Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Қўлланмалар»ЎЗБЕК ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ
ЎЗБЕК ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ PDF Босма E-mail
Материал индекси
ЎЗБЕК ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ
ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ ҲАҚИДА УМУМИЙ МАЪЛУМОТ
ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ ВА ҚАДРИЯТЛАРИ ДАВЛАТ МАҚОМИДА
ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
ЭНГ ҚАДИМГИ ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ НАМУНАЛАРИ. МИФЛАР
ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ ЖАНРЛАРИ
АФСОНА ВА РИВОЯТЛАР
МАҚОЛЛАР
ТОПИШМОҚЛАР
АСКИЯ
ЛАТИФА ВА ЛОФЛАР
ЭРТАКЛАР
ХАЛҚ ҚЎШИҚЛАРИ
ТЕРМАЛАР
ХАЛҚ ДОСТОНЛАРИ
Саҳифа 16
ЭРГАШ ЖУМАНБУЛБУЛ ўғли
ФОЗИЛ ЙЎЛДОШ ўғли
МУҲАММАДҚУЛ ЖОНМУРОД ўғли ПЎЛКАН
ИСЛОМ ШОИР НАЗАР ўғли
БОЛАЛАР ФОЛЬКЛОРИ
ЎЗБЕК МАРОСИМ ФОЛЬКЛОРИ
Ҳамма саҳифа

Университетларнинг Филология ва Журналистика ҳамда педагогика институтларининг Тил ва адабиёт факультетлари учун ўқув қўлланма

Масъул муҳаррир:
Филология фанлари доктори, профессор
Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ

Тақризчилар:
Филология фанлари доктори, профессор
Маматқул Жўраев;
Филология фанлари номзоди
Абдумурод Тилавов



Муаллифдан

Юртимиз мустақил республика сифатида шаклланиб ривож топаётганига 20 йил бўлиб қолди. Ўтган муддат давомида халқ хўжалигининг ҳамма соҳаларида, шу жумладан, адабиётшуносликда ҳам кескин сифат ўзгаришлари рўй берди. Маданият, санъат, адабиёт, халқ ижодига бўлган муносабат давлат мақоми даражасига кўтарилди. Ўзбекистон радио ва телевидениеси, газета, журналларда миллатимиз оғзаки ижоди намуналари ва улар ҳақидаги маълумотлар мунтазам равишда ёритилмоқда. Олий ўқув юртларининг филология ва журналистика факультетларида ўзбек халқ оғзаки ижоди курси намунавий дастур асосида ўқитилмоқда. Мазкур дастурда халқимиз оғзаки ижоди миллий қадриятларимизнинг таркибий қисми экани, бадиий ижод ота-боболаримиздан кейинги авлодга қолдирилган маънавий мерос экани алоҳида таъкидланади. Аммо ўтган вақт давомида “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” курси бўйича янгича талқин қилинган, замон руҳи сингдирилган дарслик ва ҳатто қўлланманинг ёзилмагани ачинарли ҳол. Ана шу камчиликни муайян равишда бартараф қилиш мақсадида мазкур қўлланмани тайёрлашга журъат қилдик.
Ўзбек халқ оғзаки ижоди асарларини қисқартмаган ҳолда нашр қилиш, уларнинг тарихимиз ва бугунги кунимиздаги аҳамиятини англашдаги ижобий ўзгаришлар ташаббускори юртбошимиз Ислом Каримов бўлди. 1990 йилда, ҳали мустақиллик қўлга киритилмасдан аввал тақиқланган Наврўз байрами умумхалқ тантанаси даражасида нишонланди. Кейинчалик “Алпомиш” достонининг 1000 йиллик тўйи тантана қилинди. 2008 йил “Маънавият” нашриёти томонидан эълон қилинган “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида шундай дейилади: “Аждодларимиз тафаккури  ва даҳоси билан яратилган энг қадимий тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сақланаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, минералогия, кимё, астрономия, меъморлик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг буюк маънавий бойлигимиздир” . Муҳими, халқ ижоди, хусусан, оғзаки ижод асарлари миллат сифатидаги ўзбеклар табиатининг шаклланишидаги аҳамиятини юртбошимиз моҳият жиҳатдан юксак баҳолайди. Қўлингиздаги қўлланмада бу муносабат ҳар бир мавзу баёнида ўз ифодасини топди.   
Шунингдек, қўлланмани тайёрлашда, аввало, ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўзбек филологияси, Журналистика факультетида 40 йилдан ортиқ муддат давомида “Ўзбек халқ оғзаки ижоди”, “Оммавий ахборот воситалари ва ўзбек халқ оғзаки ижоди” фанидан ўқиган маърузаларимиз, ўтказган амалий ва лаборатория машғулотлари, яқин 50 йил давомида талабаларимиз иштирокида ташкил этилган фольклор экспедициялари натижалари, Ўзбек халқ оғзаки ижодидан нашр эттирилган аввалги дарсликлардаги бугунги кунда ўз қадрини йўқотмаган фикр-мулоҳазалар, таниқли олимларимиздан Ҳ.Зарифов, М.Афзалов, М.Алавия, З.Ҳусаинова, О.Собиров, А.Қаҳҳоров, Ж.Қобулниёзов, М.Саидов, Т.Мирзаев, К.Имомов, М.Муродов, Б.Саримсоқов, Т.Ашуров, О.Сафаров, А.Мусақулов, М.Жўраев, У.Жуманазаров, Ш.Турдимов, Ж.Эшонқул ва бошқа таниқли фольклоршунос олимлар томонидан билдирилган илмий қайдлар асос бўлди.
Муаллиф қўлланманинг вужудга келишида ўзининг қимматли маслаҳатларини аямаган мутахассис касбдошларига ўзининг самимий миннатдорчилигини изҳор этади.

Омонулла МАДАЕВ


КИРИШ

Маълумки, мазкур курс республикамиз вилоятлари университетлари ва педагогика институтларининг Ўзбек филологияси, айрим олий ўқув юртларидаги Журналистика факультетлари талабалари учун ўзбек адабиёти тарихи ҳақидаги илмий тизимнинг таркибий қисми сифатида ўқитилади. Унда халқ оғзаки ижодининг хос хусусиятларидан ташқари мақол, топишмоқ, аския, латифа, лоф, қўшиқ, эртак, достон каби жанрлар доирасида фикр юритилади.
Ўтган асрнинг 80-90-йилларида олий ўқув юртларининг филология факультетлари талабалари учун халқ оғзаки ижоди фанидан дарслик яратиш тажрибаси амалга ошган эди. Дастлаб 1980 йилда “Ўқитувчи” нашриёти Ҳ.Раззоқов, Т.Мирзаев, О.Собиров, К.Имомовларнинг муаллифлигида биринчи дарсликни эълон қилди. Кейинчалик 1990 йилда К.Имомов, T.Mирзаев, Б.Саримсоқов, O.Сафаровлар муаллифлигида “Ўқитувчи” нашриёти “Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди” дарслигини нашрдан чиқарди. Бу дарсликларда халқ оғзаки ижодига оид маълумотлар фольклоршунослик нуқтаи назаридан илмий асосда ўз ифодасини топган. Зарур ўринларда биз ҳам улардан фойдаланганмиз. Аммо юртимизда рўй берган ижтимоий ўзгаришлар асарларни таҳлил қилишда янгича ёндашишни тақозо қилади. Чунки ўтган асрнинг 80-90-йилларида халқ оғзаки ижодидаги хос хусусиятлар, мақоллардан тортиб қўшиқларгача, эртаклардан достонларгача асосан собиқ тузум мафкураси тазйиқида ўрганилган ва таҳлил қилинган. Xусусан, жуда кўп ўринларда ўзбек халқи яратган асарлар камбағал ва бойлар синфи ўртасидаги қарама-қаршиликлар заминида баҳоланган. Ҳатто Наврўз байрамини ҳам асрлар давомида тажрибадан ўтган халқ тантаналари қаторида қайд қилингандан кўра ислом динидан аввал пайдо бўлганлигини, диний маросимларга алоқаси йўқлигини таъкидлаш билан оқлаб кўрсатишга эътибор берилган. Биз ўз қўлланмамизда асосий диққатни халқ оғзаки ижоди асарларининг миллатимиз ҳаётида тутган ўрнини, маданий    меросимиз таркибий қисми сифатидаги аҳамиятини, бадиий адабиёт намунаси эканлигини ёритишга қаратдик. Зеро, ҳозирги пайтда халқ мақоллари, қўшиқлари, эртаклари, достон ва бошқа жанрларни билиш баркамол авлоднинг бурчига айланганига гувоҳмиз. Халқ оғзаки ижоди дастурига биноан “Алла” ҳақида, болалар фольклори мавзусида фикр юритилади. Биз қўшиқлар юзасидан билдирилган мулоҳазаларда ҳам “Алла”ларга қисман тўхтаб ўтдик. Айни чоғда мавсум-маросим қўшиқлари юзасидан ҳам икки ўринда: “Қўшиқлар” вa “Mавсум маросимий фольклори”да маълумот беришга мажбур бўлдик. Шунинг учун мазкур қўлланмада учрайдиган  айрим такрорлар борлигини қайд этмоқчимиз. Мазкур жанрлар ҳақидаги тушунчаларга эга бўлиш бугунги кун филолог ва журналист мутахассис учун ўта зарур ҳисобланади. Чунки халқ оҳзаки ижоди бадиий адабиётнинг вужудга келишида ва шаклланиб ривожланишида дастлабки босқични ташкил этади. Журналист эса оғзаки ижод сарчашмаларидан баҳраманд бўлмасдан ўз соҳасида муваффақият қозона олмайди.
Демак, қўлланмадан асосий мақсад ўзбек халқи томонидан асрлар давомида яратилган оғзаки ижод намуналари ҳақида маълумот беришдан иборат.