«Бозор адабиёти» ёхуд бадиий сўз масъулияти |
![]() |
![]() |
![]() |
Эркинлик шароитида турфа хил нашрларнинг пайдо бўлиши каби, бадиий ижоддаги изланишларнинг хилма-хиллиги ҳам табиий ҳолдир. Айни пайтда, миллий насримиз анъаналарини давом эттириб, жаҳон адабиёти тажрибаларидан илҳомланиб ёзилган асарлар пешма-пеш чоп қилиниб турибди. Шу қатори, кейинги пайтда “бозор адабиёти”, деб аталаётган оқим ҳам пайдо бўлди. Асосан, кутилмаган воқеаларга сероб, саргузашт ва детектив асосига қурилган бундай ҳикоя, қисса ва романларга муносабат ҳам турфа хил. Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Ҳар қандай адабий жараён ўзининг ички қонуниятларига бўйсунади. Адабиётда қандай асарлар яратилаяпти, ижодий муҳит, қайфият қандай, бадиийлик мезонлари тўғри танланганми-йўқми — буларнинг бари ўша қонуниятнинг самараси. Яратилаётган асарлар адабий жараённинг муайян мавқедаги ҳодисаси сифатида яшашга ҳақли, лекин фавқулодда бадиий қимматга эга бўлган битта асар адабий жараённи ўша кўзга кўринмас қонуниятлари билан қўшиб ўзгартириб юборишга қодир. Бунда жанрнинг ҳам, қайси йўналишда ижод қилишнинг ҳам аҳамияти унчалик катта эмас. Муҳими — юксак бадиий маҳорат билан яратилган асар бўлиши! Фақат бундай асар яратилишига олиб борадиган “сўқмоқ” хилма-хил изланишлар майдонини кесиб ўтишида ҳикмат кўп. Бугунги адабий изланишлар майдонимизда “бозор адабиёти” издиҳоми пайдо бўлган экан, марҳамат, бу майдон чавандозлари эмин-эркин от сураверишига монелик кўрсатмаслик тарафдориман. Фақат “бозор адабиёти”, “енгил асарлар” сингари атамалар замиридаги киноя ва беписандликка қўшилмайман. Омон МУХТОР: — Хуршид таъкидлаётган изланишлар жараёнида детектив йўналиш алоҳида бўй кўрсатаётганини айтиб ўтишим керак. Абдулла УЛУҒОВ: — Адабиёт азалдан “сўз санъати”, “ҳаётнинг бадиий акси”, “ҳаёт ойнаси”, деб таърифлаб келинади. Аксарият асарлар бу таърифларга муайян даражада мос келади. Аммо адабиётнинг “сўз санъати” сифатидаги қиёфаси, моҳиятини намоён этадиган асарлар ҳамма даврларда ҳам камёб бўлади. Зеро, адабиёт бамисоли дарё. Бу дарё гоҳида ўзанини тўлдириб пишқириб оқади. Гоҳида жилдираб ҳам қолади. Баъзан унинг суви тиниқ, баъзан бўтана, лойқа бўлади. Матбуот саҳифаларини, китоб расталарини турли олди-қочди, ур-сур воқеалар баёнидан иборат “битик”лар босиб кетиши бу “дарё”да бўтана, лойқа оқаётганидан далолат беради. Йўлдош СОЛИЖОНОВ: — Ҳа, бозор шароити шу экан-да деб, “сариқ матбуот”да, хусусий нашриётларда турли савиядаги, баъзан маза-матрасиз асарларнинг босилишига бепарво қарадик. Айниқса, кейинги беш-олти йил ичида олди-қочди воқеаларни “тасвирловчи” енгил китоблар бозори қизиб кетди. Қотиллик, фоҳишабозлик, ўғрилик, зўравонлик тўғрисида завқ-шавқ билан ҳикоя қилинган асарлар давомли эълон этилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Нашриётлар эса, бундай харидоргир маҳсулотларни тезкорлик билан нашр этишга киришди. Уларга пул бўлса, бас! Адабиётнинг эзгулик элчиси эканлиги, тарбиявий аҳамияти улар учун иккинчи даражали ишга айланди. Бироқ анча вақт бу ҳолатга муносабат билдирадиган мард топилмади. Хайриятки, бу жимжитликни биринчи бўлиб, “ЎзАС” газетасида эълон қилинган “Муҳаррир минбари” рукнидаги мақолалар бузди. Уларда “бозор адабиёти” нафақат китобхон онгини заҳарлаши, айни чоғда, бундай енгил-елпи ёзилиб босилаётган китоблар ёш талантларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги тўғрисида бонг урилди. Баҳодир КАРИМ: — Бугунги кунда енгил-елпи асарлар кўпайганининг асосий сабабларидан бири сўз масъулиятини ҳис қилмаслик, албатта. Кимгадир: “Нима учун ёзаяпсан, сўзинг кимга керак экан?”, деган саволларни бериш мумкинми? Абдуқаюм ЙЎЛДОШ: — Шуни ҳам тан олиш керакки, бугунги кунда яхши асарлар ҳам яратилмоқда, халқимиз томонидан севиб ўқилмоқда. Китоб дўконларига бир кириб кўринг-а. Китоблар ранг-баранглигидан кўзингиз қамашгудек! Аммо… О.МУХТОР: — Бундан анча йил бурун биз билган олим Мустақим Мирзаев, адиба Кибриё Қаҳҳорованинг муштарак бир одатлари бўларди. Улар қайсидир газета ёки журналда кўп хато учраса, ўша газетани, журнални қоп-қора қилиб чизиб, редакцияга — кўринглар, деб жўнатишарди. Ҳозир газеталар, журналлар, китобларда шу қадар сон-саноқсиз хато ўтаяптики, бу ўзи нима бўлаяпти, деб беихтиёр ажабланасан. Баъзан Мустақим ака, Кибриё опани эслаб туриб, қўлинг қичийди. Лекин ўнлаб муҳаррирдан қайси бирига “ақл ўргатса” малол келмаслигини ўйлаб, қўл силтаб қўя қоласан. Сўзим қуруқ бўлмаслиги учун бир газетадан икки-уч мисол келтирай: “Бу инсон ҳақида аниқ бир тўхтамга келиш қийин”, “хонандамиз мен билан давом эттирмоқчилигини айтди”, “экранда яхши бола бўлиш осон”… Ҳарфий хатолар-ку, ғиж-ғиж. Крилчада “ҳ” билан “х”ни ажратолмаганлар ҳамма ерда лотинчада ҳам “х” ўрнида “ҳ” (“н”) шаклида ёзишаётганини айтмай қўя қолай. Х.ДЎСТМУҲАММАД: — Мен табиатан саргузашт, детектив асарлар китобхони эмасман. Бундай десам, мен учун ардоқли асарлардан бири бўлмиш “Жиноят ва жазо”ни айни детектив асар, дегувчилар ҳам бор. Тўғри, романда детектив ва саргузашт унсурлари талайгина, лекин улар буюк адиб қаламига мансуб юксак бадиий психологик таҳлиллар замиридаги бир фон, холос. Б.КАРИМ: — Ҳақиқатан ҳам дардсиз, енгил-елпи асарларнинг унутилиб кетиши тайин. Бир тасаввур қилайлик, ўтган йигирманчи асрда юзлаб ҳикоя ва қиссалар ёзилган. Улардан бир антология тузмоқчи бўлган одам қийналиб қолади. Умрбоқийларининг кўплигидан эмас, албатта… Нега шундай? Нега умрбоқий асарлар кам? Енгил асарларни ҳам кимлардир ёзган. Уларнинг ҳам муаллифлари бор. Демак, ўша асарларни ёзувчи — санъаткор эмас, ёзғувчи ёзиб ташлаган. Й.СОЛИЖОНОВ: — Ҳа, даврадошлар тўғри таъкидлашганидек, саргузашт, детектив деган ном остида чиқаётган “асарлар” жуда кўпайиб кетди. Бироқ учидан иккитаси бу жанр талабларига жавоб бера олмайди. Уларнинг энг яхши намуналари қаторига мен Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” тетралогиясини, Ҳожиакбар Шайховнинг қисса ва романларини, Омон Мухторнинг “Кўзгу олдидаги одам”, “Тепаликдаги хароба” асарларини киритган бўлардим. Уларда муаллифларнинг ғоявий мақсади аниқ ва воқеалар тасвири ҳам, қаҳрамонлар хатти-ҳаракати ҳам ана шу мақсадга йўналтирилган. Х.ДЎСТМУҲАММАД: — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик “Шайтанат” тетралогиясининг биринчи китобидаёқ адабиётимизга қанчадан-қанча янги қаҳрамонлар, янги образлар, янги типлар — янгича бадиий талқинлар олиб кирди. Шу билан бирга, Тоҳир ака кўплаб ёш қаламкашларга шайтанат эшигини очиб берди, ўша оламда адабиёт нуқтаи назаридан очилмаган қўриқлар тўлиб-тошиб ётганини, бизнинг адиблар ҳам ўша “қўриқ”лар томон дадил юришлар қилишлари мумкинлигини амалда кўрсатиб берди. Чунончи, мен ижодини изчил кузатиб бораётган ёш адиб Нуриддин Исмоиловнинг кейинги уч йил ичида чоп этилган олти китобининг бештасида мавзу шу: разолат салтанати! А.УЛУҒОВ: — Саргузашт, детектив асарларнинг ишқибозлари ҳамиша кўп бўлган. Шунинг учун бу хил асарлар барча мамлакатларда бадиий адабиётнинг сон жиҳатдан асосий қисмини ташкил этади. Э.Хеменгуэйнинг асари Нобел мукофоти билан тақдирланган бир пайтда Америкада Э.Берроузнинг Тарзан тўғрисидаги туркум асарлари қўлма-қўл ўқилган. Ваҳоланки, кенг омма эътиборини жалб этган туркум асарлар ёзган бу қаламкашнинг номи ҳам, асарлари ҳам тезда унутилган. Россияда ҳам Ф.Достоевский, Л.Толстой яшаган даврда Ф.Булгарин, А.Орлов, О.Сенковскийнинг қисса, романлари, Н.Полевойнинг драмалари, Н.Куколник, В.Бенедиктов шеърлари оммабоп китоб сифатида қайта-қайта чоп этилган. А.ЙЎЛДОШ: — Албатта, гап асарнинг қайси тур ёки жанрда ёзилганида эмас. Ҳар қандай асар шахсан мен учун, аввало, образлари, бениҳоя мураккаб инсон кўнглини қай даражада тадқиқ эта олгани билан қимматли. Шу маънода, ўз вақтида адабиёт газетамиз “бозорга чиқди” дея эълон қилган “Шайтанат” асарининг биринчи жилди кейинги йиллар ўзбек адабиётида яратилган саргузашт асарларнинг энг яхшиси бўлиб туюлади менга. Й.СОЛИЖОНОВ: — Хўш, ўша “вақтни ўлдириш” учун енгил ижод маҳсулотларини, “тезҳазм” асарларни ҳозир қидириб ўқиётганлар камми? Улар кимлар? Бекорчилар! Бозорга боринг, харидор келгунча “вақтни ўлдириш” учун ё ўшанақа маҳсулотларни давомли босаётган газетани ўқиб ёки ўзбекнинг донишмандлигини “синаб” кўришга мослаштирилган ниҳоятда жўн кроссвордларни ечиб ўтирганларни кўрасиз. Писта, сигарет сотувчилар, киракаш ҳайдовчилар ҳам… Умуман, вақтини нимага ва қандай сарфлашни билмай юрганларга бундай асарлар эрмак бўлаяпти. Афсуски, ана шу бекорчиларга уларнинг таъсири ҳам ёмон ураяпти. Фикрим қайтариқ бўлиб қолаётгани учун узр сўрайман, бироқ кузатишлар шуни кўрсатаяптики, унақа маҳсулотлардан ўрнак оладиганлар кўпаймоқда. Х.ДЎСТМУҲАММАД: — Азал-азалдан аён бир аччиқ ҳақиқат шуки, адабиёт тарихида бирорта жиддий асар миллионлар орасида қўлма-қўл бўлиб ўқилган эмас. Бунга ўнлаб, юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Ҳозирги саргузашт, детектив асарларимизнинг кенг омма ютоқиб ўқиётганининг сабабларидан бири ҳам шу, яъни улар жуда енгил ўқилади. Сюжет йўналишида, тасвирлар силсиласида воқеанавислик устунлик қилади. Чинакам бадиий асар воқеалар тафсилоти тугаган ва улар ҳақидаги ўй-мулоҳазалар бошланган жойда туғилади, деган машҳур таъриф ёдга тушади. Таассуфки, кенг омма худди шу — чинакам бадиий асар бошланган жойда ўқишдан толиқади, китобни қўлига олса уйқуси келади. Аслида, бунинг ҳам ажабланарли жойи йўқ, омма оммабоп асардан қониқиш ҳосил қилади. Унинг учун бундан ортиғи ортиқ. А.УЛУҒОВ: — Албатта, яхши нарса харид қилишни бирданига ўрганиб бўлмагани сингари, бадиий асар сифатида тақдим этилаётган китобларнинг ҳам асл ёки “хом-хатала” эканини сезиш учун анча “қоқилиб-суриниш”га тўғри келади чоғи. Бу жараёнда китобхонларнинг адабий диди шаклланади. Кимдир умр бўйи олди-қочдидан иборат саргузашт, детектив асарларга ишқибозлигича қолса, кимдир Навоий, Достоевский даҳосини англашга интилади. Ҳеч қачон ҳамманинг диди, дунёқараши, тушунчасини бир хил “қолип”га солиб бўлмайди. Олди-қочди воқеаларга тўла, ўткир сюжетли асарларнинг ишқибозлари кўп бўлишининг боиси шундаки, бу хил асарларни ўқиш куч талаб қилмайди: овқатланаётиб ҳам уларни бемалол мутолаа қилиш мумкин. Навоийнинг бир ғазалини, Достоевский романининг бир саҳифасини ўқиб уқиш учун эса анча ўйланишга, мулоҳаза юритишга тўғри келади. Шу боисдан кўпчилик миясини машаққатга қўядиган жиддий асарлардан кўра, “тезҳазм” роман, қиссаларни ўқиб, “жангари” филмларни кўриб, мароқланади. Қувиш, қочиш, ўлдириш, қасос олишдан иборат “жангари” филмларни томоша қилиш, тўс-тўполон воқеаларга тўла асарларни ўқиш аста-секинлик билан дийдани қотириб, кишини шафқатсизликка мойил қилиб қўяди. Шундай экан, кишилар маънавиятига беқиёс зиён етказадиган ҳар қандай “оммабоп” асарга сергаклик билан муносабат билдириб, жамоатчиликка унинг “баҳо”сини айтиш керак. Бу, албатта, биринчи галда адабий танқидчилик зиммасидаги долзарб вазифадир. О.МУХТОР: — Ҳозир нима кўп — газета, журнал кўп. Уларни “тўлдириш” учун ҳар хил маза-матрасиз “асарлар” ҳам босилаяпти. Пул тўлаб, бирон мутахассис кўздан кечирмаган китоблар ҳам нашр этилаяпти. Танқидчиларимиз холисликни унутиб, уларни баъзан ҳатто мақташаяпти ҳам. Уларнинг анъанавий адабиётга қанчалик алоқаси бўлмаса, саргузашт, детективга ҳам шунчалик алоқаси йўқ. Китобхонлик севияси пасайиб кетганидан, яхши билан ёмонни ажратмайдиган ҳолат юзага келаяпти. Бинобарин, токи адабиётга муносабат даражасини кўтармагунча, сўз олдида масъулият ҳақида гапириш ортиқча. Б. КАРИМ: — Танқидчилик нафақат “бозор адабиёти”га муносабатда жим, балки адабиётнинг бошқа соҳаларига муносабатда ҳам жим турибди. Чунки бугун танқид ёзадиган ёшлар йўқ. Диссертациялар ёзаётган, тақризлар ёзаётган, гўё илмий деб аталмиш атамаларга мўл мақолаларни ёзаётган адабиётчилар кўп. Аммо танқид майдони бўш. Бу гапларим ёшлари улуғ, муҳтарам мунаққидларга тегишли эмас. Улар ўз зиммаларидаги миссияларини қойилмақом қилиб адо этганлар. Бугун: “Мен “бозор адабиёти”га баҳосини бераман, унинг санъатга ҳеч қандай дахли йўқлигини ёки чинакам санъат намуналари эканлигини кўрсатиб бераман”, деб майдонга чиқадиган танқидчи йўқ. Агар ўшандай марди майдон бўлиб, “бозор адабиёти”нинг баҳоси бериб турилса, бугунгидай суҳбат уюштириб ўтиришга ҳам зарурат қолмас эди. Хўш, вазиятдан қандай чиқиш мумкин? Хўш, “бозор адабиёти” ҳам, жиддий асарлар ҳам, умуман, адабий жараён етарлича баҳоланмаётган экан, бунинг учун нима қилмоқ керак? Қани танқидчи? Борми? Йўқми? Нега у жим? Танқидчи йўқ! Демак, бу соҳадаги вазифалар ечимини адабиёт жонкуярлари, адабиёт фидойилари — ижодкорларимиз, шоир ва ёзувчилар ўз зиммаларига олишлари керак эмасми? Бу жиддий гап. Бу яқин кечмиш адабиётимиз тажрибаларидан келиб чиққан бир фикр. Чўлпоннинг аксар мақолаларида театр асарлари баҳолаб берилган эди. Фитрат — адабиётшунос эди. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзоданинг қарашлари ўз вақтида адабий жараён учун жуда муҳим бўлган. Й.СОЛИЖОНОВ: — “Бозорбоп” асарларга адабий танқиднинг муносабати сезилмаяпти десак, танқидни бироз камситган бўламиз. Онда-сонда бўлса-да, жиддий танқидий мақолалар босилиб турибди. Бунда, айниқса, “ЎзАС” газетасининг хизматини алоҳида таъкидлаш керак. Афсуски, ҳозир танқидни ҳеч ким эшитмай қўйди, танқид қилган одам ёқмай қолди. “Фалончими? Э, у адабиётни тушунмайди!” деб, мунаққидларни саводсизга чиқарадиганлар кўпайди. Хусусий газеталар ва нашриётлар эса ўша-ўша — бундай енгил-елпи асарларни жадаллик билан босишни давом эттирмоқда. А.ЙЎЛДОШ: — Менинг назаримда, ҳамма соҳада бўлгани каби, адабиётда ҳам тараққиётни ҳамманинг ўз касбини (ҳунарини) виждонан адо этиши белгилайди. Адабий танқидчилар — профессионал адабиётшунослар. Ҳар қандай асарнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш айнан танқидчиларнинг вазифаси. Ахир, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйгани маъқул-да. Аммо бир пайтлар қўлма-қўл ўқиладиган “Очиқ хат”лар ёки танқидий мақолалар бугунги кунда анқонинг уруғига айланиб бормоқда. Х.ДЎСТМУҲАММАД: — Давра суҳбатимиздан аён бўлаётган муҳим хулосаларимиздан бири шуки, адабий жараён муносабат билан тирик. Назаримда, ҳозирги миллий бадиий тафаккур савияси бирмунча парокандалашиб қолгандек туюлади, адабий танқидчилигимиз эса фаол эмас. Конкрет таҳлиллар, чоғиштиришлар, умумлашма хулосалар, баҳс-мунозаралар кўзга ташланмаяпти. Мисол учун, “Алкимёгар”нинг уч хил таржимада эълон қилингани адабиётимизда фавқулодда воқеа бўлди, лекин танқидчиларимиз жим. Ваҳоланки, шу баҳонада қанча фикр қайнаб чиқиши, жумладан, саргузашт ва детектив йўналишдаги “бозор адабиёти” ва бадиий сўз масъулияти хусусидаги қарашларни ўртоқлашиш мумкин эди. Умид қиламиз, бугунги давра суҳбатимиз ижодкорларга ҳам, мунаққидларга ҳам яхши маънода бир туртки бўлар. Давра суҳбатини Маҳмуд Саъдий ва Аҳмад Отабоев ёзиб олди. |
Адабиётшунослик
![]() Адабиёт нима учун керак?1. Тарбиявий аҳамияти: Адабиёт инсон қалбини бойитади, унга эзг... |
![]() Ўзбек адабиётига бағишланган сайтнинг аҳамиятиЎзбек адабиётига бағишланган сайтнинг аҳамияти қуйидаги жиҳатла... |
![]() Адабиётда композицияАдабиётда композиция — бу бадиий асарнинг тузилиши, яъни асар қ... |
![]() Фильмни таҳлил қила билишФильм таҳлили сценарист таьлимида муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда ... |
![]() Бадий матн ва таҳлил муаммолариШоирлик аслида шеърни шеъриятга алоқаси йўқ нарсалардан тозалай... |
Навоийхонлик
- 0
- 1
![]() Ким, васила бўлди маҳзун жон била жонон ароЖонда қўйдум чирмаған мактубини ҳижрон аро,Билман ул мактубдур ёх... |
![]() Дуди оҳимким қора айлабтурур олам юзинСоқиё, очтинг чу май тутмаққа жоми Жам юзин,Юз ғамим дафъ айлад... |
![]() Гар Навоийнинг куюк бағрида қондурҚошу юзунгни мунажжим чунки кўрди бениқоб, Деди: кўрким, Қавс б... |
![]() Икки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабобИкки ўтлуғ наргисингким, қилдилар бағрим кабоб, Биридур айни ху... |
![]() Тиласа равзани зоҳид, Навоийю - кўюнгЗиҳи висолинга толиб тутуб ўзин матлуб, Муҳаббатидин отингни ҳа... |
![]() Эй Навоий, ишқ дарди кўрган эл кўнглин бузарЭй алифдек қоматинг майли бузулған жон аро Ганжи ҳуснунг жавҳар... |
![]() Лутфунг ози жон олур, қаҳринг кўпи ҳам ўлтурурҚаҳринг ўлса, барча ишимдин малолатдур санга, Лутфунг ўлса, юз ... |
![]() Ҳар неча дедимки: кун-кундин узай сендин кўнгулКўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санга, Не балолиғ кун эди... |
![]() Сенинг васлинг муяссардур мангаМенмудурменким сенинг васлинг муяссардур манга? Бахти гумраҳдин... |
![]() Халқ дер: жон беру ё кеч ишқидинШаҳр бир ой фурқатидин байт ул-аҳзондур манга, Бир гули раъно ғ... |
Уйғониш даври
- 0
- 1
![]() Шубҳа(Ҳикоя)— Колхозимизда ва қишлоғимиздағи якка хўжаликлар орасида... |
![]() Янги систем бетарафликИнқилоб баракасинда ҳисобда ҳам бўлмаған аллақанча янги систем ... |
![]() Қўрққан олдин мушт кўтарар(Бу фелетон «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил, 21 сентяб... |
![]() БўзахонадаТунов кун кайфимиз бир оз ширалангандан сўнг, Тошпўлад тоға кос... |
![]() Қурбонлиқ ўғрилариКичкина хангама— Қурбон ҳайити ҳам келди... бу йил қурбонлиқдан... |
![]() Думбаси тушиб қолган эмишКичкина фелетўн(Эски шаҳар Озиқ шўъбасига бағишлайман) Гўш...О... |
![]() Қурбон байрами (Ҳангама)Бойларникида имлама, хасисларникида димлама.Бу кун қуввати келг... |
![]() ДардисарБир неча айёмларким фақир дардисар(Бош оғриғи (муал.).) бирлан ... |
![]() Келинни келганда кўр, сепини ёйғанда кўр— Ош тегса — тўй, тегмаса тафарруж...(Тафарруж — томоша.) деб о... |
![]() Наҳс босқан экан...Кашмиридан келган ромчининг олдиға ўлтуруб:— Қани бир бахтимизн... |