Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Яшил чироқ. Александр Грин
Facebook
Яшил чироқ. Александр Грин PDF Босма E-mail
Материал индекси
Яшил чироқ. Александр Грин
II
Ҳамма саҳифа

Лондонда 1920-йили қиш пайти Пикаделли кўчасини кесиб ўтган бир чорраҳада яхши кийинган ўрта ёшли икки киши  бир зум тўхташди. Улар ҳозиргина қимматбаҳо бир ресторандан чиққан эдилар. У ерда икковлари кечки овқатдан сўнг шаробхўрлик қилишган, Дрюрилен театрининг артисткалари билан ҳазиллашиб валақлашгандилар.
Енди ерда ҳаракатсиз ётган, тепасига одамлар йиғила бошлаган эски кийимли йигирма беш ёшлардаги йигит уларнинг эътиборини тортди.
— Стилтон! – Семиз жентелмен ўзининг баланд бўйли ошнаси ерда ётган одамга синчиклаб қараётганини кўриб, жирканиш билан унинг енгидан тортқилади. — Ростини айтсам, шу ўлакса одам шунча ўралашишга арзимайди. У маст ёки ўлган.
— Мен очман... ҳам тирикман, - ғўлдиради у бечора бадбахт ва ниманидир ўйлаб қолган Стилтонга кўз ташламоқчи бўлиб сал ўрнидан кўтарилди. — Ҳушдан кетиб, йиқилибман, шекилли.
— Реймар! – деди Стилтон. — Роса ҳазилбоп воқеа бу. Менда бир қизиқ фикр туғилди. Бир хил эрмаклар жонимга тегди. Фақат бир йўл: одамларни ўйинчоқ қиладиган ҳазил – энг яхши ҳазил.
Бу сўзлар шу қадар секин айтилдики, ҳозиргина ерда ётган, энди эса панжарага суяниб турган одам буларни эшитмади.
Ҳамма нарсага лоқайд қарайдиган Реймар энсаси қотиб, елкаларини қисди, Стилтон билан хайрлашиб, тунни ўтказиш учун ўрганган клубига қараб йўл олди. Стилтон эса одамларнинг таҳсини остида ва полисменнинг ёрдами билан ҳолсиз одамни кеб (битта деразали усти ёпиқ арава)га ўтқазди.
Файтон Гай кўчасидаги карвонсаройли  ресторанга қараб кетди. Дайдининг оти Жон Ив экан. Ирландиядан Лондонга  хизматми, ишми излаб келибди. Ив етимликда бир ўрмончининг хонадонида  тарбияланибди. Бошланғич  мактабдан кейин ҳеч қандай маълумот олмабди. Ив 15 ёшга кирганда, тарбиячиси вафот этибди. Ўрмончининг катта болалари кими Америкага, кими Жанубий Уелсга, кими Оврўпога кетиб қолишибди, шундан кейин Ив ҳам бир фермернинг қўлида ишлай бошлабди. Сўнгра шахтёр (кўмир қазувчи), денгизчи, қовоқхона хизматчиси каби ишларнинг тузини  тотишга тўғри келибди, 22 ёшида ўпкаси шамоллаб, қаттиқ касалланибди, касалхонадан чиққач, Лондонга келиб, бахтини синаб кўришга аҳд қилибди. Аммо рақобат ва ишсизлик туфайли тезда иш топиш осон эмаслигини кўрибди. У истироҳат боғлари, бандаргоҳларда тунар, кундан-кунга кўпроқ оч қоларди, натижада озиб-тўзиб, рамақижон бўлиб кетибди. Ситидаги савдо омборларининг бошлиғи Стилтон уни юқорида кўрганимиздай кўтариб олганди.
40 ёшли Стилтон шу пайтгача қўноқ ва овқат ташвишини билмайдиган, пулга нима қилиш мумкин бўлса, ўшанинг ҳаммасини қилиб юрган бўйдоқ киши эди.  У 20 миллион фунтлик мол-мулк эгаси эди. Унинг Ив учун ўйлаб топган майнавозчилик ҳазили жуда арзимаган бир иш эди, аммо Стилтон ўз ихтироси билан ғурурланар- ди, чунки ўзини жуда катта тасаввур қобилиятига эга ва муғомбирона ўй-хаёллар устаси деб билишни ёқтирарди.
Ив озроқ мусаллас ичиб, иштаҳа билан ул-бул еб олгач, Стилтон хаёлида ўзи тўқиган тарихни гапириб берди.
