Бахшиёна насрий фасоҳат - 2 |
2 дан 2 сахифа
Шундай асарлар бўлади: уларда мавзу бевосита миллий урф-одат, расм-русум, анъаналар тасвирини тақозо қилмайди. Ёзувчи конкрет тарихий воқеликдаги кишиларнинг фаолиятларини, орзу-интилишларини бадиий талқин қилади. Асар марказига инсоннинг кечинмаларини, билиб-билмай қилаётган ҳаракатларини қўяди. Бундай асарда ҳам китобхон замондошларининг ёки тарих бўлиб бораётган авлодларнинг маънавий томонларини аниқ ишонч билан тассавур этиши, ҳис қилиши керак. Бундай асарда ҳам тасвирланаётган воқелик миллий заминига кўра ҳаққоний ва ҳаётий бўлиши даркор. Ёзувчи Тоғай Муроднинг бошқа қиссаларидан фарқ қилиб турадиган «Момо ер қўшиғи» асари (1986) адабий жамоатчилик диққатини тортган эди. Бу асар бошқа асарларидан фарқли ва у миллий-маҳаллий анъаналаримиз тасвирига тўғридан-тўғри ёндошадиган асарлари туркумига кирмайди. Кейинроқ ёзувчи бу қиссани «Қўшиқ» деб қисқароқ номлади. Кўпчилик унинг асосий мавзусини миллий заминдан йироқлашган зиёлилар ҳақида, юртнинг улуғвор муаммоларини рўкач қилиб, аммо одамгарчиликдан узоқлашиб келаётганлар ҳақида, 80-йиллардаги Ғарб адабиётига сиғинди ижодкорлар ҳақида, бир сўз билан айттанда, ёлғончи мафкура қурбонлари ҳақида деб таҳлил қилади. Ҳақиқатан ҳам шундай. «Қўшиқ» асарида Тоғай Мурод қаламга олган мавзу биз учун, адабиёт учун муҳим. Бу қиссада ҳам ёзувчи ўзбек халқининг ўзига хос ҳаёт тарзини ифода этиш йўлидан боради. Қишлоқ ҳаётининг яхши-ёмон муаммолари ўртага ташланади. Буни ҳис қилиб турамиз. Аммо гап қаҳрамонларининг характерига бориб тақалганда ёки бошқа қиссаларидаги характерларга бундаги қаҳрамонларнинг бадиий қимматини солиштирганда, бошқача хулосалар чиқаришга тўғри келади. Қиссанинг бош қаҳрамони Турсунқул Орзиқулов бўлиб, ижодкорлик, шоирлик ҳаваси билан ўзига Паҳлавон Даҳо деган тахаллус қўйган йигитдир. Тасвир отасининг ёшлигидан бошланади. Отаси сержант Орзиқулов деб ном олган. Армиядан келиб қишлоқда ота-онасига ва бошқаларга ўрисча гапираверади. Ҳаммага «сержант Орзиқулов» дея таништиради ўзини. Шу-шу сержант Орзиқулов бўлиб қолади. Отасининг пўписаси, калтаги билан ўз тилига қайтади. Уйланади, икки қизли бўлгач, урушга бориб келади. Икки қизи нобуд бўлади. Кейинги қизи ҳам турмайди. Худо ўғил беради ва уни Турсунқул деб атайди. Хуллас, Орзиқулов энди босилиб қолади ва умр бўйи қишлоқда подачилик қилади. Ўғли шаҳарда ўқиб қайтади. Уйланиб икки фарзандли бўлади. Қишлоқдаги маданий қолоқликдан қочиб, шаҳарга яна кетади. Сержант Орзиқуловдаги баъзи ўрисча гапиришдек сифатлар Турсунқулда намоён бўлади. Унга қишлоқ ёқмайди, исми-фамилияси ёқмайди. Бола-чақаси кута-кута кетиб қолади. Шон-шуҳратни ўзига ўхшаган шоирларга қўшилиб орзу қилади. Шуҳрати баланд Улуғ шоир каби машҳурларга ҳасад қилиб юради. Асар охирида унга душманлик йўлига ўтишади. Гоҳ ишли, гоҳ ишсиз юради, ижарада яшайди. Кейинги воқеалардан кўринадики, Тоғай Мурод Даҳо шоир образини умумлаштириб, шерикларининг тасвирига нисбатан кинояни кучайтириб юборади. Бошқача маромда бошланган асарнинг ифода тарзи жуда ўзгариб кетади. Мафкурачиларда ҳам ҳасадгўйчилик, душманлик, оиладан узоқлашиб, ҳатто ота-онага оқибатсизликнинг борлиги аниқ. Қишлоқни менсимай, ўзини катта тутиш ҳоллари кўп. Аммо Даҳо шоирнинг аниқ образдан умумлашма бўлиб кетиши сунъийликдек туюлади. Кўпинча салбий хусусиятлар қишлокдан чиққан Даҳо шоирга ортиқ даражада тиқиштирилаётгандек. Натижада Даҳонийг шунчалик тубан қолганига руҳият тасвирига кўра ишонгингиз келмайди. У болаликнинг ширин хотираларидан, фарзандларига бўлган оталикнинг табиий-инстинкт меҳридан, севиб олган хотинига муҳаббатидан, ота-онасига хурматидан, наҳотки, шунчалик узоқлашиб кетса? Асар охирида отаси «подага қара» дегандек, илтимос-васият қилгандек бўлгач, аслига бироз қайтади. Бундай психологик тез ўзгариш унчалик ишонарли эмас. Қиссада Тоғай Мурод услубига хос фазилатлар сезилиб турса-да, характерлар талқини жозибали равишда тўла типиклашган ва индивидуаллашган деб бўлмайди. Тоғай Муроднинг «От кишнаган оқшом» қиссасида ҳам «Давра» қиссасидаги каби миллий удумлар ва қаҳрамон характери маънавий олам тубанликлари билан тўқнашувда тасвирланади. Танқидчи Иброҳим Ғафуров «Изҳорга эҳтирос ҳам, нафосат ҳам ярашади» деган мақоласида яратилаётган образларнинг маънавий поклиги ва фаоллиги тўғрисида фикр юритади. Мақолада Тоғай Мурод ижодига тўхталади: «Тоғай Муроднинг «От кишнаган оқшом» қиссасидаги Зиё мерган табиатида ҳам шундай фаол инсонийлик етакчилик қилади. Унда мардлик фидокорлик даражасига, фидокорлик инсоний бойлик даражасига ўсиб чиқади. Зиё мерган ўзини бошқалардай, бошқаларни ўзидай кўради. У яхшилик учун курашдан тоймайди. Унинг яхшилик ҳақидаги тушунчалари халқнинг қалбидан олинган». (Иброҳим Ғафуров. Ўттиз йил изҳори. Т., Адабиёт ва санъат, 1987., 234-бет). Ўзбек юртининг миллий кўринишлари, яшаш шарт-шароити, қишлоқдаги меҳнаткашларнинг феъл-атвори бу қиссада таъсирчан тасвирланади. Қиссадаги от образи — Тарлонни, кўпкари воқеалари, Зиёдулла чавандознинг отга ва кўпкарига муҳаббатини Тоғай Мурод маҳорат билан чизади. Қуйидаги тасвирдан буни илғаб олиш мумкин: «Тарлонни қашиладим. Омборхонадан от абзалларини: терлик, беллик, чирги, боз, жаҳанник, жул, пуштон, қуюшқон, юган, кўпчик, узангили эгарни қўлтиқлаб келдим. Тарлонни эгарладим. Оғзига сувлиқни солиб юганладим. Пешонасига дўлана шохидан бўлган кўзтумор илдим. Қаппайган хуржунни эгарга ташладим. Узангига оёқ солиб, эгар қошидан олдим». Ҳаётдаги алғов-далғов воқеалар жамиятнинг ҳамма соҳаларига қандайдир таъсирларини кўрсатади. Қиссада ёзувчи шундай воқеалар тасвирини эътибордан соқит қилмайди. Бир замонлар бўлдики, отларни турли баҳоналар билан давлат номидан йиғиштириб олдилар. Зиёдулла чавандоз отсиз, Тарлонисиз яшай олишини тасаввур қилолмайди. Отини яширишга мажбур бўлади ва қутқариб қолади. Тарлонни жабдуқлаб, Обшир қишлоғининг кунботаридаги оқ тупроқли адирлар, тепалар томонга кетади. У ерда камарлар кўп. Кечаси камарлардан бирига отини боғлаб, қайтиб келиб ётади. Ундан отни талаб қилишади. От миниб босмачи бўлмоқчимисан? Товук,, қўйларинг кўп, ҳамма нарса магазинда бор, қандай жамиятда яшаяпсан, кўпкари деганинг эскилик сарқити, деб пўписалар қилишади. Ўн кун қамаб қўйишади. Тарлонни айтмайди. «Биродарлар, неча-неча қорабайирлар, бурночлар кетига қараб-қараб, кишнаб-кишнаб кетди. Неча-неча жийронлар, саманлар гўшт бўлди. Қишлоқда отлар кишнамай қўйди. Саҳарлари кўчада от туёкдари тиқилламай қолди. Оқшомлари отлар тарсиллатиб, ер тепинмай қўйди. Адирларда отлар айғирига эргашиб дупур-дупур чопмай қолди»,—деб ҳикоя қилади Зиёдулла чавондоз. Зиёдулла шаҳарга келиб тўсатдан бир воқеага аралашиб, гувоҳ бўлиб қолади. Ўғрилик содир бўлади. Беқасам чопонлик бир кишининг пулини бир бола ўғирлаган. Боланинг шериклари бу кишиии уриб, қутилиб қочишади. Кишини касалхонага жўнатишади. Зиёдулланинг виждони сохта гувоҳлик беришга йўл қўймайди. Ҳалиги ўғрилар ушлангач, Зиёдулла ўғрилар шулар эканини тасдиқлайди. Жиноятчиларнинг бошқа шериклари сулдан кейин унинг орқасидан етиб келиб, уни ўлдирмоқчи бўлишади. Торлон қаттиқ кишнайди ва эгасининг душманларига ташланиб, Зиёдуллани қутқариб қолади. Одамга одамнинг айрича меҳри бўлиши керак бу ҳаётда. Лекин отчалик меҳри бўлмаган ғаламисларга нисбатан нафратимиз қисса сўнгги саҳифаларида кучайиб кетади. Айниқса Зиёдулла чавондознинг отига тикилиб айтган сўзларида адолат билан адолатсизлик ҳислари тўқнаш келади: «Тарлон-ай, нима кунларга қолдик? Тушда бўляптими, ўнгдами? Сен фарқламасанг, мен фарқлай олмай қолдим, Тарлон. Ҳалигилар қандай жонзот эди, Тарлон? Оёқлари икков, кийимлариям бор. Син-симбати одамга келбат беради. Одамга менгзаб гапиради, кулади. Билмадим, Тарлон, билмадим, сен билмасанг, мен билмадим. Мен сени биламан, Тарлон. Улар менга бегона... Аё, Тарлон, сен менинг укамсан. Бўлди, мен энди уларни укам демайман. Менинг укам сенсан. Сен менинг укамсан, Тарлон. Ўзиям менга ўхшайсан. Ука акасига ўхшайди-да... Аё, Тарлон, сен менинг биродаримсан. Бўлди, мен энди уларни биродарим демайман. Менинг биродарим сенсан... Аё, Тарлон, сен менинг қиёматлик биродаримсан, қиёматлик биродарим...». Зиёдулла ўз умрини от билан қанчалик боғлаган бўлмасин, Тарлондан бу қадар фидокорликни кутмаган. Энг қийин пайтда у эгасини ҳимоя қила олиш қобилиятига эга эканлигини билмаган. Пиримқул Қодиров қиссага самимий баҳо беради: «Қисса қаҳрамони Зиёдулла — одйдй бир чўпон. Унинг ўз оти Тарлонга бўлган меҳри — инсоннинг табиатга қўйган меҳридай соф. Тарлон табиат тимсоли бўлгани учун ҳам ёзувчи уни ёрқин бир образ даражасига кўтариб тасвирлайди... Зиёдулла ўзи яшаётган жойдаги қаллоб ва риёкор одамларга қарши дадил курашади. У ҳатго ўзидаги жисмоний нуқсонга қарши исён кўтаради, «кал» деган маломатни маънавий устунлик, моҳир чавондозлик шуҳрати билан енгиб ўтади». Фазилатлар «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида янада равшан кўринади. Ҳеч шубҳа йўқки, бу қисса — ёзувчининг энг гўзал қиссаси. Миллий ҳаётимиз тасвирини ёзувчи оддингидан ҳам қизиқарли, ҳаётий акс эттира билган. Қаҳрамонлари ўзбек китобхонига, ўзбек халқи ҳаётини яхши тасаввур қила оладиганларга жуда таниш, қадрдон туюлади. Маҳаллийлик тўла миллийлик деб аташга лойиқ тарзда тасвирланиши мумкин. Ҳатто шундай бўлиши зарур. Бундай «маҳаллийлик» миллийлик ёки умуминсонийликка қарши турмайди. Аксинча, асарни жонли қилади, миллийликка янада ишонтиради. Ҳар қандай адабиётнинг тажрибаси бу қонуниятни тасдиқлаб туради. Чингиз Айтматов қисса ва романларининг воқеалари, қаҳрамонлари қирғиз миллий ҳаётига тўғридан-тўғри боғланиб кетган. Унинг асарлари қирғиз миллийлиги сифатида ёрқин таассурот қолдиради. Лекин Чингиз Айтматов Қирғизистоннинг ҳамма вилоятларидаги қирғизларга хос турмуш тарзини ва характерни умумлаштириб юборган эмас. Айниқса, қирғиз китобхонлари унинг асарларидаги қаҳрамонларнинг қайси ерлик қирғизларга кўпроқ тегишлилигини билиб, сезиб туришади. Саид Аҳмад асарларида водийлик ўзбекларга хосликни, Ўткир Ҳошимовда шаҳарлик, айниқса, тошкентликларга хосликни, Шукур Холмирзаевда Бойсун воқелигига хосликни кўриш мумкин. Буларнинг ҳаммаси миллийликни бўғиб қўймайди, балки тўлдиради. Миллийликни кенгроқ, мукаммалроқ, туб илдизлари билан тушупишга ёрдам беради. Худди шунингдек, илғор маҳаллий аниқликларнинг миллийликка, бинобарин, умуминсонийликка зид келмаслигини ёрқин исботлайди. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасининг бош қаҳрамони Қоплондир. У ҳам «От кишнаган оқшом»даги Зиёдулла чавондозга ўхшаган меҳнатсевар, дангал, танти, самимий, ўз ерини, табиатни яхши кўрадиган бир киши. Қоплоннинг ҳаёт йўли деярли бошдан охиригача жозибали тарзда ҳикоя қилинади. У Оймомо деган қизни севиб қолган. Севганига етишади, уни ардоқлайди. Оймомо ҳам ҳаётини Қоплонсиз тасаввур қила олмайди. Лекин ёзувчи «ўлдим-куйдим» тасвир ваъда қилмайди. Севги, муҳаббатга оид сўзларсиз, ҳаётий лавҳаларда, қаҳрамонларнинг хаёлий гап-сўзларида, ҳаракатларида ёрқин севгини кўрсатади. Қоплон ва Оймомо фарзандсизлик доғида яшайдилар. Ана шу қийноқ, армон-азоб уларнинг тақдирида, руҳиятида қандай кечади? Қисса шу ҳакда. Икки қаҳрамон умр бўйи фарзандли бўлишга чора излайди. Бу чора баъзан ички кечинмаларда, баъзан қаҳрамонларнинг амалий ҳаракатларида. Уларнинг бир умр бирга бўлишлари ҳам азоб, ҳам завқли. Ҳақиқий муҳаббат эгаси эканликлари умр йўлидаги матонатларидан билинади. Қиссада кўп йиллик, яъни бир умрлик воқеалар тасвирланган. Воқеалар қишлоқда рўй беради. Ҳар хил даврлардаги ўзгаришларни, даврнинг тараққиёт хусусиятларини намойиш қилади. Тўй тасвири, «тобоқ» орқали Сурхондарё тарафларга хос тўй ҳис қилинади. «Тўйга айт-айт. Қизлар келин тарафга, йигитлар куёв тарафга айтди. Тўйхона тўла тўйловчи! Кўчада болалар шовқин солди: —Тобоқ келди, келинникидан тобоқ келди! Дарвозада елкалари, бошларида дастурхон кўтарган аёллар пайдо бўлди. Улар келинникидан ўнта тобоқ олиб келди. Тобоқларнинг бирида полов, бирида қовурма гўшт, бирида қайнатилган тухум, яна бирида ширгуруч... Тобоқлар даврага қўйилди. Тўйлбвчилар кўнгиллари тортганидан еди». Келин-куёвларнинг кийинишида, тўйдаги урф-одатларида даврага нисбатан, маҳаллий турмуш тарзига нисбатан аниқ тасаввур уйғонади. Келин ва куёвнинг тасвирланиши шундай: «Куёв ошналари қуршовида чимилдиққа йўл олди. Оёғида пошнаси баланд, ғирчиллоқ этик. Елкасида беқасам, белида тойи белбоғ...». «Пойандозни бир-бир босиб келин келди. Устида беқасам камзул, атлас кўйлак. Оёқларида ковуш, юзларида оппоқ ҳарир...» Урф-одатлар тасвирида ҳам шуни кўрамиз: «Тўй охирлари. Ит ғириллатар, кампир ўлди, соч сийпатар, қўл ушлатар, ойна кўрсатарлар бўлди. Ойна кўрсатари қизиқ. Кайвони аёл келин-куёвга ойна тутди. Улар юзларини ойнадан олиб қочди. Келин қараса, куёв қарамади, куёв қараса, келин. Кайвони аёл келин-куёвларнинг бошини ёнма-ён ушлаб ойнага қаратди. Гапирмаганларигаям қўймади. Куёв келиннинг акси билан, келин куёвнинг акси билан пичирлаб гапиришди...» Қиссадаги тўй тасвирида «оёқ босди», «келин ош емади» сингари расм-русумлар бор. Халқона қўшиқлар, шеърлар бор. Булар ҳам характерлидир. Қоплон билан Оймомо кўп қийинчиликларни, шодлик кунларини бошдан кечиришади. Уришишади, ярашишади, изтироб чекишади, умид қилишади, таскин топишади... Ҳаммаси табиий. Лекин ҳеч ким уларчалик садоқатли туюлмайди. Чунки бошқача садоқат, силлиқ муносабатлар асосига қурилган севги, садоқат, меҳр-оқибат ишончсиздир. Ҳаётда шундай, чинакам бадиий адабиётда ҳам шундай бўлиши шарт. Уларнинг руҳий кечинмалари, ҳар хил юмушлари, гап-сўзларида маҳаллий кўриниш-ҳолатлар идрок этилади. Ёзувчининг бу соҳадаги меҳнати, изланишлари юксак самара берганига ишонч ҳосил қиласиз. Буларни шунчаки кузатмайсиз. Ёки шу маҳаллий халққагина хослик деб хулоса чиқариб қўя қолмайсиз. Ўзбекларнинг яна бир шундай ҳаёти ҳам борлигига ва бу ҳаёт ҳам самимийлиги билан умумий маънодаги ўзбек миллийлигининг бир қисми эканига инонасиз. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасининг шу сингари ўрганишга лойиқ жиҳатлари кўп. Маҳаллий-миллий характер ва ёзувчи маҳорати. Бадиий адабиётнинг, унинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлган прозанинг қаҳрамонлари ҳақиқий миллий характерлар даражасига кўтарилгандагина муваффақият қозонади. Қаҳрамонларининг миллий характерлар даражасида гавдалантирилиши бадиий асарда кўтариб чиқилган мавзу ва муаммога, тасвир кўлами ва ғоя-хулосаларга боғлиқ, албатта. Аммо асарнинг ютуғини фақат шуларнинг ўзигина таъминлай олади деб хулоса чиқариш ўринсиз. Миллий характернинг мукаммаллиги унинг қанчалик дилтортар, ибратли, таъсирчан бўлмоғига ҳам боғликдир. Бу ёзувчидан сўз санъаткори бўлишни, топқир бўлишни, бошқа адиблар ижодидаги услубга тақлид қилмасликни, замонавий китобхонлар маънавий эхтиёжини идрок эта билишни талаб қилади. Бадиий асарда ифоданинг маълум кўлами ва меъёри бўлиши керак. Унинг тили миллий тилнинг ҳамма қатламларидаги бой хазинадан имконият ва эҳтиёж даражасида фойдаланилган ҳолда ёзилганини кўрсатиб туриши зарур. Бу ўринда қандайдир меъёрни белгилаш лозим бўлади. Ёзувчи муайян образлилик иқтидорига эга бўлиши даркор. Кўпинча насрий асарлар образлилик масаласида шеъриятга қараганда чекланган бўлади. Айниқса, реалистик метода,а ёзилаётган асарда ёзувчи ҳамма-ҳамма нарсанинг ҳаётга яқин бўлишини хоҳлайди. Романтикага ортиқча эрк бера олмайди. Бунинг учун ёзувчи образлиликнинг шу вазифага мос тушадиган усулларидан фойдаланади. Кичик бир деталь, сўз, мақол ёки ибора, табиат тасвирининг кўриниши ва қаҳрамоннинг унга муносабати, маълум бир мавжудотга, масалан, ҳайвонларга муносабат, кийиниши ёки миллий удумларга қаҳрамоннинг алоқадорлиги каби ҳолатларни акс эттириш шунчаки амалга ошавермайди. ҳаммаси учун ёзувчидан юксак маҳорат талаб этилади. Машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов ана шу маҳорат масаласи ҳақида шундай ёзади: «Агар асар ўқувчининг қалбини ҳаяжонга солмаса, унинг эстетик дунёсини бойита олмаса, унинг яхшиликка ва ёмонликка муносабатини ўткирлаштира олмаса, унда нималар айтилмасин, қандай ўта фойдали ва ўта муҳим фикрлар изҳор этилмасин, қандай тема ва проблемалар қўйилмасин, у ҳақиқий санъат эмас. Бутун жаҳон жозиба (тортув) қонунини менсимаслик мумкин бўлмагани каби санъатнинг бу қонунини ҳам назар-писанд этмаслик мумкин эмас. Мазмун ва шакл бирликда санъат асарининг моҳиятини ташкил этувчи икки категориядир». Шундай асарлар яратиладики, кўтарилган масалалари, муаммолари, қаҳрамонлари жуда муҳим кўринади. Ёзувчи янги ва керакли муаммоларни талқин этади. Лекин асарлар шу томони билан эътиборни жалб қилиб ўқилса-да, тез унутилади ёки ўқувчини етарли таъсирлантира олмайди. Бундай асарларда, Чингиз Айтматов ёзганидек, маҳоратсизлик панд беради. Ўзбек адабиётида ўртамиёна, бўш-саёз савияда ёзилган асарлар оз учрамайди. Масаланинг яна бир томони бор: адабиётшунослик ва адабий танқид илми бадиий намуналарга юксак талаблар асосида ёндашиши, бадиий намуналарга худли шундай талаблар қўйиши лозим. Аслида, ҳар қандай етук адабиёт мазмун билан шаклдорликдаги санъаткорликни талаб этади, икккита томонни уйғун олиб боради. Шарқ классик адабиётида асарга биринчи навбатда сўз санъати деб қаралган. Шу томондан текширилган. Ёзувчи санъаткорлигини кўрсата олсагина, асари эътиборни тортган. Ҳар қандай бадиий асарда ёзувчининг бадиий маҳорати масаласи ниҳоятда муҳим саналган. Тоғай Мурод асарларида миллий қаҳрамонларни, ёзувчининг ўзига хос маҳоратини кузатар экансиз, муаллифнинг бу соҳадаги ютуқларини ҳис қилиб, адабиётнинг талаб-вазифаларини чуқур идрок қилганини сезасиз. Асарларида дунёқараш, маънавият ва қадриятларга доир долзарб мавзу-муаммоларни кўтариб чиқади, халқчил, жозибали акс этгаришга интилади. Иброҳим Ғафуровнинг бу ҳакда қуйидаги фикрлари бор: «Тоғай Мурод бундай воқеаларни таъсирчан қилиб тасвирлайди. Уларни чин маънода қўшиқ қилиб юборади. Унинг тасвири халқ оғзаки ижоди санъатининг энг яхши анъаналарига уланиб кетади, уларни янгича йўлда ривожлантиради. Сал эркинроқ фикрлаб, уни прозанинг бахшиси десак, хато бўлмайди. Тоғай Мурод кўз ўнгимизда ўз оригинал йўли ва услубига эга ижодкор каби шаклланиб бормоқда. Бу адиб халқнинг қадимдан шаклланган урф-одатлари, расм-русумлари поэзиясини чизишга, уларнинг илтифот, назокат, ўзаро ҳурмат ва шу асосда муҳаббатли бўлишга ундайдиган илғор томонларини очишга уста. У асосий эътиборини, кучи ва эҳтиросини шунга қаратади ва шунда маҳорат кўрсатади. Ёзувчининг асосий эътибори шунда бўлгани учун унинг қаҳрамонлари вақтдан, ижтимоий муҳитдан бир қадар ажралиб қолгандай бўлиб туюладилар. Урф-одатлар қанчалар поэтик кўтаринкилик билан тасвирланмасин, улар охир-оқибатда қаҳрамонларни тўла маънодаги замонавий кечинма ва интилишларга эга инсон каби тасвирлашга тўсқинлик қилар экан...» (Иброҳим Ғафуров. Ўттиз йил изҳори. Адабий ўйлар, мақолалар. Т. Адабиёт ва санъат, 1987., 263-бет). Бу ўринда, албатта, танқидчи қисса билан, ундаги тасвир усулининг ўзига хослиги билан боғлиқ объектив мулоҳазаларнинг маълум бир қирраларинигина ёритган. Иброҳим Ғафуров қиссанинг дастлабки вариантидаги баъзи камчиликларга тўғри шаъма қилади. Дарҳақиқат, «Ойдинда юрган одамлар» қиссасидаги қаҳрамонлар дастлаб конкрет муҳитдан бир қадар ажралиб қолгандай туюлган эди. Ёзувчи қиссага доир фаолиятини яна давом эттиради ва уни қайта ишлаб, камчиликларни бартараф этади. Ҳар қандай адабий асар мунаққидлар. адабиётшунослар таҳлил доирасига тушиши мумкин. Айрим ёзувчилар танқидни беғубор қабул қилади, асарини ўзга нуктадонлар нуқтаи назари билан кузатиб кўради. Баъзилар камчилигини сезса-да, асарни қайта ишламайди. Қайта ишлаш тажрибаси юксак иқтидорли ижодкорлар тажрибасида ҳам кузатилган. Тоғай Мурод «Ойдинда юрган одамлар»ни яратиш жараёнида шу ҳолатни бошидан кечирди. Қиссанинг баъзи камчиликлари ўз вақтида, муҳокамалар жараёнида кўрсатиб ўтилган эди. Масалан, қиссадаги давр масаласида ёзувчи айрим чалкашликларни сезмаган. Асар маълум муадат қайта кўриб чиқилгач, янада яхшироқ сифатларга эга бўлди. Эндиликда у аввалгидан ўқимишлидир. Ёзувчи Пиримқул Қодиров шу воқеалар тўғрисида ёзган: «Хайрихоҳлик билан айтилган танқидий фикрлар Тоғай Мурод учун катта бир сабоқ бўлди. Ёш адиб бу танқиддан тўғри хулоса чиқариб, «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини қайта ишлади, ғоявий акцентларни ўз ўрнига қўйиб чикди, эскирган урф-одатлар, нотанқидий тасвирланган жойларни қисқартирди, янги замонга мос деталлар ва чизгиларни кўпайтирди. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасининг журнал вариантида давр, замон ноаниқ тасвирланган эди... Қиссада эллигинчи йиллар билан йигирмачи йиллар қоришиб кетганини муаллиф ҳам танқидий мулоҳазалар натижасида сезди ва бу нуқсонни тузатиб чиқди» (Пиримқул Қодиров. Тоғай Мурод қиссалари. Сўнг сўз. Т., 1985., 156-бет). «Ойдинда юрган одамлар»нинг эндиги, охирги вариантини ўқиш янада мароқли. Реаллик янада тиниқлашган, қаҳрамонларнинг жой-макон ва вақт-замонга кўра хатти-ҳаракатлари ишонтирарли. Мавҳумликдан нишон-аломат йўқ. «Ойдинда юрган одамлар» ниҳоятда оддий, аммо мазмунида қандайдир рамзий ишораси бўлган лавҳа билан бошланади. Адирда ёнбошлаб ётган бобо момога қарата: «Қулоқ сол, момоси, қулоқ сол, қаердандир одам овози келяпти», дейди. Улар қулоқларини еллар елаётган тарафга тутадилар, бобо овозни аниқ эшита олмагач, ўнг кафтини қулоғи сиртига тутиб елпана қилади. Чуқур тин олиб, ойдинга тикиладилар. «Манов ёқдан, шекилли. Момоси, вақтинг хушми? Эсон-омон юрибсанми? Тўрт мучалинг бутми... ? ». «Сийрак адир» кенгликни, ўзимизга жуда таниш миллий-маҳаллий манзарани тасаввур қилдиради. Бобо нега одамларни сўраяпти? Улар такдирида «одамсизлик», одамга зорлик бор экан — буни кейин англаб, ҳаяжонланамиз. Нега улар бор вужудларини бериб, интизорлик билан сукунатга қулоқ тутадилар, нечун одам овози эшитилгани рост бўлиб чиқмайди — бунинг маъниси кейин очилади. Нима учун улар ойдинга тикиладилар. Ойдин — ёруғлик, ёп-ёруғ томоннинг ўзига хос рамзлари бор. Ойдин —бу умид, умидворлик, ойдин —булар муҳаббатининг ёки қалбларининг ойдинлиги ва беғуборлиги. Бобо нима учун ёнидаги кампиридан соғлигини суриштиради. Энди кўришганми? Демак, улар ҳаётида айрилиқлар бор. Бобо нима учун бунчалар меҳрибонлик билан камшфининг соғлигини сўради. Демак, такдирда айрилиқ, ажримлар бўлган бўлса ҳам, улар ўртасида самимий нимадир бор. Айрилиқ шу нимадирни кучайтирган. «Қандайдир» рамзийликнинг шу каби серқирра моҳияти воқеалар давомида ўқувчига англашилиб боради. Шу лавҳадан кейин воқеалар бевосита жонли воқелик тасвирига кўчади. Айрим жумлалар воқеаларнинг 30-йилларда бўлаётганидан дарак беради. Совчиларнинг келиши, тўй жараёни воқеалари энди сизни сюжетга бутунлай маҳлиё қилади. Қоплон билан Оймомонинг меҳрга тўла муносабатларини, уларнинг руҳиятлари, иффат-ҳаёларини тасвирлашнинг ёзувчи табиий йўсинини топа олган. Тўғридан-тўғри ишқий мулоқотлар китобхонларни анча бездирган. Хўш, ёзувчи қандай ифода йўлини танлаган? У қаҳрамонларини гоҳ хаёлан, гоҳ бевосита гаплаштиради, уларнинг муносабат тарзларини фикрлардаги тагмаънолар аён қилади. «...Тоғлар кулранг, қирлар кулранг, арчалар кўм-кўк. Адирлар ўркач-ўркач, ёнғоқлар азим-азим, това тошлар улкан-улкан. Бир қиз елкасида кўза кўтариб, булоққа келяпти. Ана кўзасини ерга қўйди. Булоқ сувларида юзини ювди. Сувда бир отлиқни кўрди. Рўмоли билан юзини яшириб, ҳаёланди. — Кўзларингни яширма, Оймомо. — Кетинг-кетинг, одамлар кўради. — Булоқ сувларидан ичайин деб келдим... — Ичган бўлсангиз, энди кетинг. — Кўзларингни бир кўрай деб келдим. — Кўришга менинг кўзларимдан ўзгаям кўзлар кўп. — Йўқ, ҳар кимнинг ўз кўзлари бўлади, сенинг кўзларинг -меники. Майли, энди келмайман. — Кўзларни деб келмасангиз ҳам, булоқ суви ичгани келинг...» Талай асарларда севишганларнинг очиқча гап-сўзлари кўп. Улар кўпинча қаҳрамонларнинг ички-руҳий ҳолат-туйғуларини чинакам ифода қила олмайди. Тоғай Мурод қаҳрамонлари—ўзига хос иффатли одамлар. Шевага хос муносабат тарзида ҳам уларнинг миллий-маҳаллий жиҳатидан жонли эканлиги таъминланади. Баъзи вилоятларимизда аёл ўзига танмаҳрам эркакни-эрни исми билан ёки исмига «ака»ни қўшиш билан атамайди. Асарда шу ҳол қаҳрамонлар қиёфасини тиниқлаштиради: « — Гапир. —Ўзи гапирсин. — Сен гапир. —Ўзи гапирсин-да. — Нимани? —Ўзимизнинг оқшомларни, қирдаги буғдой ўримини. — Сен гапир, қирдан қайтганимизда зардолилар остида тўхтаб, сенга зардоли териб берганимни. — Ўзи гапирсин, қўллари зардоли шохларида бўлсаям, кўзлари менда эканини. — Сен гапир, шамолда рўмолинг учиб кетгани, мен ушлаб келганимни. — Ўзи гапирсин, рўмолга узатган билагимдан маҳкам ушлаганини, йиғлайман десам-да, қўйиб юбормаганини». Тўй тасвиридан ташқари ҳодисаларда ҳам ёзувчи хосликни муваффақиятли давом эттиради. Бир оқшомда «қайлиқ ўйини»га борган Қоплоннинг руҳияти тасвирланар экан, Қоплоннинг, Оймомонинг самимият ва фазилатлари, атроф-муҳит манзаралари қўшиб ифода этилади. «Болалар шувиллак чалабериб, сибзиқ чалабериб» қулоқларни битирган кун, қизларнинг ҳалинчак учиши кабилар бош мақсад ва ғояга, кечинмаларни юзага чиқаришга қулай воситалар бўлиб воқеалар ривожига ўрнашади. « — Отини нима қўямиз? — Барчиной. — Сен ҳали... — Қиз яхши-да. Менга ёрдамчи бўлади. — Йўқ, ўғил бўлсин. Отини ҳам ўйлаб қўйибман. Хушвақт. — Сўнг? — Сўнг уни катта қиламиз. Уйлантириб невара-чевара кўрамиз. Мен бобо бўламан, сен момо бўласан. Қайлиғи завқланиб кулди. — Мен бу кишини боваси деб чақираман. — Мен сени момоси деб...». Бахшиёцалик ёзувчи нутқида ҳам ҳукмронлик қилади. Асарнинг ўқилишини, тасвирнинг тушунилишини, жозибадорликнинг кучайишини таъмин этади. Тандир тўла нонлар ёпилиши, келин бисоти, юк-ёпларининг отларга ортилиши, болаларнинг отларга мингашаман деб жанжал қилишлари, баъзиларининг йиғлаб қолишлари, келиннинг гулхан атрофида айлантирилиши, таъзим қилдирилиши, чимилдикдаги анжомларнинг кўринишлари тасвирларини муаллиф жуда завқ билан, қисқа-лўнда, беғубор чизади. Шу жиҳатдан келиннинг узатилаётгандаги йиғлашига бағишланган автор нутқи характерли: «У йиғи бошлади. Буни ўз уйини тарк этаётганидан, қариндош-уруғларидан олислаб кетаётганидан десак-да бўлади. Акаси, янгаси, жиянларининг кўнгли учун десак-да бўлади. Ё акам билан янгам биздан қутулишга зорманда экан, демасин деган андишаданми? Шундан десак-да бўлади. Ё куёвникига бораётгани қувончи, хушвақтлигиданми? Айниқса, шундан десак-да бўлади!». Ёзувчи қаҳрамонлари руҳиятини очишда, хусусан, кечинма-хаёлларини чизишда санъаткор. Ортиқча тафсилот, баёнлардан йироқ. Уларни ўринли сўзлатади, халқона гапиртиради ва андишаларини муҳитнинг бўлиши мумкин бўлган табиий ҳодисаларидан келтириб чиқаради. Қоплон билан Оймомо фарзандсизлик доғида не кўйга тушишлари «зарур»дек туюлса, шуларнинг барида ёзувчи уларни «синаб» кўради. Қоплон — самимий, покиза инсон. Адолатсизликка тоқати, ғаламисликни кўрарга кўзи йўқ. Ҳаётда бундай одамлар халқнинг манфаатини ўз ташвишларидан устун қўйиб яшашади. Ҳеч нарсадан тап тортмайди. Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бундай характерларнинг ҳам хилма-хил бўлишини фаҳмлаш унчалик қийин эмас. Бу кайфиятнинг Қоплондаги кўриниш тарзи қандай бўлиши мумкин эди? Қоплон эгри хулқли бўлмиш котибнинг қилғилиқларини аниқ билади. Уни аягиси йўқ ва аямайди ҳам. Аммо бемалол, ошкор унга қарши бориши мумкин бўлган Қоплон нега дадил ҳаракат қилмайди? Унинг кам фаоллиги кечиримли ва шу кечиримлилик унинг образини янада жонлантириб юборади. Қоплоннинг ўз хаёлида ундан тили қисиқ, андишали жойи бор. Бир ўринда тегирмон тортишдаги навбатга эътибор қилинмаганлиги ҳақида ва котибнинг қиёфаси ҳақида хаёл суради. Билганини элга жория қила олмайди. Ёки шаштидан баъзан қайтади. «Исмат мироб Мамат билан тегирмонда навбат талашиб, бечорани қандай хўрлади? Йигирма йилдан бери аёлингни туғдиролмайсан-у, ўзингни эркак санайсан, сен... деб сўкди. Бундай гапни эшитгандан кўра ўлган яхши. Мен котибни сотсам, эшитиб қолиб, кўпнинг олдида ҳалигидай гапларни юзимга солса-чи? Ундайлардан ҳар бало келади. Яхшиси, ҳали-ҳозир тилимни тийганим маъқул. Хушвақт ўғлимиз дунёга келсин, ундайлар билан гаплашишни ўзим биламан!..» деб ўйлайди Қоплон. Тоғай Мурод бир қиссасини «Қўшиқ» деб номлаганда ҳам асарининг оҳангини назарда тутган эмас. Ваҳоланки, қиссалари оҳангига кўра ҳам халқона қўшиқлар мисоли таассурот билан ўқилади. Айниқса, «Ойдинда юрган одамлар» қўшикдек. Бу қиссани шартли равишда катта бир халқона «Қўшиқ» деб атагингиз келади. Бу оҳанрабо оҳангни адиб асарнинг бошидан охиригача моҳирлик билан авжлантириб боради. Қўшиқ сеҳрини вужудга келтирган воситалардан бири ҳеч шубҳасиз сўз, ибора, жумла ва тасвирдаги ўхшатиш, шеърий санъатларнинг насриёна кўринишлари ҳамда изчил тафсилотларнинг такрорларидир. Услубий хосликнинг турлича мисоллари кўпайиб боради. Келин (Оймомо)нинг йиғлашини нималарга йўйилгани тасвири, бу йўйишдаги автор нутқининг такрорлари нақадар файзли! Ёки асар қаҳрамонларининг туғёнлари, ҳаяжонларига муносиб тонг тасвирини олиб қарайлик: Қоплон амакимиз аёлининг жавобини беради. Сўнгра-чи? «Эслаш қўшиғи авжига чикди: — Ҳа-а-ай-ай-ай...» Сўнгроқ-чи? «Кўришув қўшиғи поёнига етди. Қўшиқ ёввойи дарахтлар остида, эски сўқмоқларда қолди». Кейин-чи? «Алвидо қўшиғи авжида! Кун тонгни ёқиб юборди...» «Алвидо қўшиғи қиёмда... Амакимиз алвидо қўшиғини бекаму-кўст айтди. Умрида илк бор қўшиғида сўз ишлатди... Амакимиз алвидо қўшиғини бригадаларга бўлинаётган меҳнаткашларга қараб айтди. Меҳкашларни биттадан байт билан кузатди. Меҳнаткашлар ишларига қўшиқли бўлиб кетди». «Бу—хайрлашув кўшиғи, алвидо қўшиғи! Тонглар бепоёндир, бепоён! Олис-олис уфқларда тонг. Боботоғ чўққисида тонг. Дегрез сув омбори узра тонг. Қишлоқ устида тонг. Боғларда тонг. Терак учларида, баргларида тонг. Гала-гала чумчуқлар парвозида тонг. Куйловчининг соқолини, жийроннинг ёлларини силаётган салқин саболарда тонг. Қўшикда-да тонг!» Асарда воқеалар ривожи миллий анъаналарнинг аниқ муҳитга мансуб бўлган кўринишларини тақоза қилади. Тоғай Мурод бу талабни етарли ҳис этади. Маҳаллий урф-одатларни тасвирлайди. Халқ шеър-қўшиқлари қиссага яна кўпроқ теранлик бахш этади. Шундай саҳифалардан бири «келин салом» воқеалари тасвиридир. Кайвони момо келинни тўйловчиларга кетма-кет салом бердиради. «Байтлар кайвонидан, таъзимлар келиндан бўла берди: Қозонларнинг қопқоғи, Аёлларнинг оппоғи, Мисли олма ёноғи — Гулсун опамга салом!..» Даврада ўпкаланганларга ҳозиржавоб кайвони момо ҳазилнамо байтлар тўқиб ташлайди ва кулги кўтарилади: «Тегирмоннинг новидай, Адрас тўннинг боғидай Дароз акамга салом!.. Қопга тиққан похолдай, Индан чиққан шоқолдай Чўпон акамга салом! Бўлди кулги. — Қай уккағарнинг момоси-е, бекор ўпкалабман-а!» Яна ибратлики, муаллиф воқеалар тасвири мобайнида асарнинг асл мақсад-муддаосини, мавзу-муаммосини эсдан чиқазмайди. Бу нарса табиийликни кучайтиради. Оймомо уй-рўзғор ишлари билан банд. У сигир соғади. Қоплон молларига қарамоқда. Сигир, қўй соғиш кўпинча қишлоқларда қўшиқ билан амалга ошади. Лекин қўшиқ ҳар «ижрочи» дардини янгилайди ҳам. Бу психологик ҳаққониятни Тоғай Мурод синчковлик билан илғай билган. Оймомо билан Қоплонни шу дамларда ҳам фарзандсизлик доғи-дардлари тарк этган эмас! Қилаётган завқли турмуш ташвиши, юмуш тақозасига кўра сигирига айтаёттан қўшиғи-хиргойиси ўз кўнгилларига маҳзунлик солиб қўяди. Негадир ҳалигача туғилмаётган Хушвақтини эслатади, ўксиниб пинҳона йиғлашга мажбур қилади. «Опамиз совлиқни соға бошлади: Эсли молим, оқилим, турей-турей, Елкамдаги кокилим, турей-турей. Шунча молнинг ичида, турей-турей, Боғда очилган гулим, турей-турей... Совлиқ ийди. Қўзисига тумшиқ чўзди. Акамиз кейинга тисарилиб, кўзини холислатди. Акамизнинг кўнгли Зирён бўлди. Соқоли селкиллаб, Хушвақтнинг ишигаям ўзи юрибди... Қўй ичида қорасан, турей-турей, Ақллисан, доносан, турей-турей. Агар боланг олмасанг, турей-турей, Бозорларга борасан, турей-турей... Опамиз туриб, имо қилди. Акамиз қўзини қўйиб юбориб, опамизнинг изидан юрди. Уйга кириб, ўзини кўрпачага ташлади. Ёстиқ хўл бўлди.» Икки қаҳрамоннинг дард-изтироби тадрижи тобора чуқурроқ очилиб боради. Мушкулликнинг кўламини саҳифаларни ўқиган сайин аниқроқ идрок эта борамиз. Оймомо билан Қоплоннинг дарди-доғи бизга кўча боради. Уларга хайрихоҳ бўламиз, меҳрибонлик қилгимиз, ёрдам бергимиз келади. Беҳад ачинамиз. «Ҳовли юзидаги сўрида ётган Оймомо опамиз сесканиб уйюнди. Қораялангбош туриб ўтирди. Болишда ёйилиб ётган рўмолини ёпинди. Тиззаларини кўрпа сиртидан қучоқлади. Уйқули кўзларини уқалаб, теваракка аланглади. Ой қоронғи, юлдузлар сийрак. Ҳамсояси Ҳожарнинг гўдаги биғиллаб йиғлаяпти. «Келиб-келиб шу маҳалда йиғлаганини. Кўргани ўғилми, қиз? Қиз! Босмалим ўйнади-ку... Эснаб, минғиллади: — Қиз бўлсаям майли. Қабатидаги акамиз уйғониб, ўгирилди: — Нима бало, эловраяпсанми?.. Опамиз ётиб, кўзларини юмди. «Ҳали тонг олис. Тушимнинг охирини кўраман. Шунда қизимнинг отини билиб оламан...» Қиссада қаҳрамоннинг ҳаётий, жонли қиёфаларини ҳар томонлама далиллайдиган ҳолатлар анчагина. Ҳолатлар тасвирлари бир-бирини давом этгиради, мантиқан бир-бирини тўлдиради, фарзандсизлик туфайли чекилаётган изтироб-аламларнинг нақадар узликсиз, мудҳишлигини ҳис этгиради. Маълумки, образларни кўп сонли кигобхонлар қаҳрамонларига айлантириш ҳар қандай ёзувчининг мақсади. Ёзувчи шу ниятда ижод қилади. Бунинг уддасқдан чиқиш осон эмас. Ёзувчилар ўзлари учун севимли бўлган образларни ўқувчилар учун севимли қилишнинг турли-туман воситаларидан фойдаланади. Қаҳрамонининг характерини миллий жиҳатдан ишонарли қилиб яратишга тиришади. Уларнинг ҳар бир хатга-ҳаракати китобхонда шубҳа, эътироз ёки жозибасизлик аломати туғдирмаслигига эришишни ҳамиша эсдан чиқармасликка интилади. Ёзувчи ҳатгоки ўзининг меҳрини яшириш-яширмаслик имкоьшятларини ўринли меъёрлаштириши керак. Адабиёт асарлари оламида бу ҳолатнинг хилма-хил тажрибалари бор. Ҳар қандай усулда ҳам ёзувчи маҳоратли эканини кўрсата олса, мақсадига эришиши мумкин. Баъзи адибларда ёзувчининг ўз севимли қаҳрамонига айрича муҳаббатини кўрамиз. Абдулла Қодирийнинг Отабек, Кумуш, Зайнаб, Анвар, Раъно образларига меҳрини сезиш қийин эмас. Бу—шу йўналишнинг ўзига хос юксак намунаси. Шукур Холмирзаев ижобий қаҳрамонларига бефаркдек, холисдек. Ўқувчи яхши-ёмонни ўзи ажратиб олади-да, дегандек. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида Тоғай Мурод тамоман бошқа йўл танлайди. Оймомо ва Қоплон исмларй кам тилга олинади. Айниқса, Қоплон деган исмни китобхон кам учратади. Натижада Қоплон исми китобхоннинг хотирасидан кўтарилишгача боради. Лекин бош қаҳрамонларнинг—Оймомо ва Қоплоннинг қиёфаларини бизга янада жонлантириб кўрсатадиган, нафақат ҳаётийлантириб турадиган, балки яқин қадрдонларимизга айлантириб юборадиган бошқа воситалар бор. Тоғай Мурод уларни гоҳ «опамиз», «акамиз» деб, гоҳ «опамиз», «амакимиз» деб, гоҳ «бобомиз», «момомиз» деб тасвирлайди. Бу услубий жиҳат ўқувчини ўзига хос қойил қилади: даврлар ўтаётганлиги, қаҳрамонлар ёши улғая бораётганлиги, улар дардлар изҳорининг ҳам ўзгачалашиб бориши англана боради. Бундаги жараёндан яна ёзувчи услубига хос ўз ардоғи, муҳаббатини, қаҳрамонларини ўқувчига севшсли қилишдек эзгу ниятини пайқаш қийин эмас. Қоплон билан Оймомони ёзувчи ҳамроҳлигида китобхон опамиз ёки акамиз, бобомиз ёки момомиз билиб кузатиб боради. Мана шундай лавҳалардан бири: «Бобомиз кафти билаи қовжироқ хасларни пайпасладилар. Момомиз шу ёнида ўтиришлари лозим. Озиш панжаларини ҳавода очиб юмдилар. Ой сузилиб боқяпти. — Эсингдами, момоси, ўшандаям ой ёруғ эди. Мен жийронни жилдириб келайин, момоси. Сен ўтириб тур. Қўрқмайсанми ўзи? Бобомиз адирдан эндилар. Ариқдан ҳатлаб, йўнғичқапоя оралаб юрдилар». Момонинг ўлимида қўни-қўшнилар, ҳамсоялар, қишлокдошлари «энамов», «холамов», деб йиғлашади. Бу биз учун ҳам мудҳиш айрилиқ бўлиб туюлди. Ёзувчининг, у тасвирлаётган одамларнинг нуқтаи назарига бизнинг туйғуларимиз қўшилиб кетади. Ёзувчи қаҳрамонини кутилган даражада қадрдонлаштириб улгурган эди. «Ҳовли одамга лиқ тўлди. Катга-кичик, ёшу қари — бори келди. Осмондага қирқ юлдуз Қиялаб кетади ботгани. Вой, момомов-в, момомов-в. Мен момомни бир ўпай, Қиёмат кетади ётгани, Вой, момомов-в, момомов-в! «Момомиз сўнгги манзилга покизагина бўлиб, оппоқ сурпга ўралиб жўнадилар. Тобутгаям оқ сурп ёпилди. Тобут одамлар кафтида қалқиб-қалқиб жўнади. Одамлар тобутга талпинди. Бари тобутни беш-олти одим кўтариб бориш, ақалли қўлини тегизиш пайида бўлди. Ниятига етганлар бурчини бажарган бўлиб, тобутга эргашиб борди». Қоплон билан Оймомо самимий одамларнинг ардоғига сазовор бўлишади. Улар ўзаро меҳр-оқибати, одамларга бўлган самимиятлари, меҳнаткашлига, халқпарварлиги, ҳалолликлари, дард-изтароблари туфайли элнинг севимли кишиларига айланиб қолишади. Шунинг учун уларга ўзларини яқин олганлар момонинг ўлимидан кейин ўзларини азадор ҳисоблашади. Бу асардан туғиладиган китобхон ҳаяжонини янада кучайтиради. Шу жиҳатдан адир айланиб юрган болалар суҳбати эътиборга лойиқ: « — Энам қора кийиб юрибди. — Менинг энам ҳам. Отам бир куни янгароқ кийимини кийиб шаҳарга бормоқчи бўлиб эди, энам уришди, одаммисиз ўзи, деди. Отам фаросатсизлигидан ўзиии койиб, яна қора кийди. — Биз ҳам қора кийимларимизни кийиб юрибмиз. — Энам тақинчоқлариниям сандиққа солиб қўйди, укаларим оқшомлари ашула айтиб ўйнарди, энам уритттди. Азалимиз, бованг эшитиб қолса, нима деган одам бўламиз, деди. — Энди момомизнинг қирқи ўтгунча шундай бўлади... — Момомизнинг вафоти куни сен ҳам йиғладингми? — Бўлмасам-чи. Уни айланиб, момомлаб йиғладим... — Мен энамлаб йиғладим». Тоғай Мурод дастлабки асарларидаёқ элнинг назарига тушиб, адабий жамоатчиликда унинг ижодига қизиқиш пайдо бўлди. Сафдошлари орасида ўзига хос бўлди. Таниқли ёзувчи Одил Ёқубов носирларнинг ижодлари ҳақида ёзиб, шуларни таъкидлаган эди: «Мен Эркин Аъзамов ҳақида гапирдиму, ўйланиб қолдим. Бугунги ёшлар ижоди ҳақида ёзиш ҳақиқатан ҳам осон эмас экан. Бундоқ ўйлаб қарасам, илк ҳикоя ва қиссалари билан тилга тушиб қолганлар мен ўйлагандан хийла кўп экан. Ҳақиқатан, бутунги ёш носирлар тўғрисида фикр юритганда Хайрқадин Султонов билан Тоғай Муродни, Ориф Фармон, Нортўхта Қиличев, Сотволди Ражабовларни четлаб ўтиш адолатдан бўлмас. Айниқса, Хайриддин Султоновнинг ёшларга хос ёруғ туйғуга йўғрилган ҳикоялари ва Тоғай Муроднинг ўзига хос тил ва ўзига хос услуб билан битилган «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси диққатга сазовордир» (Адабиёт ва замон. Мақолалар, адабийўйлар, суҳбатлар,1981, 36-бет). Ёзувчининг маҳорат белгиларини кўрсатиб турадиган томонлар «Ойдинда юрган одамлар» ва бошқа қиссаларида анчагина. Қаҳрамонлар меъёрий даражада ўз шевасида гапиришади. Албатга, шева сўзлари орқалигина миллий колорит ва жонлиликни тўла таъминлаб бўлмайди. Шунингдек, бунда муайян мўлжалу меъёрни билиш ва унга амал қилиш керак бўлади. Йўқса, китобхон зерикипш, ҳаддан ортиқлик унинг ШЦКГйтепшга мумкин. Тоғай Мурод асарлари бу масалада ҳам ибратлидир. Халқона сўзлашув, сода,алик ва қисқалик, мақоллар ва иборалар, буларнинг ниҳоятда ўринли қўлланишлари ёзувчининг қиссаларига бетакрор латифлик бағишлаган. Тоғай Мурод услубининг яна бир ўзига хос томони автор тили билан боғлиқ. Ёзувчи воқеаларнинг моҳияти-оҳангига мос равишда ифода тилини топади. Кўпинча лўнда, қисқа, равон, содда жумлаларда ҳикоя қилади. Баёи ёки ортиқча тушунтиришлардан йироқ. Унинг ифодасидаги сўзлар, иборалар, фикрларнинг маълум такрорлари кўзланган мақсад-моҳиятни кучайтиришга йўналтирилади. Тоғай Мурод асарларидаги ҳамма фазилатлар ажойиб бир оҳангни — бахшиёна оҳангни вужудга келтирган. Тасвир изчиллиги айни чокда Қоплон характеридаги кечинма ривожига жуда-жуда уйғундир. Ажралиб-ажрала олмаслик замири интиҳосида эса синалиб келаётган меҳр-муҳаббат бор бўлиб чиқади. Тоғай Муроднинг теран ифода қобилиятини, ёқимли услубини яққол кўрсатиб турадиган қиссалари элнинг ардоғида қолди, адабиёт намояндаларининг эътирофини қозонди. Бунинг бир жиҳатини шоир Сирожиддин Саййид бир шеърида шундай ифода этган: Бу болалар ғурур бор деб олишади, Пул учунмас, номус, ор деб олишади, Амир Темур қони бор деб олишади, Ори йўқлар ушбу элга ўғлон эмас. Алпомишдан мерос қолган жуссаларин, Кўриб дилдан кетгай бор-йўқ ғуссаларинг, Сўйлаб юрар Тоғай Мурод қиссаларин, Уйлари ҳам эл қатори, қўрғон эмас! Тоҳир Шермуродов |
Адабиётшунослик
Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Улуғбек Ҳамдам. Қодирийнинг хизмати нимада?Қодирий ўзбек халқининг энг севимли адибларидан бири. Ёзувчи ва... |
Абдурауф Фитрат. Аҳмад Яссавий (1927)Аҳмад Яссавий тўғрисида матбуотимизда бир-икки йўла гаплар бўлу... |
СюжетСюжет (фр. sujet — предмет) — адабиёт, драматургия, театр, кино... |
Она фидоийлиги ҳақида бир асарXIX аср охири ўзбек маърифатпарварлик адабиётининг бир қисмини... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Элга гар бу иш ҳунар бўлса, бўлуптур фан мангаУл малоҳат ганжи ҳажрида бузуғ маскан манга,Уйладурким, жондин ... |
Эй Навоий, бу фано дайрида не бор манга?Гарчи ҳажрингдин эрур юз ғаму озор манга, Ғам эмас васлинга умм... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |