Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Сайфи Саройи — «Гулистон» таржимони
Facebook
Сайфи Саройи — «Гулистон» таржимони PDF Босма E-mail

XIV аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Сайфи Саройи 1321 йили Хоразмнинг Қамишли деган жойида ҳунарманд-қуролсоз оиласида дунёга келади. Бошланғич таълимни ўз қишлоғида олган бўлажак шоир таҳсилни давом эттириш учун Олтин Ўрданинг маркази — Сарой шаҳрига боради. Бу ерда у ўз даврининг барча илмларини эгаллайди, истеъдодли шоир сифатида танилади. Бу ҳакда унинг ўзи шундай ёзади:

Қамишли юрт менинг тувғон элимди,
Билинг, ғурбатга келтурган билимди.
Келиб бўлдум Саройда шеър фидойи,
Саройнинг шоири, элнинг гадойи.

Амир Темур ва Тўхтамиш ўртасидаги ўзаро урушлар туфайли Олтин Ўрдада вужудга келган нотинчлик сабабидан у аввал Эрон, кейин Туркияга боради, сўнг Мисрга ўтиб, турғун бўлиб қолади — 1396 йили шу ерда вафот этади.
«Тазкираи Қайюмий»да у ҳақда шундай қисқа маъ-лумот берилади:
«Бу киши Олтун Ўрдали шоирлардан бўлуб, Олтун Урданинг пойтахти бўлмиш Сарой шаҳрида нашъу намо этмишдур. Муҳаммад Ўзбекхоннинг ўғли Жонибек за-монида бўлмишдур»(Пўлотжон Домулло К,айюмов. Тазкираи Қайюмий. Уч китобдан иборат. 1-китоб. Тошкент, 1998 йил, 19-бет.).
Ўз даврининг фозил олими ва етук шоири бўлган Сайфи Саройи форс-тожик ва араб тилларини мукаммал билган. Мавлоно Қозн Муҳсин, Мавлоно Исҳоқ, Мавлоно Имод Мавлавий, Аҳмадхожа ас-Саройи каби шоирлар билан яқин бўлиб, шеърий мушоиралар қилган.
Сайфи Саройидан бизга 10 дан ортиқ ғазал, 2 қасида,
2 қитъа, икки байт шеър, «Суҳайл ва Гулдурсун» достони (82 байт) ҳамда «Гулистон бит-туркий» номи билан таржима қилинган Саъдий Шерозийнинг «Гулистон» асари таржимаси етиб келган. Бу мерос Ўзбекистонда
3 марта — 1968, 1973 ва 1986 йилларда нашр этилган. Насрулло Даврон Сайфи Саройи ижоди бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Сайфи Саройининг ўз замони шоирларини танқид қилиб, уларга баҳо бериб ёзган қуйидаги шеъри машҳур:

Жаҳон шоирлари, эй гулшани боғ,
Кими булбулдурур сўзда, кими зоғ.

Кими тўти бикин чайнар шакарни,
Кими лафзи билан ўртар дурарни.

Кимининг сўзлари мавзуну ширин,
Кимининг лойиқи ташрифу таҳсин.

Кими ўзганинг ашъорин меним дер,
Кими ҳалво киби шалғам чўбин ер.

Кими маъни қўюб, лафзин тузотур,
Кими вазнин бузуб, санъат кузотур.

Аларнинг ўш бири Сайфи Саройи,
Жаҳон орифларининг хоки пойи.

Ани сен жумла шоир камтари бил,
Қамар юзга ҳамиша муштари бил.

Бу шеърда турли йўналишдаги шоирларга баҳо берилиши баробарида, шеъриятнинг асл мазмун-моҳиятига ҳам ишора қилинади. Унда шеърият бўстонида булбуллар билан бирга, зоғлар ҳам борлиги, бировнинг лафзи ширин, бировнинг нафаси ҳассос, бировнинг услуби гўзал, бировнинг иши нуқул мадҳу сано ўқиш эканлиги, биров адабий ўғрилик билан шуғулланишию ўзганинг гул билан хаснинг фарқига бормаслиги — чуқур мазмун, турли маъно товланишларига эга, латиф ва гўзал сўзлар ўрнига, пуч, енгил, қуруқ сўзларни ишлатиши, қофиябозлик, сўзбозликка ружуъ қўйиши, бири маъно қолиб, ташқи ялтироқликка интилса, бошқаси вазнни санъатларга қурбон қилиши, қисқаси, замон шоирларига берилган тавсиф мавжуд. Бундай шоирлар ва шоирнамолар ҳамма замонларда ҳам фаолият кўрсатган. Бинобарин, адабиёт яшар экан, шоирлар бор экан, Сайфи Саройининг ушбу шеъри ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайди.
Сайфи Саройи оддий ва содда халқона тилда, енгил ва равон услубда ижод қилган. Шоир шеърлари нозик кузатишлар, оҳорли ҳаётий ташбеҳларга бой. Талмеҳ, тазод, таносиб, ирсоли масал, тажнис, ташхис, муболаға, лутф каби шеърий санъатларидан маҳорат билан фойдаланга-нини кўрамиз. Чунончи, кўнглининг ақлига бўйсунмай, гўзалларга ошиқ бўлиши, уни ўз ҳолига қўймаслигидан нолиб ёзган «кўнгил» радифли ғазалида муфтини чақириб, қозихонага бориб, сен билан можаро қилиб, орани очиқ қилиб олмасак бўлмайди, дейди:

Қози эви не ерда, ажаб муфти қайдадур?
Қилғай эдим сенинг била хуш можаро, кўнгул.

Қароқчи саҳрода — ҳеч ким йўқ ерда кишиларнинг бошига бало солса, сенинг кўзларинг элнинг ичида — ҳамманинг кўз олдида жонларга бало солади:

Қароқчи бало қилса туз ёзида,
Қилур доим элда бало кўзларинг.

Бошқа бир ўринда маъшуқа сув ичганда дудоғидан томчи томган ерда қанду шакар битади, деб муболаға қилади:

Сув ичканда дудоғингдан сув томса,
Битар қанду шакар ул ерда доим.

Шоир маъшуқасининг гўзаллигини кучли муболаға, юксак таъриф билан баланд пардаларда тараннум этади. Дунё аҳли ҳар тонг аслида сенинг ой юзингни томоша қилиш учун уйғонади. Эртаю кеч хаёлинг кўзимдан кетма-гани туфайли қаёққа қарамай, фақат сенинг жамолингни кўраман, деб лутф қилади:

Ҳақ сунъи, ой юзунгни қилмоқ учун тамошо
Ҳар субҳидам қопунгда халқи жаҳон кўрунур.
Эртаю кеч кўзумдан кетмас учун хаёлинг,
Не ерга боқсам, анда ҳуснунг аён кўрунур.

Сайфи Саройи назми сенинг ҳуснунг таърифига бағишланганлиги учун ҳам ҳамиша элнинг тилидан тушмайди, барча маъқул ва марғуб деб билади, дейди ғазал мақтаъсида:

Сайфи Саройи назми ҳуснунг сифоти бирла
Доим бу эл тилинда хуш дилситон кўрунур.

Маълумки, туркий шеъриятда ёзилиши бир хилу маъноси ҳар хил сўзлар — омонимлар асосида тажнис санъати яратиш кенг тарқалган. Сайфи Саройи ижодида ҳам тажниснинг гўзал намуналарини кўрамиз:

Бу фалак невчун мени доим қаро қинда тутар?
Бу отим Сайф ўлдуғучунми қаро қинда тутар?
Қанда бир эрдам эри бўлса, они кўздин солиб,
Текма бир эрдамсиз эрни кўз қароқинда тутар.

Ғазалда Қоронғи зиндон, қора қин (ғилоф) ва кўз маъносидаги «қароқин» сўзидан маҳорат билан фойда-ланилган: биринчи мисрада у қоронғи зиндон, иккинчи мисрада — қора қин (Чунки шоирнинг исми Сайф — қилич маъносини билдиради), тўртинчи мисрада — қорачиқ маъноларида келган.
Қуйидаги байтда эса тотор — тотмоқ ва тотор — мўғул қавми воситасида тажнис санъати яратилган. Маълумки, мўғулларни тотор ҳам деганлар. Маъшуқанинг ошиқ қонини тўкувчи кўзлари ҳам қанчадан-қанча элларга қирғин солган шафқатсиз мўғулларга нисбат берилмоқда:

Асли олчин, сўзлари чин, кўзлари тотор эрур,
Минг яшар ҳар ким дудоғи шарбатин тотор эрур.

Сайфи Саройининг мана бу ғазали ҳам шаклан гўзал, ҳам мазмунан теран, ҳам бадиий юксаклиги жиҳатидан машҳур:

Топулмас ҳусн мулкинда сенга тенг бир қамар манзар,
На манзар — манзари шоҳид, на шоҳид — шоҳиди дилбар.

Бу кун Юсуф жамолини қилибтур Ҳақ сенга бахшиш,
На бахшиш — бахшиши давлат, на давлат — давлати мафхар.

Сўзунг дурру жавоҳирдур кўнгуллар ганжина лойиқ,
На лойиқ — лойиқи хисрав, на хисрав — хисрави кишвар.

Шакардан тотлидур хулқунг, карамда хотиринг матлаб,
На матлаб — матлаби маъдан, на маъдан — маъдани жавҳар.

Зиҳи давлатли ошиқким, сенинг бирлан қилур ишрат,
На ишрат — ишрати жаннат, на жаннат — жаннати кавсар.

Бу Ҳуснунг шавқи-завқинда кўнгил тўтилари тобти,
На тобти — тобти хуш лаззат, на лаззат — лаззати шаккар.

Жамолинг нақшина Сайфи Саройи боғлади сурат, На сурат — сурати ҳусно, на ҳусно — ҳусни жонпарвар.
«Суҳайл ва Гулдурсун» достонида Олтин Ўрда хони Тўхтамишнинг ўғли Суҳайл билан Темурнинг қизи Гулдурсун ўртасидаги севги саргузаштини тасвирлаган. Хоразм учун бўлган урушда Тўхтамиш енгилиб, ўғли асир тушади. Уни зиндонга соладилар. Суҳайл Гулдурсунни тушида кўриб, севиб қолган эди. Дугоналари билан сайр қилиб юрган Суҳайлни кўриб, кўнглида ишқ уйғонади. Зиндонбонни рози қилиб, Суҳайлни қутқаради. Ошиқ-маъшуқлар қочадилар. Лекин кимсасиз саҳрода очлик ва ташналикдан ҳалок бўладилар. Достонда ёзги саҳро — дўзахга, ташналикдан жон берган Гулдурсун сувсизликдан қуриган илдизга ўхшатилади:

Алар кўп юрди-ю, саҳроға кирди,
Гунашдин саҳро узра дўзах эрди.
У ёлғиз саҳро ичра қолди ёлғиз,
Бўлуб ташна қуруб қолғонтек илдиз.

Гулдурсуннинг Суҳайлни кўриб, боши айланишини ернинг қуёш атрофида айланишига ўхшатади:

Суҳайлни кўрди-ю, айланди биртек,
Кунаш гирдинда юрган мисли ертак.

Достонда шоир ўзи туғилиб ўсган Хоразм заминини жаннатга қиёслайди:

Бўлиб мутриб гулистонларда булбул,
Қилур минг турли нағма бирла ғул-ғул.
Бошин эгмиш етиб олтун бошоқлар,
Бошоқларни экинчилар машоқлар.

Йиғор дон эл учун шундай экинчи, Эрур бор экмакидин дур илинжи. Оғочларда шакар текин емишлар, Бу ерни эллари учмоқ демишлар.
Сайфи Саройи «Гулистон» асарини 1390—1391 йил-ларда Мисрда таржима қилади. Бу форс-тожик адабиётидан амалга оширилган илк таржима эканлиги билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. «Гулистон бит-туркий» ягона нусхада етиб келган. Асар ҳозирги кунда Голландиянинг Лейден кутубхонасида 1553 рақами остида сақланади. Қўлёзма XX аср аввалларидан ўрганила бошлаган. 1954 йили турк олими Фаридиддин Нафис Ўзлук унинг фак-симил нусхасини нашр эттирган.
Саъдийнинг «Гулистон» асари асрлар давомида Шарқ мамлакатларида мадрасаларда асосий дарсликлардан бири сифатида ўқитилиб келгани маълум. Сайфи Саройи дўстлари ва маслакдошларининг даъватига кўра уни ўзбек тилининг қипчоқ шевасида таржима қилади. У асарнинг аслини айтарли сақлаб қолган, айни пайтда, аслиятдан бир қадар чекинган. Бу давр омили билан ҳам боғлиқ: ўрта асрларда таржимага эркин ёндашилган — таржимоннинг асарни қисқартириши, ўзгартириши, ҳатто қўшимча қилиши табиий ҳол ҳисобланган. Сайфи Саройи ҳам таржима жараёнида «Гулистон»даги айрим парчаларни тушириб қолдиради, баъзи шеърларини ижодий қайта ишлайди, ўзининг ва замондош шоирларнинг баъзи шеърларини киритади, айримларини таржима қилмай, ўзича қолдиради. Шунга қарамай, таржима муваффақиятли чиққан ҳамда асрлар мобайнида туркий халқларни Саъдий ижоди билан таништириш ва донишманд шоирнинг маънавий-ахлоқий қарашларини тарғиб қилишда муҳим роль ўйнаган.
Ўзи ҳам даврининг баркамол шоири бўлган Сайфи Саройи «Гулистон» таркибида келган шеърлар таржимасида алоҳида маҳорат кўрсатган. Чунончи, қуйидаги байт таржимасида вазн ўзгарган бўлса-да, мазмун аслиятга ҳамоҳанг:

Ҳумой бар ҳама мурғон аз он шараф дорад,
Ки устухон хўраду жонвар наёзорад.

Ҳумой ул иш билан топти шарафким, Сўнгак еб, жонвор инжитмиши йўқ.
Албатта, Сайфи Саройи «Гулистон»нинг насрий қисмини ҳам катта маҳорат, шоирона ҳассослик билан таржима қилган. Жумладан: «...даҳ дарвеш дар гилеме бихусбанд ва ду подшоҳ дар иқлиме нагунжанд»:

Сиғар бир ҳужрага ўн икки меҳмон,
Бир иқлима сиғишмас икки султон.

Бир ғазалида шоир менинг сўзимни ориф — доно кишилар қадрлайдилар ва қимматбаҳо дур каби доим қулоқларига иладилар, деган эди:
Сўзларимнинг жавҳарин ориф кўруб, қадрин билиб, Кўп баҳоли дур бикин доим қулоқинда тутар.
Бу сўзларда муболаға йўқ. Бизгача етиб келган мўъжаз мероси ҳам Сайфи Саройининг забардаст сўз устаси эканлигини яққол кўрсатиб турибди.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан