Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Танқидчилик» Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари - Методологик тамойилларнинг янгиланиш жараёнлари ва омиллари.
Facebook
Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари - Методологик тамойилларнинг янгиланиш жараёнлари ва омиллари. PDF Босма E-mail
Материал индекси
Адабий танқид: янгиланиш жараёнлари
Адабий танқиднинг методологик асослари
Методологик тамойилларнинг янгиланиш жараёнлари ва омиллари.
Миллий уйғониш (жадид) адабиётига муносабатда жаҳон танқидчилиги билан муштараклик ва хусусийлик
Шўро даври ўзбек адабиётини ўрганиш муаммолари: инкор, тасдиқ ва таҳлилнинг диалектик бирлиги
ХУЛОСА
Ҳамма саҳифа
2-фасл. Методологик тамойилларнинг янгиланиш жараёнлари ва омиллари.

Жаҳон тараққиётидаги улкан ўзгаришлар, жамиятда юз кўрсатган янгиланишлар, бир ижтимоий-сиёсий тузумдан бошқасига ўтиш жараёнлари муайян қонуниятлар, сабаб ва оқибатлар натижасидир. Мазкур жараёнлар бизни ўраб турган бутун коинотдаги кўз илғамайдиган, ақл бовар этмайдиган ўзгаришлардан тортиб, инсон ақлу заковати, тафаккури билан мушоҳада этиш мумкин бўлган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ўзгаришларгача барчасини қамраб олувчи ҳодисалардир. Инсон табиат яратган мавжудодлар орасида энг мукаммали, онглисидир. Зотан, табиату жамиятда, бутун коинотда мунтазам ҳаракатдаги кўзга кўринадиган ва кўринмайдиган, сезиладиган ва сазилмайдиган ахборотлар оқимини изчил қабул қилувчи, уни онгли тарзда «қайта ишловчи» ва яшаш тарзига тадбиқ этувчи ҳам инсондир. Шу маънода инсонни турли хил тўлқинларни қабул қилувчи катализаторга қиёсласа бўлади. Зеро, ахборот оқимига муносабат билдира туриб, ўз ҳаётини ҳам шунга мослаб янгилаб боради. Демак, инсоният тарихда кечадиган ҳар қандай тараққиёт, ўзгариш ва эврилишлар ўз ҳолича рўй бермайди, балки муайян қонуниятлар асосида амалга ошади. Бу жараёнларнинг ҳолати, фаол ёки сустлиги инсоннинг «катализатор»лик босқчидаги даражаси билан боғлиқдир. Инсоният пайдо бўлгандан токи бугунги кунгача кечган тараққиёт ва эврилишлар тарихи шундан далолат беради.
Тарихдаги туб бурилишлар, ислоҳотлар, мавжуд тузумнинг янгисига ўз ўрнини бўшатиб бериши жараёнларида жамият ЎТИШ ДАВРИНИ бошдан кечиради. Ўтиш даври жамиятдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ўзгаришлардангина иборат бўлмай, айни чоғда маънавий ўзгаришлар, аввало, жамият аъзолари дунёқараши, тафаккури ва руҳиятидаги янгиланишлар билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўтиш даври бир неча ойлардан иборат бўлмайди, балки ўнлаб йилларга, ҳатто ундан ҳам кўпроқ муддатга чўзиладиган мураккаб жараён. Сўнгги асрларни, кўҳна тарих назарда тутилса, буюк ўтиш даври, дейиш мумкин. Чунончи, илм-фан ва техниканинг беқиёс ривожлангани, космик кемаларнинг ихтиро қилингани, компьютер кашф этилгани, иқтисодий соҳадаги улкан ютуқлар-барчаси кишилар дунёқарашида туб бурилиш ясади. Бироқ, юқорида таъкидланганидек, шаклланган дунёқараш тасаввур ва тафаккурнинг, онг ва туйғунинг юксак даражадаги уйғунлиги ҳосиласики, бунда улардан бирининг иккинчисидан устунлиги ёки камситилиши аксар ҳолларда таназзулга ҳам олиб келади. Зеро, онг билан ҳиссиётда бир-бирига интилишдан ташқари зиддиятли жиҳатлар ҳам мавжуд. Бу ҳол, айниқса, уларнинг ҳар иккаласига ҳам хос бўлган мустабидлик хислатларида кўзга ташланади.
ХХ асрда ақл-тафаккурнинг устунлиги ўз-ўзидан ҳиссий оламнинг камситилишига олиб келди ва бу ҳол кишилар руҳий дунёсидаги баъзи бир эврилишларга сабаб бўлди. Инсоннинг табиат қонунларини менсимагани ёки табиат устидан ҳукмрон бўлишига интилгани оғир экологик ҳалокатларни юзага келтирди, дин, адабиёт ва санъатга беписанд муносабатлар эса маънавиятидаги инқирозларга йўл очди. Шу маънода айтиш жоизки, тарихдаги ҳар бир ўтиш даври инсоннинг ўзини–ўзи тафтиш қилиш, покланиш, айни чоғда, ҳаёт тарзини янгилашга интилиш давридир.
Маълумки, ҳар қандай янгиланиш учун бир неча муҳим омиллар асос вазифасини ўтайди ва бу омилларсиз янги йўналиш юзага келмайди. Танқид тафаккурига хос янгиланиш, янгича таҳлил тамойилларининг пайдо бўла бошлаши ва шаклланишига хизмат қиладиган омиллар нималардан иборат, улар танқид тафаккурига қачон ва қай тарзда таъсир кўрсатади, деган саволларга турли даврларда турлича изоҳлар берилган. Хусусан, собиқ шўро замонида чоп этилган танқид тарихига оид бир тадқиқотда шундай ёзилган:
«Бадиий ва танқидий фикрнинг ўсишида ҳал қилувчи роль ўйнайдиган уч факторни алоҳида қайд этиб кўрсатиш лозим. Булардан бири ишлаб чиқариш воситаларининг социалистик мулклиги заминида ишлаб чиқарувчи кучларнинг равнақи туфайли эришилган меҳнаткаш халқнинг моддий фаровонлиги-иқтисодий фактор; иккинчиси, кейинчалик ўз вазифасини умумхалқ социалистик давлатга топширган пролетар диктатураси-сиёсий фактор; ниҳоят учинчиси жаҳонда энг илғор револцион дунёқараш– марксизм-ленинизм назарияси-идеологик фактор. Ана шу факторларсиз социалистик реализм адабиётининг мувафаққиятларини таъминлаш мумкин бўлмасди» .
Кўчирмадан  аён бўлиб тургандек, жимжимали, ғализ жумлаларда ифодаланган «уч фактор»- иқтисодий, сиёсий ва идеологик–мафкуравий омиллар танқид тафаккурининг шаклланишида асосий омиллар сифатида қайд этилган. Ҳаддан ташқари сиёсатлаштирилган мазкур таърифда адабий танқиднинг на ўзига хос хусусиятлари, на танқид объектлари эътиборга олинган. Қайд этилган омиллар эса, аслида ижтимоий ўзгаришларга алоқадор бўлиб, бири иккинчисини тақозо этган ягона омилнинг муайян йўналиши, холос.
