Facebook
Ё Раб (Фурқат) PDF Босма E-mail

Қорайгон дилга бергил, нури покингдин зиё, ё Раб,
Кетиб занги гуноҳ ойинадек топсин жило, ё Раб.

Иноят айлагил, чиқсин кўнгилдан мосуво меҳри,
Бўлай тарки ҳавас қилмоқда Адхамдек гадо, ё Раб.

Замон аҳли ҳама бегонадур роҳи ҳақиқатдан,
Ўзингдин ўзга йўқ ҳеч қўл тутарга ошно, ё Раб.

Келибман даргаҳингга бош уриб, ноумид ёндирма,
Агарчи айладим ғафлатда кўп журми хато, ё Раб.

Насиб эт Каъба тавофин рўзи айлаб равзаи ҳазрат,
Турарга қолмади тоқат санга бу илтижо, ё Раб.

Харам ичра кириб рўйи сиёҳим ерлара сурсам,
Ғубори чашми муштоқимга қилсам тўтиё, ё Раб.

Халойиқ ичра тонгла қилмагайсан хаста Фурқатни,
Ҳабибинг ҳурмати шармандайи рўзи жазо, ё Раб.

Шарҳ: Ё Раб
Ё Роббим! Қалбим дунё тутунидан зим-зиё тунга айланди. Пок иймон нури билан қорайган дилимни ёритгинки, уни гуноҳ кирлари тарк этсин. Кўнгил гўёки артилган ойнадек жилолансин. Ё Аллоҳим! Менга раҳмату марҳамат айла. Юрагимдан дунё ҳавасини бадарға этгин. Иброҳим Адҳам каби дунёдан мардона воз кечай ва жамолинг йўлида гадога айланай. Бу фоний дунёда йўлдан адашмаган кимсани кўрмадим. Адашганлар эса ҳақиқат йўлида риёзат чекишдек бахтдан йироқдирлар. Ё Раб, Ўзинг қўлламасанг бошқа қўл тутарим йўқ. Ё Раб! Даргоҳингга бош уриб келган қулни ноумид қилма. Хом сут эмган бандангман, ғафлат онларида турли номақбул ишлар қилдим, гуноҳларга ботдим. Бундан тонмайман. Аммо раҳматингнинг чексизлигидан умидворман. Ё Раб! Мендек бир гуноҳкорга Каъба зиёратини насиб эт. Ҳазрати Муҳаммад Мустафо (с.а.в) равзаларига саломат етказ. Зеро, у сўлим гўшани истаб, тоқатим тоқ бўлди. Байтул ҳарам тупроғига қора юзларимни сурсам, чангу ғуборини муштоқ кўзларимга тўтиё қилсам қанийди. Ё Парвардитори олам! Ҳабибинг Муҳаммад алайҳиссалом ҳақки ҳурмати жазо кунида қулинг Фурқатни ноумид этмагин.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан