Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Муҳаммад ИСМОИЛ. Тасодифга тўла бу ҳаёт! (янги шеърлар)
Facebook
Муҳаммад ИСМОИЛ. Тасодифга тўла бу ҳаёт! (янги шеърлар) PDF Босма E-mail

АМЕРИКА

Бир халқнинг ҳаммаси бўлмайди ёмон.
Ичида яхши ҳам топилар албат.
Аммо бало келиб ўт олса ўрмон,
Ҳўл қуруқ баробар ёнар бешавқат.

Оллоҳ огоҳ этар, қайси давлатда,
Ҳамжинслик балоси топса гар камол.
Тош остида ҳалок бўлар албатта,
Даҳшатдан қичқирган Лут қавми мисол.

Америка кирди шу разолатга,
Очиқ рухсат бўлди сардор томондан.
Қавмини бошлади у ҳалокатга,
Алҳазар, алҳазар ундай шайтондан!

Эзгулик ҳамиша  ғолиб, музаффар
Ҳақ келгач жиноят топади барҳам.
Оллоҳ ваъда қилган жазо муқаррар,
Тошбўронда қолар Америка ҳам!

ТАСОДИФГА ТЎЛА БУ ҲАЁТ!

Бир дўстим кутинг деб берганди ваъда,
Соат ҳам  айтилган лаҳзага етди.
Кутилган дўст, келар вақти бўлганда,
Қўшнининг уйига бурилиб кетди.

Интизор кутгандим, дўстим дегандим.
Келганда дилимни истадим ёрмоқ.
Қанча дўстлардан-ку совиб кетгандим,
Лекин унга меҳрим тушганди қайноқ.

У менинг уйимга қўймади  қадам,
Оёқ ости бўлди нафсониятим.
Ёзиқ дастурхонни ёпган бўлсам ҳам,
Кўнглим оғриқларин  ёпаолмадим .

Ҳаёт шундай. Гоҳ бахт, гоҳида омад
Бурилиб кетади бизга етмасдан.
Ўрнига келади, ҳасратли ҳолат.
Келади ногаҳон, бир сўз демасдан.

Ҳаёт азалдан шу. Нолимайман йўқ,
Кўп бор тасодифан қозондим зафар.
Мен кутмаган чоғда, ё ишқ деган чўғ,
Ё шодлик дилимни этди мунаввар.

Худойим қолдирди кўп бор бежазо,
Буни ҳис қиламан, ҳар лаҳза, ҳар он.
Атрофдаги дайди бало-ю қазо,
Мени  четлаб ўтди қолдириб омон.

Қисматга қарши йўқ, бирорта чора.
Мумкин эди бундан баттар бўлмоғи,
Умр йўлларимиз бўлиб қоп-қора,
Ҳаёт поймонамиз бевақт тўлмоғи.

Бўлди бас, ортиқча қилмасман исён
Яхшиликка бўлар неки бўлса ҳам.
Не бўлса, тақдирда этилган баён,
Гарчанд,  тасодифга тўла бу олам!

Худойим, ҳар нега ҳимматинг қодир.
Кўрсатган кунингга рози бандаман.
Не яхшилик кўрсам марҳаматингдир.
Не ёмонлик топсам, ўзим топганман.

Бир дўстим кутинг деб берганди ваъда,
Соат ҳам  айтилган лаҳзага етди.
Мени деб келди-ю, тақдир эканда,
Қўшнининг уйига бурилиб кетди.

ИСТЕЪДОДЛАР

Истеъдодлар  бешигидир бизнинг ошён,
Тўп-тўп юрар  устозларнинг даргоҳида.
Гоҳ Дўрмонда шеър ўқишар шўху-шодон,
Гоҳ Фарғона, гоҳо  Қарши саҳросида.

Дорилфунун, олийгоҳлар турар тўлиб,
Сараланиб кўринади  истеъдодлар.
Бу тупроғда ётишибди булоқ бўлиб,
Илдиз бўлиб Бухорийдек буюк зотлар.