Аслида, танқид тафаккурини янгилайдиган, янгича қарашлар, тенденциялар, йўналишлар, таҳлил принципларининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этувчи омилларни алоҳида-алоҳида кўрсатиш зарур. Бундай омиллар, бизнингча, иккита:
1.    Ички омиллар.
2.    Ташқи омиллар.
Ички омил деганда, энг аввало, янгича танқид тафаккурини юзага келтирадиган қонуниятлар назарда тутилади. Бу қонуниятларнинг юзага чиқишида алоҳида истеъдод соҳиби бўлган танқидчи «мен»ининг роли беқиёсдир.
Ташқи омиллар икки: адабий жараён ва ижтимоий ҳаётни қамраб олувчи қисмлардан ташкил топгандир.
Маълумки, ҳар бир бадиий асар аниқ шахс-ижодкор томонидан яратилади. Чинакам истеъдодлар томонидан яратилган бадиий етук асарлар поэтик тафаккурни у ёки бу жиҳатдан янгилайди, адабий ҳаётда кўз илғамас янги тенденциялар, йўналишлар оқимининг вужудга  келишига  замин ҳозирлайди. Айни чоғда, ижтимоий тафаккур тараққиётига ҳам таъсир кўрсатади.
Жаҳон адабиётининг дурдона асарлари бўлмиш энг қадимги қаҳрамонлик эпослари, Ўрта аср  Шарқу Ғарб уйғониш даври адабиёти, ундан кейинги даврларда ва ниҳоят ХХ аср охиригача яратилган энг юксак намуналар  доимо  адабий муҳитнинг ўзгариб туришига, ранг-баранг бадиий-эстетик оламнинг вужудга келишига, турли оқим ва йўналишларнинг пайдо бўлишига, сўз санъатининг ўлмас обидалари кашф этилишига, бир сўз билан айтганда, бадиий тафаккурнинг янгиланишга қўшилган беқиёс ҳиссадир.
Биргина Алишер Навоий даҳоси ўзбек мумтоз адабиёти ва адабий тилининг яратилишига асос солганидан ташқари,  Шарқ фалсафаси ва тасаввуф оламини нақадар бойитгани жаҳон аҳлига маълум. Улуғ шоир бадиий тафаккурининг мумтоз адабиётимиз тараққиётидаги улкан аҳамиятини Бобур, Машраб, Увайсий, Нодира, Огаҳий сингари буюк адиблар ижодига  таъсири мисолида ҳам яққол кузатиш мумкин.
Ёки ХХ аср ўзбек адабиётини олайлик. Асримиз бошларида пайдо бўлган жадид адабиёти намояндалари, биринчи галда, Қодирий, Чўлпон, Фитрат ижодлари  ўзбек реалистик адабиётининг вужудга келиши, шаклланиши ва ривожига кучли таъсир кўрсатгани сир эмас. Шўролар даврида юз берган даҳшатли қатағонларга, зуғум-зўравонликларга, зиддиятли бўҳронларга қарамай, ўз адабий муҳитини яратишга интилган Ойбек, А.Қаҳҳор, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, О.Ёқубов, П.Қодиров, Э.Воҳидов, А.Орипов сингари ижодкорлар ижоди, албатта, айрим истиснолар борлигига қарамай, ўтган етмиш йил мабойнида бадиий тафаккурни  янгилаб, адабий муҳит об-ҳавосини белгилаб туришганини эътироф этмоқ даркор.
Ижтимоий ҳаётдаги янгиланиш кенг тушунча бўлиб, бу жараён жамиятдаги барча ўзгаришларни қамраб олади, яъни иқтисодий-сиёсий, маданий-маърифий ўзгаришлар ижтимоий ҳаёт тарзининг янгиланишини билдиради. Шу маънода, сўнгги ўн йилликлар инсоният тарихида буюк бурилишлар даври бўлди. 80-йиллардаги қайта қуриш ва ошкоралик эпкини билан бошланган бу ўзгаришлар зўравонликка асосланган собиқ шўролар салтанатининг қулаши ва халқимизнинг асрий орзуси-истиқлол нашидаси билан якун топди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг барча соҳаларда жиддий ислоҳатлар амалга оширила бошлади. Иқтисодий, сиёсий, мафкуравий, маданий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар жамият ҳаётидаги ўзгаришларни белгиловчи етакчи куч сифатида намоён бўлди.
Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ иқтисодий йўналишларда ўз йўлини қатъий белгилаб олди. Президент И.А.Каримов томонидан мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг беш тамойили ишлаб чиқилиши ва ҳаётга изчил тадбиқ этилиши тез орада ўз самарасини бера бошлади. Ўзбекистон иқтисодий ривожланишнинг маъмурий-буйруқбозлик усулидан воз кечиб, халқимизнинг қадимги анъаналарига таянган ҳолда, бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос йўлини танлади.
Сиёсий-мафкуравий соҳада ҳам Ўзбекистон ўзи танлаган йўлдан бормоқда. Сиёсий қарамлик ва мафкуравий сарқитлардан қутулиб, умуминсоний ғояларни ўзида мужассамлаштирган давлатимиз сиёсатида тенг ҳуқуқли ҳамда манфаатли ҳамкорлик асосий тамойилга айланди. Якка партиянинг мафкуравий ҳукмронлигига чек қўйилиб, кўппартиявийликка асосланган ўзбек давлатчилиги анъаналарига ва халқимизнинг азалий ҳамда умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда чинакам истиқлол мафкурасини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ижтимоий ҳаётда юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар янгича тафаккур тарзининг меваларидир. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, ҳозирги шароитда янгича тафаккур тарзининг вужудга келишида ШАХСнинг роли жуда катта. Давлатимиз раҳбари, сиёсатчилар, файласуфлар, ижодкор ва олимлар жамиятдаги вужудга келаётган янги типдаги концепциянинг бевосита ижодкорларидир. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий, сиёсий, маданий ва маърифий ислоҳотларнинг бошида президент И.А.Каримов турганлигини жаҳоннинг етакчи сиёсатчилари бир овоздан эътироф этишмоқда.
Ижтимоий ҳаётдаги ислоҳотлар илм-фан ва санъатда янгича концепциянинг юзага келишига омил бўлаётир. Замонавий тафаккур тарзига туртки берадиган илмий ва бадиий изланишлар янги типдаги методологик тамойилларнинг асосий йўналишларини ҳам кўрсатиб бермоқда. Мана шу жараёнда адабий танқид концепциясининг янгиланиши, энг аввало, янгича танқид тафаккурининг пайдо бўлиши билан боғлиқ тарзда кечади. «Янгича танқид тафаккури» тушунчаси кенг қамровли бўлиб, мазкур соҳа, бир томондан, фалсафий, ижтимоий, мафкуравий, бадиий-эстетик қонуниятлар билан алоқадор бўлса, бошқа тарафдан, адабиётшунослик илми концепциялари, талаб ва мезонлари асосида ўз фаолиятини янгилаш йўлидан боради.
Шўро назариётчилари марксча-ленинча таълимотни фалсафа, эстетика, этика, психология ва адабиёт, санъат қаторида адабий танқиднинг ҳам назарий асоси сифатида олган эди. Бу таълимотга кўра, адабий танқид гарчи бадиий-эстетик ҳодиса деб эътироф этилса-да, лекин коммунистик ғоявийлик унинг моҳиятини белгиловчи етакчи унсур сифатида талқин этиларди. Оқибатда коммунистик ғоявийлик синфий ва партиявий адабий тафаккурни бошқариб турувчи воситага айлантирилганди.
Синфийлик ва унинг олий кўриниши деб таърифланган партиявийлик ҳақидаги назариябозликлар адабиёт ва санъат равнақигагина эмас, танқид ривожига ҳам жуда катта зарар етказди: танқиднинг мақсади ва вазифалари тамоман ўзгартириб юборилди, бу соҳа ғоявий курашнинг қуролига айлантирилди. Ҳатто эстетик ҳодисалар саналувчи умуминсоний тушунчалар: ижобийлик ёхуд салбийлик, гўзаллик ва фожиавийлик, маънавий баркамоллик каби кўплаб категориялатлар ҳам синфийлик мезонларига бўйсундирилди.
Зўравонлик ва буйруқбозликка асосланган талаблар бадиий асарнинг тор қолипда, маълум бир кўрсатма доирасида яратилишига олиб келди, ижод эркинлиги бўғилди. Оқибатда адабиётда бир хиллик, схематизм авж ола бошлади. Синфийликка асосланган сохта гуманизм, сохта ахлоқ нормалари тасвир этила бошланди.
Адабий танқиднинг эса, бадиий асарни баҳолашдаги имкониятлари чекланди. Танқид ғоявий курашда коммунистик партиянинг авангард кучларидан бири, деб эълон қилинди. Ҳукмрон мафкура синфийлик ва партиявийликни адабий танқиднинг зарур шартларидан бирига айлантирди.
«Адабий-бадиий танқиднинг синфийлиги, хусусий-бадиий ижоднинг кўплаб (гарчи ҳаммасидан бўлмаса-да) турларидан фарқли ўлароқ, бевосита намоён бўлди. Ва, қоидага кўра-фаолиятининг табиатидан келиб чиқиб-мафкуравий англашилади. Синфий курашлар авжига чиққан даврларда танқиднинг партиявийлиги ёрқин намоён бўлади. Қолаверса, кучли, аниқ мақсадни кўзлаган танқид адабий-бадиий ҳаётдаги партиявийликнинг байроқдоридир. Илғор танқид ҳаётда ижтимоий, маънавий, эстетик янгиликларнинг пайдо бўлишига кўмаклашади, улар учун курашади. У, одатда, ўзининг синфийлигини, партиявийлигини яширмайди» .
Мана шундай талаблар асосида фаолият юритиш шўро даври ўзбек танқидчилиги учун ҳам хос эди. «Ҳамма ижтимоий фанлардек, адабий танқид тарихи ҳам (агар у ҳақиқий фан бўлишни истаса), марксизм-ленинизмнинг инсоният жамияти, унинг ривожланиши қонуниятлари ҳақидаги, шу жумладан, жамият ҳаётида инсон онги ва унинг бадиий ижоди маҳсулотлари роли ҳақидаги таълимотга асосланиши керак» , деб ҳисоблаган танқидчилик адабиётимизнинг етмиш йилдан зиёдроқ даври тараққиётида салбий из қолдирди, қатағонларга бевосита ёки билвосита сабабчи бўлди.
Албатта, собиқ иттифоқ даврида танқидчилик адабий ҳаётга фақат зарар етказди, ижобий ҳодисалар мутлақо рўй бермади, деган фикрдан йироқмиз. Кўплаб истеъдодли танқидчилар ўша даврда ёзилган асарларни бадиий-эстетик мезонлар асосида баҳолашга уринишди, бадиий жиҳатдан бўш, саёз китобларга қарши курашишди. Бироқ ҳоким мафкура адабий танқиднинг эркин фаолият юритишига, тараққий этишига тўсқинлик қилди. Истеъдодли танқидчилар ўз истеъдодларини бадиий асарлар таҳлилига эмас, балки мафкуравий кураш майдонидаги олишувларга сарфлашга мажбур бўлдилар.
Натижада йиллар давомида нафақат ғоявий, айни чоғда, ҳукумрон мафкура принципларига бўйсунган, уни ўзида ифодаланган ва тарғиб қилган адабий танқид эстетикаси шаклланди. Табийки, бу танқид ўзининг методологик асосларини ишлаб чиқди ва адабий жараёнга тадбиқ этди.
Бугунги кунда шўро даври танқидчилигига хос иллатларнинг объектив ва субъектив сабаблари таҳлил этилган тадқиқотлар, мақолалар чоп этилмоқда, яқин ўтмиш адабий танқидчилигида ҳақида муҳим хулосалар чиқарилмоқда.
Албатта, «қайта қуриш ва ошкоралик», деб аталган нисбатан эркинроқ паллага келиб, яъни 80-йилларда адабий танқид тафаккурида янгиланиш рўй бера бошлади, бироқ бу жараён ҳам силлиқ кечгани йўқ, мураккабликлар, зиддиятлар ўша йиллари эълон этилган тадқиқотларда у ёки бу тарзда ўз аксини топди. Бу ҳол, албатта, турлича шакл ва мазмунда намоён бўлди. Айрим чиқишларда ўтган етмиш йилдан зиёдроқ давр мобайнида адабий жараёнда фаолият кўрсатган ижодкорларни, уларнинг адабий меросини бутунлай қоралаш ёки ҳамма айбни шўро сиёсатига ағдариб, ўша давр адибларини мутлақо оқлашга уринишдек бирёқлама ҳаракатлар кузатилди. Баъзан мунаққидларнинг, танқид эстетикасига хилоф тарзда, бир-бирларини турли «ёрлиқ»лар билан «сийлаш» ҳаракатлари ҳам кўзга ташланди. Бироқ мамуният билан такидлаш лозимки, ана шундай мураккаб курашлар, ғоявий тазъйиқлар шароитида коммунистик мафкура қолипларидан қутулишга уринаётган янги типдаги танқид тафаккурининг илк куртаклари кўрина бошлади ва 80йилларда тоталитар тузум етиштирган, калтабинлик ва зўравонликка асосланган мафкура ҳукумронлигининг жиддий қаршиликлари остида шакллана бошлади. Таназзулга маҳкум бу ҳукмбардор мафкура сўнгги нафасларида ҳам соғлом кучларга қарши хуружларини тўхтатгани йўқ. Жумладан, «Правда Востока» газетасининг 1986 йил 4 декабрь сонида эълон қилинган тарихчи М.Ваҳобовнинг «Тарих ҳақиқатига зид» ҳамда «Совет Ўзбекистони» газетасининг сонида босилган «Ғоявийлик-адабиётнинг бош мезони» сарлавҳали мақолаларининг адабиётни вульгар-социологик нуқтаи назардан таҳлил қилиш, маданий меросга, тарихий шахсларга вульгар муносабатда бўлиш, ижодкорлар асрларидан ғоявий камчилик излаш ва сиёсий айбловлар эълон қилишдан иборат эди. Чунончи, М.Ваҳобовнинг мақоласида П.Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи ҳақида фикр юритилиб, ёзувчига ўтмишни, айниқса, Бобур сиймосини идеаллаштириш, иккинчи мақолада эса Шукрулло, С.Кароматов ва яна бошқа бир неча ёш ижодкорларга ғоясизлик айби қўйилди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби сиёсий айблар битилган мақолалар шўролар даври учун тасодифий ҳодиса эмас эди. Маълумки, 30-50-йилларда ҳам худди шу мазмундаги ноҳақ айбномалар туфайли кўплаб истеъдодли ижодкорлар жисмонан ва маънан қатағон қилинганди. Шуниси қувонарлики, 80-йиллардаги юқоридагидек хуружлари билан шўро жаллодлари ўз мақсадларига эриша олмадилар. Зеро, энди давр ўзгара бошлаган, қўрқув исканжасидан қутилаётган янгича тафаккур тарзи юзага келаётган эди. Шу боис, сиёсий-мафкуравий тазйиқларга қарши илғор қарашга эга бўлган зиёлилар якдиллик билан кураш олиб бордилар. Чунончи, М. Қўшжонов, О.Шарафиддинов, Н.Худойберганов, Н.Каримов ва бошқа фаол танқидчиларнинг матбуотда чоп этилган мақолаларида бундай салбий кўринишларга кескин зарба берилди.
80-йилларда юзага кела бошлаган янгича тафаккур тарзи адабиётшунослик ва адабий танқиднинг асосий тадқиқ объектларини, мавзу йўналишларини, тадқиқ ва таҳлил мезонларини, тамойилларини белгилаб берди. Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришгандан сўнг бу ҳаракат изчил тус ола бошлади.
Хўш, бу давр адабиётшунослиги ва адабий танқидчилигида асосан қандай муаммолар хусусида баҳс юритилди? Мазкур соҳалар тадқиқ ва таҳлил тамойилларини, методологик хусусиятларини қай йўсинда янгилади? Бадиий асарга қандай мезонлар асосида ёндошилди? Бу каби саволларга жавоб топиш бугунги адабиётшунослик ва адабий танқид илми олдида долзарб вазифа бўлиб турибди. Уларга қониқарли жавоб топмасдан бугунги адабий танқиднинг ҳақиқий қиёфасини аниқлаш қийин.
Бизнинг назаримизда, сўнгги ўн-ўн беш йил ичида адабиётшунослик ва адабий танқиднинг етакчи тенденцияларини, тадқиқ ва таҳлил кўламини асосан қуйидаги масалалар ташкил этади:
1.Адабиётшунослик ва адабий танқидда метод ва методология муаммолари. Тадқиқ ва таҳлил принципларининг муштарак ва ўзига хослиги масалалари.
2.Адабий меросни  қайта баҳолаш масаласи.
3.Бадиий асарга янгича муносабат масаласи.
Ушбу масалаларнинг кейинги иккитасини, характер хусусиятидан келиб чиқиб, алоҳида бобларда ўрганиш зарурати бор.
Ўтган аср саксонинчи йилларининг иккинчи ярмида ижтимоий ҳаётда юз бера бошлаган ўзгаришлар, айниқса, мустақилликка эришганимиздан сўнг адабий танқиднинг методологик тамойилларидан бири-концепцияни янгилаш долзарб муаммога айланди. Жумладан, Наим Каримов «Қайта қуриш ва адабий танқид» сарлавҳали мақоласида концепциянинг янгиланиши, яъни янгича «танқидий-эстетик тафаккурнинг шаклланиши» узоқ давом этадиган жараён эканлигини таъкидлайди. Чунки «адабий танқиддаги қайта қуриш деганда мавжуд нуқсонларни бартарф этиш, танқидчиликда саёзликка, субъективлик ва ғаразгўйликка, хушомадгўйлик ва мадҳиябозликка, ёзувчининг ғоявий-бадиий ниятини тушунмаслик ёки нотўғри талқин қилишга қарши кескин кураш олиб боришни англатади" .
Дарҳақиқат, таъкидланган бу муаммолар қисқа вақтда осонгина ҳал бўладиган масалалар эмас. Зеро, бу иллатлар шўро даври сиёсатининг оқибатлари сифатида узоқ вақт пайдо бўлган эди. Н.Каримов тўғри таъкидлаганидек, концептуал янгиланишни, энг аввало, адабий танқидга бўлган салбий муносабатни ўзгартиришдан бошлаш керак. Чунки, мақолада қайд этилганидек, ўша пайтда кўплаб ижодкорларнинг адабий танқидга муносабати яхши эмас эди. Бунга эса, тасодифий авторларнинг мақола ва тақризларида юқорида қайд этилган иллатларнинг намоён бўлиши, баъзан вульгар социологик кўринишларнинг учраши сабаб бўларди. Н.Каримов М.Ваҳобовнинг «Тарих ҳақиқатига зид» ва «Совет Ўэбекистони» газетасида чиққан  «Ғоявийлик-адабиётимизнинг бош мезони» мақолаларидаги ғаразгўйлик ва сиёсий калтабинлик, «ғоявий ҳушёрлик» иллатларни фош қиларкан, эътиборни мазкур иллатларнинг сабабларига жалб этади. Ваҳобовчилик иллатлари фақат бугуннинг маҳсули эмас, балки 40-50-йилларга (аслида 20-йилларнинг охири 30-йилларнинг бошига-Қ.Қ.) бориб тақалишини айтади. Шунингдек, бундай мақолаларнинг юзага келиши шунчаки тасодиф эмаслигини, улар ижодкорларимиз бошига оғир кунларни солгани ҳамда танқидга бўлган салбий муносабатни ҳам шакллантирганини куюниб ёзади: «Аслида ёзувчиларимизда адабий танқидга нисбатан салбий муносабат ана шундай фактлар таъсирида шаклланган. Ёзувчиларимизнинг дилини қон, тилини гунг қилган кишилар ҳам-ўшалар. Шунинг учун ҳам адабиётимиз ва маданиятимизга нисбатан кўнгилида тариқча ҳам ҳурмат бўлмаган, ғоявийлик, синфийлик ва партиявийлик хақидаги шиорлар билан ниқобланган Ваҳобовга ўхшаган кишилардан адабиётни ва ижодкорларни ҳимоя қилишимиз керак» .
Н.Каримов мақоласида умумий мулоҳазаларга таяниб танқид конципциясини янгилаш ҳақида фикр юритган бўлса, Асқарали Шарапов «Танқидий мушоҳада юритиш ва холислик» сарлавҳали мақоласида конкрет таҳлил орқали танқидчиликдаги баъзи нуқсонлар: танқид этикасига риоя қилмаслик, холислик ва объективликнинг етишмаслиги, «мен биламан, сен билмайсан» қабилидаги менсимаслик иллатларини Очил Тоғаев билан Умарали Норматовнинг А.Ориповнинг «Аёл» шеъри устидаги баҳслари, шунингдек, А.Холлиевнинг Аҳмад Аъзам, Б.Акрамовнинг О.Шарафиддинов қарашларига муносабатлари мисолида кўрсатиб ўтади. Шу билан бирга, танқидда ҳиссий таҳлил билан рационал таҳлилнинг уйғунлигига эришиш самарали натижалар бериши мумкинлигини «Аёл» шеъри таҳлили орқали кўрсатишга ҳаракат қалади.
80-йилларнинг охири 90-йиллар танқидчилигини кўздан кечирганда концепцияни янгилаш  зарурлиги ҳақида кўплаб мулоҳаза ва таклифлар, фикрлар, кузатишу мушоҳадалар баён этилганини кўриш мумкин. Бу мушоҳадаю мулоҳазалар ғоят ранг-баранг бўлиб, баъзан бир-бирини тўлдирса, баъзан инкор этади. Шунга қарамай, уларни ўзаро боғлаб турадиган бир муштарак хусусият бор эди. У ҳам бўлса, тоталитар тузум зўравонлиги асосига қурилган сохта тамойиллардан қутилиш, уларнинг ўрнига бадиият қонуниятларини ўзида мужассамлаштирган, эркин фикр юритишга имкон яратадиган тамойилларни тадбиқ этиш истагидир.
Адабий танқид концепциясининг янгиланиши кўплаб ғоят муҳим масалаларнинг ҳал этилиши билан характерлидир. Жумладан, шўро даврида ҳукм сурган концепциянинг асл моҳиятини англаб олиш, унинг асосий жиҳатларини тўғри тафтиш қилиш, қолаверса, адабиётнинг, бадиий асар концепциясининг янгиланиши зарурлиги, адабий танқиднинг эски методологиядан фарқли янги методологик асосини яратиш ва ҳокоза. Бу муаммолар 90-йиллардаёқ метод ва методология масалаларига бағишланган аксарият мақолаларда ўз ифодасини топа бошлади. Жумладан, адабиётшунос ва олим Х.Дўстмуҳаммад «Концепцияни янгилаш учун...»  мақоласида бу ишни аввало «...ҳаётни бадиий идрок этиш борасидаги шаклланган қадриятларимизни очиқ-ойдин тафтиш қилишдан, ёзувчилармиз концепцияларини ўрганишдан бошлаш керак», деган талабдан келиб чиқиб, Қодирийнинг «Ўткан кунлар», «Обид кетмон», Ойбекнинг «Қутлуғ қон» асарлардаги етакчи концепцияларни аниқлашга ҳаракат қилди.
Танқидчи таҳлиллар асосида «Ўткан кунлар» романининг бош концепциясини инсоний муносабатлар тасвири ташкил этади, деган хулосани беради. «Обид кетмон» романида эса, кўпроқ ижтимоий муносабатларни тасвирлаш етакчилик қилишини таъкидлайди. «Ижтимоий ҳаёт тарихи, сиёсий қарашлар зиддияти ҳақида гап борганда синфий тушунчалар, синфий қадриятлар ҳал қилувчи омил ҳисобланади». Х.Дўстмуҳаммаднинг фикрича, шўро даври адабиётининг концепциясини, асосан, ижтимоий муносабатлар тасвири орқали юзага келадиган синфийлик ва партиявийликка таянган ғоя ва мафкура ташкил этади. Танқидчининг бу фикрларига қўшилган ҳолда, унинг «Қутлуғ қон» романи қисқа таҳлилидан чиқарган барча хулосаларига (хусусан, оқ-қора рангларнинг беҳад қуюқлаштириб тасвирлангани ҳақидаги) тўла қўшилиш қийин. Гарчи роман социалистик реализм методининг намунаси, унда воқелик, конфликт синфийлик ва партиявийлик нуқтаи назаридан ёритилган бўлса-да, ёзувчи аксарият ўринларда ҳаёт ҳақиқати ва характер мантиғига риоя қилганини таъкидлаш зарур. Танқидчининг келган хулосаларидан аён бўлаётирки, ижтимоий муносабатлар тасвирига асосланган синфий ва партиявий мафкурага таянилган эски концепциядан воз кечиш зарур ва унинг ўрнига инсоний муносабатларга асосланган  концепция бўйича ижод қилиш лозим. Шундагина қаҳрамонларни жамиятда тутган мавқеларига, яъни бой ёки камбағаллилигига, ишчи ёки чўпонлигига қараб эмас, балки уларнинг ички оламига, руҳий-маънавий дунёсига, феъл-атворига асосланиб таърифлаш, тавсифлаш мумкин бўлади. Бундай асарларни таҳлил қилган танқид ҳам ўз концепциясини асар моҳиятидан келиб чиққан ҳолда янгилаб боради. Танқидчининг ушбу хулосаси муҳумлигини таъкидлаш жоиз, албатта.
Хўш, Х.Дўстмуҳаммад назарда тутган шўро даври адабиёти, хусусан, ўша даврда ижод қилган ёзувчиларнинг концепцияларини қай тарзда тафтиш қилган, баҳолаган маъқул? Уларнинг қайси жиҳатларидан воз кечиб, қайси жиҳатларини адабий жараёнга хизмат қилдириш лозим? Айни шу саволлар 90-йиллар бошидаги танқидчилик олдида долзарб бўлиб турганди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида уюштирилган «Тавбадан тозаришгача...»  сарлавҳали давра суҳбатида юқоридаги сингари саволларга жавоб топишга ҳаракат қилинган. Давра суҳбатида иштирок этган адиб ва олимлар О. Ёқубов, М. Қўшжонов, Шукрулло ва Тоҳир Малик шахсга сиғиниш даври иллатларининг ҳаётга ва адабиётга етказган салбий оқибатлари, минглаб бегуноҳ инсонлар қатағон қурбони бўлишгани, улар орасида А.Қодирий, Чўлпон, Фитрат, У.Носир каби кўплаб улуғ истеъдод соҳибларини ҳам мустабид тузум аямаганини айтишган, уларнинг ҳаёти ва ижодига оид барча маълумотларни, материалларни ўрганиш ва халққа рўй-рост етказиш зарурлигини таъкидлашган.
Суҳбатда иштирок этган Б.Қосимов ва У.Қўчқор эътиборни тоталитар тузумни юзага келтирган омилларнинг туб моҳиятини очиб ташлаш лозимлигига қаратишган. Жумладан, Б.Қосимов 1917 йиллги октябр тўнтаришидан кейинги толатўп вазият ҳақида гапириб, шундай дейди: «...анча вақт «Ким кимни енгади?», деган савол қўйилди ва у 20-йилларнинг охирида  «янги турмуш» фойдасига ҳал бўлди. Лекин у билан айни бир пайтда «Ким ҳақ?» деган савол ҳам қўйилган эди. Буни кўпроқ адабиёт қўйди. Бу, айтиш керакки, ҳозирда ҳам саволларнинг саволи бўлиб турибди. Унга, йил сайин, тўғрироғи, қатағон йиллардан  ёруғлик томон юрганимиз  сайин босиб ўтган йўлимизнинг ягона тўғри йўл эканлигига шубҳа кучайиб бормоқда».
Дарҳақиқат, октябр тўнтаришидан кейинги давр ҳаётини тафтиш қилишга даъватлар ҳали шўролар тузуми қуламасданоқ халқимизнинг мутақилликни орзу  қилиб, унга интилиб  яшаганидан, тоталитар тузум ғояларига шубҳа билан қарай бошлаганидан далолатдир. Бу ҳол эса, ўша пайтдаёқ  тафаккур тарзининг ҳам  янгиланаётганини кўрсатганди. У.Қўчқор қатағон сиёсатининг миллий маданиятига, адабиёт ва санъатга кўрсатган салбий таъсири ҳақида гапириб, маданий ҳодисаларга, адабиёт ва санъат асарларига уларнинг бадиий-эстетик қимматига қараб эмас, балки синфий-инқилобий ғоясига қараб баҳо берилгани тузумининг синфий моҳияти миллийликни, бошқа бирор-бир дунёқарашни тан олмаганини, шу боис, ўз синфий моҳиятига мос бўлмаган ҳар қандай фикрни мавҳ этганини таъкидлайди.
Дарвоқе, давра суҳбатининг «Тавбадан тозаришгача...» деб номланганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, етмиш йил давомида кўплаб бегуноҳ инсонларнинг, биринчи галда, ижодкор, зиёли, олим ва давлат арбобларининг қатоғонга дучор бўлишида воситачилик қилиб,  билиб-¬билмай, мустабид тузум тегирмонига сув қўйганлар ҳам бўлдики, эндиликда улар ўша гуноҳлар учун тавба-тазарру қилишлари лозим, деган фикр давра суҳбатида дадил айтилди. «Энг улуғ иш-ўтмиш хатоларидан буткул воз кечишимиз, шунинг бараварида тавба-тазарру қилиш ҳали ўз юксак мақомида адо этилганича йўқ. Ҳолбуки, тозаришнинг, покланишнинг муборак йўли тавбадан бошланади. Албатта, у ғоят машаққатли, лекин келажак ҳаётни–тоза ҳаётни усиз тасаввур қилиб бўлмайди» (И.Ғафуров). Мустақиллик арафасида айтила бошланган бундай фикрлар янгича дунёқараш, янгича концепциянинг илк куртаклари эди. Бу куртаклар мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ ғунчалаб, адабиёт ва санъат, адабий танқиддаги янгиланаётган концепциянинг етакчи тамойилларини белгилашда муҳим роль ўйнади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юқорида кузатилганидек, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшуносу танқидчиларнинг илғор қисми мустақилликкача бўлган даврдаёқ янги типдаги адабиётнинг ўзига хос шакл-шамойили ҳақида фикр юрита бошлаган экан, бу ҳол уларнинг янги даврга ҳам руҳий-психологик жиҳатдан, ҳам ақлий-амалий томондан маълум тайёргарлик босқичини ўтаганини билдиради. Шунинг учун ҳам истиқлолнинг дастлабки пайтларидаёқ «Истиқлол адабиёти қандай бўлиши керак?», «Янги адабиётнинг асосий мезонлари нимадан иборат?», «У кимни ва нимани тадқиқ этади, кимга ва нимага хизмат қилади, қай йўллардан юриб, қай манзиллар сари боради?» қабилидаги кўплаб саволлар кун тартибига қўйилди.
Истиқлолнинг илк йилларида (1993) Президент И.Каримовнинг бир гуруҳ ижодкорлар билан учрашуви бўлди. Учрашувда биринчи марта истиқлол даври ўзбек адабиётининг методологик асосини демократик тамойилларга асосланган, умуминсоний ва миллий қадриятларни ўзида мужассамлаштирган мустақиллик мафкураси ташкил этиши лозимлиги ҳақида фикрлар айтилди. Яратилажак мафкура қандай бўлиши лозим, деган масала ҳам қизғин муҳокама этилди. Мазкур масала юзасидан «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг мустақиллигимизнинг  икки йиллиги арафасида ташкил этган «Истиқлол ва адабиёт»  (1993 йил, 6 август сони) мавзусидаги давра суҳбатида характерли фикрлар ўртага ташланди.
Суҳбатда иштирок этган О.Ёқубов, А.Орипов, О.Шарафиддинов, Т.Малик, Т.Қаҳҳор ва Х.Дўсмухаммад яратилажак мафкуранинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этишди. Мустақиллик мафкураси коммунистик мафкурадан батамом фарқ қиладиган, синфийлик ва партиявийликдан холи, халқимизнинг азалий орзулари, турмуш тарзи урф-одатлари, анъаналари билан чамбарчас боғланган миллий мафкура бўлиши лозимлиги таъкидланди. Жумладан, О.Ёқубов мустақиллик даври ижодкорининг асосий вазифаларидан бири «миллатимиз учун, она юртимиз учун, фарзандларимиз бахт-саодати учун бутун иқтидорини бағишлашдан иборат бўлмоғи керак», деб ҳисобласа, А.Орипов «мафкура» сўзининг замирида маълум фикр ётишини ва адабиётдаги мафкурани ифодалайдиган мазкур фикр соғлом бўлиши лозимлигини таъкидлади. О.Шарафиддинов ва Т.Малик адабиётнинг вазифаси ҳақида сўз юритиб, адабиёт мустақилликни мустаҳкамлаш, мустақиллик мафкурасини яратиш йўлида миллат онгини тарбиялаши, унинг маънавий дунёсини янгилаш йўлида хизмат қилиши зарур, деган фикрни ўртага ташлашди. Т.Қаҳҳор аслида адабиётдаги мафкура миллий замин билан боғлиқлигини энг қадимги ёзма ёдгорликларда ҳам миллат ва давлат, ватан тушунчалари зикр этилгани ҳақида гапириб, «Бугунги адабиёт ўша эски тамал тошлар устида турар экан, демакки, бугунги миллий мафкура ҳам боболаримиз қурган давлатлардаги мафкура тажрибаларига таянмоғи табиийдир», деган хулосага келади.
Т.Қаҳҳор диққатни яна бир муҳим масалага қаратади. Гап шундаки, ўша йилларда «Биз мустақил бўлдик, энди яратилажак адабиётимиз ҳар қандай мафкурадан холи бўлиши керак», деган қараш ҳам тарғиб қилина бошлаган эди. Жумладан, Қозоқбой Қашқирлининг «Таҳлил машаққатлари» сарлавҳали мақоласидаги Ш.Холмирзаевнинг «Адабиёт ўладими?» мақоласига муносабат билдириб ёзган қуйдаги фикрлари характерлидир: «Мақолада ҳар қандай, ҳатто энг олийжаноб мафкура ҳам моҳият эътибори билан адабиётга нисбатан зўрлик эканлиги марксизм-ленинизм идеологияси мисолида жуда ишонарли кўрсатилган. Зеро, мафкурага асосланган тузум, жамият шахс эркига, ижод эркинлигига дахл қилмаслиги мумкин эмас».
Т.Қаҳҳор шундай мазмундаги фикрларга муносабат билдириб, адабиёт учун мафкура зарурий шартлардан бири эканлигини мантиқан шундай далиллашга уринади: «Чунки, аввал таъкидлаганимиздек, давлат ва мафкура жисму жондир, адабиёт, тарих, маданият унинг ҳаётида руҳ берувчи бир қайноқ булоқдир. Давлат, мафкура, адабиёт бир бўлгани учун ҳам қаҳрамон оталаримиздан Қултегин тош китобидаги «Эй, турк элим, бошингдаги осмон босиб тушмаган бўлса, остингдаги ер ёрилмаган бўлса, халқингни ким қул қилди?» деган мазмундаги сўзлар битилган. Шунинг учун ҳам Қашғарли Маҳмуд «Турк сўзлари девони»ни ёзади ва бу билан араблар босқинидан кейин ёзуви йўқотилган, тили ўлимга маҳкум қилинган Туронда яшаган боболаримизнинг турк сўзлари, тарихлари, ота сўзларимиз, қўшиқларимиз сақланиб қолди. Бу ҳам мафкурадир, адабиётнинг айни миллий сиёсат билан боғлиқ эканидир. Чунки адабиёт миллатнинг яшаши учун, сақланиши учун хизмат қилади».
Бундай нуқтаи назарнинг тўғрилиги, адабиётдагина эмас, балки жамиятнинг барча жабҳаларида ҳам, хусусан, давлатчиликни барпо этишда ҳам мафкура муҳим роль ўйнашини кейинги ўн йиллик тарих исботлади. Ш.Холмурзаев ҳам ўзининг «Адабиёт ўладими?» мақоласида мафкура борасида илгари сурган фикрларидан воз кечиб, «Тафаккур» журналининг 1999 йил 1-2-сонларида эълон қилинган «Жамиятнинг мақсади, яъни мафкура бобида ўйлар»  номли эссесида миллий мафкуранинг яратилаётганлигини ва у умуминсоний қадриятларни ҳам ўзида мужассамлаштира олганини ифтихор билан эътироф этади.
Миллий мафкурада умуминсоний қадриятлар масаласи жуда муҳим ўрин тутади. Чунки миллий мафкура, миллийлик масалалари ғоят нозик тушунчалардир. Бунда «миллийлик» тушунчаси билан «миллий маҳдудлик» тушунчасини бир-биридан фарқлаш лозим бўлади. Юқорида тилга олинган давра суҳбатида Х.Дўстмуҳаммад масаланинг шу жиҳатига диққатни қаратиб, адабиётимиз фақат миллий анъаналар асосидагина ривожланиши мумкин эмас, дейди. Адабиётнинг ҳар томонлама ривож топиши, юксак ютуқларга эришиши учун миллийлик билан бирга умуминсоний қадриятларни ўзида мужассамлаштирган жаҳон адабиётидаги турли оқим ва йўналишларда битилган асарлар, хорижлик машҳур адиблар тажрибасини ўзлаштириши зарур ва улардан адабиётимизда фойдаланиш лозим.  «Миллийлик ўз қобиғига ўралган, «бобомдан қолгани кифоя, ўзим ҳеч нарса орттирмайман» қабилида иш тутадиган тушунча эмас. Ҳозирги ўзбек бадиий тафаккури тўқимасига сингиб кетадиган, дунёни тўкисроқ, янгироқ идрок этишга ёрдам берадиган нимаики йўсин ва услублар бор экан, улар ўзбек миллий адабиётига ёт бўлмаслиги керак», дейди Х. Дўстмуҳаммад.
Шу боис, мустақилликнинг дастлабки пайтларидаёқ адабиёт аввал қандай эди-ю, энди янги типдаги адабиёт қандай бўлиши лозим, деган масала кун тартибининг асосий муамосига айланди. Бунда асосий эътибор адабиётнинг ижтимоийлиги, мафкура билан муносабати, оммавийлиги ва тарбиявийлиги, бадиий-эстетик тамойиллари масаласига қаратилди. Жумладан, Қ.Йўлдошевнинг «Ёниқ сўз»  китобида жамланган кўпгина мақолаларнинг асосий мавзусини юқорида қайд этилган масалалар ташкил этади.
Олим ўз кузатишларида ўтган асрнинг 80-90- йилларида қизғин баҳс-мунозараларга асос бўлган адабиёт тарихини даврлаштириш муаммосига тўхталиб, бошқа қарашлардан фарқли равишда ҳар бир даврни ижтимоий-тарихий ўзгаришлардан эмас, балки бадиий тафаккурдаги эврилишлардан, яъни адабиётнинг ўзига хос ички тараққиёт қонуниятларидан излайди. Шу асосда адабиёт тарихини учта катта даврга-Исломгача бўлган даврдаги адабиёт, Ислом таъсиридаги адабиёт, Жаҳоний таъсирлар даври адабиётига ажратади ва ҳар бир давр адабиётининг етакчи хусусиятларига доир қарашларини баён этади. Олим кейинги даврни «Янги ўзбек адабиёти» деб атайди ва унинг асосий хусусиятларини, ички тараққиёт тамойилларини янги босқичларга ажратиб талқин қилади. Олимнинг маданий меросни қайта баҳолашдаги кузатишлари,  асосан, мана шу даврга, аниқроғи, ХХ аср ўзбек адабиёти ва унинг бир қисми бўлган шўро даври адабиётига тааллуқлидир.
Қ.Йўлдошов ХХ аср ўзбек адабиётининг етакчи хусусиятларини, ижтимоийлашувининг моҳиятини, сабаб ва оқибатларини теран талқинлар асосида кўрсатиб беради. Унинг фикрича, мумтоз адабиёт хос одамларга аталиб, уларни қаҳрамон сифатида тасвирлаган бўлса, кейинги давр адабиёти ўз «эстетик аршидан тирикчилик заминига тушиб» ижтимоий ҳаётни ва турмуш ташвишларига кўмилган оддий одамларни, уларнинг кундалик ўй-хаёлларини тасвирлай бошлаган адабиётга айлана борган (30-бет). Шунга кўра, адабиётнинг вазифаси ҳам ўзгара бошлаган. Яъни адабиёт ўзининг соф санъатлигидан чекиниб, ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқадиган, ташвиқот қиладиган ижтимоий-эстетик ҳодисага айланган. Шу боис, унда халқчиллик кучайди, тили жонли халқ тилига яқинлашди, жанр имкониятлари кенгайди. Олимнинг хулосаларига кўра, бу ўзгаришлар бошданоқ ижтимоийлашган Ғарб адабиёти таъсирида юзага келди ва айниқса, шўро даври адабиётида авж нуқтага кўтарилди. Оқибатда адабиёт нафақат ижтимоий мазмун касб этди, айни чоғда, ҳоким мафкура ғояларига хизмат қилиб, ҳукм-хулосалар чиқариб, қарорлар қабул қилувчи давлат ишига айлантирилди. Адабиётда инсоннинг ўзи эмас, унинг фоалияти тасвири етакчилик қила бошлади.
Қ.Йўлдошев қарашларида шўро даври адабиётига нописанд муносабат сезилмайди. Унинг ўзи таъкидлаганидек, бу даврда адабиёт кўп нарсаларга эришди ҳам, роман, қисса, ҳикоя каби ўнлаб жанрлар ўзлаштирилди. Натижада «Ўткан кунлар»дан бошлаб «Ўғри» каби ўнлаб бадиий мукаммал ва жаҳоний синовларга бардош берадиган кўплаб асарлар яратилди (30-бет). Олим фикрларининг тасдиғини шўро даврида яшаб ижод қилган Ғ.Ғулом, М.Шайхзода, Миртемир, У.Носир, шунингдек, ижоди билан ўша замонда бошлаб элга танилган А.Орипов, Ў.Ҳошимов, Ш.Холмирзаев, Р.Парфи, Ш.Раҳмон, З.Аълам, А.Суюн сингари ижодкорларнинг асрларига доир кузатишларида ҳам кўришимиз мумкин.
Қозоқбой Йўлдошев мақолаларида бадиий адабиётнинг эстетик жиҳатига, яъни унинг «соф санъат» эканлигига урғу қаратади. Айни чоғда, адабиётнинг оммавий бўлиши лозимлигини  инкор қилади. Диди юксак, савияси ўта юқори кишилар-хос одамларгамўлжаллаб ёзилган асарларнигина чинакам санъат намуналари, деб ҳисоблайди. Шу нуқтаи назардан, олим бадиий асарнинг мафкуравийлигини ҳам инкор этади. Мустақилликдан кейинги янги адабиётни аслига – «соф санъат»лигига қайтаётган адабиёт сифатида кўради ва уни ўнта асосий хусусиятини шарҳлайди.
Адабиётшунос Дилмирод Қуронов эса, бу каби қарашларга муносабат билдираркан, айни муаммоларни узил-кесил ечимга эга, аниқ-тиниқ ҳукм-хулосалар чиқаришнинг  имкони бўлмаган тушунчалар сирасига киритади. У Чўлпоннинг «Адабиёт надур» деган мангу саволини ўртага қўяркан, мазкур саволга турли даврларда турлича жавоблар берилганлигини, бироқ бугунги кунда ҳам ушбу савол кун тартибидаги асосий масала бўлиб қолаётганлигини таъкидлайди ва , уларга ўз муносабатини Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўғри», Ойбекнинг «Наъматак» асарлари таҳлили орқали билдиради. Олим адабиётнинг ўзига хос табиатини ижод жараёни билан боғлаб талқин этишга ҳаракат қилиб, ижодкорнинг билишга эҳтиёжини ижодга олиб борувчи йўл сифатида таъкидлайди ва бу эҳтиёж билишга қаратилганлиги боис ҳам ижтимоийликка дахлдор, деган хулосага келади. Асарни яратилиши, яъни генетик жиҳатига кўра ижтимоий ҳодиса, деб баҳолаган мунаққид фикрича, бадиий асарда ижтимоийлик билан шахсийлик қоришиқ ҳолда келади, фақат уларнинг даражаси, нисбати турли асарларда турлича намоён бўлади. «Инсоннинг кўнглидаги туйғулар, изтироб-у қувончлар келиб чиқиши жиҳатидан ижтимоий эмас-ми?»  
Д. Қуронов бу фикрини асослаш учун Абдулла Ориповнинг «Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси» сатри билан бошланувчи табиат манзараси тасвирига бағишланган (аслида эса, руҳий ҳолат, кайфият манзараси чизилган) шеър таҳлилида ундаги дардни ижтимоий дард, деб таърифлайди ва уни шеър ёзилган давр, яъни 1967 йил билан боғлаб талқин этади. «Ҳассос шоир ўзини қийнаган ДАРД суратини табиат манзарасида кўради, «баҳор кунларидаги куз ҳавоси»дан келган изтиробини, аламу ўкинчини ифодалайди. Жамиятнинг кўзи очиқ аъзоларини изтиробга солган бу ижтимоий дард шоирнинг шахсий дардига айланган, дарднинг шахсийлашиш даражаси шунчаларки, биз шеърни «кўнгил шеърияти» дейишга-да, уни «соф санъат» намунаси сифатида баҳолашга-да мойилмиз» (ўша китоб, 22-бет). Мунаққид адабиётдаги юзаки, яланғоч талқин этилган ижтимоийликка қарши, бироқ айни пайтда бадиий асарлардаги том маънодаги ижтимоийликни инкор этувчиларнинг фикрига ҳам қўшилмайди.
Д. Қуронов ўз муносабатини билдирган масалалардан яна бири адабиёт оммавий бўлиши керакми ёки у хос кишиларга мўлжалланган бўлиши керакми, деган масаладир. Бу масалада у шундай фикрни илгари суради: «Бир қарашда бу баҳс ниҳоясиздек, уни ҳал қилиб бўлмайдигандек кўриниши мумкин. Бироқ, унутмаслик керакки, муаммонинг ечими баҳс бир томонга ҳал бўлганидагина топилади дейишлик хато, кўп ҳолларда баҳснинг ечими муросада бўлади. Зикр этилган баҳснинг ечими ҳам, бизнингча, муросададир».  (24-бет).
Айни хулоса олимнинг масалага тўғри ёндашаётганидан далолат беради. Зеро, чинакам бадиий асарни хос кишиларгина ўқиши керак, қабилида ёндашиш адабиётнинг вазифасини бирёқлама талқин этишга йўл очади. Зотан, Д.Қуронов таъкидлаганидек, китобхонларнинг диди ҳар хил ва улар ўз дидлари, савияларига мос асарларни танлаб мутоала қиладилар. Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш керакки, Д. Қуронов бадиий асарнинг эстетик қиммати билан ундаги ижтимоий талқинни бирдек кўраркан, уларнинг нисбати насрда кўпроқ, назмда камроқ бўлади, деган фикрни билдирадики, бунга қўшилиб бўлмайди. Чунки бадиий асар, энг аввало, эстетик ҳодиса. Шу боис, китобхонни ундаги ижтимоий ҳодисалар тасвири ва талқинигина эмас, энг аввало, бадиий-эстетик мазмуни қизиқтиради. Бундан ташқари, инсонга табиатан ижтимоий ҳодиса, деб қараш ҳам бирёқлама. Ваҳоланки, инсон нафақат ижтимоий, балки биологик ҳодиса ҳамдир. Агар одам биологик жиҳатдан мукаммаллик бўлмаса, бошқача айтганда соғлом бўлмаса, у том маънодаги ижтимоий ҳодисага айлана олмайди.
Бинобарин, биз юқорида келтирган икки олимнинг бир-бирига зид қарашларини бугунги кунда адабиётни тушунишдаги икки хил тамойил, деб оладиган бўлсак, уларнинг бирини асосли, иккинчисини асоссиз, деб ҳукм чиқаришдан тийилиш лозим бўлади. Негаки, гап илмий-назарий қарашларни шакллантириш ҳақида кетаркан, ҳар иккала қарашдаги энг характерли жиҳатлар уйғунлаштирилиб, муайян хулосалар чиқарилса, бу методологик жиҳатдан мақбул йўл бўлади.
Хуллас, юқоридаги кузатишлардан шундай тўхтамга келиш мумкин: истиқлол даври танқидчилиги ўзининг методологик асосларини синфийлик ва партиявийликка асосланган шўро даври танқидчилигидан тубдан фарқ қилувчи тамойиллар асосида янгилай бошлади. Бу янгиланиш, энг аввало, танқидчи дунёқараши ва илмий концепциясидаги ўзгаришлар билан боғлиқ ҳолда намоён бўлди. Бу давр танқидчилигида методологияга фақат илмий билиш методлари ёки  методлар назарияси ҳақидаги таълимот деб эмас, балки, энг аввало, адабий жараёнда кечаётган етакчи тенденцияларни тезкорлик билан талқин этиб, илмий муаммо сифатида адабиёт илми олдига қўядиган ва шу тариқа илмий йўналишларни тўғри ечим  сари йўналтирадиган яхлит тизим, деб билиш етакчилик қилмоқда. Бу жараёнда диалектик ёндашувдан ташқари гнесологик, онтологик, аксиологик ва снергетик ёндашувлар ҳам амал қила бошлаганлигини кузатиш мумкин.  Бадиий асарни тайёр назарий қолиплар воситада эмас, балки матннинг моҳиятидан келиб чиқиб талқин этиш устивор йўналишга айланиб бормоқда. Бу хил янгиланиш жараёнида нафақат ташқи омиллар, балки, энг аввало, ички омил-мунаққид «мен»и ҳал қилувчи аҳамият касб этишига эърибор қаратилаётир.

2-БОБ.  ТАНҚИДДАГИ ТАРИХИЙЛИК ПРИНЦИПИ: ЗАМОН ВА ТАДРИЖ.