Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Ўтар қуш ноласи. Чингиз Айтматов - 2
Facebook
Ўтар қуш ноласи. Чингиз Айтматов - 2 PDF Босма E-mail
Материал индекси
Ўтар қуш ноласи. Чингиз Айтматов
2
Ҳамма саҳифа

* * *
Ўша кечаси тонг саҳарда кенжатой Эломоннинг кўзи олдида буюк ўтовсоз Сенгирбой фоний дунёдан кўз юмди. Отасининг охирги дақиқаларида хириллаб, нафаси тиқилиб ғализ айтган сўзларини деярли тушуниб бўлмасди. Лекин бола титраб-қақшаб ва йиғлаб отасининг юзига эгилиб турар экан, ўчоқдаги оловнинг ним ёруғида чол лабларининг ҳаракатидан отасининг нима демоқчи бўлганини пайқади. бола икки сўзни тушунди:
—    Толчуйда... нима..
Тушунди-ю, лабини тишлаб йиғлаб юборди, сўнгра қаттиқ ҳўнгради ва ўзини йиғидан тия олмасдан деди:
—    Йўқ, ота, ҳеч қандай хабар йўқ! Мен сизга қандай ёлғон гапирай! ҳеч дарак йўқ. Мен бир ўзимман. Эшитяпсизми? Мен қўрқяпман. Ўлманг, отажон, сиз ўлманг. Тезда онам келади, тезда онам келади...
Ўғлининг сўзларига ота тушундими-йўқми, Худо билади. Шу заҳоти унинг жони чиқиб кетди, кўзлари очиқ қолди. Отаси жон таслим қилиш билан, яшин тезлигида келган ўлим чолнинг юзини қўрқинчли тусга киритиб, бутунлай ўзгартириб юборгани заҳоти бола қўрққанидан ўтовдан отилиб чиқди ва нима қиларини билмай, ваҳимага тушиб, дод солиб ҳўнграб боши оққан томонга чопа кетди. Учар ҳам нима бўлганини тушунмаса-да, думини қисиб, қўрқа-писа Эломон ортидан чопаверди. Эломон Иссиқкўлнинг тўлқинлари мавжланиб ётган қирғоғига етганидагина ўзига келди. Шу ерда у серрайиб, туриб қолди.
Иссиқкўл ўша кеча жунбушга келиб, шиддатли чайқалиб, тўлқинларни ўйнатмоқда эди. Бироқ Эломоннинг қулоғига бошқа товушлар — тўхтовсиз қий-чув эшитилди. У Осмонга қаради ва нимқоронғи осмонда сон-саноқсиз қушлар булутини кўрди. Беадад, тумонат қушлар. Қушлар Кўл устида катта доира ҳосил қилиб, айланиб учмоқда, йўлда учрайдиган тоғлар тепасидан ошиб ўтиш учун юксакликка кўтарилаётган эди. Ниҳоят, қушлар Кўл устидан охирги марта айланиб учиб ўтди ва турнақатор тизилишиб, янада баландга кўтарила бориб Бўўм дараси томон йўл олди ва довондан ошиб Толчуй водийси йўналишида кўздан ғойиб бўлди. Бола қушлар йироқ ўлкаларга узоқ муддатга учиб кетганини, уларнинг Толчуй водийсидан ўтишини, ундан наридаги номаълум ва нотаниш юртларга боражагини тушунди ва ўзини қўлга олиб, жони борича қичқирди:
— Бизнинг отамиз ўлди! Қўйчиман акамга айтинглар — отамиз вафот этди! Отамиз ўлди, ўлди!..

* * *
Биз тоғлар устидан учдик. Довонга етганимизда қаттиқ шамол туриб, қоп-қора булутларни қаршимизга ҳайдаб келди. Олдин ёмғир томчилади, кейин ҳўл қор ёғди, шалаббо бўлган қанотларимиз яхлади, учиш қийинлашди. Бизнинг галамиз орқага қайтди. Биз ҳаммамиз бақириб-чақириб яна кўл устида айланиб уча бошладик, қанотларимиз сергиди, айланиб учганимиз сари юксакликка кўтарила бордик, сўнг яна йўлга тушдик. Лекин бу гал шу қадар баланд кўтарилиб учдикки, тоғлару булутлар жуда пастда қолиб кетди, қуёш нурлари бизни қувиб етганда довондан ошиб ўтган эдик, остимизда узоқда Толчўй водийси кенг ёйилиб ётарди. Эҳ, роҳатбахш Толчуй, буюк чўлларга туташиб кетган гўзал водий! Бутун водий бошдан-оёқ қуёш нурларига чўмилиб ётарди, ерни яшил майсалар гилами қоплаган, дарахтларнинг новдалари эса, бўртиб, куртак боғлаганди.
Водийнинг ўртасида иланг-билан бўлиб кумушранг Чуй дарёси оқиб ётибди, йўлимиз худди шу дарё ўзанидан ўтиши керак. Биз соғинганимиздан осмондан туриб водий билан ўз тилимизда қийқириб саломлашдик, сўнг дарё бўйлаб аста-секин пасая бошладик ва ерга яқинлашиб бордик. Чунки сал нарида дарё бўйида сувли қамишзор бор, қуш карвонларининг кўлдан бошланган доимий буюк йўлида биз биринчи марта ана шу ерга қўниб ўтишимиз керак. Бу ерда биз дам олишимиз, озиқланиб бўлгач, яна сафарга отланишимиз лозим. Бироқ бу гал одатдаги жойга қўниб ўтиш насиб этмади.
Галаларимиз қанотлари ва думлари ёрдамида парвози секинлашиб, бирин-кетин жонажон қўним жойимизга яқинлашганимизда қирғинбарот жанг устидан чиқиб қолдик. Бу даҳшатли бир манзара эди. Сон-саноқсиз одамлар, минг-минглаб отлиқ ва пиёдалар шу ерда, бизнинг қўним жойимизда жон бериб-жон олишмоқда эди. Даҳшатли ҳайқириқлар, ваҳшиёна овозлар, бўкириш-ўкиришлар, наъралар, чинқиришлар, инграшлар, отларнинг кишнашлари, пишқиришлари осмону фалакни қоплаганди. Кенг майдонда одамлар бир-бирларини жаҳаннамга жўнатишмоқдайди. Кишилар бир қарасанг, наъра тортиб бир-бирларининг устига найза ўқталиб ёпирилишар, тўқнашиб қолганда бир-бирларини ерга йиқитишар, тириклайин устига от қўяр; бир қарасанг, бир-бирларидан қочиб узоқлашар; бир қарасанг, бировлар қочиб кетаётган бўлса, бошқалари қувиб кетарди. Кимлардир қамиш орасида пичоқ ва қилич билан жанг қилиб, бир-бирини бўғизлар, қоринларини ёрарди. Қаёққа қараманг, одамларнинг жасадларию отларнинг ўликлари тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётар, сув кенг ёйилиб оққан жойда сон-саноқсиз мурдалар дарё сувини тўсиб қўйганди, қип-қизил қон аралаш сув ҳамма ёққа ёйилиб, отларнинг туёқлари остида қон халқобларини ҳосил этганди.
Бизнинг галаларимиз юраклари орқага тортиб, саросимага тушиб, гангиб қолди, осмонда қий-чув бошланди, сафларимиз бузилиб кетди ва ҳаммамиз ваҳимага тушиб бетартиб булутлар каби бир жойда айланиб уча бошладик. Анча вақтгача ўзимизга келолмадик, бир-бирларини ўлдирган бахтсиз одамлар устида бирпас учиб юрдик, талай вақтгача галаларимизни тўплаш билан овора бўлдик, аллавақтгача тинчий олмадик. Охир-оқибат, биз ўша ерга қўниб ўта олмадик, ўша машъум жойдан кетишга ва сафарни давом эттиришга мажбур бўлдик...

*    * *
Кечиринглар, ўтар қушлар! Бўлиб ўтган ваҳшийлик учун кечиринглар, бўлажак ваҳшийликлар учун кечиринглар. Бани одам ҳаёти нима учун шундай эканини, нега она заминда шунча ўлдирилганлар ва ўлдирилаётганлар борлигини мен тушинтириб бера олмайман, сизлар тушуна олмайсизлар... Кечиринглар, Худо ҳақи, кечиринглар, мусаффо кенгликларга сафар қиладиган самовий қушлар... Жанг тугагандан кейин у ерда қузғунлар базми бошланди, ўлимтикхўр қушлар жиғилдони ёрилгунча одам гўштига тўйишди, учиш у ёқда турсин, қанотини ҳам қимирлата олмай қолишди. Жангдан кейин шақаллар базми бошланди — чиябўриларнинг одам гўштига қорни шу қадар тўйган эдики, гавдаларини зўрға судраб кетишди. Қушлар, кетинг бу ердан, бу мудҳиш жойдан узоқ-узоқларга учиб кетинг.