—  Сизга бир таклифим бор, айтсам, шу ондаёқ кўзингиз чақнаб кетади. Диққат билан эшитинг: мен сизга ўн фунт бераман, шарт шуки, сиз эртагаёқ марказий кўчаларнинг биридан бир хонани ижарага оласиз. Деразаси кўчага қараган, ўзи иккинчи қаватда бўлсин.
Ҳар куни кечқурун роппа-роса  соат бешдан кечаси ўн иккигача  ҳар доим битта дераза токчасида яшил қалпоқли чироқ  ёқилган бўлиши керак. Чироқ белгиланган муддатда  ёниб тураркан, сиз соат бешдан ўн иккигача уйдан чиқмайсиз, ҳеч кимни уйга киритмайсиз, ҳеч ким билан гаплашмайсиз. Бир сўз билан айтганда, қийинмас.  Агар рози бўлсангиз, мен сизга ҳар ойда ўн фунтдан юбориб тураман. Сизга кимлигимни айтмайман.
Ив даҳшатли даражада ҳайратга тушди.
— Агар ҳазиллашмаётган бўлсангиз, — деб жавоб берди у, — ҳатто мен ўз номимни унутишга ҳам тайёрман. Аммо, мумкин бўлса, айтинг-чи, менинг бундай тинч ҳаётим қанча давом этади?
— Буниси номаълум. Эҳтимол, бир йил, балки, умр бўйи давом этар.
— Янаям яхши. Аммо сўраганим учун айбга қўшманг – бу яшил иллюминатсия (чароғбонлик) сизга нима учун зарур бўлиб қолди?
— Сир! – деб жавоб берди Стилтон. — Буюк сир! Чироқ сиз ҳеч қачон тушуниб етмайдиган одамлар ва ишлар учун ишора бўлиб хизмат қилади.
— Тушундим. Тўғрироғи, ҳеч нарсага тушунмадим. Яхши: пулни чўзинг ва билиб қўйинг: эртагаёқ мен маълум қилган манзилда Жон Ив чироқ билан деразани ёритиб қўяди!
Шу тариқа ғалати битим тузилди, сўнгра дайди билан миллионер бир-бирларидан мамнун ҳолда хайрлашдилар.
Хайрлашаётганда Стилтон шундай деди:
— ЙЎқлаб олинадиган хатга мана бундай: «3-33-6» деб ёзинг. Яна бир нарсани ёдингизда тутинг, балки бир ойдан кейин, балки бир йилдан кейин, қачонлиги  номаълум, қисқаси, ҳеч кутилмаганда сизни зиёрат қилгани одамлар келишади ва сизни бой қилиб юборишади. Бу нима учун ва қандай бўлишини сизга изоҳлашга ҳаққим йўқ. Аммо бу воқеа, албатта, содир бўлади...
Ив Стилтонни олиб кетаётган файтонга қараб:
— Жин урсин, — деб минғиллаб қўйди ва хаёлга ботганча қўлидаги ўн фунтлик пулни айлантириб кўрди.  — Ё бу одам ақлдан озди, ёки мен ўта бахтли одамларданман! Бор-йўғи кунига ярим литр керосин ёқиб битказишим учун шунча марҳамат ато қилса-я!
Ертасига Ривер кўчасидаги 52-уйнинг иккинчи қаватидаги  бир дераза майингина яшил ёғду  тарата бошлади. Чироқ деразанинг кесакисига тақаб қўйилганди.
Қаршидаги уйнинг йўлкасида икки йўловчи бирмунча вақт яшил деразага қараб туришди, кейин Стилтон шундай деди:
— Мана, кўрдингизми, азизим Реймар, зериккан пайтларингизда шу ерга келинг ва жилмайиб қўйинг. Дераза ортида, анов уйда бир аҳмоқ ўтирибди. Арзон гаровга сотиб олинган, ҳақини бўлиб-бўлиб берса бўладиган, узоқ вақтгача шу ҳолда тутиб туришинг мумкин бўлган бир аҳмоқ.  Зерикканидан бора-бора майхўр бўлиб кетади ёки ақлдан озади... Лекин ўзи билмаган нарсасини кутиб яшайди. Ана ўзи, қара!
Чиндан ҳам, деразага манглайини босиб турган одамнинг қора шарпаси ярим қоронғи кўчага қараб турарди, худдики: «Ким у ерда? Нима қиламан кутиб? Ким келаркин» деб сўраётганга ўхшарди.
— Аммо сиз ҳам ахмоққинасиз, азизим,  - деди Реймар, ошнасини қўлтиқлаб автомобил томонга тортиб кетаркан. —Бу ҳазилнинг нима қизиғи бор?
—Ўйинчоқ... тирик одамдан ўйинчоқ, - деди Стилтон, - энг мазали таом бу!