Facebook
Садди Искандарий (наср) PDF Босма E-mail
Материал индекси
Садди Искандарий (наср)
Искандар Ҳиндистонда
Нозмеҳрнинг нози
Искандарнинг уммон ва денгизлардаги илмий кашфиётлари
Искандарнинг вафоти
НАВОИЙ ЎЗ «ХАМСА»СИНИНГ ТУГАЛЛАНИШИ ҲАҚИДА
Ҳамма саҳифа

ИСКАНДАРНИНГ ЁШЛИГИ

Узоқ тарихдан бери Эронда пешдодийлар, каёнийлар, ашконийлар ҳамда сосонийлар деб аталган сулолалар ҳукмронлик қилиб келишган бўлиб, барчасини қўшганда уларнинг ҳукмронлиги 4 336 йил давом этган. Ҳикоя қилинаётган вақтда, эрамиздан аввалги III асрда шу мамлакатда Доро номли шоҳ улкан Эрон мамлакатини бошқарар, қўшни давлатлар унга бўйсуниб, ҳар йили хирож тўлаб туришарди.
Рум давлати шоҳи Файлақус Искандарни бир вайрона ичида эндигина туғилиб, йиғлаётгани, онаси эса вафот этганини кўриб, уни ўзига ўғил қилиб олади ва ҳар томонлама парвариш қилиб, мамлакатни идора қилиш салоҳиятига эга бўлган давлат арбоби сифатида етиштиришни сарой аъёнларига топширади. Нақумоҳис деган донишманд аллома уни Файлақус тайинлаганича парвариш қила бошлайди.
Искандар шундай қобилиятли бола бўлиб чиқдики, устози берган таълимнинг ўн марта кўпини тез ўрганиб оларди. Кўпдан-кўп билимларни эгаллаган шаҳзода ҳарбий билимларни ҳам жаҳд билан ўргана бошлади. Унинг отган ўқлари юлдузларнинг кўзларигача бориб етар, каманди ўқлари билан фалак қалъаси девору буржларини бузиб ташлар, гурзи ишлатишни машқ қилиб олгач, қаттиқ тошлардан осмонгача гард етказа оларди. Хуллас, ҳарб соҳасида ҳеч ким ета олмайдиган даражага эришиб эл орасида машҳур бўлди.
Бу пайт отаси анча қариб қолган бўлиб, ҳаёт билан видолашиш даври яқинлашиб қолганди.
Қаддининг эгиклигидан халқ унинг тупроқ сари йўл олаётганини англарди. Жисмини касалликлар эгаллаган чоғда Искандар шоҳлик ишларини бошлашга тайёр бўлиб эди. Файлақус ўлими муқаррарлигини сезиб, тожу тахтини Искандарга топширди. Ўғлига тахтини топширгач, ўзи тахта устига йўл олди. Гўёки дарахт икки шох берди-ю, биридан тахта тобут, иккинчисидан тахт йўндилар.
Искандар отаси ўлимини кўриб жаҳонни тарк этишига оз қолди. Отасининг қилган васияти унга далда бўлиб, бу ниятидан қайтарди. «Мулкимга бегонани қўймагил, ҳаримим аро ҳеч бир номуносиб инсон қадам қўймасин. Сени истаб топганимдан муродим шу эдики, қачон олам билан хайрлашсам, менинг ўрнимни эгалласанг, менинг номим шуҳратим елга соврилмайди», деб таъкидлаган эди отаси.
Бу сўз Искандарнинг ёдига келгач, ота пардасига хурсандчилик етказишга аҳд қилди. Покиза зилол сувига хас-хашак туширишни ҳам ўзига уят билди. Отаси мотамини тугатишгач, тахт билан муҳрли узукни муносиб кўриб, отасининг тахтига чиқиб ўтирди. Хурсандчиликлар қилинди, жомлар кўтарилди.
Соқий, ғамни унуттирувчи жавҳарий майдан бер, ки ундан симирсам, ғамим қолмасин, ота азасидан ғамим қолмасин.
Муғанний, шодлик созини бошла, у билан шодлик навосини чал.
Файлақус ўртадан чиқиб, Искандарга тожу тахтини бериб кетди.

Искандар — адолатли ҳукмдор
Искандар оламнинг энг пок кишиларидан, билим ичида ҳам ягона алломалардан эди. Унга тож билан тахт мақул келмай, бу ташвиши олдида ғоятда малолатли эди. Агар ота васиятларига қарши бориб, ўз кўнглини шод этай деса, дилига хуш келмасди. Кўп ўйлаб фикрлаб кўргач, халқни йиғиб бир анжуман тузди, унга мамлакатнинг барча обрўли, донишманд кишилари йиғилди. Шунда Искандар ғоятда ёқимли сўзларни айтди:
«Эй мамлакатингиз Рум бўлган қавмим, олийжаноб, бой-бадавлат бўлсангиз ҳам, тангрига мен каби бир бандасиз. Мен сиз каби эмасман, сизларга қараганда заифроқман, чунки ёшроқман, отасиз, ғам чеккан бир кимсасизман. Аллоҳ отамни лутф айлаб, бу ўлкага подшоҳ қилган бўлса, у, бу ишга сазовор эди, бу юкни кўтаришга қуввати ҳам етарли эди. Аждодларим ҳам бу мулк аҳлига ҳукмронлик қилишган бўлса, улар ҳам тахтларига муносиб, қудратли ва бахтиёр кишилар эдилар.
Мен эсам бағоят кучсиз, давлатни бошқариш ишига тайёр бўлмаган бир йигитман, бу ишга кучли, қудратли, мендек заиф бўлмаган киши керак. Ахир шер тортган юкни чумолига тортиши осонми? Филнинг юкини пашшага ортиб бўладими? Шоҳлик қилишга менинг ниятим ҳам йўқ, бундан воз кечсам ҳам, узрлиман. Мен ўз фикримни айтдим, бу ишда нималардан ташвишланаётганимни гапириб бердим.
Сиз энди ўзингизга бошқа шоҳ топинг, бу ўлкага олампаноҳ топинг.
У ҳар бир ишда замон аҳлининг муносиби, шоҳлиғ ишига лойиқ инсон бўлсин. У қуёшдек қудратли, меҳрга бою, фикри тиниқ, адолатда фасли наврўздек, сиёсатда жаҳонни куйдирувчи чақмоқдек, ҳар қандай душманга қарши чора топа оладиган, кези келганда қаттиққўл, айни чоғда элпарвар бўлсин. Ўшандай одамга давлатни топширинг, бошини тож билан безатинг. У эҳсон булутини ёғдириб, мамлакат бўстонини боғи Эрамдек безатсин. Душманлар ҳолини паришонҳол қилиб ўтга қилич селидан сув урсин. Зўравонларнинг биронтаси раиятга ситам қилса, бундай зўравонлар қўлини қирқтирсин. Мусофирлар учун йўллар доим очиқ бўлсин, қароқчининг қорасини кўргизмасин. Ўғриларнинг йўлларини ўтолмайдиган қилиб қўлини қисқа қилсин.
Зулм таълимини беришни мутлақо йўқотсин. Ҳақ буюрган ҳамма нарсаларни бажариб, рост сўзловчи одамлар қўлини узайтирсин. Золимларга йўл бермай, элга тинчлик-тотувлик етказсин». Очиқ юзли шоҳ сўзини тугатгач, одамларнинг ҳар томондан қичқириқлари эшитилди.
«Эй одил шаҳаншоҳимиз! Нега бизни фарёд чектиряпсан? Элга адолатингдан етар чоғда бундай зулмни раво кўрдинг? Шундай сўзларни сўзлаяпсанки, бу халқ бағрини қонга айлантиряпти. Бу сўзларни айтганингдан кўра қонимизни оқизгилу, йўлингда жонимиз фидо бўлсин. Сен бу эл бошиидин йироқ бўлгунингча, улар жонларидан йироқ бўлсалар яхшироқ-ку! Сенинг сўзларинг жон бағишловчидир, улар бизнинг ҳаммамизни бараварига ўлдиришига оз қолди-ку!
Сенинг салтанатни тарк этишинг ҳақида сўз бўлиши мумкинми? Сенинг ўрнингни эгалловчи зот бўлиши мумкинми? Бугун олам ичида фалаклар сиридан сен огоҳ бўлмаган илмлар топилмайди. Буни фақат Рум аҳлигина эмас, жаҳон халқи ҳам яхши билади. Фалак қуёши сенинг мунаввар чеҳранг. Жаҳон сен каби шоҳни, қуёш талъат, Муштарий нурли ҳукмдорни кўрмаган. Гўёки юзинг адлидан гул билан хуршиддан атру нур ёғилиб тургандек. Сенинг вужудингда ақлга дўстлик кўриниб турибди, жамолингда эса жаҳондорлик аён. Сенинг зотинг аро бу ҳимматки бордир, санга Рум султонлиғи ордир.
Биз биламизки, бу мамлакат ҳам сенга кам, умидимиз борки, бутун жаҳон сенинг қўлингга тушгай. Осмон авзоидан очиқ ва яширин Жаҳон сеникидир деган ҳукм ёзиб қўйилибди.
Яна бошқа ҳукмдорни фармон берувчи қилмагил.
Жаҳон аҳлини бенаво қилмағил. Агар сен бу ишни қабул қилмасанг, бу мулк аҳли фарёдига етмасанг, меросхўрлик мулкингга бошқани қўйиб, уй ичига бегонани раво кўрсанг, бу балога не қиларимизни билмай, баримиз ватанни ташлаб кетишни ихтиёр қиламиз. Ҳар мамлакатда гадоликка тушсак, бу можарони Худо сендан сўрайди».
Искандар уларнинг бу хил аломатларини, аломатлари эмас, қиёматларини кўриб, айтган гапларига пушаймон бўлиб, эл ҳолини кўриб кўнгли бузилди. Ҳам тобеларнинг яхши ниятлари, ҳам отасининг васиятлари унга кучли таъсир кўрсатдики, уни ўзгартиришнинг иложи қолмади. Кўнгли ҳаддан ташқари бузилди-ю, халқ илтимосини қабул қилди.
Шаҳзода розилик бергач, Арасту тезгина ўрнидан турди-да, Искандар бошидаги тожни олиб, боши устида баланд тутди. Арасту унинг бир қўлидан, доно Балинос яна бир қўлидан ушлашиб, шоҳга мадҳу сано айтишиб, уни тахт устига чиқардилар. Искандар қадамидан тахт улуғ поя топиб, қуёш боши устига бахт соя солди. Арасту билан Балинос эмас, гўё Хизр билан Илёс эдилар. Искандарни тахтда кўтариб олиб келишаркан, ҳамма одамлар ёнларидаги пулларини унинг бошидан сочишар эди.
Халқ шодлиги ниҳоясига етгач, Искандар хурсандлик билан тахтидан тушди-да, салқин хонага кириб, кичик базм тузиб, май ичди. Шоҳ ва аҳоли ўртасида турли масалалар бўйича савол-жавоблар бўлди. Одамлар чиқиб кета бошлагач, шоҳ кўзини уйқу босди. Ярим кечада сажда учун туриб, кўзидан шодлик ёшлари оқиб ибодат қилди.
Қуёш чиқиб, чор атрофни ёритгач, юлдузлар кўздан йўқолдилар. Искандар яна тахтига чиқиб ўтирди. Чор атрофни яна одамлар ўраб олдилар. Йиғилганларга қараб шоҳ шундай нутқ сўзлади:
«Илоҳим менга халқ аҳволини сўраш ҳуқуқини берди.
Ичингизда кимнинг менга илтимоси бўлса, ўз аҳволини арз қилсин. Қошимда сўзини айтар экан, мени бир ўзидай гумон этсин. Тахтим даҳшатидан ҳам, тожимдан ҳам асло қўрқмасин. Мени шоҳ деб изтироб чекмасин, ҳамма гапини тўлиқ сўзласин».
Халқ арзи ҳол айтишни бошлади, шоҳ саҳардан қоронғу тушгунга қадар уларнинг дардига даво қилди. Одам ўлдирганнинг бўйнига уриб, қўлни кестирганнинг қўлини кестириб, мазлума-ю муштоқларга нон бериб, бечораларга раҳм қилиб, золим аҳлини ерга паст қилиб, зулм аҳлини ерга бош қўйдирди. Зулм аҳлининг бошини паст қилган шоҳ яхши қилади: жафокор жафокорни боши эгик ҳолда кўради.
Шу тарзда ярим кунгача эл сўзларини эшитиб чоралар кўрди. Отаси замонида қайси иш халойиққа озор берган бўлса, уларни эл бошидан даф этди. Олдинги шоҳлар расм этган халқ манфаатига қарши ишлар, баъзи қонунларни бекор қилди. Ҳамма соҳада адолат билан иш кўра бошлади. Раиятнинг эҳтиёжини ҳисобга олиб, икки йил уларни барча хирожлардан озод этди. Ҳамма ходимларни қаттиқ интизом билан ишлашга ўргатиб, ёмонларни жазолаб, иш ўрнидан пасайтириб турди. Яхшиларни тарбия қилиб, ночор ва мажруҳларга ёрдам бериб турди.
Яна нархлар билан ҳам шуғулланиб, қиммат сотувчиларни танбеҳлаб турди. Тарозининг икки бошини текислаб, муҳр билан тошини темирдан ясаттирди. Қари — ўлчаш асбоби ҳам шу тарзда темирдан ишланиб, халқ газмолларни алданиб кам олишдан қутулди. Катта тарозуни ҳам ихтиро қилиб, олибсотарлар ўртасидаги жанжалларга барҳам берди. Ҳалолликни таъминлайдиган чоралар қўллаб, ўғрилик, эгрилик йўлларини тўсиб ташлади.
Йўлларга қоровуллар қўйиб, йўловчиларни ҳар турли хавф-хатардан қутқазди. Адолат қўлини шундай баланд тутдики, кийик арслондан қўрқмайдиган бўлди. Тустовуқ билан қарчиғай ёнма-ён ётарди. Оз вақт ичида Искандар шундай чоралар кўрдики, адолатдан Рум аҳли бойиб кетдилар.
Шаҳеким, адолатдур онинг иши,
Тенг эрмас анга шоҳлардан киши.
Ёш, адолатпарвар шоҳ мамлакатни обод қилиш учун яна кўп ишларни бажарди. Ҳоким кўп йиллар давомида ўргатгани каби у адолат ҳавосини яхши билиб олганди. Унга адолат ҳам, шижоат ҳам, ҳикмат ҳам ёр эди. Қуёшдек олам узра байроқ кўтариб, жаҳонда шундай ишларни қилдики, ҳеч ким бу жаҳонда бажарган эмасди. Шундай мўжизаларни яратдики, кўплаб жаҳондорлар унинг қудрати олдида мағлуб бўлдилар. У қилган ишларни айтиб тугатиш учун асрлар ҳам етмайди. Барча қилганини айтиб ҳам бўлмайди, сўз бошлаган бу айтилганларни тугатишга ҳам ожизлик қилади. Яхшиси бўлиб ўтган ҳодисаларни қисқартириб баён қилингани дуруст. Шу йўлни тутсам мақсадимни амалга оширган бўламан.

Искандар — буюк саркарда
Ҳамонки, Искандар бурун Рум тахтига шоҳ бўлган эди. Душманларини ҳалок қилиб, борган ерларини душманларидан поклади. Кейин жаҳонни очмоқ, еру денгизларни ўрганиш учун қўшин билан йўлга отланди. Аввал қасос олиш учун Мағриб заминга юриш қилди. Зангибор аҳлини енгиб, кейин Доро билан тўқнашди. Ундан устун келгач, Фаранг мулкини фатҳ айлади. У мамлакат эли таслим бўлгач, Қрим билан Андалус ўлкалари устидан ғалаба қозонди. Миср мулкини фатҳ этиб, тахтига ўлтирди. Бу мамлакатнинг об-ҳавосини ёқтириб қолиб, Искандария шаҳрини бунёд этди. Зардуштлар дафъиға кураш очиб, уларнинг ўтларини сув билан барбод қилди. Ироқ ва Ажамга йўл очиб, у ерлар оҳангидан наво топди. Ироқи Арабга от суруб, у ўлкаларнинг халқларини ўз қадамидан баҳраманд этди.
Шому Ҳалаб ўлкаларини эгаллаб, ғалаба қозонди. Суҳайл каби Яман сари йўл олиб ақиқ тошларидан баҳраманд бўлди. Ер ўпмак мақсади билан Макка томон юрди, уни қабул қилиш учун Макка эшиги очилди. Соҳилдан анча юриб, яна Форс фатҳи учун жанг қилиб ғолиб бўлди. Бу ишлардан сўнг шимол сари йўл олди, Хоразм мамлакатини ҳам қўлга киритди. Шундан сўнг Искандар дашти Қипчоқ, Сақсину Сақлаб, Осу Рус, Черкасу Гуржи мамлакатларини эгаллаб, барча халқларини ўзига қарам қилиб олди. Сўнг ҳукмдор Шарқ томон йўл олиб, Фархорни хароб қилиб, кейин Мовароуннаҳрни босиб олди ва бу ерда Самарқанд шаҳрини бунёд этди, Чигил билан Яғмо ўлкаларини забт этгач, Чин томон сафар айлади. Ҳинд мамлакатини ҳам эгаллаб, барча бутхоналарни вайрон қилиб, кейин Жанубга йўл солди. Синд дарёсини кечиб ўтиб, Кирмон, Кечу Мукрон юртларини кезгач, сўнг Хуросонни забт этиб, бу ерда Ҳирот шаҳрига асос солади.
Исфаҳон даштида Рай шаҳарини эгаллагач, шу билан жаҳонни фатҳ этиш бўйича мақсадига етиб, бамайлихотир Рум мамлакатига йўналади, бир қанча вақт у ерда яшаб, қилган ишларидан кўнгли тўлмай, улуғ иншоотлар қуришга бел боғлаб яна сафарга чиқади.
Унинг ғаройиб ишларидан бири работлар қуриш, ерни йиғоч ўлчови билан ўлчаш бўлди. Яъжуж ва Маъжужлар элида узунлиги ўн икки минг қарини бир йиғоч ҳисоблаб ўлчов сифатида қўллай бошлади.
Кейин денгиз сафарига отланиб минглаб кема ясатиб, неча йил сув ичида океанлар, денгизларни кезиб, уларни ўлчатди. Муҳит (Тинч океани) марказига йўл очиб сув остини кўриш учун махсус шиша идиш ясатди. Шишага кириб, унинг оғзини беркитдию, неча минг қари арқон учини шишага улаб денгизни томоша қилиб қайтди.

Искандар ва Доро
Искандар билан бўлган ажойиб ишлардан бири унинг Эрон шоҳи Доро билан бўлган муносабатлари эди. Доро жаҳон шоҳи эканлигида, Файлақус Рум мамлакатининг ҳукмдори бўлиб, у ҳам бошқа ҳокимлар қатори ҳар йили зарур хирожни ўз вақтида ҳеч қандай важ-баҳонасиз тўларди. Хирож миқдори муқаррар бўлиб, тухум кўринишидаги минг олтин эди. Файлақус вафотидан сўнг бу хирожни Дорога ўз вақтида етказиш вазифаси ҳам ўз-ўзидан Искандарга ўтган эди.
Рум мамлакати икки-уч йил давомида Занг шоҳи билан қаттиқ жанглар олиб борганидан Дорога юбориши керак бўлган маблағи етарли эмас эди. Хирожни ўз вақтида юбормаса, Искандарга Доронинг душман бўлиб қолиши аниқ эди. Хирож юбориш вақти етганида, Доронинг махсус навкари келиб, олиб кетилиши керак бўлган олтинларни талаб қилди. Шоҳ уни ҳузурига чақиртирди. Кириб, таъзим қилиб, Искандарга сажда бажо қилган навкар дуо қилиб, ерга қараб ўтирди. Искандарннинг кўриниши навкарга ваҳм солиб қўйган эди. Искандар вакилдан «Доро шоҳи комрон хушмудур? Анга мулк ойини дилкашмидур (Мамлакат аҳли у кишидан хурсандмилар?)» деб сўраган эди, навкар ўрнидан туриб жавоб берди. Искандар: «Келишингдан мақсадингни айт, Доро не деган бўлса тўла-тўкис айтавер», дегач, навкар: «Эй шаҳаншоҳи олиймақом! Сўзимни сўрадинг, жавоб берсам, сенга фармон бергандек бўлиб қоламан. Малик Файлақус Рум аҳлига шоҳ бўлганда, ҳар йили минг олтин тухумни хирож қилиб тўлашга ваъда берган эди. Уч йилдан бери ўша хирож юборилмаяпти. Шу уч йиллик хирож юборилса, дўстлигимиз яна ривожланаверарди. Агар берсаларингиз, ҳисоблаб кўриб олиб кетай, бўлмаса қандай жавоб айтсаларингиз шуни етказаман», деди.
Искандарга бу сўз қаттиқ ботди, ғазаби келганидан сўзлари ҳам дарғазаб чиқди. Юзи рангидан ўт нишони кўриниб, худди бутун жаҳонни ёндириб юборадигандек бўлиб яна бир лаҳза бошини қуйи солиб, у ўтга ҳикмат сувини урди. Илми, ақлу камолининг кўплиги ғазаб аскарларининг андишасини рад қилди. Сўнг шоҳ сўзга оғиз очиб бошини кўтарди, навкарнинг сўзларига жавҳар дурдоналари билан жавоб бериб шундай деди:
«Дорога мендан салом айт! Саломдан сўнг менинг ушбу жавобимни етказ! Шоҳликнинг бақоси йўқ, фано охиратдан бошқа натижаси йўқ. Бугун эрталик умр учун ранж чекмаки, албатта ганж узра ганж қўйгайсан, холос. Сен ҳаддан ортиқча хазиналар йиғдинг. Улар сен учун хаддан ташқари ранж олиб келди. Сенга ҳам, бизга ҳам бу хазиналардан фойда йўқ. Тухум тилаб кўп меҳнатга уринаверма. Тухум туғадиган қушлар аллақачон учиб кетиб бўлган.
Сенинг ишинг кучсиз шоҳлар билан тушган, менингдек киши билан тушмаган. Оқиллик хурсандлик олиб келади, зўравонлик эса бекорчи тамаъ, холос. Бекорга орамизга хусумат солмагин. Уруш бўлса, молу давлатинг менга паноҳ бўлади деб ўйлама. Сипоҳ сенда кўп, менда озроқ бўлса, озу кўпга бергувчи ёлғиз Аллоҳдир».
Бу сўзларни эшитаётган навкар сув бўлиб кетди. Ўрнидан туриб, на ўлик, на тирик бир ҳолда ватанига йўл олди. Отда тез-тез юриб, Доро ҳузурига етиб борди-да, Искандар жавобини шоҳга етказди. Жавобини эшитган Доро тамоман ҳайратда навкардан сўради: «Ҳар ким бу бўлмағур гапларни эшитса, девонанинг сўзлари бўлса керак деб ўйлайди. Ё бу сўзларини сўзлаётганида маст эдимиканки, гапираётган чоғда ўзини унутган бўлса ё ҳали ақли кирмаган ёш бола у, чунки сўзларидан ақл иси келмаяпти. Мен уни телба ё маст фаҳм этдим. Ё бўлмаса ақли кирмаган ёш бола деб ўйладим. Сўзлари маъносини уқиб кўрайлик. Шукуҳи билан савлатидан бирон белги тополмадим. Унинг фикри ўйламай айтилгандур».
Бу сўз Дорони шу қадар диққат қилдики, ғазаб ўти қайнаб, бу ўт давронга ўт солгандек, йўқ, йўқ, бутун фалакка ўт солгандек бўлди. Мактуб келтирган вакилни боғлаб, чуқур зиндонга ташладилар.
«Менинг неварам тенги, ота-оналари саройимда хизмат қилиб юрган бу гўдак шундай сўзларни айтишга журъат қилибдики, уларни сўз деб ҳисоблаб ҳам бўлмайди. Мендан ҳам, элимдан ҳам уялмай, бу сўзларни битган экан, уни даф этишим ва унинг ким эканлигини кўрсатиб қўйишим керак. Шундай жавоб берайки, ҳар бир бузуқи бу жавобни ёдидан чиқармайдиган, уни эслаганида эс-ҳуши ўзига келадиган бўлсин».
Аввало, сўзамол бир одам топиб ўзининг ўткир ўроқдек, йўқ олмосдек сўзларини айтиб, «чавгону гўй» билан бир идишда кунжут бериб йўлга узатди-да, сабрсизлик билан кута бошлади. Доро юборган вакил узоқ масофани босиб ўтиб, қизил тилини ўз бошига офат қилиб Искандарга ўзининг кимлигини баён қилди. Шоҳ буюргач, қосид элчини саройга киритишиб, ҳукмдорга рўпара қилдилар. Шаҳаншоҳга кўзи тушган вакил айтмоқчи бўлиб турган сўзларини ҳам унутди. Жисмидаги жон заифлашб, ер ўпиб, дуо қилди-да, хатдаги гапларни сўзлай бошлади. Шоҳ дедики: «Сўзингнинг барчасини арз қил, дилингдаги барча гапларни айтавер!»
Элчи шоҳ олдида бош қўйиб деди: «Жонингга ҳақдан минг туман мақтов бўлсин. Сенинг олдингда сўз айтишга ҳаддим йўқ-у, сенга Доро сўзларини етказишга мажбурман. У нима деган бўлса айтай. Йўқ десанг, қаердан келган бўлсам, қайтиб кетайин», деди.
Искандар унинг гапини тинглаб: «Келтирган сўзлари муҳим бўлса керак», деб ўйлади. Элчи хатни ўқий бошлади: «Хирож деган қадимги русумимиз бор. Отанг тириклигида бу хизматни ўз вақтида бажариб келди. Сен унинг ўрнини эгаллагач, отанг йўлидан боришинг керак эди. Аммо сен итоат қилишни, отанг йўлидан боришни истамадинг. Қарзингни эслатиб, қошингга одам йўлласам, ҳаддинг бўлмаган сўзларни айтиб юборибсан. Лекин ёшинг кичик бўлгани учун, бошинг ҳалигача тошга тегмагани учун, бу иш билимсизлигингдан, сенда жаҳолат кўпу ақл озлигидан, деб билдик. Шунинг учун сени кечирдик. Энди ўша пулларни олиб, қошимга келасан-да, остонимни ўпасан. Агар ваҳмдан қўрқсанг, буйруғимни бажармасанг ёки яна илмсизлигинг, ўжарлигингни давом эттирсанг, ўзингнинг ҳали ҳам ёшлигингни унутмаган бўлсанг, сенга муносиб нарса юбордим, ундан бўюн тоблама», деди-да, элчи бориб бир чавгон билан бир тўп келтириб шоҳ рўпарасига қўйди ва гапини давом эттирди: «Агар гўдаклигинг ҳали ҳам давом этаётган бўлса, сенга гўю чавгон муносибдур. Бу иккиси бошқаю, давлат иши бошқа иш. Агар айбингни тушуниб етиб, кечирим сўрамасанг, мен билан низо қилишни хоҳлаётган бўлсанг, жаҳлингни қўйиб, ўз жонингга раҳм қил. Сипоҳим ҳисобини шу кунжудча бил!» деб ўрнидан турди-да, элчи бориб ўзи келтирган юклар ичидан бир идишни келтирди ва оғзини очиб, ичидагиларни ерга тўкиб деди: «Шоҳдин ҳар ким қўрқмаса, сипоҳини бу кунжуддин қиёс этсин». Сўзини тугаллаган элчи жавобни кутиб ерга боқиб турарди. Унинг гапларини ниҳоний табассум билан тинглаган Искандар аста сўз бошлади: «Доройи даврон шоҳи покзод ажаб сўзларни изҳор айлабди. Сўзлашда ихтиёрини йўқотиб, ажаб ҳикматларни ошкор айлабди: шоҳларни ўзининг бандаси деб атабди улуғларнинг улуғи, бу гуруҳни Илоҳ ўз лутфи билан улусга шоҳ қилган. Уларни ўзига банда деб хитоб қилиш яхши эмас. Уларнинг қуллиғи ҳаққа одатдир, агар Тангри бандам деса чин эрур.
Яна ул мени: «Маст, телбалик занжириға пойбаст бола», дебди. Бу уч сўзга ўзи жавоб бериши керак. Чунки бу сўзлари куфрга тенгдир. Бўлмаса, икки обрўли шоҳлар мамлакат учун низо этсалар, бири бўлса фарзанд улуғ бир кичик, бу сўз демас ўлса улуғда билик. Қўтонни катта қушлар сонига киритамиз, лекин унинг сунғур2 олдида не жони бор?
Яна бир нарса: шоҳ менга эҳсон қилиб гўй билан чавгон юборибди. Бунда ҳам нозик бир маъно бордир. Ер юзини думалоқ деб билган шоҳ уни гўйга (тўп)га ўхшатибди-да, уни менга бутунисича тутибди. Демак, Ҳақ оламни менга берибди. Қўлимга чавгонини олганим эса шоҳ менга майдонини тутибди, очиқ қолдирибди, деган маънони билдиради. Шоҳ юборган бу совғалардан мамнунман.
Бу кунжудки, у юборган экан. Рамзини баён айласам, уларни шоҳ ўз сипоҳларига қиёс қилибди. Менинг сипоҳимни эса қушларга ўхшатиб, уларга раҳбарлик қилиш учун ҳали ёш эканлигимга башорат қилибди». Шундан сўнг Искандар шу кунжут ҳисобига яқин бўлган қушларни ҳайдаб шу майдонга олиб келтирган эди, улар бир пасда донларнинг барчасини бир дона ҳам қолдирмай еб битиришди.
Элчи Искандарнинг бу қилаётган ишларини кузатаркан, хижолатдан нима қилишни билмасди. Сўнг Искандар буюрди: «Энди Доро қошига бориб, эшитган жавобингни еткиз, менга айтган сўзларингни унга ҳам айт».
Элчи бу сўзларни тинглагач, оёғи билан келиб, боши билан чиқиб кетди. Доронинг вакили ўз манзилига етиб боргач, Эрон ҳукмдорига Искандар сўзларини узундан узоқ сўзлаб берди. Доро бу жавобни эшитиб, жисмига ғазаб ўтидан иситма тушиб, ёнар ўтга айланди. Тўхтовсиз юравериш уни чақмоқдек қилиб қўйди. Гоҳ давронни лаънатлар, еру кўкка таънаю шитоб этарди. Бу ҳаяжонлар таъсирида лашкар тўплашга фармон берди. Рум, Зангибору, Фарангдан, Эрону Турон, Чину Машриқ замин, Жанубу Шимол жаҳоннинг тўрт томонидан икки йил давомида ер сатҳига сиғмайдиган шунча сипоҳ йиғилдики, уларнинг бу қирғоғидан у қирғоғини кўриб бўлмасди. Барча қўшин ваъда қилинган, тайинланган манзилга тўпланишгач, шоҳ улар томон йўл олди. Сипоҳлар томон назар ташлаган шоҳнинг ўч олиш ўти янада алангаланиб кетди.
Эл шоҳлари, иқлим валийлари кетма-кет совғаю-саломлар билан келиб туришар, барчалари Доро хизматига тайёр туришарди. Доро ўзи учун солинган саройда қурилган баланд тахтга чиқиб ўтирди. Сўнг «Мулк султонларининг барчалари келиб ер ўпсинлар-да, салом берсинлар, бу уларнинг эҳтиромлари саналади», деган буйруқ берди.
Ярим кунгача султонлар қалин қўшин орасидан ўтиб салом беришди. Уларнинг ичида энг шарафли мансабдор шоҳу султонлар бўлиб, Хитойдан Мангу қоон, Ҳинд элидан Қорахон, Мисрдан Варқау Бош, Дашт элидан Темуртош, Ховарон мулкидан Фарангис, Ширвон мулкидан Давали каби юзлаб буюк зотлар бор эди. Улар олиб келишаётган совға-саломлар, қуроллар, жанг яроғларини ҳисобловчилар юз йил шитоб билан ишлаганларида ҳам уларнинг саноғига етолмасдилар.
Сипоҳларни манзилларга тарқатишгач, лашкарбошиларни ичкарига таклиф этдилар. Атрофини шоҳу сипоҳдорлар, улуғлар ҳар томондан ўраб ўтиришгач, Доро ўз сўзини бошлади: «Бунчалар сипоҳ тўплашимизга сабаб бу эдики, Румдан Файлақус жаҳон билан хайрлашгач, унинг ўрнига мажнунваш, ўту сувдек саркаш ўғли тахтга ўтирган эди. Мана, уч йил бўлди, хирож тўламай, тожи билан хурсанд бўлиб юрибди. Хирож тўламаслик сабабини суриштириш учун юборилган вакилимизни ўсал қилиб қайтарибди. Бемаъни сўзларида бирор ақлли сўз йўқ. Яна вакил юбориб, панд-насиҳат қилдим, фойдаси бўлмади. Адабсизлик билан қилган жавоблари мени дарғазаб қилди. Беодобона сўзларини эшитгач, унинг қулоғини бураб қўйиш мақсадида аскар тўплаш учун ҳар томон одамлар юборилди».
Шоҳлар ўринларидан туриб, ер ўпиб дедиларки: «Унинг ҳолини танг қилиш учун юриш қилиш ҳожатмиди? Шунча аскар ўрнига бир қулни юборсангиз ҳам бўларди-ку!»
Шоҳ дедики: «Шунча лашкар йиғишимиздан мақсад Румни оромгоҳ қилмоқ, унинг ҳудудига Зангибору Фарангни ҳам киритиш фикрини ўйлаяпмиз. Бир неча кун бу ерларни тавоф қилиб, кейин қайтсак ҳам ёмон бўлмайди».
Шоҳ бу сўзларни айтгач, барча рози бўлди. Ҳаммалари шоҳ сўзига амал қилиб, манзилларини аниқлаб Рум сари йўлга тушдилар.
Булар кўчма-кўч бўлиб Рум сари бораётганлари ҳақидаги хабар Искандарга ҳам етди. У ҳам ғофил қолмаслик учун ёв томонга доим лашкар йўллаб, аҳволдан хабар топиб турарди. Нима зарур бўлса, фаҳм билан жойига қўярди.
Искандар ўз аскарларини шундай тайёрлаган эдики, олам сипоҳи келса-ю, уларнинг ҳар бири Рустам каби паҳлавон бўлса, ёв олдига сомон тўпланганида, етишиши билан совурилган сомон каби бўларди.
Доро муросаю мадоро чоғига фурсат қолмаганини англадию, бутун аскарлар билан илгари юриб душман лашкарларига қўрқув солмоқчи бўлди. Душманлар ораси ўн манзил бўлиб, икки ёндан ҳам қўшинлар эҳтиёт бўлиб боришарди. Уруш бўладиган жойга эса бир кунчилик йўл қолган эди. Ора ерда тоғ бўлиб, икки ёнида икки дашт ҳам бор эди. Икки даштда икки душман эли жойлашган. Ҳатто ел ҳам улар орасидан йўл тополмасди.
Искандар сипоҳ атрофини айланиб мустаҳкам хандақ қурдирарди. Кўнгли тинч бўлиб, юз тиғзан камончини ўзи билан бирга олди-ю, ул лашкар билан тоғ устига чиқди ва ўша ердан ёв қўшинини томоша қилмоқчи бўлди. Қарасаки, ер юзини сипоҳ тутган, тоғу текис ер қорайиб ётарди. Одамлар ҳаракат қилишга ҳам йўл топишолмасди. Осмонни тутуну гард тутиб кетган эди. Искандар ёв аскарлари ичида бўш жой қолмагани учун уларнинг сонини ҳам аниқлай олмади ва чуқур ўйланиб қолди. Хаёлида: «Икки томон уруш бошлашса, улар зичлиги туфайли бемалол урушолмайди ҳам. Бу ердан кетишнинг ҳам имкони йўқ, айланиб ўтмоқчи бўлсам ҳам фойдаси йўқ».
Донишманд шоҳ шуларни ўйлаб турганди, бир тош устида икки кабутар кўринди, улар бир-бирлари билан аёвсиз уришар эдилар. Бирининг жуссаси забардастроқ, яна бири паст бўйли бўлиб, кучсизроқ эди. Каттасида қанча қувват бўлса, кичигида шунча заифлик сезиларди.
Искандар бу кучу заифликни кўриб, ўзи билан Дорога нисбат берди. Шу пайт ногоҳ ҳаводан бир бургут пастлаб келиб, чаққонлик билан каттасини ушлаб олиб, учиб кетди. Гўё у каптар бу орада йўқдек эди. Искандар бу ҳолдан хушдил бўлди, кучига куч қўшилди. Унга душманлик қилаётган ёв енгилиб, лекин ўзга ердан шикаст топишини сезди. Бу ишдан ўзига далда бериб, ёвнинг қадри паст бўлишини билиб, сипоҳи томон юрди, гўё жонсиз баданга жон киргандек бўлди.
У тоғдан наво топиб уйғонгандек, қуёш нурларини тоғ ортидан соча бошлагач, бир замон ҳамма ёқни дуд босгандек бўлиб турди-ю, нариги даштдаги Доро ўз даргоҳида ғалаба шодиёнаси хаёли билан банд экан, кўзига Искандарни ҳеч илмас, қазодан не ҳол бўлганидан бехабар эди. Саркардалари:
«Гар шаҳ ҳукм этса, беваҳму бим,
Эрурмиз анга ҳар биримиз ғаним».
Бири дерди: «Кўргач қаро қочқуси».
Бири дебки: «Узр эшигин очгуси».
Искандар лашкарлари эса эртага ўлгунча урушишимиз керак, уларни албатта мағлуб этишимиз зарур, деган қатъий фикрда эди. Шоҳ бўлса, кўзидан уйқу қочиб, элга яхши сўзлари билан мадад бериб, ғалабага ишонч ҳосил қилиб, қўрқаётганларга умид бағишларди. Сипоҳлари эса тинмай совут, дубулға, найза каби уруш қуролларини ясаш билан овора эдилар. Иккала томон учун ҳам туннинг ўтиши қийин бўлди. Қуёш тоғлар ортидан ўз жамолини кўрсатгач, иккала майдонда ҳаракат бошланиб кетди. Сипоҳлар ҳаракатидан ер зилзилага дуч келгандек бўлди.
Доро Искандарга қарши қўшинини ростларди. Сипоҳ эмас, балки бир қонхўр дарё, худди фалак денгизига ўхшаб кетарди у. Бу лашкарнинг бир чеккаси ғарбда бўлса, иккинчиси шарқда эди. Қўшинни турли усулларда тўққиз марта қайтадан тузиб чиқди.
Қўшиннинг ўнг қанотида Машриқ замин сипоҳлари ўрин олган бўлиб, бу лашкар Чин сарҳадидан Самарқандгача чўзилган эди. Уларнинг ёнида юз минг ўзбек билан мўғул сафланганди. Юз эллик минг қалмоқ ҳам улар билан ёнма-ён турарди. Барчаси олти юз минг сипоҳ бўлиб, барчаси ҳам уруш ишини ҳунар қилиб олган эди.
Етти ранг зарбоф кийим кийган Чин сипоҳлари жангга ҳозир бўлиб турар, улар ичида кўплаб зирҳли темир кийим совут кийганлари ҳам анча эди. Улар билан сафдош бўлиб Манғит, Мовароуннаҳрдаги 10 шаҳар эли сафланишганди.
Қўшиннинг сўл қанотида Мағриб эли саф тортган бўлиб, темир кийимлари, найза-ю, қалқонлари, дубулғалари сариғ рангда эди. Араб отлиқлари қирқ минг учқур от устида мағрур турар, улар қора ипаклардан кийим кийиб олишган эди. Ҳатто байроқларигача қора рангли эди. Сўл қанот ҳам 700 000 сипоҳдан ташкил топганди.
Доро қўшинининг ҳужумчи — илғор қисми — ҳировул етти юз минг кишидан ташкил топган бўлиб, бари оқ кийимдаги дашти Қипчоқ эли, Хоразм аҳлидан тузилганди. Сўл қўшин марказидаги сафларнинг ҳар бири юз минг нафардан ташкил топган бўлиб, барчаси шоҳга яқин одамлардан бўлгани учун яшил кийим кийиб олишган, Доро ҳам улар ичида эди.
Нариги дашт томонда эса шердил Искандарнинг қўшинлари уруш тадориги билан банд эдилар. Шоҳ ўнг қанотга франтсуз аскарларини белгилади. Улар душманнинг қалин кўп эканлигини билишмас, билсалар ҳам уларни кўзга илишмасди. Гуҳарранг кийим кийиб олган фаранглар етти бахмал кийимга ўранишган эди. Улардан 100 000 таси ғоят кучли жангчилар саналарди.
Сўл қанотини Искандар Бартосу Рус сипоҳларига ишониб топширганди. Уларнинг ўзлари ҳам, отлари ҳам темир кийимларда эди.
Ҳировул марказига эса ҳабаш сипоҳлар қўшилганди. Темир қалпоқларига эса ўтаға ўрнида шаҳпарлар ўрнатилган. Қўшин маркази эса румлик паҳлавонларга топширилганди. Қизил юзли бу йигитлар ўзларини ёвга янада даҳшатлироқ кўрсатиш учун йўлбарс, қоплон, шер териларидан устиларига ташлаб олгандилар. Рум шоҳи ўз лашкарлари билан бирга Эрон қўшини турган майдонга қараб йўл олди. Қўшин жилиб бораркан, карнайлар, ноғоралар оламга наъра солар, ҳилпираётган ипак байроқлар жилвагар бўлиб, ажойиб манзара ҳосил қилган эди. Икки сипоҳ бир-бирига яқинлашгач, аввал шундай сурон солдиларки, оламга ғалаён тушгандек бўлди.
Бир лаҳза сурон тингач, чанг-тўзон аста-секин пасайиб, халойиққа жанг майдони кўринди ва Доро лашкарининг олдинги қисми намоён бўлди. Энди нима бўлишини сипоҳлар икки томондан томоша қилиб туришган ҳам эдики, Искандар қўшиннинг олдинги сафидан бир паҳлавон жанг майдони сари от чоптириб кетди. Унинг ўнг қўлида узун бир найза, эгнида эса лаъл ранг қалқон осилиб турарди. Оқ ипакдан енгил тўн кийиб олган паҳлавон майдон ўртасида тўхтаб гап бошлади. У аввало ўз подшоси Искандарни дуо қилди, «Ёви устидан зафар қозонсин!» деб илтижо қилди-ю, ҳамма ёққа бир-бир қараб олгач, баланд овоз билан шундай деб ҳайқирди: «Мени Бориқи Барбарий дейишади. Бурун мен шоҳ Дорога қул эдим. У мени назарига илмай, кўп хафа қилди ва менга кўп ёмонликлар кўрсатди. Шоҳга қилган илтижоларим ҳам жавобсиз қолиб кетди. Ижозат сўраганим учунгина қаҳр айлаб таёқлатди. Доро менга шунча зулму шикаст қилган эди, мен Искандарпараст бўлдиму даргоҳига паноҳ истаб бордим. У менга кўплаб лутфу карам қилди. Мен ҳақини олиб ишини бажармаганимдан шармандаман.
Бугун бу майдонга азм қилибмен, икки иш учун кину разм айлайман: бири улким, шоҳимга бандалик қилиб ўзимдан шармандаликни даф этай. Яна бири ўлим расмини тузиб Дорога ҳам кўрсатай. Қилган жангимга мойил бўлса, муродим ҳосил бўлади».
Бориқ сўзини тамом қилган ҳам эдики, Доро томонидан бир қотилваш ўт каби ловуллаб чиқиб келди. Отининг жиғасидан бош-оёқ кўк темир ичидаги филга ўхшарди. Унинг қўлидаги найза ходадек келарди. Уни сипоҳлар шери даррон йиртқич шер деб аташар, одамлар эса Ҳаррон деб билишарди. У жанг майдони расм-русумини бажариб бўлгач, шоҳга дуо айлади-да, Бориқ томонга югурди. Бориқ ҳам уни чақмоқдек кутиб олди. Икки паҳлавон чирмашиб анча олишдилар. Уч юз олтмиш олти марта найзалар бир-бирига тегмагач, охир Бориқ ўз найзаси билан уни уриб туширди ва жуда узоқ масофага отиб юборди. Кейин бўйнига сиртмоқ солиб шоҳ олдига етказди.
Искандарга бу ҳол шодлик келтирди. Бориқ яна ер ўпти-ю, майдон томон елиб кетди. Яна бир полвонни талаб қилар экан, бошдан оёқ темир кийинган, кичкинагина отга минган мўжаз бир сипоҳ жангга кирди. Оти Шайдо бўлиб, Ҳарронга қариндош эди. У беқарор бўлиб Бориқнинг йўлини тўсди. Бориқ ҳам алам билан унга ташланди. Иккови ҳам найзаларини бир-бирларига рўбарў тутишиб, от устида шамолдек елишаркан, ғалаба яна Искандар томонига ҳал бўлди. Барбарий уни ҳам найзага санчиб, шоҳ олдига олиб бориб ташлади.
Барбарий яна майдонга чиқиб, ўзига рақиб тиларди. Шу куни Барбарий тўққиз паҳлавонни асир қилиб олди. Яна унга қарши ҳеч ким чиқмади. Бориқ ўз ўрнида тураверди. У Дорога таъна қилиб: «Бирон одам чиқсин», деб шитоб қилган эди, Доро тарафидан бир паҳлавон майдонга қараб от суриб чиқди. У филдан ҳам зўр филтан, қомати бўлса каркидондек келарди. Икки кўзи икки олмосдек, доираси қон тўла тосдек эди. Ўзи Мағриб заминидан бўлиб, урушқоқ бир қабиладан эди. Қайси подшо оламга шоҳ бўлса, шу қабиладан сипоҳ чақириб душманларини тезгина даф этарди.
Жангчилар Бориқдан хавотирда эдилар. Икков паҳлавон анча қаттиқ олишдилар. Бориқ бу паҳлавонгача тўққиз кимса билан олишиб жангда енггани учун қўли анча толиқиб қолган эди. Шу пайт белида оғриқ ҳам пайдо бўлди. Рақиби пайт пойлаб туриб, уни ўнг қўли билан маҳкам тутиб, чап қўли билан эса ғанимини кўтарганича Мағриб томон олиб кетди. Шу кетганича кўздан ғойиб бўлди. Бу ҳолни кўриб турган Искандарнинг кўнгли бузилди, лекин Доро хурсанд эди. Мағрибий ўзи енгган рақибини ўз ҳузурига олиб келиб ташламаганига ҳайрон эди у.
Қош қорайгач, яна икки томондан талоя — навбатчи сипоҳлар атрофни кузата бошлашди. Доро ўз қароргоҳида зўрма-зўр ичкилик ичаркан, эртага нима бўлишини ўйларди. Икки лашкар уйқуга кетган чоғда Искандар ибодат қилиб ўтираркан, икки чаққон сипоҳ келиб, унинг қўлига нома тутишди. Шоҳ хатни очиб ўқиса, ўз дардининг чораси ёзилган экан. Доронинг яқин амалдорларидан икки киши унинг зулмидан тўйиб, ўлим хавфи остида экан. «Доро бизни ўлдирмасдан бурун биз уни бир ёғлик қила қолайлик», деб уни яширинча қатл этишга келишишган экан. Искандар номани ўқиб, бу душманларимнинг макру фириби бўлмасин яна, деб хатга жавоб бермади. Индамади-да, отига миниб чиқиб кетди, эртасига эрталаб қотиллар ўз ваъдаларини бажариб, Доронинг икки ёнидан қилич урдилар. Бири Доронинг бошига ҳам қаттиқ урди. Доро кесилган дарахтдек йиқилди, Доро қўшинида нотинчлик бошланди. Тўс-тўполон кучайди, Искандар отидан тушиб Доро ёнига келди. Қараса, рақиби қоп-қора қонлар ичида ётибди, Искандар Доронинг бошини ўз қўйнига қўйди-да, кўз ёшларини тўкиб турган эди, Доро кўзини бироз очиб, устида ким турганини кўрди-ю:
Марҳабо, эй шоҳи навжавон,
Жаҳон узра ҳам шоҳу, паҳлавон
Атодан ўғул бўлмағон сен киби,
Адув узрини қўлмағон сен киби.
Агар бошимни кесиш учун келган бўлсанг, муҳлат бер, сенга бир-икки сўз айта олай», деди.
«Мен бу ишлардан хабардор бўлсам ҳам, розилик бермаган эдим», деди Искандар. Доро: «Менинг уч сўзим уч насиҳатдир. Аввало бегуноҳ ҳолда менга қилич санчган қотилларимни жазолагин. Иккинчиси: қариндошларимни жазолама, учинчиси, қизим Равшанакни ўз никоҳингга ол!» деб хайрлашди. Кейин мотам тутишиб, шоҳона бир тарзда Дорони дафн қилиб, урушни тўхтатишди.
Доро вафотидан сўнг тўпланган лашкарлар бирин-кетин ўз ватанларига қайта бошладилар. Искандар Доро тахтига ўтириб, унинг васиятларини бажаришга киришди. Бурун шоҳ Дорога аза тутди, Дорони ўлдирган икки қотилни ҳам сўроқ қилиб, икки дорга оёғидан остирди ва элга уларни тошбўрон қилишга фармон берди. Кейин баданларини куйдиришга, кулларини эса осмонга совуришга буюрди. Элга шодлик қилишга рухсат берилди. Равшанакка нома ёзилиб, азани тўхтатиши, тўйга розилик бериши сўралди.
Искандар Доро тахтига ўтирди. Ўзигача ҳукмдорлик қилган минг уч юз йил давомида ўн тўрт олампаноҳнинг Доро қалъасидаги 180 хазинасини текширишиб, шоҳ девонидаги хазина дафтарини олиб борувчи амалдор билан ҳисоб-китоб қилдилар-да, барча хазина молини жамлаб шоҳ ҳузурига олиб келдилар. Шоҳ хазиналар ҳисобини очиқ ҳолда элга баён қилишни буюрди. Рўйхат ўқилганда, барча одамлар ҳайрон қолдилар. Шоҳ фармонига итоат қилиб уларни саройдаги асосий хазинага ташишдилар. Икки йилгача шаҳардаги хазиналар мулки сарой хазинасига ташилди. Бу ҳали бор мулкнинг чорагига тўғри келарди. Кейин шоҳ фармони билан қолган мол-мулкни ўз жойида қолдириб, яхшилаб беркитдилар. Қолган мулк ҳисобчилар саноғига кўра етти юз минг туман эканлиги аён бўлди. Сўнг шоҳ сипоҳларининг ҳар бир гуруҳи, сипоҳдорлар, наввобу ҳожиблар қанчадан ойлик олишни аниқлаб жамлашни буюрди. Уларнинг миқдори ҳам сарой белгилаганидан анча ортиқлиги маълум бўлди. Ойлик учун белгиланган пулнинг ярмигина сипоҳлар қўлига етиб борар экан. Шоҳ бу аҳволдан хабар топгач: «Маош барча сипоҳ аҳлига баробар қилиб берилсин», деган буйруқ бўлиб, улар харажатлари учун етарли маош ола бошладилар. Сипоҳлардан ташқари 600 000 ёрдамчи ишчиларнинг маошлари ҳам шу тарзда кўпайтирилди. Барча сипоҳийлар шоҳнинг «Манга ганж ҳавас эмас, сипоҳу раият манга ганж» деган сўзларидан ниҳоятда қувониб, шодланишарди. «Хазинадан элга нафъ етмаса, ундаги лаъллардан оддий тош афзалдир. Агар тош зарар келтирмаса, хазинадаги бойликлардан элга юз хатар бордир. Агар шоҳ хазинаси фойда бермас экан, жаҳон аҳли унинг сарбасар душманидир. Эл хазинадан фойдаланар экан, жаҳонни забт этмоқ ҳам осон бўлади», деди Искандар.

Кашмирдаги Маллу сеҳрларининг фош этилиши

Шундан сўнг Искандар Эрон элини ўзидан рози қилиб белини жаҳонни фатҳ этишга боғлади. Аввал донишманд, турли соҳа олимларини тўплаб, ҳар қайсисининг фикрини эшитди. Барчалари илмдан чуқур хабардор бўлиб, ҳарбий илмларни яхши билишарди. Шунинг учун уларни ҳарбий бўлимларга бошлиқ қилиб, маълум вилоятларни эгаллашни топширди. Бири Ҳинд, бири Чин, бири Кашмир, бири Миср, яна бири Бағдоду Байтулҳарам каби қатор ўлкаларни эгаллаш учун юборилди. Ҳар бир бошлиқ қўлига махсус нома ёзиб берилган бўлиб, уларда Искандарнинг Эрон тахтини эгаллагани таъкидланган, ҳар қайси шоҳга ўз ҳузурига келиб хирож юбориши, Искандар шоҳлигини қабул этиши, шунда унинг мамлакату халқи бу улуғ давлат ҳимоясида бўлиши, аксинча, тақдирига ёзилганини кўриши огоҳлантирилган эди.
Жаҳондаги Шарқ мамлакатларининг кўпларига юборилган мактубларни олган шоҳларнинг аксарияти Искандар таклифларини қабул қилиб, тобеликка рози бўлдилар. Фақат уч киши бу таклифни қабул қилмади. Улардан бири Кашмир шоҳи Маллу ибн Мабок бўлиб, у Искандарга қуйидагича мактуб йўллади: «Агар Искандар олам шоҳи бўлса, менинг мулким эса дунёда якка ягонадир. Тангри менга уч иш насиб этган: бири улки, мулкимни ғоят мустаҳкам тоғлар, ўтиб бўлмайдиган баланд қўрғонлар ўраб туради. Унинг устига мулкимнинг чор атрофини дарёлар ҳам муҳофаза қилади. Иккинчидан, менинг шунча афсунгарим борки, фалакдан етган ҳар қандай балоларни ҳам даф қила олади, юмронқозиқни шери жаёнга, каламушни дашт йўлбарсига айлантира олади. Агар Искандар олам элини йиғиб келганда ҳам шундай қаттиқ шамол эсиб турадики, сомондек барчасини учириб йўқ қилади. Учинчидан, у агар қасос олмоқ бўлиб юртимга бостириб келса, бу мулк ичида шундай бир буюк тоғ борки, баланд тоғлар устига қурилган тоққа ўхшайди. Унинг жисми мис билан қўрғошин, қалай билан биринж қотишмасидан бурунги илм аҳли ясаган тилсимдир.
Яна бир сири шуки, шаҳар ичида ниҳоний бир нақб қурилган бўлиб, у ерга тушган шоҳ тилсим бўлган бир фанни ўрганиб чиқади. У фанни ўрганган эл исталган душмандан ўт ва ел ўғирлай олади. Ўша маконда агар бирдан ел эсмай қолса, тезда ҳалок бўлади. Бу ўлка ичра кимсанинг жони бор экан, ел турса яшашига имкон қолмайди. Гар ўт бўлмаса, одамзод емак ҳам ҳозирлай олмаслиги аниқ. Шуларни ҳисобга олса, Искандар бошқа бир макон сари йўл олгани маъқулдир».
Ҳиндистон шоҳи Рой бўлса, бундай жавоб қайтарибди:
«Шоҳ Доро Искандар билан уруш яроғини қилмоқ учун ҳамма шоҳларни чақиртирганида, йўл йироқлигига қарамай мен Рум чегарасига эндигина етганимда, бу фалокатлар юз берди. Биз биёбонда қолиб кетдик. Яроғу сипоҳларимизнинг бари барбод бўлди. Урушган навкарларим ҳалок бўлди, қолганлари асирлик жабрини тортдилар. Мен эса неча ой биёбонни жой қилиб юртимга қайтганимча, халқим қатли омга учраб ўн улушдан бир улуши қолибди. Қаро рангни бу элда қадимдан кийиш одат деманг, ана шу воқеа туфайли мулким қаро кийиб мотам тутяпти. Искандар туфайли элим шунча азоб чекди. Энди икки-уч йил сабр қилинса, замон тинчланса, кейин хирожни тўласак. Мен ҳам у билан кўришгим бор. Лекин икки-уч йилсиз бундай таклиф айласа, мен кўп малолат чекаман. Лутф этса, бу мактубимни қайтармайди, нима бўлсаям, Ҳақнинг пешонамга ёзганини кўраман. Мен сўзимда унинг ҳурматини тутдим. Шунга кўра у ҳам иззатини асраса керак».
Чин шоҳи эса яна бошқача жавоб қилди: «Искандарнинг юборган мактуби кучли заҳардан аччиғдир, қиличдан ўткир. Ўз вакилини бу томон жўнатган куни чуқур ўйлаб кўрмай ёзибди буни. Сипоҳим қалин, мамлакатим тўқ, менинг ундан кам томоним йўқ. Шоҳ бошқа бир шоҳга ўзини «ҳакиму доно» деб ёзиши тўғри эмас. Бундай сўзлар ақлга сиғмайди. Мактуб сўзларини ҳам катта-катта қилиб ёзиши шоҳга нисбатан ҳурматсизлик. Лекин мен хатимни йирик ҳарфларда битмайман. Унинг олдига боришни истамайман. Агар аскар тортиб келса, шаҳримга кириб олиб, эшикни беркитганча ўтиравераман».
Бу уч мамлакат шоҳининг жавобларини бошдан оёқ гапириб бердилар. Искандар ўз мактубига биноан ҳузурига етиб келган шоҳларга яхшиликлар кўрсатиб, шоҳона мажлислар тузиб, кутиб олганди. Ҳалиги уч шоҳ жавобини эшитгач, уларга аскар тўплаб борай деди-ю, лекин қиш фасли бошланиб қолган эди. Одатда шоҳлар қиш фаслида юриш бошламайди. Бу қиш шу ерда қолишни маъқул кўрди-да, Қорабоғи Аррон сари йўлга тушди.
Искандар Қорабоғи Арронни ўзига оромгоҳ қилганидан сўнг, хаёли асосан жаҳонгирлик бўлиб қолди. Ҳикмат аҳлини қайта-қайта йиғар, Худодан жаҳоннинг фатҳ этиш бахтига мушарраф этишини тўхтовсиз тилар эди. Сипоҳлари тутган жойларни айланиб чиқар экан, уларга бардамлик тилар эди. Қуёш тобора кўтарилиб оламни иситгач, шоҳ бутун даштни тўлдирган лашкари билан яхши бир соатни белгилаб қишлоқни тарк этди-ю, Сипоҳонга қараб йўл олди, ундан ўтиб Хуросонга юз тутди. Бу пайт бутун Эрон замин унинг қўл остида эди.
Хуросон ҳавосидан шоҳ жуда хурсанд бўлди, бу ўлка жуда кенг бўлиб, ери ўзга иқлимлардан ёқимлироқ эди. Кўкаламзорларидан кўплаб чашмалар отилиб турар, дарёлар шовуллаб оқиб турар, барчаси кўнгулдаги ғуборларни қолдирмас, яна тўрт дарёсининг овози осмонгача етиб борарди. Анҳорлари худди жаннатдан чиқиб келаётгандек эди. Ҳирманд, Зобулистондаги дарё, Нимруд, Дарижаз дарёларининг ҳар бири ғоят гўзал ва жонбахш эди. Балх шаҳрини ҳам гўзал анҳори безатиб турар, бу шаҳарни Ҳушанг қурган бўлиб, Иброҳим Адҳамнинг ҳам покиза қадамлари текканди. Яна бири Мурғоб суви бўлиб, у ҳам жаннат сувларини эслатарди. «Бу ер жаҳон гулшани» экан деб баҳолаган шоҳ наҳр бўйида шаҳар яратиб унга Ҳирот исмини берди.
Хуросон бадандур, Ҳирот жон анга,
Ҳирий жон, бадандур Хуросон анга.
Искандар Хуросондан чиқиб шимол томон манзил ба манзил юриб бораркан, жаннатмонанд, гулларга тўла, сувлари жаннатдагидек катта бир водийга дуч келди, Искандар уни Мовароуннаҳр деб атади, чунки шарқида Сайхун, ғарбида Жайхун дарёлари оқиб тураркан. Уларнинг ҳар бири Арасга тенг ўн-ўн беш ўлкани суғориб турарди. Айниқса, Кўҳак дарёси жаннат сойи эканига шубҳа йўқ эди. Унинг ёнида шаҳар барпо этиб Самарқанд деб атади.
Самарқанд шаҳри қурилиши тугаллангач, Искандар Кашмир сари йўл олди. Шаҳарга яқинлашиб, даштининг барча дарахтларини кесиб тозалашгач, олдиларида осмонга бўй чўзиб турган, тошли тоғлар орасида жуда узун қилиб ишланган йўл чиқди. Узоқлигидан унга оёқ сурмадилар. Қоф тоғидек буюк тоғ олдидан йўл бор экан, Кашмир халқи шу ерда тоғни тоққа улашиб, Кашмирга кириш йўлини бекитишган экан. Ганч билан тошдан ясалган темир дарвоза тепасига шаҳарни ҳимоя қилиш учун ёпиқ бурчакли буржлар билан шинакли деворлар ишлатишган экан. Қалъа ичида икки минг афсунгар, ҳийлагарлар жойлашган бўлиб, минг қари3дан ҳеч ким дарвозага яқин келолмас, агар ўша томонга қадам қўйса, оёғи сустлашиб юролмай қолар, от билан бормоқчи бўлса, товони кўчиб тушар, шу жойда кетолмай қолиб кетар экан.
Сипоҳлар булар ҳақида эшитганларини Искандарга бирма-бир сўзлаб бердилар. Шоҳ уларнинг гапларига парво қилмай, Арастуни олиб ўша томон равона бўлди. Ишонмай, узоқдан кузатди-да, «Бу Кашмир аҳлининг афсуни бўлса керак, нима қилиб бўлса ҳам шаҳар деворлари ва буржларини бузиб ташлаш лозим», — деди. Кейин сипоҳларини олиб келиб шаҳар девори атрофига туширди, зиёни бўлмасмикан деб юргизиб ҳам кўрди. Кўнгли ҳотиржам бўлгач, ҳузуридаги 500 олимдан ўнтасини чақириб: Фалотун, Арасту, Балинос, Арашмидус, Шаминос, Қилинмун, Волис, Фарфурнус, Суқрот, Ҳурмус кабиларни чорлаб, «Бу Кашмир элининг афсуни, унга қандай тадбир қиламиз?» — деб сўраган эди, улар маслаҳатлашиб, «Ғам еманг, бунинг иши биз учун осон, шоҳ иқболини Тангри ярлақасин. Бу найрангларга шикаст етказиб, барини паст қилганимиз бўлсин. Икки-уч кун муҳлат берилса, уларнинг сеҳрини бошдан-оёқ бузиб ташлаймиз», дейишди. Искандар уларнинг сўзларидан хурсанд бўлиб, иш бошлашга рухсат берди. олимлар шоҳни дуо қилиб ишга киришиб кетишди.
Улар ишга киришиб, неча кўраю дамларни қизитишиб, аввал турли металлар: темир, пўлат, қўрғошин, мис, жез ва бошқаларни аралаштириб тўп кўринишидаги бир буюм яратдилар. Фалакка ўхшаган юм-юмалоқ бу асбобнинг ичи бўш эди, унинг ичини порох каби портловчи дорилар билан тўлдирдилар. Неча хил ашъёларни аралаштириб, тўп ичига солдилар. Темир тўпдан икки тешикча орқали пилик киргизиб, одам боши ёки урушда отиладиган раъд тошига ўхшатдилар. Унинг пилтасига ўт ёқиб, осмондан туширадилар. Ўқ учиб бораркан, пилтаси ёниб бориб яширин моддага ўтади, кейин портлаб темир тўп неча парча бўлиб, шу пайт ундан кучли овоз, шуъла, ажиб тутун, ҳид чиқиб, овози сеҳр асбобини бузиб, ўти дарвозани очиб юборади. Қораси душманлар юзини куйдириб қора қилади. Исидан ҳидлаганлар эса фусун илмини унутадилар.
У ажойиб тилсим тайёр бўлгач, ҳамма олимлар яна бир бор йиғилдилар, қуролнинг барча белгилари ва бўлажак натижаларини аён қилдилар. Шоҳ бу ажойиб ишдан шод бўлиб: «Шундай тилсимни тайёр қилдингиз, бошлашингизга нима тўсиқ бўлиб турибди?» деб сўради. Қуролни синаб кўришга шоҳ ҳам қизиқаётганини сезган донишмандлар: «Ҳукмингизни кутяпмиз, холос», деб жавоб беришди. Шоҳ отланиб, ўзининг барча саркардаю аъёнлари билан дарвоза томон йўл олди. Раъд асбобини созладилар, тилсимни келтириб, раъд ёйига тошдек қуриб, тўп пилтасига ўт туташтирдилар, Доруга ўт етгач, у осмонга кўтарилди ва учиб бориб душман сипоҳларининг ўртасига тушди. Айтилган тўрт иш юз берди: аввал кучли садою қўланса ҳид тарқалди, кейин ўт билан дуд кенг ёйилди ва ўти қалъани кулга айлантирди. Дуди фусунгарлар юзини қаро қилиб, иси уларнинг афсунларини хотирларидан ўчириб ташлади.
Ҳалиги тўп отилгач, Маллуга дарҳол хабар қилдилар. Маллу Искандар билан жанг қилиш учун кучи заифлигини сезди, дарвоза ва қалъани забт этилганини англади, ўзини ҳайрон, элини паришон ҳолда кўрди. Мамлакати ичра қарор ёки манзил топа олмай, ер ости йўли билан бориладиган нақб атрофига бор бойликларини тўплай бошлади. Ўзи билган қора тоғ устига макон қурдириб турар экан, шу чоғда Искандар қўрғонга ҳужум қилишни буюрди, лекин олимлар: «Бугун бормаганимиз яхши, чунки олдингисидан чиққан тутун тарқамаса, у томонга яқинлашиб бўлмайди», дейишди. Бу сўзларни эшитган Искандар ўз қароргоҳига қайтиб келди ва айш-ишрат билан шуғуллана бошлади. Олимларга кўпдан-кўп эҳсонлар бердирди. Тонг отгач, қалъа ичига сипоҳнинг киришига буйруқ берди. Сипоҳлар тиқилишиб, етти кун давомида дарвозадан кирдилар. Шаҳар халқи Искандарни хату шикоятномаларга тўлдириб ташлади.
«Бу диёр Маллуда бўлган замон бу қулларда ҳеч ихтиёр йўқ эди. Хизмат қилганимиз қилган эди. Унинг шавкатидан қутилдик, энди не десанг, бандангмиз!
Ёруғ айласанг мулку вайронамиз,
Фидодур сенга мол ила жонимиз.
Барчамиз юзингни бир кўриш армони билан яшаяпмиз», деб ёзилганди у мактубларда. Искандар хат ёздирди ва вилоятларга жўнатди. «Сизлар бу ерга келишга овора бўлманг. Ўз юртингизда фароғат қила беринг. Менинг ўзим юртингизга бораман. Мени дуо қилиб, Ҳаққа тоат қилиб юраверинг», дейилганди мактубларда.
Искандар ўзининг ушбу мактублари тайинланган манзилларга қадар етиб боргунча қўрғон ичида Маллу томонидан қурилган тарабхона — шодлик, базмлар ўтказиладиган шоҳона қасрни унинг атрофига қурилган ажойиб боғни кўриб, бу гулшанга «Жаннатосо» деб ном қўйди. Барча лашкарлар ҳам, аъёнлару донишмандлар ҳам «Жаннатосо»дан баҳраманд бўлишди. Искандарга «Жаннатосо»да шоҳ манзили тайёрлатди. Халқ бу ерга оқиб кела бошлади. Шаҳарда янги ҳаёт бошланди. Шоҳ барча одамларни шод этиб, бузилган кўнгилларни обод айлади. Шоҳ ҳукм қилдики: «Ҳеч кимнинг бирон нарсасига тажовуз қилинмасин, Искандарнинг бирон навкари ё аъёни улардан бирон нима тама қилса, бўғзидан осилсин!»
Шаҳар халқи моли омон беришгач, бошқа муҳтожларнинг иши ҳам ҳал бўлди. Ҳеч кимдан ҳеч кимга ғам етишмас, бир киши бошқасидан асоссиз бир дирҳам ҳам ололмасди. Искандар эса айш учун тоза майлардан ичиб, Кашмир мулкини сайр этиб юрарди. Кўпдан кўп ғаройиботларни кўриб ҳайратланарди. Жумладан, бир май косаси кўрдики, ниҳоятда камёб. У жом худди дарёдан сув олгандек тўла турарди. Маллу қочиб кетаётган вақтда унинг бир хазиначиси мулки ичидан олишган экан. Бошқа туҳфаларни қалъага олиб киришганда бу жом қолиб кетибди. Унинг ажойиблиги шунда эдики, жомдан ҳар қанча ичган билан майнинг кам бўлмаслиги айтилган эди. Жамшидшоҳ оламни эгаллаганда ҳикмат аҳли олимларни тўплаб иккита тилсим жом ишлатган экан: бири гетинамо, бири ишратфизо. Гетинамо жом кўпчиликка маълум, шунинг учун бунисини таърифлай қолай. Ундаги май тамом бўлмайди, мазали май камаймайди эгри турганда ҳам унинг ичидаги май тўкилмайди. Уни тортиб ҳам олиб бўлмайди. Барча бу ажойиб жомни томоша қилишарди.
Маллу ўзининг тош қўрғонига қамалиб олганидан сўнг Искандар унинг тахтини олди ва эл-улусга енгилликлар ваъда қилди, Кашмир халқи унинг лутфу эҳсонига умид қила бошладилар, шоҳ Маллу аҳволидан хабар сўраган эди, унинг Искандардан қўрқиб, фалон қалъа ичида беркиниб, қўрқиб ўтиргани, ҳар хил сеҳрлар ҳақида ўйлаётганини айтиб беришди. Искандар яна сарой аҳлини тўплаб: «Кашмир тоза гулзордир. Ҳавоси лекин гармселли экан. Доимо жонпарвар насим эсиб туради-ю, бу гулшанда тўхталмас экан, бу аҳволда унинг гули ўтга ва сунбули қоп-қора дудга айланади. Қизиқки, даҳр оташфишону, лекин кимса ўтдан нишон тополмайди. Бу уқубат бўлиб, халққа азобдур. Суҳбатгина эмас, балки умуман яшаб бўлмайди. Бунга бирон чора мумкиндир, бўлмаса бу ердан тезроқ жўнаш лозим бўлади», деди.
Донишмандлар бу сўзларни эшитгач, дуо қилишиб: «Агар шоҳга бу иш муддао бўлса, биз унинг макрини даф этамиз, унинг барча сеҳрларини биз йўқ қиламиз, шоҳ кўнгли бундан ғамга тўлмасин, чораси осон. Шоҳ ўн кунгача муҳлат берсалар бўлади». Шоҳ: «Ўн кунгача халқ ўт ва шамолдан қийналиб қолишадику!» деган эди, Афлотун подшонинг қайғураётганин кўриб: «Мен уч кун давомида бир тадбир қилиб, аҳволни енгиллаштириб тураман», деди. Искандар бу сўздан хурсанд бўлди. Бу ҳолатда ел тўхтаб, дўзахдек иссиқ бошланди. Ошхонада ишловчилар нолон бўлишиб, «Олам аро ўтдан бошқа вужуд йўқ, не чўғ, не шуъла, не учқун, не дуд. Тошдан ўт чиқаришаркан», деб унга темир урсалар, шуъла ҳам чиқмаяпти, ўт ўрнига сув чиқяпти. Овқатни тайёрлашимизда бир сир бормикан десак, биз айбдор эмасмиз».
Кейин ўту ел масаласида шундай қийинчилик бошландики, ўт иссиғ дам эрди-ю, ел совуғ оҳ. Тандир кундуз қизармайди, кечаси эса шамда шуъла кўринмайди. Озгина ел эсганди, ўчмаган бирон чироғ қолмади. Уч кун давомида қўллар энгакларга сутун бўлиб қолаверди.
Тўртинчи куни Афлотун уйига шоҳ, аъёнлар ва саркардалар кириб бордилар. «Мана, уч кун ўтди, халқ ўт ва шамол йўқлигидан ниҳоятда қийналиб кетди. Яна шу хилда давом этса, эл бу азобларга чидолмай қолади», деди Искандар. Олим жавоб бериб: «Бугун ҳам берган ваъдамизга киради. Лекин эртадан ҳамма нарса ўз ўрнига тушиб, халқ қийинчиликлардан қутулади», деди. Шоҳ ва аъёнлар бу сўзлардан кўнгиллари таскин топиб оромгоҳларига йўл олдилар.
Ўтни тўхтатиш масаласи мана бундай бўлган эди: Жомосб деган донишманднинг китобида: «Искандар даврида у жаҳон фатҳига отланган вақтда олам мамлакатларини эгаллаб бораркан, Кашмирни босиб олишда бу шаҳарнинг беги Маллу берк қўрғонга беркиниб олиб, одамлардан шамол билан ўтни яширади. Ўша ердаги бир тоғ ичида тошдан бир уй ясаб, тилсим қилиб қўйганди. Елни шу уйга қамаса, халойиқнинг душман аскарларини даф қилиш осон бўлади. Шамол аввал бетартиб эсиб, ундан халққа зиён етарди. Шамолни ҳалиги уйда бекитгандан сўнг бу мамлакатга келганлар ҳалиги уй деразасига қарши туриб Кашмир шаҳрига тўғри боқишса, ёқимли шамолдан баҳраманд бўлишар, деразани беркитиб қўйилса, шамол чиқа олмай қоларди.
Қалъадаги бир чоҳ — чуқур бор бўлиб, унинг оғзи тору, таги кенг эди. Чуқур тагида бир оташкада бўлиб, у Каюмарс давридан қолган эди. У ерда шундай бир тилсим мавжуд эди: одам шаклидаги бир ҳайкал доим ўтни елпиб, ҳароратни кучайтириб турарди. Унинг олдида дам била кўра ясалган бўлиб, кўра жисмида олов пуфлайдиган най ўрнатилган бўлиб, ҳалиги ҳайкал асбоб орқали ўтни доим тезлаштириб турарди. Чоҳ оғзидан учқун ва тутунлар чиқиб, халқ ундан иссиғлиқ олиб турар, бу мамлакатдаги ўт манбаи, не ўтким, қуёш манбаи ҳам шу эди. Лекин бу ўтлар киши кўзига кўринмай, қуёшга ўхшаб ер остига кириб кетарди. Бу тилсимни йўқ қилиш учун, бу иш Афлотунга ҳавола, аввал нақб бошини топиб, у ерда чодир тикиб ўтириш керак. Кейин нақб бошини очиб ичкарига қараб 17 қадам юриш даркор. Ўн етти қадамни босиш чоғида икки ёнига яхши назар ташлаб бориш керак. Ҳар томонда ел ё ўт расми чизилган тахтачалар туради. Ҳар бир лавҳни зарб билан қаттиқ тепса ва лавҳ девор ичига
кириб кетса, бири ел йўлидир, бири ўт йўли. Девор бузилган замон тезлик билан ташқарига қочиш зарур. Чунки ўт билан ел қўшилишиб чирпирак бўлиб айланиб, аниқланган йўлларни ҳам вайрон қилади. Икки кавакдан чиқиб келган ўт ва ел қалъа аҳлига шундай зиён кўрсатадики, кимга тегса, нобуд қилади, иморатларни пастлаштириб, тик ёғочларга шикаст етказади. Элининг ўлмай тирик қолиши бўлмаган хаёлдир.
Ўт чоҳдан чиққандан кейин, ловуллаб, қалъани куйдиришга тушади. Фақат қалъа ичига, рўпарасигагина эмас, буржу деворларига ҳам туташади. Тоши шуъладан шундай қизиб кетадики, ичкарида қолган халқ тош кабобларга айланади. Йўлдаги лавҳларни ушатган ҳаким бир қанча вақт ташқарида туриши керак.
Агар ел қалъага қараб елиб шаҳарга тез етишса, лавҳалар билан томларни тўсиш, мустаҳкамлаш керак. Ўт билан ел тинчиса, иккисидан кучу мадор ҳам кетади-да, яна олдинги ел ороми, ўт шарори қайтади», деб ёзилган экан.
Афлотун бу сўзларнинг барчасини Искандарнинг бир ўзига мукаммал сўзлаб берди. Шоҳ ҳайратда қолиб, донишмандга таҳсин айтди, эҳсонлар берди. Дедики: «Бу ишларни бажариш йўллари топилди. Энди нима қиламиз?» деб сўради Афлотундан. Донишманд шоҳни дуо қилиб: «Сен лавҳларни биринчи бўлиб синдирасан.
Бу сенинг шоҳлик, жаҳон паҳлавони сифатидаги ҳуқуқинг. Бу иш бандини ечиш сендан бошлансин», деди.
Шоҳ донишмандга тасанно айтди, кечаси бўлишига қарамай Афлотун билан бир неча сипоҳни бирга олиб йўлга тушишди. Нақб бошига етишгач, ичкари, ер ости йўлига тушиб анча юришди. Йўлнинг икки ёнида икки лавҳ осиғлиқ турарди. Афлотун лавҳларни шоҳга кўрсатиб: «Вақт кетяпти, бўлақол тезроқ!», деди. Искандар лавҳларни кўриб шодланди-да, Ҳақни ёдига олиб туриб, икки лавҳни зарб билан тепди-ю, улар емрилгач, дарҳол ташқари чиқди. Икковлари кўзларини қўрғонга тикиб турардилар, бир оз ўтгач, ўт қалъадан осмонга отилди. Яна бир нафас ўтмай шамол ҳам етиб боргач, шундай кучли ел қўзғалдики, ел гўё оламни бузай дерди, икковлари яна нақб ичига тушишиб, ганжу ғишт билан ел йўлини тўсиб ташладилар. Шоҳ билан олим ташқари чиқишгач, қўрғон томондан дод-фарёд эшитдилар. Ўт билан ел қўрғон халқини ҳар томон паришон қилиб ҳалок этибди. Маллунинг фарзандлари ҳам, хотинлар ҳам ярим куйган ҳолда чиқиб келишди. Искандар сипоҳлари уларни ўтдан озод қилдил
ар. Ўт ва ел ҳужумидан жуда кўп одамлар ҳалок бўлибди. Фақат Маллу ибн Мабок деган кишигина омон қолибди. Яна Феруз деган ўғли ва ниҳоятда соҳибжамол бир қизи бор эди. Унинг ҳақида яна кейинроқ сўзлашамиз.
Маллу Искандар қошига келиб, ер ўпиб, бош қўйди, бошини кўтаргач, ёш тўкиб илтижо қилди:
«Шоҳо, қошингда гуноҳкормен,
Жазо ҳар не қилсанг сазовормен.
Чу мен бандамен, бу икки бандазод,
Алар авфин айлаб мени айла шод.
Искандар: «Бу азоблар биздан эмас. Сен ўз бошингга тез тиғ тортдинг. Бу дам тупроққа юзинг суриб, кечирим сўраяпсану, сени авф қилдим. Тузалганингда кишварингдан хирожни мукаммал тўлаб туришингга ишонч ҳосил қилиб мулкингдан чиқиб кетайлик. Фарзандингни сенга ўринбосар деб тайинлайлик. Қизинг ҳам бор экан, уни ўзимизга қаллиғ қилайлик», деди.
Маллу бу сўзлардан жуда хурсанд бўлиб, жони узилди. Искандар Маллуни шоҳона дафн эттирди. Шоҳ кўпдан кўп зиёфат қилиб, бу мамлакатдаги табаррук жойлар, қадимий мозорларни кўрсатишни буюрди. Мозордаги Маллу хонадони қабрларига етишгач, у ердаги хилхона атрофига деворлар қурдирди, чиройли гиламлар солдирди. Искандар Ферузни тилатиб бу олам фонийлигини уқтирди-да:
Сениким бу мулк узра шоҳ айладим,
Бу кишварда кишварпаноҳ айладим.
Керак лутфу эҳсон шиор айласанг,
Адолат йўлин ихтиёр айласанг.
Раиятға сендин етиб шодлик,
Мамоликка юз қўйса ободлик», деди.
Феруз таъзим билан Искандарнинг барча сўзларини қабул айлади.
Искандар Кашмирни Ферузга топшириб, бошига тож қўйиб, у тўлаши керак бўлган хирож миқдорини белгилагач, унга «Икки ойда ўз ўлканг ишини тўғри йўлга қўйгин, шу муддат ичида сипоҳларни ҳам жам этиб тегишинча, зарур бўлганича йўл харжи бериб тур. Бошқа ишлар билан чалғимай, бизга, тезда Ҳиндистонга етиб ол», деб тайинлади.