Ҳар кимсанинг отаси бор, онаси бор.
Насл насаб, уруғ-аймоқ туташади.
Қон тортади деган ҳикмат эмас бекор,
Қариндошлар бир-бирига ўхшашади.

Лек ҳар қачон қийин бўлган даҳоларга,
Тошни аввал даҳоларга отишарлар.
Даҳоларни кўмишарлар  балоларга,
Сўнгра улар  ўзга юртга қочишарлар.

Золим зоти даҳолардан доим қўрқар.
Эрк байроғи яратади даҳоларни.
Битта даҳо етилгунча кўзи кўрлар,
Ўлдиришар минглаб ақли расоларни.

Зулм сиртмоқларин тишда тишлашиб,
Исён қилди асло таслим бўлгани йўқ.
Минг йилларки курашдилар эрк талашиб,
Минг йилларки  улар яшар, ўлгани йўқ.

Даҳоларни қисмати гар бошингизда.
Гар шарафлаб турган бўлса ҳамки замон.
Аён бўлар бир кун айни ёшингизда,
Даҳоларга бўлмагайдир асло осон...

Чархифалак айланади тиним билмас,
Насл суриб туғилади буюк зотлар.
Ўзбекистон, асло золим каслар эмас,
Шарафлайди сени асл истеъдодлар.

ҚАДР КЕЧАСИ


Бу нурли тонг, улуғ айём қадр туни,
Ер юзига фаришталар ёғилгандир.
Бандаларнинг жаннат  аро сайр туни,
Дуо сўраб қўлларимиз  ёзилгандир!

Яшаш учун курашга шай аскарлармиз,
Айбимиз кўп ҳеч кечириб бўлмайдиган.
Ўзимизга қулайликлар  ахтарармиз,
Одам зоти гўё асло ўлмайдиган.

Йўқдан бино этган эди Парвардигор.
Омонат  жон эҳсон эди Худо берган.
Ўнгдан сўлга боққунчалик умримиз бор,
Аммо биздай манман йўқдир кўкрак керган!

Кўзда қаҳр, қўлларда мушт, юракда тош
Тану-жонда нафрат ўти ҳамда қасос.
Ханжар санчсак кўзимизга келмайди ёш,
Зулм қилсак, лаззат топдик йиртқичга хос.

Ҳеч ким билмас айбимиз кўп элдан пинҳон.
Номардлармиз очиқ ойдин айтмайдиган.
Шайтон ҳатто кўрган заҳот деди: “Инсон
Бузғунчидир, ҳеч балодан қайтмайдиган!”

Улуғ кунлар, улуғ ойлар шарофати,
Раҳмат нуринг ёғилган тонг сахарларда,
Буюк Оллоҳ, қалбимнинг йўқ ҳаловати,
Мени кечир! Кечир рўзи  Маҳшарларда !

Мени кечир, сени билмай қилдим хато.
Сени билмай,
Ўз-ўзимга зулм қилдим.
Нуқсонларим кўплигини билдим, аммо
Ўзим қолиб, ўзгаларни хукм қилдим!

Мени кечир!
Иймон нурин кўнглимга сол.
Кин,  адоват,  ғазаб ўтин ўчирайин.
Мен отмоқчи бўлган тошни
Қўлимдан ол,
Менга ҳам тош отганларни кечирайин!

Балки бу тош, минг йилларки ота мерос.
Балки Қобил,
отган тошдир Ҳобил томон.
Тош отмоқлик балки инсон зотига хос.
Отилган тош отилмоқда ҳали ҳамон.

Охири йўқ,  ҳеч нарса йўқ, бу дунёда
Ҳар ким учун сўнгги кун бор, сўнгги он бор.
Сўнгги он ҳам тилим тинмас шул дуода,
Мени кечир,
Раҳм қилгин Парвардигор!

