Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Қўлланмалар»ЎЗБЕК ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ - ТЕРМАЛАР
ЎЗБЕК ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ - ТЕРМАЛАР PDF Босма E-mail
Материал индекси
ЎЗБЕК ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ
ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ ҲАҚИДА УМУМИЙ МАЪЛУМОТ
ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ ВА ҚАДРИЯТЛАРИ ДАВЛАТ МАҚОМИДА
ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
ЭНГ ҚАДИМГИ ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ НАМУНАЛАРИ. МИФЛАР
ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ ЖАНРЛАРИ
АФСОНА ВА РИВОЯТЛАР
МАҚОЛЛАР
ТОПИШМОҚЛАР
АСКИЯ
ЛАТИФА ВА ЛОФЛАР
ЭРТАКЛАР
ХАЛҚ ҚЎШИҚЛАРИ
ТЕРМАЛАР
ХАЛҚ ДОСТОНЛАРИ
Саҳифа 16
ЭРГАШ ЖУМАНБУЛБУЛ ўғли
ФОЗИЛ ЙЎЛДОШ ўғли
МУҲАММАДҚУЛ ЖОНМУРОД ўғли ПЎЛКАН
ИСЛОМ ШОИР НАЗАР ўғли
БОЛАЛАР ФОЛЬКЛОРИ
ЎЗБЕК МАРОСИМ ФОЛЬКЛОРИ
Ҳамма саҳифа

ТЕРМАЛАР

Халқ оғзаки ижодида қўшиқ ва достон ўртасида вужудга келган бир жанр бор. Унда қўшиқдаги лирик ифода, айни пайтда эпик баён қилиш хусусияти уйғун намоён бўлади. Бундай асарларга халқ терма деб ном берган. Сўзнинг луғавий маъноси кўпдан териб олинган, ажратиб сараланган тушунчаларини беради. Ўзбек фольклорининг йирик тадқиқотчиси филология фанлари доктори, профессор Тўра Мирзаев термалар жанрига шундай таъриф беради: «Панд-насиҳат, одоб-ахлоқ, соз ва сўз ҳақида яратилган, ижтимоий ҳаётдаги турли ҳодисалар, шахс ва жониворларнинг таърифи ва танқидига бағишланган, бахшилар томонидан куйланадиган 10-12 сатрдан 150-200, баъзан ундан ҳам ортиқ мисраларгача бўлган лирик, лиро-эпик шеърларга терма дейилади» .
Таърифда диққатни жалб қилувчи бир нечта фикрий нуқталар бор. Аввало, термалар мавзу жиҳатдан, кўпинча, педагогик аҳамиятни назарда тутган ҳаётий лавҳалар баёнидан иборат бўлади. Иккинчидан, уларда ёзма мумтоз адабиётдаги қасида вазифаси бажарилади. Яъни айрим шахслар, дўмбира, от ёки яна нималаргадир шеърий мақтовлар бағишланади. Учинчидан, термалар лирик парчалардан ташкил топиши мумкин. Демак, бундай термаларда ижрочининг бош мақсади ҳис, туйғу, ички кечинмалар ифодасига қаратилади. Тўртинчидан, лиро-эпик шеърлардан иборат бўлганда, воқеалар баёни ҳис-туйғу воситасида акс этади. Ва, ниҳоят, ҳажми 10-12 ва 150-200 мисра атрофида, яъни ижрочи бахшининг хоҳиши билан белгиланади.
Филология фанлари доктори, профессор Абийр Мусақулов эса халқ термаларининг эстетик аҳамиятига диққат қилиб шундай дейди: «Термалар ўзбек фольклори эстетикасини ўрганиш учун ғоят муҳим манбадир. Гўзаллик ва хунуклик, бахт ва бахтсизлик ҳақидаги термалар фикримизга далил бўла олади» . Мазкур мулоҳаза муаллифи термаларнинг халқ оммаси орасидаги ҳақиқий инсоний фазилатларни тарғиб қилиш қуроли эканини алоҳида таъкидламоқда. Сўз санъатининг бош вазифаси ҳам айнан инсонга гўзаллик ва хунуклик воситасида унинг қалбига йўл топиш орқали руҳий таъсир ўтказишдир. Термаларнинг жанр хусусиятлари ана шу тушунчалар орқали намоён бўлади.
Термаларнинг эстетик вазифаси уни ижро этаётган бахши билан тингловчи ўртасида алоқа ришталарини боғлашдан иборат. Айниқса, бахши ўзининг достон айтишини бир оз орқага суриб, тингловчиларга руҳий таъсир ўтказмоқчи бўлади. Бу фурсат давомида «Нима айтай?», «Достон териш», «Кунларим», «Дўмбирам» баъзан ижтимоий ҳаётдаги янгиликларга, ўзгаришларга атаб «Чигиртка»га ўхшаш термалар ижро этилган. Масалан, 2000 йилнинг қиш кунларидан бирида Ўзбекистон Миллий университети магистрлари билан Бўка туманида истиқомат қилувчи Чори бахши Хўжамбердиев ҳузурига меҳмонга бордик. Бахши қўшни қишлоққа тўйга кетган экан. Эрталаб соат 10 дан 2 гача уни кутишга тўғри келди. Бахши уйига қайтиб, суҳбат бошланганида, ундан «Алпомиш» достонидан парча айтиб беришни илтимос қилишди. Аммо Чори оға достонни бошлашдан аввал яқин ярим соат давомида меҳмон йигит-қизлардан кечга қолгани учун узр сўраш мазмунида термалар айтди. Кейинроқ эса кечаги тўй тафсилотлари, зиёратга борган магистрлар таърифи, юртмиздаги ижобий ўзгаришлар баёни келтирилди. Кейин саволларга берилган жавоблардан маълум бўлдики, терма айтилаётган пайтда «Алпомиш» достонидаги қайси лавҳани ижро қилиш режаси тузилган экан. Маълум бўляптики, термалар ижроси фақат тингловчини муайян вақт давомида нима биландир банд қилишдан ташқари бахши учун ўз тингловчиларини ўрганиш, улар дидини аниқлашга уриниш ва тўлиқ ижро жараёнига режа тузиш имконини берар экан.
Фольклоршунос олимлар таъкидлашларича, термаларнинг энг кўп тарқалган кўриниши «Нима айтай?» ҳисобланади. Бу жараён ҳам бахшига машқ қилиб овозини чархлаш, ҳам дўмбирани созлаш, ҳам тингловчини ўрганиш учун хизмат қилади:

Ўн бешида ойдан тўлган,
Олмосини белга солган,
Гўрўғлига хизмат қилган,
Қирқ йигитни гирдга олган.
Сўраб ўтди Аваз полвон,
Авазхондан айтайми?

Достондан олдин айтиладиган термаларда бахши дўмбирани мақташи ёки унинг ўжарлиги, қайсарлигини айтиб танқид қилиши мумкин эди:

Номард йигит бу мажлисга бўйламас,
Авни келса, Нурмон гапни ўйламас,
Ёриб ёқсам, бирор чойдиш қайнамас,
Сенда ёғоч ўтин бўлган дўмбирам.

Шу билан бирга кўп бахшилар аксари пайтларда тингловчиларга ўз ҳаётларини айтиб берганлар. Таниқли устозлар: Абубакр Диваев, Ҳоди Зарифов, Буюк Каримов, Ғози олим Юнусов, Мансур Афзалов каби олимлар ҳаракати билан ўнлаб термалар ёзиб олинган ва биз бу термалар матни воситасида ажойиб бахшиларимизнинг ҳаётига оид нозик лавҳалар билан танишмоқдамиз.
Профессор Ҳоди Зарифов берган маълумотларга қараганда, Жуманбулбул ўғли Эргашни мактабдор Ўтамуроднинг қизи Зийнатойга уйлантирганлар. Аммо бахши яшайдиган ҳудуд анъанасига кўра келин тўйдан кейиноқ куёвникига келмас экан. Унинг куёвникига келиши учун яна бир тўй ўтказиш одати бор экан. Афсуски, биринчи тўйдан кейин Жуманбулбул вафот этади. Эргашнинг эса кейинги тўйга маблағи бўлмайди. Отасидан қолган арзимас бор-йўқ нарсаларни қарз эвазига олиб кетишади:

Бўлиб-бўлиб олиб кетди ҳақини,
Биз билмаймиз ҳақи бор ё йўғини,
Зоти ё олисми, бизга яқини,
Барига ҳақ бериб турган кунларим.

Эргаш ҳаётида жуда мураккаб танқис ҳолат рўй беради:

Хотин қолди отасининг уйида,
Мен билмайман не гаплар бор ўйида,
Кўп ваъдалар бўлган эди тўйида
Уялиб, боролмай юрган кунларим.

Шундай қилиб, вақтида жонкуяр инсонлар ҳаракати билан ёзиб олинган термалар ёрдамида бахши ҳаётидаги ўта сирли ва бетакрор ҳодисалар ҳақида маълумот оламиз. Бу хусусият фақат Эргаш Жуманбулбул ижодига эмас, умуман, бахшиларга хосдир. Жумладан, Фозил шоир ўзи ҳақида шундай дейди:

Олти ёшда қўмсаб-қўмсаб отамни,
Оғир меҳнат эзди шўрлик энамни.
Эна-бола тополмадик бир нонни,
Парча нон еб, йиғлаб ўтган кунларим.

Бу термадан биз Фозил шоир отаси Йўлдошдан жуда эрта етим қолганини, турмуш қийинчиликларига чидаши оғир эканини, онаси билан ночор ҳаёт кечиришга мажбур бўлганини биламиз. Терма давомида биринчи банддаги фикр ривожланади:

Етти ёшда ортди менинг кулфатим,
Саккиз ёшда оғир меҳнат улфатим,
Меҳнат учун синаб кўрдим қувватим,
Тўққиз ёшга йиғлаб етган кунларим.

Шундай қилиб, «Кунларим» матни билан танишганимиз сари машҳур бахшининг ҳаёт солномасидаги муҳим саналар бизга маълум бўлиб боради.
Ҳоди Зарифов ўз хотирасида Эргаш Жуманбулбулнинг Амин бахши томонидан кашф қилинган ажойиб муболаға санъатига топган мисолини келтиради:

Ариқ тубида андиз,
Дарё тубинда қундуз,
Тоғларни осмонга отинг,
Тутдай тўкилсин юлдуз.

«Алпомиш» достони матнидан олинган мазкур парчани достондан олинган терма сифатида баҳолаш мумкин.
Машҳур бахшилар юртда содир бўлаётган адолатсизликларга бепарво қараб туролмаганлар. Айрим термалар матнида Ўзбекистон ҳудудидаги тарихий воқеалар ҳам акс этган. Хусусан, Ҳоди Зарифов қайд қилишича, 1898-1908 йилларда Ўрта Осиёни чигиртка босган экан. Ўтган асрда қарияларнинг хотирасига қараганда, айрим ҳудудлардаги чигирткани куракларда қопга солиб улгуришмаган экан. Ана энди экин майдонларидаги офатни тасаввур қилинг. 1908 йилда Фозил Йўлдош ўғли «Чигиртка» номи билан терма яратади:

Бозорчидан шайтон қайтиб,
Бирига уч баҳо айтиб,
Ўттиз олиб, тўқсон сотиб,
Давлатмандлар қабон бўлди.

Камбағалнинг ақли шошиб,
Ўғил-қизман кенгашиб,
Кеча-кундуз зор йиғлашиб,
Дўстлар қадди камон бўлди.

Бу қўшиқ-термада юртимиз бошидан кечган мусибатли кунлар бадиий аксини топган.
Бахшилар томонидан куйлаб келинган «Дўмбирам», «Кунларим», «Нима айтай?», «Гўрўғли», «Борми жаҳонда?..» каби термаларнинг ҳаммасида ҳам маълум даражада реал тарихий воқеалар, халқнинг кечинмалари ифодаланган. Уларни яратишда Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пўлкан шоир, Ислом шоир, Умир Сафаров, Бола бахши (Қурбонназар Абдуллаев), Раҳматилла Юсуф ўғли, Қодир бахши, Қаҳҳор бахши ижоди муҳим аҳамиятга эга.
Шундай қилиб, термаларни халқимиз оғзаки ижодидаги мустақил жанр сифатида баҳолаш мумкин. Улар халқ ҳаётининг бадиий ифодаси саналади. Термаларнинг халқ достонлари ва ҳаққоний ҳаёт ўртасидаги алоқа боғловчи воситачилик аҳамияти ғоятда муҳимдир.

Савол ва топшириқлар:
1.    Термаларнинг қўшиқ, достон жанрлари билан муносабатини изоҳланг.
2.    Терманинг бахши ижодида тутган ўрни ҳақида нималар дейиш мумкин?
3.    Фольклоршунос олимлар термалар ҳақида қандай фикрлар билдиришган?
4.    Термалардан намуналар ёдланг.

Адабиётлар:
1.    Имомов К., Мирзаев Т., Саримсоқов Б., Сафаров О. Ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди. - Т.: Ўқитувчи, 1990. - Б. 169-173.
2.    Ҳоди Зариф. Улкан халқ санъаткори / Эргаш шоир ва унинг достончиликдаги ўрни. - Т.: Фан, 1973. – Б. 8-39.
3.    Ҳоди Зариф. Фозил шоир – машҳур достончи / Фозил шоир. - Т.: Фан, 1973. – Б. 5-29.
4.    Мусақулов А. Терма / Ўзбек фольклори очерклари. - Т., 1988. – Б. 261-272.