Home icon Бош саҳифа»Жаҳон адабиёти»Олмос линзадаги соҳибжамол. Фитз Жеймс Брейн - II
Facebook
Олмос линзадаги соҳибжамол. Фитз Жеймс Брейн - II PDF Босма E-mail
Материал индекси
Олмос линзадаги соҳибжамол. Фитз Жеймс Брейн
II
Ҳамма саҳифа
II

Симоннинг ўлимидан сўнг куну тун олмосга ишлов бердим. Ниҳоят, мен кутган линзалар тайёр бўлди. Сув томчисини шиша идишга қуяётганимда, қўлларим негадир қалтираб кетди. Эҳтиёткорлик билан линза қуриб қолмаслиги учун сувга озгина ёғ томчисини қўшдим. Шишанинг тагидан кучли ёруғлик туширдим ва олмос линзалардан қарай бошладим.
Бир неча дақиқагача сув томчисида ҳеч нарса кўринмади. Сўнгра соф, оқ нур таралди. Эҳтиёткорлик билан микроскоп линзасини сув томчисига яқинлаштирдим. Аста-секинлик билан оқ нур ўзгара бошлади. У ерда ажиб манзара — булутлар, дарахтлар, чиройли гуллар пайдо бўлди. Бутун манзара қизил, яшил, пушти, тилла, кумуш рангларнинг қоришмасига ўхшарди. Дарахтларнинг шохлари майин шабадада тебрана  бошлади. Ҳамма жойга кўз югуртирдим, турфа рангдаги мевалар, гуллар...
«Қизиқ, биронта ҳам ҳайвон йўқ бу ерда» деб ўйладим. Атрофни синчиклаб кузатдим. Шу пайт дарахт ва буталар орасида бир нарсанинг тебранаётганига кўзим тушди. Буталарнинг тилларанг шохлари секингина кўтарилди ва қаршимда мен ҳали хаёлимга келтиролмаган, умримда учратмаган мафтункор соҳибжамол пайдо бўлди. Ҳа, у ниҳоятда гўзал эди, тиниқ юзи, кўм-кўк шаҳло кўзлари, узун сочлари елкасида тўлғониб турарди. У камалак рангдаги дарахтлардан узоқлаша бошлади. Гўёки сувда сузаётган гулдай у ҳам ҳавода сайр қилаяпти. У худди шамолда тебранаётган қўнғироқларнинг жарангли овозини эслатарди. Соҳибжамол камалак ранглари товланиб турган дарахтлар тагига борди. Дарахт шохлари эгилиб, уни ўз меваларига кўмиб ташлади. У жажжи қўллари билан мевани олиб ея бошлади. Қанийди, ўша лаҳзада унинг олдига бориб, мана шу ўрмонда у билан бирга юрсам, сайр қилсам... Уни топишим керак, табиатнинг нодир мавжудоти мени ўзига шайдо қилди-қўйди. У сув томчисидан ҳосил бўлган маҳбуба эмасмикан? Лабораториямдан югуриб чиқиб, ўзимни каравотга ташладим ва ухлаб қолгунимча кўзимдан ёш томчилари қуюлаверди.
Мен уни кўриш учун ҳар куни микроскоп олдига келардим. Хонамдан умуман чиқмасдим. Иштаҳам йўқ, ухлолмайман. Севгилимни кўриш учун микроскоп олдига борганимда, у жойида ўтирарди. Кутилмаганда даҳшатли ўзгариш рўй берди. Унинг юзлари нурсиз, ўзи эса зўрға юрарди. Сочларидаги, кўзларидаги нур, тароват йўқ, бетобга ўхшайди. Унинг ёнига кириб ёрдам бериш учун қалбимни, жонимни ҳадя этишга рози эдим. Қандай дард унга азоб берди экан? Қиз кучли оғриқдан қийналарди. Маъшуқамни яраланган қалб билан соатлаб томоша қилдим. Дақиқалар имиллаб ўтмоқда. У борган сари нимжонлашиб бораверди. Унга қўшилиб ўрмон ҳам ўзгариб борар, дарахтлар жозибасиз, қуруқ эди. Тўсатдан бир неча кун сув томчисига қарашни унутиб қўйганлигим ёдимга тушди. Микроскоп билан овора бўлиб, сув томчисини бутунлай унутибман. Микроскоп тагидаги ойнага қарагач, ҳаммасига тушундим. Сувни қуришдан асраш учун унга ёғ томчисини қўшмаганим ёдимга тушди. Сув қуриб бўлган экан. Ана шунинг таъсири туфайли сув париси сўнаётган ёруғликнинг сўнгги нурлари остида ётарди. Унинг нимжон танаси қуриб, юзи ажин билан қопланганди. Кейин у бутунлай кўринмай қолди. Ҳушимни йўқотиб қўйиб анча вақтдан сўнг ўзимга келдим. Кўзимни очсам, микроскоп бўлаклари устида ётибман. Олмос линзаси сингари миям ҳам бўлакларга бўлиниб кетгандай эди. Жойимга зўрға судралиб бориб, кўз олдимдаги сирли дунёни тарк этдим.
Бир неча ойлардан сўнг пулим тугади. Одамлар мени батамом тентакка чиқаришди. Ҳа, улар мени «Линли тентак олим» деб аташади. Ҳеч бир кимса Ливенхокнинг руҳи билан гаплашганимга ишонмайди. Улар Жулис Симон воқеасини, мукаммал линза яратиш учун унинг олмосини ўғирлаганлигимни айта бошласам, устимдан кулишади, ҳеч қачон сув томчиси остидаги гўзал ҳаётни кўрганлигимга ишонишмайди. Бироқ мен олмос линза ҳақиқатини биламан. Одамларнинг нима дейишлари мен учун аҳамиятсиз. Энг муҳими, мен сизларга олмос линзалар тарихини ҳикоя қилиб бердим.

Инглизчадан Ҳулкар ва Нилуфар Муҳаммедовалар таржимаси.