Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Доно сўзга кулар нодон (Махтумқули)
Facebook
Доно сўзга кулар нодон (Махтумқули) PDF Босма E-mail

Доно сўзга кулар нодон,
Сўз маъносин билмагунча,
Тоғ бошида турар туман,
Хазардан ел келмагунча.

Ақли бўлган шароб ичмас,
Яхши элдан одам кўчмас,
Яратган ёзиғин кечмас,
Қуръон юзга сурмагунча.

Ориф доно сўзин сўзлар,
Номард—фасод ростин гизлар,
Чўлга чиқиб моя бўзлар,
Тўрум кўзга илмагунча.

Одам тушди элдан-элга,
Нақш этарлар тилдан-тилга,
Махтумқули, кўнгил гулга,
Хазон уриб, сўлмагунча.

Шарҳ: Доно сўзга кулар нодон
Эй маърифат толиби, эй яхши одам! Дунёда шундай одамлар борки, асл ҳикмат маъносини англаш саодатидан бенасиблар. Тоғ бошини хира этган туманни шамол ҳайдаганидек, нодон кимсалар бошлари бориб деворга тегмагунча доно сўз қадрига етмаслар. Ақли бор кимса ўзини зино, ўғрилик, шаробхўрлик ботқоғига ташламайди. Агар жамият, эл яхшилардан иборат бўлса, ёмон одам яхшига айланади, яхши одам эса бу юртни тарк этмайди. Кимки Қуръони карим йўлини маҳкам тутиб, ҳожатини Яраттандан сўрар экан, дунё ва охиратда хорлик кўрмайди. Комил иймон эгаси доимо рост сўзлайди. Иймонсизнинг эса аъмоли ростни ёлғонга чиқаришдир. Бундайлар бўталоқ йўқотса, даштга чиқиб туя излайди. Ўз элига сиғмаган, яхшиларни ёмон билиб юртини тарк этган одамнинг номи «ёмон», дея тилларга нақшланади. Эй Махтумқули, кўнглингдаги пок гулинг — иймонингни сўлиб хазонга айланишдан эҳтиёт қилгин.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан