ЎЗБЕК ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ - ЭРГАШ ЖУМАНБУЛБУЛ ўғли |
![]() |
![]() |
![]() |
17 дан 22 сахифа
ЭРГАШ ЖУМАНБУЛБУЛ ўғли Эргаш Жуманбулбул ўғли деганда “Равшан”, “Кунтуғмиш” достонлари кўз олдимизга келади. Бахшилар “Равшан”ни Эргашнинг отаси Жуманбулбул уч марта ҳайдаган достони деб аташган экан. Эргаш мана шундай машҳур оилада 1868 йилда дунёга келди. Шу ҳудудда яшаган Султон кампир, бувиси Тилла кампирдан тортиб, бобоси Мулла Холмурод, отаси Жуманбулбулгача достон айтишган, ўзига хос термалар ижод қилишган. Бу оила Нурота туманидаги Қўрғон қишлоғида истиқомат қилган. Фольклоршуносликда Қўрғон достончилик мактаби деб номланишда қишлоқ номидан кўра Жуманбулбул оиласи хизмати кўпроқ эди. Устоз Ҳоди Зарифов Эргаш Жуманбулбул ҳақидаги машҳур “Улкан халқ санъаткори” мақоласида Қулсамат бахшининг онаси Султон кампирнинг ҳаётидаги ибратли воқеани эслайди: Қозоқ оқини йиғиндаги шоирларни енгганида бир ўзбек бахшиси “Сен бизнинг Султон кампир билан тенг экансан”, - дейди. Оқин Султон кампирни челак кўтариб келаётганида излаб топади ва унга савол беради: Сендан савол сўрайман, турган зайип, Ўси турган товларинг неча жасар? Шунда Султон кампир: Худойимнинг ишин кўр, Фалакнинг гардишин кўр, Мен билмайман ёшини, Оғзин очиб тишин кўр, - деган экан. Устоз бу воқеанинг ҳаётда рўй берган-бермаганидан қатъи назар унда Қўрғон достончилиги вакилидаги ижодий салоҳият қанчалар кучли экани намоён бўлишини таъкидлайди. Эргаш Жуманбулбул ўғли ёшлигидан ижодкор муҳитда тарбияланди, бахшилардан достон айтиш сирларини ўрганди. Бизга номаълум сабабларга кўра шоирнинг отаси кўрган фарзандлар Жуманбулбул эллик ёшдан ўтгандан кейин туғилишган. Абдухалил, Абдужалил, Маҳкамой исмли укалари узоқ яшамаганлар. Жуманбулбул катта ўғли Эргашдаги ақлий камолотни ҳис қилиб, уни етти ёшида қишлоқ мактабига беради. 17 ёшида эса Бухородаги мадрасалардан бирида ўқитади. Натижада, Эргаш Жуманбулбул ўғли ўнлаб халқ бахшилари орасида ўқишни ва ёзишни мукаммал биладиган, Навоий, Фузулий ижодидан бохабар ягона ижодкор сифатида етилади. Эргаш Жуманбулбул ўғли фольклоршунос олимларга ўтган асрнинг 20-йилларидан маълум бўлди. Ундан Ҳоди Зариф, Ғози Олим Юнусов, Муҳаммад Исо Эрназар ўғли каби олим ва зиёлилар 33 номдаги асарларни ёзиб олишган. Бахши ҳақидаги мақолалар сони эса 200 га яқин. Ўзбек бахшиларидан биронтаси Эргаш шоирдек 5 жилдлик асарлар тўпламини нашр қилишга мушарраф бўлган эмас. Ўзбек халқи тарихидаги ёрқин саҳифалар акс этган “Ойсулув” достони ҳам Эргаш Жуманбулбул оғзидан эртак ҳолида ёзиб олинган. Эргаш шоирнинг машаққатли ҳаёти Қўрғон қишлоғида яшаган ҳамқишлоқлариникидан ўзгача эмас эди. “Кунларим” термасидаги уйланиш ва отаси ўлганидан кейин қарз эвазига бутун бор-йўғидан ажралиши тарихини эсланг. Унинг устига укалари ва синглисининг вафот этиши бахшига руҳий таъсир қилди. Эргаш Жуманбулбул ўғли укаси Абдухалил ўлими билан боғлиқ йиғисида шундай дейди: Эмранди танимда жоним, Хазонда бўлди гулистоним, Йиғлашиб ёр-ёроним, Бемаҳал қуриб бўстоним, Қўлдан учди бўз тарлоним, Эшитинглар қадрдоним, Ёлғиз иним, суянганим, Шунқоримдан жудо бўлдим. Тўғри, 20 ёшга кирган Абдухалил вафот этганида бахши 30 ёшда эди. Ҳаёт тажрибасига эга бўлганига қарамай навқирон инидан ажралиш шоирга ўз касрини ўтказмаслиги мумкин эмас эди. Турмуш ташвишлари бахшидан тинимсиз меҳнат қилишни талаб қилди. Самарқанд, Зарафшон атрофида қишин-ёзин тирикчилик дардида достон, термалар айтиш билан банд бўлди. Аммо иймонини йўқотмади, давлатмандларга қуллуқ қилиб яшамади. Отаси Жуманбулбулга муносиб фарзанд бўлди. Устоз Ҳоди Зариф хотирасига кўра (Ҳоди Зариф бахши Эргаш Жуманбулбул билан жуда яқин алоқада бўлган. Ҳафталар давомида бирга яшашган. Эҳтимол, шу сабабдан бахши отаси ҳаётидаги нозик воқеа тафсилотларини олим Ҳоди Зарифовга айтиб берган) Милтиқбой исмли бир золим амалдор Жуманбулбулга дуч келиб ўзини таърифлашни сўрабди. Мақтов эвазига қорабайир отини мукофотга беришини ҳам айтибди. Шунда Жуманбулбул: Агар туя бўлганда жўн бўларинг, Отдан кейин эшакман тенг бўларинг. Қантар оғмай хариш бўп ағнаб ётиб, Қарға билан қузғунга ем бўларинг. Агар йилқи бўлганда ўтмас эдинг, Баҳонг қирқ беш-элликка етмас эдинг, Ҳар ким олса, ўзингни, айниб бериб, Чир айланиб овулдан кетмас эдинг - деган экан. Эргаш шоир отасидаги ҳақгўйликдан ғурурланган, фахрланган. Шунинг учун эл орасидаги ҳурматини юқори даражада сақлаш бахти ҳаётидаги азиз тушунча ҳисобланган. Эргаш шоир Бухоро мадрасаларида Алишер Навоий, Фузулий, Машраб ижоди билан яқиндан танишди. Бу фазилат, шубҳасиз, бахшига ижро этилажак достонлар композицияси, сюжетининг бадиий мукаммал ишланилишида фойда берди. “Равшан”, “Кунтуғмиш” достонлари “уч марта ҳайдалган”лиги билан ажралса, “Алпомиш”, “Қундуз билан Юлдуз”, “Далли”, “Хуш келди”, “Авазхон”, “Ҳасанхон”лар заминини ўз маҳорати билан ҳайдашга уринди. Фольклоршунослар Эргаш шоир ижросидаги асарларнинг пухта эканлигини алоҳида таъкидлайдилар. Шоир достонларидан бирон лавҳани олиш ҳам, унга қўшиш ҳам мумкин эмас. Маълум бўладики, ҳар бир ишга ижодий ёндашишга ўрганган шоир мадрасада олган билимларини халқ достонлари ижросига татбиқ этди ва бу жанр намуналарининг бадиий савиясини кўтаришга муносиб ҳисса қўшди. Устоз олим Ҳоди Зариф бу фикрни тасвир воситаларидан омоним сўзларни қўллашдаги шоир маҳоратини далиллаб қуйидагича кўрсатади: “Шу жиҳатдан қараганда биз билган ўзбек халқ шоирлари орасида сўзга бой Эргаш Жуманбулбул ўғлининг тажнислари диққатни жалб этади. Биз унинг тажнисли тўртликларидан бир нечасини қайд этмоқчимиз: Тоғнинг адири ўради, Ўрага қўйлар ўради. Уч тол қилиб санамлар, Чочини майда ўради . Устоз биринчи мисрадаги “ўради” – тоғнинг адири аста кўтарилади маъносини, иккинчи мисрадаги “ўради” – оралаб юришни, тўртинчи мисра – қизларнинг соч ўришини англатишини таъкидлайди. Бадиий санъатнинг бу тури адабиётшуносликда “тажнис” дейилади, яъни жинсдош – бир хил шаклдаги омоним сўзлар асосида санъат яратилади. Муҳими шундаки, Эргаш шоир тажнисли қофиядан фақат терма яратишда эмас, қулай имконият келгани заҳоти достонларда ҳам фойдаланган. Масалан “Равшан” достонида Ҳасанхон Зулхуморни олиб келиш сафарига отланган ўғлига насиҳат қилишда шундай дейди: Қўлингдан келганча чиқар яхши от, Яхшилик қил болам, ёмонликни от. Насиҳатим ёдингда тут, ёлғизим, Ёлғиз юрса, чанг чиқармас, яхши от . Эргаш шоир бутун ҳаёти давомида ўз ватанини, она юртини севди, эъзозлади. У қалбидаги муҳаббатни ижро этаётган достонларидаги қаҳрамонлар хатти-ҳаракатини кўрсатиш орқали ифодалади. У куйлаган Гўрўғли туркумидаги достонларида Гўрўғли, Юнус пари, Мисқол пари, Ҳасанхон, Авазхон кабилар мардлиги, ҳалоллиги, тўғрисўзлиги билан тингловчиларни ўзига мафтун этади. Одамлар ўзларининг янги туғилган фарзандларига ният қилиб, достондаги исмларни танлашади. “Равшан” достонида Ҳасанхон дорга олиб келинаётган ўғлини шу заҳоти қутқармоқчи бўлганида, Жайноқ масхарабоз унга аввал Равшанни синаш кераклигини маслаҳат қилади. Ҳасанхон рози бўлади. Қорахон подшоҳнинг мулозимлари Равшанга ўз юртидан, Гўрўғлидан воз кечса, Зулхуморни унга беришларини, шу юртга – Ширвонга Равшанни подшоҳ қилишларини айтадилар. Шунда ёш йигит дор остида туришига қарамай: Сен айтган одаминг, золим, мен эмас, Бир нечалар ўз ҳолини тингламас, Мен ўлмасам, ўз элимдан кечмайман! Азиз бошинг оёғимга тенг эмас! – деб, таклифни рад этади. Бундай мазмундаги мисралар достон ижро этилаётган ҳудудлардаги юзлаб мард ўғлонлар тарбиясига таъсир қилган. Шоир юрт меҳри ҳақида уларга ортиқча насиҳатлар қилмай, юракларига она диёр қиммати нақадар улуғ эканини сингдириб қўя қолади. Профессор Ҳоди Зарифов шоир ҳаётининг сўнгги даври ҳақида ҳикоя қилиб, бахши ўз юртига бориб, бир қатор қўлёзмаларни топмоқчи бўлганини, янги-янги термалар, достонлар айтиб беришга ваъдалар қилганини ёзади. Бироқ оғир касалликдан Эргаш Жуманбулбул ўғли 1937 йил 12 май куни 69 ёшда вафот этади. Зукко бахшидан қолган бадиий мерос бугунги кунда юртимиз келажаги учун хизмат қилмоқда. Савол ва топшириқлар: 1. Эргаш Жуманбулбул ўғли куйлаган достонлар бошқа бахшиларникидан қандай фарқларга эга? 2. Бахшининг қайси фазилати сизга маъқул бўлди? 3. Эргаш шоир куйлаган достонлардан ўқинг, қўлланмадаги парчаларни ёд олинг. Адабиётлар: 1. Эргаш шоир ва унинг достончиликдаги ўрни. Тадқиқотлар. 2-китоб. – Т.: Фан, 1971. 2. Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. – Москва: ОГИЗ, 1947. – С. 23-58. 3. Булбул тароналари. Беш томлик. – Т.: Фан, 1971. 4. Эргаш Жуманбулбул ўғли. Икки жилдлик. – Т.: 1971. |
Навоийхонлик
- 0
- 1
![]() Ким, васила бўлди маҳзун жон била жонон ароЖонда қўйдум чирмаған мактубини ҳижрон аро,Билман ул мактубдур ёх... |
![]() Дуди оҳимким қора айлабтурур олам юзинСоқиё, очтинг чу май тутмаққа жоми Жам юзин,Юз ғамим дафъ айлад... |
![]() Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
![]() Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
![]() Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
![]() Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
![]() Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
![]() Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
![]() Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
![]() Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
![]() Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
![]() Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
![]() Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
![]() БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
![]() Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
![]() Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
![]() Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
![]() ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
![]() Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
![]() Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |