Facebook
Ойбек. Созим - 2 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Ойбек. Созим
2
Ҳамма саҳифа

* * *

Майли, сув ич, қаттиқ нон кемир,
Лекин, ёнсин қалбингда олов.
Фалсафанинг аччиғин симир,
Фароғат, тин сенга бўлсин ёв.
Тошга ҳам, рангга ҳам, сўзга ҳам
Ҳаёт нури билан бер жило.
Нашъа эмас, ҳатто сенда ғам
Қалбга солсин ҳаётдан зиё.
1937

ҲАЁТ ҚЎШИҒИ
Қуёш, нуринг тўка бер мўл-мўл!
Баҳор, кетма бизнинг бошлардан.
Юртимизда қолмасин дашт-чўл,
Чаман кулсин ҳатто тошлардан!
Ярқирай бер, қуёш — инқилоб!
Бошла янги зафарларга йўл.
Жаҳонларга қиламиз хитоб:
Абадий бахт берди бизга қўл!
Севинч тошган, садомиз баланд,
Кўкрак тўла ҳаёт ишқига.
Умид, орзу — баҳорги чаман.
Кечмакдамиз нур денгизига.
Тарихларнинг тун оғушини —
Ёриб қуёш туғди инсонга.
Инсонларнинг қадим тушини
У кўрсатди рўй-рост жаҳонга!
Меҳнат озод за қалблар озод,
Бахт, ғурурдан кўкраклар баланд.
Ижод нашъа кундан-кун зиёд,
Йўқдир орзу булоғига банд!
Ҳаётнинг кар, хасис тошига
Югурди бир сўлим, ёш баҳор,
Муз эриди сувнинг бошида,
Ҳаёт кўрди нур тошқин диёр.
Кўзлардадир ёшлик учқуни,
Хўп ростлаган қаддини инсон.
Муҳтожликнинг золим қуюни
Қилмас энди уни саргардон.
Ижодга бой, тўлғин бир ҳаёт
Бизда очган чаман ёзини.
Фикр, хаёл ёйиб кенг қанот
Юксалтирар ўз парвозини.
Учувчи бўл, врач, рассом бўл
Бизда санъат, ҳикмат—ҳаммаси!
Қандай орзу сари чўзсанг қўл,
Муяссардир гули, меваси!
Эрк ва инсон сингари яшаш
Бизда бўлмиш қонун мазмуни.
Жаҳонларга элтамиз қуёш,
Яшнар бахтнинг ярқироқ куни...
Кишиликнинг мингларча йилдан
Бери тўқиб келган армони —
Тирилди минг гўзал ранг билан.
Бекор кетмас ботирлар қони.
Жасоратга солинмас соя,
Фикр ёрқин ва қўллар пишиқ,
Наслимизга қўрқув бегона!
Ватан ишқи, бурч ҳисси тиниқ.
Кремлни қучиб, ўйноқлар
Волганинг шўх, тоза тўлқини.
Ҳаёт ва бахт учун қирғоқлар
Меҳнатимиз очар ҳар куни.
Ватанда кўк фирузасини
Тешган энг бой, юксак тоғлар бор,
Мириқиб эмар кун шуъласини,
Узум, анор тўккан боғлар бор.
Олтин бошоқ қир-далалари,
Қанча ўрмон, дарё ва денгиз.
Яшил гилам кенг пахтазори,
Ранго-ранг, бой, мамлакат чексиз...
Яшар, қайнар қишлоқ, шаҳарлар
Яшаради мамлакат юзи,
Ҳар инсоннинг кўнглида кезар,
Бахт ташувчи гўзал юлдузи.
Ишлаганга бахт, гул — қучоқда.
Ҳаётда ранг ва зиё қуюқ.
Мамлакатнинг қизлари боғда
Куйлашади яйраб бир қўшиқ:
«Йўлдошимиз ою, офтоб,
Бахт очилмиш чаман-чаман.
Қучоқ-қучоқ гул ва китоб
Бағишлади гўзал Ватан...
Шодликларнинг ёш баҳори,
Совурамиз гулдан хирмон,
Шўх жаранглар ёшлик тори,
Бермаймиз ҳеч ёзга омон!
Улуғ Ленин авлодимиз,
У берди бахт, иш ва ҳуқуқ...
Унга куйлар тўқир ҳар қиз,
Куйга тўлсин сўнгсиз уфқ!»
Фикр, истак, ғайрат ногиҳон
Оқа кетди тошиб қирғоқдан,
Кўтарилди гўёки тўғон,
Тўлиб чопар дарё йироқдан.
Қутулган халқ ишлар, яратар,
Халқ эркининг гўзал, мўл ёзи.
Ер, сув, қонун, давлат унга ёр,
Ҳар улуғ иш унинг парвози.
Завод, фабрика юксалган мағрур,
Янги фикр, янги бахт, шуҳрат
Барқ уради! На гўзал сурур...
Фикрларда тошади ғайрат!
Бир кафт зўрда олтин тоғ, зийнат...
Халқ суягин ғажиган очлик,
Энди чангал сололмас офат,
Гўрга кирган очлик, муҳтожлик!
Юрт бахт берди ҳатто кўр, карга,
Ҳар бир қарич ери, ҳар тоши
Арзир чуқур севги, лапарга,
Жаҳонда йўқ унинг одоши!
Муқаддасдир Ватан ҳавоси,
Унда янграр шўх, эркин қўшиқ.
Тугатилди қуллик балоси.
Турмушимиз бой, тўкис, тўлиқ.
Заводларда йигитлар — илғор.
Пўлат қуйиб, ҳаёт қўради.
Фабрикада қизлар — ижодкор,
Озод меҳнат завқин суради.
Қўйнига бахт, эрк қучган кунлар
Китобида ҳеч йўқ қайтариқ.
Янги ҳис-ла туғар саҳарлар,
Кўзларда нур: мақсад, йўл аниқ.
Чегаралар олов ва темир.
Найзаларнинг учида ёнар
Тийрак кўзлар, ёв юраги зир,
Чегарани арслонлар пойлар.
Бутун жаҳон тонги учун биз
Элтмоқдамиз буюк қуёшни,
Ҳар ёвуз куч чўкар албат тиз,
Қаршимизда эгажак бошни!
Ватан тўлди бахтга, зафарга —
Ҳар бир қарич ери, ҳар тоши —
Арзир чуқур севги, лапарга,
Жаҳонда йўқ унинг тенгдоши.
Ярқирайвер, қуёш — инқилоб!
Бошла янги баҳорларга йўл.
Дунёларга қиламиз хитоб:
Абадий бахт берди бизга қўл!
1937

