Home icon Бош саҳифа»Ўзбек адабиёти»Мумтоз адабиёт»Навоийхонлик»“Лисону-т-тайр” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари
Facebook
“Лисону-т-тайр” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари PDF Босма E-mail

“Лисону-т-тайр” достони шоир умрининг сўнгги йилларида, 1499 йилда ёзиб тугалланган. Филология фанлари номзоди Ш.Эшонхўжаев достоннинг илмий-танқидий матнини яратиб, изоҳлар билан нашрга тайёрлаган (МАТ, 12-жилд). Мазкур нашрда достон ҳажман 193 боб, 3666 байтдан иборат.

“Лисону-т-тайр” достони фалсафий-тасаввуфий мавзуда яратилган бўлиб, улуғ форс-тожик адиби Фаридиддин Атторнинг “Мантиқу-т-тайр” достонига жавобан ёзилган. Алишер Навоийнинг ўзи шу достонида болалик давридаёқ “Мантиқу-т-тайр”ни иштиёқ билан ўқиганлиги ва ёд олганлигини айтади:

Ёдима мундоқ келур бу можаро,

Ким туфулият чоғи мактаб аро.

Ким чекар атфол марҳуми забун,

Ҳар тарафдин бир сабақ забтиға ун...

Манга ул ҳолатда табъи булҳавас,

Мантиқу-т-тайр айлаб эрди мултамас.

Топти сокин-сокин ул такрордин,

Сода кўнглум баҳра ул гуфтордин.

Табъ ул сўзларга бўлғоч ошно,

Қилмади майл ўзга сўзларга яно.

“Лисону-т-тайр” достони анънавий тарзда Муқаддима, асосий қисм ва Хотимани ўз ичига олади. Муқаддима 13 бобдан иборат.

Достоннинг биринчи боби Аллоҳ Ҳамдига бағишланган. Навоий Аллоҳ бу оламни аниқ бир режа асосида бунёд қилганлиги ҳақида ёзар экан, унда ҳеч бир нарса тасодифий яратилмаганлигини айтади. Аллоҳнинг мўъжизаси сифатида бир-бирига зид бўлган тўрт унсур (сув, олов, тупроқ ва ҳаво)ни инсон вужудида бир бутун ҳолда бирлаштирганини таъкидлаб, бутун оламни яратишдан мақсад ҳам инсон эканлигини айтади:

Уйлаким душман яротиб ўтқа сув,

Елни ҳам туфроққа айлаб адув.

Сунъидин кўргилки мундоқ тўрт зид,

Бўлуб инсон хилқатида муттаҳид.

Офаринишдин қилиб инсон ғараз,

Они айлаб халқ ичинда беэваз.

Бобда, шунингдек, Алишер Навоий Аллоҳ инсонни ўз сиридан хабардор қилиб, халифалик тожи билан юксалтирди, шайтонни эса унга сажда қилишдан бош тортгани учун мардуду лаъин (рад этилган ва лаънатланган) қилди, дейди:

Ҳам қилиб ўз сирри бирла ганжи роз,

Ҳам хилофат бирла айлаб сарфароз.

Бўлди саркашликдин онинг офати,

Ажзу туфроғлиқ бу бирнинг рофати.

Бирга ул масжудлуғ берган ўзи,

Бирга бу мардудлуғ берган ўзи.

Достоннинг 2-боби муножотни ўз ичига олади. Бобда Алишер Навоий ўтган умрини сарҳисоб қилар экан, Яратган қошида ўзини беҳад гуноҳкор деб ҳисоблайди:

Аллоҳ, Аллоҳ, ўлтурур шармандалиқ,

Ёдима келса бу янглиғ бандалиқ.

Юз қаролиғ онча бўлмиш жаҳл аро,

Ким кўзимга қилди оламни қаро.

Қилмадим умрумда бир ракъат намоз,

Сар-басир маҳзи ниёз, эй бениёз.

Ҳаргиз андоқ қўймадим туфроққа бош,

Ким кераклик бўлмағай бошимға тош.

Бермадим ҳаргиз гадоға бир дирам,

То ўзумни кўрмадим соҳиб карам.

Тутмадим отинг қилиб фарзоналиқ,

Сабҳа элдин осмайин юз доналиқ.

Бир амал ҳаргиз риёсиз қилмадим,

Зарқсиз ҳаргиз ўзумни билмадим.

Ўйлаким мендурмен инсон бўлмасун,

Йўқки инсон деву шайтон бўлмасун.

3-боб пайғамбар Расули акрам мадҳи – наътни ўз ичига олади. Бобда Навоий “Нури Муҳаммадия” ҳақида фикр юритар экан, бу нур олам яратилишидан ҳам илгари мавжуд бўлганлигини, Одам Атодан Шис пайғамбарга ва шу орқали кўплаб наслларга ўтиб, расули акрамнинг оталари Абдуллоҳга етиб келганлиги ва ниҳоят унинг фарзанди чеҳрасида пайғамбарлик нури сифатида зоҳир бўлганлигини ёзади.

Бобда шунингдек, Расули акрамнинг пайғамбарлик даврларидаги фаолиятлари: кофирларга қарши курашганлари, Лот бутининг ҳолини хароб қилганлари, халққа Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлиги ҳақидаги ҳақиқатни етказганликларига тўхталиб ўтилади. Боб сўнгида Расули акрам ва улар орқали барча яқинлари: саҳоба ва тобеинлар ҳам пок эканликлари айтилиб, уларга салом йўлланади:

Ўзи пок, азвож ила авлоди пок,

Зоти пок, асҳоб ила аҳфоди пок.

Анга ҳар дам юз дуруду минг салом.

Олам аҳлидин ила ёвмул қиём.

4-боб меърож туни таърифига бағишланган. Унда пайғамбаримизнинг ҳузурларига “Руҳу-л-амин” (Жаброил фаришта) келиб, Яратганнинг хабарини етказгани ва расули акрамнинг Буроқ отини миниб, Аллоҳ ҳузурига кўтарилганликлари, орадаги етмиш қават парда кўтарилиб, бор-йўқ тўсиқлар бартараф бўлганлиги, пайғамбаримиз Аллоҳдан умматларининг гуноҳини сўраганликлари ва Аллоҳ ўз ҳабибининг барча истакларини қабул қилгани ҳақида фикр юритилади.

Достоннинг 5-боби тўрт халифанинг биринчиси Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ мадҳига бағишланган. Алишер Навоий бу зотни “содиқу сиддиқ” деб атаб, ташбеҳ санъати воситасида пайғамбаримизни ғор ичидаги хазинага, Абу Бакр (р.а)ни эса шу хазинани қўриқлаб ётган аждаҳога ўхшатади:

Содиқу сиддиқу ҳамрози онинг,

Ҳар ёмон-яхшида дамсози онинг...

Ганжким ғор ичра пинҳонлик қилиб,

Аждаҳодек ул нигаҳбонлик қилиб.

Абу Бакр Сиддиқнинг пайғамбаримиздан кейин халифа имом бўлиб қолганликларини гўё қуёш кетиб, ой қолганлигига нисбат беради:

Ўрниға они расул айлаб имом,

Ой бўлиб хуршидға доим мақом.

6-боб Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ ҳақидаги ҳикоятни ўз ичига олади. Ҳикоятда айтилишича, Абу Бакр Сиддиқ халифалик тахтига ўтирганларида диндан қайтган бир гуруҳ кишилар ислом фарзларидан бири бўлган закотни бекор қилишни талаб қиладилар. Шунда халифа ғазаб билан: “Пайғамбар қонунида бирор ип миқдорича нарсани ҳам ўзгартириш мумкин эмас. Кимки бунга қарши бош кўтарса, уларга жавоб қилич ва ўқдир” деб айтадилар.

Достоннинг 7-боби Ҳазрат Умар Форуқ мадҳига бағишланган. Алишер Навоий ислом оламида ҳақни хатодан фарқ қилишда бу кишига тенг келувчи бошқа инсон йўқ эди, дейди:

Ҳақни ботилдин бировким қилди фарқ,

Адли бирла равшан етти ғарбу шарқ.

Ондин ўзга йўқ эди офоқ аро,

Балки ушбу қасри олий тоқ аро.

8-боб Ҳазрат Умар Форуққа бағишланган ҳикоятдан иборат. Ҳикоятга кўра, Ҳазрати Умар Мадойинни эгаллаганларида, жуда катта хазина йиғилади. Ҳазрати Умар бу хазина ва мол-мулкка қўз қирларини ҳам ташламайдилар: барча хазинани ғазотга чиқувчилар учун бўлиб беришни буюрадилар.

9-боб – Ҳазрат Усмон (р.а.) мадҳидадир. Ҳазрат Усмон пайғамбаримизнинг икки қизларига уйланганликлари учун “зуннурайн” лақабини олганлар. Алишер Навоий бу зотни Қуръони Каримни тўплаганлари сабаблари халқ Усмон ибн Аффон деб атади дейди:

Тенгри айлаб жомеъи “Қуръон” они,

Халқ деб Усмон бин Аффон они.

10-боб Ҳазрат Усмон ҳақидаги ҳикоятни ўз ичига олади. Ҳикоятга кўра, пайғамбаримиз бир куни элдан фароғат истаб, хилватга кириб, бир оёқларини узатиб ўтирадилар. Уларнинг ҳузурларига баъзи зодагон саҳобалар, айрим азиз ва шариф кишилар кирганларида ҳам уларнинг ҳолатларида ўзгариш бўлмайди. Лекин хонага ҳазрат Усмон киргач, расули акрам узатган оёқларини йиғиб оладилар. Бу пайғамбаримизнинг ҳазрат Усмонга бўлган чексиз ҳурматлари ифодаси эди.

11-боб мўминлар амири Ҳазрат Али (р.а) мадҳига бағишланган. Навоий бу зотнинг пайғамбаримизга фарзанд даражасида бўлганликларини айтиб, улар орасида “мен сеникиман, сен меникисан” деган аҳд мавжудлигига ишора қилади:

Анбиё сархайлига фарзанд ул,

Хайли одам ичра бемонанд ул...

Иттиҳодида нубувват шамъининг

Сўзи буким сен менингсен, мен сенинг.

12-боб Ҳазрат Алига бағишланган ҳикоятни ўз ичига олади. Ҳикоятга кўра, ғазот жангларидан бирида Ҳазрат Алига ўқ тегади. Ўқнинг учи уларнинг суякларигача ботиб, тортиб олишнинг иложи бўлмайди. Шунда саҳобалар пайғамбаримиздан бу ишнинг чорасини сўраганларида, расули акрам “У намоз ўқиётган пайтда ўқни тортиб олиш пайида бўлингиз. У намозга шундай берилган бўладики, ўқни тортиб олганларингни билмай қолади”, - дейдилар. Саҳобалар айтилгандек қиладилар ва Аллоҳ кушойиш бериб, бир лаҳзада жароҳатдан на дарду на ўқ учи қолади.

13-боб буюк форсигўй адиб Фаридиддин Аттор мадҳига бағишланган. Алишер Навоий сўз ўйини воситасида шоир тахаллусига мажозий нисбат бериб, бу дўконда оламдаги барча бойликлар: дуру гавҳарлар, гулобу мушки анбарлар, ширинликлар жамъ эканлигини айтади:

Ҳар не гардун баҳр ила конида бор,

Онча юз Аттор дўконида бор.

Алишер Навоий Атторнинг ёзган асарлари халқ учун гулқанд каби фойдалидир дейди ва шу муносабат билан унинг асарлари рўйхатини келтиради: “Мусибатнома”, “Илоҳийнома”, “Уштурнома”, “Лужжаи ҳилол”, “Тазкирату-л-авлиё”, “Мантиқу-т-тайр” ва бошқалар. Боб сўнгида Навоий агар Ҳақ мадад берса, мендек гадо Шайх руҳидан ёрдам олиб, қушлар нутқини изҳор қилсам, яъни “Мантиқу-т-тайр”га жавоб ёзсам дейди:

Лек ҳақ тавфиқ берса, мен — гадо,

Шайхнинг руҳиға айлаб иқтидо.

Ўйла қушлар нутқини изҳор этай,

Булбулу тўти киби ғуфтор этай.

Ким халойиқ чун тараннум айлагай,

Қуш тили бирла такаллум айлагай.

Лек сурмак нуктани тўти мисол,

Будур инсоф ўлса, эй фархунда фол.

Ким бу тўти тўъмаси бўлғой шакар,

Ул шакар фикр айласанг бўлғай магар.

Тенгрининг лутфу иноят хонидин,

Яъни, ул Атторнинг дўконидин.

Достоннинг асосий қисми 14-бобдан бошланади. Бир куни барча қушлар мажлис қурмоқ учун йиғилибдилар. Лекин мажлисда ўрин талашиб, жанжаллашиб қолибдилар. Шунда улар агар бир адолатли подшо бўлганда, баҳсга ҳожат қолмаган бўларди, деб ўйлабдилар. Шу вақт Ҳудҳуд деган қуш шундай подшоҳ борлигини, унинг номи Симурғ эканлиги ва Симурғнинг ҳузурига бормоқчи бўлганлар узоқ ҳамда машаққатли йўлни босиб ўтишлари зарурлигини айтади:

Борча олам қушларига шоҳ ул,

Ҳолингиздин мў-бамў огоҳ ул.

Ул ёқин сизга-ю сиз ондин йироқ,

Васл – анга ойин, вале сизга – фироқ.

Йўлида етса талабдин минг тааб,

Ҳам анга етмас киши қилмай талаб.

Лекин ул водий ниҳоятдин узун,

Қатъида офат ниҳоятдин фузун.

Умрлар урмоқ керак тинмай қанот,

Неча каркас умрича бўлса ҳаёт.

Қушлар Ҳудҳуд бошчилигида йўлга тушадилар. Бир неча кун йўл юргач, машаққатли сафар уларни толиқтиради. Улар ортга қайтмоқчи бўладилар ва бирин-кетин Ҳудҳудга ўз узрларини айта бошлайдилар. Дастлаб Тўти узр айтади. Ҳудҳуд унга жавобан “Ҳийлагарликни касб қилган яшил чакмонли киши” билан боғлиқ ҳикоятни келтиради. Тўтидан сўнг Товус узр айтиб, “Тангри мени атрофдагилар кўриб, ҳуснимга таҳсин айтишлари учун яратган, шундай экан, менга бу сафардан не ҳожат”, - дейди. Ҳудҳуд унга жавобан масхарабоз бир ҳиндунинг ўзини турли нақшу нигорлар билан безаб, майдонда томоша кўрсатгани, унинг атрофи бир гала бебошлар тўдаси билан тўлгач, назоратчилар томонидан тутиб олиниб, дарра билан савалангани ҳақидаги ҳикоятни келтиради. Ундан сўнг Булбул узр айтади. У ўз чаманидаги бир гулга ошиқлигини, гулдан айрилиққа чидай олмаслиги ва бу сафар унга чексиз ҳажр азобини олиб келаётганлигини баён қилади. Ҳудҳуд унга бир подшоҳга ошиқ бўлиб қолгани ҳақида лоф урган гадо ҳикоятини келтиради. Шу тариқа Қумри, Кабутар, Кабки дарий (Тоғ каклиги), Тазарв, Қарчиғай, Шунқор, Бургут, Куф (Бойўғли), Ҳумой, Ўрдак, Товуқ (Хўроз) каби қушлар ўз узрларини айтадилар. Ҳудҳуд уларнинг ҳар бирига мос ҳолатда турли ҳикоятлар билан жавоб қайтаради.

Қушлар йўлларида давом этадилар. Улар Ҳудҳуддан Симурғга етишиш йўли ҳақида сўрайдилар. Ҳудҳуд уларга достондаги энг катта ва алоҳида мавқега эга бўлган “Шайх Санъон” ҳақидаги ҳикоятни сўзлаб беради.

Ҳикоятда келтирилишича, Шайх Санъон[1] исмли авлиё Каъбадаги барча шайхларга муршид – устоз даржасида эди. Унинг 400 га яқин муриди бўлиб, уларнинг ҳар бири Жунайд[2] ва Боязид[3]ларга тенг эди. Шайх Санъон тушида бирор нарсани кўрса, бу воқеа ўнгида ҳам юз берарди. Бир куни у тушида Рум мамлакатида бутхона ичида маст ҳолда сайр қилиб юрганлигини кўради. Уйғониб, бу ҳолига тавба қилади. Лекин бу туш бир неча бор такрор бўлгач, унинг таъбири тақдири билан алоқадор эканлигини ҳис қилиб, ўз муридлари билан Рум сари йўлга тушади. Ниҳоят Рум ўлкасига етиб келишади. У ерда ғаройиб бир бутхонани кўрадилар. Шайх бутхонага киргач, ҳолатида ўзгариш содир бўлади, кўнгли изтиробдан бетоқат бўла бошлайди. Шунда беихтиёр унинг қаршисида юзига парда тортган тарсо (христиан динига мансуб) қиз пайдо бўлади. Шамол кўтарилиб, гўзалнинг юзидаги парда очилгач, Шайх ўзидан кетиб, тупроққа йиқилади. Шу тариқа Шайх ишқ дардига мубтало бўлади. Навоий унинг изтиробли ҳолатини шайх тилидан шундай тасвирлайди:

Ким:— «Бўлур ҳар лаҳза ранж афзун манга,

Не эдиким қилдинг, эй гардун, манга!

Офиятдин ишқ сори бошладинг,

Юз ёнар ўт ичра олиб тошладинг...

Оллоҳ! Оллоҳ! Не кечадур бу кеча!

Саъб мундоғ, ё раб, ўлғайму кеча!

Ўткарибмен кўп суубат кечалар,

Кўрмадим мундоғ уқубат кечалар!..

Дўстлар, нетти мадад еткурсангиз,

Жамъ ўлуб мен зорни ўлтурсангиз.

То қутулса даҳр оримдин менинг,

Даҳр эли афғону зоримдин менинг.

Жонима, асҳоб, тиғи қатл урунг.

Куйдуруб, ҳарён кулумни совурунг.

То жаҳонда бўйла расво бўлмайин,

Бир ўлай, юз қатла ҳардам ўлмайин!»

Шайхнинг бу мусибатли ҳолатини кўриб, муридлари насиҳатлар бера бошлайдилар. Улар шайхга ақл мезони билан хитоб этадилар, шайх эса ишқ йўсинида жавоб қайтаради. Муридлар унга таҳорат олиб, ибодат қилмоқни маслаҳат берганларида шайх уларга шундай жавоб қайтаради:

Шайх деб:— «Йўқ кўз ёшимдин ўзга сув,

Қон келур ҳардам боғирдин кўзга сув».

Муридлардан бирининг Каъбани зиёрат қилмоқ даркор деган даъватига Шайх томонидан шундай жавоб бўлади:

Шайх дебким: “Онда қилғонни талаб,

Мунда топдим, не чекай ул ён тааб”.

Шу тариқа Шайх ҳар муриднинг куйиниб айтган ўгитларига ишқ сўзи билан жавоб қайтаради.

Бутхонадаги кишилар эса дин аҳлининг бу ҳолатини мазах қилиб, ўз динларининг устунлигини гумроҳларча таъкидлай бошлайдилар. Бу ҳол тонг ёришгунга қадар давом этади. Муридлар номусга чидай олмай, шайхни ёлғиз ташлаб кетадилар. Шайх бутхонадаги болаларга ҳам масхара бўлади. Шу тариқа орадан бир ой ўтади. Ниҳоят, тарсо қизи яна бутхонада пайдо бўлади ва исломдек буюк дин пешвоси Шайхнинг кофирлар бутхонасида бу тарзда яшашидан мақсади не эканини сўрайди. Шайх тарсо қизига ўз ҳолини баён қилиб, буларнинг барчасига сабабчи сенинг оразинг, деб жавоб беради. Тарсо қизи шайх ишқининг далили сифатида унга тўрт шартни бажариши ва икки журмона (жарима) тўлаши кераклигини айтади. Айтилган тўрт шарт қуйидагилар эди:

1) май ичмоқ;

2) зуннор боғламоқ;

3) Қуръонни ўтда куйдирмоқ;

4) бутпарастлар динига кирмоқ.

Журмона сифатида эса бир йил давомида чўчқабоқарлик қилиш ва оташгоҳда ўт ёқишни буюради. Шайх бу шартлар ва журмоналарни ортиғи билан адо этади. Шу тариқа орадан бир йил ўтади.

Шайхнинг Каъбада бир фоний[4] муриди бўлиб, Шайх Румга отланганида у бошқа бир мамлакатда сафарда эди. Сафардан қайтгач, Шайхни тополмай, бўлиб ўтган воқеалар ҳақида суриштиради. Муридлар унга аҳволни баён қиладилар. Фоний мурид уларга таъна қилиб шундай дейди:

Шайхким, пир эрдию, сизлар мурид,

Борчаға иршодидин беҳбуд умид...

Шайхингизга бевафолиқ бошлабон,

Қиблангингизни дайр ичинда ташлабон....

Одами бўлса, вафо андин йироқ,

Ит вафо бобида андин яхшироқ...

Шу тариқа шогирд бу ерда ўтириш билан иш битмайди, деб барча муридларни Рум сари йўлга бошлайди. Етиб бориб, кўрадиларки, Шайхда на ислом, на иймон маслагидан асар қолмаган эди. Содиқ шогирд бу ҳолни кўриб, оҳ уради ва кеча-кундуз Яратганга муножот қилиб, Шайхнинг ҳақига дуо ўқийди ва, ниҳоят, Аллоҳ унинг дуосини қабул этади. Шайхга ғойибдан огоҳлик етиб, кўзларидан хижолат ёшларини тўкиб, садоқатда бемисл бўлган шогирдига узрхоҳлик қилади. Шайх яна эгнига поклик хирқасини кийиб, ўз муридлари билан Каъба сари йўл олади.

Румда қолган тарсо қизи туш кўради. Тушида Исо (а.с.)дан: “Шайх Санъондек буюк муршид сенинг ҳузурингга меҳмон бўлиб келсаю, сен мезбонлик одатини билмасдан унинг бошига не кунларни солдинг?! Энди вақтни ғанимат билиб, унинг ортидан бор, динига мушарраф бўл”, – деган хабар келади. Тарсо қизи оҳ урганча, кўзларидан надомат ёшларини тўкиб, Каъба томон йўлга тушади. Йўлда унга хасталик ва ожизлик юзланиб, тупроқ устида ҳушидан кетади. Шайхга бу ҳол аён бўлиб, муридлари билан ортга қайтади ва тарсо қизининг сўнгги лаҳзаларда иймон соҳибаси бўлиб жон беришига шоҳид бўлади. Алишер Навоий ҳикоят сўнггида ишққа шундай таъриф беради:

Ишқ баҳредурки, йўқ поён анга,

Ҳар ҳубоби гунбади гардон анга...

Оламедур ишқ, лекин бас васеъ,

Торамедур ишқ, лек асру рафеъ...

Шу ўринда Навоий агар унга Аллоҳ умр берса, ўз ишқи шарҳини назмга солиб, бир достон ёзиш нияти борлигини айтади:

Бир неча кун умрдин топсам амон,

Шарҳи ишқим назм этай бир достон.

Анда билгай кимгаким инсофдур,

Ким сўзум чинмудурур ё лофдур.

Маълумки, тасаввуфда Ҳақни танишнинг икки йўли мавжуд. Биринчиси ҳаяжонли, руҳий кечинмаларни ошкора изҳор этиб бориш майли бўлса, иккинчиси осойишта, ички дардни яшириш майлидир. Биринчи майл “сукра” (мастлик) йўли деб аталиб, унинг йирик намояндалари сифатида Боязид Бистомий, Мансур Ҳаллож, Абу Саъид Абулхайр, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Бобораҳим Машраб номларини келтириш мумкин.

Иккинчи майл саҳв (ҳушёрлик) йўли деб номланиб, унинг тарафдорлари қаторида Жунайд Бағдодий, Саъдий Шерозий, Бахоуддин Нақшбанд каби ижодкорларларни санаб ўтиш мумкин.

Адабиётшунос олим Н.Комиловнинг фикрича, Шайх Санъоннинг барча диний илмлари ва Қуръонни унутиши бу Ҳаққа етиш учун дунёвийликдан, жумладан, ақл ва ақлий нарсалардан қутулиш, ўзлигини унутишга ишорадир. Унинг хотираси қайтиши эса, сукрадан саҳвга қайтиш ҳисобланади. Ҳақиқий бақо эса саҳв, яъни ҳушёрликка қайтишдан кейин бошланади. Сукрадаги солик бамисоли денгизга шўнғиб, ғарқ бўлган киши бўлса, саҳвга қайтган денгизга шўнғиб, гавҳар доналарини олиб қайтиб чиққан ғаввос кабидир.

Ҳудҳуд ҳикоятдан сўнг асл манзилга етиш учун 7 водийни босиб ўтиш кераклигини айтади. Қушлар водийлардан ўта бошлайдилар:

1. Талаб водийси – қушларнинг Симурғ васлига талабгорлиги билан боғлиқ бўлиб, Навоий бу водийга шундай таъриф беради:

Чун талаб водийсиға қўйсанг қадам,

Оллинга ҳар дам келур юз минг алам...

Истамак ранжи кўнгулни зор этар,

Топмомоғлиғ руҳни афгор этар...

Ламъа кўргузган сойи меҳри висол,

Айлагай шоминг саҳарға интиқол...

Аждаҳодин етмагай кўнглунгда ранж,

Ўйла бўлмиш бўлғай ул машъуф ганж.

Алишер Навоий ҳар бир водий таърифидан сўнг шу водий моҳиятини очиб берувчи ҳикоят ҳам келтиради. Жумладан, асарда талаб водийси билан боғлиқ қуйидаги ҳикоят берилади:

Қадимда бир қудратли подшоҳнинг Юсуфдек гўзал ўғли бўлган экан. Бутун олам аҳли унга ошиқу шайдо бўлиб, агар у қатл этмоқчи бўлса ҳам, кишилар бундан ғам чекишмас экан. Бир куни у саҳрода айланиб юриб, минглаб ошиқи зорларнинг унинг ишқида изтироб чекаётганлигини кўради[5]. Улар орасида икки девона шаҳзоданинг диққатини тортади. Мулозимлар уларни ушлаб қаср томон олиб келадилар. Шоҳ улардан бирини зиндонга ташлаб, иккинчисини ўзига итбоқар қилиб тайинлайди. Шунда улардан бири иккинчисидан бу азоб-уқубат ичида ҳоли қандай эканлигини сўраганида у бу ҳолат машаққат эмас, балки ошиқ учун роҳат эканлигини айтади. Иккинчиси ҳам бу сўзларни тасдиқ этиб, ошиқ ўз маъшуқи васлига талабгор экан, бу азоблар унга фақат мамнунлик бахш этишини баён қилади. Бу сўзларни пана жойдан эшитиб турган шаҳзода бениҳоя хурсанд бўлиб, уларни ўзининг яқин маҳрамларига айлантиради.

Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, талаб водийсига қадам қўйган солик ошиқликдан келадиган жами синовларга, машаққат ва уқубатларга тайёр туриши, маъшуқ васли йўлидаги қийинчиликларни бахту саодат деб қабул қилиши керак. Зеро, бу водийдан мақсад Яратганнинг васлидир.

2. Ишқ водийси – бу водийда қушларнинг қалбини Симурғнинг ишқи банд этади, улар ўзларини ва дунёни унутадилар. Алишер Навоий бу водийни шундай таърифлайди:

Ишқ келди машаъли гетифурўз,

Дема машъал шуълайи офоқсўз.

Ишқ аро ҳар кимса дархур бўлмағай,

Ўтқа лойиқ жуз самандар бўлмағай...

Куймаган ишқ ичра эрмас ишқбоз,

Ошиқ эрмас, улки эрмас жонгудоз.

Мазкур водий тавсифи учун ҳазрат Алишер Навоий Асмаъий[6] билан боғлиқ ҳикоятни келтиради. Ҳикоятга кўра, Асмаъий ҳаж томон кетаётиб, бир чашма бошида ёзув битилган тошни кўради. Тошда шундай деб ёзилган эди: “Эй Ҳижоз аҳли! Бир сирнинг чорасини топсангиз: агар киши ишққа мубтало бўлиб, ишқ уни сабру қароридан жудо этган бўлса, нима қилсин?”

Асмаъий қўлига қалам олиб, ёзув тагига шундай сўзларни битади: “Кимки бу ҳалокатли йўлга кирган бўлса, ундан қўрқмасин”. Бу сўзларни ёзиб бўлиб, Асмаъий яна йўлида давом этади. Эртасига яна шу жойга келиб қараса, тошда янги ёзув пайдо бўлган экан: “Агар ошиқ пок бўлсаю, ишқини яширин сақласа, лекин муҳаббат шиддатидан тоқати тоқ бўлиб, васлга эҳтиёж сезса, бунинг иложини топмаса, нима қилсин?” Асмаъий бу сўзларни ўқиб, қалами билан шундай деб ёзиб қўяди: “Агар ўша дардли инсон насиҳатларимдан ўз мақсадига эришмаган бўлса, ўлсин ва ишқ ўтидан ўзини халос қилсин!”

Орадан бир кун ўтиб, ошиқнинг жавобини билиш учун ўша жойга келган Асмаъий чашма ёнида бошини тошга уриб, ҳалок бўлган бир кишини кўради. Асмаъий бу ҳолдан азобланиб, ҳалок бўлган ошиқ учун мотам тутади ва марҳумни қабрга қўяди.

Ушбу ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, ошиқнинг асосий маслаги – ишқ йўлида жисмдан воз кечиш ва ёр учун ўлмоқликни арзимас иш деб билиш.

3. Маърифат водийси – бунда қушлар Симурғ ҳақидаги билимлар, ғоялар чексизлигини ҳис этадилар, Симурғни таний бошлайдилар.

Кимки бу водийға бўлди муттасиф,

Топти анда ҳолларни мухталиф.

Водийедур, юз туман минг онда йўл,

Ул бу бир келмай, онингдекким бу ул...

Гар сулук атворида тағйир эди,

Мақсади лекин борининг бир эди.

Водий таърифига илова тарзида қуйидаги ҳикоят келтирилган: Айтишларича, бир куни бир гуруҳ кўрлар тақдир тақозоси билан Ҳиндистонда бир муддат яшаб, ўз юртларига қайтибдилар. Шунда бир киши улардан: “Ҳиндистонда филни кўрдингларми?” – деб сўрабди. Кўрлардан тасдиқ жавобини олгач, филнинг қандай ҳайвон эканини таърифлашларини илтимос қилибди. Шунда кўрларнинг ҳар бири филнинг маълум бир аъзосини пайпаслаб ҳосил қилган тасаввури асосида филни устунга, аждаҳога, иккита суякка, осилиб турган илонга, чўққига, қимирлаб турган икки елпиғичга ўхшатибди. Уларнинг таърифини тинглаб турган филбонликдан хабари бўлган бир киши кўрларга танбеҳ бермасдан, шундай дебди: “Гарчи улар ўз билганларича сўз айтиб, бир-бирларига зид фикрларни келтирган бўлсалар-да, уларнинг айтганлари кечирарлидир. Чунки улар айтган бу сифатларнинг барчасини бир ерга жам қилса, бу жавоблардан фил ҳақидаги муайян тасаввур пайдо бўлади”.

Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, Аллоҳни таниш ва билиш йўли ҳар бир солик учун ўзига хос бўлиб, бу йўллар қанчалик хилма-хил бўлмасин, уларнинг мақсади бир – Яратганни англашдир.

4. Истиғно (эҳтиёжсизлик) водийсида қушларнинг эҳтиёжманд, Симурғнинг эса эҳтиёжсизлиги тасвири баёнида соликнинг мана шу эҳтиёжсизликни англаб етиш замиридаги ҳолати ифодаланади. Навоий водийни шундай тасвирлайди:

Водий ондин сўнгра истиғнодурур,

Онда тенг аълову гар аднодурур...

Етти кишвар ичра шоҳи қаҳрамон,

Бир гадо онда ҳамону ул ҳамон...

Онда тенг кўр гумраҳу огоҳни,

Дайр кўйи бирла Байтуллоҳни.

Водий моҳиятини ёритиш учун Алишер Навоий шатранж ўйини билан боғлиқ ҳикоятни келтиради. Унга кўра, икки шатранж устаси икки томонга ўтириб, ўртага тахтани қўйган ҳолда унга шатранж доналарини териб чиқишади. Икки ўртада кураш бошланади. Бунда шатранж тахтаси ўраб олинган қалъага, ундаги кураш эса худди ҳақиқий уруш майдонига ўхшаб қолади. Агар ўйин тугаб, шатранж ўйновчи тахтанинг бир четини кўтарса, буларнинг барчаси бир зумда йўққа чиқади. Чунки шатранж ўйновчи уста учун ўйин тугагач, шатранж доналарининг ҳеч қандай фарқи қолмайди. Шатранж доналари халта ичига солингач, “шоҳ” қуйи тушиши, “пиёда” эса юқорига кўтарилиши мумкин. Хулоса шундаки, Ҳақ наздида барча инсонлар шатранж доналари каби “ҳаёт ўйини”дан сўнг тенг даража касб этадилар.

5.Тавҳид (бирлик) водийси. Бутун борлиқ ягона руҳ – Симурғдан иборат эканлигини тушуниш:

Чун бу водий сори сайринг қўйди гом,

Фарду яктолиғ санга бўлди мақом...

Бирда бирдин ҳосил ўлди бир адад,

Йўқ хирадқа мунда дам урмоққа ҳад...

Бир бўлу, бир кўру, бир де, бир тила,

Майл қилма мунда иккилик била.

Водий моҳиятини янада аниқ ифодалаш учун Алишер Навоий Мансур Халлож[7] билан боғлиқ воқеани келтиради. Унга кўра, Мансур Халлож доим тилида “Анал Ҳақ” жумласини такрорлаб юради. Дин арбоблари: “Сенга юзланган ҳолат сулук аҳлининг кўпига аён, лекин улар одоб сақлаб, ўз даъволарини ошкор қилмаганлар. Сен ҳам нафсингни дорга сазовор қилма”, – деб насиҳат қиладилар. Лекин Мансур Халлож бу жумлани такрорлашдан тўхтамайди. Бир куни у тушида Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўради. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг дилидаги “Нега Муҳаммад (с.а.в.) меърож кечаси фақат ислом умматининг гуноҳини сўради, барча осийларнинг гуноҳини тилаганда нима бўларди” деган ўй-хаёли учун унга танбеҳ беради:

Онда менликнинг хаёли йўқ эди,

Балки бу лафз эҳтимоли йўқ эди.

Элтган ул эрди бошлағон ҳам ул,

Истағон ҳам ул, бағишлағон ҳам ул...

Ул эди дегон ўзи, берғон ўзи,

Базл аро сочқон ўзи, терғон ўзи.

Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, Мансур Халлож тавҳид моҳиятини тўла англаб етмагани учун “менлик” хаёли билан “Анал Ҳақ” жумласини такрорлаб юрар эди. Аслида тавҳид водийсида “менлик”ка йўл йўқ.

1. Ҳайрат водийси – Симурғнинг улуғворлигидан ҳайратга тушиб, ақлдан маҳрум бўлиш.

Алишер Навоий мазкур водий ҳақида шундай дейди:

Ҳайрат айлар тилни гунгу лол ҳам,

Ақл зойил, ҳушни помол ҳам...

Йўқни билмас, борини ҳам онгламас,

Не буларни тонглару, не тонгламас...

Фоний эрканнию боқийлиғни ҳам,

Маст эрканнию соқийлиғни ҳам.

Алишер Навоий мазкур водий билан боғлиқ қарашларини ифодалаш учун бир бора васл шаробидан маст бўлиб, ўзини йўқотган ва ҳажрда қолган йигит ҳақидаги ҳикоятни илова қилади. Унга кўра, бир подшоҳнинг ҳуснда ягона қизи тушида бир йигитни кўриб, севиб қолади. Бир куни отасининг базмида у йигитни кўриб, ҳушидан айрилади. Йигит ҳам қизни кўриб, ишқда ёна бошлайди. Подшоҳнинг қизи ўзига яқин бўлган икки маҳрам канизагига ўз сирини очиб, дардига даво топишларини ўтинади. Бу икки канизак жуда устомон ва ақлли бўлиб, ўз маликаларининг ҳажр ўтини бартараф этиш учун йигитни излаб топиб, у билан дўст тутинадилар. Суҳбатларда йигит ўз ишқи ҳақида уларга айтиб беради. Икки канизак базм уюштириб, йигитни чорлайдилар, қўшиқ айтиб, май билан маст қиладилар. Сўнг подшоҳнинг қизи ҳузурига йигитни элтадилар. Йигит у ерда ҳам май ичади, ақлни олгувчи базмда маст бўлади, мутлақо ўзини унутади... Ниҳоят ҳуши ўзига қайтгач, маъшуқа васлининг тушми, ўнгми эканини фаҳм этолмай, паришон бўлади. Атрофдагилар унинг ҳолини сўрашса, мен ҳажр ўтида ёняпман, яна ҳолимни сўраб, азобга солманг, деб жавоб беради. Буюк шоир бу ҳикоятни айнан ҳайрат водийси билан боғлаб келтирар экан, Ҳақ васли сари интилган солик ҳали чинакам висолга эришмай туриб, ундан бениҳоя ҳайратга чулғаниб, ўзлигини унутишига ишора қиляпти. Бу эса ўз ўрнида чинакам дийдор учун солик руҳини тайёрлаш босқичини ўтайди.

7.Фақру фано водийсида ўзликдан воз кечиб, Симурғ билан бирлашиш, абадийликка қайтиш моҳияти мужассам. Навоий бунга шундай таъриф беради:

Йўқ бу водий ичра жуз хомушлуқ,

Гунгу кар бўлмоғлиғу беҳушлуқ...

Ҳар неким қилсанг гумон топғон вужуд,

Буди йўқ, бу навъ эрур бори намуд.

Ғайри ҳақким, қодири барҳақдур ул,

Борча фоний, боқийи мутлақдур ул.

Ушбу водий шарҳида Навоий бир эмас, тўрт ҳикоят келтиради. Улар орасида “Парвоналар ва шам” ҳикояти алоҳида аҳамиятга эга. Ҳикоятга кўра, бир кеча парвоналар жам бўлиб, шамга етишмоқни мақсад қилишибди. Қанотларини ўтда ёқишга ҳозирлаб, ўз ҳолларини изҳор қилмоқчи бўлибдилар. Парвоналардан бири қанотларини қоқиб, шамда ёна бошлабди ва шам ҳақидаги сўзларни бошқа парвоналарга аён қилибди. Парвона ҳар қанча равшан сўзламасин, эшитувчилар уни англай олмабдилар. Шунда бошқа парвоналар ҳам бу ҳолни англамоқ учун уриниб кўрибдилар ва ўз қанотларини куйдирибдилар. Сўнгги парвона қўрқмасдан ўзини шуълага уриб, пок бўлибди ва ўзи ҳам шуълага айланибди. У ўз мақсади ичра нобуд бўлибди ва фанода айни муддаога эришибди. Ҳикоятдан келиб чиқадиган хулоса шуки, куймай туриб, шам билан бирликка эришиб бўлмайди. Солик фано бўлмай туриб, абадийликка, Ҳақ висолига эришолмайди. Шоир ҳикоят сўнгида Фоний тахаллусини қўллаш билан водий моҳиятини янада теранроқ, чуқурроқ англатади:

Фониё, лофи фано урмоғни қўй,

Васл эса коминг, фано ўтиға куй.

Эврулуб шамъ ўтиға парвонавор,

Ўзни ташла шуълаға девонавор.

Ниҳоят водийлар сўнгида фақат ўттиз қуш қолганлиги маълум бўлади. Ўттиз қуш форсчада “Си мурғ” дегани. Бу қушлар қаерга боқмасинлар, у ерда ўзларининг аксларини кўра бошлайдилар:

Кўрдилар ўзни қаёнким тушти кўз,

Оллоҳ-Оллоҳ не ажойибдур бу сўз.

Ким қилиб Симурғни ўттиз қуш ҳавас,

Ўзларин кўрдилар ул Симурғ бас.

Достон сўнгида қушлар ўзларидаги Симурғни кашф этадилар.

Тасаввуф фалсафасига кўра, бу дунё Ҳақнинг тажаллийси – Аллоҳнинг жилоланишидир. Дунёдаги барча мавжудот Аллоҳнинг зуҳуридир. Шу маънода инсон ҳам ўзидаги мана шу заррани кашф этмоғи, бунинг учун эса жуда узун ва машаққатли йўлни босиб ўтмоғи керак. Бу юқорида келтирилганидек, етти водийдир. Сўнгги водий фақру фано водийси, яъни йўқликка айланиб, Оллоҳга қўшилмоқдир.

Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Симурғ – Ҳаққа етишиш тимсоли. Қушлар – Ҳақ васлига талабгор соликлар тимсоли. Ҳудҳуд эса пири комил рамзи.

Юқорида кўринганидек, “Лисону-т-тайр” достони Фаридиддин Атторнинг “Мантиқу-т-тайр” достонига жавоб тарзида ёзилган. Бир қарашда бу икки достондаги воқеалар ривожи ҳам, ундаги қаҳрамонлар ҳам бир хилдек тасаввур уйғонади. Аслида, ҳар икки муаллиф ғоявий нуқтаи назар ҳамда қаҳрамонларга зиммасидаги бадиий юк жиҳатидан бир-бирларидан фарқланадилар. Адабиётшунос З.Мамадалиева ўзининг “Алишер Навоий “Лисону-т-тайр” достонидаги рамзий образлар тизими” номли тадқиқотида мазкур икки достондаги рамзий тимсолларни талқин қилиш асносида Навоий достонидаги Ҳудҳуднинг ўзига хос бир неча хусусиятларини кўрсатиб ўтади:

1) Навоий талқинидаги Ҳудҳуд комил инсон рамзи бўлиш билан бирга муаллифнинг достондаги биринчи рақамли тимсоли ҳамдир;

2) Навоий тасвирлаган Ҳудҳуд юксак ирфоний масалаларни ҳар бир қушнинг даражасига мос равишда содда ҳаётий воқеалар ва мисоллар билан тушунтириб беради;

3) Фаридиддин Аттор ўз достонида асар сюжетини ҳеч бир воқеасиз қушларни таърифлаш билан бошлайди, “Лисону-т-тайр”да эса қушларни таърифлаш вазифаси Ҳудҳудга юкланади;

4) “Мантиқу-т-тайр”да етти водий таърифи келганда Ҳудҳуднинг вазифаси тугайди, лекин Навоий достонидаги Ҳудҳуд қушларни сўнгги водий фақру фано водийсида ҳам қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, тадқиқот муаллифининг фикрича, “Мантиқу-т-тайр”даги ғояга кўра, ундаги қушлар Симурғнинг сояси, холос. Яъни улар Симурғга интилганларидагина аҳамиятли. Қушлар (инсонлар)нинг бу дунёдаги ҳаёти ҳижрон ва айрилиқда. Навоийда эса уларнинг яратилиши ҳижрон ва айрилиқда эмас, балки Яратганнинг ҳикматидадир. Шу маънода икки достонда ваҳдату-л-вужуд фалсафасининг икки хил талқини акс этганлигини кўрамиз. Аттор достонида қушлар сўнгги водийда Симурғ билан бирлик касб этадилар, Навоий достонида эса риёзат чекиш асносида покланиб, ўзларидаги Симурғни кашф этадилар.

Достондаги баъзи қушларни рамзий тимсоллар сифатида қуйидагича талқин қилиш мумкин:

Товус – дунё гўзаллигига маҳлиёлик.

Қарчиғай – ҳокимлик қилиш истаги.

Булбул – фоний дунё ошиғи.

Каклик – ўз рафтору амалларига маҳлиё бўлиш.

Бургут – мақсадсиз куч-қудрат.

Товуқ – фикрий, маънавий парвоздан маҳрумлик.

Бундан келиб чиқадики, кўпчилик Ҳаққа етишиш даъвоси билан сулукка кириши мумкин, лекин ҳамма ҳам бу йўлдаги имтиҳон ва синовлардан ўта олмаслиги мумкин экан.

“Лисону-т-тайр” достони Аттор достони сингари рамал баҳрининг рамали мусаддаси маҳзуф вазни (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилун – V – – V – V – ) вазнида ёзилган.

Адабиётлар:

1. Навоий Алишер. Лисонут тайр. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1994. 12-жилд.

2. Navoiy Alisher. Lison ut-tayr (nasriy bayoni bilan). – T.: G’.G’ulom nomidagi nashriyot-matbaa uyi, 2005.

3. Лисонут тайр (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991.

4. Н.Комилов. Тасаввуф. –Т.: Мoвarounnahr – O‘zbekiston, 2009.

5. Бертельс Е.Э. Навои и Аттар / Суфизм и суфийская литература. – М.: 1965. – С.377-421.

6. Имомназаров М. Ҳақиқат ва мажоз (2-3-мақолалар) // Шарқ юлдузи. – Т., 1989. - № 4; 1991. - № 4.

7. Олимов С. Ишқ, ошиқ ва маъшуқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1992.

8. Шарипов Ш. Алишер Навоий “Лисонут тайр” достонининг генезиси ва ғоявий-бадиий хусусиятлари. – Т.: Фан, 1982. – 96 б

9. Шарипов Ш. “Лисонут тайр” ҳақиқати. – Т.: Маънавият, 1998.

10. Мамадалиева З. Лисон ут-тайр” достонидаги рамзий образлар тизими. Филол.фан.номз.дисс. – Т., 2011.



[1] Шайх Санъон (ибн Саққо) XI-XII асрларда яшаган тарихий шахс.

[2] Жунайд Бағдодий – тасаввуфдаги саҳв (ҳушёрлик) концепциясининг асосчиси. 910 йилда вафот этган.

[3] Боязид Бистомий – тасаввуфдаги сукра (илоҳий шаробдан мастлик) (девоналик) йўлининг асосчиси. 961 йилда вафот этган машҳур шайх.

[4] Фоний – ўзлигидан кечиб, Ҳақ васлига етишган солик

[5]Тасаввуф таълимотига кўра, маъшуқ, яъни илоҳий мазҳар моддий жисмдан холи деб қаралади, унинг жинси ва ёши (аёл ёки эркак, кекса ёки навқирон эканлиги) аҳамият касб этмайди. Шу ўринда, буюк сўфий Шамс Табризий ва соҳирнафас шоир Жалолиддин Румийларнинг муҳаббатини эсга олиш кифоя.

[6] Асмаъий Абу Саъид Абдумалик бинни Қурайб – 828 йилда вафот этган машҳур араб тилшунос олими.

[7] Мансур Халлож – 858-922 йилларда яшаб ўтган сўфий шахс. “Анал Ҳақ” – “Мен Ҳақман” дегани учун руҳонийлар томонидан ўлимга ҳукм қилинган. Тасаввуфдаги сукра йўли тарафдорларидан.

Дилнавоз Юсупова