Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Ҳамза диндор бўлганми?
Facebook
Ҳамза диндор бўлганми? PDF Босма E-mail

Янги тузумдан нажот кутган Ҳамзага ўхшаган ижодкорлар атеистик мавзуларда асарлар ёзишга ўтди.

Мустақиллик даврида тарихимизни, адабий меросимизни, айниқса, қирғин-қатағон қилинган ёзувчилар ижодини ўрганишга кенг йўл очилди, бу борада ҳозир кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, Ҳамза шеъриятининг ўзи биланоқ адабиётимиз тарихидан мустаҳкам ўрин олиши мумкин.

Ҳамза ўзбек театрининг яратилиши ва ривожига катта ҳисса қўшди. Дарсликларида бутунлай янги принципни қўллади: улар диний ва дунёвий илм асосида ёзилди.
Бир мақоласида «Ким ҳақиқатпараст, ким миллатни суювчи, ким ўз халқини бир кўзда кўрувчи, ким жамоат хизматига жони-молини фидо этувчи айтилсун, бу майдону ҳақиқатга кирсун», деб ёзди. Бир мухаммасида «Гар ҳақиқат йўлига бир раҳнамо топса кўнгул», дейди ва «Миллий ашулалар...» мажмуасида шу ниятини журъат билан тарғиб этади. Унда шоир халқни уйғонишга, бирлашиш ва ҳақиқат учун курашга чақиради: «Бирлашсун энди бошимиз, маслакда қари ёшимиз», «Ҳақ йўлида жон берсак, бўлсак миллат қурбони»...
Адиб бошқа бир асарида ҳаммага «бир кўз билан қарайлик», деган иборани ишлатади, халқни бою камбағалга ажратмайди. Ортиқча тўй-ҳашамлар, қиморбозлик, кўкнорихўрлик, маҳаллийчилик, бир-бирини кўролмаслик, дангасалик, айниқса, илмсизликни шафқатсиз танқид қилади: «Тонумаслар ўзларин беҳушлар», деб афсусланади: «Ўзингизга бир боқсангиз эди кўзингиз йиришуб», дея хитоб этади.
Форс ва араб тилларини пухта билган Ҳамза динга сидқидилдан ишонган. Отасига йўллаган бир мактубида «Бир бедона кафш сотиб олган эдим, рамазон келиб қолди: яна сотиб юбордим. Ифторлик ва саҳарликка харжладим», дейди.
Аммо 1917 йилги Октябр тўнтаришидан кейин мамлакатда большевиклар томонидан динга, мадрасалар, диндорларга қарши бошланган шафқатсиз оммавий кураш жуда ёмон оқибатларга олиб келди. Янги тузумдан нажот кутган Ҳамзага ўхшаган ижодкорлар атеистик мавзуларда асарлар ёзишга ўтди. Сўнгра динга нисбатан бошланган адолатсиз кураш дин раҳнамоларининг норозилигига сабаб бўлди. Бундай ҳол Ҳамзага ўхшаганларни чалғитди. У: «Мулла, эшонлар қутурди, дин, шариатнинг исмидан «ғозийлик» деган ёлғонга адашган эрлар сотилди» ва «Дўзахни писанд этмади куфринда Ниёзий», деб ёзди. Ҳамза аслида жаҳолатга қарши курашмоқчи бўлади. Шўролар даврида бирорта асарида ижобий маънода тасвирланган дин кишиси йўқ.
Баъзилар Ҳамзанинг мардикорлик воқеаси муносабати билан ёзган «Яшасун чун ватан ўғли» ва «Сидқи дил бирла дуо» шеърларида чоризмни мақтаган, ўз халқини мардикорликка даъват этган, деб уларга салбий баҳо берадилар. Эҳтимолки, бу шеърлар маҳаллий маъмурлар талаб-буйруғи билан ёзилган. Лекин Ҳамза «Подшоҳимизга садоқат кўрсатинг, аҳли ватан, то қурбон ўлсун жонимиз», деб даъват этган бўлса-да, шеърнинг руҳига ўз юртини, ўз халқини қадрлаш туйғуси сингдирилган.