ҚОРАХАТ
Бехосдан узилган шода дур каби,
Тўкилди умиднинг рангли барглари.
Осилди бир онда қўллар мадорсиз,
Ер қочди, қорайди қуёш зарлари...
1941

ЁР
Кўксимдаги севинч шунча зўр,
Думалаймен майсада танҳо.
Гоҳ тентираб кетамен узоқ,
Ерни қучиб ўпамен гоҳо...
Қир, тепалар адирлар чаман,
Кўклам ёйган ҳар ерда гилам.
Олтинланган хушёқар ҳаво,
Шўх, маст шамол тинмайди бирдам.
Турналарнинг қоп-қора ипи
Жилпоқланиб кўкда сўнар жим.
От кишнаши ҳусн далага,
Гувиллайди сойда сув лим-лим...
Танҳо кезиб, мириқиб думалаб,
Соғинч билан ерни ўпаман,
Дейман: кўп соз меҳрли она,
Қучоғингга бир кун қайтаман...
Шимолий Тошкент канали,
1942, апрель.

* * *

Ёр кетди, кўзим булоғи қолди.
Сийнамда тирик фироғи қолди.
Ишқ хотираси каби сочимнинг
Ёшликда кўпайган оқи қолди...
Ҳар лаҳза дилу хаёл паришон.
Бир хўрсинишимда дардлар уммон.
Юлдуз каби тунда ярқирар жон.
Тундек сочи иштиёқи қолди...
1942, 26 июнь

* * *

Сендадир кўзларим, сендадир кўнгил,
Узоқларга ҳасрат билан боқаман.
На қуёш, на баҳар, на гулшанда гул
Юракни юпатмас — мен соғинаман.
Сени соғинаман, руҳда йўқ қарор,
Ошиб кел тоғ, довон!
Бу қадар ҳижрон!..
Дардим бор, гулим бор, қўшиқларим бор..
Сен йўқсан! Наҳотки бу мангу армон?!
1942, 12 июль

* * *

Тун. Шамоллар кезар бетиним
Гоҳ ишкомда, гоҳ деразада.
Чўмилади бир тўп юлдуз жим
Жилдираган бир ариқчадан...
Суқтой кучук изғийди танҳо,
Суяк тишлаб сакрар пахсадан.
Нурланади бир четда само:
Ой — ўртада синган зар лаган.
Ўтиради шоир айвонда,
Хаёллари тушларда сарсон.
Қайғуради ўтган ҳар онга,
Оқар дарё — оқади замон.
1942

СОЗИМ
Уйғонгач умрнинг илк баҳори,
Соз бўлди кўнглим самимий ёри
Ҳамшира каби яқин ва дилбар,
Тонг юлдузидек умидга ундар.
Соз билмади ҳеч маҳал аразни,
Нурлатди юракни жонли базми.
Ул қўрқмади дуч келса тиканзор,
Офатли бўрон, қутурса сел, қор...
Гар эгса қаддимни чўнг машаққат,
Бир онда учирди — мисли ул пат.
Қишларни баҳор айлаган ул,
Ундирди боғимда хилма-хил гул.
Гулларнинг туси бағир қонимдан,
Маст нози севгининг тонгидан.
Мен у билан айладим тараннум,
Ҳар сўзда қуёш қилур табассум.
Дилларда чаман очар бу сўзлар,
Соф ҳис билан яшнамасми кўзлар?
Нур, ҳаққа чақирди халқни созим,
Халқимникидир сўзим — овозим!
1942

* * *
Олмалар тарам-тарам,
Боғларнинг ҳусни тўлган,
Чаман рангга бой, кўркам:
Кўнгилларга не бўлган?
Кўзлар жилваси ўзга,
Қўшиқларнинг шўхи оз,
Бир «уҳ» кирар ҳар сўзпа,
Ҳорғин, ғалати бу ёз.
Уфқларнинг бети қон...
Ҳар юракда бир ҳижрон...
1942, 26 июнь

* * *

Ҳаёт қаъри ларзада...
Асабий, тунд шамоллар.
Бетоқатдир хаёллар,
Тонгги сўз — кеч сафсата...
Булутларнинг алвони —
Бўронларга байроқдир.
Кураш — курашмоқ ҳақдир!
Жўшар ҳаёт гирдоби...
Кураш, ҳақлик бизники,
Мангу зафар бизники!
1942, 14 июль

* * *

Қуёшнинг майин зар мўйнасин
Ёпиниб куз илиқ уйқуда.
Сув ташлаб лойқа, шўх суръатин
Ипакдай товланар кўзгуда.
Кезаман жимгина боғчада,
Бошимга тўкилур япроқлар.
Ёзги ранг мавжлари ўчса-да,
Гулзорни кўзларим қучоқлар…
1942, 10 октябрь

* * *

Қорли йўллар, уҳ, узун
Бу йилларнинг дардидек…
Увиллайди оқ қуюн,
Аччиғи билмайди чек!
Бу йўллардан юрди ёв,
Зилзиладек ўтди у.
Ҳаёт куюнди — косов,
Қон сизувчи йўллар бу.
Чекилди ёв пойтахтдан
Бошсиз, қўлсиз, оёқсиз...
Қафани қордан, яхдан...
Қиш, найза хўб иноқсиз!
1943, февраль.

КЎРКАМ ТОЛ
Толга у қараб қолди,
Юрагига тўлди ғам,
Хира-тиниқ ойдинда
Кўзларйни ҳеч узмас.
Хотира ҳушни олди.
Барглари қугоқ, кўркам
Тол дарди бор дилида,
Буни асло унутмас.
Мангу унутмайди у,
Қуюқ тол новдалари
Остида тонг пайтида
Хайрлашган бир дамни.
Ёв жаҳайнам қурди-ку.
Гўзалим, ўч олови
Борми дил нафратида,
Партизан қиз бўлгали?
Айрилдилар далада,
У минди отга шу он.
Елғиз оёқ йўлларда
Қиз кетди ўрмон томон.
Ҳалқумга дард тиқилар!
Кўпинча тунда бирдан
Хотиралар дув босиб,
Манглайин эзар, сиқар.

* * *

Сочларининг чангига боқма,
Кўйлагининг рангига боқма,
Қизча минган яғир эшакнинг
Қулоқ йиртар «ҳанги»га боқма.
Кўзларининг соф нурига боқ,
Севгининг маст дарёсида оқ!
1943, сентябрь

МАЙЛИ...
Нима деса десин одамлар!
Ит ҳуради— ўтади карвон.
Виждон билан қимматдир дамлар!
Ҳар вақт эшдир қалбимга виждон!
1944

* * *

Йиғи келмайди сира...
Ғазабдан қақраган кўз.
Бу йўлларнинг яхидек
Лабимда қотипти сўз.
Қошлар, киприклар қиров —
Юраман ҳушсиз, ҳайрон.
Қорним оч, эсга келмас
Халтамдаги ғиштдек нон...
Куйган уйларда увлар
Қиш қуюни бетиним.
Танҳо кезаман. Йиғлар
Юрагимда Ватаним.
1944, 17 февраль

НАВОИЙ
Асрларга элтиб хаёлни
Баъзан ёрқин кўраман чолни...
Нуроний юз, нуроний соқол,
Кўзларида муҳаббат, малол.
Даҳо порлар пешонасидан,
Гўё қуёш булут ичидан.
Буюк кўнгил ва буюк фикр
Мавжуд каби, чизғиларда сир,
Кўркам, мағрур, оз эгик боши,
Қуюқ жиддий киприги, қоши,
Нигоҳининг маъноси нодир:
Шундай боқар файласуф шоир.
Чеҳрасида ҳаёт мазмуни,
Тажрибалар ясамиш уни.
Донишманд чол, улуғ руҳга хос
Бир табассум — тавсифга сиғмас
Тавозе самимий, илиқ,
Ҳаракати нозик ва силлиқ.
Нафис бутун сиймоси, саси.
Нафис ишқи, ғами нашъаси...
Ярим кеча, ўтиради у.
Бир хитойи косада лим сув.
Ёнар титраб бир олтин шамдон
Токчаларга китоб қаланган.
Гиламларнинг қон гулларини
Ёндиради бу шамнинг нури.
Жиҳозларда тартиб ва маъно,
Ингичка завқ, оҳангга имо...
Қари шоир фикри тошади.
У энкайган, тинмай ёзади.
«Қирт-қирт» этиб савағич қалам
Сукунатни бузади ҳар дам.
Нафис қоғоз бетларини шеър
Тўлдиради, тоза ҳар сатр.
Юксак эди хаёл парвози,
Яшнар сўзнинг чамани — ёзи.
Фикри — учи чексиз самога
Кирган тоғдан энмиш шалола.
Оғса ҳамки умрин қуёши,
Ёшлик ўти унинг йўлдоши.
Соч-соқолни қиров босса ҳам
Ижод ҳали чиройли кўклам.
«Хамса»даги офтоб албат
Буюк қалбдан бир ёлқин фақат:
Меҳнат учун туғилган одам,
Ишга қанча севги ва чидам.
Бу одамда қанча матонат!
Иш, яратиш — унга фароғат!
Ухлар эди гўзал «Унсия»,
Шеър париси чўчмасин дея...
Посбонлар, миршаблар саси
Баъзан янграр эди кечаси...
Узоқларда қичқирар хўроз.
У ишлайди, қалам қилмас ноз...
Қучган эди ширин бир илҳом,
Ёзган сари руҳида ором...
Шоир кезар «Бинафша боғ»ни,
Чаманзорлар очар димоғни.
Хиёбонлар шундай гўзалки,
Сояда нур жимирлар секин.
Бир қўзғалиб мадорсиз шамол
Япроқларни елпиди хушҳол.
Шоир кўзи ҳар бир гўшада
Топар янги гўзаллик, лавҳа...
Қушлар сайраб барглар ичидан,
Эслатарди «Лисонуттайр»дан.
Ҳар бир гули бу чаманзорнинг
Жон бағишлар тилига торнинг…
Илҳомидан ўзга йўқ бир ёр,
Усиз шоир кўнгли беқарор.
Илҳом унга янги бир ғазал
Ғунчасини очар шу маҳал.
Гўзал кўшкка қайрилган замон,
Мевазордан чиқади боғбон.
Кўзларида севги, эҳтиром,
Бошин эгиб, беради салом,
Бир мис тобоқ ҳақиқдай олма:
«Тақсир, тотиб кўринг бир марта.
Илк узишим, бу йил мева мўл».
Шоир кулиб, узатади қўл,
Олар икки ёқут олмани,
Кўзни олар ранги, жилоси...
Ҳидлайди завқ билан сўнгра у.
Яшаради қалбида туйғу:
— «Болаларга улашинг ҳар кун.
Ўзга қувонч йўқ улар учун».
Шоир кўшкка чиқаркан, уни
Қўлтиқлайди таъзимкор қули.
Кўшкки, шундай ҳавойи, юксак,
Елпар жонли новда ва чечак.
Гиламларнинг жонли лоласин
Енгил босиб, ипак жомасин
Ечиб, секин ўтиради у,
Бир жуфт қумри қафасда: ҳу-ҳу!
Яшил боғлар ва экинзорлар,
Тўлқинланиб кўзни қувнатар.
Ана, қарши тепада чўпон,
Содда найи чалар ногаҳон...
Пастда деҳқон чопади ерни,
Оғир меҳнат эзган у эрни:
Ялангоёқ ва эгни чурук,
Манглайида дард, қадди букук.
Шоир фикрин ўрайди булут,
Гўё дардин сўйлар бутун юрт.
Фаровонлик бериб оламга,
Деҳқон ўзи ботармиш ғамга.
Қани қонун, қани адолат?
Халқни талаб, золимда роҳат...
Улусни ким этар бахтиёр?
Маст, бепарво тахтда ҳукмдор!
Ана Ҳирот илинар кўзга.
Ётар чангдан юпқа бир бўзда.
Масжид, жоме ва мадрасалар,
Ҳилоллари кўкда ялтирар.
Шоҳ, шаҳзода, бек саройлари,
Зангин кўшки, равоқи, арки
Ярқирайди чўмиб қуёшда.
Бу — зийнатли «оқ суяк» Ҳирот,
Май, мусиқа қайнаган ҳаёт;
Кийим заррин, идишлар заррин,
Мусиқи рақс қувар ғам гардин.
Айш-ишрат ва кайфи сафо
Гирдобига ботган бир дунё.
Ҳар бирида ҳисобсиз кўп мол,
Тавсифидан ҳар қандай тил лол.
Ҳар қадамни ўпар қул кўзи,
Битар лабдан учган ҳар сўзи.
Ҳар бирида бир даста хотин...
Гўзал қизлар ёш латофатин
Қўпол ҳирслар панжаси эзар...
Кўзларда бир сиёҳ дард кезар.
Қул канизлар бошида кимлар?—
«Хоним ойим», «сулмон бегим»лар.
Ана унда ерга ястаниб,
Катта Ҳирот ётар чанг ёпиб:
Чолдеворлар, кулбалар муш-муш,
Ҳазар қилар қўнишга бойқуш.
Улус яшар қишу ёз муҳтож.
Кучи, қони хазинага бож...
Ҳар нав қашшоқ, косиб, ҳунарманд,
Машаққат-ла руҳлари пайванд...
Кампирларнинг чархи сингари
Эзгич, рангсиз ҳаёт оҳанги.
Бу Ҳиротнинг сирини билган
Шоир қалби ёнар ичидан.
Оч ва хароб машҳур Хуросон,
Унда қаттиқ зулм ҳукмрон.
Зулм солмиш ҳаётга кир, занг,
Адл ювиб берса олтин ранг...
Шеър ва фан билан «ярқироқ» —
Тождан буни кутди у кўп чоқ.
Лекин шоҳнинг бутун хаёли
Ишрат, сафо ва улус моли
Билан тўлса ютоқ хазина!
Давлат унинг кўлкасигина...
Қора тунни деса ёруғ кун,
Ким эгмайди «балли!» деб бўйин.
Дўст шоирнинг мулойим саси
Ёқмадими шоҳ ғазабини?
Сурди уни шоҳнинг қувғини,
Бошдан кечди ғурбат қуюни...
Сарой тўлган эди ўч, кинга,
Чақмасдан у кирмади қинга.
Заҳар билан шоир изини —
Шеър — санъат нур қандилини —
Сўндирмоқчи бўлмадими шоҳ?
Бундан ортиқ бўлурми гуноҳ?
Ялтираган, маст, чиркин гуруҳ
У даҳога солди ғам-андуҳ.
Лекин, яна нафрати қайноқ,
Ишонч ҳали қуёшдан порлоқ.
Тафаккурни узди шу дами
Ёш мулозим чиройли саси:
— «Рухсат тилар икки мусофир».
— «Мен мамнунман, кирсин!» дер шоир
Икки йигит — қозондай салла,
Эски тўнлар олача — малла.
Юзларига мушкул сафар из
Солган: улар ориқ ва рангсиз.
Улар қўйиб қўлни кўксига
Туришарди чол ҳузурида.
Шоир кўзи сўрайди савол,
Бири баён этар ҳол-аҳвол.
— «Сиз меҳрибон, паноҳингизга
Сиғинамиз, минг қуллуқ сизга.
Биз фақирлар толиби илм,
Самарқанддан чиқдик, биз етим,
Гоҳ эшакда, гоҳо пиёда...
Ғайрат берди сизнинг остона».
—«Ғайратингиз учун офарин!»
Мадраса, жой, нафақа тайин.
Уларга йўл бошлар мулозим.
Сўнг йиғилар нуктадонлар жим.
Фан, санъатнинг гуллари бутун
Тўпланганди суҳбати учун:
Бир кўп шоир, бир қанча олим,
(Муаррих ҳам табиб, мунажжим)
Неча машҳур мусиқийшунос,
Уч-тўрт ҳофиз, киборларга хос.
Афлотун ҳам Арасту фикри,
Неча олим, қаҳрамон зикри,
Фалсафадан «илми ромга»ча,
Мавзу бўлар мубоҳасага.
Гўзал бир байт, ёки рубоий
Қанча чўзар муноқишани?
Баҳсни кесар ора-сирада
Ҳар хил ҳазил ва мутойиба,
Зўр қаҳқаҳа учади бир зум,
Устод юзи тўла табассум.
Кўп майл этар латифа сари,
(Кошки бўлса Мулла Биноий!)
Сўнг машшоқлар, ҳофизларга гал,
Ўқилади форс, туркий ғазал.
Мажлис завқи етади авжга.
Куйлар чалар шоир — бастакор
Фикри топар сеҳрли диёр...
Шоир отда борар шоҳ сари,
Ҳирот яшар ҳар кунги каби.
Ҳалвофуруш мақтар ҳалвосин,
Кампир элтар олган ғўзасин.
Бир эшакка чўп-хасни ортиб,
Ўтинчи ҳам боради ҳориб.
Бир ўғрики қилиб саззойи,
Судрашади неча сипоҳи
Юракларни зир-зир қақшатиб,
Арғимоқда учар бир нойиб:
Бир зўравон, ориқ амалдор
Тига кирди: қайғуси бозор...
Неча рангпар муллабаччалар
Бир жувон-ла имлашадилар...
Расталарда зўр ғовур-ғувур,
Баззоз бойлар ўтирар мағрур.
Тоғ-тоғ шоҳи ичида бир чол —
Машҳур хасис, егани увол...
Шоир кезар аста, улуғвор.
Шеъри, иши билан у донгдор.
Ёш-қарининг саломи ҳадсиз,
Жавобсиз у қолдирмас ҳаргиз.
Шоир сарой қуллуқчилари —
Билан ҳозир кирар ичкари.
«Боғи жаҳоноро» музайян,
Нафис кўшклар, гуллар ва чаман,
Кириб шоҳнинг қошига шоир,
Таъзим, қуллуқ адо қиладир,
Тез қариган бу ожиз султон,
Ўтирарди бир фалажсимон.
Ифрот айшнинг чиркин сояси
Сиймосининг чин ифодаси...
Атрофида кўп гўзал жувон,
Зийнатида йўқ бирон нуқсон —
Тартиб, одоб билан тик турар,
Базмда май сероб, жўш урар.
Бунда беклар, бир кўп мансабдор,
Шоҳга яқин аъёну, дўст-ёр.
Ярқирайди кийимлар олтин.
Асл тошлар бир-бирдан ёрқин.
Вазир ҳам бек юзлари бир зум
Чизди ажиб қийшиқ табассум.
Шоҳнинг ширин сўзин ҳийлакор —
Маст кўзлари этарди инкор.
Шоҳона базм, кеча хуш, хандон,
(Базмсиз кун билганми Султон?)
Ҳар кунгидай бу мажлис чанқоқ,
Қадаҳлари ёқутдай порлоқ.
Соқийлар ҳам қуяр бетиним,
Зар косалар учади лим лим.
Тортилади хилма-хил таом,
Олтин-кумуш — идишлар тамом,
Барча кўзда шароб жилваси —
Баъзиларнинг тушди салласи.
Мусиқи ҳам келди фарёдга,
Мастлар боши чайқалди «дод»ла.
Гир айланар машҳур раққослар,
Кийимлари газҳар, олмослар
Билан кўзни қамаштирарди,
Қилиқлари ҳирсни қўзғарди.
Ҳали базм бошланиши бу,
Давом этиб, авжга чиқар у,
Кеча бўйлаб анча ҳангома,
Қанча шовқин бўлажак яна...
Етим-есир тўла Хуросон,
Азжга чиқцан зулмдан фиғон:
Шаҳзодалар бир-бирига ёв,
Бир-биридан ортиқ эл талов,
Султон ботган ишратга мудом,
Бузуқилар бошида имом,
Бу мажлисга бегона шоир
Туйғуларин қилолмас зоҳир.
Йигитликда чидади ночор,
Энди қалбда ўзга завқлар бор,
Бу алдамчи дабдабалардан,
Шовқин-сурон, ҳангомалардан
Қўл силтамак унинг муроди:
Кетса ўзга бир диёр сари
Илҳомига чуқур ботароқ
Оғир меҳнат билан ёнароқ,
Сурмак истар яратиш завқин,
Эшитилмас у мастона шовқин!
Шоирга шоҳ «марҳамат» қилиб,
Чақиради, дейди керилиб:
— «Кураш қилди икки паҳлавон,
Деса бўлгай офарин жаҳон.
Қўчқорлар ҳам яхши қилди жанг,
Ғулғуладан қулоқлар гаранг.
Бўлмадингиз, сизда йўқ шафқат»
Султонга хос аблаҳ шикоят!
Шоир чиқди, қалбни ёқар ғам,
Фикрларни қучар жаҳаннам.
Тун... Қорага бурканиб шаҳар
Ухлар эди тингандек кадар.
Ўтар экан бир маҳалладан
Эшитди у: кичик кулбадан
Биров гўзал бир оҳанг ила
Шоир шеърин ўқир оҳиста.
Шеърларининг узоқ ва яқин
Ўлкаларда шуҳрат топганин
Билар эди. Аммо, шу онда
Севинч тошиб кетди бор қонда.
Курашларда орттирган, бешак,
Бутун умр руҳ берган истак
Жаранглади жўр бўлиб созга.
Она тилни еткизди ёзга,
Мўл-кўл тўкди санъат мевасин,
Бўҳтончининг кесди нафасин,
Ярашарди унга ифтихор,
Шеър аҳлига бўлди байроқдор.
1947

ҲАЙКАЛ ОЛДИДА
Куйлаганди беш аср бурун
Халқни, ҳақни, ишқни бу инсон,
Юраги ҳам эркин, ёруғ кун
Дарди билан тепарди ҳар он.
Улуғ Ватан кўксида шоир
Бугун қаддин кўтарди баланд:
Абадий тош либосмдадир,
Кўлда китоб, кўзлари ўйчан.
— Ассалом, Навоий!—дейди ёш авлод.
Олқишлайди халқи бахтиёр:
Шоир, арзир қилсанг ифтихор,
Сўзинг янграр, кўнгилларда ёд.
Сен юксалдинг улуғ замонда,
Руставели, Низомий, Пушкин;
Шевченколар тирик Ватанда,
Қара, ҳаёт қандай шод, эркин…
Сўзларингни севар рус, қозоқ,
Туркман, латиш, грузин, арман,
Бари совет ерида иноқ,
Бошларида бир байроқ улкан.
Кел Навоий, халқ билан бирга
Гимн айтайлик шу Ватанга биз:
«Умринг, нуринг минглаб асрга
Етсин, Ватан — мангу фахримиз!»
1949

* * *

Қамровчи тўлқин бор, қамровчи гирдоб...
Азамат тоғлар ҳам, куйлаган барг ҳам —
Унинг дами сари айлайди шитоб,
Ҳар нимада мавж бор — мазж тинмас бир д-:м„
1960

ХАЛҚ ҚАЛБИДА

Ленин фикри инқилоб, кураш
Оташида тобланган пўлат.
Унинг фикри оламда қуёш,
Дарё-дарё нур тўкар беҳад.
Чайқалган зўр дарё мавжи — у,
Ишчи, деҳқон ҳар он қошида.
Кураш, тўлқин, ёнғин — иши бу,
Ер курраси унинг бошида.
Исми кўҳна жаҳон устида
Булутларни йиртган бир яшин.
Ҳақсизларнинг ҳар қарашида
Ёди ёқар умид оташин.
Халқ қалбида юрибди тирик,
Меҳнат — бахтда яратиб бирлик.
1960

* * *

Ўтирасан ёлғиз, япроқлар тушар,
Булутлар кезади осмонда кўркам.
Паришон чеҳрангда хаёллар учар,
Билмайман, неларни ўйлайсан, эркам?!
Мунча ҳам ярашган оқ шоҳи кўйлак,
Қошларингга қараб тўймайман — ҳилол,
Юзларинг ёлқинидан ўртанур гарак,
Кўзларингда кўрдим ақл, ҳис, хаёл.
Олий мактабларда риёзиётдан
Дарс беради содда, ақлли бу қиз,
Усули гўзалдир, пишиқ, олмосдан,
Шогирдлар қалбида ёқади юлдуз.
Қўшнимиз ёнма-ён, соғиниб ҳар кез
Чиқаман, ўтирар қиз тутиб қалам,
Куламан: «Чарчашни билмайсан, юр тез,
Кезайлик, ёшлик ҳам баҳордай кўркам.
Жуда ҳам сердиққат бу риёзиёт,
Аммо шеър бошқа, шеър қалбдан келур!»
«Бу ҳам қалб ва фикр меваси, фақат
Мангудир,— дейди қиз,— коинот шудир!»
Музокара давом этади узоқ,
Фалсафа, тарихдан зтомга қадар,
Гапирар қиз дадил, мантиқи булоқ,
Далили, жавоби ўткир, нақ гавҳар.
Кеч бўлди, уфқда ёнди шуълалар,
Иккимиз қўзғалдик дарёни бўйлаб.
Узоқда отларни ювар болалар,
Қиз аста боради — нимадир ўйлаб.
Севаман юракдан, севаман чиндан,
Қиз севар, билмадим, ғурури қўймас!
Билмадим, сезгани бошқадир мендан,
Ишқим, муҳаббатим ўзингсан, холос!
Оқшом тепаларда, жарларда юрдик,
Ой секин орқадан юрар изма-из.
Дам суҳбат, дам сукут ҳузурин сурдик,
Ўйлайман: шу онда борлиқ — ёлғиз биз!
Соатга қарар қиз: «Кетамиз, иш кўп,
Дипломни ёқлайман, борасизми, а?»
Суюниб мен дейман: «Жоним билан, хўп
Ёзаман бир шеър, дўндириб сизга...»
Қиз ва мен гаплашиб, кетамиз аста,
Ичимда тўқийман шеър ранг-баранг.
Эшикка етганда кулиб қиз: «Яна
Чиқингиз, хайр...» дер мулойим оҳанг...
Қовлида юраман қофия излаб,
Дарахт ичида аста кезаман.
Юлдузларга, ойга қарайман «уҳ!» лаб,
Шеърлар қуйилур, равон ёзаман.
Севгилим хаёли банд этган кўнгул,
Оқаргунча саҳар тинмай юраман.
Гўзалим шу онда не билан машғул?
Куёшни қаршилаб, қизга шошаман.
1960

* * *

Оғир ер бағирлаб сузган булутга
Тўсатдан чақмоқдан найза санчилар,
Мен ҳам чақмоқ каби тез чопдим уйга.
Кўчага кирганда ёмғир қамчилар.
Томоша қиламан кичик балконда,
Ёмғир кўп шиддатли, асабий ёғар.
Дарахтлар чайқалур, бошлари ерда,
Гувиллар даҳшатли, мавҳум шамоллар,
Сўнгра мен зерикиб шеър ёзаман,
Ёки мутолаа ютади мени,
Фазога булутлар оша учаман,
Хаёллар кетма-кет, рангли ва янги.
Ёғади мўл ёмғир, ерларда кўпук,
Тунукани тозалаб юзади сув, сел.
Мушугим ҳурракда, кўзлари сузук,
Чироқни ўчирдим — тотли уйқу, кел!
Уйғониб қарасам, қуёш ярқирар,
Ҳовлига тушаман кийиб тўнимни.
Зангори осмон ҳам тиниқ, беғубор,
Мусичалар ғув-ғув дер, силкиб бўйнини.
Тентираб юраман далани кезиб,
Толаман хаёлга, чўпчак орзулар.
Ёзаман шеърлар хомаки чизиб,
Баҳорнинг келини олтин варақлар.
1960

* * *

Ҳижроннинг алами қалбимни ёқди,
Юраман девона, юраман қушсиз.
Ёшлигим мисоли юлдуздай оқди,
Гўзалим, бир лаҳза келгил, иккимиз —
Кезайлик далада, хаёллар жўшқин...
Дарахтлар остида иккимиз ёлғиз,
Ишкомлар ичида, кўнгилда тўлқин,
Юрсак май, ишқдан маст иккимиз, эй қиз!
Севгилим, шийпонда иккимиэ танҳо,
Қуёшда учади мезонлар майин,
Тоғларда булутлар хўмрайган гўё,
Иккимиз суҳбатда гох. шод, гоҳ ҳазин,
Гўзалим, оппоғим, жононим, бир кел.
Мен фақир кутаман, о, бир келиб-кет.
Ўргилай, бир зумда келсанг мисли ел,
Кутаман йўлингда, мени хурсанд эт!
1960

* * *

Қалбдан севги тошди, фироқ, ғам-алам„,
Юраман, дайдийман, парча чўғ қалбда.
Муҳаббат дардида мажнун мендан кам,
Гўзалим келмади, ёнаман дардда.
Гўзалим бир келди, кетди нур каби,
Кўнглим ва кўзларим қолди изида.
Қўлида «Фузулий» — севган китоби,
Оқ шойи кўйлакда, тўлқин кўксида.
Кўзлари маънодор, ҳислари ёниқ,
Кулгиси самимий, ўйлари чуқур.
Сўзи, қилиқлари ёқимли, аниқ,
Ялиндим; ҳужрамда озгина ўтир.
«Ташаккур, мен кетдим»,— қолди тзбассум...
Ёримнинг кетидан шамолдай чопдим.
Қайгадир йўқ бўлди, йиғладим юм-юм…
Эй, гўзал, йўлингда, ишқингда ёндим...
1960

КУЗДА
Кетаман тентираб танҳо йўлларда,
Дарахтлар гўёки машъалдек ёниқ.
Куз кўркам яшнайди хил-хил рангларда.
Шафтоли барглари ёнар олтиндай,
Ўрикда қирмизи ёқут шуълалар.
Шуълаларнинг рақси баргда, новдада.
Сувлар оқар секин, шишадай тиниқ,
Осмон чўкиб олган сувларга гўё.
Ҳазога тўймайман, нафаси илиқ...
О, азим чинорлар, нақадар кўркам,
Тўхтайман ўйланиб: «Олтинланибди,
Умри асрлардир, илдизи маҳкам...»
Қисқарди кунлар ҳам, учади мезон,
Алвидо, деб қушлар бошлади сафар,
Япроқлар тўкилур,.. йиғлайди хазон...
Олмалар ёноғи қип-қизил ёқут,
Арава, машина ташир шаҳарга,
Советлар элида — мўл, барака, қут!
Токларда ранг-баранг тотли узумлар,
Тилларни ёради бол каби ширин:
Хушбўй май ичгандай гўё туюлар.
Юраман хаёлда, ўтар кундузи,
Дарахтлар туради ёниқ машъалдай.
Кечқурун йўлимда оқшом юлдузи...
1960

* * *

Ўтирур супада, қўлида китоб,
Хаёли кенг дарё, ёрим офтоб...
«Оламнинг сири,— дер,— илм, маърифат».
«Танбур, май — коинот!» қилдим мен хитоб.
1965, август

* * *

Баҳор келди — кумуш ранг кимхоб,
Дарахтлар оппоқ гулда — машъал.
Бол терилур гул қадаҳлардан
Гул фасли — баҳор фасли,.. офтоб...
Гул фасли, нур фасли чақнайди,
Янграр қўшиқ ҳавода, кўкда.
Қирлар гулгун, лолаларга ғарқ,
Лолалардпн гилам кўк ўтда.
Парча булут тўкилиб кетди
Дув қуйилди марварид ёмғир.
«Бўри туғди», чақнайди кулгу,
Яланг оёқ болаларга ҳузур.
Боғ-қирлардан чопар шийпонга,
«Бўри туғди» — кулиб катталар.
Зум ўтмасдан тинади ёмғир,
Ачинади чопқир болалар.
Ариқларда, сойларда тошқин,
Дарахтлар-да гуллардан тошқин,
Баҳор келди, гул фасли келди,
Кўнгилларда севинчлар тошқин,
1965, апрель

* * *

Гўзал хулқ гавҳардир, асло бўлмас хор,
Ҳаёт илдизида ундан бир нур бор.
Ҳақиқат ва ахлоқ яқин туғишган,
Ўғлим, ўйла, умр ўтмасин бекор.
1965, май

* * *

Табиат тилсимин туби йўқ, беҳад,
Ўғлим, илм ўрган, емрилур ҳар сад.
О, умр калтадир, нақ қуш уйқуси,
Ҳақиқат дастурин топ, қолсин зар хат,
1965, май

* * *

Ёримнинг қора кўзи — офтоби бордир,
Ишқ дарди бошимга битган балодир,
Шоирлар маҳбуб, май деса кулардим,
Меним ҳам дил энди банд мубталодир.
1965, май

* * *

О, кўнгил, чексиздир, туби йўқ жаҳон,
Сирлар ва тилсимлар конидир осмон,
Нимадир оламнинг сир фалсафаси?
Эй кўнгил, сен ҳал эт! Мушкилим ҳамон!
1965, август

* * *

Сирли йўллар босиб, кезаман осмон,
Ўйлайман, ўйлайман, сира билмайман,
Осмонга сепилган олгиндан сомон.
Ҳакиқат нимздир, ўйлайман ҳамон…
1965, август

* * *

Кечқурун ёр келди, боғ яшнар гўзал,
Супада ёзди у латиф бир ғазал.
Мен дедим шоира, тасвири нақ май!
Бошланди улфатлик, қалқди ой — машъал!,,
1965, август

* * *

Оқшом келди илҳом, қўлда гул жонон,
Кўзларда нур, сочда гавҳар, ҳаяжон...
Мен ёлғиздим тунда, сокин ҳужрада,
Куюлди шеър, май — келди бир жаҳон…
1965, август

* * *

Ёшлик бир ғунчадир, йўлдоши севги,
Юракда ёлқини сақланса мангу,
Вафо дерлар буни, азизроқ не бор?
Карилик ҳам ойдин, ишқимиз мангу…
1965, аагуст

* * *

Ҳасратлар кўнгилдан кетган замонда
Табиат мудрайди, аллалар баҳор.
Кўклардан жимгина олтин нур ёғар,
Ҳар нарса улфатдир менга шу онда...
1965

* * *

Тарих ва фалсафа чуқур, мураккаб,
Ҳаёт машъалидур ҳақиқат, чин гап,
Ижоднинг булоғи тинимсиз оқсин:
Минг сир бор тупроқда — олсангиз бир кафт.
1965, август