Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Мени кучлироқ сев! (Муҳаммад Исмоил)
Facebook
Мени кучлироқ сев! (Муҳаммад Исмоил) PDF Босма E-mail

ШАЪНИНГГА ШЕЪР
ИЗЛАЙМАН, ВАТАН!


Мен бир шеър излайман,
ҳар куни бир бор,
Ҳар кун ўн бор, юз бор
айтардим, қалбдан.
Навоий шаънингга
битса гар ашъор,
бугун мадҳ айласа,
арзийсан Ватан!

Чўққиларда туғён —
пурвиқор, аъзам.
Сени таърифлайди
минг йилдан буён.
Мен бир шеър излайман,
унда бўлса жам
Тоғлар бағридаги
ватанпарвар қон.

Милён, милён одам
келди, кетдилар.
Ёзмоққа тақозо қилмай
вазият.
шу Ватанга меҳр
изҳор этдилар —
Кўкларда у маъсуд,
шеърий васият.

Не-не қитъаларда
ҳилпираб ял-ял
Шеър айтди, сен тиккан
муқаддас байроқ.
Тинчликка зор эллар,
боққанин зарҳал,
Олтин мисраларда
лозим шарҳламоқ...

Нур балқди.
Ватан қад кўтарди, музаффар.
Ер шарин айлади,
мунаввар, кўркам.
Мустақиллик тожи,
минг йил муқаррар,
Толе қуёшидир,
бошингда ўлкам.

Сен-озодлик истаб
ёнган кўздаги
Сени дуо этган, севган,
алқаган.
Борлигингдан бахтли,
хуррам юздаги
Меҳру муҳаббатдан
юксалдинг, Ватан!

Темур бобом учун,
ҳикмат берилиб,
Тирилмоғин Худо
этса ихтиёр.
Соҳибқирон бугун
мағрур керилиб,
Қиларди эй, Ватан
сендан ифтихор.

Аммо ишонаман
шу юртдан ўтган
Азиз авлиёлар
арши аълода,
Жамулжам бўлишиб,
сен учун Ватан
Туну кун дуода,
ҳамду санода.

Жаҳон минбарлари,
шоҳсупалари,
Саҳнасида номинг
янграган маҳал.
Гулдурос қарсаклар,
олқишлар бари,
Шону-шавкатингга
тиклади хайкал!

Кеча эрксиз эдинг,
қилдим таъналар
Қўшилиб йиғлашни
ўйламаганман.
Бугун юртда экан,
тўй-тантаналар
Наҳот, севинмоқни
уддаламасман.

Ватан, сен лойиқсан,
Ҳазрат Навоий
Бугун улуғласа,
шарафлаб шеърда.
Ёки камолингни
кўриб, фидойи
Янги Навоийлар
туғилса эрта.

Яшар ва курашар
ҳар ким аҳд билан
Бугун бор, эртага
бўлмасман, аммо
Энг гўзал у шеърни
жону жаҳд билан
Шаънингга айтмасдан
ўлмасман, асло!

ХОРИЖДА

Жиринглар қўнғироқ, салом қандайсан?!
Суҳбат давом этар, чўзилар узоқ...
Деҳлида эканим, мен ҳам айтмайман
Сўз мавриди келса айтаман бироқ.

Нетай сафардаман. Нима фарқи бор?!
Ҳинд ҳам ўзимиздай, ҳамма ҳам одам.
Тошкентни Деҳлига алишмам зинҳор.
Алмашмоқ истаган эмас улар ҳам.

Қўшнига телефон қилган сингари
Лондонга боғланмоқ мумкин бир зумда.
Кафтдай бўлиб қолди, бутун Ер шари
Бугун ўзбеклар бор, Парижда, Римда.

Баъзи мамлакатнинг раҳбари каззоб,
Улар қизғанади давлатларини.
Ҳимоя дейди-ю, беради азоб,
Тамбалаб юртининг сарҳадларини.

Инсон нима истар, дўстлик истайдир
Қардошлик, фароғат, бахт истар фақат
У меҳнат қилар ва яхши билгайдир,
Инсонийлик — миллат, муҳаббат — миллат.

Ҳар кишининг юрти, ирқи бошқадир
Инсон йўқ тилидан, динидан тонган.
Аммо ҳар жойда бир, инсоний қадр
Тарқаган ҳамма бир ота-онадан.


Ёлғиз, якка турган эл бутун элмас,
Ҳар кимга бўлса ҳам қондоши суюк
Ўзгани хўрлаган, камситган эмас,
Барчани тенг кўрган, одамлар буюк.

Деҳли кўчасида юрибман, бекман,
Қаддим тик, сўзим сўз, азиз меҳмонман.
Чунки, мен келганман, олам тан берган,
Барча элларга дўст Ўзбекистондан.

ЎЗБЕК

Ўзбекка қўл кўтарганга, тинчлик сўрайди ўзбек
Зотан хаққин бировларга  бериб қўймас ҳеч қачон.
Зотан ўзи буюк халқдир, тенглик сўрайди ўзбек
Зотан уни жанггоҳларда енгиб бўлмас ҳеч қачон.

Қайда ўзбек борки бари бир жон, бир тан, бир миллат
Ер юзига сочилган бебаҳо маржон эрур.
Бир ўзбек этагига ёпишса бирор иллат
Милён-милён ўзбекнинг юрак бағри қон эрур.

Икки дўст орасига ораласа адоват,
Нобакорнинг қинғир иши, жабри офат дардликдир.
Ярат      гандан қасос эмас, сўрамоқлик адолат
Ўзбекка хос буюкликдир, сабр-у тоқат, мардликдир.

Ўзбекка қўл кўтарганга тинчлик сўрайди ўзбек
Тинч бўлсин дейди доим, шу она Ер, кенг осмон.
Тинчлик билан оламни гулга ўрайди ўзбек
Қўзғолса гар тўхтатиб бўлмас уни ҳеч қачон.

СИРДАРЁЛИКЛАР

Абдуллажон Турдиқуловга

Мард қилмас кўнгил тўлмайдиган ишни
Мард қилар Худо қўллайдиган ишни.
Буюк меҳнат билан бўлмайдиган ишни
Бўлдириб қўяди, сирдарёликлар!

Куч-у ғайрат келар қари-ю ёшга
Уйган хирмонлари етар қуёшга
Бир оз қия қилиб дўппини бошга
Қўндириб кияди, сирдарёликлар!

Ҳар бири биринчи, ҳар бири донгдор,
Ҳар бири ўзидан қилгай ифтихор
Ҳар бирида қуёш янглиғ олов бор
Ёндириб суяди, сирдарёликлар!

Ватан бошидаги бу тож диёрни
Алқамаган борми, мақтамаган борми?!
Кулиб қарамоққа Парвардигорни
Кўндириб кулади, сирдарёликлар!

Ўзбекнинг Сирдарё деган эркасин
Ҳеч ким теккизмаган ерга елкасин
Доим беш кетади, ҳиммат режасин
Дўндириб юради, сирдарёликлар!

Менга севимли у, севгилимдайин
Севгим ортиб борар, севганим сайин.
Сипқорсамда яна, севгининг майин
Тўлдириб қуяди, сирдарёликлар!

САНЪАТ МАДҲИ

Санъат — бу ҳаётнинг зийнати эрур
Элдаги баётнинг ҳикмати эрур
Дилдаги фарёднинг хизмати эрур
Илоҳий илҳомдан яралган диёр-
Санъат — юракларда юксалган баҳор.

У замон саҳнига жило-ю сайқал.
У инсон шаънига қўйилган ҳайкал.
У жаҳон аҳлининг йўлига машъал!
Меҳру муҳаббатнинг забони санъат.
Эзгулик йўлида мангулик байъат!

Санъат даргоҳида талабалар биз.
Эртангги зафарлар, ғалабалар биз.
Пойида қилиб тўй-тантаналар биз!
Санъатинг оламга этармиз достон.
Эй, санъат ўлкаси жон Ўзбекистон!

Санъаткор аҳлида нурдан иқтидор
Уни Худо суйган этган даъваткор..
Олам халқи қилгай ундан ифтихор,
Санъат — чаман бўлса тупроқ санъаткор,
Санъат — Ватан бўлса байроқ санъаткор!

Элим, сен бор улуғ санъат қўрғони
Элим, сен бор суюк санъат бўстони
Юлдузларга тўлуғ санъат осмони,
Бор бўл, эй энг буюк шавкати бор эл,
Бор бўл, эй энг буюк санъати бор эл!

АМИР ТЕМУР ИСЁНИ

Кимки Оллоҳ йўлида
Жиҳод қилса ғозийдир.
Қуръон ушлаб қўлида
Раҳмону раҳийм учун   
Карийм-у, ҳаким учун
алийм-у, азийм учун
раззоқ-у, фаттоҳ учун
ҳакам учун, ҳақ учун
латийф-у, рауф учун
жалийл-у, афувв учун
ғофур учун, нур учун
заҳийр-у,  қодир учун
сабир-у, кабир учун
рашийд-у,мажийд учун
шахийд-у, ҳамийд учун
важийд-у, ваҳийд учун
ҳофиз учун кўнглида
исён-у, иймон бўлса,
Оллоҳ бор-у ғолибдур!
Оллоҳ ёр-у ғолибдур!
У туғилган   ватанда
ҳукм сурса гар кофир,
ўралгайдир кафанга.
Маҳкум шунга ҳар кофир!
Енгар куч йўқ ОЛЛОҲни
Якка Олампаноҳни!
Ким ҳаққа қурбон бўлса
Асло ўлим топмас у.
Тупроқ аро ётмас у.
ўазотдан нажот топгай
Туганмас ҳаёт топгай!

ҲАЁТ БОҒИ

Сарғайган боғларни кезаман сарсон
Қайга кетди дейман кечаги баҳор.
Бир кун танимдан гар кетар бўлса жон
Дод деёлмай ҳайрон қолишларим бор.

Баъзан мева тугар, баъзан мевасиз
Дарахтда айб йўқ, қуриб қолганда.
Нега шўрликсан сен, зўрмас демангиз,
У ҳам тақдирга қул, ожиз бир банда.

Гоҳо чақмоқ урар, гоҳ довул босар
Гоҳо қурғоқчилик, гоҳо урар сел.
Шу боғ каби мангу  қутқуда башар,
Шу боғ каби паноҳ истаб яшар эл.

Гоҳо истакларинг ошмай амалга
Гоҳ ғариб қолсанг, гоҳ қолсанг нотавон.
Бехос шак келтириб, тақдир азалга
Бир-биринг устингдан кулма эй, инсон.

Неки бахт истасанг  сўра Тангридан
Дилда нажот ипин боғлагин аршга.
Гар Оллоҳ жой берса иймон тахтидан
Хазондай узилиб тушмайсан пастга.

Ўзинг бизни асра эй қудратли зот
Сабр бер, тоқат бер кўз ёшимиз арт.
Ахир биз учун бу ўткинчи ҳаёт.
Ахир бизлар бахтли бўлмоғимиз шарт!

Сарғайган боғларни кезаман сарсон
Қайга кетди дейман кечаги баҳор...


* * *

Ўзин кўз-кўз қилди баҳор зийнати
Гуллар атрин сочди, сочилмайсизми?
Сизни кўрмоқ истаб, кўзим излади
Айтинг, мени сира соғинмайсизми?

Наҳот, мумкин мени шунча кўп айблаш
Шунча кўп айблашдан оғринмайсизми?
Йўлларни беркитган ғазабми, араз
Айтинг, мени сира соғинмайсизми?

Бир-бирин пинжига кирмоқда қушлар,
Эркангиз эдим-ку, хотирлайсизми?
Мен ҳақда кўриб ҳам бир ширин тушлар,
Айтинг, мени сира соғинмайсизми?

Айбсизлигим балки биласиз, келиб
Энди кечирмоққа, ботинмайсизми?
Гина-жонингизга кетмасми тегиб,
Айтинг, мени сира соғинмайсизми?

Баҳор келганида юриб тескари
Қишнинг қучоғига отилгаймизми?
Севгим ортаётир соғинган сари
Сизчи, мени сира соғинмайсизми?

* * *

Севги эмас экан кўзингиздаги.
Кечиринг, адашдим. Мен қилдим хато.
Алдади мен севган юзингиздаги,
Қоронғу кўнглимни ёритган зиё.

Насиб этган эди қайта яшармоқ.
Кеча кирган эдим, йигирма ёшга.
Яна бошга тушди юз ёшга қайтмоқ.
Бугун тушди яна қаримоқ бошга.

Кеча сизнинг билан эдим бахтиёр.
Бугун юрагимда адоқсиз ҳасрат.
Қилса ҳам бугунги қайғу мени хор,
Аммо кечаги бахт учун минг раҳмат!


* * *

Тангрим! Бу чархи дун бунчалар айёр,
Ҳеч ким менинг каби ҳайрон бўлмасин.
Боримга шукур деб, турибман тайёр,
Шарҳи ғамим асло, достон бўлмасин.
Илмни қурол эт, сабримни либос
Пир деб турганларим шайтон бўлмасин.
Сен учун дўст бўлсин, ким дўст бўлса хос,
Дўстим сени билмас, инсон бўлмасин.
Кимни ардоқласам, яхши деб ҳайҳот
Қиёматда ҳоли ёмон бўлмасин.
Барокат нури-ла зарланмиш ҳаёт
Заҳримни самон эт, исён бўлмасин.
Ишончим хазинам, ожизлик фахрим
Қалбимнинг роҳати ибодатдадир.
Бор шавқим, рағбатим, сенгадир Тангрим
Дардимнинг тоқати итоатдадир.
Ер шари Аршингда заррадир зарра
Меҳрингдан мосуво хазон бўлмасин.
Ҳар онда, ҳар қачон, минг бор, минг карра
Мадҳинг янграмаган замон бўлмасин!


* * *

Ошиқ аҳлига асли,
Айрилиқсиз замон йўқ.
Ёнганда ҳижрон фасли,
Ҳайқириқсиз забон йўқ.
Юрак ўртанар ғамда
Не кўрмадим оламда.
Ёрдан айрилмоқлик ҳам,
Бор экан пешонамда.
Ўтиб кетар дегандим,
Баҳор фасли ёғди қор.
Қанча ёниб севгандим,
Шунча хорман, шунча хор
Қанча бахтга зор бўлсам,
Шунча эдим бахтиёр.
Тақдиримга ташлаб ғам,
Энди ёғаётир қор
Ёрга етмоқдан ўзга
Ишқ аҳлига армон йўқ.
Ишқни тартиб этмоққа
Қоида йўқ, фармон йўқ.
Севги дарси бўлганда,
Олар эдим сабоқман.
Мағлубдирман бу фанда,
Саводсизман, муҳтожман.
ўам тубига чўкканман,
Нажотдирсан — муҳаббат,
Сен келмасанг йўқдайман,
Ҳаётдирсан — муҳаббат!             

НИДО

Баҳор келгани йўқ, қиш кетгани йўқ,
Бошимда офтоб-у, пойимда қорлар.
Яна қайлардандир келтирмоқда чўғ,
Кеча мени ташлаб кетган баҳорлар.

Фарзандларим бордир, топмоқда камол,
Шеър ёздим гоҳ илҳом келган маҳали.
Оллоҳ, сен уларни тарбиянгга ол,
Ўзим ёш болага ўхшайман ҳали.

Фақат дўст орттирмоқ орзуим эди,
Атрофимни зирҳдай ўради душман.
Тангрим, не қилмоқни билмасман энди,
Энди сен яшашни ўргатадурсан.

Ўзинг шеър ёзмоққа этарсан қодир,
Шеър бер тонг сингари севимли, эрка.
Элга шеър бермасам, эрк деган нодир,
Сўз тўфони умрим совурар елга.

Тангрим фазлинг буюк, қудратинг буюк,
Фақат шер зотидан туғилгандай шер.
Ўзбек жавҳарида жон каби суюк,
Туғилди дунёга зийнат Алишер!

Ўзбек табиатин ҳикмати мисол,
Рамзи мисол шу тоғ, қир-адирларни.


Сен бердинг бу улуғ миллатга тимсол,
Амир Темурларни, Яссавийларни.
Ким бўлгайман ахир сени унутсам,
Ҳайбатинг, даъватинг унутсам хорман.
Кўкларга кўтардинг ерга йиқилсам,
Ўзингга ўргатдинг, минг бор қарздорман.

Қарздорман дунёга келганим учун,
Бу ёруғ оламни кўрдим, қарздорман.
Сенинг борлигингни билганим учун,
Сенинг мўмин банданг бўлдим, қарздорман.

Бир шеър бер таъзимим бўлсин мужассам.
Зотан мўъжизадир сув, ҳаво, тупроқ
Зотан не яратдинг бари мукаррам,
Яратгувчи йўқдир сендан улуғроқ.

Зотан, сен бермасанг шоир не қилар,
Ўзин ҳар ён уриб чопгани билан
Ҳар ким буюк, ҳар ким бек бўлар,
Сенинг берганингни топгани билан.

Мулкинг эрур фалак. Бу чарх, бу даврон
Ер-у кўк тавофда, тинмай урар бош.
Миллатимга яна бергин шараф-шон.
Менинг ҳам кўзимдан оқизмагин ёш.

Ё Оллоҳ, нолон-у, нотовонинг ҳам
Бу ҳаёт қошида тизилгандир мард.
Ҳар ўзбек, ҳар тонгда ичгайдир қасам
Бу буюк эл ичра, буюк бўлмоқ шарт!

РАФИҚАМГА

Биламан вақт кетди, бахтни йўқотдим,
Бешафқат тонмоқда, ёнмоқда ҳаёт
Бир умр йўлига бош қўйиб ётдим,
Гўзал шеърлар ёзмоқ бўлди эътиқод.

Сўз олами кенгдир, ёнмасанг беркдир,
Ҳар бир сўз оловда, жоним гаровда.
Тангрим, шоирлик бу — исён ва эркдир,
Иймондир, бу — умр деган саробда.

Кимдир қаср қурди, ким бўлди донгдор
Кимнидир кўксида тангадай нишон.
Кўйлак келтирсам гар, севма — дедим ёр,
— Севги рамзи эмас, бермоқ ошу нон

Шоир шеърин севмай, унинг мол-дунё
Ва ўзин севишса шоирга алам
Чунки, қалбнинг буюк нурларин даҳо
Шоир ўз шеърида этгусидир жам.

Ҳақиқий шоирнинг ўзидан кўпроқ
Шеърларин севишса — бу олий мақом.
Эзгу меваларин бермаса тупроқ,
Ер юзида ҳаёт этмасди давом.

Меъмор мақтагандай қурган биносин,
Боғларин алқаган сингари боғбон.
Юксакка чорлаган мангу маросим —
Шоирнинг фахридир — шеър ила достон.

Балки отадирман, ё ёрман ночор
Бурчин бажармоқ шарт, бир бандадирман...
Сен агар шеъримни севмасанг эй, ёр
Барчанинг олдида шармандадирман.

Ўзимни севсанг-у шеърларимни ҳам
Севсанг, демак эл ҳам севади бир кун.
Демак, шеърим яшар бир куни ўлсам,
Сен ва шу эл мени севгани учун! 

НЕ БЎЛДИ...

Не бўлди азизим, қарагингиз йўқ
Кўзимга боқмоқни кўрмаяпсиз эп.
Қора кўзингизда жодуловчи чўғ,
Наҳот ёниб турмас энди мени деб.

Гўё қалбингизда кетаётир жанг
Баъзан нотовонман, баъзан қаҳрамон.
Умид ва хавотир ўртасида танг,
Баъзан мен ёмонман, гоҳ душман томон.

Севмоқ — йўлга чиқмоқ тўфонлар аро.
Гарчанд қисматимиз аён азалдан
Билмасман юз буриб кетасизми ё,
Ё Худо сизни мен учун яратган.

Соғинчдан ўртаниб гоҳ дилда фарёд
Гоҳо хастаҳолман, гоҳ ҳардамхаёл.
Билмасман қаердан топмоқни нажот
Кўзингизда балқиб турганда малол.

Азизим, ғариблар дўстидир, дуо
Йўқ бизга тангридан ўзга мададкор
Чин дилдан ёлворсак бергайдир Худо
Сизга туганмас бахт, менга сиздай ёр!

ГОҲ ШОДМАН, ГОҲИДА...

Гоҳ шодман, гоҳида кўзга келар ёш,
Гоҳ ойда бўлсам ҳам Сизни кўрарман.
Келсам, васлингизга беролмайман дош,
Кетсам ҳажрингизда ўтман, ўртанган.

Гоҳо бир ҳис дилда инграйди нолон,
Мен хорни бахтиёр этди муҳаббат.
Сиздай нурга лойиқ бўламан қачон,
Ожизлигим ошкор этди муҳаббат.

Гоҳида иқрорман, гоҳо беқарор,
Гоҳида чуқурда чинқирган ғамман.
Нега Аршингизда айланар ағёр,
Нега бошим чиқмас арздан, аламдан?!

Севгилим, севсангиз шу менга ҳаёт,
Шудир топганим бахт маржонларини.
Севгилим, кетсангиз йўқ менга нажот,
Адоғи бўлмайди армонларимнинг.

Севсангиз бўлгайман ҳар жангга тайёр,
Ҳар жадалда ғолиб, ҳар он, ҳар қачон,
Қудратли, енгилмас, мингта жони бор
Сиз кутган, сиз орзу қилган қаҳрамон.

Гоҳ шодман, гоҳида кўзга келар ёш.

* * *

Айбим кўп, азоби ҳоритар гоҳо,
Қурб етмай гоҳ ўзни айблай олмасман.
Айбда қайта-қайта яшайман ҳатто.
Терскай тушларимни ҳайдай олмасдан.
Ана, ўраб турар мени халойиқ,
ўазаб кўзларида, тош қўлларида.
Кимдир ўкирар: У қатлга лойиқ,
Айб ўзида кетар, у ўлганида.
Лекин бир сас келар ҳукми холиқдан:
— Ким Тангри қошида пок ва бегуноҳ.
Аввал у тош отсин, отса розиман,
Унинг борлигидан бўлайин огоҳ!
Қуёш нур сочарди, кўк эди сўнгсиз,
Ҳаётбахш ҳаволар таралар эди.
Мен қанча кутмайин муте, ўкинчсиз,
Оломон тош отмай тарқалар эди.
Сўнгра ёлғиз қолдим жазогоҳ аро,
Отилмаган тошлар қолди уйилиб.
...Ўзимни айблашдан чарчасам гоҳо,
Шу бўшлиқ азоби келар қуйилиб.
Ожиз бўлиб элнинг ожизлигидан,
Тангрини излайман тўкиб кўз ёшлар.
Қанчалар ёлворсам Ҳақ илинжида.
Бошимга шунча кўп ёғилар тошлар.

ЮРАК

Ўзга сайёрадан келган бу юрак,
Ўзга оламлардан келгандир бу жон.
Бу маҳзун дунёда туғилмак, юрмак,
Яшамак бир армон, туганмас армон.

Ўзга оламларда бўлса ватанинг,
Ўзга оламларда бўлса муҳаббат,
Мана шу тупроқ деб, шу ҳаётни деб,
Алдансанг бир умр, алдансанг фақат.

Ўзингни қўймоққа жой тополмасанг,
Кўкда бўлса ўзинг излаган ватан.
Кишан бўлса замин, сен тонолмаган,
Умринг келар кунинг бўлса бир кишан.

Кўкка кетмоқликни истайсан, аммо
Сен шаҳид эмассан, сенсан насли хор.
Зеро, сен ўлдирсанг арзир бу дунё,
Зеро, ўлдирмоққа у доим тайёр.

* * *

Эй, Худо! Йўлимдан кетдими омад,
Ташвиш тутунидан қайтар нафасим.
Ишларимдан кетмас фалаж аломат,
Юролмай йиғлайди хаста Жавҳарим.

Эй, Тангрим! Маъзур тут! Онгсиз, билмасдан,
Ёки билиб қилган гуноҳларим кўп.
Бугун бошим узра чарх қиймалаган
Роҳатимдан кўра қийноқларим кўп.

Эй, Тангрим! Ёлворай, мушкулимни еч,
Бардошимдан ортиқ айлама таҳқир.
Кўзларим кўролмас кўргуликдан кеч,
То руҳим сингунча бермагин таъзир!

То қўрқиб кутмайин ҳар келар кунни,
То менинг қасдимга чиқмасин қуёш.
То бўғзимдан чиқар энг сўнгги унни,
Мадҳингга қўллайин, мушкулимни ёз...

ИҚРОР

Аён бўлди барчаси,
Не бор, бари илоҳий.
Дил илоҳнинг шарпаси,
Оят сингари олий.

Қаро ғамдан толганда,
Сўнгги умид чекса "оҳ".
Ойни кўриб қолганда,
Дерсан: — "Яратган Оллоҳ".

Гоҳ ўз зарраси янглиғ
Мурувватли  этар ул.
Ўздан кечиб гоҳ ўзни,
Гуноҳга этарсан қул.

Гоҳо гуноҳ — виқор, шаън,
Чекмассан айбдан алам.
Минг покланиб қаросан,
Фонийсан шул сабаб ҳам.

Фақат руҳ азалий ҳур,
Ва боқийликни каби.
Қалбни англаб бўлмайдир,
Эгаллаб бўлмас қалбни.


* * *

Туш кўраман сени тунлари
Ёнгинамда бўласан пайдо
Силаш учун маъюс юзларим
Сен келарсан дил-дилдан шайдо.

Айт, қайдасан яқинми-йироқ
Юрагимнинг остидами ё?
Вужудимда тинмайди титроқ
Сени қўмсаб, бўлдим-ку адо...

Оппоқ гулдай ойдин хотира
Зиё сочган оқшомдадирман.
Унутилмас, ёрқин, бокира
Ҳислар тошган айёмдадирман.

Хайр дея айта олмасман
Кўзимда ёш, кўнглимда тўфон.
Сендан бир зум айро қолмасман,
Ишқинг билан сақлагайман жон.

Туш кўраман сени тунлари
Ёнгинамда бўласан пайдо...

СЕНИ

Мен сенинг олдингда кичкина одам,
Биламан мен сенга сира ёқмадим.
Сенга етаолмас, чопса бахтим ҳам.
Сени қаратолмас, кулса ҳам омадим.

Ёки изҳор қилсам муҳаббатимни
Энг катта қудратим қулайди абгор.
Сенга кўз тиктирган эзгу дардимни
Хасча олмаслигинг бўлади ошкор.

Лекин ҳали ҳаёт этмоқда давом,
Бир куни мен сенга етмоқлигим шарт.
Сен учун ўнглайман ўзимни тамом,
Сен учун бўламан ўн баробар мард.

Қалбингга бир қатра нур солмоқ учун,
Кулларим ҳам ёнгай қайта ва қайта.
Мен юзта бўламан юксалмоқ учун,
Куйларим тугамай юзта ҳам найда.

Ҳар кун минг бор бўғар чорасизлигим,
Ҳар кун мингта чора ўйлаб топаман.
Сен кетар йўлларни қоракўзлигим,
Ҳар кун мингтасини минг бор ёпаман.

Сени севмоқликнинг ўзи катта бахт,
Сени улуғлашдан толмайди юрак.
Сенга етмоқлигим бўлиб қолса нақд,
Эртак бошланар ва
мен ўлсам керак.

* * *

Хонада ёнади хира шамчироқ,
Куй бўлиб учади лабингдан байтлар.
Сен менинг шеъримни ўқийсан бироқ,
ўамгин юрагимга солмайсан назар.

Оламни пойингга  тураман ташлаб,
Маликасан, бошим  узра юрганда.
Ахир, менинг ишқим  бир хасчалик гап,
Сени, бутун бир халқ, севиб турганда.

Майли сен кўкдаги юлдуз бўл, эркам,
Юлдузлар ҳаёти бешафқат, қаттол.
Бир нафас самимий  қараб қўйиш ҳам,
Инсоний севги ҳам келади малол.

Ҳеч кимни ўзингга  яқин олмайсан,
Ўзгалар дардини куйлайсан осон.
Мени адо қилди, мен куйлолмаган,
Сен менинг қалбимда яратган достон.

Сен менинг дилимда ёнғинсан буюк,
Сенга садқа  бўлсин бу  бечора жон.
Сени севишимни қўшиқ қил суюк
Сен уни куйлагин жон, Севаражон.

* * *

Атрофингда мен сарсон
Чиройлисан ҳаммадан
Айтгил, сен менга қачон
Севаман деб, айтасан.

Зир югурган ортингда
Шаҳзодалар жуда кўп.
Кел, ўшалар олдида
Мен ғарибни битта ўп.

Ошиқларинг қасдлашган
Сира чидаб бўлмайди
Севаман деб айтмасанг
Ўксик кўнглим тўлмайди.

Ҳуснинг ортар тобора
Дод деярман ҳайратдан
Айтгин қачон бир бора
Севаман деб айтасан.

Пойингда минг ёлвориб
Ишқим қилдим-ку изҳор
Сен ҳам бир бор дил ёриб
Севаман деб айт, дилдор.

Атрофингда  мен сарсон
Чиройлисан ҳаммадан.

ЎТИНЧ

Айт юрагим қайдасан, қайда юрибди ҳаёт?!
Руҳим  дайди  етимдай, эгасизми ёввойи.
Менинг  ўзлигим  гўё, ўзимга ҳам етти ёт,
Иродам ҳам жон берган, бўйсунмайди ҳавойи.
Қачон соврилдим  ахир, ўзагимни ёв урди
Қайси санчилган тиғдан, беҳуд, беҳушман, лоқайд.
Нега менда карахтдир Худонинг берган умри.
Бир кун Худо олдида, нима  деяжакман, айт?!
Дунё, сенинг қўлингда  қум зарраси сингари
Балки одамлар жони беҳисобдир, бесаноқ.
Аммо биргина умрим, ўзимга, ўлдиргани
Бериб қўймасман токи, энг буюк бурч яшамоқ.
Эй, шуур, онг бергувчи, тасаввур ёғдусида
Ҳақ кўзила ҳаётимга сололсайдим  бир назар.
Бир лаҳзага англай токи, мавҳумот қутқусида
Ўз умримдан токи ўзим  ўтганимни бехабар.
Токи уммон  қаърига, бир куни чўкар бўлсам.
Токи ҳаёт мени ҳам, бир кун кўрар бўлса кўп.
Мен қўлимни чўзганда, токи қутқармаса ҳам.
Ҳаётимда нимадир бўлсин уммондаги чўп...

* * *

Мени кўриб қолганда
Эгиларди бошларинг
Юрагингда тоғ каби
Яшарди бардошларинг

Севгингни такрор-такрор
Нега қилмадинг изҳор.

Мен барини билардим
Менга айтарди кўзинг
Мен Худодан тилардим
Айбдорсан сен ўзинг.

Севгингни такрор такрор
Нега қилмадинг изҳор.

Мана энди йироққа
Кетаяпмиз айрилиб
Зор боқасан, сен ёққа
Қаролмайман қайрилиб.

Севгингни такрор-такрор
Нега қилмадинг изҳор.

Севгимизга қайтолмай
Зор қолсангда, бўл омон.
Мен ҳам сенга айтолмай
Рангларим бўлди сомон.

Севгингни такрор такрор
Нега қилмадинг изҳор.

СЕН БИЛАН

Кўкдан ҳаво эмас, бахт,
Кўксимга қуюлади.
Ҳар битта тош, ҳар дарахт,
Илоҳий туюлади.
Бутун олам тортиш кучи,
Юрагингда мужассам,
Орзуқаман, мен учун
Қалбинг, ҳар зарби карам,
Сен билан бирга ё-ху
Сояда куппа-кундуз.
Кўкка боқсам, кўкда ой-у,
Кўринар сонсиз юлдуз.
Ҳуш боқсанг, нигоҳингдан
Нурга тўлар сайёра.
Тунд бўлсанг, қовоғингдан
Қор ёғади қоп-қора.

* * *

Тунлар осмонга боқиб
Ойни тополмас бўлдим
Дилни оловга ёқиб,
Кўзни ёполмас бўлдим.

Билмадим бу не савдо,
Бўғзимда титрайди чўғ.
Сенга шайдоман шайдо,
Чиройлисан тенги йўқ.

Кўзларингнинг сеҳридан
Гоҳ сарҳушман гоҳ нолон,
Сўзларингнинг меҳридан
Гоҳо хонман, гоҳ бежон

Мўъжиза ардоғида
Тақдир кулиб боқсайди.
Муҳаббат қучоғида
Бир жон бўлиб ётсайдик.

ФАҚАТ СЕН

Сизни ардоқлашди, сизни суйишди.
Қўл чўзиб қолдилар кўкка кўтариб.
Кўз тикиб толдилар, кулдай куйишди.
Васлингиз ахтариб, ўн мингта ғариб.
Юракни тилдилар, тилишар ҳамон,
Суякка қадалди санчилган пичоқ.
Сизга етмоқ армон, сиздан кетмоқ армон,
Бироқ ечилмас сиз бойлаган сиртмоқ.
Сиз жуда гўзалсиз, бўлмайди чидаб,
Қутурар, ингранар ўртанган жонлар.
Бир лаҳза тин олмоқ учун чинқираб,
Қақшаб, Сиздан изн сўрар бўронлар.
Сизни севиб бўлмас, севиб қолгандан,
Пойингизга қулар симёғочлар ҳам.
Томоқда чўғ ёнган, дард ўтиб жондан
Симоб симирмоқда тўқ ҳам, очлар ҳам.
Сизга тараф йўқдир, бас келгувчи йўқ,
Баҳс қилгувчи йўқдир, қилолмагай арз.
Сизга бир боққанга ёғар мингта ўқ,
То нафас узгунча, узолмагай қарз.
Сиз-ҳурсиз, ҳуснингиз нурдан яралган,
Машҳурсиз, расмингиз минг-мингларда бор.
Сиз кетган тоғларда қорлар қорайган,
Сиздан дастхат сўраб излайди баҳор.
Минг бор танг қолдирган ҳоритган, қувган,
Таҳликада тутган пойлаб саҳарда.
Қуёшсиз. Умид ва қўрқувда турган,
Туни бўйи нажот кутган Қайсларга.
Сизни севганларга айламанг шафқат,
Нафрат ва ғазаб-ла ўтда ёндиринг.
Фақат, менда сизга лойиқ муҳаббат,
Ёнингизда фақат мени қолдиринг.

* * *  

Тобора гуриллаб ёнмоқда олов
Тобора каттароқ, тобора кенгроқ.
Тобора ўзимга билмасман аёв,
Тобора каттарар кўксимда ингроқ.

Тобора пойингга боряпман чўкиб
Тобора  адашиб, тобора сармаст.
Тобора сен менга азизроқ бўлиб,
Ўзимдан тонмоққа қилмоқдаман қасд.

Тобора ҳуснингга телбаман-телба,
Тобора бошимга урмоқда қисмат.
Тоғдай роҳатимни совурдим елга,
Ўрнига топмадим хасча ҳаловат.

Туйғулар ёнмоқда, идрок ёнмоқда,
Ёнмоқда шиддатли, тобора асов.
Бир жонсарак нафас сарсон томоқда.
Тобора гуриллаб ёнмоқда олов.

* * *

Мен сени соғиндим, жоним қайдасан
Сени ахтараман телефонларда
Биламан, сен қўлим етмас ойдасан,
Кўрингинг келмайди, биз томонларда
Кўзимнинг олдида юргин, ўйнагин
Тўёлмай куяй сен сочган чиройга.

Соғинчдан ўзимни қайга қўяйин,
Зорман, етолмай сен яшаган ойга.
Овозинг келади гўё самодан
Гоҳида шўху шаън, булутли гоҳо
Ернинг бор жавҳарин ваъда
айлайман,
Аммо тунд авзойинг, ўзгармас асло.

Билиб қўй, бир куни тугар тоқатим,
Бир куни барига бераман барҳам
Гарчанд, сенга сира-сира ёқмадим
Забт этаман бир кун ойни,
Сени ҳам.

* * *

Сени кўрмоқ баҳор, ўйламоқ баҳор
Музлар эригандай, кўзларимда ёш.
Мен сени йўқотиб, бўламан абгор
Мен сенинг пойингда гуллайман қийғос.

Дунёда қалб нима, юрак нимадир,
У сенинг ҳуснинг-ла ёнгувчи чироқ.
Гоҳо юрагимни ерга кўмадир,
Умрим минг йилларга қисқартар фироқ.

Бунчалик тез ўтиб кетма, баҳорим,
Умрим бор-йўғи бир лаҳзадан кам.
Бир лаҳза англайин сен билан борим,
Сўнгра йўқлик сари бошлаб кетар ғам.

Сўнгра бари тугар. Балки дунёга,
Минг йилдан кейин ҳам келмасмиз такрор.
Лаҳзалик умримни бурка зиёга,
Эй борлиги баҳор эй, бағри баҳор.

* * *

Биздан бўлак ҳеч ким йўқ,
Бўлса шундай сайёра
Сенга севгим айтардим
Ҳар лаҳзада минг бора.

Муаттар чаманзорда
Сен осмон мен ер бўлиб
Юз йилларки ўтирсам
Кўзларингга термулиб

Соғинчларим билмай дош
Ёнғинга айланса гар
Ундан миллионта қуёш
Исинарди муқаррар.

Сенла ёлғиз қолсайдик,
Биздай куйган қайда бор.
Яна минг йил яшардик,
Яна минг бор бахтиёр.

* * *

Сен менинг қошимга келасан хасдай
Энг сўнгги нафасдай
ҳақир, нотавон.
Кўзимга боқасан
кўзингни ёшлай
Кўз ёшинг кўксингни
қийнаётган қон.
Меҳрга бунчалар
зорсан, абгорсан
Сен — боғда довулдан қақшаган баҳор.
Меҳр деб, жон бермоқ
учун тайёрсан.
Тайёрланган сари бўлмоқдасан хор.
Сен менинг ёшлигим
болалигимсан
Ўзимсан —
мен сени йўқотган дайди.
Сен каби, кимга гар
жон нисор қилсам,
Ётсан, бегонасан дея ҳайдарди.
Севгилим бўйнингдан
кишанларни ол,
Кўзимга мўлтираб боқма
чалажон.
Кел, менинг жонимда султон бўлиб қол.
Гарчандки жонимиз
хазондан арзон.
Қачонки биргамиз,
шоҳмиз, султонмиз.

Севгининг беармон
сайёрасида.
Қачонки айромиз...
хормиз, ёмонмиз
Тақдирнинг саргардон
ғамхонасида.
Сен менинг қошимга келасан хасдай
Энг сўнгги нафасдай
хақир, нотавон.

* * *

Мени кучлироқ сев, кечагидан ҳам.
Керагидан ортиқ, кечагидан кўп.
Кеча қолмас эди, юрагимда ғам.
Кеча севар эдинг, керагидан кўп.
Ҳар лаҳза юз бора мени сўзлардинг,
Ларзага тушардинг ҳар лаҳза юз бор.
Юзларинг кўкариб, юз бор бўзлардинг,
Юз бор улуғлардим, юз бор бўлсанг хор.
Бугун ҳам сен мени кечагидай сев,
Кеча уни сендан сўрамагандим.
Эртага емасин юрагимни дев —
— Кечани қўмсаган азиятларим.
Кеча сен мен билан эдинг хонзода
Мен ҳамон муҳаббат элтган ойдаман.
Мен билан бирга бўл сархуш фазода,
Кечагидай сев ва кетма самодан.
Қоқ икки бўлиниб кетмасин фалак
Қоқ икки бўлиниб, бўзламасин ой.
Фақат сени дея уради юрак
Фақат сен учундир кўксимдаги жой.

* * *

Соғиндим кўзимда ёш
Тунга айланди кундуз.
Осмон ҳам қоп-қора тош
Йўқдир бирорта юлдуз.

Зулмат увлайди узун
Айт, азизам қайдасан.
Тун тугамас мен учун
Қачон кунга қайтаман.

Мени чаққандир илон
Бир бор қара кўзимга.
Ҳали ўлмасман ишон.
Келиб олай ўзимга.

Ҳали бахт ҳар ерда бор
Кутмоққа бор бардошим.
Сени соғиндим, дилдор
Артиб қўй кўзда ёшим.

ТАРЗ

Хавфли менинг
яшамоқ тарзим.
Зардаларим ўзга-ўзакка.
Мен шодликни ғамдан
ахтардим.
Заҳар бердим
хаста юракка.

Мен  ҳаётни  севмоқлик
учун
Ўлим билан ўйнашдим
маҳтал.
Кўзларимда йўқ эди, учқун
Чақнади у,
келганда ажал.
Қаршилай деб,
саҳарни
Тунда уйғонган каби.
Зафар учун, хатарни
Яратмоқдир матлабим.

Умрим сўқмоқларида,
Менга асло йўқ, нажот.
Сен борсан, сиртмоқларда,
Сени севаман, ҳаёт!

* * *

Бир сир бор оташдир чўғ каби
У асло бўғзингдан кетмасин.
Севгининг, бор ёлғиз талаби,
Сев, аммо севаман демагин.

Ишқ — асли азалдан дард эрур,
Хасталар ҳеч қачон енгмаган.
Чоҳ ичра аламли шарт келур,
Шоҳ каби демагин — "Севаман"

Шодлигинг ортмайди айтсанг гар,
Ва ёки камаймас дилда ғам.
Сохтага айланар муқаррар,
"Севаман" демагин севсанг ҳам.

Айтилар у севги сўнганда
Ё йўқлиги бўлганда аён.
Ва ёки поймана тўлганда
Бу калом айтилар, сен ишон.

Мен ҳам кўниб қалбим арзига
Ишқим сўзлаб, қилгум бор даъво.
Аммо айтмоқ севги ҳақига
Хиёнат ва энг оғир жазо.

* * *

Кел, кўнгил учун ҳам яшайлик бир кун,
Бир кун сен мен билан кетгин ҳушингдан.
Жисмимизни дорга осайлик бир кун,
Бу кун айём бўлсин қалблар қўшилган.

Гарчанд кўзларингдан гўзал ҳусн йўқ,
Гарчанд ишратингдан айш йўқ яхшироқ.
Умрим бино бўлиб, куйиб шу қадар,
Гарчанд мен бўлмадим бундан бахтлироқ.

Гарчанд лабларингни истайман ҳали,
Гарчанд тўлғонади тунлар вужудим.
Савдойи лаззатни қўмсар маҳали,
Гарчанд ҳеч туролмас бўлиб, тиз чўкдим.

Аммо сенинг қалбинг баридан ҳушдир,
Кел, кўнгил мулкига айлайлик сафар.
Муҳаббат — елларга соврилган тушдир,
Шу туш умр бўлсин, азиз, мунаввар.

МУҲАББАТНИНГ СЎНГГИ ТУНИ

Муҳаббатнинг сўнгги туни
Қолиб кетдим, ҳолсиз, кеч.
Пичирладим қучиб уни:
"Қайтмагайман энди ҳеч.

Сен жисмингни бердинг, аммо
Биламан, сен севмассан!".
У ҳам деди: "Севма асло,
Сен меники эмассан!

Кетгин майли, кетсанг мен ҳам,
Севмаслигинг билардим.
Мен ҳам сени, сен кетган дам,
Севмоқни бас қилардим."

Аста ёпаман эшик,
Қайтмайман деб ҳеч қачон.
Йўлидан адашган ишқ,
Кимларни қилмас сарсон.

Ташқарида кезар шамол,
Дайди ҳаёти билан.
Яшамоқ келар малол,
Муҳаббат ёди билан.

Кўчадаги шамолнинг
Хаёллари савдойи.
Севги деган малолнинг,
Бўлдим-ку мен гадойи.

Фазо тортар ўз ўқига,
Гир айланар осмон.
Муҳаббатнинг чўғига,
Дил ҳайдалар беомон.

Кетар одам кетади жим,
Кетиб қайрилмас экан.
Бағри куйиб севса ким,
Севиб, айрилмас экан.

* * *

Нулуфаржон, ўтирасан ҳуркаккина,
Шудринглар ҳам ўпмаган оқ гулдеккина.
Жавдирайсан, жавобини билолмайман,
Юрагингда, юзларингда юзта гина.

Қачонлардир бола эдим ўйинқароқ,
Беғам эдим, муҳаббатга бўлдим ўртоқ.
Ҳар онимга мингта малҳам кутган бўлсам,
Ҳар онимга ташлаб кетди минглаб қийноқ.

Агар сени севмасалар не чорам бор?
Сен ҳурлардан покизасан соф, беғубор.
Нурдай тоза юрагингга қараб туриб,
Муҳаббатнинг буюклигин кўрмоқ даркор.

Сен севмасанг, демак, бизлар арзимаймиз,
Ҳар ҳавасни севги дея баҳс қилгаймиз.
Кетолмаймиз, олиймақом бахтсан, зеро,
Минг йил тавба-тазарру-ла етолмаймиз.

Ишонганим кўпдир, зотан дўстга бойман,
Дур келтириб беришади, айтсам ойдан.
Фақат мангу муҳаббатни ахтармадим,
Тополмаган уни ҳеч ким, ҳеч бир жойдан.

Нилуфаржон, жавдирайсан ғариб, ҳуркак,
Шудринглар ҳам ўпмаган, оқ,оппоқ гулдак.
Бир умрга севишсалар арзийсан сен,
Нетай, йўқдир ҳеч кимсада ундай юрак.

ДРАМАТИК ҲАЗИЛ

Хотин ботиб терга
ўшқирар эрга.
Кимга сиз эрка?
Ҳайдашди ишдан
ўзингизга ичдан
ўзингиз душман.
Кеча-ю эрта
бошни эгиб ерга
ботгансиз шеърга.
Кечинг бу юмушдан
чиқолмай қишдан
ўлмайлик очдан!
Дедим: Хотин кўп
урма дўқ
кўнглим тўқ.
Чеки йўқ армоннинг — қулиман
Эрки йўқ инсоннинг — дилиман
Тилиман — давроннинг
Шеър билан кўксим чўғ.
То кимки сўзлашга топмайди илож
То борки қорни оч,
то борки муҳтож
ҳаттоки бошида бўлса ҳамки тож
барчаси шоирга сезар эҳтиёж.
Сўз билан яралган олам азалдан.
Сўзидан қайтмаган одам аталган.
Қайдаки бор бўлса юксалган Ватан
Шоирга эҳтиром билан қаралган.

Гар кимда дард бўлса — дармондир шоир
Гар кимки мард бўлса — қалқондир шоир.
Ким маош тўлабди асаларига
Табиат яратган -даврондир шоир.


Элим айтиб юрса қўшиқларимни
Шеърим сурур берса наҳорга ўхшаб.
Чечакдай гуллаган туйғуларимнинг
Баҳосин ҳеч қачон бўлмайди ўлчаб

То ўлмай қирқилмас қулидан ризқ ҳам
Дарё- беминнатдир
Илоҳий ишқ ҳам
Шоир иши қай баҳор
хизматидан кам

Пулим йўқ деб булбул чекибдими ғам!
Эй, ёр йиғлайверма, тўкмагин кўз ёш
Ризқ истаб ҳар касга урмагайман бош .
Холис хизматимга қилмай эьтироз
Худо ўзи ҳар ой тўлагай маош.

Биз кутмаган чоғда, нурли товоқда
ҳурлар ризқимизни ташир ҳар ёқдан...

ТАҲСИН

Менга гоҳо кулиб, гоҳ боқмаган қиз
Кўчангизга умид билан келганман.
Сиз жуда чиройли, қўл етмас юлдуз,
Заминда гўзал йўқ, сизга тенглашган.

Сизнинг кўзларингиз юрагимдадир
Юрагимга кириб қолгандай қуёш.
Танимни ловуллаб ёндираётир,
Айтинг, қай тарафга олиб кетай бош?!

Ҳушим кўкка учган, сўнгсиздир осмон,
Ер шари мен учун, энди митти тош.
Ўзимга келолмай юрибман сарсон
Сизнинг пойингизга урмоқ учун бош.

Вазнсиз фазода абгор, овора
Муаллақ учарман йўқ менга нажот.
Сизни севмасликка йўқ менда чора
Севган сари тугаб бормоқда ҳаёт.

Менга гоҳо кулиб, гоҳ боқмаган қиз
Кўчангизга умид билан келганман.

ХИРГОЙИ

Бирпас руҳни уйғотиб
Дилда қолмай даъвоси
Товушлар тинаяпти,
Сўнаяпти садоси.

Эркин нигоҳ ташлар қиз
Кўча-кўйда, ўтарда,
Энг ожиз, энг баҳосиз
Изҳорни унутарман.

Куни бўйи кўрганим
Тасвирларнинг хотирин
Бандиси бўлсам ҳамким
Унутилар охири.

Танбал лошдан ҳайдалиб,
Тамасиз туман бўлсам,
Ё учқунга айланиб
Лаҳзалик қўрдай сўнсам.

Сокин елнинг эпкини
Қўзғар масъум истакни
Севдим ёввойи эркни
Ва қайғусиз қисматни.

Дунё хаёлларининг
Заррасин қолдирмайин
Дарди йўқ эпкин бўлсам,
Элни севсам нурдайин.


* * *

Бу орзумас, соғиниш холос,
Бу орзиқиш, ниҳояси йўқ.
Бу тўлиқиш, фидоликка хос,
Бу висолдир, паймонаси йўқ.

Олов бўлмас бу маъюс истак,
Тугамайди аммо ғурбати.
Бир савдойи хаёл сингари,
Йўқлик сари бу ишқ журъати.

Истамам гоҳ ундай сазони,
Аммо бўшай олмайдир кўксим.
Мен БАХТ дея жабру жафони,
УМИДларнинг заҳрида ўсдим.

Бир умрда бир бор бўлса ҳам,
Софдир дилнинг бехос титраши.
Дерман: — Қачон топади барҳам,
Ҳаётимнинг алаҳсираши?

* * *

Билмадим қисматми бизлар учрашдик.
Кутган менча кутар, агар кутсалар.
Тўфон гирдобида қушлар тўзгандек,
Шодлик қайтди, кетди дайди ғуссалар.

Учрашдик! Бағримда топдинг муддао.
Туйғулар қувлар-у, ололмас етиб.
Мен севиб қўлингдан ушладимми ё,
Қўлингдан тутган сўнг, қолдимми севиб?!

Билмам, нега сени қолдим ёқтириб,
Билмам, нега сени яхши кўраман.
Балки мен ўйлаган қизсан орзиқиб,
Балки алдоқчисан, мени ўйнаган.

Қалбимда қарсиллар мамақалдироқ.
На ўйда қарор на танда ихтиёр.
Сенга жон бермоққа муштоқман муштоқ
Жонингдан жон олай, танингдан мадор.

Энди қанотим бор, кўклардан келган.
Ҳаётим ҳам энди парвозда фақат.
Бахтли бўлмоқ учун инсон кашф этган,
Энг буюк кашфиёт экан муҳаббат!


* * *

Мен сени эркалаб, суйиб тўймасам,
Бир зумга кўзимдан нари қўймасам.
Аммо айт, не сабаб бугун бўлмаса,
Эрта мени ташлаб кетасан, жоним.

Термулиб ҳуснингга маҳлиёман мен,
Тарки дунёман-у, қалби дарё мен.
Сузук кўзларингга айни даво мен,
Кимларни ахтариб куласан, жоним.

Жонимга қасд қилиб қайтмайсан асло,
Қайрайсан, бир хуш сўз айтмайсан асло.
Лаблари болдайсан, алдайсан аммо,
Қачон таслим бўлиб келасан, жоним.

Пойингда қолай деб айтган чоғларим,
Ёқмадим, ер бўлди иштиёқларим.
Сенга ёқса ҳамки ҳаммаёқларим.
Нега мени ташлаб кетасан.


* * *

Кўр йўқотар ҳассасин бир бор,
Ҳушёр бўлгин яшамоқ учун.
Ҳар қадаминг ташлагин ҳушёр,
Гар бошингга келса қаро кун.

Мен изғидим ҳар кун саргардон,
Бир фалокат ҳар кун кутади.
Бу қисқа, бу ожиз, нотовон,
Умрим, билмам қандай ўтади.

Зеро, яшаш улуғ бир айём,
Лек унутманг, кўр ўтганларни.
Қаро кунда икки бор, бехос,
Ҳассасини йўқотганларни.


* * *

Осмонўпар исёнларим эди ғолиб,
Шеър орзуси узоқларга кетди олиб.
Хароб қилган саробимдан тониб, тониб,
Тонмаганим сен бўлдинг-ку, эй болажон!

Этак-чечак юриб қолган Жавҳаримсан,
Худо берган омадим, шоҳ асаримсан.
Мен не ёзсам, билмаганим ёзадирман,
Рост яроғим, сен бўлдинг-ку, эй болажон!

Минг турланиб, товланганим нур — мен қурган умр,
Ҳар шайтонга шукур айтиб, кўрдим ҳузур.
Ўрним билмай, куфрларда юрдим — узр,
Савоб ёғим, сен бўлдинг-ку, эй болажон!

Жим юролмай, ҳайронману, хору сарсон,
Ёлғонларим бўстон қилар, ростим — вайрон.
Бутун умрим, тўламоққа етмас товон,
Овунганим сен бўлдинг-ку, эй болажон!

Адашганман, уммондаги бир хасдайман,
Сўзим қайтган, ўзим сўнгги нафасдайман.
Ўзга не сўз десам ҳамки, алдагайман,
Соғинганим сен бўлдинг-ку, эй болажон!

* * *

Энди сўнгги тўхтамга келдим,
Энди сендан кетаётирман.
Қайдан куйиб шунчалар севдим,
Ўз бошимга етаётирман.

Не ҳам дейин кетар маҳали,
Кечир мени севганим учун.
Йўл тополмай бадар кетгали,
Шафқат сўраб келганим учун.

Кетма десанг, тамом бўламан,
Кетма десанг, уйим куяди.
Кетма десанг, ўзим ўлмасдан,
Аза бўлиб, тўйим куяди.

Кечир мени, нега севилдим,
Нега бунча ошиқ бўлдим мен.
Сенинг учун қайта тирилдим,
Ўзим учун нега ўлдим мен?

Кетма дема, дунё тескари,
Айланмасин ишқ уммонида.
Тугамайлик бош билан юриб,
Оёғимиз бўлиб осмонда.

ҚИЗИМ МАҲФУЗАГА

Қизим муҳаббатдан яралгандирсан
Қалбим гавҳарисан, жоним жавҳари
Сенинг бир ўзингда жамлагандирман
Бу дунёнинг барча гўзалликларин.

Ўтган бари ўтди, ачинмайман ҳеч
Гарчанд дилда ҳамон ғам ила армон.
Бахт энди келмайди, энди бўлди кеч
Сенсиз бўлар эдим хас каби арзон.

Нурдан сайқал йиғдим, гуллардан асал
Бўғзим қонагунча кўкка ёлвордим.
Сени кўрмоқ учун ҳурдай мукаммал
Муҳаббат кўшкига минг бора бордим.

Фарҳоднинг севгиси жон олгани дам
Гар Ширин бир пайванд этганда тортиқ
Дунёга келмаган ўша қизча ҳам
Сендан бўлмас эди чиройда ортиқ.

Сени кўрсам дилда ғамлар арийди
Мен сенинг борлигинг учун сармастман,
Дунё, яшамоққа энди арзийди
Чунки яралгансан сен муҳаббатдан.


* * *

Иложсизман дея яшайди тушкун,
Ўзга чорам йўқ  деб, юпанар холос.
Билади бу юпанч, тобутдир бугун,
Ўлгач, азоб учун бўлади асос.

* * *

Бўғзимда бир йиғи исмингни айтсам,
Бахт деганлари ҳам аччиқ шаробми?
Дунёга севмасдан юрганлар ҳакам,
Севганларнинг ҳоли мендай харобми?

Сен билан умримнинг гуллаб-яшнаган,
Ҳеч ким учолмаган тоқида учдим.
Аммо бугун тушкун, зор-зор қақшаган,
Иложсиз қолганлар чоҳига тушдим.

Чопай десам, энди оёқларим йўқ,
Сени топай десам, кўрмас кўзларим.
Сени чорлай десам, томоқларим йўқ,
Узилиб-узилиб инграр сўзларим.

Титроқ юрагига найза санчилган,
Ўксик ва ташландиқ девонадайман.
Бир-бир чиқаверар жоним ҳалқумдан,
Ҳеч қачон келмайсан, даволамайсан.

Ҳаёт ёмон кўрмаганди мени  асло,
Балки бағри тўла ҳали мурувватга.
Ҳаёт билан хайрлашмоқ мумкин, аммо,
Хайр дея айтолмайман муҳаббатга.

* * *

Юлдузлар ёнганда мисоли гулхан,
Пайғамбар кўксига тўлганди исён:
Шундай юлдузларни яратиб қўйган
Оллоҳга не учун ишонмас инсон!

Бугун ҳам самода юлдузлар ёнар,
Кўнгил тунларининг юлдузлари йўқ.
Улар-ўқ. Ўкинчдан йилт-йилт тўлғонар,
Улар ўкинтириб ўлдиргали ўқ.

Ҳамонки самода юлдузлар ёнар,
Дилнинг минг таъзимли нуфузлари йўқ.
Самода кўк ёнар, офтоб тўлғонар,
Олам ёруғ, иймон кундузлари йўқ.

ўофилга берилган ҳар лаҳза, ҳар он,
Сомон йўлларидай узун муҳлатдир.
Юлдузлар эгасин билмаган инсон —
Бу ёруғ дунёда юрган зулматдир.


* * *

Аёзли кун айланди,
Булутли кун буралди,
Кўринарли, тушунарсиз
Кўникмалар яралди.
Арча барги шапалоқ,
Баргда лахтак қор.
Таназзулда яшамоқ,
Яхтак-яхтак ор.
Ҳў, совуқда музлаб қолган
Нур, шовқин-у, соялар
Тушиб маҳкум аҳволга,
Сархушликни соғинар.
Ҳей,
Ҳаво илгагига
Юрагимни осаман.
Олиб кетсин керагича
Кимки ўтса кўчадан.
Мусиқавий хаёл, ёҳу,
Бахт куйини таратди.
Самовий ишқ сароб, оғу,
Нега уни яратдик?
Шундай бўлди. Токи севсам
Сизга қайтар йўлларим берк.
Севмасликка қўймас аммо
Руҳдаги куч, дилдаги эрк.

ЎТТИЗ ЁШ

Ўттиз ёшда эл шоирни танимаса гар,
Қизга ўхшар, ўттизда ҳам чиқмаган эрга.
Ўттизда ҳам фарзанди йўқ, йигитга ўхшар  
Энди шоир қўёлмайди айбларни шеърга.

Шеърсевар бу элда айб йўқ кийдирмаса тож.
Қиз майлига ишқи оташ элни дер айбдор.
Йигит майли шу болажон халққа отсин тош,
Аммо шоир ўзидан айб, излаши даркор

Балки унга берилмаган асли Худодан
Вақти келиб балки ўзин олмаган қўлга.
Балки кўзин узмагандир молу дунёдан,
Балки юрган, шоир аҳли юрмаган йўлга.

Балки эркин сотгандир у амалдорларга.
— Асл шеърнинг овозидир — виждон овози.
Ўзи билмай айлангандир, лаганбардорга,
Хушомадда, иқтидорнинг битган парвози.

Ундай касни ҳеч замонда кечирмайди шеър.
Гар замонга айб қўйса ҳам ҳеч ишонмасман,
Ҳар замонда шерлигига қолаолган шер,
Аммо қўйни ҳеч бир замон шер қилолмаган.

Балки қизлар ўттиздан сўнг чиқарлар эрга
Ўттиздан сўнг уйланмоғи мумкиндир инсон.
Ўттизгача танилмаса шоир гар элга,
Ўттиздан сўнг шоир чиқмас ундан ҳеч қачон!     

* * *

Бир сония ичра тўсатдан,
Эвазига ўлимнинг агар.
Жаннат ваъда бўлса, ўлмасдан
Юрмас эдим ғофил, дарбадар.

Бир сония ичра бўлсайди,
Бир зарб билан етишсам бахтга.
Интилганим сонсиз лаҳзалар,
Орқасида туюлган аҳдга.

Аммо фақат келар дақиқа,
Аммо фақат келади ҳукм.
Ва юзага чиқмас ҳақиқат,
Ва мен эплай олмовчи ҳужум.

Ва кўринмас бирор натижа,
Ва аламга тўлгувчи умид,
Ва фурсатни кутмоқ ҳамиша,
Ва нусратга нолойиқ муҳит.

Ва чидамнинг сўнгги лаҳзаси,
Ва тўхтатиб бўлмайдиган қасд.
Ва ожизлик, хўрлик азаси,
Ва қайтадан терс қайтувчи шаҳд.

Олий бахтга интилсанг жондан,
Ҳар сония йиллардай узун.
Йиллар керак экан бир онда,
Сўнгсиз бахтга етишмоқ учун.

* * *

Мен билмайман бу қандайин ёзиқ бўлди,
Қисмат йўлсиз сўқмоқларда қилди сарсон.
Йўл тополмай кўзларимнинг нури сўлди,
Пешонамни бир силагин, эй онажон!

Мен кимман-у дийдиёлар қилдим нечун,
Йўқ бўлсам ҳам, ким изларди истаб нишон.
Мен дунёга бир жилмайиб боқмоқ учун,
Пешонамни бир силагин, эй онажон!

Мен ҳам бахтни кўрган эдим қайлардадир,
Кўрмаганда яшар эдим, балки осон.
Бол ўрнига қум тутмоқда бугун тақдир,
Пешонамни бир силагин, эй онажон!

Балки йўлим очилади шунинг билан,
Балки менга берилмаган ортиқ имкон.
Кўзларимни бир кун ёпиб қўймасингдан,
Пешонамни бир силаб қўй, эй онажон!

ДЎСТЛИК МАДҲИ

Давраларнинг тожи-дўстлар давраси
Диллар ором топар, юраклар ҳузур.
Бундан кўкка ўрлар дўстлар хандаси,
Кўкдан бу даврага ёғилади нур.

Ҳар йигитнинг дўсти бўлса мард бўлади,
Дўстинг бўлган давру давронлар суюк.
Дўсти борга бермоқ тан шарт бўлади.
Дўст қадрини билган инсонлар буюк.

Сўз билан аслида муҳтарам инсон,
Сўз билан боғлайди жумла жаҳонни.
Дўст билан аслида мукаррам инсон,
Инсон деб бўлмайди дўстсиз инсонни.

Дўстлар барчангизга тилайман омад,
Топганингиз фақат тўйга буюрсин.
Доим бахтли бўлинг, бўлинг саломат,
Мардона кулгингиз жаранглаб турсин.

Бу олам сизники, сизники ҳаёт,
Сизга тан берганман, барчангиз — даҳо,
Тилагим, дўстларнинг дўсти умрбод,
Қодир Худо бўлсин, душмани — гадо

ИСТАК

Ёруғ тушлар тилайман эркам,
Бошингизда алла айтсин ой.
Фаришталар қуришиб байрам,
Тахтларидан сизга берсин жой.

Нурдан бўлсин бу шоҳона тахт.
Ёғдулари кўкка ўрлаган.
Тангрим берсин сизга улуғ бахт,
Бирор инсон зоти кўрмаган.

Юлдузларнинг саноғича ҳур
Ой нурининг сонича малак
Пойингизда бош эгиб масрур,
Хизмат қилсин жонлари ҳалак.

Иқболида ярқираб омад,
Ул диёрга келса бир одам.
Ўша қул — мен бўлсам саодат,
Бўлмас эдим подшолардан кам.

Журъат топиб, бир куни ҳайҳот
Муҳаббатим этардим аён.
Бундай буюк ишқни одамзод,
Кўрган эмас, кўрмас ҳеч қачон.

Ором олинг, азиз дилдорим...

*  *  *

Нега мен ҳеч кимни менсимай қўйдим,
Юрибман ҳовлиқиб, кеккайган, мағрур.
Барчадан баландга қўйганман ўрним,
Ҳеч кимда йўқ гўё, мендаги сурур.

Кеча синиқ эдим, юрагим қонаб,
Ҳеч кимнинг кўзига қаролмасдим тик.
Ўша мен демасман, ўзимга қараб,
Йўқ, йўқ, мен эмасман, кечаги шўрлик?!

Кечаги шеърларим ёқмас ўзимга,
Киймайман кечаги кўйлакларимни.
Жиддийлик ва виқор бериб юзимга,
Буюк ўйлар босар кўкракларимни.

Тошқиндай босади, тушларимни шеър,
О, тушлар бунчалар моҳир шоирсиз.
Ватанингиз эмас, бу юмалоқ Ер,
Кўкдансиз, илоҳий Зотга доирсиз.

Ўзимни чоғлайман юксак юмушга,
Ё вазир бўлганман, ёки қаҳрамон.
Давр мен-ла ўсар ҳар қурилишда,
Мен билан олдинга силжигай замон.

Маъзур тутинг, катта кетган бўлсам гар,
Хурсандман мен бугун, хурсандман бу дам.
Чунки, севиб қолдим, бир қизни дўстлар,
Чунки, севиб қолган у қиз мени ҳам.

Юрибман ҳовлиқиб, кеккайган, мағрур..


* * *

Нега ҳаёт деган дилбарни севдим.
Бўлдим болаликдан ҳуснига шайдо.
Нуқрадай эканинг билмаган эдим,
Замин ўн саккиз минг сайёра аро.

Замин бир заррадир кенг коинотда.
Лекин инсон экан мангу ўлмас зот.
Яшаркан фоний ва боқий ҳаётда
У Тангрига қул ва банда умрбод.

Ҳар кимнинг ҳар куни, ҳар бир соати
Ҳар они аввалдан ўлчанган экан.
Тангрим, сенга бўлсин бор  ибодатим.
Тангрим, банданг бўлай доим сен севган.

Иймон нури ёниб турсин бағрингда
Адаштирма асло тўғри йўллардан.
Бахт бер, ҳаловат бер тушкун қалбимга,
Бер, яхши ҳаёт ва умр ўнгланган.

Солиҳ фарзандлар бер, диёнати бор
Уйимдан кетмасин файзу барокат.
Бергин иффатли ёр, садоқати   бор,
Ва ота-онамни қилгин саломат.

Тангрим сен буюксан, тенгсиз акбарсан
Пойингда қўл чўзиб, дуодадирман.
Арзим кўп, мен фақат сендан сўрарман.
Сенсиз яшай олмас
дунёдадирман.



Яшаш завқи бир он ташлаб кетмайди.
Ҳар он хаёлимни яшайди чархлаб.
Қанча севсанг унга, шунча етмайди
Тангрим, менга  бергин дунёни шарҳлаб.

Омад бер, омон эт таҳликалардан.
Балолардан асра, титроқ жонимни.
Ёрқин истеъдод бер, алангаланган —
Элга айтадиган дил туғёнимни.

Муҳаббат бер қалбда ёнгувчи абад.
Дўстлик бер, дўст бўлсин кўз қароғида.
Зафар бер, бер менга ғолиблик фақат
Қадр бер, қўлласин эл ардоғида.

Бер, бемор чоғимда шифои комил
Бер, икки дунёнинг саодатини.
ўанимлар олдида ўзинг бўл одил,
Бер, тўймас нафснинг қаноатини.

Имкон бер, қондирай эҳтиёжимни
Яна бир он билмам, яшарманми йўқ?!
Сен бир он берган бу ихтиёримни
Бир ондан сўнг яна топарманми, йўқ?!

Яна милён милён истакларим бор
Яна милён милён умидвор  инсон.
Яна милён милён сайёралар зор,
Сендан нажот кутар эй буюк Ҳоқон.

Пойингда самовот, Ер ила осмон
Халқлар-у маҳлуқлар руҳу малаклар
Сенга сажда айлар то охир замон
Муҳаббатинг билан ёруғ юраклар.

Ўзинг нажот бўлгин, ўзинг бўл паноҳ
Ишонганимиз сен якка-ягона
Зотан сен истасанг биз бормиз Оллоҳ
Юз бурсанг Ер кўкдан қолмас нишона.

* * *

Сиз бунча яхшисиз, кўнглимни
Шод этдингиз, сархуш, сармасман.
Ҳар ён чопиб, энди ўзимни
Қўярга жой топаолмасман.

Қанча кутдим бу лаҳзаларни
Неча йиллар уриндим нолон
Юрагимда бахт ларзалари,
Кўринмоқда яшамоқ осон.

Кучга тўлдим мен фавқулодда
Гадо эдим, шоҳ бўлгандайман.
Энди келгандайман, ҳаётда
Мен қайтадан туғилгандайман.

Атроф гўзал. Боқаман мафтун
Гул-чечаклар очилган каби.
Юзингизда балқиган ҳусн.
Кенг оламга сочилган каби.

Муҳаббатга эга ҳар инсон
Яшаш сирин кашф этар экан.
Севмаганлар, қул ва нотавон
Келар экан ва кетар экан.

ХАВОТИР ВА ТАСКИН

Тугамаган болаларча қилиқларим,
Гоҳ беодоб, гоҳида қўрс, гоҳ саркашман.
Гоҳо севиб, чиқиб кетар иссиқларим,
Бир муштдан ҳам, бир сўздан ҳам гоҳ қайтмайман.

Ёшмассан деб дўстлар таъна қилишади.
Мени эса ўртар ўзга ғам-қайғулар:
— Бир кун айбим болаларим билишади,
Нетаман сўнг, мен қилганни қилса улар?!    

Шу ўй билан жиддий тортиб, бўлиб ҳушёр.
Юрагимда, кўзларимда чақнаб учқун.
Буюк ишлар қилсам дейман мардонавор,
Ватан учун, миллат учун, Худо учун.

Ёшсан дея, дўстларим боз кулишади,
Мени эса ўрар ширин ҳис-туйғулар:
— Бир кун аҳдим, болаларим билишади,
Менинг каби яшашади сўнгра улар!       

ИСЁН

Кетмоқдаман, аста-аста қадам ташлаб.
Кетмоқдаман, маҳзун маҳзун, юрагим хун.
Кун санадим, ўтаётган кунга қараб.
Сўнгги кундай бўлиб қолди, ҳар келар кун.

Ўт ёқаман туни бўйи, тонгга пешвоз.
Кўксимда чўғ, бу ҳаётга тўйганим йўқ.
Кечагина мен қўлимга олганман соз.
Ҳали уни ерга ташлаб қўйганим йўқ.

Умр — жар бўйида яшамоқ кулиб.
Бир кун зирҳли тошлар сари қуламоқ бор.
Кўкка учмай, аммо ҳали кетмам ўлиб,
Кетмай ўлиб, раҳм қилгин, Парвардигор.

Ҳолсиз совиб бораётир баданим ҳам
Заҳдан сўниб тинаётир танимда қон.
Юзинчи бор, мингинчи бор, ёққанча шам
Яшайман деб, юрагимда инграр исён

Кетмоқдаман аста-аста ташлаб қадам.
Барибир бор, йўл сўнггига етмоқ, етмоқ...
Бу дунёнинг бор азоби — кичкина ғам.
Дунёда энг катта азоб — кетмоқ, кетмоқ...

УЗР

Узр, савол берсам ҳар лаҳза юз бор
Узр, ранжисангиз сўроқларимдан.
Ташвиш-у аламда изламам бекор
Куйиниб юрганим — ардоқлашимдан.

Сиз гўзалсиз, сизга харидор мингта,
Йўлингизни пойлаб тутадилар жон.
Уларни одам деб билмасангизда,
Кўнглимдан хавотир кетмас ҳечқачон.

Қалб — гоҳо ўрмонда адашган оҳу,
Зийрак қараса ҳам тўртта томонга.
Яхшилик қасрини ахтаради-ю,
Алданиб тушмоғи мумкин қопқонга.

Жоним ҳалак сизни асрамоқ учун,
Душман мингта, менда мингта ғам.
Шул сабаб, тинчлик йўқ менда туну кун
Кўзимни узмайман сиздан сира ҳам.

Ҳар он юз бор кўрсам, юз бор мен шайдо.
Шул сабаб телбароқ, бахтлироқ, қайноқ...
Яна кўпроқ севмоқ мумкин-у, аммо
Сизни севиб бўлмас ҳеч қачон камроқ...

ШУБҲА

Шаънингизга кўп бор шеърлар битилган,
Тинглагансиз кўнгил изҳорларин ҳам.
Мен чопган, бу йўллар босиб ўтилган
Мен балки, кейинги, иккинчи одам...

Кўзингизга кимдир олдин тикилган,
Мен айтган сўзларни айтган олдинроқ.
Пойингизга ожиз бўлиб тўкилган,
Хор бўлган, биринчи бўлган у бироқ...

Нолаларим балки такрор туюлар,
Қачондир, кимдандир эшитгандирсиз.
Балки, — "Сизда ёнган олов туйғулар
Қалбимни ёққани кечиккан", — дерсиз.

Мен кимман, дунёда шаҳзодалар ҳам
Босишар, кимлардир босган изларни.
Илоё, севмасин бирорта одам,
Қачондир, кимлардир севган қизларни.

ИККИ ДИЛ ДОСТОНИ

Само китобида минг йиллар бурун
Тақдир деганлари ёзилса агар
Сенинг ҳам тақдиринг демак мен учун,
Азалдан жонажон экан муқаррар.

Кимлар шаҳарларни забт этди — қисмат
Кимлар қуриб битди, мангулик қаср.
Менинг пешонамга ёзилган зийнат,
Сенинг юрагингга бўлмoқлик асир.

Ер учун Қуёшни яратди Холиқ
Юлдузлар ҳам тунни ёритмиш масрур.
Мен учун сен бўлдинг нурафшон борлиқ
Умримни ёритди кўзингдаги нур.

Йиллар тўзонида мен кимман — хасман
У кун хас танимдан қолмаса нишон
Қайта яшамоқни орзу қилмасман.
Сени асрамоқни қиларман армон.

Дерлар, у дунёда толе чопса гар,
Чин дўсту ёр яна бўлгай жамулжам.
Зеро, шунинг учун жаннат мунаввар,
Қўлингдан тутганча югуриб юрсам.

Бахтлиман, шу етар, эмасман ҳайрон
Кеча келган эдим, эрта кетарман.
Инсон ўлмас, фақат тарк этади жон
Шу боқий жон билан сени севарман.


* * *

Сизни севиб қолдим. Минг бора узр.
Кечиринг, осилдим мен баланд дорга.
Кечиринг,
сиз мисли
фалакдаги ҳур,
Қарар эдингизми
ердаги хорга.

Сизни деб, туну  кун танимда титроқ
Сизни севиб қолдим, жонимдан ортиқ.
Юракни гулдаста қилиб бир қучоқ,
Қабул қиласизми этсам гар тортиқ?!

Айтинг, мен кимман-у,
нима жоним бор.
Арзимайман қовоқ
уйишингизга.
Ўзимни ўзим еб тугатгум
абгор
Менга бир зум боқмай
қўйишингизга!

Биламан сиз жуда юксаксиз юксак
Кўзларингиз кўкдан менга боқармиди?
Сиз ҳатто осмонда ягона малак,
Ердагилар энди менга ёқармиди!

Кечирманг,
лутф этиб қарасангиз шўх
Сизни энг бахтли қиз
эта олмасам.
Кечирманг, севганим учунмас
йўқ-йўқ,
Сизни сиз кутгандай
сева олмасам!

МУҲОКАМА

Баланд уйнинг бағрида
Яшарди юз хонадон,
Бир бола, уй тагида
Кимнидир излар сарсон.

Ишқни қилмоқлик изҳор,
Эскирмаган сингари,
Тун бўйи юрди бедор,
Қўлларида гуллари.

Тонг ҳам отди у эса,
Гоҳ юрар, гоҳ тўхтайди.
Кимдир: — Бу севги — деса,
Кимдир ҳамон ухлайди.

Шу кеч аёлу эркак
Бўлинди икки томон.
Эркаклар дер: — Бу, тентак...
Аёллар дер: — Қаҳрамон...