*    * *
Ибтидоий табиат мавжудлигидан буён шундай: ҳар сафар вақти етганда — эрта ҳам эмас, кеч ҳам эмас — ҳар йили бир хил вақтда қушлар узоқ сафарга отланади. Улар албатта учиб кетади, учганда ҳам фақат ана шу учар қушларгагина маълум ўзгармас ҳаво йўллари бўйлаб учиб, дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига боради. Момақалдироқлару бўронлардан ўтиб, кечаю кундуз қанот қоқиб учади, ҳатто учаётиб ухлаб кетади. Уларнинг тириклик моҳияти шунда: табиат дунёсида нарсаларнинг ўзгармас тартиби мавжуд. Қуш карвонлари шимолга, азим дарёлар бўйларига, азалдан уя ясаб бола очадиган жойларга учиб боради. Кузда эса, вояга етган болалари билан жанубга учиб келади, шу зайлда бу жараён узлуксиз такрорланаверади...
Мана, биз қанча кунлардан бери учиб кетяпмиз. Ана шу осмону фалакда, ана шу совуқ ҳукмрон юксакликда шамол мангу дарё каби шовқин солиб оқиб ётади. Бу дарё чексиз Коинотда нозоҳирий Вақтнинг номаълум томонга тиним билмай қилаётган ҳаракатидир.
Бизнинг бўйинларимиз камон ўқи, танамиз юрак бўлиб чарчоқ нима эканини билмасдан шиддат билан ҳаракатда. Ҳали сафар узоқ, толмасдан қанот қоқаверамиз, қанот қоқаверамиз...
Биз борган сари баланд кўтарилиб парвоз қилмоқдамиз... Энди тоғлар текисликдек бўлиб қолди, кейин эса, умуман кўринмай кетди, курраи замин бўлса узоқлашгандан узоқлашиб, ер юзаси чаплашиб кетгандай бўлди — қаерда Осиё, қаерда Оврупа, қаерда океанлару қаерда қуруқлик эканини фарқлаб бўлмай қолди. Гир-атрофимизда бўшлиқ ҳукмрон, чексиз Коинотда фақат бизнинг Ер сайёрамизгина чўлда адашган бўталоқ каби олам кезмоқда, секин сузиб онасини қидириб юрибди. Хўш, ўша она туя қани? Ернинг онаси, онаизори қани? Савол — жавобсиз! Фақат шамол, хилват юксакликларнинг шамоли ғувиллайди, фақат Ер курраси ёш боланинг бошидек якка-ёлғиз сузиб, чайқалиб қўймоқда — еримиз беқарор, еримиз беқарор. Наҳотки, ана шу ер шунчалик Яхшиликлар маскани, шунчалик Ёвузликлар макони бўлса?! Йўқ, ёвузликка эрк бермаслик керак, ўтинаман, кадхудолар, сўзамоллар, ижодкорлар!
Мен ана шу парвоз қилаётган галада бор-йўғи бир қушман. Мен турналарга қўшилиб учиб кетяпман ва ўзим ҳам турнаман. Мен турналар билан бирга қоронғу кечада юлдузларга қараб, кундузи экинзорлар ва шаҳарлар устидан учаман. Ўйларга толаман...
Қушлар галаси узоқда кўзда ғойиб бўлади. Қанотлари кўринмай кетади. Мана, гала осмонда бир кичкина нуқтага ўхшаб қолди ва у ҳам ғойиб бўлди...
ҳадемай, яна баҳор келди ва яна осмони азимда турналар "қур-қур"и янграй бошлади...


Турна йиғиси

Бўзлаб-бўзлаб учаман,
Бўзлаб-бўзлаб учаман,
Бўзлаб-бўзлаб учаман,
Зорланаман инсонларга.
Заминни эҳтиёт қилинг инсонлар,
Эрк берманг ваҳшиёна эҳтиросларга.
Нима бу - ҳатто турна ййиғласа,
Йўқ, ййўқ, йиғламанг асло.
Ва лекин, бари бир,
Ноинсоний кулфатлардан.
Чексиз ёнғинлардан,
Қонли жанглардан.
Паноҳида асрасин, илоҳим,
Ҳайй, инсонлар!
Ваййрона қилиб қўйймангиз уни ногаҳон,
Нима бу - пинҳона тўкилган ёшлар.
Кераги ййўқ, ййиғламанг асло,
Ва лекин, бари бир — бари бир.
Ўзи паноҳида асрасин Сизни,
Ноинсоний кулфатлардан,
Паноҳида асрасин, ҳайй, инсонлар!