1 дан 2 сахифа Ўзбек адабиёти бой тарихли, бу—ўзбек халқининг маънавий фахри. Унинг ажойиб намуналаридан бошқа миллатлар ва элатлар ҳам баҳраманд. Бу адабиётнинг турлари ва жанрлари ҳақида ранг-баранг кузатишлар, тадқиқотлар олиб борилган. Кейинги йиллардаги ўзбек насрини кузатиш ҳам ҳар жиҳатдан мароқли ва қизиқарли. Соҳанинг китобхонлар диққатини тортадиган томонлари жуда кўп. Аввало шуни таъкидлаш ўринлики, кейинги авлод адиблари ҳам ўз даврини бойитишга салоҳиятли ҳикоялари, қиссалари, романлари билан ҳисса қўшмоқда. Ҳозирги ўзбек насрини Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзамов, Хайриддин Султонов, Назар Эшонқулов, Тоғай Мурод, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шойим Бўтаев сингари бир қатор ёзувчиларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири ўз услублари билан шаклланиб, китобхонларнинг эътиборига тушган.
Ёзувчи Тоғай Мурод ижодининг айрим қирраларини баҳоли қудрат кузатишга жазм қиламиз. Унинг ижоди хусусида етарли тадқиқ олиб борилган деб бўлмайди. Адабиётшунос олимлардан Озод Шарафқадинов, Иброҳим Ғафуров, Абдуғофур Расулов, Умарали Норматов, ёзувчилардан Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад ва бошқаларнинг мақола, тақризларида Тоғай Мурод ижоди ҳақида самимий фикр-мулоҳазалар бор. Аммо унинг қиссалари, ҳикоялари, романлари борасида ҳали йирик тадқиқотлар яратилмаган. Энг муҳими шуки, ёзувчи асарлари ўзбек китобхонларининг эътиборини қозонди, қизиқишини орттириб борди. Тоғай Мурод «Ўзбек адиблари» номли китобда «ўзбек миллий адабиётининг ноёб вакилидир» деб таърифланади. Бу баҳонинг бежиз эмаслигига қўшиламиз. Унинг яратган асарлари, бу асарлардан келиб чиқадиган таассуротлар шундай дейишга асос беради.
Тоғай Мурод Сурхон воҳасида, Деновнинг Хўжасоат қишлоғида туғилди. Маълумки, Сурхондарё вилояти ўз табиий урф-одатларига, удумларига, анъаналарига, шеваларига бой. Бу юртда «Алпомиш» сингари халқ эпослари дунёга келган. Бахшилари, олимлари кўп бўлган. Шўро замонида бой тарихидан халқ тамомила узоқлашиб кетмаган. Кўп авлодлар шу маънавий хазина таъсирида камол топган. У ердан етишиб чиққан Шукур Холмирзаев, Теша Сайдалиев, Усмон Азимов, Рўзи Чориев, Эркин Аъзамов, Мирзо Кенжабек, Шафоат Раҳматуллаев, Сирожиддин Саййид сингари ижодкорлар асарларига воҳанинг ўзига хослиги, миллий таровати қанчалик кўчганлигини ҳис этса бўлади.
Қишлоғидаги мактабни тугатиб, Тоғай Мурод Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга кирди. 1972 йилда дорилфунунни тугатди. Сўнгра Ўзбекистон радиосининг «Ватандошлар» редакциясида, 80-йилларгача эса «Ўзбекистон физкультурачиси» газетасида ишлади. 1982— 1984 йиллар мобайнида «Фан ва турмуш» журналида бўлим муҳаррири бўлди. Сўнг Москвада Жаҳон Адабиёти институтида ўқиб қайтди.
1976 йилда Тоғай Мурод биринчи диққатга сазовор асарини — «Юлдузлар мангу ёнади» қиссасини эълон қилди. Шу асаридаёқ адабиёт аҳлининг эътиборини тортди. 1979 йилда эса иккинчи қиссасини чиқарди. Бу қисса «От кишнаган оқшом» деб аталар эди. Қиссалари китобхонларга жуда маъқул келди, ёзувчидан катта умид борлиги аён бўлди. Тез орада бу амалга ошди. «Ойдинда юрган одамлар» (1980 йил) қиссаси ёзувчи Тоғай Муродга шуҳрат келтирди. 1985 йил унинг «Момо ер қўшиғи» деб номланувчи қиссаси босилди. Албатта, шу йиллар мобайнида у журналистлик билан ҳам машғул бўлди. Мақолалар ёзди. Булар эътиборни унчалик тортган эмас, лекин матбуотда қатор ҳикоялари билан кўриниб турди. Беш-олти йил мобайнида (1986 —1992 йилларда) «Отамдан қолган далалар» романи устида ишлади.
Тоғай Мурод истеъдодли таржимон ҳам эди. Жаҳон адабиётининг баъзи намуналарини ўзбек китобхонлари унинг таржимасида ўқишади. Э. Сетон-Томпсоннинг «Ёввойи йўрға» ва қатор ҳикояларини Тоғай Мурод таржима қилган.
Тоғай Мурод ижодига эътибор берганлар, табиийки, унинг ҳамма асарларига хос бўлган умумий, ўхшаш фазилатларга дуч келади. Асарларида ўзбек меҳнатсеварлиги, самимийлиги, меҳр-оқибатлилиги, фидокорлиги, адолатли ишлар йўлидаги жонбозлиги ўзигагина хос кўтаринки руҳда талқин этилади. Ёзувчи қаҳрамонларини холислик, беғаразлик билан, жуда ҳаётий акс эттиришга ҳаракат қилади. Қаҳрамонларининг деярли ҳаммаси қишлоқларимизнинг олижаноб одамлари — замондошларимиз. Кўз олдимизда ўзимизга кўнгли яқин бўлган кишиларнинг қиёфаларини жонлантиради. Уларнинг дард-изтиробларига, қувонч-ташвишларига шерик бўламиз. Биргаликда улар билан қайғурамиз ва шодланамиз. Халқимиз орасида Тоғай Мурод тасвирлаган каби замондошларимиз борлигидан фахрланамиз. Ҳаётимизда, турмуш йўлимизда у тасвирлагандек нопоклар ҳам, ғаламислар ҳам, адолатсизлик ва риёкорлик ҳам учрашини ҳис қилиб, улардан нафратланамиз.
Ҳамма асарлари ҳам ҳаяжон бағишлайди. Тасвирнинг ҳеч бир жойида бизни ўраб турган табиатдан, воқеликдан йироқлашиб кетмайди. Биз нафас олаётган муҳитнинг кўринишларини акс эттиради. Атрофимизга зийракроқ назар солишга, воқеалар моҳиятини чуқурроқ англашга, тажриба орттиришга, яшашимиз маънисини яхшироқ ҳис қилишга чорлайди ёзувчи. Тоғай Муроднинг ёзувчи сифатида ҳаётдаги ўз қаҳрамонлари, ўз мавзулари, ўз фалсафаси бор. Унинг қаҳрамонлари биз билан бирга яшаб турган оддий кишилар бўлиб чиқади. Нега уларни сезмаган эканмиз, деб қоламиз асарни ўқигач. Мавзулари бизни ўйлантирган муаммолар, халқимизнинг кўнглидаги орзу-умидлар. Қисса ва ҳикояларидан қандайдир ҳаётий қонуниятларни, табиийликни, фалсафий хулосаларни тушуниб етамиз. Ёзувчининг фикр-хулосаларига, асарларидан келиб чиқадиган ғояларга жуда-жуда қўшилгимиз келади. Энг яхши қаҳрамонлари билан яқин бўлиб қоламиз. Гўё бу қаҳрамонлар, мавзулар, ғоялар Тоғай Муроднинг ёзиши учун мавжудлангандек туюлиб кетади. Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров Тоғай Мурод сингари бир қатор ёзувчилар ижоди ҳақида тўхталиб, улар ижодининг умумий ва алоҳида томонларини баён қилган эди:
«...Улар ўз темаларини, ҳаётни ёритиш услуб, йўсинларини топиб олганлар. Уларнинг ижоди ўзига хос йўллардан ўсиб бораётганлигини ҳеч ким инкор этмайди. Кейинги йиллар ичида уларнинг асарлари ва яратган қаҳрамонлари, услубий изланишлари хусусида бўлиб ўтаётган қизғин баҳслар ва уларда очилаётган адабий ҳақиқатлар шундан далолат бермоқда. Улар адабиётимизга виждони ғалаёнда бўлган инсон образларини олиб киришга интилмоқдалар. Бу йўлда уларнинг ютуқлари ҳам, йўқотишлари ҳам оз эмас... Тоғай Мурод ўз чиқишларидан бирида бадиий адабиёт — инсоншунослик, проблемашунослик эмас, деган фикрни айтди. Бу фикрнинг ҳеч қандай зарарли жойи йўқ. Лекин инсоншуносликнинг ўзи асли проблемашуносликдир. Зотан, ҳар бир инсон ҳали ечилмаган, зиддиятларга тўла бир муаммо» (Иброҳим Ғафуров. Ўттиз йил изҳори. Т„ 1987, 270-бет).
Тоғай Муроднинг қаҳрамонлари бадиий тадқиқотга ўхшайди. У яратган образлар ички-маънавий олами билан ўзига ром қилади. Психологик жиҳатдан кишини ишонтиради. Қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатига шубҳаланиб қарамаймиз. Худди шундай бўлади ва бўлиши табиий деб ўйлаймиз. Шунингдек, ҳаётимиздаги лоқайд ёхуд безовта идроклаб юрганимиз муаммоларга рўпара бўламиз. Уларни ёзувчи билан, қаҳрамонлар билан биргаликда ҳал қиламиз.
Тоғай Мурод асарларининг бошқа ёзувчилар асарларига ўхшамай турадиган томонлари кўп. Ёзувчининг услубида, асарининг тилида буни илғаш осон. Асарлари шеърга ўхшаб кетади. Лекин шеърдаги каби вазн, қофия, шеърий инверсия, шеърий ташбеҳлар унда йўқ. Жумлалари қисқа, халқ тилига яқин, шеърдаги каби товуш ва сўзлар такрори кўп. Бахшиларнинг содда баёнига ўхшатса бўлади буни. Яна бир томони шундаки, миллий урф-одатлар, расм-русумлар, мақоллар, сўзлашиш тарзи сурхондарёча йўсинда намоён бўлади. Бутун тасвир ўзбекларнинг қайсидир ҳудуди қавмига тегишли маҳаллий тасвирдек туюлади. Бу ғашга тегмайди. Аксинча, том маънодаги ўзбеклар яна бир қавмининг очилмаган қирраларидан лавҳалардек таассурот қолдиради. Буларнинг ҳаммасида Тоғай Муроднинг маҳорати сезилиб туради. Ёзувчининг дастлабки асарларида маълум тажрибавий камчиликлар бор, албатга. Барча қисса ва ҳикоялари катта муваффақият билан ёзилган деб бўлмайди. Танқидчиларнинг Тоғай Мурод асарлари ҳақида ёзганларида айрим шу жиҳатлар кўрсатиб ўтилган. Аммо, умуман олганда, унинг ижоди ўзбек адабиётидан ўз ўрнини топди. Ёзувчининг асарларини ибрат-исбот мақсадида атрофлича илмий ўрганиб чиқишга эҳтиёж бор.
Тоғай Мурод ижоди учун жуда характерли бўлган бир томонни қуйида ёритишга ҳаракат қиламиз. Бу ҳам бўлса, ёзувчининг қисса ва ҳикояларидаги қаҳрамонларнинг маҳаллийлик даражаси масаласидир. Чунки ёзувчи учун чинакам характерлар яратиш қанчалик ажойиб орзу бўлса, бу характерларни жонли тасвирлашнинг туб негизи — миллийлик шунчалик ажойиб ниятдир. Ҳақиқий асар миллий бўлади. Воқеликнинг, табиатнинг, қаҳрамонларнинг қиёфаси, ички олами ишонтирарли даражада миллий бўлсагина, асар тасвири китобхонни ўзига ром қила олади. Улуғ ёзувчиларнинг, масалан, А. Қодирий, Чўлпон, Ч. Айтматов каби адибларнинг асарлари миллий томонларига кўра ҳаққоний бўлгани учун қадрлидир. Миллийликсиз асар мавҳум бўлиб қолади, муваффақиятсиз чиқади, ўқилишдан тўхтайди. Миллийликка эришган асар бошқа миллат китобхонига ҳам маъқул бўлади. Умуминсоний туйғулар ва таассуротлар эса миллийликнинг ўзидан ўсиб чиқади.
Характер ва миллий воқелик. Ҳар қандай халқнинг адабиётида «характер» деган тушунча бор. Бу тушунча замирида «бадиий характер» англашилади. Бадиий характернинг асоси ҳаётдаги характерлардан олинади. Ёзувчи бадиий характерни яратиш учун турмушдаги характерга қанчалик даражада таянмасин, бир кишининг хулқ-атвори ва ҳаёт тарзи асардаги бир бадиий характернинг тасвирини тўла таъминлай олмайди. Шунинг учун ижодкор бадиий тўқима, умумлаштириш, типиклаштириш орқали асардаги характерларни яратишга киришади.
«Характер» деганимизда ҳар қандай қаҳрамонни ҳам тушунавермаймиз. Тўғри, ҳар қандай қаҳрамоннинг характери бор. Лекин қаҳрамонларнинг ҳаммаси бадиий характер даражасига кўтарила олмайди. Адабиётшунос Тўхта Бобоев ёзганидек, «...ёзувчи бадиий образ яратишда (ҳаёт қаҳрамонларини адабий қаҳрамонларга айлантиришда) санъатнинг типиклаштириш-умумлаштириш ва индивидуаллаштириш каби қонуниятларига қатьий амал қилади. Шу сабабли ижодкор учун фақат илғор дунёқараш билан қуролланишнинг ўзигина кифоя қилмайди, у реалистик адабиётнинг қонун-қоидаларини, приём ва принципларини, маҳорат сирларини ҳамда бадиий ижод методини пухта эгаллаган бўлиши лозим. Ҳаётий асар яратишда ёзувчи шахсияти, унинг бадиий образлар орқали фалсафий фикрлай олиш қобилияти, турмуш ҳақидаги тушунчалари, дунёқараши, ёзувчилик маҳорати, туғма таланти ва меҳнатсеварлиги катта роль ўйнайди» (Т. Бобоев. Ҳаёт материалидан бадиий образга, Т„ Фан, 1976. 11-бет).
Бадиий асардаги ҳамма нарса инсоншунослик учун хизмат қилади. Табиат тасвири, қандайдир мулоҳазалар, воқеанинг ифодаси, инсоннинг ҳар хил кечинмаларини тасвирлаш — барчаси шунчаки баён этиш ниятида амалга ошмайди. Ёзувчи диалогларда, монологларда, кўринишларда қаҳрамоннинг психологиясини тасвирлашга, бунга китобхонни ишонтиришга тиришади. Шу билан бир вақтда ёзувчи нимани тасвирлаш кераклиги ва муҳимлигини ўйлайди. Демак, ғоявий-бадиий жиҳатдан изланади, аксинча, характер тасвири ишончли чиқмаслиги мумкин. Қаҳрамонлар ҳаракатининг жонли, табиий чиқиши яна бир муҳим муаммони ҳал қилишга боғлиқ бўлади. Яъни, қаҳрамон қандайдир миллатга тегишли одамдир. У маълум бир муҳитда — кишиларнинг қуршовида, шаҳар ёки қишлокда, табиатнинг бағрида яшайди. Шуларнинг ичида ҳаёт кечиради. Ёзувчи табиий равишда кишини ишонтириб бориши керак. Бунинг учун у миллий ҳис-туйғуни, тафаккурни, ютуқ-камчиликни, шарт-шароитни, миллий тилни, халқнинг тилини, урф-одатини, орзу-интилишларини яхши билиши зарур.
Ёзувчилар кўпинча ўзи улғайган муҳит тасвири таъсирида иш кўради. Чунки ҳеч қайси воқеликни ўзи яшаб кўрган, нафас олаётган муҳитчалик яхши била олмайдилар. Ўз тажрибалари уларга ёрдам беради. Биз манбалардан Абдулла Қодирийнинг ҳаётни қанчалик синчковлик билан кузатганини, меҳнаткашлар орасида, зиёлилар орасида, турли тоифа вакиллари орасида бўлиб асар устида ишлаганини биламиз. Ёзувчининг ўзи яхши билмаган ҳаётни тасвирлаши кўпинча хатоликларга олиб боради. Асари ишонарли чиқмайди. Бўш, саёз, ўртамиёна роман, қисса ва ҳикояларнинг юзага келиши аксар ҳолда шу билан боғлиқ.
Йигирманчи асрнинг охирги ўи йилликлари ўзбек насридаги кўп асарлар замонавий мавзуларда ёзилган бўлиб, улар бевосита куннинг долзарб муаммоларига, ҳаётимизнинг ҳар хил кўринишларига бағишланган. Ўзимиз шу ҳаётга ҳамнафас бўлганимиз учун бу асарларни осон тушунамиз. Китобларнинг яхши томонларини ва камчиликларини сезиб турамиз. Лекин ёзувчи ўзига яқин ҳаётнинг мавзуларини қанчалик акс эттирмасин, ҳаётни биздан кўра синчковлик билан ўрганиб ёзмаса, дилимиздаги яширин тасаввурни юзага чиқармаса, натижа яхши бўлмаслиги мумкин. Тоғай Муроднинг асарлари, асосан, замонавий мавзуларда ёзилган. Уларда ҳозирги ҳаёт кишилари, замондошларимиз тасвирланади. Баъзи воқеаларгина асримиз бошларидан бошланади. Ёзувчининг биринчи романи— «Отамдан қолган далалар»нинг воқеалари асримиз бошидан то ҳозирги кунларгача келади. Яна баъзи қиссаларидаги (масалан, «Ойдинда юрган одамлар»даги) воқеалар тасвири 30 — 40 ва ундан кейинги йилларни қамраб олади. Аммо гап фақат тарихий даврларда эмас. Кўпчиликка асримиздаги ҳамма даврнинг тарихий характеристикаси яқиндан таниш. Чунки давримиз тарихини ўқиб, кўриб ўрганганмиз. Шу сабабли Тоғай Мурод қисса, ҳикоя, ва романлари қаҳрамонларини замондошлар деб атай оламиз.
Тоғай Мурод учун қаҳрамоннинг характери, миллий колорит, миллий воқелик бошқа ёзувчиларда бўлгани каби муҳим. У ҳам адабиётнинг қонуниятларига жавоб беради. Анъанавий тажрибалар изидан боради, янгича услубда ёзишга, бошқа ёзувчилар ижодини такрорламасликка, ўз овозига эга бўлишга ҳаракат қилади. Натижада бошқаларга ўхшамаслигини намоён қила олади. Пиримқул Қодиров бу ҳақда шундай ёзган эди: «Тоғай Мурод қиссалари адабиётимизга Сурхон водийсининг ўзига хос нафасини олиб кирди, меҳнатсевар, камтар ва танти чорвадорлар, боғбонларга нисбатан дилимизда самимий меҳр уйғотди. «От кишнаган оқшом» қиссаси «Алпомиш» достони анъаналарини эслатадиган халқчил руҳ билан суғорилган. Тоғай Муроднинг ўзи ҳам Алпомиш ва Барчинларни берган гўзал водийлар, бепоён яйловларда ўсганлиги унинг сўз бойликларидан, ёзувчилик услуби ва ўзига хос овозидан сезилиб туради. Насрий асарга шеърий жаранг ва кўтаринки руҳ бағишлай олиш қобилияти ёш адибнинг қаламига хос энг яхши фазилатлардандир.» (Тоғай Мурод. Ойдинда юрган одамлар. Т., Адабиёт ва санъат, 1985. 155-бет).
Ёзувчи ўзииинг ижодини «Юлдузлар мангу ёнади» (1976 йил) қиссаси билан бошлаган эди. Кейинчалик қиссани бироз қайта ишлаб чикди, номини ўзгартириб «Давра» деб номлади. Қиссада Бўри полвон, Тиловберди, Абил сингари образларни гавдалантирди. Маълумки, ўзбекларда қадимдан миллий кураш ўзига хос ва қизиқарли анъана ҳисобланган. Айниқса, Сурхондарё ва Қашқадарё тарафларда миллий кураш кенг расм бўлган, шўро даврида ҳам миллий кураш қадрини йўқотмаган, тўйларда, байрамларда давом этган. Полвонлар эл ичида обрўли бўлишган. Эл уларни кучи-қувватига қарабгина эмас, самимияти, тантилиги, ҳалоллиги, мардлиги туфайли эъзозлаган. Ҳақиқатан, бу ҳунар у билан машғул кишини самимий, ҳалол, пок, мард қилиб тарбиялайди. Адолатсизликка бефарқ қилиб қўймайди. Полвонлар элнинг чин фарзандларига айланади. Уларнинг ҳаётлари, хатти-ҳаракатлари одамларнинг кўз олдида кечади. Айниқса, миллий кураш жараёнида фақат баковул (судья)гина эмас, бутун халқ уларнинг ҳаракатини, қадам олишини, хулқ-атворини кузатиб туради. Шундай экан, бунда ғаламислик, риёкорлик, қўрқоқлик, номардлик қилиб бўлмайди. Ғирромлик кетмайди. Хато, янглишиш, армон, ожизлик эса юз бериши мумкин.
Полвонларда миллий ғурур кучлироқ намоён бўлади. Улар ўзининг, қишлоғининг, эли, устозлари, қариндошларининг шаънини эсдан чиқаришмайди. Айни пайтда ҳар хил вазиятлар, келишмовчиликлар, шахсий-оилавий ташвиш ва муаммолар бўлиши табиийдир. Юзаки қараганда, бундай мавзуда бирор асар, қисса ёзиш ғалатидек туюлади. Ёки ёзувчи ҳали миллий кураш ҳақида катгароқ бадиий асар ёзилмаганини ҳисобга олиб кўлига қалам олгандек кўриниши мумкин. Аслида, бундай эмас. Асар воқеалари тезда китобхон диққатини ўзига тортади.
Асар бошидаёқ миллий воқеликнинг маҳаллий кўринишига дуч келамиз. Асар тўйга чақириқ билан бошланади: «Одамлару одамлар, тоғда битган бодомлар, эшитмадим деманглар! Бугун ҳа-а-амма Зулфиқор полвонникигатўйга!» «Кимсан, Зулфиқор полвон тўй қиляпти!».
Тўй тасвири кенг кўламли, лекин зерикарли эмас. Ёзувчи удумлар тасвирини ўта қалаштириб ташламаган. Сурхондарёнинг бир оддий тўйида ҳозир ҳам шундай рўй бериши табиий бўлган ҳолатларни акс эттиради. Воқеалар ёзувчининг қишлоғи Хўжасоатда рўй бераётир. Болалар тўда-тўда бўлишиб ёнғоқ, ошиқ, шумшак, қулоқ чўзма, дўл, гирбойди, чиллак, зувиллатар ўйнашади. Палов икковора ёки учовора бир тобоқ сузилади. Яшинмачоқ ўйин бўлади. Холбой том устида сурнай чалади. Аёллар доира чалиб давра қуради. Шу даврада болалар яшинмачоқ ўйини билан овора. Қаердадир оқсуяк ўйини бўлмоқда. Миллий кураш — олиш бошланади. Эл ичида донг таратиб қариган полвонларни ёлғондакам олиштириб, лекин ростдан соврин бериш ҳам рамзий бир расмдир. Сўнгра энг кичик ёшдагиларни ҳазиломуз олиштириб, давра курашчиларини катталаштириб бориш тарзи ҳам расм. Ёзувчи қаҳрамоннинг руҳиятини синчковлик билан кузатади. Одил, ҳалол баковул Бўри полвон турли жойлардан келган полвонларни кузатар экан, ўзининг хўжасоатлик полвонларини хайрихоҳлик билан эсда тутади. «У ачиниш билан шуни ҳис этдики, инсон қанчалик одил, танти бўлмасин, барибир ўз юрти, элига тортар экан...». Баковул Бўри даврадан хиёл чиқиб, оқсоқоллардан Амир полвоннинг тирсагидан тортиб шундай дейди:
« — Полвонларинг ҳар ерда ўтлаб юрибди, у нима ўтириш? Менга қара, зўр-зўрларини бир ерга йиғ, шўрчиликлар кепти... Тушундингми? Ўзинг бош бўл. Қурга тартиб билан чиқар. Шошма, етти ўлчаб бир кес, шўрчиликларнинг ўнги-чапига эътибор қил. Қайтариб айтаман, фақат шўрчиликларга кўз тикинглар. Бинойими?» У Тиловбердини давранинг охирига асрашни, яна бир бақувватроғининг бекиниб ўтиришини тавсия қилади. «Ўз қишлоғи полвонлари мағлуб бўлганда бутун вужуди қизиб, қалтироқтутади».
Тасвир давомида ҳатто курашдаги маҳаллий хусусиятларга табиий равишда аниқлик киритиб юборилади. Сариосиёнинг Тўпалангдарё ёқасида бўлган бир кураш лавҳаси ҳикоя қилинади. Бўри полвон умрида биринчи марта фарғонача курашни кўради. Давра эгаларининг кўпчилиги асли Фарғона водийсидан бўлиб, Йўлдош Охунбобоев ташаббуси билан Сурхон водийсида колхоз тузиш учун кўчиб келтирилганлар ва шу ерда яшаб қолганлар эди. Водийликлар олишни кураш дер эканлар. «Ўзи ҳам мулойим халқ-да, — деди Бўри полвон ўзича, — жуда мулойим. Курашлариям ўз табиатидан кеп чиққан. Мана биз ўлгудай қўпол халқмиз. Курашимиздаги мардоналик, ботирлик ҳам шундан. Ҳа, майли, халқ турли-туман бўлгани яхши. Бу — улканлик, улуғлик аломати. Мана, фарғонача кураш. Уям ўзимизники. Демак, иккита курашимиз бор экан. Қандай яхши! Бойлик! Аммо-лекин уккағарлар кўп ашулачи халқ-да...».
Бундан ташқари, сурхонча «олиш»га яқин спорт турлари ҳам персонажлар тили орқали қиёсланади. Олишнинг афзалликлари, фазилатлари, унинг жаҳон спорт турлари даражасидаги аҳамияти таъкидланади. Эпизодлардан бирида қуйидаги диалогни ўқиймиз:
« —Шу Максим полвон жуда совуқ олишар экан, нима дедингиз?
— Спортчи-да, секцияда тарбия топган. Улар китобда нима ёзилган бўлса шуни қилади.
— Телевизорда Монреаль олимпиадасини кўрдиларингизми? Классик курашни олиб кўрсатди. Бирам совуғ-э, шуям олиш бўлди-ю...».
« — Мен яқинда самбо олиши ҳақидаги китобни кўрдим. Ҳамма чилларнинг расми бор. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, оёкдан олишдан бошқа ҳаммаси ўзимизнинг олишда бор экан-е».
Зулфиқор полвоннинг тўйида берилган олишнинг тафсилоти батафсил бўлиб, қиссадаги тасвирнинг асосини қамраб олади. Аммо олиш жўн баён қилинмайди. Қисқа-қисқа лавҳалар, эпизодлар тарзида кураш тасвири бериб борилади. Бу эпизодлар орасига баковул Бўри полвоннинг элас-элас хотиралари (улар ҳам қисқа лавҳалар сингари) келиб-кетиб туради. Ёзувчи олишнинг эпизодларида бу ўзига хос спорт ва ўзига хос санъатни икир-чикиригача талқин қилади. Узундан-узун баён қилиб ёки изоҳлаб бермайди. Холис тасвирлайди ва ҳис қилиш, тасаввур этиш имконини яратади. Асарда полвонлар образлари, уларга хос фазилатларнинг кўлами, ғурурларининг кўринишлари чуқурроқ очилиб боради. Кўз олдимизда мардларча давра айланадиган, чўккалаб ерни тавоф қиладиган, икки кафтини ерга суйкаб, юзларига фотиҳа тортадиган, қўр тўрида ўтирган чоллар рўпарасида тик туриб оқ фотиҳа оладиган ҳайбатли полвонлар намоён бўлади.
Хуллас, Тоғай Мурод бу қадимий санъатни кучли бир муҳаббат билан тасвирлайди. Миллий олишнинг нозик хусусиятларигача бадиий талқин қила олади. Юқоридаги бадиий парчада кўрганимиздек, сурхондарёгагина хос бўлган олиш ва унинг ўзига хос томонларини фарғонача кураш ёки самбо сингари спорт турлари билан табиий воқеалар муносабати орқали солиштиради. Бу билан маҳаллий-миллий воқеликнинг кўп фазилатларига, шу тупроқ одамларига, ҳаёт тарзига, танти полвонларига самимий муҳаббатини изҳор қилади. Ҳар қандай санъат ва адабиётнинг ҳақиқий миллийлиги худли шундай аниқ кўринишлардан, миллий ифтихордан ўсиб чиқади. Бу ҳолат Тоғай Мурода,а жуда самимий, холис, меҳр-муҳаббатга тўла. Ўзга қиёслар ўзбекона урфларга бўлган ифтихорни тўлдиради.
Асарнинг бош қаҳрамони ўша, баковуллик қилаётган Бўри полвондир. Полвонлик билан боғлиқ асарда неки бўлса, барчасини биз у орқали ҳис қиламиз, бу санъатнинг фалсафасини Бўри полвон орқали шарҳлаймиз. «Биласиз,— дейди у,—злскағар ўша самбодаям, эркин курашдаям, классик кураш, дзюдо деганидаям —барча-барчасида полвон дустаман (юзтубан), ё ёнбош йиқилса, ё тиззалаб ўтириб қолса, иккинчиси ҳалол йиқитаман деб, бечора полвонни судраб, ерга пийпалайди. Ё бўлмаса, бирор жойини қайиради. Ерда думалаб ётган одамни судрайди-я! Ё, пирим-э, ё, пирим-э... Бу эркакнинг иши эмас! Эркакмисан — оёғида тик турган эркак билан олиш!»
Бу сўзлардан сурхонча олишнинг ҳалоллик талабларини ҳам, баковул Бўри полвоннинг ҳалол қарашлари ва адолатлилигини ҳам, унинг ўзига хос шевасини ҳам, спорт турларида мардлик асосий вазифа эканини ҳам тушуниб етамиз. Боқеалар ичида Бўри полвон-баковулнинг ёшлик хотираларйгина эмас, полвончилик тўғрисидаги ўй-қайғулари ҳам берилади. Унинг қуйидаги хаёлини кузатайлик:
«Халқ нимаси билан халқ? Эзгу урф-одатлари билан халқ! Ота-бобосидан қолган яхши анъаналари билан халқ! Кўпчилигини билиб-билмай, билиб-билмай унутиб юбордик. Ахир, халқ соф тили, пок дили билан, аллаю гиряси билан, меҳнату матонати билан халқ!.. Авлодлар алмашган сайин... Юрак йўқолиб боряпти!..».
Бўри полвон олишув анъанасининг кейинги тақдири хусусида қайғуради. Ўғли Тиловбердининг ютуқларидан қувонади, мағлубиятидан алам чекади. Баковул сифатида унинг ёнини олмайди. Баҳолашда одил бўлади, ўғлини ҳам аямайди. Узоқ ёшликдаги кураш лавҳаларини тез-тез ёдга олади. У ёшлигида, вақти-соати келиб, йиқилмай-йиқилмай юриб ўзидан ёшроқ, зўрроқ полвон — Исмоилдан ҳаётида биринчи бора чинакамига йиқилади. Олиш учун қаригандек туюлади ўзига. Бироқ номуси майдонларни шундай ташлаб кетишга йўл қўймайди. Исмоил полвон қаерга тўйга бориб, даврага тушса, унга таъриф бериб таништиришади. «Бўри полвоини ҳам юлдуз санатган, кўкрагини ерга текизган Исмоил полвон» деб мақташади. Ўша йиллар Бўри полвоннинг ҳаловати қочади. Ҳар тўйда Исмоил полвонни таъқиб этиб, курашиш мавридини пойлайди. Бу таъқибдан ҳатто Исмоил полвон чўчинқираб қолади. Термиздаги бир тўйга Бўри полвон келиб, Исмоил кўрмасин учун машинанинг кабинаси ичида бекиниб ўтиради. Исмоил даврага чиқиши билан Бўри полвон талабгор бўлиб даврага отилиб чиқади. Лекин Исмоил ҳақиқатан зўр экан, уни йиқитиш осон кечмайди! Ёзувчи Бўри полвон характерининг шу вазиятдаги тасвирини, айниқса, жозибали чизади. Бўри полвон чарчайди, ҳамроҳига суянади, ўз аждодларидан, отасининг пиридан мадад сўрайди:
«Отагинам, мен ҳамиша сизнинг насиҳатларингизга амал қилиб келдим. Сиз айтар эдингиз: полвон ўзини уч балодан асрасин, энг биринчиси — аёлбозлик! Отагинам, ёшим ўттизга етибдики, оёғимни қийшиқ босмадим, ҳаром-хариш йўлларга юрмадим. Ҳали уйланмадим ҳам!
Иккинчиси — ичкиликбозлик, дердингиз. Отагинам, мен ҳалигача оғзимга ароқ олмадим. Ундан ҳазар қиламан.
Учинчиси — полвон ўзини нафс балосидан асрасин, дегувчи эдингиз. Отагинам мол-дунё учун олишмадим. Мол-дунё ҳирсидан ўзимни ҳамиша сақлаб келдим...».
Бўри полвон шу галдаги ғалабасидан кейин майдонни тарк этади. У эл орасида орттирган ҳалол обрўйини сақлаб қолади.
«Давра» қиссасида ўзбек халқининг бир қисми бўлган воҳанинг ўзига хос ҳаёт тарзини, удумларини тасаввур қиласиз. Демак, халқда маълум бир анъана, урф-одатнинг умумий кўринишлари мавжуд бўлганидек, маълум бир анъана маҳаллий жиҳатдан ҳам ўзига хосдир. Ана шу ўзига хосликлар, фарқли томонлар айни пайтда катта ўзбек халқининг фазилатларини янада серқира, гўзалроқ кўрсатади. Буни бош қаҳрамон Бўри полвоннинг хаёллари орқали кузатдик. Бўри полвондан бошқалар ҳам сурхон олишлари, тўйлари тасвири қаҳрамонларидир. Уларнинг кўпчилигида ўз феъли, табиати, ахлоқи, характери сезилади. Уларнинг жонли чиқишида шубҳасиз ёзувчининг тўй-кураш манзараларини ҳаққоний билиши катта роль ўйнаган. Асардаги расм-русум, урф-одат, кийим-кечак, ўйин-кулги тасвирлари миллий колоритни кучайтиради, қаҳрамонлар қиёфасини янада жонлантиради.
Бош қаҳрамон Бўри полвон халқнинг талабига кўра баковуллик қилмокда. У даврада кўзи ожиз бўлиб қолган Насим полвон ўтирганини кўриб қолади. Баковуллик жараёнида Насим полвон билан боғлиқ хотираларига берилади. Ҳамма гап асар сюжетининг ана шу томонида. Ёшлигида ота-оналари Бўри полвон Насимнинг қиёматли дўсти бўлсин деб, тўн ёптиришган. Улар энди қадрдон, ака-укадек. Аммо ҳаёт Бўри орзу этгандек натижалар бермайди. Далада ишлашган кезлари Бўри полвон Момоқизни яхши кўриб қолади. Ёзувчи мана шу севгида қаҳрамонлар туйғусининг характерли, ишончли ўзига хослигини бера олган. Бу севги ўлдим-куйдим эмас, узундан-узоқ ишқ изҳори эмас. Қалб сирини Бўри Насимга ишонади: «Насим ошна, бир гап айтсам, бировга айтмайсанми? Ошна, Момоқиз яхши, эшитяпсанми, у яхши...».
«Насим ошна, сен Момоқизга айт, Бўри сени тушларида кўради, де. Сенга қиёқни дўржироқ беришида гап бор, де».
Бўрининг беқиёс ҳаё билан лиммо-лим илк муҳаббатини, «биринчи кўнгли»ни шу сингари қисқа ифодалар чуқур очади. У дўсти Насимни кўп ардоқлигиси келади. Чунки қиёматли дўст тутинишнинг вазифаларини Бўри жуда муқаддас деб билади. Гарчи қиссада бундай фикр бўлмаса ҳам, китобхон шуни ҳис қилади. Бўри билан Насим ўртасидаги кейинги суҳбат бундай:
« —Насим ошна, у нима деди-а? Кўзингни очиб айт, нима деди? Ё уялиб индамадими? Насим унга ўгирилди. — Бўри, мен гапларингни оқизмай-томизмай айтдим. Бўри ошнамга сенсиз кундуз ҳам қоронғи, дедим. — Уҳ, бормисан, ошна! У нима деди? — У, э, бети қурсин, деб қўл силтади, шўр-а. Сенга кўнгли йўқ экан. Ишонмаяпсанми? Мана, қиблага қараб айтаман: агар ёлғон айтсам кўр бўлайин». Насим Момоқизга дўстининг гапларини бошқача қилиб етказган. Айтишга чидамайдиган гап, деган. Сен билан ўйнагиси, қўйнингта киргиси кепти, дейди. Албатга, бу гапдан сўнг кўнгли бўлса ҳам, Момоқиз тузук жавоб бера олар эдими? Асарнинг қалбларни ларзага солувчи бу воқеасида сюжетнинг аёл жозибасини таъминловчи, ёзувчилик қоидасига хос бироз яширин сир-ҳикматлар бор. Ва яна ўсишда бўлган барча ақл эгаларининг идроклаши учун очиқ айтилмай тўғри қилинган бир аччиқ ҳақиқат хулосаси бор: беғубор илк севги бошқа, нафсу ҳирс бошқа: Дўстининг беғубор севгиси хабарини Насим Момоқизга ҳирс, тан ошиқлиги хабари қилиб етказди.
Шу воқеа икки дўстни бир-биридан ажратади. Бўри полвон— ҳаёли, ориятли, нозик табиатли киши. Момоқизга кўнглидагини журъат қилиб айта олмайди. Гапини эса дўсти ёлғон етказиб, яна уни алдаганини ўзи бир эпизома тан олади. Шу пайт Момоқиз сари кетаётган Бўри полвон тўхтаб қолади. Бўри полвоннинг бу тўхтаб қолишида драматизм кучлидир. Бир томондан, Момоқизга дўстининг муҳаббати, иккинчи томондан, дўстининг муҳаббат деб унга қилган хиёнати. Шу-шу икки дўст орасига яширин—ўзларигагина аён низо тушади. Бу воқеалар элга ноаён. Насим Момоқизга уйланиб кетади. Характерида садоқатсизлик, ожизлик, писмиқлик, ўз манфаатини ўйлаш бор. Кейинчалик бир тўйда Бўри полвон курашади-да, ўзини, садоқатсиз бўлолмаслигини кўрсатади.
Насимни хиёнат, қасам ҳақиқатан кўр қилади. Бўри полвон бир томондан ачингандек бўлади. Тасодифни қарангки, ўғли Тиловберди (тўрт қиздан кейинги ёлғиз ўғли) полвон олишуви керак бўлган Абрай полвон Насим ва Момоқизнинг ўғли экан. Тиловберди мағлубиятга учрайди, Насим ошкора ғолиблик нашидасини сездиради. Аммо Бўри полвоннинг унга самимияти йўқолган эмас. Кўнгли юмшаб кетади. Руҳиятида илиқлик, раҳмдиллик уйғонади. Насим полвонни бағрига босгиси, унинг соқолларига пешонасини суйкагиси келади. Бироқ яна ўзини тўхтатиб қолади.
Бўри полвон собиқ қиёматли дўсти Насим билан хаёлан гаплашади. Бундай тасвир қиссага янада ўзига хос гўзаллик, ҳузур бағишлайди. «Айтгандай, Насим ошна... Бизнинг Момоқиз омонми? Тани-жони соғ, ўйнаб-кулиб юрибдими? Вақти хушми? Уям қаридими? Ошна, мен Момоқизнинг қариганига ишонмайман. Хаёлимда Момоқиз ҳалиям ўша Ҳолвачининг қирларида юргандагидай...». Қиссанинг сўнгидаги Бўри полвоннинг хаёллари, мулоҳазалари, ҳаёт ҳақидаги хулосалари ўқувчининг диққатини янада ўзига жалб қилади. Бўри полвон образи янада олижаноб қалб эгаси, матонатли, садоқатли, меҳрибон ва мунис инсон сифатида талқин қилинади: «Насим ошна, мен ўз гапимни Момоқизга айтолмай қолдим... Аммо мен ўз умримдан шукур қиламан, ошна. Ўзимга-ўзим айтаман: Бўри полвон, сен йигит бўлиб эдинг, ана, биринчи кўнглинг бор, дейман... Насим ошна, Момоқиз ҳалиям кўнглимнинг туб-тубида яшайди. Уни биров ҳам, ҳатто Тиловбердининг онасиям билмайди. Мен Момоқизни уйқуларимда кўраман. У жилмайиб қараб туради. Кўзларимни очсам, уй зимистон, ёнимда Тиловбердининг онаси ётган бўлади. Ай, онаси, Момоқиз келди— мен уни кўрдим, дегим келади...» «Давра» қиссасининг қаҳрамонлари — полвонлар. Тоғай Мурод уларнинг маънавий оламини, ички дунёсини, хислатларини, ҳаёт тарзларини чиройли талқин қила олган. Бўрибой, Насим ва Момоқизнинг севги саргузашти асарнинг иккинчи планида дейиш тўғри бўлмайди. Қаҳрамонлар маънавий дунёсини асарнинг бу тасвирисиз етарли ҳис қилиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам С. Мирвалиевнинг «Ўзбек адиблари» китобида ёзилган: «Бу қисса ўзбек адабиётига туғма истеъдод эгаси кириб келаётганидан дарак берди. Қиссада Бўри полвон, Тиловберди, Абил полвон образларида ўзбек миллий кураши бадиий ифодасини топди» деган таъриф асарни етарли характерлай олмайди. Чунки асарнинг биринчи планида Бўри полвоннинг, қолаверса, Насим полвон, Момоқиз, Тиловберди ва бошқаларнинг характерлари туради. Кураш эса характер учун «хизмат қилади». Ёзувчининг маҳоратли томонларидан бири шундаки, у тўғридан-тўғри бўлмаса ҳам, икки йўсиндаги «кураш» манзараларини баравар тасвирлаб боради. Биринчиси — сурхончасига олишиш, иккинчиси — инсон маънавиятининг хилма-хил қутблари кураши. Бу йўлда Бўри полвонга карши Насим образи туради. Воқеаларнинг гоҳида олишув майдонига, гоҳида севги хотираларига алмашиниб туриши табиий ҳолда кишини икки хил курашни қиёслашга даъват этади. Тоғай Мурод қиссада ўз индивидуал услубини юзага чиқара олган. Жумлалар қисқа, пишиқ, халқонадир. Ортиқча баён ва тафсилотлар йўқ. Киноя, қочириқ ва ҳазил-мутойибалар асарнииг бадиий қимматини оширган. Булар миллий воқелик ифодасини, қаҳрамон характерини ёрқинроқ тасвирлаш имконини берган. Миллий воқелик рўй-рост тасвирланмаган жойда қаҳрамоннинг характерини ишонарли чиқариш мумкин эмас. Бу икки томон бир-бирига мутаносиб, уйғун бўлиши зарур.
|