Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Ғазаллар. НОДИРА
Facebook
Ғазаллар. НОДИРА PDF Босма E-mail
Материал индекси
Ғазаллар. НОДИРА
1
2
3
Ҳамма саҳифа

Нодира XIX  асрнинг  биринчи  ярмида  Қўқонда  яшаган  ва  ижод  этган  талантли шоиралардандир. Нодира шеърлари ўзининг юксак бадиийлиги ва чуқур мазмундорлиги билан ажралиб туради.
Нодира  тахминан XVIII асрнинг охирги чорагида Андижон шаҳарида  туғилди. Унинг отаси Раҳмонқул  қушбеги  Қўқон  ҳукмрони  Норбўтабийнинг  яқинларидан  бўлиб,  асли  ўзбекларнинг Минг уруғидандир.
Нодиранинг  номи  Комила  бўлиб,  Нодира  унинг  адабий  тахаллусидир.  Комила  ўзининг гўзаллиги, ақл, одоби билан машҳур бўлган эди. Шунинг учун ҳам кейинча Қўқон хони бўлган Умархон (1811 — 1822  йилларда  ҳукмронлик  қилган)  унга  ғойибона  ошиқ  бўлиб, 1808  йили Нодирага  уйланади  ва  уни  Қўқонга  олиб  келади.  Нодиранинг  ижодий  маҳорати  Қўқондаги адабий  гуруҳлар  ичида  ва  уларнинг  таъсири  остида  такомил  топди.  Нодира  ғазалларининг асосий  мазмуни  инсонпарварлик, муҳаббат  ва  садоқатни  улуғлашдир.  Нодира  ҳар  доим инсонпарварлик ғояларини; адолат, инсоф, халқ манфаатларини кўзлашни тарғиб қилар эди. У хонга қарата бундай деб ёзади:

Бўйлаким мумтоз эрурсен барча султонлар аро, 
Шод қилғил бандаларнинг кўнглини эҳсон этиб... 

Фуқаро ҳолиға гар боқмаса ҳар шоҳ, анга 
Ҳашмату салтанту рафъату шон барча абас.

Шоҳ ўлдирки райятга тараҳҳум қилса, 
Йўқ эса қоидаи амну омон барча абас.

Шоира  инсон  қадри  қийматини  юқори  қўйди,  унинг  руҳан  бой  ва  мазмундор  бўлишини куйлади. Бу эса унинг муҳаббат туйғуларини чуқур сеза олиши билан боғлиқ эди. Шунинг учун ҳам у инсонийлик ва муҳаббатнинг мавжудлигигина инсонинг ҳақиқий инсон эканига далолат беришини қайта-қайта такрорлайди:

Муҳаббатсиз киши одам эмасдур, 
Гар одамсен муҳаббат ихтиёр эт.

Нодира, жоми муҳаббатни лабо-лаб ичибон, 
Мастлик бирла қилай ишқ намозини адо.

Жаҳонда, Нодира, ишқ ихтиёр эт 
Муҳаббатсиз кечурғон ҳайф авқот.

Нодира  куйлаган  муҳаббат  инсонлар  ўртасидаги  қалбнинг  қалбга  интилиши  натижасида пайдо бўлган  соф,  самимий муҳаббатдир. Олижаноб инсоний  туйғу бўлмиш бундай  севгининг энг олий хусусияти — вафодорликни шоира айниқса баланд илҳом билан тараннум этади.

Нодира кўйида бош қўймоғим эрмас ноёб 
Итлари ҳайли эрур мақсади икром менга.

Бўлса то умру ҳаёти боқи, 
Мени илкимдуру домони вафо.

Қўқон  хонлигининг  сиёсий  ва  маъмурий  ҳаётида  ҳам  Нодира фаол  иштирок  этар  эди.  Бу фаолият  Умархон  вафот  этиб,  ўрнига  Нодиранинг  ўғли Муҳаммад  Алихон  ҳокимият  тепасига чиққач (1822 — 1842), айниқса ортди. Халқ ўртасида Нодирани ҳурмат қилиб Моҳлар ойим деб атар  эдилар.  Қўқонда  унинг  ташаббуси  билан  бир  мадраса  бино  қилдирилган  бўлиб,  уни мадрасаи  Моҳлар  ойим  дейилар  эди.  Бу  ерда  шаҳарнинг  кўп  ёшлари  таълим  олгандир.
Жумладан  кейинчалик атоқли ўзбек шоири Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ҳам шу ерда ўқиди.
1842  йили  Қўқон  хонлиги  билан  Бухоро  ўртасида  уруш  бошланиб,  Қўқон  хони Муҳаммад Алихоннннг мағлубияти билан тамом бўлди. Бухоро амири Насрулло ўз қўшини билан шаҳарга бостириб  кириб,  қонли  террор  ўтказди. Халқ молу мулки  талон  қилинди. Амир Насруллининг буйруғи  билан Муҳаммад  Алихон,  унинг  укаси  ва  ёш  ўғли  дорга  осиб  ўлдирилди. Шу  пайтда Нодира ўзининг кичик ёшли набирасини ҳимоя қилиб амирга қараб: «отасини-ку ўлдирдинг, бу маъсум  гўдакда  нима  гуноҳ,  нега  бу  болани  ўлдирмоқдасан,  золим»,  деб  хитоб  қилиб,  уни сақлаб  қолишга  интилади  ва  амирнинг  зулмига  лаънатлар  ўқийди.  Шунда  Насруллонинг буйруғи  билан  жаллодлар  Нодирани  ҳам  тутиб  дорга  осадилар.  Шундай  қилиб,  халқнинг талантли қизи — атоқли шоира Нодира фожиона равишда ҳалок бўлади.
Нодиранинг ўзбек ва тожик тилларида ёзилган шеърларидан ташкил топган тўла бўлмаган девони  бизгача  етиб  келган.  У  ҳозир  УзССР  Фанлар  Академиясининг  Шарқшунослик институтида сақланади. Нодиранинг олижаноб инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи гўзал шеърлари  узоқ  йиллардан  бери  халқ  томонидан  севиб  ўқилмоқда  ва  куйланиб  келмоқда. Шунинг ўзи ҳам жабрдийда шоиранинг хотираси қанчалик азиз эканини намойиш этиб туради.

Азиз Қаюмов.