Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Аслинг недир (Махтумқули)
Facebook
Аслинг недир (Махтумқули) PDF Босма E-mail

Одам ўтли, ўзинг билмай,
Қадам-қадам ўтажаксан.
Эгангнинг амрини қилмай,
Ўз кўнглингни кутажаксан.

Истарсан оламни олсанг,
Қорун бўлиб, ганжга ботсанг,
Ҳалол-ҳаром — ҳар не топсанг,
Кўзинг юмиб, ютажаксан.

Недан бўлдинг, билгил Борни,
Унутдинг Парвардигорни.
Дилга келган ҳар не корни,
Фикр қилмай, этажаксан.

Аслинг недир, этгил назар,
Тутган ишингдан қил ҳазар,
Ажал сенга этса гузар,
Хабарин бер, нетажаксан?

Дунёни қизғонч тутмагил,
Ишинг кўр, бекор ётмагил,
Махтумқули, унутмагил,
Кетажаксан, кетажаксан.

Шарҳ: Аслинг недир...
Эй, ўзин билмай ғофиллик ғубори билан кирланган одам фарзанди! Билмайсанки, босган ҳар бир қадаминг сени ўлим томон элтади. Сен эса кўнгил майллари билан овора бўлиб, Яратганнинг амрларидан ғофилсан. Истагинг дунё фатхи — Қорун каби битмас хазинага эга чиқиш. Ҳалол-ҳаромни фарқламайсан. Гўё кўр каби тутганингни оғзингга тиқасан. Қандай яралдинг, қисматинг нима, Парвардигоринг ким, барчасини унутдинг. Шайтон буюрган фаҳш ишларнида кўнгил хоҳишига йўясан, кўнгил ўйинчоғига айланасан. Аслинг кимлигингни ўйлаб кўр. Ёмон амалларингни тарк эт. Ахир ажал қачон келишидан бехабарсан. Унинг ногаҳоний ташрифига тайёр эмассан. Ўлим келганда ҳолинг не кечишини билмайсанку! Дунёга кўп меҳринг бераверма, эй банда! Солиҳ амаллар қилишни кўзла. Бир кун дунёни тарк эти-шингни ҳар дам ёдингда сақла!

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан