Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Девон. Абдулҳамид Қосим ўғли Лузумий
Facebook
Девон. Абдулҳамид Қосим ўғли Лузумий PDF Босма E-mail

Ғазаллар, шеърлар, муножотлар...

Қосимов - Собиров Абдулҳамид Лузумий
(1900-1977 йй.)
Буюк инсон, шоир, ўзбек халқининг хурматли отахони, фақиҳ, диний олим, мулла Абдулҳамид Лузумий Абдулқосим ўғли 1900 йили Чимкент вилоятининг Қорамурт қишлоғида таваллуд топди.
Отаси мулла Қосим ота ўқимишли, илм-фанни севган маърифатпарвар инсон бўлган эканлар. Онаси эса ўғли Абдулҳамид етти ёшга тулганда вафот этади. Кенжа ўғлининг зийрак ва ўткир зеҳнини кўрган Қосим ота Абдулҳамидни ўқита бошлайди. Шу тариқа Абдулҳамид Лузумий ўн икки ёшигача отасининг ёрдамида “Ҳафтияк”, “Қуръон”, “Сўфи Оллоёр”, “Хожа Ҳофиз” китобларини ўқиб саводини чиқаради. Кейин мулла Қосим ота ўғлини Чимкент шаҳридаги мударрис Муҳаммад Собирхон домла ҳузурига ўқишга элтиб қўяди.
Мухаммад Собирхон домла Бухорои шарифдаги мадрасаларда таҳсил кўрган, ўткир илмли киши бўлиб, кўпгина шогирдларга, жумладан, Абдулҳамид Лузумий, мулла Абдулғани Қодиров, Ҳусан қори Нуралиев ва бошқаларга сабоқ берган меҳрибон устоздир. Домланинг фарзандлари турмай, Абдулҳамидни отаси Қосим отадан вафоти олдидан фарзандликка сўраб олади. Шундан сўнг Абдулҳамид домланинг уйида ҳам фарзанд, ҳам шогирд бўлиб таҳсил олади.
Абдулҳамид Лузумий устози Собирхон домла ҳақида шундай деб ёзади:
Адиби асл устози замона,
Улуми шаръиға гўё хизона.
Ғариби ё етим бўлса қачонким,
Талатуб айлагай чин ота-она.
Муборак номи Собирхўжа Эшон,
Демакдин бастаги тушди забона.
Вужудидин олис буғзу-адоват,
Қилур душманга рибқат дўстона.
Ҳамиша кўшиши эл наъфи, ё раб,
Биҳаққи зотика таввил омона.
Илоҳи файзаҳу зид биҳаёти,
Ва баъда мавтиҳи тоййиб макона.
Нигоҳи марҳамат Абдулҳамида,
Қилибдир лойиқа бу остона.
Шу пайтдан бошлаб, то умрининг охиригача Абдулҳамид Лузумий ана шу масканда яшаб ижод этган. У киши ўзбек, форс, араб ва турк тилларида шеърлар ёзган. Афсуски, Абдулҳамид Лузумийнинг араб ва форс тилларида ёзилган қўлёзмалари тақдир тақозоси билан Собиқ иттифоқ даврида шарқшунос-мутахассис Шоислом Шомуҳаммедов  қўлига тушиб, изсиз йўқолди. Абдулҳамид Лузумий Навоий девонларини, Муқимий, Фурқат, Абдуллоҳ Авлоний ва бошқа шоирларнинг шеърларини, айниқса, Фузулий ва Навоий девонларини қайта-қайта мутолаа қилаган, уларнинг шеърларига мухаммаслар ёзган.
1928-1937 йилларда Чимкент пойабзал фабрикасида этикдўз бўлиб ишлайди. 1937 йили қатағон қилиниб, 8 йил концлагерда, 3 йил сургунда бўлади. 1957 йили СССР Министрлар советининг қарори билан оқланади.
1977 йил 7 январда узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди.

Лузумий девони

Абдулҳамид Қосим ўғли Лузумийнинг мазкур табаррук дастхат- ларини бир неча йил илгари ул зотнинг фарзанди аржумандлари Абдулазим ака ўз қўллари билан менга топширган эдилар.
Фақир бу йиллар давомида араб алифбосида хушхат қилиб битилган табаррук сатрларни кўз нурим ила ёритиб, улар бағрида мужассам топган дурри ятим монанд мазмунларни онгим қуввати ила аниқлаб, жорий ўрис ёзувига ағдариш билан машғул бўлиб келдим.
Албатта, фақир адо этган бу арзимас юмушнинг самарасини мукаммал ва муфассал бўлди, дейиш асло жоиз эмас.
Зотан, фақирнинг араб ёзувидан бохабарлигимга қарамай, араб ва форс тиллари жавоҳиротидан бехабарлигим кўп ўринларда панд берди ва битикларимда кўплаб мужмалотларни пайдо қилди.
Шу боис каминаи фақир Лузумийдек араб ва форс тилларининг билимдони ва айни пайтда ул лисонкарда мавжуд дурларга жило бера олган етук санъаткорнинг пок руҳлари олдида ўзимни гуноҳкор ҳисоблаб, афу этмоқлари илинжида илкимни фотиҳага кўтарганча қолғусидирман.
Аммо, шунга қарамай, фақир амин бўлдимким, Абдулҳамид Лузумий (Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин) ўзбек миллий мумтоз адабиётимизнинг бақувват ва нозик таъб намояндаларидан бири бўлуб, ўз сўзлари билан:
"Гар Навоийни манга устоз десам ёлғон эмас,
Яъни, ман шогирдини шогирдини шогирдиман”,- деганлари мутлақо хақиқатдир.
Надоматлар бўлсунким, фақир ул зоти бобаракотнинг табаррук ва айни пайтда ҳаётбахш қаламлари остидан чиққан жамики сатрларга кўз юритиш бахтига мушарраф бўла олмадим.
Бироқ шунга қарамай, мазкур маънавий меросни чоп қилдиришдан ҳам аввал, ул зоти покнинг қўлимизда мавжуд араб ёзувидаги меросларини араб алифбосида хуснихат билан кўчириб, албатта бир “Девон” тартиб бериш лозим экан, деган туғёнли бир орзуни баён қилиб қолгувчи фақир - ул ҳақир.
Тўхтамурод Уста Усмон ўғли Зуфаровдирман

Шарқшунослик институтининг илмий ходими.
Ташкент шаҳри. 28 ноябрь 1997 йил.

Шукрона
Қосим ўғли Абдулҳамид Лузумийнинг ўзи ёзиб қолдирган эсдалиги:
“Ман 1900 йилинда Чимкент шаҳрининг Қорамурт қишлоғинда дунёга келиб, 7 ёшимда онам вафот этди. Отам 60 дан ошган вақти экан. Онам вафоти олдида отамга “бу бола ёш қоляпди, кўнглига қаранг”, - деб отамга кўп тайинлаган эди. Сўнгида отам ёш хотин олиб, менга парво қилолмайин қолди. Меҳрибон онадан айрилиб, ўгай она қўлида хор-зорликка чидай олмайин, ҳар куни қанча маротаба йиғлаб ўтирар эдим. Ҳатто, нон ва бошқа ейдирган нарсаларни сандиққа солиб, қулфлаб ўтирар эди. Отам анга қаттиқ ва юмшоқ сўйласа ҳам тингламас эди. Отам: “Оталик етим - шум етим, оналик етим - гул етим, деганлар. Онанг ўлгунча мен ўлсам, сен бунчалик хор-зор бўлмас эдинг”, - деб мани бирла қўшилиб, йиғлаб ўтирар эди. Икки оғамнинг бири уйланиб, ўз бошларини олиб кетдилар. Манга ҳам “биз бирлан кет”, дедилар. Ман: “отамни норози қилиб, сизлар билан кетмайман”, деб, бормадим.
Шу тариқа бирлан 12 ёшгача отам хизматида “Ҳафтияк”, “Қуръон” ва “Сўфи Оллоёр” китобларини ўқидим. Бир куни бир жойда бир бола қўлида бир китоб, бир ғазални ўқиб турибди:
Ашрақат мин акси шамсил къаси анворул ҳудо,
Ёр аксин майда кўр, деб жомдин чиқди садо - деб ғазални охиригача ўқиди. Нима деганини тушунмасам ҳам, жонимга қаттиқ таъсир қилди. Сўнгида билсам, Навоийнинг “Девони” экан.
Алқисса, қариган отам, ўгай онам бирла мани тутиб туролмасдан, Чимкент шаҳрида мударрис Муҳаммад Собирхон домла хизматига элтиб қўйди.
Отам йўлда манга деди:
- Ўғлим, сенга уч сўзим бор:
Биринчиси: қайси жойда бўлсанг ҳам ерда олтин ётса ҳам олиб, “Бу кимники?” деб эгасига бер.
Иккинчиси: ул ерда хизматингни аяма.
Учинчиси: ўзингдан катта киши иш буюрса, бўйин бурма. Бу сўзларимни қулоққа олсанг, ҳеч ерда хор бўлмайсан, деди.
Алҳосил, домлани уйида ҳам хизмат қилиб, ҳам ўқий бошладим. Кундан-кунга ўқишим олға босиб, хизматим ҳам ёқа бошлади. Отамни насиҳати бўйича жон аямасдан хизмат қилдим. Ҳам беижозат ҳеч бир нарсаларига қўл узатмадим. Домланинг ўғил болалари турмай, қариганда кўрган икки ўғли бор экан, 4 ва 6 ёшда. Ман уларни ўйнатиб, қушлар тутиб бериб, хурсанд қилган сайин, улар мани ўз оғаларидай кўриб, хурмат қилган сайин домла ҳам, рафиқаси Мастурахон Эшонхон қизи ҳам болаларимизнинг оғаси, деб шафқат кўзи бирлан боқар эдилар. Келаси йил қизамиқ чиқиб, икки ўғиллари ҳам вафот этдилар.
Кўп вақт ўтмасдан мани отамдан хабар келди-ки: “бетоб, оғир ҳолда”, деб мани оғам олиб кетмоқчи бўлди. Мастурахон ойим кўзига ёш олиб: “Мабодо отангиз вафот этсалар, оғаларингиз сизни юбормасдан қўядилар-да”, - деди. Ман ҳам йиғлаб: “Ойижон, сизларни ташлаб кетмайман”, - деб ваъда бериб кетдим.
Отам бетоб ҳолатда бўлгани учун домла ҳам кўргани борди. “Менга Абдулҳамидни бериб кетинг, ўғил қилиб олай”, - деди домла. Отам оғаларимга айтди: “Мандан сўнг Абдулҳамидни домладан олиб кетманглар”.
Отам вафот этгандан сўнг, Муҳаммад Собирхон домла мани уйига олиб кетдилар. Шундан сўнг мани ўз ўғилларидек кўра бошладилар, ҳатто, домланинг бирга туғишган, бир ҳовлида яшайдиган укаси Муҳаммад Зокирхон ҳам, рафиқаси Ортиғой Ёқубхон қизи ҳам ота - онадай бўлиб турар эдилар.
Шундан сўнг янада ўқишга қизиқиб, “Сарф” ва “Наҳв” китобларини ўқиб юрганимда, форсий ва арабий китобларни осонроғини топиб, ўзимча ўқиб юрар эдим. Айниқса, ёз кунларида болалар дам олишга кетсалар ҳам, ман Саъдийнинг “Бўстон” ва “Гулистон”, Жомийнинг “Баҳористон” ва бошқа форсий ва арабий китобларни ўқиб турар эдим. Баёз китобларни топиб, Муқумий ва Фурқат, Абдуллоҳ Авлоний, Абдуллоҳ Алавий, бошқа замона шоирларини шеърларига қизиқар эдим. Фузулий ва Навоий девонлари кўз олдимда турар эдилар.
Алқисса, ман камолга етгач, Муҳаммад Зокирхон отамиз ёлгиз қизлари Зайнабхонни ўз хоҳиши бирла манга турмуш ўртоқ қилиб, тўртталовларининг мол - мулкларини мани номимга ўтказдилар. Тўртовлари ҳам ҳамиша мандан рози бўлиб, вафот этдилар. Уларни ман ўз отам, онам деб хаёл қилар эдим. Улар ҳам вафот этаётганларида ҳам мани кўз олдиларидан, ёнларидан кетказмадилар. Ман ҳам ҳозир улар эсимга тушсалар, йиғлаб юбораман, дуолар қиламан.
Ман шу сўзларни шунинг учун ҳам ёздим-ки, партия ва ҳукуматимиз қанчадан-қанча етим болаларни, ота ёки онасиз болаларни махсус уйлар очиб, мактабларда ўқитиб, олий маълумотли қилиб, қўлларига ҳунар ва ишлар беряпдилар. Шу болалар ҳукуматимизга ҳиёнат қилмасинлар, - дейман.”

Абдулҳамид Лузумий

Ғазаллар, шеърлар, муножотлар...

Абдулҳамид Қосим ўғли Лузумий
Ё раб, айшим тор этма,
Дўстларга зор этма,
Душманимга хор этма,
Ёмон бирла ёр этма,
Яхшидин безор этма.
Кўнглимда ғаминг фош эт,
Тавфиқинг манга бош эт,
Шавқингда кўзим ёш эт,
Дард аҳлига йўлдош эт,
Бедард ила ёр этма.
Иймон ила фурнур эт,
Ислом ила маъмур эт,
Инсоф ила машҳур эт,
Ахлоқ ила манзур эт,
Бадхулққа дучор этма.
Саҳҳату фароғат бер,
Яхши хулқу одат бер,
Баркати саноат бер,
Борима қаноат бер,
Йўққа интизор этма.
Кўнглимга сафо бергил,
Дардимга шифо бергил,
Дўстларга вафо бергил,
Душманга ҳаё бергил,
Бағримни фикор этма.
Авлодимга баракат бер,
Бахт ила саодат бер,
Илм ила фазилат бер,
Ҳар бирига давлат бер,
Бир-бирига зор этма.
Султонга адолат бер,
Фуқарога роҳат бер,
Ағлиёга шафқат бер,
Мамлакатга зийнат бер,
Элни беқарор этма.
Халқимга бер осонлиғ,
Нарху наво арзонлиғ,
Ҳар жиҳатдан омонлиғ,
Кўрмасинлар ёмонлиғ,
Кўнглини кисор этма.
Лузумийга тавфиқ бер,
Ҳар сўзига таҳқиқ бер,
Этганига тазвиқ бер,
Битганига тасдиқ бер,
Сўзин беэътибор этма.

Заррадин кам тут

Жаҳонга офтоб бўлсанг, ўзингни заррадин кам тут,
Шиъои  шамс бил ёринг, ўзингни ақди  шабнам тут.
Ҳамиша тангридин хавфу ражода  қалтираб тургил,
Каромату мақомат аҳли бўлсанг ёди балъам тут.
Насаб бирла, ҳасаб бирла азозилдек  ҳаволанма,
“Заламно Раббано” деб, ажз  ила тақлиди Одам тут.
Агар ҳар мастни кўрсанг, анга тан этмагил ҳаргиз,
Ки ҳар девонани кўрсанг, чу Иброҳими Адҳам тут.
Агар қасдинг била ерда чумолини босиб ўтсанг,
Ани шери Худо билгил, ўзингни ибни Мулжам тут.
Ўтир аҳли фазилат бирла, лек изҳори фазл этма,
Ўзингни жоҳили маҳзу жалисинг ибни Аксам тут.
Талабдин қолмагил ҳаргиз ва гар Ғаззолий шогирдинг,
Ки гар ҳар аҳли фазл ўлса ани Имоми Аъзам тут.
Такаббурдин натижа топмагандур ҳеч бир инсон,
Тавозўъ пеша бўл жоно, мани пандимни маҳкам тут.
Лузумий ер юзидин кетмагинг лозим бўлур бир кун,
Тасаввур бирла ер остидаги ҳолингта мотам тут.
Сибирь йўлида айтилган муножот
Ёраб, ўзингни элдин пинҳон қилгаи Худосан,
Оламга қудратингни эълон қилган Худосан.
Бир ҳиссасин қуруқлик, уч ҳиссасин сув айлаб,
Бу курраи заминни даврон қилган Худосан.
Ер юзида яратиб ҳар турли жониворлар,
Бориға одам ўғлин султон қилган Худосан.
Дунёда жондорлар айшу ҳаёти учун,
Ой бирла кун яратиб, рахшон қилган Худосан.
Дунёда сувларики бордир киши билолмас,
Қайдин қаён буларни жарён қилган Худосан.
Махлуқларингни ризқин ундиргали денгиздан,
Юқори сув чиқориб, борон қилган Худосан.
Юлдузларики кўкда ҳар кечаси ярақлар,
Ҳар бириси бир олам бунён қилган Худосан.
Ҳар қанча илм ортса, шунча таажжуб ортар,
Хуш аҳлини ўзингга ҳайрон қилган Худосан.
Нуҳ қавми ҳаддин ошди, айлаб ғазаб уларга,
Бир лаҳзада оламни тўфон қилган Худосан.
Тоғдин улуғ, баҳайбат ўтин йиғиб ёқилган,
Намруд ўтин Халилга бўстон қилган Худосан.
Юсуфни сотқизиб ҳам, зиндонга ётқизиб ҳам,
Охирда Миср элига султон қилган Худосан.
Дарёга ташлатиб сўнг онасига кетуртиб,
Мусога душманини посбон қилган Худосан.
Каъбага қасд қилган Асҳоби фил ҳужумин,
Бир тўп кичик қуш ила яксон қилган Худосан.
Дўстингни душманидан ҳимоя қилмак учун,
Fop оғзига кабутар дарбон қилган Худосан.
Чекмас Лузумий қайғу сургунда юрмагидин,
Ҳар мушкулини ўзинг осон қилган Худосан.

1.     Рахшон - форсча - порлоқ
2.     Жарён-а - оқим маъносида бўлиб, уни “жараён ” деб ҳам ўқиш мумкин.
3.     Борон-ф - ёмғир
4.     Бунён-ф - бино.

Муножот

Эй, Худо кўп гуноҳ қилиб келдим,
Ҳар на кори табоҳ  қилиб келдим.
Соч-соқолим сафид бўлгунча,
Дафтаримни сиёҳ қилиб келдим.
Доимо фисқ ила бўлиб машғул,
Тоатинг гоҳ-гоҳ қилиб келдим.
Нафсимни подшоҳ билиб доим,
Анга ўзим сипоҳ  қилиб келдим.
Хайр ишига бирор қадам қўймай,
Шар  ишин раҳбароҳ қилиб келдим.
Энди даргоҳингга қилиб тавба,
Кўз ёшимни гувоҳ қилиб келдим.
Авф қилким қочиб гуноҳимдин,
Раҳматингни паноҳ қилиб келдим.
Ҳоҳ ўт, ҳоҳ тут иложим йўқ,
Ман сани додҳоҳ  қилиб келдим.
Қувма Абдулҳамид гадоингни,
Наъраи ё илоҳ қилиб келдим.

* * *

Билурсан, ҳар на қилғонимни ё раб,
Кечургил ҳарам исёнимни ё раб.
Ки сандин заррача пинҳон ишим йўқ,
Билурсан барча пинҳонимни ё раб.
Халойиқ олдида шарманда қилма,
Ёшурғил айб исёнимни ё раб.
Ўлур чоғимда шайтон фитнасидин,
Саломат сақла иймонимни ё раб.
Ҳама қилғонима бўлдим пушаймон,
Қабул этгил пушмонимни ё раб.
Йилон бирла чаёнға гўр ичинда,
Насиб этма тану жонимни ё раб.

Иймон ила

Бисмиллоҳир раҳмонир роҳим
Наҳмадука рабби лимо аътайтано нурал Худо.
Ким юбординг Аҳмади - Мухтор отлиғ муҳтадо .
Мундоғ экан Одаму Ҳаввоға қилки қудратинг,
Бир баҳона бирла қилдинг эҳбито минҳо нидо.
Баъзини қилдинг мушарраф лаҳзада иймон ила,
Баъзини бир лаҳзада иймонидин қилдинг жудо.
Мўъмину кофир салойи  тоатинг айлаб қилур,
Каъбада сўфи нидо-ю, бутхонада ноқус садо.
Кимни тўғри йўлға солсанг, қайтаролмас ҳеч ким,
Кимни гумроҳ айласанг топмас валиян муршидо .
Гоҳ қаҳру, гоҳ лутф изҳор айлаб қудратинг,
Подшоҳ бўлғай гадо-у, подшоҳ бўлғай гадо.
Даргоҳингда айладинг, аввал азозилни  азиз,
Сўнг ўзинг айлаб ғазаб қилдинг анга фаҳруж нидо.
Яхшиларга қўш Лузумийни агар чанди ёмон,
Ул куниким яхшилар бўлғай ёмонлардин жудо.

Муножот

Ё раб, ўқуб каломинг таъзими том бирла,
Ўпуб кўзимга сурдим юз эҳтиром бирла.

Қилди қабул ҳукмин жону дилим баробар,
Ихлоси комил ила сидқи тамом бирла.

Маҳшар кунида шояд айлаб мани шафоат,
Дўзахда куймасам ман ота - онам бирла.

Авлодларимға, ё раб, тавфиқ1 бер ҳидоят.
Дунёда айш қилсун роҳи қавом бирла.

Бул ерда ҳамдам айлаб қуръон элиға, ё раб,
Ул ерда ҳамроҳ этгил суҳби киром бирла.

Бобо калонларимни, момокалонларимни,
Раҳматга хос қилғил ғуфрони ом бирла.

Сан подшоҳи аъзам ҳукмингда йўқ шеригинг,
Даргоҳингга баробар хожа ғулом бирла.

Қурбингга ким етишгай, маълум эмас кишига,
Бу йўлда курд баробар ибни Ҳумом бирла.

Афв эт гуноҳимизни қуръонни ҳурматидин,
Қилдим санга василат хайрул калом бирла.

Бизни қилиб мушарраф дийдорингга илоҳим,
Бергил қароргоҳи дорус салом бирла.

Рад қилмағил худоё, ҳар эрта кеч Лузумий,
Очса қўлин дуога, ажзи тамом бирла.

1.    тавфиқ-ар - мадад. 28

Гумроҳман
(Муножот)

Э худоё, қил ҳидоят бандаи гумроҳман,
Кошки бўлсам эдим тавфиқ  ила ҳамроҳман.
Бори умрим зое этдим фисқу исёнлар била,
Қилмайин қуллуқ сани даргоҳинга, э шоҳ ман.
Соч оқариб, тан қариб гумроҳлик ортар манга,
Бир дам ўз феъли бадимдин бўлмайин огоҳман.
Халқ аро мандек забун бўлгаймикин тонгла куни,
Қилмишимга кўра гар тортсам жазолар оҳман.
Одам авлодин ичинда ҳеч ким етмас манга,
Фисқ майдонида ўтгай гоҳ иблис, гоҳ ман.
Лек фарқ улдирки, ул ноумиду ман умидвор,
Кўтариб дасти таъма фазлинга, ё Аллоҳ, ман.
Қилма рад, ё раб, гуноҳдин бош кўтариб бир замон.
Айласам зори агар даргоҳинга ногоҳ ман.
Калмаи улёга боғлаб эътиқодимни тамом,
Даст умидим дарозу тоати кўтоҳман.
Раҳматингдин қилмагил Абдулҳамидни ноумид,
Ҳарна бўлсам уммати Муҳаммад Расулуллоҳман.

Муножот

Ё раб, гуноҳим беадад, ман йиғламай ким йиғласин,
Қилган ишим бориси бад ман йиғламай ким йиғласин.
Нафсим учун овораман амринг тутолмай бораман,
Даргоҳинга юз қораман ман йиғламай ким йиғласин.
Ёшим гуноҳлар ахтариб ўтди, бу кун келдим қариб,
Даргоҳинга ҳам ёлбориб, ман йиғламай ким йиғласин.
Умрим бўйи юрдим саёқ бўлғай гувоҳим қўл-оёқ,
Гар урсалар ўтлиғ таёқ, ман йиғламай ким йиғласин.
Жон олгучи келса агар шайтон солур юз шўрушар,
Ҳибз этмасанг ўзинг магар, ман йиғламай ким йиғласин.
Ёрон таним гўрга тиқар, раҳм этмасанг гар ер сиқар,
Бир кун яна гўрдан чиқар, ман йиғламай ким йиғласин.
Кирсам қоронғу гўрга муҳтож бўлурман нурга,
Лутф этмасанг ёрурга, ман йиғламай ким йиғласин.
Мункар - накр кирса шитоб, дининг на деб, қилса хитоб,
Беролмасам тўғри жавоб, ман йиғламай ким йиғласин.
Олдимда кўпдир тоғлар, йўллар узоқ тайғоқлар,
Бир-бирга боқмас чоғлар ман йиғламай ким йиғласин.
Маҳшарда эллик минг йил музтар бўлиб тургайлар эл,
Ёраб ўзинг қилгил енгил, ман йиғламай ким йиғласин.
Боқмас ота ўғлига ҳам ҳар кимни ўз бошида ғам,
Гар қилмасанг ўзинг карам, ман йиғламай ким йиғласин.
Дерлар ҳамма во ҳасрато Нуҳу Халил, Одам ато,
Ҳазрат дегай во уммато, ман йиғламай ким йиғласин.
Ул кун манга ул ҳазратим солса назар хуш давлатим,
Йўқ деса сандек умматим, ман йиғламай ким йиғласин.
Ул кунда эл икки фариқ бўлгай анга икки тариқ,
Қай бириман билмам аниқ, ман йиғламай ким йиғласин.
Ул кун таниғлик Жулм эли пешонасидин белгили,
Бўйнига боғларлар ғули, ман йиғламай ким йиғласин.
Ёраб Лузумий ёрлиғ, сандин тилар ғамхорлик,
Гар қилмасанг ғаффорлиғ, ман йиғламай ким йиғласин!

Оч йўлим, ё раб!

Оч йўлим ё раб ўзинг то излайин ман ёрни,
Ҳазратига юзланиб тарк айлайин ағёрни.
Ҳар қадамда бодаи шавқин ичирким маст бўлиб,
Билмайин гулдин оёғимга қадалган хорни1.
Ман жунун  бозорида қўлга тутиб синган сапол,
Бир қадаҳ майга сотай номус бирла орни.
Равза  тупроғин кўзимга сургали ман зорман,
Қўймағил бу музтариб  аҳвол ила ман зорни.
Нияту ҳижрат  қилиб кетсам диёру ёрдан,
Хотиримдин маҳви  қил фикри диёру ёрни.
Аввало қилсам тавоби каъба жону дил била,
Сўнг зиёрат айласам ҳар жойи файз осорни.
Маккадин то равзага боргунча оҳу зор ила,
Ҳар қадам жойига сурсам бул қаро рухсорни .
Ман Ҳиро тоғига бориб кўзларимдин ёш тўкиб,
Кўрсам эдим Аҳмади Мухтор кирган ғорни.
Ғор оғзида ётиб қитмир янглиғ йиғласам,
Ўқиб - ўқиб Сония иснайн  из ҳумо  пилғорни.
Ул Уҳуд тоғида қон тўккан шаҳидлар бошида,
Тўксам эдим қатра-қатра ашки оташ борни.
Сўнг Мадина шаҳрига бориб юриб бошим билан,
Кошки қилсам зиёрат Аҳмади Мухторни.
Гоҳ Макка, гоҳ Мадина шаҳрида манзил тутиб,
Каъба завқи, равза шавқи бузса истиқрорни.
Ман бу ғурбат бирла қайси чўлда қолсам яхшироқ,
Лойиқи баъқи  демам Лузумий бадкорни.

Бечорадурман

Худоё, бандаи бечорадурман,
Ҳамиша нафс ила оворадурман.
Қилолмай амрингни мингдин бирини,
Навоҳийни бориға борадурман.
Деса эл тоатим қилғил қабул, ман
Гуноҳим кеч деб ёлборадурман.
Худоё сақлағайсан дўзахингдин,
Биҳиштинг сўрғоли юз қорадурман.
Агар ғаффорлиғинг айни муродим,
Ва гар қаҳҳорлиғинг бечорадурман.
Ҳама даргоҳингга тоат кетурса,
Мани мискин қуруқ қўл борадурман.

Гуноҳимни

Юрагим қалтирар rap эсласам қилган гуноҳимни,
Вале таскин этарман ёд этиб фазли илоҳимни.
Гувоҳим қўл оёғим бўлса ҳам қандағ қилур мардуд, 
Мани “лотақнату минраҳматилло”дек  гувоҳимни.
Гуноҳимни бари маълум анга, аммо бирин очмас,
Қилур шарманда дўстлар билса мингдин бир гуноҳимни.
Мани кори табоҳимдин  ўзим шармим келур ё раб.
Эсиз табъим начук севган ўшал кори табоҳимни.
Ўшандоғ русиёҳман ёпмасанг гар пардаи афвинг,
Қилур маҳшар эли нафрат кўриб рўйи сиёҳимни.
Қўйиб сан бошима лутф ила мўминлиғ кулоҳини,
Умидим шулки олмайсан, бошимдан бу кулоҳимни.
Лузумий, подишоҳлар берганини қайтиб олмайдур,
Гумоним йўқки, олғай деб ҳақиқий подишоҳимни.

Мухаммас

Оҳ ким, ёшу қари бағрин фикор этган ўлим,
Қолдириб тупроқ аро беихтиёр этган ўлим.
Не азиз бошларни ер остида хор этган ўлим,
Танларини тўъмаи  ҳар мўру мор этган ўлим.
Даф этарга чораси йўқ бемадор этган ўлим.
Зулм элидек ҳар тарафга тўп-тўп аскар тўкмайин,
Хастайи бечорага жаллод янглиғ чўкмайин.
Бош кесилмай, ич ёрилмай жома чокин сўкмайин,
Тиғсиз, ўқсиз кишини қатра қонин тўкмайин,
Ўлдириб ўз қудратини ошкор этган ўлим.
Аввалу охир ўтибдур қанча бир соҳиб замон,
Файласуф, доно ҳакимлар чоралар қилди ҳамон.
Дори - дармон топдилар ҳар дардга аммо бегумон,
Ҳеч қутулған йўқ ўлим чангалидин яхши-ёмон,
Шер янглиғларни чун тулки шикор этган ўлим.
Туғдириб дунёда аввал қанча кунлар кулдириб,
Шодлиғ бирла кўнгиллар косасини тўлдириб.
Ғунчадек очилмайин дасти қазодан юлдириб,
Жондин ортиқ нозанин ёшларни охир ўлдириб,
Йиғлатиб ота-онасин зор-зор этган ўлим.
Фойдаси йўқ айламак юз минг фиғону оҳни,
Қайтарилмас карвони ҳаргиз ушбу роҳни,
Халқ аро манманлик этган қанча золим шоҳни,
Халқ қони бирла тузган анча ишратгоҳни,
Хонадону хонумонин тор-мор этган ўлим.
Нав жувонлар қоматин бори қазодин толдириб,
Гардани узра ажал сайёдиға дом солдириб.
Илгидин барча инону ихтиёрин олдириб,
Қанчаларни ўлдириб, авлодларин ёш қолдириб.
Зорлатиб ҳар бир кишига интизор этган ўлим.
Шўр кўп чекдим, ўлимдек шўр нарса кўрмадим,
Эл кўзига бу сифат мастур  нарса кўрмадим.
Лек мундоғ маълуму машҳур нарса кўрмадим,
Эй Лузумий, ман ўлимдек зўр нарса кўрмадим.
Ҳар қаю хозиқ табибни бедимор этган ўлим.

Шуруҳ
Турли тилда турли лафз ила бўлур отинг шуруҳ ,
Араб Аллоҳ, форс Яздон, турк Тангри, рус Бўҳ.
Турфа Холиқсан, кўрунмай элга қилдинг ошкор,
Қудратинг сувдин ясаб суврат кесакка берди руҳ.
Кўкдин иссиқ - совуқ ёмғур ила таъмин этиб,
Халқни ризқи учун ер куррасин қилдинг сутуҳ.
Ерда турлук ганж пайдо қилдинг эл ҳожатиға,
Ҳар замон аҳли қилур ўз жахдича кашфу футуҳ.
Ҳар хил ашжорлар  яратиб, мевалар бердинг анга,
Таъмуҳо ғайри шабиҳин риҳухо мискун йафуҳ.
Неъматинг шукрин қилолмас ҳеч ким гар бор анга,
Савми  Довуд, сабри Айюб, ашки Яҳъё, умри Нуҳ.
Чиқмас эрди бу сифат сўзлар Лузумий табъидин,
Бўлмасайди фазлу лутфингдин анга файзу футуҳ.

Муножот
Худоё, дардима ўзинг шифо бер,
Белимга қувват, кўнглимга сафо бер.
Ҳама аъзоларимни соғ қилғил,
Тилимга нутқу, кўзимга зиё бер.
Оёғу қўлларим қилғил саломат,
Қулоғу бошима ақли расо бер.
Манга жуфт этдинг ўзинг Ойжамолни,
Манга бер умру саҳҳат, ҳам анга бер.
Узоқ тунларда уйқудин кечиб ул,
Мани дардимга боқди ҳақ анга бер.
Неча йил сенга шукр айлаб яшайлик,
Ани ҳам дардига ўзинг шифо бер.
Дуога очса қўл Абдулҳамидинг,
Дер “омин” Ойжамол, раҳмат анга бер.
Шерикдир ўғли Аҳмаджон дуога,
Кичикдур бегуноҳ, ҳиммат анга бер.
Ҳамма авлодларим умрин узун қил,
Барига илм бахти бебаҳо бер.

Сани

Шоҳ бўлу моҳ бўл ер остидур жойинг сани,
Айланур мотамға бу тўю томошойинг сани.
Бир қоронғу гўрда ёлғиз ётурсан эрта кеч,
Кўргали ҳолинг келолмас даданг-у ойинг сани.
Эй, қоши қундуз, кўзи оҳу, дариғо бир куни,
Тўкилур ер остида зулфи суман сойинг сани.
Булбуло, чекма фиғон беҳуда бу гуллар учун,
Сўлдирур боди хазон охир бу раънойинг сани.
Давлату иқболингга фахр этма, эй шоҳи жаҳон,
Айланур навбат билан чун бода паймойинг сани.
Эй Лузумий, қолмағайсан ер юзида оқибат,
Йўқ ажаб қолдирса ҳақ ёзган бу иншойинг сани.

Сибирда айтилган муножот

Эй кўнгил, кўклам чиқиб ўтлар кўкарди боқ - боқ,
Гул очилди тоғ аро қизил - қизил ҳам оқ - оқ.
Ҳар тараф ҳар қайси қуш ўз кўйига айлар наво,
Бир тараф булбул фиғону бир тараф зоғ ғоқ - ғоқ.
Кўкда турналар учарлар нағма чолиб қу - қу,
Тоғда каклик қичқирурлар бир - бирига қоқ - қоқ.
Шод эмас бир жонивор йўқдирки, ҳатто сувга боқ,
Балиқ ўйнар шўлп - шўлпу, бақа сўйлар воқ - воқ.
Ҳам учарлар, ҳам қўнарлар, ҳам сузарлар сув уза,
Ғозу ўрдак шодликдин қичқиришиб жоғ - жоғ.
Ўйнашурлар, куйлашурлар жониворлар жуфт - жуфт,
Зайнаб элда, мен Сибирда йиғлашурмиз тоқ - тоқ.
Эй худо, қолдик жудолик кечасида зор - зор,
Лутф этиб вуслат  чароғин ўртамизга ёқ - ёқ.
Эй Лузумий, йиғлама яхши - ёмон иш тангридин,
Йўқ ажаб, бўлса карам, бир кун куларсан чоқ - чоқ.
Ла илоҳа иллоллоҳ
Эй кўнгил бўлиб огоҳ,
Дилга тил қилиб ҳамроҳ.
Сидқ бирла эт ҳар гоҳ,
Ла илоҳа иллоллоҳ.
Калималар улуғи,
Иймон ислом уруғи.
Мусулмонларнинг туғи,
Ла илоҳа иллоллоҳ.
Тилда тотлиғ мавзуни,
Жонга роҳат мазмуни.
Гуноҳларни совуни,
Ла илоҳа иллоллоҳ.
Тилни лағудин сақлар,
Қаро кўнгилни оқлар.
Шайтонларни таёқлар,
Ла илоҳа иллоллоҳ.
Мўминларни дилҳоҳи,
Гўр ичинда ҳамроҳи.
Маҳшар куни гувоҳи,
Ла илоҳа иллоллоҳ.
Абдулҳамид, иқрор эт,
Тасдиқ анга ёр эт.
Ҳар эрта - кеч такрор эт,
Ла илоҳа иллоллоҳ.

Наъти наби
Дилимда меҳри маҳрўи Муҳаммади Расулуллоҳ,
Тилимда зикри хушхўи Муҳаммади Расулуллоҳ.
Саҳарда уйғониб кирсам чаманға файзи ҳақ бирла,
Димоғимга кирар бўйи Муҳаммади Расулуллоҳ.
Карам бирла насиб этса илоҳим завқи - шавқ ила,
Қани қилсам сафар сўи  Муҳаммади Расулуллоҳ.
Сочиб ёшим супурсам кирпик ила шукрлар айлаб,
Мадина шаҳрида кўйи  Муҳаммади Расулуллоҳ.
Неча бор уйқуда кўрдим жамолини ажаб йўқким,
Кўролсам тонгла кун рўи  Муҳаммади Расулуллоҳ.
Бўлиб маҳшарда муҳтожи шафоат зор-зор йиғлаб,
Ҳама эл айлар орзўйи Муҳаммади Расулуллоҳ.
Қиёматда қаро юзинг Лузумий тангри қошида,
Ажаб йўқ ювса обрўи Муҳаммади Расулуллоҳ.

Шафоат, ё Расулуллоҳ
Гуноҳкор умматингман, қил шафоат, ё Расулуллоҳ,
Агарчи қилмадим комил итоат, ё Расулуллоҳ.
Ва лекин меҳри ҳақдин сўнгра меҳринг жонима жондур,
Манга йўқ бундин ўзга ҳеч бизоат , ё Расулуллоҳ.
Чунон расво эрурманким, вужудимдин бўлур зоҳир,
Гуноҳ узра гуноҳ соат ба соат, ё Расулуллоҳ.
Умидимдир шафоатдин агар чандики дерлар ким,
Ололмас ҳосил ул экмас зироат, ё Расулуллоҳ.
Демишсанким, шафоат айларам аҳли кабоирни,
Саҳоба қилдилар сандин ривоят, ё Расулуллоҳ.
Бунга фахр айларам ким бўлмишам аҳли кабоирдин,
Агарчи бўлмадим ман аҳли тоат, ё Расулуллоҳ.
Қани сурсам қаро юзим муборак остонингга,
Бериб тангрим манга бул иститоат , ё Расулуллоҳ.
Лузумий арз этар ўз эҳтиёжини умид айлаб,
Иноят ҳакдину, сандин шафоат, ё Расулуллоҳ.

* * *

Дилимда меҳри маҳрўйи Муҳаммад,
Тилимда зикри хушхўйи Муҳаммад.
Саҳарда уйғониб кирсам чаманга,
Димоғимға келур бўйи Муҳаммад.
Карам бирла насиб этса илоҳим,
Қани қилсам сафар сўйи Муҳаммад.
Сочиб ёшим супурсам киприк ила,
Мадина шаҳрида кўйи Муҳаммад.
Неча бор уйқуда кўрдум ажаб йуқ,
Кўролсам тонгла кун рўйи Муҳаммад.
Бўлуб маҳшарда муҳтожи шафоат,
Ҳама эл айлар орзуи Муҳаммад.
Қиёмат кун қаро юзунг Лузумий,
Ажаб йўқ ювса обрўйи Муҳаммад.


Наъти наби
Зиҳи пайғамбари шаккар забонсан, ё Расулуллоҳ,
Ҳадисинг жон каби жонимга жонсан, ё Расулуллоҳ.
Отам бирла онам санга фидо бўлсин ки умматга,
Ота бирла онадин меҳрибонсан, ё Расулуллоҳ.
Сўзингни ҳар бири дурри саминдур аҳли маънига,
Басоҳатда балоғатда ягонасан, ё Расулуллоҳ.
Етимликда етимлик бўлди илминг кўрмайин мактаб,
Ки сан алломайи мўъжиз баёнсан, ё Расулуллоҳ.
Ҳама дунё эли санга итоат қилмоғи лозим,
Ки сан пайғамбари охир замонсан, ё Расулуллоҳ.
Тенг олмас ҳеч пайғамбар санингла қурби рибъатда,
Ки сан ул тоири арши ошиёнсан, ё Расулуллоҳ.
Лузумий таъбига қувват бўлур наътинг фуюзидан ,
Лузумий тўти, сан шакарзабонсан, ё Расулуллоҳ.

Наъти наби

Расулуллоҳ сўзининг бори чиндур,
Гувоҳи тангри “раббил оламиндур”.
Лабидин чиқмаған беҳуда сўз ҳеч,
Сўзини ҳар бири дурри саминдур.
Ҳиёнат бўлмаған содир кичикдин,
Деганлар эл Муҳаммади аминдур.
Ҳама динни қилибдур дини мансуҳ1,
Ки ҳақ наздида дини ислом диндур.
Ўзича қилмаған бир ҳукми ҳаргиз,
Ҳамиша олдида Жибриламиндур.
Умид айлар ҳама андин шафоат,
Нечунким “раҳматан лиллоламин”дур.
Лузумий фахр этар умматлиғига,
Агарчи уммат ичра камтариндур.

Муштоқман

Ё Расулуллоҳ, жамолинг кўрғали муштоқман,
Остонангга юзимни сургали муштоқман.
Кўксима илгим қўйиб таъзим ила айлаб салом,
Равзаи покингда йиғлаб тургали муштоқман.
Ҳам Абубакру Умарга сидқ ила айлаб салом,
Сўнг Бақеъ1 бориб ёшим оқтургали муштоқман.
Гоҳ Макка, гоҳ Мадина чўлида жавлон қилиб,
Завқи шавқинг бирла жон топширгали муштоқман.
Дер Лузумий, лойиқи Бақеъ эмас, жисмим мани,
Они қайси даштда қолдиргали муштоқман.
Ё раҳматан лил оламин, чекдинг мудом уммат ғамин,
Баъсадгача эл дедилар отинг Муҳаммади амин.
Эй, саййиди олий насаб, сандин шараф топти араб,
Олам олур сандан адаб, ҳар бир сўзинг дурри самин.
Мусо қилибдур орзу, Исо қилибдур гуфтигў,
Тавроту инжил жустижў, таърифу тавсифинг ҳамин.
Ҳақдин келиб қуръон санга, бурхони олий шон санга,
Таълим учун ҳар он санга “иқраъ” деди Жибрил амин.
Сансан расули - инсу жон, пайғамбари охир замон,
Кўнглимда йўқ зарра гумон, ҳақ бирла айларман ямин.
Равзангни кўрсам кошки, йиғлаб югурсам кошки,
Саҳнин супурсам кошки, киприк била сочиб намин.
Шод эт шафоатгар бўлуб, маҳшар куни музтар1 бўлиб,
Турсам сўқуру кар бўлуб, чекиб гуноҳим мотамин.
Осий Лузумий, ё расул, ўз феълидин доим маълум,
Умматлиғин қилғил қабул, ё раҳматан лил оламин.
Эрурман жисму жоним бирла муштоқи расулуллоҳ,
Кўзимға сурма қилсам, кошки тупроқи, расулуллоҳ.
Камоли иштиёқингдан ҳамиша шавқи завқ ила,
Этарман халқ ичинда васфи ахлоқи расулуллоҳ.
Қиёмат офтобин иссиғидин сақласанг, ё раб,
Бошимда соябоним бўлса байроқи расулуллоҳ.
Қиёмат кун бўлур маълум ани ортиқлиғи элга,
Набилар филмасал сут бўлса, қаймоқи расулуллоҳ.
Рисолат боғини нозик ниҳоли Фотима шоҳи,
Ҳасан бирла Ҳусайндур икки яфроқи расулуллоҳ.
Ҳама мўъмин кўзини нури десам лойиқ-у лозим,
Нечунким иккисидур нури аҳлоқи расулуллоҳ.
Расулуллоҳ дединг, кимдур десалар, эй Лузумий, айт,
Муҳаммад ҳазратиға, қолди итлоқи, расулуллоҳ.

* * *

Зиҳи шоҳи қурайши Ҳошимий дерлар насаб анга,
Ажам ҳукмига мунқоду  мутиъ  бўлди араб анга.
Муҳаммад ибн Абдуллохдур оти етим бўлуб,
Дабистони  ҳақиқатда берилгандур адаб анга.
Кичикдин хосият кўб кўрунур эрди қудум  идин,
Қуруқ хурмо дарахти кўкариб битти рутаб  анга.
Нубувват  офтоби жабҳасида кўринур эрди,
Начук тоқат қилолсун кўршапардек бу лаҳаб анга.
Ҳаммадин илгари тангри яратиб сўнг юборибдур,
Ки динин то қиёмат қолмоғи дерлар сабаб анга.
Юзи ойинаи ибрат дили ганжинаи қудрат,
Сўзини бориси ҳикмат, ҳаром беҳуда гan анга.
Ҳама ўтган набилар орзу қилмиш жамолини,
Масиҳо мужда лаб элга-у, Мусо ташна лаб анга.
Муяссар бўлса, ё раб, кошки ул шоҳни қурби ,
Қараб даргоҳида турсам итидек эркалаб анга.
Шафоат чоғи ёд эт, ё расулуллоҳ, бу осийни,
Оти Абдулҳамид, лекин Лузумийдур лақаб анга.

Алқоби чориёр

Ёшлиғдин Мустафога ёр бўлган бу Бакир,
Мустафо ёнида ҳарбор бор бўлган бу Бакир.
Афзали уммат имомун муттақий  Сиддиқ лақаб,
Ҳарна этса Мустафо иқрор бўлган бу Бакир.
Аҳли тарих, аҳли тафсир бориси бил иттифоқ,
Сонияснайн из ҳумо филғор бўлган бу Бакир.
Мустафодин сўнгра Асҳоб  иттифоқ айлаб анга,
Жонишини Аҳмади Мухтор бўлган бу Бакир.
Ўн ердин ҳарб  очилди зўр душман эрдилар,
Ғайрат айлаб борига тайёр бўлган бу Бакир.
Олтмиш уч ёшида ул жонин баҳақ таслим этиб,
Жаннатул фирдавсга сайёр бўлган бу Бакир.

* * *

Аввали бу жаҳл ила ўзини ёр этган Умар,
Мустафо бошин олурни ихтиёр этган Умар.
Илгига олиб қилич, йўлда қилиб юз дағдаға,
Мустафо олдиға келгач, жон нисор  этган Умар.
Шул замон иймон кетуриб бетаваққуф' Каъбада,
Синдириб бутлар, азонни ошкор этган Умар.
Аҳли ҳижратлар Мадина сори яшрин2 кўчсалар,
Кўчмагини барча элга иштиҳор3 этган Умар.
Кўп вилоятлар ани фармони бирла фатҳ ўлиб,
Рум ила Форс аскарини тор - мор этган Умар.
Бу Бакирдан сўнг ҳалофат маснадида4 ўлтируб.
Элга хукмин адл ила лайлу наҳор этган Умар.
Суҳбатидин маст бўлиб иймон ила Рум - элчиси,
Хизматидин кетмайин тарки диёр этган Умар.
Хутбада “ё Сория” деб қичқириб Мадинада,
Форс ерида сорияни барқарор этган Умар.
Қул ҳуқуқин зое этмасдин Фаластин йўлида,
Гоҳ ўзи, гоҳи қулин тева сувор этган Умар.
Олтмиш уч ёшда шаҳодат5 шарбатини нўш этиб,
Азми жазми равзаи дорул қарор этган Умар.
Офарин, юз офарин бирла Лузумий завқ ила,
Васфини тарихлардин ихтисор6 этган Умар.

* * *
Соҳиби ҳилму ҳаё Усмони зуннурайн эрур,
Маъдани илму зако Усмони зуннурайн эрур.
Мустафога байъат1 этгач ўнг қўлини сақлаган,
Авратидин доимо Усмони зуннурайн эрур.
Мустафони икки нури чашми бирла жуфт ўлиб,
Мустафо бўлған ризо Усмони зуннурайн эрур.
Вақф қилган ғозиларга беш юз оту туя,
Махзани жуду2 сахо3 Усмони зуннурайн эрур.
Шунча моли бирла анга йўқ ҳисоби тонгла кун,
Дедилар ҳақ Мустафо Усмони зуннурайн эрур.
Ул Умардин сўнг хилофат маснадида ўлтуруб,
Элга бўлган муқтадо4 Усмони зуннурайн эрур.
Эй Лузумий, ою йил тарихлардин сўйласанг,
Васфини бўлмас адо Усмони зуннурайн эрур.
Ёшлиғдин куфр аҳлидин  жудо бўлган Али,
Даст парварди Муҳаммад Мустафо бўлган Али.
Лайлатул ҳижрат Расулуллоҳ фирошида  ётиб,
Мустафога жони дил бирла фидо бўлган Али.
Етти тоқ узра малоиклар никоҳ эълон этиб,
Жуфти поки Фотима хайруннисо бўлган Али.
Бадр жангида биринчи дафъа эрлик кўрсатуб,
Душманини тулки қилиб шери худо бўлган Али.
Жанг майдонида доим хасмига ғолиб бўлиб,
Шаънида ворид  ҳадиси лопато бўлган Али.
Мустафодин ғазваи Хайбарда “каррор” исм олиб,
Лашкари исломға соҳиб ливо  бўлган Али.
Тавқаи дарвозаси хандақ уза кўприк бўлиб,
Илгидин иккинчиси бир ўзга жо бўлган Али.
Олтмиш уч ёшда шаҳодат шарбатини нўш этиб,
Ҳукми ҳақдин азими дорул бақо бўлган Али.

Шогирдиман

Ёшликдин қувиблар ишқини дард парвардиман,
Одат этдим дард ила гўёки хублар дардиман.
Қайда кўрсам бир гўзал ёрим жамолин эслатур,
Онинг учун ҳар гўзал кўрсам жамолин гардиман.
Мубталои ишқман олам билур расволиғим,
Дард аҳли ҳомушу бедардларни вирди'ман.
Халқаро расволигим соат ба соат ортилур,
Гарчи расво кўп вале расволар ичра пардиман.
Манга расволик йўлин ҳардам Фузулий кўрсатур,
Кеча-кундуз ман ани ҳамсуҳбату ҳамдардиман.
Гар Навоийни манга устоз десам ёлғон эмас,
Яъни ман шогирдини шогирдини шогирдиман.
Ишқда эл таънига сабр айламак мардлар иши,
Эй Лузумий, рост айтсам ман бу йўлни мардиман.

Фузулий ғазалига мухаммас
Зиҳи1 маъшуқи яктосан шажардан2 то ҳажар3 ошиқ,
Дагул танҳо малак шайдо эмас ёлғиз башар ошиқ.
Сочинг сунбул севар сарви равон қолдинг қамар ошиқ,
Ўлур рухсоринга кун лаълинга гул барг этар ошиқ.
Санга ўксик да гул кўкдан энар ердан битар ошиқ.
Кетиб ҳушим танимдан ўлди гўёки тани ҳуснинг,
Керакмас ўзга равшан они севган равшани ҳуснинг.
Чекар кўнглим фиғонлар ҳам чи булбул гулшани хуснинг,
Банга махсуд тарки ишқ эди ваҳ ким бани ҳуснинг,
Ўлиб кун-кундан афзун қилди кун-кундан батар ошиқ.
Қапунги ёстанурдин ҳайру шар4 аҳлини ман этма,
Ки ҳони илтифотингдан гузар аҳлини ман этма.
Умидин касма лутфингдан башар аҳлини ман этма.
Томошаи жамолингдан назар аҳлини ман этма.
На суд5 ул ҳуб юздан ким анга қилмас назар ошиқ.
Бани бир жилва бирла айласанг шому саҳар хуррам,
Қани қилсанг бани кулбам сари айлаб гузар хуррам.
Оёғинг тупроғи етса банга бан ул қадар хуррам,
Чаманда пой бўсангдан ўлибдур сабзалар хуррам.
Ҳамон бир сабзача ўлмоғи оламда етар ошиқ.
Қул ўлдим чора йўқ зулфинг банга тахдуқда, э золим,
Ичу тошим ёнур сан ишқ ўтин ёқдуқда, э золим.
Кулурсан кўзларимдан қонли ёш оқдуқда, э золим,
Қилурсан бинг жигар қон ҳар ёнга боқтуқда, э золим,
На боқмоқдур бу ҳар дам хондан олсин бир жигар ошиқ.
Сани зулмингдин, э дилбар, киши йўкдирки қон ютмас,
Ки йўқдир сандан устунким, на қилсанг ҳеч ким кутмас.
Ки чўҳтур зулм эли, аммо ки сандин ҳеч ким ўтмас,
Қирарсан аҳли ишқи дуталам кимса алинг дутмас,
На ишдир бу керакмазми санга, э симбар, ошиқ.
Лузумий, юз алам чексанг бирин фош этма ҳамроҳа,
Ҳама дарду ғаминг ҳар эрта-кеч маълумдир ул моҳа.
Ҳамиша сабр - тоқат қил агарчи солсалар чоҳа,
На парвона дурар бир шуълая на шамъи бир оҳа,
Фузулий сонмаким бинг зар санга оламда ҳар ошиқ.

Фузулий ғазалига мухаммас

Қоматингтак сарви юзингтак гули гулзор йўх,
Дилбаро дунёда сантак бир гўзал дилдор йўх.
Дилрабо чўхдир вале сантак сучук гуфтор йўх,
Лабларингтак лаълу, лафзингтак дури шаҳвар йўх,
Лаълу гавҳар чўх лабингтак лаъли гавҳар бор йўх.
Аввал обрўнгдан ўзинг кўксима отдинг ўқтию,
Сўнгра лутфинг банга озу ўзгаларга чўхдию,
Хони васлингдан бани бечора оч эл тўхдию,
Сандан этман дод, жавринг вор меҳринг йўхдию,
Масти завқи шавқинг ҳам бирдур ёнимда вор, йўх.
Ўртанур душман агар эшитса оҳи сардими ,
Раҳм қилмассан кўриб ҳар лаҳза рўи зардими .
Қилмасанг ўзинг иложин дарди дил парвардими,
Кима изҳор айлаям билман бу пинҳон дардими,
Вор юз бинг дарди пинҳон, қудрати изҳор йўх.
Кима давлат қўнса анга хизмат этмиш олами,
Беваю бечорага кам шафқат этмиш олами,
Кони ибратдир жаҳон беибрат этмиш олами,
Даҳр сармасти шароби ғафлат этмиш олами,
Бунча сармастинг томошасина бир ҳушёр йўх.
Ҳоҳ яхши, ҳоҳ ёмон ҳар кимса машғули амал,
Маълум ўлмас кимса мардуд  кимса мақбули амал.
Кетма ўздан ўлма гўё кимса мавсуми амал,
Халқи мадхуш айламиш хоби шаби тули амал,
Субҳи тахқиқи аломатина бир бедор йўх.
Котиби заррин қаламлар йўх деман кошонада,
Кокили печида хамлар йўх деман жононада.
Соқии жоми ситамлар йўх деман майхонада,
Сурати зебо санамлар йўх деман бутхонада,
Вор чўх, аммо санга бинг зар бути хунхор йўх.
Шўх чашмим бери десам, бори ҳо нори ўлур,
Шафқати ўлсин десам, бил акси озори ўлур,
Эй Лузумий, ғурбат аҳлин кимса йўх ёри ўлур,
Эй Фузулий, саҳлидур ҳар ғамки ғамхори ўлур,
Ғам будирким, банда бинг ғам вор, бир ғамхори йўх.

Фузулий ғазалига мухаммас

Ҳарчанди ёр йироқда бўйи димоғда фоеҳ,
Фикрим анга ситойиш , зикрим анга мадоеҳ,
Шавқи тамом бирла ўл ул диёра соеҳ,
Ул мушкибў ғизола ихлоғим айла лоеҳ,
Баллиғ сабо саламан миски ятар равоех.
Сайр айлаюб манозил, тайр айлаюб марохил,
Ҳоҳ баҳру, ҳоҳ соҳил ҳеч ерда дутма манзил,
Жахдингги айла комил, махсудинг ўлса ҳосил.
Ўлғач ҳабиба восил бандан ҳам ўлма ғофил,
Лотақда ир расоил латактумус сапоеҳ.
Фурсат топиб замони ўлса насиб ёни,
Оҳиста бан гадони ҳолимдан эт баёни.
Бу қисқа достони ҳардам кўринур они,
Юзда сиришки қони сўйлар ғами ноҳони,
Қат тазҳарул маони калхатти фил лавоеҳ.
Бағринда доғи пинҳон ҳардам кўзим дўкар қон,
Гар чексам оҳу афғон айб этмас аҳли ирфон,
Йўҳ боки этса нодон эл ёри бирла ҳамхон,
Бан мубталои ҳижрон бандан йироғ жонон,
Вал умру кайфа мокон мислар риёҳи роеҳ.
Этмас Лузумий ҳеч ер тан этса ёру ағёр,
Зулфин кўриб баякбор ўлди анга гирифтор,
Боғланди чора ночор беҳуда сўз надаркор.
Ишқин Фузулий зор тарк этмак ўлди душвор,
Ё орифо, бимосор ло туксирин носоеҳ.
Навоий ғазалига муҳаммас
Ҳама пасту баландга ҳукми доро,
Бўлиб ҳукминг равон парвардигоро,
Ҳама сандин тилар ҳожат бароро,
Илоҳо, подшоҳо, кирдикоро,
Очуқ санга ниҳону ошкоро.
Агарчи яхшига бўлсанг тавалли,
Эмас ноумид сандан журм1 аҳли.
Fофур отинг била берсанг тасалли,
Собур исми била қилсанг тажалли,
Қилиб намрудға юз минг сироро.
Ҳама оламга сан султони акбар,
Жаҳон султонлари наздингда чокар,
Fуломи камтаринингдур Скандар,
Йўлинг тоши эрур ёқуту аҳмар,
Эшигинг тийра гарди мушкисоро.
Худовандо, ўзингсан моликул мулк,
Бировга лутф қилсанг тўтиюл мулк,
Бўлур гарчи фақир ул соҳибул мулк,
Қачонким зоҳир этсанг танжаул мулк,
Скандарни бўлуб мағлуби Доро.
Қаю мискин топар ёнингда толе,
Берур ер хони эҳсонингда толе,
Бўлур чун ой айвонингда толе,
Суҳо бўлса шабистонингда толе,
Бўлур юзи қуёшдек оламаро.
Хуш ул ким яхшилик отига қолмиш,
На ул ким даҳр офатига қолмиш,
Лузумий ҳирс шаҳватига қолмиш,
Навоий нафс зулматига қолмиш,
Сен ўлмай хизрира чиқмоқни ёро.
Икковини тили йўқ узр этарга,
Гуноҳдин ўзга йўқ олиб кетарга,
Савоби йўқ саҳифага битарга,
Қиёмат кун гуноҳин авф этарга,
Расулингни шафиъ  эт кирдикоро.

Бирла тенг
Ниятинг гар тўғри бўлса, шапка дастор бирла тенг,
Ниятинг гар эгридур тасбеҳ зиннор бирла тенг.
Ҳар кишига сурати бирла баҳо бермак хато,
Рангда бир бўлса ҳам балиқ эмас мор бирла тенг.
Зоҳиди худбин ўзин ринд аҳлидин ортиқ билур,
Ким дегай қанду навот маънида муз қор бирла тенг.
Ким ўзин тутса улуғ бўлғай кичиклардин кичик,
Тоғ улуғ тоши эмас дарёда дурбор  бирла тенг.
Эй Лузумий, қўшма шоирлар қаторига ўзинг,
Ким эмас чумчуқ сайд этмакда шунқор бирла тенг.

Эй кўнгил
Эй кўнгил, биз одамилар боримиз ер ошидур,
Одамилар қонидин тўлған ичу ҳам тошидур.
Ҳар чечак гулзор ичинда бир шаҳидни қонидур,
Ҳар кесак девор ичинда бир азизни бошидур.
Во дариғ, юмшоқ тўшакда ухлаган нозик бадан,
Оқибат ер остида ётиб чирур ёнбошидур.
Фарқ этиб бўлмайди биллоҳил азим ҳар иккисин,
Ётган ул тупроқ аро қулдирми ё бек тошидур,
Бул жаҳон дарвозасидин ҳар киши ёлғиз кетар,
Лек қилган яхшилик ул бандани йўлдошидур.
Даҳр боғини ҳақиқий бир гули йўқ тутгали,
Имтиҳон учун бу ранг берган қазо наққошидур.
Эй Лузумий, ҳеч ким қолмас мухаллад  даҳрида,
Билмадимким на учун элни уруш толошидур.

Вайрона
Бул жаҳон маъмураси маънида бир вайронадур,
Ҳар куни минг-минг киши ўлғайки, мотамхонадур.
Кеча-кундуз тинмайин ёшу-қари демай тутар.
Ул ўлимни соқиси илгида минг паймонадур,
Ёшга навбат, ё қарига ҳеч кима маълум эмас,
Ичганин билмай қолур мажҳул бир майхонадур.
Шунчалик ҳол бирла йўқ бир-бирга шафкат халқда,
Қиз - она, оға - ини, ўғил отадан тонадур,
Бир - бирига меҳрибон бўлиб яшашни ўрнига,
Эл хусуматлар қилиб бир-бирига ташланадур.
Ер юзини талашуб бир - бирларини ўлтирур.
Во ажабким, бори ҳам ер остига жойланадур.
Эй Лузумий, оч кўзинг дунёга ибрат бирла боқ,
Ибрат олган кимсага дунё бир ибратхонадур!

Оҳиста - оҳиста
Ўтирғил ёнима эй гул бадан оҳиста-оҳиста,
Қулоқ тут айтайин бир оз сухан оҳиста-оҳиста.
Бўлиб мағрури ҳусн этма жафо ошиққа ким сандин,
Ечилур йиртилиб бу пироҳан оҳиста-оҳиста,
Қиёс эт ҳолингга ҳоли чамандан ким камолига,
Етишгач ўзгарур рангги чаман оҳиста-оҳиста.
Ўтиб гул мавсуми вақти хазон етгач, гулистондан
Кетар булбул, келиб зоғу зоғон оҳиста-оҳиста.
Лаби ғунча, юзи гул, зулфи сумбул сарв қоматлар,
Қариб жисми бўлур охир тикан оҳиста-оҳиста.
Ечиб нозик бадандан шойи атласларни ўлган сўнг,
Кўмарлар кийдириб бўздин кафан оҳиста-оҳиста.
Санга ман, манга сан меҳмон бўлайлик эҳтиром ила,
Бу боғ ичра на сан, қолғум на ман оҳиста-оҳиста.
Мани сан, ё сани ман кўмгали навбат бўлур шаксиз,
Қилиб ҳар иккимиз тарки ватан оҳиста-оҳиста.
Лузумий бирла иккинг айрилурсан бир-бирингданким,
Тутиб бир ўзга гўр, ўзга кафан оҳиста-оҳиста.

Устина
Ишқ келтурган бало етмасму Фарҳод устина,
Келтирур Хисрав анга бедод - бедод устина.
Қасд этар қотил кўзинг кўнглим харобин гўё,
Ғорад этмакка ҳалоку келди Бағдод устина.
На гуноҳим бор эканким, қатлима омодадур ,
Қошу кўзинг гўё жаллод - жаллод устина.
Ишқ тушгач кўнглима бўлди паришон ақлу ҳуш,
Келса гар топмас қочар ер сайд сайёд устина.
Ишқдин бағрим куйиб то субҳи фарёд айларам,
Демадинг кимдур деган фарёд - фарёд устина.
Иштиёқингда Лузумий ўйла бесабру қарор,
Гўё истар санга учмоқ миниб бод устина.
Тошкентдаги ошноларга салом
Тошкент бориб сабо, эт ошноларга салом,
Қон қотишмай, жон қотишган ақраболарга салом.
Гар тиши тушган, оқарган сочлари ранг ўзгариб,
Ҳусни хулқ ила безалган дилраболарга салом.
Сўзлари дард аҳлига доридин ортиқроқ шифо,
Дардмандлардин ўшал соҳибшифоларга салом.
Ўртада ёлғиз муҳаббат, ўзга йўқдир муддао,
Диллари ойнадек аҳли сафоларга салом.
Катталар бизга ака бўлса, кичиклардир ука,
Қолмасин ҳеч бир киши ака - укаларга салом.
Биз учун хизмат қилиб ошлар пиширган югуриб,
Соф дил бирла ўшал синглу опаларга салом.
Чун Лузумийни саломини етурсанг борига,
Сўнг алардин ҳам кетур биз бенаволарга салом.

Мавлоно Ҳабибийга
Тилагим эрта - кеч бу дўстлар доим омон бўлсин,
Тани соғу, дили беғаму, руҳи шодмон бўлсин.
Қизил гулдек бўлиб ранги тағайюр’ топмасин ҳаргиз,
Қарилиғдин эгилмай қомати сарви равон бўлсин.
Қошида ғунчалар турсин димоғига бериб роҳат,
Ватан боғида сайраб булбули нозик фиғон бўлсин.
Муҳаббат шакари бирла бўлиб мамнун ҳар соат,
Такаллум айламакда тўтию ширин забон бўлсин.
Аҳолиси била ҳар эрта - кеч айшу фароғатда,
Бўлиб аҳбоблар бир-бирларига меҳрибон бўлсин.
Паришон бўлмасин ҳаргиз ҳама улфатлари бирла,
Маъиятда, маишатда ҳамин  бўлсин, ҳамон  бўлсин.
Ёзилди чин кўнгил бирла неча мисра тилакнома,
Лузумийдан Ҳабибийга садоқатлик нишон бўлсин.

Ҳабибий ғазалига мухаммас
Ассалом, эй ишлаётган ёш(у) қартанг дўстлар,
Ўрганиб ҳам ўргатиб ишлашга печанг дўстлар,
Паҳлавон, ботир юрак ҳам фикри теранг дўстлар,
Қаҳрамон, толмас билак, меҳнатда зўр - занг дўстлар,
Гуллатиб кенг пахта майдонларни ҳорманг дўстлар.
Ҳар ким ўз қилган ишидин рози бўлсин аввало,
Ишни сони ўз сафоси бирла тўлсин аввало,
Кўрганида иш ўзи ҳар кимга кулсин аввало,
Ҳар иш ўз вақтида бўлсин, пухта бўлсин аввало,
Алданурсиз қилсангиз меҳнатда найранг дўстлар.
Fайрат айланг пахта майдонида ғафлат йиқмасин,
Кўнглингиз ҳушёр тутинг ғафлат анга бош суқмасин.
Кимки меҳнат қилса роҳат кўргуси ошиқмасин,
Элга берган ваъда юз бўлгунча эсдан чиқмасин,
Босмасин дил кўзгусин ғафлат била занг дўстлар.
Пахта майдонида олтинлар ётар пайдо бўлиб,
Ишлаган олсин мани деб қичқирур гўё бўлиб,
Тўрт - беш ой муддати бирла ўтар йиғмо бўлиб,
Бой бериб қўйманг бу фурсатларни бепарво бўлиб,
Токи қилманг ҳосил олган чоғда аттанг дўстлар.
Тоза меҳнатдан ичиб - еб, ўзингиз соф дил қилиб,
Пахта майдонида ишлаб обрў ҳосил қилиб,
Ўзингизга қанча элни кўнглини мойил қилиб,
Бурчингизни оқлаб эркинлик билан қойил қилиб,
Булбулигўё бўлиб минбарда сайранг дўстлар.
Қанчалар муштоқи меҳнат лек кўрсатмас жамол,
Шаҳридин иш топмайин йўлларда бўлди паймол,
Келган эл кўпдир мунингдек бизга жанубдан шимол,
Бу шарафлик меҳнат айни роҳату бахту камол,
Кўнглингиз бўлсин оқ олтин бирла ҳамранг дўстлар.
Пахта майдони Лузумий ҳусну зеби истагим.
Ғайрат била ишлангиз чандон ажиби истагим,
Меҳнат била олсангиз шундоғ насиби истагим,
Шуҳратингиз ер юзи тутсин Ҳабибий истагим,
Кўкни тутсин шодиёна қилган оҳанг дўстлар.

Ҳабибий ғазалига мухаммас
Қиш кетиб кўклам келиб оламда ҳар жон қўзғалур.
Ер юзинда сабзалар ел бирла ҳар ён қўзғалур.
Боғ ичинда елпиниб гул бирла райҳон қўзғалур,
Сайри гулзор этгали ҳар лаҳза жанон қўзғалур,
Чиқса жонон қўзғалиб, жисмим аро жон қўзғалур.
Бир ажаб бўйи берур боди - баҳорим тўлғаниб,
Уйқудин уйғонадурман жисми зорим тўлғаниб.
Ҳар тараф кўзим силар сабру қарорим тўлғаниб.
Субҳи чоҳида магар чиққанда ёрим тўлғаниб,
Гул ёқасин чок этар булбулда афғон қўзғалур.
Касб этиб янги ҳаво очиб - очиб лаб дам-бадам,
Шўхлик бирла ўзин ташлаб ўнгу чап дам-бадам,
Ҳар оёғини қўярға жой танлаб дам-бадам,
Юрсалар гулшанда ноз айлаб, кулимсиб дам-бадам,
Ғунчалар таълим олиб кулгуни хандон қўзғалур.
Сўйлаганда лабларидин дона-дурлар сочилур,
Юзлари ҳар ёнга боқиб тоза гулдек очилур,
Бўйлаганда ҳар тараф товус янглиғ ёзилур,
Ўйнаганда силкиниб юз узра сочи сочилур,
Қилғали юз минг кўнгилларни паришон қўзғалур.
Кетди дарё қаърига дурдона бу сўз рашкидин,
Кеча очиб ғунча лаб сўлғуси кундуз рашкидин,
Яширинур қошин кўриб сув ичра кундуз рашкидин,
Сакрар оҳу тоғда бу кўз рашкидин, юз рашкидин,
Лолалар жисмида аммо қип-қизил қон қўзғалур.
Хулқи марғуб, ҳусни дилсўз бирла кирса базм аро,
Жилвалик лаб, ғамзалик кўз бирла кирса базм аро,
Жон қулоғига ёқар сўз бирла кирса базм аро,
Лобарона оташин юз бирла кирса базм аро.
Соз олиб созандалар қўлга ғазалхон қўзғалур.
Нотавон кўнглим севар ёр бирла суҳбат шавқини,
Эй Лузумий, қанча бўлса қилма миннат шавқини,
Ёр ўзи доно билур ҳар қайси улфат шавқини.
Кўрса ҳар кимда Ҳабибийдек муҳаббат шавқини,
Ғамза бирла эгма қош остида мужгон қўзғалур.

Тошкентдаги Султони Холиқийга
Етар ётмоқ бутун йил, дўстим, ирғиб туринг энди,
Томоғидан тутиб дардни, бошига бир уринг энди.
Келиб кўклам, кетиб қишлар ҳавоси ўзгача бўлди,
Бу янглиғ руҳ бахш янги ҳаволарда юринг энди.
Бўлиб дунё юзи сабза чаманлар тўлди гул бирла,
Чаманда сайраган бечора булбулни кўринг энди.
Ўқиб турли ғазал булбуллар ила ҳамсадо бўлиб,
Аларни йиғлатиб ҳам, ғунчаларни|кулдиринг энди.
Очилган лолалар бирла биёбонлар гилам бўлди,
Бориб аҳбоб бирла ул гиламда ўлтиринг энди.
Биёбонларда шабнамдин табиат маст бўлиб гўё,
Май ким косасидур лола барги сумуринг энди.
Биринчи май бирла Сизни тарбик этгали келди,
Лузумий Тошкентга, Чимкент сари юринг энди.

Илоҳим, дўстима мандин дуо, сандин шифо бўлсун,
Тани дарддин халос ўлсун, дили ғамдин раҳо бўлсун.
Агар чанди оти Султон ва лекин бир фақирингдур,
Иноят қил анга сиҳҳат била аҳли ғино бўлсун.
Эшитдим ким, рафиқаси ҳам андак хаста бўлмишдур,
Шифо бер анга ҳам кўнгли кудуратдан сафо бўлсун.
Танидан дардлар чиқсунки, ёшлик қуввати кирсун,
Ки яъни ошиқу маъшуқ кори наъшайи намо бўлсун.
Кўнгулда бўлмасун қайғу, лабидин кетмасун кулгу,
Кўруб бир-бирларин хушру ки айши бебаҳо бўлсун.
Фалакдин чекмасун бир ғам, ҳамиша шод ҳам хуррам,
Умр яшаб умр табъидин иккови ҳам ризо бўлсун.
Лузумий ўзи Чимкентда хаёли Тошкентдадур,
Кўрушуб дўстлар бирла иши шукру сано бўлсун.

Савол Султон Аҳмар ва жавоби Шайх-ул-ислом
Жаҳон мулки манга бўлса, ғамим ортар надандир бу?
Азалда ғам суи бирла юғурилмиш бадандир бу!
Расулуллоҳ демишларким, жаҳон мўминга зиндондир,
Ки зиндон ичра шод ўлмас киши байтул Ҳазандир бу!
Бу дунё бир мозориким, ҳама эл кўмилур мунда,
Очилган гулларин кўриб дема қайси чамандир бу!
Кўрингки, лолау гуллар ёқасин чок - чок этмиш,
Бу ҳасрат бирла ким дерлар бақосиз пирохан’дир бу!
Ғурури жоҳ  ила бечоралардин бехабар бўлма,
Ки гар ҳар эски тўн кўрсанг дегил Вайсул Қаран дир бу!
Бугун бор эрта йўқдир молу дунё, фахр этиб бўлмас,
Суюқ оши била сув устида турган лагандир бу!
Лузумий соф кўнгилдан демиш усмонли султонким,
Жаҳон мулки манга бўлса ғамим ортар надандир бу?

Ошиқ бўл
Кўнгил, жабру жафоларга чидайман десанг ошиқ бўл,
Неча турлик балоларга чидайман десанг ошиқ бўл.
Бу йўлда хорликларга, йиғию зорликларга,
Ўшал беорликларга чидайман десанг ошиқ бўл.
Висолига етолмасдин, ани ташлаб кетолмасдин,
Кима дардинг этолмасдин чидайман десанг ошиқ бўл.
Етолмасдин саломатга, қолиб оҳу надоматга,
Халойиқдин маломатга чидайман десанг ошиқ бўл.
Сўнгидин гуфтугўликка, ки элдин айбжўликка,
Ҳама беобрўликка чидайман десанг ошиқ бўл.
Ҳалол етса маошимга, заҳарлар тушса ошимга,
Қиличлар келса бошимга чидайман десанг ошиқ бўл.
Лузумий бандаликларга, хароб афгандаликларга,
Ҳама шармандаликларга чидайман десанг ошиқ бўл.

Ким ?
Жаҳон бир меҳмонхона, дедилар билмам они ким,
Бу меҳмонхонани меҳмони кимдур, мезбони ким?
Кетар ҳар боғбон, кўрдим келиб обод этиб доим,
Биродарлар, бу гулшаннинг ҳақиқий боғбони ким?
Дариғо, одамизода ғарибу нотавон бўлиб,
Кирар ер остиға ёлғиз, рафиқи меҳрибони ким?
Ҳама яхши - ёмон бирдек хаёл эт, барчадин кам тут,
Ўзинг ортиқ билиб ҳаргиз, дема ман ким фалони ким?
Саломатда , балият да ўзинг бирдек хаёл айла,
Саломатни берибдур ким, юборибдур балони ким?
Биродарлар гумон айлар ки эл яхшиларидандур,
Лузумий яхшиси бўлса, айтинг энди ёмони ким?

Қимизлар бор
Бу Чимён ерида гулдин гилам, кўкдин кигизлар бор,
Элида мурдага жон бергудек ўткир қимизлар бор.
Агар тоғ устига чиқсанг, бўлибдир сабзалар хуррам,
Ва гар бир ёнига боқсанг мусаффо қору музлар бор.
Келур ҳар жилғадин сувлар садаф янглиғ шағал узра,
Ки сувлар ёнида ҳар хил дарахти мева резлар бор.
Бу келган хасталарга эрта - кеч хизмат қилиб турган,
Очилган ғунчадек ширин сухан озода қизлар бор.
Ориқлаб хасталик бирла келиб мунда шифо топиб,
Бир ойда етти - саккиз қадоқ  қўшган семизлар бор.
Семирган қиз - хотинлар ҳуснига ҳайрон бўлиб ҳар дам,
Очилган ғўзадек тупки оқиб турган оғизлар бор.
Десам Чимён, Қримдан кам эмас, ёлғон демангларким,
Бу ерда ғаллаю - мева, у ерда гар денгизлар бор.
Лузумий, Ғарбий Кавказдин дедим Чимён кам эмаским,
У ерда бўлса винолар, бу ерда зўр қимизлар бор.

Қолдик
Муҳаббат боғида Зайнаб икковлон бир бўлиб қолдик,
Ажаб қизу йигит эрдик, чолу кампир бўлиб қолдик.
Етилган ҳандалакдек кўринур эрдик қариб энди,
Ичи тушган қовундек олвиру-шолвир бўлиб қолдик.
Орамизга жудолик тушди ўн бир йил хукуматдан,
Уралда ман бу ерда сан ажаб дилгир бўлиб қолдик.
Эссиз умри азизимиз жудолик даштида ўтди,
Қонолмай айшу ишрат жомидин нимсер бўлиб қолдик.
Туғилди иккимиздан қиз - ўғил гул ғунчалар янглиғ,
Қуруқ қолмай, биҳамдилло, чаманлиғ ер бўлиб қолдик.

Зайнаб
Кичикдин бир - биримиз бирла бўлдуқ ошно Зайнаб,
Муҳаббат боғлашиб бир - бирга бўлдуқ мубтало Зайнаб.
Йигирма бирла ўн етти ёшимизда севишганмиз,
Кўз остида боқиб бир-бирга дердук марҳабо Зайнаб.
Орамизға жудолиғ ҳайбати тушти рафиқлардан,
Ҳамиша йиғлашиб биз айладук оҳу наво Зайнаб.
Биҳамдилло, машаққатлар била жуфтлик насиб бўлди,
Ойирмаққа тараддуд қилса ҳам аҳли ғино Зайнаб.
Бири қози боласи-ю, бири бой ўғли эрдилар,
Икки ёқдин талаб айлаб қилолмади жудо Зайнаб.
Етиму камбағаллик бирла кўп маъюслар бўлдум,
Кичикдин тузган ахдинг бузмадинг, раҳмат санга Зайнаб.
Лузумий бир етим ўғлону сан давлатли қиз эрдинг,
Аромизға муҳаббат тушди бўлдуқ ошно Зайнаб.

Ғаниматмиз
Жаҳон айвонида бир, икки кун Зайнаб, ғаниматмиз,
Бўлайлик бир - биримиз бирла ширин гaп, ғаниматмиз.
Қилиб тангрига тоат иккимиз ўз вақтида доим,
Қилайлик бир-биримиз шод рўзу шаб, ғаниматмиз.
Иккимиз бир-биримиз эҳтиром айлаб кеча-кундуз,
Қурайлик оиламиз ичра бир мактаб, ғаниматмиз.
Келур бир кун ўлим ҳар иккимизга навбати бирла,
Қолурмиз иккимиздан биримиз йиғлаб, ғаниматмиз.
Лузумий ёнида гар бўлмасанг бир кеча Зайнабхон,
Кўзига уйқу келмайдур сани излаб, ганиматмиз.

Зайнаб марсияси
Кетиб ёрим жаҳондин қолмишам ман бенаво ёлғиз,
Фироқида чекарман эрта - кеч оҳу наво ёлғиз.
Табиблар кўп даволар бердилар, аммо на чораким,
Чаро-у чун демак йўқ, бермади дармон, қазо ёлғиз.
Худоё, раҳмат эт бечораниким, фазлинга муҳтож,
Қоронғи гўр ичинда ётқуси шому сабо ёлғиз.
Чароғи раҳматинг бирла ёрутиб қабрини, ё раб,
Гуноҳин авфу қилмоқни қилур сандин ражо ёлғиз.
Қиёмат кун йўлуқтур иккимизни бир - биримизга,
Ёруғ юзлар ичинда қўймагил юзи қаро ёлгиз.
Ризо бўл меҳрибон ёрим, худони ҳукмига ман ҳам,
Борурман қанча кундан сўнг ўлим эрмас санга ёлғиз.
Танимда токи жоним бор, унутмайман сани Зайнаб,
Ўқиб руҳингга қуръон, эрта-кеч айлаб дуо ёлғиз.
Лузумий, сабр қилгил ҳар мусибат етса тангридин,
Жаҳонда сан эмассан ёрдин бўлган жудо ёлғиз.