Ҳамза аслида мардикорликнинг қандай оғир кулфатлар келтирганини яхши билади. «Соғиниб», «Салом айтинг» каби шеърларида мардикорларнинг фожиали аҳволини кўрсатиб беради. Лекин у шеърларига жуда муҳим бир ғояни сингдиради: жаҳолатда қолиб кетган ва ўз бахт-саодати учун курашмаган одамнинг жазоси шу, бу кунларинг сенларга сабоқ бўлсин, демоқчи. Қаранг: «Жазо шул қаю миллат, ки ҳикмат, илму фан билмас», «Эсак дониш эли ўлмас биз мунча расволар», «Бу кунлар ибрат ўлсун, эй...».
Адиб бошқа бир ўринда очиқдан-очиқ бундай деб ёзган эди: «Мана, букун ҳақиқат, ҳуррият воситаси билан эски хоин ва золим, мустабид ҳукумати 50 йилдан бери бўйин, қўл ва оёғимизга сезимсиз солуб келган умрлик оғур занжирларин кўзга кўрсатиб ечди, халос қилди. Букун ҳақиқат, мусовот воситаси била, бир тараф, золим амалдорлар, иккинчи тарафдан, раҳмсиз, шафқатсиз талончилар темир тирноғи остида пўстлари бутун сидирилуб, юраклари эзилуб... турган мазлум, ноҳақ фақиру бечора, етим, ғарибларнинг бургутлар панжаи маргидан баҳо қилди... Букун Остроумов, Илминский кабиларнинг тарбиясида яшаган ва анинг маслакига хизмат этувчи, ватандаги ўз орамиздан чиққан дин хоинларини ҳаётларин ҳақиқат майдонига отур. Ноҳақларни шарманда... қилур».
«Истибдод қурбонлари»да рус началниги оғир меҳнатдан ўлиб қолган ўзбек йигитини топиб: «Кўтаринг бу собаканинг ўлигини», дейди. Ҳеч қайси ёзувчи ўша вақтда чоризм башарасини Ҳамза каби дадил фош этган эмас. 1917 йил 21 октябрда ёзган «Уён Ватан» шеърида «Бу кун миллатга ўлсун ҳарна ҳимматимиз», «Битди истибдод, етсун ҳуррият», «Битсун назорат, қуллик, асорат» деб ҳайқирди. «Туркистон Мухториятина» шеърида эса «Тўрт юз йиллик Романов битгач давлати, кўтарилди асорат, хўрлик иллати», деб қувонади.
Бу гаплар бежиз айтилмаган эди. Ҳамза ўз юртида, Россияда ва ундан ташқарида юз бераётган ижтимоий-сиёсий воқеалардан яхши хабардор эди. Жадидлар отаси деб шуҳрат таратган Исмоил Ғаспиралини ўз устози деб билган шоир у вафот этганда шеър ва мақола ёзиб, «ботди хуршиди жаҳон», дейди. Туркистоннинг илғор зиёлиси, машҳур жадид Мунавварқорини эса, «муҳтарам устози олий», «маънавий ота», деб ҳисоблайди. Унинг «Сариқгул» (1916) тўпламидан «Яшасун чин ватан ўғли», деган шеър ҳам ўрин олган. Ундаги «Яша, Чайкин, Яшасун чун ватан ўғли Хўжаев» деган мисра бўлиб, ҳар тўртликдан сўнг (9 тўртлик) такрорланиб келади. Убайдулла Хўжаев ва Вадим Чайкин ўша даврнинг илғор зиёлилари, сиёсатчилари эди. «Садои Туркистон» газетасига бош муҳаррирлик қилган Убайдулла Хўжаев машҳур адвокат бўлиб, Қўқон Мухторияти ташкил топганда мудофаа нозири ўрнини эгаллаган эди. Вадим Чайкин «Голос Туркестана» газетасининг бош муҳаррири бўлган. Туркистондаги эсерлар партиясининг бошлиғи сифатида Беҳбудий, Закий Валидийлар олдинга сурган Туркистонга федерация мақомини бериш ғоясини фаол қўллаб-қувватлаган арбобдир. Ҳамза бу икки шахсни Туркистон халқининг оғир, ночор аҳволидан оқ подшоҳни хабардор этувчи ва оғирини енгил қилишни сўровчилар, деб билади.
Ҳамза Аҳмад Закий Валидий Тўғон билан дўст бўлган, у билан бирга халқ орасида тарғибий-ташвиқий ишларни олиб борган. Валидий ҳам уни ҳурмат қилган ва Туркистондаги энг машҳур, фаол сиёсий арбоблардан бири, деб ҳисоблаган. Маълумки, Закий Валидий зўр олимлигидан ташқари Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракатининг йўлбошчиси сифатида тан олинган, «Туркистон Миллий Бирлиги» қўмитасининг раиси бўлган, жуда кўп сиёсий дастурлар, йўл-йўриқлар (масалан, жадидлар дастурининг) муаллифи бўлган ва ҳатто Ленинга катта мактуб ёзиб, барча ваҳшийликлар, адолатсизликлар, шовинистик сиёсат ва майда миллатлар ҳақ-ҳуқуқининг поймол қилинишида, эҳтимол, «йўл қўйилган хатолар бошида сиз ўзингиз тургандирсиз» дейишга журъат этган сиёсатчидир.
Тошкентда ўтадиган «Туркистон Миллий Бирлиги» конгрессига қатнашувчилар тўғрисида сўзлаб, Валидий шундай дейди: «Лекин Туркистоннинг таниқли сиёсий арбоблари Алихон Букайхон, Турор Рисқулов, Аҳмад Бойтурсун, Муҳаммаджон Тинишбоев, ўзбеклардан Мунавварқори, Бухородан Ҳакимзода, Мирза Абдулқодир Муҳиддин, туркманлардан адвокат Қақажон Бердиев ва бошқалар узоқ вақт болшевиклар махсус хизматларининг таъқиби остида бўлганликлари сабабли бу конгрессга кела олмайдилар» Закий Валидийнинг мана бу фикри Ҳамзанинг қалбидан мухторият ғояси чуқур ўрин олганини ва «Мухторият ёки автономия» драмаси, кейинча «Туркистон Мухториятина» шеърининг дунёга келиши бежиз эмаслигидан далолат беради.
«Мен ва Беҳбудий, тошкентлик ёш муҳаррир Толибжон, ёш ўзбек шоири Чўлпон, нўғайқўрғонлик татарлардан Тоҳир, Самарқанддан Ҳакимзода билан бир қанча шаҳарларга бориб йиғилишлар ўтказдик, турли-туман жойларда бўлиб, Туркистон Марказий Шўросига одамларни жалб қилдик. Натижада Мухтория фикрининг асл душмани саналган кадет партиясининг Тошкентдаги бошқармаси ўз таъсирини йўқота бошлади. Июн ойи бошидан бошланган кураш натижасида Мухторият ғоясининг таъсири ҳамма ерда кучая борди». Валидийнинг бу гаплари Ҳамзанинг сиёсий кураш жабҳасида фаол ишлаганидан яна бир далилдир.
Маълумки, 1917 йил бошларида Туркистон Миллий Шўроси тузилади ва унинг ғояси Ҳамзани ҳам мафтун этади. У «Таржимаи ҳол»ида 1917 йил бошида Шўрои исломнинг озуқа шуъбасига кириб, иттиҳод таъмин жамиятини ташкил этишда қатнашганини ёзади. Шу пайтларда «Ҳой, ишчилар», «Биз ишчимиз», «Ишчилар, уйғон», 1918 йили «Туркистон Мухториятина» шеъри билан кетма-кет «Уйғон», «Яша, Шўро» каби шеърларини ёзган. Бу шеърларнинг мағзини миллий ишчилар синфини яратиш ва миллий шўрони ривожлантириш ғояси ташкил этади. Фикримизнинг исботи учун яна Закий Валидийнинг Мустафо Чўқаевга ёзган катта мактубидан бир парча келтирамиз: «1917 йилнинг июнида Самарқандда Ҳамза Ҳакимзоданинг, Маҳмудхўжа Беҳбудий билан менинг миллий ишчилар касаба уюшмаларини ташкил қилиш йўлидаги фаолиятимизнинг асосини ташкил қилган тадбир шу бўлди. Озарбойжон миллий социалист партияла-ри, мусоват партияси 1918 — 1919-йилларда бундай миллий касаба уюшмаларини жуда яхши уюштиришди. Биз социализмни ҳар бир миллатнинг ўзига хосликларини кўзда тутиб, ҳар бир миллатда майдонга келган уюшмаларнинг Русия доирасида уюшиб бирлашган демократик федерация тариқасида кўз олдимизга келтирар эдик. Диктатура тартибига қаттиқ қарши чиқдик... 1919 йилда Туркистонда социализм ғояси кенг тарқалди. Социалист бўлмаган бирорта партия тузиш имкони берилмади, тўхтатиб қўйилди».
Ҳамза ўз «Таржимаи ҳоли»да «1917 йилнинг 28 майида Қаландархонада 400 га яқин рабочийларини тўплаб, зўр намойиш қилиб, рабочий меҳнаткашлар жамияти ташкил қилдик», дейди. Агар шоирнинг «Ҳақингни ол, ишчилар» («Ҳой ишчилар»), «Замона келди, кўтарайлик оёқ остдан бошимиз» («Биз ишчимиз»), «Ишчилар уйғон, уйғон. Сенга ишлашга етишди замон» («Ишчилар, уйғон») мисраларига эътибор берсангиз, уларда ўша Закий Валидий таъкидлаган ғоя руҳи борлигини англаш мумкин.
Шоир советлар даврида кўп шеър ёзмади, йигирма саккизтача шеърдан ўн тўрттаси хотин-қизларни илм-маърифатга ва эркка чорловчи асардир. Бир неча шеърларида халқни уйқудан уйғотиш ва озодлик қарор топганини қутлаш ётади. Бу ерда Анвар Пошонинг адьютанти Муҳитдинбекнинг Закий Валидий тўғрисидаги мақоласидаги (1928) «Закий Валидий рус инқилобига катта умид боғлади. Туркий халкларга инқилоб бир нажот ва бахт келтиради, деб ишонди. Лекин умидлари рўёбга чиқмади. Закий Валидий Анвар Пошо билан алоқа боғлаб, болшевикларнинг ҳийла-найрангларини яхши тушунгандан кейин бир қанча вақт бекиниб юриб, иш кўришга аҳд қилди ва шундай қилди ҳам...», деган фикрини келтириш ўринли. Ҳамза ҳам, Чўлпонлар ҳам дастлаб худди шундай адашдилар. Тўғри, Ҳамза совет ҳукуматининг ўз одамига айланишга ва уни қўллаб-қувватлашга интилди. 1926 йили унинг дўсти Сўфизодага «Ўзбекистон халқ шоири» ва Ҳамзага «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвонлари берилган бўлса-да, Сўфизода 1937 йили ўлдирилди. Ҳамза эса доим тазйиқ остида юрди, бирор ерда муқим ишлаш имкониятига эга бўлмади. «Таржимаи ҳоли»-да айтилишича, ғанимларининг унга «очиқ ҳужумга тикланганларини билиб», Бухоро ва Хоразмга кетиб қутулади. Ҳамзанинг русларни фош этувчи асарлари, миллий мухториятни орзу қилган шеърлари, Закий Валидий, Мунаввар Қори, Чўлпон, Беҳбудий каби замонасининг илғор зиёлилари — адолат ва ҳақиқат учун курашувчилар билан дўстлиги шўро тузумининг махсус қўриқчиларига аён эди. Шунинг учун уни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан қийнадилар. У дўстлари ва юқори ташкилотларга ёзган ўнлаб мактубларида «ёрдам сўрасак бизга тескари қарайдилар», «ёзувчи бўлмай ва дунёга келмай ҳам ўлай», «ҳозирда кўриб турган кунларимни итлар кўрмайдур», дейди.

Бир қайдида «Оч туришга чора йўқ, ўғирлиқка уқув йўқ. Мардикорликка куч, усталикка ҳунар йўқ. Деҳқончиликка ангал-дангал. Ўлишга текин ажал йўқ. Қочай десанг, на йўл бор, на тинч жой. Муни устига сан ҳам бўларсанда шуларга ўхшаган бедин, ноинсоф бир болшовой», дейилган. Ҳамза 1928 йил 25 сентябрда бир дўстига йўллаган мактубида ҳаётининг хавф остида қолганлигини айтиб,» пичоғимнинг гулдастаси синмасун эди. Ул иғвогарларнинг тегишлик чораларини кўрмасликлари яна бир зарба бермай қолмас», деб ёзади. Кўп ўтмай, 1929 йил 18 мартда эса Ҳамза ваҳшийларча ўлдирилади. Бу ишда сиёсий кучлар ҳам иштирок этганига шубҳа йўқ.