Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»Тикан жаннат гули васфини қилишда соқов
Facebook
Тикан жаннат гули васфини қилишда соқов PDF Босма E-mail



Зиҳи ҳуснунг зуҳуридин тушуб ҳар кимга бир савдо,
Бу савдолар била кавнайн бозорида юз ғавғо.

Сени топмоқ басе мушкилдурур, топмаслиғ осонким,
Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале пинҳонлиғинг пайдо.

Чаман оташгаҳига оташин гулдин чу ўт солдинг,
Самандардек ул ўтдин кулга ботти булбули шайдо.

Не ишга бўлди беором кўзгу аксидек Мажнун,
Юзи кўзгусида аксини гар кўргузмади Лайло?

Қуёшқа гаҳ қизармоқ, гоҳи сарғармоқ эрур андин
Ки, сунъунг боғида бор ул сифат юз минг гули раъно.

Недин юз гул очар ишқ ўтидин булбул каби Вомиқ
Юзингдин гар узори боғида гул очмади Узро.

Каломингни агар Ширин лабида қилмадинг музмар,
Недин бас лаъл ўлур Фарҳоднинг қон ёшидин хоро?

Жамолинг партавидин шамъ ўти гар гулситон эрмас,
Недин парвона ўт ичра ўзин солур Халилосо?

Малоҳат бирла туздунг сарвқадлар қоматин, яъни
Ки, мундоқ зеб бирла ул алифни айладинг зебо.

Қаноатнинг далилин инзиво қилдинг, яна бир ҳам
Далил ушбуки, қониъ ҳарфидин халқ айладинг анқо.

Навоий қайси тил бирла сенинг ҳамдинг баён қилсун,
Тикан жаннат гули васфин қилурда гунг эрур гўё.

уснинг кўринишидан ҳар қайси инсон бошига бир ташвиш тушиб, улар билан икки олам бозорида юз ғавғо пайдо бўлган.
Сени топиш жуда қийин, лекин топмаслик осон, чунки пайдолигинг яширину, пинҳонлигинг пайдодир.
Чаман ўтхонасига оловранг гулдан шундай ўт солдингки, бу ўтдан шайдо булбул самандардек кулга ботди.
Лайли юзи кўзгусида аксини кўргизмаган бўлса, нега Мажнун кўзгу аксидек беором бўлди?!
Қуёш гоҳ қизориб гоҳ сарғайди, бунинг сабаби шуки, қудратинг боғида унга ўхшаган юз минг раъно гули бордир.
Узро юзи боғида сенинг юзингдан гул очмаган бўлса, нега Вомиқ булбулга ўхшаб ишқ ўтидан юз гул очади?
Сўзларингни Ширин лабига яширмаган бўлсанг, нега Фарҳоднинг қон ёшларидан тошлар ёқутга айланади?
Жамолинг нуридан шамъ ўти гулистонга айланмаган бўлса, нега парвона Халилга ўхшаб ўзини ўтга солади?
Қадди сарвга ўхшаш гўзаллар қоматини гўзал қилиб яратдингки, бу чирой билан алифни зебо айладинг.
Танҳоликни қаноатнинг далили қилдинг, яна бир далил шуки, «қониъ» сўзи ҳарфларидан анқони яратдинг.
Тикан жаннат гули васфини қилишда соқов бўлгани каби, Навоий қайси тил билан сенинг мақтовингни айта оларди?!

Алишер Навоийнинг
"Ғазал гулзоридан 100 оташин гул" китобидан