Ғамим ортар
Жаҳон яхши ёмонин ўйлаган сайин ғамим ортар,
Камаймас яхшидан бир ғам, ёмондин мотамим ортар.
Ғамимдан баъзисин дафъин қилурга истайин ҳамдам,
Десам гар бир ғамимга юз ғамин ул ҳамдамим ортар.
Муҳаббат аҳли бир икки бўлиб, кўнглим суяр хилват,
Улус гар издиҳом этса кўнгилда муздамим ортар.
Жаҳон доноларин хулқи хушиндин шод ўлур кўнглим,
Вале нодонларин хулқи замиминдан ғамим ортар.
Лузумий, дўсту душман фарқи маълумим бўлур десам,
Бу икки кимсадан ёвман фаёвман мубҳамим ортар. 

Эгрилардан қоч
Эй кўзимнинг нури, кўзинг дунёга ибрат бирла оч,
Тўғрилардан улфат этгил, эгрилардан доим қоч.
Эгриликдан нафрат айлаб, тўғриликни одат эт,
Тўғрилик мушкул экан ким, эгрилик бўлса мажоч,
Тўғриликдан ҳеч киши бўлмас пушаймон бир нафас,
Эгрилик гар бир қарич бўлгай пушаймон бир қулоч.
Сочмагил ҳаргиз ёмонлиғ тухумин ўрмоқ қийин,
Қанча бўлса яхшилик тухмини ҳарёна соч.
Тўғрилик бирла хўкиз бўйнидадир бўйинтуруқ,
Эгрилик бирла қазар ер, думшуғи бирла омоч.
Тўғрилик бирла иморатлар аро устун бўлур,
Қирқилиб ҳам ёрилиб ўтин бўлур эгри ёғоч.
Эй Лузумий, бир қораланса отинг бўлмайди оқ,
Ким оқармас сувда юз йил ётса гар куйган ёғоч.

Гўзал
Кўрмадим дунёда сан янглиғ гўзал,
Ғунча лаб, гул юз чаман янглиғ гўзал.
Кетмагай ҳаргиз димоғимдан иси,
Сочларинг мушки хўтан янглиғ гўзал.
Бир кулиб қўйсанг жаҳонни ёритур,
Тишларинг дурри адан янглиғ гўзал.
Сўзласанг гар шуъласи жонга тегар,
Лабларинг лаъли яман янглиғ гўзал.
Элни кўп кезди Лузумий йўқ эмиш,
Ман каби ёмону сан янглиғ гўзал.

Ичкилик
Кўп ёмонликни онаси ичкилик,
Кўп зиёнликни уяси ичкилик.
Қайси ерда бир бузуқлик бўлса гар,
Ул бузуқликни асоси ичкилик.
Ким дўконидан чиқибдур камомад,
Камоматни ибтидоси ичкилик.
Қайси шофёр гар аварий айласа,
Ул аварий пешвоси ичкилик.
Бундан ўзга кўп фалокатлар-ки бор,
Текшириб кўрсанг дояси ичкилик.
Ҳар қаю душмондин ортиқ душмони,
Ҳар кишини гар ошноси ичкилик.
Эй Лузумий, кўп азизлар бўлди хор,
Бўлмоқ ила муддаоси ичкилик.

Баҳор келди
Фасли баҳор келди,
Гўёки ёр келди,
Сабза тўшаб йўлиға,
Гуллар қатор келди.
Бошига гул қадашиб,
Ҳар шоҳи - сор келди.
Ғунча кулиб - қувониб,
Беихтиёр келди.
Булбул фиғонлар айлаб,
Гулга дучор келди.
Ҳар қуш ўзича куйлаб,
Танбур - дутор келди.
Колхозчилар қувониб,
Ишга тайёр келди.
Меҳнатсевар кишига,
Бир бахтиёр келди.
Хушчоғсан, Лузумий,
Шеъринг шиор келди.

Эй баҳор, хуш келдинг!
Ассалом, эй баҳор, хуш келдинг,
Биз эдик интизор, хуш келдинг!
Қишда бўлған қуруқчиликка,
Йиғлабон зору зор, хуш келдинг!
Ер узра тўшаб гиламларни,
Айтадур сабзазор, хуш келдинг!
Бошга гул қадаб, эгиб қаддин,
Дер ҳама шоҳу сор, хуш келдинг!
Ғунчалар илжайиб, кеча - кундуз,
Очилиб гул турар, хуш келдинг!
Жонворлар бари чиқиб ердин,
Барча қуш қичқирар, хуш келдинг!
Келганингни Лузумий табриклаб,
Бир эмас, дер хазор, хуш келдинг!

Келин-куёв бир бирига

Тур, борайлик ишга чаққон, ёр-ёр,
Ер юзига хожа инсон, ёр-ёр.
Ор эмасми, уҳламоқ иш чоғида,
Тенгларимиз қилса жавлон, ёр-ёр.
Пахта экиш чоғидур бу, оч кўзинг,
Мунтазирдир пахта майдон, ёр-ёр.
Пахта майдонида шундай ишлайик,
Кўрган этсин: бу гулистон, ёр-ёр.
Оқ олтиндан ололсак ҳиссамиз,
Бизга бўлғай ўлжа чандон, ёр-ёр.
Ишлаб-ишлаб ҳосил олган чоғимиз,
Бизга бўлсин халқ ҳайрон, ёр-ёр.
Ишлайик, кел иккаламиз ёришиб,
Чун Лузумийдир ғазалхон, ёр-ёр.

Ўхшайдику
Эй кўнгил, ишқ истадинг ранжу бало ўхшайдику,
Ёрдин меҳру вафо, жабру жафо ўхшайдику.
Ошно душмандин ортиқроқ жафо айлар манга,
Душманимни имлаган ул ошно ўхшайдику.
Оҳу фарёд айласам кўнглим суғормас лутф ила,
Ишқ ўтиға ўртаниб ўлсам ризо ўхшайдику.
Жон фидо айлай десам ҳаргиз анга манзур эмас,
Манга ўхшаш минг-минг эл анга фидо ўхшайдику.
Ишқ дардига даво маъшуқ васли, дер ҳануз,
Васли йўқ, баским бу дарди бедаво ўхшайдику.
Ишқ боғида фиғон айлар Лузумий эрта - кеч,
Бир лаби ғунча санамга мубтало ўхшайдику.

Ўлтирур нозу қарашма бирла сочин торалаб,
Ёр васлига етолмай йиғлаюрман моралаб.
Васлига етмак бўлурму ёки бўлмас найлайин,
Ихтиёримни олиб қўйди мани оворалаб.
Эгадирсан қайтуб ол кўнглинг вафосиз ёрдин,
Итларига ташлаган ул шўх кўнглум поралаб.
Ичмаган йўқтур жафо жомин фалакни илкидин.
Лек элга косалаб ичкузди манга чоралаб.
Эй Лузумий, ҳар жафо етса чидайман ёрдин,
Ким тополмадим мунингдек ёр, элни оралаб.

Оналарга салом
Ассалом, эй оналар, жон оналар,
Туғилур сиздан ҳама жононалар.
Ер юзини яшнатиб авлодингиз,
Осмон узра учуб, айлоналар.
Боғу бўстонлар бариси сизники,
Турли айвон, барча болохоналар.
Боғларда очилурлар ғунчалар,
Далаларда сочилурлар доналар.
Раҳмат айтиб сайрашур ҳам куйлашур,
Боғда булбул, далада бедоналар.
Раҳмат этса булбулу бедоналар,
Мен ҳам айтай сизга раҳмат, оналар!
Бу - Лузумий шеъридур деманг магар,
Сизни табрик этгани дурдоналар.

Хотин
Хуш жилов бўлса агар дунёни ҳуридур хотин,
Умрларни роҳати жонни ҳузуридур хотин.
Яхши сўз, яхши қилиқлар бирла шод этса эрин,
Кўнгилларни равшани ҳам кўзни нуридур хотин.
Яхши бўлса жамики дўстлардин яхшироқ,
Гар ёмони бўлса душманларни зўридур хотин.
Юзи қаттиқ, сўзи аччиқ, беҳаё бўлса агар,
Умрларни офати ҳам эрни шўридур хотин.
Лабзи ширин, хулқи хуш бўлса агарчи байнамо,
Ҳавзи кавсарни лаби, жаннатни тўридур хотин.
Гар паризоди эрам аҳлоқсиздир беадаб,
Ҳуснига алданмагинким хирсу бўридур хотин.
Яхши сурат, яхши сийрат бўлса ҳар хотинда жам,
Бахтли эрдирки, нур устига нурдур хотин.
Эй Лузумий, бул сўзинг мағзи насиҳатдур вале,
Ҳоҳ яхши, ҳоҳ ёмон эркак заруридур хотин.

* * *

Фил масал, эр ой бўлса офтобидур хотин,
Эр агар заррин қадаҳ, гулгун шаробидур хотин.
Эр хотинсиз, хотин эрсиз бўлса беҳосил ҳаёт,
Эр агар гул шохи булса, барги нобидур хотин.
Бўлмаса хотин агар дунёда бўлмас ишқ ҳам,
Ишқ сайёдин ёяр домин танобидур хотин.
Ишқсизлар билмагай ҳикматлариким бор эмиш,
Ишқда инсоният ҳикмат китобидур хотин.
Эл хотинларни мазамматлар, Лузумий мадҳлар,
Чун ани маҳбубаи олийжанобидур хотин.

Чароғидур хотин
Эр кишининг уйини ёнган чароғидур хотин,
Жисми жонин роҳати кўнглин фароғидур хотин.
Кеча - кундуз ҳамдаму ҳамғам жаҳон ташвишида,
Дўстлар ҳар қанча бўлса яхшироғидур хотин.
Умр зоедир агар хотинсиз ўтса бир замон,
Умр бир гулдир ани яшнарга боғидур хотин.
Бўлмаса хотин, кишига насл қайдин бўлғуси,
Қиз - ўғил гул - ғунчадек битган бутоғидур хотин.
Эр - хотин тенгдир ҳақиқатда тарозу палладек,
Бир товоғи эр бўлса, бир товоғидур хотин.
Хотини йўқларни кўрким бош - оёғидур хароб,
Чунки эрни эрта - кеч ойна - тароғидур хотин.
Бўлмаса хотин жаҳонни боғу роғи на керак,
Дунёда севган Лузумий боғу роғидур хотин.

Болалар
Илм ўқиган болалар, очилган гул лолалар,
Турли илм ўқишиб, олим отин олалар.
Ўқимаган болалар, экилмаган доналар,
Илму ҳунар ололмай, туғилганча қолалар.
Болаларим, ўқинглар, ўқиб яхши уқинглар,
Илму ҳунар ўрганиб, янгиликлар тўқинглар.
Ўқимаслик ваҳшийлик, табиатга қаршилик,
Илму ҳунар ўрганиш, инсонга хос яхшилик.
Ўқимадинг Лузумий, бўлдинг одамлар шуми,
Уялмайин сўйлайсан, инсонлик шарти шуми?

Кўрмасун
Эй Худоё, ҳеч банда доғи фарзанд кўрмасун,
Доғи фарзанд мотамин зиндонида банд кўрмасун.
Уч юз олтмиш томиридин ўт чиқиб, жисмин тутуб,
Ақлдин бегона булғой ҳар ҳирадманд кўрмасун.
Умр ширин, шўр бўлур гар доғи фарзанд чекса ким,
Заҳар бўлғой бу аламдин қатраи қанд кўрмасун.
Ҳеч ким ёш ўлмасун, ота-онаси куймасун,
Пора - пора бағрида юз доғи пайванд кўрмасун.
Эй Лузумий, ҳеч кимса доғ кўрмай чора йўқ,
Айтганим йўқким, ота доғини фарзанд кўрмасун.

Ушлар
Ўқуб саъй-у талаб2 қилғон ўзини матлабин ушлар,
Ўқумай қолса ким афсус ила тишлаб лабин ушлар.
Синоатдин қуруқ қўл ерда белдин ўзгани тутмас,
Синоат аҳлини кўр, кўкни ой-ю кўкин ушлар.
Ўтурғон аҳли фазл ила фазилатдин бўлур огоҳ,
Ўтурғон аҳли жаҳл ила жаҳолат мазҳабин ушлар.
Ҳунарсизлик илмсиз кишини қолдирур лаънатда,
Ҳунар билган, илм билган улуғлиқ мансабин ушлар.
Лузумий, қил ҳазар жоҳил кишиға панд қилмоқдин,
Агарчи унга гапурсанг жаҳл ила они чапин ушлар.

* * *

Беадаблик йигитга офатдур,
Беадаб кимса бешарофатдур.
Беадаб ҳеч кимга ёқмайдур,
Беадаблик ёмон қиёфатдур.
Беадабни ҳамма ёмон кўргай,
Кўрган эл дер бу шум касофатдур.
Ким адаблик бўлуб юруб - турмаги,
Халқ учун бу улуғ зиёфатдур.
Эй Лузумий, адабсиз ҳар кимдин,
Туртки еб ҳар қачон хижолатдур.

Васият

Ман ўлсам эй болалар, йиғламанглар,
Ҳама ҳеш ақраболар, йиғламанглар.
Вале ер остида ҳолимни ўйлаб,
Қилинг яхши дуолар, йиғламанглар.
Худоё, раҳмат эт бу осийни деб,
Қилинглар илтижолар, йиғламанглар.
Худони ҳукмига бўлдим ризо ман,
Бўлинг сиз ҳам ризолар, йиғламанглар.

* * *

Ўлумни олдида доно била нодон баробардур,
Қаро ер остида мискин била султон баробардур.
Ўзингни тоат ила элдин ортуқ кўрма, эй зоҳид,
Худони раҳматига тоату исён баробардур.
Мурувват, хулқи хуш инсон ила ҳайвон тафовути,
Ва гар на нафсда ҳайвон ила инсон баробурдур.
Бахиллик бир ёмон хислат кишиға обрў бермас,
Агар миннатлик ўлса бухл1 ила эҳсон баробардур.
Бировни айбини кўрсанг кишиға айтмагил ҳаргиз,
Тўкулган обрў бирла тўкулган қон баробардур.
Лузумий, чин гапур, аммо кишиға безарар бўлсун,
Зарарлик бўлса гар, ул чин бирла ёлғон баробардур.

Халқ ичинда...
Халқ ичинда энг ками наздимда энг ортиқидур,
Эл қошида ортиқи бори эрур кам йўқидур.
Кимки ортиқ бўлса ул элдин ўзин камроқ билур,
Ким ўзин ортиқ билур кибру ҳаво сандуқидур.
Ори кам ортиқ бўлур фазлу ҳунар бирла вале,
Сан каму ортиқ дема барча худо махлуқидур.
Эй Лузумий, ҳеч ким таҳқирга лойиқ эмас,
Ҳар гадо ўз кўнглида шоҳаншоҳи Салжуқидур.

* * *

Мусулмонликда қилдим май била ҳув,
Мусулмонлиғ қани гар бўлмаса був,
Таҳорат ташингга сув бирла қилдинг,
Ичингни эмди зоҳид, май била юв.
Муҳаббат жоми бирла маст бўлуб,
Кўнгилдин худнамолиғ фикрини қув.
Бўлиб маст - аласт ҳар эрта - кеч,
Халойиқ ичра бул афсона дув - дув.
Манга жанон қачон бир коса тутса,
Сумурурман агарчи бўлса оғув.
Лузумий, тангри ғаффор аззубдур,
Гуноҳинг кўплигидин чекма қайғу.

Жононалар янглиғ

Муҳаббат бўлса гар бегона ҳам жононалар янглиғ,
Муҳаббат бўлмаса гар ҳеш ҳам бегоналар янглиғ.
Фидои ул биродарман агарчи ул йироқ ерда,
Муҳаббат бирла ул ҳар эрта - кеч ҳамхоналар янглиғ.
Муҳаббат аҳли бирла суҳбат этсанг шавқинг ортарким,
Сўзи таъсирида майдек лаби паймоналар янглиғ.
Муҳаббат бир майидурким исидин маст бўлур жонлар,
Муҳаббат аҳлин ўлтирган ери майхоналар янглиғ.
Муҳаббатсиз киши гўё магас  ёр айбини истар,
Муҳаббат аҳли дўстин олдида парвоналар янглиғ.
Муҳаббат аҳлидин ақлу каёсат  истаманглар ким,
Муҳаббат аҳли ҳарчанд хушманд девоналар янглиғ.
Муҳаббат жомидин бўлмиш Лузумий масти лояъқил1,
Вале мардум қошида оқилу парзоналар янглиғ.

Яхши кўринурсан
Кўзимга мунча яхши кўринарсан,
Ки гўё ғунча янглиғ кўринарсан.
Қилиғинг қанча яхши бўлса манга,
Ўзинг ҳам шунча яхши кўринурсан.
Очуқ юзу илиқ сўз бўл ҳамиша,
Ки ойу кунча яхши кўринурсан.
Табиатни ҳамиша шод қилсанг,
Майи гулгунча яхши кўринурсан.
Бу йўлда ошиқу маъшуқ баробар,
Кўрарсан қанча яхши кўринурсан.
Лузумий, шод қил ёрингни сан ҳам,
Анга ўлгунча яхши кўринурсан.

Ажаб яхши замон бўлди
Боқинг инсоф ила дўстлар, ажаб яхши замон бўлди,
Ки ҳар илму ҳунар истар кишига йўл равон бўлди.
Чиқиб турли ҳунарлар халқ учун хизмат қилиб чандон,
Қуруқ ерлар бўлиб дарё-ю, чўллар бўстон бўлди.
Бурунги минг кишилик ишни энди бир киши қилғай,
Оғирликлар кетиб элдин, енгилликлар аён бўлди.
Поездда сайр этарди эл, узоқ ерларга ҳар доим,
Поезд ерда қолиб энди саёҳат осмон бўлди.
Тараққийга борур ёшлар ўқиб илму ҳунарларни,
Уларни саъйини кўрган қарилар шодмон бўлди.
Ҳамма дунё  топиб айлар иморат шаҳру қишлоқда,
Ки эллар янги эл бўлди, жаҳон янги жаҳон бўлди.
Лузумий, халқимизда бу маишат йўқ эди асло,
Коммунист партия бошчи бўлиб эл комурон  бўлди.

Томоша қил
Бўлиб кўклам очилди гул гулистонни томоша қил,
Гулистонларда булбул чеккан афғонни томоша қил.
Кириб гулзор ичинда субҳидам булбул фиғонига,
Табассум бирла турган ғунча хандонни томоша қил.
Чиқариб тоза - тоза барг ичинда тўп - тўп гуллар,
Ўзига зеб берган боғу бўстонни томоша қил.
Ютиб янги ҳаводан соғлиқ сармоясин истаб,
Қувониб ишлаётган ишчи - деҳқонни томоша қил.
Биёбон лолаю сабза била гўё гилам бўлди,
Гилам устида юрган қўю чўпонни томоша қил.
Чаман янглиғ бўлиб аввал, очиб ҳар турли гул охир,
Оқ олтин бирла тўлган пахта майдонни томоша қил.
Лузумий, ер юзи бу кун томоша мавсуми бўлди,
Хусусан, Осиёда Ўзбекистонни томоша қил.

Ўғлим - қизим
Ассалом, эй қаҳрамон ўғлим - қизим,
Пахтазорда ишлаган ўғлим - қизим.
Даштларни пахта экиб, хўб гуллатиб,
Айлагансизлар бўстон ўғлим - қизим.
Оппоқ олтинлар ундириб тупроқдин,
Мамлакатни безаган ўғлим - қизим.
Ишни сонлиғ ҳам сопоғлиғ айлангиз,
Айламангиз ҳеч найранг ўғлим - қизим.
Ҳар газету журналларда ўқишур,
Отингиз аҳли жаҳон ўғлим - қизим.
Отингиз яхши, ёмон этманг ани,
Тенг эмас яхши - ёмон ўғлим - қизим.
Мадҳингиз айлар Лузумий эрта - кеч,
Ошкоро - у ва ниҳон, ўғлим - қизим.

Гўристонда бўлғон илҳом
Ҳаммамизни келурға жойимиз шул,
Қиёмат кунғача маъвойимиз шул.
Ясаб тобут бирла келтурурлар,
Елиб охирги минган тойимиз шул.
Ер остиға қўйарлар ҳох ногоҳ,
Нетармиз, чора йўқ манглайимиз шул.
Қаро туфроғ бўлур ёнбошимизда,
Тўшалган кўрфа атлас - шойимиз шул.
Қўлингдин келса элга яхшилик қил,
Қилинғон яхшилик дунёйимиз шул.
Ямонлиғ қилма, йўқ, ҳаргиз кишига,
Кўнгулда доимо парвойимиз шул.
Бировни сувратин зебо деманглар,
Кишиким яхши хулқ зебойимиз шул.
Кимиким келса иймон бирла мунда,
Халойиқға отоғлиғ бойимиз шул.
Лузумий қандоғ одам, деганида,
Айтинглар халқ аро расвойимиз шул.

Билмайман
Дунёға келиб ман кетаримни билмайман,
Умримни қаён сарф этаримни билмайман.
Ёшлиқни оти бирла чопибман доим,
Сўнгимда қарилиғ етаримни билмайман.
Зайнаб, мани ўлғон сўнг ким ёд этар билмайман,
Қуръон ўқуб руҳимни ким шод этар билмайман.
Абдулазим ўғлимиз қуръон ўқуб билмайдур,
Тангри магар охирда иршод этар, билмайман.

* * *

Эй кўнгил аслинг билсанг қону ийрин,
Гапургил бир - бирингга ширин - ширин.
Дунёда бир - икки кун меҳмонмиз,
Кетармиз ўлуб - ўлуб бирин - бирин.

Билмайди
Мани номеҳрибон ёрим вафодорлиғни билмайди,
Кўнгил берганга жуз1 зулму ситамгорлиғни билмайди.
Юрагим қўлига бердим аёғ остида бостурди,
На билгайман ман бедил, у дилдорлиғни билмайди.
Табиб олдида ўз дардимни аҳволин гафурдим ман,
Вале ул чорасин, бул хайл2 беморлиғни билмайди.
Бу эшикда на суд, ул йиғламоқдин додхоҳларға,
Ки султонлар ғариб чеккан дил озорлиғни билмайди.
Кўнгулда мақсадимни яхши билгай дилбарим, аммо,
Тағофил айлагай гуё хабардорлиғни билмайди.
Лабу тиши унингдекни менингдек оғзиға лойиқ,
Ки ҳечким тўтидин ортуқ шакархорлиғни билмайди.
Камол элдин яшуролмас кўзин ўйнатмаким ғани3,
Эрур ул ринд зоҳид янглиғ аййорлиғни билмайди.
Лузумий форс қизин уйиға ўзбек кўйлагин тикди,
Ярашқон бўйиға шундоғки кенг - торлиғни билмайди.

1.     Жуз - а - бошқа, ўзга,
2.     Хайл - а - гуруҳ, тўда.
3.     Fани - а - бой, ҳеч камчилиги йўқ.

Тўртлик
Худоё, ёрлақа бу бандаларни,
Ёшурғил айбини шармандаларни.
Муаттар айла раҳмат атри бирла,
Гуноҳ чиркиға ботқон гандаларни.

Бўлмасун
Ҳеч эркак дўстлар бир кун хотунсиз бўлмасун,
Қоп-қора бўлғой жаҳон бир кун кунсиз бўлмасун.
Эр ярим, хотун ярим бир қўшулуб бўлғой бутун,
Ҳоҳ эркак, ҳоҳ хотун ҳаргиз бутунсиз бўлмасун.
Эр хотун бир - бириға қиммат баҳолик тўн эрур,
Дунёда одам боласи ҳеч тўнсиз бўлмасун.
Яхши хотун эр кишини давлатини бошидур,
Қанча давлат бўлсун, лек унсиз бўлмасун.
Эй Лузумий, эр хотун бир - бирга бўлсун меҳрибон,
Ҳар сўзида иккиси кулку ўйинсиз бўлмасун.

Соқол
Соқолин қирмоғи мўъмин киши иймонига нуқсонми?
Соқолин бир тукига тегмаган Пўплар мусулмонми?
Расулуллоҳ кесиб мўйлов қўюб соқол демишларким,
Ҳадис мазмуниға зоҳид ўзи аввал тушунганми?
Тушунган бўлса мўйлабни кесиб соқол қўйор эди,
Икковин ҳам баробар ўстуруб қўйибти ёлғонми?
Мажусийлар хилофида бўлунглар деб буюрганлар,
Пўпларни сиёқида бўлунглар деб буюрганми?
Манга тош отма, эй зоҳид, соқол қўймас Лузумий деб,
Ўзинг қўй, қанча қўйсанг, ул санга бир йўл тош отқанми?

* * *
Қоғозингиз баҳор, дедим ман,
Хатларин сабзазор, дедим ман.
Нуқталар ғунчадек кулиб турған,
Кипригим анга хор, дедим ман.
Кўзларим аридек қўнуб гулга,
Ёпишиб бол терар дедим ман.

* * *

Сенсиз ўтган бир кеча бир йилдин ортуқдур манга,
Сан билан ўтган умр бир кечача йўқдур манга.
Бевафолиғ расм этсанг гар санинг учун айб эмас,
Сандин, эй дилбар, жафо ҳам келса тансуқдур манга.
Нозинг бирла ҳар жафо қилсанг севар жоним ани,
Нозингга шукр этмасам гар катта ёзуқдур манга.
Эрта - кеч ётсам cap кўйингда уммати ишқ бўлиб,
Ёнбошимда тош бирла ғишт ҳамки момуқдур манга.
Агар чандича кампирсан ўзимга қиздин ортуқсан,
Қатиқдек ачиғ-ачиғ сўйласанг қимиздин ортуқсан.
Кичикдин бўлғон эрдинг, ҳар қадрдонимдин ортуқсан,
Қариғон чоғда ҳам жисмимдаги жонимдин ортуқсан.
Сочингни оқидин ўксумагилким ҳурдин ортуқсан,
Қоронғу кечада боқсам кўзимга нурдин ортуқсан.
Такаллум айласанг гар накҳат райҳондин ортуқсан,
Табассум айласанг гap ғунчайи хандондин ортуқсан.
Латофат боғида олма, анор, анжирдин ортуқсан,
Неча йил меваким оламда бор ҳар биридин ортуқсан.
Думоғимға келур бўйинг чаманда гулдин ортуқсан,
Лузумийға демайсан боғ аро булбулдин ортуқсан.

Тўлғониб

Субҳидам келгач чаман сориға ёрим тўлғониб,
Уйғотур жисмим думоғи мушкборим тўлғониб.
Шавқи бирла эрта-кеч кезсам сабодек ҳар тараф,
Қўрголи кундек юзин қўймас ғуборим тўлғониб.
Ўлганимдан сўнг мозорим узра қўйса гар қадам,
Иўқ, ажабким қўзғолур жисмим мозорим тўлғониб.
Ишқ даштида кезарман эрта - кеч мажнунвор,
Шул умидимким, келур Лайли шиорим тўлғониб.
Васл умидида ҳушим, аммо фироқин ўйласам,
Қалтирар қўрқуб ниҳоним, ошкорим тўлғониб.
Во дариғ, бир йўл кўролмасдин жамолин шавқидин,
Ўртануб жоним чиқар, оҳим шарорим тўлғониб.
Эй Лузумий, доғи пинҳонимни қилсам ошкор,
Душманим йиғлар эзилиб, дўст зорим тўлғониб.