Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Мен сиза насихат айлай... («Гўрўғли» достонидан)
Facebook
Мен сиза насихат айлай... («Гўрўғли» достонидан) PDF Босма E-mail

Мен сиза насихат айлай,
Ватан тарк этувчи бўлманг,
Ўзин билмаган одамнинг,
Хизматин этувчи бўлманг.

Эшикдан жой танлаб кира,
Йигит ўлтирар ўрнин кўра,
«Кел», деб айтмаган ера,
Қалқиниб борувчи бўлманг.

Ўтманг яхшини кўрганда,
Ҳолидин хабар олганда,
Бир дардли йиғлаб турганда,
Ёнида кулувчи бўлманг.

Бир йигит зурёдсиз бўлса,
Яйлов тўла моли қолса,
Ё нолангга қулоқ солса,
Сўз — ундан олувчи бўлманг.

Яхши нияти равшандур,
Ани кўрмак ғаниматдур,
Номарднинг иши миннатдур,
Зар берса, олувчи бўлманг.

Юриш ҳо, Гўрўғли, юриш,
Маслаҳатдин чиқар ҳар иш,
Урушсанг, мард билан уруш,
Қочганни қувувчи бўлманг,

Шарҳ: Мен сиза насихат айлай...
Эй, ёруғ олам жамолини Ватан ичра топган инсон! Киндик қонингтўкилган Ватаннинголдида бирумр қарздорсан. «Ватанни севмоқ иймондандур», деган ҳикмат бор. Зеро, Ватанни дунёвий нафс илинжида тарк этмоқ, иймонни тарк этиш билан баробардир. Ватан шундай улкан масканки, унинг бағрида яхшига ҳам, ёмонга ҳам жой топилади. Аммо сен ёмон кимсалардан йироқ бўл. Яхшиларнингўзаро аҳиллиги Ватан равнақига гаров бўлади. Яхши одам аввало ўз иззатини билади. Сўзлаш ножойиз жойда сукут сақлайди. Эй инсон, яхши одамдар ҳолидан хабардор бўлиб тур. Бировни ғамгин, кўзда ёшли кўрсанг, дардига ҳамдард бўлгин. Зинхор йиқилганни тепгувчи, йиғлаганнинг устидан кулгувчи бўлмагин. Бу дунё синов дунёсидир. Яратган кимни қашшоқлик, кимни касаллик, кимни бефарзандлик билан синайди. Мабодо шундай одамларни учратсанг, уларнинг кўнгилларини кўтар. Уларга ибрат назари билан қара. Пасткаш кимсалар каби, Яратганнинг ҳикматидан бебаҳра, ҳасад ва ғийбат тўрларига банди бўлиб қолма. Албатта, яхши кишиларнинг нияти ҳам нурли, эзгу бўлади. Номард эса хизматини миннат қилиш билан бахтини бой беради. Замон ўтаверади. Доно кишиларнинг суҳбати, ўгиту маслаҳати эзгу амалларга туртки бўлади. Мард кишилар абадий ҳамроҳинг бўлсин. Зеро, мард душман номард дўстдан афзалроқ.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан