Facebook
Жасоратли Қодирий PDF Босма E-mail

Абдулла Қодирий ҳақида кўп ёзилган. Аммо биз бу гал фақат Абдулла Қодирий тўғрисида эмас, унинг асар қаҳрамонлари, яшаган даври, даврдошлари ва куюнчак авлодлари тўғрисида сўз юритишга жазм этдик.

Юсуфбек ҳожи ким эди?

Азизбекнинг зулми кучайгач, халқ Юсуфбек ҳожи атрофида жипслашиб, ҳокимга қарши исён кўтарди.1847 йилда Тошкентда бўлиб ўтган, ҳоким Азизбек билан боғлиқ воқеалар Абдулла Қодирийнинг машҳур «Ўткан кунлар» асарида бадиий тасвирланган.
Тошкентда туғилиб ўсган, ўз шаҳри тарихини батафсил ўрганган Қодирий романда бош қаҳрамон - Отабек ва унинг отаси Юсуфбек ҳожини халқ эргашадиган ижобий шахс сифатида тасвирлайди. Аслида, ҳаётда ҳам шундай эди. Тошкентликлар Юсуфбек ҳожини Муҳаммад Юсуфбек парчабоф дея ҳурмат қилишгани тарихий манбалардан маълум.

«Тошканд аҳолиси Азизбек истибдодидан ортиқ тўйинди, кимдан кўмак сўрашни ҳам билмайдир» («Ўткан кунлар»дан). Зеро, ҳокимнинг зулмига қарши бош кўтарган банда борки (ҳатто, бу тўғрида махфий гапирсалар-да), хуфиялар Азизбекка шипшитиб туришган.
«... бир мисол келтурай. Тошканддаги жумъалик гап мажлисларидан бирида бир киши Азизбекни мақтар ва бу мақтовга қарши иккинчиси «Нега мунча мақтайсан, Азизбекинг асли бир бачча-да!» дер. Уларнинг бу музокараларини четдан эшитиб турган хуфиялардан бири сўзни Азизбекнинг қулоғига етказар. Эртасига Азизбек мазкур икки кишини ўз ҳузурига олдириб, мақтовчига улуғ мансаб ато қилар ва иккинчисини ўлимга буюрар»
(«Ўткан кунлар»дан). Хуллас, халқ дардини кимга айтишни, кимга суянишни билмай юрган пайт. Чидай деса, сабр косаси тўлган. Аксига олиб, оломон ҳар ёққа йўл излайди, бир-бирига мағзава ағдарувчилар ҳам кўп.
Аммо халқни бирлаштирадиган йўлбошчи етишиб чиққанди - Муҳаммад Юсуфбек. Халқ Юсуфбек ҳожи дея атайдиган бу инсоннинг уйи Шайҳонтаҳурнинг Занжирлик маҳалласида эди. У ёшлигида  ҳунарманд-косиб бўлиб, Чорсуда қатор дўконлари бўлган, дўконлари ортидан бойиб, Тошканднинг обрўли зотларига айланган, ҳажга бориб келган эди. Тошкандга Нормуҳаммад ҳоким бўлган даврда эса унинг вазири, дабири бўлди. Қўқон хони Худоёрхон унга «Парчабоф» унвонини берган эди. Бу тўғрида қўқонлик тарихчи Аваз Муҳаммад Атторнинг «Тарихи жаҳоннамойи» асарида маълумот берилган. Ана шу инсон тошкентликларни Азизбек зулмига қарши жипслаштириб, исён кўтарди. Бунга ҳоким жанобларининг хазинани тўлдириш учун халққа солиқ солгани сабаб бўлди. «Улар ҳар бир маҳала ва кўчага пул солиғи солдилар. Бироқ довюрак кишилар, яъни Муҳаммад Юсуфбек-парчабоф ва бошқалар бу қарорга итоат қилмай, жума куни кечки намоздан кейин бир-бирларига хабар бериб, қўлга илинган нарсалар билан қуролландилар», дея ёзади Аваз Муҳаммад Аттор ўз асарида.
