ЎЗБЕК ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ - ИСЛОМ ШОИР НАЗАР ўғли |
![]() |
![]() |
![]() |
20 дан 22 сахифа
ИСЛОМ ШОИР НАЗАР ўғли Бахши оддий ҳаётда қандай одам бўлганини билиш учун қуйидаги лавҳани эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ёдгор бахши Исҳоқов сартарош дўсти Тиллаев ёрдамидан фойдаланиб, Ислом отага шогирд тушгани уйига борганида мезбон унга: Жуда соз, қидириб келдингми устоз? Лекин шоирлик қийин-да бир оз, агар шоир бўлсанг, бир ўлиб тирилишинг рост. Турқингга қарасам, ўзинг яхши, юзларинг қизил гулнинг нақши, сендан ҳам чиқиб қолса эди-я бахши, ма, дўмбирани бир чертиб боқ-чи, Нарпай ариғидай бир шарқириб оқ-чи, - деб дўмбирани унга узатади. Кунлардан бир куни Ёдгорнинг машқ шеърини ўқиб: Шеърни бундай бўш қилиб, қип-қизил гўшт қилиб, думи юлинган қуш қилиб, шеър юрагини қиш қилиб ёзма! Шеърни соз қилиб, қоматини ғоз қилиб, қўлини дароз қилиб, келинчакдек серпардоз қилиб, худди дор устида ўйин кўрсатаётган дорбоз қилиб, оҳангини дўмбирага мос қилиб, ширасини кўп, сувини оз қилиб, шеър кўнглини баҳор-ёз қилиб, бургутдек баланд парвоз қилиб ёзгин, шеър қудуғини юрак билан қазгин, - дейди . Биз – оддий одамларни ҳайратга соладиган тарафи шундаки, Ислом шоир тасодифий ҳолатда, махсус тайёргарликсиз “соз, устоз, бир оз, рост; яхши, нақши, бахши; боқ-чи, оқ-чи” қофиясидаги сўзларни осонгина топган, ундан ҳам ажойиблиги бу қофиядош сўзларни шу заҳоти тузилган изчил жумлалар таркибига жойлаган ва муайян мақсадни баён қилишга қарата олган. Бахшилардаги яшин тезлигида фикрлаш, фикрни аксари қофияли сўзлар иштирокида гап тузилган ҳолда билдириш фазилати уларни оддий одамлардан ажратиб туради. Чори бахши Хўжамбердиев, Қаҳҳор бахши Раҳимов, Шомурод бахши Тоғаев билан бўлган суҳбатларимизда бу вазиятни бир неча марта кузатганмиз, гувоҳ бўлганмиз. Шубҳасиз, Ислом отанинг суҳбати ўта нозик ва нафис иқтидор эгаси сифатида замондошлари хотирасида ўчмас таассурот қолдирган бўлиши табиий. Ислом шоир Назар ўғли 1874 йилда Нарпай тумани Оқтош ҳудудидаги Гала Қассоб қишлоғида камбағал чўпон оиласида туғилди. Оиладаги иқтисодий ночорлик оқибатида ёшлигидан отасининг ёнида ишлашга мажбур бўлди. 1884 йилдан Ислом чўпонликдан бохабар инсон сифатида мустақил иш олиб бора олди. Бу касб Пўлканда бўлгани каби Исломни дўмбира чертиш заруратини пайдо қилди. Унинг бетакрор ёқимли овози ҳамқишлоқларига маъқул бўлади ва кўп ўтмай дўмбирани турли қўшиқлар айтиб черта бошлайди. Ислом шоир ўзининг хотираларида шундай дейди: “Бир кун ўз қишлоғимда бир ўтиришда дўмбира чертиб, баланд товуш билан қўшиқ айтиб ўтирсам, Эрназар шоир ҳам келиб эшитиб ўтирган экан. Менинг товушим унга маъқул тушибди, шекилли, шоирликка бўлган ҳавасимни пайқаб, дарров отам қошига бориб, мени у кишидан сўрабди” . Шу воқеа рўй беради-ю, Исломнинг ҳаваскорлик машқлари якунига етади. Эрназар шоир бутун ҳаёти давомида бахшилик санъати йўлида тўплаган тажрибасини, устозлик сирларини самимий нияти билан Исломга ўргата бошлади. Эрназар шоир Шаҳрисабз мактаби устозлари йўлини яхши биларди, аммо Қўрғон достончилиги вакили Жуманбулбулдан ҳам машқ олган эди. Шунинг учун Ислом шоир ижросида Шаҳрисабз ва Қўрғон бахшиларидаги энг ибратли хусусиятлар уйғунлашди. Ислом Назар ўғли 26 ёшда мустақил бахши даражасига етишди. Бахши ўз хотираларида Жуманбулбул билан учрашганини эслайди. Улкан достончи Эрназар бахшига қараб: “Сиз шогирднинг аслини топиб олибсиз, ишқивозлиги ҳам анча зўрга ўхшайди” , - деган экан. Ҳақиқатан ҳам Ислом шоир, биринчидан, хотираси кучли ва бадиҳагўй эди; иккинчидан, овози ниҳоятда ёқимли ва эшитишли эди; учинчидан, ҳар сафар достон айтишдан олдин тингловчини дўмбира чертиб, сел қилиб олар экан, сознинг бу жўрлиги достон ижроси давомида ҳам даврага завқ бериб турар эди. Хуллас, Ислом шоирнинг достон айтиш маҳорати олимларнинг эслашига қараганда, мусиқийлиги, майинлиги, воқеаларнинг аниқ ва содда тарзда акс эттирилиши, бадиҳагўйлиги, ўрни келганда кулгили ифодаси билан ажралиб турар экан. Овознинг шираси достон файзига файз бағишлар экан. Шунинг учун Ислом шоир айтган 28 та достон ва сон-саноқсиз термаларини ҳамқишлоқлари, қўшни ҳудуддан келган ишқибозлар мароқ билан тинглаганлар. Бахши ўз замондошларининг қалбларидаги фикр-мулоҳазаларини ошкор қилувчи сатрларни топа билмаса у машҳур бўлолмайди. Достон кечаларига йиғилган мухлислар фақат достон ёки терма эшитиш учун келмайдилар. Тингловчи ҳамиша бахшидан дунёдаги воқеалар, қўшни вилоят, туман жуда бўлмаганда қишлоқлардаги янгиликларни билишга чанқоқ бўлади. Радио, телевидение, матбуотнинг бошқа турлари ривож топмаган пайтларда бахши ҳам журналист, ҳам нотиқ, ҳам бошловчи, ҳам сиёсий шарҳловчи, ҳам таниқли устоз зиёли сифатида фаолият кўрсатган. Бир неча таниқли устоз бахшилар иштирокидаги суҳбат кечалари ўзига хос оммавий ахборот воситалари вазифасини бажарган. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Ислом шоир каби иқтидорли бахшилар эса матбуот марказининг иш юритувчилари бўлишган. Улар орасида Ислом шоирнинг муносиб ўрни бор. Чунки Ислом шоир “Орзигул”, “Гулихиромон”, “Зулфизар билан Аваз”, “Хирмондали”, “Кунтуғмиш”, “Соҳибқирон”, “Эрали ва Шерали”, “Тоҳир ва Зухра”, “Нигор ва Замон” каби ўнлаб достонларини айтиш жараёнида юртдаги ижтимоий ўзгаришларни, янгиликларни, айрим шахслар ҳақидаги танқидий мулоҳазаларни ҳам баён этган. Ҳар бир хонанданинг алоҳида ўринли ашуласи, қўшиғи, шоирнинг шеъри бўлгани каби бахшиларда ҳам муҳаббат қўйган достонлари бўлади. Эргаш шоир “Равшан”, Фозил Йўлдош ўғли “Алпомиш”, Пўлкан “Гўрўғлининг туғилиши” достонларини қиёмига етказиб айтишган. Ислом шоир Назар ўғлининг бундай гўзал ижро этадиган достони сифатида “Орзигул”ни кўрсатиш мумкин. Бу достонни Ислом шоир бошқача бир меҳр билан куйлаган. Достонда жаҳон адабиёти тарихида асрлар бўйи адиблар асарларига анъанавий мавзу ҳисобланган отанинг бехабар ҳолда ўз фарзанди – қизига ошиқ бўлиш воқеаси баён этилади. Орзигул совчи юборган шоҳ ўзининг отаси эканини билгани заҳоти боқиб олган отаси Эрназар ёрдамида Хосхона мамлакатидан бош олиб чиқиб кетади. Достон марказида инсон маънавий дунёси поклиги, йўл қўйилган ҳар қандай хатонинг жазосиз қолмаслиги масаласи туради. Қарама-қарши руҳий кечинмалар тасвирига бой бу достонда бахши тингловчи ёдида сақланиб қоладиган бир қатор образлар ярата олган. Айниқса, Орзигулнинг боғбон хонадонидан чиқиб кетиш лавҳасида ички кечинмалар ифодаси эътиборга лойиқ: Жасадимда жоним бўлганди ғариб, Ўлганим яхшидир четларга бориб, Ушбу савдоларга жонимни бериб, Кетарман юртимдан, отадан кечиб. Пухта билгин, ота-эна, кетарман, Ўзга элдан бориб, макон тутарман. Қайтиб отам билан бирга турарман, Қулоқ солинг, Орзугулнинг зорига, Тургилик қилмади ушбу шаҳрига Қайтиб ота лозим қизнинг бағрига?! Достонда инсон, ота, фарзанд, оила, бурч каби фалсафий масалалар оддий халқ нуқтаи назаридан таҳлил этилади, салбий хусусиятлар қораланади. Ислом шоир Назар ўғли 1953 йилда 79 ёшида вафот этди. Унинг ҳаёти ва ижоди атоқли фольклоршунос олимлар Ҳоди Зарифов, Музайяна Алавия, Мансур Афзалов, Охунжон Собиров томонидан ўрганилган. Ислом шоирдан ёзиб олинган, нашр этилган бадиий асарлар, унинг ижодига бағишлаб нашр қилинган китоблар, мақолалар сони уч юздан кўп. Бахшидан мерос бўлиб қолган достонларни халқимиз ҳамон севиб ўқимоқда. Савол ва топшириқлар: 1. Ислом шоир ҳақидаги Ёдгор бахши Исоқов хотирасини қисмларга бўлиб таҳлил қилинг. 2. Бахши меҳр билан ижро қилган “Орзигул” достонини ўқинг. 3. Ислом шоирнинг ўзбек халқ бахшилари қаторидаги ўрнини изоҳланг. Адабиётлар: 1. Жирмунский В.М., Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. – Москва: ОГИЗ, 1947. – С. 52-53. 2. Ислом шоир ва унинг халқ поэзиясида тутган ўрни / Ўзбек халқ ижоди бўйича тадқиқотлар. – Т.: Фан, 1978. 3. Собиров О. Атоқли халқ шоири / Ислом шоир ва унинг халқ поэзиясида тутган ўрни. – Т.: Фан, 1978. Б. 3-9. 4. Афзалов М. Талантли куйчи / Ислом шоир Назар ўғли. Танланган асарлар. – Т., 1953. – Б. 3-13. 5. Орзигул достони. – Т.: Фан, 1956. |
Навоийхонлик
- 0
- 1
![]() Ким, васила бўлди маҳзун жон била жонон ароЖонда қўйдум чирмаған мактубини ҳижрон аро,Билман ул мактубдур ёх... |
![]() Дуди оҳимким қора айлабтурур олам юзинСоқиё, очтинг чу май тутмаққа жоми Жам юзин,Юз ғамим дафъ айлад... |
![]() Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
![]() Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
![]() Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
![]() Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
![]() Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
![]() Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
![]() Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
![]() Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
![]() Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
![]() Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
![]() Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
![]() БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
![]() Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
![]() Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
![]() Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
![]() ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
![]() Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
![]() Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |