Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Навоий ҳикоятларида адолат масаласи
Facebook
Навоий ҳикоятларида адолат масаласи PDF Босма E-mail

Адолат масаласи инсониятнинг энг қадимги, энг эзгу орзуларидан бўлиб, ҳар даврнинг илғор ва буюк қалам соҳиблари бу масалани турлича талқин қилганлар. Ўрта аср феодал Шарқи шароитида энг муҳим масалалардан бири адолат масаласи эди. Уша даврнинг тараққийпарвар кишилари зулм-зўрликни йўқотиш, ўзаро феодал урушларнинг олдини олиш, марказлашган давлат барпо этиш, шу йўл билан адолат ўрнатиш учун курашдилар. Улар орасида Навоийнинг роли бениҳоядир.
Навоий умр бўйи халқ манфаатларини ҳимоя қилди, халқ турмушини яхшилаш чораларини ахтарди. У давлат арбоби сифатида мамлакат ва халқ фаровонлигини таъминлаш учун тинмай ҳаракат қилди.

«Навоий сиёсий қарашларининг моҳияти мунаввар подшоҳликдир. Навоий учун Аллоҳдан сўнг ягона авторитет подшоҳдир. Давлатнинг тараққийси ва унинг инқирози... подшоҳга боғлиқдир. Подшоҳ эса ё одил, ё золим бўлади. Давлатнинг кучайиши учун подшоҳ қонунга ва адолат принципларига суяниши керак» (Ойбек. Навоий ҳақида).
Навоийнинг фикрича, агар подшоҳ адолатли бўлса, мамлакат обод, халқ бахтиёр бўлади, агар бунинг акси бўлса, яъни золим бўлса, мамлакат харобазорга айланади, халқ эса хору зор бўлади.

Қуёшдек шаҳ адолат пеша қмлса,
Жаҳон мулкини бир дамда ёрутқай.
Агар зулм этса ақшом зулматидек,
Ҳам ул дам тийралик оламнн тутқай.

Шоҳ мамлакатнинг улуғи экан, у адолат билан иш кўриши керак. Шоир давлат бошлиғи қандай бўлиши кераклиги ҳақида жуда муҳим фикрларни баён этди:

Бўлди раият галаву сен шубон,
Ул шажари мусмиру сен боғбон.
Қўйни шубон асрамаса ою йил,
Оч бўрилар туъмасидур бори бил.
Боқмаса деҳқон чаманин туну кун,
Нахли тарин англа қуруғон ўтун.
Бўрини доғи галадин дур қил,
Сув берибон боғни маъмур қил...

Навоийнинг таъкидлашича, мамлакат шоҳи мана шундай ғамхўр, адолатли бўлиши, ўз мамлакати ва халқи учун қайғуриши керак. У ҳамма нарсадан аввал, донишманд, илм-ҳикматдан хабардор шахс бўлиши, шунингдек, давлатни идора қилишда олим ва донишманд шахсларнинг фикрларига асосланиши лозим. Шоҳ бутун ҳаёти ва фаолиятини эл-юрт саодати учун курашга бағишлаши керак.
Навоийнинг «Садди Искандарий» достонидаги Искандар образи мана шундай орзулар асосида яратилган идеал шоҳ образидир. Навоий яшаган даврда Искандар каби идеал шоҳларнинг бўлиши, уларнинг хаёлдан ҳақиқатга айланиши мумкин эмас эди. Бироқ шоир яшаган муҳит унга мазкур ҳолни англаш имкониятини бермас эди. Жамиятнинг ривожланиш қонунлари шоир учун очилмаган сирлигича қолди. Бироқ феодал урушлар авжига чиққан, мамлакат парчаланиб кучсизланган, халқнинг аҳволи оғир бўлган бир даврда шоирнинг феодал ўзаро урушларнинг олдини олиш, мамлакат бутунлигини сақлаш, мамлакат ва халқни ташқи душманлар хуружидан ҳимоя қилиш, адолатли подшо бошлиқ марказлашган давлат тузиш ҳақидаги фикр-мулоҳазалари катта аҳамиятга эга эди.
Хуллас, шоир ижодида адолат катта ижтимоий мавзу бўлиб, юқоридаги каби қатор масалаларни қамраб олади. Навоий «Хамса»сидаги «Шоҳи Ғозий ҳикояти...» («Ҳайратул-аброр» достонининг 3 мақолати»), «Искандар ҳикояти...» (14 мақолат), «Бахромгўр ҳикояти...» (19 мақолат), «Тўртинчи иқлим йўлидан кетурган мусофир ҳикояти» («Сабъаи сайёр»), «Искандар била ул галолиғ ихтиёр этган подшо ҳикояти», «Маҳмуд ҳикояти...», «Султон Абусаид кўрагон ҳикояти», «Ардашер ҳикояти...», «Баҳромгўр ҳикояти...», «Гадойи кам сармояи баланд поя ҳикояти...» («Садди Искандарий») каби қатор ҳикоятлар адолат масаласига бағишланган. Навоийнинг аксарият ҳикоятларида подшоҳ ва халқ, подшоҳ ва сарой аҳллари, подшоҳнинг илм аҳлига муносабати каби масалалар ёритилган. Уларда ўз даври тушунчасида халқпарвар идеал шоҳ ва шаҳзодалар образн яратилган. Мазкур ҳикоятларда у ёки бу даражада инсонпарварлик, зулм ва золимларга қаршн шафқатсиз кураш, вайронагарчилик келтирувчи урушларнинг олдини олиш, тинчлик ва осойишталик ғоялари куйланган...

«Сабъаи сайёр» достонидаги тўртинчи мусофир тилидан келтирилган қиссада адолатли шоҳлар саҳий ва олиҳиммат бўлиши, халқ ҳолидан доим хабар олиб туриши, ўз давлатини мустаҳкамлаш учун золимларга қарши шафқатсиз курашиши керак деган ғоя илгари сурилади.
Қиссанинг мазмунига кўра, бир куни суҳбат вақтида бир камбағал меҳмон Шоҳ Жунага кўзгу туҳфа қилади. Қўзгунинг ажойиб хислати бўлиб чин сўзлаган киши боқса унинг юзи оқ кўринар, ёлғон сўзлаган киши боқса, унинг юзи қора кўринар эди. Шоҳ бу туҳфадан жуда хурсанд бўлиб, уни келтирган кишига кўп инъомлар бериб, ундан: «Мендан сахий одамни кўрганмусен?», — деб сўрайди. Меҳмон хижолат бўлиб «йўқ». дейди. Кўзгуда эса унинг акси қора кўринади. Бундан хижолат бўлган шоҳ ундан рост сўзлашни илтимос қилади. Меҳмон шоҳ Жунадан ҳам сахий одамни кўрганлигини, у одамнинг оти Масъуд бўлиб шу шоҳга қарашли Тироз деган жойда яшашлигини айтади. Масъуднинг ажойиб хислатлари — сахийлиги, камбағалпарварлиги, бойлигининг ҳисоби йўқ эканлиги ҳақида мароқ билан ҳикоя қилади. Шоҳ мусофир кийимини кийиб Масъуд яшаётган ерга боради. Масъуднинг одамлари уни ҳурмат қилиб, Масъуднинг ёнига олиб борадилар. Меҳмонни ҳурмат билан қарши олган Масъуд меҳмон шарафига бир кеча-кундуз зиёфат беради, унга қимматбаҳо ҳадялар тақдим этади. Ҳадялардан бири «тилсим» жом бўлиб, ичган билан унинг майи тугамай-ди, яна бири гўзал созанда қиз бўлиб, у жуда хушовоз эди. Учинчи ҳадя «Гулгун» номли учар от эди. Бундай иззат-икромда бўлган шоҳ Масъуднинг одамгарчилигига, меҳмондўстлигига, инсоф-адолатига, ҳиммати ва сахийлигига офаринлар айтади.