Омон бўлсин,  жумла жаҳон,  аҳли ислом !
Ер шарини асра бало-қазолардан!
Фароғатли кунлар мангу этсин давом,
Ўзинг асра ноҳақ жабру-жафолардан !

Менку асло ишонмайман одамзотга.
Ер Шарини бўлак бўлак  этар бир кун.
Одамларнинг руҳи тентиб самовотда,
Ҳузурингга нажот сўраб кетар бир кун!

Ер Шари не?
Даргоҳингда милён милён,
Кезиб юрган зарра ичра зарра эрур.
Инсон нима? Шу заррага қуриб ошён,
Туғён урган зарра ичра зарра эрур.

Яхшиямки, ўлгандан сўнг ўлмагаймиз.
Тириламиз яна қайта, яна такрор.
Умид билан жаннатингни ўйлагаймиз,
Милён йиллар яшагаймиз,  Парвардигор !

Бир лаҳзалик фоний дунё ёлғонлари,
Алдамасин,  дўзах нари кетсин биздан.
Нари кетсин фоний дунё шайтонлари,
Ёнимиздан, қонимиздан, жонимиздан!

Адаштирма  ақлимизни, нафсимизни,
Ўзинг бизнинг  йўлимизга машъала ёқ!
Иймон шавқи билан тўлдир қалбимизни,
Раҳм айла,  раҳм айла, Буюк Оллоҳ!

Буюк Оллоҳ, Буюк Оллоҳ, Буюк Оллоҳ...

ҚУРЪОНИ  ШАРИФ

Қуръон нозил бўлган лаҳзадан буён,
Қирон келтирмоққа излашар имкон.
Неча Абу Лаҳаб кўрди тиш қайраб,
Оллоҳ гард юқтирмай келмоқда асраб.
Тонг каби дилга нур бермоққа шоша,
Қуръон яшаб келар минг йиллар оша.
Минг минг Абу Лаҳаб туғилди, ўлди.
Топгани бир парча қаро ер бўлди.
Мушриклар, яҳудлар, форс лашкарлари
Шайтон туғёнига учрашиб бари,
Қирғин барот жангга қилич қайрашиб.
Дўзах оловига тушди қалашиб.
Салбчилар отдилар милён милён ўқ.
Қуръонга бирор ўқ, теккани ҳам йўқ.
Чингизхон қўшини тизилди қатор,
Аммо барчасига ўлим бўлди ёр.
Милярдлаб одамнинг қалбин этиб ром.
Қуръон яшамоқни этмоқда давом !
Кўкдан  йўқотолмай бу нурни ҳамон,
Осийлар бўлмоқда ер билан яксон.
Бўлурми Қуёшни ўқ билан отиб,
Осмонни йўқотиб, Ойни йўқотиб.
Қилич санчган билан ўлурми уммон?
Дунё ўткинчидир, мангудир Қуръон !
Ҳамон тўда-тўда, салтанат бўлиб,
Қўшма штат бўлиб, мамлакат бўлиб,
Демакратмиз деган байроқ остида,
Фитна қўзғашмоқда Қуръон қасдида.
Мангу нурга душман бўлиб нетарлар?!
Ўзларин бошин еб ўлиб кетарлар.
Қуръонга ишонмай юрган инсонлар.
Тирик мурдалардир, ўлакса жонлар
Уларнинг юраги мисоли хазон,
Жаҳаннам ўтида топади макон.
Янги давр,  янги кунларга шоша
Қуръон эса  яшар, асрлар оша...
Қуръонга қалбидан жой берган одам,
Ўзига топгайдир абадий ёрдам.
Замон жасад бўлса, жон эрур Қуръон,
Инсонга шарафу шон эрур Қуръон !
Юзимиз нурланар Қуръонга қараб,
Сўзимиз ўнгланар Қуръонга қараб,
Ер юзига кириб келгандай баҳор,
Бахт ҳамда саодат бизга бўлар ёр..
Тонг каби дилга нур бермоққа шоша
Қуръон яшайверар, асрлар оша !