Facebook
Навоийда одамийлик фалсафаси PDF Босма E-mail

Адабиётда шундай мавзу ва масалалар борки, улар за-мон ва макон ҳақидаги қоидаларга итоат этмайдилар. Миллий айирмалардан ҳам, диний айирмалардан ҳам юқорида турадилар. Улар барча халқлар, барча мамлакатлар учун муштаракдир. Шундай масалалардан бири инсон ва инсонийлик масаласидир. Бу неча-неча асрларни адабиёт воситасида ўзаро маҳкам боғлаб-бириктириб турадиган кўзга кўринмас бир робитадир. Бу мавзу дунё қадар кўҳна, инсон қадар ҳамиша барҳаёт мавзудир. Адабиёт бино бўлибдики, бу мавзу унга йўлдошдир. Фарқ шундаки, у замони билан мумтоз ва беназир мавқе олди. Замони билан оддий, жўн, шунчаки бир гапга айланиб қолди. Лекин ҳеч қачон адабиётнинг кун тартибидан тушган эмас.

Алишер Навоий фавқулодда шахсият, доҳий санъаткор. Тарих ҳар замонда бир инъом этадиган санъаткор. Унинг ижоди ҳудудсиз бир уммон. Унга тушган ғаввос қуруқ чиқмайди. Ҳар ким ўз ақлига кўра, ўз ғайратига кўра, қунт-чидамига кўра, албатта, нимадир топиб чиқади. Аввало, унда ҳар бир саволга жавоб бор. Инсоннинг кундалик ҳаётидан инсониятнинг долзарб муаммоларигача. Унинг «Ҳайратул аброр»ида шундай сатрларни ўқиймиз:

Ганжинг аро нақд фаровон эди,
Лек боридин ғараз инсон эди.

Улуғ шоир эътиқодича, дунёнинг бино бўлмоғидан муддао аслида инсон эди. Бинобарин, ундан улуғ мавжудот йўқ. У — хилқатнинг тожи, борлиқнинг меҳвари.

Борчасини гарчи латиф айладинг,
Борчадин инсонни тариф айладинг,—

деб ёзади шоир.
Бу сатрлар бундан 500 йил олдин ёзилган. Инсон ва унинг қадр-қиммати масаласи 500 йил олдин ҳам адабиётимизнинг жон томирларидан бўлиб келган эди. У кўҳна Шарқ адабий тафаккурида, хусусан, форсий шеъриятда мумтоз мавқени тутган «одамият» масаласи билан ғоят ҳамоҳанг эди.
Замондошимиз, шоир Эркин Воҳидов қаламида бу фикр шундай акс садо топади:

Собиту сайёрада инсон ўзинг, инсон ўзинг,
Мулку олам ичра бир хоқон ўзинг, султон ўзинг.

Инсон деганда, биринчи навбатда, биз унинг ҳаётини, бу ҳаётнинг реал мазмунини кўзда тутамиз. Адабиёт инсоний умрнинг фонийлигини инкор қилмади. Аксинча, ҳақиқатга тик қаради. Унинг кишига бир марта бериладиган улуғ неъмат эканини таъкидлади. Ғанимат умрдан баҳраманд бўлиш, уни яхшилик-эзгулик йўлида сарф этиш, шу орқали умрни абадийлаштириш ҳақида фикр юритди:
Хуштурур боғи коинот гули Барчадин яхшироқ ҳаёт гули, — деб ёзади улуғ Навоий. Ёки унинг ҳикматга айланиб кетган мана бу фард — муаммосини олиб кўрайлик:

Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулига сабот
Ажаб саодат эрур чиқса яхшилик била от.

Бу гулшандаки сўлмайдиган гул йўқ экан, ҳамма бирин-кетин ажал шарбатини ичар экан, яхшилик билан чиқарилган от туфайлигина абадий яшаб қолиш мумкин, холос. Бошқача айтганда, ўлмасликнинг йўли битта — яхши ном - мана шоир умрининг мазмуни, ижодининг бош шиори. Бу умрнинг мазмунига тегишли гап. Унинг бош шиори комил инсон.

Инсон ҳақида гап кетганда яна бир нарсани қайд этмоқ керак. Сарв қаддининг мавзунлиги билан, гул рухсорининг гулгунлиги билан қадрли. Инсон ҳам номига, ўз қад-рига, ўз мавқеига муносиб бўлиши керак. Бу масала ҳам инсон ҳақидаги фикр-қарашларнинг муҳим бир қисми сифатида ҳамиша адабиётнинг марказида келди. Бугина эмас. Шоирларимиз инсоннинг маънавий-ахлоқий камо-лотига ҳам алоҳида эътибор қилдилар. Масалан, Навоийча инсоннинг дунёга келиб камолотга етмай ўтиши ҳам-омга кириб, тоза бўлмай чиқишдек гапдир:

Камол эт касбким, олам уйидин,
Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмак — биайниҳ,
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.

Биз бугун инсонни ҳар томонлама камол топтириш ҳақида гапирар эканмиз, унинг Навоий орзуларига ҳамоҳанг эканлигини мамнуният билан таъкидлаймиз.

Инсоннинг шаъни-шукуҳи, мавқе-мартабаси X—XV асрларда Шарқ адабиётида шаклланган одамият — одамийлик фалсафасининг фақатгина бир томонидир. Унинг энг муҳим бўлган иккинчи томони ҳам бор. У инсоннинг ташвиш ва қувончлари билан яшамоқ, унинг бахтидан қувонмоқ, ғамидан ёнмоқдир. XX аср боши ўзбек адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири Сидқий Хондайлиқий шундай ёзган эди:

Ҳама одам ўғли бир аъзо эрур,
Ки хилқатда бир дурри танҳо эрур.
Бир узвингни ранжитса гар рўзгор,
Бўлак узвларда қолурми қарор?!

Дарҳақиқат, инсоният барча узвлари ўзаро бир жону бир тан билан боғланган яхлит бир аъзодир. Унинг муқобили, тимсоли йўқ. У — дурри танҳо. Унинг узвларининг бирига шикаст етса, бошқаларининг беқарор бўлиши муҳаққақдир. Инсонларнинг инсон ва инсонликни ҳимоя қилиши шундан.

Улуғ шоир:

Одами эрсанг, демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами, —

деб ёзди. Ўзининг ҳаёти учун ҳам, ижоди учун ҳам бу даъватни шиор сифатида қабул қилди. Бу шиор биргина ўзбек ёхуд Шарқ адабиётига хос эмас. У умумжаҳон адабиётининг таянч нуқталаридан биридир. «Одамлар, инсонпарвар бўлинг! Бу — Сизнинг бурчингиз!» — қўшимча қилгандек бўлади Руссо. Давримизнинг бугунги шиорларидан бири эса «Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун!» деб номланган.

Чинакам инсон учун кишиликни улуғлаш, унинг бахтли бўлиши лозимлигини эътироф этиш ҳали оз. Бу бахт учун курашмоқ ҳам зарур. Навоий бу йўлда ҳам буюк жасорат кўрсатди. Инсонпарварликни ҳар қандай муқаддас нарса-дан муқаддасроқ билди. Уни ислом оламининг энг муқаддас, мўьтабар даргоҳи Каъбани обод қилиш билан тенг тутди. Шоир ёзади:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борки, каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Бир кўнгли синиқ кишининг кўнглини кўтариш, шод этиш шу қадар улуғ ишки, бу вайрон бўлган Каъбани обод қилган даражададир. Одамнинг кўнгли Каъбага қиёсланяпти. Кўнгил синиқлиги Каъба вайронлигига ўхшатиляпти. Меҳр-мурувватнинг бундай тимсоли, ўйлайманки, ҳар қандай кишини ларзага солади.

У элнинг нафини ҳамиша ўзлигидан устун қўйди. Уни ҳамиша энг юксак мезон деб билди. Ахир:

Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам, —

демоқ учун киши эл дардини қанчалар теран билмоғи керак! Йўқ, билишгина эмас, у билан бир тандек, бир вужуддек яшамоғи лозим.

Мана шу сўнгсиз дард ва иштиёқ - замона ноҳақликларидан изтиробланиш, ҳақиқат ва адолатни орзулаш шоирни келажакка етаклади. У зулм ҳам, зўравонлик ҳам бўлмайдиган олам ҳақида фикр юритди:

Оламе хоҳам, ки набвад мардуми олам дар у,
К-аз жафои мардуми олам набошад ғам дар у, -

деб ёзди. Яъни: бир олам истайманки, унда давримизнинг одамлари бўлмасин, одамлар жафосидан ғам бўлмасин.

Бошқа бир шеърида эса қуйидаги сатрларга дуч келамиз:

Гар будур олам, кишига мумкин эрмас анда ком,
Ҳақ магарким ком учун боштин яратқой оламе.

Инсоният бино бўлибдики, ўз келажагини, истиқболини ўйлайди. У дунёни иккига — эзгулик ва ёвузликка ажратди. Эзгулик ва ёруғлик тимсолида Ҳурмузни яратиб, ёвузлик ва зулматга - Аҳриманга қарши курашга солди. Тўкинлик, фаровонлик ҳақида хаёл суриб «очил дастурхон»ларни ўйлаб чиқарди. Шоҳ ҳам, гадо ҳам бўлмайдиган замонларни, адолат ва озодлик пойдор бўладиган давронларни орзу қилди. Улуғ Навоий башорат қилган «оламни боштин яратмақ» ҳақидаги фикр инсоният излаган ҳақиқатга эш эди. Ундан 350 йил кейин ўтган ва ўз шеърларида Навоийни ҳамиша устоз тутган Огаҳий ёзади:

Агар жамъ ўлса учқун бир маконға,
Бўлур ҳар дамда оташгоҳ пайдо.
Ва гар ҳар соридин йиғнолса қатра,
Бўлур тадриж ила ҳосил ҳувайдо.

Халқнинг ғоят қудратли куч эканлигини ифода этувчи бу қитъа 1842 йилги Ойдўст қўзғолони муносабати билан ёзилган. Лекин ундаги руҳ ва мазмун Навоийга гоят яқин. Буни пайқаш қийин эмас. Энди бошқа бир шеърни кўрайлик:

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,
Халқ исёндир, халқ офатдир, халқ ўчдир...
Халқ қўзғолса, куч йўқдирким тўхтатсун!
Қувват йўқким халқ истагин йўқ этсун...

Бу шеърнинг муаллифи 20-йилларнинг машҳур шоири Чўлпон. Бир нарсага эътибор қилайлик. Бу уч шоирни -XV асрдаги Алишер Навоийни, XIX асрдаги Огаҳийни ва XX асрдаги Чўлпонни бир-бирига маҳкам боғлаган робита нима? Инсонпарварлик эмасми, элпарварлик эмасми?!

Бой ўтмиш адабий меросимизнинг бугун ҳам барҳаёт келаётганлиги ҳақида гап кетганда Навоий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ яна бир масалани тилга олишни истардим. Улуғ шоир ўзининг бутун умрини халқи ва мамлакати осойишталигини таъминлашга, эл ва юрт бошига қирғин ва талонлар келтирувчи ўзаро нифоқ ва жанжалларни олдини олишга қаратган эди, тинчликни улуғлаганди. Бу маслак ва ғоя унинг ўлмас асарларида ҳам давом этди. «Хамса»даги воқеалар, образлар бунга далил.

Дарҳақиқат, Навоий барча замонлар шоири. Ҳар бир авлод ундан ўзига керакли гап топа олади. У замонларни бир-бирига улаган шоир. Унинг инсон ҳақидаги, умр ҳақидаги, ҳаёт ҳақидаги, ишқ ҳақидаги фикрлари ҳеч қачон эскирмайдиган фикрлардир.

1987 йил
Бегали Қосимов