Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Оч йўлим (Ҳазиний)
Facebook
Оч йўлим (Ҳазиний) PDF Босма E-mail

Оч йўлим, ё Раб, Мадина сори қўйсам қадам,
Равзаи дўстинг тавофини манга қилгил карам,
Хужраи Аҳмадни умматта қилибсан мухтарам,
Орзу айлаб, ҳамиша йиғласам ман дам-бадам,

Кўрмайин ўлсамки, кўксим ичра минг-минг дарду ғам.
Аввало, қилсам ирода сидқу ихлосим тузуб,
Айшу ишратлар билан ҳою ҳаваслардин кечуб,
Бу жаҳон нашъу намосидин тақи кўнглум узуб,

Ул ҳабибинг ишқида дашту биёбонлар кезуб,
Мисли ўлганлар каби айлай вужудимни адам.
Аввало йўлга қадам қўйғонда эҳром боғлайин,
Тавбалар айлаб гуноҳимга, пушаймон айлайин,

Ҳаж қилиб, Мино бориб турганда чандон йиғлайин,
Муздалифдин тош отиб, иблисни бағрин доғлайин,
«Ҳажар ул-асвад» зиёратин қилиб, кирсам Ҳарам.
Ўлмайин етсам Мадинага, бориб анда қолай,

То ҳаётим борича йиғлаб юриб, хизмат қилай,
Ҳар куни марқадларини гирдидин минг ўлгулай,
Гар қазо етса, Ҳазиний, остонангда ўлай,
«Жаннат ул —Бақия» заминидин насиб этса Эгам.

Шарҳ: Оч йўлим...
Ё Раббим! Мадинаи мунаввара сари йўлимни очиқ қилгин. Ҳабибинг Муҳаммад (а.с)нинг муборак қабрларини тавоф этишдек саодатни насиб эт. Уммати Муҳаммад (а.с)га ул муборак ҳужрани мухтарам бир гўша қилган хам Ўзингсан, ё Аллоҳи Карим. Асл орзуим йўлида кўз ёшларим дарё бўлди. Парвардигоро, орзуйимга етказмасанг, армоним қайғусидан жоним куяр. Ё Аллоҳим, равзаи пок сари бормоқ бахтига муяссар қилсанг, сидқу ихлосим зимистон кўнглимни ёритгай. Дунё ҳаваси, айш-ишратлардан воз кечганим бўлсин. Турмуш икир-чикирларидан кўнгил узиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) васли мубораклари йўлида чўлу биёбонларда сарсон кезиш мен учун энт катга бахтдир. Парвардигоро, бу муборак йўл Каъбанг сари элтурки, унга киришдан олдин дунё жандасини ташлаб, пок эҳромга кираман. Гуноҳларимдан пушай-монлар қилиб, тилимни тавба каломи ила банд айлайман. Ҳаж амалларини бажариб, Мино тоғида истиғфор ёшларини дарёдек оқизарман. Иблиси лайъин бағрини тош отиб яралайман. «Ҳажар ул асвад» — жаннат жавоҳирини ўпиб, юрагим ташналигини қондираман. Зора Байтуллоҳ саҳнига қадам қўйиш мен фақирга ҳам насиб этса. Эй раҳмли Эгам, ўлмасимдан Мадина тупроғига етказсанг, унда бир умр қолгим бор. Умрим етганича кўз ёшларим билан равзаи Муҳаммад (с.а.в.) чангларини юваман, қабрларига қўнган ғуборни киприкларим билан тозалайман. Қазойим етиб, ул равзаи муборак остонасига бош қўииб ўлсам, қандай бахтли бўлардим. Ё Эгам, Ҳазинийдек фақир бандангга «Жаннат ул - Бақия» заминини сўнги макон этгин.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан