ҚЎШИМЧА ҚЎРИҚ
Қуршовда юртимнинг қабристонлари, қабрлар оғзида тўхтаган пахта, гўё шўрликларнинг арзон жонларин қутқариб қолгандай милёнлаб лаҳад. Шўрликлар бир умр ёмғир, қор кечиб, фақат қабрлардан ҳаловат топди. Уялдим тунов кун кўйлагим ечиб, пахта экитмаган баданим қопти. Мен ҳам гул одамман, биргад укалар, пошшолар ухласин дейман хотиржам, менгаям озгина беринг шу дарддан, энди пахта экинг баданимга ҳам. Фақат баданимга ишлатманг кимё, кимё кириб бўлган хону монимга, бутифос, катаран, қисқаси, сонминг заҳарли дорилар оқар қонимда. Қўрқмасдан экворинг, тезроқ борасиз юқори белгилаб берган мўлжалга, пахта очилганда ҳеч бир дорисиз баргларин тўкворар эсли гўзалар.
ТУҲМАТ
Кеча ўғри бўлди, бугун ваҳшийдир, энди бутун дунё билар бу ҳақда. Қандай мўмин эди, қандай яхшийди анқайиб жимгина терганда пахта. Қайта қуриш ўзи чиқди қайданам? — юксак қалъалардан боққан ўғрилар улкан мамлакатнинг бутун айбини содда ўзбекларга қўйди тўғрилаб. Шунда буюк денгиз чайқалиб кетди, майдонларни босди бир ювош зулмат. Шоирлар уйғота олмаган элни уйғотиб юборди маломат, туҳмат. Кеча ўғри бўлди, бугун ваҳшийдир, бўҳтонга кўмилиб турар асабий. Ўзин майдонларга сиғдира олмас, болалар қонига ўтар ғазаби. Яхшилик туғади, ёмонлик ҳам гоҳ, бўлмаса озгина қўйсалар мақтаб, бугун ҳам саҳардан қаро шомгача жимгина илжайиб терарди пахта.
УЙҚУ
Халойиқ ишонди, кўзёшдан ийди, айбдор болтамас, айбдор кунда. Қасосин олмоқдан ўзини тийди жаллодлар ниқоби йиртилган кунда. Кон қўлида сузар бедод салтанат, барча тафсилотин, қани, ким ёдлар? Бу содда халойиқ мунча алданар, пихиллаб кулади энди жаллодлар. Ўтар ошкоралик ҳаш-паш дегунча, келажак кўрсатар ким кулар, йиғлар, милён айғоқчилар далил тергунча қайралиб турса, бас, исфаҳон тиғлар. Қайдадир булбуллар толиқиб сайрар, ҳавода учгандай милён малойик. Бир четда жаллодлар тиғларин қайрар, уйқуни уради шўрлик халойиқ.
БАТТОЛ ОРЗУСИ
Халақит беради ҳамиша бу вақт, бемалол ишлашга қўймас бизларни. Қанча чўлпонларни отувдик пақ-пақ, зўрға яширгандик қонли изларни... Аммо вақт очворди... биз гумдон қилган ҳозирча... ўттиқ-қирқ милёнта мурда содда — гўл халқларга жи-и-ндай тешилган калла чаноқларин кўрсатиб турар. Хўш, мунча ваҳима... ахир сиёсат вақти-вақти битан қон талаб қилар, ахир ҳурфикрлик деган риёзат ҳар қандай давлатни йиқита билар. Инсонпарварликдан қайтганимиз йўқ, ҳалиям тоштарни кесар болтамиз. Агар керак бўлса, ўқларимиз кўп, ҳаммани бир бошдан пақ-пақ отамиз. Чўлпон-пўлпон дейсиз, ишимиз катта, тарихга сиғмасдан турар ўжарлар, жаҳолат босган тўрт асрни ҳатлаб Бобурни олувдик энди мўлжалга. Аммо сал кечикдик... чала қолди иш, вақт ҳам мудраб қолар — ҳали кўрамиз, Навоий мулла бор, тағин Яссавий, нарида Қошғарий, бор-ку Тўмарис...
ОРЗУГА АЙБ ЙЎҚ
Кеча давлат туздим, унча каттамас, турар метиндан-да қаттиқ тамалда — мухтасар қонунлар фақат хатдамас, бутун афзаллиги, эрки амалда. Гўё ким атайлаб сувга босган бир коптокдай балқиди рангин савлати, кўрди юксалганин бир фитна олғир ўзи бўғиб қўйган ўзбек давлатин. Аммо ғаразгўйлар тахмин қилгандай гуркираб ўсмади юртда ваҳшийлик, тўқнашиб қолганда кулди итлар ҳам, шикор-қатағонга чиқмас даҳрийлик. Ахир, ўзбеклар ҳам унчалик гўлмас, балиқ бошдан деган гаплар тўхтади, раҳбарлар кўксини чангаллаб ўлмас, пинҳона хусумат, зарблар тўхтади. Шоирлар нолимас, сочлар оқарган... Нотиқлар эсдалик айтар авлодга: бир пайт, азизларим, Маскўп орқали бориб келар эдик қўшни афғонга. Бундаги элатлар иззат-ҳурматда, кўзлари чақчаймас яккатилликдан, кўнгилга яқинроқ бўлди ғурбатлар, ҳеч кимса ўлмайди мустақилликдан. Етар шунча таъриф, нозик замонда агар айтиб қўйсам таъриф адоғин, ёниб кетишингиз мумкин армондан, армон — бу огар дард, жудаям оғир.
ФИТНАЧИ ХУСУСИДА
Бу юртда ҳамиша фитнадан улуғлар йиқилур юзтубан, пешобин оқизиб битмаган фитначи ўтажак устидан.
Азалдан адолат ёритган энг олий ҳақиқат йўлини, элатлар қонлари қоришар фитналар зулмидан бўлиниб.
Хаёлнинг гулини сўлдирган, нуратган қанчалаб давронни, ҳар доим панадан ўлдирган муғамбир шайтонлар шайтони.
Самовий торлари кесилган, худога тенглайди ўзларин, заифлар кетидан эзитган усталдан ололмас кўзларин.
Разиллар нафасин ҳайдаган руҳларим, ҳурларим, қайдасиз? Дишарнинг тубидан таланган арғувон дурларим, қайдасиз?
Қаҳратон сувини симирган соддадил жўралар, қайдасиз? Мардликнинг пойига сиғинган дарёдил жўмардлар, қайдасиз?
Қайдасиз? Ер билан бир бўлиб, ётибсиз фитналар қурбони, фожиа сўнггида сир бўлиб, фитначи тебратар дунёни.
Умримиз узилган ёғдудай офтобга эргашиб кетади, фитначи пиширган оғулар тириклик бошига етади.
Ёзилур бир куни тарихда даҳолар сийлиқлар олгани, кўмилган замонлар қатида фитналар очилмай қолгани.
ҚЎҚОН ШАМОЛИ ҲАҚИДА ЎТМИШДАН БИР РИВОЯТ
Эски ўзаитардан келди гулдираб улкан тўзонларнинг жинни ҳаммоли. Ўйлаб юрган эдик сени ўлди деб, ҳалиям бормисан, Қўқон шамоли. Энди вақт айланар бошқа ҳалқада, бошқа бир ҳалқада сузар ҳаловат. Ўйловдик сениям бир танг лаҳзада тирбарон қилди деб, ювуқсиз ётлар. Улар ҳам одамми, улар темирдан, зулмат босқонлари эзмиш гулларни. Дилларда ниш урмиш эркин кемирган оҳ, ўша кунлари, ўша кунлари... Тошмайдон ситкиниб кетди лаҳзада, тўсатдан гуллаган нигоҳлар сўлди. Қарсиллаб урилган оний зарбадан ўсмирлар қонининг рангини кўрди. Атрофга додларни сочган азондан ларзага тушганда минг-минглаб даҳа бу қаттол осмон ҳам кулранг равоқдан бошларга сочворди машъум қаҳқаҳа. Юртми бу, ғанимдан қолган маломат ё иғво қутиси, билмай ўтарман. Бедодлик даштида қитиб каромат, ўсмирлар нигоҳи каби сўларман. Бу қайси салтанат ялоқларидан мағзава ятаган фитна итлари?! Қуртлаб, бижғиб ётар яроқларида қурбонлик истаган ажал ҳирслари. Энди эрким учун роса етилдим, эй, шамол, энг эркин қўлингни бергин! Туҳмат чаёнлари чаққан бетимга қонли рўмолларнинг учлари тегди. Энди етим гуллар нафасларимас, ажал тўкиб кетган қон ҳиди елар. Энди иккимизнинг қаъримиздан ҳам оқ рўмол ёпинган бир йиғи келар.
ҚУЛОҒИМДА ҚОЛГАН ЙИҒИ
Бир ёмон, бир узун, бир ўткир йиғи, ҳали эр кўрмаган қизлар йиғиси. Кўмилиб кетаркан тоғ ўкириғи тўсатдан саннаса минг қиз йиғилиб. Момолар йиғлаган ерда йиглайсиз, оналар йиғлаган... буям бир шараф. Ёрма ўқ сингари тиним билмаган бу бахтга болалар бўлар мушарраф. Қўшкалла калхат бор ҳамон бошингда, занжирлар шодаси чирир бўйнингда. Яйраб кулганмидинг, асрий дошингдан яралган илонлар ўйнар қўйнингда?! Бир ёмон, Бир узун, бир ўткир йиғи водий шамолида келар изиллаб. Бу ёз кечалари йилларнинг тиғи айланиб-айланиб юрар ичимда. Кимга сиғиндингиз? Кимни кўрдингиз? Неча қатли омлар ўчдими ёддан? Очилмай узилган гулдай сўлдингиз, эрларни яширган ерни қучоқлаб... Ҳали бор, анча бор, ҳали кўнгиллар хўрликни қусгувчи кунларгача бор. Ҳаром валатларни урчитган йиллар жаврини йўқ қилур битта улкан дод. Бир бмон, бир узун, бир улкан йиғи, қайси бир жаврнинг аччиқ тортиғи. Оҳ, мунча айланар, мунча тўлғанар ичимда йилларнинг занглаган тиғи.
ШОҲРУХ МИРЗО СУҲБАТИ
Ёлғонлар чекинди, юксалди нафрат, кеча шод кўзларни синдирди жола. Дунёга келдиму кетарман қарғаб, сиёсат энг катта қимордир, болам! Жобир мустабидлар иродаси-ла не сирлар инграйди машъум кенгликда. Қотиллар сўз айтди биродарликдан, ишонган йўқсуллар қолди тенгликда. Атрофга қарама, кўзга ёш тўлар, тузилмай турибоқ бузилган олам. Нечун Туронзамин чечакдай сўлар, бу замин бормиди бизларда, болам?! Эрк қани, эр қани, асил ер қани, заҳарга қорилган аччиқ тиллар бор, тубан бир ҳалқада тинмай айланган ўзликдан бехабар қанжиқ диллар бор. Жавр шунча бўлур, сабр ҳам шунча, томондан юксалар ёвуз бир нола. Темир пардаларни вақт сургунча бут одам қолмапти бу уйда, болам! Вайрона... вайрона... Фақат вайрона... бошлари қўрғошин тўла лашкарлар... ажал сиртмоқларин судраб сайрона кезмиш қатор-қатор қаро жасадлар. Бу тубан ҳалқада борми бир маъни, қачон бу ҳалқадан чиқар бу одам? Гоҳ сенга суяниб ўлай дейман-у, жудаям бегуноҳ, ёлғизсан, болам!
КЕНГЛИК соғинчи
Армоним улғайди... кеча сўйлардим — қанийди бўлса деб бирорта мард дўст. Бугун қон йиғларман — денгиз бўлсайди, бўлсайди улуғвор уммонларга йўл. Армоним улуғдир... кўзёшим улкан, ўлсам, жасадимга юртим тўлажак. Сўнгги зурёдимни заҳарлар қуллар, сўнгги чечакларим айниб сўлажак. Эй, беклар, заҳар ич — ўзбегинг қолиб, ўзгага бўйсундинг, ўлганинг шулдир. Шунданми, бошида теридан қолип, саксовул сингари майишган будун. Бир саҳро... самога тикилар банда... эрюзли хотунлар... хотун юзли эр. Ўзликни ўстирай, борми маҳзанда хоинлар сийдиги сачрамаган ер. Ҳой, одам, ким эдинг, топган-тутганинг бир бўлак ёмбимас, қўрқинчли безак?! Шоирлар сиғинган ўшал юрт қани? Эрким деб тутарсан бир парча тезак. Денгизга қуйшлмас бирорта дарё, қумлар қамалида бижғиган диёр. Бу йўлнинг сўнгида бир улкан фарёд, бир ўлим, баҳайбат битта ўлим бор. Йиғласанг йиғлагин битта денгиздай, жондан тўйган бўлсанг, уммон каби ўл, чунки бир денгиз йўқ тақир кенгликда, чунки йўқ улуғвор уммонларга йўл.
ГУЛ йиғиси
Қачон гул ҳидловдим, қачон сувларда ёғдулар рақсини томоша қилдим? Насимлар мавжида елган ҳурлардан кўзларим узолмай қачон йиқитдим? Билмадим, хаёлий дунёмидир бул, жудолиғ бағримни тугатди тамом, яна бу тубанлиғ даштида мақтул жисмимни унутиб излайман пайғом. Бу ерда ваҳшийлар йўл қарар эди тағин бир валламат қонини истаб, тунларнинг йиртилган кўлкаларида валилар сўнгагин ғажирди итлар. Очиқ мозорларнинг қирғоқларида тилтари иккига айритган қуллар, вақтнинг сарғайган чирмобларида юраги ёрилиб ўлган булбуллар. Сувлар ҳам ириган, ириб ётар Шарқ тунларни ёритган майхоналарда, ёвуз қон гирватин қаърига қараб, завжалар йиғларди вайроналарда. Осмон йироқ эди, ер эса қаттиқ, тобора олислаб борар қуёш ҳам, бунда ғофилларнинг қисмати аччиқ, бунда қаттолларнинг бошлари тошдан. Вой, куним, маҳшарга тўқинган куним, сўнгги кўзларимдан эриганда ёш, Билолни чақирдим, эй, буюк қулим, манов хоқонларнинг қулоқларин оч. Аммоки Билол йўқ, милён Жаҳл бор, милён қўлларида қонсираган тош, зулм зулматининг оғушида хор битта гул, ёлғизгул йиғларди, холос. Ёвуз бир дарбадар бор эди тағин, бор эди қўйнида интиқом тиғи, бор эди ёғдулар синган бетайин дунёдан юксалган бир гўзал йиғи. Дунёга келдимми ёки қайтдимми, кимсасиз даштларнинг қаърида нечун илк бора англадим ёлғиз дардингни кечалар тубида йиғлаган, эй гул.
ҒАМГИН ШЕЪР
Умр ҳам ўтгандай... гўё бир кунда настарин гулидай очилиб сўлдик, гўё бир нафаслик равшан қуюнда қалби сўқирларга афсона бўлдик, қушларни музлатган қора буюқда соямиз қўшилиб девона бўлдик.
Мармари қўрғонлар оёқларида умрини ёндирган дарвозабонлар... қутурган жаҳолат таёқларидан силласи қуриган дарёзабонлар... дунёнинг қайроқтош табоқларида кимларга йиғлади пари саболар.
Отларнинг чириган калласи каби моҳият рафтори кўринган чоғлар, ойларнинг увалиб тушган палласи, юраклар гулини куйдирган доғлар, кимларга аталган эди файласуф қоялар бошида қорайган дорлар.
Иғво чечаклари... фитна боғлари... салтанат пойидан оққан базмлар, туҳматни шопирган кунлар новлари, раққос либосини кийган назмлар, вақтнинг милёнта кар гўрковлари эзилиб кимларга лаҳад қаздилар.
Умр ҳам ўтгандай... наҳот бир кунда настарин гулидай очилиб сўлдик? Бир нафис гул кўрдик ёвуз жунунда, орзулаб исмини армона қўйдик, исми жисмига мос армона бўлди, бу гулга тикилиб вайрона бўлдик.
Зулм мошинлари... шайтон сорлари... шаҳват гирдобида сузган садолар, кўзлари тошлардай қаттиқ ёрлари жавҳарин нишолда қилган гадолар. валилар ўқчиган буюк тонгларни қай гўрга яшириб қўйди разолат?
Дунёни тебратган зиёбонлар ҳам кафанга бурканиб фалакка ўрлар, ўтлардан чинқириб биёбонларда ваҳшийлар оғзидай очилган гўрлар ҳақорат сойлари қўшилган жойда токай қонимизни ичар қонхўрлар?
Саҳро эгалари — ғам тепалари... зулматда йиғлаган чечаклар дарди, мозийга йўл солган кун тевалари, юракнинг туйғудан ёришган қаъри, вақтнинг шафқатсиз неваралари қайларга оборар бизларни айриб?
Умр ҳам ўтгандай... офтоб сўлгандай... қайғули харсанглар хаёлни эзар, жаннатни соғиниб ётган чўлларда қашқирлар галаси қонсираб кезар. Эй, гулим, кўзларга ёшлар тўлганда соямиз қўшилган дамларни эсланг!
ТАРИҚАТ
Дунёга сиғмадим, сиғмади дунё ғурбатдан торайган табиатимга, қоп-қора чечакдай сочилмиш ҳулё жўмардлар кўмилган тариқатимга. Майлига, чечаклар қоп-қора бўлсин, йиқитса шу йўлда йиқитсин тақдир, қуртлаган истаклар шуъласи сўлсин, худойим сийлаган ҳурлигим яхши. Бичилган қулларнинг, қулзодаларнинг малак сиймоларин ўйнатган дунё, яралган лаҳзадан ҳур одамларни иблислар тилида сўйлатган дунё. Чиройли эрмаклар маҳзанидир ул, мағизи қайғудан, пўстлоғи зардан, сарғарар очилмай туриб қизил гул, тупроғи жимгина қусган заҳардан. Чайқалар жаҳолат оғочларида неча минг Машрабу Мансури Ҳаллож... ҳамон юксалади йўл бошларида одамзот қонига тўймаган жаллод. Токай бу иблислик, токай бу ёлғон, токай тиғ кўтарар қора гуруҳлар, токай бижғиб ётар ғариб аламон ичига тириклай кўмилган руҳлар. Зулфиқор руҳ керак, керак чин ёғду, чин ишқ йўқинлари бағримга тўлсин, жисмимни тобласин фақат чин оғриқ, чечаклар қоп-қора бўлса-да бўлсин. Бағрикенг худойим кечириб қўяр, йиқилсам етмай ул ҳақиқатимга, кўмилсам, кўмилай ўлими гўзал — жўмардлар кўмитган тариқатимга.
ЭСКИ ШЕЪР
Буюк Турон кенгликларида кўмилиб ётибди ҳадсиз хазина, кўмилиб етибди йиллар қаърида хазинага туташ саноқсиз зина... Адашдим, руҳимда парокандалик кўп сирли асрлар шабистонида, кезгандай бўламан азиз битиклар, донишманд элларнинг қабристонида. Халқлар инжуларни ўтмишларидан зарралаб-зарралаб терган пайтида биз ногоҳ шамолда очилиб қолган қанча жавоҳирни кўмдик қайтадан. Бу қуллик белгиси ёки кўрликми ё банди бўлдикми ҳирс, таъмаларга, ўзгага тутдикми жавҳар ўзликни, қўрқдикми одамхўр маҳкамалардан?! Ватаним дейман-у, бағрим қон бўлар, бу қандай ватанки, хоки бирикмас, буюк Турон кенгликларида уруғлар бир-бирин еди тириклай. Бу қандай ватанки, шоҳизиндалар бир ғариб элининг орини сотса, шоирлар салтанат зиналарида мансабу мартаба тиланиб ётса. Эй, сиз, адашганлар... Элнинг қонида наҳотки самовий чечаклар сўлган! Илож қолмадими жанг майдонида Оллоҳу акбар деб ўлишдан бўлак? Эй, элим, қачондир бир гала бедил кўксингдан дилингни суғурган маҳал нега шол юзингни бурдинг тескари, нега тирик қолдинг ичмасдан заҳар?! Буюк Турон кенгликларида кўмилиб етибди ҳадсиз хазина, кумилиб ётибди йиллар қаърида юксак бир оламга туташган зина. Ҳали кўп йўловчи бу манзилгоҳдан айланиб-айланиб ўтар сағирдай. Ҳали узоқ ётар, узоқ ва узоқ буюк хазиналар йиллар қаърида.
КАЙФИЯТ МАНЗАРАСИ
Далв ойи. Атрофда бир ҳовуч қор йўқ. Девона оғочлар кезмиш туманда. Кўнгилнинг ҳолини сўрашга ёр йўқ, Жўмард йўқ сўйлайин десам Турондан Наҳрлар сўйилган, қоннинг ранги йўқ, ичимда бўридай увлар бир шамол, қиличдай чарақлар ой нурида йўл, кенгликда ухлайди улкан бир қарол. Оловдан сўйлайми, сўйлайми майдан, дарбадар набидай ўқийми оят. Бу сохта булбуллар намунча сайрар, намунча пўйроздан оқар ҳақорат. Қарол жим ухлайди бу қиш палласи, бор-йўғин каламуш галаси ташир, шамолда тебранган улкан калласин талашиб-тортқилаб қашқирлар ғажир. Валатлар айниган дилларин кўриб, ёпиқ дарчаларни муштлайди титраб. Эй кўнгил, пойингда бир тупроқ бўлдим, Кетмагил, шу ерда баралла йиғла. Далв ойи. Суронлар тўфонларидан қашқирлар тирқираб қочган бир онда ўлдим рўйжада хоб ўпқонларидан жонимни қийнаган ёвуз бир қондан. Қарғалар босди сўнг... чилпарчин ёруғ, қоришди талваса — нур билан рўё, Турон кенгликлари сориғдан сориғ, улкан бир ўлакса ётгандай гўё...
ТУРКИЙЛАР
Қиличин ташлади беклар ниҳоят, босилди тулпорлар, тиғлар сурони, урҳога ўрганган тилларда оят, туркийлар таниди комил худони. Қиличлар занглади... фалокат ҳушёр, туркийлар қувватин берди ерларга. Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв комиллик қидирган жасур эрларга. Илвасин йигитлар, бобир йигитлар, саждага бош қўйди ёвга терс қараб, ғулларни кемириб йиғлади итлар, буюк бошни кесди қилич ярақлаб. Туркда бош қолмади... қолмади довлар. хотин-халаж қолди мотам кўтариб, «бизга тик қарама» буюрди ёвлар, ёвларга терс қараб яшади бари. Таланди самовий тулпор уюри, таланди зарлари, зебу забари, терс қараб ўлинг деб ёвлар буюрди, ёвларга терс қараб жон берди бари. Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб, қолмади арабий, туркий хатлари, туғингиз деди ёв тескари қараб, ёвларга терс қараб туғилди бари. Туғилди, туғилди, туғилди қуллар, қирқида қирилган — имдодга муҳтож, ёвларга терс қараб итлардаё ҳурар, бир-бирига душман, бир-биридан кож. Жўмардлар қирилган Туронзаминда дўзахий тажриба палласин кўрдим: эшшак суврати бор қай бир қавмда, қай бирида тўнғиз калласин кўрдим. Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар, қул Билол эзилиб йиғлар фалакда... Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган Бадахшон лаълидай асл малаклар. Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар саждага бош қўйиб жаллод тошига. Ўгрилиб сал ортга қарайин деса, бошига урарлар, фақат бошига. Борми эр йигитлар, борми эр қизлар, борми гул бағрингда жўмард нолалар, борми бул туфроқда ўзлигин излаб, осмону фалакка етган болалар. Бор бўлса, аларга еткариб қўйинг, бир бошга бир ўлим демаган эрмас, шаҳидлар ўлмайди, бир қараб тўйинг: Ёвга терс қараган мусулмон эмас! Ёвга терс қараган мусулмон эмас! Ёвга терс қараган мусулмон эмас! Ёвга терс қараган мусулмон эмас! Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
ШАРҲИ ҲОЛ
Шуҳрати сочилди бодияларга... зарбадан бештага бўлинди андуҳ. Йилларга ем бўлган обидаларда тинимсиз айланар чирқираган руҳ. Бузитди азоб-ла қурилган диллар, илинждан ўзга бир туйғу сиғмади. Насабин билмаган шўрлик етимлар ғафлатда ухлади, кимлар йиғлади Фитналар домида пишган зулмдан айвсиз босилди қўзғолган ёдлар, ўзликни топтаган маккор илмдан кулгуга айланиб кетди фарёдлар. Ким қолди? Иблиснинг макрига учиб, қирпичоқ бўлгувчи аламон қолди, юз йиллик адоват заҳрини қусиб; қонига ғарқ бўлган ғалаён қолди. Ким қолур? Ҳаттоки сўнгги лаҳзада кўзлари тўймаган жобирлар қолур, ўлим-ла ўйнашган назм авжида юраги ёрилган шоирлар қолур. Туркистон — тарихи ҳарбистонларда, тўкилиб битдими буюк қоматлар? Руҳи дод солмасди қабристонларда қаддини кўтарса агар номардлар. Буюк руҳ чирқирар... Мудҳиш саройда зинодан тўралган неча даҳрий зот урчитар малаклар туғитган жойда ўзаги айниган янги махлуқот... Демак, бор, баҳайбат зулм бор ҳали, ҳали бор одамни қувган овчилар, шундан донишлари овсару далли, ўғрига айланган доно тожирлар, шундан чумчуқюрак пошшолари гунг, фақирлар кўниккан бало, қаҳатга, шундан водийларда ўсиб ётар мунг, ҳаттоки булбуллар ўхшар калхатга. Туркистон — тўзондай тўзган жигарлар, жигарлар йўлинда темир тикантар, гадолик илмини ўргатар энди аждод-авлоди-ла босиб шилганлар. Бурғулар чириган... занглаган тиғлар... итлар томоқ ичар олтин тожидан, мозийга тикилиб муғанний йиғлар, шеър ёзиб ўлтирар лашкарбошилар.
ЁНАЁТГАНЛАР
Валламат ғозийлар қабрида турди, эртакда адашган танти ботирлар. Чинаккам эрлари қолмаган юртда ўзларин ёндирар бугун хотинлар. Қайга борадилар ваҳший аланга бағрида додларин кўтариб азот? Таскин топардилар кеча даладан, бугун излайдилар оловдан нажот. Гўёки мағрибга ғарқ бўлиб қуйн, садолар инларга қайтар фурсатда қуёшдан узилиб қолган бир қулоч аланга чинқириб қочар зулматдан. Фарёдлар гуркираб ўсган бу замин мунчалар дуч келди худо қаҳрига, юз йиллаб кўз юммай ётган ғаними аланга эккандай зулмат қаърига. Бадахшон лаълимас, гавҳару дурмас, оддий бир инсоний қадрини излаб, чинаккам беклари қирилган юртда гулхандай ёнади неча гул қизлар. Бу исён — лаҳзалик, даҳшат солароқ бир зумда ўтар-да дўзахий оғриқ, бироқ бу гуллардан бахти қорароқ — бир умр ёнгувчи гуллар-да бордир. Бу гуллар — сўзлаган онидан бошлаб, кўрмайин юлдузли осмон равоғин, қанотдай қўлларда ерни тарошлаб, ўт билан сувлардан ясар жавоҳир. Фаришта қўллари қорайиб куйган, кир дурра чирмаган олма юзларин, ҳар бири Шерали ҳофизни суйган, кўзлари ғуссали, кичик жуссали, кўксида армоннинг тумордай доғи, дейдилар гулилар юрти — Ҳиротда, Зуҳросиз равзада турмаган Тоҳир, Лайли ва мажнунлар фақат китобда. Воҳ, нечук тугалиш... борми алардай оловни тожларда кўтарган гуллар! Жаҳондан узилиб қолган далада мунчалар милтираб ёнар бу қуллар! Машриқдан мағрибга судралган ғамлар... манглайга ёзуқни битаркан дажжол, бу мудҳиш масканда милён санамлар бир умр изларми оловдан нажот! Ё худо, денгизлар бунча узоқда! Бунчалар олисдир қайсар дарёлар! Жаҳондан узитиб кетган тупроқда милтираб ёнгандай ғариб маъволар...
БУЗИЛГАН ДЕВОРЛАР
Қадимда мевалар етилган пайтда савоб деб яшаган комил аждодим мусофир чанқоғин боссин деб атай бузиб қўяр экан боғлар деворин. Эрон даштларидан Хитойга қадар девори бузилиб ётган боғ эди, бу боққа мусофир кирган дафъада астойдил севинган элим бор эди. Бор эди бу элнинг худо безаган, камолга туташган олтин чоғлари, қарғишлар қарғадай қўнган ерлардан қалтираб ахтардим ўшал боғларни. Ахир, ер ютдими... комил инсонлар қолдими сарғайган афсоналарда? Метин деворларда — чақиртиконлар, қулфлар шодаси — дарвозаларда. Бир қўлимни бердим, есин чаёнлар, бошқасин узатдим каламушларга, юрагим гулларин отдим аямай кўзлари қотирма падаркушларга. Битта гул юзига юзимни босиб, оғринган чоғимни тоғлар кўрмасин. Энди бу ҳолимни мозийдан тошиб, девори бузитган боғлар кўрмасин. Гирватдай айланар зулм дунеси... қаъридан анқирди қора тер ҳиди, гўёки бу қадим йўллар худосиз, гўёки бутун бир элим берк эди. Берк эди, берк эди, чексиз деворлар ичида инграрди чексиз бир шўрлик, тинимсиз муштладим дарвозаларни, ошиқ қўлларимни қонатиб бўлдим. Ошиқ кўзларим ҳам.... ёвуз чақнаган, кимнидир сўкаман, бандаи ғофил, ахир ўз еримда дайдиб, чанқаган шўрлик мусофирман, улуғ мусофир.
ХОМАШЁ ХУСУСИДА
Ортиқча сийлаган худо бу ерни, одамдан азизроқ пахта, пилласи, асал-қанд меваси, қоракўл тери, саҳролар қаърида ётган тилласи. Унутманг, борлиғин қилганча миннат софлик обкелдик деб вайсаган каслар кўзларин ўйнатган фақат зеб-зийнат, арзон хомашёни ўйлаган дастлаб. Бу ернинг бирорта дарвозаси йўқ... Аммоки йўли кўп, харидори кўп, элининг дили оч, аммо кўзи тўқ, энг муҳим хислати—хомашёси кўп.
Қайдаки сусайса эътиқод, имон, бузуқлик авжига чиқса қай жойда, ул элнинг бошига қўнмасмиш ҳумо, бўлмасмиш ул элнинг фарқи гадойдан. Ҳақиқат мендадир, қудрат ўзгада, фароғат ўзгада, ҳақорат менда... сойлардай тирилур минг бир кўчалар Тошлардай чўнқайиб йиғласам селдай. Улуғ дард чайқалган жисмим бор холос, майдонларга борсам шиор кўтариб, ҳар ёндан гуриллаб босади восвос манқуртлар резинка тўқмоқ ўқталиб. Жоним жуда арзон... Жудаям арзон, арзондир бул юртда тўкилган қонлар, сочилиб ётибди бамисли хазон тупроқнинг бағрида янги қурбонлар. Бу бошлар бош эмас, бу кўзлар кўзмас, қулларнинг бошидир, қулларнинг кўзи. Дунё золимники... Мен энди сўзмас, фарёд-ла сўйларман ўзимга ўзим: хўш, кимман, нимаман, улкан бир қуртдай ўрмалаб ўтарман замон тошидан, бутун борлиғи-ла хомашё юртда мен ҳам одамзотнинг хомашёсиман.
БИР СУВРАТ ТААССУРОТИ
Ҳалиям ўйнайди иғво таёғи, тугамас маломат қисирғалари, бошинг балчиқдаю кўкда аёғинг, мунчаям кўп экан ганжиналаринг. Барига ганжина, ганжина сабаб, ҳамиша шундай деб ўтган улуғлар, манглайи шўрларнинг додини асраб, бўғилиб ғўлдирар соқов қудуқлар. Ижозат бердилар, қидир дедилар, кун сайин ганжина талаб қитлитар, тилло олдилар-у, заҳар бердилар, зиғирдай айбингни шохга илдитар. Музликни маскан қил, дедим неча бор, йиғладинг шунда деб боболар қабри, қўлингни кўтариб дединг худо-ё, ниҳоят қўзидинг худолар қаҳрин. Қарагин, хешларинг орасида жанг, элатинг тўс-тўсу ит-мушук бўлди, боланг фаросатсиз, хотининг гаранг, қизларинг меҳнатдан эзилиб ўлди. Чинданам худонинг қаҳри келибди, емишинг тўппаю ичмишинг заҳар, узоқ пайт ишламай миянг эрибти, итларинг йўталар, эшакларинг кал. Эрта-кеч ўйлайсан ганжина ҳақда, метинни эритиб юборар сабринг, кўзингда юксалар ўзингдай қайсар тўқсонминг бобонгни нураган қабри. Вой, одам, вой, итнинг калта ойғи, кўзингда қайнайди ажиналаринг, худодан сўрайман эс-ҳушим оғиб, тезроқ тугасайди ганжиналаринг...
* * *
Ёмғирдан кейинги атиргул каби кўзларни яшнатган бокира диёр, дурру жавоҳирга тўлайди бағри, эрлари соддадил, ёвлари маккор.
Ҳали заҳар-заққум тотини битмай, машриқдан мағрибга кўчган сабода, ҳарис нигоҳларии назарга илмай, ҳилолдай порларди кўм-кўк қабода.
Наҳот бу ўша ер, шуми ҳар лаҳза минг битта туйғуни ўйнатган гўша, бор тиғин миллиард ниш билан чақар баҳайбат зангори чаёндай ғўза. Ҳамон эрлар содда, ёвлар маккордир, ҳамон диллар ўти кўкка ўрлайди, азалдан бу ернинг хўжаси борми, валламат эрлари қайси гўрдайди. Тупроғи эланган, тоғи туйилган, зарлари терилган заррама-зарра, фарқи йўқ чўяндан, тўқим урилган тинимсиз минилган қўтир бир хардан. Лаълмас, шўриш кўрдим шўр манглайида гуландом, гулназар, гулрухсорларнинг, золимнинг зулмини тугал англадим, англадим қайғусин кўҳна торларнинг. Буюк тупроқ ўлди, ўлди жимгина, энди бу маконда битмас тозагул, энди заққум-заҳар бағридан инграб, фақат юксалажак милён-милён қул. Вой, инсон қонига қорилган замин, тупроққа айланган жигарим, бағрим. Чўнқайиб ўтирдим, ёлғиз бўриман, ишқимни ғажиган бўридир қаҳрим. Ичимдан анқийди тупроқнинг ҳиди, тупроқ соя солмиш ранга рўйимга. Тупроқранг кўзларим, тупроқранг тилим, тупроқ ҳазинлига сингмиш ўйимга. Тупроққа ўхшайсиз дегувчи кўпдир, севинчдан сиғмаймиз зард теримизга, тупроққа ўхшаймиз... хўш, нима бўпти, ўхшасак ўхшабмиз ўз еримизга.
БОЗОРДАГИ АФҒОНБОЛА СУВРАТИ
Ғазабдан юзлари қорайиб кетган, қадди эгилмаган... эгилган бозор... Гўёки бир сирнинг тагига етган, битта у жафокаш, бошқалар айбдор. Кулфат оловида қайралган кўзи, ўқраяр мусулмон тоғлар йўқсули. Дунё бир томонда, бир ёнда ўзи, одамнинг қулимас, Оллоҳнинг қули. Яшнаган нигоҳлар нурин сўндирар кўзида ўн йилдир жамланган ғазаб, тутгандай катта бир иғво ўлдирган бир ярим милёнта афғонга аза. Энди бор кулфатга сўрагандай қон, минглаб нигоҳ аро совуқ ярақтаб, бу нигоҳ кўзингга тушгани заҳот, бутун бор тиғингни кетар чавақтаб. Эй, афғон, маломат кўпдир бошимда, юртингни босганлар, отганлар бошқа. Бир халқнинг дилини ёқут тошидай майдалаб-майдалаб сотганлар бошқа. Одамзот қайнаган бозорда афғон, хўмрайиб турибсан мисли тирик дор, худди бошлагудек бирорта ғавғо, ичингда Гулбиддин Ҳикматёринг бор... Балки бундаймасдир, балки бу бола афғон даштларининг тирик суврати, таниш савдоларни хотирга солган бозорга тикитиб ўйлар суради. Оний суврат бўлар... ҳатто мен ўзим кўпинча юрсам-да хоксору ғариб, гоҳида саломга узатган қўлим порлар-ку Алининг қиличи каби.
ЖЕЗ ОТЛИҚ
Ҳамон улуғ келбат, ҳамон боши тик, ҳамон тоғни бўлар қиличин зарби, қутурған бу ҳанги айғир-да тетик дунёга ташланар кўзи оч ҳарбий. Икки юз йилдирки улашиб шўриш, мағлублар бошида қаҳқаҳа отар, ҳаттоки мангу эрк тимсоли бўлмиш осмон ҳам кўникиб қолди бу зотга. Озми бу денгизлар, озми бу ерлар, озми тожларини узатган юртлар, ўз қонин симириб чириган эрлар, байланган ҳурлару таланган дурлар. Туёқлар янчмаган нималар қолди, айтарми қайтадан тиритган ёдлар, Турондай сарғаймиш от пешобидан самовий хитоблар, азиз китоблар. Бас, телва сувори, ҳаддингдан ошма, қутурган айғирнинг жиловини торт, икки юз йилдирки эллар бошида туёғини қайрар бу даҳшатли от. Адолат изладим сўнган йиллардан, агар шундай бўлса зиёпарварлик, қайдан униб чиқди милён дилларда ҳасаду хусумат, хиёнат, ғарлик. Жез отлиқ ўзини уради ҳар ён — машъум салтанатнинг соҳибқирони, чайқалар бўғилган бир баҳри фарёд, бўридай эргашар эл интиқоми. ... Саҳрода кўринар тағин Тўмарис, тағин бир қўзғатар сабр тошини, бу сафар мешгамас, қон денгизига отар бу зобитнинг оғир бошини...
ЁМҒИР
Бир ёмғир истарлар... чексиз зулматдай чексиз ёғадиган ёмғир истарлар. Ялаб соб қилмади буюк ғурбатда очилган қонларни този итлар-да. Бир ёмғир истарлар... ювса ғассол сув тақирдай ёрилиб ётган мозийни, бузилган баҳрдай қўзғолмаса руҳ, кўтариб милёнлаб қонсиз ғозийни. Бир ёмғир истарлар... келмас ул қайсар, жимдир кўп синоат гувоҳи — осмон, қуёшдан отилган милярд найзалар ҳали тегмасидан пориллайди қон. Ёнар қон... ёнар қон... ёнар фақат қон... Ботқоқдай товланиб ёвуз чайқалар, қўрқинчли сувратин қилур намоён жаллод қароргоҳи бўлмиш салтанат. Темир дарвозалар... темир пардалар... чўян кундатарни беркитган садлар, хаёл дурбини ҳам етмас қаърларда қонли тиллоларни ўйнар муртадлар. Бўғилган ўрмонлар, синган дарёлар саслари шиддат-ла қилганда меърож, тағин-да қизарар унган фарёддан сўзамол ҳукмдорнинг бошида ол тож.. Бир ёмғир истарлар... ғассол истарлар... ювиб олмоқ учун қошш қўлларни, қалъалар ғиштлари тағин бистарлар, мармар зиналарда битган йўлларни. Илтижо қилди кўп саноқсиз қассоб, қолмасин мозийнинг бу қизил доғи. Топди кўп синоат гувоҳи — осмон қайси бир кунжидан озгина ёмғир. Осмон тешилгандай... замин чайқалди, бир неча кун ёғди ёққандай қўрга. Дунёнинг ёмғир битта ҳайкалнинг чанг босган юзини ювганди зўрға...
ХИРГОИЙ
Ҳаммамиз қуёшда куйган жиззамиз, қачон тиз чўкувдик, ҳамон иззамиз, сирқираб оғрийди шишган тиззамиз, ўриндан озгина турсак майлиму?
Ўтганлар бари бек, қолган жавдирар, гардинда кўринмас ғуллар шалдирар, меҳнатдан ёрилган қўллар қалтирар, ўз беким ерида юрсак майлиму?
Насимлар гулламиш озод тоғларда, озодлик муждаси сўлу соғларда, боболар қийналиб тиккан боғларда ағанаб бир хаёл сурсак майлиму?
Неча минг аллома, жўмардлар ўлган, тасраккур сасиган, руҳлари сўлган, уруғлар айниган тап-тақир чўлда ўз беким давлатин қурсак майлиму?
Юз эллик йилдирки мана шу ҳолат, ҳануз давом этар маккор тижорат, билмадим, қаердан ушбу жаҳолат, нега сиз бўлмайсиз сира хижолат? Нега мен сўрайман сиздан ижозат?!
ҚАЙСАР БУЛБУЛ
Зоғлар орасида булбулни кўрдим, беш-ўн қўтир зағча бошин чўқиган, юраги ёрилиб ўлсин деб шўрлик, булбул ҳақида кўп иғво тўқилган.
Эмишки, хониши доим аразли, йўқотиш керакмиш сохта булбулни, саҳар чоғларида вайсаб ғаразли, атай ухлатармиш неча қизгулни. Бу ҳам етмагандай комил замонда салтанат қасрига пешоб тўкармиш, тағин ул миллатчи эмиш ашаддий, қайда сайраса эл исён кўтармиш.
Иғволар ёзилур, беш-ўн қўтир зоғ янги арслоншоҳга тинмай хат ташир. Шотирлар ишидан юрар кайфи чоғ қора кўзойнакни таққан каттаси.
Арслоншоҳ алмашар, вазир алмашар, борлиқни қайтадан қурмоқда авом. Зоғлар қағиллашиб бирам яйрашар, тағин иғвохатлар ёзилар равон.
Эмишки, бу булбул айбин яширар, ҳар наҳор ўн каклик гўштини ермиш, палон йил писмадон ковакда бирдан саккизта айиқни зўрлаган эмиш. Тағин бир айби бор, ўқирмиш намоз, ислом байроғига қилармиш сажда, ҳар қандай жазони берсангиз ҳам оз, ҳаммани қон қилиб бўлди бу аждар.
Иғволар ёзилур, беш-ўн қўтир зоғ янги арслоншоҳга тинмай хат ташир. Шотирлар ишидан юрар кайфи чоғ қора кўзойнакни таққан каттаси. Ажаб ҳангомалар бўлар қайтадан, зоғларнинг кўзида қайнар ажина. Зоғлар орасида сайрар атайлаб, бу булбул ўзиям жуда гажир-да. Ҳой булбул, Ўзингга бир оз раҳм қил, бўлмасми дамингни чиқармай турсанг. Ахир қайта қуриш... бўлмасми бир йил зоғлар орасида зоғ каби юрсанг...
ОММАНИНГ АҲВОЛИ
Қандай давр ўтди, ҳамма бахтиёр — бошини урарди ҳайкал пойига, байрам кунларида осарди шиор ҳаттоки нураган халажойига. Кун кўзин очмасдан очиқ пайкалда баравар энкайиб турарди ҳамма, ҳамду саноларни айтиб ҳайкалга, бир хилда севиниб қиларди нағма. Ким нишон оларди, ҳамма-чи — пишон, шалдироқ қарсаклар оларди тағин, тилидан оқарди фақат шараф-шон, жилпиллаб сайрарди бир тўп андалиб «Осмондаги юлдуз»ни айтарди қизлар вайрона тунларда вайроналардай, эрлар қайтар эди итларни сизлаб, оталар чириган майхоналардан. Давр ўзгардими? Қўзғолди омма, ҳайкал обрўсиям бўлди бир пуллик, кентлар кундасига ҳаттоки ёрма ўқлардан ҳайиқмай бош қўяр қуллик. Бу дунё маккордир... бир-икки сўздан қариндош элатлар ит-мушук бўлар, гул каби ўсмирлар ётар юзтубан, ўн йилга етгулик мозорлар тўлар. Уйи куйган омма тўяди эркдан, тўйдирар ғойибдан келған адоват, мол-жони таланиб, номаълум ердан қидириб топмайди сира адолат. Оқибат, жимгина ҳайкал пойига қайтару барини қайтадан бошлар, камаяр номаълум аршдан ёғилган туҳмату иғводан ясалган тошлар. Хуллас, ушбу қолар янги даврдан: тағин тут тагида бувак биғ-биғлар, ҳамманинг ҳолига ҳар ёқдан қараб, эшаклар кулару хўтиклар йиғлар...
МАЙДОН ТАЪРИФИ
Ҳеч қачон ишонма — бу майдон маккор, неча хил ғалаён тарихин кўрган, адолат қидириб бош урган хоксор милёнлаб инсонни жўнатган гўрга. Қандай маҳобатли! текис сатҳи ҳам қатл кундасидай қорамтир порлар, қурбонлик соатин санаб хотиржам, сеҳрли гирдобдай домига чорлар. Чорлар, жодуланган кўйи бир овсар қудратдай йиғилиб келар ғалаён, майдонлар дунёга сафсата сотар, урди деб бошини тошга аламон... Ҳеч қачон ишонма — майдонга борма кўксингни ёрсаям дарду ҳасратинг! Бу маккор майдонлар сергак ҳар доим, салтанат қасрини шундоқ асрайди. Атвоитар — ажойиб, ҳаммаси — ёлғон, бу ерга инсонмас, келар жонивор, майдонлар тошида қорайиб қолғон милёнлаб алданган одам қони бор. Майдонлар қонхўру аламон — анди, илдизи майдонда — яшнаб турар тож. Бу ерда ясанган оғочлар банди, гар банди бўлмаса ўсмасди оғоч...
ГИРЯ
Бу осмон осмонми, темир пардами, бу ёғду синчлари тизитган дорми? Мунчалар эгилди қора гардани... жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?! Бу замон кимники, макон кимники, қатрон-ла ёпилган йўллар кимники?! Анордай сочилган қонлар кимники, бу қонли билаклар, қўллар кимники?! Ваҳшат кечасида диллар тўкилди, юзминг бағри вайрон бирдан ўкирди, жасадга ёлғондан кафан тўқилди, жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?! Мовийранг равоқли зиндон аршидан оятлар маржони узилиб кетди, тағин қон сачраган туннинг авжида чирқираб йиғлади бир тўда етим. Вақтнинг шарпадай гунг ғассоллари сойларнинг йўлларин буриб юборди, тарқади тамуғнинг шум дажжоллари, жувонмарг бўлгурлар, жўмардинг борми?! Ғафлатда кулганлар, кўксин керганлар, ёрларин зулматга қўйиб берганлар, фаришта буваклар кулин терганлар номус доғин ювар майхоналарда. Мол-дунё ишқида чандон ўлганлар, ишратдан юзлари салқиб сўлганлар, занглаган кишанга меҳр қўйганлар, димоғин хушлайди райҳоналардан.
Имоним деганлар, миллат деганлар, ёвга терс қарамак иллат деганлар, ўзликка хиёнат қилма деганлар зор қақшаб йиғлайди вайроналарда. Йиғласин — сўнгаклар қисирлаган пайт — даҳшатдан сарғайган ўт-ўланлардай, жон қуши байланган иссиқ лабларда лаҳзани музлатган гўяндалардай. Тўрт фасл қоришиб ўтди ёруғдан, бағримни чаёндай чақди андуҳим, жўмардлар деганим кечган оғриқдан дарвешга айланди зулфиқор руҳим. Неча бор муножот қилдим худога, нечун сен бунчалар ёлғиз яратдинг, дилимга бахш этиб тошдай ирода, кўзимни баҳайбат дардга қаратдинг. Нечун ўзгаларнинг шандир хаёли — настарин очилган, сайрар қумрилар?! Нечун етимларнинг ўткир фарёди шажардай чайқалур тасаввуримда?!
Тўрт фасл — оситган кулфат аршига, гўёки мудҳиш бир манзилга келдим. Куйган кечаларнинг қалтис авжида чирқираб йиғлайди бир тўда етим.
СИНОВ МАЙДОНИ
Улуғвор даранглар даврон соати, соатлар милларин унга тўғрилар. Қизил шинаклардан чўчиб боқади ҳалокат шамолин сезган ўғрилар. Бу шамол ёмондир, йиллар қаърида кўмилган милёнлаб мурдани очар, сочар жиноятнинг милён сирларин, лаънатлар ёғилар, қарғишлар босар. «Сиёсат қилинмас тоза қўл билан, курашда ҳар қандай усуллар яхши. Тағин бир чидайди аввал ўқ билан, кейинроқ дўқ билан олинган машриқ».
Шундоқ бошланувди кеча фалокат, сиёсий фитналар гувоҳи — холиқ, сассиқ бир жаладай босди маломат, тағин бир чидади шўрлик халойиқ. «Буҳронга дуч келди иқтисодиёт, тақчиллик кучайди, қадри йўқ пулнинг, маблағни тўплаган ички савдо бор, сувнинг хлори кўп, ҳиди йўқ гулнинг. Калбаса йўқолди, қолдик ғафлатда, гуриллаб ёнади қипчоқ даштлари, бостириб келмоқда буюк давлатга марғилон дўппилик Темур лашкари». ... Шўрлик халойиқнинг ярми қамалар, кун сайин кўпирар ўзбеклар иши, номусдан ярмиси ўлар қамалда бошга қон қуйилиб, жигари шишиб. Фош бўлиб қолганда қора жиноят, қизил шинаклардан боққан ўғрилар,
тағин бир найрангни топиб ниҳоят Ўзбеклар бошига қўяр тўғрилаб. Сиёсат — ўзингга келган зарбани ўзгага бурвормоқ санъати бўлса, қулдай халқ бошига тушган ғалвани қайси бир ёвига бурворсин, кўрсат! Ёвлик ёвлик чорлар, қаҳат — қаҳатни, ҳаттоки болалар давлатни сўкар, ўзбеклар ўғрилар отган ахлатни ошириб-тошириб марказга тўкар. Начора... уйғониш... ғафлат ғафлат-да, зўр келса манглайга кифоя бир ўқ. Минг афсус, яшаймиз шундоқ давлатда жиноятлар кўпу жиноятчи йўқ.
КУТИЛМАГАН СИЙЛИКЛАР
Бегона ўлкага келгандай эдим, севинган етимдай кўзим ёшланди. Сираям ўзгариш бўлмайди дердим, ёритди зулмнинг метин тошлари. Зиндонлар очилди, сочилди сирлар, темир пардалардан омоч қуйилди, тошларга айланиб қолган ботирлар наъраси қулоққа келиб урилди. Ёпирай, ҳамманинг бор экан тити, кечаги читтаклар бўлди қаҳрамон, ҳамманинг ичига шайтонлик қилиб, кирганга ўхшайди маккор Ахрамон. Мулойим гул тутар зулм жинлари, музлаган ичингдан қайноқ ёш келар, гўёки минг бошли аждар сингари қон ичиб тўймаган хоқонлик ўлар. Тарихин сўйлайди бузилган ўлка, даҳшатдан тош қотар зиёратчилар, отилган, чопилган, бузилган бўлса, қаерга гум бўлди жиноятчилар?! Чексиз ҳурмат билан сўйлашдан олдин ким гўштдор қўлини қўяр елканга, гўёки отангни ўлдирган қотил бошқача ниқобда таскин бергандай. Ғалати бир ҳолат, жўшар ёш қонлар бу янги доҳийлар сўзлар айтганда, гўёки молингни талаб қочганлар бошқача ниқобда тағин қайтгандай. Умидсиз шайтондан ҳаргиз алҳазар, мардларга не учун бўлмай дарёдил, одамий қадрим деб йиғласам агар,
кўзимнинг ёшини артар жаллодим. Қонунлар кўпайган вайрона юртда, қонуний кунлардан юрагинг ўйнар, истаган томонга тайёр бошпутлар, истасанг Олмонга, Парижга жўна. Мендайин фақирга шунча манзират ва тағин исмимга қўшадилар бек. Воҳ, шунча сийловдан буткул гангиган фақирни ўлдириб қўймаса бу эрк. Чинданам, бундай эрк оғирмасми кўп одамга эргашиб қаттиқ алданган, ўлимдан ўзга бир насибаси йўқ, бир умр қамоқда ётган одамга...
***
Душманим кўпайди, ҳатто, ўликлар баҳорни соғинган қутлуғ ойлари, хилватда йиғилиб юрди шўрликлар чангалда бўҳтону иғво лойлари. Одамдай яшаса бўлар-ку яйраб, уларни қийнарди ғалати бир дард, бирорта марди йўқ кўзингга қараб, юрагинг тагига тиғ урувчи мард. Бор айбим, ҳақиқий ёвни кўра бил, адолат тобласин дедим бурдларни, Шайбоний лашкари сингари бедил, ўзимга ташланди миллат қуртлари. Булар обрўй излар, манфаат излар, иғволар тўқиру кутар баракат, йўқса бир шоирни туҳматлар билан оғзини ёпишга мунча ҳаракат, неча бор ўзимга ғазабингдан кеч, пасткашлар арзимас дедим ўйлашга, аслида, худодан ҳақим борми ҳеч бирорта муносиб душман сўрашга. Ахир кимман ўзим, мангуликка сал агар қиёсласак Шавкат Раҳмон ким? Ким дея борлиқдан сўрайман ҳар гал, макон жим, замон жим, парвардигор жим.
МУНОЖОТ
Фақат ишқ... Фақат ишқ... Бошқаси сароб, бошқаси шамолнинг оний сурони.
Қирқта тар гулимни айладим хароб, қирқта қул кўзи-ла кўрдим дунёни. Қирқта қора қул ётар мозийда, қирқта черигини йўқотган бекман. Абадий айрилдим қирқта ғозийдан, бошимни тошларга урсамми дейман. Бу дунё нимадир? Барини кўрдим, султону гадонинг қаърини кўрдим, Ғаззолий сиғмаган тубан оламда шайтондан тўралган ғайирни кўрдим. Фақат ишқ... Ишқ гули... Самовий гулим... бир нафас дилимга посибон бўлсин, токим шул нафасда қирқ биринчи қулнинг ёруғ лабларида хўрсиниқ сўлсин. Туҳмат мурдалари қалашиб ёттан, иғволар қуртлаган шўрлик диёрда замону маконин буткул йўқотган бир улуғ фарёднинг боласи зорман. Ай, қиличдай туйғу, ай, қотил туйғу, бас, ортиқ қийнама кимсасиз даштда, юзимга юзини қўйсин ўшал гул, дилимнинг қаърини чавақлаб ташла!
ИҚРОР
Рубобий шеър ёзсам... қайтсам бир нафас... ҳамиша мусаффо чашмани кўрсам, қорайган чўққилар қорига қараб, бир нафас хаёлчан ўсмирга дўнсам. Воҳ, ўшал лаҳзалар... ўтдими буткул гунафша атирли тансиқ туйғулар, саҳарги боғларни уйғотган булбул, ойларнинг нурларин элаган сувлар. Яшил шажар эдим... Қандоқ соғиндим... кўзимни яшнатса рубобий ранглар. Қайси бир дунёга бунча оғриндим, дилимни қаритди бесамар жанглар. Мен жангчи эмасдим, мен шоир эдим, ниҳоят шоирдан кўра зобитман, ҳар нафас мусулмон митлатим дедим, нафсига куйганлар келди оқибат. Ҳаромни хуш кўрган маслакфурушлар зиғирдай ҳимматин қилганда миннат, япроқдай сарғордим буюк урушда мусулмон йўқ эди, йўқ эди миллат. Бас, қушлар сайроғи, япроқлари мўл яшил шажар каби турай мушаккал, илҳомим ҳақида сўиласинлар хўб, заҳарли титимдан тўкитсин шаккар. Рубобий саболар руҳимдан эсинг, қайтадан уйғонсин илоҳий туғён. Воҳ, ятанг шохларим қиличдай кескир, бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон.
Шавкат Раҳмон (Сайланмадан, 1997 йил, Тошкент)
|