Жунага қарашли Тироз вилоятининг ҳокими Жайпур-ўта кетган золим, мунофиқ одам эди. Мамлакат халқи ундан жуда кўп озор чеккан. Унинг вазири Маллу ҳам золимликда, инсофсизликда ундан қолишмас эди. Ҳатто, халқ бу золимлар устидан шоҳга шикоят қилган. Шунинг учун ҳам шоҳ Тироз вилоятининг ҳокими қилиб Масъудни тайинлашга фармон беради. Жайпур ва Маллу бунинг олдини олиш, Масъудни йўқ қилиш пайига тушадилар. Улар аввал Масъуд билан дўстлашиб, борди-келди қиладилар. Зиёфатларнинг бирида Масъудни маст қиладилар, унинг оёқ-қўлини боғлаб зиндонга ташлайдилар. Улар Масъудни азоблаб ўлдиришга ҳаракат қиладилар. Масъуднинг йўқолганини эшитган халқ мотам тутади.

Маллунинг бир гўзал қизи бўлиб Масъудни севар эди. Шу қиз Масъудни зиндондан қутқариш тадбирларини кўради.. Қизнинг бу мақсади базм бўлган куни амалга ошади. Қиз базм кечаси ҳамманинг мастлигидан фойдаланиб, Масъудни зиндондан чиқаради, яширинча бир хонага қўйиб унга парвона бўлади. Эртасига Масъуднинг йўқолганидан хабар топгаи Жобир зиндон соқчисини ўлдиради. У ҳар томонга чопар юбориб Масъудни қидиртиради. Улар 10 кун қидириб Масъудни топа олмайдилар. Ўтган вақт мобайнида Масъуд тузалиб қиз билан қочишга қарор қилади. Улар кечаси хавф-хатар йўқ вақтда қочадилар. Жобир эрталаб уларнинг йўқлигини билиб қолади ва яна қидира бошлайди. Лекин қиз билан йигит кемага тушиб кетиб қолган эдилар. Жобир чопарлари уларга ета олмайди. Бир неча кундан кейин қиз ва Масъуд дарё соҳилига чиқиб, шаҳар томон йўл оладилар. Йўлда улар жуда кўп қийинчиликларга дуч келадилар. Уларни йўлтўсар қароқчилар талайди. Улар оч-яланғоч қолиб, кўп азоб-уқубатлар тортадилар. Ниҳоят бир мамлакатга етиб келадилар. Улар ҳаддан ташқари ҳолдан тойган эдилар. Масъуд овқат излаб шаҳарга кириб боради. Шаҳардаги бозорда шоҳ мулозимлари ҳаммол қидирмоқда эдилар. Масъуд ҳам-мол бўлиб, бир тосни саройга олиб боради. Саройга киришида бир отбоқар ёнида «Гулгун» отни кўриб ҳайрон бўлади. У, мен «Гулгун» отни туҳфа қилган ўша меҳмон шоҳнинг ҳузурига келган экан, деб ўйлайди. Масъуд ичкарироқ кирганда, созанда қизнинг таниш овозини эшитиб ўзини йўқотар даражага етади. «Ул санамни меҳмон сотган экан-да» деб гумон қилади. Унинг кўзи ўша «меҳмонга» туҳфа қилган «тилсим» жомга тушади. Масъуд ҳайратда қолиб шоҳга қарайди ва уни танийди. Шоҳ Масъуднинг ўша «меҳмони» экан. Масъуд шоҳга ўзини танитишдан андиша қилиб, унинг бошидан тосни олганлари замон саройдан чиқиб кетаётганда Масъуднинг шоҳ билан юборган ходимлари Масъудни таниб қоладилар. Масъуд ҳам уларни танийди. Улар йиғлаб кўришадилар. Бу ҳақда шоҳга ҳам хабар етади. Шоҳ суюнганидан йиғлаб ташқарига югуради. Улар кўришадилар. Масъуд шоҳни қандай меҳмон қилган бўл-са, шоҳ ҳам уни шундай меҳмон қилади. Масъуд ўз ёрининг харобада қолганини айтади. Шоҳ канизаклари ажойиб кийимлар олиб бориб қизни тахти-равонда олиб келадилар. Шоҳ Масъудга ҳам ўзи каби гулгун рангли кийим кийдиради. Улар хурсандчиликдан гул-гулранг май ичиб, суҳбат қурадилар, Масъуд ўз бошидан кечирган саргузаштларини шоҳга ҳикоя қилиб беради. Воқеадан хабар топган шоҳ ғазабидан золим Жайпур ва унинг шериги Маллуни қатл қилади. Шоҳ Масъудга кўп инъомлар бериб, Маллу ва Жайпур ўрнига вилоят ҳокими қилиб тайинлайди. Адолат зулм устидан ғалаба қилади.
Инсонни юқори даражада шарафлаган Навоий ҳикоятни қуйидаги байт билан тугатади:

Хуш дурур боғи коинот гули,
Барчадин яхшироқ ҳаёт гули.

Бу «Сабъаи сайёр» достонидаги энг яхши қиссалардан биридир. Мамлакат ва халқ тақдирини давлат бошлиқларининг хатти-ҳаракатига боғлиқ билган Навоий бу ҳикоятда ҳам шоҳларни адолатли, халқпарвар, сахнй, олиҳиммат бўлишга ундайди.
Қиссада соф севги, садоқат масаласи ҳам катта ўрин тутади. Золим Маллунинг қизи отасига тамоман қарама-қарши образдир. У отасининг зулми ва ярамасликларини тушунадиган қиз, отасидан ситам кўрганларга ёрдам беради, уларни азоб-уқубатдан қутқаради. Навоий бу қиз образида хотин-қизларнинг олнжаноб фазилатларини, уларнинг матонати ва қатъиятини, иродаси ва курашини мужассамлаштиради.
«Сабъаи сайёр»даги бошқа қиссалар каби «Жуна ва Масъуд» қиссаси ҳам оптимистик характерга эга. Ундаги воқеалар тугуни конфликтлари ижобий образларнинг ғалабаси, адолатнинг тантана қилиши билан ечилади.
Қиссадаги марказий образ — шоҳ Жуна образи бўлиб, унинг фаолияти ва хатти-ҳаракати тасвирлари воқеаларнинг ривожи ва конфликта ҳал бўлишида етакчи ўрин тутади. Жуна адолатли, олиҳиммат, халқпарвар шоҳ образидир. Навоий қиссанинг бошланишида Жунанинг қуйидагича характеристикасини беради:

Хисраве эрди шоҳлардин тоқ,
Тахти ҳукмида кишвари офоқ,
Махзану ганжига ниҳоят йўқ,
Мулку хайлига ҳадду ғоят йўқ.
Чарх йўқ мулки арсасига эдил,
Ўзга шаҳларнинг отича анга нил.
Адлу инсоф ўлуб сифоти анинг,
Шоҳлар ичра Жуна оти анинг.
Элга базлу ато била машҳур,
Олам ичра саҳо била машҳур,
Элга лакларни бобаҳона бериб,
Гар баҳона топиб, хизона бериб.
Базлаи гар дебон сухан санжи,
Силасига ато қилиб ганжи.

Навоий ҳикоятда бу образни дастлабки планга олиб чиқиш билан Баҳромга танбеҳ беради. Баҳромни Жунадан ўрнак олишга ундайди.
Қиссадаги қаҳрамонлардан яна бири Масъуд образидир. Ўз характери билан Масъуд образи Жуна образига хос сифатларни тўлдиради. У сахийлик билан ном чиқарган шахс. Жуна ҳам Масъуднинг олиҳимматлиги, сахийлиги олдида лол қолади. Масъуд илм-ҳунар эгаси, фозил шахс. Навоий Масъуднинг портретини Жунага кўзгу туҳфа қилган ғариб меҳмон тилидан қуйидагича таърифлайди:

Навжувони бу шаҳр аро сокин,
Васфи минг нуктадонга йўқ мумкин.
Ҳусн аро меҳри осмоний ул,
Лутф аро оби зиндагоний ул.
Ёши озу камоли кўп беҳад,
Зотида мундариж камоли хирад.
Пок табъи сафода кўзгудек,
Сабза узра оқар сузук сувдек,
Фаҳмига нукта бўлмайин мубҳам,
Нуктаси ичра нукта кўп мудғам.
Табъи ҳар фанда чун мулойим ўлуб,
Анга аҳли фунун мулозим ўлуб
Йўқ саодатлиқ ўйла бир мавжуд,
Ахтари саъд ўлуб, оти Масъуд.

Шундай ажойиб инсоний фазилатларга эга бўлган олиҳиммат Масъуд характерида зиддиятли моментлар ҳам мавжуд. У ҳаммавақт ҳам дуст билан душманни фарқ қила олмайди, ҳар қандай шахсни май билан кутиб олади, ҳар қандай меҳмон шарафига ҳафталаб зиёфат беради. Масъуд Маллу ва Жайпурни синамай туриб дўст тутинади. Улар билан ўзидан кетиш даражасигача май ичади. Маллу ва Жайпур унга чидаб бўлмас даражада азоб берадилар. Бу билан Навоий, агар кимки дўст билан душманни фарқ қила билмаса, унинг ҳалок бўлиши муқаррар деган ғояни илгари суради.
Масъуд пассив шахс. У зиндондан қутулиш учун ҳаракат қилиш ўрнига оҳ-фиғон билан банд бўлади. Уни бир тасодифгина ўлимдан қутқариб қолади.
Навоий яшаган даврда зулмга қарши туриб, халқ манфаатларини ҳимоя қилган ҳар қандай шахснинг умри тазйиқ ва зиндонда ўтар эди.
Масъуднинг зиндондаги ғам-аламли хитоби ўз мазмуни билан золимларга қарата нафрат хитобидир:

Ки: «Гуноҳим недур, мусулмонлар!
Қилмади бўйла зулм ёронлар!
Зулму бедод расмидин қайтинг,
Гунаҳи айлаган асам айтинг.
Олами жойизул — хато бўлмиш,
Бу хато борчаға раво бўлмиш.
Ўткарай ҳар не таржумон десангиз,
Молдин ким десунки, жон десангиз»

Ҳикоятдаги Маллунинг қизи адолатсизлик ва инсофсизликка қарши исён кўтарган жасоратли мубориз қиз образидир. У ҳикоятдаги воқеа ва конфликт-пинг ечилишида катта роль ўйнайди. Ҳусни латофатда тенги йўқ бу қиз айни пайтда ақлли, одобли ва ўта тадбирлидир. Қиз ўз отасининг золим, мунофиқ эканлигини яхши билади. Шунинг учун ҳам у ўз тақдирини золим отасининг ихтиёрига ташлаб қўймайди.
Навоий қизнинг бой руҳий кечинмаларини тасвирлаш орқали унинг Масъудга бўлган севгисининг самимий эканлигини ҳам кўрсатади:

Деди: Эй жисминга фидо жоним,
Жонинға садқа жисми пазмоним.
Сени кўргунча мундоқ ўлсам не?
Хаста жонинг фидоси бўлсам не?

Мана шундай оташин севги қизнинг ўзини ҳам, вафодор ошиқни ҳам ўлимдан қутқаради. Қизнинг жасорати, ақли, тадбир ва чоралари натижасида улар мурод-мақсадларига эришадилар. Бу қиз «Хамса»даги ажойиб хотин-қиз образлари — тадбирли давлат бошлиғи Меҳинбону, садоқатли маъшуқалар Ширин, Лайли, Диларом каби образларни тўлдиради. Шунинг билан бирга, у ўзига хос хислатлари билан улардан ажралиб туради. Бу қиз Навоий яратган энг жасоратли, энг фаол ҳаракат қилувчи аёл образларидандир.

Навоий ҳикоятларидаги асосий масалалардан яна бири золим ҳукмдорларни фош қилишдир. Навоий зулм-зўрликни ва мунофиқликни Жайпур ва Маллунинг хатти-ҳаракатларини тасвирлаш орқали қаттиқ қоралайди. Навоийнинг фикрича, бу шахсларга жамиятда ўрин йўқ.
Жайпур ва Маллу ўз шахсий манфаатлари йўлида ҳеч қандай разилликдан қайтмайдиган худбин мардум-озор шахсларнинг образларидир.
Жайпур ҳиммати паст, золим, мансабпараст. У ўз мақсадига эришиш йўлида ҳар қандай жииоятни қилишга тайёр. У ўз ноиби Маллунинг ёрдами билан Масъудни ҳийла-найранг ишлатиб зиндонга ташлайди, унга чидаб бўлмас даражада азоб беради. Жайпурнинг ёрдамчиси Маллу ҳам золимликда ва мунофиқликда ундан қолишмайди.
Маллу Масъудни йўқ қилиш учун Жайпурга қуйидагича маслаҳат беради.