Натижада Азизбек навкарлари билан Юсуфбек ҳожи исёнкорлари ўртасида Тошканднинг Чангоб, Парчабоф маҳаллаларида, Хотун масжиди ёнида жанглар бўлиб ўтади. Бешёғоч маҳалласидаги оломон ҳам найза, таёқ ва милтиқлар билан қуролланиб, Қаландархона йўли билан ўрдасига қайтган Азизбек навкарлари турган жойни қамал қилади. Шаҳарнинг ўн икки дарвозаси ёпилади.
«Азизбек қалъани айланиб, мерганлардан ҳол-аҳвол сўрар, уларни янги мансабларга кўтариш ҳақида минг ваъдалар берарди. Ҳар бир қўшинда пос-бонлар жойини текширишдан сўнг ўн-ўн беш киши қаъла деворидан тушиб, қочиб кетарди. Шундан сўнг Тошканд ҳокими исёнкорлардан омонлик тилаб, хотини ва бола-чақасини олиб, Қўқонга қочди ва у ердан Марғилонга кетди. Бироқ ҳийлакор Азизбек жонини сақлаб қолганига шукр қилмай, қипчоқ ва бошқа уруғларга фисқу фасод хатлар ёзиб, хонлик хавфсизлигига рахна сола бошлади. Унинг шайтонлиги ошкор бўлгач, Қўқоннинг катта қабристонида бир кечада қатл этдилар», дея тарихчи Аваз Муҳаммад Аттор Азизбекнинг ўлимини тасвирлайди.
Юсуфбек ҳожи эса зулмкор ҳокимдан қутулгач, Янги Тошканд ҳокими ўрдасида дабир лавозимида фаолият кўрсата бошлайди. 1853 йили чор қўшинлари Қўқон хонлигига қарашли Оқмасжидга бостириб кирганида, Юсуфбек ҳожи ҳам босқинчиларга қарши курашди. Урушда ватанпарварлар мағлуб бўлгач, Қўқон хони Тошканд ҳокимини ўзгартириб, у ерга Мирзо Аҳмадни ҳоким қилиб тайинлади. Янги ҳоким Юсуфбек ҳожининг халқ ўртасидаги обрўсидан хавфсираб, соясида қолиб кетаяпман, деган ўйда уни ўлдириш ниятига тушиб қолади. Буни сезган Юсуфбек ҳожи Чимкентнинг сўлим Сайрамидаги Манкент қишлоғига қочиб, яширинди. Аммо Юсуфбек ҳожи яширинган жой ҳақида бир пайтлар унинг хизматида юрган Абдумўминқул исмли хиёнаткор кимса ҳокимга бориб чақди. Натижада Юсуфбек ҳожи тутиб келтирилиб, дорга осилди. Бу мудҳиш воқеа 1855 йилда содир бўлган...
Мазкур воқеаларга муаллиф бошқачароқ йўсинда - Отабек тақдирига Қўқон хонлигидаги Худоёрхон, Мусулмонқул, Азизбек каби тарихий шахсларнинг олиб борган мудҳиш сиёсати таъсир қилганлигидан келиб чиқиб ёндошди. Тарихни яхши билган романчилигимиз асосчиси ўтмишдаги ҳаётий воқеаларнинг роман мавзусига доир қисминигина асарига киритган. У Юсуфбек ҳожини романда халқ қаҳрамони даражасига кўтарди. Аммо ҳожининг кейинги ҳаётини ёритиб ўтирмади. Қодирийнинг назарида, қаҳрамонлар жисман ўлсалар-да, маънан ўлмайдилар - халқни руҳлантириб, авлодлар қалбида яшайверадилар. Бунинг учун эса тез-тез тарихга мурожаат қилиб туриш керак. Зеро, Қодирий ёзганидек, «мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрли».

Ҳажвиянинг таъсири

«Олтин олма, дуо ол! Дуо олтин эмасми?». Бу нақлни эшитгансиз. Аммо чин дилдан эмас, шунчаки айтилган дуо-фотиҳадан кўра, букланиб, ғижимланган бўлса-да, қоғоз пул, ялтирамаса-да, сариқ чақа зарур бўлган замонлар эди ўшанда...
1920 йил сентябрда Бухоро амирлиги тугатилгач, ташкил қилинган Бухоро Халқ Республикаси раҳбарлари этиб жадидлар - илмли, маърифатли «Ёш бухороликлар» сайланди. Улар Файзулла Хўжаев, Фитрат, Усмонхўжа, Садриддин Айний, Абдулвоҳид Мунзим эдилар. Бу инсонлар амирлик давридаги қолоқлик, истибдод ва жаҳолатнинг авж олиш сабабини илмга, техникага эътибор қилинмаганликнинг оқибати билан изоҳлашарди. Шунинг учун ҳам улар дастлабки ишни иқтидорли ёшларни тараққий этган Германияга ўқишга юборишдан бошладилар. Бухоро Халқ Республикаси бюджетидан айнан илмга интилганлар учун Германия банкларидан бирига пул ажратилди.
Бухороликлардан ибрат олган бошқа ҳудудлардаги маърифатпарварлар ҳам Тошкент, Хоразм ва водий вилоятларидан иқтидорли ёшларни танлаб олиб, уларни Германияга ўқишга жўнатишга ҳаракат қилишди. Аммо маблағ масаласи...
Ана шундай вазиятда, Саидносирбой, Чўлпон, Мунаввар қори ва Абдулла Қодирийлар бир ташаббус билан чиқдилар. Унга кўра, 1921 йилда «Ўзбек билим ҳайъати» қошида «Кўмак» уюшмаси тузилди. Маърифатпарварлар замон оғир бўлса-да, маърифат учун саховат қиладиганлар топилар, деган эзгу ниятда ҳаракат бошлашди. Ўша даврдаги вазиятни «Туркистон» газетасининг 1923 йил 27 январ сонидан билиб олишимиз мумкин. «Хумсонлик» тахаллусли муаллиф «Сўнгги кўмакни кимлардан кутишимиз керак?» номли мақоласида шундай деб ёзган эди:
«Туркистондан четга бориб ўқиш учун 1921 йил бошларида «Ўзбек билим ҳайъати» томонидан студент Саидалихўжа бўлган ҳолда бир неча ўқувчиларнинг рўйхати олиниб, ҳукуматга топширилган эди. Бир неча муддат бунинг кетидан юриб, натижада ҳукуматимизнинг моддий кўмак бера олмаслиги билингач, бу масала ўз-ўзидан тўхтади. Лекин ўқигувчиларнинг орасида кўтарилган четга кетиб ўқиш ҳаваси эса бунинг билан битмади. Ўқигувчилардан қайси бир ўзига тўқлари (гарчи борлиқ нарсаларини сотиб бўлса-да) яна четга кетмак орзусида бўлдилар. Буларнинг ўзаро ташаббусини кўрган «Билим ҳайъати» четда томошачи бўлиб тура олмади. Ва четга кетувчи студентларнинг ўзларидан бир комиссия тузиб, ўз аъзоси Саидалихўжани шул комиссияга бошлиқ этиб, «Кўмак» номи остида бир уюшма тузди. Уюшма кечаю кундуз ишлаб, бир кишини четга жўната олди».
Ҳа, ғоят оғир йиллар эди. Ҳукуматга ҳам қийин. Мададдан умидвор бўлишнинг фойдаси йўқ. Тўпланган пул атиги бир кишини ўқишга юборишга етди. Бораман, илм ўрганаман, дейдиганлар эса ҳаддан зиёд. Хўш, нима қилиш керак? Кимдан кўмак кутиш лозим?
Чўлпон, Қодирийлар эл орасида юриб, ташаббус билан чиқдилар: «Ёшлардан хайриянгизни аяманг!», «Илм учун саховат кўрсатинг!». Ташаббускорлар ўзларидаги маърифатпарварлик, илмга интилиш, ёшлар иқболини ўйлаганлари сабабли ибрат кўрсатишди. Қодирийдек меҳридарё, ҳожатбарор инсон ўз боғида етиштирган меваларни сотиб, «Кўмак»ка хайрия қилди. Чўлпон эса қийналиб юрганига қарамай, қалам ҳақларини тўплаб, кийим-бош оламан, деб йиққан пулини ёшларга бағишлади. Бу борада улар менинг жияним, аммамнинг фарзанди бор, тўпланган халқ пулига Германияга ўша бориб ўқий қолсин, деб ҳаракат қилишмади. Миллат манфаати, ёшлар келажаги улар учун маҳаллийчилик, таниш-билишчиликдан устун эди.
Бу инсонларнинг ташаббуси ва хайр-саховатидан бошқалар ҳам ибрат олишди. «Туркистон» газетасининг 1922 йил 18 декабр сонидаги хабарга кўра, Тошкентдаги бир гуруҳ маориф ва маданият арбоблари ўқишга борувчилар учун пул топширишган. Улар орасида Саидносирбой Миржалолов (йигирма минг сўм), шоир Чўлпон (етти ярим минг сўм), Мунаввар қори, Шокиржон Раҳимийлар бор эди. Бундан ташқари, Тошкент зиёлилари 2 декабрда адабий кеча уюштириб, ундан тушган етмиш беш минг сўмни ҳам Германияга юбордилар.
Зиёлиларнинг бундай хайр-саховатини кўриб, оддий халқ «Кўмак»ка оз бўлса-да, пул топшира бошлади. Афсуски, ўзига тўқ, бойлигини маишатга сарфлаётган баъзи кишилар бундай тадбирдан ўзларини четга олишарди. Ташаббускорларга «Шундан бошқа ташвишим йўқми?», «Меним болам ўқирмиди?», дея жавоб бериб юборишарди. Бундай калтабинликка гувоҳ бўлган Абдулла Қодирий «Муштум» журналининг 1923 йил тўртинчи сонида «Кўмак» уюшмасига ионалар» номли ҳажвиясини эълон қилди. У шундай бошланади:
«Кейинги кунларда «Кўмак» уюшмасига берилган ионаларнинг ҳисоби жуда ҳам кўпайиб кетди. Тушган ионаларни уюшманинг битта кассаси эплай олмаганликдан иккинчи касса олмоққа мажбур бўлинди. Кейинги ойда иона берган сахийларнинг рўйхати мундайдур:
1. Валиҳожи - беш миллард сўмга арзийдиган дуо.
2. Ғулом шайх бойбачча - «Ўқишга кеткан йигитлар мулло бўлсунлар» деган яхши тилак (баҳо қўйиш комиссиясининг сўзига қараганда, бу иона ҳам беш миллиардга арзир экан).
3. Азим бойвачча, кўмирчи - саккиз пуд тошкўмир.
4. Тужжор ширкати - иккита сопол товоқ билан битта хурмача.
5. Камар ширкати - чорак қадоқ олма чойи.
6. Пойафзал бозоридаги дўконлар ўзаро - бир пой бачкана этик.
7. Чит бозорининг дўконларидан - бир газу уч чорак газлама.
8. Аттор оға-инилардан - икки қути упа.
9. Қассобликдан - беш дона ўпка.
10. Қандолатчилардан - уч истакан писташка билан бир қадоқ пашмак ва бошқалар.
Ушбулардан Берлин ўқугувчиларимизга юборилди:
Берлиндаги талабаларимиз ортуқча муҳтож бўлғонликларидан биринчи галда тўрт пут тошкўмир, иккита сопол товоқ, бир посилка дуо юборилди».
Қодирий-Жулқунбойнинг бу ҳажвияси ўлкада катта шов-шув бўлиб, баъзи дўкондор, савдогар, боғбонлар уялганларидан «Кўмак»ка хайрия қила бошлашди. Аммо айрим мутаассиб мулла, маишатпараст кишилар, барибир саховатдан, илмга хайрия қилишдан ўзларини тортдилар.
Шундай бўлса-да, маърифатпарварлар, халқнинг тушунган қисми саъй-ҳаракати, Қодирий ҳажвиясининг таъсири сабабли «Кўмак»ка анчагина пул тўпланди. Бу маблағга эса Хайринисо Мажидхон қизи, Абдулвоҳид Исҳоқ, Абдулвоҳид Муродий, Солиҳ Муҳаммад, Азимбек Байрамжон, Тўлаган Мўмин, Султон Маматқул, Иброҳим Аҳмаджон, Темирбек Қозибек сингари илмга интилган ёшлар Германияга жўнаб кетдилар.
Ўша долғали, қийин замонларда ҳам ёшларнинг Германияда ўқишига, «Кўмак»ка пул тўпланишига Чўлпон, Саидносирбой, Мунаввар қори ва Абдулла Қодирий каби маърифатпарвар ажододларимиз сабабчи бўлишган.

«Йиғинди гаплар» ва Булоқ айтган ҳақиқат

Бу мақола ўз даврида катта жасорат намунаси бўлди. Аммо унинг муаллифига жасорат қимматга тушиб, жабр кўрди ва қамоққа олинди. Шу билан бирга, матбуотнинг жиловланишига ҳам сабабчи бўлди...
Маълумки, Абдулла Қодирий-Жулқунбой нафақат буюк адиб, айни пайтда ўткир ҳажвчи, танқидчи журналист ҳам бўлган. Хусусан, «Муштум» журналининг 1926 йилги 27-сонида жамиятдаги салбий иллатларни фош этиб ёзган «Йиғинди гаплар» номли мақоласи ўша давр раҳбарларини анча чўчитиб қўйди. Мақолада Жулқунбойнинг республикадаги вазиятга муносабати, жумладан, Йўлдош Охунбобоев ва Акмал Икромовлар фикрига эътирозлари акс этган бўлиб, шундай жумлалар бор эди: «Мен сенга айтсам, ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маорифи, маданияти, иқтисоди, шалтой-балтойи, хуллас, барчаси ухлайди. Аммо ўчоқбошининг ҳоли-топғони олақарғалар бўлса, хўбам билган номаъқулчилигини қиляпти!..
...Кечаги кун газетда Охунбобоевдек битта саркорингдан ҳам феълим айниёзди...
...Ер ислоҳоти муносабати билан Ўзбекистонда бошқа ислоҳотлар ясалар эмиш, деб эшитдим. Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўпдир. Масалан, катталарга ақл ва басират ислоҳоти, муҳаррирларга тил ва маъно, шоирларга илҳом ва услуб (маъно бўлмаса ҳам майли), ёшларга ахлоқ ва кийим, хотунларга жабр, зулм, домлаларға дин ва салла...».
Хуллас, Жулқунбойнинг шу сингари фикрлари шўро мафкуравий сиёсатбозларини чўчитиб юборди. Ушбу мақоласи учун эса Жулқунбой уч ойу ўн кун ҳибсда сақлаб турилди.
14-16 июн кунлари республика олий суди Жулқунбойни икки йилга озодликдан маҳрум этди. Лекин маҳбуснинг адабий муҳитда, халқ орасида, хорижда катта обрў-эътиборга эгалиги, қолаверса, айби етарлича исботланмаганлиги учун озод қилинди.
Бирлашган давлат сиёсий бошқарманинг Ўрта Осиёдаги мухтор ваколатхонаси ходимлари Жулқунбойнинг мақоласини шундай баҳолагандилар:
«Мақола Ўзбекистон компартияси ва ҳукуматини унинг айрим раҳбарлари сиймосида обрўсизлантиришга қаратилган. Айни пайтда мақолада коммунистик партия ва совет ҳукуматининг Ўзбекистонда олиб борган муҳим тадбирлари масхара ва танқид қилинган. Мақола муаллиф томонидан очиқдан-очиқ аксилинқилобий мақсадда тайёрланган ва кенг тарқатилган».
Хуллас, «Йиғинди гаплар» мақоласи атрофидаги ваҳимаю шов-шувлар эндигина тинчиган пайтда матбуотда худди юқоридаги каби яна бир «аксилинқилобий мақола» чоп этилади.
«Булоқ» тахаллусли, хоразмлик Маткарим Худойберганов исмли ёш журналист «Ер юзи» журналининг 1927 йил 26 сентябр сонининг      5-саҳифасида «Хоразм ҳунармандлари» мақоласини нашр қилдиради. Муаллиф унда ҳунармандларнинг оғир ҳаётини ёритиб, ўз даврини хонлик пайти билан таққослаб, шундай ёзган эди:
«Хон замонида кустар (ҳунарманд маъносида-У.Б.) касабаларнинг тепасида «Калонтар» турар эди. Калонтар хон томонидан тайин қилинганликдан тўра қаторида ҳисобланар эди. Инқилоб келди, лекин Хоразмни анча ўзгартира олмади. Калонтар ўрнига «вакиллар» сайланди. Касабалар касаба союзига айланди. Аммо икки юз йилдан бери ўрнашиб келган тартиб бурунғича қолди».
Муаллиф мақоласида ёзган «инқилоб келди, лекин ўзгариш бўлмади» деган хулосаси ҳам ўз даврида жасорат эди ва бундай фикрлар «аксилинқилобий» ҳисобланарди. Булоқ «Воҳада битта ҳам завод йўқки, кустарларни мукаммал ихтисосларга ўргатса. Биттагина мактаб ёки курс йўқ. Фақат қўл ёки оёқ кучи билан Хоразм кустарлари ҳар қандай нарсаларни: кийим, уй-рўзғор, овқат ашёларини ишлаб чиқарадурлар. Ота-боболари қандай ишлаган бўлса, шуларнинг авлоди ҳам «ота касби» дегандек, неча юз йиллик эски аравани тортиб келмоқдалар», дея инқилобдан кейинги ҳаёт ҳақида хулоса чиқарганди. Яъни, муаллиф фикрича, «инқилоб келгани билан эски ҳаммом, эски тос».
Ушбу мақола чоп этилгач, шўро ҳарбий сиёсий маъмурияти муаллифни жазолаган билан бу хилдаги чиқишларни тўхтатиб бўлмаслигини англаб, энди матбуотни жиловлаш, маълум бир қолипга солишга қарор қилди. Шундай қилди ҳам.
1927 йил Самарқандда бўлиб ўтган Ўзкомпартиянинг 5-пленуми томонидан чиқарилган қарорда «Матбуот бўлимига раҳбарлик ишини кучайтириш, хусусан, муҳаррирлар фаолиятини малакали ходимлар ҳисобига кенгайтириш чораларини кўриш топширилсин! Газеталарнинг тарбия-тарғибот ишларида борган сари катта рол ўйнаши, бироқ уларга фирқавий раҳбарликнинг етарли даражада бўлмаганлигини танқид қилиш билан баробар, матбуот шўъбасига ва маҳаллий фирқа ташкилотлари билан бирга деворий газеталарнинг ишларини яхши йўлга қўйиш, хусусан, уларни мумкин қадар кўпроқ коммунистлар таъсирига олиш тўғрисида бирмунча чоралар ишлаб чиқарилсин», дейилади. (Пленум материаллари, Самарқанд, 1927 йил, 55-бет).
Орадан бир йил ўтиб, 1928 йилда нашр этилган Н.Қодировнинг «Ўзбекистон матбуотининг галдаги вазифалари» китобида ҳам матбуотни жиловлаш, хусусан, уни сиёсийлаштирган ҳолда коммунистлар қолипига солиш бўйича вазифалар белгилаб олинган. Хуллас, катта қийинчилик ва бегуноҳ инсонлар қони эвазига бўй кўрсатаётган шўро ҳарбий сиёсий маъмурияти ўзбек матбуотини жиловлаш ва бир қолипга солишга 1927 йилдан қатъий киришган.

«Ичи зардобга тўлиб кетган эди...»

Қодирийнинг ўғли - Ҳабибулла Абдуллаев отаси, у яшаган давр ва даврдошлари тўғрисида хотиралар ёзиб, 1974, 1983 йилларда китоб нашр эттирса-да, кўнглидагиларни очиқ ёза олмагани учун қаттиқ ўксинарди. Чунки, ўзи ҳам Сталин қатағони даври жабрини чеккан, қолаверса, шўро замонларида бор дардини ёзгани билан матбуот уни чоп этмасди. Бу ҳақида тез-тез гурунглашиб турадиган Хондамир Қодирий қуйидагиларни сўзлаб берди:
- Дадам оталари ҳақида кўплаб хотиралар ёздилар. Лекин ичдан куярдилар. Энг асосий гапларни - адабиётимиз тарихидан ҳам бурун, биз ўзбекларнинг ижтимоий-сиёсий, маърифий ҳаётимиз учун сув ва ҳаводек зарур бўлган оталари фожиаси, унинг сабаблари, дахлдорлари ҳақидаги гапларни айтолмас эдилар. Ниҳоят, бизнинг қистовимиз билан келажак авлодга ўша бўлиб ўтган воқеаларни ибрат учун ёзиб қолдиришга жазм қилдилар. Неча йиллар давомида юракларининг тубида қўрдек бўлиб ётган бу фожиа сатрларни умрлари охирида ёзар эканлар руҳан, маънан жуда қаттиқ азобландилар.
Дадам хаста эдилар. Лекин у киши кун сайин ичларини кемириб келаётган оғир дардларини эмас, оталарининг тақдирини ўйлар, ёзар эдилар. Ёздилар, ҳаммасини ёздилар, лекин ёзиб бўлиб бир ёниб ўчган чироқдек сўниб қолдилар. Касаллари зўрайиб кетди...
Дадам умуман турмушда беҳафсала, бу дунёнинг кўп ҳаловатидан кечган одам эдилар. Баъзан онам: «Дадангнинг олдидан туя ўтиб кетса ҳам билмас эдилар», - деб турардилар. Лекин у киши ном-нишонсиз ҳолга келтирилган оталари номини, ижодини ўз жойига қўйиш учун умрлари охирига қадар жону жаҳд билан курашиб-тиклаб ўтдилар... Дадамни мозорга қўйиб, уйга қайтиб келганимизда онамнинг айтган биринчи гаплари шу курашнинг бутун мазмунини жамлаб, ифодалаб, тугатиб берди: «Дадангни ерга қаратиб қўйдингларми, ичлари зардобга тўлиб кетган эди...».
Афсуски, Ҳабибулла ака бор дардини қоғозга тўкиб яратган асари - «Отам ҳақида» номли хотираларининг нашр этилишини кўролмай, вафот этгандилар. Асар истиқлол туфайли, Хондамир Қодирийнинг куюнчаклиги билан 2006 йилда чоп этилди. Бундан Абдулла ва Ҳабибулла Қодирийларнинг руҳлари шод бўлган бўлса, ажабмас...

Умид Бекмуҳаммад