хусусий ёки нофалсафий матододогия деб таркиблаш мумкин.
Бироқ, таъкидлаш зарурки, мазкур даражалар орасида қандайдир «хитой девори» йўқ. Улар яхлит методологиянинг муайян таркибий қисмлари бўлиб, бир-бири билан узвий диалектик боғланишдадир. Уларнинг фарқланиши ёндашув ва методларнинг маълум қонун ва категориялар доирасида амал қилиши билан белгиланади. Биз қуйида адабий танқид методологияси фаолиятининг асосий тавсифлари ва методологик асосларини белгилашга ҳаракат қиламиз.
1.    Адабий танқиднинг фалсафий методологияси билишнинг дунёқараш ва концепция билан боғлиқ бўлган умумий қонун ва категориялар, тамойиллар ва ёндашувлар, йўналиш ва умумий илмий методлардан фойдаланиш жараёнларини қамраб олади. Мазкур даража адабий танқид методологиясининг фалсафий асосини ташкил этади.
2.    Адабий танқиднинг оралиқ методологиясида бадиий            ижод қонуниятлари, энг аввало, адабиётнинг эстетик тамойиллари қамраб олинади. Оралиқ методология бир нуқтаси билан фалсафий, бошқа бир нуқтаси билан хусусий методология билан узвий боғлангандир. Шу боис у фалсафий ва хусусий  методологияни бир-бири билан туташтирувчи восита ҳисобланади. Шунга кўра у адабий танқид методологиясининг бадиий-эстетик асосини ташкил этади.
3.    Адабий танқиднинг хусусий ёки нофалсафий методологияси адабиёт илмининг специфик ўзига хосликлари, аввало, назарий масалалари билан бирга                  билишнинг хусусий методларини қамраб олади. Шунга кўра, у адабий танқид методологиясининг илмий- назарий асосини ташкил этади.
Адабий танқиднинг кўриб ўтилган ҳар учала методологик асоси учун ҳам муштарак бўлган, уларнинг ядросини ташкил этувчи асосий тушунча, бу- тушунишдир. Тушуниш кенг маънода ҳам, тор ва махсус маънода ҳам адабий танқид фанининг моҳиятини қамраб олувчи тушунчадир. Агар адабий танқид фанининг истиқлол даври фаолиятини кўздан кечирсак, унинг илмий изланишларида битта концепция устиворлигини кузатамиз: тушуниш-бадиий асарни янгича тушуниш; оламни янгича тушуниш; одамни янгича тушуниш... Буни «Англаш йўли»(Қ.Йўлдошов), «Билиш эҳтиёжи» (Д.Қуронов) деб ҳам аташ мумкин. Бироқ моҳият ўзгармай қолаверади.
Адабий танқиднинг методологик асосларини белгилашда ички ва ташқи омиллар муҳим аҳамиятга эга. Бунда ташқи омил сифатида унинг бошқа фанлар билан алоқаси, муштарак жаҳатлари назарда тутилади. Специфик хусусиятлари ва тадқиқ объекти табиатига кўра, адабий танқид тилшунослик, тарих, фалсафа, эстетика, мантиқ, руҳшунослик, математика сингари фанлар билан изчил алоқада бўлади. Адабий танқиднинг мазкур соҳалар билан боғлиқлиги умумийлик ва хусусийлик категорияларининг диалектик бирлиги доирасида кечади.
Адабий танқид методининг омиллари ҳақида гапириб, таниқли   рус санъатшуноси профессор Юрий Борев бошқа фанларнинг методологик тажрибасини ишлатишни ана шу омиллар сирасига киритади: «Адабий матннинг ритмик тузилишини ўрганишда математик ва статистик усуллар ва ёндашувларни қўллаш мумкин. Бадиий асарнинг семиотик таҳлилида лингвистика тажрибаси ёрдам беради» . Бироқ адабий танқид, гарчи бошқа кўплаб фанлар, жумладан, адабиётшуносликнинг бошқа таркибий қисмлари билан бир қанча  муштарак жиҳатларга эга ҳамда тадқиқ объекти бир бўлса-да, муайян хусусиятларга  кўра улардан фарқланади. Бу фарқ, биринчидан, унинг назарий ва амалий фаолиятида кузатилади. Адабий танқид ҳозиржавоб соҳа сифатида, аввало, адабий жараёндаги илмий концепцияни янгилашда фаоллик кўрсатади.
Маълумки, «концепция» кенг қамровли тушунча. Эстетик нуқтаи назардан, концепция бадиий асар ҳақида юзага чиқаётган кўплаб янгича илмий қарашлар тизимидир. Бинобарин, концепциянинг янгиланиши ўз-ўзидан методологик тамойилларнинг ҳам янгиланишини тақоза этади.
Адабий танқидда концепциянинг янгиланиши мунаққид дунёқарашидаги янгиланиш билан узвий боғлиқ жараёндир.  Дунёқараш янгиланмай туриб илм-фанда янгиланиш бўлиши мушкул. Бу, айниқса, ижтимоий фанларда яққол намоён бўлади. Шу боис, дунёқарашнинг янгиланиши ҳам ижтимоий, ҳам маънавий омилларга бирдек боғлиқдир. Ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар жамият маънавиятида  акс этади. Айни чоғда, маънавий олам ҳам ижтимоий борлиқнинг шаклу шамойилини белгиловчи муҳим омиллардан саналади. Бу  икки тушунчани бир-биридан айри ҳолда қараш масалани жўнлаштиришга олиб келади. Зеро, Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек, «Инсонга хос орзу-интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий оламни бамисоли парвоз қилаётган қушнинг икки қанотига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади.
Қачонки ана шу икки муҳим омил ўзаро уйғунлашса, том маънодаги қўш қанотга айланса, шундагина инсон, давлат ва жамият ҳаётида ўсиш-ўзгариш, юксалиш жараёнлари содир бўлади».
Инсон дунёқарашининг шаклланиш жараёни мураккаб ҳодисадир. Хаос ва Космос, Маданият ва Реалликнинг олий мақоми, яъни бутун оламда рўй бераётган ҳар қандай ўзгаришлар, кўз илғамас робиталар орқали тинимсиз  оқиб келаётган «ахборат тизими» инсоннинг ҳис-туйғуларига, онг ва шуурига узликсиз таъсир этиб туриши дунёқарашнинг шаклланишидаги асосий воситалар ҳисобланади. Бинобарин, янгича дунёқараш янгича тасаввур ва тафаккурнинг юксак даражадаги уйғунлашуви ҳосиласидир.
Шунга кўра, адабий танқидда тасаввур ва тафаккур тарзининг янгиланиши- бу, аввало, ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ демакдир. «Ўзликни англаш» тушунчаси фалсафий мазмунга эга. Кенг маънода бу тушунча жамики қадриятлар, инсоний туйғулар, тарих, маданий мерос ва ҳаёт ҳақиқатига бўлган янгича муносабатлар мажмуидир.
Адабий танқиддаги ўзликни англаш нисбатан тор ва муайян маънога эга бўлиб,  биринчи галда, субъект сифатида ўзлигини қайта қуришни англатади. Бунда мунаққиднинг «мен»и, шахсияти, дунёқараши, интиуцияси, тафаккур тарзи ва истеъдоди ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мунаққид «мен»ида, тафаккурида  бошлаган  янгиланиш жараёни бир меъёрда, силлиқ кечмайди. Ўтиш даврига хос бўлган барча мураккабликлар, зиддиятлар танқидчининг эълон қила бошлаган мақола ва тадқиқотларида  муайян тарзда ўз ифодасини топа бошлайди. Бу хусусият турлича мазмун ва йўналишларда намоён бўлиши мумкин. Масалан, яқин ўтмиш-шўролар даврида етмиш йилдан зиёдроқ вақт мобайнида яшаб фаолият юритган ижодкорларни, уларнинг турли савиядаги асарларини нуқул қоралаш, инкор этиш ёки ҳамма айбни ўша давр тузумига, комфирқа  сиёсатига юклаб, асарларни таърифлаб, тавсифлаш  тарзида ёки  мунаққидларнинг танқидчилик  эстетикасига зид тарзда бир-бирларига турли-туман айбларни  тақаш ва ё  муросасозлик, келишувчиликка бориш мазмунида бу хусусият намоён бўлди. Бироқ мамнуният билан эътироф этиш лозимки, шундай кескин фикр олишувлар замирида коммунистик мафкура қолипларидан қутила бошлаган ва ҳурфикрликка асосланган янги типдаги танқидий тафаккур юзага кела бошлади. Гоҳида муросасиз, гоҳида эса муросасозлик руҳида кечган бундай жараён ўтган асрнинг 80-90-йилларида адабий танқидда концептуал ўзгаришлар рўёбга чиқишига, янги-янги илмий ғояларнинг пайдо бўла бошлашига,  илмий  муаммоларнинг кун тартибига қўйилишига  замин ҳозирлади.
Адабий танқиднинг сўнгги ўн-ўн беш йиллик фаолиятини кўздан кечирганда энг муҳим илмий ғоялар сифатида, аввало, методология ва унинг тамойиллари янгиланиши билан боғлиқ вазифа  долзарб муаммога айланганлигига гувоҳи бўлиш мумкин. Зеро, етмиш йилдан зиёдроқ вақт мобойнида илм-фанда ҳам ҳукмронлик қилган марксча-ленинча таълимот ва унинг методологик тамойиллари илмий билишнинг ягона, бирдан-бир тўғри йўли эмаслиги барчага кундай равшан бўлиб қолди. Шу боис, кейинги йилларда чоп этилган кўплаб мақола ва баҳс-мунозараларда янгича методологик тамойиллар хусусида фикр юритилди. Бу изланишлар адабий танқид муаммоларини Шарқ ва Ғарб фалсафаси ҳамда эстетикасидаги етакчи методологик тамойиллар билан изчил боғлаб талқину таҳлил қилиш бирдан бир тўғри йўл эканлигидан далолат бермоқда.
Юқоридаги кузатишлардан  хулоса қилиш мумкинки, адабий танқиднинг методологик асосларидан бирини фалсафий асос ташкил этади. Мазкур асос, айни пайтда кўплаб методологик тамойилларни ўзида мужассамлаштирган, бириккан, синкретик  асос сифатида намоён бўлмоқда.
Адабий танқиднинг оралиқ методологиясини бадиий ижод қонуниятлари, биринчи галда эстетик категориялар ташкил этади. Маълумки, илмий билиш ижод туфайли амалга  оширилади. Муаммога ижодий ёндашилмаса фанда кашфиётлар яратиб бўлмайди.  Методологияда ижод иккига:  илмий ижод ва бадиий ижодга ажратилади . Илмий ижодда илмий тафаккур етакчилик қилади. Унинг ифода усули ҳам илмий тил орқали амалга  оширилади.  Аниқ фанларда, шунингдек, ижтимоий фанларнинг айрим соҳаларида, жумладан, адабиётшуносликнинг адабий танқиддан бошқа йўналишларида  илмий фикр-мулоҳазаларни аниқ  ва лўнда баён этишга  интилиш, назарий умумлашмалар чиқариш   мутахассисларга тушунарли бўлган илмий тил ва атамаларни қўллаш орқали амалга оширилади.
Бадиий ижодда ҳиссий билиш етакчилик қилади. Образлилик бадиий ижоднинг етакчи хусусиятидир. Ифода усулида эса, бадиий тил имкониятлари, турли бадиий тасвир воситалари, поэтик кўчимлар образлиликни таъминловчи асосий унсурлар саналади.
Адабий танқиднинг муҳим методологик асосларидан бири - ифода усули ва услубий ўзига хослиги унинг ҳам  илмий ва ҳам  бадиий ижодга бирдек дахлдорлигидадир. Бир сўз билан айтганда, адабий танқид илмий тафаккурнинг образли фикрлаш тарзи билан   боғлиқ ифодаси. «Аслида танқид, ўз табиатига кўра, икки жиҳатнинг уйғунлигидир: ўзининг айрим вазифаларига, ўзига хос хусусиятлари ва воситаларига кўра у адабиётдир, бошқа жиҳатларига биноан-фандир. Танқидни адабиёт сифатида таърифлаб, унинг илмий («рационалистик») асосини инкор этиш оқибатида кўплаб жавобсиз саволлар пайдо бўлади» .
Ю.Боревнинг ўз қарашига далил сифатида келтирган А.С.Пушкиннинг «танқид-фан», В.Г.Белинскийнинг «танқид- ҳаракатдаги эстетика», деган тавсифлари яна бир бор танқид тафаккур воситаси сифатида бадиий эмас, балки илмий методдан фойдаланишини тасдиқлайди.  
Адабий танқид таҳлил жараёнида бадиий асар воситасида одам ва олам, ижтимоий борлиқ ва инсоний муносабатлар ҳақида ҳам мулоҳазалар юритади, уларнинг муайян қонуниятларини очишга ҳаракат қилади. Бу имконият адабий танқид услубининг меъёрий илмий қоидаларга бўйсунган тадқиқдан ташқари эркин мушоҳада  тарзидаги таҳлил ва талқин шаклида ҳам намоён бўлишга олиб келади. Айни ҳолат адабий танқид тилининг ўзига хослигини таъминлайди ва ифода йўсинида илмий тил билан бирга, бадиий тил ҳам бирдек иштирок этади. Бу эса, адабий танқидда  бадиий ижоддаги каби жанрлар туркумининг пайдо бўлишига ва ёзувчи ёки шоир услуби сингари  мунаққиднинг индивидуал услуби шаклланишига хизмат қилади.
Айни чоғда адабий танқиднинг тадқиқ объекти бадиий асардир. Бадиий асарнинг етакчи хусусияти юксак бадиийлик ва образлиликда намоён бўлади. Бинобарин, адабий танқид бадиий асар поэтикасини, аввало, бадиий-эстетик қонуниятлар, мезонлар асосида тадқиқ этади. Етакчи  эстетик категориялар, жумладан, гўзаллик ва хунуклик, ижобийлик ва фожиавийлик, эзгулик ва ёвузлик тушунчалари адабий танқиднинг бадиий асарни баҳолашидаги асосий мезонлардир.
Шунга кўра адабий танқид методологиясининг янгиланиш тамойилларидан бири асарнинг бадиий-эстетик моҳиятини янгича илмий тафаккур асосида талқин этишида кўринади. Бу борада сўнгги давр адабиётшунослиги ва танқидчилигида анча-мунча изланишлар олиб борилмоқда. Филология фанлари доктори, проф. Б.И.Саримсоқовнинг «Бадиийлик асослари ва мезонлари» номли рисоласи шундай изланишлар маҳсулидир. Б. Саримсоқов фикрича, «Сўз воситасида образ яратиш бадиийликнинг моҳиятини белгилайди» . Олим кузатишлар жараёнида ўз қарашларини чиқурлаштириб, бадиий образ ва образлиликнинг эстетик моҳиятини очишга ҳаракат қилади.
«Бадиий образ табиатида кейинги даврлардаги ўзгаришлар, бойиш ва тўлишишлар бадиий образ-образлилик-бадиийлик ҳам тарихий ҳаракатдаги фалсафий-эстетик категория эканлигидан далолат беради» . Олимнинг бадиийлик ҳақидаги қарашларини бир нуқтага жамлаб умумлаштирсак, қуйидаги схема ҳосил бўлади: Сўз-бадиий образ-образлилик-бадиийлик-эстетик категория. Тадқиқотчи фикрига кўра, юксак бадиийликка эришиш, образ яратиш жараёни бир қатор объектив ва субъектив факторларнинг уйғунлиги асосида кечади. Реал воқелик, инсон руҳиятидаги турли-туман кечинмаларнинг ижодкор дунёқараши, онги, эстетик идеали, ғоявий мақсади билан синтезлашуви ушбу факторларнинг ядросини ташкил этади. Муаллиф талқинича, ижод жараёнида бадиий мантиқ ва илҳомнинг аҳамияти жуда катта.
Рисолада бадиийлик миқдорий эмас, сифатий ҳодиса эканлиги таъкидланади. «Шу боис ижодкорларга бир хилда мос келувчи бадиийликнинг умумий мезонларини белгилаб бўлмайди. У адабий турлар, адабий жанрлар, ижодий методлар, адабий оқим ва мактаблараро, индивидуал ижодлараро, қолаверса, айни бир ижодкорнинг турли даврлардаги асарлариаро тафовутланувчи ҳодисадир» . Айни пайтда олим бадиийликнинг умумий мезонларини нисбий характерда бўлса ҳам белгилаш зарур, деб ҳисоблайди, жаҳон адабиётшунослигида бу борада уринишлар борлигига эътиборни қаратади. Уларга суянган ҳолда бадиийлик мезонларини қуйидагича белгилайди: мазмун ва шакл бирлиги ва уларнинг уйғунлиги; тасвир ёки ифоданинг ҳаққонийлиги; тасвир ёки ифоданинг аниқлиги; бетакрорлик (оригиналлик); эстетик баҳо; шартлилик миқёси ва даражаси; тил бадиияти. Рисолада ҳар бир мезон алоҳида-алоҳида шарҳланган, уларнинг етакчи хусусиятлари таҳлил ва талқинлар билан мустаҳкамланган. Рисоладаги асосий кузатиш ва хулосалар, асосан, реалистик асарлар талқинидан келиб чиққанини кўрамиз. Жумладан, бадиий мантиқ ҳақида фикрлар экан, қуйидаги шартлар илгари сурилади:
«Хулоса қилиб айтганда, бадиий мантиқ ижодкор илеали, ижодий хаёли, дунёқараши билан қай даражада боғлиқ бўлмасин, образлар, воқеаларнинг бадиий талқинини, вазифасини белгилашда у ҳаётий мантиққа риоя қилиши лозим. Бадиий мантиқ хаёлан, ҳаттоки, тасаввурда ҳам ҳаётий мезонлари доирасидан ташқари             чиқса, ўзининг ҳаётий қиёфасини, таъсирчанлигини маълум даражада йўқотади. Шунинг учун бадиий мантиқ ҳар доим, ҳар бир шаклда ҳам ҳаётий мантиқ билан муайян даражада шартланган ҳолда воқе бўлиши шарт» .
Д.Қуроновнинг Х. Усмонов билан ҳамкорликда ёзилган «Идеал ва бадиий яхлитлик» сарлавҳали мақоласидаги бадиийлик борасидаги фикрлар Б. Саримсоқовнинг кузатишларига ҳамоҳанг мақолада муаллифлар ХХ аср ўзбек адабиётини қайта баҳолашдаги айрим зиддиятли мулоҳазаларга  тўхталиб, бир концепциядан бошқа бир концепцияга ўтиш жараёнида қайта вульгар социологизм ҳолатига тушиб қолиш ҳавфидан огоҳлантирадилар. Уларга кўра, «Жамият тараққиётининг муайян босқичида ўша жамият аъзоларининг идеали-ю, эҳтиёжларига мос ҒОЯ шундай умумийлик касб этадики, унинг асосидаги мафкура оммалашиш имконига эга бўлади» . Муаллифлар фикрича ҳар қандай мафкуранинг оммалашиши учун иккита шарт мавжуд, деб ҳисоблашиб, улардан бири башарият тарихи давомида кўп синовлардан ўтган умуминсоний қадриятларга мувофиқ ҒОялар бўлса, иккинчиси омманинг эҳтиёжига, манфаатларига мос келувчи мақсаднинг мавжудлиги, деб кўрсатишади.
Ана шундай мулоҳазалардан келиб чиқиб, муаллифлар адабий жараёндаги зиддиятли қарашларни моҳиятан ғоявий зиддиятлар, деб баҳолашади ва бу ҳолни баҳслар ижобий ҳодиса эмас, деган хулосага келишади. Гарчи уларнинг мақоласидаги адабиётнинг мафкура билан алоқадорлигига доир фикрларини маъқулласак-да, бироқ адабий жараёнда кечаётган баҳс-мунозаралар, турли-туман қарашларни  хайрли эмас, дея баҳолашларига қўшилиб бўлмайди. Чунки сўнгги даврдаги адабий танқид фаолиятини кузатганда ХХ аср ўзбек адабиёти ва унинг атоқли намояндалари ижодларини қайта баҳолашдаги тўғри методологик  ёндашувлар айни шу зиддиятли баҳс-мунозарлар  замирида юзага келганига гувоҳмиз.
Д.Қуронов ва Х.Усмонов бадиий асарнинг моҳиятини, бадиийлик  мезонлари ва асосларини белгилашда «бадиий асар – бадиий коммуникация воситаси» ва «бадиий асар – систем бутунлик» деган принципларга таяниб, уларни қуйидагича схемалаштиради: «реаллик-санъаткор-бадиий асар-ўқувчи-реаллик. Яъни санъаткор ўзининг реаллик билан муносабати маҳсули ўлароқ дунёга келган бадиий асар воситасида ўқувчи билан мулоқатга киришади, уни ўзгартириш орқали оламни ўзгартиришга интилади».  (Ўша китоб 32-бет.)
Муаллифлар мазкур системадан келиб чиқиб, ижодкор ШАХС бутунлиги ва у интилган ИДЕАЛ ҳамда ундан келиб чиқадиган МАЪНОларни кашф этиш, уни китобхонга етказиш жараёнлари ҳақида фикр юритаркан, бадиий асар асосида ижтимоий моҳият ётишини таъкидлашади ва унинг хусусиятларини қуйидагича белгилашади:
«Булар: биринчидан, бадиий ижод-инсон фаолияти турларидан бири, конкрет фаолият турининг шакл ва усулларини эса инсон жамиятдан тайёр ҳолда ўзлаштиради; иккинчидан, ижод конкрет ижтимоий шароитда юзага келади ва амалга ошади; учинчидан, бадиий ижоднинг асоси бўлмиш ИДЕАЛ ижтимоий характерга эга; тўртинчидан, ижоднинг маҳсули бўлмиш бадиий асар фақат ижтимоий муносабатлар тизимидагина яшайди ва муайян қимматга эга бўлади» (ўша китоб, 38-бет).
Бундай қарашларнинг мағзини реалистик дунёқараш ташкил этишини пайқаш қийин эмас. Бироқ, таъкидлаш жоизки, сўнгги давр танқидчилиги фақат шу мазмундаги концепция асосида шаклланиши мумкин эмас эди. Ижод жараёнида турфа хил қарашларнинг юзага келаётгани эса, танқид тараққиётининг асосий гаровидир. Шу боис. У.Ҳамдамовнинг ўзида тасаввуф фалсафанинг мағзини мужассамлаштирган «Инсониятнинг тарих давомида топган энг катта мантиғи бу- Худога эътиқод!», Ҳ.Каримовнинг экзистенциализм таълимоти қарашларидан келиб чиқиб, «...модернизмнинг объекти реал воқелик эмас, субъект, ижодкорнинг тасаввуридаги воқеликнинг талқинидир», деган хулосаларига ҳечам ажабланмаймиз. Зотан, сўнгги давр танқидчилигига хос хусусиятларга айланиб бораётган  бундай қарашлар адабий танқиднинг талқин кўлами, баҳолаш доираси кенгайиб бораётганини кўрсатади. Зеро, муайян бадиий асарлар ҳамда улардаги бадиий-эстетик, ижтимоий-ғоявий  концепциялар замирида белгиловчи фалсафий таълимот ётибди. Адабиёт илми олдидаги долзарб вазифалардан бири ҳам мавжуд турли-туман қарашларнинг энг характерлиларини  синтезлаштириб, бадииятнинг умумий қонуниятлари ва эстетик  тамойилларини белгилаш ва шу асосда адабий танқид методологиясининг ҳурфикр(плюралистик)ликка асосланган концепцияларини яратишдан иборатдир.
Сўнгги давр адабиётшунослигида адабий танқид методолгиясини, унинг илмий-назарий асосларини тадқиқ этиш жиҳатидан филология фанлари доктори, профессор Абдуғафур Расуловнинг «Танқид, талқин, баҳолаш»  номли монографик тадқиқоти характерлидир. Монографияда адабий танқид методологиясининг туб илмий-назарий асослари ҳар томонлама тадқиқ этилган, Шарқ ва Ғарб, ўтмиш ва ҳозирги замоннинг энг муҳим илмий-назарий, фалсафий, эстетик қарашлари бир нуқтага жамланиб, тафаккур элагидан ўтказилган ҳамда ўзбек адабий танқидчилигининг методологик асосларини, биринчи галда фалсафий, илмий-назарий, бадиий-эстетик ва ижтимоий-тарихий асосларини белгилаб беришга ҳаракат қилинган. Бадиий матнни тадқиқу талқин этишнинг хилма-хил йўналишлари, усуллари қамраб олинган ушбу тадқиқотда бу йўналиш ва усуллар жаҳон адабиётшунослигининг илғор назарий қарашларига асосланган ҳолда таснифланган, олимнинг ўз концепцияси илгари сурилган.
Жумладан, ўзлаштириш эстетикаси ва талқин тадрижи хусусида фикр юритар экан, муаллиф асосий эътиборни танқидчининг  бадиий матнни ўқиш, уқиш ва ўзлаштириш жараёнидаги салоҳияти, уни талқин этиш йўллари, усуллари муаммосига қаратади. Талқин назарияси ҳақида фикр юритганда эса, унинг тарихий тадрижига назар ташлайди. Аристотелнинг «Герменевтика» асаридаги илмий-назарий қарашларидан тортиб Форобий, Беруний, Ибн Сино сингари алломаларнинг талқин фани ривожига қўшган ҳиссаларигача  тўхталиб ўтади. Сўнгги пайтларда ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигида фаол қўлланила бошлаган «герменевтика» тушунчасини филология илмига илк бор олиб кирган Ф.Шлейермахернинг (ХVII аср) назарий қарашлари, мазкур соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшган В.Дильтей, Макс Шелер, Мартин Хайдеггер, Ганс Гадамар каби назариётчи олимларнинг илмий қарашларини таъкидлайди ва айни пайтда, уларнинг ютуқ ва камчиликларини, чекланган жиҳатларини ҳам кўрсатади. Шу аснода А.Расулов герменевтика фани тарихида талқиннинг икки турига эътибор қаратилганига диққатни жалб этади. Жумладан,  биринчи турда қадимда муқаддас китоблар, буюк донишмандлар яратган асарлар ўқиб ўрганилиш мақсадида талқин қилинганлиги, талқинчи китоб мазмунига зид маънолар чиқаришни ўйламаганлигини қайд этаркан, иккинчи турда, бундан фарқли ўлароқ, талқин жараёни талқинчи дунёқараши, эстетик диди, тушунчаси, воқеликка муносабати асосида турлича кечиши мумкинлигини кўрсатади. Шунингдек, мазкур тадқиқотда бугунги «талқин» атамасининг фақат Ғарб илмида эмас, балки шарқ мумтоз адабиётшунослигида ҳам ўнлаб маънодошлари борлиги, жумладан, илми ғариба «талқиннинг юксак, нафис кўриниши»  эканлиги  таҳлиллар орқали асосланган.
Адабий танқиддаги талқиний ёндашувлар ҳақида тўхталганда, А.Расулов тарихий-биографик, онтологик ва тарихий-функционал ёндашувларга эътиборни қаратади ва кўплаб далиллар орқали биографиябозлик шўро даврида авжга чиққанлигини, лекин уларда ижодкор билан унинг асарлари ўртасидаги муносабат деярли ўрганилмаганлигини тўғри қайд этади: «Бадиий асар- хоҳ у лирика, хоҳ наср, хоҳ драма бўлсин-ёзувчининг маҳсули. Фарзанд ота-онасига ўхшамаслиги мумкин эмас. Бадиий асар талқин, таҳлил қилинганда, табиийки, ёзувчининг руҳий ҳолати, кайфияти ҳисобга олинади. Адабиётшуносликда бадиий асарни талқин этишда ёзувчи руҳияти,   кайфияти-ҳолатини ўрганувчи соҳа бор. Уни биографик метод ёхуд бадиий асарга ёзувчи ҳолати нуқтаи назаридан ёндашиш дейилади» .
Фалсафада «онтология» борлиқ, одам ва олам тушунчаларини англатади ва фақат моддий борлиқни эмас, балки маънавий дунёнинг ҳам мангу барҳаётлигини ифодалайди. Маълумки, борлиқ моддий ва маънавий оламдан ташкил топган бўлиб, унинг «мангу барҳаёт»лиги, боқийлиги «йўқлик»нинг муқобили, зидди сифатида намоён бўлади. Улар ўртасидаги азалий ва мангу зидлик ҳамда боғлиқлик муносабатлари бу тушунчанинг абадийлиги гаровидир.
Хўш, «мангу барҳаёт»лик тушунчаси адабиёт ва адабий танқидда қандай талқинга эга? Адабиётда «мангу барҳаёт» асарлар борми? Бор бўлса, улар боқийлигининг сири нимада?
Олимнинг фикрича, «Мангу асарлар, қадриятларнинг ички тузилиши, тартиботи ўрганилса, уларда зиддиятлар кураши, руҳий ҳолатлар аро «инкор» этиш ҳаракати мавжудлигини сезиш мумкин». Шунга кўра, боқий асарларда «онтология қадрият, бадиий бойликнинг «ҳаёти», «тириклиги», «узоқ умр кўриши» манбаларини ёритади. Бадиий бойлик, қадрият «ҳаёти», «тириклиги» жонзодлар ҳаёти каби зиддиятлар курашига асосланган . А.Расулов бадиий асар замиридаги зиддиятлар ҳақида фикр юритганда, унинг яшовчанлигини таъминловчи бешта хусусиятга батафсил тўхталади. Жумладан, етук бадиий асар моддий неъмат сифатида маънавий ҳаётдаги ўзини намоён этиш орқали мавқега эга бўлади ва шу асосда бадиий бўш асарларни инкор этади. Иккинчидан, бундай асар ақл ва қалб маҳсули, унинг замирида тирик инсонларга хос интилишлар, зиддиятлар, мураккабликлар ётади ва ушбу хусусиятлар унинг абадийлигини таъминлайди. Учинчидан эса, етук бадиий асарда ижодкор ижтимоий ҳаёт билан муносабатга киришади: ниманидир тасдиқлайди, ниманидир инкор қилади ва бу зиддиятли муносабат орқали ўзлигини намоён этади. Тўртинчидан, бадиий асар матни серқатлам бўлиб, унда идеал ва борлиқ ўртасидаги зиддият акс этади. Шу маънода олим: «Онтология-руҳий зиддиятлар, унинг миқёси даражасини кўрсатувчи руҳоний таълимот» , деганда ҳақ. Бешинчидан, ижодкор бадиий асарда «аниқ, изчил ғоя ва образлар орқали ўз бадиий дунёсини яратади» . Бундай асарлар талқинида асосий эътибор уларда ижтимоий борлиқнинг қандай акс этганига қаратилмайди, балки уларда «инсонлардаги руҳият, маънавий зиддият қай даражада акс этганлиги ўрганилади».
Албатта, А.Расуловнинг бу фикрларга қайсидир маънода муносабат билдириш, қўшимчалар қилиш, баъзиларига қўшилмаслик мумкиндир. Аммо асосий масала бунда эмас. Муҳими шундаки, муаллиф вақт синовига дош бериб келаётган ўлмас обидаларни ичдан нурлантириб турган етакчи омил-инсон қалби, унинг мураккаб, зиддиятларга, эврилишларга бой руҳий оламининг кашфига диққатини қаратадики, бу олимнинг илмий хулосалари ғоят муҳим аҳамиятга эгалигидан далолат беради.
Умуман, кейинги давр танқидчилигида устивор йўналиш касб этаётган таҳлил йўллари, усуллари, уларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритилганда «Танқид, талқин, баҳолаш» китобидаги яна бир нуқтага тўхталиб ўтиш жоиз. Жумладан, ушбу монографик тадқиқотда бадиий матн руҳига сингиб, сатрлар замирига яширинган сеҳрли маънолар мағзини чақиш усули, яъни микроанализ имкониятлари Ҳамзанинг «Бой ила хизматчи» драмаси, А.Қодирий романлари, А.Қаҳҳор, Э. Воҳидов ва А. Орипов ижоди атрофида бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар талқини асосида таҳлил қилинади.
Олим Ҳамза асари талқинлари ҳақида фикр юритаркан, танқидчиликда «қайта ишланган», «тикланган», «саҳна варианти яратилган» сингари қарашлар мавжудлигига тўхталиб, микроанализ имкониятлари «Бой ила хизматчи» драмасида Ҳамза услубидан ташқари, унга сингишмаган, ўша давр ҳукмрон ғояларини ифодалашга хизмат қилган образлар, эпизодлар мавжудлиги очиб берилганлигини таҳлиллар асосида кўрсатади. Бу йўналишдаги кузатишларда, айниқса, Абдулла Қаҳҳор асарлари талқинига кенг ўрин ажратилган. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, кейинги давр танқидчилигида А.Қаҳҳор ижоди бўйича жиддий баҳс-мунозаралар бўлди. Ушбу мавзуда М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, У.Норматов каби забардаст олимлар билан бирга О.Отахонов, С.Содиқ, И.Ҳаққул, С.Мелиев, Р.Қўчқоров, А.Жабборов, Ҳ.Каримов, Д.Қуронов, М.Олимов каби ёзувчи ва мунаққидларнинг бири биридан кескин фарқ қилувчи мақолалари эълон этилди. А.Расулов бу мақолаларга муносабат билдираркан, уларнинг бирини ёқлаб, иккинчисини қоралаш йўлидан бормайди, балки аксинча, микроанализга-синчиклаб ўқиш бир асар ҳақида турли хил қарашларни юзага келтириши мумкинлигига эътиборни қаратади.
А. Расулов бадиий матн тузилмаси, сўз қиммати, имо-ишоралар, белгилар, бир сўз билан айтганда, структурал-семантик таҳлил ҳақида мулоҳоза юритиб, қуйдаги илмий хулосани баён этади: «Тузилма-адабий матн структураси. Тузилма мисоли тана-структура: у яратилади. «Жонли» одамнинг тузилишида-тартиб, аъзоларнинг ўрни, вазифаси бўлганидай, адабий матннинг ҳам юраги, мияси, кўзи, қулоғи... бор. ...Структурали таҳлил аниқ тузилмани, сўзнинг ўз ўрнида қўлланишини текширади. Одамдаги аъзоларнинг бир маром, бир меъёрда ишлагани каби, адабий матн тузилмасида ботиний мослик, тартибот бўлиши керак» .
Муаллиф ушбу мезон орқали Р.Парфи, А.Орипов ижодларига бағишланган танқидчиликдаги талқинларга муносабатини билдиради. А.Ориповнинг «Тилла балиқча» шеъри ҳақидаги М.Қўшжонов, Я.Қосим, С.Мели қарашларини шарҳларкан, шундай ёзади: «Талқин талқинга йўл очади. Шубҳа йўқки, «Тилла балиқча» ХХI асрда ҳам мунаққидлар диққатини жалб этади, янги-янги талқинларга имкон беради» .
Адабий танқид эътибор қаратган яна бир долзарб масала-бу ХХ аср ўзбек адабиётини қайта баҳолаш масаласидир. Бу борада қисқа, лекин шиддатли кечган баҳс-мунозаралардан кейин адабий танқид етмиш йилдан зиёдроқ фаолиятида илк маротаба аксиологик ёндашувни амалга оширмоқда.
Дарвоқе, ХIХ асрнинг иккинчи ярмида немис олими Э.Гартман ва француз П.Лаппи томонидан фанга киритилган ушбу таълимотга кўра, аксиология-қадриятлар ҳақидаги назария бўлиб, у «...аксиологик онг, қадрлаш туйғуси, аксиологик билиш, қадриятли ёндашув ва бошқалар асосида тўпланган қадриятлар тўғрисидаги билимлар системасидир» .
ХХ аср ўзбек адабиёти салафлари, жумладан, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Ғ.Ғулом, Ойбек, А.Қаҳҳор ва Ҳ.Олимжондек атоқли ижодкорлар ҳаёти ва ижодини, умуман, улар мансуб бўлган давр адабиётини қайта холис баҳолаш ҳамда улар қолдирган бой адабий меросга аксиологик ёндашув адабий танқид методологиясининг муҳим тамойилларидан бирига айланиб бормоқда. Чунончи, Абдуғафур Расуловнинг «Танқид, талқин, баҳолаш» китобида тарихий-функционал ёндашув ёхуд бадиий асарни қайта баҳолаш муаммоларига жиддий эътибор берилади. Олим ўзбек мумтоз ва жаҳон адабиётидаги ўлмас асарлар билан бирга ХХ аср адабиёти намояндалари ижодини қайта баҳолаш, уларни қадриятлар мезони асосида талқин этиш бугунги танқидчиликнинг асосий методологик тамойилларидан бирига айланаётганини илмий кузатишлар орқали асослаб беради. Муҳими шундаки, муаллиф ўзбек китобхонига Навоий, Бобур, Қодирий, Чўлпон, Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар қанчалик қадрли бўлса, Фирдавсийдан тортиб Жомийгача, Шекспирдан Пушкингача бўлган жаҳон адабиёти намояндалари ижоди ҳам шунчалик қадрли эканлигини таҳлиллар орқали кўрсатади.
Умуман, кейинги йиллар адабиётшунослиги ва танқидчилигида,  айниқса, ХХ аср ўзбек адабиётини бугунги янгиланаётган тафаккур, янгича илмий концепция ва методологик тамойиллар асосида қайта баҳолаш ва ундан бугунги кун учун зарур хулосалар чиқариш асосий йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Адабий танқиддаги яна бир муҳим муаммо адабий жараён билан узвий боғлиқ бўлиб, бу яратилаётган бадиий адабиёт намуналарига муносабат масаласидир. Бадиий асарни янгича методологик тамойиллар асосида таҳлил ва талқин қилиш, биринчи галда, унга бадиий-эстетик ҳодиса сифатида ёндашув кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланмоқда. Бу адабий танқиднинг ҳам назарий, ҳам амалий фаолиятига алоқадор масалалардан биридир. Айни шу масалада ҳам баҳс-мунозаралар, жиддий изланишлар кечмоқда. Бадиий асарда инсон концепцияси, адабиётнинг эстетик ва ижтимоийлик тамойиллари хусусидаги баҳслар шулар жумласидандир. Бадиий асарга соф эстетик ҳодиса сифатида ёндашиб, ундаги ижтимоийликни инкор қилувчилар ҳам, аксинча, ижтимоийликни бутунлай инкор қилиб бўлмаслигини ёқловчилар ҳам ўз қарашларини асослашга уринмоқда. Бу борадаги мунозараларнинг ечими бевосита адабий танқиднинг амалий фаолияти билан боғлиқдир. Шу боис, адабий танқид фаолиятидаги иккинчи муҳим йўналишни амалиёт ташкил этади. Чоп этилаётган адабий-танқидий материаллар амалиёт натижаси бўлиб, улар асосида таҳлил йўналишлари, усуллари хусусида кузатишлар олиб бориш, муайян хулосалар чиқариш мумкин.
Адабий танқиднинг сўнгги давр фаолияти шундан далолат бермоқдаки, бугунги кунда  бадиий асарга диалектик ёндашишдан ташқари, герменевтик ёндашув ҳам кучайиб бормоқда. Талқин деб тушуниладиган ушбу назарияни олмон диншуноси ва филологи Ф. Шлейермахер ишлаб чиққан бўлиб, унга кўра матнга ҳам грамматик, ҳам услуб ва ҳам мазмун бирлиги, бутун билан қисмнинг айланма ҳаракати сифатида қараш етакчилик қилади .
«Герменевтика – интерпретация назарияси, моҳиятни тушуниш ҳақидаги таълимот,- деб ёзади Ю. Борев.-Гносеология (билиш назарияси) ва аксиология (қадриятлар назарияси) сингари, герменевтика кўламли фалсафий системанинг ажралмас қисмини ташкил этади. Герменевтика – бу маънавий-руҳий фаолиятнинг шундай соҳасики, танқид фақат у орқали ўтиб ўзининг вазифаларини англаши мумкин» . Олим герменевтик метод орқали бадиий асар матнини интерпретация қилишнинг муҳим усулларини қуйидагича шарҳлайди: «1)Танқидчининг («мен») матнни («бошқа») «учинчи» тараф орқали (масалан, маданий анъаналар, воқелик билан қиёслаш орқали) тушуниши.
2) «Кўникиш»-матннинг бадиий мантиқига уни теран ҳис этиш, ўзидан ўтказиш орқали етиб бориш. 3) Бадиий матнни идентификация шаклида (китобхон бадиий образларни ўзининг шахси ва ўзининг эстетик тажрибалари билан қиёслайди ) англаб етиш» .
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги давр танқидчилигида герменевтиканинг муҳимлиги билиш назарияси унинг учун методологик аҳамиятга эгалиги билан изоҳланади. Бироқ бундан келиб чиқиб, герменевтикани адабий танқиднинг ўзи билан бир нарса деб қараш ёки уларни қориштириб юбориш мумкин эмас. Чунки танқиднинг вазифаси фақат бадиий матнни интерпретация қилишдан иборат эмас. Айни пайтда бадиий асарни баҳолаш ҳам танқиднинг вазифасига киради.
Бугунги адабий-танқидий мақолаларда, тадқиқотларда матн билан ишлашда кўпроқ сўзга эътибор бериш, талқин қилиш, шарҳлаш етакчилик қила бошладики, бу ҳол герменевтика ўзбек танқидчилиги методологиясининг асосий йўналишларидан бирига айланиб бораётганлигидан далолат бермоқда.
Адабий танқид тараққиётининг ўтиш давридаги изланишларида сенергетика ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Сенергетика назариясининг асосини ташкил этувчи барқарорлик билан беқарорлик (хаос), мувозонат билан мувозонатсизлик, тартиб билан тартибсизлик, тизимлилик билан тизимсизлик ўртасидаги алоқадорлик қонуниятлари адабий танқидда ҳам ўзига хос тарзда намоён бўлмоқда. Чунончи, сўнгги ўн-ўн беш йил ичида, сиртдан қараганда, таназзулга ишора этилаётгандек фикр уйғотадиган   турли-туман баҳс-мунозаралар, тортишувлар, инкорлар (жумладан, «Адабиёт ўладими?» деган масаланинг қўйилиши, шўро даврида яратилган асарлар ҳақида бири бирини инкор этувчи чиқишлар, реализмга шубҳа билан қараш тамойиллари, модернизм ҳақидаги қарама-қарши фикрлар, шўро даври адабиёт назариясига оид   қарашларнинг инкор этилиши ва ҳакозо) замирида адабий танқид тараққиётида янгича концепция етилиб келаётганлиги, янгича методологик тамойиллар шаклланаётганлиги, бинобарин, мазкур соҳа янгича қонуниятлар асосида ривожлана бошлаганини илғаш қийин эмас. Бундан ташқари, адабий танқидда бадиий асарга онтология, гнесеология ва аксиология сингари таълимотлар асосида ёндашишнинг кучайиши, таҳлилнинг турли-туман усулларидан унумли фойдаланишга интилиш илмий билишда методологик плюрализмга ўтилаётганлигидан нишонадир.  
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, юқорида тилга олинган ёндашув ва методларнинг барчаси фалсафий мазмунга эгадир. Бинобарин, адабий танқид матодологиясининг муҳим жиҳатларидан бири унинг амалиётда фалсафанинг умумий қонун ва категориялар, илмий билиш усулларига асосланишида  намоён бўлади. Бироқ шуни унутмаслик зарурки, фалсафа гарчи кўплаб фанлар учун методологик асос ҳисобланса-да, уларнинг ҳар бирида, жумладан, адабий танқидда ҳам фалсафа хусусийлашган, танқид спецификасига мослашган ҳолда зуҳур бўлади. Айтайлик, тарихга оид матн билан бадиий матн орасида жуда катта фарқ бор ва уларнинг талқини ҳам ўзгачадир. Бинобарин, герменевтик йўналиш адабий танқидда фақат ўзига хос тарзда, яъни бадиий ижод қонуниятларига мослашган ва бўйсинган ҳолда намоён бўлади. Бошқа фалсафий қонун ва категориялар ҳақида ҳам шундай фикрни айтиш мумкин.
Адабий танқид методологиясининг плюралистик тамойилларга амал қилишида ижтимоий-тарихий давр тариққиётининг ҳам аҳамияти катта. Чунки танқид ижтимоий соҳа сифатида маълум бир давр билан узвий боғлангандир. Муайян ижтимоий-тарихий даврдаги  ўзгаришлар, янгиланиш жараёнлари, шубҳасиз, адабий танқид фаолиятида ҳам ўз аксини топади. Мустақилликдан сўнг юзага келган янгича ижтимоий-тарихий жараён, энг аввало, иқтисодий, сиёсий ва маданий ўзгаришлар адабий танқидда янгича      концепция ва тамойиллар пайдо бўлишининг асосий омиллардан  ҳисобланади. Адабий танқид фаол ва ҳозиржавоб фан сифатида, жамиятда юз бераётган ижтимоий-тарихий жараённинг барча қирраларини ўз субстанциясида тўла акс эттиради ва ушбу жараённинг фаол иштирокчисига айланади. Бу хусусият адабий танқид методологиясининг муҳим жиҳатларидан бирига айланиб бормоқда.
Айни чоғда адабий танқид даврнинг етакчи ғоялари ва мафкураси билан қайсидир маънода муносабатда шаклланади. Аниқроғи, ўзининг янгиланаётган концепциялари билан  ғоя ва мавкура ривожига таъсир этади. Бу адабий танқид  методологиясининг муҳим жиҳатларидан биридир. «Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар» номли китобда  мафкурага қуйидагича  таъриф берилади:
«Мафкура-муайян ижтимоий гуруҳ ё қатламнинг миллат ёки давлатнинг эҳтиёжлари, мақсад ва интилишларини, ижтимоий-маънавий тамойилларини ифода этадиган ғоялар, уларни амалга ошириш усул ва воситалари тизимидир» .
Демак, мафкура муайян ғоялар тизими. Шунга кўра, у инсон дунёқарашининг инъикосидир. Инсоният тарихидан маълумки,   эзгулик билан ёвузлик, гўзаллик билан хунуклик, озодлик билан босқинчилик, маърифат ва жаҳолат, одоб-аҳлоқ ва ахлоқсизлик каби ғояларнинг муросасиз кураши дунёқарашнинг туб моҳиятини   ташкил этиб келган. Ғоялар эса  икки хилга: илғор, тараққийпарвар ва жаҳолатга элтувчи, қолоқ ғояларга бўлинади. Бири жамият тараққиётига, инсоният маънавий камолотига хизмат қилса, иккинчиси таназзул томон бошлайди. Адабиёт  мана шу курашнинг маънавий-руҳоний, ижтимоий асосларини ўзида мужассамлаштириши, намоён этиши билан характерланади. Бинобарин, адабиёт ва санъатни мафкурадан алоҳида холи тарзда тасаввур этиб кўриш мумкин эмас. Бу масалада ҳозирги пайтда адабий танқидда жиддий баҳслар кечмоқда. Адабиётда мафкуранинг  мавжудлигини инкор этувчилар ҳам, унинг зарурлигини таъкидловчилар ҳам ўз ҳукм-хулосаларини асослашга уринишаётир.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги адабий танқиднинг мафкура билан муносабати ҳақида сўз юритганда, уни шўро даври мафкурасидан  буткул фарқлаш зарур бўлади. Негаки, шўро даври  мафкураси асосан, якка ҳукмрон коммунистик партия  сиёсатига хизмат қилган ва халқ манфаатларидан партия манфатларини устун қўйган  мафкура эди. Қолаверса, бу мафкура   адабий танқидни синфийлик тамойиллари қолипига солиб, уни компартия мақсадлари йўлида курашувчи воситага айлантирган эди. Оқибатда, синфийлик тамойилларига асосланган мафкурага хизмат қилган  ғоялар   нафақат адабиёт ва санъат равнақига, балки адабий танқид ривожига ҳам катта зарар етказди, унинг  вазифаларини буткул бошқа йўналишга буриб, ўзини ғоявий курашнинг қуролига айланишига сабаб бўлди. Ҳатто эстетик тушунчалар ҳисобланмиш  ижобийлик ва салбийлик, гўзаллик ва фожиавийлик, маънавий баркамоллик ва тубанлик сингари универсал категориялар ҳам синфийлик мезонларга бўйсундирилди.
Зўравонликка асосланган бундай талаблар бадиий асарнинг  белгиланган қолипда,  уқтирилган  андозаларда яратилишига,  ижодкор ва  ижод эркининг бўғилишига олиб келди. Натижада бадиий асарларда  якранглик, схематизм авж олди, синфийликка бўйсундирилган сохта гуманизм, ясама ахлоқ нормалари тасвирланадиган бўлди.   
Қолаверса, адабий танқиднинг бадиий асарни баҳолашдаги холислиги, имкониятлари чекланди ва  танқид ғоявий курашда коммунистик партиянинг авангард кучларидан бири, деб эълон қилинди. Ҳукмрон  мафкура синфийлик ва партиявийликни адабий танқиднинг асосий принципларига  айлантирди.
Агар шу нуқтаи назардан  адабий танқиднинг кейинги ўн-ўн беш йилдаги фаолиятини кўздан кечирсак, унинг методологик тамойиллари, шўро давридагидан мутлақо фарқли тарзда, эркин     мафкурага, эзгу ғояларни ўзида мужассам этган миллий  мафкура тамойилларига муштараклигини кўрамиз.
Дарҳақиқат, миллий истиқлол мафкурасининг етакчи тамойиллари:  Ўзбекистон халқларининг туб манфаатларини ўзида мужассам этгани; ўтмишни келажак билан боғловчи маънавий кўприк эканлиги; халқни эзгу, буюк мақсадлар йўлида бирлаштирувчи ва сафарбар этувчи кучлиги; халқ бунёдкорлигининг асосий ғоявий омили сифатида  кишиларни яратувчилик фаолиятига сафарбар этиши ва уларни ғоявий жиҳатдан ҳимоя қилиши; ёш авлодни ватанпарварлик, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда энг ишончли манба эканлиги ана шу муштаракликнинг моҳиятини белгилайди.
Миллий мафкуранинг асосий: Ватан равнақи; юрт тинчлиги; халқ фаровонлиги; комил инсон тарбияси; ижтимоий ҳамкорлик;  миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик  сингари ғоялари  билан истиқлол даври адабий танқидчилигининг етакчи тамойилларини қиёсласак, уларда муштарак жиҳатлар ниҳоятда кўплигига  гувоҳи бўламиз. Жумладан, бу давр танқидчилигида:
-миллий ўзликни англаш жараёни устивор концепцияга айланди; яъни  ХХ аср ўзбек адабиётини, жумладан, миллий уйғониш даври адабиёти намояндалари-М.Беҳбудий, А.Авлоний, А.Фитрат,  А.Қодирий, А.Чўлпон сингари улуғ маърифатпарвар адиблар ижодини қайта баҳолаш ва шу аснода ўзликни англаш, миллий қадриятларни тиклаш ва улуғлаш концепцияси устивор бўлди;
-миллий менталитетга эътибор кучайди, миллий қадриятларни улуғлаш асносида умуминсоний ғояларни илгари суриш тамойилларига амал қилинди;
-комил инсон концепцияси етакчи бўлди;
-диндаги инсонпарвар қадриятларни тиклаш жараёнлари эркинлашди ва ҳакозо.
Юқоридагилардан аён бўлаётирки, миллий мафкуранинг асосий тамойил ва ғоялари ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, балки жамият маънавий тараққиётидаги етакчи кучларнинг, жумладан, адабиёт ва санъат, тарих, фалсафа, адабий танқид сингари кўплаб соҳаларнинг ижобий таъсирида  юзага келган ва шу хусусияти билан ҳаётийлик касб этган. Демак, адабий танқид методологиясининг мафкурага муносабати ҳақида гап кетганда, тайёр андазаларга солинган ғоялар тизими эмас, балки миллий мафкура ғояларининг шаклланишига доимий равишда ўз ҳиссасини қўшиб борадиган жараён назарда тутилади.
Демак, ушбу мулоҳазалардан шундай хулосага келиш мумкинки, адабий танқид ўзига хос  илм бўлиб, унинг методологик  асослари ҳам шундан келиб чиқади. Юқорида тилга олинган асослар адабий танқиднинг ҳар бир етук намунасида муайян тарзда ўз тажассумини топгани шубҳасиздир.