Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Ким қолди (Ҳазиний)
Facebook
Ким қолди (Ҳазиний) PDF Босма E-mail

Бу фоний дунёдин жумла паямбар кетти, ким қолди?!
Хусусан ул Муҳаммад тожи махшар кетти, ким қолди?!
Шафоатхоҳимиз оламга сарвар кетти, ким қолди?!
Абу Бакру Умар, Усмону Ҳайдар кетти, ким қолди?!

Ҳасан бирла Ҳусайн хуни жигарлар кетти, ким қолди?!
Ҳама лабташнага соқийи кавсар кетти, ким қолди?!
Ҳамиша остони ҳазратига бошини урган,
Туну кун хизмат айлаб, жони дилни Ҳаққа топширган,

Наби номи муборак юзларини доимо кўрган,
Ридо ушлаб ғазода, Шоҳимардон ёнида турган,
Алини чокари, дунёда Қамбар кетти, ким қолди?!
Очибон боби Ҳайбар, шери сафдар кетти, ким қолди?!

Кўринг Афлотуни оламни илмин айлаган тасхир,
Арасту бирла Суқроту Сулаймон — шоҳи оламгир,
Ҳазорон умр кўрган Золу Луқмон кетти бетаъхир,
Ўлимға қилмадилар шунча ҳикматлар била тадбир,

Доғи Нўширавон, Жамҳури Озар кетти, ким қолди?!
Амир Хамза билан неча диловар кетти, ким қолди?!
Асар борму ўшал Нуҳи наби, Айюби донодин,
Худодин роз эшитган кўҳи Тур устида Мусодин,

Нафас таъсир этган мурдага Исо — Масиҳодин,
Жаҳонга сурат ўлган Ҳазрати Юсуф, Зулайҳодин,
Ўшал Одам Ато, Ҳаввойи модар кетти, ким қолди?!
Яна Рустам ила Доро, Искандар кетти, ким қолди?!

Ажал илгида кетти, қолмади ул шоҳи дин Адҳам,
Чин ошиқ эрдилар Фарҳоду Ширин, Лайли, Мажнун ҳам,
Адам бўлғай охири ҳашр бўлса, ой била кун ҳам,
Валекин неку бадни қабр ичидин чиқмагай ун ҳам,

Шаҳаншоҳу салотин ҳафткишвар кетти, ким қолди?!
Бухоро мулкидин Султон Музаффар кетти, ким қолди?!
Қачон Фарғонада хонлар элидин Маллахон ўлди,
Алардин сўнг шариат, дин қочиб, неча ямон ўлди,

Кўрингким, бир-бирини қатл этарға паҳлавон ўлди,
Ҳазиний, яхшилар тоқат қилолмай бенишон ўлди,
Алимқулдек баҳодур шоҳи лашкар кетти, ким қолди
Шаҳодат орзусин этган аскар кетти, ким қолди?!

Шарҳ: Ким қолди
Эй азиз фарзанд! Дунё алдамчи, ўткинчилик унга хосдир. Йўқса у башарият осмонининг ёруғ юлдузлари пайғамбарларларга, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад алайҳиссаломга вафо қилар эди. Зотан, маҳшар кунининг тожи, икки олам сарвари Расулуллоҳ (с.а.в.) муборак олтмиш уч ёшларида бандаликни бажо келтирдилар. У зот (с.а.в.)нинг яқин дўстлари Ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али разияллоҳу анҳулар, охират диёрида кавсар ҳовузининг соқийлари Ҳазрати Ҳасан ва Ҳусайнлар ҳам бирин-кетин бу дунёни ташлаб кетдилар. Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) остоналарига сидқ ила бош урган, хизмат камарини маҳкам боғлаб, жонини Ҳақ таолога топширган, набий алайҳиссалом юзларини беармон кўриб юриш бахтига муяссар бўлган, жангларда баҳодир Ҳазрати Али (р.а.)нинг ёнларида қоим турган, исломий сафнинг шери Қамбар ҳам вақти келиб, дунё билан видолашди. Ёки дунё олимларининг пешқадамлари, илми ҳикмат соҳиблари Сулаймон алайҳиссалом, Афлотун, Луқмони ҳаким, Суқрот, Золу Арастуларгада умр вафо қилмади. Ўлимнинг давосини топиш ҳеч кимга насиб этмади. Ҳазрати Ҳамза (р.а.) каби ботиру комиллар, Нўширавон сингари адолат посбонлари, Озар каби диловар зотлар-чи? Узоқ тарихга назар сол. Нуҳ алайҳиссалом, Аюб алайҳиссаломлар умр йўллари, зоту сифатлари нақадар улуғ эди. Нафасидан майитларга жон кирадиган Исо Масиҳ, Аллоҳ таоло билан мулоқот қилиш бахтига ноил бўлган Мусо алайҳиссалом, энг гўзал инсон, одил хукмдор ва пайғамбар Юсуф алайҳиссалом ва Зулайҳога, борингки, Одам Ато ва Момо Ҳавога вафо қилмаган дунё бу. Уларнинг ёнига Рустаму Дорою Искандарларни ҳам қўшсак-чи?! Шунда ҳам Одам боласи дунёга устун бўлади, деган уйдирмага ишониш мумкинми? Тарихга ибрат назари билан боқсанг, пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиё ва орифлар, одил ҳукмдорлардан қанча-қанчасининг алалоқибат ўлим топганларига гувоҳ бўласан. Ажал қўли Иброҳим Адҳам каби дин ва иймон шоҳини, Султон Санжар каби буюк саҳобалар издошини, Султон Музаффар каби амирларни, Фарҳоду Ширин, Лайлию Мажнун сингари ишқ аҳлларини ҳам аяб ўтирмади. Ислом шариатининг дарбони, Фарғона мулкининг хони Маллахон, амири лашкар, баҳодир Алимқул сингари асл зотлар ҳам бугун қаро ер бағрида сокинлар. Эй Ҳазиний, ер юзини иймон дурлари билан тўлдирган шундай инсонлар тарк этган дунё муҳаббат қўйишга арзирмикин?!

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан