Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Яшил чироқ. Александр Грин
Facebook
Яшил чироқ. Александр Грин PDF Босма E-mail
Материал индекси
Яшил чироқ. Александр Грин
II
Ҳамма саҳифа

Лондонда 1920-йили қиш пайти Пикаделли кўчасини кесиб ўтган бир чорраҳада яхши кийинган ўрта ёшли икки киши  бир зум тўхташди. Улар ҳозиргина қимматбаҳо бир ресторандан чиққан эдилар. У ерда икковлари кечки овқатдан сўнг шаробхўрлик қилишган, Дрюрилен театрининг артисткалари билан ҳазиллашиб валақлашгандилар.
Енди ерда ҳаракатсиз ётган, тепасига одамлар йиғила бошлаган эски кийимли йигирма беш ёшлардаги йигит уларнинг эътиборини тортди.
— Стилтон! – Семиз жентелмен ўзининг баланд бўйли ошнаси ерда ётган одамга синчиклаб қараётганини кўриб, жирканиш билан унинг енгидан тортқилади. — Ростини айтсам, шу ўлакса одам шунча ўралашишга арзимайди. У маст ёки ўлган.
— Мен очман... ҳам тирикман, - ғўлдиради у бечора бадбахт ва ниманидир ўйлаб қолган Стилтонга кўз ташламоқчи бўлиб сал ўрнидан кўтарилди. — Ҳушдан кетиб, йиқилибман, шекилли.
— Реймар! – деди Стилтон. — Роса ҳазилбоп воқеа бу. Менда бир қизиқ фикр туғилди. Бир хил эрмаклар жонимга тегди. Фақат бир йўл: одамларни ўйинчоқ қиладиган ҳазил – энг яхши ҳазил.
Бу сўзлар шу қадар секин айтилдики, ҳозиргина ерда ётган, энди эса панжарага суяниб турган одам буларни эшитмади.
Ҳамма нарсага лоқайд қарайдиган Реймар энсаси қотиб, елкаларини қисди, Стилтон билан хайрлашиб, тунни ўтказиш учун ўрганган клубига қараб йўл олди. Стилтон эса одамларнинг таҳсини остида ва полисменнинг ёрдами билан ҳолсиз одамни кеб (битта деразали усти ёпиқ арава)га ўтқазди.
Файтон Гай кўчасидаги карвонсаройли  ресторанга қараб кетди. Дайдининг оти Жон Ив экан. Ирландиядан Лондонга  хизматми, ишми излаб келибди. Ив етимликда бир ўрмончининг хонадонида  тарбияланибди. Бошланғич  мактабдан кейин ҳеч қандай маълумот олмабди. Ив 15 ёшга кирганда, тарбиячиси вафот этибди. Ўрмончининг катта болалари кими Америкага, кими Жанубий Уелсга, кими Оврўпога кетиб қолишибди, шундан кейин Ив ҳам бир фермернинг қўлида ишлай бошлабди. Сўнгра шахтёр (кўмир қазувчи), денгизчи, қовоқхона хизматчиси каби ишларнинг тузини  тотишга тўғри келибди, 22 ёшида ўпкаси шамоллаб, қаттиқ касалланибди, касалхонадан чиққач, Лондонга келиб, бахтини синаб кўришга аҳд қилибди. Аммо рақобат ва ишсизлик туфайли тезда иш топиш осон эмаслигини кўрибди. У истироҳат боғлари, бандаргоҳларда тунар, кундан-кунга кўпроқ оч қоларди, натижада озиб-тўзиб, рамақижон бўлиб кетибди. Ситидаги савдо омборларининг бошлиғи Стилтон уни юқорида кўрганимиздай кўтариб олганди.
40 ёшли Стилтон шу пайтгача қўноқ ва овқат ташвишини билмайдиган, пулга нима қилиш мумкин бўлса, ўшанинг ҳаммасини қилиб юрган бўйдоқ киши эди.  У 20 миллион фунтлик мол-мулк эгаси эди. Унинг Ив учун ўйлаб топган майнавозчилик ҳазили жуда арзимаган бир иш эди, аммо Стилтон ўз ихтироси билан ғурурланар- ди, чунки ўзини жуда катта тасаввур қобилиятига эга ва муғомбирона ўй-хаёллар устаси деб билишни ёқтирарди.
Ив озроқ мусаллас ичиб, иштаҳа билан ул-бул еб олгач, Стилтон хаёлида ўзи тўқиган тарихни гапириб берди.
—  Сизга бир таклифим бор, айтсам, шу ондаёқ кўзингиз чақнаб кетади. Диққат билан эшитинг: мен сизга ўн фунт бераман, шарт шуки, сиз эртагаёқ марказий кўчаларнинг биридан бир хонани ижарага оласиз. Деразаси кўчага қараган, ўзи иккинчи қаватда бўлсин.
Ҳар куни кечқурун роппа-роса  соат бешдан кечаси ўн иккигача  ҳар доим битта дераза токчасида яшил қалпоқли чироқ  ёқилган бўлиши керак. Чироқ белгиланган муддатда  ёниб тураркан, сиз соат бешдан ўн иккигача уйдан чиқмайсиз, ҳеч кимни уйга киритмайсиз, ҳеч ким билан гаплашмайсиз. Бир сўз билан айтганда, қийинмас.  Агар рози бўлсангиз, мен сизга ҳар ойда ўн фунтдан юбориб тураман. Сизга кимлигимни айтмайман.
Ив даҳшатли даражада ҳайратга тушди.
— Агар ҳазиллашмаётган бўлсангиз, — деб жавоб берди у, — ҳатто мен ўз номимни унутишга ҳам тайёрман. Аммо, мумкин бўлса, айтинг-чи, менинг бундай тинч ҳаётим қанча давом этади?
— Буниси номаълум. Эҳтимол, бир йил, балки, умр бўйи давом этар.
— Янаям яхши. Аммо сўраганим учун айбга қўшманг – бу яшил иллюминатсия (чароғбонлик) сизга нима учун зарур бўлиб қолди?
— Сир! – деб жавоб берди Стилтон. — Буюк сир! Чироқ сиз ҳеч қачон тушуниб етмайдиган одамлар ва ишлар учун ишора бўлиб хизмат қилади.
— Тушундим. Тўғрироғи, ҳеч нарсага тушунмадим. Яхши: пулни чўзинг ва билиб қўйинг: эртагаёқ мен маълум қилган манзилда Жон Ив чироқ билан деразани ёритиб қўяди!
Шу тариқа ғалати битим тузилди, сўнгра дайди билан миллионер бир-бирларидан мамнун ҳолда хайрлашдилар.
Хайрлашаётганда Стилтон шундай деди:
— ЙЎқлаб олинадиган хатга мана бундай: «3-33-6» деб ёзинг. Яна бир нарсани ёдингизда тутинг, балки бир ойдан кейин, балки бир йилдан кейин, қачонлиги  номаълум, қисқаси, ҳеч кутилмаганда сизни зиёрат қилгани одамлар келишади ва сизни бой қилиб юборишади. Бу нима учун ва қандай бўлишини сизга изоҳлашга ҳаққим йўқ. Аммо бу воқеа, албатта, содир бўлади...
Ив Стилтонни олиб кетаётган файтонга қараб:
— Жин урсин, — деб минғиллаб қўйди ва хаёлга ботганча қўлидаги ўн фунтлик пулни айлантириб кўрди.  — Ё бу одам ақлдан озди, ёки мен ўта бахтли одамларданман! Бор-йўғи кунига ярим литр керосин ёқиб битказишим учун шунча марҳамат ато қилса-я!
Ертасига Ривер кўчасидаги 52-уйнинг иккинчи қаватидаги  бир дераза майингина яшил ёғду  тарата бошлади. Чироқ деразанинг кесакисига тақаб қўйилганди.
Қаршидаги уйнинг йўлкасида икки йўловчи бирмунча вақт яшил деразага қараб туришди, кейин Стилтон шундай деди:
— Мана, кўрдингизми, азизим Реймар, зериккан пайтларингизда шу ерга келинг ва жилмайиб қўйинг. Дераза ортида, анов уйда бир аҳмоқ ўтирибди. Арзон гаровга сотиб олинган, ҳақини бўлиб-бўлиб берса бўладиган, узоқ вақтгача шу ҳолда тутиб туришинг мумкин бўлган бир аҳмоқ.  Зерикканидан бора-бора майхўр бўлиб кетади ёки ақлдан озади... Лекин ўзи билмаган нарсасини кутиб яшайди. Ана ўзи, қара!
Чиндан ҳам, деразага манглайини босиб турган одамнинг қора шарпаси ярим қоронғи кўчага қараб турарди, худдики: «Ким у ерда? Нима қиламан кутиб? Ким келаркин» деб сўраётганга ўхшарди.
— Аммо сиз ҳам ахмоққинасиз, азизим,  - деди Реймар, ошнасини қўлтиқлаб автомобил томонга тортиб кетаркан. —Бу ҳазилнинг нима қизиғи бор?
—Ўйинчоқ... тирик одамдан ўйинчоқ, - деди Стилтон, - энг мазали таом бу!


II

1928-йилда Лондоннинг чекка даҳаларидан бирида жойлашган камбағаллар касалхонаси бирдан даҳшатли оҳ-воҳлар билан тўлди: ҳозиргина келтирилган қари чол, юзлари озиб-тўзиб кетган, ифлос ва ёмон кийинган бир одам  қаттиқ оғриққа чидаёлмай дод-вой соларди. У қоронғи бир бузуқхонанинг қора зинапоясида қоқилиб кетиб, оёғи синибди.
Шўрликни кўрикдан ўтказаркан, тўқималарда дарҳол бошланган шамоллаш жараёнини кўрган жарроҳ уни оператсия қилиш керак, деган хулосага келди. Оператсия муваффақиятли ўтди, чолни ўринга олиб келиб  ётқизишди. У тезда  уйқуга кетди, уйғонганда эса олдида ўзини ўнг оёқдан маҳрум қилган ўша жарроҳ ўтирганини кўрди.
—Учрашган жойимизни қаранг-а! – деди доктор, кўз қарашлари маъюс новча киши, жиддий бир оҳангда. — Мени танияпсизми, мистер Стилтон: Мен — Жон Ивман, сиз менга ҳар куни ёниқ турган яшил чироқ ёнида  навбатчилик қилишни топширгандингиз. Мен сизни бир кўришда танидим.
—Қандай бемаънилик! - ғўлдиради Стилтон унга тикилиб. — Нима бўлди ўзи? Шундай ҳам бўладими ҳеч?
— Ҳа. Сизнинг ҳаёт тарзингизни нима ўзгартириб юборди, ҳаммасини гапириб беринг.
— Мен хонавайрон бўлдим... устма-уст катта-катта ютқазиқлар... биржада ваҳима бўлиб кетди... Мана гадойга айланганимга уч йил бўлди. Сиз-чи? Сиз қандай яшадингиз?
— Мен чироқни бир неча йилгача ёқиб юрдим, - жилмайди Ив, — олдинига зерикканимдан ўқишга тутиндим, бора-бора китоб ўқишга шунчалик қаттиқ қизиқиб кетдимки, қўлимга нимаки тушса, қириб ўқидим. Бир куни, ўша ўзим яшаган уйнинг токчасида ётган эски анатомия китобини очиб ўқидим-у, ҳайратга тушдим. Менинг олдимда  инсон вужудининг бир-биридан қизиқарли сирлар мамлакати кашф бўлди. Мен худди маст одамлардай, бутун тун бўйи шу китобга қадалиб ўтирдим. Эрталаб эса кутубхонага жўнадим: «Доктор бўлиш учун нималарни билиш керак?» — деб сўрадим. Мени масхара қилгандай: «Математика, геометрия, ботаника, зоология, морфология, кимё, биология, фармакология, лотин тили ва ҳоказоларни ўрганинг», — деб жавоб қайтаришди. Аммо мен қайсарлик билан суриштиравердим ва ҳаммасини ўзим учун хотирамга қайд қилиб қўйдим.
Ўша пайтларда мен икки йилдан бери яшил чироқни ёқиб қўяётган эдим, бир куни эса, кечга қараб қайтаётганда (мен энди олдингидай ҳеч қаёққа чиқмасдан 7 соат уйда ўтиришим шарт эмас, деб ҳисоблардим), бошига силиндр кийган бир кишини кўриб қолдим, у менинг яшил чироғимга ачинибми, жирканибми қарар эди.
«Ив – антиқа бир аҳмоқ!» — деб ғўлдиради ўша одам мени пайқамай. — У ваъда қилинган ғаройиб нарсаларни кутяпти... ҳа, у лоақал нимадандир умидвор, мен бўлсам... мен деярли хонавайрон бўлдим!» Шундай деб валдираган одам сиз эдингиз. Сиз яна: «Аҳмоқона ҳазил. Пулни елга совурмасам бўларкан» — деб қўйдингиз.
Мен ҳеч нимага қарамай ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш учун етарлича китоблар сотиб олган эдим. Ўшанда мен сизни уриб ташлашимга сал қолди, аммо сизнинг масхара қилишга қаратилган саховатингиз туфайли маълумотли одам бўлганимнинг хотирини қилдим...
— Кейин-чи?
— Кейин? Яхши бўлди. Агар одамда истак кучли бўлса, у амалга ошиши ҳеч гап эмас экан. Мен билан бир хонада бир талаба йигит яшарди. У менга ҳамдам-ҳамнафас бўлди ва менга ҳар тарафлама ёрдам бериб турди, бир йилдан кейин тиббиёт коллежига кириш учун имтиҳон топширдим. Кўриб турибсиз, қобилиятли одам эканман...
Ўртага жимлик чўкди.
— Мен кўпдан деразангиз олдига келмай қўйгандим, — деб тан олди Ивнинг ҳикоясидан ларзага тушган Стилтон, — кўпдан буён...  анчадан бери. Аммо, назаримда, энди у ерда тун қоронғилигига ёғду таратувчи яшил чироқ ҳамон ёниб тургандек... Мени кечиринг.
Ив чўнтак соатини чиқарди.
— Соат ўн. Айни ухлайдиган пайтингиз, — деди у. — Тахминан уч ҳафталардан кейин касалхонадан кетишингиз мумкин. Ўшанда менга қўнғироқ қилинг, — эҳтимол, мен сизга амбулаториямиздан бирон иш топиб берарман: келган-кетган касалларнинг  исми-шарифларини  дафтарга қайд қилиб ўтирарсиз. Қоронғи зиналардан тушаётганда эса, ҳеч бўлмаса бир гугурт ёқинг...

Русчадан Миразиз Аъзам таржимаси