Деди Маллу:
«Бурун ани ёр эт,
Таври меҳру муҳаббат изҳор эт.
Чорлабон ўз уюйгга суҳбат туз,
Онинг уйнга майл ҳам кургуз.
Чун бўлур бу мусодақат мавжуд,
Мен қилай ҳар неким эрур мақсуд»

Маллу ҳам, Жайпур ҳам ўша даврдаги золим ва фирибгар амалдорларнинг, инсофсиз давлат бошлиқларининг умумлаштирилган образларидир.
Қиссада асосий образлардан ташқари деҳқон ва шоҳга кўзгу туҳфа қилган меҳмон образлари ҳам берилган. Булардан ҳар бири қисса сюжети, унда қўйилган масалаларпинг ривожида маълум ўрин тутади, воқеликнинг тасвир ва бадиий қимматини оширади. Навоийнинг «Жуна ва Масъуд» қиссаси юксак бадиий маҳорат билан яратилган. Қисса ўзига хос сюжет қурилншнга эга. Ундаги воқеа ва ҳодисалар шоҳ Жуна ва золим Жайпур характерини очиб кўрсатиш учун келтирилади. Қиссанинг бошланишида ундаги асосий образ шоҳ Жунага характеристика берилиб, унинг адолатли ва сахий эканлигини кўрсатиш ниятида қатор эпизодик воқеа ва ҳодисалар тасвири берилади. Масалан, шоҳга нок совға қилган деҳқон воқеаси шоҳнинг адолатли, сахий эканлигини бўрттириб кўрсатишга ёрдам берса-да, асосий воқеанииг зарур босқичи ҳисобланади. Шоир ўқувчини ижобий қаҳрамонлар билан таништириб бўлгач, салбий образлар Жайпур ва унинг ноиби Маллу билан таништиради. Шундан кейингина қиссанинг сюжет чизиғида асос ҳисобланган адолат билан зулм ўртасидаги кураш тасвирланади. Бу кураш шиддат билан ривожланиб, кульминацион нуқтага кўтарилади. Ундан кейин шоир Маллунинг қизи образи билан боғлиқ бўлган воқеани келтиради. Бу воқеа, бир томондан, Маллунинг мунофиқлиги, раҳм-шафқатсизлигини очиб ташласа, иккинчи томондан, соф севги-садоқатнинг беқиёс кучини қўрсатади. Масъуднинг зиндондан қутулиши билан ҳали адолат ва зулм ўртасидаги кураш тугамайди. Масъуднинг тасодифан шоҳ Жунани топиши, золим Маллу ва Жайнурнинг йўқ қилиниши эпизоди билан ҳикоядаги мураккаб конфликтлар ҳал бўлади. Хуллас, қисса кесқин конфликт асосига қурилиб саховат билан бахиллик, инсоф билан инсофсизлик, тўғрилик билан мунофиқлик ўртасида қаттиқ кураш боради. Бу конфликт ҳаётий конфликтдир. Уша даврда зўрлик, мунофиқлик, бахиллик авжига чиққан эди. Тараққийпарвар шахслар уларга қарши курашадилар. Кўпинча улар бу курашда енгиладилар. Замон зўравонларининг қўли баланд келди. Шунга қарамай, улар курашни давом эттирдилар. Яхши ният, эзгу интилишларнинг тантанасини орзу қилдилар. Қиссада ғоявий ниятнинг равшанлаштирилишига қаратилган бадиий тасвир воситалари унумли ва ўринли ишлатилган. Шоир ҳикоятлар давомида айниқса ташбиҳ (ўхшатиш) санъатини кенг қўллайди. Улар ҳикоятда образларни ёрқин беришга, уларнинг руҳий ҳолатини очишга восита бўладилар.

Борди Масъуд ҳоли сомондин,
Тўкубон ашк илик юди жондин.

Шоир Масъуднинг ташқи кўринишини сомонга ўхшатиш билан унинг руҳий ҳолатини ўқувчи кўз олдига равшан келтиради. Қиссада ташбиҳнинг дек (дай) қўшимчаси ва «киби», «чун», «ўйлаким», «янглиғ», «учун», «сифатким», «нечук», «ки», «гўё», «монанд» сўзлари ёрдами билан ясалган хилма-хил ва бой намуналари яратилган. Навоий тасвир ва ўхшатишларда ҳодисанинг ўзидан келиб чиқишга ҳаракат қилган. Шоир оддий сўзлардан иборат табиий ўхшатишларни кўп ишлатади. Шуиииг учун ҳам кўпгина ташбиҳлар образларга, воқеаларга объектив баҳо бериш меъёри бўлиб хизмат қилади.

Масалан:
Ноча бу пабъ зоҳир этти наво,
Қилмади дуни сангдил парво.

Бунда шоир ёмон ниятли Жайпурнинг юрагини тошга ухшатиш билан Жайпур устидан салбий ҳукм чиқаради.

Яна:

Пок табъи сафода кўзгудек,
Сабза узра -оқар сузук сувдек.

Шоир бу ўринда Масъуднинг поклигини таъкидлаш учун уни тиниқ кўзгуга ўхшатади.

Хуллас, юқоридаги мисоллардан равшан кўринадики, шоир келтирган ташбиҳлар, бир томондан, ғоявий эмоционал функцияга эга бўлса, иккиичи томондан, персонажларнинг ички дунёсини, характерини очиб беришга хизмат қилади.
Навоий поэзияда катта ва кенг қамровли фикр ва тушунчаларни ихчам шаклда талқин қилишга эришади. Ҳикояда чуқур маъноли идиомалар, фразеологик бирикмалардан кенг фойдаланилади. Шунинг билан бирга, шоирнинг ўзи ҳам афоризм ва халқ иборалари даражасига кўтарилган чуқур мазмунли иборалар яратади:

Чанг ториға чун фиғон берди,
Кимки ўлтирмиш эрди—жон берди
Хушдурур боғи коинот гули,
Барчадин яхшироқ ҳаёт гули.

Бу ибораларни кўп ҳолларда халқ ҳикматларидан ажратиш қийин.
Навоий қиссада бой халқ ижодидан самарали фойдаланган. Шоир қиссанинг сюжет ва композициясини ҳам халқ достони ва эртакларидек тузди. Шуйингдек, адабиётда «қолиплаш» усулидан фойдаланди. Ҳикоят ичида ҳикоятлар берди, уларни асосий воқеа чизиғи атрофига уюштирди.
Навоий халқ ижодидаги тасвирий усуллардан ҳам илҳомланди. Қаҳрамонларнинг портрети, уларнинг яшайдиган жойлари тасвири кўпроқ халқ эртаклари деталларини эслатади. Қуйидаги тасвирни олайлик:
Бор эди қаср ёнида ҳаммом, Фаршу изора анда яшму рухом, Шиша ўрнида меҳри оламтоб, Ҳавзлар ичра сув ерида гулоб...

Тослар зарнигору меҳр мисол,
Сиймгун дастадин бошида ҳилол.
Футалар мушку анбар оғушта,
Тортилиб ин ерида зар ришта.

Бундай ажойиб бадиий воситалар билан яратилган тасвирлар ҳикоя давомида асосий ғояни бўрттириб кўрсатишга қаратилган.
Юқоридаги ҳикоятда эртакларда бўлгани каби эгри билан тўғрини, рост билан ёлғонии ажрим қилувчи асбоб — «кўзгу» берилади. Рост сўзлаган киши кўзгуга боқса юзи оқ, ёлғон сўзлаган киши боқса қора кўринади. «Тилсим» жом, сув ўрнига май, овқат ўрнига найшакар егувчи учар от каби эртакларда кўп учрайдиган фантастик образлар ҳам қиссани халқ ижодига яқин эканлигнни кўрсатади.
Хуллас, халқ оғзаки ижоди Навоийнинг бу қиссаси учун ҳам кўп томондан асосий манба бўлди, унинг ғоявий-бадиий қимматини, халқчиллик руҳини оширди.
Навоий куйлаган ўз она ватанни жондан севиш, уни ҳар қандай босқинчилар ҳужумидан қўриқлаш, мамлакатнинг бутунлиги, бирлиги, тинчлиги, осойишталиги ва ободлиги учун курашиш, қўшни ўлка халқларини золимлар зулмидан қутқаришга ёрдамлашиш каби юксак гуманистик ғоялар ҳозирда ҳам ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашда катта аҳамият кас6 этади.

Н. Ғанихўжаева